***
Кеча бир дўстим тарк этди мени,
Бутун шаҳарни:
оғирёқ автобуслару
тунги хиёбонлар,
мудроқ газетлар,
китоблар қанча.
Бисотимда ҳеч ким қолмади:
аввал отам,
кейин онам,
мана энди...
Ҳей, гул сотувчи қиз!
Ортиқ сизни безовта қилолмайди у,
Хат ташишдан қутулдим мен ҳам.
Ижарачи кампир йиғлар.
Чекаман.
Қулоғим остида жаранглар тинмай,
Келажак ҳақдаги ўтли сўзларинг...
Юраги ўзидан каттароқ
Одамлар даврасида
кўришгунча, дўст.
Жонтемир
ҲАСРАТ
Қорамтир боғларнинг кузги жимлигин
Совуққон шамоллар
Тўзғиб ўтганда,
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда,
Сен мени эслайсан!
Бўйнинг, лабларинг
Ажалвор ўпичлар тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва ғариб,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи...
Сен ҳали ёш эдинг,
Осмон мусаффо,
Ранглар ва қушларнинг қоришиқ исми
Онгингда тўлқинлар ясарди, шаффоф
капалак қаноти сингари жисминг.
Қайғудан олисда чайқалганча маст
Бир эркак қўллари тегмаган сочлар.
Лабингдан ёввойи бўсалар эмас,
Сув ичиб кетарди шўх қалдирғочлар.
Нигоҳлар тамшаниб боқар қаддингга,
Елкангга суйкалиб оқарарди моҳ.
Бош қўйиб мудраган сийнабандингга,
Нурдай соф иффатинг, титроқларинг, воҳ!
Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг сўл нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг –
Тўнғизқалб эркак
Бинафша умрингни булғагунча то.
...бақувват дарахтга айланмай ниҳол,
Дарёга қўшилмай
Жонсарак ирмоқ.
Лойпарчин тўшакка йиқилдинг беҳол,
Бунда нажот эмас
Роҳат – ҳайқирмоқ.
Ногоҳ тасаввурдан силқиган ранглар
Осмонни қорага чаплади зумда.
Қулоғинг остида мудҳиш жаранглаб,
Болафеъл руҳингни босди қузғунлар.
Энди кеч.
Дов қисмат манглайинг ўйиб,
Муҳрлаб қўйдию қуллик – тақани.
Нафис ҳиссиётлар бошини сўйиб,
Итқитди,
Отгандай сариқ чақани.
Наҳот мабудларнинг нигоҳи юмуқ?
Шафқатнинг илдизи оғриққа ботган.
Фирдавси жаннатмас,
Ирганч бир тамуғ
Ва Иблис – анави ёнингда ётган.
Сержило тушларинг маҳсули – аянч,
Қилтомоқ умидинг элитиб уйқу
Ортга йўл тополмай,
Тополмай таянч,
Барига кўниккан чоғингда туйқус –
Иккимиз учрашдик,
Қорамтир боғлар
Кузги жимлигини ютганда шамол.
Осмон ўша эди,
Тик эди тоғлар,
Фақат мен – мужаддар,
Сен эса – аёл!
Бутун ер юзида ёлғиз ўриндиқ,
Япроқлар титрарди раққосага хос.
Мен сенга,
Сен менга андак сурилдик,
Ай, сотқин муҳаббат,
кофир эҳтирос!
Тўсатдан уйғониб тисралдинг ортга,
Сарғайиб томарди дийдангдаги сув.
Пайқадим,
Иймондир жазбангни тортган,
Бадбахтга садоқат,
Гуноҳдан қўрқув...
Нега ошиқларнинг озуқаси – ранж?
Эгиз истагларнинг йўли чалишдир.
Севгисиз оила – нақадар жирканч,
Ишқ ила қовушмоқ – фоҳишаликдир?!
Мен энди денгизнинг тубига шўнғиб,
Дурга дуч келибон,
Ҳўпиқиб ҳайрат.
Талмовлаб турганда тушимми-ўнгим,
о, қисмат,
юзимга тупурди найранг!
Даҳшатли чирпандим музликда бу гал,
Бўғзимга тиғ тортдинг,
Оддий чизиқмас.
Ўликлар азобин ҳис қилдим тугал,
Тириклар ҳаёти энди қизиқмас.
...Ўп мени,
Аямай қучавер, ёҳу,
Коинот гумбурлаб, қуласин тошлар.
Қашқир панжасида тирилган оҳу,
Висолнинг рақси самосин бошла!
Худонинг борлиги рост бўлса мутлақ,
Руҳлар учиб юрса
Самовот аро.
Табиат, йўл қўйган хатонгни бутла,
Нилуфар ифори
Ботқоққа ҳаром!..
Сўнди,
сўнаверди дасиса илинж,
Исёнга айланмай қазо топди мунг.
Баджаҳл қонунлар қайраган қилич,
Бизларни тилкалаб ташладилар сўнг...
Ёдимнинг қурандоз хилватида мук
Тушганча ибодат қилар хотиранг:
Одамзод юраги аз-азал куюк,
Дунёда ҳеч нарса эмас бокира.
Сен ҳали ёш эдинг:
Беғубор, ҳуркак,
Билмасдинг мунг нима, нимадир хато.
Сен ҳали ёш эдинг –
Тўнғизқалб эркак,
Бинафша умрингни булғагунча то.
Қорамтир боғларнинг кузги фарёдин
Совуққон шамоллар тўзғиб ўтганда.
