shodmonqul_salom | Неотсортированное

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Подписаться на канал

SHODMONQUL SALOM

СИРДАРЁДА «ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ БОҒИ» ОЧИЛДИ

Бугун - 2023 йилнинг 24 сентябрида адабиётимиз ҳаётида, маънавий турмушимизда катта воқеа рўй берди.
Сирдарё вилояти, Боёвут туманида истиқомат қилувчи ҳам таниқли журналист, ҳам тадбиркор-фермер, адабиётнинг катта мухлиси Алиқул Хонимқулов Ўзбекистон халқ ёзувчиси Шукур Холмирзаев номидаги боғни барпо қилиб, унинг очилишига бағишланган тадбирни ташкил этди. Боғнинг очилишига устоз ёзувчи-шоирлар, адабиётшунос олимлар ва ёзувчининг мухлислари ташриф буюришди. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзам, халқ шоири Усмон Азим, профессор Қозоқбой Йўлдошев, Марҳабо Қўчқорова, таниқли адиблар Абдуқаюм Йўлдошев, Зулфия Қуролбой қизи, Абдуҳамид Мухторов, шоир Шодмонқул Салом, ёзувчининг қизи Сайёра Холмирзаева, ёш ижодкорлар ҳамда туман ҳокими Дилфуза Ўролова, Ёзувчилар уюшмаси Сирдарё вилоят бўлими вакиллари иштирок этдилар.
Умид қиламизки, адабиётга эътиборнинг, чинакам мухлис меҳрининг ифодаси бўлган ушбу «Шукур Холмирзаев боғи» кўп замонлар яшнаб тураверади. Баайни, заҳматкаш адибимиз қолдирган сўз боғи каби...

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Туйғу

Мезон торларига дилни боғладим,
Узилган барг чизар ҳавода бир йўл.
Ўзимни шу зайл узоқ йўқладим,
Бор бўлса, бир келсин Шодмонқул.

Шеър: Шодмонқул Салом

🖼Образ: Шодмонқул Салом, Мирзоозод Мирзанеъматов, Анора Абдурашидова, Моҳларойим Қурбонова, Зилола Ҳакимжонова.

📷Фото: Отабек Турсунқулов.

Yoshlar kundaligi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Кеча Хоразмга бориб келдим мен,
Дарёни ёнидан кўриб келдим мен.
Осмон ҳаётимга бир қараб қўйди,
Кўнглим шод, лек ўзим ҳориб келдим мен.

Юрагимга босдим товонларини,
Тингладим минг йиллик замонларини,
Кипригимга суриб тиконларини,
Бир илоҳий дарддан оғриб келдим мен.

Бунча яқин кўрдим анинг юзини,
Хаёлдай ястанган дала-тузини,
Нақшли сўзини, ҳайрон кўзини,
Умримдай қадамлаб юриб келдим мен.

Авесто – қадимдан қадим савдолар,
Оташми, Зардўштми кўҳна дунёлар,
Ўт ёқиб, исиниб турар Худолар,
Баридан эзгулик териб келдим мен.

Дилимдан тилимга учади розим,
Лошимни елкалаб қайтдим бир ўзим.
Лек ҳали қайтмади қалбим ва ўзим,
Дунё олиб, дунё бериб келдим мен.

Ўпдим нигоҳларнинг ғубор гардини,
Ҳарфлаб ўқидим тақдир шартини,
Мангу берганларни Мангубердини,
Аламини* кўзга суриб келдим мен.

Оғочдай қарсиллар бўғзимда сўзим,
Кўҳна минорлардан юракка тўзим,
Ой юзим, гул юзим, жоним Хоразм,
Ой кўнглим, кун кўнглим, кўнглим Хоразм,
Мозийни бошимга сириб келдим мен,
Кеча Хоразмга бориб келдим мен.

》》》》》》》》》》》》
*Алам, шевада “ялов” маъносида.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ТАКЛИФНОМА

2023 йил 20 сентябрь куни соат 15:00да Ёзувчилар уюшмасида Ўзбекистон халқ шоири Омон Матжон таваллудининг 80 йиллигига бағишланган адабий-маърифий анжуман ўтказилади. Тадбирда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзолари, шоирнинг оила аъзолари ва мухлислари қатнашади. Кечага барча қизиққанларни таклиф этамиз.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

САВОЛ

Эй, юзи оқ, эй нигоҳи ғамли кулгу,
Қўрқмай қандай келдинг бундай омад билан?
Бу оламга нима савол бермоқчисан,
Алифларни дол этгувчи қомат билан?

Эй, юзида нигоҳларнинг изи қолган,
Эй, изини биров ватан қилиб олган.
Эй, зулфидан туннинг юзи қаро бўлган,
Нега учиб кетмаяпсан ҳайрат билан?

Олма отган каби отиб бу оламни,
Оламдаги бор қувончни, бор аламни.
Ғами тугал, орзуси тоқ бир одамни,
Бир лаҳзада шоҳ айладинг ҳиммат билан.

