nurbekalimov | Неотсортированное

Telegram-канал nurbekalimov - Alimoff

20546

Бу ерда сиз халқаро муносабатлар, ижтимоий сиёсат, фалсафа, тарих, китобхонлик бўйича маълумотлар ва фикрларимни ўқиб боришингиз мумкин. Осторожно Сарказм!!! 18+ Барча тармоқларим: taplink.cc/alimoff Реклама - @The_Blesssed Альтер Эго 👉 @Alimofflive

Подписаться на канал

Alimoff

Ҳиндихитой уруши мустамлакачиликқа қарши урушми ёки ғоялар тўқнашуви?

XX асрнинг ўрталарида Жануби шарқий Осиёда бошланган Ҳиндихитой уруши нафақат Франция мустамлакачилигига қарши кураш, балки кейинчалик Совет Иттифоқи ва АҚШ иштирокидаги глобал идеологик тўқнашувнинг марказига айланади. Уруш Вьетнам, Лаос ва Камбоджа ҳудудларини қамраб олади. Асосий тўқнашув эса Франция ва Хо Ши Мин бошчилигидаги Вьетмин ҳаракати ўртасида кечади.

1946–1954 йиллардаги биринчи Ҳиндихитой уруши Франциянинг минтақада ўз таъсирини сақлаб қолишга уринишига қарши вьетнамликлар қўлига қурол олгани билан бошланади. Уруш қатъий партизан услубида олиб борилади. Оқибатда, 1954 йилдаги Женева конференцияси Франциянинг минтақадан чиқиши билан якунланади.

Лекин тинчлик узоққа чўзилмайди. Ҳиндихитой уруши иккинчи босқичда АҚШ ва Совет Иттифоқи таъсиридаги Вьетнам урушига айланиб кетади. Бу можаро Лаос ва Камбоджада ҳам қуролли тўқнашувлар, коммунистик ва капиталистик кучлар ўртасидаги таъсир кураши билан давом этади.

Ҳиндихитой уруши натижасида мустамлакачилик тизими расман тугайди, лекин бунинг ўрнида янги зиддиятлар ва фожиалар вужудга келади. Миллионлаб одамлар ҳалок бўлади, минтақанинг сиёсий харитаси тубдан ўзгаради, Ғарб ва Шарқ ўртасидаги қарама-қаршилик эса янада чуқурлашади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

⚡️Abituriyentlar diqqatiga!

🏢 O‘zbekiston davlat san’at va madaniyat institutida kasbiy (ijodiy) imtihonlar — joriy yilning 7-iyul sanasidan 15-iyul sanasiga qadar yo‘nalishlar kesimida o‘tkaziladi.

Quyidagi havola orqali ushbu institutda kasbiy (ijodiy) imtihon topshirishni belgilagan abituriyentlar imtihon kuni, vaqti va guruhini bilib olishi mumkin:

👉 San’atshunoslik: sahna va ekran san’ati dramaturgiyasi;
👉 San’atshunoslik: kino san’ati tanqidi va tahlili;
👉 San’atshunoslik: teatrshunoslik
👉 San’atshunoslik: san’at jurnalistikasi;
👉 Aktyorlik san’ati: dramatik teatr va kino aktyorligi;
👉 Aktyorlik san’ati: musiqali teatr aktyorligi;
👉 Aktyorlik san’ati: maqom teatr aktyorligi;
👉 Aktyorlik san’ati: qo‘g‘irchoq teatri aktyorligi;
👉 Aktyorlik san’ati: estrada aktyorligi;
👉 Rejissyorlik: kino va televideniye rejissyorligi;
👉 Rejissyorlik: estrada va ommaviy tomoshalar rejissyorligi;
👉 Rejissyorlik: dramatik teatr rejissyorligi;
👉 Rejissyorlik: qo‘g‘irchoq teatr rejissyorligi;
👉 Rejissyorlik: musiqali teatr rejissyorligi;
👉 Kino-teleoperatorlik;
👉 Xoreografiya: xoreografiya jamoalari rahbari;
👉 Xalq ijodiyoti: folklor ijrochiligi;
👉 Xalq ijodiyoti: an’anaviy xonandalik;
👉 Xalq ijodiyoti: cholg‘u ijrochiligi;
👉 Xalq ijodiyoti: vokal ijrochiligi.

Bakalavriat ta’lim yo‘nalishlarining Kasbiy (Ijodiy) imtihonlar o‘tkazish jadvali


💬 Bogʻlanish uchun telefon raqamlar:
📞 (+99871) 230-28-48
📞 (+99871) 230-28-42

📍Manzil: Mirzo Ulug‘bek tumani, Yalong‘och dahasi, 127-“a” uy.

*Eslatma: Abituriyentlar imtihon boshlanishidan kamida 1 soat avval shaxsni tasdiqlovchi hujjat (pasport yoki ID karta) hamda abituriyent ruxsatnomasi bilan institut hududiga yetib kelishlari lozim.

📌 Ruxsatnoma https://my.uzbmb.uz/ platformasidagi shaxsiy kabinetdan yuklab olinadi.

#Qabul2025 #Kasbiy #Ijodiy #Imtihon

Bizni kuzating

Facebook
| Instagram | YouTube | Telegram

Читать полностью…

Alimoff

Янги даврнинг эски қўзғолончилари — гуситлар ҳақида

1415 йил Чех дин уламоси Ян Гус ўз юришлари охирида инквизиция қарори билан ёқиб юборилади. Лекин унинг ғоялари ўлмайди. Аксинча, бутун Богемия бўйлаб кенг халқ ҳаракатига айланади. Шу тариқа “гуситлар” деб аталган ҳаракат пайдо бўлади. Улар нафақат диний ислоҳот, балки миллий ва ижтимоий адолат учун ҳам курашадилар.

Гуситлар бир хил эмасди — уларнинг ичида турли оқимлар бор эди. Масалан, таборитлар — Табор шаҳрида жамланган радикаллар, асосан қашшағлар, деҳқонлар, камбағал амалдорлар. Улар подшоҳликни инкор этар, мулк тенглигини талаб қилар, баъзан шунчалик кескин курашар эдики, ҳатто “Исо қайтиб келади” деб ишонган пикартлар каби оқимлар ҳам юзага келади. Ян Жижка вафотидан кейин унга эргашган жангчи таборитлар, мулкдорларга қарши қаттиқ кураш олиб борганлар.

Шунингдек, чашниклар деб аталган мўътадил қанот ҳам бор эди. Улар нафақат нон, балки шароб орқали ҳам муқаддас аҳдга шерик бўлишни талаб қилар, ерли католик черкови мулкларини секулярлаштириш ва озод диний таълимни йўлга қўйишни хоҳларди. 1433 йилда улар Империя билан муроса қиладилар ва кейинроқ радикал гуситларга қарши уришадилар. Липани жанги (1434) фақат гуситлар ўртасидаги тўқнашувнинг энг ҳал қилувчи палласи бўлди.

