shodmonqul_salom | Неотсортированное

Telegram-канал shodmonqul_salom - SHODMONQUL SALOM

2223

Ушбу каналда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, "Дўстлик" ордени соҳиби Шодмонқул САЛОМнинг адабиёт, ижод ва ҳаёт ҳақида фикрлари, хулосалари, иқрорлари ва албатта оташин шеърлари ўрин олган! Murojaat: @ShodmonqulSALOMbot

Подписаться на канал

SHODMONQUL SALOM

Эрталаб бир майдон пиёда юрдим,
Ёлғиз, жим ўлтирган аёлни кўрдим.

Ўзига яшириниб турар эди у,
Кўнгилдан олисда юрар эди у.

Ҳолин бир сўрмоққа етмас кучларим,
Тонгдан тошиб турар эди сочлари.

Паришон зулфига ҳасрат осилган,
Нигоҳига соғинч муҳри босилган.

Кеча юрагида бир тўфон турган,
Ва бизнинг соҳилга отиб юборган.

Эҳтимол, ҳеч нима бўлмаган содир,
Аммо нигоҳлар ҳам сўйлашга қодир.

Кўрдим — кўзларига исён қамалган,
Кўрдим этикчаси силллиқ ямалган.

Ёнидан сўз демай, жим юриб ўтдим,
Чап елкам, чап юзим ловуллаб кетди...

Уйга чиқиб келдим, дилгир, бесабр,
Ҳали уйғонмабди Сурайё, Собир.

Аёл ошхонада ғимирлаётир,
Кичкинамиз энди қимирлаётир.

Телефонни топиб рақамлар тердим,
Тонгнинг рўйхатида бормикан девдим.

Аммо жавоб йўқдир, ухлаётгандир,
Балки нонуштасин қилаётгандир.

Кўнглида кимлардир бордир эҳтимол,
Эй, дунё, шундай гул пойингда увол...

...Сўнг аёл юзига солдим-ку разм,
Қоши аросинда шубҳакор базм.

Кўзимни деворга, суратга олдим,
Бир тонгда шунча кўп уқубат қолди.

Эрта уйғонишда шундай сир бордир,
Ухлаб ётганларга не фарқи бордир.

Шодмонқул САЛОМ

👇👇👇👇👇👇👇👇👇
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Тангрим, мени “йўқ” де сўраганларга,
Манзилимни ўчир юракларидан.
Туш кўргандай бўлсин бул қари морбоз,
Сира кўринмайин истакларида.

Йўқ, қўл силтамадим, тушундим холос,
Асли эрта чиқди менинг саводим.
Бунча кўнгли нозик кўнгил бергансан!
Руҳимнинг тақвосин бузди ҳаётим.

Тангрим, караминг кенг, қаттиқ яширгин,
Одам бўйи етмас жойларинг борку.
Қушларнинг тушига мени яширгин,
Ваъдангда туғилмай яшаш ҳам борку!

Юрагим совқотди, назар қил, Эгам,
Сўраганимни бер, сўрмагандан қўрқ!
Устимни ёпиб қўй, очилмас қилиб,
Биласан – устимни очгилиги йўқ!

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ДЕМАК

Чанқадим – демакки, қайдадир сув бор,
Соғиндим – қайдадир борсан – сезяпман.
Қўрқяпман – мени бир яратган Зот бор,
Демак, бу оламга бекор келмабман!

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

«ОЙНИНГ ЎҒИРЛАНИШИ»

Крис ФРОУЗ фотоси

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Лев ТОЛСТОЙ
қоидалари

Буюк ёзувчи Лев Толстой 22 ёшида ўзи учун ҳаётий тартиб-қоидалар тузади ва унга бутун умр амал қилади. Ирода, фаоллик, хотира ва ақлий қобилиятни ривожлантирадиган бу йўриқлар сизу бизга ҳам катта фойда бериши аниқ.

