"Кейинроқ" сўзи кўпинча "Ҳеч қачон!"га айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун бу сўзни кўп ишлатмаганимиз маъқул.😇
Хайрли кун, яхшилар!
@Ayolning_41_olami
#Эркакларни_қандай_севиш_керак?
Муносабатларнинг қадрига етинг!
Биз аёллар ҳиссиётга берилувчанмиз. Биз ҳамма ишни жўшқинлик билан амалга оширамиз, айниқса, муҳаббат бобида. Лекин эрни нафақат туйғу, балки ақл билан ҳам севиш керак.
Аввало, муносабатларнинг қадрини билинг!
🔹 Унда-бунда, эсингизга тушганда эмас, ҳамиша, ҳар доим, ҳар дақиқада. Икки инсон бир-бири билан нима мақсадда никоҳ ришталарини боғлайди? Бир-бирини бахтли қилиш, қўша қариш, ували-жували бўлиш...
🔸 Ҳар сафар эрингиздан норози бўлганингизда, уни қайта тарбиялаш, танқид қилиш, заҳарингизни сочишга шайланганингизда, дўстларию яқин қариндошларини ёмонлашга оғиз жуфтлаганингизда, болангиз ёки шимининг ранги борасида баҳслашишга киришганингизда шу гапни эсланг: сизга бахтли бўлиш муҳимми ё ҳақ бўлиш?
🔹 Кўпинча аёллар йўқ жойдан муаммо ўйлаб топишади ва унга жуфтларининг муносабати ўзлари кутгандек бўлмаганидан жаҳлланиб, муаммонинг миқёсини оламшумул даражага олиб чиқишади.
Буни бошқача сўз билан ношукрлик ҳам дейишади. Демак, эркакни оташин бўлиб севишни ва ардоқлашни истасангиз, аввало, шукроналикни кўпайтиришингиз керак!
@Ayolning_41_olami
#Тақдир
Уйғонган туйғу
—Менга турмушга чиқишга розимисан? -сўради йигит қиз билан тасодифан учрашиб қолишганида. Қиз унга анграйганча қараб турарди.
—Жиннимисан? -деди охири тили айланиб.
—Нега? Менинг уйланиш, сенинг турмушга чиқадиган пайтинг келди. Қачонгача бундай юрамиз?
—Ахир… сен энг яқин дугонамни севгансан. Унга мактубларингни ким элтарди?
—Тўғри. Сенам ўша дугонанг эрга теккан йигитни пинҳона севардинг. Бу сирни фақат менга ишониб айтгандинг. Шунга нима бўлибди? Бизнинг бахтли бўлишга ҳаққимиз йўқми?
—Аҳмоқлик! Биз ҳечам бир биримизни севмаганмиз. Қанақасига бу хаёл каллангга келди?
—Улар висолга етди: бугун тўйлари! Тўй куни биз йиғлашимиз керакми? Йўқ, биз ҳам бахтли бўлиш учун курашамиз. Сен мени, мен сени яхши биламиз. Демак, иккимиздан чакки жуфтлик чиқмайди.
—Тавба… -қиз ўйланиб қолди.
—Биласанми, севишганлардан кўра ақл билан оила қурганларнинг оиласи мустаҳкам бўлармиш. Кўрасан, ҳали улардан ҳам бахтли бўламиз…
—Биз ҳечам ақл билан иш қилмаяпмизда! Бу ақлсизликнинг ўзи.
—Асло. Биз болаликдан бир биримизни таниймиз, дўстмиз. Сирлашамиз, дардлашамиз, тушунамиз бир қарашдаёқ ичимиздаги гапни. Дўстлик пойдеворига эга оила сира қуламайди. Ишонавер.
Қиз бир сўз демай кетди. Аммо ўша куни уйида дўстининг совчиларига дуч келди. Онасининг «нима деяйлик», деган саволига сукут билан жавоб қайтарди…
Тўй бўлди.
Чинданам улардан чакки оила чиқмади: оила уруш-жанжалдан холи, дўстлик ришталари барча туйғулар ўрнини қоплаб турарди. Муҳаббат-чи? У тўйдан сўнг пайдо бўлдими? Буни иккиси ҳам билмасди. Токи…
—Хабарингиз бўлдими, дадаси? Улар… ажрашибди, -деб қолди аёл эри ишдан қайтгач.
—Ким дейсан? -сўради эри.
—Уларда… -ерга қаради аёл.
Эркак бир муддат жим қолди.
—Нима учун? Ахир… эндигина уч йил бўлди.
—Дугонам «характеримиз тўғри келмади», дейди. Авваларам кўп тортишишарди, кейинам…
—Ҳм… тақдир эканда.
Шу билан бу мавзуда иккиси ҳам сўз очишга ийманишди. Туни билан эса иккаласи тикан устига ётганган бўлди: “Уни ўйламаяптимикин?” “Мени танлаганидан афсусда эмасмикин?” “Уни эмас, Мени севармикин…” Ҳар иккисининг хаёлида ғужғон ўйнаётган саволлар оилада муҳаббат, рашк, бирдамлик туйғуларини уйғотиб юборган эди.
