ТОНГ
Мени қушлар уйғотади, чуғур-чуғур,
Не айб ахир, тинч Ватаннинг чумчуғида?
Болам дебон куйинади, онамдайин,
Меҳр яшар, қалдирғочнинг тумшуғида.
Деразамни чертар туқ-туқ майна қурғур,
Айтинг, қандоқ "кет" демоққа кўз қиядир.
Бир жуфтгина мусичанинг ку-кулаши,
Тонг куйига басталанган мадҳиядир.
Тонг отди, деб одамларни уйғотгунча,
Хўрозларнинг овозлари буғилади.
Ва жонсарак ҳакка қушнинг шовқинидан,
Ҳомиладор уфқдан қуёш туғилади.
Термуламан, чарх ургувчи ўшал раққос,
Томларимни Ватан қилган каптаримга.
Булбулларнинг ноласидан илҳом олиб,
Янги шеърим ёзилгайдир, дафтаримга.
Бор бўлсин, шу қушчаларнинг чуғурлари,
Осуда юрт аҳволини шарҳлаб турсин.
Ашъор айтиб, "табиатнинг шоирлари",
Нотинч элнинг тонгларидан фарқлаб турсин!
Мени қушлар уйғотади, чуғур-чуғур...
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
#Видеони_кўринг
Рўзаларингизни Аллоҳим ўз даргоҳида қабул қилсин!
Тунингиз хайрли ўтсин!
Аллоҳга омонатсиз!
@Samarqandiy77
Мен ҳали кўп узоқ яшайман,
Кет дема, кетмоққа йўлим йўқ.
Майли, сен айтганча мен ўша-
Ёмонман, ёмонга ўлим йўқ!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Ажаб савдо боғи башар гулшанда,
Тан озод-у, Руҳ бечора кишанда,
Ё раб нетай, бир-бирига кушанда,
Одамларни одамлардан қутқаринг!
Озор учун тикадирлар сармоя,
Пайкони - сўз, аслаҳаси - киноя,
Керак эмас, йиртқичлардан ҳимоя,
Одамларни одамлардан қутқаринг!
Иғво бирлан бир-бирини ёвлайдир,
Фикрида хам фисқу-фасод ғовлайдир,
Кўнгил қолиб, бир-бирини овлайдир,
Одамларни одамлардан қутқаринг!
Ваҳшийликда бўригача боради,
Айёр, кўнгил тўригача боради,
Қўйиб берса, гўригача боради,
Одамларни одамлардан қутқаринг!
Ўлмасбек Самарқандий.
t.me/Samarqandiy77
#Ramazon_kundaligi
28 кун
КЕТМА РАМАЗОН
Саҳарлигим - энг гўзал оним,
Ифторлигим- сабру иймоним,
Ўттиз кунлик улуғ меҳмоним,
Юрагимдан кетма, Рамазон!
Етсин Ҳаққа дилда оҳларим,
Поклаб кетсин бор гуноҳларим,
Тилда қолсин таровеҳларим,
Тилагимдан кетма, Рамазон!
Ажр бергил, дилга етгулик,
Райён номли йўлга етгулик,
Куч бер яна йилга етгулик,
Билагимдан кетма, Рамазон!
Ҳар даминг зар, ҳар кунинг тилло,
Сенсизликка Астағфируллох,
Қадр бўлсин ҳар туним иллоҳ,
Ўйларимдан кетма, Рамазон!
Соҳир сўз-ла саловат сўйлай,
Қолай майли, сеҳрига тўймай,
Ҳақ зикрига қўшиқлар куйлай,
Куйларимдан кетма, Рамазон!
Улуғ кунда тинглагин оҳим,
Сендан бошқа йўқдир илоҳим,
Барокат бер, файз бер илоҳим,
Уйларимдан кетма, Рамазон!
Қиёматда пойингдан жой бер,
Ифторимга бир ҳўплам чой бер,
Рафторимга нур бер, чирой бер,
Юзларимдан кетма, Рамазон!
