faxriddinhayit | Неотсортированное

Telegram-канал faxriddinhayit - She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

369

Подписаться на канал

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#qutlov

Бугун журналистикада чин устозларимдан бири устоз Жаббор Раззоқовнинг туғилган куни.

Таваллуд кунингиз муборак бўлсин, устоз!

🔽 Айтганча, қуйидаги ҳаволада дил изҳорларимиз, навқирон ёшликдан хотираларимиз, кечинмаларимиз батафсил баён қилинган.

https://www.facebook.com/share/p/8kebrmQCAH6KeCzc/?mibextid=oFDknk

🖌t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#imtihon

⏰Умрим давомида у ёки бу кўринишда, яъни, ёзма, суҳбат, танлов шаклларида кўп имтиҳонлардан ўтиб келаяпман. Аслида эса, ҳаётнинг ўзи катта синов ва имтиҳон.

📚Фарзандларимизнинг ҳам ҳаётида синовлар бошланди. Қизим Фарзона ҳаяжон билан IELTS имтиҳонини топширишга кирди. Бу имтиҳонлар камолотга пиллапоя саналади.

👨‍👩‍👦Гарчи билдирмасакда, ундан кўп ҳаяжонланяпмиз. Ахир биз шундай халқмиз, орзуларимизнинг эришмай қолган қисмини фарзандларимиз истиқболидан кутамиз.

🌅Болаларимизнинг юзи ёруғ бўлсин!

👀t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#qutlov

📎Ватан мадҳиясини мана шундай шараф билан тинглаш байрамга ўзгача завқ беради!

Мустақиллик айёми муборак бўлсин!!!

🥇Асилага минг бор ташаккур!

🏆t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangisidan_bor

ТИРИКЛИК ЮКИ

Оғирми, енгилми, қай кўча-кўйда,
Биров тошиб борар, ким эса чўкиб.
Ҳар ким ҳар хаёлда, ҳар ким ҳар ўйда –
Ҳаёт кемасида тириклик юки.

Кимдир бахт излаган маcрур йўловчи,
Бировнинг ташвиши беморлигидир.
Баъзан дард олдида денгиз бир томчи,
Кимнингдир қайғуси бедорлигидир.

Умр умаланиб борар – жон ҳалак,
Ажаб, яралганмиз бир ками билан.
Ўргимчак тўр тўқиб яшар жонсарак,
Чумоли ғимирлар ўз ғами билан.

Кулиб боқ, ҳар кимга, муборак толе!
Курашиб яшамоқ – азалий қисмат.
Тутмасин ҳеч кимни умр уволи,
Бахт бериб, қутласин музаффар ҳаёт!

🖋Фахриддин Ҳайит

🗓2024 йил, 30 август.

📚t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#tanlov

📎Кеча супурги тутиб тушган суратимни ижтимоий тармоқларга жойлаган эдим. Бугун шу қўлларим республика танловининг Дипломини ушлаб турибди.

Аввало, яхши ният, интилиш ва машаққатлар, чекилган ғам-ғуссалар супургини патқаламга айлантирди.

"Осмон Ерга яқин" китобим "Энг улуғ, энг азиз" республика танловининг "Публицистик жанрдаги энг яхши китоб учун" номинацияси бўйича ғолиб деб топилди.

Бугун тақдирлаш маросимида мукофотларни қабул қилиб олдик.

Ижодимизни эътироф этган устозларга, китобни нашр қилган "Ijod nashr" нашриётига, кўп сонли мухлисларга миннатдорлик билдираман!

🖌t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#hayotdan_hikoya

МУАЛЛИМНИНГ БЕГОНАСИ БЎЛМАЙДИ

"... Одамлар Женг Лининг кўчада тушовланган эшакнинг бошини силаб, унга жўхори бериб юрганини ҳалигача кулиб эслаб юради.
Биз учун бу кулгили, эшакнинг меҳнатини азиз тутиб, ўзини калтаклаш ва хўрлашга ўрганган халқмиз. Бу жониворга табиатнинг бир яратиғи, умуман ҳайвонот оламига меҳр бериш зарурлигини тушунсак ҳам идрок этмаймиз. Женгнинг қарашлари, хулосалари бутунлай бошқача эди. Унда шафқат бор эди.
Бирор бола ерга ахлат ташласа, ғазабга минарди. “Ўзбекистонни ифлос қилма”, деб қаттиқ танбеҳ берарди.
У ўзбек эмасди, аммо, Ўзбекистонни биздан кам яхши кўрмасди!.. "