— Ҳар қандай жисмоний машаққатга чида, қийналганингни бошқаларга билдирма;
— Ҳар кун заифроқ биладиган тилингда шеър ёдла;
— Қўлингдаги мулкнинг ўндан бирини эҳсон қил;
— Ўн баробар бойиб кетсангда, ҳаёт тарзингни ўзгартирма;
— Ҳар қандай нарсага ҳар томонлама назар сол – фойдасини ҳам, зарарини ҳам кўр;
— Ўзинг билмаган ёки ёқтирмайдиган одамларнинг мақтовини олишга уринма;
— Ҳар тонг кунлик режа туз ва уни албатта бажар;
— Бошқаларнинг фикрини ўйлаб ўтиргандан кўра ўз устингда кўпроқ ишла;
— Шуҳрат учун сарф-харажат қилма;
— Ўзинг учун иложи борича кўп машғулот ўйлаб топ;
— Бир ўзинг якунлашинг мумкин бўлган ишга ёрдамчи талаб қилма;
— Ҳеч қачон ҳиссиётларингни ошкор қилма;
— Яқин кишингни ўзингдай яхши кўр, икки яқин кишингни эса ўзингдан ҳам кўпроқ яхши кўр;
— Иложи борича кам ухла;
— Ҳар тун кундузи ўрганганларингни такрорла;
— Ортиқча нарсангни ўзинг учун эмас, жамият учун ишлат;
— Яхшилик қилишга имкон изла;
— Яхши бўл ва сенинг яхши эканингни ҳеч ким билмаслигига интил;
— Ҳаммани бирдай яхши кўр, бу муҳаббатдан ўзинг ҳам четда қолма;
— Элнинг муҳаббати учун майда туйғулардан воз кеч.
— Шароит қанча ёмон бўлса, ҳаракатни шунча кучайтир;
— Бор нарсаларга қаноат қил;
— Бирор ишни бошласанг, охирига етказмай ташлаб кетма.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ҳеч нарса мен ўйлагандек бўлмади. Ё аъло бўлди ёки бўлмади. Мен унутувчи бўлдим. Энг ёмонлари Ўзига берган ваъдаларимни унутдим ва уларга яна қайтарди. Лекин мени унутмади. Мен кўп панд бердим, лекин у панд бермади, мушкул пайтим нолидим, лекин у хато қилганимда мендан воз кечмади, ёрдам берди. Мен одамлардан ёрдам сўрадим, ҳеч кимдан садо келмади сўнги лаҳзагача, лекин Ўзидан сўраганимда ҳар доим йўқдан бор қилди. Мен жуда кўп муаммоларга учрадим, синов деб билдим ва ўтяпман. Мен уларга ёлғиз Ўзининг ёрдами билан бас келдим. Мен Уни қандай севмай?!

Нодир ҚУЛМАТОВ

/channel/qulmatovlive

/channel/Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ХИТОБ

Лаб титрамай, киприк қоқмай, нигоҳ узмай,
Ухламасдан, туш кўрмасдан, таъбир тизмай,
Асрлардан асрларга томмай, сизмай,
Садо бермай, қимир этмай, қадам узмай,
Юракларнинг фарёдини билмай, сезмай,
Буровдаги қўрғошин руҳ олам кезмай,
Ўт куйдирган қанотларни қайта ёзмай,
Жим туришда ким ютаркин – шартни бузмай,
Турганлардан бир бор ростин сўрарим бор,
Кўрганларин кўнглим билан кўрарим бор.

Асрларнинг гарди бор бу тегирмондан,
Жонни янчиб, шон чиқарган ломакондан,
Дил ташласа алам чиққан у томондан,
Армон солиб қувонч кутган гўл инсондан,
Дўл* оғзидан сачраб қочган битта дондан,
Чумолини алдаб юрган Сулаймондан,
Навбати ҳеч келмаётган шул деҳқондан,
Сукунатдан кар бўп қолган оломондан,
Имо қилиб, нидо қилиб сўрарим бор,
Пойларига тиз чўкиб зор борарим бор.

Кўнглимга тун чўкканда шам ёқолганлар,
Парвонанинг доғига жим боқолганлар,
Бир оҳига чоҳдан банди чиқолганлар,
Қамишларни шамол чалса, йиғлолганлар,
Ўзи ёниб, ўзи ўчиб чидолганлар,
Ҳур қиз кетиб пайғамбарни туғолганлар,
Оппоқ тонгни кўзларида соғолганлар,
Ёноғимга, деразамга ёғолганлар,
Билмаганим билдиринг-эй, сўрарим бор
Кўнглим кўрмоқ истаганни кўрарим бор.

