Танимайсан ўзингни эй Гул,
Нигоҳингни нигоҳлар тўсган.
Сен оғриқсан, Парвардигорнинг
Кафтларида ялпиздай ўсган.
Ўқимайсан ўзингни эй шаън,
Ҳар байтингга умрим мухаммас.
Сен титроқсан, Яратган барҳақ,
Демиш: шоир ўлолмасин бас!
Йиғламайсан, ўзингни эй ғам,
Мен мезондай учиб юраман.
Рад этмаса, ишқнинг илоҳи,
Сен-чун ўзим йиғлайвераман .
Ёндирмайсан, ўзингни эй шам,
Кеча, шамдон тураверади.
Офтобни ҳам инкор этганча,
Менинг жоним ёнаверади.
Жавобинг ҳам йўқми эй Соҳир,
Ўлсам, дилинг очилармикан?
Бир сўрагин агар бир шоир
Синса, Тангрим… ачинармикан.
2009 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
АСЛИДА
Майли, ишондим, де, ишонгандай бўл,
Омадлиман, зўрман, деса қайси кас.
Астарин кўтариб боқсанг аслига,
Ўзи айтганчалик бахтиёр эмас.
Ночор, бенавоман, омадсизман деб,
Нолиган кимсанинг қай гапи ростдир.
Сокин назар қилсанг яйдоқ умрига
У ҳам ачингулик бахтсиз эмасдир.
Одам табиати шундоқ ҳамиша,
Зерикиш удуми қадимдан қолган.
Қўшиб ёзиш деган ишимиз бор-ку,
У қўшиб айтишдан сўнг пайдо бўлган.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
АНДАРМОНЛАР
Кичик-кичик қувончлар,
Майда-майда омадлар,
Дардмангина орзулар,
Ортида қайғу турган
Нимжонгина кулгулар...
Ижарага олинган
Тансиқ ваъдалар, аҳдлар,
Умри қисқа севинчлар,
Насия келган бахтлар...
Яралари битмаган,
(Ҳеч қачон битмайдиган)
Ҳолсиз энтикиб турган
Кўкраги сил умидлар...
Қўрқоққина қўрқувлар,
Алаҳлаган уйқулар,
Ҳаётга тақлид қилган
Ғимирлаган туйғулар...
Оёқ учида юрган,
Зўрға кун кўриб турган,
Шаънин бериб юборган,
Заифгина ғурурлар...
Эснаётган юраклар,
Совиётган тилаклар,
Бир кеча гуллайдиган,
Қуёшни кўрмайдиган
Бахтиқаро чечаклар...
Илиб қолган муҳаббат,
Васллари Хитойи.
Рашки тувакда ўсган,
Изҳорлари савдойи...
Қуёшни асир олган,
Олиб қўйнига солган,
Зулматда куйиб ўлган,
Ичи қора истаклар...
...Шулар қошига келдим,
Шулар ошига келдим,
Шунинг ошидан едим,
Ўлдим, тириклай ўлдим!
Бошин ушлар Худойим,
Вой дод! Шарманда бўлдим!
Вой дод! Шарманда бўлдим!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ЮРТ МАНЗАРАЛАРИ
Марғилонда, тонг шивирида,
Юрагимга тегиб ўтди куз.
Потирлади кўксимда қушлар –
Оқи – оппоқ, қораси –қундуз.
Тубигача кўринар сувлар,
Боғлар соғинч рангига кирган.
Рўмол учин тишлар сулувлар
Юзга ҳаё упасин урган.
Ҳовлилардан анқийди ҳаёт,
Саришталар Кумуш, Зебилар.
Энгашмасанг бошингга тегар
Уста боғбон эккан беҳилар.
Соқолини йиллар кузаган,
Бомдод ўқиб қайтишар чоллар.
Ширмой нондай балққанда қуёш
Қаймоқ сузар азиз аёллар.
Беданалар пайров қилганча
Айвонларда қутлайди тонгни.
Сездирмасдан томирлар меҳр,
Безаб борар инсоний онгни.
Пахтазорлар, камалак боғлар,
Қадоққўл куз қилмоқда ижод.
Тирикликнинг томирларига
Иссиқ қондай югурар ҳаёт.
Ипак тўлиб борар чархида,
Нақш солар умрингга тонглар.
Довон орти – сўлим водийда
Ана шундай бошланар кунлар.
Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM
#Туйғу
...Аммо ҳали яшамадим: ҳозирландим, чоғландим,
Балки бир висол онида минг бор балққан қуёшим.
Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман,
Лек, ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим.
✍️ Шеър ва образ: Шодмонқул Салом
📸 Фото: Отабек Турсунқулов
✈️ Yoshlar kundaligi
• Мен капитализмман!
