mansur_jumayev | Неотсортированное

Telegram-канал mansur_jumayev - Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

452

Ушбу каналда шоир Мансур ЖУМАЕВ ижодини кузатиб бориш имконига эга бўласиз. Канал шоирнинг дўстлари, мухлислари томонидан очилди.

Подписаться на канал

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

* * *
Кўз ёши ҳам кутмагин
севинмаган одамдан;
севги сўрма,
севгилим,
севилмаган одамдан.

Ишқ тиласанг ҳар маҳал,
ошиқ бўлиб сўрагин;
бармоқларингга маҳтал
эшик менинг юрагим.

Йўлинг тушган замони,
ёймай овозасини,
бир йўл чертиб ўт, жоним,
қалбим дарвозасини.

Фақат бир шарт:
чорласам,
кирсанг,
ҳасрат чекиш йўқ,
бу эшикдан, азизам,
кириш бордир,
чиқиш йўқ!

© Мансур Жумаев

* * *
Koʻz yoshi ham kutmagin
sevinmagan odamdan;
sevgi soʻrma,
sevgilim,
sevilmagan odamdan.

Ishq tilasang har mahal,
oshiq boʻlib soʻragin;
barmoqlaringga mahtal
eshik mening yuragim.

Yoʻling tushgan zamoni,
yoymay ovozasini,
bir yoʻl chertib oʻt, jonim,
qalbim darvozasini.

Faqat bir shart:
chorlasam,
kirsang,
hasrat chekish yoʻq,
bu eshikdan, azizam,
kirish bordir,
chiqish yoʻq!

© Mansur Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

***
Манов осмон,
манов юлдуз,
манов япроқ,
манов қушлар
сано айтар ҳабибимга
мингта рангу минг товушда.
Манов темир,
манов тошлар
аро нафсим кўзин хушлаб,
манам борман,
ман борарман —
жон ҳовучлаб,
руҳ ҳовучлаб.
Келар,
кетар,
тинар,
шошар —
ўнг тарафим,
сўл тарафим...
ичимда бир дарё тошар:
зикри хафий,
зикри хафий.
Сассиз кишнар қайғуланиб
асовларим,
айғирларим...
улуғ севги — пинҳон севги:
ҳайқирмадим,
ҳайқирмадим.
Биз шундайин суғро, ғариб,
биз шундайин кубро, шариф,
биз шундайин ялдоли тун,
биз шундайин субҳи зариф.
Бизга бир ёр ёрдир — тамиз,
сукут бизни эш этадир:
севгимизни севгилимиз
айтмасак ҳам эшитадир.

Мансур ЖУМАЕВ


* * *

Manov osmon,
manov yulduz,
manov yaproq,
manov qushlar
sano aytar habibimga
mingta rangu ming tovushda.
Manov temir,
manov toshlar
aro nafsim ko‘zin xushlab,
manam borman,
man borarman —
jon hovuchlab,
ruh hovuchlab.
Kelar,
ketar,
tinar,
shoshar —
o‘ng tarafim,
so‘l tarafim...
ichimda bir daryo toshar:
zikri xafiy,
zikri xafiy.
Sassiz kishnar qayg‘ulanib
asovlarim,
ayg‘irlarim...
ulug‘ sevgi — pinhon sevgi:
hayqirmadim,
hayqirmadim.
Biz shundayin sug‘ro, g‘arib,
biz shundayin kubro, sharif,
biz shundayin yaldoli tun,
biz shundayin subhi zarif.
Bizga bir yor yordir — tamiz,
sukut bizni esh etadir:
sevgimizni Sevgilimiz
aytmasak ham eshitadir.

Mansur Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

⭐️ "Шарқ Юлдузи" журнали
(2-сон/2023)

Биз кутган фасл

Неча бор қалбингда тикладим қаср,
Айрилиқ бўрони бузди муттасил.
Нечун яна қаттиқ қиш келаётир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Саҳройи севгимиз кўкарган даштим,
Соғинч ўрдасида мунча саваштим?..
Наҳот, адаштирдим, наҳот, адашдим,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Севилдик – севиндик, аммо ақлли
Зотлардек бўлмадик сипо шаклли,
Эртароқ нишонлаб қўйдик шекилли,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Азизим, асалга эврилсин заҳр:
Севгида сахий бўл, нафратда – бахил,
Баҳорга айлантир қишни ҳам, ахир,
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!
Баҳор эмасмиди биз кутган фасл?!

Мансур ЖУМАЕВ

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Вьетнам Ёзувчилар ассоциацияси веб-сайтида Мансур Жумаевнинг "Альфа" ҳикояси эълон қилинди. Ҳикояни рус тилидан вьетнамлик ижодкорлар Ван Трунг ҳамда Май Ван Фан таржима қилишган. Ушбу онлайн нашрдаги чиқишда хизмати сингган барчага, хусусан, жаноб Май Ван Фан, Ван Трунг ҳамда ушбу ҳикояни бир пайтлар русчага ўгирган Лира опа (Пиржанова)га кўпдан-кўп раҳмат!

