🎤 Тонгги тарона
🎼 "БИРОВ КЎРМАСИН"
(Халқ лапарларидан)
🎬 Пахтачи тумани маданият ва туризм бўлими, "Қизбиби садолари" фолклор жамоаси ижросида.
Андижон вилояти, Хонобод шаҳрида ўтаётган "Дунё садолари" Халқаро фестивал саҳнасидан.
Пахтачиликлар ижросини эшитган Андижон ҳокими шунчаки ўтиб кетолмади!😊
✅@Samarqandiy77
Бугун ҳижрий ҳисоб бўйича Янги йил кириб келди!
Кириб келди янги йил,
Янги умид, янги аҳд.
Шу дамдан бошлаб Сизга,
Тилайман тиллодан тахт.
Ҳар касбнинг соҳибига,
Баракаю - ривож бер.
Йўқсилларга йўл очгин,
Имкон бергин, илож бер.
"Катта"лар пора сўраб,
Ёлғон йўталмасинлар.
Савдогарлар растада,
Нархин кўтармасинлар.
Ошиқлар ўз ёридан,
Хиёнат кўрмасинлар.
Шофёрлар заправкада,
Навбатда турмасинлар.
Яхши-яхши раҳбарлар,
Жойидан кўчмай турсин.
Иссиқ, совуқ бўлса ҳам,
Светлар ўчмай турсин.
Ҳар ўтган кунимизга,
Ўнг бўлсин кўзи Аллоҳ.
"Аномал иссиқ" лардан,
Асрасин ўзи Аллоҳ!
Долларнинг нархи тушиб,
Осмонларда юрмасин.
Муаллимни дарс чоғи,
Ўқувчиси урмасин.
Деҳқонларнинг хирмони,
Ҳосилга тўлсин, шу йил.
Ўқитувчининг ойлиги,
Минг доллар бўлсин, шу йил.
"Open byudjet" да ҳамма,
Ғолиб бўлсин майлига.
UzAvto ҳам бир бора,
Юрсин замон зайлига.
Газ свет дарди дилни,
Ғашлаб кетмасин, бу йил.
Депутатлар ўз ишин,
Ташлаб кетмасин, бу йил.
Мусофирда элдошлар,
Тўкмасин сира кўз ёш.
Фаровонлик келтирсин,
Янги сайланган Юртбош!
Кириб келди янги йил,
Ҳижрий йилдан энг зўр аҳд.
Бир минг тўрт юзу қирқ беш,
Берсин бизга олий бахт!
Ўлмасбек Самарқандий.
ҲИЖРИЙ ЯНГИ ЙИЛИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН!
@Samarqandiy77
Диллар ўз ишини бажармай қўйди,
Кўнгиллар воз кечди вазифасидан.
Сўқирлар зулматни зиёга йўйди,
Шайтон сабоқ берар ҳаё дарсидан.
Тийралар талабчан, нигоҳлар мудроқ,
Назарлар ўтмайди қошнинг устидан.
Жумбоқ синовидан "йиқилди" идрок,
Ақл "ўтолмади" мантиқ тестидан.
Эрлар эрлигидан кечди тамоман,
Аёллар, аёллик бахтидан жудо.
Ичимдаги "мен"им мени айлар маън,
Ўзинг кечир мени, кечиргин Худо!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
ТАБАССУМ ҚИЛИНГ😊
Нега кўнглингизга қўнибди ғубор,
Ёки хомуш юриш замон зайлими?
Сизга кичкина бир илтимосим бор,
Бир ширин табассум қилинг майлими?
Ортингизга отинг битмаган ишни,
Ғазабдан нима нафв, қайраманг тишни,
Унутинг кечадан қолган ташвишни,
Бир ширин табассум қилинг, майлими?
Ким кечалар бедор, уйқу танқисдир,
Кимга ишқ муаммо, туйғу танқисдир,
Асли бу дунёда кулгу танқисдир,
Бир ширин табассум қилинг майлими?
Туғилмоқда йиғи, ўлмоқда йиги,
Яшнамоқда йиғи, сўлмоқда йиғи,
Бас қилинг, дунёга тўлмоқда йиғи,
Бир ширин табассум қилинг майлими?
Осмонда ой бўлиб тўлгандан кўра,
Кибр дунёсида юргандан кўра,
Бировнинг устидан кулгандан кўра,
Бир ширин табассум қилинг майлими!
Умид машъалига бағишлаб учқун,
Уфқда субҳидамда чиққандайин кун,
Ҳозир шу шеъримни ўқиб,мен учун,
Ширин бир табассум қилинг майлими?😊
Кунингиз табассум билан ўтсин, қадрдоним!