Эй, киприги умрларга соя солган,
Эй, гадоси бир кечада подшо бўлган.
Жоду ташлаб, унга ўзи асир қолган,
Қандай яшаш мумкин бундай қисмат билан?

Эй, юзи оқ, эй нигоҳи қора кулгу,
Қандай кулиб келдинг, шунча кулфат билан?
Тирикликка ҳеч гинам йўқ, сен турибсан,
Дол кўнгилу алифдайин қомат билан.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

​​СУРХОН ҚЎШИҒИ

Ҳазрат Султон чўққисида эриган қор,
Термизийнинг зиёратин қилар бажо.
Икки тоғнинг орасида бир осмон бор,
Кўкрагимни тўлдиргандир ўшал ҳаво.
Боботоғдан Бойсунтоққа учар лочин:
Менинг мангу ҳайратимсан, Сурхондарё.

Бақтрия, қадим Кушон, Чағониён,
Тешиктошда бобо тарих тарих тузган.
Қирқ минг йиллик мангу хабар — Зараутсой,
Унда менинг суратим бор, бобом чизган.
Будда каби жим ўлтирар кўҳна қирлар,
Менинг битмас ҳикматимсан, Сурхондарё.

Сингилларнинг тилагидай ҳур жилғалар,
Дўмбиранинг ўркач сойдай нолалари,
Бешик каби чайқалганда не асрлар,
Туғилади Алпомишнинг болалари.
Ойбарчиннинг исирғаси — кўксимда ор,
Эллар аро иззатимсан, Сурхондарё.

Кунгай бетда Сўфий Оллоёр дуо этса,
Кафтларида капалакдан бургут дўнар.
Гар чўпони бир дам хаёл қилиб қолса,
Таёғидан зўр Сайроби чинор унар.
Замин алқаб, бағрин очиб турган само,
Ёмғирдайин раҳматимсан, Сурхондарё.

Замонларнинг гуноҳини ювган дарё.
Пирлар каби тунлар хаёл сурган дарё.
Ўзанини эзгуликка бурган дарё.
Соҳилида тарих ўтов қурган дарё.
Ҳар эпкини битта шоир берган дарё.
Ҳайратимсан, шиддатимсан, ҳикматимсан,
Ҳар сатримда шарқирайсан, Сурхондарё,
Жануб ёқдан ярқирайсан, Сурхондарё.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...Она ерга уруғ эмас, ният қарор,
Хайр билан бани одам олмиш барор.
Бухорийнинг айтмишлари этар бедор:
Саховатда бермоқ бор-у йўқмиш сўрор,
Ёмғирни ҳам санайдиган фаришта бор!
Бул ҳисобдан аршда мезон юрилади,
Саховатлар саховатга берилади...

@Shodmonqul_SALOM
Фото: Султонбой ДEҲҚОНОВ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БУ ДАШТЛАРГА...

Азиз Онажоним
хотирасига!

Бизнинг даштга баҳор эрта келар эди,
Оқ турналар азиз қўшни бўлар эди.

Ёнбошлаган яшил чопон бобо қирлар,
Елкасига миндирарди айтиб сирлар.

Ёмғирларнинг энтикишин тинглардим мен,
Шамолларнинг ташвишини англардим мен.

Онажоним шамол каби кезар эди,
Тандирга нон ёпиб, офтоб узар эди.

Меҳрибоним булут билан диллашарди,
Ёмғир тинар, сўнг ғилминди қилишарди.

Қора саҳар оқ ниятлар элар эди,
Мактабхалтам орзу билан тўлар эди.

Олти болам – олти шаҳар дер эди-да,
Олти ёшда етим қолган ҳур эди-да...

Ёниб чироқ, туриб туёқ бўлсин, дерди,
Мен кам дедим, хирмонларинг тўлсин, дерди.

Ўқиш-ёзиш билмас эди – тақдир қисган,
Бу дунёнинг тошлоғида гулдай ўсган.

Шаҳид кетган оғасини қўмсар эди,
Чорижондан тирноқ йўқ, деб эслар эди.

Қиёматга уч кўза сув ғамлаганди,
Тақдир уч бор «болам»латиб алдаганди.

Отам эса сукунатнинг ўғли эди,
Етти яшар гўдак каби тўғри эди.

Уйимизга меҳмон эди қалдирғочлар,
Шомни ирим қилишарди симёғочлар.

Дилгир онам ун гардларди бойўғлига,
Кафтларидан сир оқарди тун бағрига.

Тушларимда камалаклар яшар эди,
Тилларимга ҳар кун бир сўз қўшар эди.

Оппоқ сутнинг қаймоғидай оқ тонгларда,
Гул кўнглимни чўмилтирган ул онларда...

Меҳр эмиб менинг кўнглим катта бўлди,
«Алпомиш»лар, «Кунтуғмиш»лар ёдда бўлди.

Сўнг танишдим саволи кўп олам билан,
Ўзим билмай хайрлашдим онам билан.