Эрта тонгда уйғонган эр хотин нигоҳлари ўзгача боқарди жуфтига. Энди кўзлар қаршисидаги инсонни дўстим эмас, маҳбубим дерди…
@Ayolning_41_olami
#Якшанба_мутолааси
Тақдир шарти
Қизалоқ рассом бўлишни орзу қилди. Онаси мўйқалам ўрнига супурги тутқазди: “Аввал уй ишларини ўрган!” Қиз кўнди. Бир-биридан ажойиб суратлари ётоғининг остида йиллаб чанг босиб ётди. Майли, ҳали рассомчиликка ўқийди, ўшанда шуғулланар.
Қиз пойтахтдаги Рассомчилик олийгохига қириш учун тайёрлана бошлади. Отасининг қаҳри келди: “Қиз болага шаҳарда нима бор? Тикувчиликка борсин, ас қотади. Расм нима бераркан унга?” Қиз кўнди. Майли, тикувчилик ҳам ёмон эмас.
Қиз қўшни қишлоқлик чўпон йигитга кўнгил қўйди. Йигит уларнинг ҳам қўй-қўзисини далага ҳайдарди. Шу баҳона танишиб қолишди. Қиз аввалига севиб қолганини тушунмади. Йигит илк марта унга севги мактубини тутқазганда, юраги ғалати туйғуларга тўлди. Ҳаётида биринчи марта суюнди.
Маҳалладаги обрўли қассобнинг ўғлидан қизга совчи келди. Қиз у йигитни танирди: бирам қўрс, маданиятсизки… Бир-икки марта йўлини тўсиб шилқимлик ҳам қилган. Отаси дуога қўл очди: қизим энди сизларники!
Қиз онасига ёлворди. Чўпон йигит ҳар куни уни сой бўйида кутди. Бўлмади. Ота-она хукм қилди: “Шу йигит билан бахтли бўласан. Подачи ҳақида бошқа эшитмайлик! Ёки бизни норизо қилиб, гуноҳга ботмоқчимисан?”
Қиз гуноҳдан қўрқади: тақдирига кўнди. Балки бахтли бўларман, деб умид қилди. Чўпон йигит тўй куни адирнинг энг баланд жойида туриб, қизнинг исмини баланд баланд айтди. Биров эшитмади. Аммо қиз тинглади. Қалби йигитнинг оҳини эшитди. Аммо журъати…
Эри иккита боласини кўзи қиймай шаҳарлик жувонга илакишиб олганини билгач, аёл янада чўкиб қолди. Аммо бир сўз айтишга, эрини оиласига қайтаришга унда куч ҳам, хоҳиш ҳам йўқ эди. Барибир не бўларди: кўнади.
Бир куни қўлига болаларининг бўёқ ва қалами тушиб қолди. Қоғоз олиб нималарнидир чизди. Қўли анча чиқиб қопти. Суратдаги дард ифодаси тандирга қаланди. Яна бир куни ўша чўпон йигитни кўриб қолди: дўконда, тасодифан. Қарашга ўзини айбдор сезиб, индамай ўтиб кетди. Эшитишича, ҳалиям уйланмапти.
Аёл тақдирда борига кўниб яшаш лозим, деб ўйларди. Тўғри, бироқ бахтга эришиш учун бироз шижоат, жасорат, мақсад, журъат ва интилиш кераклигидан у бехабар эди…
@Ayolning_41_olami
#эркакларга_маслаҳатлар
(Давоми)
Тўртинчи усул
У билан ҳазиллашиш, унга ёқимли сўзларни айтинг, унга ёқадиган энг чиройли исмлар билан уни чақиринг. Унга айтадиган сўзларингизни миннатдорчилик билан безанг ва унинг учун дуо қилинг.
Бешинчи усул
Майда бўлсада унга совға ва ҳадялар қилиб туринг. Совға кўзга майда кўринсада унинг сабабидан аёлингиз қалбида яхши из қолдиради.
Олтинчи усул
Унинг майда хатоларидан кўз юмишни ўрганинг. Агар шу хатоларни ўнгламоқчи бўлсангиз, уни тўғридан тўғри эмас ишоратан айтиб ҳал қилишга ҳаракат қилинг ва шу ишорага қулай вазиятни топинг. Пайғамбар алайҳиссалом айтадилар: “Мўмин мўминани ёмон кўрмасин. Агар бир тарафидан норози бўлса, иккинчи тарафи уни рози қилади”.
Еттинчи усул
Ҳар бир эркак Аллоҳ таоло Қуръонда айтганидек намуна бўлишга ҳаракат қилиши керак.
Улар: «Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт», дейдиганлардир. (“Фурқон” сураси 74-оят).
P.S. Кўпчилик аёлларнинг турмуш ўртоқлари телефонини титкилайди, текширади. Шунинг учун аёллар каналида эркакларга қаратилган маслаҳатлар бериш зарар қилмайди, деб ўйладим...😉
@Ayolning_41_olami
У ҳеч қанча турмайди, кўп нарсага қодир эмас. У ҳадя қилинган одам бой бўлади, ҳадя қилган одам эса камбағаллашиб қолмайди. Унинг давомийлиги бир лаҳза, аммо хотирамизда абадийга қолади. Уни сотиб олиш, сўраб олиш, қарзга олиш, ўғирлаб олиш беҳуда. Чунки у чин дилдан тақдим этилгандагина қадрли.
✍️ Дейл Карнеги
Бу — табассум. Уни яқинларимиздан дариғ тутмайлик! Хайрли кун, яхшилар!
@Ayolning_41_olami
#Турмуш_ўртоқ_танлаш
Менга баъзида ёш қизларимиз ёки бўйдоқ йигитлардан турмуш ўртоқ танлаш борасида ҳам фикрларингиз ва маслаҳатларингизни билдиринг, деб мурожаат қилишади.
