mittihaqiqatlar | Неотсортированное

Telegram-канал mittihaqiqatlar - Nodirabegim

2070

Adiba va tarjimon Nodirabegim Ibrohimovaning ijodiy kanali. @nodirabegim_bot

Подписаться на канал

Nodirabegim

1

қирқ кун ёмғир қуйди
қабрим устига
қирқ кун осмон кулди менинг устимдан
тупроқ оралаб
сув қуйилди
устихонимга
ичдим
лойқа сув
зирқираб
зирқираб
оғрир суяклар
таним устин мугуз қоплаган
совидим
музладим
борган сари кўп
охир қўл силтадим бари-барига
ўсдим
тупроқ устида кўринар
яшил қўлларим

2

охир
шаҳар битта кўлмак бўлди ҳам
дунё фақат деразадан иборат
ҳамда парда ортидаги уй ичкарисидан
одамлар
одамлар
одамлар тинмай
соябон пинжида ўтаркан сокин
ёмғир ҳеч тинмади
мен кўп термилдим
кўчанинг кулранг исига
дераза парланди
пар, ойна узра
ой, қуёш тасвири ўйнай бошлади
ҳув, ана,
бир кўринг
бечора бола
кўлмакка атайин сакради
иши йўқ, зериккан
зериккан кута.
яланғоч дарахтлар гадойнинг
орзуга чўзилган қўлидек қалтирар.
майсалар заминдан бош узмас
"уй иссиқ, уй иссиқ"
эшик тақиллайди
"ким у"
"йўқ улар"
"кетишган"
"устимдан қулфлаб"
"бир ўзим"
баъзида туюлар
келгунча УЛАР
мен катта бўламан
ҳатто
улгираман қаришга бунда.
ёмғир эса тинмас
эртага
майсалар усти
қоп-қора
мойчечакка тўлиб битади

АлФаЙЗ

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн учинчи кун

Нажмиддин Эрматов

Urug‘lar chilladan qaytdi gul bo‘lib,
Patlar nola qilib qayta qush bo‘ldi.
Toshlar ko‘p sirlarni aytdi gung bo‘lib,
Lek sening kelishing yana tush bo‘ldi.

Kipriklar dur ila to‘ldirdi rasta,
Ko‘ngil arzon etdi hijron bojini.
Sarroflar almashib bunda bir pastda,
Quduqqa irg‘itdi qismat toshini.

Sen kelding shu mahal oy nurin to‘sib,
Qo‘lingda uzik ip va siniq ko‘za.
Agar bu o‘ng bo‘lsa,  nega jimdirsan,
Nega ko‘zang siniq agar tush bo‘lsa?...

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн учинчи кун

Башорат Отажонова

***
Йўл - хаёл
Тунни тўзғитар темир арава
Ошиқаман зерикарли мақсадлар томон
Вақтни унутаман
Aҳамияти йўқдир зотан
Маҳкумлик таъбимга ўтирмас
Ўтириш ноқулай
Халақит берар соям
Ҳайдовчи тинмай гапирар
Миям қабул қилмас жумлаларни
Исроф бўлади сўзлар
Терс боқаман
Чарчоқнинг юзига
Хўрлигим келади -
Энг гўзал лаҳзалар увол
Бундай пайтда шеър ёзиш мумкин масалан
(ерни, вақтни, одамларни, қоидаларни унутиб,
сайр қилиш мумкин ўзинг билан
Худога яқин манзилда
Дилдан йиғлайсан,
Рост сўзлайсан,
Aслинг билан Унга юзланасан,
xотиржамсан, тозарасан)
Ёки ухлаётган қизларингга термулишинг мумкин
(кеча бағрингни тўлдирган бир жуфт бахт
Бугун тушунади Вақтни
китоб ўқи,
дарсларга югур,
масала еч,
чал...
яна дугоналар кутар кўчада ўйнаш-чун,
Шу орада уларни қачон қучганимни ўйлайман)
ёки ухлаш мумкин
(туш кўрасан ҳеч йўқ,
ғаройиб саргузаштлар)
Ҳайдовчи гапириб-гапириб,
жим бўлар охир,
Йўл тугамас,
Тун - жирканч!

