shodmonqul_salom | Неотсортированное

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Подписаться на канал

SHODMONQUL SALOM

Ҳофиз ШEРОЗИЙ

* * *
Аё соқий, суниб жоминг, қил эҳсон яшнасин диллар,
Кўринди аввал ишқ осону, сўнгра тушди мушкиллар.

Сабо ечмоқчи бўлган сочининг хуш бўйига онтким,
Муанбар ҳалқа-ҳалқа сочидан қон бўлди бу диллар.

Ботир сажжодани майга агар пири муғон айтса,
Йўловчига эрур маълум йўл аҳволи ва манзиллар.

Менга ёр уйида ишрат қуриш имкони йўқ ҳар дам,
Қилуркан қўнғироқ фарёдки, боғланг юкни ғофиллар.

Қоронғидир кеча, қўрқинчли мавж, даҳшатлидир гирдоб,
На билгай ҳолимизни четда турган юки енгиллар.

Ёмон от бирла фош ўлди ишим охир ўжарликдан,
Нечук ёшрин қолур сир сўзласа мажлисда оқиллар.

Агар васл истасанг, ундан йироққа кетма, эй Ҳофиз,
Тилакни изла, қўй дунёни, бер орзуга табдиллар.

ХУРШИД таржимаси
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

14-январь — Ватан ҳимоячилар куни!

***
Боботоғни ютдим, де,
Бойсунтоғни ютдим, де!
Овоз бергин, Алпоним,
Муродимга етдим, де!

Юлдузларга қаноти
Тегиб ўтган бургутлар,
Алпомишнинг шиддатин
Олиб юрган йигитлар,
Елкасида эл ори
Ҳам шарафи бор мардлар,
Боботоғни ютдим, де...
Бойсунтоғни ютдим, де...

Отанг нордай чўкканда,
Онанг баргин тўкканда,
Қартайган бобо қирлар,
Йўлингга кўз тикканда,
Овоз бергин, Алпоним,
Юртинг сени кутганда,
Юртинг сени кутганда...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Мусулмон ҳар қандай ҳолатда ҳам адолатли бўлади

Постни яқинларингизга ҳам улашинг!
Telegram | Instagram | muhammadodiluz/">YouTube | Facebook

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЧУМОЛИНИНГ ТУШ КЎРГОНИ

Кун бўйи ишлаган деҳқон чумоли
Хуфтонини ўқиб ухлашга ётди.
Юзини Оллоҳга қаратганича,
Болиши пастмикин, хуррак ҳам отди.

Бир замон туш кўрди, нурли, фараҳли,
Хирмони юксалиб тоғ бўлган эмиш.
Эккан ниҳоллари араб бойининг
Хурмозори каби боғ бўлган эмиш.

Тонг чоғи уйғонди ҳайрон бўлганча,
Завжасин уйғотди шивирлаб, секин.
Ётаверасанми, гулим, чалқанча,
Тушимда неларни кўрдим, эшитгин...

Бир қултум сув ичди, шукрона айтди,
Қўлларини очди, кўкка – Худога.
Одамзод ҳаққига дуолар қилди,
Яхшилик тилади улкан дунёга.

Ахир, тушунганди, боғ яратолмас,
Кўтаролмас тоғдай азим хирмонлар.
Шундоқ бўлгандан сўнг дуо қилур, бас:
Дунёда бор бўлсин, бободеҳқонлар!

Ўша йил Яратган берди деҳқонга,
Фермерлар режани юзга тўлдирди.
Чумоли фермернинг қўлин ўпганди,
Бу шоввоз мўрчани эзиб ўлдирди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

УМИД

Оллоҳ, чақирдингми уйинга мени,
Учиб бораманми уч кундан кейин?
Тошиб кетаяпти кўкракдан руҳим,
Раббим, ҳузурингда туриш ҳам қийин.

Қанча умидим бор, қанча ният бор,
Юрагим қамалган қушларга тўла.
Ҳар сезган туйғумда Сен бор, ҳикмат бор,
Барин айтолмайман, ахир бир йўла...