☝️ Фикримча, энг аввало, имони мустаҳкамлигига эътибор бериш керак. Аслида турмуш ўртоқ танлаш – ҳаётдаги муҳим қарорлардан бири. Уни баъзилар лоторея ютуғига қиёслайди.
📌 Шу ўринда обуначиларимизга юзланмоқчиман: тўйдан аввал турмуш ўртоғингизнинг сизни ўзига жалб қилган 3та фазилатини санай оласизми?
@Ayolning_41_olami
Сиз бирон ишни қила олмаслигингизни таъкидловчи икки турдаги инсонлар мавжуд: бири ўзи қила олмаслигидан шундай дейди; иккинчиси эса сиз у ишни амалга оширишингиздан қўрққанидан.
Рей Гофорт
Хайрли кун, яхшилар!
#Психологик_тавсия
"Яна қаёққа?!"
У яна дўстлари билан учрашгани кетади. Сиз эса ҳар доимгидек уйда ёлғиз. Шошманг, нега ёлғиз бўларкан?
🔹 Сизда дугона йўқми? Модомики кечки вақтингиз телевизор қаршисида ўтган тақдирда ҳам нима бўпти? Қайтага шу вақт ичида ўзингизга ёқадиган бирорта фильмни кўриб оласиз.
🔸 Дўстлари билан икки кунга балиқ овига кетмоқчи? Майли, бораверсин. «Қанақа балиқ ови эканини мен биламан» деб кўнглини совутманг.
🙏 Ёруғ юз билан кузатганингиздан миннатдор бўлади, ишонаверинг! Қолаверса, айрилиқ ўзаро муносабатларни жонлантиради...
@Ayolning_41_olami
ВАТАН ДЕБ…
Кўзи ёшлиларни кўп кўрдим зиёд,
Диллар бор, ҳар нарса ўксинтиради.
Йиғлашга мойилни йиғлатар ҳаёт,
Синишга мойилни… у синдиради.
Кўкрак қафасингда яшаса йўлбарс
Ўлгач ҳам ўкириб турса бўлади.
Ҳар ким Оллоҳдан олиб турса дарс
Оллоҳ билан бирга юрса бўлади.
Ўғлим, кўз ёшинг арт, сўзимни уққин,
Мен ҳам “Болам – алп” деб кўкрак керайин.
Ёш тўксанг “Озодлик” учун ёш тўккин,
Йиғласанг “Ватан” деб йиғла, кўрайин.
Бошқа ҳолатларда кўз ёши увол!..
✍️ Ҳалима Худойбердиева
Қадди ва қадри баланд эркакларимизга байрам муборак! 🥳 Унутманг, сизлар учун яхши яхши совға Аллоҳ инъом қилган аёллар — онангиз, жуфти ҳалолингиз, опа-сингил ва қизларингиздир!
@Ayolning_41_olami
#Руҳият
Эркак нега уйига шошилмайди?
Баъзи аёллар кунбўйи турмуш ўртоғини интизор бўлиб кутадию, эри эса уйга қайтишга сира ошиқмайди...
🔹 Эр уйга келишга шошилмаётган бўлса, демак, уйда у кутган нарса йўқ. Ёки эркак ўзига нима кераклигини ўзи ҳам яхши англаб етгани йўқ. Яна шу истакни уйда ўзи ҳам ярата олмаслиги мумкин. Учинчиси, у истаган нарса ишхонанинг ўзида бор. 😇
🔸 Хотин нимага эрини ишдан қайтмаётганлиги сабабини ўйлаб кўриши керак. Балки уй болаларнинг шовқин-суронига тўладир. Агар эр шу сабабдан уйга шошилмаса, плакатга болалар билан тўла уй, сочилган ўйинчоқлар, кўп кишилик тўкин дастурхоннинг расмини чизиш керак. Яна бир суратда эса болаларсиз шинам уй, сокинлик ҳукм сурган совуқлик акс этган расмни чизиш лозим бўлади.
👨👩👧 Болалар билан яшашнинг ўзи катта бахт эканлигини эрнинг онгига сингдириш керак. Қолаверса, ҳамманинг ўз орзу-ниятлари бўлади. Кимнингдир энг асосий нияти оила бағрида бўлишга интилиш, яна кимдир ишида ҳар-хил ютуқларга эришишни мақсад қилган бўлади.
Нима бўлган тақдирда ҳам хотин бақир-чақир қилиб, жанжал чиқармаслиги керак. Эрига ҳар доим ширин муомалада бўлса, қачондир эрнинг ҳам кўнгли юмшайди ва хотинини уйимнинг маликаси деб эъзозлайди.
Ишонаверинг!
@Ayolning_41_olami
#Каналимиз_аъзоси_ижодидан
Ҳаёт сабоқлари
Дангаса, ғамғин юргувчи одам ҳаётда кўп нарсага эриша олмайди. Ҳаётга доим беришни ўрганишимиз керак, табассум, меҳр, ширин сўз, эзгу амал ва эҳсон...
Ҳаёт ҳам бизга яхши жавоб қайтаради. Ҳаётингиз давомида неки яхшиликлар кўрган бўлсангиз ёки эришган бўлсангиз, буларнинг барчаси сизнинг ўйларингиз, ниятларингиз натижасидир.
