Отамнинг вафотига тўрт ой бўлганида, ҳаётимда қайғудан бўлак ҳеч нарса қолмаганди. Онам беш йил аввал Альцгеймердан вафот этган, ўша пайтда мен 4 қизни вояга еткизган бўлсамда, ич-ичдан ўзимни ҳудди ташландиқ боладек ҳис қилардим. Кунларнинг бирида, сокин, қоронғу хонада массаж учун шифокоримни кутиб ётарканман, бирдан отамнинг соғинчи қалбимни ўртаб юборди.
Ёш таржимон йўллаган ҳикоя: https://nodirabegim.uz/archives/5524
Бугун Реджио Годфрининг "Койяанискаци" (1982) ҳужжатли филми намойишига бормоқчиман, қизиққанлар келинглар.
Фильм тили: тасвир ва мусиқа
Фильм давомийлиги: 87 дақиқа
📍Манзил: Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлигининг Пресс-клуб зали.
🕰Вақти: 25-март соат 17:00.
Кириш бепул.
@mittihaqiqatlar
Ўн кун. Ўн ижодкор лойиҳаси ҳам якунига етди, азизлар. Эътиборингизга 75 кун давомида янги ижод намуналари улашилди.
Демак, лойиҳада ғолиб бўлган иштирокчилар:
Моҳира Эшпўлатова
Санжарбек Икромов
Тилланисо
Алишер Файзуллаев
Феруза Ҳайруллаева
Азизбек Норов
Мастура Абдураим қизи
Иштирокчиларга, ҳакамларга, кузатувчиларга, ҳомийларга, дизайнер ва фотографга катта раҳмат! Лойиҳа ҳақида фикрларингизни кутамиз.
26 март, якшанба куни соат 14-00да Book.uz китоб дўконида ғолиблар билан учрашувимиз бўлиб ўтади. Қизиқувчилар келиб, ўз фикрларини айтишлари мумкин.
@mittihaqiqatlar
Эркинлик бу масъулиятдир. Эркин одам ўз қарорлари учун, ҳаракатлари учун ўзи жавоб беради.
Шу учун ҳам кўпчилик умумий қабул қилинган қоидалар бўйича яшашни, стандартдан чиқмасликни маъқул кўради. Бир томонда жамият қабул қилган ҳаёт тарзи, унда сени қанақа ўйлашинг, қанақа яшашинг, қанақа фикрлашинг белгиланган. Унинг қанчалик тўғри ёки хатолиги муҳим эмас, муҳими жамият уни тўғри деб билади. Иккинчи томонда сен масъулиятни ўз бўйнингга олиб ўз йўлингдан юришинг. Жамият айтганидек қилсанг, хато жамиятники, ўзинг билганингдек қилсак, хато сеники, жамият сени лаънатлайди.
Эрк масъулиятини ҳамма ҳам кўтаролмайди. Шу учун кўпчилик осон йўлни танлайди. Бирор идеология ёки гуруҳ талабига мос яшайди қўяди. Ўйлаш, қийналиш керак эмас, сен учун ёзиб, чизиб, қарор қабул қилиб қўйишган.
Буни энг оддий оила мисолида тушунтираман. Фарзанд улғайгач ота-она айтганига уйланиш фарзанд учун қулайроқ. У ота-она айтганини қилмасдан, ўзи танлаб уйланса, эртага жавобгарлиги ўзида бўлади. Ота-она айтганига уйланса, ҳамма муаммони ота-онага ташлаб қўяди. Ўзингиз танлаган келин дейди. Биттасида жавобгарлик ўзида бўлса, иккинчисида жавобгарлик ота-онада. Ота-она ҳам жамият чизган чизиқ бўйича яшайди. У жамиятнинг муваффақиятли аъзоси бўлиши учун фарзанд эрта турмуш қуриши, тез фарзандлик бўлиши керак. Ота-она бутун маҳаллага тўй қилиши, орзу-ҳавасга етишаётганлигини кўз-кўз қилиши керак. Эртага фарзанди келин билан келишолмаса, маҳалла нима дейди деб иккита ёшни ажрашишига қаршилик қилади. Майли, булар бахтсиз яшашсин, муҳими маҳалла айтганидай яшайлик. Бу жараён яна бир-бирига уланиб кетаверади.