Бир ажнабий муаллимнинг қисмати ҳақидаги ҳаётий ҳикояни қуйидаги ҳавола орқали ўқинг.
🔽
https://www.facebook.com/share/p/y15CAEMBNuQuhsYv/?mibextid=oFDknk

🖋 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#olimpiada_2024

🥇ЗАФАР МУБОРАК, ОТА МАКОНИМ!

ҒАЛАБА

Ғалаба нима у?
Бировнинг кўксин қонатиб
вайрон қилмоқ эмас дил айвонини.
Ё омон бошига тошлар қулатиб
парчалаб ташлашмас устухонини.

Аччиқ ёш қалқитиб маъюс кўзларда
Нозик билакларни қайирмоқ эмас.
Э воҳ, юрагига теккан дайди ўқ,
онани боладан айирмоқ эмас!

Вайрон қилмоқ эмас кўчаларини,
уйларини бузмоқ – ғалаба эмас.
Хатарга тўлдириб кечаларини
жонларини узмоқ – ғалаба эмас.

Номардлар, нодонлар
қинғир йўл билан
Токайгача топгай пинҳона зафар?!
Бировнинг боғини ўзга қўл билан
пайҳон этганларга бегона – зафар!

Ғалаба –
Майдонда рақибин йиқитиб сўнгра
Кифтига ўзбекча қоқиб қўймоқлик.
Улкан зафар қучиб, Олтин нишонни
Ватаннинг кўксига тақиб қўймоқлик!
 
Етмиш томиримда оқсин деб ҳузур
Сўнгра йиғламоқлик севинчдан қалқиб…
Сенга ғалабалар келтирган нодир,
Ғолиб фарзандларинг шарафла, Халқим!

 Фахриддин Ҳайит

t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#ena

Бугун Тошкентга келиб топган энг азиз инсонларимдан бири Васила энамни кўриб, дийдорлашгани бордим.

"Гулхан" журналида 40 йилдан зиёд ишлаган, қанчадан қанча ёшларни бағрига босган бу самимий Аёл ҳақиқатан ЭНА деган эътирофга муносибдир!

Ушбу ҳавола орқали изҳоримиз, хотираларимизни ўқинг.

https://www.facebook.com/share/p/HyBAc5htRYwhhVd5/?mibextid=oFDknk

t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#tez_kunda

Бу китоб бир ижодкор кўз ўнгида кечаётган ҳаёт ҳақида десак бўлади...

Китобдаги ҳикоялар ҳақида анча илиқ сўзлар айтиш мумкин. Дилга яқинлигининг сабаби эса эзгу фазилатли инсонлардан ибрат, одатий воқеалардан ҳикмат, гўзал хотиралардан қувват олинганида бўлса керак.

Ҳа, ҳақиқатан ҳам осмон ерга яқин, чунки ўшандай иззатга сазовор инсонлар уни ерга яқинлаштиради. Бундай кишилар томир-томири билан ўз эл-юртига, халқига боғланган бўлади. Китобга шундай ном танланганида теран мазмун бор.

Исажон Султон,
Ўзбекистон халқ ёзувчиси



Устозларнинг ишончини оқлайликда ишқилиб...
Худо юзимизни ёруғ қилсин!

📚 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#faoliyat

🏢 Бугун Тошкентда меҳнат соҳасига бағишланган йирик халқаро анжуман бўлиб ўтди.

💼 Унда Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Бош директори Жильбер Унгбо бошчилигидаги делегация аъзолари қатнашди.

🎤 Конференциянинг якуний резолюциясини ўқиб, эшиттириш менга топширилди...

(Ҳаяжон минг бўлди 😅)

📎 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

...Мана шундай қайноқ ёз кунида, энам мураббо қайнатаётган паллада ўчоқ бошида туғилганман. Дўлвор момо доялик қилишга улгурган.