Кўзингга санчилиб ёлғиз ўриндиқ,
Юлдузлар чипқондай кўкка бўртганда
Сен мени эслайсан,
Бўйнинг, лабларинг
Олмаган ўпичим тафтидан куйиб.
Сен мени эслайсан: аччиқ ва зариф,
Бадбуруш тақдирга суянган кўйи...
28.12.2018
ЖОНТЕМИР
ТАШХИС
Биз мурдамиз,
на ювиб,
на кафанланиб
ич-ичига кўмилган ғумбак.
Ҳавво қистовидан заҳарланиб,
ватанидан қувилган сумбат.
Тимдалаймиз лаҳад деворларини,
тирноғимиз синган,
бармоғимиз қон.
Ҳурлик – аёл жисмидан чиққач,
ютган бизни аросат – ўпқон.
Илма-тешик кўнгил илвирар,
умид, қувонч яқин йўламас.
Эрмагимиз азоб малакларининг,
қийноқ ортган сари бадтар куламиз!
Ташқарида не ҳол,
кимдадир жилов?
Англолмай гарангмиз,
нафратим қўзир.
Сўзлашга йўл бермас оғзимда илон –
замон фожиасин қурбони ўзим.
Биз мурдамиз,
тирик эдикми аввал?
Теварак – мозор,
ошимиз – нушхурт.
Биз мурдамиз –
мурдалар ичра мукаммал –
ғумбагин нажот деб билган пилла қурт.
Жонтемир
#тасвирий_санъат
Аллақайси файласуфнинг гапи бор: тухум ичкаридан синдирилса, яшаб қолади полапон, деганга ўхшаш. Далининг уш бу сурати ҳам ТУҒИЛИШга боғлиқ. У қадим афсоналардан узоқлашмаган ҳолда қобиқ, ғумбакни тухум шаклида тасвирлайди ва бу тасаввурни шу лаҳзадаёқ янгилаб ундан одам "очиб" чиқаради. Тухум синиши – катастрофа. Дарз кетиш. Фожиа. Она қорнидан ерга тушиш ҳам фожиа. Даҳшатли жараённи бошдан кечиради гўдак ўша пайтда. Эътибор берсангиз, қўрққанимизда худди она қорнида ётган каби қунушиб, ғужанак бўлиб оламиз. Ухлаётганда эса, қўлларимизни оёқларимиз ораси – путимизга тиқиб оламиз кўпинча. Тушуняпсизми, бу она қорнидаги эмбрион ҳолати. Дали ана шу даҳшатни тухумнинг дарз кетиши орқали кўрсатиб беради. Бу сурат яна бир томондан Одам Атонинг дунёга келишини ҳам эслатади. Аммо, Дали Яратган ва муқаддас китобларга қарши ўлароқ аввал аёл Ҳаввони (биз уни тухум ташқарисида кўришимиз мумкин), сўнг Одамни яратади. Яъни бу ҳам мантиқан тўғри. Аёлдан дунёга келади Одам. Унда тухум ташқарисидаги аёлга ёпишиб турган болакайчи? Ҳали Одам яралмай туриб, у қаердан бунёд бўлди? Ёки Исо пайғамбарми у? Аёл эса Биби Мариям. Мумкин, тақрибан яқин тахмин... Хуллас, суратга ИБТИДО деб ном берсак хато бўлмас, менимча.
#тенгдошлар_ижодидан
Хиргойи
Сени топаманми, изланган йўлда,
Кўнглимни тунайди миллионта ҳадик.
Хаёлий орзуга чап бериб турсам
Қайғунинг ўйида гуллайди шодлик.
Мовий маржонларни бўйнимга илиб,
Денгизни соғиниб келаман бу дам
Сўроқлай бошлайман қояда туриб
Севишни биларми мен кутган одам?!
Атроф жим қолади...
Ишқсиз маконимга қайтаман оғир
Тўкилиб-тўкилиб кулар зиналар.
Зимистон куйига маст бўлган хонам
Оёғимни қучиб унсиз ўрмалар.
Ҳушимга ўтирмас оқшомнинг сози
Куйидан анқийди дилнинг куйиги
Кўзимни юмганча уйқу сўрайман
О, уйқу, кечанинг қаттол буюги!
Оқшом жим бўлади...
Сабаб барисига бу яйдоқликнинг
Онгимда сачраган ишқнинг исёни.
Одамнинг кафтида чизгиси бўлиб
Пешона бўлмаган тақдир ҳайрондир?!
Беадад туйғунинг исёни гўзал,
Энг ширин хаёлим — кулган арғамчи.
Қуёшга етолган қўлларим ёзиб
Заминни қучаман — Вужуд алдамчи!
Замин жим қолади...
Юлдузли осмоннинг рақси чиройли
Истасам куй чалгум бармоқлар билан.
Кўзим ҳатламаган ёшим бир томчи-
Сени эсламаган куним бўлмаган...
Эшик тутқичининг товуши гўзал
жаранглар ёлғизлик оҳанги аро.
Мен сезиб турибман
галдаги ишонч,
Эрта саҳар чоғи қилишин қазо.
Ишонч жим ўлади...
Токи сен келмаган кунинг дунёнинг
Юзига урилар минг бир тарсаки.
Сени эсламаган куним бўлмаган
Сен эса келмайсан, кўнглим истаги!
Айтмаган сўзимда мавжланган ишқсан!
Айтмаган нафратим,
айтмаган қаҳрим!
Саҳройи кўнглимда ёмғир қўшиқсан!
Келсанг-чи, қайдасан,
Савдойи бахтим?!
Очун жим бўлади...
