Гендер стереотиплар аёллар ишига қандай таъсир ўтказади: шишали шифт нима ва унинг ҳукуматдаги аёлларга нима алоқаси бор?
Биз ёпишқоқ пол ва аёллар ўз лавозимида маҳкам туриши нима учун қийинлигини ёзганмиз.
Гендер тенглик тадқиқотларидаги «шишали шифт» атамаси 1980 йилнинг бошида ошкора айтилмайдиган ва расмий тарзда ҳеч қандай қайд этилмаган ижтимоий тўсиқни (карьерадаги «шифт») ифодалаш учун киритилган. Ушбу тақиққа кўра, аёлларнинг хизмат пиллапоялари бўйлаб кўтарилиб боришида уларнинг касбий малакаси билан боғлиқ бўлмаган тўсиқлар пайдо бўлади. Вақт ўтиб ушбу атама кенгайтирилиб, бошқа ижтимоий гуруҳларга нисбатан ҳам қўлланила бошланди.
⠀
Аёллар бугун ҳам ушбу кўринмас тақиққа учрамоқда. Масалан, АҚШнинг 500 та етакчи компаниялари ўрганилганда, гарчи уларнинг паст лавозимли ходимларининг аксарияти аёллар бўлса-да, топ менежерларининг 84 % и эркаклар эканлиги маълум бўлди (ушбу компанияларда директорлик лавозимларининг 88% и кучли жинс вакилларига тегишли). Ушбу тўсиқ камситиладиган ижтимоий гуруҳлар чуқур илдиз отган стереотиплар билан боғлиқдир (хусусан гендер масалалари).
⠀
Замонавий тадқиқотчиларнинг фикрича, аёлларнинг юқори ва масъулиятли лавозимлар сари йўлидаги асосий тўсиқларга корхоналарнинг анъанавий кадрлар сиёсати ва аёл киши лидер ролига тўғри келмайди, деган хурофотлари киради.
⠀
Ирқий, этник, диний ва бошқа ижтимоий гуруҳлар вакиллари ҳам шишали шифт қурбонларига айланиб туришади.
БМТ маълумотларига кўра ҳукуматда аёллар сони 20 % га тенг. Ўзбекистонда бир тарафдан Сенатда аёллар 32 % ташкил этса, лекин Вазирлар Маҳкамасининг аввалги ва бугунги таркибида атиги бир аёл бор эди. 2022 йилда мактабгача таълим вазири Агриппина Шин бўлса, бугунги кунда мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова. Қолган вазирлар ва идоралар раҳбарлари - эркаклар.
Демак, ҳукуматда фақат эркакларни кўриб, ҳокимият аёллар учун эмас, деган ақидани шакллантирамиз.
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама #Аёллар
Дунё армияларида аёллар мавзуси ҳамон долзарб ва кўплаб баҳсларга сабаб бўлади. Узоқ йиллар давомида аёллар турли соҳаларда ўз ҳуқуқлари учун курашмоқда, армия ҳам мустасно эмас. Кўплаб мамлакатларда аёллар армияда эркаклар билан тенг хизмат қилишлари мумкин. Батафсил - карточкаларимизда.
Росина Ангалишева тайёрлади
#СукутСақлама #Аёллар #womenempowerment
Оҳангаронда ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳодими аёлни зўрлади. Бу ҳақида "Эзгулик" жамияти аъзоси Мурод Махсудов ўз саҳифасида маълум қилди:
"23-24 июнь куни К.А. исмли аёл Охангарон шаҳри ИИБ ходими, профилактика инспектори С.Н. томонидан зўрланди.
Зўрланганидан кейин у ҳақоратланиб, жисмоний босимга учради, эри уни иккита вояга етмаган боласи билан ташлаб кетди. Буларнинг кетидан аёл ўз жонига қасд қилди.
Айни дамда гумонланувчига нисбатан бирон айблов ҳам қўйилмаган, эҳтиёт чораси ҳам қўлланилмаган.
Тошкент вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилишича, номусга тегиш ҳолати тасдиқланмаган, буни судга оид тиббий экспертиза ҳам кўрсатди.
Жабрланувчининг яқинлари фикрича, жиноят ИИБ раҳбарияти томонидан яширилмоқда.
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вазиятни ҳолис ўрганиб, тегишли чора кўришига ишонамиз.
#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз
Ўша кунни Азиза (исми ўзгартирилди) аниқ-тиниқ эслаб қолди. 16 май куни болалар билан кўчага айланишга чиқишади. Телефони уйда зарядда қолади.
⠀
Кўчадан қайтгач, Азиза унинг атири ҳидини сезди. Бунгача собиқ эри унда квартира калитини қолганини инкор этган. Аёл ҳожатхонага кириб, ўша ерда бекиниб олди. Ўғли ҳам синглиси билан хонага кириб олади.
⠀
Эркак ҳожатхона эшигини тақиллатиб, очишни талаб қилади. Болаларни қўрқитмаслик учун Азиза эшикни очади ва эркак уни ушлаб, ётоқхонага судрайди ва эшикни ёпади. Эркак уни ҳақоратлаб, бир неча марта деворга уради, кейин эса аёл қўлида пичоқни кўриб қолади.
⠀
Пичоқни ўткир томони билан ушлагани учун эркакнинг қўли қонаб кетди. Азизанинг ўғли бундай низоларни аввал ҳам кўргани учун дарҳол эшикдан чиқиб, қўшниларни ёрдамга чақиради. Эркак очилган эшик овозидан қўрқиб, хонадондан ғойиб бўлади.
⠀
Азиза 102 га қўнғироқ қилади. Тез орада участка нозири келади. Тез ёрдам ҳам келди. Аёлнинг айтишича, участка нозири шифохонага ётмасликка ундаган, гўёки болалар ёлғиз колиб кетади. Ўша куни кечқурун жабрланувчини участкага чақиришади. Эркак ва унинг онаси ҳам ўша ерда эди.
⠀
Эркак унга "дарс бериш" учун унга ташланганини айтади. Шунингдек у аёл телефонидан суратларини юклаб олиб, уларни интернетда тарқатиш билан таҳдид қилган.
⠀
Участка нозири кўкарган жойлар йўқми, демак шунчаки безорилик деб баҳоланишини айтади. Азизани шифохонада кўрикдан ўтказиб, рентген қилишди. Ва юмшоқ тўқималар лат ейиши ташҳиси қўйилади. Эртасига судга оид тиббий экспертиза ҳам қилинади. Ва аёлга саломатлигига енгил тан жароҳатлари етказилганини тасдиқлади.
⠀
Участка нозири эр томонида бўлиб, Азиза бўлган воқеада ўзи айбдорлигини уқтиради. Аёл эса участка нозирининг ҳатти-ҳаракатлари устида ариза беради. Аммо прокуратура ҳам уларни кўриб чиқишга шошилмасди.
⠀
Шу кунларда Азизанинг воқеаси нима билан тугаганини маълум қиламиз. Бизни кузатинг.
⠀
#СукутСақлама
Таҳририятимизга психолог Татьяна Изумрудованинг манипуляторни аниқлаш ва токсик муносабатларни чиқиш ҳақидаги китобини бериб юборишди. Волонтёримиз Нигина Худайбергенова китобни ўқиб ўз фикрини қолдирди:
Китоб ёзувчининг зўравон бўлиб чиққан эркак ўртасидаги муносабатлар ҳақидаги ҳикояга асосланган. Шахсий тажриба қарамлик муаммосини кутилмаган томондан очишга ёрдам беради. Бизнинг олдимизда ночор қурбон эмас, қатъиятли учинчи шахс эмас, балки унинг чегаралари қандай бузилганлигини аниқ тушунадиган, лекин айни пайтда бундай муносабатларда қоладиган аёл турибди. У бир вақтнинг ўзида ҳамма нарсани тузатишга интилади ва бу вазиятда ўзининг заифлигини англайди.
