shodmonqul_salom | Неотсортированное

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Подписаться на канал

SHODMONQUL SALOM

АЛЛОҲ

Тўқсон тўққиз ИСМин айтдилар,
Ҳар бирининг пойига бордим.
Қоп-қора соч бирдан оқарди,
Тонг чоғида ИЗИни кўрдим!

Шодмонқул Салом
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

​#иқтибос

Ҳинд халқининг буюк адиби, Нобел мукофоти соҳиби Рабиндранат ТАГОР ҳикматларидан

Агар сен барча иштибоҳларга эшигингни беркитсанг, ҳақиқат ҳам ташқарида қолади.

* * *
Биз одамни нимани билишига қараб эмас, нимадан қувонишига қараб англаймиз.

* * *
Эр-хотинлик – санъат ва уни ҳар куни янгилаб туриш керак.

* * *
Шунчаки қараб ёки туриб денгизни кесиб ўта олмайсиз. Беҳуда истакларга вақтингизни сарфламанг.

* * *
Ҳатто қароқчилар тўдаси ҳам қандайдир ахлоқ талабларига риоя этиши керак; улар бутун дунёни талашлари мумкин, лекин бир-бирларини эмас.

* * *
Чексиз умид ва иштиёқ ёшликнинг асосий бойлигидир.

* * *
Руҳингни туширма, ниятингдан қайтма. Дўстим, сенинг йўлинг битта: ўзинг­­ни такомиллаштир ва бегонага хизмат қилма. Муҳокамалару тўсиқлардан чўчима.

* * *
Изтироб ҳаётдаги барча қадрли нарсалар: куч-қувват, ақл-фаросат, муҳаббат учун тўловдир.

* * *
Маст ўзини қанчалик бахтиёр ҳис этмасин, у ҳақиқий бахтдан жуда узоқ. Чунки унинг бу бахти бошқалар учун кўргилик; бугунги бахти эртанги бахт­сизлигидир.

* * *
Кучини кўрсатаверадиган одам кучсизлигини исботлайди, холос.

* * *
Мақтов мени пастга уради, чунки уни ичимда ўзим сўраб тураман.

* * *
Қуриган дарёга ўтмиши сабаб раҳмат айтмайдилар.

* * *
Яхши гапларни кўпчилик гапириши мумкин, лекин тинглай оладиганлар кам, сабаби, у ақлнинг кучини талаб этади.

* * *
Виждонимизнинг овозини эшитмаслик учун шовқинли оломон ичига ўзимизни урамиз.

* * *
Юлдузлар ўзларини тиллақўнғиз деб ўйлашларидан қўрқмайди.

* * *
Муҳаббатнинг ҳақиқий гўзаллигини фақат садоқатли аёлгина ҳис қилади.

* * *
Одам ҳайвонга айланганда ҳайвондан ёмондир.

* * *
Роҳат-фароғатларга кўмилиб, лаззат ҳиссидан мосуво бўламиз.

* * *
Бахт ўзини тия оладиган одамларга насиб этади. Орзуларинг амалга ошишини истасанг, уларни тийиб тура бил.

* * *
Ҳамма ҳақиқатни айтишга чоғланмаган пайтингда самимий бўлиш осон.

* * *
Пессимизм қалб алкоголизмининг бир кўринишидир.

Ориф Толиб таржимаси
«Ёшлик» журнали, 2017 йил, 5-сон

@usmonosphere

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Абдулла Орипов


ШОШМАСЛИК ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Заминга шошмасдан қадам қўй, бўтам,
Шошмасдан айланар ернинг ўзи ҳам.

Шошмасдан назар сол чексиз самога,
Шошмай қулоқ тутгил куйга, навога.

Мозорлар ёнидан шошмасдан ўтгин,
Ёрни кутар бўлсанг, шошмасдан кутгин.

Гулларни узишга шошилма бир оз,
Кўргил, ғунчалар ҳам шошмай қилар ноз.

Авлод-аждодинг ким? Шошмай фикр қил,
Шошмай сўз дегилу шошмай зикр қил.

Шошқин дарёман деб вақт-бевақт тошма,
Уммон бўлмоқликка айниқса шошма.

Ҳукм чиқармоққа шошилмасанг бас,
Шошганда бирдекдир кас билан нокас.

Дўст излаб ҳар қайда шошилма, қўзим,
Барчани дўст атаб шошган мен ўзим...

Шошмагин ғанимдан олай деб қасос,
Шошмасликнинг ўзи зўр туйғу олмос.

Ахир, боболар ҳам шошмай деганлар:
Ҳумоюн овлайди шошмас мерганлар.

Афсус, умр ўзи шошар доимо,
Шул сабаб номини дерлар: бевафо!

Бироқ шундай ҳол бор, шундай фурсат бор,
У фурсат дастингдан кетсин ихтиёр.

У фурсат белингни дафъатан боғла,
Ўзингни тирноқли шер каби чоғла.

Унут гулларни ҳам, булбулларни ҳам.
Улфату шайдойи кўнгилларни ҳам.

Отинг эгарланган, чақмоқ сингари,
Шай бўлгин у маҳал, боққил илгари.

Элинг мадад сўраб инграгани он,
Шошилгин ўша пайт, шошилгин, ўғлон!

✍1989

@abdullaorifijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

❗️«Муқаддас нарсаси гринкард бўлиб қоладиган авлод пайдо бўлмаслиги керак!» — Шодмонқул САЛОМ (видео)

👉 https://xabar.uz/knl5

▶️ВИДЕО

📲Каналга қўшилинг:
/channel/xabaruzofficial

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОРЗУ

Мўътадилллар менинг душманим,
Ишқ тунида ухлаб қолади.
Мени лов-лов олов куйдирмас,
Ланж давралар ўтга солади.

