the_bakiroo | Неотсортированное

Telegram-канал the_bakiroo - bakiroo

62303

Ўйиндан ташқари фикрлар Твиттер: https://twitter.com/the_bakiroo Инстаграм: https://www.instagram.com/the_bakiroo?igsh=MTZ0YXo0cmRtaHM2Yg== Youtube: https://youtube.com/@thebakiroo?si=VAN-I4yAp3zZBUcS

Подписаться на канал

bakiroo

Маҳмут Орҳан Самарқандда: бир кечалик шоу ортидаги туризм ва иқтисодий фаоллик

3 июль куни “Silk Road Samarkand” амфитеатрида туркиялик ди-джей Маҳмут Орҳан концерти бўлиб ўтади. Унинг Youtube’даги машҳур композицияларидан бири 500 миллион мартадан зиёд кўрилган. Шу боис, бу тадбирга нафақат маҳаллий аҳоли, балки чет эллик меҳмонлар ҳам қизиқиш билдириши кутиляпти.

Бундай тадбирлар шаҳарга келадиган меҳмонлар сонини оширади ва бу меҳмонхона, кафе, ресторан, ҳунармандчилик маҳсулотлари ва транспорт хизматларига бўлган талабни кучайтиради.

Тадбир Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилмоқда. Ушбу ташаббус орқали маҳаллий тадбиркорлар учун туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларида янги имкониятлар яратиш, Самарқанддаги бизнес муҳитини фаоллаштириш кўзда тутилган.

Чипталарни iTicket.uz орқали харид қилиш мумкин.

Читать полностью…

bakiroo

Sea Breeze Uzbekistan курортининг оқова сувлари экологик назорат остида бўлади

Agalarov Development компанияси томонидан амалга оширилиши режалаштирилган тўрт фаслли Sea Breeze Uzbekistan дам олиш маскани лойиҳаси доирасида оқова сувлар Чорвоқ сув омборига оқизилмаслиги маълум қилинди.

Компания расмий сайтида берилган маълумотга кўра, оқова сувлар Чирчиқдаги махсус тозалаш иншоотларига йўналтирилиши кўриб чиқилмоқда ва бу йўналишда техник ечимлар ишлаб чиқилмоқда.

Лойиҳа доирасида экологик хавфсизликни таъминлаш давлат идоралари томонидан қатъий назоратга олинган. Ҳозирда Чорвоқ соҳилида қурилиш ишлари бошланмаган — ҳудудни тозалаш ва чиқиндиларни йиғиш ишлари амалга оширилмоқда.

Компаниянинг расмий баёнотида таъкидланишича, экологик экспертиза якунланмагунча ҳеч қандай қурилиш ишлари бошланмайди.

Шунингдек, лойиҳа ижросини очиқ ва шаффоф тарзда ташкил этиш мақсадида Ўзбекистоннинг етакчи меъморлари, муҳандислари ҳамда жамоатчилик вакиллари иштирокида жамоатчилик муҳокамалари ўтказиш режалаштирилган.

Читать полностью…

bakiroo

Поездларда кондиционер ишламаса, йўловчига компенсация тўланиши керак!

Буни мен ўйлаб топмаганман.

Рақобат қўмитаси эълон қилган тартибга кўра, поезд таркибидаги йўловчи вагонининг совитиш тизимлари ишламагани бўйича мурожаатлар ўз тасдиғини топган ҳолларда, мазкур йўловчиларга ҳаво ҳароратини мўтадиллаштириш ва совитиш тизимлари ишламагани учун тегишли миқдордаги пул маблағлари компенсация сифатида қайтариб берилиши лозим.

Ҳар йили ёз келди дегунча Ўзбекистон поездлари совутиш тизими ишламаслиги йўловчиларнинг муаммосига айланади. Ва темир йўлчиларнинг раҳбарлари ҳар йили вагонларнинг совутиш тизимини тузатамиз дея қасам ичишади. Мана ўтган йилгиси: "Поездлар тўхтаб турганида ҳам кондиционер ўчмайдиган бўлади".

Кимдир буларга ваъдаларини эслатадими? Маблағларнинг мақсадли сарфланиши ўрганиладими? Нега 21-асрда вагонларда совутиш тизими ишламаслиги керак? Пўрим кабинетингизда ёки ўзингиз учун махсус жиҳозланган вагонларингизда кондиционер ишламаса, қанча чидайсизлар, жаноблар?

Ва ўзи поездлар кечикиши учун ҳам қаттиқ жарималар белгилаш пайти келган. Иссиқ ҳарорат баҳона бўлмаслиги керак, йўллар, вагонлар, инфратузилма фавқулодда иссиққа, 50-60 градусга мўлжаллаб қурилиши керак эмасми? Қани кўтаринглар стандартларни! Қачонгача буларнинг ношудлиги учун истеъмолчи зиён кўриши керак?

Читать полностью…

bakiroo

🏦 Асакабанк қошида "Asaka Finance Garant” микромолия ташкилоти ўз фаолиятини бошлади

2025 йил 12 июнь куни Асакабанк қошида ташкил этилган "Asaka Finance Garant" Микромолия Ташкилоти МЧЖнинг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Микромолия ташкилотининг асосий мақсади — кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектлари, шунингдек, жисмоний шахсларга замонавий ва қулай молиявий хизматлар кўрсатишдир.

“Asaka Finance Garant” микромолия ташкилоти томонидан жисмоний ва юридик шахсларга микрокредитлар, микроқарзлар ҳамда банк кафолатлари хизматлари таклиф этилади. Жисмоний шахслар учун кредит миқдори 5 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача, юридик шахслар учун эса 300 миллион сўмгача миқдорда нақд ва нақдсиз микрокредит ва микроқарзлар ажратилади.

Яқин келажакда ташкилот ўз фаолиятини янада кенгайтириш, барча ҳудудларда филиаллар очиш, онлайн микрокредитлар бериш ва хорижий инвестицияларни жалб этишни мақсад қилган.