Қай асрда оқ суягим топса кулол,
Токчасига олиб қўйса, қилмай увол,
Бир бағриқон қўлга олса, келмай малол,
Ғуборимни, ҳасратимни артиб рўмол,
Кўҳна най деб чалар бўлса, вайрону лол:
Мени ёқиб ўчирмасдан кетган шамол,
Ё офтобнинг назаридан топган камол,
Ё ёмғирнинг пардасидан бериб жамол,
Ё эснаган юракларда ўлган савол –
– Тилларига шеърдай такрор келарим бор,
Банди руҳга таскин бериб турарим бор.
Манзилим – йўл, йўлим – ҳижрон, борарим бор,
Айтарим бор, тиларим бор, сўрарим бор.

~~~
*Дўл – тегирмоннинг дон солинадиган бўғзи.

Шодмонқул
САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Жалолиддин МАНГУБЕРДИ

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

УРУШ ВА ТИНЧЛИК

Асрлар чигилин ёзар урушлар,
Пирлар мозорида отлар дупури.
Фазо кенглигидан, дил торлигидан
Руҳимнинг қонлари кетар гупуриб.

Кўзи оч одамнинг ҳолига войлар...
Худо олдидаги нуфузимиз хор.
Искандар қиличин тутқичида ҳам
Инисин ўлдирган Қобил изи бор.

Урушлар, Авесто – ғазнамни ёқиб,
Белини қайирди буюк сабрнинг.
Урушлар хокини Қобулга элтди,
Битта гавҳаримнинг – Мирзо Бобурнинг.

Одамлик шарафин нордай кўтарган,
Ҳазрат Берунийга зиёрат қайда?
Урушлар Синонинг сирларин ютиб
Гумдон айлагандир қай овлоқ жойда.

Онам деб ўйлаган бешикда ётиб,
Мўғулга жилмайиб жон берган ўзим.
Жайҳунда бир олтин балиқни кўрдим,
У – Мангубердининг ғарқ бўлган қизи.

Тарихда юз йиллик бир саваш бордир,
У бошланган чоғда туғилган бир жон.
Эр етган, жанг кўрган, сулувлар суйган,
Ва ўлар чоғида кўринган осмон.

Йигирма саккиз йил урушда яшаб,
Одам ҳам ўлдирган, бўза ҳам ютган.
Шу ўғлон ўлётган чоғига қадар
Бир марта осмонга боқмаган экан.

Капалакнинг гулга ошиқлигин кўр,
Лол бўлгил ёмғирда чопганда гўдак.
Онасин миқиллаб эмган жужуқнинг
Лабидан томади нурли келажак.

Уруш! Сен нимани муддао қилдинг,
Сенда орзу йўқдир, йўқдир шаън, шараф.
Дунёнинг ҳисобин олганда қисмат,
Уруш – мағлубдирсан, мағлублар тараф.

Уруш! Қўлингдаги олов – маёқмас,
Бағдоди шарифдан ўрлаган тутун.
Қирқ йиллик ярамдир – Афғон, битмайди,
Яра битай деса чўқийди қузғун.

Уруш – муродсизлик, муроди – олтин,
Бебарор элларнинг қонин ютяпти.
Тарози – одилдир! Мана, Оврўпо,
Уни мазлумларнинг қони тутяпти.

Шоир юрагим бор, дарз кетган ёмон,
Дохилман эзгулик музофотига.
Темур бобом отин берса борардим,
Бирлашган Миллатлар ташкилотига.

Шукрки, Ватан тинч! Тинч бўлсин мудом,
Боғларимда булбул сайрасин хандон.
Қувончим, ҳасратим, кўзёшим томган,
Онажоним ётган табаррук макон.

Осуда тонгларда қўлга бериб қўл,
Болажоним билан боғча борамиз.
Дардимни айтмайман, у билан фақат
Қуш, дарахт, гуллардан суҳбат қурамиз.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Нега бундай бўлди, кўп қувондимми,
Бу белгидан қандай ғофил ўтдим мен?
Қаттиқ ишондимми ёки тондимми,
Муҳтожлик, барисин ўйлаб топган сен!

Онам нигоҳидай қабарган йўллар,
Отам истагидай тилсиз ва мискин.
Сўнгги япроқ каби силкинган қўллар,
Нималар тилаган эдинг мен учун?

Нега бундай бўлди, ҳисоби недан,
Нега бундай хабар айтар бу тилмоч?
Нечун маст одамдай урилди менга
Шомда бойўғлилар қўнган симёғоч?

Ғусса маст қилганлар абадий мастдир!
Кўзларим — ичилмай турган жуфт қадаҳ.
Сеҳргар кечадан кесакдай кундуз,
Бир қулфга бир калит бергинда, Оллоҳ.

Кўнглим дор остида амрни кутиб,
Умиддан, қўрқувдан мангу карахтдир.
Кўнглим — қуригунча ғарибга соя,
Сўнг дор учун устун бўлган дарахтдир.

Хазоннинг ўрнини барг мисол ёриб,
Тиззамни қонатиб тақдирдан сўрдим.
Тонгдан шомга қадар пиёда бориб,
Сўнг ҳолим қолмади... йиғлаб юбордим.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Кўнглим сув остида қолди,
Мен ўзим қирғоқдаман.
Умрим йўл устида қолди,
Мен ўзим қўноқдаман.
Жоним йўлда карвонда-ю
Мен йўлсиз овлоқдаман.
Бу йўл йўлсизлар йўлидир,
Бу йўл қайтмаслар йўли.
Мен шу йўлга сарой қурдим,
Абадий фироқдаман.

Руҳим бир йўлбарсга дўнди,
Бир гул қўлига ўргатмиш.
Шаън бир озода қуш эди,
Гул соя юзин сарғайтмиш.
Орзу эрка бола эди,
Уни эрмаклаб йиғлатмиш.
На имкон бор, на даъвом бор,
Бир мажҳул сўроқдаман.

Қулоч урган бу оламга
Қулун бўлиб келган эдим.
Изларининг изларига
Жунун бўлиб келган эдим.
Бу ерларга келмай туриб,
Кўнгилларга келган эдим.
Кўзим боғлаб узоқ юрдим,
Кўз очсам ҳам юрмоқдаман.

Қўлларимнинг орасидан
Елиб ўтган шамол — умрим.
Қуёш тегмас ҳужраларда
Қолиб кетган қоқ, шол умрим.
Ўнгга юрдим, сўлга юрдим,
Лой йўлларга савол чиздим.
Қори кўмиб, ёмғирлари
Юволмаган савол — умрим.
Шул сўроқлар жонга ботди,
Мен бир қутлуғ қийноқдаман.
Бу азиз дард ҳасратидан
Тиз чўкиб, жим турмоқдаман.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ГУЛ

Қуриган, ҳиди йўқ, унутилган гул —
Китобни очаркан кўриб қолдим мен.
Ғалати хаёлга тўлди-да кўнгил,
Паришон термулиб, туриб қолдим мен:

Қаерда ва қачон, қайси баҳорда —
Гуллаган? Узоқми? Ким узди экан?
Ёт қўлми, танишми узган наҳорла.
Нима учун бу ерга қўйди экан?

Нозик бир висолнинг эсдалигими.
Ёки шум айрилиқ — фироқ ёдгори?
Ёки тинч саҳрода, ўрмон соясида
Ёлғиз сайр, томоша хотиралари?

Тирикмикан йигит, тирикмикан қиз?
Шу пайтда уларнинг қайда гўшаси?
Ёки шу қуриган — сўлғин, белгисиз
Гул каби сўлдими ҳар иккаласи.

Александр Пушкин шеъри
Миртемир таржимаси

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

