Оҳанг ва сўз уйғунлиги дунёларингизни нурафшон қилсин! Ёш шоира Нозима Ҳабибуллаеванинг ижодий каналига хуш келибсиз!
#music_time
Sevimli ❤️
Eshitgach nimalarni his qildingiz, yozib qoldiring...
@Nozima_Habibullayeva
#retro
***
Мусаффо кўзларнинг деразасидан
Чиқсанг-у ишқ қолса сендан аразлаб.
Суҳбатлашии-иб кетсанг соябон билан
Одамлар тентак деб ўйлашса... мазза!
Ҳечкимни севмасанг,
О қандайин эрк!
Сайр этсанг хазонранг поёндозларда.
Йўлингга кўз тикиб, сақлаганча кек
Узумлар йиғласа зардама - зарда.
О бу Куз!
Бу ёмғир гурунгидаман,
Осмон қизғонаркан мени тобора.
Тобора томчилар ва япроқлар ҳам
Юрагим рангига қилар ишора.
Қуш эдим, ҳеч тутқич бермайдиган қуш
Қафаслар янгради ишқсизлик аро.
Келдинг- у эй ўнгга айлангувчи туш
Сен менга бу эркни кўрмадинг раво.
#retro
***
Бир осмон тонгларни кўнглимга чайиб
Хаёлдан сирпани-иб тушсам дамо-дам,
Не тонгки,
қаршимдан чиқди жилмайиб
Кутилмаган пайтда - кутилган одам.
Тебрана бошлади ҳаволарда ишқ,
Юракларда бахтнинг пичир-пичири.
Бармоқлари ногоҳ қилганда юриш
жаранглаб кетарди сочлар шивири.
Жилмайдим,
билмайди ушбу табассум
Тушмайди қаламнинг сарафрозидан.
Туйғулар рангини топа бошлагач
Шеърларим чархланиб борди кўзида.
Нигоҳим- қувғинди, дунёнинг сири,
Aйланиб ўтарди неча замонлар.
Қуёшни синдириб,
Ойни синдириб
Юзига фотиҳа тортди довонлар...
Бу тақдир-
ташрифи бахтларга тортиқ,
Остонасин тилло айласин қадам.
Энди ташрифимиз кутадир интиқ
Кутилмаган пайтда-кутилган одам!...
https://scontent.ftas3-2.fna.fbcdn.net/v/t1.6435-9/194298854_1478844682456047_560828973346834615_n.jpg?_nc_cat=105&ccb=1-7&_nc_sid=8bfeb9&_nc_ohc=8LwweZHGXDkAX95J1Ty&_nc_ht=scontent.ftas3-2.fna&oh=00_AT-JnqoMX73a-CVoBweBn0hCn9v70864w4u4uBBghf1g5A&oe=635DCA75
#retro
ПИАНИСТ
(Баллада)
Оппоқ рояль ва муҳташам зал.
Ҳаяжоннинг безаклари жам.
Титроқ ўйнар саҳнани ўпган
Кўйлагимнинг этакларида.
Минг кўзнайза нишонида – мен,
Нафасларим борар қисилиб.
Ва чалишни бошлайман Бетховеннинг
14-сонатасини.
Илк аккорд ва клавиш доми
Нозик бармоқларим чўза бошлайди.
Юрак ритми:
сол-до-ми, сол-до-ми...
Ўн бармоқ – ўн ғаввос оқ-қора
Денгиз аро суза бошлайди...
Рўпарамда клавир – нота,
Ноталарки қора томчилар.
Куй йиғлайди клавишларга
Бармоқларим бўлиб томчилаб.
Бирдан ўзни йўқотиб қўйдим,
Қўлларим чалаверар менсиз ҳам.
Руҳим дайдиб қўним топар сўнг
Ўтмиш. Вена.
Ва тор хонада.
Мана
Топилмаган партитуралар,
Чанг юкидан ётар инграниб.
Ўргимчак тўрлари қучоқлаб ётар
Создан тушган пианинони.
Унутилган пианинони.
Инларида тебраниб куйга
Ўргимчаклар тинглар исиниб.
Бармоқларимла ўпаман Бетховеннинг
14-сонатасини.
Куй авжига келар. Ё Худо
Кўзёш келар бутун танимни босиб.
Куй авжида нимжон бармоқларимга
Куч қаердан келяпти оқиб.
О Бетховен! Даҳойим менинг,
Кар қулоққа дардни опичлаб
Яралган шу оҳанг домига
Кўзёшларим билан томчила-аб
чўкиб кетгум.
Янграйман энди,
Энди мени шу денгиз чалар.
Беҳос. ..
Қарсак қармоқларила
Тортиб олади қарсакчилар.
Оппоқ рояль ва муҳташам зал...
Дўл ёғди.
Ёмғирдан мўл ёғди.
Халқобга айланди кўҳна Кент.
Ўйнаган самовий чироғда
ажинлар югурди кетма-кет.
Шовуллар ичимда ҳавотир,
Қайдасан умримнинг роҳили?
Аёвсиз ҳижронлар селида
Сандиқда эдингми, Тоҳирим?
Тирсиллаб узилар томчилар,
Тизгинлаб,
нур сочиб келяпсан.
Эҳтимол дарёни қамчилаб,
Сандиқдан дур сочиб келяпсан.
Ҳаёлдай оқиб кел,
ёришиб,
Бурчакдан қувилсин тўрт томон.
Гулдирак - юрагим уришин
Ёлғиз эшитишдан қўрқаман...
2019
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
✍️ Абдурауф Фитрат
🎤 Аҳмади Эверест
* * *
Гўзалим, бевафо гулистоним
Боғ умримда тоза райҳоним,
Ғаму қайғуларим ҳужуминдан
Сен эдинг меҳрибон нигаҳбоним.
