Азиз бир инсоним кўпдан буён орзу қилиб юрганим муборак китобни менга совға қилди. Кимлигини пинҳон тутай, токи, нури ва хайри мўл бўлсин!
Оллоҳ бу яхши кишимнинг барорини берсин!
Ш. С.
@Shodmonqul_SALOM
Shifokorlar miya saratonidan vafot etgan 11 yoshli Lyan Yaoviga bosh egmoqda
Lyan kasallik haqida bilib, u ko'ngilli ravishda o'z organlarini bir necha kishiga topshirdi va shu bilan ularning hayotini saqlab qoldi.
O'limidan sal oldin u onasiga: “Dunyoda har kuni yaxshilik qiladigan juda ko'p ajoyib odamlar bor. Men ulardan biri bo‘lishni xohlayman”- degan.
🔹 Facebook
🔹 Twitter
🔹 Instagram
⭕️ Каналга обуна бўлинг👇👇👇
/channel/mushtumjurnali
Қозоғистонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилди
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 22 декабрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон Президентлари икки мамлакат делегацияларининг кенгайтирилган таркиби билан бўлиб ўтган музокараларда Қозоғистонда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилиши маълум қилинган эди. Қайд этилишча, музокаралар чоғида Остона шаҳри марказида буюк ўзбек шоири, давлат арбоби Алишер Навоий ҳайкалини ўрнатиш бўйича қарор қабул қилинган.
Шу муносабат билан баландлиги тўрт метрдан ортиқ бўлган мазкур ҳайкал Ўзбекистон халқ рассоми, ҳайкалтарош Жасвант Анназаров томонидан яратилди ва Остона шаҳрида ўрнатилди.
Эслатиб ўтамиз, бугунга қадар буюк бобокалонимиз Алишер Навоий ҳайкали Токио, Шанхай, Вашингтон, Москва, Минск, Боку, Мозори-Шариф, Ўш, Душанбе, Сеул каби шаҳарларида қад ростлаган.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
"Бир ҳовуч кўнгил бергил,
Остонангда турибман..."
Шодмонқул Салом
📺 "Қақнус"
👉 @mm_telekanal
МОМО
Курттасига ойни солиб кетди момо,
Рўмолига кунни тугиб кетди момо.
Сабр нонин қаноатнинг шўрбосига,
Тўғрабгина ҳўплаб-ҳўплаб ютди момо.
Қалдирғочдай сувлар ташиб, Орзу қурди,
Бу оламга Шоир бериб кетди момо.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
***
Юриб кир қилдимми, дунёнгни, Тангрим,
Ҳурлар ювмаганми оёқларимни?
Дайдиб кир бўлдимми дунёнгда, Раббим?
Эшитиб турарсан сўроқларимни...
Айтмаганинг яхши жавобларингни...
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Ойнинг телба бўлиб тўлишини кўр,
Кечанинг боримни олишини кўр.
Сенга таваллолар этмоқ истасам,
Жонимнинг бўғзимга келишини кўр.
Кўзинг узолмассан учган юлдуздан,
Ғарам-ғарам ғусса йиққан кундуздан,
Кутганим шулмиди, СЕНдан ва СИЗдан
Аста-аста кўнгил қолишини кўр.
Қуш бўлсанг, иссиқ юрт томон ўтгувчи,
Булутлар тўшига йиғлаб кетгувчи,
Қайтиб чиқмайдиган ойдек ботгувчи,
Юракнинг ҳам тили бўлишини кўр.
Бир боқса, оламнинг гуноҳин тўкиб,
Боқмаса, ҳажрига дунёлар чўкиб,
Қаноти ҳўл қушдай бағримни чўқиб,
Жонни томчи-томчи олишини кўр.
Товонлари ёниб, елкаси музлаб,
Исмин ўзи билмас, бир юпанч излаб,
Гапириниб, қайтариб, ўзига сўзлаб,
Бу сирни ҳамманинг билишини кўр.