• Сиз қайси динга мансубман, деяпсиз?!
• Ўзингизни алдамай қўя қолинг, сиз менга, капиталга сиғиняпсиз!
• Мусулмонлар беш юлдузли меҳмонхоналардан чиқмай, Каъба манзарасини суратга олиб қилаётган ибодатларини Аллоҳга ибодат қиляпмиз, деб ўйлаяптиларми?!
• Ўзингизни алдамасангизчи!
• Ийсонинг туғулган кунини фақат нарса сотиб олиш, янги танишган қизи билан шаҳватини қондириш орқали қутлаётган Насроний аслида менга ибодат қилаётганини наҳот билмаса?!
• Мен капитализмман!
• АҚШда етти миллион инсоннинг уйи йўқлигини кўпчилик билмайди!
• Чунки мен сизга АҚШ аҳолисини ҳар доим ҳовузларда чўмилиб, вискилар ичиб юрганини кўрсатаман холос!
• Мен сизни кўрган нарсангизга ишонадиган моддапараст қилиб бўлганман!
• Мен капитализмман!
• Ва буни уддаладим!
• Аёлларнинг кийим жавонлари тўла бўлсада киядиган кийимлари йўқлигига ишонтирдим ва улар табиийки, бунга эрларини ҳам ишонтира олдилар!
• Дунёдаги бутун инсониятнинг эллик фоизи дунё бойликларининг бир фоизига эга холос!
• Дунёдаги бутун инсониятнинг бир фоизи дунё бойликларининг эллик фоизига эга!
• Мен капитализмман!
• Банклар менинг болаларим ва ушбу фоиз исканжасида қолган АҚШ аҳолисининг саксон беш фоизи иқтисодий аҳволларини яхшилаш учун ҳар нарсага рози!
• Бу менинг кучим, капитализм кучи!
• Мен хоҳласам сизни ўз қотилингизни севадиган қилиб қўяман!
• Сиз наркоманларнинг аҳволига ачиняпсизми?!
• Ўзингиз ундан баттар аҳволдасизку!
• Сиз ҳам наркомансиз, пулга, модага, емоқ-ичмоққа, инстаграм, тик-токка!
• Бечора наркоманлар!
• Олинглар, енглар, ичинглар, кўринглар ва барвақт ўлинглар!
©️ Жозеф Стиглиц, экономист, Нобел мукофоти лаурияти.
ЖУМА МУБОРАК!
Бугун Одам яралган кун,
Бугун олам яралган кун.
Улуғ куннинг ифорлари,
Самоларга таралган кун!
Бугун умрим безар кундир,
Шайтонларга озор кундир.
Фаришталар масжид бориб,
Исмимизни ёзар кундир!
Маҳфират кун бугун, дерлар,
Дил нақши кун бугун, дерлар.
Қуёш чиққан кунлар ичра,
Энг яхши кун бугун, дерлар!
Дунё ичра диёнат кун,
Қилманг асло хиёнат кун.
Бир Роббимга аён, балки,
Бугун бўлгай қиёмат кун!
Бугун диллар ярқ этар кун,
Ҳақ Одамни халқ этар кун.
Нидо бўлса масжидга, гар,
Савдоларни тарк этар кун!
Тангрим этмиш таборак кун,
Ҳар лаҳзамиз идорат кун.
Номин айтсам, яйрагай тил,
Бугун шундай муборак кун!
ЖУМА АЙЁМИНГИЗ ҚУТЛУҒ БЎЛСИН, АЗИЗИМ! ЭҲТИРОМ ИЛА:
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
У даврага келди. Ўтирди.
Гўё лола келди чет қирдан.
Соқий майда-майда ичирди,
Эски муҳит ўзгарди бирдан.
Ўхшаши йўқ бундай кулгуни
Ким чизибди унинг юзига,
Сочларидек қора қайғуни
Андазаси борми кўзида,
Қошини ким парваришлаган,
Ким ўстирган кўкракларини,
Оқ қўллари қайда ишлаган,
Лабидаги безакларини
Ўргатганми бирор муаллим,
Олганмикан бирор бозордан,
Нигоҳида ишора, минг им,
Асоратми бирор озордан,
Ҳар бармоғи бир боладек шўх,
Елкалари бунча одобли,
Тиззасининг кўзида тин йўқ,
Қадамлари чақмоқли, тобли,
Балки силлиқ билакларини
Дарёларнинг тоши чархлаган,
Вужудининг бўлакларини
Харидорлар қиммат нархлаган,
Қўлларининг ҳаракатида
Сезилади на ғам, на ташвиш.
Ишқнинг савдо, харажати-да,
Олма арчиш каби оддий иш.