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.
Кел, гулим, кел, аёқингға йиқилай,
Бир замон қўй: тўлиб-тошиб йиғлай.
Қўй, бир оз қўйки, хоки пойингни
Сурмадек ёшли кўзума сурай.
Кетма, тур, тингла арзи ҳолимни,
Арз этай ҳоли пурмалолимни.
Қани ул дамки, сен эдинг ёрим,
Мунисим, ҳамдамим, мададкорим.
Сенинг оғуши илтифотингда
Роҳат этмишди жисми беморим.
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.
Кел, аёқингға қон бўлуб тўкулай,
Бир нафас дард-ҳажрдан қутулай.
Кел, гўзал дилбарим, кел, сочингни
Бир тарай, бир ўпай-да, сўнгра…
Мени беҳуда ташладинг-кетдинг,
Нега ўлдирмадинг-да тарк этдинг.
@Nozima_Habibullayeva
***
Тўкилиб -тўкилиб борар дард,
Ўкиниб-ўкиниб томар шеър.
Чанқади сўзларим томири,
Нидо бер,
эй Томчи,
нидо бер.
Кипригим ҳилолни суябон
Толиқмиш.
Нафасинг гулоро.
Қанотин бии- ир ёйсин соябон
Дилором ёмғирим, дилором!...
мен тинай бўйингдан бўлиб маст
Самонинг енглари беқасам.
боқаман,
ҳеч қачон қуримас
Ёмғирдан яралган дераза...
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
Мусаффо кўзларнинг деразасидан
Чиқсанг-у ишқ қолса сендан аразлаб.
Суҳбатлашии-иб кетсанг соябон билан
Одамлар тентак деб ўйлашса... мазза!
Ҳечкимни севмасанг,
О қандайин эрк!
Сайр этсанг хазонранг поёндозларда.
Йўлингга кўз тикиб, сақлаганча кек
Узумлар йиғласа зардама - зарда.
О бу Куз!
Бу ёмғир гурунгидаман,
Осмон қизғонаркан мени тобора.
Тобора томчилар ва япроқлар ҳам
Юрагим рангига қилар ишора.
Қуш эдим, ҳеч тутқич бермайдиган қуш
Қафаслар янгради ишқсизлик аро.
Келдинг- у эй ўнгга айлангувчи туш
Сен менга бу эркни кўрмадинг раво.
2018
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
#retro
***
Қўлларимга қизил олов тутқазди у,
Миллион йиллар совқотмасам керак энди.
Ишончимни ютиб, дилин ютқазди у
Кўксимдаги кўксидаги юрак энди.
Мен номини билмайдиган ранглар билан
Сийратимхи чизиб берди самоларга.
У куйлади - оҳангларга айландим- у
Ҳаволарга сингиб кетдим, ҳаволарга.
Бир мусаффо сўзлар оқди кўзларимдан
Бу куз бунча яшиликка кўмилгандир
Яноғимдан,
қароғимдан,
сўроғимдан
Қуёш узиб олса бўлар тандир-тандир.
Қадамлари қутлуғмиди ё шунчалик
Ўйларимдан томиримга кўчди фараҳ.
Ўн саккиз минг олам билан жимирладик
Шивирлади қулоғимга исмини Бахт!
https://scontent.ftas3-2.fna.fbcdn.net/v/t1.6435-9/116428706_1108193732916333_4482152257484848316_n.jpg?_nc_cat=108&ccb=1-7&_nc_sid=8bfeb9&_nc_ohc=BZudCPNjlpEAX_G7fmo&_nc_ht=scontent.ftas3-2.fna&oh=00_AT9ny_GcOSQ5G78jDwpnZ-dicnppXkzSvmuGdVJ1_CRTPw&oe=636139B5
***
Ишлаш яхши. Лекин ижодсиз ҳеч ким эканлигимни тобора ҳис қиляпман. Вақтимнинг чегаралари ва ривожланиш унсурларининг бу ерда йўқлиги ҳавотирга солади. Ўзи йил бошиданоқ режаларимга путур етди. Бироқ бу гал қарорим қатъий. Венага*кетаман. Боргач эса биринчи қиладиган ишим Моцарт билан учрашиш бўлади. Унинг машғулотларида қатнашиш мен учун жуда муҳим.
Ҳозир эса бошимни совуқ сувда чайиб олмасам, муғомбир уйқу ижодга қўймайди...
(ДАВОМИ БОР)
https://t.me/Nozima_Habibullayeva
________
13 декабрь
Мени гамма*дек занжир саволлар қийнайди: мусиқа мен учун нима ўзи? Бошқа дунёга олиб ўтгувчи эшикми, ё ўша эшик ортидаги номаълум тақдирнинг ўзи? Умуман олганда санъат қачонгача маиший ҳаётга хизмат қилади? Билмайсан Людвиг, билолмайсан...
Кунларнинг узун-қисқалиги аҳамиятсиз. Фақат ундаги соатларнинг янада кўпроқ бўлишини истардим. Ўзим билан, ижод билан кўпроқ қоладиган соатларнинг. Чунки ичимда муҳташам йўл бор, ҳали ҳеч ким билмаган йўл. Ва сезаманки, кун келиб унда дунёни йўрғалатаман!
Изоҳлар:
*соло – (лот. solus – бир, якка) 1) кўп овозли мусиқа асарларида яккахон хонанда ёки созанда томонидан хор, оркестр ёки ансамбль жўрлигида ижро этиладиган мустақил партия; 2) якка хонанда ёки якканавоз созандага мўлжалланган мусиқа асари ёки яхлит асар парчаси.
*такт – нота ёзуви вертикал чизиқ (такт чизиғи) билан ажратилади. Такт таркиби ўлчов билан белгиланади. (Мусиқадаги туроқ деса ҳам бўлади)
*ритм – (юн. rheo – оқаман) маром, даврийлик. 1) табиий ҳодиса ва жараёнларнинг муайян вақт давомида такрорланиб туриши.