Чиқиб кетдим мен меҳрнинг меҳваридан,
Жудо бўлдим коинотим гавҳаридан.

Тандирдаги нонқўйгичда қўлин изи,
Худойим-эй! Қани ўзи, қани ўзи?..

Қўзигулдай тоза кўнглим бор эди-я,
Полвон онам, султон онам бор эди-я...

Онагинам ёмғир каби ёғиб ўтди,
Азим дунё бир томонга оғиб кетди.

Билдим: умр охири йўқ соғинишдир,
Ва ё онам эккан тутдан учган қушдир.

Юрган эдим ғам ҳақида шеърлар ёзиб,
Лек билмасдим қандай бўлар ғамнинг ўзи.

Она, сенинг борлигингдан шоир бўлдим,
Йўқлигингдан ғам селида тойир бўлдим.

Тол бешиклар кўкрагингга ботгани-чун,
Тол таёқлар кўкрагимга ботди бугун.

Қаро ерни қайириб босиб юрмадинг-а,
Сенсиз қувонч татимади, кўрмадинг-а...

Нени орзу қилиш керак, билмайдирман,
Ёлғончида энди орзу қилмайдирман.

Лопиллаган тобутингда кетди борим,
Куйиб-тутаб кетаётир ушбу шеърим.

Қизалоғим чеҳрасидан излагайман,
Тополмайман, кулиб туриб бўзлагайман.

Дейман: «Момонг кўкка учди – юлдуз бўлди»,
Тонгда дейди: «Момо, келинг, кундуз бўлди».

Тўн қависа, чирозлари шеър эди-я,
Шоир онам, чевар онам бор эди-я!

Онажоним шамолдайин елиб ўтди,
Мард келганди, мард яшади – ғолиб ўтди.

Эй, ёронлар, юрганимга ишонманглар,
Шеърлар айтсам, тирик, дея қувонманглар.

...Бу даштларга баҳор эрта келар эди,
Турна учса, дил ҳавасга тўлар эди.

Энди сира учгим келмай қолган менинг,
Орзуйимни замин ютиб олган менинг.

Энди кўзим кўкка ёниб боқолмайди,
Ерни суйган одам қанот қоқолмайди.

Бу ер бир пайт оддий тупроқ маскан эди,
Илдиз отдим – Она деган Ватан энди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Юрак тошиб келди кўзларигача,
Бармоқлари титраб гиналар қилди.
Лаблари, ёноғи, сочлари билан
Оғриниб, қувониб, ёниб тикилди.

Кулди, йўқ, кулмади – кучи етмади,
Манглайи оқарди, кетди қалтираб.
Мендан юзин бурди – менга юз бурди,
Қоронғу томоним кетди ялтираб.

Ютди, ютилмадим – бўғзида турдим,
Лабин қаттиқ юмди – айтиб юбормай.
Икки қадам йўлни икки йил юрдим,
Ва... тўкилиб кетдим овоз чиқармай.

Самога боққандай боқди кўзлари,
Сурмалари сизди кулгучларига.
Сира ўнг келмаган тушлар изларин
Сидирди палтосин енг учларида.

Ҳижрон оловидан қолган кул эдим,
Энди ёнолмайман, дедим ва... ёндим.
Бир нидодан кўксим ёрилди менинг,
Ё Раб! Борлигингга ишондим!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, таниқли шоир, "Маънавий ҳаёт" журнали бош муҳаррири Эшқобил Шукурга опаси Зубайда аянинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдирамиз!

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Танимайсан ўзингни эй Гул,
Нигоҳингни нигоҳлар тўсган.
Сен оғриқсан, Парвардигорнинг
Кафтларида ялпиздай ўсган.

Ўқимайсан ўзингни эй шаън,
Ҳар байтингга умрим мухаммас.
Сен титроқсан, Яратган барҳақ,
Демиш: шоир ўлолмасин бас!

Йиғламайсан, ўзингни эй ғам,
Мен мезондай учиб юраман.
Рад этмаса, ишқнинг илоҳи,
Сен-чун ўзим йиғлайвераман .

Ёндирмайсан, ўзингни эй шам,
Кеча, шамдон тураверади.
Офтобни ҳам инкор этганча,
Менинг жоним ёнаверади.

Жавобинг ҳам йўқми эй Соҳир,
Ўлсам, дилинг очилармикан?
Бир сўрагин агар бир шоир
Синса, Тангрим… ачинармикан.

2009 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Аъзам ЎКТАМ (1960-2002)

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Нўноқ ижрочининг арзи ҳоли

Режиссёр
Баҳодир Йўлдошевга!


У ўзига азоб излаб борадир,
Кўкси ёниб, кўнгли музлаб борадир.

Йўл четида тошлар турар совқотиб,
У шул тошларга дард сўзлаб борадир.

Оламнинг қувончи унга-ку азиз,
У ўзга оламни излаб борадир.

Ғуссали жаҳонни юпатолмасдан,
Ўзи ҳам жимгина бўзлаб борадир.

