БИР ЭШОН ВА БИР ҚОРА
Боборавшанхонга!
Бир эшон ва бир қора,
Йўқ-йўқ икки бечора.
Гоҳи ғамгин, гоҳи шод,
Гоҳи тинч, гоҳ гирдибод.
Борарлар икков ёлғиз,
Йўлида зўр ялмоғиз.
Йўл умиддай беадоқ,
“Борми сенда уртўқмоқ?”
Икки кўланка – қора,
Борар икки оввора.
Совқотган йўл четлари,
Недан ғамгин бетлари.
Бир-бирига боқар лол,
Сўзлаш шартмас эҳтимол.
Тун бошланган кўзидан,
Кундуз қочган юзидан.
Айтадиган одам йўқ,
Лек недандир кўнгил тўқ.
Ният териб нигоҳи,
Кулиб бўзларлар гоҳи.
Ўтин ташиб совқотган,
Бўғзида олов қотган.
Бири маъюс, жилмайган,
Бири мустағрақ бўлган.
Бири ғамгин, мастона,
Нигоҳлари чистон-а?
Бирида умид бисёр,
Бири умид қарздор.
Ўрмон томон кетишар,
Кимнидир жим кутишар.
Ўтиб борар тоғлардан,
Боғбони йўқ боғлардан.
Кунчиқарни тусмоллаб,
Кунботарга имиллаб.
Кетар йўл чеккасидан,
Қуёшнинг орқасидан.
Борарлар шод ё маҳзун,
Йўли туганмас, узун.
Тераклардан йўл сўрар,
Сочилган ризқин терар.
Ризқмикин бу сочилган
Ё овчи атай қилган.
“Ов барибир яхши-да,
Ўлмайсан-ку беҳуда.”
Бир-бирини овутиб,
Куйган дилни совутиб.
Кетиб борарлар мамнун,
Ким билсин, балки маҳзун?
Бири ишқдан сўйлайди,
Олисларга бўйлайди.
Энтикиб қўяр гоҳи,
Ҳайрон боқар ҳамроҳи.
Бири имондан сўзлар,
Бир улуғ висол кўзлар.
Бу сўздан оқиб ёши,
Жим қолади йўлдоши.
Икки тилда сўйлашар,
Бир нарсани ўйлашар.
Шундай ғамгин, бечора,
Бир эшон ва бир қора...
Шодмонқул САЛОМ
23.12.2014 йил.
@Shodmonqul_SALOM
Йўқ. Ўттизга кирганим йўқ, бўлсам йигирмадаман,
Яшолмаган кунлариму ботмай турган ойлар бор.
Борлиғимча сарф бўлмадим, қайтим, чегирмадаман,
Уловимда тик турганлар ва бўш турган жойлар бор.
Йўқ, ўттизга киролмадим. Йилларнинг эшиклари,
Занглаб, музлаб қолганмиди ёки қўлим етмади.
Юрилмаса, йўл унарми — ойларнинг синиқлари,
Оёғимни тилган эди, жароҳатим битмади.
Йўқ. Ўттизга кирганим йўқ, ўгай эдим вақтга,
Бировларнинг кунларини яшаб юрдим, адашдим.
Бир лаҳзада чўғ бор эди, қолиб кетдим йил бўйи,
Шу лаҳзани бир йил яшаб ўзим билан дардлашдим.
Вақтга тенг юролмадим — давоматим кўп ёмон,
Ҳозир куз-у лек айвонда қалдирғочли ҳаволар.
Мени яниб ўлтирибди ойга игнасин қадаб,
Мен туғилмай марҳум бўлиб ўтиб кетган момолар.
Бир кунларим майпарастдир, бировлари гўдакдир,
Иккиси ҳам талпанглайди: олдга-ортга юради.
Мангу толе офтобига ўхшаб кетади отам,
Ҳам ачиниб, ҳам оғриниб, ботмай қараб туради.
Бир кунларим Кенжаботир, бири эса аждаҳо,
Бир кунларим Алпомишдир, иккинчиси Ултондир.
Дарвеш бўлиб бир йилларим олам кезиб кетдилар,
Бир лаҳзам бор, кўнгли ройиш юрт сўраган султондир.
...Аммо ҳали яшамадим: ҳозирландим, чоғландим,
Балки бир висол онида минг бор балққан қуёшим.
Ҳеч ишонманг, сочларимни тунга бўяб олганман,
Лек, ўттизга кирганим йўқ, балки мингдадир ёшим.
Шодмонқул САЛОМ
2011 йил
@Shodmonqul_SALOM
ФАРРОШ
Кўп меҳнаткаш бу фаррош аёл,
Аллақандай маъюс, ғамбода.
Хизматини бажарар ҳалол,
Қўли теккан нарса – озода.
