O‘tgan oy – sentabrda “Akademnashr” nashriyoti o‘zbek she’riyatining yosh ijodkorlari she’riy to‘plamlaridan iborat “Izlam” nomli turkumni e’lon qildi. To‘plamlar chop qilinib o‘quvchilarga yetib borarkan, kimdir o‘zbek adabiyotida va nihoyat, o‘z ovoziga ega yangi bir avlod paydo bo‘layotgani, yana kimdir kitobi chop etilgan yoshlar ijodida “yalang‘och” va “beparda” she’rlar ko‘p uchrashini aytib, ularga nisbatan tanqid toshlarini yog‘dirmoqda.
Kun.uz muxbiri e’lon qilingan turkum, o‘zbek she’riyatida “yangi avlod” deya alqanayotgan ijodkorlar va o‘sha “yalang‘och” she’riyat haqidagi bahslardan kelib chiqib suhbat o‘tkazdi.
Suhbat mehmonlari shoir Faxriyor, Jontemir, shoira Tillaniso hamda “Akademnashr” nashriyoti bosh muharriri Sanjar Nazar bo‘ldi.
https://www.youtube.com/watch?v=hc6NWMraEs4
Сиз бирор инсон билан никоҳдан ўтаётганда ўзингизга савол беришингиз керак: у билан бутун умр суҳбатлаша оламанми? Турмушда фақат суҳбатгина абадийдир, қолган нарсалар вақтинчалик.
Фридрих Ницше
@mittihaqiqatlar
Буюк олмон композитори, пианиночи ва дирижёр Людвиг Ван Бетховен учинчи ёки тўртинчи дунёга келишим бўлгану, фортопиано концертлари, «Патетик» фортопиано сонатаси, квартетлар, учинчи (Қаҳрамоннома), бешинчи симфониялар, Гётенинг «Эдмонд» фожиасига ёзилган мусиқа ва ҳакозо охири кўринмайдиган мусиқий асарларни яратган ҳам каминадир? Менинг севимли мусиқаларимдан бўлмиш «Элиза учун» ва «Ой» сонатасини фортопианода жўшиб ижро этгандурман балки? Қулоқларим эшитмай қолсада ижодимни, мусиқамни тарк этмаган, илҳом келмаганида бошимдан муздай сув қуйиб бетакрор мусиқий асарлар яратиш мендан бошқа телбага ярашмаган бўларди назаримда.
Эссе: https://nodirabegim.uz/archives/4937
П.С. Тилланисонинг аксар шеърларида ўзим англаган маънавиятни топганман. Унга тўдалашиб тош отиш маросимини уюштириш эса бориб турган маънавиятсизлик.
Читать полностью…Кўплаб одамлар уларни кўмиб бўлмасларидан аввал ўлиб бўладилар — шунинг учун дафн маросимлари қайғули ўтади.
***
Хона, кўча ва шаҳар бўйлаб ўлик одамлар тўла — уларнинг кўзлари йўқ, овозлари йўқ; фабрикадан чиққан туйғулар, стандарт ҳаракатлар, газетбоп миялар, телевизион қалблар ва мактаб идеаллари билан яшашади.
***
Қандай бўлсам шундай эдим, ўзгаришни истамасдим, бизни депрессия фарзандлари дейишарди.
***
Мана, уларга нима керак - ёлғон. Ширин ёлғон. Қулоқларига лағмон илишларини ёқтиришади. Одамлар аҳмоқ. Уларни алдаш жудаям осон.
Буковски
@mittihaqiqatlar
#қайтанашр
Нодирабегимнинг “Мен, дадам ва Алцгеймер” асари нафақат юртимиз адабиёт ихлосмандларининг, балки хорижий ўқирманларнинг диққатини тортган ҳикоя. Алцгеймер касаллиги – асосан улуғ ёшли кишиларда хотиранинг тобора йўқолиши ва англашнинг сусайиши тарзида кечадиган дард экани маълум. Адибанинг бу мавзуга диққат қаратишининг замирида эса, янада каттароқ ижтимоий кўлам – шундай дардга чалинган отанинг теварак атрофдаги кишилар билан бир қаторда, ўз авлодларини ҳам унута бошлаши қаламга олинган. Бу эса инсонликнинг улкан фожиаларидан бири ҳисобланади.