✍Феруза Хайруллаева
@FeruzaXayrullayeva
МЕНГА ЁҚМАС
Менга ёқмас мулойим эрлар,
Айғир қолиб мақтар байталин.
Паҳлавоннинг кимлигин дерлар,
Юзидаги чандиқ айтади.
Менга ёқмас эҳтиёткор дўст,
Тақдирини қўрқув қилмиш ҳал.
Луғатимга кирмаган афсус,
Ҳар қадамим — Ҳаққа таваккал!
Менга ёқмас уммон турганда,
Кўлмак билан қондирган чанқоқ.
Ва сабрга обдон бурканган...
Йилт этса-да чақмоқ, бу чақмоқ!
Менга ёқмас майда гап душман,
Қинда занглаб кексайган қилич.
Занчилишга асло гап қўшма,
Май қуйганда, даст кўтариб ич.
Менга ёқмас қорнини ўйлаб,
Пул кетидан итдай чопганлар.
Пошшоларга мадҳия куйлаб,
Сағрисига зарбоф ёпганлар.
Менга ёқмас аёл қошида,
Ожизлигин ошкор этган кас.
Заҳар чиқсин еган ошидан,
Ўша кундан у эркак эмас!
Менга ёқмас ичи қора халқ,
Тутолмасдан нафснинг жиловин
бўзлаганда: оёққа тур, қалқ,
Дорга тортар ҳақгўй Билолин.
Менга ёқмас узоқ умр ҳам,
Йигитликда қайнаб оқар қон.
Ушбу шеърни тугатганим дам,
"Уҳ" десаму, чиқиб кетса жон...
Жонтемир
#мулоҳаза
МАЖБУРИЯТ
Инсон руҳиятини қўшиқчалик жазавага соладиган санъат тури йўқ. Оҳанг тўғридан тўғри руҳга ташланади. Ундан таъсирланишимиз ҳуу алмисоқ кунига бориб тақалади, агар тагини суриштирсак. Тангри одамни ясагач жон(руҳ) бу зулмат ичига тушмайман, деб хархаша қилади. Шунда оҳанг ёрдамида руҳни авраб танага жойлайдилар. Куйдан жазавага тушишимизнинг бир сабаби шу. Ҳозир муғулларнинг Чингизхон ҳақида айтган қўшиғини эшита туриб, ўз-ўзидан қоним кўпириб, бутун дунё пойида ётган шоҳдек ғурурим ўсиб кетди. Вазият кўтарсаю кўчага чиқиб, боор овозда бақирсанг! Бир-иккита ҳаромтовоқларни пихиллатиб сўйиб ташласанг!..
Қўшиқ! Қўшиқ! Менга яна шундай таъсир қилган қўшиқ ЧЕ ГЕВАРА ҳақида айтилган қўшиқ. Қўшиқни эшитаётиб ноҳақликка, очкўзликка, нонкўрликка, қўрқоқликка, ҳаромхўрликка, ифлосликка, ватанфурушликка лаънат деб кўчага отилиб чиққинг, миллионлаб одамни эргаштириб уфққа қараб кетавергинг келади.
Ўзбекларда шунақа қўшиқлар борми? Миллий қаҳрамонларимиз куйланган, эшитган одамни титратиб, уйғотиб юборадиган қўшиқлар бормиии? ЙЎҚ! Озодбек Назарбеков Мангуберди деб айтди. Ўта мулойим. Нафрат йўқ. Ғазаб йўқ. Йўқдан кўра бор, деб эшитиб юрибмиз. Қани энди йиғлоқи қўшиқлардан баландроқ тургич ЭРКАК ашулачиларимиз бўлсаю ўртага шунақа ЭРКАКча қўшиқлар яратиш масаласини дангал ташласа! Шоирлар билан ўтириб ишласа! Ҳеч йўқ Фитрат, Беҳбудий, Авлоний, Қодирий, Чўлпон ҳақида қўшиқ қилишимиз шарт! Тасаввур қилинг, Чўлпон деган қўшиқни тасаввур қилинг! Унга олинган клипни тасаввур қилинг. Ҳеч бўлмаса АМИР ТЕМУР деган битта жанговор қўшиғимиз йўқ, бооор овозда айтиб юрай десанг... Сиз ҳам ҳеч ўйлаб кўрасизми шулар ҳақда? Жонга тегиб кетди минг-минг хотинчалиш, йиғлоқи, овози ингичка ашулачилар.
Жонтемир
Бугун Ўзбекистон халқ шоири ХУРШИД ДАВРОН туғилган кун.
Хуршид Даврон 70- йиллар шеъриятида ўз муҳрини қолдирган "фантастик тўртлик" дан бири.
#Сотувда 🎊
📘 Сунбула (Қиссалар)
🔥 Тилланисо! Китобингизни ўқиб, ҳаётдан узилиб қолганми бу қиз деган ўйга бордим. Ноодатий тақдирлар, умрида изтиробдан бошқасини кўрмаган, изтиробдан бошқасини билмайдиган қаҳрамонлар шунчаки асар учун бир восита эканлигини, аслида, уларнинг қалби, уларнинг ўйи, уларнинг кечинмалари ва оғриқлари сизники эканлигини тушундим.
Муттасил қарама-қаршиликлар ичида яшаш юракка оғирлик қилади. Аммо китобхон сифатида англаганим, Тилланисо Лайло бўлиб, жаноб Д. бўлиб, руҳий хастахонада ётган мажруҳ қиз бўлиб қалбини оғриқлардан озод қилади.