Гусизм Чехиядан ташқарига ҳам таъсир кўрсатади — Литва ва Польшадаги гуситлар диний эркинлик ва ижтимоий адолат учун ҳаракат қиладилар. Улар ҳарбий жиҳатдан енгилган бўлсалар-да, келажакдаги Европа Реформациясига кучли замин тайёрлашга улгурди ва уларнинг уринишлари Империянинг чекланган салоҳиятини очиб берди.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Яқинда бир гуруҳ энтузиастлар томонидан очилган FarengeytPress нашриёти ўсмирларнинг молиявий саводхонлигини ошириш йўлида ANORBANK билан ҳамкорлик келишувини имзолаганини, ушбу ҳамкорлик доирасида “Usborne” нашриётининг машҳур “For Beginners” туркумидан “Пул: бошланғич сабоқлар” китоби ўзбек тилида нашр этилаётганини ўқиб жуда хурсанд бўлиб тургандим.

Бу янгилик кетидан банк акциядори билан боғлиқ Париждаги ҳолатни ўқиб, хапаям бўб кетдим. Мен бу воқеага биргина "кўча жиноятчилиги" билан боғлиқ янгилик сифатида қарашга шошилмаслик керак, деб ҳисоблайман. Бу — аниқ бир инсонга тегишли фожиа. У киши нафақат бир ташкилот акциядори, балки оила бошлиғи, ота, ўғил, дўст, ҳамкасб — яъни шу сизу бизларга ўхшаган одам. Исталган юртдошимиз, тадбиркорми у, ўқитувчими, ошпазми, бунақа ҳолатга тушиши инсоний қалбда бефарқлик қолдирмайди.

Ўзим банк иловасини ишлатаман, ортиқча мақташ ёки ёмонлаш тарафдоримасман. Банкнинг бошқа ижтимоий лойиҳаларини ҳам ёзишибди, маладес деб қўйдим, ўқиб.

Ўша гап — чет элда юз берган воқеа ортида бизнес эмас, балки одам турибди. Шу боис, эҳтиросни йиғиштириб, бизга пул керак пайтда микроқарз бериб турган банкни (фоизи жа сиз ўйлаганчалик баландмас лекин) бизам қўллаб қувватлайлик.🙏

Банк вакилига тезроқ соғайишини ва оиласи бағрига саломат ҳолда қайтишини тилаб қоламан.💪

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Подшоҳдан ҳам роялистлар — ўта ўнг оппозиция нима дегани?

Сўнгги 200 йиллик сиёсий тарих гувоҳки, баъзи авторитар ҳокимиятлар фақатгина либераллар ёки прогрессчилар томонидан эмас, балки ўзларидан ҳам ўнгда турган мухолифатчилар томонидан танқидга учрайди. Яъни, “подшоҳдан ҳам кўра роялистлар” майдонга чиқади.

Масалан, 1814–1830 йилларда Франциядаги Бурбонлар реставрацияси давридаги ультрароялистлар. Людовик XVIII конституция ва парламентни тан олган мутадил консерватор эди. Лекин унинг ислоҳотларини хиёнат деб билган ультрароялистлар, граф д’Артуа атрофида жамланган ҳолда, ҳатто парламентда ҳам ҳаддан ташқари кескин позиция тутадилар. Бу палата шунчалик “носоғлом” эдики, подшоҳнинг ўзи уни тарқатиб юборади. Лекин кейинроқ граф д’Артуа Карл X сифатида тахтга чиқиб, цензурани кучайтирмоқчи бўлади – натижада 1830 йилда Июль инқилоби содир бўлади.

Ўхшаш вазият Испанияда ҳам кузатилган. Фердинанд VII либералларни бутунлай йўқ қилмагани учун, ундан ҳам кўпроқ репрессия талаб қилган ультрароялистлар ҳатто “норозилик қўзғолони”ни кўтарадилар. Кейинчалик эса Карлизм деб аталувчи оқим шаклланиб, у ХХ асргача сиёсий куч сифатида сақланиб қолди.

Биринчи жаҳон уруши пайтида Германияда ҳам шундай гуруҳ пайдо бўлди: кайзер ҳукуматини заиф ва ҳеч нарсага қодир эмас деб ҳисоблаган Немис Ватанпарварлар партияси. Улар демократик жараёнларга қарши чиққан ва тўлиқ диктатурани талаб қилган. Кейинроқ бу партия асосида Веймар республикасига қарши ҳаракат қилган партия шаклланади – айнан улар Гитлернинг ҳокимиятга келишига йўл очиб берганди.

Хозирги Россияда ҳам масалан Сирелков-Гиркинни шундай категорияга киритиш мумкин. У Путиндан ҳам қонхўрроқ режим тарафдори бўлиб, Путин етарли қон тўкмаяпти деган риторика билан уни танқид қилавериб, қамалиб ҳам кетти.

Бундай “ўта ўнг мухолифат” қисқа муддатда таъсирга эга бўлиши мумкин, лекин кўпинча либераллар ва мўтадил консерваторлар олдида ютқазади. Шунга қарамай, улар узоқ муддатда сиёсий саҳнада сақланиб қолади ва кейинги авлод сиёсатчиларига таъсир кўрсатишда давом этади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

“Анор” – хорижда яшовчи ўзбек ёшлари учун

“Ватандошлар” жамоат фонди ташаббуси билан “Анор” лойиҳаси доирасида турли давлатларда яшовчи 50 нафар ёш ватандош 12 кун давомида Бўстонлиқ туманидаги “Ниҳол” оромгоҳида дам олди.

Дастур давомида турли тўгараклар, маърифий учрашувлар, ўйинлар, экскурсиялар ташкил этилди. Ҳар бир кун ўзига хос тарзда, кўнгилочар воқеликларга бой тарзда ўтди.

Ёпилиш маросимида тантанали концерт, иштирокчиларни тақдирлаш, танловлар ғолибларини эътироф этиш каби тадбирлар бўлиб ўтди. Шунингдек, чет элда ўзбек тилини мустақил ўрганиш учун яратилган “O‘zbekistonlikmiz” мобил иловаси тақдим қилинди.

📌 Бу йил 400 нафардан ортиқ ёшлар ушбу лойиҳага иштирок этиш талабгори бўлиб, улардан 50 нафари саралаб олинди. Улар орасида ўзбек тили бўйича халқаро олимпиада ғолиблари ҳам бор эди.