Исажон Султон, ёзувчи
@mittihaqiqatlar
Қисқа метражли фильм. Бошсиз одамлар жамияти ҳақида. Одамлар ўзига ўхшамаганлардан қўрқишади. Охир оқибат сен ҳам атрофдагилардек бўлишга мажбур бўласан. Албатта, кўринг (10 дақиқа).
@mittihaqiqatlar
1. Ҳеч кимга инонманг, ҳаммаси ёлғон,
Ҳеч қачон инонманг Сиз менга,
Мен барибир, севаман ахир.
2. Ўзимни кечирмайман, ё Худо,
Сизни кечираман ер ўпиб,
Мен сизни ўзимга бермасман.
3. Ғамлар чўкди менинг қалбимга,
Ғамлар менинг дўсту ёримдир,
Бу ғам ичра сиз йўқсиз, холос.
Р.Тҳакур
@mittihaqiqatlar
Аввалига жарликка стул,
Кейин эса учди кароват.
Столим ҳам виз учди буткул,
Уни ўзим отгандим албат.
Истамайман яширишни ҳеч,
“Она тили” китоби учди.
Оилавий сурат беилинж,
Аста жарлик тубини қучди.
Кейин печка, тўртта девор ҳам
Учди. Пальто билан мен қолдик.
Узукни еч энди, азизам,
Ёлғизликнинг чекини олдик.
Йўқотишлар тортди ўзига,
Кимдир таҳдид этса муқаррар.
Тупуришинг мумкин юзига,
Эгалласа ўрнимни агар.
Иосиф Бродский
Ўроз Ҳайдар таржимаси
@mittihaqiqatlar
Билмайман,
соғмисан ёхуд ҳастажон,
изингни топмоқлик мумкинми ахир.
Жоним, дард қўлида ҳар оқшом, ҳар он,
сени соғинмоқлик, ўйламоқ оғир...
Ҳар нарса сен учун:
дуолар - маъюс,
уйқусиз кечанинг азоблари-да,
кўнглимга терилган ҳар мисра, ҳар сўз,
кўзимда гуллаган бу мовий гулҳан.
Ҳеч ким сенингчалик яқин эмас ёр,
ҳеч ким сенингчалик ўтга отмаган.
Ҳатто, зулми сероб бир хиёнаткор,
ҳатто, лаҳза севиб, унутганлар ҳам...
Анна Ахматова
Раҳмат Бобожон таржимаси
@mittihaqiqatlar
Bir kishi bilan turmush qurayotganda u bilan butun umr suhbat qura olamanmi, deb oʻylang, suhbat abadiy, qolgan bari oʻtkinchi, deydi Nitshe. Livanelida esa boshqacha gap bor: Oilada ishq oʻtkinchi, janjallar esa abadiydir.
Menimcha, ikkovi ham toʻgʻri. Aynan gaplashiladigan umumiy mavzular boʻlmagandan soʻng yo janjal boshlanadi, yo befarqlik. Befarqlik boʻlsa bu juda namunali oila boʻladi. Er-xotin bir-biridan koʻp narsa kutmaydi, koʻp ranjimaydi. Har ikki tomon oʻz vazifalarini bajarib, oʻz olamida yashab, ba'zan oʻynash orttirib, yoki shunchaki zerikib, bolalarni ulgʻaytirib umrlari oʻtib boradi. Lekin oʻtmishga qarashsa ulkan boʻshliqnigina koʻrishadi.