*Бонн – Германиядаги шаҳарча
*капелла – хор ёки оркестр жамоаси
*клавесин – торли-тирнама чолғу асбоби (пианинонинг аждоди). 16-18 асрларда қўлланилган
*Кёлн – Германиядаги шаҳар номи.
*Нефе – Кристиан Нефе (1748-1798) Бетховеннинг мусиқадаги биринчи устози
*гамма – етти товуш қаторининг бирин-кетинликда, тартиб билан ижро этилиши. Ижро маҳорати учун зарур бўлган машқлардан бири
(ДАВОМИ БОР)
Нозима Ҳабибуллаева
/channel/Nozima_Habibullayeva
#retro
***
Сукунатга тортилган тароқ,
Тун ёйилар сочларимдек тим.
Деразамнинг остида ногоҳ
Серенада куйлаётган ким?
Куйлайдики, осмонингдан кел,
Ундан баланд ерларда ўлкам.
Сўзларига чайилар кўнгил,
Овозлари шунчалар ўктам.
Юлдузлардан тўкилар изҳор,
Тисарилиб боради парда.
Қор учқунлар, ўйнар эҳтимол
гитарасин тўлқинларида.
Кулгу босар кўзларимга лаб,
Шивирлайди декабрь саси.
Димоғимга урила бошлар
Ойнинг нафаси…
Тонг нуридан чалкашар йўлим,
Жон ҳапқирар!
Томоғимда чўғ…
Қўшиқ ўша…
Тутқичда қўлим.
Қаролмайман деразадан.
Йўқ!
Шивирлайман, сўроқдир балки
«Ҳонишларинг жонбахш ва сокин,
Юрагимнинг устида қалқиб
Серенада куйлаётган ким?»
____
@Nozima_Habibullayeva
***
Ҳали мезонларда япроқлар енгил,
Ҳали оловини чақмаган замин.
Ҳатто,
шу тафтига энтикиб кўнгил
Кутаман
ёмғирлар қадамин...
Кузни гуллатгани келган овозим
Тонгларнинг ифорин созлар қўшиққа.
Бу шоир боғларга боғланиб розим
Қайтадан ошиқман,
Такрор ошиқман.
Тўкилар сентябрь этакларидан
Олмалар кулгуси,
сойлар кулгуси.
Дунёнинг энг гўзал эртакларига
Бир кун кулгичларим якун бўлгуси.
Куз мени дунёга бермоққа маҳтал.
Она,
кўксидан не тотгандим Сўзнинг?
Сиз мени дунёга келтирган маҳал
Қаттиқроқ қумсайман қучоғингизни...
______
Сентябрь, 2022
@Nozima_Habibullayeva
Юқоридаги машхур шеър рус романс жанрининг асосчиларидан бўлган композитор А. Варламов томонидан романс қилинган.
(коллеж давримда чалиб, куйлагандик)
Менга ижронинг шу варианти ёқади, сўзни ҳис қила олган.
Сизга ҳам илиндим 😊
#Ээски_шеърлар
* * *
Менинг ҳечкимим кўп менимдан бошқа,
Энг яқин дўст бўлмас ғанимдан бошқа
Ўзимнинг ичимга қамалиб қолдим
Калитим топилмас Сенимдан бошқа.
Ётволган тўрттала томоним девор,
Товоним девордир,
осмоним девор.
Анов юриб кетган тошлармиди-ей
Токай нураб ётган забоним - девор.
Баъзан ҳаёлимдан ўчиб кетаман,
Кипригимдан қанот бичиб кетаман.
Уйғониб кетаман сукутларимдан,
Шарқироқ кулгумдан чўчиб кетаман
Учаман ўзимни этгани обод
Семурғ қанотида менким Паризод
Ташқари,
ташқари жуда ичкари
Боғланганим сари озодман, озод!
Фалакнинг денгизга танбеҳи - ёмғир,
Қонимнинг ранги, ишқ ташбеҳи - ёмғир
Бир гўзал тўкилар саловат айтиб,
Осмон ҳамда ернинг тасбеҳи - ёмғир.
Сўнг иси келади буюк қадамнинг,
Ўзингдан ўзингга элтажак дамнинг.
Шу онда ҳавони маҳкам қучоқлаб
Йиғлагиси келар одамнинг ...
07.04.2018
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
#retro
***
Маъсуд жилмаяман,
У бўлар пайдо -
Нигоҳим тобора ерни бағирлар.
Сирғалиб боради жилғалар аро
Сойларнинг бўйида ўқилган шеърлар.
Бир ўктам овозлик, сукути тинган,
Кўзларин ичида ўйнар шарора
Саратон бостириб кирар ичимга -
Ҳарорат!
Ҳарорат!
Ҳарорат!
Кейин яноғимдай ол шафтолилар,
Қўлидан сирғалиб тушар қўлимга.
Қочоқ тўлқинларнинг тутиб ёлидан
Бир тутам сочмоқчи бўлар йўлимга.
Ўзимни ўзим-ла айлагани мот
Шоҳ келди - истило этиб батамом.
Чавондоз юрагин дупурлари шод
Кўксимнинг ярмида этмоқда давом .
Акс - садо қолди жилғаларга энг
зариф ашъорларнинг инжа уфори.
....Сокин ҳилпирайди шафтолиларнинг
Сойларнинг бўйида қолган ифори
I
Наҳиде¹ бўғзимдан ўтар сирғалиб,
Ақрабнинг ўзини чақа бошлар тун.
Тонг ели қўшиқдан баттар судралур,
Нега айнан бугун?
