Улар банди —
болаликдан сингдирилган
қарашларига
қўрқувларига
бидъатларига
бир тузоқ керак
тутқун бўлишар унга
севишар кишанларни
гарчи унинг калити
қўл етар жойда турсада
кўрмаганга олишар
ва ғалати кўринар уларга
қўллари
фикрлари
ўйлари
туйғулари
озод одамлар
васвасага тушганча
қўлларига илинган
ҳар тошни отишар унга
рахнамо излашар
буюрувчи
ҳукм қилгувчи
жазоловчи
бир рахнамо
тиз чўкиб ундан
изн сўрашар
нафас олмоққа
қўш қўллаб топширишар
руҳлари
қалблари
танлари
эркларини
ҳа, калит —
у доим бўлган
сиз ушлаб кўришдан
қўрққан ўша
занг босган калит.
Аниф
@mittihaqiqatlar
Юрагим тирик ва рангпар қанот эди,
Ёруғликдан, соғинчдан чўчиган бир қанот.
Ям яшил далаларда баҳор кезарди,
Осмон мовий, ер эса зумрад.
Мени севган аёл баҳорда ўлди,
Шундан бери уйғонсам тиниқ нигоҳларини эслайман.
Ўша мени севган аёл кўзларини мангуга юмди.
Кўм кўк дала ва оқшом. Қанот қоқмоқ палласи.
Ўша мени севган аёл баҳорда ўлди...
Ўзи билан кўклам ва осмонни олиб кетди.
Пабло Неруда
Нодирабегим таржимаси
@mittihaqiqatlar
Бемаъни гапларни қилиб иддао,
Ёзганим бир пулга қиммат битиклар.
Балиқ мўйнасидан эгнимда пальто,
Оёғимда эса совуқ этиклар.
Дўстларни йўқотдим, орттирдим душман,
Газ ва чироқ учун тўладимку пул.
Яна нима қилдим, ҳа дарвоқе ман,
Йўқ севгини фақат изладим нуқул.
Ўқиш: https://nodirabegim.uz/archives/4969
Ўзимни пойгадан чиқариб юборилган учқур тулпор каби ҳис қиламан.
Силвия Плат
@mittihaqiqatlar
Ҳеч бўлмаса
уриниб кўриш керак дейман
сенга, сўнгра ўзимга.
Ҳозир айни вақти
кейин жуда кеч.
Сен ҳам тасдиқлайсан гапимни
Яна бир йил охирлади
дейсан хўрсиниб.
Биз ҳаммасини ўзгартириш,
ўз ҳаётимизни қўлимизга
олиш учун қўзғалиш
қанчалик зарур экани ҳақида
кеча қандай гаплашган бўлсак
бугун ҳам шундай сўзлашамиз.
Эртага ҳам давом этар бу...
Дайди шамолга ҳавас қилган
дарахтга ўхшаймиз -
илдизимиз жудаям чуқур.
Аниф
@mittihaqiqatlar
Шу кинони кўришни бошладим ҳозир. Дам олиш кунида яхши фильм излаётганлар бўлса тавсия. Кейин балки муҳокама қилармиз.
Илк дақиқалардаёқ даҳшатнинг ўзи.
Кўриш
АДАШУВ
Йигит айтарди:
муҳаббат – бу енгилгина қор,
ҳамманинг бошига қўнар баравар,
ва тезда эриб кетар.
Маҳбубаси унга дерди:
Йўқ, ишқ – гулхан,
ҳамма уни топтайди,
ёнғин катталашиб кетмасин дея.
Улар жим қолишди.
Бир-бирига отилди
ва узоқ кўкка боқиб, ерда ётишди.
Йигит қордай эриди, қиз ҳиссиётнинг гулханида ёнди.
Ва, албатта, иккаласи ҳам
қабргача чўзиладиган абадий муҳаббатга ишонмасдилар.
