Бекатда турарди бир мункайган чол,
Забун аҳволига боқар бир қиз лол.
Чол ўктам ёшлигин ўйларди шу дам,
Қиз кампир бўлишин қиларди хаёл.
✍️ Шафоат Раҳматуллаев
© @turtliklar
〰️〰️〰️ Тўртликлар 〰️〰️〰️
Нопок ҳикмат айтиб, ҳарчанд урсин дам,
Бу ишидан унга етмас манфаат.
Пок инсон бир ерда жим ўлтирса ҳам,
Унинг гўзал хулқи ўзи насиҳат.
* * *
Агар беобрўйлик қиларкан жоҳил,
Бировнинг обрўйи у учун бир пул.
Эллик йиллик эзгу номингни дарҳол,
Бир ёмон сўз билан этади поймол.
© Саъдий Шерозий | @turtliklar
Бандаман, Оллоҳдан иймон сўраган,
Гуноҳим бўйнимга осилган маржон..
Руҳимни покликка, нурга ўраган,
Умидим йўлчиси Моҳи Рамазон!
@turtliklar
Ул Аллоҳким тану жонни яратди,
Ҳар аъзони бир хизматга қаратди.
Тилда иллат кўрди-ю этди тутқун,
Оғиз-зиндон, тилни анда қаматди.
✍️ Хожа Али Ромитаний
© @turtliklar
Оппоқ булутлардан беланчак қилсам,
Ҳилол ипагидан ҳалинчак қилсам.
Боботоғ келбатли куёв бўлсаму
Баҳорни ўзимга келинчак қилсам.
© Шафоат Раҳматуллаев
💬@turtliklar
Баҳорни соғинган чидайди қишга,
Юракка урилар шоирнинг байти:
“Маош берилар кун борасан ишга,
Хўш, нечун ухлайсан таҳажжуд пайти?”
✍️ Хайрулла Ҳамидов
© @turtliklar
Икки одам яшар ҳар бир одамда.
Бири дер: - Бу дунё фароғатин қил!
Бири дер: - Яхши из қолдир оламда!
Рост йўлни тутганлар ҳақиқий оқил
✍️ Ж. Жабборов
©️@turtliklar
Қариган одамни маломат этма,
Кунни кўролмаган бечора тундай.
Бақувват танангга ишониб кетма,
Насиб қилармикан қарилик шундай?!
✍️ Хайрулла Ҳамидов
©️@turtliklar
- Бобо, эгилгансан, нечун қаддинг дол?
- Елкамда гуноҳим тўла қоп, болам.
- Бобожон, юкингга бўлайин ҳаммол?!
- Унда мен учун ҳам савоб топ, болам!
✍️ Амир Худойберди
© @turliklar
Эй алиф, эгилма, долга ўхшама,
Керак пайт ҳақни де, лолга ўхшама.
Гумроҳга эргашиб, қаён борурсан?
Етакласа, юрган молга ўхшама!
✍️ Фозил Зоҳид
© @turtliklar
( Абдулла Ориповнинг шеър ўқишига тақлид)
Кимгадир яхши гап айтдик, биродар,
Кимдир бир умрга ранжиб ҳам кетди.
Кун кеча ёш дердик ўзни бир қадар,
Бугун-чи, балоғат пайти ҳам етди.
Каналга уланиш: 👉 @turtliklar
〰️〰️〰️Рубоийлар〰️〰️〰️
Оҳ тортган чоғингда йўлга кўз тутгил,
Йўлда қудуқ бордур, эҳтиётинг қил,
Дўст уйида маҳрам бўлган вақтингда,
Кўлингни, кўзингни, дилни тия бил.
* * *
Подшолик истасанг, бўл эл гадоси,
Ўзингни унуту, бўл эл ошноси,
Эл тож каби бошга кўтарсин десанг,
Эл қўлин тутгину бўл хокипоси.
© Паҳлавон Маҳмуд | @turtliklar
Фироқ битди — минг пора бўлди
Қалб заҳмига қалб чора бўлди.
Иккимизнинг бахтимиз аро
Лекин кимдир бечора бўлди.
✍️ Мирзо Кенжабек
©️ @turtliklar
Чеки йўқ осмонга бешик қалбимда,
Қошида замин ҳам кичик қалбимда,
Ёлғон сўзларингдан ўксик қалбимда –
Киприк соясича ўрнинг йўқ сенинг...
✍️ Ирода Умарова
💬 @turtliklar
Эй биродар, чеҳрангга боқсам,
Юрагимни куйдиради чўғ.