Бўсалари лойдан ясалган
Ошиқларнинг қони бўйнимда.
Юрак деган лоладай ёнса,
Шаррор оқиб турса қонинг-да.

Тирикликка туғдай қадалган,
Бир умрда бир марта ўлсанг.
Лаҳзаларни қилиб зиёрат,
Мангуликка гулчамбар бўлсанг.

Юракларга шеърдай бир келсанг,
Илк севгидай қўёлсанг муҳр.
Сўнги қадаҳ каби лим тўлсанг,
Тарқамаса бу сафо, сеҳр.

Ҳаммасини сарф эта олсанг,
Қайтган молдай қайтиб келмасанг.
Гадо учун аталганини
Тобуткашга асраб қолмасанг.

Бир ярқ этса ҳавода қилич,
Умринг ўтса умринг ўтгунча.
Дуо учун очилган қўлдай
Порлаб турса мунис бир ғунча.

…Биров алқамоғи шарт эмас,
Бир гул титрамоғи шарт эмас,
Кимдир эсламоғи шарт эмас.
Чумолида Хизрни кўрсанг,
Худо асрамоғи шарт эмас.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ДЎМБИРА

Дўмбира, жонимнинг томири,
Отамсан, оғамсан, эгачим.
Кўнглимни кулдириб, куйдириб,
Кўнглимни энамдай билгичим.

Дўмбира, момолар соғинчи,
Ғамига эш бўлган тилимсан.
Дўмбира, Ойбарчин севинчи,
Алпомиш қайтгучи йўлимсан.

Дўмбира, бир қулоч қув оғоч,
Бири кам дунёни тўлдирдинг.
Танимга руҳимни муҳрлаб,
Сўнг яна қайтадан ўлдирдинг.

Дўмбира, қўш торинг қўшилса,
Кўнгилнинг камлари тўлгайдир.
Оламга қўшиқдай сочилган,
Туркийлар йиғилиб келгайдир.

Дўмбира, юрагим наққоши,
Бир жонни минг чоҳга ташлайсан.
Жамики дардингни жамласам,
Дўмбира, Ватанга ўхшайсан.

Ҳўв, бадар карвонлар қайтгандай,
Юракнинг черлари кетгандай,
Қўш торинг қўшилиб айтгандай,
Дўмбира, ватанга ўхшайсан.

Дўмбира – кўнглимнинг ҳовури,
Дўмбира – руҳимнинг шовури,
Дўмбира, боболар қўлида
Номуси – юкининг оғири.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БОЗОРДА АДАШГАНИМ
Сурхонда, Шўрчининг чанг бозорида,
Адашдим, олти ё еттида эдим.
Онаизоримдан кетдим олислаб,
Мушфиқимни излаб изиллайвердим.

Саҳар вақт, молбозор аро совқотиб,
Бобом ва онамни қўйдим йўқотиб.

Шунда қўлим тутди мўйсафид бир зот,
Насаби жуз экан, бир чўпон авлод.

Отини Сулаймон деб танитдилар,
Қўйбоқар чол экан касбин айтдилар.

Мошгуруч соқоли тушмиш кўксига,
Кўзлари кулмасди – недан ўксиган?

Шу одам бир оми содда мусулмон,
Исмимни атади – Эй, мулло Шодмон!

Топармиз онангиз Тилло момони,
Суюнчига олай тилло дуони.

Кескан ош едирди, пулин тўлади,
Бефарзанд экан-да, умрим тилади.

Сўнг онамиз топди оралаб бозор,
Раббим! Унинг руҳи топмасин озор.

Магар ҳаёт бўлса, ажрим айлагил,
Яхшилар сафида олдин сайлагил.

Онам ва бобомлар мол сотган эди,
Бозори – Шўрчида, тонг отган эди.

Бобом кабоб олди, артди кўзимни,
Сўради: Асрагил, менинг қўзимни.

Онамнинг шодланиб порлади кўзи,
Ҳаётига қайтди маъноли рўзи.

Ҳайдарқул ҳожини қилдик зиёрат,
Ушбу суҳбатларга бўлди кўп фурсат.

Ўшал кунларимни эсларман бот-бот,
Шўрчи бозорига ўхшамас, ҳаёт.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

КУЗАК

Йиғлолмайди, лабин тишлар она дарахтлар,
Киприк қоқмас, хўрсинолмас, кўзлари тўлган.
Лаби титрар, кифти учар, оқарган юзи, 
Куз оламнинг юрагига зўр видо солган.
Мезонларда ҳасратнинг оқ рақсини кўрдим,
Сойга боқдим – бир бахтсизнинг аксини кўрдим.

Юлдузларнинг қиррасида фаришталар жим,
Бош кўтармай Ой нур элар – бева эгачим.
Фақат барглар шивирлайди қўрқув тилида,
“Қутқар!” дея кўкрагимга муштлар юрагим.
Баҳор ўтган йўлда қолган бир изни кўрдим,
Изга расмин чизаётган бир қизни кўрдим.

Қанотига оқ тушаётган
қушларни кўрдим,
Ўтовлари тенгланаётган қўшларни кўрдим.
Айтилмасдан, учуқ тошган тушларни кўрдим.
Ерга кириб кетсам деган даштларни кўрдим.
Сой ортидан тиззасига иягин тираб,
Қараб қолган болакайлар – тошларни кўрдим.

