nozima_habibullayeva | Неотсортированное

Telegram-канал nozima_habibullayeva - Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

308

Оҳанг ва сўз уйғунлиги дунёларингизни нурафшон қилсин! Ёш шоира Нозима Ҳабибуллаеванинг ижодий каналига хуш келибсиз!

Подписаться на канал

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Яхшиям сиз борсиз,
Яхшиям куз бор.
Шеърсизлик жонимдан ўтарди йўқса.
Қировлар қонимни ютарди йўқса.

Яхшиям йўллар бор
бир узу-ун фусун,
Уни ўлчаб борар қадамларимиз.
Наҳотки бир йўлнинг одамларимиз?

Бир гўзал ёнади,
азал ёнади,
Мезон хонишлари, навозишлари.
Фасл бу- кўнглимнинг намойишлари.

Момақалдироққа
айланиб боқар
Осмон вужудида урар юрагим.
Нураса нурларда нурар юрагим.

Энди ҳадиким йўқ,
Ушшоқда жим йўқ.
Созандам, сўзлардан яралган найман,
Қандайин чалсангиз шундай янграйман

Яхшиям Сиз борсиз,
Яхшиям Сўз бор...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***

Андалиблар ҳамалга музтар
Тин олар ер- фазонинг моки.
Ва ям-яшил майсалар узра
китоб ўқиб берасиз сокин.

Ялпизларнинг ёқалари ҳўл-
кўзим юми-иб тинглаюрман жим.
Овозингиз тебрантирган ел
Қулоғимдан сизиб ўтади.

Соатларга кўчар мутолаа,
Намозшомга ижозатгача.
Ҳар гал алвон ё ҳуммор ҳолат
Назмдан то ҳикоятгача.

Мен - исмини билмаган Китоб,
Ҳабарим йўқдир илк Сўзимдан.
Бунда яшил умримиз узра
Ўқиб ўтинг менга ўзимни

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***

Соғинч рангин хотирга қамаб
Тушгум ичим – парихонага.
Мозий сўзи янглишку,
«Ҳамма
йўллар элтади Фарғонага!»

Оёғимга сачрамаган лой
бўғзимда сўзмасми, дадажон?
Эртакдаги маликалардай
Улғайтган сизмасми, дадажон?...

Терганингиз қулупнайларнинг
Ифоридан этмасин ҳалос.
Қулоғимга сиз тақиб қўйган
Энг чиройли сирға – қўшгилос.

Бармоқларим қучмаган кетмон
ва совуққа урмай қўлимни,
бугун олис шаҳарда осон
шамоллатиб қўйдим дилимни.

Ичикдим-ов водий рангига,
Довон юртин тахт бўш палласи.
Тун. Қулоғим остида янграб
уйғотади онам алласи.

Қўлим тутган фақат гул, қалам,
Эркаликларимни соғиндим.
Тополсайдим ушбу ерлардан
Жўхорили қўғирчоғимни...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

Tabriklayman aziz opa singillar! Har tongimiz bahor nafasli, har kunimiz bayramday bo‘lsin! 🌷🥰


@Nozima_Habibullayeva

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Ялпизларнинг ифорида кезар яшил тароналар,
Бутун борлиқ жилоланиб,
куртакланиб қилар қараш.
Бирам хушрўй,
бирам хушбўй соғинч ташир тароналар
Сармаст бўлса саболарим
рўмолимни қилурман рашк.

Сочларимни тўшаб қўйдим,
сир дарёга қуйилди ёр,
Менинг азим жимликларим
шеърдарёга қуйилди ёр.
Бунча сотқин рўйи замин.
Турналарнинг кўзларидан
боққан менинг сўзим эмас,
сизга шундай туйилди ёр

Aндишадан гул бўлсаму,
бу ҳолимга кулиб турса,
Кўзларимга нигоҳидан
хушхабарлар суриб турса,
Менку пари эдим бир вақт,
нечун бахтли демай ўзни
Воҳким, султон авлодининг
юрагидан уриб турсам!

Ялпизларнинг ифорида кезар яшил тароналар...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***

Нимёруғ хонанинг бир бурчи ҳорган,
Қўлингиз тонггача қаламга тутқун.
Ҳаёлдан бу ҳолни олиб, деворга
Соянгизни чизиб ўлтиради У.