Ол кўнглимдан ҳижрон юкини,
Кетсин дилдан адоват кини,
Шеърлар битдим сенга ҳар куни,
Сўзларимдан кетма Рамазон!
Ўлмасбек Самарқандий
Каналига қўшилиш учун
👇👇👇👇👇
t.me/Samarqandiy77
ДЎСТИМНИНГ ОТАСИ!
Авлодлар давоми биздандир,
Йилларга еткулик издандир,
Дўстимнинг меҳри ҳам сиздандир,
Дўстимнинг отаси!
Шукурки бормиз биз маъвода,
Оталар табаррук дунёда,
Бўлсин дей, умрингиз зиёда,
Дўстимнинг отаси!
Беҳудуд ҳаётнинг майдони,
Бу майдон ичра бир дурдони,
Бўлинг сиз, яхшилар мардони,
Дўстимнинг отаси!
Меҳрнинг имзоси сиздадир,
Кўнгиллар ризоси сиздадир,
Бекларнинг мирзоси сиздадир,
Дўстимнинг отаси!
Жонингиз соғ қилсин Аллоҳим,
Юзларга юзлашинг илоҳим,
Дўстимнинг бошига паноҳим,
Дўстимнинг отаси!
Дўстимдек азиздир шаънингиз,
Ўчмасин бу умр шамингиз,
Меҳнатда қотайган танингиз,
Дўстимнинг отаси!
Саксонга еткулик йўл сизга,
Бу кўнгил сизгадир, дил сизга,
Ўғлингиз дўстидан шеър сизга,
Дўстимнинг отаси!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Qutlov
Farmon Toshev 70 yoshda!
Bugun O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi a'zosi Farmon Toshev tabarruk 70 yoshni qarshiladi.
Farmon Toshev 1954-yil 6-aprelda Samarqand viloyati Paxtachi tumanidagi Qarnab qishlog‘ida tug‘ilgan. 1975-yilda Samarqand davlat universitetining o‘zbek filologiyasi fakultetini tamomlagan.
Mehnat faoliyatini “Zarafshon” gazetasida muxbirlikdan boshlagan. “Paxtachi” gazetasi tahririyatida bo‘lim mudiri, muharrir o‘rinbosari, viloyat radiosida katta muharrir, “O‘zbekiston ovozi”, “Inson va qonun” gazetalarining Samarqand viloyati bo‘yicha muxbiri vazifalarida ishlagan. “Ko‘ksaroy”, “Registon” gazetalarini tashkil etgan. U 1998-2012-yillarda “Zarafshon” gazetasi bosh muharriri, 2012-yildan buyon “Zarafshon” va “Самаркандский вестник” gazetalari tahririyati bosh muharriri lavozimida faoliyat ko‘rsatib kelmoqda. Ko‘p yillar O‘zbekiston Jurnalistlar uyushmasi viloyat bo‘limi raisi bo‘lgan. O‘ttizga yaqin nasriy va nazmiy kitoblar muallifi.
Farmon Toshev 2003-yilda “Mehnat shuhrati”, 2013-yilda “El-yurt hurmati” ordeni, 2022-yilda “O‘zbekiston Respublikasida xizmat ko‘rsatgan jurnalist” unvoni bilan taqdirlangan.
Ayni paytda xalq deputatlari viloyat Kengashi deputati, Oliy Majlis Senati aʼzosi.
O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi taniqli jurnalist va adib Farmon Toshevni tavallud ayyomi bilan samimiy qutlaydi.
O‘zbekiston Yozuvchilar uyushmasi Axborot xizmati
ШЕЪРЛАР
Шеърлар борки... нур сочар минг йил,
Ҳеч зангламас олтин мисоли.
Шеърлар борки... илимас кўнгил,
Севмай теккан хотин мисоли.
Жилмаяди ногоҳон юзлар,
Сўз қудратин ҳис этиб сиздай.