Бундай лойиҳалар фарзандларимизнинг ўзликни англаши, миллийликни сақлаб қолиши учун катта аҳамиятга эга.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Империялар орасида яшаган генерал

Пауль фон Гинденбург — Германия тарихидаги энг баҳсли ва муҳим шахслардан бири. Унинг ҳаёти икки Германияни кўрди: Бисмарк давридаги империя ва Гитлерга йўл очиб берган Веймар республикаси. Генерал сифатида у Биринчи жаҳон урушида Германиянинг “миллий қаҳрамони”га айланган бўлса, сиёсий раҳбар сифатида демократиянинг ҳалокатини тасдиқлаган шахсга айланди.

1847 йилда пруссиялик аристократ оиласида туғилган Гинденбург бутун умрини ҳарбий хизматга бағишлайди. 1914 йилда ёши 67 га етган бўлса-да, у Биринчи жаҳон урушида фронтга чақирилади ва Шарқ фронтидаги Танненберг жангида Россия армияси устидан йирик ғалабага эришади. Унинг бу муваффақияти Германияда миллий ғурур тимсолига айланади.

Уруш тугагач, бироз сиёсатдан четда турган Гинденбург 1925 йилда 78 ёшида Веймар Республикаси президенти этиб сайланади. Бу сиёсатда катта тажрибага эга бўлмаган, лекин халқ ишончига сазовор бўлган қаҳрамоннинг янги синови эди. Ҳокимиятда бўлганда, у Германиядаги иқтисодий инқироз, сиёсий бесубутлик ва радикал кучлар ўртасидаги тортишувларга қарши мувозанат сақлашга уринади.

Лекин айнан Гинденбургнинг 1933 йилда Адольф Гитлерни канцлер этиб тайинлаши Германиянинг тақдирини кескин буриб юборади. У бундай қарорни мамлакатдаги ҳукумат инқирозини бартараф этиш мақсадида қабул қилганини айтган. Лекин бу қарор на демократик тартибни сақлаб қолади, на инқирозни ҳал қилади. Гитлерни ҳокимиятга олиб кирган Гинденбург 1934 йилда вафот этади. Унинг ўлими ортидан на президентлик институти, на Веймар Республикаси қолди — даҳшатли диктатура бошланди.

Гинденбург шахси тарихчиларни икки қарама-қарши нуқтада қийнайди: у миллий қаҳрамонми ёки авторитаризмга эшик очиб берган сиёсий фигурами? Унинг ҳаёти немис тарихи учун сабоқ. Ҳарбий шараф ва сиёсий масъулият ҳар доим бирга юришга мажбур эмас.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Монтесума II — охирги буюк ацтек ҳукмдори

1520 йил 30 июнда ацтекларнинг сўнгги буюк ҳукмдори Мон­тесума II ҳалок бўлади. Испан конкистадорлари томонидан ўлдирилгач, ацтеклар давлати таназзулга юз тутади ва кўп ўтмай бутунлай қулайди.

Мон­тесума II болаликдан ҳарбий санъатни ўзлаштирган, 18 та катта жангда ғалаба қозонган ва жуда ёшлигиданоқ тахтга даъвогар сифатида танилган. Гарчи у император Ашаякатлнинг олтинчи (ёки саккизинчи) ўғли бўлса-да, айнан уни муносиб ворис деб билганлар. 1502 йилда тахтга чиққач, у янги маслаҳатчиларни тайинлаб, давлатни ислоҳ қилишга киришади, душман шаҳарларга қарши урушлар бошлайди ва диний ислоҳотлар ўтказишга уринади.

Лекин 1519 йилда испан конкистадори Эрнан Кортес бошчилигидаги кичик, лекин яхши қуролланган отряд Теночтитланга етиб келади. Мон­тесума уларни дўстона кутиб олади, ҳатто айрим ривоятларга кўра, уларни қадимги буюк худоларнинг қайтиши деб қабул қилади. Шу орқали у испанлар қўлига тушиб, амалда уларнинг асирига айланади.

Император халқини қарши турмасликка чақирганида, ацтеклар ғазабланади. Мон­тесумани айнан ўз ватандошлари ўлдирган, деган фикрлар ҳам бор. Бошқа манбаларга кўра эса, испанлар уни ўзлари йўқ қилган.

Унинг ўрнига Куитлауак император деб эълон қилинади ва у ацтек қаршилигини бошлайди. Лекин орадан бир йил ўтиб, 1521 йили Кортес Теночтитланни тўлиқ босиб олади ва ацтеклар давлати барбод бўлади.

Тарихда империялар нафақат қудрати, балки уларнинг ҳалокат сабаблари билан ҳам эсда қолади. Мон­тесума II ана шундай шахслардан бири эди.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Reuters хабар беришича, Эрон Исроил билан уруш давомида мигрантларни депортация қилиш тезлигини 15 бараварга оширган

Бу асосан афғонларга тааллуқли бўлиб, Моссад томонидан ёлланган диверсантларнинг кўпчилигини улар ташкил қилган дейилмоқда.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, Исроил билан уруш пайтида Эрон ҳар куни ўртача 30 минг афғон қочқинини мамлакатдан чиқариб юборган. Бу 12 кунлик уруш бошланишидан олдинги кундалик ўртача кўрсаткич 2 минг киши эди.

Эрон хавфсизлик кучлари давлатнинг миллий хавфсизлигини тезроқ мустаҳкамлаш мақсадида ойига 1 миллион кишини депортацияси қилишни режалаштирмоқда.

Мен eрушда омади келмай, бор жахлини мигрантларга қаратаётган яна бир шунақа давлатни биламан.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Видеодаги синглимиз навоийлик Рухшона Собирова. У ўқитувчилар оиласида вояга етган. Рухшона дунёнинг ТОП-10 талигига кирадиган АҚШдаги Пенсилвания университетида ўқиш учун 370 минг АҚШ доллари миқдорида тўлиқ грантни қўлга киритган. Бунинг натижасида Рухшона 30 июнь — Ёшлар кунида шахсан давлат раҳбари билан учрашди.

Бугунги ёшларга одамнинг ҳаваси келмай илож йўқ. Уларга кўп-кўп имкониятлар берилди. Рухшона каби қизларимизнинг ютуғи эса мана шу имкониятларнинг меваси.

Ота-оналарга айтадиганим: қиз фарзандингиз бўлса, интилишига йўл очиб беринг. Бутун бошли давлат уларга эътибор қаратиб, шароитни қилиб беряпти. Шунинг учун ҳам охирги йилларда дунёнинг ТОП университетларини забт этаётган ёшларимизнинг сони тобора ошиб боряпти.

Бу авлод — чинакам олтин авлод. ТОП университетга ўқишга кириб, шахсан президент билан учрашяпти, давлат раҳбари ҳам уларга алоҳида миннатдорчилик билдиряпти. Ана шу пайтдаги ота-оналардан ўтадиган қувончни фақатгина ҳис қилиш мумкин.

