СУРХОН ҚЎШИҒИ
Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,
Термизийнинг зиёратин қилар бажо.
Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,
Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.
Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:
Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё.
Бақтрия, қадим Кушон, Чағониён,
Тешиктошда бобо тарих тарих тузган.
Қирқ минг йиллик мангу хабар — Зараутсой,
Унда менинг суратим бор, бобом чизган.
Будда каби жим ўлтирар кўҳна қирлар,
Менинг битмас ҳикматимсан, Сурхондарё.
Сингилларнинг тилагидай ҳур жилғалар,
Дўмбиранинг ўркач сойдай нолалари,
Бешик каби чайқалганда не асрлар,
Туғилади Алпомишнинг болалари.
Ойбарчиннинг исирғаси — кўксимда ор,
Эллар аро иззатимсан, Сурхондарё.
Кунгай бетда Сўфий Оллоёр дуо этса,
Кафтларида капалакдан бургут дўнар.
Гар чўпони бир дам хаёл қилиб қолса,
Таёғидан зўр Сайроби чинор унар.
Замин алқаб, бағрин очиб турган само,
Ёмғирдайин раҳматимсан, Сурхондарё.
Замонларнинг гуноҳини ювган дарё.
Пирлар каби тунлар хаёл сурган дарё.
Ўзанини эзгуликка бурган дарё.
Соҳилида тарих ўтов қурган дарё.
Ҳар эпкини битта шоир берган дарё.
Ҳайратимсан, шиддатимсан, ҳикматимсан,
Ҳар сатримда шарқирайсан, Сурхондарё,
Жануб ёқдан ярқирайсан, Сурхондарё.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
МАКТАБ ЙЎЛИДА
Жим кетяпти,қадди ундов, қалби сўроқ,
Жим кетяпман, кўзлар нуқта, кўнглим савол.
Орамизда ўн қадамча яқин-йироқ,
Ўртамизда ичи куйиб ўлар шамол.
Жим кетяпти, жимлигидан тани титраб,
Тонг камондай тортилади, отолмайди.
Бу ой ўтиб кетган кеча кечар ўздан,
Юрагимнинг уфқига бир ботолмайди.
Бўй таратар кўйлагининг қизил гули,
Ҳар қадамда тонгнинг қўли қолар синиб.
Йўл четида ёнбошлаган тошлар қолар,
У ҳатлаган кўлмакларнинг кўзи тиниб.
Жим кетяпмиз, ўртамизда масофалар,
Ва йўлларнинг хатм қилган оятлари.
Ва тошларнинг ой қирраси тилиб ўтган,
Юрагимга чекиб кетган дастхатлари.
Жим кетяпти, дим оҳида бир хиргойи,
Вужудимга югуради олов қўшиқ.
Хаёлимни дарахт шохи илиб қолар,
Ўртамизда ўн қадамча буюк бўшлиқ.
Шу бўшлиққа йилларимни тошдай отиб,
Ўн қадамни қисқартолмай тезлайдирман.
Қадди – ундов, нигоҳлари зўр топишмоқ,
Топишмоққа ҳануз жавоб излайдурман.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Кунларим умримдан баргдай учади,
Кўнглимни эритиб сизади ёшим.
Тунлар оёғимдан йиғлаб қучади,
Мени етолмайди ўттиз бир ёшим.
Она, бу кунларга қандай ном қўяй,
Қорахатдай учар умримдан кунлар.
Не деб таскин бериб, нимага йўяй,
Бир нима денг, энди тилсиз устунлар.
Менинг икки кўзим кўнгилга тўлди,
Ками йўқлар аро ортди камларим.
Учмоққа осмон йўқ, қўнмоққа ер йўқ,
Кўнглим оғриб қолди оғажонларим.
Асли эгиз бўлиб туғилмоқчийдим,
Она, вужудингда қолди бир жўрам.
Унинг ҳам ўрнига чарсиллаб куйдим,
Унинг аламлари умримга ярам.
Ҳув кузда кўксимдан учган қалдирғоч,
Яна баҳор билан қайтди, кўряпман.
— Ҳей Одам, кўнглингни, юрагингни оч,
— Кўнглим ўлиб қолди, қўйиб келяпман.
Кунларим умримдан хазондай учди,
Кўнглим йўқ. Ҳаттоки йиғлаёлмайман.
Кўксимнинг абадий тоғлари кўчди,
Юмалаган тошман, тўхтаёлмайман.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
КЕЧИККАН ХАТ
Ўткир, Московда ҳам эридими қор,
Кўзёшдек жимирлаб, кетдими музлар?
Ўткир, Московга ҳам бордими баҳор,
Московда ҳам гўзал бўлдими қизлар?
Ўткир, биз томонда майсалар кулди,
Изларинг кўзёшдир – халқобли йўллар.
Сендан вафо истаб, сенинг йўғингда,
Ўзгадан гул олиб титради қўллар.
Ҳув, ўша сен кезган рус ўрмонидай,
Бир қизнинг сочлари шовуллаяпти.
Унинг юрагида, юрак тубида,
Бир асир туйғулар увуллаяпти.
Тингла, сезяпсанми, эшитяпсанми,
Тақдир яшин каби ташлади фармон.
Яшил майсаларнинг бошини эгди,
Есенин қабридай гўзал бир армон.
Бу «оҳ»ни томоша қилмоққа ҳад йўқ,
Изоҳ сўрамагин таржимонлардан.
У кўнгил дардларин айтолмаётир,
Антеннаси чиқмас телефонлардан.
Мана, борлиқ аро яшнади баҳор,
Бугун тўй бўляпти, келиндир бир қиз.
Унинг юрагида изғирин ва қор,
Сенинг юрагингда эримайди муз.
Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM
САЪДУЛЛА АҲМАД – НОДИР ШАХС
(Таъзия)
Шоир, таржимон, адабиётшунос-мунаққид Саъдулла Аҳмаднинг вафоти уни яхши билган кишилар қалбида жудолик қайғусини уйғотди. 2024 йил 10-апрель, ҳижрий 1445 йил 1-шаввол, чоршанба – рамазон ҳайити куни улкан қалб эгасининг вафоти тарихи бўлиб ёзилди.
Саъдулла Аҳмад 1947 йил 24 февралда Самарканд вилоятининг Нарпай туманига қарашли Оқтош шаҳарчасида туғилган. Ўрта мактабдан кейин Тошкент Давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети) журналистика факультетида таълим олган.
Асарлари: «Алвасти» (1968) лирик достон; «Охун яккакорд» (1973) трагедия; «Ишчи юракчам», «Ибтидо» (1982), «Изтироб» (1990) шеърий китоблар; адабиётшунослик ва санъатшуносликка оид, хусусан, театр санъатига доир «Шоҳ Эдип» (1989) китоби. Вильям Шекспирнинг «Макбет», А. С. Пушкиннинг «Моцарт ва Сальери» трагедияларини, Конфуций хикматларини ўзбек тилига таржима қилган.
Саъдулла Аҳмад ноҳақликка муросасиз шахс эди. Ҳаётдаги ноҳақлик, ғирромлик, қаллоблик, товламачиликка қарши курашни ижтимоий курашларга айлантиришга лаёқатли эди. Бирор ижтимоий ҳақсизликка қарши атрофидаги дўстларини ҳам жалб қилар эди. Ўз ҳақиқатлари учун то охиригача кураш олиб борар эди. У деярли бутун умри давомида ҳаётдаги турли ноҳақликларга қарши курашиб ўтди.
Шоир-ёзувчиларнинг ижоди ҳақида жуда қизиқарли, соғлом ва холис фикр юритар эди. Чўлпоннинг собиқ “даҳо” Ленин вафотига бағишланган шеърини таҳлил қилиб: “Ўн йилимиз, ўн йилимиз Ўтди Ленинсиз!..” сатрларини ўқир ва раҳматлик шоир Асқар Қосимниг ушбу фикрларини айтар эди: “Бу шеърда тантана бор, ўйноқилиқ бор, балодан қутулиш қувончи бор, янги мустамлака даври асосчиси, ер юзининг бузғунчиси бўлган шахснинг вафотини байрам қилиш бор” дер эди... Албатта, бундай шахслар ким учундир даҳо, ким учундир кушанда.
Усмон Азим шеърларидаги сирли маъноларни очиб: “Худо берган-да! Бўлмаса, одам ўзича бундай шеърларни ёза олмайди” дер эди.
Умрининг охирида Ҳақ таоло Саъдулла Аҳмадга улуғ бир неъмат берди: у ҳаётбахш Нақшбандия тариқатига кириб, эътиборли бир Шайхнинг даргоҳига боғланди. Шундан кейин ўзини ҳаётдаги турли номуҳим нарсалардан узди. Ҳатто, бир гал: “Асаларингизни нима учун нашр эттирмаяпсиз?” деб сўраганимда, “Маъно оламидан менга рухсат бўлмаяпти” деб жавоб берганини эслайман.
Саъдулла Аҳмад яхши инсон эди. Шу ёруғ дунёнинг энг яхши одамларидан бири эди. Тарихни, мумтоз адабиёт моҳиятини, жаҳон адабиётини, ўзбек адабиётини яхши билар эди. Донишманд шахс эди.
Ҳайит куни вафот этди. Ҳайитннг иккинчи куни дафн этилмоқда. Байрамларда, ҳайитларда болалар ёғоч отга миниб ўйнайди. Шоядки, биз Саъдулла Аҳмадни тобутга – ёғоч отга миндириб, қудратли Аллоҳнинг чин байрамига олиб бораётгандирмиз!
Ҳақ таоло раҳматига олсин! Шубҳасиз, биз Аллоҳникимиз, ва шубҳасиз, яна Ўзига қайтгувчимиз.
Мирзо Кенжабек
@m_kenjabek |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube
33 ТАСБЕҲ ДОНАСИ
БИСМИЛЛОҲИР РАҲМОНИР РАҲИЙМ
1.Зулфин сажжодасин ёшим ҳўл қилди,
2.Қабоғи қизарди – меҳрин мўл қилди.
3.Манглайинда зуҳро порлади – ёндим,
4.Борлигим рўёдек ўзимдан тондим.
5.Шавқидин қисирлаб кетди сўнгаклар,
6.Тафтидин жазиллаб кетди кураклар.
7.Қизил тўнни тортди тулпор тўшига,
8.Ошиқлари ётар келмай ҳушига.
9.Ишқин гулобидан ғарғара этмиш,
10.Васлин насимидан бечора эмиш.
11.Қонимга бўяган тирноғин учин,
12.Кўриб тандан қочар бемурод кучим.
13.Хор сийнамда булбул ёзди қанотин,
14.Бошланиб келмоқда замин ҳаёти.
15.Калит қайда эди, очгил дўконни,
16.Савдосин қиздиргил сотқин жаҳонни(нг).
17.Эй, Ёр, шу зайлда чалғиб кетурман,
18.Ғофиллар сафида мулгиб кетурман.
19.Найқамишнинг учин чилпиб ўтар нур,
20.Мунис тебранурлар эмганча сурур.
21.Ёр-о! Меҳринг сузиб чошгоҳга тутдинг,
22.Салом беришимни қиблада кутдинг.
23.Зуҳо фурсатига етказдинг мани,
24.Жамолингдан вайрон турган бандани.