Дуррасини бошига танғиб,
Тонгда келиб, киришса ишга,
Ишхонада тозалик анқиб,
Кўнгилларни чорлар юмушга.
Кўздан қочган чет соҳаларга
Унинг ўзи кўнгилли оқсоч:
Котибалар йўқ хоналарга
Чойлар дамлаб улашар қувонч.
Раҳматларни тинглайди беун,
Бесўзлиги барчага маъқул…
…Қўлларида қайсидир бир кун
Пайдо бўлар ёлғизгина гул.
Антиқа гул! Гўзал! Анвойи!
Гўё Моне танлагандай ранг.
Туман ичра гулбарглар ёйиб,
Кўк тусида шундоқ очилган.
– О! Қандай гул! Чиройли экан! –
Одамларнинг юзи ёришар.
Фаррош аёл кўзидаги ғам
Ним табассум нурга қоришар.
– Кимдир сизни севади беҳад! –
Ҳазилкашлар кўтарар ғавғо.
У уялар, кулар бежуръат:
– Совға! Совға! Шунчаки совға!
Сўнг юмушлар ютади уни,
Чанглар арир стол, жавондан.
Бугун унинг туғилган куни
Гулни сотиб олган дўкондан.
Усмон АЗИМ
@Shodmonqul_SALOM
* * *
Жўралар, мен шундай кўйга тушганман,
Йўқолган тангадай сойга тушганман.
Бир жондошим ўтди, мотамга жўнаб,
Мезбону меҳмон маст тўйга тушганман.
Жисмим ерда, ўзим ойга тушганман,
Сакраб қирғоқ эмас, сойга тушганман.
Алёрлар айтилди, орзудан эриб,
Парвонага дўниб, майга тушганман.
Мен кўнгил ғорида кетаётгандим,
Дилнинг кўпригидан ўтаётгандим,
Қарсиллаб кетди-ку қирқ битта бандим,
Шундан бери йўқман, ўйга тушганман,
Сира топилмайман, қайга тушганман?
Мендан одам эмас, тандир ясасин,
Ҳайёмнинг тўнкариб қўйган косасин.
Қўшсин Мажнун оҳи, Лайли ғуссасин,
Лекин ундан аввал топсин, изласин,
Ахир олов излаб лойга тушганман,
Шу лой бино этган найга тушганман.
Йўқолдим, сеҳрли кўзмунчоқ эдим,
Кўнгилдан чиқмасдим, тортинчоқ эдим,
Одамга одамдай овунчоқ эдим,
Одамга ўхшаган ўйинчоқ эдим,
Сотилиб кетдимми, қайга тушганман,
Бир фақирга ёки бойга тушганман.
Жўралар, мен шундай кўйга тушганман.
© Шодмонқул САЛОМ
Дўстларингизга ҳам улашинг 👇👇👇
/channel/Shodmonqul_Salom
***
Мен маст эдим, онагинам рўза эди,
Ер ёнарди, саратон ё жавзо эди.
Қуёш тегиб ўтар эди қирларимга,
Тер ёмғирдай ёғар эди шўрларимга.
Жума куни, пешиндан сўнг, аср чоғи,
Липилларди ҳаётимнинг шамчироғи.
Акам келди, отдан тушди — даштда эди,
Лаби қотган, лек аламнок шаштда эди.
Ўрма қамчи елкам узра чизди йўллар,
Бу йўлларни ювиб кетди тентак селлар.
Қамчиларнинг оғриқларин сезмасдим мен,
Кўзларимни онажондан узмасдим мен:
“Сени кўриб кулган кўзим тўлмасмиди,
Қайроқтошдай бир тош туғсам бўлмасмиди?!
Бундай одам бўлгунингча ўлгин, болам,
Ўлма болам, ортгинамда қолгин, болам!”
“Бундай одам” дегани у қандай одам?”
Саволимни такрорлашга қўймас оғам.
“Одам нима? Қандай нарса, қаерда бор?”
Томоғимдан бўғар Дунё — кўп ичи тор.
Одам недир? Билмай ўтиб кетсин дейди,
Шу такаббур рафтор бир кун бошин ейди.
Одам — ният! Яратганнинг оқ нияти,
Одам — номус! Табиатнинг ҳамияти.
Одам — дуо! Гоҳ-гоҳида ижобатдир.
Одам баъзан таҳоратсиз ибодатдир!
Одам ҳали битмай турган иморатдир,
Одам гоҳо ибодатсиз таҳоратдир.
Бу туришда Одам уйи битмагайдир,
Ибодатлар ижобатга етмагайдир.
Одам йўлдир, ундан омон ўтиш керак!
Бошқа йўл йўқ, аждаҳо бор, нетиш керак?
Одам гўдак чоғларида учар эди,
Ўлгунича кир дунёни қучар энди.
Одам — тандир, Тангрим ўтин қалаб қўйган,
Одам нафсдир! Талх жаҳонни ялаб тўйган.
