shodmonqul_salom | Неотсортированное

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Подписаться на канал

SHODMONQUL SALOM

ШОЯД...

Тақвонинг сувратини урфга киритишади: соқол қўйишади, ҳижоб учун курашадилар, такбиру тасбиҳни жаҳрий айтадилар, мисвок ишлатишади, мушк суришади, қандайдир маъвизаларни тинглашади, олимларни яхши-ёмонга, мўмин-фосиққа ажратишади, ҳатто душанба, пайшанбада, муҳаррам, шавволу шаъбонда рўзадор бўлишади, шимларини тўпиқдан кийишади, эҳсонларининг миннатини даъват этишади, жамоат ичида дуо ёки саждада "пиқ-пиқ" йиғлашади, пинҳон ибодатларини "бехосдан" айтиб юборишади, ҳали қилинмаган, қилиши аниқ бўлмаган қандайдир "хайр ишлари" учун дуо талаб бўлишади, ўз "мен"ларини кўз-кўз қилиб хокисоргина туришади — барча фарз ва суннатни риёсиз бажаришяпти-я, "тўсатдан" халқ билиб қоляпти, мақтаяпти, у эса "жуда хижолат тортаяпти". Айни шу ҳол "тақвомиз"нинг қиёфаси.

Акром МАЛИК,
"Рамазон кундалиги" асаридан.
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ИЛДИЗЛАРИМ

Батафсил: https://telegra.ph/TmeShodmonqul-SALOM-05-13

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ШОИР
Шоир деганлари шаҳиддир - хунсиз,
Учинчи дунёдир - кундузсиз, тунсиз.
Бола каби кулар, бироқ, кўзда ёш,
Бола каби йиғлар, ва лекин унсиз.

Абдулла ОРИПОВ
2015 йил

Шоир қанотига ўт кетган қушдир,
Унга дон кўрсатманг, беринг осмонни.
То ёниб бўлгунча ёришсин олам,
Токи куйдирмасин куйган жаҳонни.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

АЙТОЛМАЙ ЮРАСАН...

Айтолмай юрасан, сезиб юрасан,
Қочиб кетолмайсан, безиб юрасан.
Юракнинг энг теран ботиқларига
Чўкиб кетган каби кезиб юрасан.

Худога “яшир” деб имо қиласан,
Гоҳо бир ғарибга ҳимо қиласан.
Ўнг томон қочасан, чапга соласан,
Фойдасиз эканин яхши биласан.

Кўзинг чети билан илғаб юрасан,
Симиллаб юрасан, чалғиб юрасан.
Қишдан ўтай дейсан, баҳорга етгач,
Ёмғирда сездирмай йиғлаб юрасан.

Вужуд зиндонида зангламайди у,
Ўзингдан ўзгани тингламайди у.
Сокин табассуми аламга тўлиқ,
Сендан бошқасига йиғламайди у.

Уни тингламоққа қулоғинг кардир,
Кўзига боқмоққа на ҳолинг бордир.
Айтолмай, қочолмай, безиб, соғиниб,
Оғриниб англайсан – у бордир, бордир...

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

* * *

Аста-аста оқаради тонг,
Аста-аста бўйлайди қуёш.
Аста-аста соч йиғар хаёл,
Аста-аста кўтарилар бош.

Аста-аста ташланар қадам,
Аста-аста бошланар кураш.
Аста-аста хўрсинар одам,
Аста-аста чарчамиш яшаш.

Аста-аста силтанади қўл,
Аста-аста қатилар юрак.
Аста-аста уйдан қочар йўл,
Аста-аста маст бўлар эркак.

Аста-аста зулфга оқ инар,
Аста-аста ёқалари ҳўл.
Аёл юзи тонгдай оқарар,
Яноғида музлаб қолмиш сел.

Аста-аста эснайди юрак,
Аста-аста зўраяр шамол.
Изоҳлолмас, жим юрар эркак,
Аста-аста бахтсиздир аёл.

Аста-аста…

Шодмонқул Салом

Каналга уланиш: @Shodmonqul_Salom

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Кўнгилни асраб юрганлар учун Шодмонқул СAЛОМдан


Нима бўлди, нигоҳингизда
Зерикқандай айрича бир ҳол.
Кўзларингиз адашган – қизлар,
Ийманади беришга савол.