Қозонда қолган мураббога опаларим ўтни қалаб, куйдириб юборган экан.
Аммо, бу мурабболарнинг шираси ўзимда қолган...😁

Эрталабдан Хожи онам билан кулишиб, кўп хотираларни эсладик.

ТАФОВУТ

Қирқдан ошдим, оқарди сочим,
Баъзан койиб қўяди онам.
Кўкка етар менинг қулочим:
“Болалигинг қолмади, болам”.

Шўх бўлганман, бебош бўлганман,
Чўғ тутган ҳар бола сингари.
Ўтқазганман ниҳолни баъзан
Қайсар феълим билан тескари.

Қушлар инин бузганман, мурғак
Боласига солганман қирон.
Юрагимда шафқатсиз истак –
Табиатни этган чалажон.

Болаликда қилмаган вайрон
Ва этмаган бирор кезим йўқ.
Қирқдан ошдим, она, онажон,
Мана ҳамон менинг эсим йўқ!

Ё одамзот қалбига нафрат
Уруғини сепганми тақдир?
Бу дунёнинг маккор, бешафқат
Болалиги қолмаган ахир?!

Фахриддин Ҳайит

t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangisidan_bor

КЕЧИНМА

Қайдадир қушлар чарх урар кўк узра,
Қайдадир дарёлар мавж урар бу дам.
Қайдадир қайиқлар ижозат сўраб,
Соҳилга бош урар зерикканидан.

Қайдадир кийиклар кезар осуда,
Какликлар тўшини тошга босар жим.
Қайдадир юлдузлар кўлнинг юзида,
Нурга либосини чаяр бежирим.

Қайдадир адирлар кўксида сокин,
Тин олар бош қўйиб мунаввар кеча...
Ғижим ўйларимга дазмол босиб мен,
Эртанги кун учун тузаман режа.

🖋Фахриддин Ҳайит

📎2024 йил 12 июнь

📗 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#qutlov

ЧИН МУХЛИС СЎЗИМ

Бугун Элёр Гўрўғлиевнинг “Ҳаётга қулоч оч” китоби тақдимотига бордим. Кўп фаоллар, муаллифнинг дўстлари, мухлислари йиғилибди.

Элёрнинг қалбини ўқиганману, аммо китобини ҳали ўқимаган эдим. Шундай бўлса ҳам сўзга чиқдим.

Китобларда, ҳар қандай асарда муаллифнинг юраги акс этиб туради. Элёр Гўрўғлиевнинг дилини, ҳаёт фалсафасини шу китобнинг номиданоқ англаса бўлади. У ҳаётга қулочини очиб яшайдиган, доимо яхшиликка талпиниб, ўзгаларга ҳам улашиб юрадиган йигит.

Тележурналистикада ўзининг ирмоғини очган, ундан мухлисларини баҳраманд қилаётган, ўзининг нуқтаи назарини муносабатларида акс эттира оладиган, ҳозиржавоблик ва рағбат билан суҳбатдошига илиқ таассурот қолдирадиган Элёр Гўрўғлиев ўзбек адабиётида ҳам ўқувчиларга севимли адиб бўлиб, ижодда толмай юришига тилакдошман!

Тақдимотнинг пойдеворини қуйган Ўзбекистон журналистлари уюшмаси ва Бизнесни ривожлантириш банкига ҳам раҳмат!

Элёр, китоб муборак бўлсин!

📚 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

🖇 Бундан 4-5 йил муқаддам Амударё соҳилида суратга тушган эканман.

Ажойиб сафар бўлганди ўшанда... "Субҳ тушлари" номли шеър ҳам ёзгандим. Мана шу сатрлар "Тонг тушлари" китобимнинг номига асос бўлади.

Бу шеър рус тилига ҳам таржима қилинди.

Қуйида "Субҳ тушлари"ни ўзбек ва рус тилларида эътиборингизга ҳавола қиламан.