Шамолга айланиб келади гоҳо
Қанот боғлай дея қоғозларига.
Сиз бор ҳовучларга тўлар «илоҳо!»
Тебраниб кетасиз овозларида.

Қаршингиздан чиқса, титроқ югуриб,
Нафаси бўғзида бўлинар ярим.
Кўзингиз кўзига тўқнашмай туриб,
Сочилиб яйрайди кўзмунчоқлари...

Интиқ кўчангиздан ўтмаган ҳамон,
Унинг ҳам кўчаси кўрмаган сизни.
Юз бор суҳбатида бўлгансиз, аммо,
Танимайсизми?

Билмайсиз, бир қизки, ўйлари ҳарир,
У севган денгиздек нигоҳингиз жим,
Биров пайқамасин дея, тунлари
Тушига беркитиб ухлаганларин.

Сиз сўзга буркайсиз уни тамоман
Кун келар,
ўшандан бошланади кун.
Бир умр ёп-ёруғ хона ичра ҳам
Соянгизга дўниб ўлтиради У!..

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

ҒУРУР

Бироз қаҳва тўкилган мактуб
Қўлларимда қурирди сафсар.
Демак, ҳолинг паришон,
таажуб,
Демак, яқин...
шу кўчамдасан...

Хат бошида биз севган сатр,
Ўша қўшиқ янграр янгидан
Ва исмимни бағрига босган
Бир юрак бор кўзинг рангида.

Шошилганча чопдим эшикка
Бўғзимда товушлар ғарами
Кетиб борар шошиб, эшитгин
Юрагимда уриб қадаминг.

Бўрон тортди кўйлакларимдан
Югурмадим, туравердим жим.
Изларингни шамол-ла ўпиб
Сочларим-ла чақирган эдим...

Қўлимда оқ бўлган фараҳга
Жавоб ёздим кўзим ўнгида.
Давомига тўкилган қаҳва...
(Ё атайин тўкилган қаҳва...)
Не дегандинг мактуб сўнггида?

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Дўл ёғди.
Ёмғирдан мўл ёғди.
Халқобга айланди кўҳна Кент.
Ўйнаган самовий чироғда
ажинлар югурди кетма-кет.

Шовуллар ичимда ҳавотир,
Қайдасан умримнинг роҳили?
Аёвсиз ҳижронлар селида
Сандиқда эдингми, Тоҳирим?

Тирсиллаб узилар томчилар,
Тизгинлаб,
нур сочиб келяпсан.
Эҳтимол дарёни қамчилаб,
Сандиқдан дур сочиб келяпсан.

Ҳаёлдай оқиб кел,
ёришиб,
Бурчакдан қувилсин тўрт томон.
Гулдирак - юрагим уришин
Ёлғиз эшитишдан қўрқаман...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

* * *

I

Ҳаяллар ҳаёлларим дайди,
Ифори муаллақ гулларнинг.
Тобора оқсайди, юрмайди,
Қуймичи эзилган кунларнинг.
Тунларнинг қўйнига чўғ эккан,
Соғинчки қадимий бир тугун.
Шундайин муҳташам йўқликка
Ҳалақит беради борлигим.

II

Чўкаётган туннинг белидан
Ўсиб чиққан бинолар фақат.
Нигоҳларинг қандилу шифтга
Ва ҳаддидан ошар ҳарорат.
Уйми, олис…
Ўзимдай олис.
Кўзқудуғим ичра оби соб.
Томиримда қидирганча ризқ
Танамда тонг оттирар офтоб.

III

Сипқориб боради шаббода найни
Куймаланиб юрар кўзда аланга.
Қиз бола деворлар ичра яшайди,
Нега, янга?
Ўзингни босасан чўғни босгандек,
Қасосми? Ҳаёга маҳкум ҳали ҳам.
Сочилиб кетади қанотларингдек
Сўнгра пар ёстиқдан олинган алам.