Муаммонгиз борми, нега ўйланяпсиз, тезда ҳал қилишни бошланг! Ҳаётингиз ёқмаяптими, ўзгартиринг, одатларингиздан қониқмаяпсизми, айримларидан воз кечинг, янги одатларни ўзлаштиринг.
Ҳаёт — Аллоҳ томонидан берилган туҳфа. Нега уни кераксиз гаплар, ғийбат, гумонлар билан тўлдиришимиз керак. Гоҳо қалбимиз ғам-ғуссага тўла бўлади. Қанча изтироблар чекамиз. Аслида вақт ўтган сари бизни қийнаган, азоб берган ҳолатлар аслида аҳамияти йўқга айланади.
Ҳаётингизни ишонч, харакат, гўзал муносабат билан безанг, биз энди қўрқувларга тобе бўлмаймиз, аксинча қўрқувлар билан ўртоқ бўламиз, биргаликда харакат қиламиз, ҳаёт нақадар гўзал!!! Фақат энергия билан, иштиёқ билан, гўзал ўй,эзгу амал билан яшанг!!!
✍️Ҳилола Иброҳимова
@Ayolning_41_olami
#Психологик_тавсия
У сизни севмайди...
Шу ерга ўзингизга бир назар ташлангчи... Ахир сиз аёлсиз, сизнинг макрингиз қирқ туяга юк бўлиши мумкин. Ҳар бир буюк инсон ортида буюк аёл туриши ҳақида эшитгансиз-а? Демак севган инсонингизни ўзингизга маҳлиё қилиш ҳам қўлингиздан келади. Бунинг ютуқлар ва камчиликлар устида ишлаш керак. Керак бўлса, психологик китоблар ўқиш, бу борадаги билимларни кенгайтириш, оилали, намунали аёллардан мустаҳкам муҳаббат қандай бўлиши ҳақидаги тавсиялар сўрашингиз мумкин. Аммо ҳеч қачон ўзингизга паст баҳо бера кўрманг.
Сиз уни севмайсиз...
Қаршингизда барча ижобий сифатларга эга бўлган, сизни севадиган инсон оила қуриш таклифини билдириб турсаю юрагингиз жиз этмаса нима қилиш керак? Бундай ҳолда ақлга қулоқ солинг. Агар ушбу инсон сизни бутун умр ардоқлашига кўзингиз етса юқорида тилга олинганидек ўзингиздаги севиш санъатини ривожлантиришингиз керак. Сизнинг севгингиз ақлга асосланган бўлади, аммо бу ҳам ёмон эмас. Аксинча, кўп ҳолларда бу каби оилалар жуда узоқ ва бахтли ҳаёт кечиради.
@Ayolning_41_olami
#Якшанба_мутолааси
Жей Рип
ТАҚДИР
– Ҳаммаси чалкашиб кетди. Майда-чуйда гаплар, уруш-жанжаллар, деди-дедилар, бари ҳалқумимга келди. Сенинг ҳам жонингга текканини сезиб турибман. Бошқа йўли қолмайди. Танга ташлаймиз. Агар бургут тушса, турмуш қурамиз. Танганинг сўл томони тушса, барига нуқта қўямиз. Розимисан?
–...
Танга ташланди. У жиринглади ва айланиб жойида тўхтади. Бургут. Иккаласининг ҳам кайфияти тушиб кетди. Улар беихтиёр бараварига: “Балки, яна бир бора синаб кўрармиз-а?” деб юборганларини сезмай қолдилар.
Шаҳноза Раҳмнова таржимаси.
@Ayolning_41_olami
#Ибрат
Машина ювган йигит
Доктор Муҳаммад Ҳоний шундай дейди:
«Мен машинада ўтирганимда 16 ёшли йигит яқинлашиб “олд ойнани артиб бериш керакми?”, деб сўради.
“Ҳа”, дедим мен. У кўнглимдагидек тозалаб бергани учун мен унга 20 доллар бердим.
Йигит пулни кўриб мени яна саволга тутди:
"Сиз Америкадан қайтаяпсизми?"
Яна тасдиқ ишорасини қилдим.
У: "Шу берган долларингиз эвазига уларнинг университетлари тўғрисида айтиб бера оласизми?" – деди.
У жуда одоб ва фасоҳат билан гапирардики, мен беихтиёр уни машинага таклиф қилдим.
Мен унинг ёши билан қизиқдим.
У 16 ёшда экани ва 11-синфни тугатганини айтди. Мен бунга ҳайрон бўлдим, чунки 11-синфни одатда 18 ёшда тугатишади-да.
Йигит аъло баҳоларга ўқигани учун мактабни ҳам икки йил олдинроқ битирганини айтди.
– Хўш, нега бу ерда ишлаяпсан? – қизиқиб сўрадим мен.
Унинг айтишича, отаси икки ёшида вафот этган, онаси бировнинг уйида ошпаз бўлиб ишлар, синглиси ва йигит шу ерда ишлар экан.
“Америка университетларида юқори натижаларга эришган энг яхши талабалар учун стипендиялар борлиги ҳақида эшитганман”, деди у.
– Сенга ёрдам берадиган одам борми?
– Йўқ, бу ерда шу иш билан машғулман, деб жавоб берди.
– Кел, овқатланиб оламиз, деб тамаддихонага бошладим.
Йигит машинанинг орқа ойнасини ҳам тозалаб, кейин киришини айтди.
Ресторанда йигитча овқатини емай, елимхалтага солиб олди. Кейин билсам у овқатни онаси ва синглисига олиб бормоқчи экан.