Тўлқинлар селидан сўрайди ёрдам,
Ўзига қуйила бошлаган сасим,
Гўё сидирилиб тушар торлардан
Титроқ хўрсиниқлар унган нафасим.
Дераза ечинар,
борлиқ шеър ташир,
Дарахт улоқтирар ёнган вароғни.
Нигоҳим таратган гунглик нотаси
Аллала-аб кузатар сўнгги япроқни....
Манов оғир бошда икки тирқишдан
Наҳиде пичирлар
ва айнан бугун.
Барини кўз юмиб тинглайверишдан
Жуда чарчаганман,
тушун...
II
Ноябрь барига шўнғир кўз юмиб,
Азизим,
кўз очиб англаганимдек,
куй ҳам тингласайди мени бир умр
Сен мени,
мен сени тинглаганимдек.
О, сенга шунчалар ярашган вафо!
Кипригим гуллари ― тўкилмаган шеър.
Ёнимда сен борсан,
тепамда Худо,
Нега йиғлаяпман, сабаб топиб бер...
¹Наҳиде Бабашли ― хонанда.
✍Нозима Хабибуллаева
@sheriylahzalar
#retro
***
Келсам-у келмасам дунёга нима?
Борликда соҳиби хулёга нима?
Агар рўёб эрсам рўёга нима?...
Руҳимга ранг қуйиб ўтди ёмғирлар,
Рангимга қайғуриб ўтди ёмғирлар,
Ёғишимни минг йил кутди ёмғирлар...
Қаламнинг қадамин қамчилаб келдим,
Мазлумлар кўзидан томчилаб келдим,
Саволлар саҳнида янчилиб келдим....
Очун бахтга тўлган лаҳзага қасам!
Бир тонглар бўлсайди тонгларга туташ-
Севинчдан бошимни ҳилолга қўйиб,
Йиғласам...
Йиғласам...
https://scontent.ftas3-2.fna.fbcdn.net/v/t1.6435-9/75096921_1022288091445044_739520203603312640_n.jpg?_nc_cat=105&ccb=1-7&_nc_sid=8bfeb9&_nc_ohc=phIi_VVdNw4AX_kfu7E&_nc_ht=scontent.ftas3-2.fna&oh=00_AT9BFBgcpFZC53WTKaIcK6CpnYxLvLikojANd1puCjtB3g&oe=6361287A
Нозима, туғилган кунингиз билан табриклаймиз! Ҳаётингиз мўъжизаларга бой бўлсин. Сиз энг бетакрор оҳангсиз 🌹
* * *
Тасаввур этмайсиз мусиқаларнинг
Ҳумори бепоён гирдоблигини.
Тушимга киради эски уйимиз,
шимол ёғдусидай таралган оҳанг
Ва бунда
қадрдон пианинамнинг
куз мисол сарғариб клавишлари
қитиқлаб чиқдилар бармоқларимни...
Қуруқшаб кетганда қароқлар,
токи,
шеър ёзиб тўкилсам
шаррос, руҳма руҳ,
тарона тўлқинлар йиғиб борарди
ритмма- ритм.
руҳма руҳ.
Хотира альбомдек нота дафтарим
титраниб вароқлар нафасларимни.
Деворда чаламан-
Садо йўқ!
Ҳавода чаламан-
Садо йўқ!
Қуёш нурларини чаламан-
Наво йўқ.
Йўқ!
Ҳавотир чалинар...
Қўлим унутса-я товушларини?
Ҳозирми навога мендек гадо йўқ...
Мени қутқарманглар,
Демак куй яқин,
Яна озроқ агар чидай олмасам
Оҳангга айланиб кетаман ўзим!...
2020
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
Манов ер,
анов кўк,
Коинот
Инсоннинг нафсидан кичикдир.
Манглайи оловдай ловуллаб
Бу замин тинчликка ичикди.
Гезарар пучмоқда мерганлар
Мушакдай қонларни тусарми?
Ўпкасин босолмай юрганлар
Бировнинг юртини босарми?
Гўдакдай инграган ўлимми?
Ожиза тамғаси урилган.
Сочингга осилган зулмни
Кескани қўлларинг берилган.
Тиззаси кўрганча талафот
Ғурурнинг лабида учуқлар.
Тасмаси - хожадан мукофот,
Жилпанглаб ўтади кучуклар.
Тамадди вақтини билгани
Қўйларим қимтинар, ҳижолат.
Мен дорга пайпоғим илгани
Қўшнимдан сўрайман ижозат.
Ватан деб ҳайқирманг, дафъатан,
Жимжима...
Уч сўмга сотурмиз.
Кўчага ҳайдалган эртадан
Нимадир кутишда ботирмиз.
Манов ер,
анов кўк,
Коинот
Инсоннинг нафсидан кичикдир.
Манглайи оловдай ловуллаб
Бу замин тинчликка ичикди.
Аввалда яралган сафо йўқ,
Чегара билмаган оламим.
Тақвимда,
тақсимда хато йўқ,
Нафсимда хато бор, Одамим.
___________
Октябрь, 2022
@Nozima_Habibullayeva
#retro
***
Она, об-ҳавога дўнди йилларим
Хотирамни уради яшин.
Бўғзимда чақади момақалдироқ
Кўзимга бир олов, бирда сув ташир.
Уйимизнинг тили бўлса, бўларди китоб.
Ўзи ўйнаб,
ўзи йиғлаб,
ўзи юпатгувчи китоб.
Соғинчларим айлайди хитоб,
Деворда оёғидан осилган рубоб,
томирлари
отамнинг етимлик йилларида ва
рўзғорнинг авжида узилган рубоб...
Отам хониш қилса шашқатор бўларди шашмақом,
Тебрани-иб тебраниб йиғлар эди шам.
Суратлар чизардик мафтункор бирам,
Дунёнинг рангидан кўп эди қувончларимиз.