Хаёл билан ўзга манзилга
Ўтган каби нотинч бўляпсиз.
Бекатларга етмасдан ҳали
Шеърларимдан тушиб қоляпсиз.

Нима бўлди, киприкларингиз,
Тунда тиғдек ялтираяпти.
Қўлларингиз менинг кафтимда
Соқов қиздек қалтираяпти.

Юрагида севги худоси
Мажлис қилган, қарор қилмаган.
Кетасизми кўнглим бандаси,
Ҳаёти бор, лек яшалмаган.

Кетяпсизми менга қолдириб,
Тунни, ойни – балдоғингизни.
Бармоқларим бўғзимдан олар,
Ёдга олса бармоғингизни.

Кетяпсизми соҳилларимга
Тўлқин суриб келтирган қайиқ.
Бурунлари елкандай тикка,
Нигоҳи ўй, кўзлари қийиқ.

Қароғларин ўкинчдан юмса,
Қабоқлари ғарқ бўлган кема.
Юмуқ кўзи – менинг қўш қабрим,
Бунда ёлғиз зиёрат қилманг.

Кетяпсизми, кетоляпсизми,
Оғир ўйдай умримдан юриб.
Бир осий деб ўт қўйиб юртга,
Лек осийни омон қолдириб.

...Тошдай ботар тирноқча савол,
Тушунаман, ҳар сўз ортиқча.
Гар кетсангиз, ортга қайрилманг,
То кўнглимдан чиқиб кетгунча.

Шодмонқул САЛОМ

T.me/Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХХХ

Мен тушимда бир қизнинг
Тушларида юрибман.
Жаннатмикан билмасам,
Олов гуллар терибман.

Камалакдай нигоҳлар,
Капалакдай кулгулар.
Тишлаб олсамми, дейди
Ғижирлаган уйқулар.

Киприклардай тераклар,
Теракларнинг танлари.
Ниначидай бармоқлар,
Тирнаб ёзар номларни.

Қошлари орасида,
Дунё қимор ўйнайди.
Тушидаги кулгудан,
Уйғониб кетмасайдим.

Кўрпа қуроқларидай,
Оламнинг қитъалари.
Ҳатлаб ўтаман ёниб,
Қиз умримдан ҳатлайди.

Уммонларга тўр ташлар,
Кокиллари, зулфлари.
Сув тубидан топилар,
Ҳаётимнинг қулфлари.

Лолдир, шоддир нигоҳлар:
Наҳот ҳижрон йўқмикан.
Бор умримиз бир туш-у
Энди уйғондикмикан?

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ўзбекистон халқ шоири, “Эл-юрт ҳурмати ”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари соҳибаси, таниқли шоира Ойдин Ҳожиева 2023 йил 13 май куни 81 ёшида оламдан ўтди.
Ойдин Ҳожиева 1965-1976 йилларда “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим, бўлим мудири, 1976-1985 йиллар “Саодат” журналида бўлим мудири, 1985-1995 йилларда “Гулхан”, 1995 йилдан эса “Саодат” журнали бош муҳаррири лавозимида меҳнат қилган.
Ойдин Ҳожиеванинг биринчи шеърий тўплами 1970 йилда “Шабнам” номи билан чоп этилган. Сўнгра унинг 1972 йилда “Мен севган қўшиқ”, “Зар кокил қиз ва қуёш”, 1975 йилда “Манзиллар”, 1977 йилда “Наво”, 1978 йилда “Тароват”, 1979 йилда “Бувисининг ўз қизи”, 1980 йилда “Достонлар”, “Тамал тоши”, 1989 йилда “Сайланма”, 1991 йилда “Нажот”, “Олисдан келган овоз” каби кўплаб шеърий китоблари дунё юзини кўрган. Улар орасида 1987 йилда “Чашмаларни излайман” каби публицистик асарлар мажмуаси, болалар учун ёзилган ажойиб шеърлари ҳам бор.
2022 йилда Ойдин Ҳожиева таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан “Танланган асарлар” китоби нашр этилди.
Шоиранинг 1996 йилда “Кўзимнинг оқу қароси” номли шеърий гулдастаси истиқлол руҳи, истиқлол орзуси билан лиммо-лимдир. У моҳир шоирагина эмас, публицист ва таржимон ҳамдир.
Ойдин Ҳожиева таржимон сифатида Шандор Петефи, А.Мцкевич, Ованес Туманян, Файз Аҳмад Файз, Эди Огнецвет, Римма Казакова, Фариза Унгарсинова, Ойжамол Омарова, Гулрухсор, Ибройим Юсупов, Марямхон Абулқосимова ва бошқа кўплаб жаҳон ва қардошлар халқлар адабиёти намояндаларининг достон, баллада ва туркум шеърларини ўзбек тилига юксак бадиий маҳорат билан ўгирган. Айни пайтда шоиранинг шеърлари рус, белорус, француз, инглиз, украин, қозоқ, қирғиз, тожик ва урду тилларида нашр этилган.
Ойдин Ҳожиева 1992 йилда “Ўзбекистон халқ шоири” фахрий унвони, 1975 йилда Ёшлар Иттифоқи мукофоти, 1999 йилда “Эл-юрт ҳурмати ”, 2021 йилда “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЎҚИМАГАН БОЛАЛАР