«Сизни севиш мумкинми, хоним?
Сизни сира хафа қилмайман...»
Қирқ жойидан оғрийди жоним,
Исми нима қизнинг, билмайман.
Салим Ашур
@SalimAshur
Ер, йўлдошинг Ой эмас — менман,
Бул донишлар билганича дер.
Ҳазир бўлгил, ҳамроҳинг ёмон,
Мени ютма, маст бўласан, Ер!
Сен ўзига ишончи тугал,
Ёш баҳодир каби соддасан.
Ҳаётингда ҳаётимнимас,
Тушимни ҳам яшамагансан.
Коинотни қурганда Худо
Ҳайрат билан қараб турардим.
Соғинч майи ва ишқ урпоғидан
Бино руҳим ўйнаб юрарди.
Менинг кўнглим ҳаққи яралган
Бўшлиқларда яшнаб ётар чўғ.
Бедардларнинг илми етмагай:
Ҳатто бўшлиқда ҳам бўшлиқ йўқ.
Ишқнинг ўтли қучоқларидан
Ер, бағрингга атай қуладим.
Синди шаффоф қанотларим ҳам,
Тушларимда учиб йиғладим.
Ер, йўлдошинг совуқ Ой эмас,
Мен ҳамроҳинг, кўксим олов шеър.
Қанотларим ўсгунича то,
Мени ютма, кул бўласан, Ер.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
УРУШ ВА ТИНЧЛИК
Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.
Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.
Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.
Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.
Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.
Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.
Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.
Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.
Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.
Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.
Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.
Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.
Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.
Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Айтолмай юрасан, сезиб юрасан,
Қочиб кетолмайсан, безиб юрасан.
Эсламоқ азоби! Бор бўлсин, Тангрим!
Эслатиб дунёмни бузиб юрасан.
Қоши билан кўзи ароларини,
Кўзларин тубини қароларини.
Эслайсан – қайтадан қонатадирсан,
Дилнинг энг табаррук яроларини.
Бул оғриқ тунларнинг малҳамларидир,
Кундуз хаёлингнинг маҳрамларидир.
Қайдадир борлигин билганинг – ёмон,
Шу “ёмон” йилларнинг мотамларидир.
Адашмоқ бахти ҳам паноҳ демишлар,
Гуноҳдан қочмоқ ҳам гуноҳ демишлар.
Йўлларинг адашса ул томонларга,
Юрак ўзин осар – огоҳ, демишлар!
Айтолмай юраман, сезиб юраман,
Оғриқсиз кунлардан безиб юраман.
Эслаб бир бандангнинг мунис тарзини,
Тангрим, қонунларни бузиб юраман.
Одамлик занжирин узиб юраман.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
АЙТОЛМАЙ ЮРАСАН...
Айтолмай юрасан, сезиб юрасан,
Қочиб кетолмайсан, безиб юрасан.
Юракнинг энг теран ботиқларига
Чўкиб кетган каби кезиб юрасан.
Худога “яшир” деб имо қиласан,
Гоҳо бир ғарибга ҳимо қиласан.
Ўнг томон қочасан, чапга соласан,
Фойдасиз эканин яхши биласан.
Кўзинг чети билан илғаб юрасан,
Симиллаб юрасан, чалғиб юрасан.
Қишдан ўтай дейсан, баҳорга етгач,
Ёмғирда сездирмай йиғлаб юрасан.
Вужуд зиндонида зангламайди у,
Ўзингдан ўзгани тингламайди у.
Сокин табассуми аламга тўлиқ,
Сендан бошқасига йиғламайди у.
Уни тингламоққа қулоғинг кардир,
Кўзига боқмоққа на ҳолинг бордир.
Айтолмай, қочолмай, безиб, соғиниб,
Оғриниб англайсан – у бордир, бордир...
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Кўнгил Каъбада қолди, бир паришон қайтдим мен,
Бўйним қонжиға бўлиб, ортимда қолди кўзим.
Ё, кўнгил қайтиш керак — мендан хабар олгани,
Ё, кўнгилни олишга бормоғим керак ўзим!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
“O‘QIMAGAN BOLALAR”
Muallif:
@Shodmonqul_SALOM
Kompozitor:
@Muinzoda
Tasvirchi:
Hojiakbar Nurmuhammedov
Colorist (bo’yoqchi):
Asilbek Umarov
Ijrochi:
Erkin Bozorov
Ijodiy hamkorlarimiz:
“NAJOT TA’LIM”, “CAMBRIDGE”, “ORBITAL education” o’quv markazlari.
МАНГУЛИК
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига
Бир хабар тарқалди, ярим тун эди,
Гўё ғам селига ботдим, йўқолдим.