~~~

Йўқ, бу вақт сираям ўтмоқчи эмас,
Қизил ёл, қашқа от кетмоқчи эмас.

Йўқ, бу шом келмоқчи эмас тун — ҳур қиз,
Хириллаб ётмоқчи сўйилган кундуз.

Пайкал қўриқчиси гунгу лол эди,
Қашқа от бир тилим ҳандалак еди.

Бу оқшом (оқшоммас, асло — қорашом)
Бедил зиёфатдан бир қора ошам.

Уловлар сафари қаримоқчимас,
Одамлар бекатдан аримоқчимас.

Ким ҳамёнин титган, кимдир унутган,
Ким бодани, кимни бода йиқитган.

Юзга ниқоб кийиб мендан юз буриб,
Хавотир тамаки чекмоқда юриб.

Йўқ, бу вақт сираям ўтмоқчи эмас,
Мени куттирмоқчи, кутмоқчи эмас.

Бу оқшом шу зайл туравермоқчи,
Энг пинҳон дардимни кўравермоқчи.

Сенсиз танҳо умрим бунга ярарми?
Сен сиғинган худо мени асрарми?

Туннинг валийлари шомга киролмас,
Шомнинг бўрилари тунга боролмас.

Шом ҳижрон лойидан қуйилган азал,
Аммо не сабабдан туганмас бу гал?

Кутмоқ — ёлғизларнинг умри — саволи,
Кутмоқ — юракларда Тангри камоли.

Эй, шом, ошиқларсиз ким бўладирсан?
Кўнгил қуйилмоқда, жим бўладирсан?

Кўнглим осмонида бир қора дарча,
Талашиб томоша қилади барча.

Эй гул сен келмадинг, умрим ўтмади,
Умрим ўтиб кетди, бу шом кетмади.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Эй, баднафс, табаррук жомни булғадинг,
Маъно майин тўкдинг — комни булғадинг.

Аввал ғофил бўлдинг, шом сирларидан,
Тун бўйи алаҳсиб, тонгни булғадинг.

Кўзёшмас, иддао қилдинг фалакка,
Ибодат қилмадинг — онни булғадинг.

Ташрифингдан жаҳон қувонган эди,
Кетмай туриб номи инсонни булғадинг.

Эй, нокас, эгнингда мазлум либоси,
Қилмишинг-ла ҳалол деҳқонни булғадинг.

Даъвонг олимлигу, амалинг риё,
Одамийлик деган фанни булғадинг.

Гоҳ жубба, гоҳ ридо, гоҳи бўйинбоғ,
Кийиб неча аср-у замонни булғадинг.

Бекорга булбуллар бағри қон эмас,
Қутлуғ қоғоз, қаламу рангдонни булғадинг.

Шоирдан инжима, ғўр машқи учун,
Ҳайфки, умр отлиғ достонни булғадинг.

Қуш ташлаган нажас денгизга ҳечдир,
Аммо парвоз деган шонни булғадинг.

Сўнгагинг ўтини дўзахга етгай,
Билмассан, билишдек имконни булғадинг.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

​ШУКУР ХОЛМИРЗАЕВ

Мен ҳаётга мухлисман, яшамоққа вақтим йўқ,
Бунда бари ўтаркан, бир қарашга вақтим йўқ.
Осмон боқий, ер мангу, ҳаёт абадий бўлсин!
Мен учун сен бахтли бўл, менинг эса бахтим йўқ...