Кўнишга ҳеч кўнолмаган истагим билан,
Куртакликдан хазонгача дарагим билан,
Кўзларига кўзим тушди. Йўқ, қаролмадим,
Ўн ёшида қолиб кетган юрагим билан:
Орзулари гулдан қайтган хаёлни кўрдим,
Кўйлагининг гули ҳижрон аёлни кўрдим.

Қўлларини ортга қилиб жим борар тоғлар,
Бошлари хам, елкасида бўшдир сувлоқлар.
Жангда мағлуб баҳодирлар ғамгин қайтурлар,
Бул хабарни Ватанида қандай айтурлар!?
Шул тоғларда кекса, ёлғиз арслонни кўрдим,
Кўзларида бостирилган исённи кўрдим.

Бешигида кўзмунчоққа қўл чўзар болам,
Мезонлардан умид эшиб ўлтирар онам.
Узилган барг тўғри келиб юракка қўнди  –
Дилгир отам офтобрўга ўтиб исинди.
Симдорларда қуримаган тўнимни кўрдим,
Умрим каби қисқараётган кунимни кўрдим.

Ботинимда юлдузларнинг сокин совиши,
Элас-элас кишнагандай тойлар товуши,
Эшитилмай қолаётган сойлар товуши,
Айвондаги эски индай бенаво юрак,
Менга етиб келмай қолди ойлар товуши,
Яқин бордим, қулоқ тутдим, энгашдим, турдим,
Эшитмадим, аммо ундан созини кўрдим,
Чалинмасдан тинглангувчи созини кўрдим.
Шохда мезон  – шаҳид ялов, бўзини кўрдим!
Яратганнинг шундай буюк кузини кўрдим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЧЎПОН ЭШИТГАН НИДО

Устоз Сирожиддин САЙЙИДга!

Ҳасрат таёғига суянма, чўпон,
Қўрқув ва умиддан лойинг қорганман.
Таваккал даштига ҳайда молингни
Баҳорингни ёмғир-қорга берганман.

Қара, бургут тепди — ўнгланмас арслон,
Чоп, умид ғорига беркингин чўпон.
Бил: юлдуз қўшилмай туғилмас султон,
Юкни кўтармоқни норга берганман.

Бир замонда ерни супурган эдим,
Уммонни ой бўлиб чақирган эдим,
Бобонгни кемага яширган эдим,
Гоҳ булбул тухумин морга берганман.

Қуёшдан қарасанг, кўринмас замин,
Тўлдирмоқ шарт эди тақдирнинг камин.
Тошбақадан ортда қолганинг сайин,
Кенг даштни бир ичи торга берганман.

Чўпон, молинг қани, уйқучи чўпон?
Беадоқ яйловинг асли зўр зиндон,
Эшак боғламагин — ташладим арқон,
Унинг бир учини Ёрга берганман.

Неники сўрадинг, барини бердим,
Гоҳ қопқон, гоҳ қашқир шаклида турдим,
Бўрининг аҳволин қўйлардан сўрдим,
Эй, Йўқ, насибангни Борга берганман.

Ҳасрат дарасида ўлтирган чўпон,
Қўрқув камарида титраган нолон,
Умид саҳросида дайдиган сарсон,
Эй, илон инига қўл тиққан нодон,
Тошбақа парвозин сорга берганман,
Йўқнинг насибасин Борга берганман.

2019 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Кетмончи даштлари ва Бойсунтоғ суҳбати

Қишлоқдошларимга бағишладим.

Кетмончи даштлари боқар умидвор:
Бойсунтоғ, бизлардан кетдинг олислаб.
Сенгача аслида ўн кунлик йўл бор,
Аммо минг йил бўлди, етмадим излаб.

Ҳар баҳор селларнинг шовқини аро,
Сенинг соғинчингни тинглаб йиғлайман.
Сўнг ҳар тонг бадқовоқ булутлар — ҳамроҳ,
Бойсунтоғ, мен сени излаб жўнайман.

Ҳар наҳор жўнайман шу дам кўксимдан,
Босиб ўтар минг-минг қўнғирот моли.
Кун бўйи “Бойсунтоғ” — дея ўксийман,
Кечгача юрмоққа қолмайди ҳолим.

Қўр тўкиб ўтирар кекса Бойсунтоғ,
Сочлари оқарган, кўзлари намли:
Кетмончи, оғажон, кел ҳолимга боқ,
Тоғ бўлмоқ азоби тоғлардан камми.

Узун қиш бошимдан ғурбат томизиб,
Қайгадир кетади тентак булутлар.
Соғинчимни селлар кетар оқизиб,
Хабарини кейин айтар бургутлар.

Ҳар баҳор устимдан ўтар чулдираб,
Собитликни билмас дарвеш турналар.
Аламимдан само кетар гулдираб,
Сўнг унсиз йиғласам — кулар жилғалар.

...Бу мунгли суҳбатни тингладим узоқ,
Соғинчга беланди юракнинг шашти.
Ҳайқирдим: сен мангу бор бўл, Бойсунтоғ
Мангу ястаниб тур, Кетмончи дашти.

