Ўйиндан ташқари фикрлар Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo Инстаграм: https://www.instagram.com/the_bakiroo?igsh=MTZ0YXo0cmRtaHM2Yg== Youtube: https://youtube.com/@thebakiroo?si=VAN-I4yAp3zZBUcS
Куннинг ва балки йилнинг энг ёқимсиз хабарларидан бири
Охирги 3 йилда 30 йил давомида ёпиқ бўлган Ўзбекистон авиабозорига том маънода янги ҳаво ва кичик бўлсада танлов олиб кирган Wizz Air Яқин Шарқдаги операцион муаммолар ва геосиёсий ўзгаришлар туфайли Ўзбекистонга ҳам парвозларни тўхтатаётгани ўзбекистонликлар учун энг ёқимсиз хабар, деб ўйлайман. Нафақат куннинг, балки йилнинг ҳам.
Wizz Air туфайли учмас ҳисобланган ўзбекистонликлар ҳаётларида биринчи марта ички қатновлар нархида дунёга чиқиш имкониятига эга бўлишганди. Барча соҳаларда монополистларни дастаклаш сиёсати қайтгани ҳисобга олинса, Ўзбекистон авиа бозорига Wizz Air даражасидаги, мамлакатимизни дунё хабларига боғлайдиган бошқа бирон лоукостер бошқа киритилмаса керак (Wizz Air операцион сиёсатидаги ўзгаришлар юз бермаганида ҳам компания Ўзбекистон бозоридан қувиб чиқарилган бўлармиди, деган саволларни қўйиш маънога эга эмас).
Янгиликларни бир томонлама эмас, турли нигоҳлар остида ўрганишга ҳаракат қилиш керак. Шунақа пайтда “Баёнот” канали анча ёрдам беради.
Бу ерда турли мутахасислар воқеаларга жимгина қараб туришмайди. Таҳлил қилади, савол беради, баъзида танқид қилади, лекин энг муҳими — фикр билдиради.
Агар сиз ҳам фақат расмий маълумот эмас, балки тушунарли ва турли фикрларни ўқишни истасангиз, @bayonotuz каналини кузатиб боринг.
Реклама
Свет ўчирганлик учун шонли энергетиклар компенсация тўламайди, иш ҳақи кечикса, бизнес синдирувчи компенсация тўлашга мажбур
Бизнес вакиллари яна электр ва газ таъминотидан огоҳлантиришсиз ўчиришлардан дод дейишмоқда. Ускуналар ишдан чиқиши, хом-ашё, захираларнинг бузилишидан зарарлар ҳақида гапирилмаган гап қолмади. Ўтган йили ҳам бу муаммо бир неча бор кўтарилган эди, лекин ечим йўқ, ўзгариш йўқ, натижада вазият оғирлашмоқда холос.
Абсурд шуки, иш ва хизмат кўрсатиш тўхтаб қолиши натижасида ишчи-ходимларга маош кечикса, йиллик 511% миқдорида компенсация тўлаш керак.
Тасаввур қилаяпсизми, қанақа иккиюзламачилик? Зарар етказаётган энергетикларга ҳеч қандай жавобгарлик йўқ, лекин тадбиркорлар ўзларига боғлиқ бўлмаган ҳолда, энергетик узилишлар ортидан иш тўхтаб, ойлик бера олмаса, ишчилари олдида синдирадиган компенсация тўлашга мажбур.
Форишлик тадбиркор билан юз берган ҳолат бу кулфат. Лекин шонли энергетиклар ҳар куни етказаётган кулфатнинг биттаси холос.
Ривожланаётган умумий овқатланиш соҳасининг кенгайиб бораётгани ортида муаммолар ҳам бор
Охирги йилларда Ўзбекистонда умумий овқатланиш соҳаси жадал ривожланаётгани ҳеч биримизга янгилик эмас. Кўплаб ресторан ва кафе тармоқлари очиляпти, хизмат кўрсатиш формати ва турлари кенгайяпти. Айрим шаҳар ва туманларда гастрономик кўчалар ташкил этилаётгани, очиқ овқатланиш ҳудудларига бўлган талаб ортиб бораётгани соҳа инфратузилмавий жиҳатдан ҳам кенгаяётганини кўрсатади.
Лекин ривожланиш билан бирга муаммолар ҳам ортиб боряпти. Фаолиятни ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштиришдаги ноаниқликлар, назорат органлари талабларидаги мутаносиблик етишмаслиги, соҳа бўйича умумий ёндашув ва қоидаларнинг етарли эмаслиги ва ҳоказо ҳолатлар тадбиркорларни қийнаётган асосий масалалардан.
Айни ҳозир бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотда айнан шу каби тизимий тўсиқлар муҳокама қилиняпти. Мақсад эса мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни манзилли ҳал қилишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқиш. Бу жараён ўз навбатида соҳага оид меъёрий-ҳуқуқий базани қайта кўриб чиқиш, амалиётга яқинлаштириш учун муҳим деб ўйлайман.
Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда республика бўйича:
– 146,8 мингта тадбиркор савдо соҳасида,
– 19,5 мингта тадбиркор умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритмоқда.
Бу юз минглаб иш ўринлари ва аҳоли фаровонлиги билан бевосита боғлиқ йўналишлардир.
Қонундаги энг асосий вазифа ҳокимиятдаги балансни бузмаслик бўлиши керак
Кунўз 7 йилдан бери қабул қилиниши ортга сурилаётган, турли важ-корсонлар билан пайсалга солинаётган “Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида”ги қонун ҳақида жуда қизиқ интервью уюштирган (бошловчи уни архив учун деб атаганига қарамай, қонун биз учун жуда муҳим, бугун муҳим).