Худди шунақа, бирор идеология таъсирига тушиб, унинг қоидалари бўйича яшаш ҳам осон. Ҳаммаси сен учун олдиндан ҳал қилинган, сен чизилган чизиқ бўйлаб юрсанг бўлди. Атрофингдагилар ҳам сени ҳеч нарсада айблашмайди. Аксинча, қилаётган ишинг хато бўлса - да, жамият тўғри деб билгани учун сени олқишлашади. Сени ҳақиқий жамиятнинг аъзоси сифатида ўрнак қилишади.
Лекин, матрицани кимлардир бузмаса, ўз ўқимиз атрофида айланишда давом этамиз. Эркинлик масъулият, ўзи учун қарор қабул қилиб билиш, ўз йўлини излаш масъулият. Хато қилмасликдан ҳеч ким кафолатланмаган. Лекин, масъулиятни ўз бўйнига олиб ҳақиқий ҳур инсон бўлиш лаззати бошқача.
Фируз Аллаев
Ниҳоят, Достоевскаянинг "Хотиралар" мемуар-романининг таржимаси ва таҳририни якунладим. Қушдек енгилман энди. Фақат Фёдор Достоевскийнинг ўлими саҳнасини ўқиш оғир кечди. Унинг ўлимини тезлаштирган нарса - оддий қаламдон бўлгани кутилмаган якун бўлди. Муҳаррир, саҳифаловчи, дизайнер қўлидан ўтиб, сизларга ҳам тезроқ етиб боришини истайман. Агар Анна бўлмаганида балки биз севган кўплаб асарлар яралмаган бўларди.
Читать полностью…Одамларни кечириб юбораман. Нафратланмайман. Ёмон кўрмайман. Кин сақламайман. Яхшиликка жавоб кутмайман. Ёмон ҳолатдан ижобий хулоса чиқараман. Айбламайман. Измимга олишга уринмайман. Ўзимни ҳақ деб ўйламайман. Ўзгаришга уринаман, эплолмайман. Борича қабул қилишга кўнаман. Тафтиш қилишни, сабаб ва оқибатларни ўйлашни тўхтатмайман. Ва булардан чарчаб кетаман. Чунки бу аслим эмаслигини сезаман. Аслим доим бостирилган ўзим томондан. Кимнидир юрагида кўк қуш, кимнидирда йўлбарс, кимнидирда чаён, кимнидирда капалак яшагани каби мендаям нимадир яшашини биламан, аммо бошқалар тугул, ўзим уни кўришни рад қиламан.
Читать полностью…ЁЗУВЧИ ЙЎҚ БЎЛСА, ИНСОН БОР.
Санников ери филмида шундай жойи бўлар эди, ўлимини бўйнига олиб, қидириб боришгани ер асли йўқ бўлиб чиқади, кейин улардан бири талвасада «ундай ер йўқ, ер йўқ!» деса, иккинчиси «ер йўқ бўлса, инсон бор» дейди, менимча, бутун филмнинг моҳияти, ва излаш моҳияти шу сўзларга яширингандек, ҳа дўстлар, ёзувчи йўқ бўлса, демак, инсон бор!
Ёзувчи туғилмайди, инсон туғилади, ёзувчи ўлмайди, инсон ўлади, ёзувчи яшамайди, инсон яшайди, инсон сиз билан бўлади бирга, унинг кулганини кўрасиз, йиғлаганини, бир куни оч қолади, бир куни тўяди, бир куни ёлғиз қолади, бир куни, топади… мана шу инсондир, ёзувчи эмас.