Бу тандирда қандай қилиб нон пишади?
Олов керак! Қачон ҳасрат етишади?
Одам олов излаб юрган мусофирдир,
Совуқ қотган, қорни очган, йўли тордир.
Бир кечага жой сўрайди, бера кўрма,
Уйингга ўт қўйиб кетса, йиғлаб юрма.
Одам — идиш! Ичи тўла хомашёдир!
Ул пишгунча ёлғон дунё — чин дунёдир!
Одам овоз, қоронғуда жаранглаган!
Кун ботишдан кун чиқишга аланглаган.
Одам нима? Одам кимдир, қаердадир?
Масжид ёки майхонада, қабрдадир!
Одам — савол! Жавоби дил тубидадир!
Ул уммонни билмаган ранж хобидадир.
Одам қулфдир! Кимдир уни очиш керак!
Олмосдай қурч, олмосдай мўрт калит керак!
Ул калитни ютиб қўйган ўғрибоши,
Шундан кейин мохов бўлган юзу қоши.
Одам бунда жуда кўпдир, жуда камдир!
Ҳам қўрқувдир, ҳам умиддир, ҳам аламдир!
Мен одамлар оролида мусофирман,
Гоҳ ўғриман, гоҳ даллолман, гоҳ тожирман!”
Шул сўзларни айтиб бўлдим, шом етишди,
Акам, онам, ҳаммаси ҳам ҳовридан тушди.
...Кўп йил ўтди... инсоф эли мени кутди,
Мен азобни, сабр мени жим овутди.
Рўза эдим. Онагинам бемор эди.
Қуёш эса зўр ҳижронга хумор эди.
“Рамазонда омонатин олсин, дерди,
Қозоқларда юрганларим келсин”, дерди.
Мана, бўлди. Биродарлар йиғлаб олдим!
Ишқсиз умр — кесак экан, шуни билдим!
Денгиз сари фақат сув деб бормоқ ҳайфдир,
Изтироб ва соғинч ҳаққи, яшаш кайфдир!
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
Абдулла Орипов номидаги ижод мактабида қабул имтиҳонларида ҳакамликдамиз.
@Shodmonqul_SALOM
Шодмонқул САЛОМ
ХИЗР ТАЁҒИ
(ҳикоя)
Уч отлиқнинг олдда – бўз бияда кетаётгани – оқ-сариқдан келган, суяги йирик чол ёнбошга ярим ўгирилганча шундай сўзлаб бораётир:
👉Батафсил👈 (uzasgzt/rGZB2mnp0xs" rel="nofollow">https://teletype.in/@uzasgzt/rGZB2mnp0xs)
/channel/uzasgzt/317
ДИЛ КЕЧАСИ
Ойдан келди юрагимга товушлар,
Бўй қизлардек титраб кетди қамишлар.
Бир кечада кул қолдирмай ёндим мен,
Кўнолмадим, ҳеч бўлмади қонишлар.
Қабоғимдан сизгани йўқ ёшлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.
Мағрур тоғлар бу дам недан хомушлар,
Зериккандай, ториққандай туришлар.
Болаликни қай газага кўмгандик,
Эсласангиз, бир кўрсатинг танишлар.
Бир гардини суртай кўзу қошлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.
Шом қавариб, тонг оқарган паллалар,
Кўкибийда чайқаларди далалар.
Тўғдонанинг шохида бир беланчак,
Соғинч мени уйқу бермай аллалар.
Қайтмайдими шохдан учган қушлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.
Дараларда озод қулун кунларим,
Ойни отга тақа қилган тунларим.
Қани? Айтинг, тушунтиринг, юпатинг,
Оғаларим, жўраю иниларим.
Тақаланган отман — хомуш бошлар-эй,
Кўкрагимда гурсиллайди тошлар-эй.
Алпнинг ҳидин олиб бўзлар Бойчибор,
Бир отчалик кўнглинг йўқми эй, шунқор?
Дунёсини бир киссамга жойлайман,
Юрагимда менинг шундай шавқим бор.
Дилни қумсаб туринг дунёдошлар-эй,
Бойсунтоғдан юмалади тошлар-эй.
✍ Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ШОИР РУҲИ
Руҳимда шивирлайди,
Танимда жимирлайди,
Тушимда қиқирлайди,
Ҳушимда кўринмайди...
Қўлим чўзсам, етмайди,
Узоқлаб ҳам кетмайди,
Саволим эшитмайди,
Жавобини айтмайди...
1
Юракдан бўғзимгача ўрлаб бораверади,
Қароғдан юзимгача шўрлаб бораверади,
Теграмда не қирларим нураб бораверади,
У эса қилт этмайди, бирдай тураверади...