Кулгуми, йиғими – бўғзин тўлдирган,
Қараб, чидаб бўлмас – дунё юз бурган.
Оғир ингроғидан ўзин сездирган,
Қорга ботган тошми – болишини кўр.
Ойнинг беҳудага тўлишини кўр.
Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
#мулоҳаза
ПАЛАҒДА
Жоҳил бўлиш учун, албатта, қурол кўтариб, зўравонлик қилиш, қонун уни яратган одамдан пастда туради, дея билган нажасини ейиш шарт эмас. Шунчаки аҳмоқ бўлишнинг ўзи кифоя!
Қайси куни Алишер Навоий номидаги Ўзбек тили ва адабиёти университетида ўқигич талаба билан суҳбатлашиб қолдим. Табиатан асабийман, жаҳлим тил учида туради. Айниқса "хўп"ни "ҳоп" ёзувчи тупойларни кўрганда ичимдаги самурай қонсираб кетади. Ваҳшийларча чавақлаб ташлагим келади ўшанақаларни. Қисқаси суҳбатдошнинг бемалол сўзларни истаганча булғаб ёзиши ғашимга тегиб кесатмоқчи бўлдим: "Ўзбек тилини ўқитиш" йўналишида ўқисанг керак?"
Ажойиб жавоб олдим: "Ҳа!". Англамагач очиқ гапиришга ўтдим:
–Майлими, тўғри ёзсанг?
– Нимани ўзгартиради шу? Ман расмиятчиликни ёқтирмайман, иншо ёзмаяпман-ку. (Унинг сўзларини бехато ёзяпман).
–Тўғри ёзиш расмиятчилик деганими?
–Мана сиз тўғри ёзяпсиз, нимадир ўзгардими?
–Шунақа савол берадиганлар ҳаммаёқни булғаб юборди!
–Эртага мандан нимага ўзбек тилини бузиб ёздинг, деб сўрамайди Худо.
–Савол-жавоб қайси тилда бўлади у ёқда?
–Манимча, араб тилида.
–Демак Худо ва фаришталар араб тилидан бошқа тилни билишмас эканда?
–Намунча, тушуняпсиз-ку ёзганимга, Пайғамбаримизам бесавод бўлган.
–Нима? Пайғамбар?
Ажойиб ҳимоя!
Нега хотинни кўпайтирмоқчисан?
Пайғамбаримиз шунақа қилганлар!
Нега бозорда ишламоқчисан?
Пайғамбаримиз савдогар бўлганлар!
Нега тўғри ёзмайсан?
Пайғамбаримиз бесавод бўлганлар!
–Сиз чуқурлашиб кетяпсиз.
–Шу ўзимизни тилда гаплашамиз, ёзамиз, деб чиққан одамларни қатооор отишганини, тириклай кўмишганини, қизларини зўрлаб, эрларини чавақлашганини биласанми?
–Бўлса бўлгандир.
–А?
–Нима бўлса бўлиб ётибди...
Охири қўлимни кўтариб тан бердим. Йўқ, тушунтириб бўлмади. Бу носоғлом авлод неча йиллар давомида атай давлатнинг белгиларига беписандлик, миллий ғурурни ўлдириш учун ишлаб чиқилган СССР принциплари таъсирида улғайганини, натижаси даҳшатли, ҳатто бу бепарволик беватан қолишгада олиб боришини англамайди. Йўқ, ичида бу юрт, унга тегишли нарсаларга ҳурмат, деган тушунча умуман йўқ. Бемалол ташлаб кета олади. Бемалол бостириб келган кимсага қўшқўллаб топшириб юбора олади. Чунки уни шу руҳда тарбиялашяпти: қарсак чалиш, мақташ, ўзини яхши кўрсатиш, ёлғондакам жилмайиб нутқ тинглаш, кўзбўямачилар ичида ҳамма нарсага юзаки, оғиздагина эътибор бериш...
Тағин Худою пайғамбардан ўз хатосини чаплаш учун ҳеч иккиланмай фойдаланишга уриниши "ҳайратланарли!".