Манба | Реклама

Читать полностью…

bakiroo

Мақсади битта – қолган ерларни қурилиш қилиш учун тадбиркорларга сотиш!

Давлат раҳбари спорт майдончалари ва болалар ўйингоҳлари, уйлар орасидаги яшил ҳудудлар қурилиш учун бериб юборилаётганидан одамлар норози бўлаётганини таъкидлаб, Тошкент шаҳри ва вилоят марказларида бирорта ҳоким бўш жойларни топиб, яшил ҳудуд, одамлар тоза ҳавога чиқиб ўтирадиган жойлар, спорт майдончалари, фонтанларни кўпайтиришни ўйламаётганини танқид қилмоқда.

Охирги йилларда маҳалла ва кварталлар орасида бир қарич ер бўлса ҳам топиб, сотиш ҳокимларнинг асосий бизнес машғулотига айланиб бўлган. Пойтахт ва вилоят марказларида юрсангиз, маҳаллаларнинг яшил ҳудудлари ўрнига, кўп қаватли аҳоли уйлари орасида қўнқайтириб барпо этилган, қарор бўйича аввал бошида парковка, кам қаватли ёшлар маркази ёки маҳалла гузари учун ажратилган, амалда кўп қаватли офис ва бизнес-марказларига айланиб кетган биноларни кўришингиз мумкин. Ҳеч ким, бирон бир назорат ташкилоти бу ерлар қарор чиққанда нима мақсадда ажратилганди, деб сўрамайди, қандай қилиб ўзгариб кетди, деб таҳлил ҳам қилмайди, чора ҳам кўрмайди.

Афсуски, бу қийшиқ, антиижтимоий ва ғирт коррупцион амалиёт тўхтаётгани йўқ. Шу йил бошидан маҳалла марказлари қуриш баҳона янги тўлқин билан давом этмоқда.

Читать полностью…

bakiroo

Бозор Ҳурмуз бўғози ёпиб қўйилишига ишонмаяпти

Исроилнинг Эронга ҳужуми ва Эроннинг жавоб зарбалари дам олиш кунлари турли интенсивликда давом этди.

Шанба куни Эрон парламенти депутатларидан бири Исмоил Кавсари Ҳурмуз бўғозини ёпиш масаласи кўриб чиқилаётгани ва Эрон бу бўйича энг яхши қарорни қабул қилиши ҳақида гапиргани ортидан, қатор ОАВлар ва айниқса? шимолнинг пропаганда каналлари нефть нархини 130 долларга кўтарилиб кетиши ҳақида прогнозлар билан бўлиша бошлади.

Энг қисқа жойида 40 кмгача тораядиган ва Эрон жисмонан ёпиб қўйиши мумкин бўлган Ҳурмуз бўғози орқали ростан ҳам жами нефть экспортининг 40%игача қисми, кўрфаз давлатларидаги жами нефтнинг 90%и ташилади. Лекин масала шундаки, бу бўғоз Эроннинг ўзи учун ҳам ёғилғи экспортининг энг асосий канали ҳисобланади. Шу билан бирга бўғознинг ёпилиши урушга бошқа қудратли глобал ўйинчиларнинг ҳам қўшилишига олиб келиши мумкин.

Нима бўлгандаям, бугун эрталабдан бозор очилиши билан нефть нархлари 74 доллар атрофида барқарор турипти (ўтган ҳафта охирида 78 долларгача сакраганди).

Читать полностью…

bakiroo

Транспорт вазири гапи ҳукумат қарорини тўхтатиб қўя оладими?

Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов «чеклов йўқлиги, қарор нотўғри талқин қилингани»ни айтган бўлса-да, таксичилик фаолиятини ҳудуд бўйича чеклашга оид норматив ҳужжат ўз кучида турибди.

Вазир нима сабаб журналистлар билан ёпиқ йиғилишда бундай баёнот берди? Юқори мансаб эгасининг бу гапи қарордан устун бўла оладими? Бу нормага эҳтиёж бормиди ўзи? Энди воқеалар фонида кейинги картина қандай бўлади?

Кунўзда шу ҳақда гаплашдик.

Кўриш учун.

Ўқиш учун.

Читать полностью…

bakiroo

Ўзлик тарбияланадиган, Истеъмолчи маъбуда ва Омонатга хиёнат йўқ жамият

Lolazor жамоаси билан ўтган ойда Японияда бўлиб қайтдик. Бугун узатилган дастур сафар давомидаги қизғин суҳбатларнинг илк жамланмаси.

Ўзбек аудиторияси қандай кутиб олишига қараб сафар мобайнидаги суҳбатлар батафсил ва кенгроқ форматда бериб борилса керак.

Кўринг. Муҳокама қилинг.

Читать полностью…

bakiroo

Икки хил стандартлар ҳақида

Баҳодир Абдуллаев ёзмоқда:

“Ўтган йили Бандлик вазирлиги энг кўп иш берувчи корхоналар ҳақида маълумот берганди. Рўйхатда анчадан бери иш ўринлари важи билан қаттиқ ҳимоя қилиб келинадиган UzAuto Motors ҳам бор. Вазирлик маълумотларига кўра, корхонада сал кам 17 минг одам ишлайди.

Ҳар сафар божларни олиб ташлаш ҳақида гап кетганда мана шунча одам, шунингдек бу тармоққа алоқадор яна 10 минглаб одамлар ишсиз қолиши ҳақида бонг урилади.

Бошқа томондан эса 23 минг одамни тўғридан-тўғри, яна 10 минглаб одамни билвосита тирикчилигидан, конституцион ҳуқуқидан маҳрум қиладиган қарорлар ҳеч қандай муҳокамасиз амалиётга кириб келади.