Hali hayotdan kutuvlari, orzulari oʻlmaganlar esa oʻz kutganini ololmagach janjallar boshlanadi. Suhbat hamma joyda, ayniqsa oilada muhim. Faqat hayot muammolari haqida, roʻzgʻor haqida dialoglar, uni-buni gʻiybat qilish suhbatga boʻlgan ehtiyojni qondirmaydi. Kattaroq, kengroq, ba'zan jiddiyroq, ba'zan samimiyroq suhbatni kutadi kishi.
Ilhom Salimov
Дағал қўллар
1
Таътилда қишлоққа борган кезларим
митти қизча эдинг – менинг тенгқурим.
Шаҳарлик қиз келди деб суюнганча
қўйиб юбормасдинг бармоқларимни.
- Қўлларингиз бирам юмшоқ ва оппоқ,
сўнг ийманиб кўрсатардинг
меҳнатдан қорайган,
тилиниб кетган ўз қўлларингни.
Мен қизиқиб ушлаб кўрардим:
- Бунчалар тош каби қаттиқ...
Сен ҳавас-ла тикилардинг юзимга,
эгнимдаги кийимларимга,
шаҳарнинг ҳиди келармикин деб
яқинроқ сурилардинг ёнимга.
- Баланд биноларда яшаш маззами?
қишда уй иссиқдир жуда,
далада ўт ўрмайсизларми?
Мен кулардим:
- Кўчалар газон, ўриш тугул
устидан юриш мумкинмас.
Сўнг пиёниста отанг чақирарди,
онанг мардикорликка кетган,
гўдак синглингга қарашинг керак,
қўйларинг ҳам маъраб ётибди.
Мен эргашиб уйингга кирардим,
деворлари нураб, йиқилай деб турган
ҳовлингда мени ўтказишга жой тополмай
нуқул кулардинг ва нажот топгандек
мевазорга имо қилардинг:
- Олмалар ғарқ пишган, еб кўринг, ўртоқ.
2
Таътилда қишлоққа борган кезларим
бўй етган қиз эдинг – худди мен каби.
Менинг эса қўлимдан китоб тушмасди,
сен китобни мендан тортиб олганча
яна ушлаб кўрардинг бармоқларимни
ва сўрардинг юмшоқ қўлларнинг сирин.
- Севганим бор, у қўлларимдан тутганда
уяламан, дердинг ўкиниб.
Кейин аста менга кўрсатардинг
севгилинг ёзган талай хатларни.
У сени азобли ҳаётдан бахт сари
олиб кетишига ишонар эдинг,
- Шаҳарда яшаймиз, - дердинг суюниб.
Ўкириб чақирарди маст отанг,
онанг ҳаста – тўшакка банди,
мен тағин эргашардим ортингдан,
шошилганча тандирда нон ёпар эдинг,
ёрдамлашгим келарди сенга,
аммо тандир ёнига борсам
гупиллаб урилган иссиқ тафтидан
оқ юзим ачишиб қизара бошлар,
ғўзапояларни синдириб тандирга
солайин десам қўлларим тилинарди
ва аста чекинардим ортимга:
қаердадир қолдирибман деб китобимни.
3
Таътилда қишлоққа борган кезларим
сен аёл эдинг – менинг сингари,
қўлларимдан ушлаганча сўрардинг:
- Ахир ўтин бўлдик, аммо негадир
ҳалиям қўлингиз юмшоқ ва майин.
Мен эса сенинг оппоқ қалбингга
ҳасад ила қараб турардим.
Сўнг пича кўз ёши тўкдинг,
турмушга чиққанинг ва ажрашганингни
бахт деб ишонганинг сароб,
суюклигинг номард чиққанин айтдинг.
Негадир сени юпатолмадим,
қаттиқ ва дағал кўнглим
бундан зарра таъсирланмади.