Алишер Навоий университетида ўқиб ўзбек тилини,
молияда ўқиб математикани,
тиббиётда ўқиб кимёни,
масжидга қатнаб Худони бир тийинга олмайдиганлар кўпаяверса, албатта, ҳеч нарса ўзгармайди-да!
Ҳей, аллақандай ноҳақлик, бемаънигарчиликлар аламини ватан, тил, миллатни миллат ўлароқ тутиб турган рамзлардан олманг! Уларнинг мутлақо айби йўқ!
2021-йил.
Жонтемир
@Jontemir_t
97*, умрим ўтиб кетди сенда,
97 – ҳаётимни олган кема.
Бирга бориб, бирга қайтиб келаяпман.
Сен тўхтама, йўл тугама... сезиб қолма.
97, бузилма сен, ўзгарма йўл,
Эй, катталар! Ҳар кун иш деб ҳукм қилинг.
Эй, тумовлар, эй таътиллар, тасодифлар,
Йўловчининг ҳаётига раҳм қилинг!
97, қўшиқ айтма, секин юргин,
Билсанг йўлинг – менга ҳар куни Пули Сирот.
Ҳар бир одам бу оламга бир хабардир,
Борлигимни унга айтма, қалбин уйғот.
Уйғот унинг кўзларининг қорасини,
Ғижирлама, шивирлагин жонинг чиққур.
Қиёматгоҳ – қошларининг орасини
Ўтгунингча cен-у менинг жоним чиқур.
97, манов бекат бунча бахтли,
Бўш бекатдай ҳаётимни тўлдирасан.
Ахир сенда кўзларининг сўзлари бор,
КИМни ўртаб НИМАларни кулдирасан.
Нафаси бор, изларининг излари бор,
97, бир кун мени ўлдирасан.
*97 – автобус рақами
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
*
Ҳамма нарсага ақли етадиган киши ҳамма нарсани кечиради.
ТОЛСТОЙ
/channel/Aytolmagan_dilim
Найқамишдай тани титради аввал,
Аввал дарахтларга ўхшаб кўринди.
Қўллари қўлимга бергунча савол,
Кўзлари кўзимга ўрганди...
Бўлди! Бошқа сир йўқ, тан жимирлади,
Бўлди! Сониялар тушди отидан.
Қараб туриб мени асраб қолмадинг,
Худойим, шу гулнинг талофатидан.
Энди нима қилдим, нималар қилдим,
Сув остида тошлар бўлсам қанийди.
Изларини боссам, товоним куяр,
Шамолин юрагим танийди.
Қани билмасайдим, танимасайдим,
Эслолмасам эди рақамларини.
Кеч қолган бўлсайдим ёки келмаган,
Илғамасам эди қадамларини.
Билмай рўйхатидан тушириб котиб,
Ё ўзим билдирмай тушган бўлсайдим.
Фақат бу ердамас, шу пайтда эмас,
Ўзга бир манзилни обод қилсайдим.
Бир кун олдинроқми, бир кун кейинми,
Қани кесишмаган бўлсайди йўлим.
Фақат унга эмас, бир унга эмас,
Бошқаларга салом элтсайди қўлим.
...ҳаммани таниган ҳилолдай олис,
Ҳеч ким яшамаган қисмат бошимда.
Мени юрагимдан осдинг, Художон,
Муҳаббат ёшимда, шоир ёшимда.
Шундоғам изтироб шаклида эдим,
Тескари келгандим тегирмонига.
Юракни уйғотиб, мени ухлатиб,
Исмин ёзиб қўйдинг устихонимга.
Киприги кўксимга соя солган шом,
Юришни эслатиб оёқларимга.
Унинг зулфларига қўлларим етиб,
Юрак томган эди бармоқларимдан.
Йўл ўзи бормиди, тугаганмиди,
Нечун келганимни эслатгин Оллоҳ!?