Бир гулнинг порлаган баҳорин ёдлаб,
Хотирлаб, соғиниб, эслаб борадир.

Ўзини бу ерга меҳр чорлаган,
Шунга у дил доғлаб, аразлаб борадир.

Юрагини эса сеҳр чорлаган
Интиқиб, ўтиниб, тизлаб борадир.

Аразчини суяр бу кекса савдо,
Арази ёзилмай тезлаб борадир.

Аслида пешонанг шўр эди оғам,
У яна бағрингни тузлаб берадир.

Олдидан чиққаннинг юрагин ёриб,
Чиқмаганга қўлин гизлаб борадир.

Сизга таниш кўзи фитнани билмас,
Елкадаги кўзи сўзлаб берадир.

Ғамлининг кўзлари кулишни билмас,
Ёноғи севинчни ихтиро қилмас,
Қошлари имони имо қилолмас,
Пинҳон ишқни элга ошкор этолмас,
Шул сабаб саҳнага юзлаб борадир.

Эй, қисмат, қоч унинг йўлидан чиқма,
Юракдаги қутлуғ жомини тўкма,
Эй, ўлим аждари, жонинг ширинми?
Қўй, шуни чақма!

Тангрига бир қўшиқ созлаб борадир,
Тангри ҳам гоҳ қўшиқ қумсаб турадир.

Шодмонқул САЛОМ
2017 йил.
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бугун Чирчиқ шаҳридаги Тарих музейида таниқли рассом Эркин Оролнинг шахсий кўргазмаси бўлиб ўтди!

@@@
Эркин Орол ўзбекона бағрикенгликни, ғурурни, қадриятларни қалбига жойлаб, шу туйғулар, инсоний тутумларни мўйқалам кўмагида баралла изҳор этаётган, ҳимоя қилаётган миллатпарвар рассомдир!
Унинг ҳар бир ижодий иши, қаҳрамонлари ўзбекча сўзлайди.
Бугунги давримизда ранглар чаплашиб, мавҳумлик ва ҳиссизлик авж олаётган паллада Эркин Орол каби мусаввирлар ижодига эҳтиёж ошиши керак.
Шу маънода бугунги кўргазмани ташкил этишда ҳамкор бўлган масъулларга ҳам раҳмат, деймиз!
Рассом акамизга эса омадлар тилайман!

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шерали ЖЎРАЕВ шогирдлари билан...

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХХI АСР ШОИРИГА ТАСКИН

– Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман,
Манов, “Марсга учиш”, бу – “Мангу яшаш!”
Мана, Оловиддин сеҳрли чироғи,
Манави “Соғиниш”, буниси “Қумсаш”.

“Онани туш кўриш”, “Ҳижрон” ва “Висол”,
Кепқолинг, фақат мен орзу сотаман.
“Йиғлаш”, “Энтикиш” бор, “Чуқур хўрсиниш”,
Кўпроқ олганларга нархин ўтаман.
Опқолинг, сотаману кетаман!

– Нега бунча катта орзуларингиз,
Кўплари фасондан қолган, амаки.
“Эслолмаслик” йўқми, қиммат бўлса ҳам,
Хорижники бўлса, янаям яхши.

...Дод, молим ўтмайди, бозорим касод,
Юраги тор дунё раҳм қилмайди.
Шоирларга текин тарқатай десам,
Бошловчи шоирлар бунга келмайди,
Бу бозорни улар ҳали билмайди.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

МАРД

Тоғам Жаҳонгир полвон хотирасига!

Йўлбарс босган изга сичқон ин қўяр,
Чинор соясида алаф кун кўрар.
Ойболта кўтариб келса гар тақдир,
Мард бошини қўяр, номард қўй сўяр.
Тақдир сенинг билан тиллашгим келди,
Бойсун қирларингда адашгим келди.

Мард ўтган ҳар сўқмоқ бир йўл бўлармиш,
Қиши — қут, баҳори зўр сел бўлармиш,
Кимсасиз манзилга ўтов тикса гар,
Олти ой ўтмасдан бир эл бўлармиш.
Мен ҳам шу эл билан эллашгим келди,
Бойсунжон, бағрингда адашгим келди.

Кўкибий ҳаворидай кенгдир бу дунё,
Югурик от қолдирган чангдир бу дунё,
“Ҳайт” деб кўпкарини бошлаб тугатмай,
Бир дамлик қувончга тенгдир бу дунё.
Мен шу зўринг билан беллашгим келди,
Бойсун, даштларингда адашгим келди.

Дунё — кекса ота, кўксида доғлар,
Йўқотган тошини йўқлаган тоғлар,
Анов ҳилпираган шаҳид яловмас,
Мард қабридан ўсиб чиқаётган боғлар.
Шул боққа қўшилиб йиғлашгим келди,
Бойсун қирларингда адашгим келди

2005 йил
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бу йўлга мен ё кеч, ё аввал тушдим,
Дўстлар қучоғига ҳар маҳал тушдим.