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн учинчи кун

Мафтуна Умрзоқова

* * *
                 Ehtimol
                  (Dialog)

—Nega o'zingni osmoqchisan? Axir bu gunoh!
—Xudo meni kechirar,
Va buni dalil yo'qligi uchungina qilar.
Men yomon emasman,
Baxtsizdirman, ehtimol
—...
—Jimsan?
—Sen shunchaki aqldan ozganlar orasida aqldan ozding.
—Qo'yaver, ruhim abadiy yashashini bilishmas, ehtimol
—Qulog'imga nimadur eshtilyabti?
—Bu mening ovozi yo'q qichqiriqlarim
O'lishni sog'indim,
Shartta bo'g'zimdan so'yishsa,
Odatda tunlari yig'lardim, keyin kunduzlari ham...
Ehtimol, bu mening ibodatimdir?
Ko'ngilxushliklardan yig'lay boshladim.
—Yana Jahannamdan zavqlanasan.
—Bilasanmi,
Xudo g'alaba qozonmaydi.
Unga buning keragi ham yo'q.
—Unga ishonmaysanmi?
—Ishonch —ishonchsizlik.
O'zingda ishonch yo'qligi ma'lum bo'ldi.
Bir kuni Xudo seni kechirar,
Buni dalil yo'qligi uchungina qilar, ehtimol.
—Kel, Xudo haqida gaplashamiz.
— Ko'zga ko'rinmaydigan Xudo
Va ko'rinadigan itlar haqidami?
—Ehtimol, o'zini yashirishni yaxshi ko'rar U.
—Xudo bizni inson bo'lib tug'ulganimizga qanchalik pushmon qilsa,
Itlarni hayvon bo'lganligiga shunchalik pushmon qilamiz.
—Xudoga Xudo, insonga inson va itga itga bo'ladigan munosabat qilishimiz uqtirilgan.
—O'zini o'zi ozuqlantiradigan yolg'onlar bu.
Xudo bizga qanchalik hukmron bo'lsa,
Odamzod ham itlar ustidan shunchalik hukmron.
—Demak, inson ko'rinmas Xudo va ko'rinadigan it o'rtasidagi vositadan boshqasi emas.
Ko'tarib turaman,arqonga bo'yningni sol,
Keyin, qo'yib yuboraman.
Ehtimol, endiyam U bizni kechirar.
Va buni dalil yo'qligi uchungina qilar, ehtimol...

Читать полностью…

Nodirabegim

ОХИРИГАЧА

Агар сен нимагадир киришган бўлсанг,
охиригача бор
ёки бошлама.
Агар сен нимагадир киришган бўлсанг,
охиригача бор!
Оқибатда дўстинг, хотининг,
қариндошларинг, ҳаттоки ақлингни
йўқотишинг мумкин.
Барибир охиригача бор.
Оқибатда уч-тўрт кунлаб оч қолишинг мумкин.
Оқибатда боғдаги ўриндиқда
дилдираб юпун қолишинг мумкин.
Оқибатда турмага тушишинг мумкин.
Оқибатда зўравонлик остида қолишинг мумкин.
Устингдан кулишлари, ёлғиз қолдиришлари мумкин.
Ёлғизлик - бу туҳфадир.
Қолган барча нарса сабрингга синов,
қанчалар кучли эканингни,
буни қанчалик уддалай олишингни исташингни синови.
Ва сен буни уддалайсан, имкониятинг кам бўлса-да.
Ва оқибати сен тасаввур қилган барча нарсадан аъло бўлади.
Агар нимагадир киришган бўлсанг охиригача бор.
Сен Худо билан яккама якка қоласан,
тунларингни оловдек ёритади у.
Киришдингми, бажар.
Бошладингми, охиригача бор.
Уддала
уддала.
Охиригача
охиригача.
Ҳаётингни мукаммаллик сари бошла.
Зеро бу яшашга арзирли ягона жангдир.

Ч. Буковски

Нодирабегим таржимаси

Читать полностью…

Nodirabegim

#билдириш

7 ижодкор. 21 кун марафонининг иштирокчилари Байрам Али ва Мадина Норчаева ижодий намуналарини белгиланган вақтдан бироз кечикиб юборганликлари учун лойиҳадан чиқишларига тўғри келди. Ўтган кунлар давомида яхши ҳикоя, самимий шеърлар ёзишди, бундан кейинги ижодий фаолиятларига омад тилаб, иштирок учун раҳмат айтамиз!