Қизларни ўқитинг, дунёни забт этсин. Бугунги ёшларнинг бунга бемалол салоҳияти ҳам, имконияти ҳам етади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

🚫📺 Ёпилди. Сўнгра тирилди!

«Оилавий бола» (Family Guy) сериали 2-мавсумдан кейин 2002 йилда паст рейтинглар туфайли телеканал FOX томонидан ёпиб қўйилган эди.

Лекин нималар бўлганини биласизми?

🎬 DVD дисклар сотилди, интернетда шов-шув кўтарилди, мухлислар тўполон қилди... Натижада — 2005 йилда сериал эфирга қайтди! Ва шу кунгача давом этиб келмоқда. Ҳатто 23-мавсумга қадар узайтирилди!

Бу — мухлислар кучининг жонли исботи!

Шунақа тарихлар ва ғаройиб фактлар сизни қизиқтирса, Susambil сизни кутяпти.

👉 @Susambil | https://youtu.be/MlEgD_aN-XA

Читать полностью…

Alimoff

AloqaBank’нинг “Стартап йўли” медиа лойиҳаси доирасида тақдим этилган навбатдаги стартап — Bito. Бу “AloqaVentures” томонидан қўллаб-қувватланаётган ва “Startup Garage” венчур студияси резиденти бўлган лойиҳа.

Bito — бу ERP асосида ишловчи замонавий бизнес бошқарув платформаси. У нималарни таклиф қилади?

— Бир нечта бизнесни ягона тизимда юритиш;
— Мижоз ва таъминотчиларни ўзаро интеграция қилиш;
— QR-код орқали савдони соддалаштириш;
— Мижозлар профили орқали ҳар бир харидор билан индивидуал ишлаш;
— Мультивалюта, кэшбек тизими, Telegram-бот, видео қўлланмалар, онлайн ва офлайнда ишлаш имконияти.

AloqaVentures мақсади: ушбу стартап орқали Ўзбекистон ва минтақадаги корхоналарни глобал рақамли трансформацияга етаклаш.

Реклама

Читать полностью…

Alimoff

Биринчи жаҳон урушини бошлаган Сараево фожиаси ҳақида

1914 йил 28 июнь куни Сараево шаҳрида содир бўлган суиқасд нафақат икки инсоннинг, балки бутун бир даврнинг умидларига хотима беради. Австро-Венгрия тахти вориси Франц Фердинанд ва унинг рафиқаси Софияни серб миллатчиси Гаврило Принцип отиб ўлдиради. У “Қора қўл” деб номланган махфий ташкилот аъзоси бўлиб, Босния-Герцеговинанинг Австрия томонидан босиб олинишига қарши курашарди.

Қотиллик олдидан ҳам бир ҳужум бўлган. Йўл бўйлаб турган яна бир террорчи эрцгерцогнинг автомобилига бомба отади, лекин у нишонга тегмайди. Шундан кейин Франц Фердинанд маҳаллий бошқарувчилар билан учрашув ўтказади ва ўша куннинг ўзида, эҳтимол тасодифан, машинасида Принцип кириб кетган қаҳвахона ёнидан ўтади.

Ҳайдовчи йўлдан адашаиб, тўхтаб қолади. Принцип эса бу имкониятни қўлдан бой бермайди. Икки дона ўқ билан тарих йўналиши бутунлай ўзгартириб юборади.

Гаврило Принцип ўшанда 19 ёшда эди. Қонунга кўра, у вояга етмаган ҳисобланарди ва ўлим жазосидан қутулиб қолади. Уни 20 йилга қамашади, лекин у орадан 4 йил ўтиб, қамоқда сил касаллигидан вафот этади.

Бу воқеа Австро-Венгрияга Сербиядан ҳисоб-китоб сўрашга баҳона беради. Империя 10 банддан иборат ультиматум йўллайди. Сербия уларнинг деярли ҳаммасини қабул қилади, биргина Австрия терговчилари Сербияда фаолият юритишини эса инкор қилади. Ана шундан кейин уруш бошланади.

Лекин тарихчиларга кўра, бу урушнинг бошланиши аллақачон аниқ эди. Болқонни худди қайнаб турган қозонга ўхшатишарди. Британия ва Франция билан иқтисодий рақобатда бўлган Германия кучайиб борарди, Россия эса славян бўлган серб биродарларини ҳимоя қилишни истарди. Болқон урушлари ва империалистик даъволар эса хавони ёнилғи билан тўлдирган. Сараеводаги ўқ эса ўша хавони ёққан учқун бўлган, холос.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Немис тилини тақиқлаш қандай қилиб немисликни мустаҳкамлади?

1917–1919 йилларда АҚШнинг бир неча штати (Огайо, Индиана ва бошқалар) немис тилини мактабларда, ҳатто хусусий ва черков мактабларида ҳам таъқиқлайди. Сабаб — Биринчи жаҳон урушидан келиб чиққан шубҳа: немислар “ишончсиз” ҳисобланади, уларни “американлаштириш” керак эди.

Натижа нима бўлди? Ассимиляция ўрнига тескари таъсир. Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, шу штатлардаги немислар:

— болаларига немисча исм қўйишни кўпайтирди;
— ўз миллати вакилига турмушга чиқиш/уйланишни афзал кўрди;
— АҚШ армиясига ихтиёрий бориш ўрнига қоча бошлади;
— болаларини немис лютеран черков мактабларига берди.

Давлат босими уларни ассимиляция қилмади, аксинча, ўзини “асраш” учун немисликни янада кўпроқ ушлаб қолишга мажбур қилди.

Баъзида тилни йўқотиш — миллийликни йўқотишдек қабул қилинади. Шунинг учун ҳар қандай тақиқ акс таъсир бериши ҳам мумкинлигини унутиб қўймаслик керак.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Ёшлар стартапларини қўллаб-қувватлаш борасида янги тизим йўлга қўйилди. Бу соҳага ҳозиргача 145 млн доллар венчур сармоя киритилган. Президент ушбу рақамни 1 млрд долларга етказиш мақсад қилинганини айтди.

Энг муҳими — бу жараён мактабдан бошланади. «Моҳирлик ва бизнес соати» орқали ўқувчиларнинг ғоялари стартапга айлантирилади ва 100 млрд сўм грант ажратилади.

Олийгоҳлар ўртасида «Энг яхши креатив ғоя» танлови ўтказилади. Ғолиблар университет жамғармасидан 300 млн сўмгача грант билан қўллаб-қувватланади.