Отангнинг сархуш овози базўр чиқарди,
онанг эса яна пул топишга кетган,
эртага сен унинг ўрнига
мардикор бозорга чиқишинг керак,
оғриётган белингни аранг кўтарганча
ўрнингдан туриб кета бошладинг,
қимир этмай қараб қолдим ортингдан
сўнг ўгирилиб мени чорладинг:
-Юринг, боғимда олмалар пишган,
узиб бераман, олиб кетасиз,
ахир домда... дарахтлар йўқ-ку!
- Истаган нарсамни бозордан сотиб оламан, -
қўл силтаб юз бурдим сендан.
Пайқадим, сездирмай шивирлагансан:
- Дугона, кўнглингиз тош каби қаттиқ.
4
Таътилда қишлоққа борган кезларим
Сен йўқ эдинг – қўлларим ушлаб кўргани...
Аниф
@mittihaqiqatlar
#таржимадан_парча
Боз устига қарзга ботган Фёдор Михайлович журналларга асарларини ўзи таклиф қилар, натижада у бошқа ёзувчилар, дейлик Тургенев ва Гончаровдан кўра кам гонорар оларди. Ўша пайтлар Фёдор Михайловичга “Жиноят ва жазо”нинг ҳар босма саҳифаси учун 150 рубл тўлашар, айни вақтда худди шу “Рус хабарномаси”да романи чоп этилаётган Тургеневга 500 рубл бериларди.
Энг алам қиладигани эса Фёдор Михайлович доим шошиб ёзишга мажбур эди. Унда ортиқча вақт йўқ, ёзганларини таҳрир қилишга улгурмас, бу эса уни азобларди. Танқидчилар Фёдор Михайлович романларида ўхшамаган шаклларни танқид қилишар, бир қанча мавзулар битта романда бирлаштирилгани, воқеалар бир бирининг устига тўплангани ва кўп ҳолатлар якунланмай қолганини билдиришарди. Аёвсиз танқидчилар Фёдор Михайловичнинг қандай шароитда ижод қилишини билишмасди, назаримда. Романнинг дастлабки учта боби аллақачон босилган, тўртинчиси нашрга тайёрланган, бешинчиси почта орқали юборилган, олтинчиси ёзиб бўлинган, қолганлари эса ҳатто ўйлаб кўрилмаганди. Бунинг оқибатида Фёдор Михайлович ич ичидан умидсизликка тушар, баъзида “ўйлаб қўйган ғоямни ўзим барбод қилдим, энди уни тўғирлаб бўлмайди”, деб афсус чекарди.
Анна Достоевская. "Хотиралар"
@mittihaqiqatlar
Адабиётда маънавият доим бўлган ва бўлиши керак. Лекин бу маънавият бизга ўттиз йил давомида сингдирилган "ўзбекона маънавият"дан кескин фарқ қилади.
Мен билган маънавиятда бирламчи нарса инсонийлик, ҳақиқат, риёга нисбатан нафрат. Аммо бу тушунча бизда жуда торлашиб кетди, ҳамма ўз манфаати йўлида ишлатадиган, эшитсанг энсанг қотадиган сўзга айланиб қолди. Доим одоб аҳлоқдан ваъз ўқийдиган, бўйинбоғ таққан, муомаласи силлиқ одамлар маънавиятчи дейиладиган бўлди.
Бу сўз ҳар қадамда янграйди, аммо жамиятга синчиклаб разм солсанг, маънавиятни йўқлигини кўрасан. Ана шу йўқликни кўрсатиб берган одамлар эса маънавиятсизга чиқиб қоляпти. Ғалати.
Сиз ўзи маънавият деганда нимани тушунасиз?