Йиғлаб турар баъзида сўзлар,
Зўрлаб эрга берилган қиздай.
Зўр ташбеҳлар топаман гоҳи,
Илоҳий бир хаёлга ўхшар.
... Ва ташбеҳлар борки, нигоҳи,
Эрсиз туққан аёлга ўхшар!
Шеър сўнгида - сўзнинг моҳири,
Хулоса бу - май тўла жомдай.
Қайсидир бир шеърнинг охири,
Жанозасиз кўмилган жондай.
Шеър ўқисам... жаранглаб саси,
Ташна жонга нисордай бўлса.
Шеър ёзсангиз... тоти, мазаси,
Куттирилган висолдай бўлса.
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
❗️Diqqat tanlov!
Respublika Ma'naviyat va ma'rifat markazi Paxtachi tumani bo'linmasi hamda shoir O'lmasbek Samarqandiy tashabbusi bilan yoshlarni she'riyatga qiziqishi yuzasidan onlayn tanlov e'lon qilinadi!
📌Tanlov shartlari quyidagicha:
1. She'rlar O'lmasbek Samarqandiy qalamiga mansub bo'lishi shart.
2. She'rlar manbaasi /channel/Samarqandiy77
3. Video davomiyligi 3 daqiqadan oshmasligi kerak.
4. Video hajmi 50 mb dan oshmasligi kerak.
5. Tanlovga Duet bo'lib qatnashish ham mumkin (Bir video ichida ikki ijrochidan iborat ishtirokchi).
6. Video ostida tumani, mahallasi, yoshi hamda F_I_SH ko`rsatilishi kerak.
Ijodiy ishlar @Paxtachimanaviyatbot i orqali 10-apreldan 20-aprelgacha qabul qilinadi hamda /channel/Ziyovuddin_Ziyosi kanaliga joylanadi.
📌Tanlov g'oliblari ovoz berish orqali aniqlanadi. Ovoz berish jarayonlari 27-aprel kuni yakunlanadi.
🎉Tanlov g'olibi tuman Ma'naviyat bo'linmasi va O'lmasbek Samarqandiy tomonidan🎁estalik sovg'alari bilan taqdirlanadi!
ҚОИДА
Нима ўзгарарди битта шеър билан,
Ёзилса, ёзилди тўрт мисра ғазал.
Нигоҳ ташланса гар, ўтмишга теран,
Дунёни сиёсат бошқарган азал.
Байқаро даврида тожу-тахт иши,
Ҳазрат Навоийдан кўрилган афзал.
Шоирнинг шоҳларга ўтмаган тиши,
Дунёни подшолар бошқарган азал.
Ҳинд сари кетмаган бўларди Бобур,
Шеърпараст кўнглига солмаса назар.
Кучсизлар ҳамиша этишган собир,
Дунёни кучлилар бошқарган азал.
Шоирман, тақдирга йўқдир эътироз,
Кўнглим маъвосидан қилмасман ҳазар.
«Шоҳнома», «Хамса» лар ёзилгани рост,
Дунёни қонунлар бошқарган азал.
Зар кимнинг кўзини айламаган маст,
Жилваси жон ила жаҳондан афзал.
Қалби муҳаббатдан гулдорлар эмас,
Дунёни пулдорлар бошқарган азал.
Нима ўзгарарди битта шеър билан...
Ўлмасбек Самарқандий.
t.me/Samarqandiy77
#Ramazon_kundaligi
26 кун
ЖУМА МУБОРАК!
Исломдай мунаввар манзил қайда бор,
Қуръоннинг ояти ҳатто ойда бор,
Бунда бир яхшилик деган қоида бор,
Муҳаммад бошлаган карвон муборак,
Азизим, бугунги Жума муборак!
Пок кўнгил бирла сиз пок бўлинг доим,
Муҳаббат ёрингиз бўлсин илойим,
Қалбингизга меҳр солсин Худойим,
Меҳрдан уйғонган виждон муборак,
Азизим, бугунги Жума муборак!!!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
СИНФДОШ
(Қадрдон синфдошларимизга жўнатиб қўямиз)
Яхшимисан синфдош,
Бормисан соғ-саломат?