Барчасин биласан, ўзинг биласан,
Аммо юрагимда битта истак бор!
Каъбангни айланиб ўтаётган дам,
Олдимдан онамни чиқаргин Жаббор!

                                24.12.2023 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Фото: Суҳроб ЗИЁ. 02.01.2024 йил

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ваъдага вафо!

«Маънавий ҳаёт» журнали таҳририятидан байрам совғаси!

Журналнинг 2023 йилдаги 4-сони нашрдан чиқди ва байрам туҳфаси сифатида тақдим этилмоқда.

⚠️ Президентимизнинг Республика Маънавият ва маърифат кенгаши йиғилишида билдирган таклифларидан сўнг даврий босма нашрларга, хусусан, «Маънавий ҳаёт» журналига ва унинг имкониятларидан унумли фойдаланишга бўлган эътибор ортишини кутиб қоламиз.

Мутолаа энг севимли машғулотингизга айлансин!

〰️〰️〰️〰️〰️
Kanalga ulanish👇👇👇
/channel/gazetalar_sharhi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

​​#шоир_туғилган_кун

Бугун ўзбекнинг катта шоири, жондай қадрдон акам Шодмонқул САЛОМ туғилган кун. Узоқ умр кўринг, ака. Худо ҳамиша ёр бўлсин.

ШОИРГА

Қўлларинг бунча совуқ,
Бир лаҳза тинасанми?
Дунё — бир тоғора чўғ,
Шунга исинасанми?

Липиллаб ўчиб борар,
Кўксимга кўчиб борар,
Тўнғиб қолган оламда
Сўнгги бор ёнасанми?

Эй, дўст, бошингни тик тут,
Сотилмасни сотмагин.
Бедиллар кемасида
У соҳилга кетмагин.

Яшаш ҳам зўр иш эмас,
Қаҳрамонликмас ўлим,
Кўп қатори бўлдингми,
Шунга қувонасанми?

Чумолининг инидан
Дон ўғирлаб бой бўлган.
Сенинг гулдай кўнглингга
Кир қўллари узалган.

Қуёшга тил чиқариб,
Шамолни шалоқ қилган,
Кўп худоли касларни
Қайғуриб ёнасанми?

Танишинг йўқми Марсда,
Қуёшга йўқми улов?
Муз нигоҳлар тафтидан
Кўксимга кетган олов.

Қанотинг борлигини
Сезгани йўқми биров.
Ўзинг ҳам билмагайсан,
Билмоқни истамайсан,
Истамоқни билмайсан,
Ёлғонми, тонасанми?

Менинг оёғим толди,
Куйиб битди қанотим.
Юрак деворларига
Урилиб қайтар додим.

Суваракка шеър айтиб
Тугаб борар саботим.
Яшаш дегани шуми,
Наҳот шуми ҳаётим?!
Ўлмай туриб ўлишга
Наҳотки кўнасанми?

Арзимади бу дунё,
Билганимда келмасдим.
Уйқу дори бер, Худо,
То руҳим уйғонмасин.

Елкамдаги кўзларим
Ловуллаб бораётир.
Ёндим ўчолмаяпман,
Куйдим, ишонасанми?

Юрак деган тулпорда
Жиловни узиб келдим.
Майхона! Хўжанг қани?
Аҳдимни бузиб келдим.

Доғулилар даврасин
Кўзин шамғалат этиб,
Қўлим муз, ўзим эса
Ўт бўлиб қизиб келдим.
Тангрим, қарамай тургил,
Шуни ичиб юборай,
Пули Сиротда тойсам,
Ушлаб қололасанми?
Дунёнг ўчиб қолган чўғ,
Шунга ишонасанми?!

© Шодмонқул САЛОМ


@islomjon_ijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Мен бир мухлис сифатида ушбу спортчини яхши кўраман! Ирода, матонат, сабр ва бетиним меҳнати туфайли унга мухлисман! Шу боис ўзим хизмат қиладиган "Маънавий ҳаёт" журналида "Инсон учиши керак ёхуд Оксана афсонаси" номли мақолам чоп этилган эди. Шу мақолани OYINA.uz сайти ўз саҳифасида эълон қилибди. Сайт ижодкорларига ҳам раҳмат! Оксанага эса мустаҳкам соғлик тилайман. Шодмонқул САЛОМ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Устоз Абдулла ОРИФ хонадонида!