Самимият ила:
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
МАГНИТ БЎРОНИ
Балки милён йиллар ўтган, эҳтимол ,
Турфа бўронларни кўрган табиат.
Изғирин, гармсел ва қумли шамол...
Бўрон бу, аслида битта оддият.
Ожиз бандаларга келсин Ҳақ раҳми,
Не бир офатларга қилма мубтало.
Етмагандек шунча бўронлар ваҳми,
Магнит бўронига бормиди бало?!
Ҳар қандай бўрон қалбимиздаги Меҳр бўронидан кучли эмас!
Бошланган янги кунингиз меҳрли бўлсин!
Чексиз меҳр билан:
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Навоий, Бобурдан сўз очса, замон,
Таъзим қиладилар, минг йил кейин хам.
Чўлпону, Фурқатдан гапирса шу он,
Дейдилар: ҳар сатри кўнгилга малҳам.
Йигирманчи аср остонасида,
Авлоний илмидан нур олди маориф.
Буюк шоир эди замонасида,
Муҳаммад Юсуфу, Абдулла Ориф.
Иқбол Мирзо деган шоир олдида,
Келажак авлоднинг бош эгмоғи бор.
Эсланса, шеърият боғидан озрок,
Аҳад Қаюмга хам жой тегмоғи бор.
Осон эмас асли танилмоқ элга,
Камлик қилар бунга юз савдоий шеър.
Адашиб мени ҳам олсалар тилга,
«Машҳур шоир эди, интернетда» - дер.
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
СалГИНА
Салом, бу ҳаётда «беш»и кўп одам,
Биздек фақирларга пеши кўп одам.
Бир алик оларсиз саломимизга,
Яхши юрибсизми, иши кўп одам?!
Бизни шеърдан бўлак йўқ ташвишимиз,
Қалам қариндошу, қоғоз хешимиз,
Сиздан ҳол сўрамоқ бизнинг ишимиз,
Сиз-чи омонмисиз иши кўп одам?!
Сезмайсиз атрофда гоҳо - кимим йўқ,
Мен-ку бир танишман, гина-киним йўқ,
Сизда ҳаловат йўқ, сизда тиним йўқ,
Ишларингиз зўрми, «иши кўп» одам?!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
МУАММОЛАР
“Икки соат бўлди бизда свет йўқ”, деб,
Юзда ғазаб, кўзда жаҳл, қошлар уюқ.
Сиз светдан нолийсиз-а, дўстим ҳадеб,
Неча йилки қалбимизда оқибат йўқ!
Ёд олдингиз ҳақ-ҳуқуқнинг адабларин,
Жаҳлингизни қоғозга ҳам ўрамайсиз.
Сўрайсиз-ку газ ўчганда сабабларин,
Дилдан ўчган меҳр чўғин сўрамайсиз?!
Айтинг қайси дунёларда йўқ муаммо,
Нолишингиз баҳолари қанча бўлди?
Тўрт – беш ойки йўлларимиз бузуқ, аммо,
Бу нафс ўлгур бузилганга анча бўлди!
Наздингизда, атрофдаги ҳамма ноҳақ,
У кам – бу кам, ташвишлардан безяпсизми?
Ойлик камми, етмаганин тўлдирсин Ҳақ,
Иймонимиз камаймоқда, сезяпсизми?!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
🎤 Тонгги тарона
🎼 "БОЗОР КУНИ ЧАҚИР ҚИЛИБ ЗЎР ПАЛОВ"
🎬 Ўзбекистон Халқ артисти Ортиқ Отажонов ҳамда Дилмурод Султонов ижросида.
⚡Бугун ширин таомлар куни экан!
✅@Samarqandiy77
#Бугун_таваллуд
Бугун Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира Зулфия опамни туғилган кунлари!
Табриклайман. 😊
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг, юрибди-ку кулиб жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин,
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Гар кўзлари кулиб турса-да,
Бўғзининг остида неча минг ҳасрат,
Ой юзлари кулиб турса-да,
Кўнглини кўтaринг ҳеч бўлмаганда,
Қўлини силашга шарофат топинг.
Йиғлаб турганида ҳеч бўлмаганда,
Ёшини артишга мурувват топинг.
Ногоҳ ерга тушса оппоқ рўмоли
Босиб ўтмасликка шафоат топинг,
Чақалоқ ялаган этакларини
Тоза деб айтишга адолат топинг.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг,
Деманг юрибди-ку кулиб, жилмайиб.
Аёл кулиб туриб ўлиши мумкин.