🖋 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangi_hikoya

ТУНГИ ҚЎНҒИРОҚ
(ҳикоя)

Норқул ака хотиржам ухлаб ётган хотинининг ёқимсиз пишиллаши ва нафасидан ижирғаниб турган бўлса ҳам, аллақандай саросимадан пинжига тиқилиб ётди.
Гоҳ шифтга, гоҳ деразага термулиб, мадори қуриб ҳолдан тойганда, кўзга уйқу илинди-да ухлаб қолди.
Бу ором узоққа бормади: ёстиқ ёнида турган янганинг телефони чунонам зарб билан айюҳаннос солдики, Норқул ака ўрнидан қандай сапчиб туриб кетганини сезмади.
Кўзларини бемажол ишқалаб, дастлаб хотинига, кейин телефонга кўз ташлади-ю, баттар ўтакаси бўғзидан отилди:
– Ёппирай! – оёқ-қўли дағ-дағ титраб, завжасини қаттиқ ниқтай бошлади, – тур, ўрнингдан тур, “отаси” деб кимнинг нумерини сақлагансан?
– Тинчликми, нима гап алламаҳалда? Нималар деб алаҳсирайсиз, миянгиз айнидими, сиздан бошқа яна кимни отаси дейман?!
Норқул аканинг боши бир чайқалиб кетди. Гумонданми, қўқувданми оёғининг учидан сочининг учигача увишиб, эти жимирлай бошлади. Кейин кечаги воқеалар ёдига тушиб, эсдан оғай деди. Зарб ураётган қўлидаги матоҳнинг қизил тугмачасини босди:
– Ҳалават, Саламат, палакат...
Манглайини ғижимлаб, тўдаланиб қолган кўрпага чўккалади.
Унгача хотини ҳам ҳушини йиғиб, бошига рўмолини танғиди...

***
Кеча пешин оша қишлоққа гап тарқалди. Шорайимнинг туппа-тузук, овози дўриллиб юрган хотини Ҳаловат келин бандаликни бажо келтирибди.
Сал ўтиб, таъзиянинг ўкирик йиғиси шамол билан ўқтин-ўқтин атрофга таралди.
Тиригида ойлаб эшик қоқиб келмаган қариндошлари жанозанинг кўламини пуфакдай шишириб, ўликка обрў бергандай бўлади. Нега шунақа а?! Яшаб юрганида касов тутган қўлини ушлаб, аҳвол сўрамаганларнинг мурдага иззат-икромини кўр! Мана сийлаи раҳим, мана кино?!
– Ҳэ-эйй, жонга ишонч борми, отаси, шўрликкина, “мазам бўлмаяпти, бироз ётай”, деб, кўкрагини чангаллаб уйга кириб кетибди-ю, узала тушган ўрнидан қайтиб турмабди.
Эркак хотинининг бу гапи тагида унга иддаоси яширинганини пайқагандай бўлди.
– Ҳа, энағар, чаёнга дарс беради, – ичи зил кетиб, носни капалайди Норқул.
Тошнинг паррасидай қотимсиган бу эркакда ҳам талайгина бор-да, ҳеч қачон завжасини етаклаб, овлоқ бўлса ҳам бирор ошхонада икки сих кабоб олиб бермаган. Эгнига кийиму тақинчоқни гапирмасаям бўлади. Нима эмиш, уйда ўтирган хотинга бўлаверади эмиш...
Аммо, Норқул аканинг яхши бир одати бор, қатордан қолмай деб эл ишига аралашиб юради. Ҳозир ҳам таҳоратни олиб, шимнинг почаларини қоқиб, эгнига оҳори кўчган камзулини илиб, уйдан чиқиб кетди. Телефонининг овозини ўчириб қўйишни ҳам унутмади.
...Кексалар маййитни ушлаб турмайлик, тупроғини совитмай қўйиб келамиз, дейишибди. Шомда марҳуманинг жанозаси ўқилди.
Оломон илдамлаб, тобутни қабр бошига қўйди-да, расм-русумини зумда бажо келтирди.
Қишлоқнинг кайвонилари Норқул акага “эна томондан қариндош, демак тоға бўласан, пастга тушиб, узат, ҳаяллама”, дейишди. У “бўл-бўл” билан қабрга тушди. Албатта, бундай пайтда ёшларга ибрат бўлиши керак. Қолаверса, сесканмасин деб ҳам белида қуввати бор, ярим асрдан ошган улуғлар бу ишларга бош бўлади.
Ҳаммаси рисоладагидек кечди.
Норқул ака қабристондан чиқа туриб, тупроқ ялаган уст-бошининг чангини қоқди-да, носвойини қидира туриб, камзулининг кўкрак чўнтагида телефони йўқлигини пайқаб қолди. Аввалига яна бир сидра киссаларига қўл суқиб чиқди. Йўқолганига тобора ишонч ҳосил қилгандан сўнг, ёнида ғаддор дунёнинг ўткинчилигидан койиниб, марҳуманинг тақдиридан ғусса тортиб келаётган Холмат найновга пичирлади:
– Йўғ-ей, қабрга тушиб қолдими? – кўзлари ваҳимали боқди найновнинг.
Бир зумда гап атрофга ёйилди. Халойиқ тобутни қандай бир-бирига оширган бўлса, телефон воқеасини ҳам шундай етказди.
Қанчаси келиб, Норқулнинг қулоғига шивирлаб, кулиб ҳам олди: “Атайин ташлаб чиққансиз-ов”, “телефонингиз қолиб кетибди, деб кўтариб келса-я, Ҳалават янга”...
Норқул ака ростдан саросимага тушиб қолди. Уйга келди-ю, ўғилларига эрта тонгдан бориб, аввалги рақамини ўчириб, чилт янги, анови, нимайди, чумчуқнинг тумшуғидай сим-карта ва телефон олиб келишини, бот-бот тайинлади.