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн иккинчи кун

Нажмиддин Эрматов

Olti oymas, oʻn asrlik yo'l tortib keldim,
Oʻlik qumli sahro uzra toʻlgʻonib keldim,
Eshitganni uygʻotguvchi soʻz olib keldim,
Panjasida xabar tutib uchgan gʻoz mana:
"Alpomish zindonda yotibdi".

Alp yigit bir noma bitti, joyi chox edi,
Bitgunicha koʻzi namli, boʻgʻzi OH edi,
Ming yildirki bandi ekan, kim ogoh edi,
Yolgʻon emas HAQ yozilgan bir qogʻoz mana:
"Alpomish zindonda yotibdi".

Yoʻl toʻsarlar oʻq otishdi oʻt ketdi yondim,
Ming yildirki, oyoq osti yerlarda qoldim,
Zindondagi bandi oʻgʻlon qayta jo'natdi,
Chanqovuzdan sado bo'lib yana taraldim,
Oh, boʻxchada qolib ketgan mungli soz mana:
"Alpomish zindonda yotibdi".

Oʻn ming uyli eling Oʻzdan ko'chib ketibdi,
Koʻk ruhini asrolmabdi, oʻchib ketibdi,
oybarchining ultontozni quchib ketibdi,
Meni hatto tanimadi kuntugʻmish checha,
Bugun hech kim eshitmagan bir ovoz mana:
"Alpomish zindonda yotibdi".

Xabaringdan hech kim seni olmadi tanib,
Zindoningda yotarsan-a endi oʻrtanib,
Senku ruhan ozod eding, ammo bilmaysan,
Oʻz tanidan zindon yasab, qoʻrqib, berkinib,
Boychiborning chilbir dumin kesib "mardona",
Odamlar zindonda yotibdi.

Oʻn asrlik yo'ldan keldim, ortga kuchim qolmaydi,
Isyonini koʻmgan eling seni taniy olmaydi,
Boychiborning dumin uzgan bovuringdan umid uz,
Seni izlab qutqargani endi hech kim bormaydi,
Asrlarning orasida qolgan sas mana:
"Odamlar zindonda yotibdi".

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн иккинчи кун

Мафтуна Умрзоқова

Эрк, минг йилки сени кўрмадим.
Улар баландда, мен пастда эдим,
Ҳаммадан пастда яшадим.
Нафақат яшадим, кўриб турардим:
Баланддагилар илдизи чиришин.

Эрк, бош қўяман бунда елканга,
Биз кўришдик минг йил деганда.
Чарлоқ қушдек,
Толган қанотим йиғиб,
Тиззанга узанай ўзни бўш қўйиб,
Нозик либос ичида яширин
Кучли елкамни силаб,
Шамол эпкинига,
Сувнинг шитирига,
Жўр бўлиб, аллала мени.

Йўқ. Минг йиллик уйқу бездирди.
Эрк, яхшиси, қанот бер менга.
Шамолда чайқалган баҳордек,
Поёнсиз кенгликлар аро,
Гул битмас бу маъвода,
Сув сатҳи бўйлаб,
Ҳали куйланмаган навода,
Учқур оҳанг қанотида,
Парвоз қилай чархин ҳавода.

Чарлоқ бўлолмасам, денгизнинг ўзи бўламан.
Қўлларингни тут мавжимга менинг,
Ҳарир пардадай товланиб турай,
Токи ифлос қўлларила тегинмас ҳеч ким.
Шундай бўй таратай, боши айлансин.
Эрк, фақат тарк этма.
Умр бўйи қизилда бўлдим.
Мовий бўлай, суқланиб ўтсин.
Минг йилдирки, эзиб ўтарлар.
Энди қутириб, тошиб турай,
Назар ташлашга-да қўрқиб ўтсинлар.
Умр бўйи кишанда бўлдим,
Оёқларим билан тўлқин яратай.
Минг йил олдингидай,
Ожизага бўйсунишсинлар!