Бир йўқлайин дегандим,
Қилмайсанда, маломат.
Дунё кенг эди бирам,
Сиғмасди қулочингга.
Гўзал эдинг, қорасоч,
Оқ тушибди сочингга.
Куйма кўздаги ғамдан,
Тақдир ўзи муаррих.
Қара, ортда жилмаяр,
Йигирма йиллик тарих.
Омонмисан синфдош,
Атрофга ҳеч йўқ ишинг.
Фарзандларинг баробар,
Улғайдими ташвишинг?!
Ташвишлардан ортиб, бир,
Ўзлигингни излаб қўй.
Ўн йил бирга ўтирган,
Партамизни эслаб қўй.
Шўрлик ёғоч бағрини,
Илма-тешик қилгандик.
Исмлар... юракчалар,
Қалам билан тилгандик.
Афсус, ошиқ икки қалб,
Учди ўзга юртларга.
Ишқимиздек парта ҳам,
Ўтин бўлди ўтларга.
Эсингдами синфдош,
Эдинг кўп моҳитобон.
Мактаб йўли - ишқ йўли,
Синфхона - хиёбон.
Учрашардик... титрардик,
Ловулларди юраклар.
Гувоҳимиз ер, осмон,
Стадион, тераклар.
Жим турардинг ер чизиб,
Қалин қошлар чимрилиб.
Менинг ҳам сукут бирла,
Кетар, сабрим емрилиб
Шундай хайрлашардик,
Топмасдим ҳеч кўнглингни.
Энг катта жасоратим -
Ушлагандим қўлингни.
Кўп чўзилди танаффус,
Босилмайди ҳеч титроқ.
Йигирма йил ўтса ҳам,
Чалинмайди қўнғироқ.
Омонмисан синфдош,
Толмадингми ҳаётдан?
Мен ҳам ризқимни териб,
Юрибман шеър - баётдан.
Энди йиллар ортидан,
Тополмасман изингни.
Кеча боғда учратдим,
Ўғлим билан қизингни.
Қўй индама уларга,
Ғов бўлма шу шаҳд учун.
Бир уриниб кўришсин,
Биз етмаган бахт учун!
Яхшимисан синфдош?!
©Ўлмасбек Самарқандий
@Samarqandiy77
04.04.2024
Бугун умримизнинг календарида,
Қизиқ рақамларга бўлурмиз иқрор.
Ажойиб рақамли бошланган бу кун,
Бошқа бирор марта бўлмайди такрор.
Учта ўхшаш рақам қувнатиб кўзни,
Тилаклар айтилди дилда бор неки.
Қарши олди бугун тонг чоғи сизни,
Учта тўрт, учта нол, иккита икки.
Ҳар куни тонг отар... кунлар ҳам гулгун,
Ўтаверар ортиб ҳаёт юкини.
Ҳар қанча чиройли бўлмасин, бугун -
Аллоҳнинг яратган оддий бир куни!
© Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Самарқанд муҳаббати
Шоми минг шукрона бирлан ботадир,
Тонгларида оқ шуълалар уйғотадир,
Хар ерида бир муҳаббат ётадир,
Ҳаёт сени самарқандча севар дунё!
Вафони кўр, қалби ишқдин беморидин,
Мисли Самар, мисли Қанддек хуморидин,
Ой мўралар Регистоннинг миноридин,
Мозий сени самарқандча севар дунё!
Оғирингда ёнингдадир, жон тилинган,
Яхши кунда дўсти хам ёрон билинган,
Ишқ ўтидан ширмой юзли нон илинган,
Онам сени самарқандча севар дунё!
Қўлда асо, қалби иймон-ла тўлуғ,
Ўтар хар кун мубораклик бирла қутлуғ,
Соч-соқоли оппоқ, ёши Римдан улуғ,
Бобом сени самарқандча севар дунё!