Шодмонқул САЛОМ


@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

САВОЛ

Эй, юзи оқ, эй нигоҳи қора кулгу,
Қўрқмай қандай келдинг бундай омад билан?
Бу оламга нима савол бермоқчисан,
Алифларни дол этгувчи қомат билан?

Эй, юзида нигоҳларнинг изи қолган,
Эй, изини биров ватан қилиб олган.
Эй, зулфидан туннинг юзи қаро бўлган,
Нега учиб кетмаяпсан ҳайрат билан?

Олма отган каби отиб бу оламни,
Оламдаги бор қувончни, бор аламни.
Ғами тугал, орзуси тоқ бир одамни,
Бир лаҳзада шоҳ айладинг ҳиммат билан.

Эй, киприги умрларга соя солган,
Эй, гадоси бир кечада подшо бўлган.
Жоду ташлаб, унга ўзи асир қолган,
Қандай яшаш мумкин бундай қисмат билан?

Эй, юзи оқ, эй нигоҳи қора кулгу,
Қандай кулиб келдинг, шунча кулфат билан?
Тирикликка ҳеч гинам йўқ, сен турибсан,
Дол кўнгилу алифдайин қомат билан.

Шодмонқул СAЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БАХТ ҲАҚИДА БАЛЛАДА

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ўрдада ногаҳон келган рўбарў.
Қиш куни. Палтога олган ўраниб,
Бесас бир ҳайратда қотганман: – Вой-бў!..

Йўлкалар четида баланд чинорлар,
Қатор тизилишган. Беҳаракат. Жим.
Донг қотган бекатлар, қорлар, шиорлар...
Аммо бахт эканин билмаган – ҳеч ким.

Бахт жуда чиройли эди! Чиройли!
Чиройли! – совуқда юзин яшнаши.
Ҳатто қор пойида ғирчиллар эди,
Танини эзса ҳам ўткир пошнаси.

Юзи теграсида рўмоли – туман.
Бир учи кифтига ташланган эди.
Лолликдан бошқа ҳол бўлган эди манъ –
Уни кўриб бу иш бошланган эди.

Мен бахтни кўрганман. Кўрганман. Аниқ.
Ҳатто кўзларимиз учрашган бир зум.
Ўртада бўлмаган салому алик,
Фақат лабларига қўнган табассум.

Шу тарз ўтиб кетган ёнимдан. Ташхис:
Жоним чиқмасликка у дам яраган.
Ўгрилиб қарасам, ортимга илкис,
Ишонинг-ишонманг, бахт ҳам қараган!

Шундан буён менга бу дунё бир пул!
Номард ғалвалари беролмас озор.
Юрагим эрта-кеч шеър билан машғул –
Бахтни учратганман! Нима ғамим бор!

Ёниб кириб келсам (юришим – сарбаст!) –
Фасод давраларга – ғийбат тинади,
Ахир, менга ҳеч ким келолмайди бас –
Бахтга дуч келганим барча билади.

Мардлигим билишар (дўсту ёв огоҳ!):
Нечун “юр” деб бахтни қистамаганман,
Бахтни этмаганман не учун ҳамроҳ?..
Бебахт бўлишини истамаганман.


Усмон Азим


/channel/usmon_azim

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Эй, бозорни оралаган,
Матоларни саралаган,
Вақти шомни қоралаган,
Қувват етганича олгин,
Ҳаммолга иш қолдирма.

Эй, кўприкдан ўтаётган,
Келмасини кутаётган,
Ёнолмаган, тутаётган,
Ортингда ҳам оломон бор –
Саволга иш қолдирма.

Эй, кўзлари гирён бўлган,
Афсус майи пиён қилган,
Тор кўчада сарсон бўлган,
Ерга суян, кўкка ёлбор,
Деволга иш қолдирма.

Эй, асоси синган, обид,
Эй, косаси тўлган беҳуд,
Эй, умри кир, дили нобуд,
Кўз ёшингга ғусл қилгил,
Ғассолга иш қолдирма.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Жоним мушкул сафардадир, йўл билмас содда роҳим бор,
Айланиб ўтиб бўлмайди – ўзим қазиган чоҳим бор.

Бошим хамдир, лойим хомдир, бенаводин бенавоман,
Овоз берсам, кўзи ёнгай – бир-икки хайрихоҳим бор.

Ёмғирни санар фаришта, адашгай субҳ савобидин,
Ул малак ҳисобдан йитгай – санаб бўлмас гуноҳим бор.

Бад нафасим теккан дунё, қатрон қилмай тоза бўлмас,
Юзтубан йиғлагайдурмен, кўкка етгудай оҳим бор.

Ичимга бир қуюн кирган, чиқиб кетмоққа излар йўл,
Анинг телба исёнидан вайрона бўлган боғим бор.

Ичимга зўр яшин тушган, ёқиб ёқмас, ўчиб ўчмас,
Куюклари бўғзимдадир, шундан кўзимда доғим бор.