2
Йиғламоқ ҳам бир шеърдир, шеърдай оқади ёшим,
Юраги хуруж қилган Ердадир бир адашим,
Ўзи ўзимга ўхшар, мен билан тенгдир ёши,
Ул Нуҳнинг кемасидан жой тегмаган Мамонтдай,
Қўрқув ё андишадан кўзидан тинмай ёши,
Овозини чиқармай ҳўнграб бораверади.
Зоҳирда тасдиқ этиб, ботинида инкорлар,
Саратонда ҳам кетмас кўксин музлатган қорлар,
Битмайдиган ярасин сира қилмай ошкорлар,
Суякларин синдириб ўтиб борар устидан
Занглаган қўнғироққа эргашиб юрган норлар,
Тишин тишига босиб инграб тураверади.
Овози етмасин деб карнай чалиб турарлар,
Бир ўғирлик қилганда ойлар тўлиб келарлар,
Кимнинг дардини олса, сўнг шу соғлар куларлар,
Соқий, тўлдириб қуйгил, унга шернинг сутидан,
Не асрким, йўлбарсни хашак бериб боқарлар,
Оҳи ғулларга сингиб титраб тураверади.
Баргда турган томчини ёмғир деса ишонган,
Лойдан маъбуда ясаб, кейин шунга сиғинган,
Соясига суянган, кўпайишса қувонган,
Болдирин томирлари бўртиб чиққан асрлар –
Оғриётган жойини айтолмай жим таянган,
Бу мардон руҳ қилт этмай, чидаб тураверади.
Раббим! Бундан аввал ҳам шундай савдо бўлганми,
Бу оламнинг чиптаси ортиқча сотилганми,
Бу шум хочга Исодан бошқа ҳам тортилганми,
Зинокорнинг завқидай, беванинг қарғишидай,
Бу талх майдан одамдан бошқа ҳам тотинганми?
Шуни сендан чирқираб сўраб тураверади,
Овозини чиқармай ҳўнграб бораверади.
Шодмонқул САЛОМ
@shodmonqul_SALOM
БУ ТОНГ...
Роббим бир даста гул узатди бу тонг,
Андармон кўнглимни юпатди бу тонг.
Азим даргоҳидан бир нидо келиб,
Мурғак чақалоқдай уйғотди бу тонг.
Шодмонқул САЛОМ
04. 07. 2023 й.
@Shodmonqul_SALOM
...Тиловим ёлғондир, билиб борурман,
Чинимни Ўзингдан сўраб борурман,
Тушим яхшилиққа жўраб борурман,
Суямасaнг бўлмас – нураб борурман...
@Shodmonqul_SALOM
Ўзбекнинг афсонавий
полвони ЖЎРА ака ТЎРАЕВ хотирасига!
Полвон рақибидан уч бор йиқилди,
Аламдан ўкирди – кўчди Асқартоғ.
Онаси ўғлонин юпатар ҳар гал,
Аммо кетмас эди алп кўксидан доғ.
Шунда она деди: Мен бориб кўрай,
Ўшал марду майдон туққан онасин.
Кейин изтироб-ла ўзга овулга
Йўл олди ва топди рақиб хонасин.
Уйдан чиқиб келди алпкелбат момо,
Дароз эмас, лекин туташ беллари.
– Келинг, эгачим, деб қаршилади у
Келган она сўзга келмас тиллари....
Қайтди онаизор ўғли қошига,
Ўксиниб сўзлади ёшин тўкаркан:
– Болам, у полвонни йиқитолмайсан,
Чунки онаси ҳам мендан зўр экан.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
...Кўп аср тик турдим, оёғим толди,
Мусофирлар сезгир бўлади... билди.
Шу дам маконимга сизди бир нима,
Нимами ё кимми, недандир шаъма?
Мубҳам кўланканинг номсиз нафаси,
Овоз шуъласими ё шуъла саси.
Қисмат лочинининг шамолимиди,
Ё дийдор тонггининг жамолимиди?
Сезмасдим, нимадир бўларди содир,
Мусофир ҳам ҳайрон, гўё кўрган сир...
@Shodmonqul_SALOM
“Мен ва физик-ядерчилар Қора денгиз бўйида дам олаётгандик. Бир нечта пластмасса қопқоқли виномиз бор эди, қопқоқни очгани пичоқ топа олмай шу ерда бутилка териб юрган одамдан ёрдам сўрадик. У гугурт чақдида бутилка қопқоқларини қиздириб очди. Сўнг бизга қараб: "Мактабда физикани ўқиш керак эди", деди”.
Сергей КАПИЦА,
машҳур физик олим, академик.
@VAXSHIY_TARIX
ТОШКЕНТ БИЛАН ТАНИШУВ
Тошкент, мен бугун келдим
Йўқ “кеча” келганим йўқ.
Офтобингдан жон олдим,
Ҳали жон берганим йўқ.
Остонангга келганда
Ёлғонларни ўлдирдим.