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни

* * *
Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз,
бақалар сайраган тун илҳомланиб,
кўклам кенгликлардан аразлаган кез,
осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
нозбўй ҳидларини улашган палла,
шакароб тупроқдан сочилган ислар,
кимсасиз маҳалла?!
Эски «Женифер»га термилиб қандай
ажаб афсоналар кўрардик қанча:
Дэвид Аттенборо,
Мел Гибсон,
Ван Дамм,
Жет Ли,
Жеки Чан...
Фильм ярмидаёқ ухлаб қолардик,
қолгани тушимда бўларди бунёд.
Қизиқтирмас эди бизни беҳадик
Бинямин расмига топинган дунё.
Бизни қизиқтирган ўшанда фақат
уруш саҳналари
ва жанг-талотум
ва мардона ўлим
ва буюк тоқат,
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»...
Ажаб далли эдик иккаламиз ҳам,
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака...
саҳарлар чанг ютиб арпа ўрган дам
эсингдами, ака?!
Ям-яшил пайкаллар ўроқ дамидан
бироз тин олганда — кар, соқов, сўқир —
кечаги кинони қолган ярмидан
айтиб берар эдинг ичингдан тўқиб.
Сенинг қиёфангда келарди балқиб,
сўзларди,
урарди
ва бўларди гум:
Брюс Ли,
Шоҳруххон,
Маколей Калкин;
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»...
Ёлғон эди сенинг ҳикоянг гарчи,
гарчи ишланмаган сен айтган фильм,
аммо ишонардим сенга чиппа-чин,
шундай содда эди,
кенг эди феълим.

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари,
зангор шуълаларга чўмган сўримиз?!
О, ҳануз қўмсайман ўша онларни,
о, ҳануз қолсайдим ўшандай тамиз!
Гарчи давом этар то мана-ҳануз
уруш саҳналари,
кураш,
талотум,
ўлимлар,
ўлимлар...
ва яна ҳануз
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум».
Энди зерикарли бўлиб туюлар,
энди қўрқитади бу ваҳший «кино»,
сенинг қиёфангда аврамоқ бўлар
Бинямин расмига топинган дунё.
Энди толиқади руҳим
ичимда
кечган «бидиш-бидиш, бум-буму буф»дан,
зориққан,
ичиккан маҳдудман чиндан
қудуқда хожасин кутган Юсуфдай.
Ажаб икки далли бўлган эдик жам:
мен — бир хаёлпараст,
сен — бир шумтака...
ва ҳануз ишонай
ёлғон бўлса ҳам
кино тўқиб бергин мен учун, ака!
Ёлғон гапирмайсан энди, биламан,
биламан, рўйирост айтасан энди,
акажон,
ҳозирги ростгўйлигингдан
ўша ёлғонларинг азизроқ эди.
Биламан, уруш ҳам кўрдинг — ҳақиқий,
талотўплар ичра яшадинг ҳар зум,
чиндан чангал урди ҳар бир дақиқа
«бидиш-бидиш»,
«бум-бум»...
Аммо унутмагин
шуълага ботган
эски «Женифер»га ёндош сўрини,
ёлғон ҳикоянгга ишониб ётган
уканг кўзларингга турсин кўриниб.
Осмон ҳавзасида порлаган қизлар,
кўйна зовурларда ҳайқирган бақа,
шакароб тупроқдан сочилган ислар...
эсингдами, ака?!

Эсингдами, ака,
ёз оқшомлари?!

Мансур Жумаев

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Алибек АНВАРИЙ

ХЎШЛАШУВ

Соғ бўлинглар, оғайнилар!
Ёшлик зўр нарса!
Мен бир мазахўрак чиқдим,
ёшлигим – маза.

Ит тинарди, қуш тинарди,
мен тинмас эдим:
ёнмас эдим, чўкмас эдим,
воҳ, синмас эдим!

Ўн жийроннинг қизигунча
совиган бели.
Бир бор қизир эдим, кейин
совимас эдим.

Ҳаяжоним жардан учди,
бир нигоҳ боис.
Яна қарай десам, кетиб
бўлганди поезд.

Завқни олиб бориб урдим,
узилди жисми.
Сўнгра қайта топилмади,
эҳтиёт қисми.

Ёшлигимни суиистеъмол
қилдим хуш келса.
Бас, дегунча совурардим
тенги дуч келса.

Ўлигимни қачон ортмай,
дўстлар кўтарди.
Ҳамдки, жўмард жўраларим
маҳкам тутарди.

Ҳаёт эмламоқчи эди
кўнгилга қарши.
Игнасини ямлаб ютдим
йўлбарсдай ғажиб!

Ватанимнинг ҳоли дилда
олов ёқарди.
Унга қараб ёшлигимнинг
ранги оқарди.