Дунёни олиши мумкин жилмайиб.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг.
Иллоҳи нур топинг, ҳидоят топинг.
Иллоҳи бахт берган аёл ёнидан.
Бахтиёр ўтмоққа иноят топинг.
Иллоҳи қалқонсиз, иллоҳ кўрғонсиз,
Ғийбатлар йиртмасин кўйлаккинасин,
Иллоҳи ҳушёрсиз, иллоҳ бедорсиз.
Итлар тишламасин юраккинасин.
Аёлга бахт беринг, саодат беринг .
Тоғ қимирлаб, тошлар сўзга кирса-да,
Аёлга бахт беринг, саодат беринг .
Олтмишга кирса-да, юзга кирса-да.
Зулфия Мўминова.
t.me/Samarqandiy77
🎤 Тонгги тарона
🎼 "ОНАМ ЭККАН ГУЛУ - РАЙҲОН"
🎬 Хушовоз хонанда Имрон ижросида.
Ота-оналаримизни борида қадрлайлик!
✅@Samarqandiy77
ЧОРШАНБАЖОН
Хуш келибсен, дилимни чоғ этгур мани, чоршанбажон,
Соғинганман, ёр ёниға кетгур, мани, чоршанбажон.
Айни висол дамларига бир кун қолди, соғинганман,
Пайшанбанинг кўпригидан ўтгур мани, чоршанбажон.
Манам Мажнун, манам Қайсмен, манам дили садпорамен,
Девоналиқ гуноҳимдин ўтгил мани, чоршанбажон.
Ул париваш чеҳрасини нигоҳимға этма маҳфўз,
Жамолиға ошиқ этгил буткул мани, чоршанбажон.
Жонимни соғ этиб Роббим, умр берса кўргум яна,
Етти кунга сабр айлабон, кутгил мани, чоршанбажон.
Тонгда ният бирла ашъор битди Ўлмас, минг шукур,
Муродбахшсен, муродимға етгур мани, чоршанбажон.
Ўлмасбек Самарқандий.
Ассалому алайкум !
Муродбахш чоршанба кунингиз муборак бўлсин!
@Samarqandiy77
Бугундан ранжиманг, самимий сўзим,
Сабр - кўнгилларнинг нақши бўлади.
Нега сал хафасиз, айтинг азизим,
Эртага ҳаммаси яхши бўлади!
Бирда осмонсану, бирида Ерсан,
Асли, кўз илғамас заррасан, билсанг,
Тонг отсин бир гўзал, мен айтди дерсан:
Эртага ҳаммаси яхши бўлади!
ТУНИНГИЗ ХАЙРЛИ ЎТСИН!
АЛЛОҲГА ОМОНАТСИЗ!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Paxtachi tumani Madaniyat va turizm bo'limi vakillari OAV nigohida!
18-20-iyul kunlari Andijon viloyatining Xonobod shahrida o'tkaziladigan "Dunyo sadolari" xalqaro milliy estrada san`ati festivalida Paxtachi tumani Madaniyat va turizm bo'limi qoshidagi "Qizbibi sadolari" folklor jamoasi ham ishtirok etmoqda.
O'zbekiston telekanalining "Assalom, O'zbekiston!" ko'rsatuvida ushbu lavha bugun efirga uzatildi.
Jamoa repertuaridan tumanimiz tarixiga oid milliy folklor qo'shiqlari o'rin olgan.
Sifatli video bu yerda👉 https://youtu.be/XMqXm3OuESg
Bizni kuzatib boring:
Telegram
🎤 Тонгги тарона
🎼 Уй қурсам-да тиллоларда,
Яшасам-да яллоларда,
Онам рози қилдиммикан?!
🎬 Муҳаммад Зиё ижросида.
⚡Ота-оналаримиз розилиги учун жонимиз садқа бўлсин!
✅@Samarqandiy77
Ассалому алайкум !
Июлнинг янги иш ҳафтаси муборак бўлсин!
Тилагимиз;
Топганингиз ҳалол бўлсин,
Меҳнатингиз камол бўлсин!
Кўпайтирсин бойлигингиз,
Доллар бўлсин ойлигингиз!
Ишингиз дил нақши бўлсин,
Ишхонангиз яхши бўлсин!
Битмаган ҳеч иш қолмасин,
Пласт. карта бўш қолмасин!
Мажлиси кам бўлсин, дейман,
Икки кун дам бўлсин, дейман!
Таътилларда сайр қилинг,
Ортган пулга хайр қилинг!
Қолманг дўстим имондан ҳеч,
Жума куни номоздан кеч!