🎭 Бошида Тилланисонинг ёзганларига қанчалик исён билан муносабатда бўлмайин, барибир унинг оғриқ ва изтироблари оҳанрабосидан қутулолмадим, талпинавердим.
Тилланисо ҳаётнинг кўзига тик қараган, одамлар руҳиятидаги муаммоларни ошкора тан олган ва бошқалар нима деб ўйлашларидан қатъи назар (мен буни мардлик деб атадим) фикрларини очиқ баён қилган.
Ва шундай ёш, мард ижодкорлар етишиб келаётганидан бошим кўкка етди.
Мундарижа: Қиссалар.
Сунбула
Гермина синдроми
Илова
Кўрпа
Яратиқлар
Ёзувчи
Йигит
Афсунгар
ℹ️ Маълумот: 128 бет, юмшоқ муқова.
💰 Нархи: 18.000 сўм
🚚 Буюртмангизни бутун Республика бўйлаб етказиб берамиз:
🛒 Сайт орқали: http://book.uz/sunbula-
☎️ Телефон: +998 99 891 03 24
📲 Телеграм: t.me/bookuzbek
@bookuzbekistan — янги китоблар
#boburxonlik
📣Assalomu alaykum, adabiyotimizning hurmatli ixlosmandlari!📚
Alisher Navoiy nomidagi Toshkent davlat o'zbek tili va adabiyoti universitetining
"Viqor" ijodiy jamoasi ishtirokchilari
butun dunyo bo'ylab "BOBURXONLIK" tanlovini e'lon qiladi!
📌Bunga ko'ra siz #boburxonlik boshlanmasi ostida o'zingizni tasvirga olib📷,
buyuk mutafakkir shoirimiz Zahiriddin Muhammad Bobur ijodidan ko'nglingizga manzur she'rni📖 tanlab o'qiysiz va tayyorlangan videomahsulotni 🎥
📫@Talim_Tarbiya_1997 manziliga jo'natasiz.
⚡️Jo'natmalar fevral oyining oxirida uchta nominatsiya asosida baholanadi:
- "Eng ifodali o'qilgan she'r";
- "Eng yaxshi tayyorlangan videomahsulot";
- "Eng ko'p ko'rilgan videomahsulot".
🎖Nominatsiya g'oliblari Universitetimiz tomonidan sovrin va maxsus diplom bilan taqdirlanadi.
Aytgancha, videolar @ShohruzMominzoda kanaliga qo'yib boriladi.
"Шаҳрисабз" туркумидан
* * *
Далаларга юзимни бурдим,
(Шаҳар ёқдан тортилди енгим)
Кишнаб юрган руҳимни кўрдим,
Ёлларида йўқолдим сингиб.
Оёқ ости ям-яшил яйлов,
Тиниқликда самовот – шиша.
Ич-ичимда оташин қайнов,
Жинниликдан қилмам андиша.
Изтиробга қўйгандай талоқ,
Қора рангдан тўйгандим роса.
Кенгликларда отиб шаталоқ,
Юрагимнинг чигилин ёзай.
Майли қўққис битиб фурсатим,
Ортиқ севмай қўйса тириклик.
Менга Мажнун қабрин кўрасатинг,
Малол келмас унга шериклик...
Ҳозир шодман қалбим ўйнидан –
Далаларга юзимни бурдим.
Мангу озод тоғлар қўйнида,
Кишнаб юрган руҳимни кўрдим!
Жонтемир
/channel/Jontemir
Сизни бошқариб, ҳаёт тарзингизни ўзларича белгилаб, чизган чизиқларидан чиқмасликни буюрадиганлар учун ФИКЛАЙДИГАН, ФИКРЛАЙ бошлаган одам – энг хавфли заракунандадир. У нафақат ўзи, ён-веридагиларни ҳам янгиланишга ундайдиган, жойи келса бунга қодир одам. Бошқарувчи ундан (фикрайдиган одам) тезроқ қутулиш пайига тушади. Яратувчанлик истеъдоди берилган кишилар ҳам бошқарувчилар учун қўрқинчлидир. Негаки улар янгиликка ўч. Қотиб, моғорлаб ётган эскиликдан зериккан оммани эргаштириб кета олиши мумкин. Аслида инсоният, барча яратиқлар фитратида янгиликка эҳтиёж бор. Янгиланиб турмаган одам, тафаккур, тасавуур, жамият, табиат таназзулга маҳкум. Ҳайрат йўқолади, йўқса. Бошқарувчилар буни истамайдилар. Қўл остиларидаги халқни бир хил бўлиши хоҳлайдилар. Бир-биридан ажралиб турмасин. Робот каби фақат биз буюрган ишни бажарсин дейдилар. Бош тортганни шафқатсизларча жазолайдилар очиқчасига – намуна бўлсин учун. Исо пайғамбар хочлангани, Муҳаммад пайғамбар тошбўрон қилингани, Галилей оловда ёқилгани... Жадидлар қирғини ёдингиздадир?
Фикрланг!
Фикрланг!
Фикрланг!
/channel/Jontemir
ФОЖИА
Тошкент – совуқ силтаган дарахт,
Йўлнинг юзи бужмайган, чўтир.
Ярим кеча изғийман карахт,
Тамакининг хумори тутиб.
Бошим – шароб тўлғазилган жом,
Олов пуркар остидан дўзах.
Қадаҳ ушлаб турибди илҳом,
Унга қандай қуйилай, Муза?!
Аланглайман теваракка, воҳ!
Сигор, сигор... Туйғу, кечинма.
Шеърга бўкиб кетганман, Аллоҳ,
Бўшатишим керак ичимни.