Афросиёб алла айтар, ҳасратидан,
Бешикдаги нақши Шердор суратидан,
Иймон дарсин олур Ҳартанг ҳазратидан,
Болам сени самарқандча севар дунё!
Томчи мисол томар лабга Пойи Наҳринг,
Дарғом суви бирла обод ташна шахринг,
Зарафшоннинг мехри ила қонур бағринг,
Замин сени самарқандча севар дунё!
Тўйчи ҳофиз дарди асли халқникидир,
«Муножот»у, «Ушшоқ» кўнгли завқникидир,
Сен тинглаган тарона хам Шарқникидир,
Санъат сени самарқандча севар дунё!
Шудринг сочар хар тонг Темур боғларига,
Миёнколнинг ойдан тушган доғларига,
Гурунг берар ҳар кун Ургут тоғларига,
Осмон сени самарқандча севар дунё!
Ўтмишининг боши тождор, мард Қаюмас,
Бугунидан топгани бахт, бошқа эмас,
Келажагинг Булунғурдай лойқа эмас,
Тақдир сени самарқандча севар дунё!
Этигингга Оқдарёнинг лойи теккан,
Фарангу- Рум чор дўппинга бошин эккан,
Чопонингни қўшрабодлик момом тиккан,
Кўнглим сени самарқандча севар дунё!
Оврупаю, Амриқонинг сехри ёлгон,
Бул мўъжиза, синоатинг кимдан қолғон,
Остонангда бобом солган Каттақўргон,
Даврон сени самарқандча севар дунё!
Яшар хар ким орзу ила бахт ичида,
Умид уйгоқ, ҳоҳ эртаси, ҳоҳ кечида,
Яна битта дунёси бор Пахтачида,
Ўлмас сени самарқандча севар дунё!!!
Ўлмасбек Самарқандий
t.me/Samarqandiy77
#Ramazon_kundaligi
29 кун
ҲАЖГА БОРАМИЗ!
Дунё ишларидан бошингни кўтар,
Ками ҳеч битмаган қалби порамиз.
Шунча куйганларинг бас, энди етар,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Айтсам, тугамайди, кўнгил кирини,
Сабрдан ўзгага йўқдир чорамиз.
Қарзимни узайин, мингдан бирини,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Яшадинг олтмиш йил, куйманиб, жўшиб,
Олислаб кетгандай худди орамиз.
Кел энди, азоблар тоғидан тушиб,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Йиғлабсанми, шундоқ ялли-яллода,
Нечун ашкимизга тупроқ қорамиз?
Бирга йиғлаймиз юр, Каъбатуллода,
Ота! Елкамга чиқ ҳажга борамиз!
Каламушдай кавлар юрагимни ғам,
Кемтик бу юракни қандоқ ёрамиз.
Танимдан мадорим кетмай, мени ҳам,
Ота! Елкамга чиқ ҳажга борамиз!
Вазифалар уюм, мажлис ташвиши,
Иккимиз хам бирдай ортда қоламиз.
Сенсиз тўхтамайди, дунёнинг иши,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Йўл йирок, сен менга умр тилаб бор,
Умр сўнгигача етиб қоламиз.
Маккага боргунча, бошим силаб бор,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Аҳли умматига ёр Муҳаммаддур,
Юр, ўшал юртлардан лаззат оламиз.
Ахир сенинг исминг Ёрмухаммаддур,
Ота! Елкамга чиқ, ҳажга борамиз!
Ҳеч навф йўк, дунёнинг ташвишин ейсан,
Сенда дард, менда дард... бағри порамиз.
Ўлмасим армонда ўлмасин, десанг,
Ота! Елкамга чиқ, Ҳажга борамиз!
Дунё ишларидан бошингни кўтар!. . . .
