Ўзбекистонда “буллинг” тушунчаси қонунчиликка киритилмоқда
"Болаларни зўравонликларнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасига кўра қуйидаги ҳаракатлар буллинг сифатида баҳоланади:
— бир гуруҳ болалар ёки бир боланинг бошқа болага ёки болаларга нисбатан ҳақоратли лақаблардан фойдаланиш;
— бола билан ҳар қандай мулоқотни чеклаб қўйиш;
— унинг мол-мулкини қўлга киритиш ва зарар етказиш;
— унинг ўзига хос жисмоний, психологик ёки интеллектуал хусусиятларини оммавий муҳокама қилиш;
— Медиа ва интернетда боланинг шаъни ва қадр-қимматини камситиш ёки соғлиғи ва ҳаётига зиён етказишда ифодаланган,
муттасил психологик ва жисмоний тажовузкор ҳаракатларни амалга ошириш.
Янги қонун лойиҳаси билан “буллинг” болаларга нисбатан зўравонлик ҳаракати сифатида квалификация қилинади.
👉@Zafarbek_Solijonov
Ижтимоий ҳимоя агентлиги қонунчилик ташаббуси бўйича байроқни олиб, олдинга югуряпти. Сал олдин агентлик директори ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева “зўравонлик содир этганларга нисбатан чораларни кучайтириш зарур. Зўравонлик ҳолатлари бўйича фактларни яширган ёки эътиборсиз қолдирган мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш шарт” деб айтганди.
Кеча “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги махсус қонун ишлаб чиқилаётгани айтилди. Унга кўра, энди қўлланган жазо, судланганлик ҳолати тугатилган ёки олиб ташланган, авф ёки амниция акти қўлланилганидан қатъи назар жинсий зўравонлик содир этган шахснинг болалар билан бевосита боғлиқ соҳаларда ишлаши буткул тақиқланади.
Қўшимчасига, жинсий зўравонлик содир этган шахсларнинг реестри ҳам юритилади. Унга киритилган шахслар иш ва яшаш жойини ўзгартирганда ички ишлар органига хабар берилиши шарт бўлади.
Бугун нетфликсда "Звук свободы" деган голливуд фильмини кўргандим. Махсус агент ҳақида зўр фильм. АҚШ киносидаям айнан болаларга нисбатан зўравонлик (жинсий) мавзуси кўтарилган ва эпизодда шу каби жиноятни қилганларнинг онлайн рўйхати юритилишига кўзим тушганди. Энди ўзимиздаям шу тизим ишга тушади.
❗️Маълумот учун, шу йилнинг 9 ойида вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлса, улардан 417 таси (30 фоиз атрофида) жинсий зўравонлик бўлган.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Андижон давлат университетида қарийб 40 млрд сўм нақд пул талон-торож қилинган
Ҳисоб палатасининг ягона “Масофавий назорат” маркази таҳлиллари асосида аниқлашича, Андижон давлат университетида жами 39,3 млрд сўм нақд пул маблағлари талон-торож қилинган. Жумладан:
➖контракт маблағлари ҳисобидан стипендиясиз шаклда таҳсил олган 8 761 нафар талабага 25,1 млрд сўм ортиқча стипендия ҳисобланиб, тўлов қайдномалари сохталаштирилган;
➖талабалар томонидан тўланган 9,3 млрд сўм тўлов-контракт суммалари университет ҳисоб рақамига кирим қилинмаган;
➖талабаларга ҳисобланган 2,7 млрд сўм рағбатлантириш маблағлари тарқатилмасдан, уларнинг имзолари сохталаштирилган;
➖бюджет маблағлари ҳисобидан 2 226 нафар талабага битта давр учун икки мартадан 1,1 млрд сўм ортиқча ҳисобланган стипендия ўзлаштирилган;
➖талабалар ётоқхона ижарасидан тушган 911,8 млн сўмлик нақд пуллар университет ҳисоб рақамига кирим қилинмасдан ноқонуний ўзлаштирилган.
➖университетга хизмат уйи харид қилиш учун жисмоний шахс билан 2,5 млрд сўмлик тўғридан-тўғри шартнома тузиб, шундан 300 млн сўми нотўғри ўтказилган.