2003 йил

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ВАТАН ҚОЛСИН!
Жалолиддин Мангубердининг Темур Маликка айтгани

Ўжар бўлдим,
Ўжар бўлдинг,
Сен Малики Хўжанд бўлдинг.
Мен-ла сарсон кўчар бўлдинг.
Боламиздан кечар бўлдик,
Ёримиздан кечар бўлдик –
Боримиздан кечар бўлдик,
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Жоним оқар Жайҳун бўлиб,
Жонинг оқар Сайҳун бўлиб.
Чингиз келар…
Чингиз келар
Ўтган ери ашк, хун бўлиб.
Ким номусдан маҳрум бўлиб,
Кимдир қолар маҳкум бўлиб,
Томирларим қақшаб кетар,
Ҳайқираман мажнун бўлиб:
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Анов юрган Гурганчми-ё?
Унда ётган бир ганжими-ё?
Қўлларида ёв ялови,
Тўни кафан Шайхим Кубро:
«Донишидан тонган элга
Келган бало – кетмас қазо».
Ўзинг асра, Ё Илоҳо!
Ўзинг қўлла, Ё Илоҳо!
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Отам қочса юртни ташлаб,
Онам юрса фитна бошлаб,
Иним Оқшоҳ пойлаб турса
Изларимдан тиғ тарошлаб.
Қайга борай дилни ғашлаб?
Қайга борай кўзни ёшлаб?
Пешволари юрса ошлаб,
Ботирлари жонни тикса,
Бизчи, кетсак жангга бошлаб,
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Кунинг шуми, Хоразмюрт?
Гоҳи хор юрт, гоҳ азим юрт.
Сенга солсам бир разм, юрт,
Тўрт томонинг жанг – разм, юрт.
Истаганим тожу тахтмас,
Истадим юрт, истадим юрт.
Гулга чўмсин, истагим, юрт.
Нурга чўмсин, истагим, юрт.
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Ватан надир, Ватан шулдир:
Султон ул дир, зобит улдир,
Ўз аҳдида собит улдир,
Ким бошини эгса, қулдир.
Темур Малик,
Темур Малик,
Шамширингни қучиб ухла,
Тушингда ҳам ёвни ўлдир,
Тушингда ҳам ёвни ўлдир.
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Мунгли кўзлар мўлтиради,
Нажот кутиб ўлтиради,
Ноаҳл эл, ришвагар эл
Душманини кулдиради.
Душман бизга тенгсиз эмас,
Э-воҳ, бизни Чингиз эмас
Битта хоин ўлдиради,
Битта хоин ўлдиради.
Бироқ ўлим сўнгсўз эмас –
Ватан қолсин,
Ватан қолсин.

Суҳроб ЗИЁ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Денов – Шарқнинг кўҳна бозори,
Лўли хотин фол айтар – ёлғон.
«Сенинг бахтинг кулиб турибди,
Шодланавер энди болажон.»

Жилмаяман ачиниш билан,
Тўрт-беш чақа жаранглар – суроб.
Рўпарамдан ўйчан келаётган
Бир сулувнинг кўзига қараб.

– Эй Гул, дейман, тутаман қўлин,
Қиз чўчийди оқарар юзи.
Кўз ўнгимда бир ёруғ кунда
Ярқ этади икки юлдузи.

– Сингил, дейман, истак барқарор,
Қиз эргашар, майхона мешчан.
Семиз кампир шароб келтирар
Тўрт бармоқли қўллари билан.

– Бекач, дейман, қичқираман шўх,
Кампир шошар, қиз эса тошар.
Бахт йўқ, синглим, оламда бахт йўқ,
Бор бўлса ҳам сенга ярашар.

Қиз ёнади кўзлари билан,
Қай хотирнинг бордир озори.
Тўрт бармоқли кампир жовдирар:
Денов – Шарқнинг кўҳна бозори.

2007 йил

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***
Бўлмасайди, бу оламда бари ўткинчи!
Бўлмасайди, муҳаббатга айрилиқ жавоб.
Бўлмасайди, қарилик, хасталик, ўлим,
Келмасайди азобларнинг ортидан азоб.

Юрмасайди соясига эргашиб одам,
Дарахтларнинг сўзлашганин тушунса равон.
Бўлмасайди, ибодатда риё ва макр,
Таҳрир этилавермаса ҳақ чеккан фармон.

Деразадан қараб турган қизалоқ каби
Ё ёмғирда титраётган ёлғиз барг мисол,
Нигоҳларда ниҳон бўлган туйғулар ҳаққи!
Юрак ва йўл ўртасида бўлмаса даллол.

Шодон қайтгач эҳромларнинг зиёратидан,
Ўз қабрига гул кўтариб боролса эди.
Маймунними томоша қип қафас ортидан
Аслида ким қафасбанддир — билолса эди.

Чуқур-чуқур хўрсинишни ўрганса эди,
Кўзёшлари юрагига етиб боролса.
Фақатгина онажони ўлмаса эди!
Болаликнинг тушларини қайта кўролса.

Қўрқмасайди ўзи билан ёлғиз қолишга,
Тангрисидан хабар олиб туролса эди.
Йўқлигидан надоматлар келса ортидан,
Борлигидан гоҳ-гоҳида уялса эди.

Ва кўнсайди... (кўнган билан кошки иш битса?)
Йўқ, кўнмаса... (кўнмаганга яна ҳам оғир.)
Ҳа, тушунса, яшаш — азоб, ҳеч роҳат эмас!
Ҳа, англаса — таскин майи зарур ва тахир.
Анчагина бахтли бўлар эди одамзод.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

• "Феминизм, феминизм" деб Япон аёллари ҳам бундан бир неча йиллар олдин бонг уришганди. Натижада ҳозирги Япон аёлларининг 60% дан кўпроғи оиласиз. Эркаклари хотинсиз. Аёлларни ҳам эркаклардек қабул қилиш бошланган. Аёллар ва эркаклар ишлайдиган жойда аёллар ҳам эркаклардек бир хил ишлашади. Оғир юкларни кўтарса ҳам бирор эркак қўлидан олай демайди. Қилсин ўзи дейди. Ман бориб қўлидан олсам, ёрдам берсам ҳаяжонланиб қолишарди. "Йўғ-е, ростданми? Раҳмат, раҳмат, Ясашиине" ("меҳрибон экансиз") деб ўзини қўярга жой топа олмай қолишарди.