Кимлар юрмаган йўл бу,
Кимлар кирмаган қўрғон.
Бечорани ҳам тинглаб,
Бадавлатни ҳам кўрган.

Қашқа чўллари ёҳуд
Ястаниб ётган Сурхон.
Жалолиддан бошлаб,
Токи ул Дукчи Эшон.

2
Шул хонадондан ўтди,
Бир азиз жонга етди,
Она Ўзбекистонни
Юрагида кашф этди.

3
Кимлар юрмаган йўл бу,
Кимлар кирмаган қўрғон.
Бечорани ҳам тинглаб,
Бадавлатни ҳам кўрган.

Азизу ҳокисорлар,
Соғломлару беморлар,
Мисқол тангаси йўқлар,
Ҳамёнда пули борлар,

Вафодорлар, тужжорлар,
Сотқинлару ағёрлар,
Шеърин тинглаб ўсганлар,
Шогирдлар, беғуборлар,

Бул маконга келганлар,
Ўлмас сабоқ олганлар,
Шеърин айтиб юрганлар,
Ярим йўлда қолганлар...

Шул хонадонга келди,
Сўзлар – томчидек тўлди.
Устоз Абдулла Ориф –
Шеър билан таъбир қилди.

Бунда ўсган ҳар чечак,
Янги ойдай зўр тилак.
Жим кетаётган қоплоннинг
Шунқор руҳин сезажак.

Шу азиз хонадонда
Тизилди содда сўзим.
Соғинчга тўлди кўнгил,
Юлдуздек ёнди кўзим.

Устоз руҳи шод бўлсин,
Рози қил, биздан, Жаббор!
Илҳомнинг рухсорини
Аяма, Парвардигор!
Азиз сўз шарафини
Кам қилма, Парвардигор!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шодмонқул Салом шеъри.
Жонтемир ўқиди.

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

* * *

Етишмайди баъзан олов,
Баъзан гугурт, баъзан ўтин.
Сув излайди баъзан биров,
Улов излар кимдир, лекин…

Баъзан йўллар ўйдим-чуқур,
Ўзгаради турмуш секин.
Ҳали кимдир қилмас ҳузур,
Кимдир камроқ кулар, лекин…

Тушунмайди баъзан ҳаво,
Баъзан тушунмайди экин.
Баъзан сувга оқар даво,
Кечикади дармон, лекин…

Лекин ҳали уфқларда
Жаннат каби кунлар кутар.
Гуллар кулар совуқларда,
Қушлар ҳали тилла ютар.

Фарзандларим бол ейдилар,
Гулда сузар қора ерлар.
Буни азиз юрт дейдилар,
Буни азиз Ватан дерлар.

Салим АШУР

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Илк қадаҳ қуйқа бўлур, илк қадам расо эрмас,
Кўнгил бир оғриб олмай, ёноқларга сел келмас,
Худодан хабар олмай, Худо ҳам хабар олмас,
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.

Қорлар кураб беҳуда, сустхотинни ҳам алдаб,
Бу дастурхондан туз еб, ўзгани дуо айлаб,
Бул хомталаш очуннинг бекорга бахтин бойлаб,
Денгиз ҳам кетар экан, кетгиси келгандан сўнг.

Ҳулкари пешин бўлган, шамоли қайтиб келган,
Қайтмайдиган авлоднинг санамлари йиқилган,
Билиб, кулиб турарлар, кўксини симоб тилган,
Ёлин ҳам тутолмайсан, кетгиси келгандан сўнг.

Сув босиши шарт эмас, шарт эмасдир довуллар,
Шум кўргулик энг аввал юракларда увуллар,
Ўз-ўзидан бўшалиб кетавераркан қуллар,
Саҳро ҳам юта олар, ютгиси келгандан сўнг.

Бу қонга асрларнинг кири кетди қоришиб,
Ўзи суяб қолмаса тўхтамайди нурашим,
Хоҳ Қуръонни куйдир, хоҳ масжид қур пойгалашиб,
Ортига қайтмас қуёш – ботгиси келгандан сўнг.