Аниқланган ноқонуний ўзлаштирилган маблағлардан 5,1 млрд сўми ундирилиши таъминланди. Текшириш якуни билан расмийлаштирилган ҳужжатлар тўплами ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
👉 @Zafarbek_Solijonov
❗️Қишда яна светсиз қолмаймизми?
Ўтган йили қиш эсингиздами, аномал совуқ туфайли энергетика тизимида узилишлар кузатилганди. Бу йил нима бўлади деган савол қишлоқ-у шаҳарга қизиқ а? Маълумотларга кўра, буни олдини олиш учун 2023 йилнинг биринчи ярмида республика миқёсида 748 та трансформатор алмаштирилди, 7548 та трансформатор таъмирдан чиқарилди, 2 минг 940 километр ўтказиш линиялари янгиланди, 22 минг 112 километр электр узатиш тармоқлари мукаммал таъмирланди. 1257 та подстанция эса юқори технологик усулда қайта жиҳозланди.
Давлат ўз функциясини шундай бажариб турса, энергоресурслар таъминланса, янги электростанциялар қуришда давом этса, ўтган йилги ҳолат бир умрга тарихга айланади. "Қиш келяпти" деган ҳавотир ҳам.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Сенат раиси Танзила Норбоева UNICEF'нинг Европа ва Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Регина Де Доминицис билан учрашди. Янги директор ушбу лавозимда июль ойида иш бошлаганди. Европада нуфузи баланд. Сербия, Марокаш бўйича катта тажрибага эга ушбу аёл демократия ва фуқаролик жамияти қуриш бўйича ҳам яхшигина билимга эга.
Опадан кўп нарса олсак бўлади, айниқса гуманитар ёрдам керак бўлиб қолса ҳам. Танзила опа билан озиқланиш стандартлари, болаларда ирсий касалликлар олдини олиш, ижтимоий ҳимоя механизмини ишлаб чиқиш ва бошқа шу каби лойиҳаларда суҳбат қуришди. Ижтимоий давлат сиёсати давом этмоқда.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Маҳаллаларда ёшлар билан ишлаш масалаларини мувофиқлаштириш бўйича Республика комиссияси делегацияси Россия Федерациясига борибди.
Республика комиссияси 9-20 октябрь кунлари Россияда таҳсил олаётган ва меҳнат қилаётган ўзбекистонлик ёшлар билан очиқ мулоқотлар ўтказиши режа қилинган.
Айни пайтда Комиссия раиси Қаҳрамон Қуранбоев бошчилигидаги комиссия аъзолари Новосибирск шаҳрида бўлиб, ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари учун мўлжалланган ётоқхоналар билан танишмоқда.
“Ўрганишлар жараёнида ётоқхонада истиқомат қилаётган 62 нафар ҳамюртимизнинг таклифлари тингланди, масалалар йўл харитасига қўшилади”, – дейди Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Калифорнияда бўлиб ўтган Pitch Day якунларига кўра, Ўзбекистоннинг “Tecnas” жамоаси “Social Impact Award” номинациясида ғолиб бўлди. Бу ижтимоий муаммолар ечимига ҳисса қўшган энг яхши лойиҳа учун мукофот саналади
Бу нафақат жамоа учун, балки Ўзбекистондаги Technovation Girls ҳамжамияти учун ҳам муҳим ғалаба. Technovation Girls Uzbekistan лойиҳаси Yandex Go кўмагида ташкил этилганини алоҳида қайд этиш лозим.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Фанлар академиясининг эртароқ билдирган эътирозига кўра, Давлат активларини бошқариш агентлиги Ботаника боғини 7 октябрь, бугун рўйхатдан чиқариб ташлабди. Буёғи ростан қизийдиганга ўхшайди. Гап хатловга олинган 262 та боғ ҳақида кетмоқда, Ботаникадан ташқари. Нималар бўляпти ўзи, дўстлар?)
P.S. Менга маълум қилишларича, 262 та паркдан 195 таси давлатга тегишли, қолгани хусусий парклар. 195 давлат паркларидан 160 таси (қолган 35 таси бошқа давлат ташкилотлари) шундоқ ҳам хокимиятлар балансида. Фақат ҳар хил вилоят, туман ва шаҳар ҳокимиятлари балансига сочилиб кетган, уларни бошқариш ва назорат қилиш қийин. Шунинг учун Қорақалпоғистон Республикаси, 12 та вилоятлар ва Тошкент шаҳрида (жами 14 та) давлат муассасаси кўринишида дирекциялар ташкил қилинади. Ҳар хил “юзталаб” ҳокимликлар эмас, битта эгаси бўлиши учун. Шунда бошқариш ҳам, назорат ҳам яхши бўлади.