• Поездларда ҳам, метроларда ҳам мана бу бечора аёл киши, мен эса эркакман-ку. Жой берай деган тушунча йўқ.

• Феминизм олиб келган балоларнинг натижасида 3 тадан битта Япон аёли хорижлик билан турмуш қуришга мажбур. Япон эркакларининг аксарияти оила қуришдан қочишади. Оила қурса ҳам оиладаги ҳамма юкни тенг иккига бўлишади. Харажатлар ҳам, уй ишлари ҳам, қўйинки ҳамма нарсада. Натижада тенг иккига бўлинган юк аёл кишига оғирлик қилади ва энг яхши ечим деб оила қурмай қўя қолади.

• Япон қизларининг иккитадан биттаси жуфтини топа олмаётганликдан нолишади. Баъзилари оила қургим келади, фарзанд кўргим келади. Аммо, жуфтини топиш муаммолигидан, топса ҳам ҳаражатни, бошқа юкларни елкасига ташламайдиган жуфт топиш қийинлигидан нолишади. Япон эркаклари илтифотли, меҳрибон эмас деб нолишади. Афсуски, уйланганман бўлмаса ўзим сизларни бахтли-тахтли қилиб қўярдим дейман ҳазиллашиб : )

• Буларнинг барчаси остида феминизм намоёндаларининг ҳатти-ҳаракатлари турибди. Японларнинг ёши катта, қариялари билан гаплашсангиз бизнинг даврда оила ва фарзанд жуда муҳим эди, ҳозир ёшлар айниб кетди. Бизнинг пайтда эркаклар пул топишарди аёллар кажи ( уй ишлари) қилишарди аёлларга осон эди. Ҳозир қийин бўлиб кетди дейишади. Оила институти яхшигина шикаст еган. Йилдан-йилга туғилиш камайиб, қариялар сони ошиб бораябди. Балким, шунинг учун ҳам Японларнинг ИСЛОМ динига қизиқиши сезиларли даражада ортиб бораётгандир.

• Ўзимиздаги айримларни ҳозирги гаплари, пропагандаларига жаа берилиб кетманглар. : ) Аёлларнинг ҳуқуқлари, уларга нисбатан адолат, жабр зулм кўрмасликлари учун қонунлар яратилишини 100% қўллаб-қувватлайман. Хотин қизларнинг ўқиши, илм олиши, шахс бўлиб шаклланиши тарафдориман. "Хизматкор" ва "фарзанд туғиб берувчи аппарат" бўлиб қолмаслиги тарафдориман. Фақатгина аёл аёл ўрнида, эркак эркак ўрнида қолиши керак. Тенгликни эмас, адолатни йўлга қўя олсак нур устига аъло нур бўлар эди.

© Bahodir Iskandarov

Qulmatov

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Мен бугунги кунга ўхшайман,
Ток ўтаётган симга ўхшайман.
Ҳуркак кийик, эй ғамли йўлбарс,
Ҳей, капалак, сенга ўхшайман.

Ҳей, қаноти кесилган бургут,
Тумшуғингда ўлаяпти қурт,
Ярмин боланг, ярмин ўзинг ют,
Мен шу қурт ва сенга ўхшайман.

Юз йил бўпти мана бу устун,
Тилсиз соқчи каби жим, беун,
Қўниб турар унга бир чивин,
Ўзинг айтгил, кимга ўхшайман,
Чиндан борга, чинга ўхшайман.

Ёмғир, шамол, учаётган барглар,
Кўса чолдай турган дарахтлар,
Ошиқ баҳор, қишдек карахтлар,
Тўрт томоним, сенга ўхшайман.

Мен жудаям, ўхшайман тунга,
Кеча, эрта, ҳамда бугунга,
Зўр илоҳий тугунга — сенга,
Худойжоним! Сенга ўхшайман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Нега бундай бўлди, кўп қувондимми,
Бу белгидан қандай ғофил ўтдим мен?
Қаттиқ ишондимми ёки тондимми,
Муҳтожлик, барисин ўйлаб топган сен!

Онам нигоҳидай қабарган йўллар,
Отам истагидай тилсиз ва мискин.
Сўнгги япроқ каби силкинган қўллар,
Нималар тилаган эдинг мен учун?

Нега бундай бўлди, ҳисоби недан,
Нега бундай хабар айтар бу тилмоч?
Нечун маст одамдай урилди менга
Шомда бойўғлилар қўнган симёғоч?

Ғусса маст қилганлар абадий мастдир!
Кўзларим — ичилмай турган жуфт қадаҳ.
Сеҳргар кечадан кесакдай кундуз,
Бир қулфга бир калит бергинда, Оллоҳ.

Кўнглим дор остида амрни кутиб,
Умиддан, қўрқувдан мангу карахтдир.
Кўнглим — қуригунча ғарибга соя,
Сўнг дор учун устун бўлган дарахтдир.

Хазоннинг ўрнини барг мисол ёриб,
Тиззамни қонатиб тақдирдан сўрдим.
Тонгдан шомга қадар пиёда бориб,
Сўнг ҳолим қолмади... йиғлаб юбордим.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

               СОВҚОТГАН

Биров кутаётгандай қизғин, шошилинч,
Уйлар орасида, тор йўлакларда,
Кўзлар умидданми, қўрқувдан нотинч,
Қавилган, қуралган хор тилаклар-ла,

Совқотган офтобнинг синиғи ботиб,
Кўлмакларни ҳатлаб, кўнгилни қатлаб,
Дарвеш ҳислар билан дилни иситиб,
Асрлаб, умрлаб, йиллаб, соатлаб...

