BIR DAVRADA...
Sh.J.ga
Hofiz kirib keldi horg'in davraga...
Kuygan, suyganlarning dilini chertib.
Qaradi. Bazmning avji to'rida
Bir mashshoq kuylardi bo'g'zini yirtib...
Bu k,u'shik,..
bu yurak uniki edi!
Musallam arshiga dam urgan damlar.
Osmon girdobiga uryon uchganda
"Dod"solib qulardi ko'kdan odamlar!..
Necha dovonlarga dov urgandi u,
Arslon o'kirigi - na'rasin tortib.
Bir millat sha'nini ko'targandi u,
Bir millat yukini yelkaga ortib!
Qani o'sha Qayslar?
Devona Qayslar...
Alam xori kirgan tovonlariga?
"Hu'"desa,
"Yohu!" deb ergashgan kaslar?
Boshin urib o'lsa Dovonlariga...
Qani Zulayholar?
Zuhrolar qani?
Ishq uchun jon berib, jonini tutgan?
Oltin beshiklarda tebrangan qoni?..
Nahot bari o'tgan?
Bari unutgan?
...Poygakda jimgina kutadi Hofiz
Ochilar darvoza tabaqalari!
"Bax,or ayyomi"ga...charx urar bir qiz,
Sarmast chayqaladi izdihom qa'ri.
...O'tirar
va chekar...qattik, xijolat.
Buzganday bir oliy dam shukuhini.
Nogoh ko'rib qolar;
ko'zlarida dard,
U'ziday mujarrad shoir Ruhini!
...Shoir yalangoyok, tushadi yo'lga,
Mohim Begim bo'lib chaqirar Qobul...
Hech kim payqamaydi,
Hech kim bilmaydi,
G'amgin chiqib ketar davradan Bobur!..
16.09.2014.
....Bu o'shanda Shoirga bag'ishlangan katta bir anjumanda
yuz bergandi...
Olloh rahmat qilsin...
@Zebo_Mirzo
Бугунги қаҳрамонимиз санъат учун икки қулоғини кесган
Машҳур актер эмас...
Зеро сиз уни ўтган сонларимизда кўриб бўлдингиз...
Истасангиз...такрор беришимиз мумкин..
Ёки...бутун умр нашриётда бош муҳаррир бўлиб ишлаб
ўзининг энг машҳур китобларидан биттасини ҳам чиқармаган ўзбекнинг бугунги зўр ёзувчиси ҳам эмас...
Сиз янги кўрсатувимиз "Замондош" орқали у Шахс билан
ҳам бир оз сирлашдингиз...
Бугунги меҳмонимиз...ўзбек қаҳқаҳаларини дунёга таратган Актёр ...бугун кўнглидаги армону фарёдларини-да енгиб...дунёга кулиб қарайдиган кучли Инсон..
Бугун соат 17-57да "Маданият ва маьрифат" телеканалида намойиш этиладиган "Замондош" кўрсатувини
томоша қилишга таклиф этамиз.
Унда халқимизнинг севимли санаткорларидан бири, Фарғона театридаги "Темир хотин"нинг машҳур
Қўчқорвойи...ва кўплаб роллари билан кўнглимизга кириб
болган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсупов
билан унинг ижоди ва ҳаёти ҳақидаги ...самимий
суҳбатимизни кўришингиз мумкин...
Кўрсатувда яна кимларни кўришни истардингиз...
Ҳар бирингизга катта ҳурмат ила Зебо Мирзо.
Янги йил табриги
Юлдузлар юртидан тушиб келар тун
Осмон даричасин дунёга очиб.
Дилларни дилларга қўшиб келар тун
Оппоқ қорларини самога сочиб.
Соғиндик..соғиниб-соғинтириб кел,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!
Сокин бирлашади замину фалак,
Сирли бир туш каби тўкилар хаёл.
Умримиз аслида бир гўзал эртак,
Умримиз аслида бир ёғду мисол..
Ёғдулар ортидан ёғду бўлиб ел,
Умримиз нурларга тўлсин, Янги йил!
Кумуш шуълаларин элайди оқшом,
Арча шохларида қўнғироқчалар.
Ёмғир томчисими ё биллурий жом,
Шодлик айёмига қўнғироқ чалар...