Кимдир йўлбошчидан айрилдик деди,
Мен-чи, азиз дўстдан айрилиб қолдим.
Кимнинг хаёлига келмишдир ахир,
Бирдан қулаб тушса буюк бир чинор.
Алам бўғзимизда аччиқ ва тахир,
Бу ғамнинг на чеки-чегараси бор.
Кетди ногаҳонда айтмай бирор сўз,
Ҳижрон оловига барчани ташлаб.
Ўзбек осмонида сўнди чўнг юлдуз,
Катта-ю кичикнинг кўзини ёшлаб.
Биз — ноқис бандалар, ўйламай гоҳо,
Бошимиз силаган қўлни тишладик.
Юз йиллаб тескари айланди дунё,
Ўз эмас, ўзгалар учун ишладик.
Биз — ожиз бандалар, англамай туриб,
Бировнинг забонин санадик афзал.
Шу юрт даҳоларин билиб ва кўриб,
Бегона зотларга ясадик ҳайкал.
Босқин тепамизда турар эди зил,
Уни таг-тубидан бузмоқ шарт эди.
Асрий вайронанинг ўрнида дадил,
Янгича мамлакат тузмоқ шарт эди.
Фоний бу дунёнинг баланд-пастига,
Теран назар ташлаб ўтди бу Инсон.
Миллат қадри дея яшаб аслида,
Халқининг дардига бўлолди дармон.
Бугун жудолик бор гар қалбимизда,
Лекин ғурур яшар ҳавас қилгулик.
Абадият ўсди кўз олдимизда,
Шундоқ ёнимиздан ўтди Мангулик.
Abdulla Oripov
@Abdulla_Oripov_sherlari
"Жадид" газетаси
Газетанинг ушбу сонида шоир Шодмонқул СAЛОМнинг янги шеърлари берилган.
@Shodmonqul_SALOM
Шу ёмғирлар кеча ёғса бўлмасмиди,
Интиқ йўлнинг ҳалқоблари тўлмасмиди?
Мен соғинчнинг кўзларини шеърга солдим,
Шу шеърларни ўзинг айтсанг бўлмасмиди?
Ким эди у, қўлин силкиб чорлаётган,
Номозшомда девор оша бўйлаётган,
Юрагимни қўлга ўргатиб хўрлаётган,
Азобларни Парвардигор билмасмиди?
Хушхабарлар ўз вақтида келганида,
Умрим — қадаҳ, маромида тўлганида,
Бу саволлар ўз вақтида келганида,
Манзуражон, ўғилгинанг ўлмасмиди?
Баҳорларим баҳорини сарғайтирган,
Ташрифларим кўзларини қабартирган,
Ўз юзини шапалоқдан қизартирган,
Шул чеҳралар қувончдан бир кулмасмиди?
Кечаларни шалоплатиб кечиб ўтдим,
Гўдакларнинг тушларидан учиб ўтдим,
Бор умримда бир нидодан қочиб ўтдим:
Бундай бўлса, кейин ундай бўлмасмиди?
Худойимнинг иши тугаб қолмасмиди,
Шу ёмғирлар кеча ёғса бўлмасмиди…
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
#Milliy_tanlov
🎬"Yilning yaxshi badiiy filmi" nominatsiyasi bo‘yicha bizning "Abdulla Oripov" filmimizga
🟢 OVOZ BERING!
https://milliytanlov.uz/vote/54
Овоз беришда Ариза топширишни босиш шарт эмас!
Балки, пастда осон тарзда овоз бериш кўрсатилган!
КАЪБАДАГИ ДУО
Каъба теграсида айланар олам,
Айланар гуноҳлар, армонлар, воҳлар...
Айланади бошин этганича хам
Мискинлар, ғанийлар, дарвешлар, шоҳлар...
Ижобат диёри – Ернинг маъноси,
Коинот сарварин оёқ изи бор.
Улуғ бир нур оқиб кирди руҳимга,
Кўзимдан шукронам тинмас – шашқатор.
Оллоҳнинг уйи бу – нажот манзили,
Буюк куч шавқидан сел бўлар ёшим.
Бунда беркитилган Худонинг сири,
Англаганим сайин кетар бардошим.
...Минг турли оломон – ёлворар Ҳаққа,
Биров гуноҳига ажр тилайди.
“Қарзимдан қутқар” деб юкинар бири,
Бошқа бири, фарзанд бер, деб йиғлайди.
Бизнинг ҳамроҳлар ҳам қилдилар дуо,
Шайтон киролмаган маъвода ул дам:
– Аҳли мусулмонга рўшнолик бергил,
Фаластинга зафар юборгил, Эгам!
Бир ҳасрат ўради кўксимни нохос,
Дуога қўшилдим бироз паришон.
