СОБИР МУҲАММАД
Жим қайтаман ижара уйга
(Куй чалинар балки у Моцарт),
Товонимни ялайди унсиз –
Чувринди ҳасрат.
Базўр нафас олар теварак,
Майдакашлик қилади ёмғир.
Қишлоқнинг бир бурчакларида,
Бобом ўйи: “Набирам соғдир”.
Кетиш керак, ундайди биров,
Манзил сари қанча юрилар?
Саҳаргача дайди ит билан,
Шеър ўқиймиз бодом гулига...
***
Ҳар йил исён тугади анор,
Маҳкам қисиб юзларча муштин.
Кузатади кузакий жангдан
Қочаётган оҳирги қушни.
Япроқлар йиқилиб чалқанча,
Таланганда ювош табиат.
“Енгилманглар, бўйсунма” дея,
Ниҳолларни қилар тарбия.
Тугаганда жанглар жаранги,
Муштумлари бир-бир ёрилар.
Тирилади яна қайтадан,
Вужудида исёни борлар!
***
Лаҳзаман
томчининг умри мисоли
битади менинг ҳам оний парвозим
қўшилгум
якунда
сокин денгизга
ва йўқлик қарига сингар овозим
не қолар
қисматнинг ғадир йўлида
насибми
кимнингдир олмоқ ёдини
ёҳуд
тийрамохнинг зим-зиё кўксин
шамчироқ мисоли ўтмоқ ёритиб
лабимда сохира муждалар тағин
майсадай пичирлаб қилурман сажда
борлик ва йўқликнинг аросатида
мен сенинг бор йўғи
лаҳзангман
лаҳза
ТОБЕ
Ўтолмайсан тўсиқни енгиб,
сузолмайсан оқимга қарши
ҳайиқасан ҳатто ёмғирда
соябонсиз сайр қилишдан!
Қарғайдилар, овозинг чиқмас,
деворларни паналаб кундуз
тентирайсан,
ҳар кеч журъатинг
ўтказади сабр қиличдан.
Босилмаган дудоғинга лаб,
тиқилмаган томоғингга дод.
Туш кўради силлиқ бўйнингни
Машрабдан сўнг қисир қолган дор.
Зулум тегмас қитиқ патингга,
юрагингда бошланган чириш.
Наҳот ёқар ўз ватанингда
келгиндидай ҳаёт кечириш?
Ёрил, дейман, ёрил, эй қудуқ,
ён, куюгинг таратсин туйғу.
Қур дунёни қалбинга мослаб,
Ҳеч бўлмаса дорларни уйғот!
Жонтемир
@Jontemir
Бошида жудаям кенг кўринган. Кўзим қай бурчига тушмасин ҳайрат, ҳайрат, ҳайрат!.. Айниқса кечалар. Ёмғир довшига қоришиб, томоғимдан силлиқ оқиб кирарди ҳаяжон. Ўзимга сўзим, сўзимга кўзим ўтмас — бош-кети кўринмас уммон тилида қаерга сузарин билмай чайқалиб турарди жазавам. Олабўжи тушлар қаъридан ёввойи бир титроқ юлиб олар, мен тонгни, тонг эса дунёни уйғотарди. Бошида жудаям кенг кўринган. Кенглик деганда бобом қулочин, торлик деганда қудуқ оғзини тушунадиган пайтларим. Шафақ қизара бошлаши билан кўтарилаётган қуёшга тик қараб ўтираман супа четида. Нур аввал кўзимга санчилиб ёшлантиради, кейин оқ ва қорачиқларимни ялай-ялай куйдиради, ниҳоят ўз аксини яққол кўриб, ҳусни жамолига тўйгач кўзойнамда тинчиб қолади. Шунда қуёш оловли тўп мисол визиллаб айланa бошлайди ўнгдан чапга томон. Қўшилиб бошим айланади. Қўшилиб ҳаяжоним... Сут пишди. Ширчой юзида килкиб турган қаймоқ булут дейман. Сут ёғадиган булут. Қаймоқни еб қўяман. Нон қўшмай ейман. Томоғимдан силлиқ сирғалиб ўтиши ёқимли. Бўм-бўш коса ва яланаётган лаб тасвири. Ош еб бўлганда бармоқларни мазза қилиб шимигандек завқли бу! Бошида жудаям кенг эди деябман-ку! Сут ёғадиган булутлар сузиб юрарди косамда...