Ёмғирда кўйлакдай ивиган, толғин,
Хаста кўрпасидай кирланган қорлар,
Қўрғошин томчилар, киприклар олтин,
Оламга бир ҳақир боқмиш беморлар.

Кўз очгиси келмай уйғонганича,
Кўз ҳам юмолмасдан шамгин ва аянч,
Руҳу тан дорида қиёматгача,
Унут ялов каби заифдир юпанч.

Шаъфеталаб юрак — ор ханжарида
Кетмоқ ё қолмоқнинг ғамидан шошиб,
Дунё камолидан, руҳ жамолидан,
Ҳамда… ҳисобидан адашиб.

Орзулари узун, қўллари калта,
Ҳасратлари қаро, кечалари оқ.
Маҳтал туйғулардан қадаҳдай тўлган
Ғуссалари тугал, қувончлари тоқ.

Баҳорни туш кўриб олтин бармоғи,
Ойналарга шакл солмиш жажжи қўл.
Мангу тугамайди аччиқ сўроғи,
Яноқлари ҳам ҳўл, ёқаси ҳам ҳўл.

Кимдир кутаётгандай қизғин, шошилинч,
Андармон ҳисларнинг завқидан шошиб,
Тугал ғуссалару омонат юпанч,
Кетмиш ҳисобидан адашиб...

Шодмонқул  САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***
Эй, бозорни оралаган,
Матоларни саралаган,
Вақти шомни қоралаган,
Қувват етганича олгин,
Ҳаммолга иш қолдирма.

Эй, кўприкдан ўтаётган,
Келмасини кутаётган,
Ёнолмаган, тутаётган,
Ортингда ҳам оломон бор –
Саволга иш қолдирма.

Эй, кўзлари гирён бўлган,
Афсус майи пиён қилган,
Тор кўчада сарсон бўлган,
Ерга суян, кўкка ёлбор,
Деволга иш қолдирма.

Эй, асоси синган, обид,
Эй, косаси тўлган беҳуд,
Эй, умри кир, дили нобуд,
Кўз ёшингга ғусл қилгил,
Ғассолга иш қолдирма.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Эй, баднафс, табаррук жомни булғадинг,
Маъно майин тўкдинг — комни булғадинг.

Аввал ғофил бўлдинг, шом сирларидан,
Тун бўйи алаҳсиб, тонгни булғадинг.

Кўзёшмас, иддао қилдинг фалакка,
Ибодат қилмадинг — онни булғадинг.

Ташрифингдан жаҳон қувонган эди,
Кетмай туриб номи инсонни булғадинг.

Эй, нокас, эгнингда мазлум либоси,
Қилмишинг-ла ҳалол деҳқонни булғадинг.

Даъвонг олимлигу, амалинг риё,
Одамийлик деган фанни булғадинг.

Гоҳ жубба, гоҳ ридо, гоҳи бўйинбоғ,
Кийиб неча аср-у замонни булғадинг.

Бекорга булбуллар бағри қон эмас,
Қутлуғ қоғоз, қаламу рангдонни булғадинг.

Шоирдан инжима, ғўр машқи учун,
Ҳайфки, умр отлиғ достонни булғадинг.

Қуш ташлаган нажас денгизга ҳечдир,
Аммо парвоз деган шонни булғадинг.

Сўнгагинг ўтини дўзахга етгай,
Билмассан, билишдек имконни булғадинг.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БИЗНИНГ БОЗОР

Тонг отганда турамиз,
Кун ботганда ётамиз.
Бизнинг бозор ғаройиб,
Оламиз ҳам сотамиз.

Эллик сўмга оламиз,
Эллик сўмга сотамиз.
Фойдамизга дўконда
Эллик-эллик отамиз.

Хотирамиз панд берса,
Уйдан ўтиб кетамиз.
Қайда ётсак – фарқи йўқ,
Тонгда бозор кетамиз.

Тўда бўлиб борамиз,
Тўда бўлиб қайтамиз.
Қўл ушлашиб йўлларда
Шўх-шўх қўшиқ айтамиз:

“Хотин биздан қўрқмайди,
Биз хотиндан қўрқмаймиз.
Йўлимиз бўлмаса ҳам,
Йўлимиздан қайтмаймиз!”

Кун ботишин кутамиз,
Тонг отишин кутамиз.
Сотаман деб келганмиз,
Биз барибир сотамиз.

Вақтимиз кам, йўл бўйи
Топганимиз ютамиз.
Уйғониб овқат еймиз,
Овқатланиб ётамиз.

Бозорда харидор кўп,
Ҳар балони элтамиз.
Ўтган-қайтган жувонга
Чучмал гаплар отамиз.

Бизнинг бозор ажойиб,
Келсангиз, кўрсатамиз.
Эллик сўмга оламиз,
Эллик сўмга сотамиз.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Тортмаларда қолиб кетган мактублардай,
Яшалмаган кунларимни яшаяпман.
Одамларнинг оролида, танҳоликда,
Робинзондан бахтсизроққа ўхшаяпман.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

МЕН

Бир ғариб най чалар ичимда,
Бир илон куйдан маст ётади.
Куй тинса, ғарибни шу дамда,
Шу илон ямламай ютади.

Бир ғариб най чалар ичимда,
Бир илон куйга ғарқ, йиғлайди.
Бу ғариб ўз камин чаляпти,
Илон ҳам ўз ғамин тинглайди.