Читать полностью…

Nodirabegim

Сўқоқнинг ниҳоясида жойлашган "Чашма" ўрмон хўжалигига саёҳатимиз тугади. Биринчи марта боришим, жуда ёқди. Зич қарағайлар, сой, шаршара, ғор, тоза ҳаво, сокинлик. Ижодбоп жой экан. Ҳудудга кириш 15 минг сўм. Тошкентни ярми кеча вилоятга кетган бўлса, қолган ярми бугун Сўқоққа: мадор сомсага ва варрак сайлига кепти. Йўллар тиқилинч, тор, нобоп, хавфли. Ўрмондан кулба топиб сешанбагача қолишли экан. Ички туризм учун эътибор кам, қолишга жой йўқ, табиатга тўймай қайтишга тўғри келди. Қисқа бўлсаям маза қилдим лекин. Боринглар, вақт топиб. Лолақизғалдоқ бу томонда йўқ экан.

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Мафтуна Умрзоқова

ўқиш: https://telegra.ph/O%D2%9Bilona-%D2%9Baror-04-20

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Башорат Отажонова

Таржималар (форс тилидан)

ГАРУС АБДУМАЛИКЁНдан:
***
(Маҳса Амийнига)
Сени ўлдирдилар,
Сенинг ўлиминг – тоғ.
Тупроқ олган билан
ўсаверар у.
***
Менда турли феъл-атворлар бор:
бир-бирин яралар,
аямай бошига етар бир-бирин,
ва бир-бирин кўмар
руҳим харобасига.
Бироқ мен
бутун феъл-атворим билан
сенга ошиқман

РАСУЛ ЮНОНдан:
***
Сенга шеърлар ёзсам бесамар
Гулдор юбка олсам – беҳуда.
Барча умид учди ҳавога:
ойна каби боқардинг,
стул каби турардинг,
стол каби...
Хуллас, яхши бўлди кетишим,
айлангандинг сен бир буюмга.

СИРИУС НОЗАРИЙдан:
***
Нимага боққанинг муҳим эмасдир,
Муҳими, нимани кўрганинг.
Боқ:
сен Кўкни кўряпсан,
мен эса қушларнинг йўқлигин.
***
Бу сукунатда
Қаердан биламан
Сўзламаганинг?!

ҲАСАН ОЗАРИЙдан:
***
Ёлғиз мен билурман
нечун жимсан ғалаба вақти
урушдан сўнг отган
илк сабоҳ каби
жимсан
гўзалсан
бироқ ғамгинсан
музаффар куннинг
илк нонуштасидек
тотлисан
дилтортар
бироқ
сенга қўл узатмоқ мумкин
фақат кўз ёш-ла

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Хуршид Абдурашид

***

Мураками китобини варақлаётиб,
Ўзимни тинглашга уриндим,
Билдимки,
қалбимга зарур таржимон.

Шамолларни эмас, гулларни эмас,
Туннинг қўшиғини тингладим,
Сездим,
бу ҳаёт тунлари кираркан тилга.

Мен сени тингладим,
сени, севгилим,
Дунёнинг энг қийин лисони,
муҳаббат тилида менга сўзладинг.

Яна сукунатни тингладим,
сўзга айланмаган оҳларни,
фарёдларни тинглаб титрадим,
Сукут - тили боғлиқ чечанликмиди?

Одамзотни тингладим мен,
йиғладим тинглай туриб,
иложсиз... йиғламай уни тушунмоқ.
Бироқ у сирини менга очмади.

Барибир тингладим мен уни,
Мураками китобини варақлаётиб...

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Мадина Норчаева

Таскин

Зерикдим
Кунларни сузиб пиёлага
Яна чой қошиқда солавериб қанд.
Қанча югурмайин йўлим айлана
Мудом ўз-ўзимга беравердим панд.
Биламан,
Қайдадир, андозаси йўқ
Бир мавсум туғилар эрта ё индин.
О, шу он апрелга қилмасдан қуллуқ
Кўкламнинг баҳридан кечишим мумкин.
Унда орзуларин кўтарганча даст
Бинафша рўмолин илар тиғларга.
Мангу озодликдан бўлганча сармаст
Қўшилиб кетаман қадим руҳларга.