Улла Хаан, немис шоираси
Карим Баҳриев таржимаси
@mittihaqiqatlar
Умрбоқий қўшиқ
Рауф Парфи қўшиқчи шоир эмас эди. Чунки унинг шеърлари “қўшиқбоп” эмас. Айрим назмбозлар каби хонандалар билан ош-қатиқ бўлиб, ҳамкорлик қилиш унинг табиатига ёт бўлган.
Аммо шоирнинг “Лайло” шеъри билан айтилган қўшиқ ўтган асрнинг олтмишинчи йилларидан буён маълум ва машҳурдир. Дадахон Ҳасанов, Таваккал Қодиров, Расулжон Урайимжонов, Илҳом Фармонов каби машҳур ҳофизлар бу қўшиқни суйиб, маромига етказиб куйладилар. Ушбу умрбоқий қўшиқ билан боғлиқ ғаройиб ҳангомалар ҳам талайгина. Мана, шулардан бири.
Рауф ака бир куни кўчада кетаётса, бир тўда безорисифат йигитлар ўзларича “Лайло”нинг сўзларини бузиб ҳиргойи қилишаётган экан. Шоирнинг ғаши келиб, шеърни мана бундоқ қилиб айтиш керак дея безориларга танбеҳ берибди. Безорилар жаҳли чиқиб шоирга ҳезланишибди:
— Сен дайди шеърни қаёқдан тушунардинг?! Бор, бошимизни қотирма!
— Ахир... ахир бу шеър меники, уни мен ёзганман.
— Сен ҳали бизни лақиллатмоқчимисан, мана сенга, мана сенга!
Безорилар шоирга ташланиб, роса дўппослашади. Аламзада шоир можарони дўсти, машҳур ҳофиз Дадахон Ҳасановга айтиб, арз қилади:
— Барака топинг, шу шеърни мендан сотиб олиб, бутунлай ўз номингизга ўтказиб олинг. Акс ҳолда калтакдан ўлиб кетаман.
Шодмон ОТАБЕК
@mittihaqiqatlar
ДЕВОР ДУНЁмизни иккига ажратган. НАРИГИ ва БЕРИГИ ДУНЁларга. Нариги дунёни жаннат дейишади. Ҳар тугул шундай гап бор. Ҳеч ким у ердан қайтмаган бўлса ҳам. Эҳтимол, кетишнинг ўзи мафтункор туюлса керак. Доимий дунёдан. Илк бор қадам ташлаган ва яшаган дунёмиздан. Уни яхшироқ англаганимиз сари у бизга кулранг ва зерикарли бўлиб кўринаверади. Хуллас, НАРИГИ дунёга ҳамма ошиқади. Унга кетишни истайди. БЕРИГИ ДУНЁ эса жаҳаннам. Ердаги жаҳаннам. Бунда одамлар ўлсалар – мангуга. Уларнинг танаси бунда то қиёмат қопгунча қолади. Руҳлари ҳам. Оч арвоҳлар девор сояси етмаган саҳро бўйлаб кезиб юраркан. Шундай гап юради. Яна бунда одамлар қон эвазига тирикчилик қиладилар. Ўз қонлари эвазига...
Давоми: https://nodirabegim.uz/archives/4819
Мажруҳнинг ўлими
у сичқонлар ва қарғалар билан гаплашарди.
ўн олти ёшида сочларига оқ тушганди.
отаси уни урарди.
онаси бўлса черковда шам ёқарди.
бувиси болалар ухлаганда келиб
ёвуз кучлар уни тарк этишини сўраб илтижо қиларди.
онаси буни тингларкан, муқаддас китобни қучиб йиғларди.
афтидан, у қизларни сезмасди.
афтидан, у ўйинқароқ болаларниям сезмасди.
у атрофни ҳис қилмасди.
афтидан, унга ҳеч нима қизиқ эмасди.
беўхшов оғзи ва қийшиқ тишлари, митти ва туссиз кўзлари бўларди. елкалари эгилган, бели букилган, нақ қариянинг ўзи эди.
у менинг қўшним эди. биз зериккан пайтларимиз суҳбатлашардик, кейин мен бошқа қизиқроқ нарсаларга чалғидим. у уйдан кам чиқарди. биз уни мазах қилишни яхши кўрардик, лекин баҳайбат ва қўрқинчли отаси биздан кўра уни кўпроқ азобларди.