Илондай эшилган бу нола,
Юракдан бўғзимга ўрлаган.
Илондай чўзилган бу йўлда,
Ғарибдан бошқа зот юрмаган.
Бир ғариб най чалар ичимда...

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Қанотига оқ тушаётган
қушларни кўрдим,
Ўтовлари тенгланаётган қўшларни кўрдим.
Айтилмасдан, учуқ тошган тушларни кўрдим.
Ерга кириб кетсам деган даштларни кўрдим.
Сой ортидан тиззасига иягин тираб,
Қараб қолган болакайлар – тошларни кўрдим.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

*** Тезлаштирилган ҳаёт,
Юлдузи катик осмон.
Торайтирилган дунё,
Кенгайтирилган майдон.
Секинлатилган уруш,
Сувга ташланган юрак.
Йиғига ўхшаб кулиш,
Қаерда кулиш керак?
Тенгсиз мувозанатлар
Тенглашиб турибдилар.
Эртакдаги ботирлар
Эртаксиз юрибдилар.
Тўлолмай турган ойлар
Кўнгиллардай чўкдилар.
Тушдан чиққан сулувлар
Тушдай эриб кетдилар.
Бири бирисидан тез
Юрак қумсоатлари.
Эзгуликка ўхшайди,
Номлари, ниятлари.
Бири оқ, бири қора,
Устунларда беланчак.
Келажакни тебратар
Темир қўлли келинчак.
Зангламайдиган ўқлар,
Занги юракка кўчган.
Тушларнинг хонасида
Чироқлар совуқ ўчган.
Кўзларга армон эмас,
Хазонларга куз келган.
Кўзёш асло шўр эмас,
Шароб таъмини олган.
Олти оёқли отлар,
Тилсиз қолган тилсимот.
Офтобдан солиқ олар
Ҳисобли тараққиёт.
Тезлаштирилган дунё,
Шамоли шартли осмон.
Чиғаноқдан уй қуриб
Қувонади биёбон.
Кўнгилларда айғир от
Сувўтидай чайқалар,
Супада тараққиёт,
Марҳумларга жой солар.
Ёши ўттизга борган,
Бир чол дарахт кесяпти.
Баҳор — қайтиб келган қиз,
Ғамин шохга осяпти
Тезлаштирилган ҳаёт,
Кесишади чизиқлар.
Бунда туриш азобли,
Буни кўриш қизиқда.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЭНГ ЗЎР ИТ

Чорининг ити чопқир,
Панжининг ити олғир.
Бизнинг тўрткўз кўп қўрқоқ,
Думин қисиб юрадир.

Чорининг олапари
Панжининг итин босди.
Икки зўр олишганда
Қўрқоқлар қирга қочди.

Ўтди етти-саккиз йил,
Икки зўр ит ҳам ўлди.
Бизнинг кўппак овулнинг
Энг зўр ити бўп қолди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХХI АСРГА АЙТАРИМ

Замин бекор айланмас экан,
Вақт фазода фитна тугади.
Юлдузларнинг гоҳи гоҳида
Ер шарига кўзи тегади.

Йўқ, шунчаки нур сочмас қуёш,
Тутқун сингил – Ой тўлмас бекор.
Товонимга кирган тиканнинг
Юпитерда ҳисоботи бор.

Тили бўлса айтсин денгизлар,
Эси бўлса тушунсин одам.
Юпанч учун келмас кундузлар,
Қўрқув учун туғилмас тун ҳам.

Йўқ, бекорга айланмайди Арз,
Ғам, шодликда мувозанат бор.
Фақат қайтиб қутулинар қарз,
Катта, жуда катта ҳисоб бор.

Жуда катта даргоҳ бор – бешак,
Жуда улуғ нигоҳни кўрдим.
Бобом отган она Мамонтнинг
Гуноҳига мен қўрқиб турдим.

Томирдаги қоним кўп қадим,
Гарчи кўп бор тиғ урди риё.
Бухорийнинг таҳоратидан
Қолган сувга юз чайгил, Дунё.

Эй, сен, кўкка бир бор боқмаган,
Руҳи – банди, мудраган юрак.
Боланг “нон” деб қўл чўзган пайти,
Сенга Қуддус нимага керак!?

Панамангни ечгин бошингдан,
Мен дўппимни олай қўлимга.
Маҳатмани отган қотил ҳам
Кимга ўхшар, сенгами, менга?

Бунда чекма – димиқди олам,
Руҳиятни тутунлар қучди.
Уйғонолмай чирпанар болам,
Оёқлари Озонни тешди.

Брунони ёқиб, сўнг унинг
Ёруғида ўқ йўнган, эй, кин,
Шарқ кўтарган машъала томон
Етсин дея айланар замин.

Бир карвонда кетаётирмиз,
Кетаяпмиз, йўлдошим, ишон.
Нечун совуқ зерикишингга
Пайғамбарлар бўлсинлар нишон?

Айтмай десам, айтмоқ – менга фарз,
Ёзмай десам, юрак тўла шеър.
Боққил, қандай кенгдир бу олам,
Қара қандай айланади ер.
Бешик каби чайқалади ер.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ОНА ТИЛ
ДАРЁСИДАН ИККИ ҲОВУЧ...


Шодмонқул САЛОМ


Батафсил — https://telegra.ph/ONA-TIL-DARYOSIDAN-IKKI-%D2%B2OVUCH-10-20

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Яшамоқдан аввал яшадим,
Яна қанча ғуссага шайман.
Хавотирнинг лаганларида
Кунларимни иситиб ейман.