Суҳбат иштирокчиси Ҳамид Содиқдан иқтибос:
“Политологияда олигархлар бор, полигархлар бор. Мана шу декларациялаш тўғрисидаги қонун полигархларга қарши курашиш учун [ёзилган]. Бу нима дегани? Олигарх дегани — бу иқтисодий, молиявий соҳада туриб, катта маблағларга эга бўлган одамлар. Хўп, уларнинг муаммоси йўқ.
Полигархлар эса ўзи сиёсатда туриб, жуда ҳам катта пул орттирганлар. Яъни, "поли" дегани бу "политика" дегани, "гарх" дегани ўша пули бор, катта сармояга эга инсонлар. Энг ёмони – мана шу полигархлар. Чунки полигархлар гибрид бўлади. Яъни, улар билан қандай курашишни билмайсан.
Уларда жуда ҳам катта пул ҳосил бўлгандан кейин, қарасанг, жуда ҳам кучли оммавий ахборот воситалари бор, жуда ҳам кучли жиноят олами вакилларидан танишлари бор ва шу билан бирга миллиардлаб пулларни айлантиргандан кейин, уларнинг геосиёсий балансни таъминлайдиган субъектлари ҳам давлатдан ташқарида, демак, имкониятлари бўлгани учун ҳокимиятлар тақсимлаш принципини бутунлай бузиб ташлайди.
Мен айтган бўлардимки, бу қонунни қабул қилишдан қўрқиш керак эмас. Тайёргарлик чексиз бўлиши керак эмас. Конфликтга кира олишни сиёсий ирода дейди. Агар сен рақобатбардош бўлмасанг, нима бор? Шаффоф бўла олмайдиган бўлсанг, нима бор? Шаффоф бўла олиш керак”.
Ўқиш учун.
Кўриш учун.
Ёш олимлар ва бизнес ўртасида мулоқот платформаси ишга тушмоқда
Тошкентда 15 июль куни олимлар ва тадбиркорлар учрашуви ўтказилади. Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилаётган бу платформа орқали ёш тадқиқотчилар ўз илмий ишланмалари, таклифлари ва инновацион ғояларини тадбиркорларга тақдим этади.
Тадбирнинг асосий мақсади — олимлар салоҳиятидан иқтисодиёт манфаатида фойдаланиш учун амалий мулоқот ва ҳамкорликни кучайтириш.
Тадбир ёпиқ шаклда ўтади, фақат рўйхатдан ўтган иштирокчиларгина киритилади.
Рўйхатдан ўтиш: +998 88 600 23 78
Ҳар бир соҳанинг тараққиёти очиқ ва самимий мулоқотга боғлиқ
Самарқандда айни дақиқаларда бўлиб ўтаётган очиқ мулоқотда асосан қишлоқ хўжалиги билан боғлиқ тадбиркорлар қатнашяпти. Маълум бўлишича, уларнинг фаолияти етиштириш, қайта ишлаш, сақлаш ва экспорт билан боғлиқ. Ҳар қандай бизнес тоифасининг ўз муаммо ва таклифларини очиқчасига айтиши кераклиги охирги йилларда тобора мустаҳкамланяпти.
Кўпинча тадбиркор ва давлат ўртасида аллақандай масофа бўлади. Бу учрашувлар эса ўша масофани қисқартириш учун ҳисса қўшмоыда. Тадбиркорнинг овози эшитилса, бу фақат қўллаб-қувватлов дегани эмас, аввало, унинг манфаатлари давлат сиёсатини шакллантиришда инобатга олинаётганини англатади.
Қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳар доим муҳим бўлган. Уни ривожлантириш бутун мамлакат иқтисодиётнинг барқарор тараққиётига хизмат қилади. Лекин бу соҳа тўғрисидаги қарорлар кўпинча шаҳардан туриб қабул қилинади. Жойлардаги мулоқотлар эса шу ҳолатни ўзгартиряпти — муаммо ҳақида бевосита соҳа вакилидан эшитиляпти.
Кечаги мулоқотда фермерлар томонидан бир неча муҳим таклифлар илгари сурилди. Хусусан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришдаги таннарх юқорилиги сабаб қизиқиш пасайиб бораётгани таъкидланди.
Шунинг учун ҳам бу каби мулоқотларни даврий ва тизимли тарзда ўтказиб бориш жуда муҳим.
Учрашувни жонли эфир орқали кузатиб бориш мумкин.
"Чиқинди қарзлари учун электр тўловини чеклаш қонуни" бўйича чиқиндига шартнома тузмаганларга қандай иш тутилади?
Минг афсуски, чиқинди қарзларини электр тўловига боғлаш қонуни бўйича чекловларни 1 августдан ишга туширишмоқчи.
Мазкур чекловлар ўзи бусиз ҳам ҳақ-ҳуқуқи таъминланмаган истеъмолчилар учун навбатдаги оғир синов бўлади. Чиқинди йиғиш хизмати сифати ўта пастлиги, назоратсизлик, истеъмолчиларга ортиқча ва асоссиз қарздорликлар илингани ва юзлаб маҳаллаларда шартноманинг ўзи йўқлиги шароитида, ҳеч бўлмаса, чекловларни ишга туширишдан олдин инвентаризация ўтказилиши керак эди.
Хўп, барака топгурлар, яна 20 кундан кейин, ҳеч қанақа шартномаси йўқ, лекин ҳисобига кўрсатилмаган хизмат учун қарз осилган истеъмолчилар нима қилади?
Додини кимга айтади?
🔒 Хавфсиз маҳалла — бизнинг устувор вазифамиз!
ASIA ALLIANCE BANK кўмагида Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманидаги "Янги Камолон" маҳалласида 22 гектар майдонда хавфсизликни таъминлаш ва ҳудудни рақамлаштириш бўйича йирик лойиҳа муваффақиятли якунланди.