Не асрки мушк-атир сепиб алдаб турибди,
Асл бўйини сезиб – кўнглим ўйнаб турибди,
Бир қултум тоза ҳаво сўраб, йиғлаб турибди,
Олмасанг ҳам сотарлар – сотгиси келгандан сўнг.

Илк жомни кўрган эдим, ютган эдим бир ҳовуч,
Илк қадамларин кўриб, кўзимдан сизган севинч,
Қўй, кўнглимга беҳуда ташлама ёлғон овунч,
Тил ҳам тойиб кетади – айтгиси келгандан сўнг.
Не истаса етгайдир — етгиси келгандан сўнг.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ҚИШ

Кекса кампир ун элар,
Келинларни шошириб.
Илоҳий тухумларни
Оқ супрага яшириб.

Йўлларнинг четларида
Мактабдан қайтар излар.
Сумкада қор, билмасдан
Қайтиб келяпти қизлар.

Ўзи билмай улғаяр,
Нигоҳлар—ўт, камалак.
Қизларнинг сийнасини
Ўстиради яхмалак.

Қорбобонинг бурнини
Ғуломқуён еб қочган.
Қорнинг жим-жит шовқини
Пок юракларга кўчган.

Токчаларда гултувак,
Меҳмон қиздай жим, ҳайрон.
Печка турар гуриллаб,
Мезбон чолдай меҳрибон.

Уйларнинг мўрилари
Қўшни уйга боқяпти.
Янги тушган келинчак
Қорда гилам қоқяпти.

Ёнбошлаб ётар дала,
Кетмон таътилга чиққан.
—Томдан тушгин, ҳей бола,
Авайла, йиқиласан.

Урчуқдаги сўзондан
Эртак тўқийди кампир.
«Муродга етмай» бола
Ухлаб қолди барибир.

Шундан бери ухлайман,
Шундан бери умрим туш.
Бу муродли уйқудан
Уйғонгим келмас эмиш.
Кекса кампир ун элар…

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

https://ziyouz.uz/ozbek-nasri/shodmonqul-salom/shodmon-ul-salom-orhat-badia/

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БОРОДИ

Ҳилол қолар осилиб,
Нурлар етиб бороди.
Ёлғончига чин айтган
Пирлар ўтиб бороди.

Сағир қолади дунё,
Хирож тўлади дунё,
Кейин билади дунё,
Зўрлар ўтиб бороди.

Ўчди бунда бир чироқ,
Тунд дунё қоронғуроқ.
Ер остига шамчироқ –
Нурлар етиб бороди.

Ҳувиллади кенг ҳавор,
Дунё кўзиккан бемор.
Узилди бир зўр тумор –
Пирлар ўтиб бороди.

Тоғлар – ернинг қозиғи,
Олим – олам озиғи.
Ернинг тузи, тузлиғи –
Пирлар ўтиб бороди.

Яратганнинг раҳмати,
Муҳаммаднинг ҳиммати.
Жаббор махсум улфати,
Эрлар ўтиб бороди.

Кўтарилди ҳосиллар,
Сезмаётир ғофиллар,
Ер остига алп уллар –
Қирлар ўтиб бороди.

Эй, муридлар чироғи,
Дил сув ичган булоғим.
Суннат вазну туроғи,
Сир китобин вароғи,
Исломият яроғи,
Қурбонхон деган боғим,
Пирлар ўтиб бороди,
Зўрлар ўтиб бороди.

Раҳмат айлагил, Раҳийм!
Офият бергил, Салим!
Изсиз қолдирма, Азийм!
Йўлин ёритгил, Карийм!
Пирлар ўтиб бороди,
Норлар ўтиб бороди,
Шерлар ўтиб бороди.