25.Вақт учди – кўланкам товонға тушди,
26.Пешин чороловига муслиминг шошди.
27.Чопди бошлар узра танҳо, салт тулпор,
28.Асрда сояси икки баробар.
29.Ҳилолни чархлади шомнинг қайроғи,
30.Хуфтонда соп бўлди тутган чироғи.
31. ...Чайқалур ваҳм ила бир қора денгиз,
32.Милтираган нур йўқ – қўрқувим тенгсиз.
33.Умид, қўрқув – эшкак, сузиб кетдим – фард,
(100.)Тағин “Фотиҳа”ни айлаб тиловат.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
...Алқисса, суҳбатим авжига келди
Ота-онамиздан сўйлайин энди.
Балки бировларнинг юзи тиришар,
Ватанни шу зайл улуғ қилишар!
Менинг тарихим бу, менинг шоним бу,
Шул заминда кечган жараёним бу!
Алқисса, суҳбатим авжига келди,
Ота-онамиздан сўйлайин энди.
Онамиз шўр етим ўн олти ёшлик
Ўгай оналардан кўзлари ёшлиқ.
Йўлдош командирнинг қизи бўлганлар,
Сағир-у лек ойча нози бўлганлар.
Пулҳокимдан баланд Бозорқўлида,
Момомиз Ойимхол олмиш қўлига.
Отамизга тушган – тақдир равиши,
Икки бенавони топиштириши.
Пойи жаннатимни раҳмат айла, Раб,
Сўроғин осон қил, ҳолига қараб.
Чин оти Рўзихол эди, муҳтарам
Рўзада туғилган, кам бўлди хуррам.
Бизларни оламга келтирди, кетди,
Чеварасин кўрди – гўдак сув тутди.
Эй умри сўзоним, эй кам кулганим,
Саводсиз-у Қуръон хатм қилганим.
Олти дилбандини олти шаҳрим деб,
Ўксик ҳаётига ўзи берди зеб.
Бир отини Тилло деяр эдилар,
Рамазонда кетсам, деяр эдилар.
Рамазонда ўтди – муроди ҳосил,
Раббано авф этгил, офият қилгил!
"Илдизларим" манзумасидан парча
@Shodmonqul_SALOM
Кошки, тушунмасам, кошки сезмасам,
Кўзларин тубида маккор бир севинч.
Истиғноларида, ёлғонларида
Соғинч, алам, ҳамда туганмас ўкинч...
Кошки, нигоҳида кулгу шаклида
Қўрқув ва задалик бўлмаса эди.
Кошки, “Чин ошиқлар бор” деб ёлворган
Менинг юрагимни тингласа эди.
Кошки, кўзларининг туб-тубларида
Музлаб ётмасайди бахтсиз ошиқлар.
Кошки, лабларидан учган оҳларга
Қўшилиб чиқолса дилдан оғриқлар.
Кошки, чин бўлсайди унинг кўзёши,
Кошки, кўзёш таъмин билмасам эдим.
Йўлимиз кесишган маст оқшомларда
Мени мошин уриб — кўрмасам эдим.
Кошки, тушунмасам эди, унинг ҳам
Қалбининг бир чети қоронғу, яра.
Ахир, менинг додим етиб боргунча,
Қанча майхона бор йўлимда, қара...
Майли, кетаверсин... ҳа, кетаверсин,
Тўзонлар чулғаган ҳаёт бағрида.
Мен эса қалбимни куйлаб ўтаман,
У йиғлаб туради дилнинг қаърида...
Шу ўзи етади... кошки шу етса...
Унинг-ку овунчи бордир шубҳасиз.
Лекин юпанчи йўқ, буни биламан,
Қолганини билиб нима қиласиз?!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Шоирлик шарафи
эссе
Шодмонқул САЛОМ
батафсил — https://telegra.ph/Shodmonqul-SALOM-03-23
@Shodmonqul_SALOM
#Шоир_кундалигидан
Бола қанча ишонувчан бўлса, шунча сезгирдир. Айтолмайди, ифода қилиб беролмайди, лекин сезади. Мунофиқ, ичи қора одам эркалатиб чақирса ҳам бола бормайди. Негадир бормайди. Шоирлик тўхтаб қолган болалик, инсониятнинг гўзал болалиги.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Ўртамиздан ўтолмас сабо.
Зулфингизни хаёлдай эшар,
Мартнинг кўксин тўлдирган ҳаво.
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Жон борича кўкарар яшил.
Дарахтларнинг учлари билан
Шивирлашиб қувонар фасл.
Сиз фаслга кирасиз, фасл
Кириб келар оламга ёниб.
Қалдирғочдай вижирлар тошлар.
Йўл четига қушлардай қўниб.
“Эй, Гул, қайдан ва қандай қилиб,
Бунча латиф, бунча сирлисиз?”
Сўралмасдан ўлар саволлар,
Ҳам қуёшли, ҳам ёмғирлисиз.
Бундай озод, ихтиёрлисиз,
Бундай титраб оласиз нафас.
Бармоғингиз бир қўшиқ бошлар,
Бармоқларим қиляпти ҳавас.
Вужудимга чопар бир шовқин,
Туйғу селдай кўпирар қонда.
Кўкрагимга Тангри осган қулф,
Калитлари сизда эканда.
Бундай боқманг, нигоҳларингиз,
Ҳаётимни бесас қамчилар.
Елкангизга қўнмоқлик учун
Кўкдан тушмай турар томчилар.
Кетаяпсиз, мен ҳам кетяпман,
Шамол эрка, кўзлар беқарор.