Гарчи, эзгуликдан куч олган қоним,
Албатта истайман – тинч бўлсин жаҳон!
Албатта истайман, мўъминга иқбол,
Истайман, одамга шараф, зиёни.
Навоий етмаган жойдан тиларман –
Кўзёшсиз, қон юқи кетган дунёни...
Аммо дил тубидан кўчди бир нидо,
Юрак! Борингча бўл, қўшма ёлғонни!
Гарчи, мусулмонман... Лекин аввало
Тангрим! Асра, дедим Ўзбекистонни!
Шодмонқул САЛОМ
/channel/yozuvchilar_uz
@Shodmonqul_SALOM
#ХАВФ
ТЕНГСИЗЛИК БАДАЛИ!
• Салом!
• Мен капитализмман!
• Қизчаларингизни Барби қўғирчоқлари билан ўйнаб, улғайишини таъминладим…
• Энди улар юзларини операция қилиш учун пул сўраётганидан нега ажабланасиз?!
• Мен капитализмман!
• Ўз ғоям йўлида баҳайбат мода майдонини ташкил қилдим ва истаган мақсадимга эришдим.
• Бугун ўн етти ёшлик қизларнинг аксарияти ўзининг табиий кўринишидан норози!
• Мен чизган чизиқда юриш учун юзини, кўзини, бурун ва лабини ўзгартирмоқда!
• Мен капитализмман!
• Бир аёл мода майдонини ўн беш минут кузатса ўз жисмини ёқтирмай қолиши аниқ!
• Мен капитализмман!
• Сизнинг дунёқарашингизни шу қадар ўзгартириб юбордим-ки, ўғрининг ҳаёти сизга қаҳрамоннинг ўрнак ҳаётидек туюлмоқда!
• Фоҳишалик эса севги афсонасидек кўринмоқда!
• Сизни бир кунда ўртача беш-олти соат бемаъни нарсаларни кўриб ўтирсангиз ҳам, вақтингизнинг исроф бўлганини эмас, балки чоғ бўлганини тушунадиган қилиб қўйдим!
• Сиз китоб ўқимайдиган, ижод қилмайдиган, фақат еб, кийинадиган истеъмолчига айланиб бўлдингиз!
• Мен капитализмман!
• Менинг ғоям сабабли ер юзида қонлар оқмоқда, мол талошида ака укасини, ўғил отасини ўлдирмоқда!
• Бу жанжалнинг бир парчаси сизсиз, лекин буни сезмайсиз!
• Бир йилда йигирма миллион бола очликдан ўлар экан, сиз қорнингизни қандай йўқотиш ҳақида бош қотирасиз, югуриб терлайсиз, ёғларингизни эритиш ғамини ейсиз!
• Мен капитализмман!
• Менинг амалдаги ғоям сабабли ер юзида бир миллиард тўрт юз миллион инсон оч!
• Мен капитализмман!
• Старбакс учун қаҳва далаларида ишлайдиган деҳқон бир истакон қаҳва сотиб олиши учун уч кун ишлаши керак!
• Мен капитализмман!
• Узоқ шарқда олти ёшдан ўн икки ёшга қадар қизлар икки юз доллар учун фаҳш йўлида сотилмоқда!
• Мен капитализмман!
• Эркин бозор иқтисодиёти дунёнинг энг катта ёлғони!
• Бозор сизсиз, товар ҳам сиз, олувчи ҳам!
• Мен эса сотаман!
• Мен капитализмман!
• АҚШ аҳолисининг йигирма тўрт фоизи миллиардер бўлиш учун ўз оиласидан воз кечишга тайёр эканини баралла айтмоқда!
• Мен капитализмман!
• Аёллар!
• Сизлар шошилинг, виктория секретга югуринг, бир ҳовуч матоҳ учун юз доллар тўлаб кўринг, ўзингизни бахтиёр хис қилишингизга кафолат бераман!
• Мен капитализмман!
• Ўн беш ёшли боланинг айпад олиш учун буйрагини сотганини эшитиб бошим осмонга етди!
• Бу менинг орзуйим!
• Мен учун ҳамма нарсангизни, ҳатто ўзлигингиз ҳам фидо қила олишларинг керак!
• Мен капитализмман!
• Лондоннинг ўзида Мадоннага оид саккизта уй бор, бу уйлар ўртача олти юз кишига бошпана бўлиши мумкин қадар кенг!
• Агар Мадонна концет берса сиз охирги пулингизни тўлаб концертга киринг, ишонаверинг, пушамонлик ҳам сизга кайф берадиган бўласиз!
• Мен капитализмман!