Ҳузурингга ёнаётган
Юрагимни келтирдим.
Юрагимни тўлдирди
Жайҳуннинг виқорлари.
Сенга салом айтдилар
Бойсунтоғнинг қорлари.
Сени йўқлаб келдим мен,
Ҳайратларнинг дастида.
Исён қилмоқда булбул
Қовурғамнинг остида.
Тошкент, уни тинглагил,
Ўзинг етгин додига.
Хиёбонлар солмоқда
Қодирийни ёдига.
Анҳорингда балиқлар
Ойбек бўлиб “қақшайди”.
Хаёл сурган мажнунтол
Миртемирга ўхшайди.
Тошкент, бахт сўраб келдим
Бахт нимадир аслида?
Менинг телба сафарим
Фақат сўзнинг қасдида.
Тошкент, мендан кулмагин,
Тошкент, бундай қарама.
Майли, шафқат қилмагин,
Фақатгина алдама.
2002 й
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
O'YLABMANDA MEN
Jonimni behuda qiynabmanda men,
Zanjirni tish bilan chaynabmanda men.
Erkalab, yelkamni tutib turibman,
Dunyoni onam deb o'ylabmanda men.
Kulsa -- quvonibman, yig'lasa -- o'ksib,
Bag'riga tortganda -- bag'rimga bosib.
Go'yo qarzdorni sudxo'rdan to'sib,
Yelkamni ko'zlarga shaylabmanda men.
Yo'lga chiqqan yo'llar yo'ldan adashib,
Bari yuragimda ketdi tutashib.
Hovliqib, quvonib, ko'zlarim toshib,
O'zimni Alpomish bo'ylabmanda men.
Maysani o'ssin deb gulni yulibman,
Hamma yig'ganimga sovg'a olibman.
Bu hali mashqligin qaydan bilibman,
Bugun so'nggi kun deb o'ylabmanda men.
Mayli, dunyo o'tsin, mendan o'tmasin,
Mayli, unda ketsin, menda ketmasin.
Xudoyim, mening shu yaram bitmasin,
O'ynasam bir marta o'ynabmanda men,
Devor osha bir bor bo'ylabmanda men.
Shodmonqul SALOM
@Shodmonqul_SALOM
Шу маълумотни кўпроқ группаларга таниш нотаниш инсонларга тарқтиб, кўчаларимизни обод, озода ва тоза бўлишига ўз хиссангизни қўшиб сабабчи бўлсангиз. Оллохим Сизлардан рози бўлсин!
Читать полностью…ХИТОБ
Лаб титрамай, киприк қоқмай, нигоҳ узмай,
Ухламасдан, туш кўрмасдан, таъбир тизмай,
Асрлардан асрларга томмай, сизмай,
Садо бермай, қимир этмай, қадам узмай,
Юракларнинг фарёдини билмай, сезмай,
Буровдаги қўрғошин руҳ олам кезмай,
Ўт куйдирган қанотларни қайта ёзмай,
Жим туришда ким ютаркин – шартни бузмай,
Турганлардан бир бор ростин сўрарим бор,
Кўрганларин кўнглим билан кўрарим бор.
Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан,
Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан,
Дил ташласа алам чиққан у томондан,
Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан,
Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан,
Чумолини алдаб юрган Сулаймондан,
Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан,
Сукунатдан кар бўп қолган оломондан,
Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор,
Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор.
Кўнглимга тун чўкканда шам ёқолганлар,
Парвонанинг доғига жим боқолганлар,
Бир оҳига чоҳдан банди чиқолганлар,
Қамишларни шамол чалса, йиғлолганлар,
Ўзи ёниб, ўзи ўчиб чидолганлар,
Ҳур қиз кетиб пайғамбарни туғолганлар,
Оппоқ тонгни кўзларида соғолганлар,
Ёноғимга, деразамга ёғолганлар,
Билмаганим билдиринг-эй, сўрарим бор
Кўнглим кўрмоқ истаганни кўрарим бор.
Қай асрда оқ суягим топса кулол,
Токчасига олиб қўйса, қилмай увол,
Бир бағриқон қўлга олса, келмай малол,
Ғуборимни, ҳасратимни артиб рўмол,
Кўҳна най деб чалар бўлса, вайрону лол:
Мени ёқиб ўчирмасдан кетган шамол,
Ё офтобнинг назаридан топган камол,
Ё ёмғирнинг пардасидан бериб жамол,
Ё эснаган юракларда ўлган савол –
– Тилларига шеърдай такрор келарим бор,
Банди руҳга таскин бериб турарим бор.
Манзилим – йўл, йўлим – ҳижрон, борарим бор,
Айтарим бор, тиларим бор, сўрарим бор.
___
*Дўл – тегирмоннинг дон солинадиган бўғзи.
Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ЧИН ОШИҚҚА ҚИЁМАТ ЙЎҚ
Йўл кўринмоқда болам,
Заҳматинг кўпга ўхшайди.
Сўл кўринмоқда болам,
Меҳнатинг кўпга ўхшайди,
Ниятинг тўққа ўхшайди.
Тўрт томонинг тўртта йўлдир,
Ҳар биридан чопар келди.
Тўрт манзилни бунга келтир,
Шиддатинг кўпга ўхшайди,
Сийратинг ўққа ўхшайди.
Кўрдим кўзда камларингни,
Бош ирғаган шамларингни.
Шам ёритган ғамларингни,
Ҳасратинг кўпга ўхшайди,
Фурсатинг йўққа ўхшайди.
Чиқдингми кўнгил ғоридан,
Биносан кимнинг оридан.
Кимнинг бошдаги қоридан
Кўзлардаги ғуборидан,
Иззатинг кўпга ўхшайди,
Нигоҳинг кўкка ўхшайди.
Қош-у қабоқ адошида,
Гул туйғулар талошида.
Шоир тушларнинг ёшида,
Кулфатинг кўпга ўхшайди,
Кулганинг йўққа ўхшайди.
Умр отли ривоят бор,
Тингловчида шикоят бор.
Сабр деган ибодат бор,
Узлатинг кўпга ўхшайди,
Давлатинг кўпга ўхшайди.
Бобо Машраб дуо этган,
Отқумурсқа талаб кетган.
Ҳижрон ели ялаб ўтган
Сувратинг чўпга ўхшайди,
Суҳбатинг чўққа ўхшайди.
Дунёсида фаросат йўқ,
Кўнгил тўяр зиёфат йўқ.
Чин ошиққа қиёмат йўқ,
Рағбатинг кўпга ўхшайди,
Миннатинг йўққа ўхшайди.
Ҳар кўнгил бир минорлигин.
Чин сўз улуғ меъморлигин,
Чин подшонинг бедорлигин.
Чин давлатманднинг зорлигин,
Одам мангу беморлигин.
Кўнглинг дунёдай торлигин,
Дунё кўнглингда борлигин.
Ҳаммасининг бекорлигин,
Билганинг йўққа ўхшайди,
Билганинг ЙЎҚқа ўхшайди.
Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
"Ўзбекистон адабиёти ва санъати" газетасининг 26 сонининг электрон нусхаси.
Ушбу соннинг 3-саҳифасида Шодмонқул СAЛОМнинг "ХИЗР
ТАЁҒИ" асари келтирилган.
Бундан ташқари газетада таниқли ижодкорларнинг ижод намуналари ҳам бор.
@Shodmonqul_SALOM
▫️▫️▫️
Sevgim manglayiga sin solmish qismat,
Patqalam izidan taralar ziyo...
"Ro‘yob" deb yozmoqchi edi u, albat,
Lekin so‘nggi harfga yetmadi siyoh.
@Alibek_Anvariy
***
Нечун гулламайди музлаб ётган руҳ,
Нечун шоир доди манзилга етмас?
Нечун Ватан дея ҳайқирган чоғи,
Мазлум юракларнинг занглари кетмас?
Қалбларга қамалган қуёшлар порлаб,
Нечун уйғонмайди мудраган кучлар?
Карга қўшиқ айтиб, тунга тош отиб,
Шамолни қоплаган каби бесамар...
Нечун юрагида бозиллаган чўғ,
Ғарибнинг музлаган шомин иситмас?
Эй, сўз! Мўмиёча тотими йўқ сўз,
Азадор кийикнинг яраси битмас?
Бунинг сирин билдим, шу аччиқ сўроқ
Юракни сазойи қилаётган он.
Худо билан юрак ўртасидаги
Шеър деган тариқат бўлганда талон.
Ана шунда билдим, эй, шамол насли,
Эй, қадаҳи тўлган, кўнгли тўлмаган.
Ғаладонда турган шамдай умрлар,
Сўзи борган жойга ўзи келмаган...
Расулга хиёнат қилган мушрикдай,
Дуолари қабул бўлмас пир каби.
Туйқус сезиб қолдим Ватан каломин,
Эсноқ-ла, шарафсиз айтганда лабим...
Ҳа, гумон қалами сочмагайдир ўт,
Сўзнинг улуғ кучи бўлмаскан содир.
Қон тўкмасдан туриб шаҳид қавмида
Кетиш мумкинлигин унутса шоир.
Шодмонқул СAЛОМ
@shodmonqul_SALOM
УЛУҒ ДАРЁНИ БОШЛАБ КЕЛ...
* بِسْمِ الله الرَّحْمنِ الرَّحِيمِ *
Келар бўлсанг, менга, эй дўст,
дили донони бошлаб кел,
Сўник ғофилни дуч қилма,
асл шайдони бошлаб кел!