Энг муҳими тўқ мусаффо эди кўзларимиз.
Сиз айтган эртаклар каби мусаффо...
“Мусаффо” кунларнинг бирида
Отам мусофирга кетган маҳали,
Укам билан “сариқ” бўлгандик ёмон.
Дўхтирга, дорига пул йўқ шекилли
Жўҳори попугин қайнатиб бергач
Кўйимизга боқиб,
Сизнингда рангингиз бўлганди сомон.
Сариқ рангни шундай англайман ҳамон.
Отам ватанини севарди жуда.
Унутмаслик учун уни сафарда
Баҳор ифорини кўтариб бошга
Дўпписин остида кетди авайлаб.
Тўрт фасл ортидан қайтди саҳарда
Оппоқ дўппи бўлиб сочлари...
Бошидан,
кўнглидан не ўтса ўтди.
Чизмай қўйди,
чалмай қўйди,
айтмай қўйди...
Сўнг алам устида айтдим, онажон:
Отамни ватани унутди!
Соғинч шеърлар ёздим қучиб рубобни,
Укам қўшиқ айтди отамнинг овозида.
Отам дала чопди,
Сиз орзу ёпдингиз.
Қамаша бошлади дунёнинг ранги.
Ишончим – рубобнинг торлари эди.
Шунда ҳам чаляпман дилда борини.
Аммо,
Келажак кўзига тик боқай деса
Ватан унутмасин Оталарини!
#retro
***
Денгизларни ичиб келди кўзларинг,
Осмонлар энгашиб турди елкангда.
Менга қай шевада сўзладинг,
Эй Ишқи банда?
Гўё зуҳросига ёнбошлади тоғ,
Бағрида вулқонлар пишқирди…
Худонинг йўлида севилмоқ, севмоқ
Ишқ эрди!
Қайси эртакдансан аё паҳлавон?
Бу ерларга излаб келгандинг кимни?
Айт, қандай кўтардинг ахир минг ботмон
Кўнглимни…
Не бахтки, денгизлар ичида ёндим,
Ахир денгиз
ва ёмғирдан яралмишман.
Ҳадикда тушлардан тушдим, уйғондим :
Мавжудсан!
Бу баланд ўнгимдан тушмам!…
#Бир_йил_бўлибди!
* * *
Қуёш кетганида ғурубга эниб,
Замин дуч келади бошқа савдога:
Бутун Тошкент ухлаб қолганда, сени
Ўғирлаб кетаман
Қашқадарёга!
Ҳуркитиб Сирдарё лайлакларини,
Жиззахда тулпорга тўқнашади тонг!
Самарқанд баҳорий кўйлакларини
силкитар
ва борлиқ ура бошлар бонг!
Ҳў-ў, ундан у ёғи – тупроқ остидан
Самога ўрлаган матонатимдир!
Энг баланд ҳисорий қоя устидан
Кўрганинг – жайдари салтанатимдир!
Мана шу –
Искандар навкарларини
Қиличдан ўтказган ори зада эл!
Мана шу –
Муқанна каби бағрини
Жангларга пешлаган оловзода эл!
Менинг томиримда қайнаётган қон –
Жаҳоннинг ярмини этиб назорат,
Тангри инояти билан бир замон
Муқаддас Туронни қурган жасорат!
…Сени ўғирладим.
Тушун, барини
Қонунга мувофиқ қилгайман мудом.
Дунёнинг энг гўзал санамларини
Кешга келтиришни буюрган бобом.
2020
/channel/shahriyor_shavkat
БЕТХОВЕННИНГ КУНДАЛИКЛАРИ
(хаёлий мемуардан парчалар)
Давоми...
***
Кўп чарчадим. Эртага Стефанларникига ўтаман. Қандайдир хотиржамлик топаман у ердан. Ҳар борганимда Брейнинглар оиласига янги ёзган асарларимни чалиб бераман, жуда эътибор билан тинглашади ва муносабат билдиришади. Лорхен эса ... О, Лорхен! У Шиллер ва Шекспирдан ёд шеърлар айтганда бутун вужудимни ноталар уюми қитиқлаб, ўрмалаб кетади. Шеърнинг таъсирли жойига келиб кўзларини юмиб олганда симфонияга айланиб кетаман! Гуё юрагим – литавра-ю унинг кўзлари эшигини тақиллатишга шу қадар ошиқадики, танимни уриб-уриб, чиқиб кетай дейди. Шунданми, Шиллер ва Шекспирнинг шеърларини севдим. Ҳатто, ўзим ўқисам ҳам сатрлари томирларимни виолончельдай чалгани-чалган. Мени қандай янгратаётганини билса эди у...
Апрель
Ваниҳоят Венага келдим.
Вена – орзулар, ижод ва шиддат тўқнашган шаҳар. Дунай дарёсининг эпкинлари, маҳобатли Алп тоғларидан қайтган акс- садо-ю шимолий ўрмонлардаги ҳар бир япроқларнинг рақсларигача ижодий муҳитга келиб қўшилади. Бу ердаги опера театрлари, маданият марказлари, капеллалар... Айниқса энг зўр оркестрлар! Ё Худоо! Буларнинг бари дунёнинг ҳар бурчидаги зўрман деган минглаб созанда- ю, ҳонандалар, композиторларни ўз бағрига оҳанрабодек чорлаб олди ва Вена санъат оламининг юрагига айланиб бўлди. Одамлари ҳам санъатга ошуфта. Ҳаёт қайнайди. Театр заллари, концертлар ва кўргазмалар ҳамиша гавжум. Табиийки бу ижодий муҳитда рақобат анча юқори. Шунинг учун ҳам келганим яхши бўлди. Ривожланиш, изланиш, маҳорат дарслари – ҳаммаси ижод учун керак эди.