Беайб эди Ватан,
тупроқ остидагилар.
Жами осий – мулгиб юрган
устидагилар!

Шундан бери ёш эмасман,
ёшлигим, кечир!
Майли, шартли бўлсин, мени
рўйхатдан ўчир!

Йигит умрим байроғингнинг
тагида эсди.
Ногоҳ фикрим туғ кўтариб
яшашдан безди!

Суягим ҳам рози сендан,
эй, чақмоқ лаҳза!
Соғ бўлинглар, оғайнилар!
Ёшлик зўр нарса!

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Ойдин ҲОЖИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири:

Йиллар букиб кетган қадларга
Қувват, ёшлик бергандир ҳаёт.
Узангиси кумуш эгарда
Кийик қувган мергандир ҳаёт.

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Даҳо шоирларнинг сўзлари, асосан, икки хусусияти билан ажралиб турар экан. Биринчиси, уларнинг ўзида умумбашарий ҳикматларни ташиши; иккинчиси, уларнинг ҳар замон ва ҳар маконда ҳамиша янгилиги. Ҳазрат Хожа Ҳофиз Шерозийнинг қуйидаги байти ҳам худди шундай туюлади:

Осоиши ду гетий тафсири ин ду ҳарф аст:
Бо дўстон мурувват, бо душманон мадоро.

(Ҳар икки дунё осойишталиги ушбу икки жумлада ўз ифодаси топади: дўстларга мурувват ва душманлар билан муросаю мадора).

Бу гаплар, менимча, бир вақтнинг ўзида ҳар бир инсонга ҳам, ҳар қандай жамиятга ҳам тааллуқлидир. Қисқаси, бутун инсониятга оид.

P.s.: шоир ва рассом Сайфулло Қулаев чизган сурат илова қилинди.

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

ЎСАЁТГАН ҚОЯ

Қамчиқ довонига кетишда ўсаётган қоя бор. Йўлим тушганда шу қояни томоша қилиб ўтаман. Уни сўроққа тутаман...

Ўсаётган қоя, кимнинг фарёди,
Ўсаётган қоя, кимнинг додисан?
Нега жим ўсяпсан, буюк тоғларнинг
Гар сен ҳам ўғлисан — зурриёдисан?!

Кўз ёшми чайқалган этакларингда,
Оғоч йўқ бошингга тутгучи соя.
Тоғ бўлиш ҳам борми эртакларингда,
Ўсаётган қоя?!

Дардмисан, ишқмисан, ғазабмисан ё,
Ё қадим нафратнинг янги нишони?!
Шундай улкан тоғлар пойида илло,
Қандай ўсаяпсан,
кимга ишониб?!

Қоя, сўроқларга қўяйлик нуқта,
Аён қил аслингни менга рўйирост.
Агар нафрат бўлсанг, ўсишдан тўхта!
Агар севги бўлсанг, ўсгин, илтимос!

Мансур Жумаев

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Ёшлар ижоди

Мансур ЖУМАЕВ

ИНВЕНТАРИЗАЦИЯ

Объектларда ашёлар мавжудлиги ва улар қандай сақланаётганини текшириш мақсадида инвентаризация қилинади. Мен буни ўзимда ўтказдим...

Менинг бир дардим бор ёруғ дунёда,
Чирмаган бошимдан то аёқимни.
У мен айтганимдан анча зиёда,
У сен ўйлагандан анча ёқимли.

Менинг бир шеърим бор ёруғ дунёда,
Дафтарга айтмаган кўнгил баётим.
У мен битганимдан анча зиёда,
У сен ўйлагандан анча ҳаётий.

Менинг бир қарзим бор ёруғ дунёда,
Умрим йилларига ургай у тароқ.
У мен кутганимдан анча зиёда,
У сен ўйлагандан анча каттароқ.

Менинг бир орзум бор ёруғ дунёда,
Кўнглим гулзорига ин қўйган бир қуш.
У мен англагандан анча зиёда,
У сен ўйлагандан кўра анча хуш.

Менинг бир уйим бор ёруғ дунёда,
Каъбам деб топиндим Юртим-эвимни.
У мен куйлагандан анча зиёда,
У сен ўйлагандан анча севимли.

Менинг бир Уйим бор ёруғ дунёда!

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Бугун - 26 апрель - Ўзбекистон халқ шоири, устоз Муҳаммад ЮСУФ таваллуд топган кун!
Оллоҳ охиратини обод айласин!

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Ish kunlarining birida,
​​​​Rejadan tashqari, tartibdan xoli.
Serdaraxt, serqatnov yoʻlning boʻyida
sening ingichka va uzun qoʻllaring
hech qanday hadiksiz boʻynimdan oldi.
Agar baxt shu boʻlsa, juda bemavrid,
Agar ishq shu boʻlsa, juda telbahol.
Xullas, ish kunlarining birida
kunimning tartibin buzding bemalol.