Мен протекционистик йўл билан ҳимоя қилинаётган корхоналар мамлакат иқтисодиёти учун ўша тўсиқлар зараридан кўра кўпроқ фойда олиб келаётганига ишонмайман.

Лекин мана шу икки хил стандартнинг ўзи ҳам таксистларнинг ҳудудидан ташқарида ишлашига тўсқинлик қилувчи қарор ва протекционизм ҳеч қандай мантиққа асосланмаганини кўрсатади”.

Читать полностью…

bakiroo

Юртимизда минглаб оилалар ўз томорқасидан унумли фойдаланиб, катта рўзғорни боқишга эришмоқда. Улар орасида Андижон вилоятининг Бўстон туманидан Замира опанинг ҳикояси алоҳида эътиборга лойиқ.

Атиги 5 сотих ерда, у бир йилда уч марта ҳосил олган. Экин танлови, агротехник тадбирлар ва меҳнатга садоқатли ёндашув натижасида, Замира опа 100 млн сўм даромад қилган. Харажатлар тахминан 30 млн сўм бўлиб, соф фойда 70 млн сўмни ташкил этган.

“Рўзғорни тебратиб туришга етяпти, камчилигимиз йўқ,” – дейди Замира опа.

Агробанк томонидан амалга оширилаётган “Менинг томорқам” лойиҳаси айнан ана шундай мисолларни кенг жамоатчиликка етказишни мақсад қилган. Ушбу видеолар туркуми орқали одамларда ўз томорқасидан унумли фойдаланиш, даромад қилиш ва оиласи фаровонлигини таъминлашга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

🎥 Ўзбекистон 24 орқали намойиш этилаётган ушбу видеолар Youtube платформасида ҳам катта қизиқиш билан кузатилмоқдa – ҳозиргача 200 мингга яқин кўрилиб, кенг муҳокама қилиняпти.

Читать полностью…

bakiroo

Humans ва Octobank низоси бўйича суд қарори чиқарилган

13 июнь куни Тошкент туманлараро иқтисодий суди “Octobank” АЖ ва “Humans” МЧЖ ўртасидаги низо бўйича қарор қабул қилгани ва Humans МЧЖ зиммасига қарздорликни қоплаш мажбурияти юклатилгани айтилмоқда.

Маълумот учун, кеча 13 июнь соат 18:00 дан бошлаб Humans’нинг карталари орқали ҳар қандай операциялар тўлиқ тўхтатилган.

Читать полностью…

bakiroo

80 шиптир ва пропан қимматлашишда давом этмоқда

Потолок спред бекор қилиниши билан бошланган 80 шиптир нархининг раллиси тўхтамай давом этмоқда.

Кеча 80 шиптирнинг тоннаси 9,6 млн.сўмдан ошган. Пропан эса ой бошидан бери 12,5%га қимматлаб, 5,8 млн.сўмга яқинлашмоқда.

Илдизи бир очофат монополист ва ўғри олигархиянинг таргети маълум, худди ўтган йилгидек, сунъий равишда 80 шиптир ва пропан пойгасини уюштириш. Уларга чеклов қўйилмаса, эшакнинг мочасидан фарқсиз 80 шиптирни 10 минг сўмга кўтариб олмагунча тўхташмайди (метандан 2 карра қиммат ушлаш).

Исроилнинг Эронга ҳужуми ортидан нефть нархининг вақтинча сакраши уларга тайёр баҳона бўлади (80 шиптирга импорт бензин ишлатилмаслиги 88- даражали масала).

Читать полностью…

bakiroo

Хурсанд бўлишга эрта: Вазирнинг гапи ҳукумат қарорини бекор қилмайди

Транспорт вазири Маҳкамовга кўра, эндиликда вилоятдан келган таксичилар Тошкентда киракашлик қила олади. Вазирнинг айтишича, бунинг учун улар лицензия олиши керак, фаолият манзили сифатида эса Тошкентни кўрсатиши керак бўлади. 

Ҳукумат қарорининг 14- бандида аниқ-тиниқ ёзиб қўйишган:

"Лицензия варақасида кўрсатилган ҳудуд автотранспорт воситасига берилган давлат рақами белгиларининг ҳудудий кодларидан келиб чиқиб аниқланади".

Ё шу ҳукумат қарорининг 14- банди бекор қилиниши ёки бўлмасам, вилоятлик таксичиларга вазир айтган ҳуқуқни берадиган кўринишда қайта таҳрир қилиниши лозим.

Қизиғи, вазирнинг чиқишида на узр бор, на хато қарор учун афсус бор. Гўёки ўзбекистонликлар ўзидан-ўзи ваҳима-ю, саросима қилишди.

Читать полностью…

bakiroo

Вилоятлик таксиларга қарши кураш ёлғиз юрадиган машиналар сонини оширади

Исроилнинг Эронга ҳужуми ёки Бухоро вилоят ҳокимининг бузиш чақириқлари шовқини вилоятлик таксичиларга қарши антиконституцион талабларни унутиб қолдиришга олиб келмаслиги керак (бу медиада кўп ишлатиладиган методичка бўлиб қолган).

Шундай экан, зараркунанда қарор токи бекор қилинмас экан, бу ҳақда ҳар куни ҳеч бўлмаса бир марта эслатиб туришга тўғри келади. Бугунга Yandex Uzbekistan GR директори Сардор Қодировнинг хавотирлари билан бўлишаман:

"2 апрелдан кучга кирган янги тартибга кўра, такси ҳайдовчилари фақат машинаси рўйхатдан ўтган вилоятда ёки унга туташ ҳудудларда ишлаши мумкин.

Яъни вилоятдаги таксист Тошкентда ишлай олмайди. Фақат пойтахтнинг ўзида 23 000 ҳайдовчи ишсиз қолиши мумкин.

Бу қарорга қандай асос келтирилганини тахмин қилингчи? Мантиқли жавобларни кутманг!