@mittihaqiqatlar
Бугун улуғ рус ёзувчиси Фёдор Достоевский туғилган сана
Мактуб:
"Бошдан кечирганларим борасида айтадиганим шу: минг азоб билан ижод қилдим. Йирик бадиий асар яратиш азобини биласизми? Худога шукрки, билмайсиз! Хусусан, буюртмага биноан узундан-узун бадиий асар ёзишдек дўзах азобига дучор бўлмагансиз. “Русский вестник” журналидан жуда катта – 4500 рубль қалам ҳақи олдим. Йил бошида илҳом мени тарк этмайди, хаёлимда туғилган ижодий режалар бадиий тадриж топиб, йилнинг охиригача барчани рози қиламан, деб мўлжаллагандим. Кўнглим шунинг учун ҳам хотиржам эдики, хаёлимда ҳам, кўнглимда ҳам ҳамиша жуда кўп ижодий фикрлар бўлади. Лекин ижодий фикрнинг чақмоқдай ялт этганидан наф йўқ, чунки мазкур фикр тўлақонли бадиий шакл-шамойил касб этиши зарур; бу жараён эса дафъатан ва фавқулодда рўй берадики, айнан қачон содир бўлишини олдиндан билиб бўлмайди; фақат шундан кейин, дастлабки ижодий фикр кўнгилда тўла-тўкис тимсол қиёфасини касб этгач, уни бадиий асарга айлантириш мумкин. Бу борада мўлжални бехато олса ҳам бўлади. Хуллас, бутун ёз ва бутун куз мобайнида турли ижодий фикр-мулоҳазаларни жамладим (бошқа ўта қизиқарли фикрлар ҳам кўнглимдан кечди), лекин муайян тажриба боис у ёки бу мулоҳазанинг сохталиги, мураккаблиги ёки аҳамиятсизлигини олдиндан ҳис қилардим. Ниҳоят, улардан бирини танлаб, ишга киришдим, кўп ёздим, лекин декабрнинг тўртинчи санасида ҳаммасини бир четга сурдим. Ишонтириб айтаманки, ўртамиёна роман бўларди; кўнгилдагидек ижобий эмас, балки айнан ўртамиёна бўлгани боис тамомила кўнглим қолди. Бунинг менга кераги йўқ.
Мени анчадан буён бир фикр безовта қилиб келади, лекин уни романга айлантиришга журъат қилолмасдим, чунки жуда мураккаб ижодий режа, устига-устак уни рўёбга чиқариш учун тайёр эмасман. Бу фикр – ғоят ажойиб феъл-атвор соҳиби тимсолини яратишдан иборат. Менимча, бундан кўра оғирроқ иш бўлмаса керак, айниқса, бизнинг давримизда. Сиз, албатта, фикримга қўшиласиз. Бу фикр илгари ҳам айрим бадиий тимсол тарзида хаёлимдан кечган, афсуски, оний фикрнинг ўзи камлик қилади, тўла-тўкис ижодий ғоя бўлиши керак. Жуда аламангиз ҳолатим айни фикр билан шуғулланишга ундаётир.
Умуман, ижодий режа мавжуд. Бўлажак асар билан боғлиқ айрим жиҳатлари ҳам аста-секин шаклланяпти ва менга илҳом бағишлаётир. Лекин яхлит асар мавҳумлигича қолаётир. Қаҳрамон ҳам. Чунки бадиий асарим айнан қаҳрамон воситасида яхлитлик касб этади. Бу мен учун одатий тус олган. Мен аввал тимсолни аниқ тасаввур қилишим керак. Асарни ёзиш асносида унинг қаҳрамони шубҳасиз қиёфа касб этармикан? Айтсам ишонмайсиз, шу асно кутилмаган янги мулоҳазалар ҳам юзага келаётир: бош қаҳрамондан ташқари асар учун аёл бош қаҳрамон ҳам зарур бўлаётир, бир йўла икки бош Қаҳрамон! Бу икки қаҳрамондан ташқари яна икки тимсол бор – уларни ҳам деярли бош қаҳрамон сифатида талқин қилса бўлади. (Ёрдамчи қаҳрамонлар ҳам кўпдан-кўп – роман ахир саккиз қисмдан иборат бўлади). Тўрт қаҳрамондан – иккитаси кўнглимда шаклланди, биттаси тўла қиёфа касб этганича йўқ, тўртинчиси, яъни асосий, бош қаҳрамон – ҳозирча жуда заиф. Хаёлимнинг тубларида шаклланиб улгурган бўлиши ҳам мумкин, лекин аниқ тасаввур қилишим қийин кечаётир. Нима бўлганда ҳам асарни ёзиш учун камида икки ҳисса вақт зарур.