Ёзувчини қучоқлаб бўлмайди, унга таскин бериб бўлмайди, юпатиб бўлмайди уни, у бор ҳам эмас, мавжуд ҳам эмас, у ора-орада сояга ўхшаб мавжудликка ҳаракат қилувчи бир нарса…
Ёзувчини яхши кўриб бўлмайди, севиб бўлмайди уни, эслаб ҳам юролмайсиз, фалон асари бор-ку деб уни бировга танитолмайсиз, охир-оқибат, уни бировга таништиролмайсиз, ҳолбуки, таништирувдан унинг ўзи ҳам ҳижолат бўлган бўларди.
Инсонни яхши кўринг, инсонни эсланг, инсонни кутинг, инсонни эшитинг, инсонни бағрингизга босинг…
Адабиётдан келиб-кетган ёзувчи эмас, ёзаётган ёзувчи эмас, у инсондир, ёзувчи эмас, инсон ёзади, аввал ҳам, охир ҳам, у инсондир, ундан ёзувчи ясаманг, уни қийнаманг, уни бағрингизга босинг, у инсондир…
Агар сиз айтсангиз, «ёзувчи йўқ!» деб, мен айтаман, «ёзувчи йўқ бўлса, инсон бор…»
2023
Аҳмад Али Муҳаммад
БЕШИНЧИ КУН
Аҳмад Али Муҳаммад
***
сен хоҳлаган кун келади:
оппоқ кийимда бўласан
у ҳам оппоқ кийимда бўлади
сен у билан бирга бўласан
сен хоҳлаган кун келгунича:
яша,
яша,
яша…
сен хоҳлаган кун келади:
сен ҳотиржам бўласан
у ҳам ҳотиржам бўлади
сен у билан бирга бўласан
сен хоҳлаган кун келгунича:
яша,
яша,
яша…
сен хоҳлаган кун келади:
истаганча йиғлайсан
истаганча куласан
унинг бағрида.
сен хоҳлаган кун келгунича:
яша,
яша,
яша…
сен хоҳлаган кун келади,
фақат унгача,
ўлмай туриш керак,
ўлгунингча:
келади,
келади…
ўлгунингча,
яша,
яша…
#premyera
"Atirgul o'g'risi"ning chiqishini ancha vaqt kutdik. Deyarli 1 yil. Shuncha kutganimizga munosib asar albatta. Kitob uchun Nodirabegim Ibrohimova opamga alohida tashakkur. Tarjimonlarni ham yaxshi asar premyerasi bilan qutlayman. Bosmaga berib yubordik. Mart oyi oxirida chiqadi, nasib.
📱 @Ilm_nur_kutubxonasi
ТЎРТИНЧИ КУН
Аҳмад Али Муҳаммад
***
ғамгин кўзлар,
ғамгин кулги,
ғамгин қўғирчоқ
кўзларингга қарайман
етмайман уларга
етмайман…
менга эса
биргина қучоқлашиш
етмайди
юрагим
юрагингга етмайди
сенга биргина йиғлаш етмайди…
ўйласанг, кетиб борсанг менга
борибоқ, уни бағримга босаман
индамайман
келсанг,
ғамгин кўзлар,
ғамгин кулги…
етсанг
етсанг
етсанг.
***
атайлаб қилмайди
сенга тақдир,
нима дейсан энди,
шундай экан-да,
менга яна нима дейсан?
атайлаб қилмайди
сенга тақдир,
сенинг ақлинг етмайди бунга
менинг ақлим етмаганидек
менга яна нима дейсан?
атайлаб қилмади
сенга тақдир,
мени сенга учраштирди,
яна учраштирса,
менга яна нима дейсан?
атайлаб қилмади
менга тақдир,
сени менга учраштирди,
яна учраштирса,
сенга энди нима дейман?
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти томонидан ўтказилган илмий-амалий конференциядан.
@mittihaqiqatlar
Кафканинг «Жараён»и ичида яшаймиз.