Мен унинг инглиз тилини мукаммал билишини ва ўз ишини астойдил, моҳирона бажаришини пайқадим.
Мен унинг ҳужжатларини сўрадим ва унга университетга кириш учун қўлимдан келганича ёрдам беришга ваъда бердим.
Ярим йилдан кейин мен уни университетга қабул қилинишига эришдим. Унинг талаба бўлганини телефон орқали айтганимда трубканинг у томонидан қувонч йиғиси эшитилиб турар эди.
Икки йил ўтгач, “Нью-Йорк таймс” журналида унинг номини замонавий технологияларнинг энг ёш мутахассиси сифатида эълон қилишди.
Унинг муваффақиятидан мен ва оилам ҳам жуда мамнун бўлдик.
Хотиним унинг онаси ва синглиси учун виза олганини билмаган эдик. Йигит Америкада ҳузурида онаси ва синглисини кўргандан кейин у на гапира олди ва на йиғлай олди.
Бир куни у ва унинг оиласи уйимизга келишди ва мен тўсатдан уни ташқарида менинг машинамни юваётганини кўриб қолдим.
Мен бориб унинг қўлидан тутиб, нима учун бу ишни қилаётганини сўрадим.
У жавоб берди: "Илгари ким эканлигим ва мен учун қилган ишларингизни ҳеч қачон унутмайман".
Фарид Абдул Али исмли бу фаластинлик йигит Америкадаги машҳур Гарвард университетининг энг иқтидорли профессорларидан бирига айланди.
Ёқуб Умар тайёрлади
@Ayolning_41_olami
#Аёлларни_қандай_севиш керак?
Бир-бирингиздан нима исташингиз аён бўлсин!
Эркак киши оилавий муносабатларда аёлларчалик талабчан эмас. Рисоладаги эркак севган аёлининг унча-мунча инжиқликларини кўтара олади. Бироқ баъзан “бу аёлга нима керак ўзи, нима қилсам чакаги ёпилади” деб ўйлаб қолишлари турган гап. Билганларимча, маслаҳатларни бериб боришга ҳаракат қиламан.
☝️ Бир-бирингиздан нима исташингизни билиб олишингиз жуда муҳим!
🔹 Аёллар бор, эрига онадек ғамхўр, аёллар бор, ўла-ўлгунча ёш боладек эрка, аёллар бор, эрига худди дўст-ўртоқдек ва яна аёллар борки, Фармонбибидек ҳукмфармо. Хуллас, биз росса ҳар хилмиз.
🔸 Сиз ёнингизда кимни кўришни истайсиз? Қайси турдаги аёл билан бир умр ҳаёт кечиришга тайёрсиз? Ана шу саволларга жавобингиз бўлиши керак.
🔹 Аввал бошданоқ, бир-бирингиздан нима кутаётганингизни билсангиз, тушунмовчиликларнинг олди олинади. Оилавий зиддиятларнинг аксари жуфтлар бир-биридан кутганлари оқланмагани туфайли юзага келади.
Ҳафсала пир бўлганидан ёмони йўқ. Шу сабабли бўлажак жуфтингиз билан келажак ҳақида самимий суҳбатлашиб олинг.
@Ayolning_41_olami
#Якшанба_мутолааси
Энг яхши совға
Эрталаб уйқудан уйғониши билан бугун Аёллар байрами экани ёдида тушди. Ёнида ноз уйқуда ётган хотинини ўпиб қўйди:
—Табриклайман, азизим… бахтимга бор бўлинг.
Аёлнинг дарров уйқуси қоча қолди:
—Раҳмат…
—Хўш, айтинг тилагингизни! Байрамга нима олиб берай? -ҳар йилгидек саволга тутди эри.
—Биласизу… -деди хотини охирги бир ҳафтадан бери тилдан қўймай мақтаётган тақинчоқни назарда тутаркан.
—Майли, бугун тушликдан сўнг тилла дўконингга бирга борамиз!
—Чинданми? -ўрнидан туриб кетди аёл, -қандай яхшисиз-а?
Сўнг нонушта қилишди.
Бозорлик қилиб келиш учун кетаётганида 5 яшар қизчаси уйқудан уйғониб, дадасига осилди:
—Дадажон!
—Ҳа, оппоқ қизим. Бугун сизнинг ҳам байрамингиз, хўш, нима оберай?
-Катта айиқча, ҳудди дугонам Наргизникидек, йўқ, ундан ҳам катта бўлсин!
—Бўпти, келишдик, энди бориб ювининг.
Бозорга тушиб бугун ўзи байрамона таом тайёрлаши учун маҳсулотлар ҳарид қилди. Кеча ҳам ишхонадаги эркаклар билан ҳамкасабаларига атаб зиёфат уюштириб беришганди. Бугун эса уйда…
Шу пайт чорраҳани кесиб ўтаётган бир кампирга кўзи тушдию, онаси ёдига тушди. Дарҳол қўл телефонини олиб, онаси билан боғланди:
—Онажон, байрамлар билан! Бахтимга узоқ яшанг, отам билан қўша қаринг, соғ бўлинг…
—Раҳмат, болам, -онаси суюнганидан ҳаяжон ила сўзларди.
—Нима камингиз бор, она? Баҳонада сизни бир ясантирай… дам олиш кунлари бораман уйга.