Ушбу шеър олис-яқин юртларда қора меҳнат қилиб, оилавий муҳит, етишмаган адолат, ҳаётдаги кўзбўямачиликлар сабаб ўқишга киролмаган, имкониятлари бой берилган йигитлар ҳақида.

Батафсил — https://telegra.ph/%D0%8E%D2%9AIMAGAN-BOLALAR-12-07

✍🎤 Shodmonqul_SALOM

Qulmatov

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЎҚИМАГАН БОЛАЛАР

Ушбу шеър олис-яқин юртларда қора меҳнат қилиб, оилавий муҳит, етишмаган адолат, ҳаётдаги кўзбўямачиликлар сабаб ўқишга киролмаган, имкониятлари бой берилган йигитлар ҳақида.

Батафсил — https://telegra.ph/%D0%8E%D2%9AIMAGAN-BOLALAR-12-07

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЭЪЛОН!!!

«Маданият ва маърифат» телеканали, «Қақнус» кўратувининг бугунги сонида (21:00) бу оламдан ёш кетган ижодкор дўстларимиз, ука-сингилларимиз ёд этилди!
Жўрабек Рамазон, Бахтинисо Маҳмудова, Акмал Тош ва бошқалар хотирланди.
Уларни Оллоҳ раҳмат қилсин!

Кўринг!
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

УРУШ ВА ТИНЧЛИК

Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.

Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.

Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.

Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.

Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.

Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.

Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.

Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.

Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.

Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.

Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.

Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.

Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.

Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***
Сарвигулни йиғлатиб,
Сўнг кулганин кўргандим.
Ўшанда ҳам иккимиз
Сув бўйида тургандик.

Ўшанда ҳам тонг эди,
Бўйимиз ҳам тенг эди.
Олам эса Сарвининг
Кўзларидай кенг эди.

Сарви буни биларди,
Кўзмунчоқлар иларди.
Кетаман, деб кетмасди,
Келмайман, деб келарди.

Отаси биргад эди,
Отиям Қулмат эди.
Ерга ғўза экарди,
Мендан нос об чекарди.

Мен жўшқин қондай эдим,
Юқорига оқардим.
Сарвининг отасига
Кулиб-кулиб боқардим.

Толлар сувга эгилиб,
Қўшиқ сочар бошидан.
Кўкда арқон турналар,
Сарвигулнинг қошидай.

Ўшандаги қоратол,
Яқинда ўтин бўлди.
Сарвигулга тўй келди,
Оҳимиз тутун бўлди.

Қоратолдан учган қуш,
Энди қайтиб қўнолмас.
Сарвигулнинг челаги
Сув олишга келолмас.

Ўшанда ҳам тонг эди,
Кўнглим қаро тун эди.
Қоратолнинг панаси
Бу оламдан кенг эди.

Шодмонқул САЛОМ
2004 йил

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

САЙИС

Бу тулпорга тегманглар,
Тик туриб ухлаяпти.
Унинг улкан бу боши
Тўрвага сиғмаяпти.

Кўп йўл юрган, ҳориган,
Тошда синган туёғи.
Орасидан ой ўтиб,
Тунга ботган қулоғи.

Бу тулпорга тегманглар,
Чавандози ярадор.
Соврин олиб, кўнглини
Бериб келган — азадор.