• Тайланднинг Дисней фабрикасида ишлайдиган ишчи Диснейлендга кириши учун эллик беш кун ишлаши лозим!
• Африка ўлкалари дунё олтин захирасининг тўқсон фоизига эга бўлишига қарамасдан дунёда фақат тўрт дона африкалик миллиардер бор, қолганлари оч!
• Мен капитализмман!
• Африкадан ҳар йили саккиз ярим миллиард доллар қийматида пирланта чиқади, агар шу пуллар фақат Африка ўлкаларигинг ўзи учун сарфланса у ердаги сурункали очлик муаммоси ҳал бўларди!
• Лекин бу муаммони ҳал қилмайман!
• Очлар ўлаверади, сиз эса еб бўлмайдиган пирлантани хоҳлайверасиз!
• Мен капитализмман!
• Сиз пирланталарни яхши кўрасиз!
• Ҳиндистонда шу пирланталар бир миллион ишчи томонидан ишлаб чиқарилмоқда ва уларнинг кунлик ойлиги бир доллар атрофида!
• Мен капитализмман!
• Бутун дунёни сариқ аёллар гўзал бўлади, деган фикрга ишонтирдим ва натижада Осиё ўлкаларида уч юз миллион аёл узлуксиз шаклда оқартирувчи совун ва сариқ бўёқ сотиб олиб, фойдаланмоқда!
• Мен капитализмман!
• Сиз ҳавас қиладиган Ҳолливуд юлдузларининг олтмиш тўрт фоизи наркоман, мен эса сизни уларга ҳавас қилдириб қўйдим!
• Мен капитализмман!
• Йигирма миллион бола бир йилда очликдан ўлаётган замонда сиз айни куйлакни ҳафтада икки марта кийишдан уяласиз!
НУРЖОНА
У оилада тўнғич эди,
Сулув эди, ой эди.
Қоровулнинг қизи эди,
Пастак ҳовли–жой эди.
Хаста она юрагидан
Сизиб турган нур эди.
Сингилчаси дудуқ эди,
Ёлғиз ука кўр эди.
Тош остида қолган майса
Не деб бўзлар билмадим.
Бу оламда Нуржонадан
Гўзал қизни кўрмадим.
Юрагининг тарихида
Ҳеч байрам бўлмаганди.
Туйғулари меҳмон бўлиб
Ё меҳмон келмаганди.
Кўзларида фаришталар
Кулишни билмас эди.
Ҳовлини жим саришталар
Хиргойи қилмас эди.
Узун киприк қароғлари
Севинчдан бир кулган йўқ.
Дунё ҳали Нуржонадай
Тоза гулни кўрган йўқ.
Булут тўсиб турса ҳамки,
Ой сузиб ўтар экан.
Гулларга сув қуйган каби
Бир ҳислар кутар экан.
Нуржонанинг тушларидай
Ойнинг сим-сим арқоғи.
Зулфларини тарар эди,
Ўн саккизнинг тароғи.
Қизил-яшил ол кўйлакда
Камалакдир ўйлари.
Шамолларни маст қиларди
Арзон атир бўйлари.
У чопиққа жўнар эди,
Кўзгу кулиб қарарди.
Ўйчил қизнинг нигоҳида
Биров ёниб борарди.
У уйига қайтар эди,
Ҳоримасдан, толмасдан.
Юрагидан кетган андуҳ
Ҳали қайтиб келмасдан.
Супаларга жой соларди
Номозшомгул кулгуси.
Тилсиз, сўқир қолар эди
Шом қизининг орзуси.
Лекин туннинг парилари
Ғамли қизга ёр эди.
Унинг соҳир юрагида
Кимдир жим, бедор эди.
Чойшабларни йиққан каби
Тангри тунни йиғарди.
Тонг ўчирган ҳамма юлдуз
Қиз қалбига оғарди.
Кекса, дилгир қўшни кампир
Бирров кирарди–шамол.
Сўқмоқларда Нуржонани
Кутиб турарди хаёл.
Сувда оқиб кетган олма
Қайда қолар билмадим.
Бу оламда Нуржонадан
Сулув қизни кўрмадим.
Чувиллашиб ўтган кунлар
Пичирлашиб сўз айтди.
“Нуржон Бекни севиб қопти”,
Ўзи йўқ, кўзи айтди.
Хаста она, соқов сингил,
Басир эди укаси.
Бекка ўхшаб иршайишиб
Боқди йўллар чеккаси.
Чувиллашиб отган тонглар
Увиллашиб ботдилар.
Нуржонанинг юрагида
Кийиклар совқотдилар.
Пок, андармон туйғулардан
Қатим тортди бигизлар.
Мезон тортган нурли дорга
Рўмол ташлади қизлар.