Жонтемир
* * *
Эшик очиқ турсин!..
Эшик – айрилиқ,
Қамалиб ётмасин уйда ичкари.
Ташқари қошида жилмайсин илиқ,
Ташқари қолмасин эшикдан нари.
Пардалар тортилар ҳар кеч бешавқат,
Пардалар –айрилиқ!
Пардалар –фироқ!
Сиз эса висолда бўлганда фақат,
Шўрликлар тун бўйи висолдан йироқ.
Эшик очиқ турсин!..
Бу икки исм –
Бир бирин қучишсин шу битта танда.
Иккиси, кун бўйи бўсағада жим –
Боқишиб туришсин ҳеч бўлмаганда.
1977
Назар Шукур
* * *
Совуқ, совуқ, нигоҳлар совуқ,
Муносабат,
ҳатто ўпичлар!
Ёпинганча умиддан совут,
Яшаябман қалбни опичлаб.
Дарахтларни сийпалар феврал,
Хомиладор осмон баҳорга.
Кўҳна ёмғир, ҳисларни тебрат,
Бош кўтарай аёз ва қордан.
Элтинг мангу гулхан ёнига,
Шамс тиришган томирларим ёз.
Тилсиз тулпор ҳаяжонига
Жавоб бермас нечун чавандоз?
Совуқ, совуқ, қалтирар тиззам,
Ёриб борар суякни титроқ.
Юрагимни суғириб илсам —
Қаердасан оташин сиртмоқ?!
Таскин тилар замин пичирлаб:
Ўнгланарсан ҳали баҳарнав...
Сузиб юрсанг чўғлар ичида,
Хаёлингдан кетмас жаҳаннам.
Ишонасан, кутасан интиқ,
Миниб чопар кунлар синамай.
Отилади ўқланган милтиқ —
Осмон туғар, фақат сенимас...
Жонтемир
@Jontemir
* * *
Сен ҳақдаги тушлар сендан-да гўзал,
сендан ҳуркак,
сендан хушчақчақ.
На етиб бўлади
ва на сийпалаб —
саҳар элчиларин жўшқин сайроғи
чўчитиб юборар очилмай кўзим.
Қовоғим осилиб, руҳим паришон
ўтказаман кунни бенаво.
Нега ахир ул шаддод тушлар
тушмоқни истамас сўз чангалига?
(Мен кўпроқ севаман тушдаги сени.)
Тангрим, саҳар элчиларин тий,
ё уйқуда ёзмоқни ўргат!
Жонтемир
@Jontemir
Наргиза опа, сиз катта шоирсиз! Жуда катта! Фақат иддао қилмайсиз. Жим юрасиз. Жимлигингиз эвазига баланд шеърлар билан сийлайверсин Тангри!
***
Дарахтлар қоровул қишнинг йўлида,
Aрмонли қўшиқдай эланади қор.
Онамнинг қобарган, озғин қўлида
Менинг юрагимнинг ажинлари бор.
Осмоннинг ортида тупроқ ҳовури
Оқсоқол кунларни тунга чорийди.
Қаршимда туғилган йўқлик шивири
Қаҳратон ҳавога жонни қорийди.
Ўртанган баҳор бор умр бўйнида,
Ўлчовли саноқда айланади ер.
Онам қаримасин қишнинг қўйнида,
Художон, ялдонинг тонгларини бер.
Сўнгсиз соғинчларга кўмилиб қолдим,
Январь, кунларингни зиёрат эта.
Ўзимни тортишга эриниб қолдим,
Нега бунча эрта, бунчалар эрта.