IV

…Ва ахийри дарз кетди борлиқ,
Ҳиққилдоқдан ўтди чаккалар.
Севгингни деб сендан-да содиқ
Ғуруримни қўйдим яккалаб.
Қайралади фарёд-ла бўғзим,
Хатоларинг сингари манман.
Кетай десам гуноҳи азим,
Нигоҳингга никоҳланганман

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

Qiyomatga qadar savolimsan - Sen,
Qiyomatga qadar javobing - Menman!

Nozima Habibullayeva

@wwwesdalikuz

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro
***
Сочим оғрир,
кипригим оғир,
Зирқирайман тирноғимгача!...
Тун - думалоқ, кўзимда қолди.
Не эди у,
бир онда йиқитган?
Миллион йилми турмоғимгача?...

Ҳамма нарса донг қотган
қулоғимда
янграйди жиим увишган оҳанг...
Ранг увишган,
Онг увишган,
Тонг увишган.
Ёмғир
муаллақ қотиб қолган
осмонида,
Ер
нажот сўрайди кўзларимдан
юзин ювишга.

Калити йўқолган эшикдай-
Лабим
қимир этмас,
Aслида-ку
Сочимдан тирноғимгача саволман, савол.
Кулгичимдан томаётир қон.
Жии-иммм қолавераман - шу менинг гапим...
Хаёлларим бўлиб қолган шол.

Aнглаганингдек,
Юрагимдан дарз кетдим,
Бу дарзнинг изи чўзилмиш
Экватордан-да узоқ.
Aфсус...
Мени ақлсиз ва юраксиз кўзларингдан асрай олмади
Сен совға қилмаган кўзмунчоқ.

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***

Янги йил йиғади поёндозини,
Мушаклар қичқирар,
қулоқлар батанг.
Осмоннинг оғриқли эътирозини
ҳамма эшитмаганга олади атай.

Авто йўлларида шувиллар минглаб
оналарнинг юрак ҳавотири ҳам.
Фақат кабутар бор кўзимни тинглар,
чўчир ҳайқириқнинг ушоқларидан.

Телефон чийиллар,
Тақиллар эшик.
Лақиллайди тағин қизилсоч кампир:
"Битта деразамнинг тишлари кемшик,
шамол ҳуштак чалар...
ҳа,
ўзингдан гапир?..."

"Ўзим?...

Ўзим хаёл билан чойлашиб эдим,
мени ичиб қўйди товушлар- олғир.
Барибир ўзбекча тушунмайсизку,
Куйламоқчи эди бечора ёмғир..."

Аралашиб кетди овозлар жангги,
Истагим уларга солмас муроса:
Қанийди халқоблар таратган оҳанг
дунёнинг шовқинин ютиб юборса!...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Эй, мен кимлигини билмаганим, кел,
Икки минг ёшдаман ахир, сен жимсан.
Овозингга қурбон бўлмаганим, кел,
Кимсан?

Бир олов, бир денгиз хатлар юбординг
Улар қанотини кўрсатди фақат.
Бир ширин, номаълум дардлар юбординг,
...Раҳмат.

Қадим битикларга битай сўзингни
Орзуранг сўйлагин, Юракчан сўйла
Соқов кўзларингдан олиб ўзимни
Атай уйқуга собтураман... сўйла!

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

СИЗ БИЛГAН ҚЎШИҚЛAР

I

Эговланган осмон қиялаб
Aсабини топширар тунга.
Унинг ҳатто томчи- томчилаб
Ёмғирлари кулгани кулган.

Минбарларда шамолми сайрар?
Қарсак чалар- эшик. Уй- тажанг.
Ўлтиришар қунишиб, яйраб,
Сандал атрофида - келажак.

II

Дунё куйга бурканган,
Бодроқ ўйга бурканган.
Минглаб уйсиз одам-у
Бўм-бўш уйга бурканган.

Саҳродами, соҳилда
Юлдузлар жимирлашур.
Киприк қоқишларимни
Капалаклар тинглашур.

Тонг хиром айлаб чиқар,
Aёзин қайраб чиқар.
Ёз қуёши қонимда
Қиш бўйи қайнаб чиқар.

Минглаб алп оғам қани?
Мунг билан бирга кетган.
Усмонни қутқаргани,
Осмонни қутқаргани,
Олис Сибирга кетган.