📍 Амалга оширилган ишлар:
✅ Маҳаллада 20 қаватли уй ва ички йўллар кесишмаларига жами 185 та видеокамера ўрнатилди;
✅ Маҳаллада истиқомат қилувчи 1561 та оила учун 24 соатлик видео кузатув тизими йўлга қўйилди;
✅ Маҳалла ҳудуди замонавий рақамли технологиялар ва техник воситалар билан жиҳозланди;
✅ Лойиҳанинг умумий қиймати 900 миллион сўмни ташкил этди.
🎯 Лойиҳа "Янги Камолон" маҳалласининг 6080 нафар аҳоли, жумладан 840 нафар нафақахўр учун хавфсиз ва қулай яшаш муҳитини яратишга қаратилган.
💼 ASIA ALLIANCE BANK доимо ижтимоий аҳамиятга эга маҳалла ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ҳамда жамиятга хизмат қилиш ва фуқаролар фаровонлигини оширишни ўзининг устувор вазифаси деб билади.
Реклама
Икки йил ўсишдан тўхтаган ипотека фаол ўса бошлаган
Қарийб 2 йил йиллик димланишдан кейин 2025 йилнинг биринчи ярим йиллигида 31 589 нафар қарздорга жами 9,4 трлн.сўмдан ортиқ миқдорда ипотека кредити ажратилган. Бу 2024 йилнинг тегишли давридагига нисбатан 37,1%га кўп дегани. Битта ипотеканинг ўртача қиймати 298,7 млн.сўмга етган (ўтган йили шу 262,7 млн.сўм).
Ипотеканинг жонланиши асосан давлат дастури ҳисобидан ажратилган кредитлар ҳисобига рўй берган. 6 ойда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳисобидан ажратилган ресурслар ҳисобига 6,4 трлн.сўм ипотека молиялаштирилган (ўтган йили шу даврда 3,7 трлн.сўм). Банкларнинг ўз маблағлари ва Ипотекани қайта молиялаштириш компаяниси ҳисобидан ажратилган ипотека миқдори қисқара бошлаган.
Эътиборлиси, бирламчи бозорга ажратилган ипотека улуши ўсиб бормоқда ва 75%га етган (ўтган йили 61% эди). Ипотека олаётганлар орасида 18-30 ёшлилар улуши 25%ни ташкил этган (ўтган йили 20%), яъни ипотекани бойваччалар эмас, аста-секин ёшлар ҳам олмоқда.
Энг кўп ипотека ҳалиям Тошкент шаҳрида концентрация бўлган. Пойтахтда 6 ойда қарийб 3,0 трлн.сўмлик ипотека молиялаштирилган (ўтган йили шу даврда 2,1 трлн.сўм).
Ипотека олганлар орасида хотин-қизлар улуши 39%га етган (ўтган йили 35%). Буям яхши ишора: аёллар кўпроқ мулкдор бўлмоқда.
Тижорий ипотеканинг ўртача ставкаси 25,1%дан 23,8%гача, дастур доирасида эса 17,9%дан 17,8% даражасигача пасайган.
Тўй қилаётганларнинг 25%идан зиёди қарзга киради
Юксалиш ҳаракати тўй харажатлари ва тўйга муносабат бўйича муҳим сўровнома ўтказган.
Сўровнома натижалари ўзбекистонликларнинг шахсий қарорларга нисбатан жуда юқори ижтимоий босим берадиган тўй маросимларининг жамиятимизга етказаётган иқтисодий ва руҳий жароҳатларини ҳам очиб ташлаган.
Асосий хулосалар:
Ўзбекистонликлар ойлик даромадидан бир неча ва ҳатто ўн карра ортиқ харажат қилиб тўй ўтказишади. Аниқроқ айтганда, сўралганларнинг деярли ярми 5 млн.сўмгача даромадга эга, лекин улар тўйга 50 миллион сўмдан кўп маблағ сарфлашади.
Ўзбекистонликлар тўй қилиб қарзга киради. Сўралганларнинг
25,1%и тўйга деб қарз олади, лекин бу рақам янада каттароқ бўлиши мумкин, чунки тўйчиларнинг 55,2%и яқинлари ёрдамидан фойдаланишини билдиришган (бу ҳам қайтариладиган қарз аслида ҳатто тўёна бўлса ҳам). Янги оила қарз билан ҳаёт бошлашининг кейинги оқибатлари янада чуқур ва оғриқли (бу яна бошқа сўровлар мавзуси). Фақат 14,1% тўйчилар ўзининг пулига тўй қилади.
Тўйга катта харажат қилишга мажбурлик асосан ижтимоий босим туфайли юзага келади (одамлар нима дейди қўрқуви).
Энг қизиқарлиси, тўйга нисбатан ижтимоий иккиюзламачилик мавжуд. 44,5% сўралганлар тўйга кўп маблағ сарфлашганидан афсусда бўлишган.
Лекин умид йўқ эмас. Сўралганлар қиммат тўй ўрнига таълим олишга, уй-жой сотиб олишга ва саёҳатга ва соғлиғини тиклашга пул сарфлаш керак деб ҳисоблашади.
Эътиборлиси, тўйга беҳуда сарфларга қарши чоралар орасида молиявий саводхонликни ошириш таклифлари ҳам янграган.
Рақамлаштиришда биз кўп жойларда оқсоқланяпмиз — тадбиркор
Савдо-саноат палатаси ҳамда ИТ-компаниялар, контент провайдерлар ва давлат харидларида фаол иштирок этган тадбиркорликлар вакиллари иштирокида очиқ мулоқотда тадбиркор давлат идоралари рақамлаштириш бўйича ортда қолаётганини танқид қилди.
Хусусан, у кўплаб давлат идоралари веб-сайтлари ҳалигача тест режимида ишлаётганига эътибор қаратган.
«Ўзбекистонда кўп давлат идоралари веб-сайтлари ҳалигача тест режимида ишламоқда. Бирор сайтда на ишонч рақамлари, на давлат раҳбариятининг қабулхоналари бўйича боғланиш йўқ», дейди тадбиркор.