Битта нигоҳидан авлиё бўлди
Учгача санашни билмаган дунё.
Мезондай сирғалиб, ёмғирдай сизиб,
Кетди! Кўкрагимга беркинди жоду.
Ёнган сари ёнар бир ўтдаман мен,
Ё Раб! Шундан сўнг ҳам қиёмат борму?!
Тани найқамишдай титраган эди...
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
“O‘QIMAGAN BOLALAR”
Muallif:
Shodmonqul SALOM
Kompozitor:
MUINZODA
Ijrochi:
Erkin BOZOROV
@Shodmonqul_SALOM
СЎЗБОШИ
Давраларда, суҳбатларда, тил эшилганда,
Фурсат ўтиб кетганида, фурсат келганда,
Айтилганда, айтилмасдан ичда қолганда,
Айтарингни айтмаса, деб жим термулганда,
Қадаҳ бўшаб, юракларинг лим-лим тўлганда,
Хонқизини сарсон қилиб овуч олганда,
Ёши улуғ туйғуларинг рихлат қилганда,
Юрагингни бир тоза сўз қамаштирганда,
Ё қалбингни ўзинг билан яраштирганда,
Севги янглиғ бир оромли адаштирганда,
Кечаларга ханжар бериб саваштирганда,
Ё сўрмасдан қўл бердириб сўраштирганда,
Ачингандай узоқ тинглаб, суриштирганда,
Ёлғонингни ростинг билан бериштирганда,
Ўзинг билан суратингни солиштирганда,
Ё висолда бўса олиб, бўса берганда,
Тириклигинг тирикликдан баланд турганда,
Ер муз бўлса, чор тарафдан итлар ҳурганда,
Кунларингдан бир кундошинг қаср қурганда,
Ана шунда қўлтиғингдан кимдир кирганда,
Қирғоққача сувлар ютиб бирга борганда,
Қирғоқларда болакайлар шўх югурганда,
Ўғлингними, қизингними кўзин кўрганда,
Ёлғизликда, туманларда эгасиз, ғамгин,
Ё ҳожадек қўл орқада – турганда эмин,
Қояларга бағринг бериб бўлолмай эркин,
Бекатдаги бир нигоҳдан топганда таскин,
Мулозимдай югургилаб ўтса шамоллар,
Кунгай ёқда исмалоқлар эзса аёллар,Кўкламларга кўнглинг кетган бемор чоғингда,
Бир ўспирин анор гуллаб қолса боғингда,
Яшамоқчи бўлганингда яшаганда ё
Яшалмаган ҳаёт каби маҳтал ва расво,
Турганингда айролиқда ёки дийдорда,
Ё кўзларинг кўр бўлганда бир хушхабардан,
...Ана шундай фурсатларнинг ёлғони учун,
Шу ёлғоннинг Худодай ҳақ исёни учун,
Бесар кетган кўз ёшларнинг фиғони учун,
Ҳайф ўтаётган умрларнинг армони учун,
Ва РОСТликнинг кенгликлардай осмони учун,
Шу осмоннинг мен деб келган найсони учун,
Юрагимнинг Ватан деган султони учун,
Ботинимда бор бўғиним бир зириллайди,
Юрагимда арслондайин ШЕЪР ириллайди,
Суяк синиб, тилим қонаб СЎЗ ёзилади,
Ёлғонларнинг чин олови чин босилади.
Бу лаҳзада яқинлашманг, куясиз – чўғман,
Қолган пайтда тирикларнинг сафида йўқман.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ШОИРГА
Саноғи кам, салмоғи мўл,
Шоир деган уруғдансан,
Шу элу халқ, шу заминга
Ширин жонинг фидо бўлсин!
Ғофил дунё сезиб турсин,
Юрагингнинг ўкирганин,
Босган қадаминг ҳар зарби
Уйғотгувчи садо бўлсин.
Арзимаслар даврасида,
Арзмасдир матоси ҳам,
Талашмагил, илкинг чўзма,
Ундоқ умр хато бўлсин!
