Оҳанг ва сўз уйғунлиги дунёларингизни нурафшон қилсин! Ёш шоира Нозима Ҳабибуллаеванинг ижодий каналига хуш келибсиз!
* * *
Жазирама... бўлиб норози
Нафаслари қайтади куннинг.
Кўзларимга беркиниб мозий
Рангин тинглар дунёи дуннинг.
Ишкомларга илиниб қолган
Шивирлайди қушларнинг туши.
Ҳовуздаги оппоқ қайиқча
Тушиб қолган ойнинг ковуши.
Этикдўзнинг деразасидан
Айғоқчилик қилади дарахт
Ернинг боши айланар бу дам
Қурбақалар сайрайди «вақт- вақт!»
2018
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
Тўлғонади саратон, алаҳсираб чиқади,
Пойгак истаб тупроқлар дарахтсираб чиқади,
Қанисан, намоён бўл, мен бахтсираб чиқаман,
Фараҳсираб чиқаман....
Кутиб қошим қорайди
Кунлар ниҳоясида.
Гулгун қўшиқлар айтдим
Aтиргул соясида,
Aтиргул соясида.
Тебранаман пойма-пой, қўйиб "Чўли Ироқ"ни,
Дунёнинг исми ёлғон, аслияти фироқми?
Нени излашга бердинг, қароқ–икки чироқни?
Бўғзимгача титроқни...
Шўнғимоғин сўрайман
Руҳимнинг доясидан.
Куртакланётган найман
Aтиргул соясида,
Aтиргул соясида.
Назарингдан бир қатим тушларимга тушганди,
О, ҳушим увишганди, жон қушим увишганди,
Тўққиз бора ой тўлиб хуршидига учганди-
Мен заминга кўчгандим...
Шундан бери гул ёнар
Япроқлар орасида.
Ҳар тонг руҳим уйғонар
Aтиргул соясида,
Aтиргул соясида...
24. 07. 20
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
"Madaniyat va ma'rifat " телеканига келганимга кўп бўлмади. Бир ярим йил...
Шу вақт мобайнида ўзимни топган лойиҳам "Қақнус" бўлди десам адашмаган бўламан.
Шеърият ва мусиқа менинг икки қанотим. Улар билан парвоз қиламан. Бундай завқни жамийки мудраётган қалбларга ҳам улашиш, кўнгилларни шеър ва куй сеҳри билан сақлаб қолиш клубнинг асосий мақсади 🔥
Биз буни уддаладик ва уддалаяпмиз 😊
Ҳозирга келиб шу даражага етдики, кўрсатувимизнинг ҳар бир сони олдидан 100 дан ортиқ ижодкорлар сафимизга қўшилиш истагини билдириб ёзишади. Бу катта ютуқ!
Ҳар бири қандай ёзиши, қандай ижро қилишидан қатъий назар шунча қалбларни бирлаштира оляпмиз. Саралашдан ўтмаганлар ҳатто юртимизнинг бир чекка жойларидан тингловчи бўлиб келишларига нима дейсиз?
Мен беҳад қувонаман 😊
Демак ўз вазифамизни бажара оляпмиз.
П/С: Аслида эфир ортидаги асл муаллифларни танишмайди. Мен бу клуб асосчиси якка ўзим, мени меҳнатим дейишдан йироқман. Ортимда турган бутун севимли жамоамнинг ишончи, мен билан тенгма-тенг меҳнатларининг самараси бу 🌷
Биз ҳали олов қалбларни уйғотишда давом этамиз!
Байрам муборак бўлсин !
@Nozima_Habibullayeva
"Гўё эски фильмларнинг тасмаларидай,
Ўйимни кузатиб ўтирар кимдир... "
Нозима Ҳабибуллаева
📺 "Қақнус"
👉 @mm_telekanal
YouTubeda tomosha qiling: NOZIMA HABIBULLAYEVA
https://youtu.be/50-VF47I4Hw
* * *
Тасаввур этмайсиз мусиқаларнинг
Ҳумори бепоён гирдоблигини.