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangisidan_bor

ҚУТЛОВ

Париж шаҳрида ўтаётган XVII Паралимпия
ўйинларидаги ғолиб юртдошларимга



Баъзан тор келади тўнимга астар,
Баъзан юрагимга чўкар изтироб.
Олам айвонида урушлар кезар,
Тинчлик сўзига зарб берар ихтилоф.

Сиз эса дунёнинг кўзини очиб,
Бирдамлик мадҳига бўлмоқдасиз жўр.
Идрок эта олсак, бу кўҳна очун,
Асли эзгуликдан яшнаётган қўр.

Азал кўзга суртиб майдон ҳокини,
Ўзбек бел боғлаган, курашган ҳалол.
Кўксингизга босиб юрт байроғини,
Муҳташам Парижни айладингиз лол.

Кузак офтобидан таралар ҳузур,
Юрт узра ёйилар бир тотли фараҳ.
Қутлайман, қутлайман,
минг бор ташаккур,
Матонат баҳсида ғолибсиз мутлақ!


🖋Фахриддин Ҳайит

📆 2024 йил 7 сентябрь

🥇t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangisidan_bor

* * *

Тергама, тийрамоҳ, сарҳисобим йўқ,
Умрини шамолга совурган менман.
Бўғзимда барқ урган бир хитобим йўқ,
Ўзни ғам ўтида қовурган менман.

Япроқлар сарғариб титилган дафтар,
Тўкилган ҳар баргда оҳ урган менман.
Изласанг, хазонрез боғлардан ахтар,
Бағри куюб, тағин чоғ юрган менман.

Руҳимни жиловлаб олган ғамларим,
Энтикиб юраги гупурган менман.
Қачон битар экан дея камларим,
Саҳармардон елган, югурган менман.

Қанча югурмайин на шитобим бор,
На офтобим бордир, на-да тобим бор?
Тергама, тийрамоҳ, сарҳисобим бор:
Умрини шамолга совурган менман!

🖋Фахриддин Ҳайит

🗒2024 йил, 5 сентябрь

🍁t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#tabrik

🏆Бугун "Маънавият фидойиси" кўкрак нишони билан тақдирлашди. Бундан чексиз қувондим.

📝Ҳали кўп ижод қилишимиз, жонажон элнинг руҳониятини кўтарадиган, юрагига етиб борадиган, кўнглини бойитадиган асарлар яратишимиз керак.

🙏Албатта бу ишларга илҳом ва шижоат билан бирга Сизларнинг дуоларингиз ҳам жоиз бўлади!

📎Шоир айтганидек: "Бизни писанд этганларга минг бора қуллуқ!"

🏅t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#ziyorat

Саҳар чоғи хушхабар айтиб,
Сизни йўқлаб келдим, қайдасиз?!