Басирларга шамчироқ бўл,
Йиғлаганга ҳамдам содиқ,
Ўзин излаб юрганларга
Ҳар бир шеъринг фатво бўлсин!
Шоир, дея бел боғладинг,
Булбул бағри қон чаманда,
Ном азиздир, пок тут мудом,
Исминг ўзи дуо бўлсин!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
***
Онам хаста эди, бетоб эди ўғлим,
Гулнинг тиконлари тўсди йўлимни.
Жонимни қонатдим, лабимни тишладим,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.
Юракнинг тўрига қочди, беркинди,
Ҳасрат бериб боқдим туйғуларимни.
Теграмда калхатдай айланди бўрон,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.
Чироқни ўчирди ичимдагилар,
Кечага суриниб буздим йўлимни.
Қушқўнмас гуллади баҳорларимда,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.
Қалдирғоч ин қурди куракларимга,
Ҳолин сўролмадим мунглиғ синглимни.
Дунё кўчиб кетди юракларимдан,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.
Кунларим йўл эди, йўловчисиз йўл,
Сағирдай қабартди оёқ-қўлимни.
Парли ёйдай тортдим, лекин отмадим,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Ушбу ижодий канал таниқли шоир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Эшқобил ШУКУР ижоди ва фаолиятини кенг ёритиш мақсадида ташкил этилди!
АҲВОЛИ РУҲИЯ
Кўнглим ҳоли надур? Яратган билур,
Бу дил Оллоҳ мулки — мендан зиёрат.
Элга ҳол айтмасам маломат қилур,
Ҳолим айтсам бу эл бошлар қиёмат.
✍️ Эшқобил Шукур
/channel/Eshqobil_Shukur_ijodi
ОНАМ. КУЗГИ ТУРНАЛАР
Ёш айланар кўзларингда, кўкда эса турналар,
Мезонларнинг ҳасратидан мунис боғлар бўзарган.
Узун туннинг киприклари кипригига тегмади,
Тонгда кўрдим – юлдузларнинг қабоқлари қизарган.
Кўкламларда келган қушлар кетмоқдалар, онажон,
Умидларинг яшил эди, сариғ-сариғ барг бўлди.
Катта йўлдан кутганингдай шодлик бўлиб келмадим,
Келтирганим – бир жуфт нондай ҳасрат билан дард бўлди.
Қаро тунда қаро тошда чумолини кўргувчи
Кўзларингнинг нурларини йўлларимга тўкдинг, сен.
Юрагингнинг туб-тубидан – достон яралган жойдан
Салқин бўлсин ҳаёти деб, орзуларинг экдинг сен.
Ҳув самода армон каби кетаётган турналар,
Ёноғингдан сизаётган кўзёшлардай тизилган.
Юрагимда кўчки кўчар, бўғзимга жон ўрмалар
Бу серилдиз ҳаётимнинг ўқ томири узилган.
Ёш айланар кўзларингда, кўкда эса турналар,
Онажоним, бу оламга турначалик қўнмадинг.
Бу дам кузнинг шовуллаган соҳилида ўлтириб
Совуқ қотган юлдузларга уйқу бермай йиғладим.
Азал-азал орзу бўлар турналарнинг таоми,
Озод қушлар бу оламга умидларни эккандай.
Эркаланиб қанот қоқар, бунча енгил учарлар
Армонини онам қабрин усти узра тўккандай.
Бир-бирига навбат бермай икки қўлим йиғлайди,
Азиз юзин, сочларини силаганим эсимда.
Болаларим полапондай ширин-ширин ухлайди,
Кўзим юммай онажонни кўраяпман тушимда.
Довул бузган ўтов каби вайрон бўлган тарзим бор,
Селда оқиб келган тошдай бегонаман дунёга.
Онажоним соғиндим мен, бешон қабрин соғиндим,
Тошкент, мени қўйиб юбор, борай Сурхондарёга.