👉 @Zafarbek_Solijonov
"Ботаника боғи" масаласи айни вақтда жамоатчилик диққат марказида турибди. Фанлар академияси муносабатига кўра, мазкур ҳужжат Давлат активларини бошқариш агентлигининг лойиҳаси бўлган. Академия масъул ижрочига боғланиб, қатъий эътирозини билдириб, қарор лойиҳасидан боғни чиқариб ташлашни сўраган. Бироқ Давлат активларини бошқариш агентлиги бу ҳолатларни ҳисобга олмаган. Фаоллар лойиҳа жамоатчилик кўра олмайдиган, ёпиқ project.gov.uz порталига жойлаштирилганини ҳам айтмоқда.
Ўзбекистонда яна қизиқ ишлар бўлмоқда. Солиқ ва халқ мулкини сотишдан кун кўрадиган агентлик нимани кўзлади? Ҳеч ким билан ҳисоблашмаслик президент Мирзиёевнинг сиёсатига зид эмасми, ахир? Жаноб президент, Тошкентда шундай ҳолатлар бўлаётганидан хабарингиз борми? Акмал Ортиқов бошлиқ бўлган ушбу ташкилот нега бошқа ташкилотларнинг эътирозини ҳисобга олмайди? Ўзи умуман яшил ҳудуд, боғлар бунақа лойиҳаларга яқинлаштирилмаслиги керак. Бироқ бу каби ҳолатлар коррупция билан боғлиқ шубҳаларимизни янада кучайтирмоқда.
👉 @Zafarbek_Solijonov
"Ботаника боғи" масаласида Сенат қатъий эътироз билан чиқди.
Муносабат
👉 @Zafarbek_Solijonov
“Парламентда ёмон одам йўқ”
Парламентда табақаланиш борми?
Парламент ички “кухняси” ҳақида депутат Дониёр Ғаниев ва собиқ депутат Расул Кушербаев иштирокида подкаст
Рекламаларда пепсичилар "таъмлар жанггида яна ғалаба қозонди" деб ўзининг маҳсулотини мақтаса, кока-кола маркетинги, реклама тарихини яхшироқ билган инсон сифатида кулиб қўяман. Кола бу борада анча-мунча янги компанияга тайёр намуна бўла олади. Яланғоч иқтисодиёт китобида кола бўйича яна бир қизиқ маълумот ўқиб қолдим.
1989 Берлин девори қулаётган пайтларда "Coca-Cola Europe" компанияси бошлиғи Дуглас Ивестер кескин қарор қабул қилди. У сотувчилар армиясини кола ичимлигини тарқатиш учун Берлинга жўнатди. Кола текинга тарқатилди. Айрим ҳолларда Берлин деворидаги туйнуклардан узатишди. Улар ўша вақти нарх ҳақида ҳам ўйламасди. Ҳатто бозорни эгаллаш учун ҳали валютаси қийматсиз бўлган Шарқий Германияда улгуржи савдолар учун текин музлатгичлар қўшиб берди.
Натижа эса кутилганидан кўра зўр бўлди. 1995 йилга келиб коланинг Шарқий Германиядаги истеъмол даражаси барқарор бозорга айланиб улгурганди. Ғарбий Германияга тенглашганди. Ўша давр маркетологлари Шарқий Германияда келажакни олдиндан кўргандек эди гўё. Кола шундай буюк тарихга эга компания. Лекин ўзим кола ҳам, бошқасини ҳам ичмай қўйдим. Соғлиғим ҳаммасидан устун бўлгани учун😁
👉 @Zafarbek_Solijonov
Тошкент кинофестивалида дубляжга алоҳида эътибор қаратилибди…
Бугун “Ўзбекфильм”да овозлари қулоқларимизга яхши таниш бўлган, қадрли ва севимли овоз соҳиблари – дубляжчилар бир жойда жамланишибди. ХВ Тошкент халқаро кинофестивали олдинги йиллардагидан фарқли равишда бу йил айнан дубляж санъатига ҳам алоҳида эътибор қаратгани билан кишини хурсанд қилади. Ўзбек дубляжига бу йил 85 йил тўлибди.