🌱t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#kechinma

...Энам мактабда фаррош бўлиб ишлаган. Аммо ҳамиша элнинг тўй-ю таъзиясида банд бўлиб, мактабнинг тозалаш ишларини биз фарзандлар бажарардик.
Уч опам турмуш қуриб кетганидан сўнг, бу вазифа бутунлай менинг гарданимга тушган.
Тушдан сўнг мактабга борардим, синфхоналар бўшашини кутиб, ғарибгина мактаб кутубхонасига кирардим, баъзан ўқитувчиларга қўшилиб, кичик синф болаларига дарсга кирардим.
Эрта саҳар туриб, бўйимдан икки баробар келадиган супургини елкалаб, мактабга отланардим. Мактаб ҳовлисини супуриб, юмушни уддалаб, уйга қайтиб, кийимбошни эгнимга илиб, яна ҳамма қатори ўқувга келардим.
Хуллас, болалигимнинг бир қисми супургини қўлтиқлаб кечган...

Қўлимдаги супурги олис хотираларни ёдга солди.

t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

ДАРЁ – ДУНЁ

Дарё ичидаман, кўксимда мавжи,
Товоним қитиқлар қум зарралари.
Сочимга илинар томчилар сапчиб,
Майсаларга қўнган шабнам сингари.

Дунё ичидаман, кўксимда олов,
Ёниб яшаяпман – қуёшга тақлид.
О, менинг юрагим севишга қодир,
Эй, менинг юрагим севишга ҳақли...


Фахриддин Ҳайит

t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#kun_xazili

Faxriddin HAYITga


Qattiq ishlar Faxriddin,
Manglayidan ter chiqar.
Kavlab ko‘ring cho‘ntagin,
Faqatgina she’r chiqar.

@yoshlikjurnali
yoshlikjurnali.uz

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#jazirama

Турли йилларда ёзилган, қайноқ ёзнинг нафаси акс этган шеърларни жамлаб ҳукмингизга ҳавола этаяпман.


САРАТОНДА

Қорачиқларига чўғ босар офтоб,
Айвонда беҳадик мудрайди қумри.
Қафасда бедана қилади хитоб:
"Наҳотки, шу тахлит ўтади умрим".

Дарахтда чуғурчуқ қилар хархаша:
"Ўчоқнинг бошида чумчуқ галаси".
Сокин уй ичида дил қулфин ечар,
Янграйди онамнинг ҳазин алласи.

Томнинг биқинида оввора момом,
Момом намозига кўрар тараддуд.
Қақроқ лабларида айланар калом:
"Тангрим, бандаларинг гуноҳидан ўт!".

Қулоққа чалинар девор ортидан,
Шарқироқ сойлардек қизлар кулгуси.
Томирларни чертиб юрак қатида
Улғаяр шерюрак йигит ғулуси.

Салқин гўша излар оловли фурсат,
Кимдир чеккан бўлса, ёз озоридан.
Саҳарлаб отланган бир отам фақат,
Ҳали қайтгани йўқ пахтазоридан...


ХОТИРЖАМЛИК

Жазавага тушар қайноқ ёз,
Мудроқ босиб имиллайди йўл.
Борлиқ узра баҳодир қуёш,
Ғазнасидан нур тўкар мўл-кўл.

Шошиб ўтиб кетар ёнингдан,
Ғов билмайди вақтнинг тулпори.
Тўйдиради гоҳи жонингдан
Сергелининг тирбандликлари.

Қовушади суронлар бетин,
Таралади қўшиқлар чала.
Бир-бирини босиб кетгудек
Машиналар ҳуштагин чалар.

Нигоҳлардан ўқийсан элас,
Бошлаб борар қайгадир тақдир.
Шошаётган уловлар эмас,
Шошаётган одамлар ахир!

Аччиқ дудга хаёл қоришиб,
Дилда тансиқ хулоса пишар:
О, қайга ҳам борардим шошиб,
Сен қалбимда бўлсанг ҳамиша...



ТУТАК ОТА ЗИЁРАТГОҲИДА

Саратон. Қуёшдан қуйилади нур,
Тошлар қояларга босар кўксини.
Ташналик кўнгилни этар беҳузур,
Майсалар алвидо айтар ўксиниб.

Бир манзил келади сўнгра бехосдан,
Йўқ! Йўқ!
Мен келаман унга талпиниб.
Гўё юрагимга кўчгудек осмон,
Бўшатиб кетгани зилдек қалбимни.