Тирбандликни камайтиради, дейишмоқда.

Аммо бу хато. Тошкент кўчаларида бир вақтда 900 мингга яқин машина, уларнинг атиги 12–30 минг таси - такси, 2 минг таси - автобус.

Такси - шахсий автомобилга нисбатан 3 баробар самаралироқ транспорт. Уни камайтириш тирбандликни эмас, ёлғиз юрадиган машиналар сонини оширади.

Такси - бу Ўзбекистонда биринчи марта тўлиқ рақамлаштирилган ва легаллаштирилган касб. Солиқ, назорат ва хавфсизлик бўйича реал ютуқ эди.

Энди эса энг очиқ ва “тоза” сектордан чекловлар бошланяпти. Бу - ўша ўша даврга қайтармасмикан бизани?"

Читать полностью…

bakiroo

Бузилган Бухоро учун сўров бўлмагач

Бир ярим йил аввал Туризм маркази қуриш важи билан, гарчи бошқа жойда қурилади, дея ваъда бериб, жамоатчиликни лақиллатиб алдашганига қарамай, Бухоронинг қоқ марказида бузиш ишлари бошланганида ҳокимтўрага нисбатан жиддий бир эътироз бўлмаганди. Ваҳоланки, ҳамма, бузиш устида турган ҳоким ҳам биларди, "сингапурлик инвесторда" қуришгаям, бузишгаям, компенсациягаям пул йўқ (ҳозир ҳам йўқ), бу пулни ўзбекистонликлар чўнтагидан турли қимматлаштирилган схемалар ёки бюджет субсидиялари орқали чиқариб бериш керак. "Бузавер, текислаб ташла, жавоб" деган сўзлар камера қаршисида янграши шарт эмас.

Энди орадан бир ярим йил ўтиб, ҳокимтўранинг «Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан — ичидаги одами билан» деган топшириқларига ҳайрон бўлинмоқда.

Ҳар қандай жазосизлик янги ва янги жиноятларга йўл очади. Илгари имконли бўлмаган ноқонуний ҳаракатларни имконлига айлантиради. Шундай экан, агар Бухоро вилояти ҳокимига нисбатан қанақадир жавобгарлик ҳақида гап кетса ёки маҳкама очилгудек бўлса (бунга ишониш жуда қийин), ишни 1,5 йил аввалги бузди-буздилардан бошлаш керак бўлади.

Читать полностью…

bakiroo

Километри 8 млн.доллар

Дўстлик бекатидан бошланиб Янги Тошкентга элтадиган метро йўли лойиҳаси Туркиянинг Doğuş Holding компанияси билан биргаликда ер ости ва ер усти технологияларидан фойдаланган ҳолда амалга оширилади.

Компания Туркияда, шунингдек, София (Болгария) ва Мумбайда (Ҳиндистон) метро линияларини қуришда иштирок этган.

Ёзилишича, Ер ости участкасининг бир километри (тоннелларни монолит усулида қуриш) тахминан 8 млн долларга баҳоланмоқда. 9 та бекатдан иборат линиянинг узунлиги 21 кмни ташкил этади.

Янги метро линиясида бутун саёҳат давомийлиги минимал 6 дақиқалик интервал билан 24 дақиқани ташкил этиши кутилмоқда.

Читать полностью…

bakiroo

Чилонзорда свет ва сув муаммо бўлмайди

Кечаги тақдимотларда Чилонзор туманида 160 мегаваттли янги подстанция қурилиши режалаштирилаётгани ҳам эълон қилинган. Қайд этилишича, бу орқали шу ҳудуддаги бўлажак лойиҳалар учун қўшимча қувват пайдо бўлади, ҳозирги тармоқларга юклама тушмайди.

Шунингдек, Чилонзорда 20 минг метр куб сиғимга эга сув резервуари барпо этилиши мўлжалланган. Натижада Шайхонтоҳур, Чилонзор ва Учтепа туманларида ичимлик суви таъминоти узлуксизлиги таъминланади. Кунига қарийб 8 минг киловатт соат электр тежалади.

Маҳалла ва кварталлар ичидаги қурилишлар, янги уй-жойлар пойтахтнинг аҳолиси зич туманлари инфратузилмасига босимни йилдан-йилга оширмоқда. Масалан, чилонзорликлар қиш ва ёзда свет ва сув тез-тез ўчишидан, яна ёзда юқори қаватларда сув босими пастлигидан кўп шикоят қилувчилар ҳисобланишади.

Читать полностью…

bakiroo

Транспортимиз энергетикамизнинг заиф эгизаги

Бардоши йўқ. Иккиси бир бўлса, янаям бардошсизга айланади.

Ўзбекистонда аномал иссиқ туфайли рельсларда ҳарорат кўтарилиши сабабли шаҳарлараро поездлар ҳаракати тезлиги чекланади (июнь учун одатий ҳарорат аномал иссиқми?). «Ўзтемирйўлйўловчи» компаниясига кўра, бу чекловлар биз учун, бизнинг хавфсизлигимиз учун.

Лекин бу ҳаммаси эмас.

Ҳаракат тезлигига чекловлар ўрнатилган поездлар совитиш тизимининг ишлаш қуввати пасайиши мумкинлиги ҳақида ҳам огоҳлантиришмоқда. Бу эртага нега поездларда кондиционерлар ишламаяпти дея айюҳаннос солмаслигимиз учун.

Темирйўлчилар ҳаракат тезлиги пасайиши ва кондиционерлар ишламаслиги учун йўловчиларга компенсация берилиши ёки осмон нархлардан чегирма бериши ҳақида маълум қилишмаган. Уларга ҳамма нарса мумкин, биз истеъмолчиларга ҳеч нарса мумкинмас.