Тушимга киради эски уйимиз,
шимол ёғдусидай таралган оҳанг
Ва бунда
қадрдон пианинамнинг
куз мисол сарғариб клавишлари
қитиқлаб чиқдилар бармоқларимни...
Қуруқшаб кетганда қароқлар,
токи,
шеър ёзиб тўкилсам
шаррос, руҳма руҳ,
тарона тўлқинлар йиғиб борарди
ритмма- ритм.
руҳма руҳ.
Хотира альбомдек нота дафтарим
титраниб вароқлар нафасларимни.
Деворда чаламан-
Садо йўқ!
Ҳавода чаламан-
Садо йўқ!
Қуёш нурларини чаламан-
Наво йўқ.
Йўқ!
Ҳавотир чалинар...
Қўлим унутса-я товушларини?
Ҳозирми навога мендек гадо йўқ...
Мени қутқарманглар,
Демак куй яқин,
Яна озроқ агар чидай олмасам
Оҳангга айланиб кетаман ўзим!...
2020
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
ЯНА БУХОРО ҲАҚИДА
О, Бухоро...
Кўзларимга кўчиб ўтдинг,
Замонлардан гоҳ яёв,
гоҳ учиб ўтдинг.
Гавҳарларинг кўмиб, баъзан кечиб ўтдинг...
О, Бухоро...
Қамал бўлдим,
чиқолмадим ўз аркимдан,
Аркдан тушсам ҳам, тушмагайдим таркимдан.
Тамаддуни тошбўронлар бўлгач билдим –
Очун иборатдир ҳеч ким ва ҳар кимдан.
Минорамас,
оримдан дарз кетди дунё,
Қайта қурдим,
етолмай, арз этди дунё.
Пешонамдан ўқиб ўзи ҳақда илм,
Неча авлодларимдан қарз кетди дунё...
Туяларнинг ўркачида чўккан тарих,
Чўкиб,
ёлғон кўзёшини тўккан тарих.
Оғир-оғир хўрсинаман, енгилламас
Руҳим – тарих, нафасиму, ўпкам – тарих...
Шамолларга ғубор минди, мозий чанги,
Тупроқларнинг манглайида шўрлар жанги.
Эски дардларнинг малҳамин топмай туриб,
Биз яралар очаяпмиз – “Янги-янги”...
О, Бухоро...
Апрель, 2022
/channel/Nozima_Habibullayeva
#music_time 🎶
sevimli ❤️
Oqshomingiz xayrli bo‘lsin!
10 апрел — Буюк Адиб Абдулла Қодирий таваллудининг 127 йиллиги
Нозима Ҳабибуллаева. Ўткан Кунлар. Мусиқий миниатюралар / Nozima Habibullayeva, Oʼtkan Kunlar, Musiqiy miniatyuralar.
Нозима Ҳабибуллаева фақат шоира эмас, Яратган эгам унга мусиқа сирларидан хабардорлик, бастакорлик иқтидорини ҳам берган. Бугунги саҳифамизда шоира қизимнинг шеърлари билан баробар бир неча кичик мусиқий жанрларда яратган асарлари билан ҳам танишасиз.
Нозима Ҳабибуллаева 1996 йил Фарғона вилоятида туғилган. Ўзбекистон давлат консерваториясини тамомлаган (2019). “Мовий қўшиқ” номли шеърий тўплами ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси томонидан 10 минг нусхада чоп этилган. Зомин республика ёш ижодкорлар семинари иштирокчиси. Рус, турк ва озар тилларидан таржималар қилиб боради. Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндори (2020). Ҳозирда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети Олий адабиёт курси тингловчиси.