бир куни бола ўлди. ўн етти ёшда бўлсада, у барибир бола эди. кичик кварталда ўлим хабари тез ёйилади, сўнгра уч-тўрт кун ўтиб унутилади.
аммо бу боланинг ўлими биз билан бирга қолди. оқшом соат олтигача титроқ овозда у ҳақида гаплашишда давом этдик, то қоронғу тушиб кечки овқатга чақиришмагунча.
орадан анча йиллар ўтиб, ҳар гал шу райондан ўтар эканман, ҳамон унинг ўлими ҳақида эслайман, бошқаларнинг вафотини унутган бўлсамда, уни ёдимдан чиқармадим.
Ч. Буковски
Нодирабегим таржимаси
@mittihaqiqatlar
Пойга олдидан
Биламан, сизни безовта қилиш ноқулай, деди у.
Унда безовта қилманг, жавоб қайтардим.
Лекин, давом этди у, айтишим керакки, туни билан ухламай сўнгги ёзган китобингизни ўқиб чиқдим. Умуман барча асарларингизни ўқиганман. Мен почтада ишлайман.
О, дедим.
Шундай қилиб, сиздан газета учун интервю олмоқчиман.
Йўқ, дедим, ҳеч қанақа интервю йўқ.
Нима учун? сўради у.
Интервюлардан чарчаганман, улардан ҳеч кимга бирор наф йўқ.
Илтимос, деди у, сизни овора қилмайман, уйингизга бораман, Муссодан тушлик буюртма қиламан ва бирга овқатланамиз.
Йўқ, раҳмат, дедим.
Рости гап, интервю аслида ҳеч қанақа газета учун эмасди, шахсан ўзим суҳбатлашмоқчиман, менам қаламкашман ва почтадан кетишни истайман.
Менга қаранг, дедим, шунчаки стулга ўтиринг ва машинкада ҳарф теришга киришинг.
Интервю бермайсизми? сўради у.
Йўқ, дедим.
У кетди.
Отлар кейинги пойгага чиқишга шай эдилар.
Йигитча билан суҳбатлашгач ўзимни ёмон сеза бошладим.
Улар ўйлайдики, ёзувчилик сиёсатга ўхшаш машғулот.
Шунчалик тентакларки, машинкада ўтириб жумлаларни битиш керак, деган оддий қоидани тушунмайдилар.
Улар аслида ҳақиқий ижодни эмас, нимадир ёзиб тезда машҳур бўлишни хоҳлашади.
Ўрнимдан туриб ўйинга пул тикдим.
Шу арзимас суҳбатни деб бутун кунимни расво қилишни истамадим.
Ч. Буковски
Нодирабегим таржимаси
@mittihaqiqatlar
Ташқарида совуқ, ташқарида қор
гоҳ бўралаб гоҳ тиниб.
Сен менинг қалбимда, мен сенинг…
ўтирибмиз исиниб.
Сен ёлғиз.
Мен ёлғиз.
Рафиқ Ўзтурк
@mittihaqiqatlar
барча йўллар Римга элтмас ҳеч
барча йўллар йўллар сен томон
ўчиб қолган фанорлар аро
ва бепоён музлар оралаб.
ва дафъатан қўйсалар кўприк
бизни икки соҳилга бойлаб;
мен изғирин қаҳратонда ҳам
пойингга шошгум.
ёғсин ёмғир, тош ёғса майли
тўфон тўссин, сел яласин, хўп
ё кутмассан эҳтимол асло
ёнингга шошгум.
агар тонг қуласа орбиталардан
агар уфқ гулласа баҳор мисоли,
севгум сени,
излагум сени.
сенсиз кулгу ҳиссиз ва изсиз,
муқаддас сув заҳри қотилдир.
сенсиз — зиндонбандман
йўқсумбатман сенсиз деярли.
ойна орти оқ қор — ҳисобсиз
ва ҳар шеърим гулга эврилса
мен уларни қайғудан битиб
қўлингга тутгум.