Шодмонқул САЛОМ
22 август 2021йил.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

КЎК БЎРИ

Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти, миллий эстрадамизда ўз йўлини очган новатор санъаткор Маҳмуд НАМОЗОВ бир қўшиқ куйлади!
Бу қўшиқ миллат қўшиғи, бутун оламга сочилган буюк туркийлар қўшиғи.
Бу қўшиқ ўзини, ўзлигини ҳурмат қилган, тарихини, истиқболини, бир сўз билан айтганда, Ватанни азиз билганлар, ғурури, орияти тириклар қўшиғи!
Шу гўзал ва дардли нолани, бетакрор оҳангни сиз азизларга ҳам илиндик.
Қўшиқ матни муаллифи ҳассос ижодкор Каримберди ТЎРАМУРОД.
Ҳар икки ижод фидойисига ҳам ташаккур деймиз!
Бу ажойиб ижро бугунги Ватан ҳимоячилари кунида янада долзарбдир!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХХI АСРГА АЙТАРИМ

Замин бекор айланмас экан,
Вақт фазода фитна тугади.
Юлдузларнинг гоҳи гоҳида
Ер шарига кўзи тегади.

Йўқ, шунчаки нур сочмас қуёш,
Тутқун сингил – Ой тўлмас бекор.
Товонимга кирган тиканнинг
Юпитерда ҳисоботи бор.

Тили бўлса айтсин денгизлар,
Эси бўлса тушунсин одам.
Юпанч учун келмас кундузлар,
Қўрқув учун туғилмас тун ҳам.

Йўқ, бекорга айланмайди Арз,
Ғам, шодликда мувозанат бор.
Фақат қайтиб қутулинар қарз,
Катта, жуда катта ҳисоб бор.

Жуда катта даргоҳ бор – бешак,
Жуда улуғ нигоҳни кўрдим.
Бобом отган она Мамонтнинг
Гуноҳига мен қўрқиб турдим.

Томирдаги қоним кўп қадим,
Гарчи кўп бор тиғ урди риё.
Бухорийнинг таҳоратидан
Қолган сувга юз чайгил, Дунё.

Эй, сен, кўкка бир бор боқмаган,
Руҳи – банди, мудраган юрак.
Боланг “нон” деб қўл чўзган пайти,
Сенга Қуддус нимага керак!?

Панамангни ечгин бошингдан,
Мен дўппимни олай қўлимга.
Маҳатмани отган қотил ҳам
Кимга ўхшар, сенгами, менга?

Бунда чекма – димиқди олам,
Руҳиятни тутунлар қучди.
Уйғонолмай чирпанар болам,
Оёқлари Озонни тешди.

Брунони ёқиб, сўнг унинг
Ёруғида ўқ йўнган, эй, кин,
Шарқ кўтарган машъала томон
Етсин дея айланар замин.

Бир карвонда кетаётирмиз,
Кетаяпмиз, йўлдошим, ишон.
Нечун совуқ зерикишингга
Пайғамбарлар бўлсинлар нишон?

Айтмай десам, айтмоқ – менга фарз,
Ёзмай десам, юрак тўла шеър.
Боққил, қандай кенгдир бу олам,
Қара қандай айланади ер.
Бешик каби чайқалади ер.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЁМҒИРЛИ НИДОЛАР