—Э, менда кам нима қилсин, ўғлим. Сенинг соғ-омонлигинг, тинчлигингдан ортиқ совға борми дунёда? Бир оғиз меҳрли сўзларингдан бошқаси керак эмас… Келсанг дийдорингни бир кўрсам бўлди. Биз кексаларга дийдор энг азиз нарса эканда…
У онасини охирги марта бундан икки ой аввал кўргани боргани ёдига тушиб, мулзам тортди. Бўлмаса, узоқ эмас, ярим соатлик йўл… Унинг кўзларига ёш келиб пичирлади:
—Ҳозироқ бораман, она…
@Ayolning_41_olami
#Якшанба_мутолааси
Келин ва қиз
Не-не эшикларнинг остонасини супура-супура, ахийри уйига келин туширди. Онаизор энди хурсанд: бемалол елпиғини айлантириб, келинининг ишларини кузатади. Ўғлига ҳам онасининг танлови маъқул тушди –аёлини суйди. Аммо…
Келини хамир қорса, юмшоқ бўлиб қолади; тандирга ўт қаласа, нони пишмайди. Нима қилсаям, туманнинг марказидан келин бўлган, қишлоқ ишларига уқуви йўқроқ. Бу хонадон аччиқ чой ичади, келин дамлаган чойда шама кўринмайди. Нима қилсин, келин тушмагур ота уйининг тутимига ўрганган, янги муҳит унга бегона…
Йўқ, қайнонага бу ёқмади. Ўз рўзғорининг икир-чикирларини ўргатиш хаёлига келмай, келинни чимчилаб олди: “Боринг, онангиздан ўрганиб келинг чой дамлашни”, “Чучварангиз бунча йирик, боринг, онангиздан ўрганинг!” Шўрлик келин бир йил уйига қатнай-қатнай, ниҳоят туппа-тузук уй бекасига айланди. Энди қайнона эпсиз келинидан қўшниларга нолимайдиган бўлди.
Йил ўтиб ўзи ҳам коллежни эндигина тамомлаган яккаю ёлғиз қизини узатди. Оҳ, қизгинаси келинойиси борлиги учун овқат қилишни ҳам тузукроқ эплолмасди. Онанинг дили халак: тушган жойида тошдек қотсинда. Тўй куни қудасига шипшиди: “Айланай, энди ўз тутимингизга мослаб оларсиз. Ёмонини яшириб, яхшисини ошириб, рўзғор ишларида йўл кўрсатиб турарсизда…”
Тўйдан бир ҳафта ўтиб, қизи бечора ота уйига йиғлаб келди. Келин ва қайнона югуриб унга пешвоз чиқишди. Қиз ҳиқиллай-ҳиқиллай гап бошлади:
—Биринчи қилган ошим шавла бўлиб қолди… Ойим уйингиздан ўрганиб келинг, деб жўнатди.
Она лабини тишлади. Келин нари кетди…
@Ayolning_41_olami
#umr_manzaralari
⸺ Севги ҳам урушга ўхшайди шекилли.
⸺ Нега энди?
⸺ Бошлаш осон, тугатиш қийин... Унутишнинг имкони йўқ!
👉 @BeshinchiTomon
#эркакларга_маслаҳатлар
Никоҳ – муҳаббат, ўзаро тушунишлик, меҳрибонлик устига қурилган энг муҳим ва жиддий келишувдир. Аммо вақт ўтиши билан оилада, тушунмовчиликлар, келишмовчиликлар ўртага чиқади. Эр ва хотин учун гўё ҳаётлари зерикарли тус олганга ўхшаб қолади.
Шундай вазиятда эрнинг устига олдинги иноқликни оиласига қайтаришлик учун муаммоларнинг ечимини топиш вазифаси тушади ва аёлининг қалбини қайтадан забт этиши керак бўлади.
Биринчи усул
Кўнгил олишнинг энг яхши услубларидан бири унга бўлган чиройли, юмшоқ муомаладир. Пайғамбаримиз алайҳиссалом “Сизларнинг яхшиларингиз аҳлига яхши муомалада бўлганидир. Мен сизларнинг ичингиздан аҳлига энг яхши муомалада бўлувчисиман”, деганлар.
Иккинчи усул
Аёлингизни эшитишни ўрганинг. Унинг шикоятлари, муаммоларига диққатли бўлинг. Хафа бўлган вақтларида қўллаб туринг ва хафалигини хурсандчиликка ўзгартиришга ҳаракат қилинг.
Учинчи усул
Аёлингизга ҳар куни муайян бир вақтни ажратинг. Уй ишларида ёрдамлашинг ва бу билан оилавий муносабатларни мустаҳлашга қаратинг.
Оиша розиаллоҳу анҳодан сўралди: “Пайғамбар алайҳиссалом уйларида нима қилар эдилар”. Оиша онамиз айтадилар: “У киши оилаларида барча керакли ишларни қилар, қачонки намоз вақти бўлганда, уни адо қилиш учун чиқар эдилар”.
(Давоми бор....)
@Ayolning_41_olami
#Психологик_тавсия
«Мени севасизми?»
Севги изҳорига мажбурламанг 😍
🔹 Бу сўзларни эшитиш қанчалар ёқимли бўларди-я. У бўлса ҳиссиз, қаранг, сўрасангиз жавоб бериш ўрнига телевизор кўриб ўтиришини...
🔸 Хафа бўлманг! Кўпгина эркаклар ширин сўз бобида нўноқ. Улар биз аёлларга ўхшаб гапга чечан эмас. Афсус, ширин сўзлар туфайли аёлда бахт гормони ажралиб чиқишини билишмайди-да.