Дастлабки қисм, назаримда, кучсиз. Лекин, янглишмасам, яна бир хавф бор: ҳозирча ҳеч вақо жамулжам бўлгани йўқ, балки келгуси қисмларни ёзиш асносида ҳаммаси жойига тушиб кетар (кошки, шундай бўлса!). Биринчи қисм, моҳиятан, киришдан ташкил топган. Фақат шуниси зарурки, дастлабки қисм китобхонда қизиқиш уйғота олиши керак. Бу масалада ижобий фикр айта олмайман.
Роман “Телба” деб номланади. Дарвоқе, қизиқ устида ҳам, ҳеч кимга ўзи ҳақида ижобий фикр билдириш ҳуқуқи берилмаган. Биринчи қисм ҳам чакки бўлмаса, ажаб эмас. Агар бош қаҳрамон қиёфаси унда яққол кўзга ташланмаса, зарари йўқ, олдиндан шундай режалаштирганман. Айни шу боис Сизнинг фикрингизни сабрсизлик билан кутаётирман."
Женева. 12 январь, 1867 йил
@mittihaqiqatlar
СЕВГИ НАВОЛАРИ
1-куй
Сенинг рақаминг териб
Телефонинг гўшагида
Эшитсам бирдан дардли овозинг;
ўша ўтган кунлар қайтади ортга
ўтган кунларга қайтадирман мен.
Куз ёмғирлари-да,
танҳолик ва ёлғизлик-да
бир соз оҳанги янглиғ
яйратади кўнглимни…
2-куй
Бу қорли қиш кунида
ёруғлик ичра
бошимга келганлар
бошқа бировнинг қисмати каби
туюлади менга.
Бу қорли қиш кунида
биргина эски ишқ қўшиғига,
биргина ширин сўзингга муҳтожман
яна…
3-куй
Ўлар бўлсам менинг учун тутма аза,
кийма қора, йиғламагин.
Ёдга ол, илк табассумни,
ёдга ол, илк дийдорни ёдга ол,
ёдга ол, илк бўсани ёдга ол…
Ҳозир тунги соат икки,
на сен меникисан,
ва на мен сеники …
4-куй
Дўстлар, биродарлар,
Ичимда бошланар тўсатдан тўфон
бутун жаҳон ичра
ёлғиз қолган онимда.
Юрагим оғриса-да
Ашула айтаман ўзимга-ўзим.
Айтган қўшиғим битгани замон
оппоқ арвоҳ қамаштирар кўзимни.
Қамаштирар бир лаҳза
ва нур таратар ичимдаги зулматга …
5-куй
Қора мозор сукунати
кўлкаси-ла қуршамиш бу ерларни.
Оллоҳим, не эди гуноҳи
ёз иссиғида титраб музлайди
бу жойлардан ўтиб кетган
ғариб йўлчининг оҳи.
6-куй
Баҳор тонги ёғду ила
бир сатр шеър ёзмиш
яшил гул япроғига.
Бир қушча учар-қўнар
гул шохига
ўқийди ўша шеърни.
Биз эса фақатгина
туямиз айни шеърнинг ифорин …
7-куй
Мен бизнинг ўтмишда
яшамоқдаман сенсиз.
Бизнинг ўтмишда
булутсиз осмон
ва кўм-кўк денгиз …
Энди ўтмишимиздан
ортга қайта олмайман мен …
8-куй
Мен сени қизғонардим
кўкдаги булутдан, қушдан,
ердаги чечакдан, гулдан.