…Ўн йил аввал ҳаётимнинг
Бир лаҳзасин банд этган.
Шундай бир қиз бўлар эди
Қаро тақдир рад этган.
Лўли фурсат ҳаётимни
Кетди судраб, ҳоритиб.
Лек бир лаҳза бор умримни
Турар ҳануз оғритиб.
Балки бешик тебратар у
Далалардай чайқалиб.
Балки бошин тебратар у
Оҳи кўкка юксалиб.
Мен билмайман, ўн йил аввал
Юриб ўтдим пиёда.
Лек, биламан Нуржонадай
Сулув қиз йўқ дунёда.
Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ЎЗБЕК БЎЛИБ ТУҒИЛМАЙ...
(шовинист тарихчиларга айтганим)
Танимайсан бобом Широқни,
Геродотни ўқиб билмайсан.
Андишанинг оти қўрқоқми?
Ўзбекларни кўзга илмайсан.
Тарихларни ўзингча ковлаб,
Ўзбек номли миллат йўқ дебсан.
Дайди кучук сингари вовлаб,
Номаъқулнинг нонини ебсан.
Тарихларга бўйлаган маҳал,
Етти ўлчаб, бир кес, албатта.
Ўзбекларга келганида гал,
Маслаҳатим, кетмагин катта.
Абуттуркнинг зурёди асил,
Қўлда қилич, бошида бўрки.
Яйловидир Олтою Эдил,
Аҳли ислом, алфози туркий.
Адабини бергандир Римни,
Аттила ҳам менга ёт эмас.
Эсла, ёвқур Жалолиддинни,
Мўғулларга кела олган бас!
Ўз-ўзингча қилиб иддао,
Чалғитмагин аҳли авомни.
Ишонмасанг менга мабодо,
Эсла, буюк Темур бобомни.
Туғилгандир бу эл меҳнатга,
Унга ётдир гаплар ҳавойи.
Ҳар каломи уйқаш ҳикматга,–
Десам, гувоҳ ўтар Навоий.
Олам ичра жаннатул маъво,
Минорлари фалакка туташ.
Ҳар гўдакда яшар авлиё,
Юрагида ёнар чўғ, оташ.
Чиранмагин кўксингни кериб,
Бўйимга эн бўла олмайсан.
Ўзбек бўлиб туғилмай туриб,
Ўзбекларни била олмайсан.
Тингла мени олчоқ муаррих,
Солма ўзинг овсар, гўлликка.
Энди ортга қайтмайди тарих,
Рози бўлмас халқим қулликка.
Абдумажид АЗИМ
@Shodmonqul_SALOM
ТАКЛИФНОМА
2024 йил 24 январь куни соат 15:00да Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Усмон Азимнинг “Танланган асарлар”и тақдимоти бўлиб ўтади. Тадбирга барча қизиқувчиларни таклиф этамиз.
Манзил: “Миллий боғ” метро бекати, Адиблар хиёбони, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг катта мажлислар зали.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Web-site | Telegram | Facebook | YouTube
Қутлов!
Мирзо Кенжабек
ХУРШИД ДАВРОН – ДАВР АДИБИ
Хуршид Даврон туркий-ўзбек адабиётида ўз сўзи, ўз овози, ўз ўлмас ғояларига эга бўлган забардаст шоир, тарихнавис адиб, асл ватанпарвар ва миллатпарвар шахсдир.
У ижодкор сифатида ҳам, шахс сифатида ҳам ҳеч қачон майда туйғуларга асир бўлмади, сохта ва ўткинчи мафкуралар билан муроса қилмади, улкан қалб, улкан дард, улкан мақсадлар билан яшади.
У Ўзбекистон мустамлака бўлган даврларда – шўро зулмлари остида ҳам тагдор ишоратлар билан ватан ва миллат озодлигини куйлади, мустақиллик замонида ҳам тўғри сўзлилиги билан ўз ҳақиқатларига содиқ қолди...
👉🏻Давоми...
@m_kenjabek | @xojagon_uz |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube
ОЛОМОН
Искандар Мисрни забт этди охир,
Юз буқа сўйдирди, қурбонлик берди.
Қадим музофотни айланиб юриб,
Шом чоғи энг катта эҳромга кирди.
Ортига қайтарди тансоқчиларни,
“Тонгача танҳоман, олманг хавотир!”
Қиличу совутин сиртда қолдириб,
Тош маъбад бағрига йўл олди ботир.
Базму жамшид қилди музаффар қўшин,
Ўлганлар ёдланди, шодланди борлар.
Тун бўйи май ичди тириклар бари,
Тун бўйи депсиниб чиқди тулпорлар.
Тонг қуёши бир газ етилган они,
Алағдалик ортди аҳли аъёнда.