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Хуршид Абдурашид

***

Севгинг охир маним кўнглимга кирди,
Кўнглимга кирдию аввал жим турди.
Бегона билмади, сўнгра бемалол
Ўзининг уйида юргандай юрди.

Мусиқа қўйилди. У мисли афсун,
Ҳар бир нотасида бир олам мазмун.
Бу уйдан бош олиб кетди ёлғизлик,
Ва бахт кўчиб келди бу уйга бугун.

Сен забун кўнглимга ноёб дорисан,
Бахтиёр умримга қўш энди ҳиссанг.
Ухласанг, бағримни болиш қилиб ол,
Елкамга бошингни қўйгин, ҳорисанг. 

Севги суянмоқдир, суй ва ардоқла,
Севги уйғонмоқдир, ғафлатдан сақла!
Ой бўлиб тунимни ёрит абадий,
Умримда қуёшдай мангу чарақла.

Эшик бўйсунарди сирли тилсимга,
Сен эса қарамай ҳеч бир "сим-симга",
Кўнгилга кирмоқ бир баҳона бўлиб,
Секин кириб олдинг менинг умримга.

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Байрам Али

Ўқиш: https://telegra.ph/BIR-GAPI-BOR-ODAMLAR-ehsse-04-19

Читать полностью…

Nodirabegim

— Мен Эрих Мария Ремаркни ўқидим. Бу адиба яхши ёзаркан.

— Бу бизнинг охирги учрашувимиз.

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн учинчи кун

Хуршид Абдурашид


****

Тонгда
соғинчларни
сабога сочдим...

Бири булут бўлиб
шаррос ёмғир қуйди,
кўйлагинг шалаббо этди, эҳтимол.

Бири дарахт бўлди
япроқлари сарғайган дарахт,
на сояси бордир, на бир меваси...

Бири кабутарга айланди,
тумшуғига қистириб мактуб
учди деразангни ахтариб...

Бошқаси гул бўлди,
кимдир узиб элтади сенга,
ё қурийди очилиб, сўлиб...

Бири эса кетмади.
Қайтиб
кириб олди юракка...


****

Шундоқ кўз олдингда маҳзун кунларинг
Қувончли дамларга айлана борса,
Эврила бошласа қайғулар бахтга,
Йиғлаб юборма.

Кулишни удда қил, фақат бу кулги
Чеҳранг чегарасин ўтмасин ҳатлаб.
Бу ҳозирча фақат қувончдан улгу,
Бу ҳозирча бахтдан йўлланган хатлар...


****

Чопиб кетаётган умр,
Қувиб бораётган эса мен,
Муросага келмаймиз сира.
Бу ҳаётнинг чақириғига,
Мен лаббай деб чиққанман пешвоз.

Бонг чалинди, қумсоат тайёр,
Умр тугаб қолмасин. Вақт бор.
Ҳозир осмон сўнгги юлдузни,
Яширгунча кўксига.
Улгур.

Сенга бирор аср етарми, севгим?

Юрагимга яқинроқ келгин,
Қоладиган бўлиб кел фақат.

Читать полностью…

Nodirabegim

Жаҳаннамда аёлларнинг улуши кўпроқ –
Кўкдан келган илоҳий ҳукм
Минг йилларки ўчириб бўлмас.
Волидамиз қорнидаёқ
Елкамизга ёзилди ҳали
Амалга ошмаган гуноҳлар сони.
Туғилганда отанг нигоҳлари дер эди:
Ахир кутгандим полвон
Кучли ва муҳими бегуноҳ.
Онанг ожиз пичирларди:
Ўғил бўлсайдинг, қани…
Яшар эдинг мендан яхшироқ.
Бўлажак гуноҳкорларга
Этилмас рухсат –
Сўзлаш
Куйлаш
Ўйлаш
Кулиш.
Ҳаракатсизлик ва жимлик
Итоат ва бўйсунмоқ
Сени гуноҳдан сақлар.
Ерда яратма ўзингга жаннат
Охиратда аёл бўлганинг учун
Жавоб бермоғинг керак.
Туғма ўзинг каби дўзахийларни
Улар уринишар алал оқибат
Бузиш учун азал қоидани.
Агар бўлганида бошқа бир олам
Шубҳасиз, аёл Ернинг юзидан
Қувиларди аллақачонлар.