Osmon esimda yoʻq, yer esimda yoʻq,
Muallaq havo bor... Sochning ifori
va u naq koʻksimga qiladi qulluq
bugungi rejadan tashqari dorib.
Gar diydor shu boʻlsa, juda bemaʼni,
Gar mehr shu boʻlsa, juda ziyoda.
Nahot, ish kunlarining birida
baxtli boʻlish mumkin dunyoda?

Goʻzalim, qoʻysangchi, oʻz holimga qoʻy,
Bepayt turgan shamol — jinlarning bazmi.
Bepayt sharob ichib, nafaqat, obroʻ,
Mehnatimni yelga sovurdim, ozmi?
Men, axir, asabim torlari uzra
Paganini kabi tortib kamoncha.
Muhabbatdan kuygan odamlar uchun
hayrat va ishtiboh ulashdim oncha.
Men, axir, harf toʻla klavishlarning
Betxoveni boʻldim, Motsarti boʻldim.
Men hamma boʻloldim, faqat doʻstlarning
ichidagi eng nomardi boʻldim.
Jonim, ish kunlarining birida,
hech kimni bu holdan etmayin ogoh.
Sershovqin, serqatnov koʻcha boʻyida,
Nechun odamligim eslatasan, oh!

Men, axir, kitoblar toʻla xonamning
buyuk dahosiman, yakka hokimi.
Kuldonimda saqlab kelayotgandim
har bir tamakining aziz hokini
hamda xudolarning qilmishin jamlab,
Yunon xalqi uchun toʻkardim koʻzyosh.
Mening xayolim bor barcha oʻlchamda
va sochi toʻkilib borayotgan bosh.
Shunday muhim chogʻda, shunday qizgʻin dam,
Sershovqin, serqatnov yoʻlning boʻyida
bu dunyoga odam bir bor kelishin
eslatishga, nahot, uyalmagaysan?

Choydan lazzat tuydim, yozsam quvondim,
Uy olsam sevindim, keyin semirdim.
Baxt desa, oʻzimni jinniga solib
yurib, endi bir kam oʻttizga kirdim.
Qarshingda serrayib oʻtinday turdim,
Quch dedim mahkamroq, zoriqqandayman.
Serqatnov koʻchada sensiz qatnashdan
bugun juda-juda toliqqandayman.
Sen mening tasvirim unutmagaysan,
Men ham nelarnidir eslayman goh-goh.
Afsus, afsus, uyda sen kutmagaysan,
Uyda kutganlarni sevolmayman, VOH!

Bek Ali, "Voh" toʻplamidan.

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

***

Ҳар манглайда битта ҳумо бор,
ҳар юмруқда битта иморат;
Мансур Жумаев


Ҳар кузакда бир баҳор,
Ҳар жарангда бир сукут.
Ҳар гувоҳда бир иқрор,
Ҳар соғинчда бир унут.

Ҳар андуҳда бир кулги,
Ҳар ёғдуда бир Ватан.
Ҳар юракда бир туйғу,
Ҳар вужудда бир кафан.

Ҳар миллатда бир тождор,
Ҳар бахтлида бир армон.
Ҳар юксакда бир ҳоксор,
Ҳар тоатда бир исён.

Ҳар тўнганда бир пайдо,
Ҳар фақирда битта тахт.
Ҳар инсонда бир иншо,
Ҳар сўнганда- битта шаҳд.

Ҳар дармонда битта дард,
Ҳар висолда бир ҳижрон.
Ҳар қўрқоқда битта мард,
Ҳар ғарибда бир султон.

Ҳар унганда бир умид,
Ҳар тинганда бир дарё.
Ҳар қабрда бир вужуд,
Ҳар заррада бир дунё...

Самариддин Саййидзод

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

МАНСУР ЖУМАЕВ


ТАНГРИГА МАКТУБЛАР

1

Ёшларимни ёмғир айлаган,

сочларимни қор айлаган Зот,

бор ғамимни йўқ қила қолгин,

йўқдан мени бор айлаган Зот!
 

Эй, кўзимни айлаган соқий,

эй, сўзимни сор айлаган Зот,

шеърларимни шифо қил боқий,

шеърни менга кор айлаган Зот!
 

Ёр қил мени ёрга, ёронга,

ёр ишқини ёр айлаган Зот,

ёр сочини ёрнинг бўйнига

яшатгувчи дор айлаган Зот!

 
Яйратиб ёз дастурхонини,

қиш ўчоғин тор айлаган Зот;

синов учун мукофот бериб,

ўлпонини нор айлаган Зот!
 

Эй, бир қушга тикан тўн ёпиб,

насибасин мор айлаган Зот,

бор дардимни йўқ қила қолгин,

йўқдан мени бор айлаган Зот!

2

Фақат қонли ёшим бор — тўксам,

Сўзим бордир қарғасам, сўксам.