Кўзларингни унутганман
аммо қалбим тубида
унсиз-унсиз йиғларсан ҳануз …
Элчин Искандарзода
Алишер Турсунов таржимаси
@mittihaqiqatlar
Фёдор Михайлович билан оқшомги суҳбатларимиздан бирида у мендан сўради:
-Айтчи, Аня, мени севиб қолганингни қачон англаб етгансан?
-Биласизми, азизим, - жавоб қайтардим. – Достоевский исми менга болаликдан бери таниш эди: эсимда, ўн беш ёшимда китобдаги қаҳрамонларингиздан бирини севиб қолгандим, балки ўшандадир.
У ёйилиб кулди, гапимни ҳазилга олди.
-Жиддий айтяпман, рост гапим! – давом этдим. – Отам ашаддий китобхон эди, гап замонавий адабиёт ҳақида борганда, доим шундай дерди: “Ҳозирги ёзувчилар ҳақида нима дейиш мумкин? Бизнинг давримизда Пушкин, Гоголь, Жуковский бўларди! Ёш носирлардан эса Достоевский, у “Камбағаллар”ни ёзган. Чинакам истеъдод эгаси. Бахтга қарши, сиёсатга аралашиб қолиб, Сибирга сургун қилинди ва изсиз ғойиб бўлди!”
Отам “Ака-ука Карамазовлар” романи “Вақт” журналининг янги сонида чоп этилишини эшитиб роса хурсанд бўлганди. “Ниҳоят, Достоевский адабиётга қайтди, - деганди бизга қарата. – Яратганга шукур, у йўқолиб кетмади!”
(романни таржима қилишда давом этяпман)
@mittihaqiqatlar
СИЗГА…
Тунда…
ногоҳ уйғонасизми,
Дилингизга кирган титроқдан?
Турасизми оғир хўрсиниб,
Чиқасизми аста ётоқдан?
Очасизми деразаларни,
Қарайсизми…
Ойга тўкилиб?
Кўксингизнинг остида надир
Яшаётган бўлар ўкиниб.
Ёдим ўтса хаёлингиздан
Тушасизми сиз ҳам ларзага?
Розимисиз ҳаётингиздан
Менга берган
оний лаҳзага?
Ёлғизликнинг гирдобларида
Чорасизлик бўлганида тош.
Менинг учун юрагингиздан
Тўкасизми бирон томчи ёш?
Кесиб ўтса нигоҳингизни
Муҳаббатнинг қовжироқ лаби,
Сиз ҳам…
қаттиқ соғинасизми?
Севасизми сиз ҳам мен каби?
Чидайсизми,
жимгина мендек-
Қонингизда ёнган оловга?
Ёнингизга бир куни борсам,
Бермайсизми..
кейин бировга?
Мен сиз учун қайта яралдим.
Яшаяпман бир хаёл, бир туш…
Ўтинаман,
сиз уни ушланг,
Қўлингиздан учмасин у қуш.
Менинг севгим то қабргача,
Биласизми, сиз шуни айтинг?
Ҳеч бўлмаса шу бағиргача
Келасизми…
Сиз шуни айтинг!..
Зебо Мирзо
@mittihaqiqatlar
Кўплаб йигитларга дўстона маслаҳат
Тибетга бор.
Туяга мингаш.
Муқаддас китобни ўқи.
Оёқ кийимингни кўкка бўя.
Соқол ўстир.
Қоғоз кемада дунёни кез.
“Якшанба оқшоми” нашрига обуна бўл.
Оғзингни фақат чап томонида чайна.
Бир оёқли аёлга уйлан ва ўткир устара ишлат.
Унинг қўлига исмингни ўйиб ёз.
Тишингни бензин билан юв.
Кун бўйи ухла ва тунда дарахтларга тирмаш.
Роҳибга айлан ва пиво симир.
Бошингни сув ичига тиқ ва скрипка чал.
Пушти шам ёқиб рақсга туш.
Итингни ўлдир.
Майорликка номзодингни қўй.
Бочкада яша.
Каллангни болтада узиб ташла.
Ёмғирда ерга лолалар эк.