Мен яқин-яқингача болливуд актёри Шоҳруҳ Хоннинг фильмларини фақат Санжар Саъдуллаев овози билан кўришга ўрганиб қолгандим. Бу йил 85 ёшга тўлган ўзбек дубляжи янада ривож топишини истаб қолган бўлардим.
Кинофестивал доирасида ўтказилаётган тадбирлар ва бошқа янгиликларни @tiffest телеграм канали ва tiffest.uz сайтида кузатиб боришингиз мумкин.
Сентябрь ойи тугамоқда. Анъанага кўра, замонавий, дунёвий ва либерал қатламга мансуб ижодкорлар, олимлар ва блогерларнинг каналларини тавсия қиламиз.
Қулайлик бўлиши учун барча каналларни битта линкда тўпладик. Линк орқали барча каналларга аъзо бўлишингиз мумкин. Бирма-бир кўриб, саралаб ҳам аъзо бўлишингиз мумкин, буёғини ўзингиз ҳал қиласиз.
Марҳамат хаволага 👉🏽 босинг.
Сенат Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга оид қонунни мақуллади.
Унга кўра:
➖миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларнинг бошқа тоифа фуқаролардан устунлигини ёки нуқсонли эканлигини тарғиб қилганлик, никоҳи қонунда белгиланган тартибда қайд этилмаган шахслар ўртасида никоҳ тузишга доир диний маросимни амалга оширганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгилаш назарда тутилмоқда.
➖Қонун лойиҳаси билан икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилганлик, хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқлилигини очиқдан-очиқ инкор этганлик учун маъмурий жавобгарлик белгиланмоқда.
➖жамоат жойларида шахсини идентификация қилиш имконини бермайдиган даражада юзини тўсган ҳолда бўлганлик учун маъмурий жавобгарлик чораси киритилмоқда. Бунда жавобгарликни истисно қилувчи ҳолат сифатида тиббий кўрсатма асосида ёки меҳнат ва хизмат фаолияти билан боғлиқ ҳолатларда ёхуд йўл-транспорт ҳаракатида хавфсизликни таъминлаш учун кийиладиган махсус бош-кийимда ёки спорт ва маданий тадбирлар пайтида уларнинг иштирокчилари томонидан, шунингдек, қонунчиликда рухсат этилган бошқа ҳолатларда юзини тўсган ҳолда бўлиш ҳолати белгиланмоқда.
👉 @Zafarbek_Solijonov
"Ўзбекистонлик" фильмларининг навбатдаги эпизоди премьера қилинаркан. 19 октябрь куни телевидение ва Youtube'да эфир мўлжалланган.
Бу сафар объективлар Европа Тикланиш ва Тараққиёт Банкида раҳбар лавозимларга кўтарилган Камола Маҳмудова ҳамда Кембридж университетидаги ҳурматли ўзбек олим Тимур Юнусовга қаратилибди.
"Ўзбекистонлик" фильмлари ўзининг ҳаётийлиги билан кўпчиликнинг эътибори ва меҳрини қозонди. Дунёнинг катта марказларида катта натижаларга эришаётган ўзбекистонликлар ҳам худди сиз билан мендек оддий одам ва жуда кўп қийинчиликларни бошдан кечирган. Мана шуни Uzbekistan's club ижодий жамоаси яхши очиб беради.
Ука-сингилларимизга нафақат қахрамонлар (role models) зарур, балки уларни юлдуз қилиш, бу ўта шовқинли замонимизда эътиборни жалб қиладиган йўл билан уларни кўрсата олиш ҳам муҳим.
Ëшларда "мен ҳам бир кун "Ўзбекистонлик" фильмида чиқаман" деган орзу пайдо бўлса, албатта, биздан яна ҳам кўпроқ муваффақиятли инсонлар чиқади.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Ушбу кейс давлат сиёсати ва хавфсизлиги билан боғлиқ олийгоҳлардан ташқари барчаси зудлик билан хусусийлаштирилиши шартлигини кўрсатмоқда. Кийим "қўриқчиси" бўлган вазирлик штатлари ҳам максимал даражада қисқартирилиши лозим.