Қалб меҳнатга қодир бўлсин,
Бошлиғингиз одил бўлсин!
Ўрин йўқдир ҳеч ташвишга,
Машинада боринг ишга!
Ҳалол бўлсин ризқ ошингиз,
Кечикмасин маошингиз!
Қайси касбда бўлманг дўстим
Жамоага бўлинг устун!
Ҳурматингиз тоғ-ча бўлсин,
Ёвларингиз зоғча бўлсин!
Қани дўстим ишдир бугун,
Ишларингиз "беш"дир бугун!
Бўлиб доим ҳамроҳимиз,
Қўллаб турсин Аллоҳимиз!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
БАҲС
Дунё яралган чоғи,
Жуфт яралган неки бор.
Аллоҳ ўзи оламни,
Айламишдир шаҳсувор.
Жуфт этди, ўзи азал,
Одам бирла Ҳаввони.
Бу икки ҳилқатнинг ҳеч,
Йўқдир, асло ёмони.
Мен кучлиман дер эркак,
Не қудратдир бу хаёл.
Борига минг қаноат,
Ожизаман дер, аёл.
Асли, барчасин Аллох,
Идрок этгувчи ўзи.
Кимни кучли, кимнидир,
Ожиз этгувчи ўзи!
Ёлғон эмас, дунёда,
Хақиқатнинг хорлиги.
Эркаклардан кучлироқ,
Аёлларнинг борлиги!
Мудом ойнинг жамоли,
Этак билан ёпилгай.
Аёллардан ожизроқ,
Эркаклар ҳам топилгай.
Бас, не керак фикру-баҳс,
Хозиржавоб хаёллар.
Эркакка дўст бўлсин деб,
Яралган-ку, аёллар!
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
БОМДОДГА УЙҒОН
Оқиб келар, ортимиздан тонг,
Ширин тушлар сўзлайди буҳтон,
Аллалайди, занжирбанд шайтон,
Бомдод вақти, уйғон биродар!
Раҳмат тегсин, Ҳақ - ул Ҳолиқдан,
Санаб ўзни, сафту - солиҳдан,
Кеч колмайин, субҳи содиқдан,
Бомдод вақти, уйғон биродар!
Ороми бор, Жаннат бешигин,
Ҳақ таоло суйгай ошиғин,
Насиб истаб, Райён эшигин,
Бомдод вақти, уйғон биродар!
Бу Аллоҳдан лутфу - назокат,
Тарк айлама, ҳулқи - ҳалокат,
Унинг номи "Ризқу - барокат",
Бомдод вақти, уйғон биродар!
© Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Қиз ўстирган - йули чаман излик ота,
Эл ичинда ойдан ёруғ юзлик ота.
Аллох берган мукофотсан, менга қизим,
Жаннатларга борар дейди , қизлик ота!
У дунёда сочиб, куну-тун оҳларин,
Кўз ёшларга ювиб оппоқ яноқларин,
Йиғлаб сўрар, отасининг гуноҳларин,
Жаннатларга борар дейди, қизлик ота!
Ўлмасбек Самарқандий.
🎙Alisher Axrarov
🔗 Kanalimizda mehmon bo'ling 👇👇👇👇👇
Instagram
:https://www.instagram.com/alisher_ahrarov/
Telegram
: /channel/alisheriyat_olami
#Жума_битиклари
ОЛТИТА НОН ҲИКОЯТИ
Бугун ҳикоя айтай,
Қадрдан, қадриятдан.
Тингланг, хулоса топинг,
Ҳикмату – ҳамиятдан.
Сўз бошладим, сўзим рост,
Ибрат бўлсаки, шояд.
Бир йигитнинг ҳар кунлик,
Одатидан ҳикоят.
Ишдан қайтар чоқ йигит,
Ҳар юмушга берар вақт.
Рўзғор учун бозорга,
Тўхтаб ўтарди, албат.
Нонвой олдида йигит,
Бироз ўйга толарди.
Негадир, у ҳар куни,
Олтита нон оларди.
Нонвой ҳайрон, бу не сир,
Недан дарак бу иши.
“Нечун ҳар кун, олтита,
Нон олади бу киши...”
Сўрсам, жавобин айтмас,
Жим боқадир кўзлари.
Худди нон каби нурли,
Йигитчанинг юзлари.
Нонвойнинг айёрлиги,
Тутди бир кун, ногохон.
Бешта нонни қолдириб,
Қолганин этди пинҳон.
Ҳар кунги шом вақтида,
Йигит келди, нон сўраб.
-Бугун бешта нон қолди,
Берайми, шуни ўраб.