Аммо шеър ёза кўрма.
Буковски
Нодирабегим таржимаси
@mittihaqiqatlar
Ёмғирда сайр. Кузги боғлар. Сокинлик. Ўзинг билан қолиш. Ва адоғсиз ўйлар.
@mittihaqiqatlar
“Салом. Ҳамиша онлайнсиз. Тун эса оғгани қачон эди. Менга ўхшаб ухлай олмаяпсизми? Ярим кечада бировга хат ёзадиган одатим йўқ эди. Лекин сиз билан жуда суҳбатлашгим келяпти. Балки профилингиздаги сурат ўзига тортгандир, балки қўйилган сўнгги постларингиз… Улар менга нималарнидир эслатяпти. Безовта қилганим учун узр”.
Ўқиш: https://nodirabegim.uz/archives/1079
Ўлим тамакимни чекади
Биласанми: мен яна сархушман
шу ерда ўтириб радиодан
Чайковскийни тинглайман.
Худойим, уни 47 йил аввал ҳам тинглардим
ўша пайтлар ночор ёзувчи эдим
ҳозир ҳам у мен билан
бугун мен бир оз омадга эришдим
адиб сифатида
ўлим эса хонам бўйлаб
тамакимни чекканча
виномни сипқорганча
сассиз кезиб юрибди.
Чайк ишлайди нарироқда
Патетик сонатасини,
озроқ саргузаштларим ва
неки омадим бўлса
бунинг сабаби
мен шошқолни тўғри ирғитдим:
ўз санъатимга оч эдим
Худо ургур беш дақиқа учун оч эдим
беш соат, беш кун учун –
мен шунчаки сўзни тутмоқ истадим;
шон-шуҳрат, пул, бари аҳамиятсиз:
сўзни тутгим келди;
ва “улар” ҳам мени катта дўконда
омборчи бўлишимни исташди.
Хўш, ўлим атрофимда айланиб дейдики:
“сени қаердан бўлсаям топиб оламан
ким бўлишингдан қатъий назар:
ёзувчими, ҳайдовчими, қўшмачими, қассобми,
парашютчими, мен сени топиб оламан...”
Хўп азизим, дейман бош ирғаб.
Биз бирга ичамиз
соат эса бирдан иккига ўтар
қазо вақтини фақат у билар
бироқ мен унга қарши ишлайман:
жин ургур беш дақиқани
ва ундан ҳам кўпроғини
ютиб оламан.
Чарлз Буковски
Инглиз тилидан Нодирабегим таржимаси
@mittihaqiqatlar
Мен сенга суяндим
муаллақ одам.
Таянчин йўқотган одам,
мен сенга таяндим.
Йиқилиб тушмайсанми
ерга;
ё осмонга
қуламайсанми?
майлими елкангга қўйсам бош,
майлими осилсам бўйнингга.
ҳавода муаллақ туришда
давом этасанми кўтариб мени.
Руҳим кўп оғирмас
толмас сийратинг.
Билсанг, изғиб ер остида,
ер юзида, осмон тоқида
доим тиргак изладим -
топингим келди.
Мустаҳкам деб ишонтирилган
қалбингни тўлдиради дея
ялтироқ ёрлиқ ёпиштирилган
барча устунлар қулади.
Кел, энди сенга суянай
фақат сен маҳкам қуч
парчаланган умидлар устига
йиқилиб кетишдан
жуда қўрқаман.
Муаллақ тураверсак...
бунда на тонг отар
на шомлар тушади,
сен мени тупроқдек
олгин бағрингга
мен бўлайин сув
бизга ҳеч ким қадамасин
умид уруғин.
Кел, унутиламиз
одамлар ёдидан, хотирасидан.
ҳис қилишни истайман
мавжудсизликни.
Эй, муаллақ одам
сенга суяндим
қуламайсанми?
руҳим кўп оғирмас
кўтарасанми?
Аниф
@mittihaqiqatlar