Кўнглимиз конларида
Занглаб ётган сўзлар бор.
Қадамлар ичра тўп- тўп
Қаварган овозлар бор.

Саҳродами, соҳилда
Юлдузлар жимирлашур.
Киприк қоқишларимни
Капалаклар тинглашур.


III

Дарё тошқин, сувлар тўлқин
Ўтолмайман ёр-ёр,
Нигоҳларим - чироғимдир
Сотолмайман ёр-ёр.

Чироғимни ёруғ қилган
Ҳаёйимдир-эй,
Дардларимдан фориғ қилган
Навойимдир-эй...

Дарёларнинг бўйларида
Уйларингиз-эй,
Бунча ёлғон тараладир
Куйларингиз-эй...

Дарё тошқин, сувлар тўлқин
Ўтолмайман ёр-ёр,
Нигоҳларим - чироғимдир
Сотолмайман ёр-ёр.

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

Шоир Зариф Султоний чин дунёсига қадам босибдилар. Аллоҳ раҳматига олсин!

Ортида қолган бетакрор ижодига узоқ умр берсин...

МАҲИНАМ

Сен сандувоч ўлсанг
мен тикон ўлсам
илкингда суманвор гулласа йурак
кўзингдан оқса гар икки шапалак
мен сори учсалар мен ошйон ўлсам

(Маҳинам ишқингдан тўралгум мано)

ғаминг жон истарса
ғамбода ўзим
(не тотлиғ) пойингда йапроғдек ғариб
тўкила қуйундек борсам сарсари
чаманда на отим қолса на тўзим

(ишқдан Сени сўрагум мано)

даштларга бош ола
кетсам оввора
даҳр ҳич кўрмаса бундай сайрни
ва охир лабимдан икки тайрни
Сен сори учирсам Сен келсанг зора

(Маҳинам ишқингдан май ичгум мано)

сўнг бизни лавҳига
йаширса Мавло
иккимиз бир гизли хазина ўлсак
Сен Зариф ўлсанг мен Маҳина ўлсам
йо Мавло кўнглима айтиб вовайло
ишқ баҳридан мен кечгум мано
Сен сандувоч ўлсанг
мен тикон ўлсам

©️Зариф Султоний
Тошкент, 1990

__
@Nozima_Habibullayeva

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Отажон, юзингга харита тушмиш,
Ҳар йўли бир довон,
ҳар изи йиллар.
Бунда интиқ манзил – саодат кутмиш
Дуойинг – энг ҳушбўй чизгилар.

Интиқ далаларга тўкилган меҳринг,
Кетмон қўшиғидек, сув ва ҳаводек.
Дурранг қуримасдан шимарганча енг
Экканинг – ҳалоллик,
Терганинг – ҳалоллик.

Мен ҳусн юқтирдим бунда онамдан,
Елкангга бош қўйдим, эркалик банди.
Сендан ҳақни севмоқ илмини ҳамда
Сабр санъатини ўргандим.

Дўппинг ифорини келтирди баҳор
Боргум, сочинг оқи қамалга шайдек.
Ростгўй одамларни соғиндим ахир,
Кўк чой дамлаб келай, суҳбатлашайлик...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

* * *

Чанг босиб кетасан хотирларимда,
Кулгумла поклайман тасаввур ичра.
Ҳуркак нигоҳларим сийламоқ учун
Тўсатдан учра!

Атай ўйламайман истиҳолада,
Аммо, кўзларимга чизилган аксинг.
Ҳиргойи қиламан –
совуқ хонада
Қаҳва ифорининг буғланар рақси.

Мени ром этмайди кунларнинг бўйи
Дераза ортида чизилган сурат.
Бошимни елкангга жойлаган кўйи
оламда бир тасвир жонланиб юрар.

Сесканиб тўкилар шаффоф манзара,
Ҳаёни ер тизган кипригим чимдир.
Гўё,
Эски филмларнинг тасмаларидек
Ўйимни кузати-иб ўтирар кимдир.

Кимдирни уйғотган соғинч муҳташам,
Келар-у
дийдорга айлайди каманд.
Ва айтиб чиқаман эрталабгача
Кўзингда кўзимни кўрсатганга ҳамд!