Cал хокисор кўрса, лаинлар қўзир,
Ҳурлар изн берса, мен сал-пал тушдим.

Калондимоғ фарзин шоҳ билан гумроҳ,
Бош йўлга пиёда, лек тугал тушдим.

Оқ шеърлар қоралаб минг тўзғиб баъзан,
Зарбу ҳарор излаб бир ғазал тушдим.

Дов келса, қўлимда на пул ё на туз,
Аранлар қўллади, таваккал тушдим.

Ҳақиқатни очиқ айтмоқку мардлик,
Не мен кўп муаммо ва масал тушдим.

Ватан қайғусисиз кўнгил шод ўлмас,
Даврондан йироқда камбағал тушдим.

1998 йил

Омон МАТЖОН,
Ўзбекистон халқ шоири

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Жоним мушкул сафардадир, йўл билмас содда роҳим бор,
Айланиб ўтиб бўлмайди– ўзим қазиган чоҳим бор.

Бошим хамдир, лойим хомдир, бенаводин бенавоман,
Овоз берсам, кўзи ёнгай– бир-икки хайрихоҳим бор.

Ёмғирни санар фаришта, адашгай субҳ савобидин,
Ул малак ҳисобдан йитгай – санаб бўлмас гуноҳим бор.

Бад нафасим теккан дунё, қатрон қилмай тоза бўлмас,
Юзтубан йиғлагайдурмен, кўкка етгудай оҳим бор.

Ичимга бир қуюн кирган, чиқиб кетмоққа излар йўл,
Анинг телба исёнидан вайрона бўлган боғим бор.

Ичимга зўр яшин тушган, ёқиб ёқмас, ўчиб ўчмас,
Куюклари бўғзимдадир, шундан кўзимда доғим бор.

Қирқ йил хазинабон бўлдим– сўрган, сўрмаганга бердим,
Охир қуруқ қўл-ла чиқдим –шундай шармисор чоғим бор.

Самода банди руҳлари, заминга етмас оҳлари,
Чирқираб турган бир ожиз, мунис, меҳрибон моҳим бор.

Аё, одам Меҳрибони, аё, оламлар Посбони!
Ўзинг раҳм эт, ёбонингда гуноҳдан бино тоғим бор.

Аё, фалаклар Сарбони, фалакларни Яратгоним!
Ўзинг азм эт:яхш бўл, деб,ҳамонки ёмон чоғим бор.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ТАЪЗИЯ

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси академик, адабиётшунос олим, уюшма аъзоси Наим Каримовнинг вафоти муносабати билан марҳумнинг оиласи ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БОРНИНГ ЙЎҚҚА САХОВАТИ КЎРИЛАДИ

Одамзоддан ўтар бўлса, зироатга,
Зироат ҳам шукр этмаса, ҳайвонзотга,
Ҳайвон тилов қилолмаса, ҳашоратга,
Бу тилсизлар ҳад билмаса, қадим Додга,
Ва ё энди туғилажак зурриёдга,
Ризқ-насиба ҳикмат учун берилади,
Одамзодни иззат қилиб турилади.

Ўсаётган, донлаётган, шоналаган,
Пар чиқарган, тухум ёрган, болалаган,
Она ерни ўз тарҳида хоналаган,
Қурсоғини довуллардан паналаган,
Худо амр қилган тилда аллалаган,
Яралмишга қанча имдод берилади.
Борнинг йўққа саховати кўрилади.

Мен кўргандим: қишда қорли қирдан ошиб,
Отам гоҳо кетар эди буғдой ташиб,
Парранданинг, чумолининг донга шошиб,
Келганини кўриб, кўздан меҳр тошиб,
Қайтар эди, мамнун-мамнун эгиб бошин,
Саховатки, сўрмаганга берилади,
Бандасига фалаклардан буйрилади.

Она ерга уруғ эмас, ният қарор,
Хайр билан бани одам олмиш барор.
Бухорийнинг айтмишлари этар бедор:
Саховатда бермоқ бор-у йўқмиш сўрор,
Ёмғирни ҳам санайдиган фаришта бор!
Бул ҳисобдан аршда мезон юрилади,
Саховатлар саховатга берилади.

Бойсундаги Чоштепада шундай бўлган,
Бир хасиснинг хирмонига Хизр келган.
“Бободеҳқон, хайр қил!” деб имо қилган,
Ул шўрликнинг тор хуржуни тошга тўлган –
Шул оқшомда хирмон тупроқ бўлиб қолган,
Банда боши ўз тошидан ёрилади,
Минорамиз қўлимиз-ла терилади.

Ҳисоб шундай: мисқол берган, олар ботмон,
Она халқим, муаллимим, умри достон.
Бағри кенгим, тўқ назарим, тоза имон,
Элга берсин, эл қатори менга ҳам шон,
Дея ният қилиб турган беминнат жон,
Олиб-сотар бу оламда танти деҳқон,
Нон-туз берган, илм берган – берилади,
Шараф деган қўрғон қийин қурилади.
Саховатлар саховатга берилади.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

«Саодат» журналида камина билан суҳбат эълон қилинди.