Шамолнинг тўрт бутини
Тўрт томонга тортганди.
Кўпкаридан шон эмас,
Соврин билан қайтганди.

Бу тулпорга тегманглар,
Ухласин, кўп ҳорибди.
Туёғи ерга ботиб,
Ерни суяб турибди.

Итлар, ҳурманг илтимос,
Уйқуси бузилмасин.
Нима бўлса тушига
Қулунлиги кирмасин.

Ҳали чавандоз билан
Юрарлар кериб кўкрак.
Не бўлса, туш кўрмасин,
Ахир, уйғониш керак

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бугун - 26 апрель - Ўзбекистон халқ шоири, устоз Муҳаммад ЮСУФ таваллуд топган кун!
Оллоҳ охиратини обод айласин!

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Зойир Мамажонов хотирасига!

Видео

Кўпкаридан қайтган тулпор,
Ҳали билмас толганини.
Чавандоз-у от эгага
Қанча соврин олганини.
Қамчиларнинг шиддатидан,
Зириллайди мунис ҳаво.
Осмон билар бу тулпорнинг
Не таассурот олганини.

Тош юмалар, дараларга
Сор, бургутлар тошдай қотган.
Минг йиллар-ки мудраган бу
Тилсиз тошни ким уйғотган?
Ким дин сотган, ким эл сотган,
Ким жонини нисор этган,
Ким чилвирда улоқ тортган,
Кимга қамчи симдай ботган?
Биз билмаймиз, кўпкарида
Не савдолар бўлганини.

Қўнжи баланд этик кийиб,
Шовқин солиб ўтар довул.
Бугун кимнинг бахти талош?
Томошага чиқар овул.
Бу баковул бунча танти,
Бунча нокас бу ясовул,
Ким англади бу тулпорнинг
Дили вайрон бўлганини.

Бу тулпорнинг шамол йўлин
Тўсганини кўрганлар бор.
Бу оламда қамчи эшиб,
Қамчи емай юрганлар бор.
Зот чиққунча бу бедовга
Қамчи уриб турганлар бор.
Шу майдонга келганлар бор,
Шул атрофда юрганлар бор.
Биродарлар, биз билмаймиз
Бу тулпорнинг билганини.
Кўпкаридан қайтган бу от
Ҳали билмас толганини.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

...Одамнинг белидан Ҳавво қорниға
Ўтган замонимда тушдим ўрнимға.

Бир от туёғининг остича ердан
Ўн минг гуноҳкор бош юксалар бирдан.

Одам хатосидан то Соатгача
Ёнган ўчоқларнинг бариси ўчар.

Одамнинг нафсини уйғотган оғоч,
Менинг кулбамдадир, ана, синч – ёғоч!

Эй, Дил, ёришмасанг шафқат нуридан,
Келгил, шўрбо осдим қисмат шўридан.

Икков ҳасрат қилиб бирга ютармиз,
Исрофил садосин ғамгин кутармиз...

("Илдизларим"дан)

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

КЎНГИЛ

"Кечга... ишдан келай, майлими..?"
Эшикни ёпасан – кетасан.
"Чарчадим.  Ишим кўп, вақтим йўқ...
Тонг отсин, майлими..? " Ётасан...

Қўлингда – бозорлик. Йўл тирбанд,
Қор босиб келасан, этик ҳўл...
Телефон асабий жиринглар,
"Йўлдаман. Борайин... уйда бўл..."

...Чигиртка чириллар шом чоғи,
Ёз қачон келдийкин – ўйлайсан...
Бир марта, бир марта бўлса ҳам,
Сен менинг ҳолимни сўрмайсан...
Сен менинг кўнглимни билмайсан...

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

https://telegra.ph/Ma%D2%9Bola-07-02

Шодмонқул СAЛОМ

ТАЗАРРУ
туркумидан

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

#Rost_hikmatlar

Ҳалол ризқ топиш учун интилиш ҳар бир мусулмон учун фарздир.

Ҳаким ат Термизий

Кунингиз хайрли ўтсин!

Каналга уланиш:
⬇️⬇️⬇️
/channel/rost_24uz

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Гулчирой АБДУЛЛАЕВА ўқиди.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ШЕЪР ЙЎЛИ

Сенга роз айтмоқнинг йўли шу бўлди,
Фақат рост айтмоқнинг йўли шу бўлди.
Тингладинг, тушундинг, аммо жим турдинг,
Нетай – боз айтмоқнинг йўли шу бўлди.