Бундан ташқари, суд тизимида ҳам ўзи дуч келаётган муаммоларни гапириб, ижро вақарасини электрон шаклда олиш имконияти мавжудмаслигини айтмоқда.
«Суд тизимида суд тугаганидан кейин ижро 4 ойгача чўзиляпти. Бу вақт ичида на МИБга боряпти. Бирорта ижро вақарасини электрон шаклда олганим йўқ. Ўзим югуриб 5 ойда оляпман», дейди у.
Уларга қонун йўқ: UzIMEI оператори яна рўйхатга киритилмаган
UzIMEI ва унинг оператори учун Ўзбекистон қонун-қоидалари тааллуқли эмас. Уларга нисбатан Президент фармони талаблари ишламайди. Балки улар қонундан ташқарида. Балки шунинг учун Рақобат қўмитаси ҳам эксклюзив ҳуқуқ эгалари рўйхатини тузишда ҳам, уларнинг устувор мавқеини белгилашда ҳам UzIMEI'ни четлаб ўтади.
Бўлмаса аниқ ёзиб қўйилган:
Мулкчилик шаклидан қатъи назар бир ёки бир нечта хўжалик юритувчи субъектлар ва давлат ташкилотларига муайян товарларни ишлаб чиқариш (хизматлар кўрсатиш, ишларни бажариш) ёки сотиш ёхуд сотиб олиш, шунингдек, ягона операторлик хизматларини кўрсатиш учун қуйидагилар асосида тақдим этилган мутлақ ҳуқуқ эксклюзив ҳуқуқ сифатида эътироф этилсин:
(a) қонунчилик ҳужжатлари билан истисно тариқасида берилган рухсат (ҳуқуқ);
(б) умумий тартибдан ташқари равишда берилган якка тартибдаги лицензия (рухсатнома).
Ҳар икки мезонга кўра ҳам UzIMEI эксклюзив ҳуқуқ эгаси ва бу асосдан келиб чиқиб, устувор мавқега эга деб топилиши керак.
Ўзбекистонда 2019 йил апрель ойидан бошлаб мобил қурилмаларни IMEI томонидан мажбурий рўйхатдан ўтказиш тизими ишламоқда. Уни амалга ошириш учун Американинг Delta Telecom International компанияси Ўзбекистонда Information Technology Center компаниясини ташкил этган. Операторлик учун бирон бир танлов ё тендер ўтказилмаган. Компанияга лицензия ҳам берилмаган.
Шунинг учун UzIMEI'га нисбатан турли сенатор сўровлари, истеъмолчиларнинг оҳ-воҳлари, шикоятлари бефойда.
Мен UzIMEI ёки газ экспорти ҳуқуқини яширин қарорлар билан қўлга киритганларни ўрта асрлардаги Британия империясининг рицарлик мақоми берилган ва чексиз имтиёзлар олган қароқчиларига ўхшатишдан йироқман. Лекин мундоқ ўйлаб қаралса, ўша қароқчиларга ҳам қонун бўлмаганку.
Парковкага айланган кўчалар очиладими?
Бугунги йиғилишда Давлат раҳбари Вазирлик ва идоралар ходимлари аҳолига ноқулайлик яратиб, “парковка” қилиб олган ҳудудларда фото ва видео камералар ўрнатиб, жазо муқаррарлигини таъминлаш вазифасини қўйган. Шунингдек, давлат хизматчилари жамоат транспортида юриш бўйича намуна бўлиши кераклиги эслатилган.
Пойтахт қоқ марказидаги Бухоро, Нуронийлар, Истиқлол, Буюк Турон, Якуб Колас, Шевченко кўчаларининг қисмлари деярли ҳаракатланиш чекланган парковкага айланиб қолган. Мазкур кўчаларда вазирлик, турли марказий идоралар жойлашган ва асосан давлат хизматчилари учун парковка вазифасини бажариб келади.
Умид шуки, энди бу кўчалар очилади ва ўзининг аслиятига, кўча функциясига қайта бошлайди.
11- автобус Шифобахш сувларгача, 88- автобус Иттифоққача борадими?
Бугунги йиғишда Давлат раҳбари Тошкент халқа йўлигача келаётган 20 та автобус йўналиши 15-20 километрга узайтирилиши, яна янги 6 та маршрут қўшилиши ҳақида эълон қилди. Пойтахт жамоат транспорти ягона агломерация тизимига ўтиб, Тошкент вилоятининг барча туташ ҳудудларини қамраб олади.
Бу ҳар куни иш ва хизматга, ўқишга, боғчага, даволанишга пойтахтга қатнайдиган юзминглаб Тошкент вилоятилик ватандошларимиз учун қувончли хабар. Бу иш амалга ошса, яна ҳар куни ўнминглаб шахсий автомобилнинг эрталаб пойтахтга кириши, кечқурун чиқишига, демакки, шу йўналишларда ортиқча тиқилинч ва тирбандликларга зарурат қолдирмайди.
Қайд этилишича, Янги тизимни пойтахт ва Тошкент вилояти учун 1 сентябрдан ишга тушириш вазифаси топширилган.
80 шиптир таклифи 7 карра ошган ва нарх 2%га пасайган
11 июль кунги савдоларда 80 шиптир лақабли бензин билан боғлиқ савдолар ҳажми бирдан 11 730 тоннагача, 7 каррага ошган. Бу биржа савдолари эълон қилинаётган даврдаги мутлақ рекорд кўрсаткич.
Янги рекорд таклифга қарамай, нарх 2%га пасайган холос. Бунгача, 10 июль куни 80 шиптир нархи рекорд даражага кўтарилганди. Охирги марта биржа савдоларидаги битимлар ҳажмининг кескин ошиши 2024 йил декабрда, метан газ чекловлари пайтида рўй берганди.