Фалак, менга келар бўлсанг,
ҳама сайёралар қолсин,
Тун – ой, кундуз – қуёш, тонглар
ёниқ зуҳрони бошлаб кел!
Кўлу кўлмакни бахш айла
кўлу кўлмак фидосига,
Менга, эй ёр, улуғ уммон,
улуғ дарёни бошлаб кел!
Куну тундан насибам бер:
ато эт энг узун кундуз,
Сиридан энг узун кеча –
шаби Ялдони бошлаб кел.
Жаҳонда бахтга тўйганлар
манга дўст бўлмаги мушкул,
Манга ишқ ичра хор бўлган
дали, расвони бошлаб кел!
Санга бўлсин бу ирфонда
бари ашрофу аъёнлар,
Манга, эй дўст, дили султон,
руҳи подшони бошлаб кел!
Неча кенг даршту саҳрони
дили торларга тортиқ эт,
Манга ул Карбало янглиғ
буюк саҳрони бошлаб кел!
Рафиқ ўлмас муҳаббатда,
жунунда ҳиммати пастлар,
Ол-эй дўст, қитъалар – санга,
манга маънони бошлаб кел!
Чала дўсту чала душман,
чала ул марду номардинг,
Менга қалби салим бир дўст,
етук барнони бошлаб кел!
Бисотда битта жоним бор,
уни мен Сенга бахш этдим,
Ҳудудсиз раҳматинг бирла
дари уқбони бошлаб кел!
Қиёмат кун Раҳим Раббим
ки, шояд раҳм этиб, поклаб,
Буюрса хос малакларга:
“Манга Мирзони бошлаб кел!..”
Мирзо Кенжабек.
1444, 13-зулҳижжа. 2023, 1-июль. Шанба.
@m_kenjabek | @xojagon_uz
"Ma'rifat" gazetasi 28-iyun 2023 yil son
“ICHIMDA BIR QISHNING MANZILI…”
Maqola
Nurjahon QAYUMBERDIYEVA,
Toshkent davlat O‘zbek tili va adabiyoti universiteti magistranti
ИҚРОРЛАРИ
Ит нафсим кўйида мағлубмен, хормен,
Вале шукронам мўл, ҳисобда бормен.
Шукронам мўл дерман, билмам – кўрликдир,
Кўрлик дегани ҳам жуда турликдир.
Билмасмен – қайси бир дафтаридамен,
Бебароридам-у, бароридамен?!
Билмасмен – қўрқувим, умидим – шундан,
Тонгнинг иқболини тилармен тундан.
Билганим – маъсият чоҳидадирмен,
Масжид, майхонада – гоҳидадирмен.
Мунофиқ ким дея, ўқирман ваъзлар,
Исрофил сурини мен сабаб созлар.
Водариғ! Суяклар кетар қарсиллаб,
Ўйимдан ўт қочар аршга чарсиллаб.
Бу сўз ҳам юракнинг тубидан эрмас,
Юрак тубидаги сўз тилга келмас.
Ўзи суйганини қувонтирармиш,
Йиғлаб толмаганни юпантирармиш.
Ўтди “миш-миш” билан қирқ йиллик шамол,
Қирчанғим жилови сенда – Зулжалол!
Билмам – пок булоқлар кўзидан эдим,
Кўйингда ёнганлар сўзидан эдим.
Таёққа бағрини бермиш оталар,
Чўбин отда қайтмас бўлмиш оналар.
Билмам икки куйган жоласи эдим,
Тилаб олганлари – ноласи эдим.
Эй, Ғаффор, номингга бўлай садоға,
Не жавоб айларсан, гумроҳ садоға?!
Эй, туғилмасимдан ҳисобим олғон,
Эй, тор манглайимга имлосин солғон.
Эй, томчи хорликдан мени бор этган,
Ўзин сезмаганни Ўзи хор этган.
Тишларим тишимга ботиб бородир,
Сўнгакларимдан ҳам ўтиб бородир.
Сира айбситмасман томирдан қонни,
Ва унда югуриб юрган шайтонни.
Ё, Қаҳҳор! Шайтондин бадлар ҳам бисёр,
Такаббур тилимни ўзинг тий, Саттор!
Хорлиқ бермай, азиз қилмас эмишсан,
Банданг ҳоли толғин, толмас эмишсан.
Ё, Ғаффор! Тилимни этдинг-ку бийрон,
Билганига амал қилмаган ҳайрон.
Ё, Ғаффор! Ҳолимга кулар коинот,
Ўшал кулгуларни қилғил каффорот.
Суяк суриб келдим Одам атодин,
Асраб келодирсан, минг бир балодин.
Билиб билмасликка олганларинг бор,
Билмаслик илмини олганларинг бор.
Ё, Ғаффор! Авф этгил, ҳисобда бормен,
Ҳисобинг қаттиқдир, бўзлаб турурмен.