Бир жанггоҳга айланди дунё,

Бу жанггоҳда наҳот Сен йўқсан?!

 
Бошим шамси самога дўнди,

Ёшим қизил дарёга дўнди,

Балиқлари ютмасми энди,

Ўзим тузган дарёга чўксам?!
 

Қул, хожаю ҳукм асорат,

Иғво, фитна, уруш, разолат...

Ёки сўзим билан жазолат,

Ёки эшит, дардимни тўксам!
 

Огоҳмисан сонминг синовдан:

Ўтдан, сувдан, қишдан, қировдан?

Ё мақсадинг билдир бировдан,

Ё ўзимга аён қил йўқса!

 
Ҳануз менда кўзёш, дийдиё,

Сўз ила сўз қолди бериё...

Бир қиёмат кўтарди дунё,

Бу урҳода наҳот Сен йўқсан?! 

3

Ёшимизни ёмғир айлаган,

Сочимизни қор айлаган Зот,

Дардимизни йўқ қила қолгин,

Йўқдан бизни бор айлаган Зот!

/channel/Mansur_Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

ЭЪТИКОФ

Ранжидим — ранжитдим, аммо бир нафас
Феълимдан, ҳолимдан ранжир кўринмас.

Ғаройиб анжирсан, анжирки, бирпас
Гуллари кўрингай, анжир кўринмас.

Мен сенинг занжирбанд қулингдирман, бас,
Қуллигим аёндир, занжир кўринмас.

Мансур Жумаев

2023 йил 22 март, Дўрмон

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

#retro
МЕНИНГ ХАТОЛАРИМ

Бир суйдирги ичимда...
бир куйдирги ичимда –
чиқиб кетар сирғалиб
ўттиз икки тишимдан.

Саҳройи дил савдойи;
шеърдан нечук қайтаман?!
Хато шудир: ҳаммага
ҳаммасини айтаман...

Менинг хатоларим-ай,
ў, менинг хатоларим!
Фиғон урди афғонзай –
у менинг хатоларим.

Кечолмадим бу жонон,
нозик адоларимдан;
кечмишлар кечдилар қон
менинг хатоларимдан.

Этларни сихлаганман,
Исони михлаганман,
виждонга пичоқ тортиб,
устида йиғлаганман.

Хатодан чиқмаганман,
дунёга сиғмаганман,
Расулуллоҳни тинглаб,
эсимни йиғмаганман.

Марди йўқ майдон билан
ўлимлар сотганим чин,
зарсулув шайтон билан
чирмашиб ётганим чин...

Нечун сизни қўймайман,
ў, менинг хатоларим!
Мен ўзимни ўйлайман –
шу менинг хатоларим...

Фарзандим – унут олам –
дилгинангнинг дарзиман;
болам, дорга ос, болам,
болам, шунга арзийман.

Ҳирқиратинг – безарар,
эй, Ҳақдан атоларим;
сиртмоқда силтаниблар
тўкилса хатоларим!

Қарғанг! Сўкинг! Турманг жим!
Ўйлай жон чиқар они
қолдирдим деб шу чиркин
тўзиб ётган дунёни.

Хатоларим ўрнини
наҳот босмайсан, нолам;
ўзим келдим дорингга,
нечун осмайсан, болам?..

Ув, менинг хатоларим!
Ҳув, менинг хатоларим!
Болам, келдими навбат,
юв менинг хатоларим...

Мерос эди хатолар,
ворис бўлар бўтам ҳам;
хато сабаб жаннатдан
қувилганди Отам ҳам.

Тан олмасам – бу гуноҳ:
яшолмайман бегуноҳ...
мени бунча севасиз,
о, иштибоҳ, иштибоҳ!

Сизга раҳмат қарз бўлсин,
о, менинг хатоларим!
Буюр, Худо, дарс бўлсин
то менинг хатоларим.

Доно, Доро бўлиб гар
тўрадимми Атодан?!
Қилинган хато! Қайтар
қилинмаган хатодан!

Мансур Жумаев

MENING XATOLARIM

Bir suydirgi ichimda,
bir kuydirgi ichimda,
chiqib ketar sirgʻalib
oʻttiz ikki tishimdan.

Sahroyi dil savdoyi,
sheʼrdan nechuk qaytaman...
xato shudir: hammaga
hammasini aytaman.

Mening xatolarim-ay,
oʻ, mening xatolarim,
figʻon urdi Afgʻonzay —
u mening xatolarim.

Kecholmadim bu jonon
nozik adolarimdan,
kechmishlar kechdilar qon
mening xatolarimdan.

Etlarni sixlaganman,
Isoni mixlaganman,
vijdonga pichoq tortib,
ustida yigʻlaganman.

Xatodan chiqmaganman,
dunyoga sigʻmaganman,
Rasulullohni tinglab
esimni yigʻmaganman.