Бу гал
бир ўзи ёлғиз…

Аниф

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн учинчи кун

Манзура Абдуллаева

Парадокс

***
-Эртага ажрашиш учун ариза берамиз.
- Яхши. Қаерда учрашамиз?
-"Бахт уйи"нинг ёнида...

***
У шифохонага жойлашди-ю икки-уч кун даволангач бетобланди.

***
Бу галги  шогирднинг сабоғи бир умрга эсдан чиқмайдиган бўлди.

***
Шамол чўғни сўндиришга қасд қилди. Бор кучи билан шунақанги қаттиқ пуфладики, оқибатда у катта оловга айланиб кетди.

***
Савдогар йигитнинг хуржуни фақатгина пул билан тўлганди. Шунинг учун ҳам ўша ноёб қутичани сотиб ололмади.

***
Ён атрофидаги бошқа дарахтлар каби одамлар қўлига мева тутқазолмагани учун ҳамиша кайфияти чоғ эди, шу туфайли дардсиз, қийинчиликсиз улғайди. Ҳар кун, ҳар лаҳза қувончдан узаяверди. Сўнг тезда тўсинга айланди бу терак.

***
Шер уйғонгач бир гала кийиклар ўзи томон югуриб келаётганини кўрди. Зумда ўтхўрларнинг ниятини илғади-да уятдан қочишга чоғланди.

***
Чол улкан денгизнинг қоқ ўртасида сувсизлик азобидан ўлди.

***
Азага келганларнинг мотам либослари-ю кўзларининг тўлдирган маржон-маржон ёшлари ҳам ширин-ширин қувончларини беркитолмади.

Читать полностью…

Nodirabegim

Хемингуэй Скотт Фицджералдга доим айтган: "Хотининг Зелда буюк романлар ёзишингга ҳалал беради", деб. Лекин акси бўлди: Скотт "Буюк Гетсби" ва "Ёқимли тун" асарларини ёзаётганида рафиқаси доим ёнида бўлган ва қувватлаган.

Ўз ўрнида Скотт ҳам "Хемингуэйнинг ҳар бир янги романи учун янги хотин керак" деб ёзиб қолдирган. Чинданам Эрни "Фиеста"ни Хэдли билан, "Алвидо, қурол"ни Паула билан, "Ким қўнғироқни чаляпти"ни Марта билан, "Ҳамиша байрам сен билан"ни Мэри билан яшаган пайтлари ёзган.

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн иккинчи кун

Башорат Отажонова

***
Aёл тушларини тонгларга сепди,
Дон тергандек териб еди чумчуқлар.
Шундан бери тонг отмади ҳеч,
Овозини излаб юради қушлар                                                                                                  
Aёл тушларини анҳорга сепди,
Ушоқ деб ўйлади содда балиқлар.
Шундан бери таъми ўзгарди сувнинг
Балиқлар анҳорни денгиз деб ўйлар.

Aёл тушларини ҳавога сочди,
Беватан чақмоқлар қошига келди,
Беватан шамоллар қошига келди,
Беватан ёмғирлар қошига келди.

Aёл тушларини Одамга айтди,
Одам индамади...
Кетди.
(Aёл чақмоқдек титради,
Шамолдек тўрт томон урди ўзини,
Ёмғирга айланди, тонгги ёмғирга)

Шундан бери овозин йўқотган Аёл,
Ҳаётни шўр денгиз деб қилар тасаввур.
Энг ёмони, туш кўрмайди ҳеч,
(Одам эса... Қайтмади ҳануз)

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн иккинчи кун

Манзура Абдуллаева

Сенинг қалбинг йиртилган сурат
Эзғиланган, тиртилган сурат
Муҳаббатсиз қолган ҳар қалбнинг
Қўли билан қирқилган сурат.

Шу сабабми юрарсан телба
Армонингдан тўлиқиб, тошиб
Майдалайсан ҳар кун, ҳар оқшом
Очилмаган ғунчалар бошин.

Мудроқ кўзга гўё қуёшсан
Ширин сўзга бўридай очсан
Вале дардга етмас бардошинг
Кўз ёшларга эримас тошсан.