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
ҚАШҚАДАРЁ
Нигоҳлари нурли, юзи офтоблик қиз,
Хаёлимдан кетмайди ҳеч, Китоблик қиз,
Муҳаббати мавжлангайдир, ишқи дарё,
Санамларинг бунча гўзал, Қашқадарё!
Қадри тенгдир, осмонўпар қояларга,
Номус билиб, салом бермас сояларга.
Чанқаса ҳам изламаслар бошқа дарё,
Одамларинг бунча орли Қашқадарё!
Тушмас белдан белбоғинг ва тилингдан лафз,
Мехр лутфим ё Қаршидир, ё Шаҳрисабз.
Эл муборак, тупроқ азиз, тош қадр ё,
Дунё ичра битта дунё-Қашқадарё!
Асрларга тенгдош қадим ва навқирон,
Тетапоя бўлган сенда Соҳибқирон.
Самарқандим ила кўзу - қош қадар ё,
Жонгинамга туташ жондош, Қашқадарё!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Шеър ёзишнинг азоби кўп, қийналаман гоҳ,
Шоир бўлмоқлик ҳам, оғир мушкулот.
Шоирликка ўқитмайди бирор олийгоҳ,
Шоир қилиб ишга олмас, ҳеч бир ташкилот!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
#Якшанба_кайфияти
Хола шоир, амма шоир,
Самарқандда ҳамма шоир!
80 ёшни қоралаётган Каттақўрғонлик онахондан ажойиб шеър!
@Samarqandiy77
Мен шу юртда туғилганман,
Мен шу юртда ўсганман.
Энг биринчи шеъримни ҳам,
Шу юрт учун тузганман.
Пахтачимни шеърга солсам, бир чиройли сўз бўлсин,
Ўн олтита туман ичра диёрим кўз-кўз бўлсин,
Майли қора, майли сариқ, қўнғир бўлсин, бўз бўлсин,
Заррасида тиллоси бор тупроқларинг меникидир!
Ўтмишингда ўтганлари эртак эмас, афсонамас,
Добусқалъа бир мўжиза, у шунчаки вайронамас,
Юз эллик минг оғайним бор, ҳеч биттаси бегонамас,
Қувончинг ҳам, дарду - ғаминг, титроқларинг меникидир!
Баланд бўлсин хирмонларинг, ғаллаю, дон урвоқларинг,
Оёқ яланг кечгим келар, лойқа сувли ирмоқларинг,
Юзга суртай азиз билиб, хазарисмон, шувоқларинг,
Қарнобчўлда гуллаётган янтоқларинг меникидир!
Султонларнинг юртидир бу, бириси бек, бири тўра,
Сўзларимга ишонмасанг, Султонобод айтсин, сўра,
Неки бўлса ўзимники, ҳа мен шундай бойман жўра,
Боғларингда болга кирган меваларинг меникидир!
Саройларинг недир менга, келмас бобом тарновича,
Катта бўлдим Нарпайингдан оқар сувлар ича - ича,
Найманчалаб гапирайми, шеър ўқийми қарновича,
"Ж" лаб - "ж" лаб гапиргувчи шеваларинг меникидир!
Танти халқим меҳмонига тутар сўнгги нонигача,
Эҳтироми қалбидадир, азиз билгай жонигача,
Менинг кичик Ватанимдир Болталидан Томагача,
Номлари бир қизиқ-қизиқ қишлоқларинг меникидир!
Зафар, Бахтга бир тўхтайди мошинли-ю, пиёдаси,
Мудом қўлда тургувсидир чой солинган пиёласи,
Бир ажойиб, бир ажойиб тухумбарак, пиёваси,
Бошқа элда пишмайдиган таомларинг меникидир!
Аёз бўлсин, иссиқ бўлсин юртимни тарк этгим йўқдир,
Ўзга эллар эшигида муродимга етгим йўқдир,
Қанча катта шоир бўлай, Тошкентларга кетгим йўқдир,
Майли равон, майли тошдир шу йўлларинг меникидир!