Кўчалар жим, дўконлар ёпиқ,
Қор ёғмоқда, ёғмоқда алам.
Мен дайдини олгани қопиб,
Учрамайди саёқ итлар ҳам.
Ёриламан ҳозир, портлайман,
Биттагина, бир дона холос.
Бир кечада Қуръон ёдлайман –
Сигор топиб беринг, илтимос.
На гўзаллик, на шаддод ўпич,
Мавҳ этолгай руҳимни бу дам.
Бойлик, қувонч ҳубобдир, кўпик,
Эътиқодим – телбаваш муртад.
Ким тушунгай хумор феълини?
Сомон тиқар шоир этига.
Бўғзимдаги вулқон селини,
Сепмоқчиман аёз бетига.
Офатгарон ҳиссиётлар жим,
Ўпкам сиқар, осмон мусаффо.
Шеърдан пишиб борябди ичим –
Ҳаво беринг, ачқимтир ҳаво!
Бунча ҳасис бўлмасанг Тошкент,
Сўз улашмай қўяр Қошғарий.
Кўзларимнинг кўлида қушдек
Коньки учар ғазаб ёшлари.
Тангрим, ночор ҳолимни ўнгла,
Йўқса ёниб битарман, қоним...
Бир тортимли сигорга ҳўнграб,
Алмашардим бутун дунёни!
О, бефойда. Якунланди ҳарб,
Қайна тағин эй кўҳна – қозон.
Ўлди яна қалбимда бир ДАРД,
Мен одаммас, мозорман, мозор.
Жонтемир
#мулоҳаза
САВОЛ
"Нега телевидение бачканалик ботқоғида, газетлар ёлғонга бўккан?
Нега бари сохта, кўзбўямачилик, бўрттириб кўрсатишга қаратилган?
Нега илм, санъат аҳли хору бозорчи(уларни ҳурмат қилган ҳолда айтяпман), отарчининг пичоғи мой устида ва улар намуна қилиб кўрсатиляпти?
Нега халқ болам олим бўлсин эмас, қўшиқчи бўлсин дея ният қила бошлади?
Нега миллат савиясини белгилаб берадиган нашрлар аянчли аҳволдаю қуруқ қарор, фармойишларни кўчириб босгич (ҳеч ким ўқимас) нашрлар катта нусхада босилади?
Нега ўттиз беш миллион одамнинг орзуси чироқ, газдан юқорига чиқолмайди? Нега боғчадан тортиб олийгоҳгача тизим алоҳида истеъдодга эга болани ҳаммабоплаштириш, ҳаммани эса, бу мамлакатда ҳақиқат билан ҳалол яшаб бўлмаслигига ўргатиш, намуна бўлишга қаратилган? Нега иқтидордан кўра ҳужжат, қоғоз устун туради идораларда?
Нега ҳақиқий аҳвол (ҳамма билиб турса ҳам) очиқ айтилмайди?
Нега мансабдорлар беемалол халқни алдайверади?
Нега?
Нега?
Нега?.."
Мен.
ЖАВОБ
"Ҳукуматларнинг мустабид ҳокимияти халқларнинг билимсизлиги натижасида мустаҳкам туради! Шунинг учун улар доимо маърифатчилар билан курашадилар. Айнан шу ҳақиқатни тушуниш вақти келди".
Л.Н. Толстой.
Жонтемир
#мутаржим_минбари
#адабиёти_муосири_ӯзбек
"ЧИ ЗЕБО ЯК НАФАС МОНДАН, МАНУ МАН, МАНУ МАН, МАНУ МАН" - ҶОНТЕМИР
«Вай оташ буд, як сийна сӯхтор,
Нӯшидам ман, сӯхта гулуям.
Сад пора шуд танам хор-у зор
Ва бо кашиш жамъ намудам.
Мағлубаш кард қаттол ҳамин ҷон,
Ором гузошт рӯи маҳиннах.
Дар дӯзах ғарқ шуда то миён,
Бихондам ман ашъор ба ҷаннат.
Меҷунбонид шабам арғанун,
Лахча дар бар,
Дар дил аммо ях.
Ба ман Маро мадеҳ, эй ҷунун,
Дар ин ҳолам монам муаллақ!»
Шоҳрўз Мўминзоданинг Жонтемир ижодидан тожик тилига ўгирмаларини сайтимизда ўқинг.
Батафсил: https://injasanat.uz/chi-zebo-yak-nafas-mondan-manu-man-manu-man-manu-man-chontemir/
👉🏿@inja_sanat - янгича нигоҳ
#ОлдинданТўлов #Предзаказ
🔥 www.book.uz'да катта премьера. Жаҳон классик ёзувчиларидан бири Фёдор Достоевскийнинг "Ака-ука Карамазовлар" асари ўзбек тилида, биринчи маротаба китоб ҳолида чоп этилмоқда. Шу муносабат билан китобга олдиндан буюртма эълон қиламиз. Сизда китобни энг биринчилардан бўлиб харид қилиш имконияти бор. Буюртма беришга шошилинг!
📣 Икки жилддан иборат асарнинг биринчи жилди 4 феврал куни нашрдан чиқади. Иккинчиси шу ой мобайнида нашр этилади.
Китоб ҳақида:
Инсон ҳаётда яшар экан, унинг умри уч босқичда: болалик, ёшлик ва кексалик даврида кечади. Дастлаб бола ҳаёти билан соддароқ, кейин ёшлик хаёли билан жўшқинроқ яшаса, кексалигида бор-йўқ фалсафаси, ҳаёт хулосаси билан яшайди. Умр сарҳисоби давомида айтиши лозим бўлган СЎЗини бир-да айтса, бир-да айтмайди.