***
Моцарт! Чинданам даҳо композитор. Аммо бугун илк учрашувимизда у ҳаддан ортиқ паришон эди. “Дон Жуан”* устида ишлаётган экан. Шунданми мен йиллаб кутган бу кун унинг учун аҳамиятсиздир, орзиқиб ижро этган асарларимни бепарвогина тинглаб қўйди. Мен-чи, мен буни шундай қолдираманми? Қолдириб бўпман! “Менга бадиҳа* учун мавзу беринг”- дедим кўзларига санчилиб. Полифоник* баёнли икки мисра тутқазди у. Бу топшириқ унча қийин кечмади, ўша икки мисра ноталарни кўрганимданоқ куйнинг давоми аввал миям томирларига кейин эса бармоқларимга қуйилиб клавишларга тўкилди. Назаримда бу Моцартга жуда ёқди. “Унга эътибор беринг, у ҳаммани ўзи ҳақида гапиришга мажбур қиляпти!”- деганини-чи... Яшшаво-ор, Людвиг! Ана энди ўзингга келяпсан.
МАЙ
Тонгги сайр яхши бўлди. Хонамга келиб олтмиш тўртта қаҳва донасини дамладим (Яқин йиллардан бери одат).
* * *
Июль
Стефан, Венага келганимдан бери сенга илк бор мактуб ёзяпман. Жавобим кечиккани учун кечир. Ижодий ишларга шунчалик кўмилиб кетдимки ўзимни-да унутиб қўйдим. Соғлигим яхшимас, сурункали касалликларим хуруж қиляпти. Вақт ажратолмаяпман. Жин урсин! Мана бу тебранма стол ҳам жонга тегди, қаҳвалар ҳам! Клавесиннинг создан тушганига эса тоқат қилиб бўлмайди. Нега-аа?...
Биласанми, кеча отамдан хабар келди... онам қаттиқ бетоб экан. Имконича тезроқ қайт деди. Бир бор учрашишга улгурсайдим....
Эртага йўлга чиқяпман... Боннда кўришгунча хайр.
Изоҳлар:
*мажор ва минор –бир-бирига қарма қарши ноталар тизими. Мажор- шўх, ёрқин; минор-ғамгин характерга эга
*трель –бир неча нотани титратиб чалишни кўрсатувчи белги
*бас-баритон- эркакларнинг йўғон овози
“Дон Жуан” Моцартнинг шу номдаги шеърий романга бағишлаб яратган мусиқий асари
* Полифоник – ПОЛИФОНИЯ (поли... ва фон) — овоз (куй)ларнинг ифодавий-бадиий ўзаро тенглигига асосланган кўп овозлилик тури. Акси — гомофония.
/channel/Nozima_Habibullayeva
БЕТХОВЕННИНГ КУНДАЛИКЛАРИ
(хаёлий мемуардан парчалар)
Давоми...
14 декабрь
Шамолладим чоғи, кун бўйи истималаб юрдим. Оқшом чўкмай клавесин олдида мудраб қолибман. Бобом тушимга кирди. Дарёнинг нариги қирғоғидан туриб тинмай аввал менга кейин қулоғига ишора қиляпти. Овозини эса оч тўлқинлар ютиб юборди. Мен эса жуда суҳбатлашгим келди у билан. Шарт дарёдан кечиб ўтмоқчи бўлдим, сув қулоғимгача келганда бобом ғойиб бўлди... Таажжуб, нима демоқчи бўлдийкин.
Бобом Луи оиламизнинг фахри эди. Мағрур, мустақил фикрли, қайсар, аммо жуда меҳнаткаш эди дея хотирлайди қишлоқдагилар ҳам. Бобомга қадар аждодларимиз косиб ва деҳқонлар ўтган. Унинг илм-фан ва санъатга ошуфталиги сабаб бу анъанага ўзгариш кирди. Тўғри, турмушимиз ҳалича гуллаб яшнагани йўқ, лекин мен ўзимни бошқа касб ичра яшай олишимга ишонмайман. Бунинг учун ундан миннатдорман.
Дарвоқе, икки кундан сўнг туғилган куним, ўн олтига тўламан. Шу муносабат билан ўзимга янги вариация*лар туркуми ёзиб совға қилмоқчиман.
21 декабрь
Баъзан мактуб ёзгим келади. Вивальдининг “Йил фасллари” сингари ранго-ранг мактублар. Аммо кимга ёзаман? Билмадим... Дунёдаги ҳар бир туйғу ё кечинманинг манзили бўлиши шартми ўзи? Агар йўқ бўлса, ўша ҳиссиётларнинг ҳам муаллақ қоладиган “ери” бўлади. Демак, шунинг ўзи маконга айланаверади. Бу ҳудди тугалланмаган симфония*га ўхшайди. Композитор куй тизгинини ҳотимасиз, нотурғун товушларда узиб қўяди-да, у сизнинг ички сезгиларингизда янграмоқчи бўлган турғун нотани титкилай бошлайди ва симфониянинг ҳотимасини Сиз яратасиз. Шунинг учун ҳам мен ёзавераман, кутганлар манзилга айланади.
1787 йил. Январь
Болалигимдан кўп ҳасталик ва ёлғизлик ёпишди менга. Баъзан дориларга пул топилди, баъзида йўқ. Мана бу йилнинг ҳисобидан ҳам қора чечак йўқлади. Вужудим қишнинг ҳарорати билан қасдма- қасд ўйнашиб ёнгани-ёнган, уйқуда ҳаловат, кундузда тароват йўқ. Ёзишга ва чалишга эса мадор истайсан-у, онанг бошингда парвона бўлиб, укаларинг оч ҳолида сенга тутган луқмасидан аччиқроқ туюларкан қисмат...