Муаллиф ўзини заиф ҳолатда кўрсатишдан чўчимас ва бундай ҳолатга ҳатто ўзига ишонган инсон ҳам тушиши мумкинлигини кўрсатади.
Китобнинг яна бир муҳим жиҳати - унда абьюзерлар тилидан ҳам бир неча ҳикоялар келтирилади.
Муаллиф қурбон позициясида бўлган бир қанча мижозлари билан суҳбатдан парчаларни келтиради. Бунда аввало сизга зўравонлик содир этишмоқдами ёки сиз зўравонлик содир этишингиз мумкинми - аниқлаш муҳимлиги айтилади. Партнёрингиз таҳдид, жисмоний зўравонликка йўл қўйса, бу ҳолатни мустақил тўғирлашингиз амри маҳол.
Сиз абьюзив муносабатлар ҳақида қандай китоблар ўқигансиз? Шарҳларда бўлишинг.
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама #Тавсия
Уйқусизлик муаммоси кўпчиликка таниш бўлса керак. У ҳар қандай ҳолат сингари ўз-ўзидан пайдо бўлиб қолмайди. Уйқу билан боғлиқ муаммоларнинг турли сабаблари бор: стресс ва чарчоқ, депрессия ва неврологик касалликлар, кучли ҳаяжон, кун тартиби ва дам олишнинг бузилиши, соматик хасталиклар ва оғриқ. Агар бир ойда камида икки марта уйқу бузилса, зудлик билан шифокорга мурожаат қилиш зарур.
Баъзи бир одамлар шифокорга боришни исташмайди ва уйқусизликка қарши мустақил курашмоқчи бўлади. Натижада дорилар ичилади, афсуски бундай препаратлар сабабни йўқотмайди, фақатгина вақтинчалик чора ҳисобланади. Дорилар тугагандан кейин организм яна олдинги ҳунарини бошлайди.
❓Нима қилиш керак?
Биринчидан, кун тартибини таҳлил қилиш лозим. Мириқиб ухлаш учун инсон кун давомида фаол бўлиши лозим, яъни куннинг 2/3 қисмида ишлаб, 1/3 қисмида дам олиш зарур. Ақлий меҳнатнинг ўзи етарли эмас, жисмоний фаоллик ҳам албатта бўлиши лозим. Уйқусизликдан азият чекувчи инсонларга кечга яқин, уйқудан камида 4 соат аввал қуйидаги машқларни бажариш тавсия этилади.
Жисмоний юкламалар
Бунга спорт ёки гимнастика билан шуғулланиш, тоза ҳавода сайр қилиш (1-2 соат) киради.
➡️1-машқ
Қоринни пастга қилиб ётиб олинг. Бош пастга қараб жойлашади, қўллар икки томонга чўзилган. Нафас олиб чиқарганда қўлларни ҳар томонга ҳаракатлантиринг. Ҳар бир аъзо текис жойлашиши керак.
Ушбу машқни 10-15 марта такрорланг.
➡️2-машқ
Тепага қараб ётган ҳолда оёқларни икки ёнга кетма-кет букинг. Аввал ўнг томонга, кейин чапга. Бунда танангиз текис туришига аҳамият беринг. Тўғри нафас олишни унутманг.
Машқни 10-15 марта бажаринг.
➡️3-машқ
Тепага қараб ётинг ва бир оёғингизни иккинчи оёғингиз тиззаси устига қўйинг. Оёқларингиз бир-бирига яқин жойлашсин. Бу ҳолатни 5-10 сония ушлаб туринг, сўнг дам олинг.
Машқни 10-15 марта қайтаринг.
➡️4-машқ
Бир оёқни букинг ва қорнингизга қўлларингиз ёрдамида теккизинг. 10-15 сония ушлаб туринг. Сўнг иккинчи оёқни худди шундай ҳаракатлантиринг.
10-15 марта бажаринг.
➡️5-машқ
Бу машқ ерга ўтирган ҳолатда бажарилади. Оёқлар бирлаштирилиб, тиззалар икки томонга букилади. Қўллар билан тиззаларни ушлаб, бошни олд томонга чўзамиз. Бу машқ бел мушакларини чўзади ва уларга эгилувчанлик бағишлайди.
10-15 марта такрорланади.
2) Бўшаштирувчи муолажалар.
Асалли ёки ромашкали чой ухлашга ёрдам беради. 15-20 дақиқа давомида илиқ ванна қабул қилиш, тузли ванналар ҳам тавсия этилади. Бундан ташқари, оёқ кафтини массаж қилиш ёрдам беради. Чунки оёқ устида 7 мингта асаб толалари бор. Уларга таъсир қилиш орқали бутун организмни соғломлаштирамиз. Массаж бармоқлардан бошлаб товонга қараб давом эттирилади. Айланма ҳаракатлар қилиш мумкин. Бундай массажни 5-7 марта такрорлаган ҳолда, 10-30 кун давомида бажарса бўлади.
Унутманг, уйқу асаб тизимининг муҳим воситаси ва у бутун организмга таъсир ўтказади. Шунинг учун унга эътиборли бўлинг.
#СукутСақлама
Жорий йилнинг 26 июнь куни Олий судда Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан ўтказилган танлов иштирокчиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Олий суди ва USAID Nemolchi.Uz лойиҳасини "Адолат - қонун устуворлигида" танлови доирасида иккинчи даражали диплом билан тақдирлади.
"Nemolchi.uz" таҳририяти Ўзбекистон Республикаси Олий судига жамоамизга бўлган эътибор ва ишимиз эътирофи учун миннатдорлик билдиради.
Бу ўз вақтини ишимиз ривожи учун аямаган волонтёрларимиз ва бизни қўллаб-қувватлаган обуначиларимиз бтуғидир.
Биз шунингдек ушбу сана билан барча журналистлар ва блогерларни табриклаймиз. Муҳим ишимиз хавфсиз бўлишини тилаб қоламиз!
❤️ Барчангизга ташаккур!
#СукутСақлама
Эркакларга қарши ва аёлларга қарши ўхшаш жиноят учун жазо фарқланадими? Эҳтимол Қашқадарё вилоят ИИБ бу саволга жавоб бера олар?
Бугун Қашқадарё вилоят ИИБ ижтимоий тармоқларда кенг тарқалган видеога муносабат билдирди. Унда жаҳл остига минган эркак дугоналари билан ўтирган қиз юзига қарата стакан отяпти. Кўплаб стакан синиқлари қиз ва ёнидаги дугонасини жароҳатлади. Шунингдек кўп қон кетаётгани кўриниб турибди. Бунга сабаб сифатида қизнинг эркак билан танишишдан воз кечиши тахмин қилинмоқда. ИИБ вакиллари олинган жароҳатлар туфайли қиз шифоханага ётқизилганини тасдиқлади.
Ҳолат юзасидан эркакка нисбатан ЎзР ЖК 277-моддаси 2-қисми "в" банди (Безорилик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, унга кўра 300 соатдан 360 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 1 йилдан йилгача озодликни чеклаш ёҳуд 3 йилгача қамоқ жазоси кўзда тутилган.
Шу ўринда беихтиёр қиёслашга ўтасан киши. 2021 йилда Тошкентда ресторанда эркак қизни буғади, қиз унга қарата стакан отади. Ва қизга нисбатан ЖК 104-моддаси 2-қисми бўйича жиноий иш қўзғатилади. Эркак олган тан жароҳатлари енгил деб квалификация қилинса-да, судья стакан синиқларидан қолган излар кетмаслигига урғу беради.
Қизга ўшанда 5 йилдан 8 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин эди. Адвокатлар ва жамоатчилик иш бўғилишдан стресс туфайли бўлганини инобатга олиб енгилроқ моддага ўзгартирилишига курашади. Ҳатти-ҳаракатлар қисман бесамар кетмади: 2021 йилнинг июлида қизни 104-модда 2-қисми бўйича жазолашади ва унга 4 йилга озодликни чеклаш жазоси берилади.
Нега Шахрисабздаги эркакка нисбатан айни модда қўлланилмаяпти? Бу ерда ўзини ҳимоя қилишга эҳтиёж йўқ, қизлар унга эътибор ҳам қаратмаяпти. Лекин эркак рад жавобини эшитгач, қизга қарата стакан отади. Суратда чуқур излар кўриниб турибди, улардан чандиқ қолиши аниқ. Шунингдек иккинчи жабрланувчи бор.
Лекин Қашқадарё вилоят ИИБ буни безорилик сифатида баҳолади ва унга кўра жазо ҳам ЖК 104-моддаси бўйича бериладигандан анча енгил.
Биз жиноятлар учун жазо кўриб чиқилишида айбланувчининг жинси қанчалик муҳимлиги ҳақида ёзган эдик. Эркакнинг қилиғи "жаҳли чиққани" билан баҳоланиб, қилмиши гўёки кечирилади. Бир томондан аёлнинг роли ва зўравонликка йўл қўйилмаслигини эшитсак-да, иккинчи томондан аёлларга қарши жиноятлар адолатли кўриб чиқилмасдан, зўравонларни "тушуниш"га уринишларнинг гувоҳи бўламиз. Яна зўравонликка барҳам бермоқчи бўляпмиз...
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама #ЗўравонликданҲолиЎзбекистон #АдолатТалабҚиламиз
Ўзбекистон ИИВ маълумотларига кўра 2023 йилнинг 5 ойида мамлакатда 81 та қотиллик рўйхатга олинган. Улардан 76 (93%) таси эркаклар, 5 (7%) таси эса аёллар томонидан содир этилган. Ҳар бир ҳудудда камида иккита қотиллик эркаклар томонидан содир этилган. Аёллар томонидан содир этилган жиноятлар мамлакатнинг фақат тўртта ҳудудида қайд этилган. Харитада аксини инфографикамизда кўринг.
#СукутСақлама #Статистика
Жаҳон банки маълумотларига кўра, дунёда аёллар эркаклар маошининг 80 % оладилар (аслида бу кўрсаткичлар тенг бўлиши керак). Ўзбекистонда эса аёллар эркаклар маошининг атиги 61 фоизини оладилар. Демак, эркак ҳамкасбининг 1 соатлик ойлигини олиш учун аёл 1 соат 36 дақиқа ишлаши керак.
Бундан ташқари, аёллар юқори маош тўланадиган соҳаларда кам учрайди. Уларга таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий соҳалар қолмоқда - буларда молиялаштириш камроқ бўлиб, жамият эътибори эса юқори. Эркаклар ўзига эп кўрмайдиган ишга айнан аёллар боради.
Буларга сабаб эса гендер стереотиплардир.
"Ёпишқоқ пол" нима ва у аёллар ишлашига қандай тўсқинлик қилади?
Ёпишқоқ пол - бу кўчма маънодага атама аёл уй ишларини қилиши, эркак эса оилани боқиши керак деган стереотипга асосланади. Шунга кўра, кўплаб иш берувчиларнинг наздида эркак кўпроқ маош олиши керак, чунки у оиласининг боқувчиси. Худди шу сабабларга кўра, раҳбарлик лавозими ҳам эркакларга буюради. Аёл эридан юқори лавозим эгалламаслиги ёки ундан юқори маош олмаслиги керак, деган тушунча бор. Аксарият аёллар шу стереотипларга амал қилишади ва "оилани сақлаш" учун карьерада ўсмайдилар.
Қолаверса аёл фарзанд кўради. Декрет таътилини ота-онадан ҳар иккиси олиши мумкинлигига қарамасдан эркаклар бизда ўлса ҳам бола парвариши бўйича таътил олмайди. Демак аёл карьерада 3 йилга чиқиб кетди дегани. Баъзан бундай давр 2-3 ва ундан кўпроқ қайталанади. Уч йилда ишда жуда кўп ўзгаришлар содир бўлиши ва сен уларга етиб олишинг қийин кечиши мумкин. Демак тенг ёш ва стажда аёллар ишда камроқ вақт бўлдилар ва иш берувчи наздида улар қиймати анча тушади.
Қолаверса аёллар боланинг касалик даврида вақтинча лаёқатсизлик варақасини расмийлаштириб, яна ишдан орқада қоладилар. Эркаклар эса жуда кам ҳолатларда касал боласига қараш учун таътил олади. Боланинг мактаб, боғчаси билан боғлиқ "ишдан жавоб сўраш" ҳолатлари ҳам аёллар чекига тушади.
Жамиятда гендер стереотипларни йўқ қилиш, ота-оналикда тенг иштирок этиш аёлларга "ёпишқоқ пол"ни енгишига ёрдам беради. Шунда аёллар бир жойда қотиб қолмасдан, ўсиши мумкин бўлади.
Сиз бунга нима дейсиз?
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама #Аёллар
#АёлларСаломатлиги
❓ҚАЧОН КЎКРАК БЕЗЛАРИНИ УТТ ҚИЛДИРИШ КЕРАК, ҚАЧОН МРТ: МАММОЛОГ ҲАММАСИГА АНИҚЛИК КИРИТАДИ
Муҳим ишларни ортга суриш ҳисси ҳаммамизга таниш. Айниқса, саломатлик ҳақида гап кетса. УТТ га бориш, танадаги ҳолларни текширтириш, гинеколог ва маммологдан кўрикдан ўтиш ҳақида ўйласак юрагимиз ортга тортиб кетади. Жиддий касаллик чиқсачи, ёмон ташхис аниқланиб қолса-я, деган хаёллар қийнайди. Аммо аксарият касалликларни олдини олиш ва бошланғич босқичларида самарали даволаш мумкин. ЖССТ маълумотларига кўра, биринчи босқичдаги онкологияни 90-95% ҳолатларда енгса бўлади. Мутахассислар касалликни қанчалик эрта аниқлашса, даволаш самараси ҳам шунчалик юқори бўлади. Гинекология ва онкологияга доир кўпчиликни қизиқтирадиган саволларга маммолог, онколог Екатерина Парфенова жавоб беради.
➡️Маммолог олдига қачон бориш керак?
Аввалига мутахассисга бориб, кўкрак безларини кўрикдан ўтказиш керак. Шикоятлар, оилавий касалликлар, ёшингиз, сурункали касалликларга қараб, шифокор текширув усулини тавсия қилади. Бу ишни ўзбошимчалик билан амалга ошириб бўлмайди.
Маммографияни фақат 40 ёшдан кейин қилдириш керакми ёки олдинроқ ҳам унга мурожаат қилса бўладими?
Маммографияни асосан 40 ёшдан кейин ўтказиш тавсия этилади. Нима учун айнан шу ёшда? Чунки бу даврдан кейин кўкрак бези тўқимасида физиологик регресс жараёни бошланади. Яъни тўқима зичлиги пасаяди ва безлардаги ўзгаришларни яққол кўриш имконияти ортади. Агар оилада кўкрак онкологияси учрамаган бўлса, текширувни 2 йилда бир марта ўтказса бўлади. Оралиқ даврда УТТ ёрдамида ўзгаришларни кузатиб бориш ва шифокор маммологга бориб туриш мумкин.
Агар бемор аёлнинг қариндошларида онкология кузатилган бўлса, биринчи маммографияни 35 ёшда ўтказиш керак. Хавфли ўсмага шубҳа қилинса, ёшдан қатъи назар комплекс текширув олиб борилади. Стандарт ва скрининг МРТ сингари бошқа усуллар ҳам бор. Уларда маммография ва УТТдан фарқли равишда сезувчанлик кучли ҳамда кўпроқ 40 ёшгача бўлган аёлларни текширишда жуда самарали ҳисобланади. Аёлларда учрайдиган онкологик касалликлар нисбатида кўкрак бези саратони биринчи ўринда бўлиб, 19,3% фоизни ташкил этади.
➡️Ҳайз циклининг қайси кунида текширувга борган маъқул?
МРТни ҳайз бошланишининг 5 кунидан 12 кунигача ўтказиш зарур, УТТ ва маммографияни эса ҳайз циклининг исталган вақтида.
➡️Қандай аёлларда кўкрак бези саратони хавфи юқори?
Ҳайзи 13 ёшгача бўлган даврда бошланган;
менопауза 54 ёшдан кейин бошланган бўлса;
ҳомиладорлиги тўхтатилган;
эстрогенлар миқдори юқори бўлган аёллар;
илгари тухумдонларда онкологик касаллик ўтказилган бўлса;
эндокрин касалликлари бор (қалқонсимон бездаги патологиялар) ва моддалар алмашинуви бузилган аёллар;
35 ёшдан катта аёллар;
генетик мойиллиги борлар (қариндошларида онкология кузатилган);
кўкрак соҳага олинган нур терапиясидан кейин.
Аммо миянгизни салбий фикрларга тўлдирманг. Кўкракдаги барча ўсимталар ҳам онкология бўлавермайди, кўпинча киста ва аденома сингари хавфсиз ўсмалар ҳам учрайди. Шубҳаларнинг 50% ида саратон тасдиқланмайди.
#СукутСақлама
Жиззах вилояти прокуратураси Мирзачўл туман судининг 6 синф қизига нисбатан жинсий зўравонлик иши бўйича ҳукмига протест келтирди. Эслатиб ўтамиз, 2001 й.т. эркак 12 ёшли қиз билан бир неча бор жинсий алоқа қилган. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ 14 ёшгача бўлган шахс билан ҳар қандай жинсий алоқа номусга тегиш деб ҳисобланади, аммо дастлабки тергов органлари ва суд уни "ихтиёрий алоқа" деб баҳолади ва айбланувчига икки йил озодликни чеклаш жазосини тайинлади. Ўша воқеа лойиҳамизда эълон қилингач, прокуратура судлов ҳайъатига ҳукмни бекор қилиб, янги айблов ҳукми чиқариш юзасидан протест келтирилди.
Жиззах вилояти прокуратураси судларнинг шубҳали қарорларига тезкорлик билан муносабатда бўлиб, ишларни қонун доирасида кўриб чиқишга интилаётганидан жуда мамнунмиз. Афсуски, Хоразм вилояти прокуратураси 3-синф ўқувчиларига тегажоғлик қилиб, уларнинг интим жойларини ушлаган ўқитувчи иши бўйича эълон қилинган ҳукм бизни хурсанд қилмади. Унинг иши кичик ҳуқуқбузарлик сифатида тасниф қилиниб, ўқитувчига тегажоғлик учун беш кунлик маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Оммавий ахборот воситаларида бу ҳақида маълум қилинганидан кейин ҳам Хоразм вилояти прокуратураси томонидан ҳеч қандай протест келтирилмади. Маҳаллий прокурорлар кичик қизларга тегажоғлик қилиш мумкин деб ўйлашадими? Шунингдек, терговчилар ва судьялар ҳам. Ваҳоланки бундай ҳатти-ҳаракатлар доимо Жиноят кодексининг 129-моддаси бўйича квалификация қилинган (мактаб психологи Гасанов ишини эсланг).
Бош прокуратура, нега вилоятларда “Аёллар ва болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги янги қонундан зўравон ўқитувчиларнинг орқасини ёпиш учун фойдаланилмоқда? Хоразм чуқур уйқуда бўлса, балки сиз жавоб бера оласиз?
#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз #Қонунлар #Болалар
Нима ўқиймиз? Гендер тенглиги бўйича эксперт Камола Алиева тавсия қилади
«Газета.uz» китобхонликни тарғиб этишга қаратилган «Нима ўқиймиз?» лойиҳасини давом эттиради. Сара асарлар, ўқилиши мақсадга мувофиқ ҳисобланган китоблар рўйхати ҳақида олим, тадқиқотчи, ёзувчи-шоир, таржимон, журналист ва жамоат фаолларининг тавсияларини сизга етказамиз.
«Нима ўқиймиз?» лойиҳасининг навбатдаги меҳмони — Тошкент давлат юридик университети доценти, гендер тенглиги масалалари бўйича мутахассис, аёллар ҳуқуқлари ҳимоячиси Камола Алиева.
https://www.gazeta.uz/uz/2023/06/17/mutolaa-kamola-aliyeva/?utm_source=push&utm_medium=telegram
Каналга обуна бўлинг
👉 @gazetauz_uzb
#ўқувчилардан
Лойиҳангизни анчадан буён кузатаман. Мен ушбу ёзганларим орқали юпанч олиш ниятида эмасман. Аксинча, ҳар бир қиз ўз тақдири учун курашиши кераклигини айтмоқчиман.
Оилада катта фарзандман. Уятчанлик ва масъулият сабаб оила қуриш ёшига етганимда ҳам бу масалада яқинларим билан гаплашишга тортинганман. Ўқишга кирдим, энди оилага тайёр бўлсам керак, деб ўйлай бошлаганимда 25 ёшда эдим. Лекин ҳали ҳам куёвликка номзодлар билан учрашишга қўрқардим. Ёшим ўтаётганлиги ва ҳали ҳам қайсарликда давом этаётганимни сабаб қилиб, ҳали ўқишдалигимда мени маҳалламдаги йигитга унаштиришди. Уйга қайтганимда буни тушунолмадим. Ўз тақдиримни ўзим белгилашим кераклигини уқтиришга ҳаракат қилдим. Бироқ, мени тинглайдиган одам бўлмади.
Тақдир ҳукмига кўнишга қарор қилдим. Ўқимаган, дунёқараши тор ва “онаси”нинг етовидан чиқолмайдиган турмуш ўртоғим билан бир йил бирга яшадим. Бу фурсат ичида уни севолмаётганимни, турмуш ўртоғим сифатида қабул қилолмаётганимни ҳис қила бошладим. Келинлик ҳаётимнинг илк ҳафтасида эрим томонидан калтакландим. Қайнонамнинг бу табиий ҳол деб уқтириши, қайнотамнинг “Аёлни уриб тарбиялаш керак” деган сўзлари мени ҳайратлантирарди. Катталар “Аёл киши тилидан” калтак ейди, дейишарди, мен “тилсиз”лигимдан калтакланардим. Сукутим турмуш ўртоғимнинг ғашига тегар, уйидагиларга мени ёмон кўрсатиша уринарди. У мендан нима хоҳлаётганини тушунмасдим.
Мен китобларда ўқиган ҳаёт у ерда йўқ эди. Келин қул, уни на гапиришга, на йиғлашга ва на орзу қилишга ҳаққи йўқ. Шунчаки, эрига, унинг қариндошларига итоат қилиши керак, тамом. Мен бундай яшолмадим. Ўша оилада фарзандларим улғайишини ҳам истамадим. Қайнонам мени пойтахтда ўқишимни истамасди, у мени бутунлай бошқа соҳага ўтказишга уринди. Лекин мен ўз касбимни яхши кўрардим. Шундай қилиб, ўз уйимга қайтдим. Қишлоқ, маҳалла - ҳамманинг мавзуси мен эдим. Одамлар бу қиз эрини менсимади, ҳурмат қилмади, дейишди. Турмушим бўлмагач, кўчадаги эркаклардан гоҳида очиқ, гоҳида маънодор “таклифлар” туша бошлади. Бундай вазиятларда руҳий тушкунликка тушиб қолардим. Лекин курашишда давом этдим.
Айтмоқчи бўлганим, қиз бола бўлиб дунёга келиш айб эмас, лекин курашмаслик хато. Бахтни ўз қўлимиз, кучимиз, илмимиз орқали бунёд этамиз. “Одамлар нима дейди”, деб яшашдан воз кечиш керак. Одамлар гапираверади. Кучли аёлгина, кучли фарзандни дунёга келтиради. Мен шундай фикрдаман.
==============
Sukut saqlama.uz га келган мактублардан. Сиз ҳам ўз ҳикоянгизни аноним тарзда юборишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
__ _ _ _
#СукутСақлама #SukutSaqlama #Ўқувчилардан
Хотин эридан кўп пул топмоқда: стереотипларни четлаш ва муносабатларни сақлаб қолиш учун нима қилиш керак
Бугун тобора кўпроқ аёллар ўз карьераларида муваффақиятга эришмоқда ва эрларидан кўра кўпроқ пул топмоқда. Шу билан бирга, эркак оиланинг асосий боқувчиси бўлиши кераклиги ҳақидаги ижтимоий стереотиплар ҳамон долзарблигича қолмоқда. Бу қарама-қаршиликни қандай ҳал қилиш мумкин?
Хотин кўпроқ пул топса, эр ўзини камситилган ва қадрсиз ҳис қилиши мумкин. Бу ўзингизга ва қобилиятингизга ишончсизлик ҳисси, шунингдек, ўз-ўзини ҳурмат қилишнинг пасайишига олиб келиши мумкин.
Эридан кўп пул топадиган аёл етакчи ролни олишга одатланиб қолади ва кўпинча бундай хатти-ҳаракатларни муносабатларга кўчиради. Шу билан бирга, у ўз эркакининг эътибори, ғамхўрлиги ва севгисининг етишмаслигини бошдан кечириши мумкин, шу билан бирга эри унга ғамхўрлик қилиши учун ўзини қандай тутиши кераклигини тушунмайди.
Муносабатларда уйғунликни қандай сақлаб қолиш мумкин
Вазиятни эр-хотин очиқчасига муҳокама қилиши керак. Молиявий ҳолат ва ҳаёт режаларини биргаликда гаплашинг. Бу келажакда тушунмовчилик ва низоларнинг олдини олишга ёрдам беради.
Ўзингизни бошқа жуфтликлар билан солиштирманг. Ҳар бир жуфтлик ўзига хосдир ва ҳар бирининг ўзига хос кучли ва заиф томонлари бор.
Ҳар қандай муносабатларда уйғунликни сақлаш очиқлик, тинглаш ва эшитиш қобилиятини талаб қилади. Агар сиз ушбу оддий маслаҳатларга амал қилсангиз, молиявий фарқларга қарамай, бахтли ва соғлом муносабатларни сақлаб қоласиз.
#СукутСақлама #Лойиҳадан
Фалон актриса ошқозонини кичрайтирган экан роса чиройли озибди, бошқасининг териси жуда хунук осилиб қолибди. Ошқозонни кичрайтириш соғлиқ учун хавфли эмасми? Жуда тез ва муаммосиз озишнинг осон йўлими бу? Кейинчалик одам барибир яна семириб кетармиш…
Бу каби саволлар бугунги кунда урфга айланган “озиш операциялари”га тегишли. Хоҳ ўзимизда бўлсин, хоҳ хорижда, ортиқча вазндан азият чекаётган кўплаб аёл-қизларимиз ушбу жарроҳлик операциясига мурожаат қилишмоқда. Таъкидлаш керак, нафақат бизнинг мамлакатда, балки бутун дунёда бариатрик операция дея номланадиган ушбу жарроҳлик амалиёти турига қизиқиш катта.
ЖССТ семизликни глобал муаммо дея эътироф этади. 2020 йилги маълумотларга кўра, дунё бўйича 2 миллиарддан ортиқ одамлар ортиқча вазндан азият чеккан. Бу эса сайёрамиз аҳолисининг 30% ини ташкил этади. Семизлик муаммосига дуч келган инсонлар учун қандли диабет, юрак-қон томир, бўғим, онкология касалликлари хавфи юқори бўлади. Шунинг учун ҳам семизликни даволаш ва соғлом турмуш тарзига риоя қилиш жуда муҳим.
Бугун биз ушбу мавзуга хос кўп учрайдиган саволларга мутахассислар фикрларига асосланиб жавоб топишга ҳаракат қиламиз.
Бариатрик жарроҳликни озмоқчи бўлган ҳар қандай инсон қилдириши мумкинми?
❌Йўқ, мумкин эмас. Бу операция учун аниқ ва қатъий кўрсатмалар ва қарши кўрсатмалар мавжуд.
👉Кўрсатмалар
● 17 ёшдан 65 ёшгача;
● ТВИ (тана вазни индекси) 40 ва ундан юқори;
● жиддий ҳамроҳ касалликларида (метаболик синдром, қандли диабет) ТВИ 30-40;
● одам вазни кескин равишда ортиб кетса ва қачондир семизликдан азият чеккан бўлса, ТВИ 30 дан кичик.
❗️Қарши кўрсатмалар
● ошқозон ва ўн икки бармоқ ичак яраси яллиғланиши;
● ҳомиладорлик;
● онкологик касалликлар;
● руҳий ўзгаришлар: оғир депрессиялар, психозлар, психофаол моддаларни суиистеъмол қилиш (спиртли ичимликлар, гиёҳванд моддалар), турли психопатиялар;
● ҳаётий муҳим аъзолардаги ортга қайтмас оғир жараёнлар.
➡️Давоми сайтимизда: https://nemolchi.uz/uz/strong-semizlik-zhonimga-tegdi-osh-ozonimni-kichrajtirsammikan-strong-strong-muammo-echimi-aerda-strong/
Қадим замонларда аёллар бирон ҳуқуқларга эга бўлмаган. Лекин қадимий Спарта бу борада мақтаниши мумкин эди.
Милоддан аввалги 7 асрда буюк қонун чиқарувчи Ликург Спартанинг сиёсий ва ижтимоий тузилишини қайта ташкил этиб, аёллар юқори ижтимоий мавқега эга бўлган интизомли ва бирлашган жамиятни яратди.
Спартада аёлларга муносабатнинг хусусиятлари карточкаларда 👆👆
#СукутСақлама #Аёллар #womenempowerment
Самарқандда Исроилда ишлаётган хотинига жаҳл қилиб, уч нафар фарзандини пичоқлаб ўлдирган воқеаси ҳамон барчани ларзага солмоқда.
Ўша машъум воқеа биринчиси эмас. Самарқанд вилоятида Россияда ишлаётган эрига жаҳл қилиб болаларини ўлдириш билан таҳдид қилган ва буни камерага ёзган аёл ЖК 112-моддаси бўйича жазоланганди.
Бундан ташқари, жорий йилнинг май оқида Самарқанд вилоятининг Тойлоқ туманида эркак Россияга ишлашга кетган аёлидан ўч олиш мақсадида икки ўғлини буғиб ўлдиради. Унга қарши ЖК 97-моддаси билан жиноий иш қўзғатишган.
Мазкур ҳолатларнинг барчаси биттагина Самарқанд вилоятида содир бўлган. Демак бу фожеанинг кўлами жуда катта. Илдизлари эса маиший ўч олишдан ҳам чуқур.
Нега ота-оналар ўч олиш воситаси сифатида фарзандидан фойдаланишни ўзларига эп кўришади?
Бундай ҳолатлар камдан-кам учрайдиган ҳодиса деб ўйласангиз, адашасиз. Кўпинча, собиқ ёки ҳозирги турмуш ўртоқларга нисбатан туйғуларига дош бера олмаган, келиша олмаган ҳолда, катталар манипуляция объекти сифатида болани танлайдилар. Бола ҳис-туйғуларга босим ўтказиш, айрилиқдан кейин шундоқ ҳам мавжуд бўлган оғриқни яна кучайтиришга ишлатилади. Бундай вақтда катталар ота-она эканлигини унутишади.
Ўз ҳис-туйғуларини жиловлай олмаслик бир томон, жамиятимизда яқинларини "ўзиники" деб ҳисоблаш ҳисси жудаям кучли. Бу эр-хотинлик ва фарзандлар билан муносабатда айниқса яққол кўринади.
Эр ёки хотиннинг шахсини ҳурмат қилсангизгина, ажримни ёки бошқа ҳолатни оғриқсиз қабул қилиш мумкин. Болангизнинг шахсини ҳурмат қилсангизгина, уни ўзингиздан ажрата оласиз ва ўз ҳаётини яшашга қўйиб берасиз. У сизнинг мулкингиз эмас. Ва асло эр-хотинлик муносабатини тикловчи восита ҳам эмас...
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама #Болалар
Nemolchi.uz таҳририяти бу йўриқнома сизга ҳеч қачон керак бўлмаслигига ишонади.
#СукутСақлама #Лойиҳадан
Бу йил Хадича Сулаймонова таваллудининг 110-йиллиги кенг нишонланмоқда. У юридик фанлар доктори, профессор, Ўзбекистон ССРда хизмат кўрсатган фан арбоби, адлия вазири бўлган.
⠀
Ишонамизки, Хадича Сулаймонова ўзи номидаги суд-экспертиза марказининг бугунги аҳволи, эришаётган ютуқлари ва ишини юқори баҳолаган бўларди.
⠀
Адлия вазирлиги ҳузуридаги Хадича Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази республикамиздаги етакчи экспертиза муассасаларидан биридир. Бугунги кунда марказда 54 турдаги ва 73 мутахассислик бўйича имтиҳонлар ўтказилиб, янги имтиҳон турлари ишлаб чиқилмоқда. Охирги уч йилда 10 та ана шундай янги имтиҳонлар жорий этилди.
⠀
Марказ 1951 йилда биринчи аёл ҳуқуқшунос Хадича Сулаймонова ташаббуси билан ташкил этилган.
⠀
Экспертизаларнинг янги турлари: судга оид лингвистик, судга оид компьютер-техник, судга оид филологик, озиқ-овқат маҳсулотлари экспертизаси, ҳатто замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда содир этилган жиноятларни очишга ёрдам беради. Масалан, компьютер технологиялари фото ва видео материалларда фотомонтаж ёки учинчи томон аралашуви изларини аниқлай олади. Қўл ёзуви бўйича мутахассислар муҳим ҳужжатларни имзолаган шахснинг ҳолатини аниқлашлари мумкин. Марказ баллистика, траcология, ДНК ва наркотик моддаларни ўрганиш бўйича ҳам илмий изланишлар олиб боради.
⠀
Бугунги кунда ташкилотда фаолият юритаётган аёллар кўп. Ҳатто айрим бўлимларда аёллар иштироки кўпроқ. Бугун айниқса Хадича Сулаймонованинг ўз ишига содиқлигини таъкидлаб ўтиш муҳим.
⠀
Хадича Сулаймонова, шунингдек, хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларга тенг имкониятларни таъминлаш билан шуғулланган. Унинг вазир бўлган даврида аёлларга тенг иш ҳақи олиш ва иш жойидаги камситишлардан ҳимояланиш ҳуқуқини кафолатловчи қонунлар қабул қилинди.
⠀
#Аёллар #womenempowerment #СукутСақлама
Блогер Нурбек Алимов ёзмоқда:
"Бу опани кимлигини танимайман, шахсиятига ишим йўқ.
Фикрларига келадиган бўлсак буни деструктив фикрлар деб биламан. Да бир қарашда ажрашманглар там мурод мақсадга етиб яхши яшанглар демоқчи. Сабр қилинглар, калтак есаларинг аламни ишдан олинглар... Жа бўмаса болаларини уриб-уриб аламини олган аёл деб қўшиб кетмапти яхши.
Эридан тинимсиз калтак ейдиган ва у билан яшашда давом этадиган аёлларда ғурур деган нарса қолмайди. Ғурур бу фақат эркакка хос фазилат эмас. Опа айтган 90 фоизли статистика рост бўлса, айнан аёлларнинг мутелиги сабабли ҳам, оналарнинг мутелиги сабали ҳам бугунги кунда биз ҳам жуда қўрқоқ авлодлармиз.
Консерватор кўпчиликка ёқиш учун популизмга берилиб кетаверманглар. Ўша "калтакхўр аёл" образига ўз қизларингизни солиб кўринглар. Бўмапти гаплариз опа. Қуллардан қуллар туғилиб тарбия кўради. Маликалар тарбиялайди достойный одамларни".
✅@nurbekalimov
#СукутСақлама #Фикр
#Ўқувчилардан
Болалигим. У давримни болалик деб аташ мумкин бўлса, майли атайлик. Оилада тўнғич фарзанд эдим. Мендан аввал икки ўғил фарзанд ўтиб, мен туғилганман ва дадам мени ўғлим деб чақирарди. Мендан сўнг синглим ва укам туғилган.
Дадам ҳарбий, онам эса уй бекаси эди. Ёшлигимдан отам онамни уришиб сўкиши, онам эса сен бўлмаганингда шу одам билан яшамас эдим деган сўзлари остида улғайдим. Дадамнинг иши оғирлигини рўкач қилиб, бизнинг хеч бир болалик шўхлигимизни кўтара олмас ва қаттиқ тартиб остида улғайишимизни талаб қилар эди. Бир сўз билан айтганда уйимиз армия эди. Онам саккиз ойлигида онасидан, етти ёшида отасидан етим қолган эди. Борар жойи йўқ содда аёл эди.
Болалигимнинг аксарият қисмини онамнинг кечалари калтаклар остида инграб "жон дадаси, урманг, кечиринг, болаларим, ёрдам беринглар" деган нидоси остида уйғонар ва онамга ёрдам беришга етмаган қўлларимни қулоқларимни беркитишга ишлатар эдим. Биз шунчаки дадам ҳолдан тойиб онамни уришни тўхтатганида қон доғларини артишга ва шишган жойларига муз қўйишга чиқар эдик.
Мен эсимни таниганимдан онамни дардкаши эдим. Дадам турли аёллар билан юрар ва табиийки, онамни арзимаган нарсада айблаб ҳудди виждони олдида ўзини оқлаш учун унга қўлидан хеч бир иш келмайдиган бефаҳм аёл эканлигини бот-бот эслатиб турар эди. Мен эса оилада тобора катта одам ролида эдим ва аксарият маломат тошлари менга отилар эди. Дадамдан алами бор онам мени калтакласа, дадам ишдан келса дадам калтакларди. Шу зайилда умр ўтди, улғайдим, олийгоҳда ўқидим. Дадам соғлигида муаммо билан нафақага чиқдилар.
Турмушга чиқдим ва агар рўзғорим онамникидек бўлса бир сония ҳам яшамайман деб ўзимга сўз бердим. Майёрнинг қизи эдим. Оддий деҳқон оилага институтдаги курсдошимга турмушга чиқдим. Бу орада дадам оламдан ўтди. Қисқа парвозли бесамар кетган умр тугади. Турмушимда бир неча йиллар иқтисодий жиҳатдан бироз қийналсак-да, турмуш ўртоғим иккимиз чекинмадик. Севги ва тинчликка тўла қалбимиз билан у қийинчиликларни енгиб ўтдик.
Хозирда турмуш ўртоғим меҳнат муҳожири, устачилик қилади, мен эса мактабда директорман. Уч нафар фарзандим бор, икки қиз ва бир ўғил. Қизларим дадасига эркаланиб гаплашишганда қалбимда биринчи шукронани ҳис этсам сўнг минглаб саволлар қуршовида қоламан. Нега мен бундай яшамадим...
==============
Sukut saqlama.uz га келган мактублардан. Сиз ҳам ўз ҳикоянгизни аноним тарзда юборишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
__ _ _ _
#СукутСақлама #SukutSaqlama #Ўқувчилардан
71 ёшли аёл бакалавр даражасини олди
Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти Нукус филиалида диплом топшириш маросими бўлиб ўтди. Битирувчилар қаторида 71 ёшли Чиннигул Дўстхўжаева ҳам бор.
Чиннигул опа филиалнинг “Соз асбоб ижрочилиги” таълим йўналишининг бакалавр босқичини тамомлади.
– Армоним олий маълумотли бўлиш эди. Мана армонимга етдим. Ҳаётимнинг 50 йилини санъат соҳасига бағишладим. Эндиги армоним магистратура босқичига ўқишга кириш, — дейди Чиннигул Дўстхўжаева.
Манба.
#СукутСақлама
БМТ статистик маълумотларига кўра, ҳар учинчи аёл ҳаётида камида бир марта жисмоний ёки жинсий зўравонликка учраган. Бу зўравонлик қурбонлари учун жиддий оқибатга олиб келиши билан бирга зўравонлик қўрқуви туфайли аёллар ҳаракатини ҳам чеклайди. Яна бир сабаб шундаки, замонавий шаҳарлар эркаклар томонидан фақат уларнинг эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда яратилган. Бироқ, жинсидан қатъи назар, шаҳарларни ҳамма учун хавфсизроқ қилиш имконияти мавжуд.
Келинг, ҳам давлат томонидан, ҳам фаоллар томонидан бу муаммога қандай ёндашилганлигини кўриб чиқамиз.
#СукутСақлама
Тошкент вилоят ИИББ матбуот котиби Бобур Тўлаганов текширилмаган маълумот бердими?
Унинг маълум қилишича, хонадонда хабарда қайт этилгани каби, "ҳайвонга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш" билан боғлиқ ҳолат аниқланмаган. Бундан тахминан 10-15 кун уйда боқаётган мушуги эътиборсизлик оқибатида кир ювиш машинаси ичида қолиб кетган. Қайси мушук ҳақида гап кетаётгани номаълум, чунки Шамил томонидан суратдаги мушук 10-15 кун аввал эмас, февраль ойида қийноққа солинган. Наҳотки ҳамма мушуклар "кир машинасига тушиб қолган"?
Эркак гиёҳванд модда ҳам қабул қилмас экан. Аллергиядан томирга юбориладиган укол олармиш. Аллергияси борлигига қарамай уйда мушук боқиши ғалати. Ва врачлар унга томир ости даволанишда махсус катетерлар уланишини тушунтирмагани ундан ҳам ҳайратланарли.
Хабарда, шунингдек, "турмуш ўртоғи билан бўлаётган келишмовчилик сабабли, бу ҳолат турлича талқин қилиниб, айримларида ваҳимали тус берилиб интернет тармоқларига тарқатилгани" айтилмоқда. Фақат аёл бу гапга қўшилмаяпти. Унинг сўзларига кўра, уни ҳеч ким сўроқ қилмаган ва ҳеч нарса тушунтиришмаган. Феруза исмли инспектор аёл қўнғироқ қилиб, эртага ҳимоя ордери бериши ва болани тиббий текширувга йўналтиришини айтган, ҳолос. ИИББ тарқатган хабар бутунлай эркак сўзидан ёзилган, жабрланувчини ҳеч ким сўроқ қилмаган.
Нега иккинчи томон кўрсатмалари эътиборга олинмаяпти? Нега ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари вакиллари сўзсиз эркак версиясига ишонди? Эҳтимол, аёл сўзи бизда жиддий қабул қилинмаслигинадир? Унда ўша ходимлар ўз лавозимида қолишга лойиқлиги шубҳа остида қолмоқда...
#СукутСақлама #АдолатТалабҚиламиз
Хитойнинг Уси шаҳрида ўтаётган қиличбозлик бўйича Осиё чемпионатида аёллар ўртасида сабля йўналишида кечган баҳсларда ҳамюртимиз Зайнаб Дайибекова олтин медални қўлга киритди.
Осиё чемпионатининг плейй-офф босқичида иккинчи сараланган спортчи сифатида ҳаракат қилган Дайибекова саралашда Ветьнам, Хитой, Австрия вакиллари, ярим финалда ҳиндистонлик Бхавани Чадалавадани, финалда эса уч карра жаҳон чемпионати совриндори, Токио-2020 Олимпиадаси бронза медали соҳиби, жанубий кореялик Жису Юнни мағлубиятга учратди.
Бу қорақалпоғистонлик спортчимизнинг катталар ўртасидаги Осиё чемпионатларида қўлга киритган биринчи олтин медали ҳисобланади.
#СукутСақлама #СпортдаАёллар
Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ходимлари боласини калтаклаётган ва мушукларни ўлдираётган эркакни хавфли деб ҳисобламадими?
"Nemolchi.uz" таҳририятига қуйидаги мазмундаги хабар келди: "Илтимос, менинг хабаримни ёритинг.