Читать полностью…

bakiroo

Янги уй-жой сотишда нақдсиз тўловларга ўтишни Ўзбекистон режалаштирганди, Қозоғистон эса амалга оширмоқда

Қозоғистон Сенати янги уй-жойларни фақат нақдсиз тўловлар ҳисобига сотиб олиш билан боғлиқ ўзгартириш ва қўшимчаларни қонунчиликка киритмоқда (қонунчиликка ўзгартиришлар лойиҳа пайтидан қандай ўзгариб боргани ва бунинг очиқлигига эътибор қаратинг, қонунлар йўқолиб қоладиган ёки имзолангунча ўзгариб кетадиган маконимизда биз бу ҳақда ҳалиям орзу қиламиз).

Шундай қилиб, энди Қозоғистонда янги уй-жойларни нақд пулга сотиш тақиқланади, улуш киритиш асосидаги битимлар ягона тизимга киритилади, улушдорлар жалб қилиш бўйича реклама қилиш тақиқланади, токи бу ҳақда рухсат олинмагунча, ҳокимликлар қурилишнинг барча босқичларида улушдорларнинг маблағи жалб қилиниши қонунийлигини назорат қилиб боради.

Улушдорлик асосида маблағ жалб қилиш учун қурувчининг камида 3 йиллик тажрибаси, камида 100та квартирани топширган бўлиши ва камида 100 000 БҲМ (800 000 доллар атрофида) миқдорида ўз капиталига эга бўлиши талаб қилинади.

Бир ярим йил аввал Ўзбекистонда нақд пулда тўловларни амалга ошириш учун 100 миллион сўмлик (ўшандаги БҲМнинг 300 баравари) чегаравий миқдорни белгилаш, хусусан, уй-жойларни жисмоний шахсларга сотишда нақдсиз тўловларни жорий этиш режалари эълон қилинганди. Лекин режалар режалигича қолиб кетган. Балки коррупционерлар ҳалигача ўғирлаган пулларини қурилишда ювиб улгуришмаган ва қопда пул ташишни ўзларининг севимли машғулоти деб билишади. 2018 йилдан буён амалдорлар даромадлари ва мулкларини декларациялаш бўйича қонун қабул қилишни охирига етказа олмаётган ва ҳар йили бир баҳона билан кейинга сурадиганлардан яна нима кутиш мумкин?

Читать полностью…

bakiroo

Давлат раҳбари газлашмаган ҳудудлар дардини кўтарди

Бугунги йиғилишда Давлат раҳбари суюлтирилган газ етказишда 60-70 кунлаб узилиш кузатилаётгани, айниқса, Андижон ва Сурхондарёда мурожаатларнинг 70 фоизи шу масала билан боғлиқлигини қаттиқ танқид қилган:

“Иссиқ кунларда газда шунча муаммо бўлса, қишда одамлар қозонини нимада қайнатади? Раҳбарларга сўнгги огоҳлантириш: бу масалага икки ҳафтада ечим топсин, бўлмаса ўзи билиб жойини бўшатиб қўйсин”.

Охирги 15 ой ичида газлашмаган ҳудудларда тарифлар 1 120 сўмдан 2 000 сўмгача 78,5%га қимматлади. Гўёки тизимдаги майда ўғрилар ушланиб (бункерлар кампанияси эсингиздадир), жазоланди, айримлари қамалди. Тепада эса, олиш бошида, тақсимотда ҳеч нарса ўзгармай қолди (газсиз, газдан узилган ва узилаётган аҳолининг ўсиши давом этаяпти, лекин лимитнинг шунга мувофиқ ўсишидан дарак йўқ). Аҳвол яхшиланиш ўрнига, тобора ёмонлашиб бормоқда. Илгари 35 кунда кеп турган суюлтирилган газдан энди ойлаб дарак бўлмаслиги оддий ҳолга айланди. Аҳолининг эътирози ўринли: ҳеч нарса ўзгармай қайтанга орқага кетган бўлса, нарх нима учун ошди ўзи?

Шунинг учун, газлашмаган ҳудудлардаги аҳолини ойлаб маҳтал қилгандан кўра, балки Энергетика вазири ваъда қилган, лекин эсдан чиқарган электр энергиясига 50 фоизлик чегирма механизмини ишга тушириш тўғри бўлар?

Агар газлашмаган ҳудудларга электр энергияси учун 50%лик чегирма берилса ва бу қонун билан кафолатланса, аҳолига бераяпмиз деб ҳаммани алдаб, аслида турли махинациялар билан қўлга, норасмий иқтисодиётга чиқиб кетаётган суюлтирилган газни шаффоф ва очиқ йўл билан бозорга берган афзал эмасми?

Читать полностью…

bakiroo

Четга ўқишга чиқмоқчи бўлганларга маслаҳат: Халқаро таълимнинг "эски дунёсини" ҳозирча эсдан чиқарган яхши

"Эски дунё" деб нафақат Европа, балки баъзи тарихчилар "Евро-Америка" деб атайдиган ҳудудни назарда тутяпман. Бу ҳудуд азалдан юқори сифатли олий таълими, улуғ даргоҳлари (Оксфорд, Болония, Ҳарвард, Сорбонн вҳк) билан машҳур.

Нега бу машҳур илм ўчоқларини четлаб ўтган яхши? Чунки подкастимиз охирги сонида айтганимиздек, бу даргоҳлар жойлашган давлатлар аҳолиси, у ерларнинг сиёсий гуруҳлари, ҳатто ҳукуматлари тиш-тирноғи билан иммигрантларга қарши сафарбар бўлмоқда.

Четдан келган талабаларни душман қилиб кўрсатиш янги нарса эмас, аммо АҚШ президентининг Ҳарвард ва бошқа буюк университетларга, уларнинг чет эллик (айниқса Хитойлик) талабаларига ўтказаётган босим бу жараённинг янги, очиқдан-очиқ фазасига ўтганидан далолат.