Кўнгил каби тозарган йўлда,
Иккаламиз. Муҳаббат. Баҳор.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
#Шоир_кундалигидан
Эшитмайдиган одам қаттиқ гапиради. Табиатнинг бу ҳикматига жамиятда кўп бор гувоҳ бўлдим.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Ayol sha'ni
(Ba'zi "inqilobchi"larga)
O‘zi bir shtat ish – o‘zbek bo‘lmoqlik,
O‘zbek ayoli bu – ikki bor yashash.
Bu nomni ko‘tarmoq uchun qancha kuch,
Qanchalar ulug‘lik, matonat, kurash...
Shodmonqul Salom she'ri.
Begali Eshonqulov o‘qidi.
Rasmiy sahifalarimiz👇
Telegram | Facebook | YouTube |X
МЕН ҲАЁТГА МУХЛИСМАН...
Эссе
Шодмонқул САЛОМ
батафсил—https://telegra.ph/Shodmonqul-SALOM-03-23-4
@Shodmonqul_SALOM
#таҳлил
ОЙДАГИ ЎЗБЕКЛАР
Ойнинг ҳам юзида доғлари бордир, дейилади қўшиқда. Аслида бу доғлар Ой кратерлари деб аталади. Фахрлиси, ана ўша кратерларнинг бир қанчасини Халқаро астрономия иттифоқи қомусий алломаларимизнинг исмлари билан аташган. Қуйида шу ҳақида.
💫 Улуғбек кратери
Буюк астроном, олим ва давлат арбоби Мирзо Улуғбекнинг исми Ойнинг шимолий-шарқий томонида жойлашган кратерга 1830 йилда олмон астрономи Жон Генрич вон Мадлер томонидан берилган. Кратернинг диаметри 54 км, чуқурлиги 1,7 км ли кратер.
🌍 Ал-Беруний кратери
Хоразмлик даҳо олим, географ Абу Райҳон Берунийнинг номига аталган бу қадимий кратер Ойнинг орқа томонининг шимол қисмида жойлашган. 1970 йил Халқаро астрономия иттифоқи томонидан олим шарафига номланган. Кратернинг диаметри 80,41 км, чуқурлиги 2,79 км.
💎 Ибн Сино кратери
Ойда диаметри 73 км бўлган янги кратер 1970 йилда аниқланган. Унга дунё тиббиётига том маънода тамал тошини қўйган бухоролик аллома Абу Али ибн Синонинг номи берилган.
🧮 Ал-Фарғоний кратери
Ойнинг жануби-шарқий қисмида жойлашган кратер 1935 йил аниқланган. Чуқурлиги 3,83 км ли ушбу кратер математик ва астроном олим Ал-Фарғоний шарафига номланган. Кратернинг туби текис, 20,5 км диаметр Нил дарёсининг тахминан тенг ярмини ташкил қилади.
📕 Али Қушчи кратери
Ойдаги Торос тоғларида жойлашган, диаметри 60 км ли кратер математик ва буюк астроном Али Қушчининг исми билан аталади. Халқаро астрономия иттифоқи томонидан олимнинг астрономия фанига қўшган улкан ҳиссаси сабаб берилган.
Yoshlar kundaligi
#Ijodiy_uchrashuv
SURXONNING ZABARDAST IJODKORLARI VA TALABALAR UCHRASHUVI
⚡️Termiz davlat universitetida O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan yoshlar murabbiyi, Bobur nomli xalqaro mukofot sohibi, atoqli adib Mirzo Kenjabek hamda taniqli shoir – O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a’zosi, “Do‘stlik” ordeni sohibi Shodmonqul Salom ishtirokida ijodiy uchrashuv tashkil etildi.
📌Uchrashuvda ijodkorlar o'z hayoti bilan bog'liq xotiralar haqida o'rtoqlashar ekan, Surxon elining ko‘zga ko‘ringan ijodkorlari Shukur Xolmirzayev, Shafoat Rahmatullo Termiziy, Usmon Azim, Sirojiddin Sayyid ijodiga ham to'xtalib o'tishdi. Shuningdek, har ikki shoir tomonidan o'qilgan ijod namunalari talabalar tomonidan iliq kutib olindi.
📚Adib Mirzo Kenjabek o'zining eng sara asarlarini talabalar foydalanishi uchun universitet kutubxonasiga sovg'a qildi.
Bizni ijtimoiy tarmoqlar orqali kuzating
Ўқ тешган ҳавонинг ўрни тўлдими,
Сўнги хўрсиниқдан, оғир нафасдан?
Биз тенги ҳислардан кимдир қолдими:
Сўнги қор, атиргул, бир бекат пастда…
Айтгил, юрагингнинг тақдиридан айт,
Ул туйғулар ҳолинг сўраяптими?
Артгил кўзгудаги кўзёшларни арт,
Тушларингда музлар эрияптими?
Туннинг ҳисобидан қолган қувончлар,
Ҳануз сочларингни тараяптими?
Менинг юрагимга тўлган севинчлар
Кўзгуда аксингни кўраяптими?
Ҳалиям уйингда дераза борми,
Йўл, уйлар, одамлар юраяптими?
Ташқарида ёмғир қайси фасл бу,
Деразангдан Оллоҳ қараяптими?
Тонга яқин тинган ёмғирдан кейин,
Деразани қалбдай очоласанми?
Хонангда севгидай бепоён ҳаво,
Уни борлиғинг-ла қучоласанми?
Менинг бўшлиғимни тўлдиролдингми,
Деразада ёмғир, қалбингда қорми?
Бир бекат нарида қўл силкияпман,
Дунёда ҳалиям атиргул борми?
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
АТОҚЛИ АДИБ МУРОД МУҲАММАД ДЎСТ
ТАВАЛЛУД КУНИ
12-апрель – ўзбек адабиётига янги руҳ билан кириб келган атоқли адиб, санъаткор ёзувчи, моҳир кинодраматург Мурод Муҳаммад Дўстнинг таваллуд куни (1949). Мурод ака 75 ёшни қаршилади.