Ҳануз эҳром ичра эди оламгир,
Зўр ваҳима қўпди ул оломонда.
Бир замон тош девор кетди қарсиллаб,
Эҳром эшигида подшоҳ кўринди.
Ҳали не бўлганин билмаган қавм
“Яшасин Искандар!” дея севинди.
Сўнг шоҳнинг юзига солдилар разм,
Недандир титрарди қўрқмас баҳодир.
Кўзида тириклик нишони сўнган,
Сочига оқ тушган, паришонхотир.
Уни ўраб олди дўстлар, сафдошлар,
Сув тутди, рад этиб олмади жомни.
Саволлар бежавоб, шоҳ сўзламасди,
Унинг шу жимлиги бузди оламни.
Етти кун бирорта сўз айтмади у,
Етти кун ҳеч кимни этмади қабул.
Фақат инграб чиқди етти узун тун,
Ярадор арслонни тингламоқ мушкул.
Ниҳоят юзланиб маҳрам зотларга
Сўз айтди — гўёки чайқалди денгиз.
“Не сир кўрганимни сўрманг ҳеч қачон,
Айтсам ҳам барибир ишонолмайсиз!”
...Мен бугун минг йиллик тарихни тинглаб,
Ўйчил кириб келдим кўҳна Чорсуга.
Кенг майдон саҳнида тош қотиб қолдим,
Кўрганимни айтсам қолгум кулгуга.
Жўмард шоҳ рад этган жомдай тўлди дил,
Айтмайман, айтсам ҳам ишонмас биров.
Искандар эҳромда кўрганин кўриб,
Юракка ўрлади бир мудҳиш олов.
Нени кўрдим, қўрқдим — Худога аён,
Эй, сен асрдошим, сўрайверма, бас!
Дўстку дўст, душманга этмасин раво,
Ҳа... шоҳнинг кўргани яхши нарсамас.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ШОИР РУҲИ
Руҳимда шивирлайди,
Танимда жимирлайди,
Тушимда қиқирлайди,
Ҳушимда кўринмайди...
Қўлим чўзсам, етмайди,
Узоқлаб ҳам кетмайди,
Саволим эшитмайди,
Жавобини айтмайди...
1
Юракдан бўғзимгача ўрлаб бораверади,
Қароғдан юзимгача шўрлаб бораверади,
Теграмда не қирларим нураб бораверади,
У эса қилт этмайди, бирдай тураверади...
2
Йиғламоқ ҳам бир шеърдир, шеърдай оқади ёшим,
Юраги хуруж қилган Ердадир бир адашим,
Ўзи ўзимга ўхшар, мен билан тенгдир ёши,
Ул Нуҳнинг кемасидан жой тегмаган Мамонтдай,
Қўрқув ё андишадан кўзидан тинмай ёши,
Овозини чиқармай ҳўнграб бораверади.
Зоҳирда тасдиқ этиб, ботинида инкорлар,
Саратонда ҳам кетмас кўксин музлатган қорлар,
Битмайдиган ярасин сира қилмай ошкорлар,
Суякларин синдириб ўтиб борар устидан
Занглаган қўнғироққа эргашиб юрган норлар,
Тишин тишига босиб инграб тураверади.
Овози етмасин деб карнай чалиб турарлар,
Бир ўғирлик қилганда ойлар тўлиб келарлар,
Кимнинг дардини олса, сўнг шу соғлар куларлар,
Соқий, тўлдириб қуйгил, унга шернинг сутидан,
Не асрким, йўлбарсни хашак бериб боқарлар,
Оҳи ғулларга сингиб титраб тураверади.
Баргда турган томчини ёмғир деса ишонган,
Лойдан маъбуда ясаб, кейин шунга сиғинган,
Соясига суянган, кўпайишса қувонган,
Болдирин томирлари бўртиб чиққан асрлар –
Оғриётган жойини айтолмай жим таянган,
Бу мардон руҳ қилт этмай, чидаб тураверади.
Раббим! Бундан аввал ҳам шундай савдо бўлганми,
Бу оламнинг чиптаси ортиқча сотилганми,
Бу шум хочга Исодан бошқа ҳам тортилганми,
Зинокорнинг завқидай, беванинг қарғишидай,
Бу талх майдан одамдан бошқа ҳам тотинганми?
Шуни сендан чирқираб сўраб тураверади,
Овозини чиқармай ҳўнграб бораверади.
Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM
"Томошабин меҳрини қозонган фильм" номинацияси ғолиби "Абдулла Орипов" фильми.
Ҳужжатли ва хроникал фильмлар киностудияси маҳсулоти.
Режиссёр: Музаффархон Эркинов.