👉 @Zafarbek_Solijonov
“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида биринчи ўқишда қабул қилинибди.
Мазкур лойиҳа билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказиш, сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ҳамда Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш кўзланган.
Айни пайтда лойиҳа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали ва Қонунчилик палатаси расмий сайтига жамоатчилик муҳокамаси учун юкланган. Таклиф ва мулоҳазаларни 24 октябргача юбориш мумкин.
👉 @Zafarbek_Solijonov
"Афросиёб"да ушбу сайёҳ 15 доллар тўлаб, жойини экономдан бизнес классга ўзгартиргани кескин муҳокама бўляпти. Ўша вақтдаги бошлиқ ҳам ишдан кетганакан. Лекин кўпчилик икки масалага эътибор қаратмаяпти. Нима учун бўш бизнес класслар кўпинча топилади? Ушбу жойларни қайсидир ташкилот доимий тарзда банд қиладими? Банд қилса, фойдаланмаса, бюджетдан маблағ барибир ўтказиладими? Бизнинг пулми?
Иккинчи масала эса ходимларнинг ойлик масаласи. Тўғри, бундай қилишга ҳаққи йўқ. Бироқ уларнинг ойлик миқдори ҳам яхши эмас. Ўзим кўп гаплашганман. Қандай ушбу ойликка кун кўряпсизлар деб ҳайрон қолардим. Кейинроқ ҳайрон бўлмай ҳам қўйганман. Ойлик пастлиги ва коррупцион "дарчалар" алоҳида масала. Айтганча, анави сайёҳга айтиб қўйинглар, камида икки баробар қимматга "кийдиришибди" афросиёбчилар, таржимон билан юрсин, пул қизғонмай😁
👉 @Zafarbek_Solijonov
Дахшатли статистика: Ўзбекистонда 2023 йилнинг 9 ойида 166 нафар бола ўз қариндошлари томонидан зўравонликка учраган.
Бугун Тошкент шаҳрида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги ва UNICEF иштирокида зўравонликка учраган болалар масаласида йиғилиш бўлиб ўтди.
Айтилишича, Ўзбекистонда 2023 йилнинг атиги 9 ойи давомида вояга етмаганларга нисбатан 1240 та зўравонлик ҳолатлари қайд этилган. Улардан 417 таси жинсий зўравонлик ҳолатларидир.
“Афсуски, оилада ёки таълим ва бошқа муассасаларда болаларга нисбатан зўравонлик фактларини била туриб, одамлар кўп ҳолларда боланинг тақдирига бефарқ бўлишади” — деди Шаҳноза Мирзиёева.
Унинг сўзларига кўра, зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан чора-тадбирларни кескин кучайтириш зарур.
Бундан ташқари, фактларни яшириш ёки зўравонлик ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларга жавоб бермаслик ҳолатларида мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини ошириш кераклиги айтилди.
Ушбу ҳолатларни олдини олиш учун “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги махсус қонун ишлаб чиқилмоқда.
Унга кўра, Ўзбекистон бўйлаб қизлар ва ўғил болалар учун оилавий маслаҳатлар, руҳий саломатлик ва руҳий-ижтимоий қўллаб-қувватлаш, ҳаётий кўникмаларга ўргатиш ва хавфсиз уй-жойдан фойдаланиш имконини бериш, фаровонликни таъминлаш ва зўравонлик, қўрқув ҳамда зарардан ҳимоя қилиш каби хавфсизлик чоралари қўлланади.
Миллатни бу каби ҳолатлардан қутқармай туриб, ислоҳотларни тўлиқ амалга ошириш имконсиз. Давлатнинг ушбу ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлайман. Аниқ йўналишларга ўтилаётганини олқишлайман.
👉 @Zafarbek_Solijonov
“Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” йўлга қўйилгач, кам таъминланган оилаларга бола пулини бериш тизими ўз йўлига тушиб олганди, чунки бу ваколат маҳалла раисларидан дастурнинг ўзига ўтган эди.