💥Адиба, шоира, таржимон, журналист аёл-қизларимизнинг ижодий каналлари билан танишинг ва аъзо бўлинг: 📚
📕Назм:
@Guljamol_Asqarova - Гулжамол Асқарова
@dil_siniqlari - Гулноз Мўминова
@Nargiza_Asad - Наргиза Асадова
@Bashorat_Otajonova - Башорат Отажонова
@anordonalari_uz - Гўзал Рўзиева
@Nargiza_Odinayeva_ijodi - Наргиза Одинаева
@guliinigor - Гули Нигор Авазова
@Shohsanam_Nishonova - Шоҳсанам Нишонова
@abbosova_mehrinoz - Меҳриноз Аббосова
@kumushOYingiz - Кумуш Ўсарова
@Aytolmagan_dilim - Дилора Холиқова
@Gulrux_Xudoyorova_ijodi - Гулрух Ҳудоёрова
@Madina_Norchayeva - Мадина Норчаева
@FeruzaXayrullayeva - Феруза Хайруллаева
@GarashaliKungil - Ирода Умарова
@Nozima_Habibullayeva - Нозима Хабибуллаева
@nafisaomon - Нафиса Омон
@kumush_abdusalomova - Кумуш Абдусаломова
@zulxumor_orifjonova - Зулҳумор Орифжонова
@parizodaruziboyeva - Паризода Рўзибоева
@mahliyoxon_umurzoqova - Маҳлиё Умурзоқова
@ezoza_obidjonova - Эъзоза Обиджонова
@sitorabonu_audiolar - Ситорабону Шомуродова
📘Наср:
@mittihaqiqatlar - Нодирабегим Иброҳимова
@kitobxonam - Рахшона Аҳмедова
@Sarvarovna - Эзо Исматова
@Arjumandbegim - Аржумандбегим
@UmidimSendan - Алия Темурийзода
@sayhunqizi - Манзура Абдуллаева
@Odamlar_orasidan - Моҳира Эшпўлатова
@meningquyoshlidunyoyim - Лайло Собир қизи
📗Журналистика:
@dil_undovi - Дилобар Аслиддин қизи
@Sevaraalijonova - Cевара Алижонова
@yulduz_ormanova - Юлдуз Ўрмонова
@Lobar_Xayrli - Лобар Хайруллаева
@Mufarridaa - Муфаррида
📙Таржима:
@navroza_m - Наврўза
@gullayotganyurak - Ирода Холбекова
***
Ўн асрми, юз аср,
Каҳкашонлар узра сир.
Бир ғафлатки муттасил...
Ғорлар бу - мудраётган
Тоғларнинг ҳомузаси,
Уйғонасизми, йўқми!?
Узлатига босиб лаб,
Сукутга ўзин созлаб,
қақраётган овозлар,
Бир - бирига ўраниб
бетоб ётган қоғозлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар,
Аё, Ҳазрати Сўзлар
Уйғонасизми, йўқми!?
Эй, соҳиби дилим як,
Умрим умрингиз ичра.
Минг йиллар у ёғидан
Минг йиллар бу ёғига
Қўшиқларимиз учар
Ва улар қанотидан
Томар анвойи чечак.
« Ҳақ ҳадяси - тақдирдан... »
Эртак айтгум минг кеча -
Уйғонасизми, йўқми!?
Ўртан-эй руҳи аюб,
Илоҳий туйғуларнинг,
Аржуманд кулгуларнинг,
Ифори нечук заиф?!
Субҳидамга юз чайиб,
Асл гулин тополмай,
Сандулочлар йиғлаюр!..
Уйғонасизми, йўқми!?
Эй! Покиза ранг қани?
Таъмасиз жаранг қани?
Осий сиёҳдонига,
Бегуноҳлар қонига
Чўмилмаган тонг қани?
Уйғонасизми, йўқми!?
Ўз онаси бир замон
алла айтгандан буён
Элиниб мудраётган,
Ҳалиям ухлаётган,
Аё, ғафлати инсон!
Уйғонасизми, йўқми?
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@Nozima_Habibullayeva
YouTubeda "Muallif | Nozima Habibullayeva" videosini ko‘ring
https://youtu.be/dQfKUYBs4q4
***
Сен мени алдама кўзимга боқиб,
Тарихни тариқдай чўқиган нигоҳ.
Учинчи оламнинг баҳрида оқиб
Бетизгин чайқатар руҳимни сегоҳ.
Мақомин ҳис қилмоқ учунми ёки
Тоғлардан ўзини ташлади ҳарсанг. .
Мардумга ғарқ бўлиб кетасан токи
Аксимни аксидай ифодаласанг.