Меҳнат кодексининг 333- моддаси бу шимолдагилардан кўр-кўрона ва математикани рад этиб кўчиришнинг оқибати
Бугунги учрашувда ва ўзи кодекс кучга кирган охирги 2 йилда бизнесни қақшатаётган Меҳнат кодексининг 333- моддаси (айниқса унинг иккинчи хатбошиси) ҳақида гапирилмаган гап қолмади. Форишлик тадбиркор дуо қилиб қарғамади холос.
Иш берувчилар, айниқса кичик ва ўрта бизнес дод солаётган бу модда бўйича иш ҳақи кечикканда йиллик 511% миқдорида компенсация тўлашга мажбур (бу амалда банкрот қилишга етаклайди). Шонли энергетиклар келтираётган энергокулфатлар ва бошқа сабаблар туфайли ҳам иш берувчи вақти вақти билан иш ҳақини кечиктириши мумкин. Бундан ҳеч ким суғурта қилинмаган (ҳаттоки бюджет органлари ҳам).
Келинг, ўша моддани ўқиймиз:
"Иш берувчи иш ҳақини, таътил тўловларини, меҳнат шартномаси бекор қилингандаги тўловларни ва (ёки) ходимга тўланиши лозим бўлган бошқа тўловларни тўлаш муддатини бузган тақдирда, уларни тўлов муддатидан кейинги кундан эътиборан то ҳақиқатда ҳисоб-китоб қилинган кунни ўз ичига олган муддатгача ҳар бир кечиктирилган кун учун Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг ўша вақтда амалда бўлган қайта молиялаштириш ставкасидан келиб чиққан ҳолда фоизлар (пулли компенсация) билан бирга тўлаши шарт.
Ходимга тўланиши лозим бўлган пулли компенсациянинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қайта молиялаш ставкасининг ўн фоизи миқдорида белгиланади".
Кодекснинг аввалги таҳририда бўлмаган бу норма қаердан пайдо бўлган ўзи деган савол туғилади. Ўзбек чиновниги қонунларни қаердан кўчиради? Албатта, шимолдаги севимли оғаларидан.
Лекин шимолдагиларнинг Кодекси бўйича компенсация асосий ставканинг 150дан бири деб белгиланган. Унда 1/150 қисм қандай қилиб кўчирганда 1/10 бўлиб қолган? Бунинг математикасини Камбағаллик вазирлигидан сўраш керак. Ëки мазкур модда ҳаракатини вақтинча тўхтатиб, кодексга зудлик билан ўзгартириш киритиш зарур (хоҳиш бўлса бу 3 кунлик иш).
Меҳнаткашлар маошини оқартиришни қачон талаб қилади?
Исталган соҳада, умумий овқатланиш ва савдода ҳам ишчи-ходимларга фарқи йўқ, ойликни тўлиқ конвертда оладими, ярмини конвертда оладими, агар улар қаердадир “расмий даромадингни кўрсат” талабига дуч келмаса.
Улар қаерда расмий даромадни кўрсатиш талабига дуч келади? Асосан банкларга кредитга мурожаат қилганида. Лекин пандемиядан кейинги йилларда банклар расмий даромадсиз ҳам кредит маҳсулотларини тақдим эта бошлашди. Микроқарз, автокредитдан тортиб ипотекагача.
Солиқ қўмитаси, камбағаллик вазирлиги меҳнат бозорини (айниқса, ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар мавжуд сервис соҳасида) оқартириш бўйича кўп чақириқларни, амалий ҳаракатларни амалга оширмоқда. Бу керак. Лекин етарли эмас.
Энди мана шу талабни меҳнаткашлар ўз иш берувчиларидан, яъни тадбиркорлардан сўрашни бошлаши зарур. Иш ҳақини конвертда эмас, “расмий кўринишда бер”, деб. Бунинг учун меҳнаткашларни ҳам ундаш зарур.
Қандай қилиб бу юз бериши мумкин? Бошланишига ҳеч бўлмаса, микроқарзларни расмий иш ҳақи бўлмаган қарздорларга ажратишни чеклаш зарур. Ўзи банклар муккасидан кетган бу сегментда хатарлар тобора тўпланиб бормоқда, хатарларнинг илдизи расмий даромадсиз ва ҳеч қандай даромадсиз қатламларга қарз ажратиш авж олиб кетганида.
Ҳа, яна энг кам иш ҳақини тезроқ ва юқорироқ ошириб боришни ҳам кун тартибига олиб чиқиш зарур. Амалдаги энг кам иш ҳақи меҳнат бозоридаги реалликларга мувофиқ эмас (1 271 минг сўмга ишлайдиган қолмаган). Буни тадбиркорлар ҳам, меҳнаткашлар ҳам жуда яхши билади.
Тўй, тўй, тўй…уй, мошина
Лоланинг навбатдаги клипидаги турли очиқ ва яширин имо-ишораларни кимдир диагноз, кимдир популизм, яна кимдир протест деб баҳолаши мумкин.
Лекин ҳали шу пайтгача ўзбек шоу-бизнесининг биронта вакили ялтироқ ҳаёт тарзи, кўргазмали истеъмолга муккасидан кетиш ва унинг энг аянчи шакли - ҳашаматли тўйлар устидан бу қадар кулмаганди.
Демак, ўзимизнинг устимиздан ўзимиз очиқ кула олаяпмизми, ўзгаришлар имконли.
HET иловасида чиқинди қарзи кўринадими?
Чиқинди агентлигига ишонилса, ҳар ойнинг 3-санасига қадар республика бўйича қарздор абонентлар тўғрисидаги маълумотлар “Тоза макон” биллинг электрон тизимидан “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг биллинг тизимига узатилади.
Бу дегани моҳият ва мантиқ бўйича чиқинди қарздорликлари HET иловасида кўринади дегани. Кўрамиз, августда нима бўлишини.