“Ака-ука Карамазовлар” – адибнинг энг сўнгги асари эканлигини ҳисобга олсак, бу асарни унинг сўнгги СЎЗи дейишимиз, тўғри бўлар балки. Уч ака-ука – бири соддароқ, бири жўшқин ва бошқаси мулоҳазали. Характер ва қарашлари бир-бирига ўхшамайди. Аммо барчасида умумийлик бор, бу нафақат қондошлик, балки маънавий яқинлигида акс этади. Улар билан танишар эканмиз, ҳаёт ҳар бир инсон шаклида давом этар экан, инсонийлик деган тушунча ўлмайди, деган хулосага келамиз.
Бу асар дунёнинг кўплаб тилларига таржима қилинган, жаҳон адиблари бу асар ҳақида бундан кейин ҳам гапиришар эҳтимол. Шу ўринда эса америкалик ёзувчи Курт Воннегутнинг “Ака-ука Карамазовлар” романи ҳақидаги таърифини келтирсак, ўринли бўлади: “Ҳаётда нимани билиш керак бўлса, барчасини шу асардан ўқиб олиш мумкин”. Дарвоқе, буюк Толстойнинг умри давомида мутолаа қилган энг сўнгги асари ҳам айнан “Карамазовлар” бўлган.
Демак, ўзбек адабиётига Достоевский сўзи, фалсафасини такрор ва такрор тақдим этган устоз таржимон – Иброҳим Ғафуровдан навбатдаги беқиёс асарни кутиб оламиз, миллий адабиётимизга, ўзбек китобхонига ушбу асар таржимаси ва нашри муборак бўлсин!
🖨 Нашриёт: Янги аср авлоди
ℹ️ Маълумот: Қаттиқ муқова, 572 бет
💰 Нархи: 43.000 сўм
🚚 Буюртма беринг ⬇️:
🛒 Сайт орқали: http://book.uz/Aka-uka-Karamazovlar1-
☎️ Телефон: +998 99 891 03 24
📲 Телеграм: t.me/bookuzbek
@bookuzbekistan — янги китоблар
#мулоҳаза
ДАЛДА
...Бугун ижод қилиш – ўлим билан ёнма-ён яшашга ўхшаб қолди, деган эди бир пайтлар ёппасига ишлаб чиқаришга юз бурган замонасига қараб Камю. У бу билан тараққиётни қораламайди, балки адабиётдан, адабиёт бўлганда ҳам соф адабиётдан узоқлашаётган одамларга ачинган ҳолда, шу янгиланиш, ўзгаришлар ҳақда урра-урра ёзаётган ташвиқотчи қаламкашлардан фарқли ўлароқ, ўз санъатига хиёнат қилмасдан, асл адабиёт мезонларини ушлаб қолишга тиришаётган ижодкорларга ҳамдардлик билдиради. Камюга уйқаш ўлароқ мен ҳам тенгтўш ёзарманларга сабр тиламоқчи эмасман. Сабрнинг таги олтинлигига ишонмай қўйдим, негаки. Бош-кети пулга бориб тақаладиган бугунги жамиятда СОФ АДАБИЁТнинг мавқейи қанчалик қуйилаб кетганини кўра туриб сабр қилиш, қўпол айтганда туяқуш усулини қўллаш ўзимизга, тафаккурга, келажакка, миллатга хиёнат бўлади. Ҳа, фақат, мамлакат сирларини душманга сотиш хиёнат дейилмайди. Хиёнатнинг турлари ва улар келтиражак зарарларнинг ҳам оқибатлари ҳар хил. Юқорида айтган хиёнатим, айнан тафаккурга путур етказади. Тафаккур эса, инсон мийясининг ядросидир!
Аслида қадимда ҳам соф адабиёт ўқувчилари саноқли бўлган. Аммо бадиий асар бир вақтнинг ўзида телевизор, радио, интернет, телефон ваҳоказо, ҳоказоларни ўз ичига олгани учун ёппасига ўқишган. Бугун адабиётнинг функцияси торайди. Ўзида фақат ўзи қолди. Шунинг ҳисобига ўқувчилари кескин камайди. Бу табиий. Ҳеч ким ўқимай қўйди, деб жар солаётганлар шу оддий теоремани тушунмаслиги ҳайрон қолдиради.
Камюнинг яна бир аччиқ башорати бор. Қайси давр(давлат)да кам ўқилса, – дейди у – китоб кўп сотилади. Даҳшатли ҳақиқат. Телевизорни ёқинг, китоб ҳақида ваз ўқишаяпти, китобхонлик танловлари авж олган, уйида битта ҳам китоб сақламайдиган отарчилар даста-даста китоб кўтариб мактабларга боришяпти. Четдан кузатсанг жуда кулгили. Фақат бу томошани буюрилганидек бажараётганларгина сезмаяпдилар, холос, ҳаракатлари нақадар сунъий, бачкана эканини.
(Энди ана шундай бир пайтда соф адабиёт ҳақида сўз очиш – юрагига ханжар санчилиб, жон бераётган одамни яшаб кетишга ишонтиришдек аҳмоқона гапдек туюлар кимларгадир, лекин ваҳоланки адабиётнинг вазифаси огоҳлантиришдир. У даволамайди. У ишора беради, жарохатни кўрсатиб қўяди.)
Савияни шафқатсизларча синдириб ташлашди ахир.