Мен сўзга ичикдим,
самовий сўзга
Иситмалаб ётдим совуқ дилимда.
Энг буюк кўзгу йўқ Ўзингдан ўзга
Чечаклар ундирган хўрсиниғимдан.
Учинчи умримни яратувчи бер,
Аксимда зирхланиб ётмасин баёт.
Менга айланмаган,
мени билмаган
Ҳаёт бор,
кўзгунинг ортида ҳаёт !
@Nozima_Habibullayeva
20-iyul kui O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a'zoligini qabul qildik.
O‘zi xayrli etsin!... ☺️
Маъсуд жилмаяман, у бўлар пайдо -
Нигоҳим тобора ерни бағирлар.
Сирғалиб боради жилғалар аро
Сойларнинг бўйида ўқилган шеърлар.
Бир ўктам овозлик, сукути тинган,
Кўзларин ичида ўйнар шарора
Саратон бостириб кирар ичимга -
Ҳарорат!
Ҳарорат!
Ҳарорат!
Кейин яноғимдай ол шафтолилар,
Қўлидан сирғалиб тушар қўлимга.
Қочоқ тўлқинларнинг тутиб ёлидан
Бир тутам сочмоқчи бўлар йўлимга.
Ўзимни ўзим-ла айлагани мот
Шоҳ келди - истило этиб батамом.
Чавондоз юрагин дупурлари шод
Кўксимнинг ярмида этмоқда давом .
Акс - садо қолди жилғаларга энг
зариф ашъорларнинг инжа уфори.
....Сокин ҳилпирайди шафтолиларнинг
Сойларнинг бўйида қолган ифори.
2019
Нозима Ҳабибуллаева
@Nozima_Habibullayeva
"Қақнус" имиз ҳақида....
@Nozima_Habibullayeva
YouTubeda tomosha qiling: ЎЗАРО РАҚИБ БЎЛГАН ШОИРЛАР ОИЛА ҚУРИШДИ!
https://youtu.be/3op3V7VqQaA
Фалакнинг денгизга танбеҳи - ёмғир,
Қонимнинг ранги, ишқ ташбеҳи - ёмғир
Бир гўзал тўкилар саловат айтиб,
Осмон ҳамда ернинг тасбеҳи - ёмғир.
✍ Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
@wwwesdalikuz 🌧
* * *
Тонг бошга кўтармай туриб офтобни
Сузар япроқларнинг салқин овози.
Дун - мовий ва яшил рангли китобдир
Кунларим вароқлаб борар қоғозин.
Гуллардан булбулнинг кетмаган иси
Дарахтлар ичида ухлар кўланка.
Тобора ёруғлик беркитиб изин
Юлдузлар жой излар қўнарга.
"Мана"-
кўзларимдан кўрсатаман жой,
Ёришаман туннинг қорачиғида.
Бир ифор куйлайди шунчалар хушбўй
Кеча ва саҳарнинг оралиғида.
© Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
23. 7. 21.
@sherSehri
Шаббодалар елар жўшқин суворий,
Суҳбатлар пиёда кезар барқарор.
Aста қулоғига шивирлаб ёрнинг
чопонин елкамга ташлайди баҳор.
Очилар гулларнинг шаклида сирлар,
Маржондай тўкилар ёмғир дилрабо.
Осмоннинг бошида бошланган шеърлар
Соябон остида этарди давом...
... Шеър тинар.
Оқшомга инади бироқ,
Чироқлар заррама-зарра дарбадар,
Ҳар гал учрашувга мендан аввалроқ
Ўзини кўзгуга солади шаҳар.
Лолалар ифори суза бошлагай
юзимда - ҳаяжон тўлқинларида...
Aйланай, елкамга чопон ташлаган
Баҳорнинг меҳрибон салқинларидан!...
Aпрел. 2021
@Nozima_Habibullayeva
* *
Бу йил қизғалдоққа чиқмоқчи эдик,
Куттирдик,
тун чўкди бағирларига.
Апрел қайтиб кетди , дутори куюк,
Маҳзун қўшиқ сочиб адирларига.
Турналар кўриниш бермади ахир,
Қўл чўзи-ииб ҳайқирдим боботоғларда.