Менинг исмим кир бўлгандир, ечсам бошқа либос йўқ,
Тунд булутдай юрагимдан кетмас совуқ туманлар.
Олам-жаҳон режалар-у мақсадлар бор, ҳавас йўқ,
Кетаверинг, турнажонлар, учинг иссиқ томонлар...
Қора саҳар елвизагин сезмай музлаб тураман...
Ернинг тани совуб борар, овоз бермай ингранар.
Ҳилпираган чит кўйлагин ранги талош боғларда,
Кўзларимда ёш айланар, кўкда эса турналар.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
БЕКАМ ЧЎПОННИНГ ЭШАГИ
Бекам даштда чўпон эди,
Зўр эшаги бор эди.
Кўрганларнинг кўзи қувнар,
Кимлар харидор эди.
Эти ҳаром, иши ҳалол,
Минган роҳат қиларди.
Лек аввалдан бир одати –
Қозиқни суғурарди.
Яйдоқ даштда қўй-қўзига
Эргашиб юрар Бекам.
Гоҳи излаб толар эди
Гумроҳ эшагини ҳам.
Бўрига ем бўлгур эшак,
Ем-тузни унутарди.
Бекам кўзи пана бўлса,
Қозиқни суғурарди.
Қочар эди адир ошиб,
Хуржунларни тушириб.
Жабдуқ, тўқим йўқоларди
Чўпон ишин ошириб.
Ўйлай-ўйлай чорасини
Топди охири Бекам.
Уй ортига, заранг ерга
Қозиқни қоқди маҳкам.
Эшак ҳайрон боқар эди,
Қозиққа-ю занжирга.
Фурсат пойлаб турарди шум,
Темир зулфни ғажирга.
Чўпон эса даричадан
Ток симини келтирди.
Бир учини қозиқбошга
Ечилмас қип илдирди.
Ўзи уйга кириб кетди
Ёмон эди истаги.
Зерикканча қолаверди
Шалпангқулоқ эшаги.
Тарки одат – амри маҳол,
Эшак ишин бошлади.
Ер искаб сўнг, темир зулфни
Тишлаб торта бошлади.
Чўпон шу дам сим учини
Ажал токка улади.
Ток эшакни отиб урди –
Ҳанграганча қулади.
Бир замонда турди эшак,
Бўғимлари қалтираб.
Қозиққа лол боқар эди
Икки кўзи ялтираб.
Шу-шу энди қозиғини
Суғурмайдиган бўлди.
Суғурмоқ не, бўшалса ҳам
Югурмайдиган бўлди.
Бекам хурсанд юрган эмиш,
Эшагини чоптириб.
Гоҳ ўйлайман шу чўпонни
Келсакмикан топтириб.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Uyim emas-ku...
Ota-onalar uchun kutish zali ekan. Farzandi yo yaqini imtihondan yaxshi oʻtgan boʻlsin, lekin bu yerda oʻtirganlar imtihondan oʻta olishmabdi.
Ҳар бир эзгулик поклик билан тугал!
Бу ҳолатнинг ҳам Адабиётга алоқаси бор деб ҳисобладим!
Шу фикрга қўшиласизми?
Ш. С.
@oriftolib
***
Бу дунёда шоирлар – чаппа келган қўзидир,
Туғилмоқ, ўлмоқ аро оламларга сиғмайди.
Унинг онаси – Армон, Соғинч унинг қизидир,
Муҳтожлиги – юқумли, истеъдоди юқмайди.
Изтироби юқмайди, палак отмас қайғуси,
Қувончи ўртададир, ўртададир ўзи ҳам.
Гўзаллик – муҳаббатнинг бахтиқаро чўриси,
Шу бахтсизнинг беадоқ ғамига улар малҳам.
Шоир бир бор туғилар, бир бор ўлади шоир,
Ранглар, оҳанглар аро силқиб турар ёлғиз жон.
Ватанни қалбда бунёд этмоқлик унга тақдир,
Сени яхши кўраман, Юрак – Ватан – Онажон!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
БОР
Элдан шувут юзим бор,
Ҳақдан қарздор сўзим бор.