Одамнинг бугунги ҳоли менинг ҳам аҳволимдир. Балиқ сувда бор емакни ейди. Ундан ортиғини, афзалини еёлмайди. Ҳайрон бўламан ўз ҳолимга мен! Ҳолим ҳавас қилгулик эмас.
Паришонман жуда ва кунба-кун ғофилман. Ўзимдан хабарим йўғ-у, ўзгаларга ойна олиб чопаман. Мен аниқ ишондим: Одамзод ўзидан кўра шимпанзени кўпроқ ўрганибди. Ўрганибди эмас, ўрганибман.
Бурчим, улуғ вазифаларимдан кўра қорнимни кўпроқ қайғурибман.
Бесабрлик қилибман-у, сабр тиланибман.
Мудом мурувват кутибман, аммо чумолига наф бермабман...
Билганим сайин имоним суст, ибодатгоҳларим муҳташам ва кўпайгани сайин тақвом оз бўлибди. Кимнинг тилаги тўғри: жисми масжидда, ўзи бозорда юрганнингми, қуёш тутилганда кўкка боқиб, йиғлаганча ноғора чалувчи қадимги дунё одаминингни? Ким Худога яқин, ким мунофиқ? Мен буларни, бундай саволларни эшитмаганга олиб юрибман экан...
Даъвом эса кўп катта ва хомдир...
«Зарратин хойрай ёраҳ,
Зарратин шаррой ёраҳ»* деган илоҳий нидоларни билиб, мисқолча яхшилик ҳам, мисқолдек ёмонлик ҳам ҳисобдалигини англаб, англасамда, тўрсайиб, без бўлиб турибман...
Йўқ, мен унутмаслигим керак:
Момоқалдироқдан қўрқиб ғорга кириб кетган ва бир неча кун қоронғу, совуқ ғорда қалтираб, ҳимоясиз ўлтирган одам менинг аждодим эканлигини унутмаслигим керак. Мени тарбият қилиб, билимимни оширган, яшашга таёрлаб шу кунгача етказган Оллоҳимни тезроқ танишим зарур. Англаб, ҳис этиб боряпман: Оллоҳни таниш олов ёқишдан космосга учишгача бўлган йўлдан узоқроқ, машаққати мўлроқ. Бу бадиий муболаға ёки ташбеҳ эмас, ҳақ-рост кечинмалардир. Мени ўша ибтидоий ҳолимда қолдириб кетганида ҳам Унинг хоҳиши эканини унутмаслигим шарт. Ахир, минглаб турлар антик даврларда қирилиб битди, етиб келолмади-ку, бу даврларга. Одам етиб келди. Мен етиб келдим.
Раббим! Англаш истаган қалбларни ноумид қилма! Йиғлаёлмаётган дийдаларни ҳўл қил, ёмғирларинг етсин! Ғайбингдан насиба бергил! Ёғаётган ёмғир томчисини санай оладиган фаришталаринг додимни эшитсин ва сенга еткарсин, Ё Холиқ!
Менинг руҳимни бахтиёр ва шод қил! Аввалги, Ўзинг яратган кундаги рутбамдан пастлатма, Парвардигор!

Ш. С.

* Залзала сураси. 7-8-оятлар.
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***
Юриб кир қилдимми, дунёнгни, Тангрим,
Ҳурлар ювмаганми оёқларимни?
Дайдиб кир бўлдимми дунёнгда, Раббим?
Эшитиб турарсан сўроқларимни...
Айтмаганинг яхши жавобларингни...

@Shodmonqul_SALOM
МАДИНА шаҳри.
Масжиди НАБАВИЯ
Парвардигоримга шукрлар бўлсин!

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

“Mening medallarim mehnat, qat’iyat va ba’zida to‘kilgan ko‘z yoshlardan yasalgan” – Oksana Chusovitina afsonasi

Sidneydagi Olimpiada o‘yinlari tugagach, yigirma besh yoshli Oksana katta sportni tark etishi mumkin edi. Ammo qo‘lidagi go‘dagining saratonning og‘ir ko‘rinishi – oqqonga chalingani sportchining yashirin matonatini ochib yubordi. O‘g‘li Alisherni davolatish uchun nemis diyoriga kelgan Oksana Germaniyadagi musobaqalarda qatnashib, yutuq pullarini o‘g‘lining muolajasiga to‘lay boshladi...

Batafsil
: https://oyina.uz/uz/article/2340

Rasmiy sahifalarimiz👇

Telegram | Facebook | YouTube |X

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЮРТ МАНЗАРАЛАРИ

Паришон шаҳарлар, ҳуркак овуллар,
Донишманд саҳролар, жўмард дарёлар,
Елкасин қор босган – ғурур-ла турган
Бобом кўзин кўрган эй, азим тоғлар...

Сочлари шамолда кўкни супурган,
Онамдай мунтазир тургувчи боғлар.
“Ҳаёт келаётир!” – хушхабар олиб
Шул боғлар пойига чопган ирмоқлар...

Бойчечакнинг тилло пиёласида
Ҳамаллар – амаллар, эриган қорлар.
Ғолиб баҳодирнинг вазмин кифтида
Қизғалдоқ кўтарган мастон баҳорлар...