Журналнинг фидойи ходималари - меҳрибон опа-сингилларимга, суҳбатни уюштирган шоира синглим Наргизахон Асадовага ташаккур айтаман!

Ш. С.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...Тушларимда камалаклар яшар эди,
Тилларимга ҳар кун бир сўз қўшар эди.

Оппоқ сутнинг қаймоғидай оқ тонгларда,
Гул кўнглимни чўмилтирган ул онларда...

Меҳр эмиб менинг кўнглим катта бўлди,
«Алпомиш»лар, «Кунтуғмиш»лар ёдда бўлди...

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Карвон_қўнғироғи

ФИКРСИЗЛИКДАГИ ЗЕРИКИШ

Шодмонқул бир мақоласида шундай ёзибди: “Ёлғиз кишининг, умуман, бугунги кун одамининг энг катта фожеаси зерикишдир. Зерикаётган одамдан кўра хавфли мавжудот йўқ.
Ёшликдаги зерикиш хавфли, кексаликдагиси аламли бўлади...”
Бу фикр менга раҳматли Абдулла Орифнинг бир гурунгини эслатди. Чамаси, ўтган асрнинг 90-йиллари эди. Абдулла ака Италияга бориб келди. Сафар таассуротларини эшитай деб уйига зиёратга бордим. Абдулла ака гурунгида “Римга нега келдинг, Тунислик бола?” деган шеърини ўқиб бериб, шеърнинг яралиши ҳақида сўзлади. Воқеа шундай эди: Тунис давлатидан саргардон ўсмир бола иш излаб Римга келиб қолади. Бир кечаси римлик бойваччаларнинг олифта болалари овора юрган шу мусофир болани кўчада тутиб оладилар ва устига бензин қуйиб ёқиб юборадилар. Тунислик бола шу жойнинг ўзида куйиб ўлади.
Абдулла ака ҳодисанинг охирини хавотир ва қайғу билан айтгани ҳамон эсимда: “Биласанми, кейин нима бўлган, – деди-да у бир муддат ўйга толди, кўзларида мунг қалқди, – ”Кейин тергов пайтида олифта безорилардан “Нега бундай қилдиларинг?” деб сўрашганида, улар “Зерикиб кетдик. Зерикканимиздан шундай қилдик. Томоша учун”, - деб жавоб беришган.
Яна хулоса ўзингиздан...

✍️ Эшқобил ШУКУР

@Eshqobil_Shukur_ijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЎТГАН ДАВРОН ХИТОБИ

Яратган фалакда жиғибийрондир,
Ўзин санъатига ўзи ҳайрондир.

Сабри мўлдир, чексиз эрур даргоҳи,
Кўнглин оғритади бандаси гоҳи.

1
Ҳокимлар порасин олаверсинлар,
Соддалар сочини юлаверсинлар.

Мухбир қаламини тишлаб ўтирсин,
Керак эмас жойни қашлаб ўтирсин.

Шоирлар — абадий ғамгин болалар,
Ёзиб-чизиб юрсин бенаф яллалар.

Оналар боласин кутаверсинлар,
Болалар бепарво кетаверсинлар.

Оталар майхона томондан келсин,
Юраги йиғласин, ўзлари кулсин.

Даврлар лагандай чил-чил синади,
Бир бўлаги тегди — қалбим қонади.

Яратган фалакда жиғибийрондир,
Ўзин санъатига ўзи ҳайрондир.

Ул сари отилмиш умид жоласи,
Ҳар балони тилар одам боласи.

Уламо илтижо қилар жумада,
Юртнинг эгаларин сақла таъмадан.

Юртга саодатни юборгин дейди,
Саодат дегани қани, нимайди?!

Одамнинг камоли, дунё жамоли?
Абадий бежавоб кўнгил саволи...

Бир замон пайғамбар қайғурган эди:
Тобора қоронғу инсоннинг ёди!

Йўл четида қўлин қўлига берган,
Ошиқлар — борлиқни унутиб юрган,

Улар ишонгайлар: садоқат бордир,
Билмаслар — чин ошиқ ҳамиша хордир!

Тушуниш ягона таскиндир, болам,
Тушунган чоғингда чекмагин алам!

Барибир-ку алам қилар одамга,
Шу туйғуни излаб келдинг оламга.

Ахир ит ё қўнғиз бўлиб келмадинг,
Ўша маъқулмиди, десам, кулмагин.

Тағин, қочмоқ учун ой жуда узоқ,
Бу совуқ йўл аро тузоқ кўп, тузоқ...

Қуёш ҳам олисда бормоқ истасанг,
Қуёш шарт эмасдир, куймоқ истасанг.

Билдим — мен бахт фақат шоир хаёли,
Шул сабаб забундир булбуллар ҳоли.

Не сабаб лаҳзалик эрур камалак,
Не учун бир тунда ўтар капалак?