Юзимни чаяман сокин булоққа,
Пичирлаб айтаман тилакларимни.
Руҳимни чаяман илоҳий боққа,
Оҳиста кезаман йўлакларини.

Боботут минг йиллик тарихга гувоҳ,
Боботок асрлар шажарасидир.
Омон сақлаяпти жонини, э воҳ,
Неча авлодларнинг можаросидан.

Мардона курашга чоғланаётган,
Кенг супа саҳнидир гўё жаҳоннинг.
Эзгулик сабоғин ҳижжалаётган
Нафаси келади Соҳибқироннинг.

Бармоқ изларида тафтин этдим ҳис,
Полвон тошларидан қувват олди руҳ.
Зиёрат қалбимда қолдирди бир из,
Аланга олди сўнг юракдаги чўғ.

Бахмал капалаклар ўйнайди масрур,
Пойида майсалар бўлар пайваста.
Руҳим, танидингми, болаликдай ҳур
Туйғуларим каби дилга вобаста.

Қайдан келган ахир, бунча парвона?!
Қабрда ётган ким: кулол ё заргар?!
Ё рихлат қилганми валий бир одам,
Умрини улашиб капалакларга?!


🖋Фахриддин Ҳайит

📚 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

СОАТСОЗ

Каттагина шаҳар, торгина ҳужра,
Сочилиб ётибди майда деталлар.
Уни зериктирмас тор хона ичра
Майда ускуналар, майда амаллар.

Майда-майда яшар, ҳалол насиба,
Қанча фурсатлардан келгандир ғолиб.
Юрмас бировлардек кенг елкасига
Майда гап-сўзларни орқалаб олиб.

🖌Фахриддин Ҳайит

📎 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

... Учинчи йил деганда Журналистика факультетига ўқишга кирганман. Қайси ёшда бу касб қалбимни забт этиб, бутун борлиғимга айланиб кетганини билмайман ҳам.

Журналистиканинг нони қаттиқ, заҳмати унданда оғир, аммо ана шу қийинчиликлари билан ёқимли туюлаверади.

Жаббор Раззоқов, Ўткир Раҳмат, Омон Матжон,  Ашурали Жўраев, Муҳаббат Ҳамидова, Дилфуза Шомаликова, Тўлқин Эшбек, Раҳимбой Жуманиёзов каби забардаст устозлардан касбнинг сир-синоатини ўрганганмиз...

Сени бутун боринг, бўйи бастинг билан яхши кўраман, касбим!!!

Байрамингиз муборак бўлсин, тақдирдошларим!!!

Айтганча, табрик ва эътибор учун Қашқадарё вилояти ҳокимлигига РАҲМАТ!

🖌 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

ТАБИАТ – ЭНГ УЛКАН ДАРСХОНА

"Оила ва табиат" газетасига жамоасига минг раҳмат!

Асли менинг ҳамма шеърим табиатга ҳамкор.

🖋 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

#yangisidan_bor

ЮЗМА-ЮЗ

– Мени улоқтирди, бошингга тушдим,
Шу он тош бўлсам ҳам этим увишди.

Бехос манглайингдан оқди қизил қон,
Ахир, сира айбим йўқ бунда, ишон!

Биз ҳам бу оламнинг ғариб тошимиз,
Инсонлар ғалвага қўяр бошимиз...

Деди кўзларида қалқиб қатра ёш:
– Асли одамзотнинг юрагидир тош!

Фахриддин Ҳайит

2024 йил 11 июнь.

🖌 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

СУБҲ ТУШЛАРИ

Нақадар фараҳбахш Жайҳун соҳили,
Олтиндек товланар сув юзида нур.
Гўё силаб турар куннинг кокилин
Беором тўлқинлар чайқалиб масрур.

Баҳордан дараклар келтирар еллар,
Юлғунлар исига тўлар тўрт тараф.
Олис-олисларда оққушлар сузар,
Кезар бахт қушлари садафдай саф-саф.

Туртиб-туртиб ўтар боладек шўхчан,
Қирғоқда мудраган қайиқларни сув.
Оловранг қамишлар умидвор, ўйчан,
Олам саҳнасини тарк этар мангу.

Ҳарир патларига бериб оройиш,
Лайлак қум соҳилда турар исиниб.
Гужум новдалари этар намойиш,
Қайта яралишнинг фалсафасини.