Шунингдек, Инновация агентлиги ва IT-парк ҳамкорлигида «RnD» маркази очилади. Энг яхши лойиҳалар учун 50 минг долларгача харажатлар Ёшлар венчур жамғармаси орқали қопланади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Ян Жижка — католиклар қаҳри ва кўр саркарда

Баъзилар қаҳрамон бўлиб туғилади. Баъзилар эса қаҳрамонга айланади. Ян Жижка ана шундай урушларда ном чиқарган, кўзи сўқир бўлса-да, жанг майдонларини ларзага солган саркарда эди.

У аввалида оддий богемиялик кичик амалдор эди, тирикчиликни қилич билан топарди. Грюнвальд жангида тевтонларга қарши жангда бир кўзини йўқотади, сўнгра турклар билан, ҳатто Азенкур жангида французлар сафида ҳам қатнашади. Бир муддат қароқчилик қила бошлайди. Лекин кейин иймонга келиб, 1419 йилда гуситларнинг радикал қаноти — таборитларга қўшилади.

1420 йилда у Прагадаги католикларга қарши қўзғолонни қўллаб-қувватлайди. Салбчиларга қарши урушда Жижканинг отрядлари янги тактик усулларни жорий этади.

Императорнинг 30 минглик армияси Прагани қамал қилганида, Витков тепалигида Жижка қурган махсус мудофаа иншоотлари шаҳарни сақлаб қолади. Уруш гуситлар ғалабаси билан якунланади, Жижканинг нуфузи эса кўкка кўтарилади.

Лекин уруш шафқатсиз. 1422 йилда у иккинчи кўзидан ҳам ажралади, лекин кўр бўлса ҳам армияни бошқаришда давом этади. Броддаги жангда Сигизмундни мағлуб этгач, шаҳарни ҳимоя қилганлар ўлдирилади, қолганлари қочади.

Жижканинг муваффақияти нимада эди? Бу замонавий ҳарбий тафаккурда: қўшинларнинг аъло даражадаги мувофиқлашуви, артиллерияни жанг пайтида тезкор қайта жойлаштириш, жанг аробаларидан ҳужум ва мудофаада самарали фойдаланиш — булар 15-асрдаги ҳарбий инқилоб эди.

Жижка 1424 йилда, қамал пайтида вабодан вафот этгани тахмин қилинади. Ривоятларга кўра, у ўлимидан сўнг терисидан ноғора тайёрлаш ва шу асбоб билан душманни қўрқитиб туришни васият қилганмиш.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

“Инсон ўзини жабрланувчи сифатида кўрсатса, бахти учун бошқани айбдор қилса, атрофида абьюзерлар пайдо бўла бошлайди”- Дилшод Утаров.

🎙 Бу сафар Parda Podcast’да Дилшод Утаров билан жуда муҳим мавзулар муҳокама қилинган. Қизиқарли фикрлар, ҳаётий мисоллар ва амалий маслаҳатлар — шу ерда!

🔗 https://youtu.be/iHj0bPJ8sdc?si=Nst5Sj-SAEVTnbja

Читать полностью…

Alimoff

Папа зуавлари кимлар эди?

XIX аср ўрталари, Италия бирлашуви даври. Папа ҳокимияти маркази бўлган Рим энди Сардиния қироллигига қарши сўнгги тўсиқ эди. Папа Пий IX ўз ҳудудларини ҳимоя қилиш учун нафақат швейцариялик гвардиячилар ва ихтиёрий маҳаллий қўшинларни, балки махсус элита қисм — зуавларни ҳам тузади.

Папа зуавлари биринчи бор 1860 йилда Франция ва Бельгиядаги кўнгиллилар орасидан тузилган. Уларга француз генерали Луи де Ламорисьер раҳбарлик қилган, шаклланишида Бретань ва Вандея каби консерватив ҳудудлар фаол қатнашган. Қизиғи шундаки, зуавлар шимолий Африкада хизмат қилган француз юзавларига ўхшаб, кенг ва ғаройиб шимлар кийишган. Ватиканда баъзилар бу кийимни “мусулмонча” деб танқид қилган бўлса-да, Папа уларни ўзи тасдиқлаган.

1868 йилга келиб, зуавлар сони 4500 нафарга етади — кўпчилиги голландлар, энг оз сони эса руслар (атиги икки киши) эди. Улар енгил пиёда аскарлар сифатида фаол ҳаракат қилган, лекин жанг майдонида фақатгина ютуқларга эришган дейиш қийин: Кастельфидардо (1860) ва Монтелибреттида (1867) мағлуб бўлганлар. Фақатгина Ментана жангида (1867) француз қўшинлари ёрдамида ғалаба қозонганлар.

1870 йилда италияликлар Римни эгаллайди. Зуавлар фаол қаршилик кўрсатади, аммо натижа бўлмайди. Шу билан Папа давлати тугайди. Зуавлар эса Францияга кетишади. Бу ерда улар Париж Коммунасига қарши жанг қилишга мажбур бўлишади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Владислав Листьев — сўз эркинлигининг ўлими

1990-йиллар бошлари Россияда сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар шиддат билан кечаётган, давлат назорати заифлашган, бойликлар учун кураш эса кучайган давр эди. Ана шундай нотинч вақтда Владислав Листьев номи бутун мамлакатда танилганди.

Листьев машҳур тележурналист, “Взгляд”, “Поле чудес”, “Час пик” каби кўрсатувларнинг юзи, миллионлаб томошабинларнинг севимлиси бўлган. 1995 йил бошида у янги ташкил этилган ОРТ (Очиқ Россия телевидениеси) телеканалига раҳбар бўлади ва телевидениедаги коррупцияга қарши қатъий қадамларни бошлайди. Хусусан, реклама бозорини шаффофлаштиришга ҳаракат қилади.

Лекин 1995 йил 1 март куни Листьев Москвадаги уйининг подъездида отиб ўлдирилади. Унинг на телефони, на пулларига тегилган — бу пул учун қилинган жиноят эмаслигини кўрсатарди. Қотиллик буюртма асосида амалга оширилган, деган тахминлар ҳам пайдо бўлади. Ҳатто баъзи журналистлар буни “биринчи медиа қотиллик” деб аташди.

Қотиллар аниқланмади, жиноят ҳанузгача очилмаган. Лекин Листьевнинг ўлими Россияда сўз эркинлиги ва оммавий ахборот воситалари хавфсизлиги учун қайғули рамзга айланди.

Мавзуга чуқурроқ қизиққанлар анча йил олдин “Дарё” нашрига ёзган мақоламни ўқиб чиқишлари мумкин.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

“Саратон бўйича даволаш ҳамма жойда бир хил”, — онколог Рустам Норбаев

Ҳеч кимда бошқача кимё ёки нур терапия мавжуд эмас. Ўзбекистондаги онкология замонга мос руҳда.