Тушимда кулгингни чаккамга тақиб
Арғимчоқ учибман жануб ёқларда.
Бу осмон - тилаклар кетгувчи қутб,
Муждалар тўкилар тўлётган майга.
Ўсмалар қўйсам-у,
йўлларим кутиб
Яшил шаҳарларнинг қоши қорайган.
Соғинчлар чулғаса елга ашъор айт,
Кўнглим тўқ, фақат сўз маҳбубларингдир.
Қуёш ёниб кетсин, кўпроқ исинай -
Варрак қилиб учир мактубларингни!
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
2020
@Nozima_Habibullayeva
БУХОРО ДАФТАРИДАН...
Лаби ҳовуз бўйида
ўлтирар Моҳи Хоса,
Осмон лаби – ҳилолга
мўлтирар Моҳи Хоса,
Паришон сочларида
қанча лайли чайқалиб,
Толларни чуқур ўйга
толдирар Моҳи Хоса.
Қароғин атрофида
томчилар парвози бор,
Ҳуснини ўлчамоққа
на тош-у тарози бор.
Гарчи баҳор қайтган-у
гуллашга қўрқар борлиқ,
Турналар тумшуғида
қайчилар овози бор.
Ситоралар тўкилмиш
қон гуллаган вароққа,
Ай дунё, ўзинг айт-чи,
ҳушим йўқдир саноққа.
Иффат-у, покиза ном
амирдан буюклигин
Қанча қизларинг қурбон
бўлсин исботламоққа?
Лаби ҳовуз бўйида
ўлтирар Моҳи Хоса,
Осмон лаби – ҳилолга
мўлтирар Моҳи Хоса.
То бор экан мазлумлар –
нафсининг нишонлари,
Ҳар кеча ўзин такрор
ўлдирар Моҳи Хоса…
______
Апрель 2022. Бухоро
@Nozima_Habibullayeva
***
Она, об-ҳавога дўнди йилларим
Хотирамни уради яшин.
Бўғзимда чақади момақалдироқ
Кўзимга бир олов, бирда сув ташир.
Уйимизнинг тили бўлса, бўларди китоб.
Ўзи ўйнаб,
ўзи йиғлаб,
ўзи юпатгувчи китоб.
Соғинчларим айлайди хитоб,
Деворда оёғидан осилган рубоб,
томирлари
отамнинг етимлик йилларида ва
рўзғорнинг авжида узилган рубоб...
Отам хониш қилса шашқатор бўларди шашмақом,
Тебрани-иб тебраниб йиғлар эди шам.
Суратлар чизардик мафтункор бирам,
Дунёнинг рангидан кўп эди қувончларимиз.
Энг муҳими тўқ мусаффо эди кўзларимиз.
Сиз айтган эртаклар каби мусаффо...
“Мусаффо” кунларнинг бирида
Отам мусофирга кетган маҳали,
Укам билан “сариқ” бўлгандик ёмон.
Дўхтирга, дорига пул йўқ шекилли
Жўҳори попугин қайнатиб бергач
Кўйимизга боқиб,
Сизнингда рангингиз бўлганди сомон.
Сариқ рангни шундай англайман ҳамон.
Отам ватанини севарди жуда.
Унутмаслик учун уни сафарда
Баҳор ифорини кўтариб бошга
Дўпписин остида кетди авайлаб.
Тўрт фасл ортидан қайтди саҳарда
Оппоқ дўппи бўлиб сочлари...
Бошидан,
кўнглидан не ўтса ўтди.
Чизмай қўйди,
чалмай қўйди,
айтмай қўйди...
Сўнг алам устида айтдим, онажон:
Отамни ватани унутди!
Соғинч шеърлар ёздим қучиб рубобни,
Укам қўшиқ айтди отамнинг овозида.
Отам дала чопди,
Сиз орзу ёпдингиз.
Қамаша бошлади дунёнинг ранги.
Ишончим – рубобнинг торлари эди.
Шунда ҳам чаляпман дилда борини.
Аммо,
Келажак кўзига тик боқай деса
Ватан унутмасин Оталарини!