Салкам 20 йилдан бери инқироздан боши чиқмаётган Ғарб медиаси ва демагог-популист сиёсатчилари ўз жамиятларидаги жиддий, структуравий муаммоларда муҳожирларни тинимсиз айблаб келмоқда. Катта банклар уй-жой бозоридан тортиб кредитлар бозоригача инқирозга учратди, аммо айбдор четдан келганлар бўлади. Жамиятда нотенглик, тушкун кайфият авж олганда, одамлар болаларини овқатлантиришга қийналадиган аҳволга тушганида, кунини телефонга тикилиб ўтказадиган оддий халқ Фейсбуку Твиттер алдовлари остида келгиндиларга тош отади.

Ваҳоланки ана шу келгиндилар бўлмаса, ўзи қарамай қариялар уйига топширган отасининг кетини ким артади? Болалари ейдиган сабзавотларни арзон нархда бозорга ким чиқаради? Буларни, албатта, ўйлаб кўрмайди, чунки бизнинг давримизда ҳеч ким чуқур ўйламайди.

Муҳожир-иммигрантнинг қурбон қилинишига ўрганиб ҳам қолдик, аммо булар сафига энди чет эллик талабаларни ҳам қўшиш анъанага айланиб бормоқда. Мамлакатга кираётган чет элликлар оқимини пасайтиряпмиз, деган гап учун талабалар сонини ҳам пасайтиришга уринишмоқда. Университетда ўқимаган (имкони бўлмагани учун эмас), аммо овоз ҳуқуқига эга ерли аҳоли овози учун, популистлар четдан келадиган ҳар кимни (айниқса териси тўқроқ рангда бўлса) душман қилиб кўрсатяпти.

Натижада, чет эллик талаба йўлига янги чиғириқлар, тўсиқлар қўйилмоқда. Британиянинг эски (Консерватив) ҳукумати кетишидан олдин "бомба" қолдириб кетди: мамлакатга магистрликка келадиган талабаларга оила аъзоларини олиб келишни таъқиқлади. Қарабсизки, Британияга келадиган чет эллик магистрлар сони кесин қисқарди. Азалдан барча ҳавас қилиб келган университетлар қийин аҳволда қолиб кетди. Ҳозирда Британиянинг кўп университетлари инқироз ёқасида. Ҳатто машҳур Оксфорд ва Кембриж ҳам молиявий қийинчиликларни бошдан кечиряпти.

АҚШнинг янги президенти ҳам британияликлардан қолишмасликка ҳаракат қилиб, университетларнинг нафас йўлларини бўғишга уринмоқда.

Ҳукумат тепасига чаласавод популист, университетда ё умуман ўқимаган (ва шу сабабдан барча ўқимишлиларни ёмон кўрадиган), ё номига ўқиб чиққанлар келганида нима бўлишини кўрса бўлади.

Қиссадан ҳисса нима? Чет эллик талабаларни қучоқ очиб кутиб оладиган жой бўлмаса, бормаган яхши. Тўғри, ҳозирги ксенофоб дунёда бундай жойлар кўп қолмади. Бир вақтлар муҳожирларни ўзига чорлайдиган Канадаю Австралия ҳам популистлар, миллатчилар домига тушмоқда, тушмаган бўлсада, у ерда ҳам ксенофоб кайфиятлар кучайиб бормоқда. 80 йилдан бери фашистлар меросини енголмай овора Германияда фашистлар яна бош кўтармоқда.

Четда ўқишни орзу қиладиган ёшларга маслаҳатим—Шарққа юз тутинг. Япониядек буюк ўлка бор. Университетлари дунё саҳнасига чиқаётган Хитой бор. Кореяни айтиб ўтирмайман—у ерга Темур тиғи етмаган бўлсада, ёшларимизнинг қалами етиб бўлган 😊

Дунё кенг, янги жойларга боринг. Жанубий Американи танланг—у ерларда ҳам яхши университетлар, қизиқ олимлар бор, тадқиқотлар қилинмоқда. Бошқалар юрмаган сўқмоқлардан юринг. Имконият доирангизни кенгайтиринг, ҳеч ким ўрганишни хоҳламаган тилларни ўрганинг, "модадан" ташқарида бўлган мавзу ё фанларни тадқиқ қилинг.

Куни келиб, популистлар ва демагоглар ва уларга эргашадиган чаласавод пода ўз хатосини тушунади. Аммо унгача сиз ўз йўлингизни, касбингизни, келажагингизни қуриб бўлган бўласиз 😊

@profsherzod

Читать полностью…

bakiroo

Moody's: Ўзбекистон овоз ҳуқуқи ва ҳисобдорлик, қонун устуворлиги ва коррупцияни назорат қилиш каби соҳаларда шунга ўхшаш рейтингга эга давлатлардан ортда қолмоқда.

Moody’s Ratings Ўзбекистон суверен кредит рейтингини Ba3 даражасида ижобий прогноз билан тасдиқлаган.

Прогнознинг ижобийга ўзгартирилиши, давом этаётган бошқарув ва институционал тузилмаларни яхшилаш бўйича ислоҳотлар, агар самарали амалга оширилса, вақт ўтиши билан сиёсат самарадорлиги ва институтлар сифатини мустаҳкамлаши мумкин деган қарашларимизни акс эттиради, дея баёнот берган Агентлик.

Миллий валюта бўйича мажбуриятлар рейтинги (Ba1) чегараси ва суверен рейтинг (Ba3) ўртасидаги икки поғонали фарқ ҳукуматнинг иқтисоддаги катта таъсири ва сиёсатнинг олдиндан айтиб бўлмайдиганлигини акс эттириши таъкидланган.

Moody's Давлат хизматчилари учун активлар декларацияси тўғрисидаги қонун ва ахборот берувчиларни ҳимоя қилиш қонуни жамоатчилик муҳокамасига чиқарилишини қайд этган. Маълумот учун, бир неча йиллардан буён ваъда қилинаётган «Давлат хизматчиларининг даромадлари ва мол-мулкини декларация қилиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси 2025 йил май ойигача ишлаб чиқилиши белгиланган эди, лекин лойиҳа ҳали жамоатчилик муҳокамасига қўйилмаган.

Агентлик кенгроқ давлат сектори қарзи— Давлат компания ларининг кафолатланмаган қарзлари ва ДХШ билан боғлиқ мажбуриятларни ўз ичига олган ҳолда ортиб бораётганини кўрсатиб ўтган ДХШ мажбуриятлари 2024 йилда ЯИМнинг 27% га етган ва агентлик, шартли мажбурият хавфларини келтириб чиқаради деб ҳисоблаётган, кенгроқ давлат сектори қарзининг кейинги 2-3 йилда ўсишини кутмоқда.

Хулосаларда институционал ва бошқарув кўрсаткичлари баъзи яхшиланишларни кўрсатган бўлса-да, Ўзбекистон овоз ҳуқуқи ва ҳисобдорлик, қонун устуворлиги ва коррупцияни назорат қилиш каби соҳаларда шунга ўхшаш рейтингга эга давлатлардан ортда қолаётганига эътибор қаратилган.

Читать полностью…

bakiroo

Қўшимча хизматларга пул тўламаса ҳам Пуллик дейилаётган синфларга қабул бўладими?

Яна бир вазирлик ўзбекистонликларни нотўғри талқинда айбламоқда. Бу сафарги улоқни Мактаб вазирлиги илиб кетган, вазирлик пўрим давлат мактабларида гўёки қонуний бўлган пулли синфлар ташкил этилаётганини нотўғри талқин қилишда айблаб чиқмоқда.

Эмишки, ижтимоий тармоқларда “пулли синф” деб нотўғри талқин этилаётган ҳолатлар аслида давлат умумтаълим мактабларида ўқувчиларга ўқув режа ва давлат таълим стандартларидан ташқари қўшимча билимлар бериш учун ташкил этиладиган таълим хизматидир.

Мактабларда ташкил этиладиган қўшимча таълим хизматлари мактабларнинг ўқув дастурларида назарда тутилмаган (давлат таълим стандартларидан ташқари) машғулотлар бўйича мактаб директори ва ўқувчиларнинг ота-онаси ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўртасида ихтиёрийлик асосида тузиладиган шартнома асосида кўрсатилади.


Хўп. Ҳақиқатда ҳукумат қарори билан белгиланган тартибда ҳам шундай.

Энди савол: Масалан, 50- мактабнинг пулли синфига қўшимча хизматдан фойдаланмай ҳам кирса бўладими? Қани шу саволга мард бўлиб жавоб беринг, ҳурматли вазирлик, ҳурматли вазира хоним.

Қонун ҳарфи ва руҳи бўйича кира олиши керак.

Лекин Сиз жуда яхши биласиз, қўшимча хизматлардан фойдаланмаса, пулли синфга ҳам қабул йўқ. Яъни, амалда қўшимча хизматлар аслида imposed services (навязанные услуги) - пулли синфга қабул қилишнинг мажбурий шартига айланган.

Сиз буни била туриб, "подмена" билан чалғитмоқдасиз.


Агар худди шундай усул билан бирон тадбиркорлик субъекти шуғулланганида Рақобат қўмитаси уни аллақачон пўстагини қоққан бўларди.

Ва ўзи қонун бўйича Адлия вазирлиги Рақобат қўмитаси билан биргаликда давлат мактабларидаги тобора авж олаётган пулли синф ташкил этиш ҳаракатларига баҳо бериши керак бўлади.

Читать полностью…

bakiroo

Тошкентда халқаро экологик кўргазма бўлиб ўтади

19–21 июнь кунлари Тошкентдаги “CAEx Uzbekistan” кўргазмалар мажмуасида Марказий Осиёдаги илк халқаро экологик технологиялар кўргазмаси — Eco Expo Central Asia 2025 бўлиб ўтади. Тадбир экология, иқлим ўзгариши ва барқарор ривожланиш йўналишларидаги илғор ишланмалар, лойиҳалар ҳамда мутахассисларни бирлаштириши кутиляпти.

Кўргазмада 25 дан ортиқ давлат вакиллари қатнашади. Дастур доирасида экологик тоза технологиялар экспозицияси, халқаро стартаплар тақдимоти, панел муҳокамалар ва B2B учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган. Кўргазма Экология вазирлиги томонидан ўтказиляпти.

Кўргазмага кириш бепул, олдиндан рўйхатдан ўтсангиз кифоя: ecoexpo.uz

Р.S. Меҳмонлар ва иштирокчилар қулайлиги учун мажмуага элтувчи бепул автобуслар жадвали ҳам эълон қилинди: t.me/ecogovuz/46910

Реклама

Читать полностью…

bakiroo

Истеъмолчилар насия савдонинг асл нархини (фоиз ставкасини) билишга ҳақли

Насия савдо аслида арзон эмаслиги ва истеъмолчига банк қарз маҳсулотларидан каррасига қимматга тушиши ҳақида жуда кўп таъкидланган.

Марказий банк томонидан Ўзбекистон насия бозори ҳолати, жумладан насия савдо фойдаланувчиларининг ижтимоий-демографик профили, насияга олинган товарларга қўшимча тўловлар миқдори ўрганилган.

Таҳлилларга кўра, агар товар 12 ойлик тўлов режаси билан насияга сотиб
олинса, дўкон ва насия таъминотчиларига қараб, товарнинг умумий қийматига 27,3 фоиздан 44,3 фоизгача (ўртача 39,6 фоиз) устама қўшилади. Бундан
ташқари, товар учун ортиқча тўлов банк фоиз ставкаси эквивалентида
ҳисобланганда, ушбу ставкалар 47,1 фоиздан 73,8 фоизгача (ўртача 66,5 фоиз) бўлган оралиқни ташкил қилмоқда.


Регулятор насия хизматлари билан боғлиқ хатарларни камайтириш
ҳамда мазкур сегментнинг барқарор ривожланишини таъминлаш мақсадида
насия бозори фаолиятини ҳуқуқий ва молиявий тартибга солишнинг аниқ
механизмларини жорий этишни долзарб вазифа сифатида қараш лозим, деб ҳисобламоқда. Мазкур хулосаларга тўлиқ қўшилган ҳолда, “Насия савдо”нинг тўлиқ қиймати мажбурий очиқланишини қонунчиликка киритиш ҳақида ҳам ўйлаб кўриш керак бўлади.

Читать полностью…

bakiroo

Май ойида гўшт импорти рекордларни яна янгилаган

Май ойида жами 71,2 млн.долларлик гўшт маҳсулотлари импорт қилинган. Шунинг 57,8 млн.долларлик қисми мол гўшти ҳиссасига тўғри келади. Гўшт нархи сезиларли ошишни бошлаган йил бошидан буён ҳар ойда ўтган ойнинг рекорди ўзгармоқда, бу сафар апрелнинг рекорди янгиланган.

Импортнинг ўсиши йил-йил қирқимида айниқса яққол намоён бўлмоқда. Ўтган йилнинг май ойига солиштирганда импорт мол гўшти мисолида 1,82 баробар, қўй гўшти мисолида эса 2,60 баробар ўсган. Товуқ гўшти импорти эса 18,5%га қисқарган.

Мол гўшти нархи апрелга нисбатан бироз арзонлаб, май ойида ўртача 4,0 доллардан, қўй гўшти эса сезиларли қимматлаб, 1,67 доллардан импорт қилинган. Охирги кунларда Тошкент бозорларида импорт гўштининг улгуржи нархи қимматламоқда.

Читать полностью…

bakiroo

Харажатлар ортиб кетдими? Ечими бор

Банкка боришга вақт йўқ, дўстдан сўрашга уяласиз, лекин харажат кутмайди. Шундай вазиятда сизга керак бўладиган нарса — Zoomrad мобил иловаси.

Zoomrad иловаси орқали 100% онлайн микроқарз олинг:

✔️ Фоиз ставкаси: 26%–30%;
✔️ Муддат: 2 ойдан 48 ойгача;
✔️ Қулай ва тезкор расмийлаштириш.

Иловани юклаб олинг ва имкониятдан фойдаланинг!

Реклама

Читать полностью…

bakiroo

ЖСТга яна бир қадам. Тадбиркорларимиз Женевада

Швейцариянинг Женева шаҳрида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ)га аъзо бўлиш жараёнига бағишланган семинар бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон делегацияси, халқаро ташкилотлар ва экспертлар билан бир қаторда, турли соҳаларда фаолият юритувчи ўзбек тадбиркорлари ҳам қатнашди.

Семинарда ЖСТга аъзо бўлиш учун мавжуд имкониятлар, техник тўсиқларни бартараф этиш, экспортни кенгайтириш ва халқаро бозорларга чиқишга доир масалалар муҳокама қилинди.

Тадбирда қишлоқ хўжалиги, электр техникаси ва тўқимачилик соҳаларида фаолият юритувчи тадбиркорлар иштирок этди. Улар ЖСТга тўлиқ аъзо бўлиш жараёнини жадаллаштириш мақсадида амалий тавсия ва имкониятлар билан танишди.

Тадбиркорлар ушбу маълумот ва тажрибаларни эндиликда ўз фаолият йўналишларида қўллашни режалаштирмоқда.

Читать полностью…

bakiroo

Ҳокимнинг сўзлари ҳиссиёт экан, худди шу каби гапларни фуқаро айтса нима бўларди?

“Топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган”, дейилади ҳокимлик баёнотида.

Ажойиб.

Энди ўзингизга тасаввур қилинг, ҳокимнинг "Бугуннинг ўзида бузиб ташлайсан, нарсалари билан, ичидаги одами билан кўмиб ташлайсан…" қабилидаги қўрқитувчи буйруғига жавобан бино эгаси ҳиссиёт билан "суд қарорисиз бўлса, аввало сизнинг уйингизни бузиш, ичидаги одами билан кўмиш керак" деса нима бўларди. Неча дақиқа ўтиб мулкдор ҳибсга олинарди? Изолятордан соғ-омон чиқармиди? Судгача етиб борса, бўйнига неча йил илинарди?

Янги Ўзбекистонда ҳеч ким сайламаган ҳокимларнинг ҳақорат ва сўкишлари, калтак ва уришлари, қўрқитиш ва дағдағалари учун худди шу каби ҳолатларда фуқароларга қўлланиладиган жазо чоралари ишлатилганини мен ҳали кўрмадим. Бу кетишда кўрмасак ҳам керак.

Читать полностью…

bakiroo

Теҳрондаги элчихонамизнинг Эронда яшаётган ўзбекистонликларга мурожаати

Эрон атрофидаги вазиятнинг кескинлашиши, ракета отишмалари кутилиши муносабати билан Ўзбекистон элчихонаси Эрондаги Ўзбекистон фуқароларига хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилишни, шунингдек, Эрон ҳукумати ва Ўзбекистон элчихонаси расмий хабарларини мунтазам равишда кузатиб боришни тавсия қилади.

Шахсингизни тасдиқловчи ҳужжатлар ва Ўзбекистон элчихонасининг алоқа маълумотларини доимо ўзингиз билан олиб юринг.
Агар сизга шошилинч ёрдам ёки маслаҳат керак бўлса, Ўзбекистоннинг Теҳрондаги элчихонасига қуйидаги телефонлар орқали мурожаат қилинг:

• Фавқулодда ёрдам телефонлари :
22299780
22832025
• Электрон почта: iri.uzembassy@mfa.uz

Читать полностью…
Подписаться на канал