Оппоқ чағалайлар фалакнинг чархи,
Булутлар кўк узра парқу елкандир.
О Жайҳун, қошингга севгидан сархуш
Мени субҳ тушлари бошлаб келганди...

Фахриддин Ҳайит


СНЫ РАССВЕТА

На Джейхуне рассвет. И на зыбкую гладь
Солнце золотом льется, глаза слепя.
Будто вздумала волосы дня расчесать,
Плещет волны река, выходя из себя.

В каждом шорохе ветра – весть о весне,
Аромат тамариска – вдыхать и пить!
Приглядишься – вдали по речной волне
Лебедей протянулась жемчужная нить.

Как задорный мальчишка, толкает вода
Одинокую лодку, смотрящую сны.
Камышей задумчивых череда
Дотянуть не чаяла до весны.

Чистит перья аист на нежном песке.
Каждый тонкий лист, молодой побег
Утверждают висящее на волоске
Возрождение жизни из века в век.

Птицы белые в круговороте небес –
Облака пропывают и тают вдали.
Опьянен я любовью, Джейхун. К тебе
Сны рассвета меня привели.

Фахриддин Хайит
Перевод с узбекского Вадима Муратханова

🖋 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

– Ўзимиз борсак бўларди, – деди хотини илинж тутиб, – менинг ҳам оёғимга шиппак-пиппак олиб берардингиз.
Эр ҳам анойимас, оғзидагини ёқасига ёпиштирди:
– Эскисини кийиб тур, уйда ўтирган хотинга бўлаверади.

***
...Телефондан яна овоз келди. Энди хотини ҳам қўрқиб, бошга бало бўлган “жин кўза”га қўл узатгиси келмади.
– Жин ургур, олманг-а, отаси, бу арвоҳми, шайтонми, нима бало?!
Норқул ака бу гал чидаб туролмади, қачонгача давом этади, ахир?
Кўзини чирт юмиб, қўл чўзди-да, асабий жиринглаб турган телефоннинг яшил тугмасини босди.
– Алё, алё... – у тарафдан ғудранган овоз келди.
– Эркакнинг овозику?! – юраги қинидан чиқай деб турган Норқул ака қўрқув аралаш хотинига қаради:
– Алё, ким бу?
– Мен Шодиман, Норқул ака, Шорайимнинг иниси...
Норқул аканинг аъзойи баданини совуқ тер босиб, бўшашиб кетди.
– Узр, ака, кеча ҳолдан тойибмиз, саҳардан фотиҳага тайёргарлик кўраётувдик. Қабристондан қайтган гилам-кўрпаларни ёяётувдим, ичидан телефонингиз “тиқ” этиб ерга тушди.
Норқул ака “ҳа”дан бошқа сўз айтолмади, бироқ ичида яшин чақнади:
“Ҳе, паросатингга ўт тушкур, тонг отиб, кун чиққунича сен ҳам ўлиб кетмассан?! Ҳалироқ айтардинг, палакат!”

***
Эрталаб у хотини ва ўғли билан тезгина уловга ўтириб йўлга тушди. Аммо, фотиҳада кўриниш бермади.
Норқул ака ё дўхтирга, ё нафаси ўткир эшон домлани излаб кетган...
Кечга томон завжаси эндигина ювган қўлини кўйлагининг этагига артиб, оёғидаги янги шиппагини шиппиллатиб, мамнун қиёфада қўшниникига ўтиб кетди.
Ҳамсоянинг айтишича, дастурхонга қўл ҳам узатмабди. Бозордан ҳориб чиқиб, роса кабобхўрлик қилишган экан.


🖋 Фахриддин Ҳайит

📚t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…

She’riyat xiyoboni (Faxriddin Hayit sahifasi)

"Oila va tabiat" газетаси таҳририятига, хусусан, қалби уйғоқ, қалами ўтли журналист Ҳусниддин Бердиевга катта раҳмат!

Мулоҳазаларимизга эътибор қаратиб, газетадан майдон берибди. Шундай бўлгандан кейин ёзгинг келадида!

Суратнинг ҳам уйғун топилганини қаранг👍...

🖌 t.me/faxriddinhayit

Читать полностью…
Подписаться на канал