Шоир бўлсам дейман мен ҳам Муҳаммаддай, Абдуллодай,
Шеър ёзолмам балки жўшиб, жилвалари бир жилодай,
Исмат бобо, Фармон бобо, ё Жўрақул Нарзуллодай,
Юрагимга солган ишқинг, туйғуларинг меникидир!
"Яшанг шоир", деб қўйсангиз, мен куч олгум, қувват олгум,
Тўйлар қилиб чақирсангиз, янги шеърлар ёзиб боргум,
Ўлмасбекман, ўлгунимча Пахтачимни шеърга солгум,
Тўртта фаслинг- баҳору, куз, ёз-қишлар ҳам меникидир!
Шеърим учун чалинган шу олқишлар ҳам меникидир!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
#Ustozga_ehtirom
Андижонда Муҳаммад Юсуф таваллудига аталган флешмоб санъат даражасида суратга олинибди.
26 апрель - Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун.
Сана муносабати билан сиз азиз муҳлисларимга ҳар куни каналимда #Ustozga_ehtirom ҳештеги билан турли хил маълумотлар ва ижод намуналаримдан илиниб тураман.
Устозимнинг барҳаёт номи қалбимда боқий яшайди!
Эҳтиром ила: Ўлмасбек Самарқандий.
t.me/Samarqandiy77
#Ramazon_kundaligi
27 кун
ҚАДР КЕЧАСИ ТАВАЛЛОСИ
Минг кечадан улуғ тун ризвонидан бисмиллоҳ,
Бандангмиз, ожизингмиз, бошу - товонда гуноҳ,
Бу кечада ўзингга қилдим тавалло Аллоҳ,
Умидсизга умид бер, имдод бер одамларга!
Ўтганлар руҳи хаққи, рухшоналар умидвор,
Бу тун сенга етишган кошоналар умидвор,
Саждага урилган бош - пешоналар умидвор,
Умидворлар шод бўлсин, нажот бер одамларга!
Кўздаги ёш мисоли, қалқиб турибди дунё,
Озорларидан оғриб, салқиб турибди дунё,
Чайқалиб дард устида, балқиб турибди дунё,
Соғлик деган тавалло, мурод бер одамларга!
Муҳаббатнинг меҳрли малҳамин ичсин энди,
Қўрқув, ваҳм, исканжа... бас етар, кечсин энди,
Нотинч дунё жамакор либосин ечсин энди,
Хотиржамлик ҳукмидан ҳайрат бер одамларга!
Ҳар ишинг бир ҳикматдир, йўқдир сира эътироз,
Зилзилалар балоси бизни қўрқитди бироз,
Синов бердинг, демакки бизни суйганинг бу рост,
Синовларни енгмоққа ғайрат бер одамларга!
Ўзингдан ўтиб зинхор, оҳи ёвга етмасин,
Тана бошқа бедардга, минг тавалло этмасин,
Ўз юртидан из солиб, ўзга юртга кетмасин,
Тўкинчилик тўкилган ҳаёт бер одамларга!
Хиёнатдан эт ҳоли, хуфя ишқ тузилмасин,
Аллоҳ боғлаган улуғ ришталар узилмасин,
Оиладек муқаддас, қўрғонлар бузилмасин,
Севмоқдек мардонавор савод бер одамларга!
Каъба эт вайронасин, қибла этгил томини,
Асру-пешин тафтидан гулзор эт бўстонини,
Чороғон эт нур ила, шомини, хуфтонини,
Ҳар тонгда бир мунаввар бомдод бер одамларга!
Аҳли мўмин оламин сабр туни марҳабо!
Минг кечадан яхшироқ Қадр туни марҳабо!
Ўлмасбек Самарқандий
Каналига қўшилиш учун
👇👇👇👇👇👇
@Samarqandiy77
#Iftor_vaqti
Бугун улуғ қадр тундир,
Бедорларга сабр тундир.
Кофирларга қаро кеча,
Солиҳларга садр тундир.