Алаҳсиб уйғониб кетдим, бирнималар қоралагим келяпти. Айниқса чалгим. Аксига олиб чироқ ҳам охирлаб қолибди...
...- февраль
Бонн тобора кексайиб боряпти. Айниқса, баҳор келганда қария ва набирага ўхшаб қолади у. Нураб бораётган эски, аммо салобатли сарой деворлари бир томон бўлса, яшнаб-гуллаб боргувчи табиати ва жўшқин дарёлари бир тараф. Худди мажор ва минордек!* Черков ва театр эса титроқ трель* каби туйилади менга. Бугун театрда иш куним, шуни ўйлабман. Агар шу деворлар қайсики кун бас-баритоннинг* авж пардаларига дош беролмаса, қай деразага йиқиларкин? Тўкилишида қайси ноталарда инграйди?... Шу тасаввурларни сонатага тушираман...
МАРТ
Назаримда мен дўст топдим. Стефан. У ёш рассом. Шу ойнинг бошида концертга келганди. Оркестр билан ижройимиз ва театрнинг ички кўриниши хусусида фикрларини билдирди. Театр раҳбариятига ҳам бу маъқул келди назаримда, таклифлари бўйича ҳамкорликни келишишди. Шу сабаб у билан бир неча бор кўришдик, мактуб алмашдик. Менга унинг кенг фикрлаши, мусиқани яхши таҳлил қилиши маъқул келганди. Уларнинг оиласи – Брейнинглар биз томонларга яқинда кўчиб келишган бўлиб, дворянлардан эди. Тунов кун Стефан уйига таклиф қилди, кўркам ва зодагонларга хос уй, дид билан ишлов берилган нақшинкор устунлар, ҳовлининг орқа томонида залдаги томошабинларнинг олқишларидек қийғос гуллаган боғ ва ҳовуз ястаниб ётарди. Ичкарида бизни унинг оила аъзолари илиқ қаршилади. Дилдан танишув ва меҳмоннавозликдан сўнг ҳозирги классицизм ва ундан олдинги даврларнинг ўзига ҳос таровати ва уларнинг бошқа мамлакатлардаги намоёндалари хусусида, адабиёт ва санъатдаги энг сара асарлар ҳақида узоқ суҳбатлар кечди. Муҳокама, муносабат, танқидлар... Анчадан бери бундай мириқиб дам олмаган эканман, руҳим енгил тортди. Стефаннинг картиналарини кўрдим – ғоятда бетакрор. Агар шундай давом этса, келажакда уларни “гапиртириш”ига ҳам ишончим комил. Менимча, бизни бир-биримизга тушунтирган ҳам – санъат.
/channel/Nozima_Habibullayeva
Бу асарни анча аввал ёзишга чоғландим. Неча йиллар юрагимда ва икки йил жавонда чанг босди. Аслида, мен унга бегона эмасдим. Ҳо-ов ўша, кўзлари қизариб, клавесинда асар ёзаётганида ноталарига айланиб боққан менинг қорачиқларим эди.
Ой ҳақида ёзса, дарпардаларни, қаҳрамонлик ҳақида ёзса, тартибсиз ижод столидаги вароқларни елпиб тургувчи мен эдим...
Кўп суҳбатларимиз кечди. У менга япроқлар тилида сўзлашни, вулқонлар шиддатида жим тура олишни ўргатди. Оғир қадамлар ила учишдан дарс берди.
Ҳатто қаршимда умрида бир марта ҳеч ким эшитмаган оҳангда йиғлаган ҳам У эди... Ўша оҳанг ҳамон тирик!
Шу тирик оҳанглардан бунёд бўлган суҳбатларни сизга етказиш учун элчилик нотасида эканимни англаганимга анча бўлди.
Ниҳоят, янграшга чоғландим. Тингланг!
__________________________________
БЕТХОВЕННИНГ КУНДАЛИКЛАРИ
(хаёлий мемуар)
____
ЎСМИРЛИК ДАФТАРИ
1786 йил 6 декабрь
Ғалати... Бу кун жуда ғалати ўтди.
Бармоқларим маст эди худди отам каби: капеллада* орган чалаётганимда улар ихтиёримсиз чалкашиб кета бошлади, клавишдан клавишга ўтадиган қадамларида пойма-пой адашди. Улар ҳиёнат қилди менга. Ё мен уларгамикин? Билмадим... Бари чарчоқдандир балки, тўрт соат уйқу, ўн олти соат ижро ва машқ. Тақдир деганига ишонаман-у кўнгим келмайди негадир. На чора Людвиг, на ижоддан кечоласан, на рўзғор юки-ю маиший ҳаётдан... Хуллас, ёзишга вақт йўқ.
Чалиш керак...
11 декабрь
Бонн*га оқшом чўккан. Кўчада изғирин, создан тушган скрипкадек ғирчиллаб чаляпти азойи баданни. Ишдан келсам, онам бесаранжом, отам ҳалигача қайтмаган экан кўчадан. Карл билан Иосиф амакиникидан топиб, амаллаб олиб келдик уни, сармаст эди... Ҳар нима бўлгандаям у мени одам қилган деб овунаман.
Қанчалик гўдак эдим билмайман, атрофимда фаришталар рақс тушарди. Қанотлари елпинган жойда оҳанглар жаранглаб кетгач кўзларимни шаффоф қанотлари билан тўсишар ва шунда гувоҳ бўлганим: камалак рангларида товланиб янграётган куйга маҳлиё бўлиб очилиб қолган оғзимни кўргач қиқирлааб-қиқирлаб кулишарди. Кейинчалик уларнинг ўрнида бобомнинг руҳи намоён бўлди.