Оламга хирмонин устидан боққан,
Қўллари қадоқлар, оташин ёзлар.
Сахо бул тупроққа хайру хўш айта
“Баҳоргача...” дея бўлган парвозлар...

Шамол эркаланиб қолгани келган,
Офтоб тафт олгани ҳар кун ўтгувчи.
Ҳилол кўз узолмай, оз-оз ейилган,
Фасллар тез келиб, аранг кетгувчи...

Кўчалар, орзулар, хаёл, ташвишлар,
Рўзғорлар, ўтбоши, тотли кулгулар.
Автолар, сигналлар, даъватлар, ишлар,
Эртага ҳам давом этгич бугунлар...

Эринчоқ ё сергак тонглар, саволлар,
Кундузлар, асаблар, ёйиқ оқшомлар,
Ёмғирлар, соябон тутган қадамлар,
Ҳаёт томирида чопган одамлар...

Ана шу манзилдан ёниб ўтаман,
Ёғоч тулпорда ҳам севиб кетаман,
Бу меники, дейман, ғурур этаман,
Ўғлимнинг, қизимнинг қўлин тутаман,
Ватан деб шивирлар кафтларим менинг,
Шундай тўлиб борар дафтарим менинг.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шодмонқул Салом шеъри.
Бек АЛИ ўқиди.

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***
Гаплашгиси келади гоҳо,
Қўнғироқ қилгиси келади.
Гоҳида кўзимга тик қараб,
Барисин билгиси келади.

Гоҳида бўлади шундай ҳол –
Юлдуздай тўлгиси келади.
Биламан, неажаб биламан –
У бахтли бўлгиси келади.

Гоҳида оловдай тармашиб,
Човутлар солгиси келади.
Сўнг эса бурчакда, увуллаб,
Юзларин тилгиси келади.

Гоҳида дунёнинг юзидан
Ҳижобин юлгиси келади.
Кетишга ҳозирлик кўриб, сўнг,
Ёнимда қолгиси келади.

Гулларга кўмилган оқшомлар
Негадир ўлгиси келади.
Ўлгиси келади – бир марта,
Қўлимда ўлгиси келади.

Бу аёл... кўзлари – жуфт қадаҳ,
Мен билан тўлгиси келади.
Кўнглимни – Худонинг торини
Бир ўзи чалгиси келади.

Баъзида саҳрода тош каби,
Бир ўзи қолгиси келади.
Гоҳида қўлида телефон...
Қўнғироқ қилгиси келади.

Шодмонқул САЛОМ @Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бугун устоз шоир Салим АШУР таваллуд топган кун!

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Қор тинди. Тонг отди, кўзи уйқули,
Шаҳар уйқудаги қизга ўхшайди.
Дарахтлар ўзидан ҳайрон жодули,
Бир-бирин танимай қарай бошлайди.

Оппоқ қор юзига қўйилар оёқ,
Муҳрдай қўйилар режали излар.
Дон терган чумчуқдай нигоҳлар ичра
Изим излар аро изингни излар.

Йўлларга қарайди йўлларнинг чети,
Оёғин учида юрар уловлар.
Қизарар бировнинг чеҳраси, кафти,
Қордан бехабардир ҳали бировлар.

Худо борлигига ишора қилиб,
Болалар қородам ясар кўрдингми?
Йўлак музга тойиб қаттиқ йиқилган,
Авайлаб ўтдингми, йиқилмадингми?

Ернинг юрагига товонинг ботиб,
Қиличдай ўтганда тортдингми сергак.
Сенинг юзларингга урилган қордан
Менинг ҳаётимни ясамоқ керак.

Тонг отди, қор тинди. Шаҳар уйғонди.
Дарахтлар –Тангрига ёлборган қўллар.
Менинг юрагимда эрув бошланди,
Сенинг юрагингга очилди йўллар.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Абдулла Орипов 1992 йил Xl сессияда мадҳия матнини ўзи ўқиб берган архив видеони ҳукмингизга ҳавола этамиз.