Қудрат йўқдир, тўзим бор,
Ўртасида ўзим бор.
1
Ёш боладай отам бор,
"Онам"лаган мотам бор.
Қисмат, сендан ситам бор,
Ўнглаб бўлмас хатом бор...
Руҳимда бир маъдан бор,
Соғинч деган қатлам бор.
Қоғоз узра қалам бор,
Ҳали қанча чалам бор...
Босилмаган алам бор,
Етилмаган яллам бор.
Кўзёшлардан унгану
Ёмғир кутган далам бор...
Гоҳ адашган муллом бор,
Юмалаган саллам бор,
Битмайгина турибди,
Кўнгил деган қалъам бор...
Бир ичи тор олам бор,
Исёни мўл одам бор.
Ватандан ташқарида
Тентираган болам бор...
Саломим бор, видом бор,
Кўп алағда Худом бор.
Тонгдан шомга жўнаган,
Етолмаган қадам бор...
2
Ёлғиз отдай оғам бор,
Шони ўчмас жиғам бор.
Яратгандан уч туҳфа —
Уч покиза жилғам бор...
3
Тўртта опа-сингил бор,
Тўрт қалдирғоч кўнгил бор,
Тўртта сувсаган гул бор,
Тўрт дуогўй булбул бор...
Бир дам тинмас довул бор,
Довулда қолган Дил бор.
Унинг муроди надир?
Билгунимча қирқ йил бор...
Тўрт томонда тўрт йўл бор,
Ҳар бирида манзил бор.
Манзилларнинг номи не?
Англагунча қирқ йил бор...
Шаҳарлар бор, овул бор,
Қароқчи, ясовул бор.
Эй Дўст, қошингга қўли
Қуруқ келган бир ул бор...
Бек бордир, бековул бор,
Бир ечим, минг усул бор.
Уйга кетгиси келган
Тортинчоқ бир кўнгил бор...
4
Ўғлим бордир — ўзим бор,
Қизим бордир — изим бор,
Эй, кир чалган дастурхон,
Сенда менинг рўзим бор.
Элдан шувут юзим бор,
Ҳақдан қарздор сўзим бор.
Қудрат йўқдир, тўзим бор,
Ўртасида ўзим бор.
Ўртасида ўзим бор.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Лев Толстойнинг ушбу ҳикматини ўқигунимча, қуйидагича талқиним бор эди: «Худони таниган одам ғамгин бўлмайди!»
Бу иқрорим янада қатъийлашди.
Ш. С.
Мен одамлар оролида мусофирман,
Гоҳ ўғриман, гоҳ даллолман, гоҳ тожирман!
...Денгиз сари фақат сув деб бормоқ ҳайфдир,
Изтироб ва соғинч ҳаққи, яшаш кайфдир!
@Shodmonqul_SALOM
Ассалому алайкум, ҳурматли "Қақнус" мухлислари. Жума, 28 июл куни, соат 14:00 да кўрсатувимизнинг навбатдаги сони тасвирга олинади. Унда истеъдодли шоир Шодмонқул САЛОМ ижоди ҳақида сўз боради. Дастурда Сиз ҳам томошабин сифатида иштирок этишингиз мумкин. Бунинг учун @Maftuna_Mironshox га ёзиб рўйхатдан ўтишингиз керак. Барчангизни кутамиз!
Читать полностью…ТАЪЗИЯ
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ва аъзолари Ўзбекистон халқ шоири, Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййидга онаси Холбиби Насриддин қизи Саидованинг вафоти муносабати билан чуқур ҳамдардлик билдиради.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати
Шафақларга боқиб чекмагил андуҳ,
Умрим беш кунлик деб кўтарма фарёд.
Шу беш кун ҳаққига, эй капалакруҳ,
Сенга деб бир боғни тиклабди ҳаёт.
✍ Эшқобил Шукур
@Eshqobil_Shukur_ijodi