* * *
Бари кечагидек ёдимда... Тўрт ёшимда отам бармоқларимдан тутиб клавесин* чалишга ўргатди. Баъзан ишига – сарой оркестри репетитциясига ҳам олиб борар ва мени тобора мусиқа сеҳрига асир этарди. Аввал клавесинни, кейин скрипкани жуда тез ўрганиб олдим. Отам бундан бағоят хурсанд эди. Аммо кўп мақтамасди ва кунига саккиз соатлаб машқ қилишга мажбур қила бошлади. Ўша пайтда бундай босим менга оғирлик қилганди назаримда. Бир кун скрипка билан омборга қамаб қўйди. Концерт соло*сини ёдламагунимча эшик очилишидан умид йўқ, қорним эса оч эди. Ўшанда кўзёш аралаш ҳиқиллаган нафасим куйнинг ҳар бир такт*ига ритм* бағишлаб берарди. Бир гал эса клавесинда белгиланган муддатдан бир соат кам шуғулланиб, дарё бўйига кетиб қолганим учун росмана калтак еганман. Бу ноҳақликдай туюларди баъзан, ахир бола эдим...
Хуллас, бу саъй-ҳаракатларнинг бари менинг Моцартдек машҳур бўлишим ва турли шаҳарлар бўйлаб концерт беришим учун эди. Ҳозир ўйлаб қарасам, мен отамга нажотдай кўринган эканман ўша дамлар. Чунки, молиявий аҳволимиз танг, турмушимиз оғирроқ. Саккиз ёшимда Кёлн*даги илк концертим ташкилланди. Шов-шув учун олти ёш деб эълон қилиндим. Унда бир қанча катта асарларни ижро этдим. Аммо йиллаб кутилган натижа – даромад яхши бўлмади, мувафаққиятсиз кечди. Кейинчалик мен қандайлигини туймаган болалигимни соғина бошладим, ҳозир ҳам соғинаман... Бу яккаш йиллар феълимга ҳам ўз таъсирини ўтказган, одамови, ёввойи бўлиб қолганман. Тиллашадиганим, табиат ва мусиқа...
Аммо ўйлайман, отамнинг шу қаттиққўллиги бўлмаганда ҳозир қандай тирикчилик қилардим, кўнглимни қандай ёзардим? Моцарт ижодига ҳавасни ҳам у уйғотган. Шунинг ҳурмати...
Устозим Нефе*нинг айтишича, мендан иккинчи Моцарт чиқаркан. Менга эса иккинчи бўлиш ёқмайди. Мусиқа дунёсига ўз тилимда – оҳангимда сўзлаб кирмоқ маъқулроқ. Кун келиб эса ёзганларимни Моцарт жанобларига кўрсатишни, фикрларини тинглашни хоҳлайман.
/channel/Nozima_Habibullayeva
Садолар самодан келади шаксиз,
Хазонларни босиб ўтаман -
ингранади дарахтнинг учи...
Кўзларим қуёшнинг овозин ичур
кўзингга унинг нури -ла ботинимни
ёзиб
ёзиб ўтаман.
Сен уни битасан шеър қилиб,
«яшамаслик учун юраксиз».
Садолар самодан келади шаксиз,
Хусусан, денгизнинг қўшиғи -ёмғир,
Пахталар лаб очар булутлар ҳақда.
Чумоли юк ортиб бораркан шаҳдам-
гулдирак- осмоннинг елкаси оғрир.
Яна,
яна кўп мисоллар келтириш мумкин,
аммо, деяримки,
Мен-да самодан таралмиш садо
Сен уни ерларга сочма, азизим...
2018
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
Барибир манзилим Аллоҳ,
мамотми, ҳаётми – нима фарқи бор?
Ижро: Маҳлиё Асқаралиева
Шеър: Алибек Анварий
@Nozima_Habibullayeva
Афанасий ФЕТ
"Субҳидамда уйғотманг уни..."
Субҳидамда уйғотманг уни,
Тонгда шундай ширин ухлар у.
Кўкси узра нафас олар тонг,
Кулгичига таратиб ёғду.
Ва иссиқдир ёстиғи,
ҳорғин
тушларининг тафти-да қайноқ.
Елкаларда югурганча тун,
Ҳар томонга сочилган тарқоқ.
Кеча оқшом деразасида
Узоқ-узоқ ўлтирди пари.
Ва булутлар ўйини ичра
Кузатди,
Ой чиқди сирпаниб.
Борган сари ёрқинлашди ой,
Булбул куйлар авжидан ортиқ.
Борган сари оқариб ранг-рўй
Юрагида кучайди оғриқ!...
Шунинг учун кўкси навқирон,
Юзларида ёнмоқда кундуз.
Ҳалал берманг,
Уйғотманг бу он,
Тонгда бирам ширин ухлар У...
______
Рус тилидан Нозима Ҳабибуллаева таржимаси
@Nozima_Habibullayeva
Август кунларимга ташлайди савол,
"Ёзда ёзолмайман! "- гўзал баҳона.
Кўзимга жимирлаб урилар ҳаво,
Хотиралар каби қалқар ҳарорат.
Елпиғич қиламан шеър дафтаримни,
Онам тандир ичра ёпаётир нон.
Отамнинг пешона теридан аввал
қуйилган ғиштлари қурир беомон.
Қовжираган гулнинг жонида эсар,
довдир гармселлар кўринмас чўғдир.
Ойни чўмилтириб келайин десам
Шаҳарнинг бирорта дарёси йўқдир.
Вақт йиқар ўз шакл-у шамойилини,
Тоғларга қочаман қалбни сўроқлаб.
Ҳаволаниб кетган улкан дилимни
Бошида кўтариб турарди тоғлар.
Ўзимнинг кўнглимга қўлларим етмас,
Куз яқин.
Олислаб борар ҳавотир.
Жами шоирларга қалам тутиб, бас
Ёмғирга айланиб қайтиши бордир...
Куз яқин...
__________
@Nozima_Habibullayeva