Сим-сим эшигидек "мурод"им чаман,
Пойига тўкилсам, кунлар кибриё.
Жон тўзғат, ... барига чидаб бераман,
Бир кўнглимга оёқ ботирма, дунё.
©Наргиза Одинаева
/channel/Nargiza_Odinayeva_ijodi
НИЯТ
Лабларинг – лабларим интилган соҳил.
Ёмғир, сен, шаҳарнинг энг чекка жойи.
Борсам товонимда тепкилаб доҳий,
Йиғлоқи, мулойим шоирлар лойин.
Борсам юрагимни чўғдай кўтариб,
Ҳофиз ғазалларин суртиб тилимга.
Шов-шов терлайверса осмон йўталиб,
Туман пуркайверса боғлар – чилимкаш.
Етганда ҳижжалаб йўллар хатини,
(Кўчалар кимсасиз, дунё таланган)
Ҳайқирсам: севаман! Муҳаббатимнинг
Дарвозаси очиқ қайғу, аламга!
Биласан, бағримни дарёга менгзаб
Неча сувпарилар чўмилиб кетган.
Гўрков вақт измида хотиралари
Ўтмиш мозорига кўмилиб кетган.
Сен ахир дўзахим, менинг дўзахим,
Покланиб олайин қучоғингда, қуч!
Кўзларинг – шишага томган бўзадир,
Эҳтирос шароби қилмоқда хуруж!
Тўлдир соғаримни қодир Илоҳо,
Намиққан дийдамга қақнусни қала.
Чувринди шамоллар тўйинар гоҳо,
Кесилган қанотим ярасин ялаб.
Ўйилган кўксимнинг беҳисоб ери,
Илонлар бемалол судралиб ўтар.
Қалбингни илитмас совуққон шеърим,
Зулумот руҳимга тиклаган ўтов.
Ҳаётим – елидир оққуш патининг,
Шоирман, емагим чаён қусган ғам.
Барибир севаман, муҳаббатимнинг
Дарвозаси очиқ айрилиққа ҳам!
...Ёмғир ва шаҳарнинг энг чекка жойи,
Гунгман, ҳатто лангар ташлаган шивир.
Муҳаббат ажалдай қахринга қойил,
Турибмиз бир жуфт қуш сингари ивиб.
Майли, сўзлатмасин сукут болтаси,
Елканга йиқилган бошимни сила.
Шамол, ёмғир, туман, руҳлар ёдласин,
Бўшлиққа битаман нигоҳим билан:
Кўзларинг – шишага томган бўзадир,
Эҳтирос шароби қилмоқда хуруж.
Дўзахимсан ахир, менинг дўзахим,
Покланиб олайин қучоғингда, қуч!
Жонтемир
САЛЪЕРИ МУНОЖОТИ
1
Исрофил, сенданда ўтар машшоқ йўқ,
Масиҳо, менданда ўтар қашшоқ йўқ
Фаною Бақода,
Еру самода!
Чўғ бердинг, куйикиб тўзғиди тинчим,
Ўқидим, ўзидан итарди Инжил,
Нур кўрдим навода —
Қани, давола!
Истадим, ичимга бир тугун тушди,
Севиниб очгандим, ичи бўм-бўшдир,
Мен қайси даъвода,
Кўнгил ғавғода!
Розиман, ёлғизлик пийпалаб, эзсин,
Рақибим бўлмасин дегандим, эссиз,
Ул Одам Атодай,
Бари хатодай...
2
Гадоман,
осмондан тиланиб чақа
қўлимни узатсам —
чақмоқлар чақар!
Қайғудан безиккан юрагим судраб,
эланиб бораман мозор аҳлига.
Лаҳадлар оғзида арвоҳлар мудрар,
жисмини жўнатиб Аид шаҳрига.
Дарахтлар кавагин кавлайди —
қуруқ,
чумоли инига сиғмайди бошим.
Шудгор бўш, кўчини кўтариб қуйруқ
жўнаган серҳосил ерга қир ошиб.