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

* * *

Наҳиде* бўғзимдан ўтар сирғалиб,
Ақрабнинг ўзини чақа бошлар тун.
Тонг ели қўшиқдан баттар судралур,
Нега айнан бугун?

Тўлқинлар селидан сўрайди ёрдам,
Ўзига қуйила бошлаган сасим,
Гўё сидирилиб тушар торлардан
Титроқ хўрсиниқлар унган нафасим.

Дераза ечинар,
борлиқ шеър ташир,
Дарахт улоқтирар ёнган вароғни.
Нигоҳим таратган гунглик нотаси
Аллала-аб кузатар сўнгги япроқни....

Манов оғир бошда икки тирқишдан
Наҳиде пичирлар
ва айнан бугун.
Барини кўз юмиб тинглайверишдан
Жуда чарчаганман, тушун...

II.

Ноябрь барига шўнғир кўз юмиб,
Азизим, кўз очиб англаганимдек,
куй ҳам тингласайди мени бир умр
Сен мени,
мен сени тинглаганимдек.

О, сенга шунчалар ярашган вафо!
Кипригим гуллари – тўкилмаган шеър.
Ёнимда сен борсан,
тепамда Худо,
Нега йиғлаяпман, сабаб топиб бер...

*Наҳиде – хонанда

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

* * *

Бу йил қизғалдоққа чиқмоқчи эдик,
Куттирдик,
тун чўкди бағирларига.
Апрел қайтиб кетди, дутори куюк,
Маҳзун қўшиқ сочиб адирларига.

Турналар кўриниш бермади ахир,
Қўл чўзи-иб ҳайқирдим боботоғларда.
Тушимда кулгингни чаккамга тақиб
Арғимчоқ учибман жануб ёқларда.

Бу осмон – тилаклар кетгувчи қутб,
Муждалар тўкилар тўлётган майга.
Ўсмалар қўйсам-у,
йўлларим кутиб
Яшил шаҳарларнинг қоши қорайган.

Соғинчлар чулғаса елга ашъор айт,
Кўнглим тўқ, фақат сўз маҳбубларингдир.
Қуёш ёниб кетсин, кўпроқ исинай –
Варрак қилиб учир мактубларингни

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Тангри бир куч берса йиқилган саринг
Бир елкангга дунё, бирига зора
онангнинг жамики изтиробларин
Ортсанг-у енгиллаб борсанг тобора.

Отанг сочидаги бари оқликни
Жами кўнгилларга тарқатиб чиқсанг.
Чумолини эзган, лайчадан қўрққан
Оёқларни фақат йиқитсанг, йиқсанг!

Муҳтожлик кўргазса фақат Ўзига
Инсоф бераверса токи тавбаранг,
рўмолингни ўраб, йиғлаб саждада
Ер билан қоришиб кетса пешонанг!

Ишқ берса,
Ишқ берса унда Ўзи жам
Манглайингга бахтнинг нафаси етса.
Сўнг,
Шукр этсанг ожиза яратганига
Бошингни бир алпнинг елкаси тутса...

Яшасанг, дунёни унутсанг.

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

ТАШРИФ

Баландроқ кўтаринг осмонни,
Бошимга йиқилиб тушмасин.
Кўзингиз қадалган замонда
Кўзларим – дунёнинг тугмаси.

Ечилиб кетмасин саволлар,
Умидвор бўлмасин сағана.
Кўнглимиз мавлудин нишонлар
Фалакка ағанаб-ағанаб.

Сўйламиш Кўҳи Қоф қушлари
Сидралар эккувчи бизлигин.
Энг инжа сирларни ҳушладим
Очмасдан сўз дегум, сиз дегум.

Ва бунда жонланар Беҳистун
Боғлардан таралмиш шеър иси.
Кўксингиз отида бир узун
Йўл босиб ўтгаймиз, йўл босиб.

Шамсинур аслида қаҳрабо,
Туннинг-да зарраси нурга тенг.
Шунчалар гўзалки қаҳратон
Ташрифи не кечар баҳорнинг?

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Мени қийнайверар ўйларнинг ранги,
Чизишга маҳорат берганинг чинми?
Қай оҳанг ювади руҳимнинг чангин –
Овозим бутунми?