🙃 Аммо дил изҳорини ҳадеб ишлатавериш ҳам унинг қадри йўқолишига олиб келади. Ҳар куни «севаман» сўзини эшитаверсангиз, ундан ҳаяжонланиш ҳиссини туймаслигингиз аниқ.
@Ayolning_41_olami
#Тавсия
Ватан ҳимоячилари кунида эркакларга нима совға қилиш мумкин?
Агар сиз ҳам мен каби ҳали совға олишга улгурмаганлар қаторида бўлсангиз, ушбу пост сиз учун қизиқарли бўлиши аниқ!
🔹 Аввало, совға олишда хато қилмаслик учун уларнинг ёшини, касбини, қизиқиши ва сизга ким бўлишини ҳисобга олишингиз зарур. Ва албатта, чўнтагингиздаги маблағни ҳам. 🙃
👉 Ҳарбий ходимга
14- январь – ҳарбийлар учун касб байрами ҳисобланади. Албатта, биринчи навбатда ҳарбий формадагиларни табриклаш керак. Агар оилада бундай киши бўлса, совға учун танк ёки ҳарбий фуражка шаклидаги байрам тортини буюртма қилсангиз бўлади. Шунингдек доналари аскар ҳайкалчалардан иборат шахмат ёки бирор ҳарбий белгини ифодаловчи соат совға қилишингиз мумкин.
👉 Яқин кишингизга
Кўпинча аёллар турмуш ўртоғига, отасига ва яқин қариндошларига шахсий фойдаланиладиган (кўйлак, галстук, сочиқ, атир ва шунга ўхшаш) совғалар олишади.
Табиий чармдан қилинган ҳамён, камар ва ҳужжатга жилдлар ҳам совға учун муносиб вариантлар. Бундан ташқари, спорт сумкаси, соябон, портфель ёки электр устара сотиб олсангиз ҳам бўлади.
💪 Энг яхши совғалардан бири – яқинроқда жойлашган ва унга қулай бўлган вақтларга белгиланган машқ қилиш залига чипта бўлиб, ҳар томонлама фойдали ҳисобланади. Бу зўр идеа бўлди, тўғрими?
👉 Танишингизга
Танишларингиз учун энг яхши вариант – бир хил услубда ишланган ручка, калит учун занжир ва зажигалкадан иборат совғалар тўплами.
☝️ Унутманг, уйдаги эр-йигитларимиз учун энг яхши совға биз аёлларнинг соғлом ва хушчақчақ бўлиб юришимиздир. Энг асосийси, ҳар қандай совға чин дилдан ва меҳр билан ҳадя қилинса, бас. Қадри баланд бўлаверади. Нима дедингиз?
@Ayolning_41_olami
#Кун ҳикмати
#Иқтибос
Аёлни ёки муқаддас билиш керак ёки унга яқинлашмаслик керак.
© Эрих Мария Ремарк
P.S. Ремарк бобомиз нақадар тўғри гапни айтиб кетган экан-а?
@Ayolning_41_olami
#Психологик_тавсия
Баъзи аёллар эри уйга келгач, телефон ёки телевизорга "ёпишиб" қолаётгани, ҳатто фарзандларига унчалик эътибор бермаётганидан нолишади.
Бу ҳолат сизга танишми? Унда давомини ўқинг!
🌷 Психологларнинг таъкидлашича, оилада учта босқич бўлади. Биринчи босқичда эрнинг кўзига хотини ҳаммадан эпчил, пазанда, гўзал кўринади. Бу пайтда хотиннинг камчиликлари кўзига кўринмайди. Бу узоғи билан икки йилгача давом этар экан.
💐 Ундан кейинги босқичда рафиқасининг кичкина камчилиги ҳам кўзига улкан бўлиб кўринишни бошлайди. Баъзан кўнглидан “Қаердан ҳам шунга уйландим”, деган ўйлар ўтади.
🥀 Учинчи босқичда эса фарзандлар улғайиб, ташвишлар ҳам кўпайган бўлади. Бундай пайтда ўй-хаёллардан чарчаган эр уйга келганда ўзини чалғитиш учун нимагадир қаттиқ “меҳр” қўяди.
Ечим. Бундай пайтда аёл кўпроқ эрининг ёнида бўлиб, дардларига ҳамдард бўлиши керак. Бахтли бўлиш осон эмас. Буни тушунган оқила ўзбек аёли сабр-матонат билан бу давр ҳам ортда қолишни бот-бот турмуш ўртоғига тушунтиради. Турмуш ўртоғи телевизор кўраётганда фарзандларига вақт ажратолмаса, аёл эрини болаларига яхши кўрсатишни билиши керак.
👆 Юқоридагилар, албатта, психологларнинг назарий маълумотлари. Ҳар бир инсоннинг ўзига хо характери бор. Сизнинг-ча, яна қандай йўлларни қўллаш мумкин?
Фикрларингизни изоҳларда қолдиринг!
@Ayolning_41_olami
#Турмуш
Кўпчилигимиз ёшлик йиллари мукаммал эркак ҳақида орзу қиламиз−у, унга буткул қарама-қарши феъл-атворга эга инсон билан турмуш қурамиз. 🙃
Ҳа, гўзал хонимлар, минг афсуски, ҳақиқий ҳаёт идеал тушунчасидан жуда узоқда ва у бизга кутилмаган совғаларни ҳар дақиқа тақдим этиши мумкин. Бетакрор шахзодалар ҳам, романдаги қаҳрамонлар ҳам аслида мавжуд эмас.