Не учун қолмади полвон Мамонтлар?
Уларни ўлдирган асли беонтлар.

Не учун минг йилки турибди чинор,
У ҳам гоҳ ёлворар: Ер, қўйиб юбор!

Мана, саксон йилки эшитмас отам,
У ишонмай қўйган бизларга, бўтам.

Менга илҳом билан шеърлар ёз, дейсан,
Шарманда бўлиш ҳам жуда соз, дейсан.

Қайси бир ғамингни олайин, эй, ёр,
Ғамдан яралгансан, кўзлари хумор.

Беминнат садоқат вафо кимдадир,
Уларнинг бариси — бири камдадир.

Вале қўли калта, мадори йўқдир,
Ўзи муҳтожгина, юраги чўғдир.

Аларнинг қошида шеърга йўл бўлсин,
Замон қаҳрамони шу ерда ўлсин.

Ҳокимлар порасин олаверсинлар,
Соддалар сочини юлаверсинлар.

Мухбир қаламини тишлаб ўтирсин,
Керак эмас жойни қашлаб ўтирсин.

Бир-бирига таскин берсин деҳқонлар,
Ҳалоллар, тўғрилар ва бағри қонлар.

Ҳосилдан қоплари тўлмагани-чун,
Шукрона ажратсин масжидлар учун.

Ўғли Россияда юрганда дайдиб,
Келини ҳам юрсин алёрин айтиб.

Менга саховатдан сўз айтма, отам,
Ҳеч вақт яшмаган ул сахо Ҳотам.

Яна садоқатни айтиб ўтирма,
Кейин айтганингдан қайтиб ўтирма.

Биламан — буларни аввал айтгансан,
Биламан — лафзингдан кўп бор қайтгансан.

Мен кўрганнинг кўпи йиғловчилардир,
Чиптасига куйган йўловчилардир.

Мен ҳам бир тўкилдим, таъна қилма, ёр,
Сезиб айтолмасанг, на керак Жаббор!?

Тегрангни қўпганда бундай шум тўзон,
Кўнгилга югургил — бехатар макон.

Замин ёрилгунча кутиб турайлик,
Кўнгилдан ҳам хабар олиб турайлик.

Ахир, борлиги рост Қиёмат, охир,
Билиб ишонмаслик — энг оғиридир!

2013 йил

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Аъам ЎКТАМ

ТОБУТДА БЎЛСА ҲАМ ЮРТИНГГА ИНТИЛ!


Юпанч
Қизим Тўмарисга

Сендан жуда хижолатдаман,
уятлиман сенинг олдингда:
Ижара уйда туғиласан, болам.

Миннатдорман Дуся холамдан —
бир ойлик ижара ҳақидан кечиб,
чақалоққа кийим ол, деди.
Улар яшар қўшни хонада.

Қўрқар эдим гоҳо ўзимча,
Туғилсангу йиғлаб безовта қилсанг,
чиқ, дермикан уйдан, деб.
Лекин ўйлаб қарасам йиғининг
“Тили” бирдир ҳамма миллатда.

Аччиғи келмайди демак, холанинг,
тушунуксиз сўзларни тинглаб:
Билиб қўй ҳозирдан, болам,
меҳрибон одам кўп бизнинг Ватанда!
Ўз-ўзимнинг уйим бўлар, эҳтимол,
Эпчилроқ бўларсан мендан,
бўларсан журъатлироқ.

Айира оларсан ўз ҳаққингни сен,
Кечирасан отангни ҳам бемалол.
Ҳар нарсани тушунадиган,
кенг феъллироқ бўлсанг керак,
ижара уйда туғилган болам...


Онам фотиҳаси
Энди сен ҳукумат одами, болам,
Қўлингга бир қоғоз берди ўқитиб.
Унутма — сен кимсан, ким ота-онанг,
Юрма қоғоз билан элни қўрқитиб.
Сени жўнатишса олис юртларга,
Агар халқи ўзга тилда гапирса —
Ҳеч тақлид қилмагин сур, бебурдларга,
Сўкмагин уйидан сенга жой берса.
Ўқрайма “Сен бизга меҳмон” деганга,
Қийиқ ахтармагин ҳеч қачон қилдан.
Бешик бўлсин, тобут бўлсин экканга,
Кесма дарахтларин, эк келса қўлдан.
Оёқ тиқаверма, тиш ғижирлатиб
Сендан қочгандайин оқмасин сойлар.
Тегирмон борлигин доим ёд этиб,
Қовоғини солиб ўсар буғдойлар.
Билсанг, қонга ўхшар лолалар қирда,
Майса ёт оёқлар эзганда қақшар.
Қўзиқорин бодраб чиққанда ердан,
Зарб билан тугилган муштларга ўхшар.
Онангнинг бисоти фақат оқ йўлдир,
Сени тортиб турсин, тупроқ, она тил.
Қайда юрма, қанча умр кўрма, барибир,
Тобутда бўлса ҳам юртингга интил! @Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЎГИТ

Кечириш керак...
Тушунинг, ахир инсонларнинг барча хатоларини оқламоққа сабаб бор - улар илк бора яшамоқдалар!