Туғилибоқ тушамиз бунга –
Диққинафас тор идорага.
Ишга кечикмаслик керак,
Кун бўйи термулиш керак
Туганмас қоғозларга.
Гарчи рисоладагидек,
Намунали одам бўлсангда
Таъқиб қилишади,
Сўроққа тутишади,
Зимдан пойлашади.
Биз эса билмаймиз
Айбимиз нима?
Кутамиз
Оқланишимиз,
Умид қиламиз кимдир
Озод этар деб.
Билмаймизки, одамзот
Қутқарилмас азалдан,
Жазо эса муқаррар.
Нега айнан мен
Тузоққа тушдим деб
Сийқаси чиққан саволни
Чайнаб таомланамиз.
Охир оқибат
Ўзимиз англамаган
Гуноҳимизга кўна бошлаймиз,
Ва ўзимиз излаймиз жазоловчини
"Суд қилинг мени!"
Айбингни тан ол дейди улар,
Бош ирғаймиз хотиржам.
Ҳеч ким кўрмаса яхши эди,
Тунда келинг!
Мен гўёки кўчада
Сайр қилаётган бўламан.
Нима бўлса ҳам
Шу азобли жараён
Якунига етса бас.
Аниф
@mittihaqiqatlar
🎊 Tez kunda! 🎊
📖 Zamonaviy o'zbek adabiyoti vakillaridan biri Abduqayum Yo'ldoshevning to'rt kitobi nashr etiladi!
✍️ Yozuvchi asarlari bugungi kun o'quvchilarini bir gal zamon qahramonlari bilan yuzlashtirsa, bir gal atrofimizdagi olamga nekbinlik bilan nigoh tashlashga undaydi. Mutolaadan keyin qahramon iztirobiga hamdardlik o'quvchini nafaqat o'stiradi, balki ma'nan va ruhan yuksaltiradi. Zamonaviy adabiyotimizning zabardast vakili Abduqayum Yo'ldoshevning yozganlari sizga, o'ylaymizki, albatta, manzur bo'ladi.
Nashriyot: «Yangi asr avlodi»
😊 Bizni kuzatib boring
📚 @bookuzbekistan — yangi kitoblar
Ёзувчилар уюшмаси ҳам Ўн кун. Ўн ижодкор иштирокчилари учун "Биринчи китобим" лойиҳасида чиққан китоблардан ажратди. Эътибор учун раҳмат!
@mittihaqiqatlar
"Атиргул ўғриси" номли тўпламимиз нашрдан чиқди!
Ундан Жорж Оруэлл, Салмон Рушдий, Рей Брэдбери, Эрнест Хемингуэй, Ги де Мопассан, Стивен Кинг, Габриэль Гарсия МАРКЕС, Дино БУЦЦАТИ, шунингдек бугунги замондош ёзувчиларнинг ҳикоялари ўрин олган. Китоб "Тирилиш" нашриёти чоп этилди.
Таржимонлар:
Отабек ЙЎЛДОШЕВ
Сожида САМАРДАРОВА
Тамара РАШИДОВА
Олтиной ҲАЙИТБОЕВА
Мухлиса ХИДИРОВА
Мирзоҳид МУЗАФФАР
Ирода ХОЛБЕКОВА
Ферузбек ЗИЁДУЛЛАЕВ
Салимжон қизи
Ирода УМАРОВА
Алишер ФАЙЗУЛЛАЕВ
Нодирабегим ИБРОҲИМОВА
Қандилат ЮСУПОВА
Наврўза МАҲАМАДХЎЖАЕВА
Улуғбек РАҲМАТОВ
Шоҳрух УСМОНОВ
Азизбек НОРОВ
Раҳмат БОБОЖОН
Нодирбек ЙЎЛДОШ
Умид АЛИ
Ҳамидбек ЮСУПОВ
Авлиёхон ЭШОН
Башорат ОТАЖОНОВА
Мунаввар МУЗАФФАРОВА
Муҳаббат ЙЎЛДОШЕВА
Абдуҳамид ПАРДАЕВ
Гулноз ТОЖИБОЕВА
Буюртма учун @iBook_Uzbekistan га мурожаат қилишингиз мумкин. Китоб нархи 40 минг сўм.