Mardi yoʻq maydon bilan
oʻlimlar sotganim chin,
zarsuluv shayton bilan
chirmashib yotganim chin...

Nechun sizni qoʻymayman,
oʻ, mening xatolarim!
Men oʻzimni oʻylayman —
shu mening xatolarim...

Farzandim — unut olam —
dilginangning darziman;
bolam, dorga os, bolam,
bolam, shunga arziyman.

Hirqirating — bezarar,
ey, Haqdan atolarim;
sirtmoqda siltaniblar
toʻkilsa xatolarim!

Qargʻang! Soʻking! Turmang jim!
Oʻylay jon chiqar oni
qoldirdim deb shu chirkin
toʻzib yotgan dunyoni.

Xatolarim oʻrnini
nahot bosmaysan, nolam;
oʻzim keldim doringga,
nechun osmaysan, bolam?..

Uv, mening xatolarim!
Huv, mening xatolarim!
Bolam, keldimi navbat,
yuv mening xatolarim.

Meros edi xatolar,
voris boʻlar boʻtam ham;
xato sabab jannatdan
quvilgandi Otam ham.

Tan olmasam — bu gunoh:
yasholmayman begunoh...
meni buncha sevasiz,
o, ishtiboh, ishtiboh!

Sizga rahmat qarz boʻlsin,
o, mening xatolarim!
Buyur, Xudo, dars boʻlsin
to mening xatolarim.

Dono, doro boʻlib gar
toʻradimmi Atodan?!
Qilingan xato!
Qaytar
qilinmagan xatodan!

© Mansur JUMAYEV

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

“Manov osmon, manov yulduz…”

She’r muallifi:
MANSUR JUMAYEV

Tasvirchi:
Hojiakbar Nurmuhammedov

Qurbon Hayiti ayyomi muborak bo‘lsin Xalqim!
O’zim va jamoamiz nomidan barchangizga eng ezgu tilaklarni yo’llayman.
——————————————
She’r matnini va shoirning boshqa go’zal she’rlarini uning quyidagi telegram kanalidan olishingiz mumkin.

/channel/Mansur_Jumayev

Kanalga a’zo bo’lishni ham unutmang. 😉

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

#Mulohaza

“Oldinda bir yo‘l bor…”

Mansur Jumayevning yana bir mumtoz o‘zbek va forsiy adabiyotdan olgan ulgisi bor. “Hadis mujdalari”. U XXI asr o‘zbek yoshlar she’riyatida birinchi bo‘lib “arba’iyn” an’anasiga qo‘l urdi. Arba’iyn – hadislar she’riy yo‘lda yaratiladigan turkumdir.

Davomi👉https://yoshlikjurnali.uz/mulohaza/oldinda-bir-yol-bor/
@yoshlikjurnali

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

1-iyun – Xalqaro bolalarni himoya qilish kuni
* * *
Esingdami, aka,
yoz oqshomlari,
zangor shu’lalarga cho‘mgan so‘rimiz,
baqalar sayragan tun ilhomlanib,
ko‘klam kengliklardan arazlagan kez,
osmon havzasida porlagan qizlar,
nozbo‘y hidlarini ulashgan palla,
shakarob tuproqdan sochilgan islar,
kimsasiz mahalla?!
Eski «Jenifer»ga termilib qanday
ajab afsonalar ko‘rardik qancha:
Devid Attenboro,
Mel Gibson,
Van Damm,
Jet Li,
Jeki Chan...
Film yarmidayoq uxlab qolardik,
qolgani tushimda bo‘lardi bunyod.
Qiziqtirmas edi bizni behadik
Binyamin rasmiga topingan dunyo.
Bizni qiziqtirgan o‘shanda faqat
urush sahnalari
va jang-talotum
va mardona o‘lim
va buyuk toqat,
«bidish-bidish»,
«bum-bum»...
Ajab dalli edik ikkalamiz ham,
men — bir xayolparast,
sen — bir shumtaka...
saharlar chang yutib arpa o‘rgan dam
esingdami, aka?!
Yam-yashil paykallar o‘roq damidan
biroz tin olganda — kar, soqov, so‘qir —
kechagi kinoni qolgan yarmidan
aytib berar eding ichingdan to‘qib.
Sening qiyofangda kelardi balqib,
so‘zlardi,
urardi
va bo‘lardi gum:
Bryus Li,
Shohruxxon,
Makoley Kalkin;
«bidish-bidish»,
«bum-bum»...
Yolg‘on edi sening hikoyang garchi,
garchi ishlanmagan sen aytgan film,
ammo ishonardim senga chippa-chin,
shunday sodda edi,
keng edi fe’lim.