Ва энди ўзлари савиясизликда айблашяпти халқни. Бу ўз қўлинг билан юзингга тарсаки уришгандай аламли. Онгсизлик, фикран саёзлик совет тузумига керак эди (мустамлакачиларнинг ҳаммаси учун фойдали бу), шу орқали тасарруфидагиларни бошқариш осон кечарди. Мустақилликдан кейинчи? Энг юқорига отарчиларни чиқариб қўйилаётгани, кескир, ўзлигидан қайтмаслар итарилиб, мутеъ, мумиёланганлар курсиларни эгаллашаётгани, булар тасодифми, ё..?
Бир нарсани тушуниб қолдим. Ўрта табақа бошқарувчиларини ўзгариб туриши ҳеч нарсани янгиламас экан. Масалан: ҳоким, раис, депутат, ёшлар иттифоқи раиси ваҳо казолар. Савиянинг бу доирага таъсири йўқ. Негаки улар маълум оралиқдагина ҳаракат қилиш ҳуқуқига эга аскарчалардир. Истаган тақдирларида ҳам чегарани бузиб ўтишолмайди. Демак чўққидаги шахсга кўп нарса боғлиқ.
Соф адабиёт эса савияни талаб қилаверади. Соф адабиёт – фош этиш кучига эга. Айнан шундан чўчийдилар. Бизнинг устунлигимиз шунда. Биз ошкоралик тарафидамиз чунки. Ўлим билан ҳамнафас яшаётган дўстларим, алданманг, йўлдан чалғиманг, бир-биринггизга елка тутиб йўрғалайверинг. Софликни сақлаб қолинг. Ва унутмангки, олдинда пишқириб чопмак завқи бор!
2019
Жонтемир
ҚАЕРДАН ҚАЕРГА
1.
То тўлишиб олгунча ҳилол,
Тун кўксини тилиб кетади.
Йилда бир бор ечиниб илон
янги пўстин илиб кетади.
Қаердан қаерга?
Думалайди қирларда баҳор,
Бойчечакка эврилар ғафлат.
Елкалари азалий яхоб
чўққиларнинг кўзида нафрат.
Ўрикларнинг кофур лабига
келиб қўнар болари шилқим.
Мушкин бўйлар тараб камига
шамол чопар шаҳарда йилқи.
Қаердан қаерга?
Парвоз сирин очмас бургутлар,
Тош қопланган бақа найласин?
Манглайида қадим туркулар,
Миқ этмайди тошлар — файласуф.
Одам ерга кириб борару
кўкка қараб ўсар чирмовуқ.
Парвардигор нафасидир руҳ,
Нечун баъзи чеҳралар совуқ?!
Ҳадиксираб яшаймиз доим,
....бизмас, бизни қилмиш томоша.
Аллақандай ҳикматга мойил,
Дунё қувғин қулундай шошар.
Қаердан қаерга?!
2.
Оламга тун чўкар, тунга аламинг,
Ўқ еган ўлажадек типирчилар қалб.
Тахайюл — бош-кети мавҳум даланинг,
Турибсан кўринмас Шоҳини алқаб.
Кўчалар яланғоч, боғлар яланғоч,
Чарчоқ ташвишларни уйқуга белар.
Ёлғиз сенинг дайди тасаввуринг оч —
Коинот кокилин силагинг келар.
Кўз олдинг пушти, йўқ, камалак рангда,
Юракни тирнайсан — чўғ тортилган соз.
Қон эмас, сўз силқиб чиқар ярангдан,
Уни боғламакка ирганар қоғоз.
Кекса бургут тоғдан қулаган мисол
кулдонга йиқилар чекилган фурсат.
"Балки жавобини айтади, Исо!"
Айтади, қиёматгача улгурсанг.
Сен-ла туғилмаган, кетмас ҳам ёниб,
Етим қовурғангни ўша қайирган.
Анор донасидай эзар дунёни,
Даҳшатли савол —
ҚАЕРДАН ҚАЕРГА?!
Ёлғиз сенинг дайди тасаввуринг оч...
27.04.2019
ЖОНТЕМИР
ҚОН
Дантес — сиёсатдир,
Сиёсат — қўрқоқ!
Яхши биласиз-ку, Пушкинни мендан.
Жимгина кузатиб турган у суллоҳ
касларнинг шаллақи кўзи — секундант!
Лермонтов,
тепкини босмадинг нега?
Битта ўқ, атиги битта ўқ холос.
Бошига тегарди ёки бўғзига
ва омон қоларди исён, эҳтирос!
Усмон —
юрагимни ғажийди итлар,
Усмон —
қабргача такрорлар шеърим.
Ангори, қалами, қалби иркитлар,
Оҳ, сени йўқ қилди, паҳлавон Шерим.
Эй ажал, кўрмисан?
Тупурдим сенга!
Оқибат кетарсан ҳасаддан ёниб.
Тобакай шоирлар ғашингга тегар,
Шунчалар ширинми шоирнинг қони?!
Бу ҳол давом этар ҳали бегумон,
Суяги чуриклар ётибди урчиб.
Эй замин, эй осмон, эй чексиз уммон,
Мен сени бир сатр шеърга сиғдирдим,
Сен мени ўзингга сиғдириб кўрчи!
Сизнингча шоирни ўлдирмоқ — эрмак,
Ё лаззатланасиз жонини олиб.
Тутилган кўзгуни синдирган билан
ўнгланиб қолмас-ку, ботқоқнинг ҳоли.
Қўйинг ўз эркига:
яшасин, ёзсин,
Ундадир муҳаббат, ундадир нафрат,
Виждон уйғонарми мардона созсиз?
Оламни бузмайди шеър тўла дафтар.