Денис ТУМАНОВ
Алишер Файзуллаев таржимаси
@mittihaqiqatlar
"ИЙМОН АСИРИ"
Мазкур ҳужжатли фильмда нафақат ўзбек шеърияти, балки туркий дунё шеъриятининг улуғ шоири Рауф Парфи сиймоси ҳақида сўз юритилади. Унинг болалиги, шаклланиш босқичлари, ижодий мероси ва мураккаб ҳаёт йўлини баҳоли қудрат акс эттиришга уриндик.
КЎРИШ УЧУН 👇
https://youtu.be/IdKNRMRCOmY
Ютуб каналимизга обуна бўлинг! 👇
https://youtube.com/c/SirojiddinIbrohim
Телеграм манзилимиз👇
@sirojiddinn_ibrohim
Book.uz арчаси 🌲
"Нур" театр жамоасидан Оловуддин спектакли 🎈
Ва совғага янги китоблар 📚
Кун ажойиб ўтди! 🎊
@mittihaqiqatlar
#2_ishtirokchi
Nodirabegim Ibrohimova
"Men haqiqatni sevardim... Lekin qani u? Hamma yoqda faqat riyokorlik yoki eng kamida firibgarlik, hatto eng diyonatli, eng ulugʻ odamlar ham bundan mustasno emas."
Stendal.
"Qizil va qora"
/channel/odamlar_orasidan
Аёл бўлиб туғилиш – даҳшатли фожеа. Мен дайдилар, денгизчилар, аксарлар билан бирга оламни кезишга ўзимда кучли истак сезаман – жараён ичида номаълум тингловчи ва кузатувчи бўлишни истайман. Аммо барча орзуларим менинг қиз бола эканим туфайли чекланади, ожиз жинс вакиллари ҳамиша жисмоний ва жинсий зўравонлик хавфи остида қоладилар. Эркаклар ва уларнинг ҳаётига бўлган қизиқишимни доим “илинтириш” ёки яқинлашишга бўлган ҳаракат деб нотўғри тушунишади. Ахир Худо кўриб турибди, мен барча билан қўлдан келганча самимий мулоқот қиламан. Мен очиқ далада ухлашни, ғарбга отланишни, тунлари эркин сайр қилишни хоҳлайман.
Силвия Плат, америка шоираси
@mittihaqiqatlar
Силвия Плат
Дадажон
Сиз энди сира ҳам, сира ҳам
Қора ботинкалар тикмайсиз.
Мен унда оёқ каби яшадим
Ўттиз йилки, ночор ва рангпар
Аранг нафас олиб ёки аксириб.
Дадажон, сизни ўлдирган бўлардим,
лек улгурмасимдан қазо қилдингиз.
Мармар – оғир, Худонинг қопи тўла
Бир оёқли жирканч кулранг ҳайкал
Фрисконинг муҳри каби баҳайбат.
Атлантикадаги ғаройиб бир бош
қайдаки, мавжларидан унар яшил ловия
гўзал Носет соҳиллари бўйлаб.
Илгари сизни қутқармоқ учун
дуо қилардим, О, Худойим.
Немисзабон поляк қишлоғидаги
уйларни бир текис эзиб ташлашди
Урушлар, урушлар, урушлар сабаб.
Аммо қишлоқ номи оддийгина эди,
Менинг поляк дўстим.
Айтишларича, улар ўн-ўн иккита эди
Шу сабаб сизнинг айнан қаерга
кўмилганингизни айтолмайман.
Оёғингиз билан босдингиз илдизингизни
Сиз билан сираям гаплашолмадим
Тилимни ютиб юбордим сизни кўрганда.
Тиканли қопқонга илиниб қолган -
Мен, мен, мен, мен,
Аранг сўзлардим.
Ҳар бир немисни сиз деб ўйлардим.
ва тилим эди жуда аҳлоқсиз.
Бу двигател, двигател
Мени яҳудий каби эзарди
Дахау, Освенцим, Белзен яҳудийлари каби.