Ягона муаммо бу кеч шифокор кўригига келиш. Бизда саратондан ўлимлар кўпаётганининг асосий сабаби шунда экан.

Батафсил шу ерда:

https://youtu.be/bjS0MO22i5A?si=flaZ1MGnNHNG_eFb

Читать полностью…

Alimoff

Жанубий Корея тарихидаги энг йирик фожиалардан бири ҳақида

1995 йил 29 июнь куни Сеул шаҳрида жойлашган “Сампун” савдо маркази фалокатли тарзда қулайди. Бу ҳодиса Жанубий Корея тарихидаги тинчлик шароитида юз берган энг йирик иншоот вайронаси ҳисобланади. Ушбу ҳалокат вақтида бинода 1 445 киши бўлган, улардан 502 нафари ҳалок бўлади, юзлаб одамлар тан жароҳати олади.

Марказ 1990 йилда очилган бўлиб, унга ҳар куни ўртача 40 минг киши ташриф буюрарди. У илк бор тўрт қаватли қилиб режалаштирилган, лекин пойтахтда Олимпиада олдидан қурилишлар авж олганидан келиб чиққан ҳолда, лойиҳа ўзгартирилади ва бешинчи қават ҳам қўшилади. Бино чиқиндихона жойлашган заиф тупроқ устига қурилган ва қурилиш жараёнида қатор техник ва хавфсизлик талаблари бузилган: носпецификацияга мос бетон, нозик темир арматуралар, колонналарнинг нотўғри диаметри, конструкцияга ортиқча юк туширувчи кондиционерлар ва бошқа омиллар ҳалокатга сабаб бўлган.

Ўша куни бинонинг бешинчи қаватида оғир техникалар ва ресторан жиҳозлари фонида пол ёрилиб, ён томонга босим туша бошлаган. Соат 17:52 да бинонинг том қисми пастга қулаган ва бу жараён 20 сония ичида бутун иншоотни йиқитган.

Фожиадан сўнг бир ой давомида қутқарув ишлари олиб борилади. Ҳалокат сабаблари юзасидан очилган иш натижасида 25 нафар масъул шахс жиноий жавобгарликка тортилади. Архитектор қамоқдан чиққач диний фаолиятга ўтган. Давлат томонидан жабрланувчиларга 375,8 миллиард вон (тахминан 300 миллион доллар) миқдорида компенсация тўланган.

Бу воқеа ортидан мамлакатда 1980-йиллар охирида қурилган барча бинолар текширувдан ўтказилади. Улардан фақат 2 фоизи қоидабузарликсиз деб топилган, 14 фоизида эса тўлиқ реконструкция зарурлиги аниқланган. Қолган қисми таъмирга муҳтож бўлган.

Энг қизиғи шундаки, ҳукумат фожиа юз берган жойда ёдгорлик қуриш ўрнига, янги премиум тоифали савдо марказини барпо этади. Ҳақиқий ёдгорлик эса бошқа жойда ташкил этилган.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Хусусий ОТМлар учун аниқ мезонлар белгиланди

Бугунги кунни хусусий таълимидаги энг катта муаммо — аниқлик йўқлиги. Ким ўқитяпти, ким шунчаки кўрсатма беряпти, ким ҳақиқатан илмга хизмат қиляпти, ким товуқ катакдаям универ очволиб, фақат соққа қиляпти — бу саволларга жавоблар жуда мавҳум эди.

Вазирлар Маҳкамасининг нодавлат олий таълим сифатини оширишга қаратилган янги қарори бу масалага кескин ёндашувни талаб қиляпти. Энди ҳар бир босқичда лицензия, инфратузилма, таълим дастури, молиявий кафолат, реинвестиция режаси, аккредитация каби тизимли ишлар қилиниши лозим.

Ушбу соҳани тартибга солиш учун бир неча муҳим талаблар киритиляпти:

2 миллион доллар устав фонди. Бу универ танлашда уни бақуваатлигини билдиради.
350 минг доллар депозит. Эртага банкрот бўбкетдик хайр деб талабаларни кўчада сарсон қопкетмаслигини, бу ишга жиддий ва узоқ муддатга киришганини билдиради.
5 000 м² майдонга тенг бино. Университетни алоҳида бир катта маконлиги руҳини беради.
Ректорга малака талаблари. Соҳага алоқаси йўқ ёки янги билимларга эга бўлмаган рандомний аммангни ўғлини ректор қилиб қўйишдан асрайди.

Ҳақиқий таълим берувчи ташкилотлар учун бу қийин эмас, аксинча, уларнинг бошқалардан фарқини кўрсатиб беради. Қолганлар эса шундоғам четда қолади.

Умра бизнес ҳам мана шундай талаблар киритилгач, "от ўйин" бўлмай тартибга тушиб қолди. Таълим бизнесига ҳам шундай талаблар керак. Оқибатда бу истеъмолчи бўлган талабаларнинг фойдасига ишлайди.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

"Мухтож фаластинликлар учун" хайрия йиғаётганини даъво қилиб, 500 минг еврога яқин маблағ тўплаган балогер, бу пулларни қимматбаҳо автомобиллар, ҳашаматли соатлар ва дизайнерлик сумкалари сотволишга сарфлаворипти

Тергов маълумотларига кўра, ижтимоий тармоқларда Абдул Ҳамид тахаллуси билан танилган 34 ёшли ушбу шахс 2021 йилдан 2024 йил октябригача 37 та онлайн маблағ йиғиш кампаниясини уюштирган. У барча хайриялар Ғазо сектори ва бошқа жабрланган ҳудудлар аҳолисига ёрдам кўрсатиш учун йўналтирилишини таъкидлаган.

"Фаластин учун" маблағ йиғиш чақириғидан сўнг у 78 минг евро пул тўплаган ва тез орада 71,6 минг еврога BMW машинасини харид қилган. У жами 497 090,31 евро пулни ўзлаштирган.

Абдул Ҳамид душанба куни Дюсселдорф вилоят судида бўлиб ўтган суд жараёнида хайрия маблағлари билан боғлиқ фирибгарликни содир этганини тан олди.

Bild нашрининг хабар беришича, ушбу инфлюенсер шунингдек Германияда яшаб юриб, меҳнат марказидан ижтимоий нафақалар ҳам олган ва унга нисбатан ижтимоий таъминот соҳасидаги фирибгарликлар бўйича ҳам алоҳида тергов олиб борилмоқда.

У 2024 йил октябрда ҳибсга олинганда, терговчилар томонидан 20 минг евро нақд пул, қимматбаҳо сумкалар, Rolex соатлари ва машина мусодара қилинган.