Сенинг қалбинг йиртилган сурат
Эзғиланган, тиртилган сурат
Муҳаббатсиз қолган қалб билан
Миллион марта қирқилган сурат.

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн иккинчи кун

Хуршид Абдурашид

КЎЧМАНЧИ БАЛИҚЛАР

Ўқиш
: https://telegra.ph/K%D0%8ECHMANCHI-BALI%D2%9ALAR-04-21

Читать полностью…

Nodirabegim

Сой топиб олдим  🌊🌊🌊 байрам байрамдек бўлсин.

@mittihaqiqatlar

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Мадина Норчаева

ўқиш: https://telegra.ph/Maktub-04-20

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Нажмиддин Эрматов

Maysalar shivirlar
Bir so‘z
Sehrli
Shu so‘zni negadir olmayman ayta
Qamishlar bo‘g‘zida chilla saqlagan
Bir ohang kezmoqda havoda qayta

Bu yo‘llar
Qachondir
Unutgan otin
Manzilni ko‘rsatib sochadi yog‘du
Bu tunlar samoda ul cho‘mich yulduz
Ko‘zimni to‘ldirin quyadi orzu

Barhanlar chekinar
Ko‘hna
Xarita
Bir cheksiz ummonga suv quyar qayta
Baliqlar shivirlar
Bir so‘z
Sehrli
Shu so‘zni negadir olmayman ayta

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўн биринчи кун

Манзура Абдуллаева


Энди қутулмайсан, ой,
Кўкка бойланаман мен
Вале ерни ёритган
Шамга айланаман мен.

Кўнглимда бир гул ўсар
Ишқ дея шошиб-шошиб.
Қуримас ёз, кузда ҳам
Кўкарар ҳаддан ошиб.

Сайроқ тордек овозим
Қувноқ, бахтиёр бугун
Қадамларим вазмину
Ўтдай сочилар учқун.

Меҳнат- темир қанотим
Шукрдан ёруғ йўлим.
Нарвоним бўйи баланд.
Сенгача етар қўлим.

Энди қутулмайсан, ой...

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Мафтуна Умрзоқова

Ўқиш: https://telegra.ph/Tush-04-19

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Манзура Абдуллаева

Кечирингей эгилган сўзлар
Айтдим қумдек, тўкдим ёмғирдай
Бу дунёнинг номарди мўлдир
Тана  бўйлаб отган томирдай.

Баҳор келар, майсалар инграр
Кир товонлар босарлар шўх-шўх.
Оёқлардан сўрагум узр
Ёмонларга ҳеч бир жазо йўқ.

Мевага зор дарахтлар дардманд
Шохларини синдирар очлар
Оз ҳосилчун чўкадурман тиз
Айбин ювди айбсиз оғочлар.

Кечирингей эгилган сўзлар
Бу дунёда камтар-ожиз кўп
Кибрданда кучли йўқ гўё
Кибрданда оғир гуноҳ йўқ.

Читать полностью…

Nodirabegim

Ўнинчи кун

Башорат Отажонова


Қуёшга борини ютқазар кундуз –
(бир сояга муштоқ япроқнинг
умидидек пучдир ҳозир ёмғир ҳақда ўйламоқ)
Мана, кўз ёшларим, истаганча ич.
Ўз ичига чўкиб боради кеча –
(бир гулнинг сиғмагани каби гулкосасига
таранг тортилар кўнгил)
Чўкма, чўксанг, юрагимга чўк.
Қуш тилин тушунмас дарахтлар –
(алмисоқдан қолган сўзларни
чақадек санайди тонггача шаҳар)
Сенга Сулаймондан хабар бор, эй, Қуш.
Тобора буғланиб кичраяр анҳор –
(ўргимчак тўр тўқир қиз сочларидан
тақдирнинг ҳукмига бошин эгар қиз)
Қўрқма, тўлдириб бераман изтироб билан.
Бундан ташқари,                                                                                             
Бир Шеър хира тортар ёзилмай –
(зулумотга ошиқ гунг балиқларнинг
тасаввури йўқдир парвоз ҳақида)
Сени кимдир ёзсин, энди келмас у.

Читать полностью…
Подписаться на канал