@mittihaqiqatlar
ВАҲИМА
Сендан узоқлашиб борябман, Тангрим,
узоқлашган каби ватандан.
Ҳузур бермас аёл оғуши,
шароби айниган Дионис қадахларининг.
Кезарканман қабристон аро
димоғимдан силқимайди ёш.
Март.
2022 нинг ёмғирли туни
ҳайкалдай турибман ойна ёнида,
на совуқдан жунжикар этим,
на кўнгилда сафар хаёли...
Қачонлардир деганди дарвеш:
мен учун дунёда энг оғир жазо —
золим шоҳ билан
нафас олмоқ битта ҳаводан.
Сен балки жазолаябсан
яқининга йўлатмай мени,
балки асраябсан,
муқаддасдир балки ҳайкаллик?
Шўнғимоққа хотирам саёз.
Ажнабий созанда оҳангига мос
тўлғанаётган руҳимми, тутун?
Кетишим керакдир буткул шаҳардан,
денгиз, елканимни йиртганда шамол,
тўлқинлар ағдариб ташлагач кемам
юрагимга қайтарсан балки,
қайтарсан қўшиғим акс-садосига!
Сени чорлаш — кемалар қабристонида
балиқ овлаш билан барорар гўё.
"Қумдаги хотин" қаҳрамонидек
тозалайман қалбни бўшлиқдан,
тағин кирарверар бўшлиқ бостириб.
2022 нинг ёмғирли туни,
тасбеҳ ясаб бошчаноғимдан
ўгирар деворга қапишган соям,
музлаткич ғириллар қопиб олгудай —
на қўрқув эзғилар, на енгар уйқу.
Бўшлиқ, бўшлиқ,
онгим сарҳадларида
"*худодан узоқсан дейди ҳар бир тош".
*Лорка сатри.
Жонтемир
@mittihaqiqatlar
Бирма-бир балиқлар кўтарилар экан юзимга қувонч югуриб тўрни ушладим. Миямда фақат биттагина ўй эди. Уларни териб олиш. Аммо, не кўзлар билан қарайки, Балиқлар билан яна бир каттароқ нарса юзага кўтарилиб чиқди. Тўрни улоқтириб уни қирғоққа тортдим. Ё Худойим, нима қилиб қўйдим? У, у қизалоқ эди. Жонсиз ва рангсиз қизалоқ.
Ёш носир йўллаган ҳикоя: https://nodirabegim.uz/archives/5520
Everything everywhere all at once (Ҳамма нарса ҳар ерда бир вақтда) фильми "Оскар"да асосий мукофотларни қўлга киритгандан сўнг, менам қизиқиш учун кўриб чиқдим. Фильм номи ўзига мос тушган. Параллел олам ва қора туйнук мавзусига қизиқувчи одамлар учун яхши картина. Менам multi verse га оид филмларни ёқтирганим учун бир нафасда, паузасиз, чалғишларсиз (одатда, кўп киноларни танаффус билан, бошқа нарсаларга чалғиб кўраман) томоша қилдим. Қайсидир жойлари Доктор Стренж: мултиолам, Матрица, Кунфу Панда, Кил Биллни эслатди.
Менга ёққани бу ерда ҳамма жанр бор: фентези, комедия, реализм, абсурд, боевик, мелодрама. Булар аралашиб кетган ҳолда мантиқий яхлитлик ҳосил қилган. Фильмдаги мавзу аслида эски: икки авлод зиддияти, катталар ва фарзандлар ўртасидаги тушунмовчилик, дунёни муҳаббат қутқариб қолади, деган тушунча. Лекин ижодкорлар шуни янгича услубда, фантазияга бой тарзда кўрсатиб беришган. Тасаввур кучи ижодкор учун доим керак. Сиз параллел оламда турлича: машҳур, ёлғиз, касбининг устаси, ночор, қўғирчоқ, ҳатто тош бўлиб умр кечираётган бўлишингиз мумкин, сизни асраб қоладиган туйғу бу - меҳр.