Тиллоси таланган моғораларнинг,
ўзимдек қуёшнинг кулгичи йўқсил.
Оташда тобланган ноғораларнинг
сиртидай қизариб, ачишар кўксим.
Эй само, чўнтакда борингни чиқар,
тобакай тораймас очлик сарҳади?
Булутлар сув ичган чўққига чиқай —
Чанқадим, чанқадим, ёмон чанқадим!
3
Тангрим, сен куйлайсан қайси оҳангда?
Айт, қайси нотага бўлгандирсан жо?
Атаган узугинг қайси наҳангда?
Қай расул орзуйим келтирар бажо?
Қачон даргоҳингдан наволар келгай?
Руҳим тик, либоси эй воҳ, қариган.
Тунлар иситаман муз қотган елкам,
Босиб жаҳаннамнинг деворларига!
Умримни заққумтиш ҳасадгўй ямлар,
Оҳанг бер, пишитай лойимни қориб.
Тангрим, ночорликда бирор пайғамбар
Илтижо қилмаган мендек ёлвориб.
Созанда арвоҳлар гирдим қуршамас,
Ғажилган сўнгакдай силжийман оқсаб.
Ёввойи тоғларда кару кўр шаман
Чалган куй измида Моцартдай оқсам!
Моцартдай.... Йўқ! Асло! Ундан юқори,
Ундан кенг, шуҳратим унданда узоқ.
Йўлимни тўсмаса ажал шунқори
Ва дунё маҳбуби — лаънати қурсоқ!
Ахир мен тиландим Сендан истеъдод,
Ахир мен кўйингда рандаладим соз.
У ким? Далли шамол чоптирган бедов,
Сарсари, шартаки, енгилтак холос!
Юрсам йўл силтайди, чўзилсам тўшак,
Оловни у ёққан, лек мен ёнаман.
Топган нағмаларим отаси ўша,
Сендан нурланолмай куйган онаман.
Тангрим, ҳур оҳанга хомиладор қил,
Жисмига жойлансин нафасинг, қоним.
Мен сенга йиқилдим, Сен менга йиқил,
Майли, тўлғоқ чоғи узилсин жоним!
4
Ақлдан оздимми, кун-тун қоришиқ,
пинакка кетдим, бас,
бостириб кирар
тушлар пардасини йиртиб шарпаси.
Аксини кўраман қайга қарамай:
ой — Моцарт,
уфқ — Моцарт,
шамдон, маъшуқам.
Аскардай саф тортган қабртошлари —
Моцартдан иборат курраи жаҳон!
Наҳот беркинмоққа тангадай жой йўқ?
Биламан истеъдод — Тангри сояси.
Наҳот пешонамга битилган, наҳот,
Соянинг сояси бўлиб яшамоқ?!
5
... Шартинга розиман, марҳамат, Фауст!
Олиб уч руҳимни қумурсқалару
бижғиган истаклар томидан баланд.
Қўшқўллаб топширдим сенга ўзимни —
нетайки топмадим Тангридан нажот!
Алвидо мусиқа, алвидо оҳанг,
Алвидо сояда чириган йиллар.
Шубҳасиз жаннатга тушгайдир Моцарт,
Ҳурлар оғушида шодон, беқайғу
ҳар бири Биби Марям бармоқлар
илоҳий куйларни туғиб, Тангрининг
кўнглини хушлагай абадул-абад.
Мен эса ниҳоят ундан қутилиб,
бўларман қачондир орзу қилгандай
жаҳаннам саройин танҳо даҳоси!
Алвидо сояда чириган йиллар...
П. С: Салъери —Моцарт даврида яшаган сарой мусиқачиси.
Жонтемир
@Jontemir
Кўниколмай тор қишлоққа ҳеч,
Кенг шаҳарга бўлдим равона.
Шундан бери юрагим нотинч,
Соғиндингми ўғлингни, она?
Ижодхонам, китоблар, кулдон,
Ғашинга тегарди ёзишим.