Esingdami, aka,
yoz oqshomlari,
zangor shu’lalarga cho‘mgan so‘rimiz?!
O, hanuz qo‘msayman o‘sha onlarni,
o, hanuz qolsaydim o‘shanday tamiz!
Garchi davom etar to mana-hanuz
urush sahnalari,
kurash,
talotum,
o‘limlar,
o‘limlar...
va yana hanuz
«bidish-bidish»,
«bum-bum».
Endi zerikarli bo‘lib tuyular,
endi qo‘rqitadi bu vahshiy «kino»,
sening qiyofangda avramoq bo‘lar
Binyamin rasmiga topingan dunyo.
Endi toliqadi ruhim
ichimda
kechgan «bidish-bidish, bum-bumu buf»dan,
zoriqqan,
ichikkan mahdudman chindan
quduqda xojasin kutgan Yusufday.
Ajab ikki dalli bo‘lgan edik jam:
men — bir xayolparast,
sen — bir shumtaka...
va hanuz ishonay
yolg‘on bo‘lsa ham
kino to‘qib bergin men uchun, aka!
Yolg‘on gapirmaysan endi, bilaman,
bilaman, ro‘yirost aytasan endi,
akajon,
hozirgi rostgo‘yligingdan
o‘sha yolg‘onlaring azizroq edi.
Bilaman, urush ham ko‘rding — haqiqiy,
taloto‘plar ichra yashading har zum,
chindan changal urdi har bir daqiqa
«bidish-bidish»,
«bum-bum»...
Ammo unutmagin
shu’laga botgan
eski «Jenifer»ga yondosh so‘rini,
yolg‘on hikoyangga ishonib yotgan
ukang ko‘zlaringga tursin ko‘rinib.
Osmon havzasida porlagan qizlar,
ko‘yna zovurlarda hayqirgan baqa,
shakarob tuproqdan sochilgan islar...
esingdami, aka?!

Esingdami, aka,
yoz oqshomlari?!

Mansur Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

БОЛАЛИК

Қор жилғага айланиб,
кетди ҳаёт сойига:
кетаверди лойланиб
танимаган жойига.

Қорлигидан асар йўқ;
қайга етди, айтмайди...
...у қор бўлиб яшаган
чўққисига қайтмайди...

© Мансур Жумаев

Snow turned into to mountain stream
Leaved to life's river
It left in a muddy
Unfamillar place

Track haven't from snow
Where sufficed,do not tell
It don't return quite
It to it's summit

Translated by Nishonova Rukhshona

@Mansur_Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Мансур Жумаевнинг ҳикоя ва шеърлари Вьетнамда эълон қилинди. Таржимонлар – вьетнамлик ижодкорлар Ван Трунг ва Май Ван Фан.

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Май Ван Фан,
Вьетнам

...Хонага қамалиб ўлтирмай узоқ,
чиққил далаларга,
ям-яшил япроқ
балиқдек ўйнаган боққа,
балиқлар
япроқдек титраган дарёларга боқ...

Рус тилидан Мансур Жумаев таржимаси

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Madaniyat va maʼrifat telekanalida Sharh: "Yoshlik" jurnali 2- soni

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

#retro

*  *  *
Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар жуссада топган ифодат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
ҳар қадамда битта ибодат.

Ҳар куртакда битта сано бор,
ҳар япроқда битта китобат;
ҳар гиёҳда битта дуо бор,
ҳар ёмғирда битта ижобат.

Ҳар киприкда битта имо бор,
ҳар абруда битта ишорат;
ҳар манглайда битта ҳумо бор,
ҳар юмруқда битта иморат.

Ҳар ёноқда битта ибо бор,
ҳар дудоқда битта муҳаббат;
ҳар қурсоқда битта Исо бор,
ҳар бешикда битта Муҳаммад.

Икки дунё ҳар бошда пойдор,
ҳар заррада улвий иродат:
ҳар кўнгилда битта Худо бор,
ҳар қадамда битта ибодат.

Мансур Жумаев

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

БАРТЕР

Кўнглимиз ўлмас экан,
Сабаб йўқ нолигали.
Севгининг бўлмас экан
Легали, нолегали.

Не десам кам бўлади
Бу хайр ҳаққига, бас.
Юрагимни тўладим.
Ол!
Қайтими шарт эмас.

Мансур Жумаев

t.me/Mansur_Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Muhabbatxon.uz mualliflik adabiy sayti. She'riyat bo'limi

"MAJLISI UNS" Mansur JUMAYEV

https://muhabbatxon.uz/oz/poeziya/majlisi-uns-mansur-jumayev

Mansur Jumayev — 1991 yilda O‘zbekistonning Qashqadaryo viloyati Mirishkor tumanida tug‘ilgan. 2016-yilda O‘zbekiston davlat jahon tillari universiteti (O‘zDJTU) Xalqaro jurnalistika fakultetini tamomlagan. “Oq orzularim” (2017), “Xayrat qo'shiqlari” (2021) she’riy to‘plamlari muallifi. Oʻzbekiston Yozuvchilar uyushmasi aʼzosi.