Лекин шахсан мен, чиқинди бўйича қарздорликлар HET иловасида кўринишига, истеъмолчилар қарздорлик маълумотини илова орқали олишига унча ишонмайман. Чунки юзминглаб истеъмолчиларда ҳеч қанақа шартнома йўқ, уларга қандай абонент рақамлари тиркалган, номаълум. Тескари алоқа ҳам йўқ.
Хуллас, биз истеъмолчиларни саргузаштли август кутади.
"Мусор учун" шартномани маҳалла тузадими? Рақобат қўмитаси нима дейди?
Кеча оқшом ғалати бир суҳбат бўлди. Чиқинди агентлиги (шунақа агентлик ҳам бор) раҳбари "Чиқинди қарзлари учун электр тўловини чеклаш қонуни" бўйича чиқиндига шартнома тузмаганларга қандай иш тутилади, деган саволга эътироз билан чиқиб, агар истеъмолчи билан шартнома бўлмаса, шартномани маҳалла тузади ёки маҳалла тузган деб қолди.
Афсуски, Ўзбекистон қонунларига умуман зид бўлган бундай бузуқ амалиёт туманларда аллақачон иш усулига айланиб қолган. Чиқинди соҳасида айнан шу тарзда иш юритиш ёлғон, ўғирликлар ва ўзлаштиришларнинг асосий сабаби эканини билган ҳолда, бунга йиллар давомида кўз юмиб келинмоқда. Энг ёмони, бу қип-қизил абсурд амалиётни Чиқинди агентлиги норма деб ҳисобламоқда.
Шу маънода менинг Чиқинди агентлигига энди саволим йўқ (бефойда эканини кеча билдим). Савол истеъмолчиларни ҳимоя қилиши керак бўлган Рақобат қўмитасига. Ўзбекистоннинг қайси қонунларига кўра истеъмолчи учун маҳалла шартнома тузиши белгиланган? 1 августдан кейин электр тўловига боғлаш қоидалари ишга тушса, кўрсатилмаган хизматлар учун маҳалла билан шартнома ва далолатномалар тузиб, истеъмолчилар бўйнига илиб юборилган ва юборилаётган қарздорликлар бўйича қўмита истеъмолчиларни қандай ҳимоя қилади?
"Тошкент пропискаси" энди йўқ, лекин Конституцияга мувофиқлаштирилмаган нормалар ҳали кўп
Газета янги қонуннинг матнини қўлга киритган ва 7 соат аввалги саволга "қутулдик" деб жавоб бериш мумкин.
Ҳа, тарихимиздаги энг расво, энг уятли ва энг зарарли чеклов узил-кесил бекор бўлди (тўғри, қонун 3 ой ўтиб кучга киради).
Лекин бу ҳали ҳаммаси эмас.2 йил-у 2 ой ва 2 кун аввал имзоланган "Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини амалга ошириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида" фармоннинг ҳали жуда кўп бандлари бажарилмаган.
“Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини ўз кучини йўқотган деб топиш масаласи ҳам ўзи 2 йил аввал бажарилиши керак эди. Ҳартугул, ҳечдан кўра кеч.
Лекин Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиқадиган вазифаларни амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар дастури бўйича, кўз югуртирган одамки, билади, ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Жуда кўп.
Қолаверса, 2 йил ўтиб-ўтмай, Конституцияга зид бўлган янги ва янги нормалар пайдо бўлиши хатари пайдо бўлмоқда. Бу биз учун навбатдаги янги чақириқ бўлади.
Потолок спредни қайтаринг: 80 шиптир янги рекордни ўрнатди, пропан 7 млн.сўмдан ошди
Кўп бора таъкидлаганимиздек, тили ва чўнтаги бирлашиб кетган очофат монополия ва ўғри олигархиядан иборат энергокасофатлар энерготоварлар учун нархларни ошириб олиш учун ҳар қандай имкониятдан фойдаланишади.
Бир ой аввал 80 шиптир лақабли бензин учун потолок спред бекор қилиниши катта хато иш эди. Яна ва яна қайтарамиз: Ўзбекистонда рақобатли ёқилғи бозори мавжуд эмас. Монополия бор, олигархия бор ва уларнинг етовидаги ёлғончи ва шотир энергономенклатура бор.
Мана натижа. 80 шиптир нархи янги рекордни урди. Кечаги савдоларда 80 шиптирнинг тоннаси 10 195,3 минг сўмга чиққан. Бу мутлақо янги рекорд (аввалгиси спред потолок киритилмасидан 2024 йил 12 ноябрда қайд этилган эди).
Аввалги рекорд ўрнатилган 2024 йил ноябрда брент навли нефтнинг нархи ўртача 75 доллар эди, ҳозир 68 доллар. Ҳа, 80 шиптирга 1 грамм импорт нефть қўшилмайди, лекин ориентир олингандаям нефть долларда 10%га арзонлашган. Сўм долларга нисбатан мустаҳкамланган.
Яъни нормал бозорга эга бўлганимизда бензин арзонлашиши керак эди, қимматлашиши эмас. Лекин қовушиб кетган монополист ва олигархларга буни тушунтириб бўлмайди. Улар ноинфсоф, уларнинг вазифаси ўзбекистонликларни тинимсиз талаш ва фақат талаш.
Шунинг учун барака топгурлар, спред потолокни қайтаринглар, шундай қайтарингларки, кунлик спред 2%дан ошмасин. Бензин бўйича ҳам (80 ва 92 га ҳам), бир сакраб 7 млн.сўмдан ошган пропан бўйича ҳам.
Қутулдикми? "Тошкент пропискаси" бекор бўлдими?
Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги Қонун имзолангани эълон қилинди. Қонуннинг тўлиқ матни ҳали мавжуд эмас.