Фильмда айтилган "Сен ўзингни энг ёмон намунангсан" деган фикр ёқди. Менимча, ҳаммамиз ўзимиз ҳақда шундай ўйлаймиз. Охир оқибат бу тахмин парчаланиб, аёл ўзининг энг яхши намунаси эканини исботлайди: минглаб нусхалари ичидан тирик қолган, ўзи ва қизи ўртасидаги деворни йиқитиб, ҳақиқий ришта боғлай олган она сифатида. Қиз назаримда - абсурд тимсоли: ҳаётдан маъно тополмайди, ҳеч нимадан умид қилмайди, меҳр кутмайди, қора туйнукда йўқ бўлиб кетишни истайди, аммо бир ўзи эмас, ич ичидан талпинган ва ҳамиша курашиб келган - онаси билан. Дунё яралгандан бери катталар ёшларни тушунмайди, ёшлар катталарни. Буни оқибатида бегоналашув вужудга келади. Фильм охирида шу бегоналашув устидан ғалаба қозонилади.
Оскарга лойиқми йўқми, билмайман, чунки бошқа номзод фильмларни ҳали кўрганим йўқ. Умуман олганда, менга ёқди.
САРТР ВА БИЗ
Буюк француз файласуфи ва ёзувчиси Жан-Поль Сартр Лев Толстойдан кейин иккинчи бўлиб, ихтиёрий равишда 1966 йилда ўзига берилаётган Нобель мукофотидан воз кечди. У ўйлаб-ўйлаб, шундай хулосага келган эди: шон-шуҳрат эркин яшашимга халал беради, қолаверса, мендан ёмон ёзмайдиган, лекин мендан ёмон турмуш кечираётган ёзувчилар бор. Бизнинг ҳозирги катта шоир-ёзувчиларимиз Сартрнинг ўрнида нима қилган бўлишарди. А, лаббай? Менимча, улар ўйлаб ўтирмасдан Стокҳолмгача эмаклаб борган бўлур эдилар. Чунки бизникилар эрксизлик ёки эмаклаш машаққатидан қўрқадиганлардан эмас. Муҳими, мукофот бўлса, бас.
Абдулла Шер
@mittihaqiqatlar
Адабиётга келсак, илгариги пуритан даврида ягона рухсат этилган китоб бу Инжил эди. Бугунги кундаги дунёвий пуританлик даврида эса одамлар роман ўқишни эркаклар иши эмас деб ҳисоблашгани учун ёки улар реалликка мос келмаганлиги учун рад этишади, лекин охир оқибат телевизорда қонли детектив триллерларни томоша қилишади ёки бекорчи шов-шувли хабарлар, спорт янгиликлари, Playboy каби порнографик материалларга вақт ажратишади. Бунга уларнинг оч қолган тасаввур олами озиқланишга мажбур қилиши сабаб бўлади. Аммо улар бундай кўнгилхушликни реаллик эканини мантиқан исботлашга интилишади – ахир секс мавжуд, жиноятчилар мавжуд, бейсболчилар мавжуд, илгари ковбойлар ҳам мавжуд эди – яна айтишадики, бу нарсалар эркакчилик, чунки буларга аёллар қизиқишмайди.
Ўқиш: https://nodirabegim.uz/archives/5514
Настарин
Боғимда настарин бор,
Гуллайди ҳар илк баҳор.
Настарин гули майда,
Бундай гул бордир қайда?
Ҳар шохи бир гулдаста,
Атрига дил пайваста.
Жимжимадор гуллари,
Ўйнашар боғ еллари.
Настарин гул қўлимда,
Қўлимдамас кўнглимда.