Оила қур, ер ҳайда, пул топ,
Йўқса тайин хушдан озишинг,
Дея ўғлинг койирдинг тез-тез,
Қулоғимга илмасдим аммо.
Деҳқон эмас кўнглимни эссиз,
Шоир қилиб яратди Худо.
Шаҳарда ҳам бойиганим йўқ,
Сўз кетидан юрибман сарсон.
Ўзгармадим: ўша далли, шўх...
Тушларимни бузма, онажон.
Лек чопоним қучганча сармаст,
Мен дайдини кутганинг кутган.
Билмайсанки ўғлинг эсипаст,
Шеърдан бошқасини унутган!
Бас, ўзингни қийнама ёҳу,
Тамом бўлди юрагим қонаб.
Менга узун дуоларингу
Сенга Худо ёр бўлсин, она.
2016.
СУЯНЧИҚ
Тўлқиндек, пишқирдим, кўпирдим,
Ўзни ўтга урдим атайлаб.
Оғриқсиз юзларга тупурдим,
Яшамадим бошим авайлаб.
Йигитлигим йўл тортиб олди,
Ўтган кунлар асрларга тенг.
Юрагимда бир сулув қолди,
Юз сулувнинг юрагида мен!
Кечди йиллар шиддатлар аро,
Таваккал деб Парвардигорга.
Жаллод билан симирдим шароб,
Гоҳо борим тикдим қиморга.
Қай кўнгилда каъба тикладим,
Қай эшикдан топдим маломат.
Унутмадим Тангри ҳикматин,
Фақат унга айтдим саловат.
Ботинимда зилзила қўпиб,
Қуршаганда онгни ғам — ёғий.
Пешонамдан оҳиста ўпиб,
Тинчлантирган руҳни илоҳий
Куч сезардим ичимда мудом,
Қўллаяпти дердим Она Ер.
Неъматларин қилару ином —
Сўрагани арзимаган шеър...
Демак бари беҳуда эмас,
Чекинмайман зинҳор-базинҳор.
Ҳали етти иқлимга сиғмас,
Куйланмаган қўшиқларим бор!
2016
Жонтемир
@Jontemir
Бир пайтлар қрим-татарлар ўз ватанидан қувилган эди. Энди бу кулфатни уйғурлар бошига солишмоқчи. Кичик, ожиз миллат ўзидан кабир миллатга қўшиб юборилиши бор гап. Дейлик биз ўзбеклар ҳам тил, маданият, чегара, ғуруримизни мустаҳкамлаб турмасак ҳеч шубҳасиз россияга қўшилиб кетишимиз мумкин...
УЙҒУР ШОИРЛАРИГА
Қаршимизда рутубатли тун,
Мен сизларга, сиз менга ҳамдард.
Қайғу бизни енгмасдан бурун,
Тонгга етиб олмоғимиз шарт.
Кеча маккор, хужумга ўтар,
Она каби айтади алла.
Алданмагин, бошингни кўтар,
Бор овозда куйла баралла!
Шиддатингдан қўзғалиб довул,
Ошкор бўлиб минг йиллик тилсим.
Уйқусида бўғизланган ул
Шаҳидларнинг руҳи тирилсин.
Ўқ томири ғафлат иллатнинг,
Сергакка ёв қутқу солмагай.
Шоирлари мудроқ миллатнинг,
Қабристондан фарқи қолмагай.
Хушёр туринг, тонггача етсак...
Етмасак-да бу тонг отадир.
Агар биз ҳам уйқуга кетсак –
Қолганларни ким уйғотади?
Болаларни ким уйғотади?
Тонгга етиб олмоғимиз шарт!
Жонтемир
@Jontemir
* * *
Арзирли ниманг бор,
мана, юрагим!
Ичида тўпланган не ғам, не бало.
Тўйдим ўзим эшган тўрга ўралиб,
Ишғол эт,
ҳаддинг сиғса бемалол.