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЧЎПОН ҲИКОЯСИ

Қор ялаган шамоллар
Ёмғир олиб қайтади.
Ёлғиз бўри увуллаб,
Тунга сингиб кетади.
Бесаранжом, домангир,
Инига олов кетган.
Жуфти-ю болаларин
Номардлар пулга сотган.
О, унинг маконини
Жони ичра жонини.
Замин-у осмонини,
Бутун бир ватанини
Номардлар пулга сотган
Бўри овулга яқин,
Қари итлар ҳид олар.
Бу овулда бир кучук
Туғилмиш — бўри билар.
Жондор олар кучукни
Кекса чўпон билади.
Кечалари яшириб
Напрачларга солади.
Ғингшийди ҳали гўдак,
Бўрининг боласидай.
Лек кўзида бир олов
Яшиннинг толасидай.
Буни бўри сезади,
Ҳар тун яқин келади.
Бир тўп галварс кўпаклар
Сурувга беркинади.
Чўпон билар бу тоғда
Фақат бир жондор қолган.
У ҳам ўлса онаси —
Шу тоғлар қасос олгай.
Ўқ бўшайди, ҳавода
Ажал ҳайрон муаллақ.
Пусиниб келар жондор,
Ажал қачон бўлса нақд.
Бўрининг кўзларига
Қараб, чидаб бўлмайди.
Ўлса, аламдан ўлар,
Йўқ ажалдан ўлмайди.
Жондорнинг ҳасратидан
Кекса чўпон вайрон, лол:
Мен бефарзанд одамман,
Кел, менинг бўғзимдан ол.
Нигоҳлар сўйлашади,
Аламлар бўйлашади,
Чол милтиққа суянган,
Бўри ғамга таянган.
Бир ватандан айрилган,
Бир ватансиз қариган.
Нигоҳлар тиллашади,
Туйғулар сирлашади.
Худди қадим дунёдай,
Худолар бирлашади.
Чол ўртанар, жондорсиз
Хосиятсиз бу тоғлар.
Бўрининг кўзларида
Эгасиз турар доғлар.
Мен сўнги одам эмас,
Бу эса сўнги жондор.
Бўри англар, бу чолнинг
Йўқлик деган ками бор.
Чол ва жондор тонггача
Киприк қоқмай турарлар.
Сўнг қорда из қолдириб,
Икки томон юрарлар.
У чол марҳум. Лек тоғда
Ҳануз чўпонлар юрар.
Мол йўқотган кишилар
Бўри галасин кўрар.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Эрталаб бир майдон пиёда юрдим,
Ёлғиз, жим ўлтирган аёлни кўрдим.

Ўзига яшириниб турар эди у,
Кўнгилдан олисда юрар эди у.

Ҳолин бир сўрмоққа етмас кучларим,
Тонгдан тошиб турар эди сочлари.

Паришон зулфига ҳасрат осилган,
Нигоҳига соғинч муҳри босилган.

Кеча юрагида бир тўфон турган,
Ва бизнинг соҳилга отиб юборган.

Эҳтимол, ҳеч нима бўлмаган содир,
Аммо нигоҳлар ҳам сўйлашга қодир.

Кўрдим — кўзларига исён қамалган,
Кўрдим этикчаси силллиқ ямалган.

Ёнидан сўз демай, жим юриб ўтдим,
Чап елкам, чап юзим ловуллаб кетди...

Уйга чиқиб келдим, дилгир, бесабр,
Ҳали уйғонмабди Сурайё, Собир.

Аёл ошхонада ғимирлаётир,
Кичкинамиз энди қимирлаётир.

Телефонни топиб рақамлар тердим,
Тонгнинг рўйхатида бормикан девдим.

Аммо жавоб йўқдир, ухлаётгандир,
Балки нонуштасин қилаётгандир.

Кўнглида кимлардир бордир эҳтимол,
Эй, дунё, шундай гул пойингда увол...

...Сўнг аёл юзига солдим-ку разм,
Қоши аросинда шубҳакор базм.

Кўзимни деворга, суратга олдим,
Бир тонгда шунча кўп уқубат қолди.

Эрта уйғонишда шундай сир бордир,
Ухлаб ётганларга не фарқи бордир.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Подписаться на канал