август, 2021
@Nozima_Habibullayeva
"Кўзлари-мўжиза"-деди, денгизлар,
Денгизни севдим.
Соҳилга сув сепди ўйноқи қизлар,
тенгсизни севдим.
Ёпинсам,оловлар " соғинчмиз"- деди,
Самандар бўлдим.
Учирган кипригинг қўлимда эди-
Қаландар бўлдим.
Сўзлар келаверди шунчалар тотли,
"Тилим чайнадим"¹.
Кўзларим четидан тоша бошладим-
қайнадим!
Мени чорлар эди муҳташам гирдоб-
Оҳанграбоми?
Ё ҳар бир ҳалқаси- битта коинот,
Бутун самоми?
Тасдиқлар экансан киприк қоқишда,
Мени найладинг?
Заминнинг жамийки дов-дарахтлари
таъзим айлади.
Мўжизалар ичра ғойиб бўлмоқни
қанчалар кутдим,
Қай куни қайдадир келдик юзма-юз-
Боқишни унутдим...
Қарасам, юрагим қоларди тўхтаб,
Қўрқувни тутдим.
Бир умр кўзингда яшаб, кўзимдан
чиқолмай ўтдим.
-----------------------
(¹- Абдували Қутбиддин сатри)
-----------------------
август, 2021
@Nozima_Habibullayeva
https://youtu.be/jiNmBDubahU
Ko‘rishni tavsiya qilaman ❤
"AYLA"
"Tushundim. Hech yo‘q his- tuyg‘ularni tarjima qilma"
"Otalar farzandlariga bergan so‘zlari uchun yashaydilar..."
#musiqa_vaqti 🎹🎵
"SONATINA" -
Nozima Habibullayeva musiqasi
ҲАДЯ
Қуёшни овладим,
ойни овладим
Ковладим, кўзимда қалқди иккиси.
Лайлини кокилларимда жиловладим,
Юлдуздан тўкилиб кетди кулгиси.
Кўзим атрофига тизилди қушлар
Учирма қилмадим кимнидир кутиб
Руҳимни ювдию мовийранг тушлар
Ўнгланаверди ўнг сабоҳлар тутиб
Бармоғим тегмасдан янграйверди куй
Лабимга етмасдан қизарди гилос.
Абрлар энг ширин шарбатин қуйиб
Булбуллар сўзимдан айтди иқтибос.
Ҳовуч дуоларга ювдим юзимни
Излайвердим қадим қудуқни зимдан.
Қадамлар яратдим экиб изимни
Фасллар уйғонди кўйлакларимда.
Бир оқдим - тўлқинлар кўрди уйимни,
Югурдим тўлғонди тоғлар -сиёвуш.
Шарқнинг нақшларига бердим ўйимни
Кулгичим шимолга тушган зиёмиш.
Фақат кўнглим қандай? Билмадим- билдим?
Ўзимдан аядим гуноҳларимни.
Ва миллион йилларки қизғониб келдим
Ҳеч кимга бермайин нигоҳларимни.
Қачондир оҳангга айланар илиқ
Елни аллалаган сочларим иси.
Менга зарурмасди шунча гўзаллик
Сенинг куйламоғинг учун бариси!...
2019
@Nozima_Habibullayeva
Осмон совуққотди.
Ҳис этяпсанми?
Булутлар- увада кўрпалар шошди.
Бағри гумбурлади, қонаб кетди шамс,
Тоғларнинг чўққиси увишди...
У осмон бўлишдан чарчади. Кўзлар-
Юлдузлар денгизга чўкиб бормоқда.
Фақат ерни кўкка кўтарган сўзлар
Тобора оҳорин тўкиб бормоқда.
Ҳайҳот, англашмади, осмон ердамас,
Ерлар, сайёралар ундалигини.
Бўшлиқлар, бошинг тунаб кетмасидан, бас,
Ўғирлама осмон кундалигини.
Осмон совуққотди.
Бир бурчагида
Дарахтларнинг калта қўллари синди.
Фақат тоғлар тутиб турар сўз деган,
Худойим, сўзидан айирма энди...
04.03. 18
@Nozima_Habibullayeva