Рўза - кимгадир бир оғиз ширин гап билан яхшилик улашиш, кўнгилдан чиқариб берилажак ҳадясининг ҳақиқий эгасини излаб топишдир.
Сизга ҳузурбахш , ёқимли ифтор тилайман!
@Samarqandiy77
🎤 Тонгги тарона
🎼 "СОҒИНДИМ"
🎬 "Муҳаммад Аюб қори ижросида.
Жума айёмингиз муборак бўлсин!
@Samarqandiy77
#Tugadi 😃
Опенбюджет деган сўз,
Тилимизда ёд бўлди.
Кимга қувонч, шодлигу,
Кимгадир фарёд бўлди.
Минг овоз эвазига,
Машинасин қўйган ким!?
Кўчам асфалт бўлсин деб,
Қўчқорини сўйган ким!?
Омон бўлсин майлига,
Бир йўлини топганлар.
Бир баклашка ёғ учун,
Овозини сотганлар.
Кимнинг кўнгли тор келиб,
Кимнинг феъли кенг бўлди.
Бир овознинг баҳоси,
Тиллоларга тенг бўлди.
Овозим қиммат, дея,
Нархин ошириб, нозлар.
Энди бир пулга қиммат,
Берилмаган овозлар.
Овоз излаб ҳар ёқдан,
Югурилди, чопилди...
Ва ниҳоят, дўстларим,
"Очиқ бюджет" ёпилди!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
#Iftor_yaqin
Кўнгилларни безанг энди,
Роббимга роз рафтор яқин.
Дастурхонни тузанг энди,
Ифтор яқин, ифтор яқин!
Умрингизга аср берсин,
Кўшкингизга қаср берсин,
Сабрингизга ажр берсин!
Ифтор яқин, ифтор яқин!
Қалбда Ҳақдан ҳидоят бор,
Дилингизда ибодат бор,
Бир хурмолик қаноат бор,
Ифтор яқин, ифтор яқин!
Саодат бор садрингизга,
Қадр қўшсин қадрингизга,
Ажр берсин сабрингизга,
Ифтор яқин, ифтор яқин!
© Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Бошимга иш тушди, қайдасиз дўстим?!
Ҳали йўл хўп узоқ, манзилгача бор,
Mен яёв, сиз эса тойдасиз дўстим.
Oртга ҳам қайрилиб қўйинг-да бир бор,
Бошимга иш тушди, қайдасиз дўстим ?!
✍️ Ўлмасбек Самарқандий.
🎧 Бахтиёр Аҳмедов.
/channel/Samarqandiy77
#Ramazon_kundaligi
25 кун
ФИТНА
«... Аллоҳ учун ушбу хабарни,
Юз кишига дарҳол тарқатинг!»
Эй воҳ дўстим, бу ёзувлардан,
Наҳотки тоқ бўлмас тоқатинг?!
«... Уч кун ўтмай, хушхабар сизни,
Қувонтиргай, ишонинг бу рост!»
Ҳеч бир мужда эмас, бу мактуб,
Ғайридинлар фитнаси, холос.
Аллоҳ учун «смс» ёзмоқ,
Мунофиқдан буйруқ эмасми?!
Интернетдан хушхабар кутмоқ,
Шудгордаги қуйруқ эмасми?!
Наҳот, сенинг қалб кўзинг сўқир,
Ё иймонинг заиф шунчалар.
Хушхабарни бергувчи Ҳақдир
Содда бўлма дўстим, бунчалар!
Фитнакорлар мудом сен каби,
Соддаларни излагай, абас.
Тармоқларда хат тарқатгунча,
Ибодат қил Аллоҳ учун, бас!
Ўқимасдан, ўчириб ташла,
Келса агар сенга ҳам шу хат.
Фитналардан огоҳ бўлсин деб,
Юз кишига шеъримни тарқат!
Хушхабарни бергувчи Ҳақдир
Содда бўлма дўстим, бунчалар!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77