Ахир, нега бунча қашшоқсан –
Пулдан бошқа бирор нарсанг йўқ.
©️ Карим Баҳриев
💬 @turtliklar
Маҳорат гўзални кўра билмоқдир,
Севгининг сиррига ета билмоқдир.
Жаҳон, олам барча билсинки шуни,
Энг буюк ибодат сева билмоқдир!
✍️ Юнус Эмро
©️ @turtliklar
Феъл-атворинг меваси мудом ўзингга тушар,
Андишасиз боқма ҳеч, кўзлар кўзингга тушар.
Қилма зинҳор ёмонлик туҳматдан яратиб тоғ,
Бил, осмонга туфласанг, қайтиб юзингга тушар.
✍️ Моҳира Қуддус қизи | @turtliklar
Аслида тўғримас, танлаб хос кунда,
"Хотин-қизлар куни" дея нишонлаш.
Аксинча, аёлни бутун умрида
Шарт эрур, шаънини кўтариб яшаш.
☆ ★ ☆
Ахир, эр кишига – омонат аёл,
Омонатни эъзоз этар бу уммат.
Мўминалар, сизга дунё аҳли лол,
Ўтган ҳар кунингиз "саккизинчи март."
✍ Акмал Ажиб
© @turtliklar
〰️〰️〰️Тўртликлар〰️〰️〰️
Иқтисодий тангликлар аввал ҳам бўлган экан,
То у ўтиб кетгунча эл жондан тўйган экан.
Ўргатаман деб овқат емай ҳам яшамоқни,
Афанди, эшагини ўлдириб қўйган экан.
* * *
Бўтана сой каби безовта дунё,
Тинчлик керак, дўстим, халққа аввало.
Донолар айтадилар: “Сув лойқаланса,
Балиқлари қўл билан овланар ҳатто”.
✍️ Шукур Қурбон
© @turtliklar
(1 март — шоира Зулфия таваллуд топган кун)
...Эъзозлар, ардоқлар учун ташаккур,
Асли Сиз офтобим, мен зиёсиман.
Тонгларингиз кулсин, дориломон, ҳур,
Бахтим шул - ўзбекнинг Зулфиясиман.
©️@turtliklar
Дунё кенгга кенгу, торга тордир у,
Арқон кимга мадад, кимга дордир у,
''Бошингга иш тушса бировдан кўрма'',
Деган гап азалдан ҳақдир, бордир у.
✍️ Омонуллоҳ Мутал
©️@turtliklar
Ошиқ дийдаларда нам қолди, дўстим,
Озурда дилларда ғам қолди, дўстим.
Топсанг, этагидан маҳкам тутгилки,
Яхшилар дунёда кам қолди, дўстим.
✍️ Неъматулла Иброҳим домла
© @turtliklar
Бугун бирни ўрган, эрта ҳам шунча,
Илм мағизларин жамла бирма-бир.
Киши шундай ҳикмат қилади ҳосил,
Зеро, сел томчилар йиғиндисидир.
✍️Суютий («Буғятул вуот» китобидан)
© @turtliklar
Наво — қўшиқ, мусиқа, оҳанг,
Нарх маъноси баҳо бўлади.
Нархни кўриб ашула айтсанг,
Ўшанда нарх-наво бўлади.
✍️ Эркин Воҳидов
© @turtliklar
Тайёрада давлатлар аро,
Шоир аҳли ёзар турли шеър.
Мозийдан то ҳали ҳануз,
Қалам билан кезар Алишер.
✍ Н.Тиллахонова
© @turtliklar
Юртимда бесўров кезганинг етар,
Ўзингни ҳоқондек сезганинг етар.
Ҳали ҳам эгардан тушгинг келмайди,
Бир юзу етмиш йил эзганинг етар...
✍️ Абдулла Орипов
💬 @turtliklar
(* - Абдулло Ориповнинг яқинда топилган ўрисларнинг салтанатига қарши тўртлиги. Эътибор қилинг, у Испаниянинг Мадрид шаҳрида, Реалгранд меҳмонхонасининг қайдлар қоғозига ёзилганича қолган.)
Кўнглингдаги бори кўзингда аён,
Феълингдаги бори сўзингда аён.
Сувратинг барчага аёндир, аммо
Сийратинг ўғилу қизингда аён.
© Носиржон Тошматов
💬 @turtliklar
Одатда улфатлар бўлишганда жам,
Қизишиб дейдилар: дунё - бири кам.
Ажиб бир зиддият: охирги қадаҳ,
Ортиқ бўлганини ўйламас ҳеч ҳам.
© Абдулла Орипов | 💬@turtliklar