"Бу ҳодиса интернетдаги хайрия кампанияларини диққат билан текшириш нақадар муҳимлигини кўрсатади. Одамлар ишонч билдиради, фирибгарлар эса бундан фойдаланиб қолади," - дея таъкидлаган Дюссельдорф вилоят полиция бошлиғи.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Қўшниликдан душманликкача бўлган йўл — Эрон–Ироқ уруши ҳақида

1980 йил 22 сентябрь куни Ироқ президенти Саддам Ҳусайн Эронга қарши уруш эълон қилади. Бунинг ортида нафақат икки давлат ўртасидаги ҳудудий тортишувлар, балки чуқур геосиёсий қарама-қаршиликлар ётарди. Эронда 1979 йилда юз берган исломий инқилобдан сўнг ҳокимиятга келган Оятулло Хумайний минтақадаги шиа таъсирини кучайтиришни бошлайди. Бу эса суннийлар бошқарувидаги Ироқ ва унинг араб иттифоқчиларида хавотир уйғотади.

Энг муҳим баҳс Шатт-ал-Араб дарёси бўйича бўлган. Бу сув йўли Ироқ учун ягона денгиз йўли бўлиб, 1975 йилдаги Жазоир келишувига биноан Эрон ва Ироқ уни тенг улушда бошқаришга рози бўлганди. Лекин инқилобдан сўнг Ироқ бу келишувни бир томонлама бекор қилиб, нафақат ушбу ҳудудни, балки Эроннинг нефтга бой Хузистон вилоятини ҳам эгаллашни мақсад қилади.

Саддам Ҳусайн бу урушни қисқа ва ғалабали бўлади деб ҳисоблаган. Унинг режасига кўра, Эрон ҳукумати инқилобдан сўнг ҳануз ноаниқ ва заиф эди. Лекин кутилмаганда, Эрон халқи миллий бирлик билан урушга жипслашади. Инқилобий руҳ билан қуролланган кўнгиллилардан иборат аскарлар урушга жону тани билан киришади.

1980–1988 йиллар орасидаги саккиз йиллик урушда камида бир миллион одам ҳалок бўлади, миллионлаб одамлар яраланади ва маконсиз қолади. Иккала давлатнинг иқтисодиёти вайрон бўлади. Уруш давомида биринчи марта кимёвий қуроллар қўлланади, айниқса Ироқ томонидан. Жаҳон ҳамжамияти бу урушга катта таъсир кўрсатмайди — кўпгина давлатлар томошабин бўлиб туради ёки бир томонга яширин ёрдам кўрсатади.

1988 йилда уруш БМТнинг 598-сонли резолюцияси асосида тўхтатилади. Лекин натижада ҳеч қандай ҳудудий ютуқ, ғалаба ёки мувозанат ўзгармайди. Эрон ҳам, Ироқ ҳам урушда ютиб чиқмайди — фақат миллатлар оғир йўқотишларга дуч келади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

⭐️ Diqqat! Toshkentning musaffo, “biroz” changli osmonida Telegramman ko‘rinish berdi.

Mana yildirki yildirki, Telegramman insonlarni Telegramda eng foydali va mazmunli kanallarga obuna bo‘lishga da’vat etib kelmoqda.

⭐️ Bu gal ham Telegramman siz uchun o‘zbek segmentidagi barcha manfaatli kanallarni to‘plab, ularni bir havolaga biriktirib qo‘ydi.

@insusambil

Читать полностью…

Alimoff

Урушга хурсандчилик билан кирган Европанинг аламли тўқнашуви

Биринчи жаҳон уруши бошланганида фақат Сербия ва Бельгия уни ҳақиқий фожиа сифатида қабул қилади. Қолганлар, Европа, жумладан, Россия ҳам урушни фахр, интиқом ва ютиладиган бойлик деб ҳисоблайди. Газеталар “немис қонини истаймиз” дея бақирар, ватанпарварлар эса нега ҳануз тинчлик сақланаётганига ҳайрон бўлишарди.

Россияда кўпчилик 1878 йилги Берлин конгрессини эслаб, Германияни “дўстларини сотган” давлат сифатида кўрарди. Усмонийлардан уруш орқали Босфор ва Дарданелларни тортиб олиш хаёли ҳам халқ орасида жуда оммалашганди. Австрия-Венгрия эса славянларни зулмда ушлаб турган душман сифатида тасвирланарди. Галиция орзу, немислар хавфли ва нафратли рақиб, Франц-Иосиф Қрим урушидаги хиёнатнинг рамзи эди.

Лекин биринчи қизиқиш ва “ура-ура” шовқин урушнинг ҳақиқий юзи билан тўқнашганда тезда сўна бошлайди. 1915 йилдаги “Катта чекиниш”дан сўнг Россияда, қолаверса, бутун Европада, урушга бўлган кайфият жиддий ўзгаради.

Одамлар фронтдаги чексиз талафотлар, таъминот танқислиги ва реал ғалабаларнинг йўқлиги фонида аввалги шовқинларга шубҳа билан қарай бошлашади. Уруш бошида йўлга чиққан миллионлаб “ватанпарвар”лар ё ярадор, ёки ўлиб қайтади.

Мобилизация ортидан ишсизлик, қимматчилик ва оммавий норозилик келади. Газеталардаги шовқин жазавали сукутга, уруш пропагандаси эса шикоятлар ва юртга қайтиш сўровларига алмашади.

Урушга ишонган халқ энди ундан чарчаган халққа айланади. Айнан шу урушдаги мағлубият кайфияти кейинчалик Россияда тўлалигича бошқа бир ҳалокатли жараён — февраль ва октябрь инқилобларига олиб келади.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

АҚШ Сурияга қарши санкцияларни тўхтатди

АҚШ президенти Доналд Трамп Сурияга нисбатан 1970 йиллардан бери амалда бўлган аксарият санкцияларнинг амал қилишини тўхтатиш тўғрисидаги фармонни имзолади. Ушбу фармон ташқи савдо, молиявий операциялар ва экспорт соҳасидаги чекловларни бекор қилиш, шунингдек, "Цезар қонуни"* қоидаларини қисман бекор қилишни назарда тутади.

Бундан ташқари, фармон "Ҳайъат Таҳрир аш-Шом"нинг террорчилик ташкилоти ва Абу Муҳаммад ал-Жўлонийнинг халқаро террорчи мақомини қайта кўриб чиқиш имкониятини беради. Трамп таъкидладики, агар чекловларни бекор қилиш шартлари бузилса, АҚШ яна чекловлар киритиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

Янги режим жангарилари томонидан этник тозалашлар ўтказилаётганига қарамай, санкцияларнинг тезлик билан бекор қилиниши АҚШнинг Сурияга "қайта тикланиш имкониятини" бериш истагидан эмас, балки АҚШнинг Яқин Шарқдаги энг асосий иттифоқчиси бўлмиш Исроил манфаатларидан келиб чиқиб қилинмоқда.