Янги Конституция қабул қилиниши муносабати билан Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида 12 тоифадаги фуқаролар доимий прописка қилиш ҳуқуқига оид Қонун Конституцияга зидлиги ўлароқ бекор қилиниши керак эди. Бу ҳақдаги Президент фармони 2 йилу 2 ой аввал қабул қилинган.
Ўтган йили августда Ўзбекистонда яшаш жойи бўйича рўйхатга олишнинг ягона тартиби белгиланган янги қонун лойиҳаси эълон қилинган ва ҳатто лойиҳани кўриб чиқиш бошланганди.
Лойиҳада Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти учун алоҳида, бошқа вилоятлар учун эса алоҳида рўйхатга олиш тартиби бўлмаслиги, бундай амалиётдан воз кечилиб, Республика бўйича бир хил тартиб амал қилиши кўзда тутилган эди.
Назаримизда, янги қонунда бу нормалар акс этган. Лекин қонун тўлиқ эълон қилинишини кутамиз.
Дарди, алами йиғилиб қолган фермерлар ва ниҳоят тингланади
Бир ҳафтача аввал фермерлар билан мулоқотга зарурат борлиги ҳақида ёзган эдик. Айни вақтда президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида қишлоқ хўжалиги билан шуғулланадиган тадбиркорлар билан учрашув ўтказилмоқда.
Унда Қорақалпоғистон, Андижон, Фарғона, Наманган, Хоразм, Сирдарё ва Тошкентдан келган фермерлар қатнашмоқда. Улар қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчи, қайта ишловчи, сақловчи ва экспорт қилувчи фаол тадбиркорлардир.
Учрашувда нималар кўриб чиқилмоқда ва кимлар қатнашмоқда?
Учрашув тадбиркорлик субъектлари фаолиятида доимий равишда кузатилаётган муаммо ва камчиликларни аниқлаш, уларнинг олдини олиш ҳамда самарали ечимлар ишлаб чиқиш мақсадида ташкил этилмоқда.
Тадбирда Савдо-саноат палатаси, Бизнес-омбудсман, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, ва бошқа тегишли вазирлик, идоралар ва тижорат банклари раҳбарияти иштирок этмоқда.
Айтганимиздек, фермерлар билан мулоқотга зарурат катта. Бугунги учрашув айни муддао.
Жонли эфир
Конституция — жўн ҳужжат эмас!
Охирги чиқаётган қарорларнинг устувор ва юқори турувчи ҳужжатларга, қонунларга зидлиги, шошма шошарлик билан қабул қилинаётган қонунларнинг Конституция нормаларини очиқча четлаб ўтиши, турли кўринишдаги хаспўшлашлар яқин ёмон тарихимиздан, атрофимиздан келиб чиқилса, бу жуда ёмон ишора.
Шу маънода ҳуқуқий келажагимизга бефарқ бўлмаган ватандошлар, тўхтанглар, нотўғри тарафга қараб қайрилиб кетмаяпмизми, дея савол беришлари керак. Мана шундай ноқулай саволларни Комил Жалилов қўймоқда:
"Бир нарсани ўйлаб қолдим. Бизда қонун чиқарувчилар (депутатлар) ҳам, ижро ҳокимияти ҳам Конституцияга жуда "енгил" қарашади шекилли: қабул қилинаётган, муҳокама қилинаётган қонун, қарор, фармонларни кўрсангиз, "ҳа, Конституцияда жуда умумий гаплар ёзилган, бу гапларни истаганча талқин қилиш мумкин" деб ўйлашадигандек таассурот оласиз. Аслида ҳар бир ҳуқуқий норма Конституцияга қай даражада мослиги жиддий таҳлил қилиши, савол остига олиниши шарт.
Масалан, "ҳуқуқий, маънавий маърифий ва эстетик талабларга мос келмайдиган адабиётлар чоп этилишининг олдини олиш"га қаратилган қонун лойиҳасини олайлик. Бундай қонун лойиҳасини муҳокама қилган ва "қўллаб-қувватлаган" депутатлар Конституцияда белгиланган фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги, исталган ахборотни излаш, олиш ва тарқатиш ҳуқуқи (33-модда), илмий, техникавий ва бадиий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи (53-модда) каби фундаментал эркинликларга дахл қилишаётгани ҳақида ўйлаб кўришганмикин?
Ёки хориждан қайтган ватандошларни ОИТСга мажбурий текширишни назарда тутадиган қонунни олайлик. Ўзбекистон "бундай текширувни жорий қилаётган дунёдаги биринчи давлат" бўлиши мумкинлигини айтаётган депутатлар Конституцияда белгиланган ва инсон ҳуқуқларининг базавий, фундаментал, тамал тушунчаларидан бўлган шахсий дахлсизлик ҳуқуқини (27-модда) поймол қилишаётганини ўйлаб кўришганмикин? Агар шахсий дахлсизлик фақат ноқонуний ҳибсга олишга тегишли деб ўйласангиз адашасиз - бу жуда кенг тушунча ва тана дахлсизлигини (жумладан, тиббий текширувларнинг фақат розилик асосида бўлиши кераклигини ҳам) ўз ичига олади. Қолаверса, ўзимиз "меники - сеники" қилиб, концертлар уюштириб қабул қилган Конституция шахснинг инсон қадр-қимматини камситувчи муомалага дучор қилинишини тақиқлайди (26-модда), ОИТСга мажбурий текшириш эса айнан камситувчи муомаладир.
Ёки нодавлат ОТМ ташкил қилган инвесторларга тадбиркорлик фаолиятидан олинган фойдани тасарруф қилиш бўйича чекловни ва банкда доимий равишда катта суммани депозит сифатида ушлаб туриш талабини олайлик. Вазирлар Маҳкамасининг юридик хизматида ёки Адлия вазирлигида бундай чеклов ва талаблар Конституцияда белгиланган мулкдорнинг ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилиш ва тасарруф қилиш ҳуқуқи белгиланган нормага (66-модда) зид келишини ўйлаб кўрадиган биронта юрист топилмаганми?