Мен яҳудий сингари сўзлай бошладим
Мен ўзимни яҳудийдек сеза бошладим.
Тиролнинг оппоқ қорлари,
Венанинг тиниқ пиволари
эмас эди шаффоф ва асл.
Лўли аждодларим ва ғалати омадим
тағин Таро тугуним билан
ўзимни оз бўлсада яҳудий деб ўйладим.
Сиздан ҳамиша қўрқар эдим,
сиздаги Люфтваффе , сиздаги бемаънилик
ва сизнинг қиртишланган мўйловингиздан
яна орийларники каби кўк кўзларингиздан,
Эҳ, сиз, танкчисиз, ҳақиқий танкчи.
Худо йўқ эди, фақат фашист свастикаси
ҳатто зулмат фазодан ҳам эди қоп қора.
Ҳар бир аёл фашистни ардоқлайди -
юзини эзган этикни, бешафқатни
Ҳа, сиз каби шафқатсиз бир қалбни.
Сиз доска ёнида турибсиз, дада
Мен илган сурат ичида, ана.
Оёғингиз ўрнига иягингиз пачоқ
Аммо иблисдан кам эмассиз, йўқ,
Қора одамдан сира кам эмассиз.
Алвон юрагимни иккига бўлинг,
Сизни дафн қилишганда ўн ёшда эдим.
Йигирма ёшимда эса ўлишга уриндим
ва сизнинг қошингизга бормоқ истадим,
Ҳатто қоқ суяк бўлишга-да рози эдим.
Лекин улар мени қопдан чиқариб олишди
ва елимлаб қўйишди ҳамма еримни.
Ана шунда англадим нима қилишни
Мен сиздан намуна-нусха яратдим
Майн Кампф каби қора одамдан.
Илгак ва бурамаларга бўлган севгим
ила дедимки мен: эплайман буни.
Дадажон, ниҳоят якунладим -
Қора телефонни симдан суғуриб отдим
энди овозлар сира илитмас уни.
Мен одам ўлдирдим, сўнг бошқасини
Ўша вампир мен, деб айтардингиз сиз
Йилларки ичдингиз қонимни
Саккиз йил эди, агар билсангиз.
Дадажон, энди гўрингизда тинч ётинг.
Дағал юрагингизда бир қозиқ бор
ва қишлоқилар бор, сиз севмаган.
Улар рақс тушишади сизни эзғилаб
Улар сизни билишарди яхшилаб.
Дада, дадагинам, сиз разилсиз, тамом.
Нодирабегим таржимаси
П.С. Тилланисога.
@mittihaqiqatlar
Бугун ёш ва иқтидорли дизайнер Бобур Муродовнинг туғилган куни экан. 👏
Уни анча йил аввал Мактуб лойиҳамда Стивен Спилбергга ёзган хати орқали таниганман. Мактубимни Стивен акамга жўнатиб беринг деганди, хўп дедиму жўнатолмадим узр сўрайман фурсатдан фойдаланиб 😁 (лойиҳадаги ҳамма мактублар эгаси етиб борган, Бобурникидан ташқари). Кейинроқ эса иккита китобимга чиройли муқова тайёрлаб берди (текинга яна😌). Унинг канали мен доим ўқийдиган топ 5 рўйҳатида туради 👍.
Декабр, кинога бўлган меҳрингиз сўнмасин, дунё кезинг, ёзувчилар учун энг талабгор дизайнер сифатида танилинг, муқоваларингизга дастхат ёзиб чарчаманг. Ва ҳозирдан сайланмам учун вариантлар ўйлашни бошланг 🥳😇. Кўчада -10, @Atmosfera_bar доим 🔥 бўлсин.
@mittihaqiqatlar
сени ташлаб кетгунларича
йиғлаб ол.
эртага барибир -
сени ташлаб кетишади.
сен аввалдан
йиғлаб ол
ҳозир вақтинг борми?