Юрак осмон бўлди, осмон эса сел,
Қадаминг муборак бўлсин,Янги йил!
Эй дил,сукунатнинг к,ушиғин тингла,
Самога сачрайди лах,залар ранги!
Ках,кашон ток,ида порлайди,илло,
Юрак зарбларининг олтин жаранги...
Севги садосидай уйғонсин кунгил,
Умримиз Бахтларга тулсин,Янги йил!
Олов вужудида нур, тупроқ, ҳаво,
Аёл қалбида жам - миллатнинг руҳи.
Сен уни асрагил, у - Момо Ҳавво,
У - насл эртаси,
У- юрт шукуҳи!..
Ҳар бешик қошига кўзмунчоқлар ил,
Қадаминг муборак бўлсин,Янги йил!
Бу оппоқ қорлармас, оппоқ, тилаклар,
Дуога қўл очган оппоқ, юраклар.
Юртга қут-барака ва тинчлик тилаб,
Самодан ёғилган оппоқ, малаклар...
Ҳар инсон умрига нур тилаб ёғил,
Қадаминг муборак келсин, Янги йил!
Бахт асли нимадир?
Соғликми, сабот?
Соат милларидек шошилади Вақт...
Дардмандлар дардига топидсин нажот,
Сабрнинг ортидан келсин қувонч, бахт!
Сен - умид ва омад калитисан, бил,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!
Ким айтар, мўжиза бўлмайди содир?
Ким айтар, кафтларга қўнмайди олам?
Ахир юрагимиз ҳар ишга қодир,
Ахир мўжиза-ку, ҳар нафас, ҳар дам...
Саодат сирларин очгин хилма-хил,
Умримиз бахтларга тўлсин, Янги йил!
Ўтяпмиз Мангулик остонасидан,
Эй дўст, орзуларга тилайлик камол.
Дунёар яралсин ишқ, нафасидан,
Қорлардек мусаффо, қорлардек ҳалол.
Осмондан заминга тўшалсин оқ йўл,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!
Тонгларга сабо бер,
Тунларга наво,
Умидга ижобат, қалбларга қанот.
Токи хуш тилаклар бўлсинлар раво,
Сендан мўжизалар кутамиз, ҳаёт!
Сен бизга Муҳаббат, Тинчлик бўлиб кел,
Умримиз бахтларга тўлсин, Янги йил!
Дунё масрур ўтар вақт чизиғидан,
Қуёш меҳваридан ўтаркан давом.
Коинот китобин зарварағига
Ёзилсин энг аввал Узбек деган ном!
Илоҳим, ўзидан кўпайсин бу эл,
Қадаминг муборак бўлсин, Янги йил!!
Зебо Мирзо
***
Сен – чашма,
Энг юксак осмон тоқида,
Худойим яширган жаннатий чашма.
Сен – чашма,
Ой – мавжинг сояси, сенга
Талпинар дунёда жамийки ташна.
Сен-чашма,
Тангрининг ҳузуридаги,
Малаклар тиланган илоҳий булоқ.
Сен-чашма,
Бир умр руҳимда оққан,
Мунтазир қўлларим етмаган бироқ.
Сен-чашма,
Берилган фақат уйқуда,
Бир лаҳза тажаллинг комига чўмиб,
Олгин деб, озурда жисму жонимни,
Ухлаб ўтаяпман кўзларим юмиб!
Сен-чашма,
Юлдузлар ортидан елиб,
Нур каби кўксимда ёнгувчи чашма.
Сенинг кўзларингдан дунёга келиб,
Менинг лабларимга томгувчи чашма!
Сен - чашма...
12.06.2010
@Zebo_Mirzo
Навоийга нома...
Оппоқ тонглар эшигин очиб борар оппоқ шам,
Осмонга оят ёзар Нурли Илоҳий Қалам.
-Навоийдан бир Сўз айт, токи уйғонсин олам,
Ухлаётган дилларни Сўзлар уйғотар, болам!
Айтгил: "Сиз элнинг шони, фитрати Навоийсиз,
Сўз мулкининг султони Ҳазрати Навоийсиз!
Сизким,
Ул Низомиддин Мир Алишер ...ҳам Фоний,
Ҳам Туркийда яктосиз, ҳам форсийда шер лисоний,
"Кўнгилларнинг севгани" – "Хазойин -ул маоний",
Малак кифтида олий, фалак кафтида оний,
Юрт қалбининг уммони, ҳайбати Навоийсиз..