Қирқ йил хазинабон бўлдим – сўрган, сўрмаганга бердим,
Охир қуруқ қўл-ла чиқдим – шундай шармисор чоғим бор.

Самода банди руҳлари, заминга етмас оҳлари,
Чирқираб турган бир ожиз, мунис, меҳрибон моҳим бор.

Аё, одам Меҳрибони, аё, оламлар Посбони!
Ўзинг раҳм эт, ёбонингда гуноҳдан бино тоғим бор.

Аё, фалаклар Сарбони, фалакларни Яратгоним!
Ўзинг азм эт: яхш бўл, деб, ҳамонки ёмон чоғим бор.

Шодмонқул САЛОМ

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Л. Н. ТОЛСТОЙ
(1828 - 1910)

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

БАҲОРИМГА

Гул очдинг,
Сафингда ўзга фасллар
Очилмоқ ишқида қолди ҳавасда.
Кузда таслим бўлган новдалар қўлин
Ғунчага тўлдириб қўйдинг бирпасда.
Зулматга камбағал, гулга бой фаслим,
Менинг Зуҳро фаслим,
Менинг Ой фаслим.

Сўз ёздинг қирларга – ўқийди қуёш,
Тунлари юлдузлар айлайди такрор.
Мен сени тинглайман – кўзда томчи ёш,
Мен сенинг хаёлинг англайман, баҳор!
Шоирсан, дарвешсан, савдойи фаслим,
Менинг Машраб фаслим,
Навоий фаслим.

Бир сурур кўраман Боботоғингда,
Ғўбдину Ҳисорим – кўкси ғалаён.
Тоғларим соғинчи эриркан бунда –,
Унинг ҳузурида сенсан намоён.
Сен тоғсан – кунботар, тонготар фаслим,
Менинг Ойқор фаслим,
Нурота фаслим.

Мунча бағрикенгсан, мунча мард, танти,
Яна чиройингга дунё ишқивоз.
Тинглайман – энг мумтоз оҳангга татир,
Сувларнинг овози келмоқдадир соз.
Илҳомим тошади бир дарё, фаслим,
Менинг Амударё,
Сирдарё фаслим.

Сен ўзи юртимга эгизсан азал,
Кўкка бўй чўзмоқда Хива, Бухоро.
Баҳорим, сен ўзинг Қўқонга сайқал,
Баҳорим, сен ўзинг водийга оро.
Ўғлимга, қизимга новвот-қанд фаслим,
Менинг Тошкент фаслим,
Самарқанд фаслим...

Шоди ОТАМУРОД

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

МАДАНИЯТ ВАЗИРЛИГИ НEГА «МАДАНИЯТ...»ДАН ВОЗ КEЧЯПТИ?

«Карвон» телеканалини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида«ги Президент қарори лойиҳасини ўқиб чиқиб, менда қуйидаги савол ва хулосалар туғилди:
1. Маданият ва туризм вазирлиги нега ўз номига монанд »Маданият ва маърифат« номидан воз кечяпти?
2. »Карвон«нинг асосий вазифалари ва йўналишларида туризмга устуворлик берилган, маданиятга, маърифатга эмас. Адабиёт тарғиботи йўналишидан умуман воз кечилган.
3.  »Карвон«нинг асосий вазифалари ва йўналишлари бир вақтлар  »Дунё бўйлаб«  канали ёритган йўналиш ва мавзуларнинг худди ўзи.
4. Маданият ва туризм йўналишлари ва мавзулари зўрма-зўраки қориштирилган.
Хулоса:
Қарор лойиҳаси »Маданият ва маърифат« телеканалини моҳиятан тугатишга қаратилган. Мавжуд телеканалнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириб, уни ривожлантирамиз дейишда эса ҳеч қандай мантиқ йўқ. Телеканал очиш ва унинг фаолиятини йўлга қўйиш учун зарур техник имкониятларга эга бўлиш талаб этилади (эфирга узатишнинг рақамли технологияларга доир имконияти назарда тутилмоқда). Бу учун эса жуда катта маблағ керак. Қисқа қилиб айтганда, ҳамма нарсага эга бўлган тайёр телеканални »ривожлантирамиз" деган алдов билан очиқчасига, олдиндан келишилган қарор асосида тортиб олиш ҳаммасидан кўра осонроқ. Айниқса, ҳозир осон бўлиб қолди. Мен бу қарор лойиҳасида шундан бошқа мақсад, маъно кўрмадим.

Ҳусан КАРВОНЛИ
@karvonliuz

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Хива шаҳри. Ичан қалъа деворидан нигоҳ!
@Shodmonqul_SALOM

Кеча Хоразмга бориб келдим мен,
Дарёни ёнидан кўриб келдим мен.
Осмон ҳаётимга бир қараб қўйди,
Кўнглим шод, лек ўзим ҳориб келдим.