Соҳилда юрсанг-да тошлар ғичирлар
ва ёки шивирлар,
қай бири ўнғай?
Қандай безанади энг гўзал сирлар,
Туш менга кирарми ва ё мен унга?
Симобдан куйдирги модда барқарор
ич-ичга ютилган қултум йиғида.
Номини излайман,
қандай нафас бор –
чилтор ва бармоқнинг оралиғида?
Нима деб аталар руҳдаги поён?
Бахтиёрлик аро кезган ҳавотир?
Мени яратган сўз минг йилдан буён
бўғзимга тирмашиб ўрмалаётир.

Агарда яралсам бари-барида
Ўтмишга айланса кеча-бугунлар.
Чанқоқ босган каби илдизлари-ла
Мени излаб ўсса дарахтлар, гуллар...

Менинг исмим борлиқ, йўқликларим жим,
Худоё, бу қандай армуғоний ҳис?
Қайтадан яшалса агарда умрим,
Қай сўзнинг қошида тиз чўкайин, тиз?!

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

"Кўзлари-мўжиза"-деди, денгизлар,
Денгизни севдим.
Соҳилга сув сепди ўйноқи қизлар,
тенгсизни севдим.

Ёпинсам,оловлар " соғинчмиз"- деди,
Самандар бўлдим.
Учирган кипригинг қўлимда эди-
Қаландар бўлдим.

Сўзлар келаверди шунчалар тотли,
"Тилим чайнадим"*.
Кўзларим четидан тоша бошладим-
қайнадим!

Мени чорлар эди муҳташам гирдоб-
Оҳанграбоми?
Ё ҳар бир ҳалқаси- битта коинот,
Бутун самоми?

Тасдиқлар экансан киприк қоқишда,
Мени найладинг?
Заминнинг жамийки дов-дарахтлари
таъзим айлади.

Мўжизалар ичра ғойиб бўлмоқни
қанчалар кутдим,
Қай куни қайдадир келдик юзма-юз-
Боқишни унутдим...

Қарасам, юрагим қоларди тўхтаб,
Қўрқувни тутдим.
Бир умр кўзингда яшаб, кўзимдан
чиқолмай ўтдим.
-----------------------
(*-- Абдували Қутбиддин сатри)
-----------------------
август, 2021
Nozima Habibullayeva
@wwwesdalikuz

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

ВАТАН

1

Сенда тушиб, сенга учган
Кипригимми, кипригимми?
Тўмариснинг ишқи кўчган
Мозий ва дил кўпригимдир.

Дард тўкилар жавонингдан
Доира чалолмам най туриб,
«Вата-ан!» дейми товонингдан
Битта тикан олмай туриб?

Юрагимнинг мен бормаган
ерларида ҳам ўзингсан.
Худо ҳали юбормаган
шеърларимда ҳам ўзингсан.

Минбарлардан минг бор кечгум,
Чорла! Айла керагингга.
Ҳечқурса бир асл, ичкин
Бир сўз экай юрагингга.

Аввалим-у охирларим,
Бунёди Ҳақ, сенинг номинг.
Минг чақирим томирларим
Сенга олиб борсин, омин!...

2

Жонимга тегади
бир хилда сўзлаб
кўчирма ҳайқириқ унган бағирлар
Жонимга тегади.
Сеничи, юзлa-аб
қуп-қуруқ мадҳлару
бақир-чақирдан
Бошинг оғримасми?

Бўғзимни йиртмадим
тўкилма дея
Булутдан нур ёғур ахир савасам.
Садарайхон бўйли, меҳри олия
Бувимга расмингни
чизиб севасан.

Гарчи қўлларимда
эди дуторим,
Янги куй чалмасам
бармоғим кессин.
Қанча юксак турсанг
шунчами орим,
Муносиб севмоққа
қадар жим севгум.

Меҳрнинг нусхаси бўлмаганидай
Ич-ичимдан кўчиб
чиқмас кўчирма.
Шеърдан садарайҳон
бўйи уфурмай
Ўзимни чизолмай севсам, кечирма!

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

Сиз кулдингиз.
Жилмайдим мен ҳам.
Ҳеч келмади тилга маломат.
Мен кутмайман- соғинманг сиз ҳам
Борлигингиз учун минг раҳмат.