Боғимда настарин бор,
Гуллайди ҳар илк баҳор.
Барот Исроил
Настарин гуллабди кўчада, ҳидига мастман.
@mittihaqiqatlar
– Тез-тез қизларни қўлда кўтаришингизга тўғри келса керак, а? – деди қиз кўзларини пирпиратиб.
– Сиз биринчисиз.
– Яра ва қондан ҳам қўрқмайсизми?
– Оёғимга ўн тўртта чок тушган, – дедим пинагимни бузмай.
– Нима қилганди?
– Дастгоҳ бузулиб қолганди, – дедим. – Шу ҳам гапми, кўчамиздаги бир танишимнинг баданига қирқ саккизта чок тушган.
– Қирқ саккизта! – қизнинг ҳайратдан оғзи очилиб қолди. Мен, албатта, танишим бунча чокни ичкиликбозликдан кейинги шиша жангидан орттириб олганини айтиб ўтирмадим.
– Ҳа-да! – дедим. – Сизнинг товонингизга эса бир ё иккита чок тикилади, вассалом. Ҳавотир қилишга арзимайди ҳам.
– Албатта, – деди қиз. – Ўламанми деб қўрқиб кетувдим. Тентакман, а? Яхшиям ёнимда сиз бор экансиз!
Тўлиқ ўқиш: https://nodirabegim.uz/archives/5511
УЗУК
Чиқ деяпман сенга, чиқ!
У узугини ечмоқчи бўларди.
Ора-орада ечиб турсам бўларкан ўзи, бармоғимга ёпишиб кетибди ярамас. Ё бугун ечаман, ё умримнинг охиригача шу алвасти билан яшайман. Эрталабдан пул сўрайди. Харажат қилишим керак дейди. Бало-баттар олишим керак дейди, зулукнинг ўзгинаси! Ҳамманинг олдида ақл ўргатишини-чи бунинг! Фақат менда ақл бор, қолган ҳамма аҳмоқ, деб ўйлайди.
Ечил деяпман сенга! Ажрашаман дедимми, ажрашаман! Ҳар кунги жанжаллар, кўнгилни айнитувчи турқи, дийдиёлари жонимга тегиб кетди!
У ҳануз узугини ечолмас эди. тўхташга тўғри келди, нафасини ростлади. Ўйланди ва ниҳоят йўлини топди. Бармоғини кесиб ташлайди. Битта бармоқ кетса кетибди-да, осмон узилиб ерга тушармиди. Анови мегажиндан қутилса бас.
Омборга кирди-да болта билан бармоғини чопиб ташлади. Сўнг, юзда табассум билан бўлажак турмуш ўртоғининг уйига йўл олди. Ерга тўкилган қон томчилари эса ҳали кашф қилинмаган қандайдир алифбода муҳим, балки бир тийинга қиммат бўлган сўзларни ёзиб кетишарди.
Манзилига етиб боролмади, маҳалладан чиқиб-чиқмай ўлиб қолди, қўлига ўралган, ишонган оқ матоси бўлса томчиларни ушлаб қололмади.
Тўшакдан энди турган, ҳали ўттизга ҳам кирмаган хотини бу пайтда никоҳ узугини қидириш билан оввора эди.
Зоир Зокиров
@mittihaqiqatlar
УЧИНЧИ КУН
Аҳмад Али Муҳаммад
***
сени танимайман
исмингни ҳам аниқ билмайман
сени кўрмаганман
қаерда яшашингни ҳам билмайман
мендан кичик бўлсанг керак
«кўп яшашингни хоҳлаганим учун, шундай ўйласам керак»
сен билан кўп гаплашмаганман
аммо,
сендан ҳавотир олдим, ўшанда.