Оғочдай қарсиллар бўғзимда сўзим,
Кўҳна минорлардан юракка тўзим,
Ой юзим, гул юзим, жоним Хоразм,
Ой кўнглим, кун кўнглим, кўнглим Хоразм,
Мозийни бошимга сириб келдим мен,
Кеча Хоразмга бориб келдим мен.

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИДА
МАЪНАВИЯТ ҚУРБОН БЎЛМАСЛИГИ КЕРАК!

"Карвон" телеканалини ташкил этиш қарорининг лойиҳаси билан танишиб чиқдим. Мазкур янги телеканал айни дамда фаолият юритиб турган "Маданият ва маърифат" негизида ташкил этилиши мўлжалланган.
Қизиқ-қизиқ ишлар кўп бўлиб турадиган ҳаётимизда бу янгилик ҳам одатий, бепарво қабул қилиниши мумкин. Бироқ шу халқнинг, шу мамлакатнинг яхши-ёмонига бефарқ бўлмаган ҳар бир одамни бу ҳаракат сергак қилиши керак.
Маданият ва туризм вазирлиги тасарруфига ўтиши ва шу билан бой тарихимиз ва маданиятимизни тарғиб этишни кўзлаган янги "Карвон" телеканалини ташкил этиш зарур бўлса, нега "Маданият ва маърифат" телеканалини қурбон қилиш эвазига бу ҳодиса содир бўлиш кераклиги мени ажаблантирди. Агар шундай қилиш лозим бўлса, янги телеканал очиш ёки савиясизлик ва маданиятимизни ерга уришгагина хизмат қилаётган бошқа каналлар ҳисобига буни амалга ошириш мумкин. Ҳа, ростдан ҳам шундай қилиш ҳукумат учун жуда осон ва халқ учун фойдалироқ.
Бу гапимни ўқиган киши халқнинг талаб ва эҳтиёжлари, замонавий дунё стандартлари деган эътирозларни ҳам айтиш мумкин, бироқ айнан шундай қилинса — мавжуд "Маданият ва маърифат" телеканалига эҳтиёж жуда каттадир.
"Маданият ва маърифат" телеканали ташкил этилганига эндигина 10 йил тўлди. Бироқ канал ўтган қисқа вақтда шу қадар катта ишларни амалга оширдики, буни бир зиёли, бир томомшабин сифатида эътироф этаман. Биринчи навбатда ушбу телеканал халқнинг ичига кириб борди. Одамларнинг дид ва савиясини кўтаришдек муҳим вазифани ўз елкасига олди ва собитлик билан адо этиб келмоқда. Телеканал ўз дастурларида миллий маданиятимизнинг соф манбаларини, уларнинг дунёвий аҳамиятини бор бўй-басти билан кўрсата олди. Санъат, адабиёт, тарих, халқ ҳунармандчилиги каби халқимиз маданияти ва маърифатини қамраб олган барча жабҳаларни кенг ёритди. Юзлаб, минглаб қаҳрамонларни, халқ ичидаги фидойи инсонларни кашф этди. Ва уларнинг дунёга чиқишига сабабчи бўлолди. Каналда бериладиган сериаллардан тортиб, миллий ва жаҳон санъатининг дурдоналари бўлган қўшиқларгача фақат ва фақат халқимизнинг фойдасига хизмат қилгани ҳам бор гап.
Биз нимани истаяпмиз ўзи? Бизга миллийлик, ўзликни англаш учун тарих, адабиёт керак бўлмаса, нима керак? Нима бизни асраб қолади? Фақат шоу-бизнес билан эҳтиёжлар қондирилмаслигини, аксинча ҳозирги пайтда одамларимизнинг феъл-атворидаги ўзгаришларга телеканаллар ҳам катта ҳисса қўшаётганини наҳотки тушуниш қийин.
Шундай экан, халққа хизмат қилиб турган, миллионлаб томошабинлар дастурларини интиқ бўлиб кутадиган "Маданият ва маърифат" телеканалига дахл қилиш ўзимизга — ёшларимиз келажагига душманлик бўлади. Буни тушуниш керак. Манфаатлар тўқнашуви учун маънавият, маданият қурбон қилинмаслиги шарт! Бу қарорни қабул қилаётган ҳар бир раҳбар, унга фикр билдираётган жамият кишилари вазиятга панжа орасидан қарамасликлари зарур.

Шодмонқул САЛОМ
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

📝"Халифа ва болалар".

✍Шодмонқул Салом шеъри.

┈•┈•┈•┈•❁✿❁•┈•┈•┈•┈•
🕊Фақат қалби борлар келсин биз томон:
👇👇👇👇👇
@m_kenjabek

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Ўлмас сатрлар

Жўрабек РАМАЗОН

А Л И Ф Б О

«Қизимга дарслар» туркумидан

“А” ҳарфини ўрганиш-чун авваламбор
“Ассалом”ни такрорлашинг зарур, қизим.
Бу дарс эмас, насиҳат ҳам эмас зинҳор,
Бу эътиқод, бу тарбия, ғурур, қизим!