ҳозир ҳам йиғлаб олсанг бўлади
отанг
эркак йиғламайди
деган бўлса ҳам
йиғлаб ол
нега бўлмас экан
бўлади
жуда яхши бўлади
ташлаб кетиш
содир бўлар экан
кўз ёш ҳам бўлади
кўз ёш -
кўзнинг ҳаққи
хафа бўлиш -
қалбнинг ҳаққи
сен шунга
ҳозир йиғлаб ол
эртага ташлаб кетиш пайти
сен унга қараб
индамай
йиғламай тур
сен айт
мен аввалдан йиғлаб қўйган эдим, де.
унинг кетишига қараб
индамай
йиғламай
қараб тур.
сени ташлаб кетгунларича
йиғлаб ол барибир
кетаётганида йиғлама
шунда балки -
уни қайтаришга
йиғинг халақит бермай
унга бир-икки оғиз сўз айтарсан.
кейин балки у қайтар
балки қайтмас
аммо, йиғлаб ол
масалан, ҳозир
сени ташлаб кетгунларича.
@ahmadalimuhammad
Ичкари ва Ташқари
Мен кийимингни дазмол қилардим
сен сутли қаҳвадан хўплаганча
“Уэнсдей” деган аллақандай
ғалати сериал ҳақида гапирардинг.
Ташқарида изғирин
қор тинимсиз ёғарди
кўчадаги дайди мушук
бир тишлам нон изларди
кучук эса уясидан чиқмай
акилларди ўтган кетганга
мусича иссиқ ўлкаларга
учиб кетолмасди бу қиш ҳам
қарғалар босарди атрофни
қор қора қарғалар учиб келарди.
Мен туғилган қишлоқда
қорни сўкишарди бўралаб
осмонга қараганча
қуёшнинг чиқишини
кутишарди интиқиб
болалар қорбобо ясамас эди
ахир ясаб бўлгач
музлаган қўлларини
иситиш учун йўқ эди олов
ва узоқларда бўларди уруш
портларди бомбалар
уйлар қоларди эгасиз
одамлар қоларди уйсиз
мен ва сен танимаган
кимлардир ўлар эди
ташқари даҳшатларга
кўз ёшга тўла эди.
Сен қаҳвани ичиб бўлдинг
мен “Уэнсдей” сериалини
кўрмоқчи эканимни билдирдим
кейин сен юзимдан ўпиб
чиқиб кетдинг ташқарига
у ерда кўп эди ташвишларинг
мен эса деразадан қорни кузатдим.
Сен келгунингча
ичкарида қолишга
қарор қилдим.
Аниф
@mittihaqiqatlar
ҚОР ЁҒАЁТГАН ОҚШОМ
Қор ёғаётган оқшом
Шаҳарни кезсанг,
Ғира-шира кўчаларни кезсанг,
қўлларингни чўнтакка тиқиб,
Қор эса эриса лабларингда жим.
Ўйласанг, олисларда қолган кимнидир,
Шу қорни ўйласанг, қалбинг энтикса.
Айниқса, ўзинг севган қизни ўйласанг,
Айниқса, ўйласанг онангни…
Қор эса тинмаса,
Тинмаса қадаминг.
Ўзинг ҳам бир қор учқунидай
Сингиб кетсанг туннинг бағрига.
Кимгадир йўл берсанг, кимгадир салом,
Аммо ўзинг билмасанг буни.
Қор эса бўралаб ёғаверса жим,
Адашсанг-да, сезмасанг адашганингни…
Хуршид Даврон
@mittihaqiqatlar
Qorxat (Hikoya)
P.s: Nodirabegim opam hikoyalarini menga yoqadigan tarafi qahramonlar boshidan kechiradigan voqealar meni hayotimning ma'lum bir qismiga o'xshaydi. Shungami bilmayman o'qiganimda qahramonga o'z xarakterimni ham qo'shib qo'yaman)
✍ Nodirabegim Ibrohimova
🎙 @Fahriya_Nur_official
#танка
Хотира шаҳрингга қор ёғиб
барча ишлар
қорнинг остида қолса
тонгда уйғониб
табассум қилсанг.
© Аҳмад Али Муҳаммад
@ahmadalimuhammad