мени танимайсан,
исмимни қайси бири исмим эканини билмайсан
мени тирик кўрмагансан
«ўлганимда ҳам кўрмасанг керак»
қаерда яшашимни ҳам билмайсан
кўп гаплашмагансан мен билан
аммо,
ҳавотир олганимга хурсанд бўлдинг,
ва яхши эканингни айтдинг,
кейин мен ҳам хурсанд бўлдим,
яхши эканингни эшитиб,
ва ҳали ҳам
мен сени танимайман.
***
тарбияли бўлай деб
мен -
оталар гапини йиғиб юрган бола.
барча гапларни
эслаб қолишга
ҳаракат қилганман.
ўғлига айтаётган
ота
сўзларини.
барча гапларга
амал қилишга
ҳаракат қилганман.
кечиринг мени
бирор жойда ўзимни
тарбиясиз тутган бўлсам.
мен яхши эшитмай қолган бўлсам керак
мендан узоқда
ўғлига сўз айтаётган
ота гапини.
***
«Аллоҳдан бошқа ҳеч кимим йўқ»
мен буни билгунимча,
ёлғиз эдим.
саноқда оддий ҳаммаси,
мен адашиб кетмайман,
неча кишисизлар, деса.
менга ким қараб турганини биламан,
йиғлагим келса,
кимга боришни биламан.
муаммога қараб тураман, кулиб
ишонганим йўқ,
ҳеч кимим йўқ менинг.
муаммога қараб тураман,
олиб кел менга муаммони,
мен бир ўзимман.
мен шунақа, ҳеч кимим йўқ
саноқда оддий ҳаммаси,
саноқда адашиб кетмайман.
Озод бўлиш, ахир, интизомсиз бўлиш дегани эмас. Айтишим керакки, тасаввур интизоми аслида санъат ва фаннинг муҳим усули ёки техникаси бўлиши мумкин. Бизнинг пуританизмимизда интизом қатағон ёки жазо деган маънони англатади, бу эса мавзуни чалкаштириб юборади. Бирор нарсани тартибга солиш, сўзнинг тўғри маъносида, уни бостириш дегани эмас, балки уни ўргатиш - шафтоли дарахти бўладими ёки инсон ақли бўладими, уни ўсиши, ҳаракат қилиши ва ҳосилдор бўлишига ундашдир.
Менимча, кўплаб америкалик эркаклар аксинча ўргатилган. Улар ўзларининг тасаввурларини бостиришни, ўзини болаларча ёки аёлсифат, фойдасиз ва эҳтимол гуноҳкор сифатида рад этишни ўргандилар.
Урсула ле Гуин. "Нега Америкаликлар аждарлардан кўрқишади?" (1974) мақоласидан парча.
Шу мақолага қизиқдим, тўлиқ ўгирмоқчиман.
@mittihaqiqatlar
ИККИНЧИ КУН
Аҳмад Али Муҳаммад
***
нега ўшанда
«билмайман…» демадинг?
нега ўшанда
«сизни яхши кўраман…» демадинг?
нега ўшанда
кетдинг…
ёлғиз қолганда,
шундай,
ўзим билан ўзим
гаплашиб тураман
ва энди
«билмайман…»
***
исмингни айтишмайди сени,
яхши кўришлари мумкин,
ёқтиришлари мумкин сени,
исмингни эса айтишмайди.
анави бор-ку, деб
сифатинг билан эслашади
агар сифат бор бўлса сенда.
менга эса
мени сенга
таништиришлари ёқади
анави бор-ку, деб.
сен эса
кейин
менинг исмимни айтасан.
***
«хабар келади…»
очмайман.
кутиб тураман,
ниманидир кутаман,
ўйлайман,
нима деб ёзган,
доим кутаман,
дарров очмайман,
очолмайман,
жим қараб тураман,
«хабар» келгани ҳақида,
ўйлайман…
бирор дақиқа ўтади,
кейин ўқийман, зўрға…
йўқ, у ерда мен кутган гап бўлмайди
кейин ўйламай, жавоб ёзаман яна.
яна
«хабар келади…»
очмайман.
кутиб тураман,
ниманидир кутаман…