Вале, билганим шул – мағлубмен, хормен.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
***
Бу руҳ — бир мусофир, даргоҳингда, Раб,
Бир қоп гўшт кўтариб, юрар тентираб.
Қирқ йилки бир кулба излади сарсон,
Ҳеч ким эшигини очмади, Раҳмон.
Елкадаги юки омонат эди,
Омонатга дахл қилмасман дейди.
Сув ҳам ичолмайди шошқин дарёдан,
Ҳали хом молини асрар жафодан.
Дарёга ғарқ бўлиб кетмасин, дейди,
Сўнг тилсиз балиқлар сотмасин, дейди.
Саҳрода туш каби бир яшил дарахт,
Бу руҳни чорлади ўзига бир вақт.
Суяги қизиган, чанқаган, ҳақир,
Дарахтга талпинди, шошди мусофир.
Бир дам ором олмоқ орзу қиларди,
Дунё беоромдир — қайдин биларди.
Омади озмиди, бахти йўқмиди,
Қаршисида яшил бир калхат эди.
Мусофир қопида эт айниганди,
Шум калхат димоғи шуни билганди.
Чопди ғам елини ортда қолдириб,
Алам ғажиридан қочарди ҳориб.
Дарё сув бермади, саҳро бир соя,
Улуғ тоғ қошига етди ниҳоят.
“Тоғлар — ер қозиғи, собит ва ростдир,
Эй, ғариб, шу тоғлар вафодор дўстдир.”
Таскин дарасига етгандай бўлди,
Қирқ йиллик азоби кетгандай бўлди.
Аммо ҳануз ғўрдир, содда мусофир,
Бул дарада қўрқув аждари бордир.
Лаллайиб қопини елкадан олиб,
Шу сирли манзилда қолмоққа толиб.
Турган палласида аждар уйғонди,
Морнинг кўзи, руҳнинг ҳаёти ёнди.
Ортига қарамай қочди саросар,
Қўрқув вишилларди изидан баттар...
Мен қирқ йил шу руҳни қилдим томоша,
Юракнинг дарз кетган дарчаси оша.
Магар мен кел десам, ё келармиди,
Тоққа ишонмаган... ишонармиди?
Аммо чорладим мен ул мусофирни,
Елкаси яғирни, юки оғирни.
Ишониб, ишонмай яқинлаб келди,
Қопдан келган бўйдан нафас бўғилди.
“Қопни ташлаб юбор, жой бор ўзингга”,
Десам, таққа тўхтаб боқди кўзимга.
Унинг кўзларига қараб бўлмасди,
Аммо не ажабки, кўз узолмасдим.
Мана, юк ҳидини сезмай бошладим,
Ўла бошладим ё яшай бошладим.
Шундоқ остонада иккимиз ҳам тик,
Мен — мезбон, меҳмоним елкасида юк.
Кўп аср тик турдим, оёғим толди,
Мусофирлар сезгир бўлади... билди.
Шу дам маконимга сизди бир нима,
Нимами ё кимми, недандир шаъма?
Мубҳам кўланканинг номсиз нафаси,
Овоз шуъласими ё шуъла саси.
Қисмат лочинининг шамолимиди,
Ё дийдор тонггининг жамолимиди?
Сезмасдим, нимадир бўларди содир,
Мусофир ҳам ҳайрон, гўё кўрган сир.
Балки, куй нағмаси қанотсиз елган,
Сурнайчи қўшнимнинг чалгиси келган.
Ишқилиб, турибмиз юзма-юз ҳақир,
Меҳмонимнинг эса елкаси яғир.
Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM
ТАВБА ВА ҚУВОНЧ
Саҳро ўртасида туясин излаб,
Кетиб бораётир ёлғиз, ғариб жон.
Бошида ғажирдай айланар ажал,
На сув бор, на емак ва на бир ошён.
Туя топилмаса, тугар ҳаёти,
Шоқолу калхатга бир кунлик байрам.
Қизиган саҳрода чумоли каби,
Инграб бораётир омадсиз одам.
Лаби танглайига қолар ёпишиб,
Ҳолсиз йиқилади, кетиб мадори.
“Оллоҳ-Оллоҳ” дея сўнар товуши,
Узила бошлайди умрнинг тори...
...Бир замон ғойибдан мўъжиза бўлиб,
Пайдо бўлар бирдан беғам туяси.
Шу дамда банданинг қувончин кўринг,
Шукру мадҳиясин йўқ ниҳояси.
Унинг шодлигининг адоғи йўқдир,
Бепарво туясин йиғлаб ўпади.
Бозорда боласин йўқотиб топган
Онаизор қалби шундай тепади.
Самовотда, Аршда қойимдир Эгам!
Ул зотнинг ҳам улуғ қувончлари бор.
Туясини топган қулдай севингай,
Агар тавба қилса, бирор гуноҳкор!
Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM