Олтинчи кун
Манзура Абдуллаева
НАВБАТДАГИ ТОПШИРИҚ
Унинг касби кўнгиллар ғуборини чайиб, покизалаш эди. Бу иш ўзига ёққани учун ҳамиша мароқ билан меҳнат қилар, ҳатто юмушлари кўпайиб дам олишга вақти етмай қолган чоғларда ҳам асло нолимасди. Кунларнинг бирида раҳбари ҳузурига чорлади-да, биллур идишни қўлига узатди:
-Манавининг эгаси – менинг дўстим, ўзи беҳад давлатманд. Уни яхшилаб тозалолмасангиз ишдан олинасиз, - дея жиддий буйруқ берди.
У биллур идишга кўз ташлаб, аввалига ҳайратланди, хотирасининг бир четида қўзғолиш рўй берди сўнг итоаткорлик билан ишга тушишга мажбур бўлди. Бироқ бу гал ўзига топширилган кўнгилнинг доғ-дуғлари шу қадар чуқур эканки, устидан челаклаб сув қуйса-да сира-сира йўқолавермади. Бир неча кунлаб турли воситалар билан ғуборни кеткизишга бўлган уринишлари бесамар чиқаверди. Нималардир алам қилди, нималардир оғриқли ўкситди, кўзларидан шашқатор ёшлар тирқираб оқаверди. Юрагида аллақандай дард туриб, бутун танасига тарқалди. Охир-оқибат топширилган кўнгилни покизалашни уддалади. Аммо шундан сўнг касбидан тамоман воз кечиш учун ишдан бўшаб кетди.
Бешинчи кун
Мадина Норчаева
* * *
Зулматдан қўрқардим
Тунга отдилар
Юлдузлар бўғзимга ин қўйди қушдек.
Сузишни билмасдим
Сувга отдилар
Ғарқ бўлиб балиқлар маҳрига тушдик.
Яшашдан чўчирдим
Турмуш палахмон
Улоқтирди, ўздан олисга учдик.
Ишққа ҳаддим етмас
О, ишқ аланга
Ёнмасдан диллардан дилларга кўчдик.
Хатодан чўчирдим
Ҳа, наслим Ҳаво
Илк тақиқни бузган, хато ҳам бурчдек.
Энди ҳадик тортмам
Эркдан, кишандан
Қўрқувни енгдиму лек, энди кечдек.
@mittihaqiqatlar
Бешинчи кун
Нажмиддин Эрматов
Осмон, ҳолинг недур?
Юлдузга талош...
Турон, ҳолинг недур?
Минглаб айри бош...
Ҳурлик, келсанг-чи?
Топ ўзинг имкон...
Миллат, турсанг-чи?
Қўймайди замон...
Юрак урмайму?
Қўрқувга эшдур...
Шундай яшайму?
Ўлганинг пешдур.
@mittihaqiqatlar
Тўртинчи кун
Мафтуна Умрзоқова
Ўқиш: https://telegra.ph/Gunohbirinchi-isming-ayol-04-13
Тўртинчи кун
Нажмиддин Эрматов
Бор, суйгилим, тоғларда адаш,
Минг соғиниб, қолайин топмай.
Йўқ-йўқ, тўхта хато бу қараш,
Менга тоғлар аёндир кафтдай.
Иккимиз терс кетайлик йироқ,
Зижлар кўрсин йўлимиз айри.
Йўқ-йўқ, тўхта замин юмалоқ,
Келиш мумкин бир ерга қайтиб.
Осмон сари учгин эпласанг,
Аммо йўқлаб тўккан чоғим ёш,
Ҳар кечада сотиб қўяр ой,
Ҳар тонг қуёш қила бошлар фош.
Майли кетгин, тушларим ичра
Зоҳ тополмас ломаконга қоч.
Бу ҳам хато, кўзимдан сачраб,
Ҳар саҳарда топиб олар ёш.
Қара, умрим шундай талошдир,
Балки чиндир, балки бу ёлғон:
Кечаларда кечиб бардошдан,
Сенинг ҳам жонингга тегдими
Ҳижрон...
@mittihaqiqatlar
Тўртинчи кун
"Аёл бўлиб туғилма Шарқда".
(Гулноз Мўминова)
***
Тунларни малҳамдай эзди мунажжим.
Оламни сир босди, Одам ўзгарди.
Мусича тушидай маъсум кечани
Чақмоқлар тирнади - серзарда.
Ҳавони гиёҳлар ифори тутди,
Афсунлар - чирмовуқ, осмон сим-сиёҳ.
Осмондай сим-сиёҳ андуҳни ютиб
Ўз ичига чўкиб кетди Ой.
Кунларни ковлади чоҳдай
мунажжим
Оламга сир тушди - аланга тушди.
Боғлар оҳанг билан тирик мавсумда
Масиҳ овозини йўқотди қушлар.
Сувга шакл солди баҳайбат соя
Шамолдай соврилди ва тинди кўнгил.
Шамоллар суронин кўнглига қамаб
Гулбарглар ичига чўкиб кетди Гул.
Мавсумлар ўзгарди.
Aфсунлар синмади.
Ойқизлар, Гулқизлар тупроқ бўлдилар.
Ёмғирлар тинмади, шамоллар тинмади,
Чақмоқлар юзида титроқ бўлдилар.
Мунажжим йиғлади,
мунажжим ёлворди,
Ердан осмонгача кўкарди ғусса:
"Худоё,
сир ютган бу кўҳна ғорларни
Нима бўлар ахир,
уйғотсанг".
Башорат Отажонова
@mittihaqiqatlar
Учинчи кун
Мадина Норчаева
Бораман
Кўзимга чўғ қалар қасам,
Йўллар манглайида изларим битик.
Ва йўлдошим қушлар,
Бирга сайрасам:
"Очгин юзингни кўргони келдик"
Фурсат бошимиздан сочилган сочқи,
Ғам нима,
Қадаҳни тўлатган шароб.
Олдда ҳадсиз саҳро
Ва мингта соқчи
Ва умринг, яшашинг муқаррар сароб.
Борарман,
Бир телба оҳанг измида
Ҳилол - занжи оқшом бўйнидаги ғул.
Айтгин, кутармисан видо базмида
Ҳали учмай туриб бир юлдуз буткул.
Унгача,
фарёд ўстиради минораларда
Эртакка айланган ўша қадим юрт.
Унгача, олдинда бир улкан сароб
Йўлдошларим қушлар сақлайди сукут.
@mittihaqiqatlar
Учинчи кун
Башорат Отажонова
Таржима ҳикоя: https://telegra.ph/Bir-shaftoli--ming-shaftoli-04-12
Иккинчи кун
Нажмиддин Эрматов
Darmonim quridi sarg‘argan xasday,
Qashqirlar quvlagan itday charchadim.
Sizifning ortidan soy tomon paslay,
Cho‘qqiga yetmoqqa yetmas chidamim.
Tashlandiq hujraday ahvolim xarob,
Ko‘zimga in qurib oldi boyo‘g‘li.
Og‘zimga joylashib oldi o‘rgimchak,
Endi aytolmayman kim haq, kim o‘g‘ri...
Ko‘ksimga joylashdi bir kolvar ilon,
Ko‘nglimni har qanday hisdan qo‘riqlar.
Endi ingramayman, endi sezmayman,
Kun sayin ko‘nikib bordim og‘riqqa.
Endi uloqtirib tashlanglar yo‘ldan,
Tiriklik belgisi emasdir nafas.
Axir kimligimni unutdim o‘zim,
Axir kimligimni unutmas qafas...
@mittihaqiqatlar
Иккинчи кун
Мадина Норчаева
Кечир,
Тақдир тулпорлари измимдан чиқди,
Йўлларда чалкашди умр - ароба.
Қуёш ҳар саҳарда янги кун туғди,
Кунларки, асрга баробар.
Балиқлар тушидан лойқаланди сув,
Вақт бўм-бўш кўнглимни қиларкан хатм.
Ўзимдан ичкари хилват топдим-у
"Асҳоби Каҳф" каби узоқ ухладим.
Қайтсам,
Ўнгирларда чечаклар тўлган,
Эскириб битгандек қайғунинг бари.
Теграмда вижирлаб ишқ луғатидан
Чарх урар кўкламнинг қалдирғочлари.
Кечир,
Тақдир тулпорлари измимдан чиқди,
Лек келдим, бормисан дунёда омон?
Чорлай десам номинг ақлимдан ўчди
Кетай десам ёдинг тирикдир ҳамон.
Кечир...
@mittihaqiqatlar
Олтинчи кун
Нажмиддин Эрматов
Милтиқ қўндоғига ари ин қўйди,
Минали майдонда унди бойчечак.
Порохли қутини сичқонлар ўйди,
Бир сулув тушида совутин ечар.
Афтомат кўтарган бир қўлли ўсмир
Қон оққан тупроққа гул расмин чизар:
Қачондир бир дилбар сурганда ўсма
У некбин хаёллар сурганди чиндан...
Ҳаққушлар хониши таралди боғдан,
Тўфондай қўзғалди кўксида гина.
Бирдан ўшқирдилар, жанг сари олға,
Ўсмир олға кетди индамайгина...
Бешинчи кун
Хуршид Абдурашид
ХОНИМ ВА СУВАРАК (1-қисм)
Ўқиш: https://telegra.ph/HONIM-VA-SUVARAK-04-14
#ишкерак
Адабий газета-журналдан ярим штат иш излаяпман. Чиқиб қолса, хабар қилинглар, дўстлар.
@mittihaqiqatlar
Бешинчи кун
Башорат Отажонова
Таржима, 2-қисм: https://telegra.ph/BIR-SHAFTOLI--MING-SHAFTOLI-04-12-2
Тўртинчи кун
Хуршид Абдурашид
ИККИ ШЕЪР
Биринчи шеър
HERO
Дунё одамзотнинг ҳар турин кўрди,
Кимдир яхши бўлди, ким эса ёмон.
Бизнинг вақтга келиб, тутум ўзгарди,
Ҳамма буғдой бўлди, қолмади сомон.
Муҳаббат баҳоси тош босмай қўйди,
Тиниқ туйғуларда энди йўқ мазмун.
Бизнинг давримизга ўта олмади,
На ошиқ Ромео, на телба Мажнун.
Кўнгилни кир босди, қалб кўзин ғубор,
Риёсиз бир касга зор энди дунё.
Бизнинг замонага келмади афсус,
На рицар Дон Кихот, на Санчо Пансо.
Узоқ парвоз қилди чекинмай ортга,
Ўша тош асридан узилган бир ўқ.
Кўнмадик, зўрликсиз, сокин ҳаётга,
Маҳдудлик ғоридан чиққанимиз йўқ.
Инсон нажот истар. Қодир Зот билди,
Аммо алмисоқда битилган қадар.
Зотан, ўн тўрт аср аввал туғилди,
Аллоҳнинг Расули – сўнгги пайғамбар.
Некбинлик туяди кўнгил ногаҳон,
Янги қаҳрамонлар туғилаётир.
Қани, кел дунёга, Шарафли Ўғлон,
Қани, тезроқ туғил, эй Кенжа Ботир!
---------------------------------------
Иккинчи шеър
МИҚДОР ЙЎҚ СЕВГИДА
Севгига тўймайсан, қанча бўлса оз!
Ва ўлчов билмайди севгинг миқдори.
Севиб соғинасан, соғиниб севасан,
Билмоқчи бўласан қалбим иқрорин.
Ахир "севмоқ" сўзи ҳар сонияда,
Айтилган сўзларнинг саноғи эмас.
Муҳим бўлганида сўзларнинг сони,
Севги яшамасди ҳатто бир нафас.
Кўзларинг қаърига чўкиб бораркан,
Умрим ўз йўлини энди топгандай.
Шу ҳаётни асра. У сени асрар,
Ахир ғофил эмиш севгисиз банда.
Ёлғон ўраламас сўзларим ичра,
Икки қалб ораси - муҳаббат йўли.
Бу тошга айланган қалбни майдалаб,
Сўзларни унутиб, севаман, гулим.
Инонмоқ истасанг, инон, ёки йўқ.
Қалб ҳеч вақт алдамас, алдамас ҳислар:
Тушларим тушингга, қўлларим қўлингга,
Ва умрим умрингга боғланмоқ истар...
@mittihaqiqatlar
Тўртинчи кун
Байрам Али
Эссе: https://telegra.ph/ONGIM-CHI%D2%9AINDIHONA-EHMAS-yohud-urchiyotgan-kitobparastlar-04-13
Учинчи кун
Хуршид Абдурашид
***
Кел, суҳбат қиламиз, озгина ўтир,
Барибир ўзгармас дунёи қўтир.
Ўзингдан гапиргин, хотиржам бошла,
Ҳаёт ташвишларин бир четга ташла.
Майли болаликни ёдга ол, рухсат,
Менга энг беғубор пайтимни эслат.
Болалик осмони қор каби оқдир,
Биламан, у биздан анча йироқдир.
Умримиз ипидан узилган варрак,
Биз уни қувамиз сарсон, жонсарак.
Барибир бўлсак-да қанча чопағон,
Қувиб етолмаймиз уни ҳеч қачон.
Орзулар ортидан кетамиз дайдиб,
Кетган нуқтамизга бормаймиз қайтиб.
Қандай асов эдик бир дамлар, қара,
Энди қаршимизда сокин манзара.
Қай бир истагимиз рўёбин кўрди?
Қай бири армонга дўниб улгурди?
Вақт эса бешафқат, тинмай чопади,
Бизга ҳар он битта эрмак топади.
Шу билан андармон ойлар, ҳафталар,
Суғур куни каби ҳар кун қайталар.
Сен эса хотиржам, сипо турасан,
Овқатингни ейсан, футбол кўрасан.
Шундай курашасан ҳаётинг билан,
Бўлса-да, учмайсан қанотинг билан.
Қанот нима керак? Парвозлар унут,
Орзулар олдида улкан бир сукут.
Бошқача бўлиши мумкинми? Қандай?
Бўлди, гурунг тамом. Бир гапни айтай.
Болалик осмони ҳамон бор, ишон,
Биз уни кўрмаймиз, аммо ҳеч қачон.
Кўнгил соғинчларга тўлиб кетган дам,
Ўйлайман, бир пайтлар болаликда ҳам.
Учиш истагида бўлмаганман мен,
Ҳеч қачон учишни билмаганман мен.
@mittihaqiqatlar
Учинчи кун
Нажмиддин Эрматов
Мени ғусса чулғади бирдан
Бойчечаклар ниш урган пайти.
Ёмғирлар дарёга энарди
Чиндан
Кўктоб сирни қолгани айтиб.
Зимистоннинг қўйнида шамдек
Ёнгуликни яшапман истаб,
Бирдан тушди истагимга чек,
Озод бўлдим заминий ҳисдан.
Ёруғ бўлди ҳар тўртта ёғим,
Соям тубга чекинди аста.
Ғуссага сув тутиб қароғим
Бойчечакка тўлди бир паста.
Олислади оломан саси,
Тўрт унсурга эврилди Лайлим,
Кўз ўнгимда
Ҳали ҳеч кимса
Кўролмаган тушга айландим...
@mittihaqiqatlar
Иккинчи кун
Мафтуна Умрзоқова
Ўқиш: https://telegra.ph/Gunoh-birinchi-ismingayol-04-11
Иккинчи кун
Хуршид Абдурашид
Чиқиш эшиги қани? (2-қисм)
Ўқиш: https://telegra.ph/CHI%D2%9AISH-EHSHIGI-%D2%9AANI-04-10-2