Аммо айрим “уддабурон” раислар вақт ўтиб дастурни ҳам тилини топганга ўхшамоқда. Масалан, аризани дастурга киритиш учун пенсия бўлимларига ҳужжатларни олиб бориш маҳалла раислари ваколатида қолдирилган экан. Бу дегани рақамлаштириш 100% йўлга қўйилмаган. Демак, бола пулини тайинлаш жараёни мутахассислар томонидан яна бир ўрганиб чиқилиши ва уни доимо мукаммаллаштириб бориш лозим.
Мисол учун, бир маҳаллада бола пулини бозорда савдо қиладиган, ўзига тўқ тадбиркор олади. Бу каби қонунга тўғри келмайдиган ишлар ҳар доим халқнинг эътирозига сабаб бўлиб келади.
👉 @Zafarbek_Solijonov
“Asaxiy Books” лойиҳаси 5 ёшга тўлди!
Бу муддат давомида лойиҳа юртимизда китобхонлик маданияти ривожига катта ҳисса қўшди. Жаҳоннинг бестселлер асарларини ўзбек тилига таржима қилиб чоп этди. Ўзбекистондаги барча нашриётларнинг китобларини онлайн ва офлайн тарзда сотуви йўлга қўйилди. Ҳатто чекка қишлоқдаги одамлар ҳам ҳозир буюртма бериб китоб ўқишлари мумкин.
Бундан ташқари, Asaxiy Books иловаси орқали чет элдаги китобхонларимиз ҳам ўзбек тилидаги китобларни электрон ва аудио форматда мутолаа қилишлари мумкин.
Лойиҳанинг беш йиллигига атаб ажойиб байрам совғаси тайёрланди. 6-7-8 октябрь кунлари Asaxiy.uz сайти ҳамда китоб дўконлари орқали харид қилинган ҳар икки китоб учун битта китоб совға қилинади. 10та китоб олсангиз, 5та китоб совға қилинади.
Бунақаси ҳали бўлмаган, шошилинг!
Давлат активларини бошқариш агентлиги муносабат берди:
Таъкидлаш жоизки, давлат маданият ва истироҳат боғларининг бино-иншоотларининг мол-мулки ва ер майдонларининг ноқонуний бегоналаштирилиш ҳолатлари аниқланган ва бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида Маданият вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, 12 та вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда республика ҳудудидаги барча маданият ва истироҳат боғлари хатловдан ўтказилган.
Хатлов натижасида ҳудудлардаги 262 та боғлар 153 та ташкилотлар тасарруфида бўлиб, уларнинг айримлари ташландиқ ва қаровсиз ҳолга келиб қолганлиги, уларни бошқариш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмаётганлиги аниқланди ва улардан самарали фойдаланиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.
Ишлаб чиқилган таклифлар тегишли қарор лойиҳаси кўринишида келишиш учун 11 та вазирлик ва идораларга, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларига Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳасини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизими (project.gov.uz) орқали юборилган.
Лойиҳада боғларни хусусийлаштириш ёки бошқача тартибда бегоналаштириш кўзда тутилмаган.
Ўз навбатида, Фанлар академияси мазкур қарор лойиҳасидан “Ботаника” боғини чиқариш бўйича ўз таклифларини project.gov.uz тизими орқали бугун 2023 йил 7 октябрь куни (бугун😁) тақдим этган.
Фанлар академиясининг ушбу таклифи асосида “Ботаника” боғи қарор лойиҳасидан чиқарилган.
Мазкур қарор лойиҳаси барча вазирлик ва идоралар, жамоатчилик фикрини инобатга олган ҳолда қайта ишланган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритилади.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Ботаника боғи Тошкент шаҳар ҳокимлиги балансига ўтказилмайди ва ҳокимлик мазкур қарор ташаббускори эмас. Ҳокимлик ушбу илмий даргоҳнинг мамлакат экотизимини асраш, ўсимликлар генофондини сақлаш ва кўпайтиришдаги аҳамиятини эътироф этади ва уни истироҳат боғига айлантиришга йўл қўймайди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги
👉 @Zafarbek_Solijonov
project.gov.uz порталига Вазирлар Маҳкамасининг “Истироҳат боғлари фаолияти ва бошқарув тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси жойлаштирилибди.
Унда Тошкент Ботаника боғи Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги “Истироҳат боғларини бошқариш дирекциялари” давлат муассасаси балансига ўтказилиши белгиланган.