Барибир бефойда,
калхаткўз жаллод
ортидан шарпадай эргашар, пойлаб.
Мақсадга эришар охир қай кеча,
Кўксига захролуд қўрғошин жойлаб.
Етар ғингшиганим,
англадим ногоҳ,
Булғаниб кетганда курраи бунёд.
Шоирнинг муқаддас қонида гоҳ-гоҳ
таҳорат олганча покланар дунё...
Гарчи сизга доим қиламиз ҳужум,
Тинмай айланади мудҳиш доира.
Бу қобил туфроқни тозартмоқ учун,
Қасдма-қасд туғилиб туринг, шоирлар!
ЖОНТЕМИР
***
Ишғол этдим Самарқандни ҳам,
Сайёҳ қушдек кифтига қўндим.
Гуноҳ бўлар агар алдасам,
Шоирликдан пошшога дўндим.
Мақбаралар чайқалмиш – соқий,
Ҳар қадамда тавозеъ, ҳурмат.
Ҳайқирвордим осмонга боқиб:
“Ҳа, мен ўша Амир Темурман!”
Кулиб қўйди ўткинчи бир қиз,
Қарсак чалди ғарблик ажнабий.
Хурсанд эдим қошимга Билқис,
Ё келгандек ҳол сўраб набий.
Кечга бориб сўнди шиддатим,
“Кетиш керак”, шивирларди қалб.
Пошшоларсиз яшар, билмадим,
Шоирларсиз яшолмайди халқ.
Хайр, Самарқанд, сафар қариди,
Таҳоратинг янгила, эй нафс.
Юрагимнинг минорларида
Азон айтар Билол – Шаҳрисабз.
Жонтемир
УМИД
Йўл.
Мендан Худогача йўл.
Севаман.
Куяман.
Ичга ютаман.
Пайт келар,
руҳимдан иймонни ечиб,
Лойқа дарёларни
кечиб ўтаман.
Йўл.
Мендан Худогача йўл.
Йиғлашни ўргандим –
Бўзга етмадим,
Тинмай ёзган билан
сўзга етмадим,
Ўзимдан кетдиму
ўзга етмадим.
Тўпаланг умримнинг чораги ортда,
Эндиги тонгларни ўйламак оғир.
Биламан,
чошгоҳда қўққисдан портлаб,
Заминга сингишиб кетаман охир.
Жисмимдан бақувват дарахтлар унгай,
Майсалар гуркираб ўсар –
ям-яшил.
Барнолар қалбини кўмар афсунга,
Елкамда тизилган қушлар сайраши.
...Ёғмурдай сўрилиб кетарман охир,
Насиб этармикин ризвонга қайтмак?!
Шоир учун нақадар оғир,
Сўнгги,
сўнгги сўзини айтмак.
Йўл.
Мендан Худогача йўл.
На боши кўринар,
на-да адоғи...
Жонтемир
#тенгдошлар_ижодидан
ТУШ
Бугун туш кўрибман, ёстиқларим ҳўл.
"Она, хатларимни қайга беркитдинг,
Ёқиб юбордингми атай уларни
Севгидан энг маъюс хотираларни,
Изтиробларни, титроқ бахтларни.
Саволингни қўйгин, саволлар берма.
Туғилгандан хато ҳамма жавоблар.
Иста айблагин, мени тушунма,
Хатларимни бергин, хатимни ёқма.
Иста бировига юбор узатиб,
Юрагимни ёқма, хатимни ёқма.
Қўрқувларим етар, муттасил титраб
Хазондек сарғардим қошингда.
Aдаштириб дунёсига олиб келган сен,
Менман— маъшум титроқлардан бўлганман адо.
Изн бер...
Хатимни ёқма!"
Маъшум тушлар
Маъшум йиғилар
Маъшум уйқулардан очдим кўзимни
Кўз очмоқ ҳам уйқу,
Бедорлик уйқу,
Кўз ёшлар ҳам уйқу,
Юпатмадим энди ўзимни.
Оқаётган сувга ўхшайман
Тошларга урилиб телба тескари
Гоҳ олдга оқаман
Гоҳо олдинга
Aйланар бошим.
Минг йилки қўрқувнинг ваҳмзорида
Бир ҳуштак овозин тингладим титраб
"Aна етиб келади қотил, мана, келади"
Қўлларим емрилди, оёғим идраб.
Минг йилки, зикр этдим, минг йил жим турдим,
Минг йил қаттиқ чарчадим.
Нурсизликни севдим, ҳарир зулматни,
Ёруғликка ўт қўйдим, дўстларим.
Ва бошим айланди
Тошларга урилган сувдек
Тушларимга ногоҳ йиқилдим.
Тирмашиб чўққига, тойиб оёғим
Маъсум хотирага синграб сиғиндим.
Дунёнинг тубига тушдим ҳар куни
Ҳар кун йўлга чиқдим пою пиёда
Қотил мен дедим, разил мен дедим
Улоқтиринг мени тубларга,
Жой йўқдир мендайларга дунёда.
Улоқтирдим минг йил ўзимни,
Минг йил дунё томон қаттиқ тирмашдим.
Севдим зулматни, ҳарир ваҳмзорларда
Мен гўзал адашдим, мангу адашдим.
Ланъатладим мангу ёруғликни мен,
Кўз очмоқ зулматдир, бедорлик зулмат.
Дунё, қизғонмагин маъюс хотираларни,
Она, хатларимни ёқмагин фақат.
Тилланисо
P. S: қуйидаги манзилда кўпроқ шеърлар билан танишишингиз мумкин: @TillanisoEN