Ўзига етганнинг йўли биттадир,
Узундир, улкандир аршдан каттадир.
Рўпарангдан ҳеч ким чиқмас бу йўлда,
Бир тақдир бора юриб ўтадир.

Дунёга келишнинг йўли шу бўлди,
Тақдирни билишнинг йўли шу бўлди.
Қувониб, ўксиниб, ўт бўлиб ёниб,
Мардона ўлишнинг йўли шу бўлди.

Шодмонқул САЛОМ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ТАЪЗИЯ

Ўзбек адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистон халқ шоири Ойдин Ҳожиева 81 ёшида вафот этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси жамоаси ижодкорнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Ахборот хизмати

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

@shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

“ЮЗ ҲИКМАТ” КИТОБИ ҲАҚИДА АФСОНА

Юзта ҳикмат битилган бир китоб бор эди,
Ҳар ҳикмати инсон учун буюк бир дастур.
Юз подшоҳлик даври ўтди очунда, вале,
Ҳар салтанат бу китобни ўрганмиш чуқур.

Аммо не тонг! Бир-бирига ўхшайди шоҳлар,
Ҳар бири: Мен ернинг сўнги султони, дейди.
Шунча савлат, шунча давлат қурган тождорнинг
Аъёнлар ё маликалар бошини ейди.

Сўз келганда айтмоқ керак, бўлганча одил,
Шоҳлик олтин ё қон билан қўлга кирмагай.
У – атодир, насибадир, Тангри инъоми!
Бу инъомнинг фурсати бор, боқий турмагай.

Хуллас, ўша юзта ҳикмат битилган китоб,
Илк подшоҳлик замонида сал таҳрир бўлди.
Олампаноҳ ўқиб кўргач бир ҳикмат ёқмай,
Таҳрир этди, тўқсон тўққиз ҳикмат соғ қолди.

Шу зайлда ўтаверди даврон довули,
Уруш-яраш, яхши-ёмон кунлар ҳам ўтди.
Тахт дегани билсанг агар жуда доғули,
Шоҳ қулади, тахти рақиб илкига кетди.

Янги тождор салтанатни тизди қайтадан,
Қатл этди элнинг қонин ичган касларни.
Адолатдан ярақлади шамширлар тийғи,
Одил подшоҳ тинглар ҳатто ғариб сасларни.

Шоҳнинг амри етиб борди зиндонларгача,
Озод этди кўп бегуноҳ банди жонларни.
Эл шод, юрт ҳам обод ўлди – шоир айтгандай,
Тадбирли шоҳ очди қанча янги конларни.

Бир кун шоҳга келтирдилар кўҳна китобни,
Юзта ҳикмат – ҳар биттаси элпарвар дастур.
Ўқиб кўргач, бир эътироз айлади подшоҳ:
Буни битган донишманд ҳам банда-ку, ахир.

Бир ҳикматни қайта битди янги саркотиб,
“Ана энди асл ҳикмат китоби бўлди!”
Шу зайлда икки ҳикмат ўчди батамом,
Бузилмаган тўқсон саккиз чин ҳикмат қолди.

...Мана, менинг қўлимдадир ўша кўҳна ганж,
Юзта шоҳлик ўқиб кўриб, этгандир иншо.
Ҳар салтанат битта ҳикмат ўзгартган бўлса,
Донишманднинг ҳикматидан йўқдир мутлақо.

Гап келганда, айтиб олдим бўлган тарихни,
Гарчи чин шеър баён эмас – инкор этмасман.
Вайсақи деб айбситмасин авлодлар мени,
Шоҳ эмасман, китобни ҳам ёзган эмасман.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

УНУТМОҚ ОСОНМАС...

Султонбой ДEҲҚОНОВ фотоси.

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

5-МАЙ ШЕЪРИ

Сезмаган эканман, соғинган эканман,
Оғриб юрган экан кўксимдаги дил.
Сира ҳам битмаган экансан, ярам,
Нигоҳингга тегиб қонади кўнгил...