Нонвой маккор кўз ила,
Ёлғонини тузатди.
Бешта нонни йигитнинг,
Қулларига узатди.
Йигит жилмайди бироз,
У ҳам доно, сергакдир.
-Йўқ оғажон, мен учун,
Олтита нон керакдир.
Тандирим йўқ, бир нонни,
Ўзим қандоқ ёпаман.
Қўяверинг, майлига,
Бошқа нонвой топаман.
Шундай деди-ю, йигит,
Ортига қайтмоқ бўлди.
Нонвой эса, “ҳай - ҳай”лаб,
Нимадир айтмоқ бўлди.
-Эй биродар, шошилма,
Сал чарчоқ олган экан.
Саватимнинг остида,
Битта нон қолган экан...
Эртаси кун, нонвойнинг,
Таажжуби хўб ошди.
Миясида турфа хил,
Ўй –фикрлар талошди.
Келмади қўл ишга ҳам,
Савдонинг ҳам барори.
Уни ўйлантирарди,
Олтита нон асрори.
Янги режа тузди, у,
Бу жумбоқлар толдирди.
Йигит келар чоғ, атай,
Еттита нон қолдирди.
Яна ўша вақт етиб,
Йигит келди нон учун.
Нонвой эса бошлади,
Янги режасин кучин.
-Ука, бозор ҳам битди,
Энди савдо ҳам маҳол.
Шу битта нон қолмасин,
Еттовин ҳам олақол.
Нонвойнинг шум кўзлари,
Жавдираб турар ҳамон.
-Йўқ оғажон, керакмас,
Мен уволдан қўрқаман!
Уйимда жонивор йўқ,
На паррандам, на молим.
Битта нонни орттириб,
Не кечади, аҳволим.
Ахир, тушунинг мени,
Сизга қандоқ сўзлайин.
Қўяверинг, майлига,
Бошқа нонвой излайин.
-Эй йигит, шошма бир пас,
Олмасанг ҳам бирини.
Айтиб кетгин ҳеч қурса,
Олтита нон сирини.
Йигит бир жилмайди-да,
-Хўп оғажон, хўп – деди.
Бу оддий бир тасодиф,
Бунда ҳеч сир йўқ - деди.
Қизиқ, ҳеч қандай жумбоқ,
Келмабди хаёлимга.
Иккита нон етгайдир,
Мен бирла аёлимга.
Умрим поёни қандоқ,
Қандоқ бўлгайдир якун.
Шу боис икки нонни,
Қарзга берурман ҳар кун.
Ҳаёт номли уммонда,
Мавжланиб сузиб боргум.
Қолган икки нон билан,
Қарзимни узиб боргум.
Шундай дедию, йигит,
Кетди ўриндан туриб.
Нонвой шўрликни баттар,
Жумбоқ ичра қолдириб.
Ҳикоям битди дўстим,
Сизни ҳам кўп толдирдим.
Бу жумбоқнинг ечимин,
Ўзингизга қолдирдим.
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
УЙҒОНДИНГИЗМИ
Ассалом қадрдон, уйғондингизми,
Уйқу бермадими ёзнинг шамоли?
Мендек тонгни кутиб тўлғондингизми,
Ё мафтун этдими ойнинг жамоли?
Яна жой олдими орзулар тўлиб,
Кўнгил деб аталмиш кошонангиздан.
Бугун яна тақдир меҳрибон бўлиб,
Ўпиб уйғотдими, пешонангиздан?
Туринг, бомдод яқин, муҳаббат яқин,
Ҳаққа етсин бориб хуш овозингиз.
Адо этинг, боринг, иймоннинг ҳақин,
Маҳтал қилиб қўйманг жойнамозингиз.
Тонг табассум қилур, юзлари гулгун,
Янги кун нигоҳлар олдида илҳақ.
Миллиардлаб одамлар қатори, бугун,
Сизни уйғотишни унутмади, Ҳақ!
Сизга субҳидамдан шеъримни туздим,
Ўқинг ҳар сатрида соғинчнинг иси.
Биламан, ишингиз жуда кўп, дўстим,
Бомдодга шошилмоқ - энг биринчиси!
Ассалом қадрдон, уйғондингизми...
Ўлмасбек Самарқандий.
@Samarqandiy77
Ташвишлар ҳам бўлар-да бир гап,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг !
Тунингиз осуда ўтсин !
ХАЙРЛИ ТУН!
•┈┈┈┈•❈••✾••❈•┈┈┈┈•
Бугун биз билан бирга бўлганингиз учун ташаккур!
@Samarqandiy77