Бунча тотли юрагим менинг,
Шаробимга кўзим газакдир.
Сен илтижо қиласан маъсум:
“Ҳали яшашингиз керакдир.

Ҳали яшашимиз керакдир.”
Бунча аччиқ сен тутган малҳам,
Менда бори шу дардчил юрак,
Ғамни бунча суймасанг эркам.

Ҳали баҳор келади дейсан,
Лабларингда ёнар қизғалдоқ.
Мени эса адо қиляпти,
Ёлғонларни суйган қўнғироқ.

О, бормисан, фалакда Тангри,
Мен беуқув тилни билмасман.
Шу бандангни бахтиёр қилгин,
Мен ўзимни еб тугатмасдан.
2005 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Илоннинг боласи илон бўлади,
Бу шубҳасиз бор гап, жўн қонуният.
Лек одам фарзанди одам бўлмаса,
Қандай изоҳларкан, буни табиат.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЖАҲОН ЎЗБЕКЛАРИГА
Турли муносабатлар билан чет элларга
кетган ватандошларимизга

Кўнглим юмшаб, бўғинларим бўш энди,
Феълингизни асранг, кўчган ўзбеклар.
Сизни тупроқ асролмади, хўш энди,
Тилингизни асранг, кўчган ўзбеклар.

Деҳқонмисиз, тужжормисиз, йўлбоқар,
Қолаётган Ватан сизга лол боқар.
Хорижларда, билмам, қандай ҳол боқар,
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар.

Улги олинг Сир ва Аму наҳримдан,
Мендан кечинг, кечманг юртнинг баҳриндан,
Сиз кўчдингиз лекин юрак-бағримдан –
Тилингизни асранг, кўчган ўзбеклар.

Туркий куйда Дулбаржиннинг ёди бор,
Қошғарий ҳам Мир Алишер доди бор,
Тил йўқотган зотнинг қандай зоти бор? –
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар!

«Алла» кўрмай ўсган «қулун» қулунмас,
«Ёр-ёр» кўрмай тушган келин келинмас,
Ҳали сизга ётлик макри билинмас,
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар.

Балки унда ризқ-насиба тўкинроқ,
Туз-қум – ажал бўрони йўқ, сокинроқ,
Эндингизми Энасойга яқинроқ,
Тилингизни асранг, кўчган ўзбеклар.

Ҳали юртда ҳандалакнинг бўйи бор,
Олиш-улоқ, карнай-сурнай тўйи бор,
Она тилда онанинг дард-ўйи бор,
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар.

Хиёнатлар қилиб руҳи покларга,
«Насруллоҳ»ни алишдикми «рок»ларга?
Тангри мадад бермас тили йўқларга,
Тилингизни асранг, кўчган ўзбеклар.

Тил – юракнинг интиқоми, асрори,
Ўзбек қизин меҳри, офтоб узори,
Бегонага қўшилмаган мозори,
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар.

Сиз кетсангиз, мен нетайин, бор бўлинг,
Ҳеч хор бўлманг, бургут бўлинг, сор бўлинг,
Лекин бир бор юрт меҳрига зор бўлинг,
Тилингизни асранг, кетган ўзбеклар!..

1989

Мирзо Кенжабек.

*** *** ***

JAHON O'ZBEKLARIGA
Turli munosabatlar bilan chet ellarga
ketgan vatandoshlarimizga


Ko'nglim yumshab, bo'g'inlarim bo'sh endi,
Fe'lingizni asrang, ko'chgan o'zbeklar.
Sizni tuproq asrolmadi, xo'sh endi,
Tilingizni asrang, ko'chgan o'zbeklar.

Dehqonmisiz, tujjormisiz, yo'lboqar,
Qolayotgan Vatan sizga lol boqar.
Xorijlarda, bilmam, qanday hol boqar,
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar.

Ulgi oling Sir va Amu nahrimdan,
Mendan keching, kechmang yurtning bahrindan,
Siz ko'chdingiz lekin yurak-bag'rimdan –
Tilingizni asrang, ko'chgan o'zbeklar.

Turkiy kuyda Dulbarjinning yodi bor,
Qoshg'ariy ham Mir Alisher dodi bor,
Til yo'qotgan zotning qanday zoti bor? –
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar!

«Alla» ko'rmay o'sgan «qulun» qulunmas,
«Yor-yor» ko'rmay tushgan kelin kelinmas,
Hali sizga yotlik makri bilinmas,
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar.

Balki unda rizq-nasiba to'kinroq,
Tuz-qum – ajal bo'roni yo'q, sokinroq,
Endingizmi Enasoyga yaqinroq,
Tilingizni asrang, ko'chgan o'zbeklar.

Hali yurtda handalakning bo'yi bor,
Olish-uloq, karnay-surnay to'yi bor,
Ona tilda onaning dard-o'yi bor,
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar.

Xiyonatlar qilib ruhi poklarga,
«Nasrulloh»ni alishdikmi «rok»larga?
Tangri madad bermas tili yo'qlarga,
Tilingizni asrang, ko'chgan o'zbeklar.

Til – yurakning intiqomi, asrori,
O'zbek qizin mehri, oftob uzori,
Begonaga qo'shilmagan mozori,
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar.

Siz ketsangiz, men netayin, bor bo'ling,
Hech xor bo'lmang, burgut bo'ling, sor bo'ling,
Lekin bir bor yurt mehriga zor bo'ling,
Tilingizni asrang, ketgan o'zbeklar!..

1989

Mirzo Kenjabek.

@m_kenjabek | @xojagon_uz |instagram | user-yq7sf7zt8i">youtube

Читать полностью…
Подписаться на канал