🔹 Аммо минг қилса ҳам ҳар бир хоним ўз умр йўлдошининг қачонлардир орзу қилган инсонига ўхшашини бутун умр ният қилиб яшайди.
🔸 Барча орзуларингизни 100 % амалга оширувчи эркакни учратишингиз катта эҳтимол остида. Ўз орзуларингизда яратганингиз каби сизни телбаларча ва ўта нафис туйғулар билан севувчи инсонни минг урининг, излаб топа олмайсиз.
🔹 Гарчи, танишув чоғида кўзингизга ўта ёқимтой кўринган бўлса ҳам, ҳеч қачон ўзингиз яхши билмаган эркак иштирокида узоқ келажак учун режалар туза кўрманг. Ҳаттоки ўз орзуингиздаги инсонни учратганингизга амин бўлган тақдирингизда ҳам вазиятни объектив баҳолашга ҳаракат қилинг. Шу аснода эркаклар руҳиятининг кўплаб сир-асрорларидан бохабар бўлиб борасиз.
Уларни ўз бисотингизга олиб қўйинг ва умр йўлдошингизга ушбу маълумотлар кўзгуси орқали назар ташланг.
Ҳаётингизда ўз келажагингизни боғлаш ҳақида ўйлашга мажбур қилувчи эркак пайдо бўлса, ўзингизга қуйидаги саволларни бериб кўринг:
*муносабатларингизнинг умумий келажаги мавжудми?
*мана шу инсон билан бутун умр яшашга розимисиз?
*айнан шу инсон бўлғуси фарзандларингизнинг отаси бўлишга муносибми?
*у билан ўртангизда қалбан боғлиқлик борми?
*у сизни шахс сифатида қизиқтира оладими?
*ушбу инсон ёнингизда бўлганда ўзингизни барча нарсадан ҳимоялангандек ҳис этасизми?
*у сизни бахтли қилишга қодирмикин?
Юқоридаги барча саволларга ишонч ила «Ҳа» деб жавоб бера олсангиз, танлаган инсонингиз иштирокида келажак ҳақидаги режалар тузишингиз мумкин бўлади.
@Ayolning_41_olami
#Якшанба_мутолааси
Бир умр…
Театр майдонидаги саҳн баҳор кезлари жуда гавжум бўлади.
Қари-қартанг, ёш-яланг скамейкаларга ўтириб олиб ўзларини офтобга товлашади. Кампирлар аравачаларда невараларини олиб келиб, ўзлари кўзойнак устидан газетани ялагудек қилиб ўқишади.
Мен ҳам бўш пайтларимда шу ерда ҳордиқ чиқаришни жуда яхши кўраман.
Бир кун киоскадан газета олиб ўқиб ўтирган эдим, ёнимда ҳассасини скамейкага тираб бир хотин ўтирарди. Унинг олдидаги ҳаворанг аравачада невараси ипи тугмасига боғлаб қўйилган қизил шарни ушлавололмай қийқиради. Кампир унга бепарво, ўтган-кетганларни томоша қилади.
– Неварами? – дедим. Кампир ўгирилиб қаради.
– Йўқ, айланай, чевара. Чевара ширин бўларкан. Онаси ёш. Дадасининг ўзи бола. Ўзим оёққа турғизиб бермасам эплашолармиди.
– Ҳали юрмайдими?
– Юриш қаёқда айланай. Энди той-той туряпти.
Биламан, болалар жуда айёр бўлишади. Кўтарадиган одамни топишса сира ерга оёқ қўйишмайди. Бу бола ҳам шунақа қилаётгандир. Кампирнинг меҳрибонлигидан фойдаланаётгандир.
– Юриб ҳам кетарди, қиш пайтида бола юришга эринади. Мана, офтоб одамнинг елкасини қиздириб қолди. Энди юриб кетар.
Кампир шундай деб болани аравачадан олди. Икки қўлтиғидан ушлаб ерга қўйди. Бола аввалига тиззасини букиб тихирлик қилиб турди-да, кейин икки оёғини ерга тиради.
– Қани, амакингларга битта той-той туриб бергин.
Кампир уни қўйиб юборди. Бола худди ҳавода муаллақ қолгандек омонат туриб қолди, кейин бирдан олдинга шўнғиб кетди. Шу шўнғиганда ўнг оёғини кўтариб ташлади. Йиқилмади. Кейин яна бир марта шундай қилдию, маст одамдек гандираклаб юриб кетди. Тўрт-беш омонат қадам ташлаб орқаси билан ўтириб қолди. Кампир югуриб бориб уни кўтарди. Бола энди аравага ўтиргиси келмай, ерга тушишга хархаша қилаверди. Кампир уни ерга қўйишга мажбур бўлди.
Шу алпозда бола уч-тўрт марта юришга интилди. Охири пилдираб беш-олти қадам босадиган бўлиб қолди. Кампир хурсанд.
Уларга қараб туриб, ўйлаб кетибман.
Боланинг оёғи ерга тегди. Биринчи қадами бошланди.
Эҳ-ҳе, бу одам ҳали ҳаётда қанчадан қанча ерларни шу оёқ билан босиб ўтади. Умр бўйи…
✍️ Cаид Аҳмад
@Ayolning_41_olami