Вашингтон Жўлонийни Дамашқдаги янги раҳбариятни тан олиш ва чекловларни олиб ташлаш эвазига ён беришга тайёр бўлган янада мослашувчан ҳамкор сифатида кўрмоқда.

Айнан шу нуқтаи назардан Исроил ва Сурия ўртасида муносабатларни нормаллаштириш бўйича билвосита музокаралар олиб борилмоқда. Учрашувларнинг бир қисми Озарбайжон ҳудудида бўлиб ўтди. Исроил оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, Сурия ҳудудига нисбатан тан олиниш ва ҳужумларни тўхтатиш учун Ал-Жўлоний ҳатто исроилликлар томонидан босиб олинган Голан тепаликларини қайтариш масаласини кейинга қолдиришга рози бўлмоқда.

* Цезарь қонуни — У Седная қамоқхонасидаги қийноқлар ва қотилликлар ҳақида гувоҳлик берган Сурия араб армиясининг қочқин зобити тахаллусига кўра номланган АҚШ қонуни бўлиб, расмий Дамашқ билан ҳамкорлик қилувчи барча шахсларга - сиёсатчилар, тадбиркорлар, банкир ва молиячиларга санкция қўллашг тааллуқлидир.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

“Сиздан қизиқиш, биздан шароит” — “Рақамли авлод қизлари” технологияга қизиқувчи қизларни таълимга жалб қилмоқда

Қизлар учун сунъий интеллект, “яшил” иқтисодиёт ва рақамли санъат (Digital art) каби долзарб йўналишларда билим беришга қаратилган “Рақамли авлод қизлари” лойиҳаси жорий йилда халқаро даража кўтарилиб, Хитой, Озарбайжон, Иордания каби давлатлардан ҳам иштирокчиларни қамраб олди. Умумий ҳисобда ўтган олти йил давомида 5 000 дан ортиқ қизлар ушбу ташаббусга қўшилди.

Шунингдек, танловнинг республика босқичида ғолибликни қўлга киритган иштирокчилар 10 кунлик таълим сафари доирасида АҚШдаги Ҳарвард ва МИТ каби дунёнинг нуфузли университетларига ташриф буюришди.

30-июн – Ёшлар кунига бағишланган тадбирда лойиҳа етакчиларидан бири Мадина Намозова эндиликда Президент фармони асосида туман, шаҳар ва республика миқёсида доимий равишда кўрик-танлов тарзида ташкил этилишини маълум қилди. Бу эса мамлакатнинг ҳар бир ҳудуди — марказдан то энг чекка қишлоқларга қадар ёшларни қамраб олиш имконини беради.

Ҳар бир вилоятда фаолият юритаётган координаторлар ҳамда махсус электрон платформа орқали талабгорларга лойиҳа ҳақида маълумот берилиб, ариза топшириш имконияти тақдим этилади. Шунингдек, лойиҳа моддий-техник базасида мавжуд ресурслар орқали зарур гаджет ҳамда қурилмаларга эҳтиёжи бўлган иштирокчилар тўлиқ қўллаб-қувватланади.

— Муҳими, мазкур лойиҳада иштирокчидан фақат технологияларга бўлган қизиқиш талаб этилади. Қолган барча масалалар лойиҳа ташаббускорлари томонидан ҳал этилади,

— дейди Мадина Намозова.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Сукутдаги империя — Франц-Иосифнинг оғир тожи

Франц-Иосиф — ташқи томондан муздек совуққон, ички дунёси эса вайрона бўлган император эди. У 18 ёшида тахтга чиқади. У пайтда Европа инқилоблар оловида ёнар, Вена кўчаларида исёнчилар билан жанглар бўларди. Содда қилиб айтганда, у ҳеч қандай тайёргарликсиз, мамлакатда инқироз ҳолатида бошқарувчига айланади.

Император сифатида Франц-Иосиф ҳар куни эрталаб соат 5:00 да уйғониб, кун тартибини бир дақиқага ҳам ўзгартирмасди. Унинг ҳар куни бир хил ўтарди — юзлаб ҳужжатларни имзолаш, қарорлар қабул қилиш, баъзан эса шахсий ҳаётдаги муаммолар билан курашиш.

Франц-Иосифнинг хотини машҳур Сисси (Бавариялик Елизавета) эса унинг акси эди. Эркин, кўтаринки кайфиятли, доим Европа бўйлаб саёҳат қилиб юрадиган, Вена саройидан безор бўлган аёл. 1898 йилда бу мал ка кўча айланиб юрганда италиялик анархист Луиджи Лукени томонидан пичоқ билан ўлдирилади. Унинг ўлими Франц-Иосиф учун оғир зарба бўлади. “Ҳаммаси қўлдан кетди…”, деб ёзганди у ўз кундалигига.

Унинг ўғли Рудольф эса Мейерлингда маъшуқаси билан бирга сирли тарзда ҳалок бўлади. Бу воқеа империя тарихидаги энг сирли ва фожиали воқеалардан бири бўлиб қолган. Франц-Иосиф севгисини йўқотади, умидини йўқотади, лекин вазифасини тарк этмайди. У жангдагина генерал эмас, ўзи билан ўзи ҳар куни тинмай курашувчи ҳукмдор эди.

1914 йилда унинг вориси Франц Фердинанд Сараевода суиқасд туфайли ўлдирилади. Бу воқеа Биринчи жаҳон урушини бошлаб беради ва империяни ҳалокат сари етаклайди. Императорнинг ўзи эса 1916 йилда, уруш олови бутун Европани қамраб олган бир пайтда вафот этади.

Унинг жасади Венадаги Капуцинер криптасига қўйилган. У ерда 140 дан ортиқ Габсбурглар мангу уйқуга кетган. Лекин Франц-Иосиф улар орасида энг кўп яшаган, энг кўп фожиа кўрган ва эҳтимол, энг кўп ёлғиз қолгани эди.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…

Alimoff

Бугун “Маънавият ва маърифат” марказидан «Буюклар ҳақида 100 та далил» китобининг тақдимотига таклифнома келибди.

Айтишларича, китоб ёшлар учун махсус тайёрланган. Фактлар қисқа, аниқ, суратлар билан ҳам бойитилганмиш. Бундан ташқари, ҳар бир маълумот QR-код орқали сунъий интеллект тайёрлаган видеороликлар билан тўлдирилган экан.

Мен учун яна бир эътиборга молик жиҳати китоб 8 та тилда, жумладан, қўшни-қардош халқларимиз тилида ҳам нашр этилгани бўлди. Бу иш қўллаб-қувватлашга арзийди. Қолганини тақдимотда кўрамиз.

🌟@nurbekalimov

Читать полностью…
Подписаться на канал