Конституция - жўн ҳужжат эмас. Конституция - жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро келишув, ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаб берадиган энг асосий ҳужжат. "Ижтимоий конктракт" назариясидан келиб чиқилса, аслида давлат - фуқароларнинг "хўжайини" эмас, уларнинг яратиғи. ("There are, of course, numerous variations on the contract narrative, but in each the state is deemed to be not the master but rather the creation of individual citizens", қаранг: мана бу китобнинг 1-боби). Конституциядаги "Халқ давлат ҳокимиятининг бирдан-бир манбаидир" деган норманинг (7-модда) замирида ҳам аслида шу ғоя ётади. Давлатнинг легитимлигининг асоси - унинг инсонлар унга ўз ихтиёри билан берган ваколатлар эвазига ҳар бир шахс эркинлигини ҳимоя қилиш. Шундай экан, ҳар қандай норма, тақиқ, чеклов ўрнатувчи норма муҳокама қилинаётганда инсон ҳуқуқлари, шахс эркинлиги призмасидан таҳлил қилиниши, Конституцияда кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликларга дахл солмаслигига ишонч ҳосил қилиниши керак. Ҳар сафар давлат бу эркинликларга - қанчалик "яхши ниятлар" билан бўлмасин - дахл қилар экан, ўз легитимлигига зарба беради".
Ажойиб
Хўп ажойиб замонда яшамоқдамиз (қип-қизил қароқчилари чексиз иззатда ва имтиёзда бўлган ўрта асрларда қандай бўлган экан?) ,
Ёзилишича, эксклюзив ҳуқуқлар махфий равишда берилган корхоналар рўйхати алоҳида тузилган ва қонунга кўра, эълон қилиниши шарт эмас.
Ҳарбий эмас, хавфсизлик масаласи эмас, ғирт бозор, бизнес ва тижорий хизматлар бўйича эксклюзив ҳуқуқ махфий тарзда берилишининг ўзи ноқонуний эмасми?
Дом ва бизнес марказга айланган парковкалар: жиноятлар кўп, жиноятчи йўқ
Пойтахт Тошкентда парковка қуришга ажратилган, лекин кейин ажратилган ер майдонларида "дом" қурилган ё бизнес марказга айланиб кетган мисоллар нечта?
Ўнлабми? Йўқ, ишонч билан айта оламан, бунақа мисоллар юзлаб. Пойтахтда бирон квартал ёки маҳалла йўқки, масалан, 2010-2020 йилларда гаражлар бузилмаган. Чилонзордан тортиб Юнусободгача ҳозир шу гаражлар ўрнида ваъда қилинганидек, режалаштирилганидек, парковкалар эмас, домлар ёки бизнес, савдо марказлари қад ростлаб турипти.
"Парковка қуриш учун ер ажратиш" ҳокимликлар учун охирги 8 йилда ер сотишнинг энг осон усули бўлиб қолгани ва ўзи аслида гаражларнинг бузилиши устида ҳокимликлар турганини ҳам ҳеч ким эсидан чиқаргани йўқ.
Курбанов тўғри айтаяпти: Парковка қурилиши учун ер ажратилиши (ер сотилиши) ва қурилмаслиги алоҳида жиноят иши, парковка қуриш қарорида ҳуқуқнинг бошқа субъектга ўтказилиши алоҳида жиноят иши, парковка ўрнига 5 қаватли дом қуришга рухсат бериш алоҳида жиноят иши, 5 қаватли домга рухсатнинг 16 қаватли дом қуришга ўзгартириш яна битта жиноят иши. Ҳамма билади, жиноят бўлганини, жиноят устига жиноятлар содир этилганини ҳатто. Лекин нима қилайлик, Шавкат Раҳмон ёзганидек:
...Минг афсус, яшаймиз шундоқ давлатда
жиноятлар кўпу жиноятчи йўқ.
Ўзбекистонда илк бор софлиги 99,9% рений металли экспорти йўлга қўйилди
Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) Эстониянинг “VLCor Baltic OU” компанияси билан имзоланган шартнома асосида илк бор рений металлини экспорт қилди. Бу Ўзбекистонда рений металли экспортининг амалдаги бошланишини англатади.
Рений — мураккаб технологиялар, аэрокосмик соҳалар ва юқори ҳароратли суперқотишмалар (суперсплавлар) ишлаб чиқаришда жаҳонда тан олинган стратегик металл ҳисобланади.
ТМК томонидан 2025 йил ярим йиллик давомидаги жами экспорт ҳажми — 21,3 млн доллар (118% ўсиш) ни ташкил этади.
Реклама
Иссиқлик тарифлари ҳар йили 1,41 каррадан оширилиши керак бўлади
Бу энг яхши ҳолатда, яъни шонли энергетиклар таннархни шиширмайди деб хом-хаёл қилганимизда. Таннархни шиширмай, соҳага ажаратилаётган маблағларни ўғирламай, ўзлаштиришмай туришса, 5 йилдан кейин ўзбек ўқитувчиси ёки пенсионери иситиш ва иссиқ сув учун қанча тўлайди деган саволга мана бу ердан жавоб олишингиз мумкин.
Ўзбекистонда 2030 йилгача иситиш ва иссиқ сув учун субсидиялардан бутунлай воз кечиши ҳақида расмийлар яна бир бор маълум қилишмоқда. Бунинг учун юқорида ёзганимиз идеал ҳолатда, тарифларни ҳар йили 41% атрофида ошириб бориш керак бўлади.
2025 йилда иссиқлик ва иссиқ сув тарифларини 15 фоиздан икки марта ошириш анонс қилинганди (лекин биринчи ярим йилликда биринчи ошириш юз бермади). Эҳтимолки, иккинчи ярим йилликда мазкур тарифлар биттада 30%дан кўпроққа оширилади.