Сезмаган эканман, ўлмаган эканман,
Кўзларингга қараб англадим бирдан.
Ўлиб кетганман деб юрар эканман,
Яна нима кутай тақдирдан!

Сен салом бердингми, исминг айтдимми,
Эшитолмай қолдим, қулоғим батанг.
Юрагимда шундай бир шовқин турди,
Нималар дейишдик, эслолмайман ҳам.

Эй, Худо! Сен борсан, Ҳақсан — шубҳасиз!
Ё, Раббим, кўнглимни, қара — бор экан.
Қачон кўзёш қилсам, куларди бу дил,
Унинг муддаоси бор экан.
Унинг сиғингани бор экан.

Нима қилса бўлар бул бедавони,
Сотиб ё ўлдириб қутулиб бўлмас.
Менинг азобимнинг ҳисоби билан
Яшаб келяптию тан олмас.

...Ҳа, майли, яшасам бўлар бехижил,
Соғинишни билар эканман ҳатто.
Унинг кўзларининг сўзлашин тинглаб
Эсдан оғиб қолсам, йиғиб кет, Оллоҳ!

Масрур кетаяпман ёмғир оралаб,
Ёмғир-ла қутладинг, сезяпман, Раббим!
Дил ва соғинч ҳаққи, кенг даргоҳингда,
Яшагим келяпти, жуда яшагим...

Шодмонқул САЛОМ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Мирзо Кенжабек

"ТЎРТЛИКЛАР"

***
Ҳаёт йўлларида дўст бор, ғаним бор,
Дунё матоидан қандай ғамим бор?
Раббим бор, меҳрибон Пайғамбарим бор,
Бас, менинг оламда нима камим бор?!

@m_kenjabek | @xojagon_uz

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ГДЛЯН
Алпомиш Чамбилда, Гўрўғли гўрда,
Ҳақиқат бешикда ухларди қотиб.
Бир жом олтин сўраб,
Қилич ўйнатиб,
Кириб келди қашшоқ ўзбек ерига -
Тельман Хореонович... Берия!..

Уйинг куйди ўзбек, Шўринг қуриди.
Пойгагинг қуриди, Тўринг қуриди.
Деҳқонинг, Чўпонинг — Пахта чопонинг,
Ортингдаги ҳамма зўринг қуриди.

Отангни сотишса, изламадинг ҳам,
Болангни отишса, йиғламадинг ҳам.
Йиғласанг ҳам пахта териб йиғладинг,
Қотилга топганинг бериб йиғладинг...

Элим, деб ким куйса — Бари қамалди,
Кимки ерин суйса — Бари қамалди.
Жаллоднинг ғазнаси тўлгунча зарга,
Сенинг бўз кўйлагинг минг бор ямалди.

Эй, сен содда халқим, Ғамбода халқим,
Сен бир кун тинган кун олам оч қолар
Сен бир кетмон урган далангда дунё
Юз йил ётиб еса етгай бож қолар.

Сенинг поклигингга шубҳа қилмасман,
Мен сени билмасам гар — ўғилмасман.
Фақат бошинг чиқмас мудом меҳнатдан
Фақат тилинг қачон чиқар, билмасман!.

Алпомиш эртакда, Гўрўғли гўрда,
Тўмарис бешикда ухларди қотиб.
Бир қоп олтин сўраб қилич ўйнатиб
Кириб келди мўмин ўзбек ерига —
Тельман Хореонович... Берия.

Муҳаммад ЮСУФ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

***

Онам хаста эди, бетоб эди ўғлим,
Гулнинг тиконлари тўсди йўлимни.
Жонимни қонатдим, лабимни тишлаб,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.

Юракнинг тўрига қочди, беркинди,
Ҳасрат бериб боқдим туйғуларимни.
Теграмда калхатдай айланди бўрон,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.

Чироқни ўчирди ичимдагилар,
Кечага суриниб буздим йўлимни.
Қушқўнмас гуллади баҳорларимда,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.

Қалдирғоч ин қурди куракларимга,
Ҳолин сўролмадим мунглиғ синглимни.
Дунё кўчиб кетди юракларимдан,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.

Кунларим йўл эди, йўловчисиз йўл,
Сағирдай қабартди оёқ-қўлимни.
Парли ёйдай тортдим, лекин отмадим,
Кўнглимни асрадим, фақат кўнглимни.

© Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Подписаться на канал