Асарлари: илк китоби – «Қайдасан, қувонч садоси», ҳикоялар тўплами. Унда дашт одамларининг хилма-хил тавсифларини учратасиз. “Дашту далаларда”, “Дарвоза ёнидаги ит”, Бир тойчоқнинг хуни” ҳикоялари, “Галатепага қайтиш”, “Мустафо”, “Истеъфо” қиссалари, “Лолазор” романи. Адиб бир қанча киноссенарийлар муаллифи ҳамдир.
Ёзувчи Назар Эшонқулнинг
фавқуллодда эътирофлари:
Менга “ХХ асрнинг бешта энг яхши ҳикоясини сананг” дейишса, шубҳасиз, шу бештанинг ичига «Дашту далалар» ҳикоясини қўшган бўлар эдим. Бордию, "ХХ асрнинг бирдан-бир яхши ҳикоясини айтинг" дейишса, яна шу ҳикояни тилга олардим.
“Сиз жаҳон адабиётида қайси асарларни қайта ўқиш учун эҳтиёж сезасиз?” деб сўрашса, Кафка, Фолькнер, Кортасар, Акутагава, Кавабата, Танидзаки Дзюнъитиро, Чехов, Шукур Холмирзаев ҳикоялари ҳамда «Дашту далалар» ҳикоясини деб жавоб берган бўлардим.
Мендан “Битта асар билан ёзувчи адабиётда қолиши мумкинми?” деб сўрашса: «Ҳа! Бу Мурод Муҳаммад Дўст ва унинг «Дашту далалар» ҳикояси» – деб жавоб қайтарар эдим (Орзиқул Эргаш ўзанидан танлаб олинди).
@m_kenjabek |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube
Oʻzbekistondagi eng yirik onlayn kutubxona “Ziyouz.com” 20 yoshda
Portalga nafaqat Oʻzbekistondan, balki Rossiya, AQSH, Qirgʻiziston, Koreya, Qozogʻiston, Turkiya, Tojikiston, BAA va Shvetsiya kabi mamlakatlardan ham minglab foydalanuvchilar tashrif buyuradi.
Rasmiy sahifalarimiz👇
Telegram | Facebook | YouTube |X
ТЕМУРХОН
Шафақ бўлолмаган булут армонидай,
Кўкрагимда тушовланган бир от елар.
Мангуликнинг тождан баланд фармонидан
Шамшир ютиб юборади саркардалар.
Мен туркийга бир ўғиллик даъво этсам,
Кечмишларим кўрингайдир камолимдан.
Музофотлар уйғонмоқда Темурхоннинг
Байроғининг ҳилпираган шамолидан.
Ким мозийнинг саҳифасин сайқал этар,
Ким боқийлик санъатидан юзин бурган.
Лек Темурхон чинор эрур, илдизлари
Ер шарининг нарёғидан чиқиб турган.
Навоийдан, шоҳ Бобурдан сабоқ олиб,
Бош кўтарса қалбингизнинг нолалари.
Таъзим айланг, ул азизлар Темур тоғин
Ён бағридан униб чиққан лолалари.
Оврўпони тасбеҳдайин қўлда тизиб,
Шарқ қуёшин тиғларида туғ қадаган.
Йилдиримдай ўтаётаган ҳар наслга
Бобо Кулол кафтларидан дуо олган.
Шул бобога бир ўғиллик даъво этсам,
На сафларга, на сарҳадга арзир тилак.
Саркардалар ўлмайдилар, номус мангу,
Унга фақат яхши навкар бўлиш керак.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
СЕН ВА СИЗ
Аллоҳни “сен”лаб ё “сиз”лаб шеър ёзсам,
Ҳеч малол келмасин сенга, биродар.
Ҳар кимнинг кўзёшин тоти ўзгача,
Ҳар кимнинг қайғуси ўзига қадар.
Аллоҳнинг шундай бир денгизлари бор,
Писта пўчоғидир юз Нуҳ кемаси.
Оғзи тиқинланган бир эски хумда
Шу денгизда оқиб кетдик, чамаси.
Миллион йилдан буён шу хум ичинда,
Томорқа талашиб, давлат талашиб.
Юрибмиз тоғларга саёҳат қилиб,
Бешик ва қабр аро шошиб, адашиб.
Бобомиз оёғи тойган ул онда
Бу хум юмалаган жаннатларидан.
Самоларни сузиб тушган денгизга,
Яхшиям шум девлар илиб кетмаган.
Гўдак чоғларимда, озод тушларда
Кўрганман қуёшнинг орқа томонин.
Офтоб деганимиз – ўчоқдан учқун,
Ишонгин, сўзимнинг йўқдир ёлғони.
Шундоқ денгизнинг ҳам қирғоғи бордир,
Бир кун етишгаймиз соҳилга, жўра.
Тиқинини олиб, хумни очганда,
Менга ишонмасанг, Ўзидан сўра.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
СЎЗБОШИ
Давраларда, суҳбатларда, тил эшилганда,
Фурсат ўтиб кетганида, фурсат келганда,
Айтилганда, айтилмасдан ичда қолганда,
Айтарингни айтмаса, деб жим термулганда,
Қадаҳ бўшаб, юракларинг лим-лим тўлганда,
Хонқизини сарсон қилиб овуч олганда,
Ёши улуғ туйғуларинг рихлат қилганда,
Юрагингни бир тоза сўз қамаштирганда,
Ё қалбингни ўзинг билан яраштирганда,
Севги янглиғ бир оромли адаштирганда,
Кечаларга ханжар бериб саваштирганда,
Ё сўрмасдан қўл бердириб сўраштирганда,
Ачингандай узоқ тинглаб, суриштирганда,
Ёлғонингни ростинг билан бериштирганда,
Ўзинг билан суратингни солиштирганда,
Ё висолда бўса олиб, бўса берганда,
Тириклигинг тирикликдан баланд турганда,
Ер муз бўлса, чор тарафдан итлар ҳурганда,
Кунларингдан бир кундошинг қаср қурганда,
Ана шунда қўлтиғингдан кимдир кирганда,
Қирғоққача сувлар ютиб бирга борганда,
Қирғоқларда болакайлар шўх югурганда,
Ўғлингними, қизингними кўзин кўрганда,
Ёлғизликда, туманларда эгасиз, ғамгин,
Ё ҳожадек қўл орқада – турганда эмин,
Қояларга бағринг бериб бўлолмай эркин,
Бекатдаги бир нигоҳдан топганда таскин,
Мулозимдай югургилаб ўтса шамоллар,
Кунгай ёқда исмалоқлар эзса аёллар,Кўкламларга кўнглинг кетган бемор чоғингда,
Бир ўспирин анор гуллаб қолса боғингда,
Яшамоқчи бўлганингда яшаганда ё
Яшалмаган ҳаёт каби маҳтал ва расво,
Турганингда айролиқда ёки дийдорда,
Ё кўзларинг кўр бўлганда бир хушхабардан,
...Ана шундай фурсатларнинг ёлғони учун,
Шу ёлғоннинг Худодай ҳақ исёни учун,
Бесар кетган кўз ёшларнинг фиғони учун,
Ҳайф ўтаётган умрларнинг армони учун,
Ва РОСТликнинг кенгликлардай осмони учун,
Шу осмоннинг мен деб келган найсони учун,
Юрагимнинг Ватан деган султони учун,
Ботинимда бор бўғиним бир зириллайди,
Юрагимда арслондайин ШЕЪР ириллайди,
Суяк синиб, тилим қонаб СЎЗ ёзилади,
Ёлғонларнинг чин олови чин босилади.
Бу лаҳзада яқинлашманг, куясиз – чўғман,
Қолган пайтда тирикларнинг сафида йўқман.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Отто фон БИСМАРК
АЙТМИШЛАРИ,ҲИКМАТЛАРИ
Хуршид Даврон таржимаси
_____________________
Бисмарк (Bismarck) Отто Эдуард Леопольд фон Шёнхаузен (1815.1.4, Шёнхаузен—1898.30.7, Фридрихсру) — Германия давлат арбоби, дипломат, князь, Германия империясининг 1-рейхсканцлери (1871—90). Бисмарк Германияни прус милитаризми асосида бирлаштирди; мамлакатда юнкер-буржуа блоки ҳукмронлигини мустаҳкамлади, диний оппозиция («Культуркампф»)га қарши кураш олиб борди, социалистларга қарши фавқулодда қонун жорий қилди, айрим ижтимоий ислоҳотлар ўтказди. Бисмарк Франция ва Россияга қарши қаратилган Учлар иттифоқи (1882) ташкилотчиларидан бири. Познань ва Силезиядаги поляк аҳолисини немислаштириш сиёсатини тутган. Париж коммунасига қарши уюштирилган қуролли интервенция ташкилотчиларидан бири бўлган (Ўзбекистон Миллий энциклопедиясидан).
___________________________
***
О Муҳаммад! Сенинг замондошинг бўлмаганимдан қайғудаман. Инсоният фақат бир мартагина сенинг буюк қудратингга гувоҳ бўлди, афсуслар бўлсинким, энди бошқа кўролмайди. Мен сендан ҳайратдаман.
***
Сиёсатдаги хатолар сил касаллигига ўхшайди — даволаб бўладиган пайтда улар ҳали сезилмайди, юзага чиқиб сезиладиган бўлганида даволашнинг иложи қолмаган бўлади.
***
Ёмон қонунлар ва яхши амалдорлар билан давлатни бошқарса бўлади. Аммо, амалдорлар ёмон бўлса, энг яхши қонунлар ҳам ҳам ёрдам бермайди.
***
Aгарда полиция сенга яхши муносабатда бўлишини хоҳласанг, Петербург ва Парижда албатта қимматбаҳо кийим ва орден медалларда бўлишинг лозим.
***
Уруш пайтида, овдан қайтганда ва сайловлар арафасида ёлғоннинг бозори қайнайди.
***
Ҳар бир давлатнинг ўқитувчига бўлган сиёсий муносабатида ўша мамлакатнинг қудрати ёки заифлиги намоён бўлади.
***
Ахмоқлар «Йўл қўйган хатоларимиз тажрибасидан ўрганамиз» дейишади,мен бўлсам,бошқаларнинг йўл қўйган хатоларидан хулоса қиламан.
***
Эркак билан аёлнинг дўстлиги тун чўккандан кейин омонат нарсага айланади.
***
Сиз билим олиш йўлида худди ҳеч қачон ўлмайдигандай ҳаракат қилинг, аммо, худди эртага ўладигандай ҳаёт кечиришга интилинг.
***
Дипломат бўлиш тақдири биринчи апрелда туғилганим шарофатидан пешанамга ёзилган бўлса керак.
***
Дунёни ахмоқ қилишни истасангиз, ҳақиқатни гапиринг.
***
Ҳаёт менга кўп нарсаларни кечиришни, аммо улардан-да кўпроқ тавба қилишни ўргатди.
***
Озодлик,шундай бойликки, ҳаммаям унга эришолмайди.
***
Амалдорлар — бетиним ишчи асаларилардек, инсон ҳаётини азобга айлантирадиган қонунларни ёзиш билан эрта-ю кеч банд бўладилар. Нима учун вазирларнинг ойлик иш ҳақи доимо бир хил, нега бу ҳақ Пруссия аҳолисининг турмуш даражаси яхши-ёмонлигига қараб ўзгармайди? Агар уларнинг ойлиги халқ турмуш даражасига қараб пасту баланд бўлиб турганида эди, бу нодонлар қонунларни камроқ ёзиб, кўпроқ фикр қилардилар…
***
Сиёсат ҳар қандай муаммони ҳал қилиш санъатидир.
***
Ҳар қандай инқилобни даҳолар тайёрлайди, фанатиклар амалга оширади, унинг меваларидан эса муттаҳамларгина баҳраманд бўлади.
***
Ҳатто ғолибона уруш ҳам халқлар донишмандлиги чек қўйиши керак бўлган ёвузликдан бошқа нарса эмас.
***
Кучли ҳамиша ҳақдир.
***
Сиёсат аниқ фан эмас .
☆☆☆
Ориповга ҳавас қилардим,
Ўртар эди мунгли ноласи.
Ўтмас пичоқ бўғзим тилишин
Қайдан билай қишлоқ боласи.
Ҳайратларим учди ҳавога,
Саробмидинг, азим келажак?
Ҳаммасига етар-у фаҳминг
Бошқа гапни айтишинг керак.
Шоирларни отгали ўқим,
Кўрмоққа кўз йўқдир гоҳи – рост!
Йиғига зўр берган қизчадай
Шеър ёзишни билурлар холос.
Ким кўрибди бу тўнғиз дунё,
Куй тинглаган, рангларда ёнган?
Ҳеч ким билмас жодугар бу дев
Қачон гўдак ёшига қонган?
Навоийнинг саботин айтманг,
Ибрат эмас тақвонг, Саъди-ё!
Булбулларнинг юрак қонига
Пайтавасин ювгандир дунё!
Бахти кулган, беқайғу дея
Ориповга ҳавас қилардим.
Тунлар баднафс итлар галаси
Талар экан, қайдин билардим?!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман!
Ожиз қалам ва ғариб тилак...
Керак эмас ўзи тўймаслар
Таъна билан ташлаган суяк.
Йўқ-йўқ, шоир чиқмагай мендан,
Гўл боламас менинг юрагим.
Бойчечакни юлмоқчимасман,
Олислардан кўрмоқ – истагим!
Аё, зоҳид, йўқ, мен кибр этмам,
Чин тавбам бор Ўзига – бешак!
Аёлининг ўйнашига ҳам
Зар тўн ёпган тўйни этгум тарк!
Мардлар, алплар – зўр афсоналар,
Уларни ҳам шоирлар ёзган!
Гар яшаган бўлса ҳам улар,
Қиличида қабрини қазган.
Мардлар, эрлар – яшамаган, йўқ,
Чумолига таланиб ўтган.
Бу очкўзлар зиёфатидан
Туз ҳам тотмай ўтсанг бўларкан.
Эй, қўлимга қараган, дунё,
Қўлим тўла шамол ва ранглар.
Сен ҳимиллаб, терлаб ўлтиргин,
Чулғамайди сени оҳанглар.
Дод! Онани суйгани учун,
Ялтоқланиб айтгани-чун роз!
Милён йилки лабин ялайди,
Худо эса... берганди овоз!
Йўқ, мен шоир бўлмоқчимасман,
Кеч бўлса ҳам этакни ёпдим.
Сизнинг эсноқ ростингизданмас,
Ёлғонлардан бир ҳикмат топдим.
Англаб қолди юрагим менинг,
Ёлғонларни ўгирдим чиндай.
Бошин силаб бир етимчанинг,
Ҳамёнини ўғирлагандай.
Дод! Билурман, чин шоирлар бор!
Ҳа, шубҳасиз бор хабардир шеър!
Улуғ шоирларимни ютиб,
Қайтимига бизни бердинг, ер!
Сенга ўхшаб қолди шоирлар,
Менга ўхшаб қолди шоирлар.
Алиф каби келмиш эдилар,
Нунга ўхшаб қолди шоирлар.
Воҳ, бўғзимда бир булбул хордир,
Овқат тиқиб йўл бермас риё!
Ориповга ҳавас қилгандим,
Сенга тақлид қилмайман, дунё!
Саккиз миллиард ниқобли шарпа,
Қайси одам, қайси қул, дайди?
Телба бўлиб қолдимми десам,
Бирови отамга ўхшайди.
Бу ниқоблар савдолашмасдан
Юрагингни чўққа отарлар.
Бир овсарга “Нобель” тутқазиб
Сўнг юртига қўшин тортарлар.
Сабр, тавба, Ҳақни изламоқ...
Тушунсангчи, Худо – ердамас!
Ростин айтмоқ фарздир, эҳтимол,
Лек хўрланмоқ суннатдан эмас.
Қон кўксимга қўлимни босиб,
Деразага боқсам – тонг ёнар!
Юрагимда ўкирган шеърнинг
Нидосидан олам уйғонар.
Яшаб ўтиш керак – биламан,
Яшаб ўтиш одамларга хос.
Ичим йиғлар, ўзим куламан,
Ориповга ҳавасдан холос!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
YURAK VULQON YERU SAMO BIR TITRAYDI... #qaqnus - YouTube
https://m.youtube.com/watch?v=ee2dZCAEut4
АЛИФБОДАН ҲАМ АВВАЛ
Эссе
Шодмонқул САЛОМ
батафсил—https://telegra.ph/Shodmonqul-SALOM-03-23-3
@Shodmonqul_SALOM
ЎТГАН ДАВРОН ХИТОБИ
Яратган фалакда жиғибийрондир,
Ўзин санъатига ўзи ҳайрондир.
Сабри мўлдир, чексиз эрур даргоҳи,
Кўнглин оғритади бандаси гоҳи.