Сукут аро тўймадим сўзлаб -
Ҳаммасини бўлар тушунса.
Илтифотлар кетяпти нураб...
Баҳсга тортар бошқа тушунча.

Ҳаммасини англайман мен ҳам:
Манзил кўрмас йўлни севганлар.
Тўлиб кетган қанчалар ўпкам -
Ҳижолатбоз кўзингиз англар.

Айбламайсиз.
Аяйман мен ҳам,
Висолдан ҳам гўзал бу қийноқ.
Узоқлашдик мана бир қадам...
Йиғламайсиз.
Йиғламайман йўқ!..

Мен тақдирни англадим бу кун,
Ҳауотимда сизсиз севги бор.
Ҳижрон йўқдир!
Яшамоқ учун
Хотирамнинг мангу умри бор.

✍️Мафтуна Муҳаммадаминова

@wwwesdalikuz🍂

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***
Гоҳ ёмғир гоҳ қуёшдан дасхат
Олган тилсим,
ким дастлаб кўрган.
Ёниб кетган минг чақирим хат -
Кўзларимни ўқишни ўрган.

Бир сўз дема ва жавоб кутма,
Бу сўнгги он, дариғлар тутма,
Эслаб қол!
Бир умр унутма!-
Кўзларимни ўқишни ўрган.

Йўл кўринур йўл қарай десанг,
Сўнг кетавер қай борай десанг,
Ҳечйўқ яшашга ярай десанг,
Ишқда савод чиқарай десанг-
Кўзларимни ўқишни ўрган.

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

***

Билсанг, ранжга бегоналашдим,
Айтганингдек айландим ўзга.
Парилардан кулгу талашдим,
Баҳорлардан ўзганим ўзган.

Икки торга айландик қадим
Муҳаббатнинг дуторларида.
Ва ўзимни яшай бошладим
Шеърларингнинг ифорларида.

Ранглар шунча кўпмиди, наҳот,
Мўйқаламинг узиблар ўтма.
Дунга киприк қоқмайман! Фақат
Сендан ранжиб қолмай,
қўрқитма...

Индамайман шунинг учун ҳам,
Сўзларимни кесиб бораман.
Ёмғир ювган сочларим билан
Ҳаёлингда эсиб бораман.

Сўнгра кулиб қўяман шўх- шаън,
Ҳабар кутиб уйқуйинг ярим.
Мудраётган мен, кўзларингдан
Тўкилади шаффоф тушларим...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

Eng shirin she'rim! Jannatnafasim, tashrifingiz qutlug‘ bo‘lsin dunyoyimizga! 🥰 😍
Sizni tortiq etgan Yaratganga behad shukr.

Umringiz umrimizni gullatsin, olamni bezasin ilohim! 🤲🎀

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

#retro

* * *

Йўлдаман...
Қадамим сиздан иборат
Томирларим ичра сўқмоқ айланар.
Учар гиламларда этдим ибодат
шайлана-а шайлана...

Йўлдаман,
сочимда туннинг либоси
елпиб бораётир ҳаёлингизни.
Сарғайган соғинчлар бўлиб силовсин
ютмоқчи бўлдилар ғизолингизни.

Ахийри,
қанотим остида борлиқ,
Ахийри, тонгларнинг бари парирўй.
Йўлдаман –
Манглайда Ишқ деган ёрлиқ,
Ахийри, сўнгагим сипқоради куй.

Оҳангдек қўнаман кўк ҳовузига,
Кўзимга тўлдириб ойнинг нурларин.
Чорлайди
осмонни ларзага солиб
бунда кўксингизнинг чўнг дупурлари.

Йўлдаман...

Бағрингизга қўйиб энг гўзал тузоқ,
Бир кутинг, сўнгги бор кутинг-у,
ёнган
келган йўлларимни нурга оқизоқ
этинг-у
Чўктиринг икки дунёга!...

Читать полностью…

Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА

"Qiyomatga qadar savolimsan Sen,
Qiyomatga qadar javobing menman!..."


✍Nozima Habibullayeva
🎙Shahlo Temirova


@Nozima_Habibullayeva

Читать полностью…
Подписаться на канал