"Бадое ул-бидоя" – ёшлик айёмида Ишқ,
"Наводир ун ниҳоя" – умрнинг шомида Ишқ ,
"Насойим ул-муҳаббат" – оловнинг домида Ишқ,
Аттор пайғомида Ишқ , Жомийнинг жомида Ишқ,
Лутфийнинг бор туғёни, ҳайрати Навоийсиз..
Ким билмас, Амир Темур Жаҳонгир довруғини,
Ер юзин меҳварига санчганда Ўз туғини!
Кўтарайин кўкка деб бутун бир халқ руҳини
Бани башар қалбига қадади Сўз туғини!
Сизким, Руҳ арслонин шиддати Навоийсиз!
Дунёга сўз айтдингиз Қуш тилин оҳангида,
Деҳавий, Ганжавийлар дил берган ишқ рангида.
Панжага панжа уриб, қиличлар жарангида
Беш қитъани олдингиз Буюк "Хамса" жангида!
Беш муаззам достони шуҳрати Навоийсиз!
Рубъи маскун гавҳари Самарқандни ёд этиб,
Боғи чорбоғ , мадраса, кўприклар бунёд этиб,
Сўзу Соз, Нақшу нигор аҳли ҳам ижод этиб,
Эл кўнглини шод этиб, мамлакат обод этиб,
Шоҳ, Байқаро аркони давлати – Навоийсиз..
Тариқат сулукида асрор – Ваҳдатул вужуд,
Пири дастгирсиз Валий – Ҳақ сори учган Ҳудҳуд.
Ки, Беҳзод мўйқалами учида порлаган ўт,
Ёндирди Ғарбу Шарқни ...Қосим Али...ё Маҳмуд
Музаҳҳибнинг энг ёниқ суврати – Навоийсиз!
Ғайб қушлари сиз сари алҳон учиб келурлар,
Қизғалдоқлар қирлардан алвон кўчиб келурлар.
Лайли Мажнунлар ваҳдат майин ичиб келурлар,
"Ишқ" деб, Фарҳод Ширинлар жондин кечиб келурлар,
Олис ишқнинг осмони, талъати Навоийсиз!
18 минг оламнинг сарҳадини билганлар,
Ўлмай туриб ўлганлар, Қақнусдай туғилганлар.
Юракнинг ҳар сасидан қайтадан тирилганлар,
Худодан берилганлар, Худога берилгайлар!..
Ҳақ йўлининг ҳоқони, қуввати Навоийсиз!
Сиз деганда Хуросон, Ҳинду афғон бирлашур,
Қиличлар пастга тушиб, ёвлар хушхон бирлашур.
Мулки Турон бирлашур, Турку Турон бирлашур,
Жаҳон харитасида аҳли жаҳон бирлашур,
Руҳ ила қалб бирлашур, жисм ила жон бирлашур,
Сўз мулкининг султони Ҳазрати Навоийсиз,
Олам элининг жони, қудрати Навоийсиз!..
Зебо Мирзо
20 январ
3 феврал 2023
@Zebo_Mirzo
DOR
Sen – bo’g’zimga atalgan dorsan,
Peshonamga bitilgan qismat.
Men -- Xudodan maxfiy yo’llangan,
Qiyomatda ochilguvchi xat.
O’limiga tashna mahbusday,
O’limga zor ko’rdek zanjirband.
Intilaman, men senga, ammo
Sen balandsan,
Judayam baland!
Tiklanaman senga uzalib,
Suyalaman – yetmaydi qurbim.
O, boshimda tikilgan sirtmoq,
Talpinadi senga bor umrim!
Yo’q,
Lahzalik jazo yetmaydi,
Senga kerak ming yillik javob.
Sening qadar yuksalgunimcha –
Umrim mening buyuk iztirob!
Qurbonlikka atalgan baxtday
So’ramayman: “Nechun?”, “Nega man?”
Intilaman senga najotday,
Seni o’lim kabi sevaman!
Axir menga, bir menga zorsan,
Borlig’ing-da borlig’imga band.
Sen bo’g’zimga tortilgan dorsan,
Juda baland,
Judayam baland!
✍ Zebo Mirzo
@sheriylahzalar