Бир маҳаллар ўша ҳарфни ўргансин деб
Қўлимизга айиқ расмин тутқазганлар.
Инсон эмас, махлуқ билан юзлаштириб,
Тарбияда бир нимадан ютқазганлар.

Кун келади – четга чиқиб ҳою ҳавас,
Ҳаммасини эзгуликка йўядилар;
Алифбонинг аввалида айиқ эмас,
Алла айтган аёл расмин қўядилар.

Шунда севинч бирла кулиб кўз-қароғим,
Ҳаволарга ҳайф бўлмади нолам, дейман.
Алпомишга “А” кетади, қизалоғим,
Барчинойга “Б” кетади, болам, дейман!

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Эй, шом, ошиқларсиз ким бўладирсан?
Кўнгил қуйилмоқда, жим бўладирсан?

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

МАЙЛИМИ?

Ҳаётим ёндирсанг, ҳали кун ботмай,
Кулгунгни эшитсам, юрагим шошиб.
Рўзамни очсам-у тез тавба қилсам,
Оппоқ хаёлинг-ла саҳарлик қилсам...

Бадрга* термулган жондор мисоли,
Кўзингга ғарқ бўлиб таҳорат синса,
Дарров тавба қилсам – ўзимни топиб,
Зулфинг тўзонига таяммум қилсам...
Майлими...

Шодмонқул САЛОМ
*Бадр –тўлин ой.
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

Бугун — девор, тирмашаяпман,
Қўлингни чўз, меҳрибон Жаббор!
Тиззаларим қонади, толдим,
Товонимдан кўтариб юбор!

@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…

SHODMONQUL SALOM

ЁМҒИРЛИ НИДОЛАР

Одамнинг бугунги ҳоли менинг ҳам аҳволимдир. Балиқ сувда бор емакни ейди. Ундан ортиғини, афзалини еёлмайди. Ҳайрон бўламан ўз ҳолимга мен! Ҳолим ҳавас қилгулик эмас.
Паришонман жуда ва кунба-кун ғофилман. Ўзимдан хабарим йўғ-у, ўзгаларга ойна олиб чопаман. Мен аниқ ишондим: Одамзод ўзидан кўра шимпанзени кўпроқ ўрганибди. Ўрганибди эмас, ўрганибман.
Бурчим, улуғ вазифаларимдан кўра қорнимни кўпроқ қайғурибман.
Бесабрлик қилибман-у, сабр тиланибман.
Мудом мурувват кутибман, аммо чумолига наф бермабман...
Билганим сайин имоним суст, ибодатгоҳларим муҳташам ва кўпайгани сайин тақвом оз бўлибди. Кимнинг тилаги тўғри: жисми масжидда, ўзи бозорда юрганнингми, қуёш тутилганда кўкка боқиб, йиғлаганча ноғора чалувчи қадимги дунё одаминингни? Ким Худога яқин, ким мунофиқ? Мен буларни, бундай саволларни эшитмаганга олиб юрибман экан...
Даъвом эса кўп катта ва хомдир...
«Зарратин хойрай ёраҳ,
Зарратин шаррой ёраҳ»* деган илоҳий нидоларни билиб, мисқолча яхшилик ҳам, мисқолдек ёмонлик ҳам ҳисобдалигини англаб, англасамда, тўрсайиб, без бўлиб турибман...
Йўқ, мен унутмаслигим керак:
Момоқалдироқдан қўрқиб ғорга кириб кетган ва бир неча кун қоронғу, совуқ ғорда қалтираб, ҳимоясиз ўлтирган одам менинг аждодим эканлигини унутмаслигим керак. Мени тарбият қилиб, билимимни оширган, яшашга таёрлаб шу кунгача етказган Оллоҳимни тезроқ танишим зарур. Англаб, ҳис этиб боряпман: Оллоҳни таниш олов ёқишдан космосга учишгача бўлган йўлдан узоқроқ, машаққати мўлроқ. Бу бадиий муболаға ёки ташбеҳ эмас, ҳақ-рост кечинмалардир. Мени ўша ибтидоий ҳолимда қолдириб кетганида ҳам Унинг хоҳиши эканини унутмаслигим шарт. Ахир, минглаб турлар антик даврларда қирилиб битди, етиб келолмади-ку, бу даврларга. Одам етиб келди. Мен етиб келдим.
Раббим! Англаш истаган қалбларни ноумид қилма! Йиғлаёлмаётган дийдаларни ҳўл қил, ёмғирларинг етсин! Ғайбингдан насиба бергил! Ёғаётган ёмғир томчисини санай оладиган фаришталаринг додимни эшитсин ва сенга еткарсин, Ё Холиқ!
Менинг руҳимни бахтиёр ва шод қил! Аввалги, Ўзинг яратган кундаги рутбамдан пастлатма, Парвардигор!

Ш. С.

* Залзала сураси. 7-8-оятлар.
@Shodmonqul_SALOM

Читать полностью…
Подписаться на канал