Мен Ахмадиев Шамилнинг хотиниман. У мушукларни сотиб олиб, уйда ўлдиради, ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ҳеч қандай чора кўрмаяпти. 14.06.2023 й. ўртамизда низо келиб чиқди. У менинг ишга чиқишимга қарши, ваҳоланки ўзи 6-7 ойдан бери ишламайди, менинг паспортим, телефонимни олиб қўйиб, уйдан ҳайдади. Эшикни қулфлаб олди, болаларимиз эса у билан ичкарида қолди. Мен қўшниникига кириб, 102 га қўнғироқ қилдим, улар бир соатдан кейингина келишди. Шунда ҳам участка нозирини юборишди. Эслатиб ўтаман, бу ҳолат биринчиси эмасди. Мен болалар учун қанчалик ҳавотир олганимни тасаввур қилолмайсиз. У сал аввал, яъни 10 июнь куни 11 ойлик ўғлимизни калтаклаганди, милиция ходимлари эса боланинг калтаклангани бўйича иш қўзғатмади!
Ички ишлар органлари ходимлари билан гаплашганда эрим қанчалик хавфли эканини айтсам ҳам мени эшитишмайди, ҳеч қандай чора кўришмаяпти, у касал, ҳайвонларга ўта шавқатсиз, ўлдириб, кечаси аҳлатга ташлайди. Бизнинг уч нафар фарзандимиз бор, бундай ҳолатда яшаш биз учун хавфли. Илтимос, мени қонуний равишда ҳимоя қилишга ёрдам беринг".
Аёл ёзаётган гаплар ҳақиқат бўлса, ички ишлар органларининг ҳаракатсизлиги жиноят! Вояга етмаган болани қийнаш, ҳайвонларга нисбатан ваҳшийларча муносабат бўйича нега иш қўзғатилмади? Нега бу шахс ҳалигача очиқда қолмоқда? У нафақат мушуклар, балки ўз оила аъзолари учун хавф туғдирмоқда.
Ўзбекистон ИИВ дан мазкур иш тафсилотларини аниқлаш ва ўз назоратига олишни сўраймиз. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари нафақат ишни ўрганиш, балки аёл ва унинг фарзандлари хавфсизлиги таъминланиши борасида тегишли чора кўришига ишонамиз.
Нигина Худайбергенова
#СукутСақлама
#Ўқувчилардан
9 июнь куни Сергели 3-бекатдан тушдим, бироз муддат автобус кутдик, 8 ёки 9 нафар қиз-аёл эдик. Бир томондан бир қизнинг бақираётганини эшитдик. Эркак унинг қўлини ушлаб, қайириб олиб, бақириб турган экан. Ёнидан йигитлар, эркаклар ўтиб кетаётганди, ҳеч ким нима қиляпсан деб сўрамади. Орамиздан биттамиз "юринглар, бориб биттадан урсак ҳам майли, қутқарайлик" деди, лекин боролмадик. Анави эркак эса қизни уриб машинага солиб олиб кетди. У эркак қизга ким бўлади, билолмай қолдик.
Ким бўлса ҳам ундай муносабат қилишга ҳақи йўқ эди. Ҳозир эса унинг ёнига бормаганимга, метродан бирор ҳодим чақириб чиқмаганимга ўзимни айибдор ҳис қилмоқдаман. Қизга нима бўлди, билмайман. Бундай вазиятни аввал кўрмаганимга шокка тушиб қолдим. Дадамдан, турмуш ўртоғимдан бундай муносабат кўрмаганим учун нима қилиш кераклигини билолмай қолдим.
Оқибатсизлик, бефарқлик авж олган замонда яшамоқдамиз. Ўзим ҳам иштирокчи бўлиб қолдим, ичим ёнмоқда қизнинг ҳолатига.
==============
Sukut saqlama.uz га келган мактублардан. Сиз ҳам ўз ҳикоянгизни аноним тарзда юборишингиз мумкин: https://forms.gle/ZKCabhpzFM3ewTUz9
__ _ _ _
#СукутСақлама #SukutSaqlama #Ўқувчилардан
Инсон соғлом бўлса, ўзини бахтли ҳис этади. Саломатлик эса фақатгина жисмоний ёки руҳий фаровонликни назарда тутмайди, балки жамиятда ўзаро муносабатларни йўлга қўйиш, инсонлар билан ҳамжиҳатликда яшашни билдиради. Бунга эришиш учун нималарга эътибор бериш кераклиги ҳақида бир неча тавсияларни бериб ўтамиз.
❓Ижтимоий саломатлик нима?
Бу бошқа инсонлар билан самимий муносабат ўрнатишдир. Мазкур соҳадаги муваффақият бизнинг атрофимиздаги ижтимоий воқеликларга қанчалик мослашишимизга боғлиқ.
✔️Ижтимоий саломатлик белгилари:
Ижтимоий ва шахсий вақт бобида меъёрни таъминлаш;
жамиятда инсонлар билан мулоқот қилиш;
оилада ва дўстлар билан мустаҳкам алоқа ўрнатиш;
турли ижтимоий вазиятларга тез мослашиш;
вазиятдан қатъи назар ўзликни сақлаб қолиш;
ўзга инсонларни ҳурмат қилиш;
шахсий чегараларни қатъий белгилаб олиш;
ҳаётдан мамнун бўлиш.
ИЖТИМОИЙ САЛОМАТЛИКНИ МУСТАҲКАМЛАШ СИРЛАРИ
1. Ҳар ҳафта камида беш нафар одам билан мулоқот қилинг
Шунда ўзимизни бахтлироқ ҳис этамиз. Қариндошлар бўладими, қўшниларми ёки танишлар, ҳамкасблар, энг муҳими, бу мулоқот сиз учун аҳамиятли бўлсин. Уларга қўнғироқ қилинг, интернет орқали ёзинг, меҳмонга боринг, кўчада учрашинг, бирга овқатланинг.
2. Қўшнилар билан иноқ бўлинг
Инсонлар билан тил топишишнинг синалган усули меҳрибонлик кўрсатиш. Олимлар эса атрофдагиларга, айниқса, қўшниларга яхшилик қилишни маслаҳат беришади. Шунда одам ўзини ёлғиз ҳис этмайди.
3. Телефонда кўпроқ гаплашинг
Бизни жонли мулоқотдан айирган смартфонлар ҳақида қанчалик ёмон гапирмайлик, уларнинг фойдали томонлари ҳам бор. Улар ҳам ёлғизликни енгишга ёрдам бера олади. Ярим соат ёки бир соатлаб гаплашиш шарт эмас, соғинган инсонингиз билан 15 дақиқа гаплашсангиз ҳам кўнглингиз тўлади.
4. Ҳеч бўлмаса, уч нафар инсон билан яқиндан дўстлашинг
Канадада ўтказилган тадқиқотда камида уч нафар дўсти бўлган инсонлар таниш-билишлари камроқ бўлганларга қараганда ўзларини бахтлироқ ҳис этиши исботланди. Дўстлик саломатликка яхши таъсир кўрсатади ва умрни узайтиради.
5. Жамоавий машғулотларда ўзингизни синаб кўринг
Жамоада ўз ўрнини топиб яшаш завқи ўзгача. Бунинг учун қизиқишларга қараб, якдил фикрли инсонларга яқинроқ бўлиш керак.
➡️Натижа қандай бўлади?
Жисмоний ва психологик соғлиқ сингари ижтимоий саломатлик ҳам доимий ҳаракатни талаб этади. Тавсияларимизга амал қилиб кўринг, натижасини ўзингиз кўрасиз.
#СукутСақлама