Ўзбекистон Экологик партияси Ботаника боғига Миллий боғ мақомини бериш орқали унинг нуфузини ва муҳофазасини кучайтириш керак деб ҳисобламоқда. Мазкур масала бўйича партия Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракция номидан Ҳукуматга депутатлик сўрови юборган.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Назиров Абдулазиз Абдурасулович “Ўзбекистон Республикаси Президентининг Беш ташаббус лойиҳа офиси” директори лавозимига тайинланди. Бунга қадар у Ёшлар ишлари агентлиги Тошкент шаҳар бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият юритган.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Давлат ўқитувчига қандай муносабатда бўлса, аҳолиси ҳам шундай муносабат кўрсатади. Далага ҳайдаб, қалам ушлайдиган қўлга пахта чаноғи ушлатилса, одамлар ҳам ўқитувчига номуносиб, ёмон муносабатда бўлади. Ўқитувчини урадиган инсонлар ҳам юқоридаги каби бошқарувнинг ҳосиласи бўлади аслида.
Бошқарув ўқитувчини эъзозласа, ўқитувчига ҳамманинг муносабати ижобий томонга ўзгаради. Унга йўл кўрсатувчи касбдек қарашади. Шунда видеодагидек тадбиркорларимиз ҳам кўпаяди. Самарқандлик тадбиркор ўзининг ўқитувчисига икки хонали уй совға қилди. Вазир Ҳилола Умарова ҳам ўқитувчисига шундай ҳурмат кўрсатган тадбиркорни қуруқ қолдирмоқчи эмас.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Устозлар ҳақидаги бир дона савол ўзбекистонлик санъат вакилларини ўйлантирди, довдиратди, кўзларини ёшлатди...
Сиз нима деб жавоб берган бўлардингиз бу саволга? Мен ҳам ўйланиииб қолдим...
👉 @Zafarbek_Solijonov
4,3 миллиард долларлик инвестиция
2027 йил якунига қадар Ўзбекистонда Германия, Франция, Нидерландия, Япония ва Туркия давлатларининг халқаро тажрибага эга бўлган компаниялари томонидан умумий қиймати 4,3 миллиард АҚШ долларига тенг тўғридан-тўғри хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига умумий қуввати 6 минг 457 мегаваттга тенг бўлган 10 та замонавий иссиқлик электр станцияси ишга туширилади.
👉 @Zafarbek_Solijonov
Танзила Норбоева — янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигига мутлақо дахл қилмайди
Янгиланган Конституциямизга кўра, Ўзбекистон – ҳуқуқий, ижтимоий, дунёвий давлат. Конституция эса биринчи навбатда, Ўзбекистон ягона халқининг хоҳиш-иродасини ифодалайди.
Киритилаётган нормаларни кўриб чиқишда, энг аввало, ана шу муҳим жиҳатларга эътибор қаратишимиз лозим. Биз миллий урф-одатлар, шу жумладан диний қадриятларни юксак эъзозлаган халқмиз. Лекин шу билан бирга, жамиятимиз, давлатимиз ҳаёти қонун устуворлиги шароитида кечиши зарур. Ўзбекистон фуқароси бўлган ҳар қандай шахс бунга сўзсиз риоя қилиши шарт!
Бугунги кунда никоҳ тузиш масаласига бирёқлама, қонун доирасидан ташқарида, фақат диний маросим нуқтаи назаридан қараш, бу борада қонун билан ўрнатилган талабларни писанд қилмаслик, уларни била туриб инкор қилиш ҳолатлари – кейинчалик ҳуқуқий жиҳатдан ечим топиш мушкул бўлган ижтимоий муаммоларни келтириб чиқараётгани барчамизга маълум.
Қонуннинг бошқа нормалари ҳам жамиятимизда ижтимоий-ҳуқуқий, маънавий-аҳлоқий муҳит барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Шу ўринда айтиш муҳимки, мазкур янги нормалар фуқароларимизнинг эътиқод эркинлигига мутлақо дахл қилмайди. Аксинча ҳар қандай ижтимоий муносабатлар фақат ва фақат Конституция ҳамда қонунлар асосида тартибга солинишинигина англатади.
Шунинг учун ҳам ҳар гал алоҳида урғу беряпмиз: янги қонунлар тарғиботи ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиётини тўғри ва самарали йўлга қўйиш зарур.
👉 @Zafarbek_Solijonov