1
Ҳокимлар порасин олаверсинлар,
Соддалар сочини юлаверсинлар.
Мухбир қаламини тишлаб ўтирсин,
Керак эмас жойни қашлаб ўтирсин.
Шоирлар — абадий ғамгин болалар,
Ёзиб-чизиб юрсин бенаф яллалар.
Оналар боласин кутаверсинлар,
Болалар бепарво кетаверсинлар.
Оталар майхона томондан келсин,
Юраги йиғласин, ўзлари кулсин.
Даврлар лагандай чил-чил синади,
Бир бўлаги тегди — қалбим қонади.
Яратган фалакда жиғибийрондир,
Ўзин санъатига ўзи ҳайрондир.
Ул сари отилмиш умид жоласи,
Ҳар балони тилар одам боласи.
Уламо илтижо қилар жумада,
Юртнинг эгаларин сақла таъмадан.
Юртга саодатни юборгин дейди,
Саодат дегани қани, нимайди?!
Одамнинг камоли, дунё жамоли?
Абадий бежавоб кўнгил саволи...
Бир замон пайғамбар қайғурган эди:
Тобора қоронғу инсоннинг ёди!
Йўл четида қўлин қўлига берган,
Ошиқлар — борлиқни унутиб юрган,
Улар ишонгайлар: садоқат бордир,
Билмаслар — чин ошиқ ҳамиша хордир!
Тушуниш ягона таскиндир, болам,
Тушунган чоғингда чекмагин алам!
Барибир-ку алам қилар одамга,
Шу туйғуни излаб келдинг оламга.
Ахир ит ё қўнғиз бўлиб келмадинг,
Ўша маъқулмиди, десам, кулмагин.
Тағин, қочмоқ учун ой жуда узоқ,
Бу совуқ йўл аро тузоқ кўп, тузоқ...
Қуёш ҳам олисда бормоқ истасанг,
Қуёш шарт эмасдир, куймоқ истасанг.
Билдим — мен бахт фақат шоир хаёли,
Шул сабаб забундир булбуллар ҳоли.
Не сабаб лаҳзалик эрур камалак,
Не учун бир тунда ўтар капалак?
Не учун қолмади полвон Мамонтлар?
Уларни ўлдирган асли беонтлар.
Не учун минг йилки турибди чинор,
У ҳам гоҳ ёлворар: Ер, қўйиб юбор!
Мана, саксон йилки эшитмас отам,
У ишонмай қўйган бизларга, бўтам.
Менга илҳом билан шеърлар ёз, дейсан,
Шарманда бўлиш ҳам жуда соз, дейсан.
Қайси бир ғамингни олайин, эй, ёр,
Ғамдан яралгансан, кўзлари хумор.
Беминнат садоқат вафо кимдадир,
Уларнинг бариси — бири камдадир.
Вале қўли калта, мадори йўқдир,
Ўзи муҳтожгина, юраги чўғдир.
Аларнинг қошида шеърга йўл бўлсин,
Замон қаҳрамони шу ерда ўлсин.
Ҳокимлар порасин олаверсинлар,
Соддалар сочини юлаверсинлар.
Мухбир қаламини тишлаб ўтирсин,
Керак эмас жойни қашлаб ўтирсин.
Бир-бирига таскин берсин деҳқонлар,
Ҳалоллар, тўғрилар ва бағри қонлар.
Ҳосилдан қоплари тўлмагани-чун,
Шукрона ажратсин масжидлар учун.
Ўғли Россияда юрганда дайдиб,
Келини ҳам юрсин алёрин айтиб.
Менга саховатдан сўз айтма, отам,
Ҳеч вақт яшмаган ул сахо Ҳотам.
Яна садоқатни айтиб ўтирма,
Кейин айтганингдан қайтиб ўтирма.
Биламан — буларни аввал айтгансан,
Биламан — лафзингдан кўп бор қайтгансан.
Мен кўрганнинг кўпи йиғловчилардир,
Чиптасига куйган йўловчилардир.
Мен ҳам бир тўкилдим, таъна қилма, ёр,
Сезиб айтолмасанг, на керак Жаббор!?
Тегрангни қўпганда бундай шум тўзон,
Кўнгилга югургил — бехатар макон.
Замин ёрилгунча кутиб турайлик,
Кўнгилдан ҳам хабар олиб турайлик.
Ахир, борлиги рост Қиёмат, охир,
Билиб ишонмаслик — энг оғиридир!
2013 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
➡️@Jadidmedia_rasmiy
🟦🟦🟦🟦
📆 24 март – Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев таваллуд топган кун
🔴Шукур Холмирзаев 1940 йил Сурхондарё вилояти Бойсун туманида таваллуд топган. 1991 йил «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» фахрий унвонига сазовор бўлган. Холмирзаевнинг дастлабки ҳикоя ва очерклари 1958 йилдан нашр этила бошлаган. Ёзувчилар орасида биринчилардан бўлиб ўзбек халқи тарихининг «босмачилик ҳаракати» деб атаб келинган даврини ўргана бошлади. Ёзувчининг «Қил кўприк» романи ва «Қора камар» пьесасида шу мавзу ўз ифодасини топди. Ш.Холмирзаев асарларида ўзбекларга хос миллий характер, инсон ва табиат муносабатлари теран бадиий талқин қилинган.
😎 Ш.Холмирзевнинг «От эгаси» ҳикояси асосида тасвирга олинган қисқа метражли фильм
😎 Адабиётни қисматига айлантира олган адиб - Шукур Холмирзаевни хотиралаб
😎 «Умр дафтари» | Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев
😎 Шукур Холмирзаев асари асосида Баҳодир Йўлдошев томонидан саҳналаштирилган «Қора камар» спектакли