Азиз НЕСИН,
Турк адиби
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЮРТ МАНЗАРАЛАРИ

Паришон шаҳарлар, ҳуркак овуллар,
Донишманд саҳролар, жўмард дарёлар,
Елкасин қор босган – ғурур-ла турган
Бобом кўзин кўрган эй, азим тоғлар...

Сочлари шамолда кўкни супурган,
Онамдай мунтазир тургувчи боғлар.
“Ҳаёт келаётир!” – хушхабар олиб
Шул боғлар пойига чопган ирмоқлар...

Бойчечакнинг тилло пиёласида
Ҳамаллар – амаллар, эриган қорлар.
Ғолиб баҳодирнинг вазмин кифтида
Қизғалдоқ кўтарган мастон баҳорлар...

Оламга хирмонин устидан боққан,
Қўллари қадоқлар, оташин ёзлар.
Сахо бул тупроққа хайру хўш айта
“Баҳоргача...” дея бўлган парвозлар...

Шамол эркаланиб қолгани келган,
Офтоб тафт олгани ҳар кун ўтгувчи.
Ҳилол кўз узолмай, оз-оз ейилган,
Фасллар тез келиб, аранг кетгувчи...

Кўчалар, орзулар, хаёл, ташвишлар,
Рўзғорлар, ўтбоши, тотли кулгулар.
Автолар, сигналлар, даъватлар, ишлар,
Эртага ҳам давом этгич бугунлар...

Эринчоқ ё сергак тонглар, саволлар,
Кундузлар, асаблар, ёйиқ оқшомлар,
Ёмғирлар, соябон тутган қадамлар,
Ҳаёт томирида чопган одамлар...

Ана шу манзилдан ёниб ўтаман,
Ёғоч тулпорда ҳам севиб кетаман,
Бу меники, дейман, ғурур этаман,
Ўғлимнинг, қизимнинг қўлин тутаман,
Ватан деб шивирлар кафтларим менинг,
Шундай тўлиб борар дафтарим менинг.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

​​Ушбу шеърнинг  бешта банди 2002 йилда “Ҳамал айвони” китобимда  “Шерали Жўраевга бағишланади” деб чиқиши керак эди.  Афсуски, ўша  вақтларда    бунинг иложи бўлмади.   Замон цензураси бунга  йўл бермаган. Гап бунда эмас.  Гап шундаки, беш банддан иборат шеърим менда доим тугалланмагандай таассурот қолдирар эди. Буюк ҳофизимиз Шерали акам  вафот этган айни соатларда шеърнинг  кейинги икки банди ёзилди. Шеър қизиқ ҳодиса. Қачон бошланиб қачон тугалланишини унинг ўзи ҳал қилади. Шоир эмас...
Хуллас, охирги икки банд бугун – Шерали аканинг вафоти куни – орадан 22 йил вақт ўтиб ёзилди.


     
МУҒАННИЙ
       
Шерали Жўраевга бағишланади!

Муғанний, дардим дудидан
Дуторинг дуто бўлди.
Ашки селобим ичиб,
Санавбар сато бўлди.

Ғайри Ҳақ суҳбатида
Руҳимни ҳалок айлаб,
Мазаллат ғурбатида
От сурмак хато бўлди.

Ғафлат уйида мастмен,
Аммо, ноумид эмас,
Қўл чўзса пири дастгир,
Кофир ҳам  кимё бўлди.

Ғавғои ғамдин не ғам,
Не ғам бу маломатдин.
Яхшим ҳам, ямоним ҳам
Атойи Худо бўлди.

Дайр аро куйлаб ўтдим,
Ҳеч ҳолим билолмаслар,
Куйим – интиҳо бўлди,
Кўйим – ибтидо бўлди.

Мен ҳаққа кетар бўлдим,
Алвидо, дўсту ағёр,
Сўзим бебаҳо бўлди,
Дунё бевафо бўлди.

Эй миллат, Абуллаю
Эркиндан сўнг Шералинг
Ер остида оқажак
Яна бир дарё бўлди.

2001-2023 йиллар



✍️ Эшқобил ШУКУР

@Eshqobil_Shukur_ijodi

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Шерали ЖЎРАЕВ ҳақида...

...У арабий дуоларни мендан ўн баробар кўп билади, шу қадар кўп ёдлаган, шу қадар кўп такрорлайдики, ёдлаганлари ҳатто айтган қўшиқларидан кўп. Бу одам кечаси умуман ухламайди, кундуз кунлари саккиз соатлаб, тўхтамай қўшиқ айтади, ўн икки, бирдан то тонггача ибодатда бўлади. Унда оддий одам тоқат қила олмайдиган қудрат ва жаҳд мужассам.

Шайх Алоуддин Мансур


@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Подписаться на канал