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

#Esdalik

Mansur akam bilan Qoraqalpoq do'stlarimiz davrasida! 🌙🌚

@EHojimuhammad

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

БАҲОР ВА СЕВИЛИШ ЭРТАГИ

Том бошида лолақизғалдоқ,
ёр бошида киройи дўппи,
кўз ташлади – терс айланди ер
ва қалбимда қиёмат қўпти...
Шундан кейин йиғлади осмон,
шундан кейин кулди майсалар;
ханжар-қилич киприклар чунон
юрагимга урди найзалар;
шундан кейин ботир қалтироқ
вужудимга инди жимирлаб,
фарёд урди момоқалдироқ,
ёмғир исмим айтди шивирлаб;
шундан кейин офтоб жилмайиб,
кўзларимга умидлар экди,
шундан кейин шодон шамолнинг
кокиллари кўксимга тегди;
шундан кейин сабзаранг боғлар
оғочларга битдилар калом
ва амома ўраган тоғлар
жилғалардан йўллади салом;
шундан кейин лазиз ёр лаби
капалакка айтди исмимни,
хаёл арқон узган от каби
олиб қочди жону жисмимни;
шундан кейин қалбим муалло
камалакка сўйлади асрор,
жон иплари сўкилиб илло,
дафтарларга сачради ашъор;
боқди менга сипо тоқилар
остидаги наврасида қиз,
шундан кейин боқий чўққилар
оёғимга келиб чўкди тиз,
кўксим кўкка бўйлашди шундоқ,
қучоғимда киройи дўппи,
оёғимни қучдию тупроқ,
манглайимдан юлдузлар ўпди...
Сўнг ҳилолдан сўрадим бўса,
ширин тушлар берди муанбар...
тун мустағрақ ухлаган эсам,
арслон бўлиб уйғондим саҳар.

2012 йил, Тошкент

/channel/Mansur_Jumayev

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

Агар он турки шерозий ба даст орад дили моро,
Ба холи ҳиндуяш бахшам дуто қанду ду хурморо!

Агар кўнглимни шод этса ўшал Шероз жонони,
Қаро холига бахш этгум ики қанд икки хурмони!

P.s.: гўзал Бухорони ҳеч нарсага алмашиб бўлмас экан!

Agar on turki Sheroziy ba dast orad dili moro,
Ba xoli hinduyash baxsham duto qandu du xurmoro!

Agar koʻnglimni shod etsa oʻshal Sheroz jononi,
Qaro xoliga baxsh etgum iki qand ikki xurmoni!

P.s.: goʻzal Buxoroni hech narsaga almashib boʻlmas ekan!

28.03.23, Бухоро

Читать полностью…

Мансур ЖУМАЕВ шеърлари

ФЕРГАНТРОП

Эй, бир ярим милён йил олдин
Селунгурда кун кечирган зот,
тойдирганми сени ҳам ҳолдан
юрагингга от қўйган ҳаёт?

Бўлганмисан сен ҳам ошино
сирларига тун, моҳитобнинг,
нозларига чидагансан ё
аллақайси фергантропнинг?

Алқаганми сени ҳам кимдир,
сен кимнидир алқаганмисан?
Севиб туриб чиндан, барибир,
севмайман деб алдаганмисан?

Далли бўлиб,
ғорликлар аро
ошиқ-маъшуқ дейилганмисан,
берганмисан сўзингга оро,
севганмисан,
севилганмисан?

Ишонгансан кимгадир, ошнам,
балки, дўстлар ташлаб ҳам кетган,
балки, шундан кўзинг бўлиб нам,
ишончингга илк бор дарз кетган?

Ачингансан,
кимгадир ёки
бергандирсан тамасиз ёрдам?
Тикка қараб алдаган чоғи
қувгандирсан кимнидир ғордан?

Қор кўчган ё сел келган пайти
қўлтиқланиб-суялганмисан?
Овдан қуруқ қўл билан қайтиб
келганингда уялганмисан?

Ёлғизоёқ сўқмоқда ёлғиз
хаёл суриб кезмаганмисан?
Инграганда ғордошинг ожиз,
сезганмисан,
сезмаганмисан?

Варақланган, эҳтимол, қалбинг,
ўқувчиси танҳо китобдай;
тоза бўлган виждонинг, балки,
уйимдаги "фергантроп"дай...

Агар шундай яшаган бўлсанг,
гарчи бугун хоксан, туробсан,
сен ёввойи эмассан, билсанг,
сен одамсан —
фергантропсан!

Ё шунчаки кун кечириб тоқ,
қувонгансан кавшаганингга,
суягинг бор музейда,
бироқ
ишонмайман яшаганингга!

Эй, бир ярим милён йил олдин
Селунгурда нафас олган зот,
тойдирганми сени ҳам ҳолдан
юрагингга ўт қўйган ҳаёт?!

Мансур Жумаев

2023 йил 21 март, Дўрмон

Читать полностью…
Подписаться на канал