Кўзларим юмилган, хаёл кимсасиз,
Хотира тўкилар туш ёриғидан.
Кафтимга ўйилган қадар чизмаси
берилиб фол кўрар ой ёруғида.
Минг афсус, ўнг келмас бирор башорат,
Қулфимни очади на юлдуз, на бурж.
Ҳолатим — одамга дўнган ҳашорат,
Ҳашорат кифтига одам ортган бурч.
Марҳамат, ҳатлаб ол эркимни боғлаб,
Сокинман, исённинг тиллари қилов.
Ҳайиқма, бошимга чиққан илоҳлар
эски ҳирқасини ташлаган илон.
Арзирли ниманг бор:
тахт, бўса, ёшлик,
Муҳаббат — бадимга урган бу қафас.
Алвидо, чираниб, бекорга тошдинг,
Танҳолик шароби сендан муқаддас!
Жонтемир
@Jontemir
ҚИЁФА
У кўчада кетиб бораркан
бирдан сергак тортади шовқин.
Нигоҳлардан ёғилиб ҳайрат,
ғийбат чайнар бадбўй оғизлар.
Гўштдор ўлжа топган йиртқичдай
йўлин тўсар мешқорин миршаб:
"кечирасиз, ҳужжатларингиз?"
Ўқиб кўрар — миллати ўзбек.
Ишонмайди: ҳаммамиз ўхшаш,
нега сизнинг чеҳрангиз ғалат?
Елка қисар кулиб боладай:
Ёндашгандир Тангри ижодий...
У кўчада кетиб бораркан
фақат осмон бермас эътибор,
фақат қушлар безовта бўлмас.
Фақат рангсиз, совуқ юзига
оёқ қўйган шартаки бўёқ
йўқолгунча зулматга сингиб
тинчланолмас, Одам Атодай
эгизаклар ўстирган шаҳар!
Жонтемир
@Jontemir
* * *
Балки автобусда кетиб боряпсан,
Балки метродадир…
Тағин билмадим.
Топганинг дард бўлди,
Дардларинг сафсан,
Қўнғироқ ҳам қилмадим.
Тошкент кўчаларин эркалар ёмғир,
Ресторан.
Жаз тинглаб, ўқийман китоб.
Балки айни чоғда аҳволинг оғир
Ётгандирсан ижара уйингда бетоб.
Балки орзуйингдек
Балзак яшаган
Шаҳарларда кезиб юрибсан танҳо.
Балки ҳамроҳингдир ҳазон тўшалган
Ўрдадаги биз севган анҳор.
Эсингдами?
Моцартни севардим,
…билганинг Шопен.
Асабим бузишга устайдинг.
Шаҳар айланардик
Дўконлар «опен».
Бахтли бўлишимизни истардинг.
Серсавол қиз эдинг серсавол,
– Нега кўп чекасиз?
– Қошингиз қалин…
Ҳаммаси тугаган,
Ҳаммаси завол…
У кунлар қайтмайди минг ёлвор, ялин.
Тошкент – катта шаҳар,
Бардошдай катта,
Бахтингни топасан…
Азизам… Тушун.
Кечир, ўша оқшом
Сен ёмғирдан қочиб келган бекатда
Автобус кутиб турганим учун.
Жонтемир
/channel/Jontemir
* * *
Бир тош кўрсанг йўл ўртасида
Тепиб ўтма, ёр қилиб ҳазар.
Сени кутиб оёқ остида
Ётар тошга айланиб Назар.
Аямасдан ардоқларингни
Зангор сойни кечасан кулиб.
Билмайсанки, оёқларингни
Ўпар шу чоқ Назар сув бўлиб.
Бевафолик қилса гар санам
Ҳайиқмасдан мард эр тиғ санчар.
Ҳушёр тортгин, ичиб онт-қасам
Юргай Назар шаклида ханжар.
Топмас эди шеърларим сайқал
Ёр, бермасанг ишқинг билан зеб
Сенга тиклаб сўзлардан ҳайкал
Имзо чекдим «Назар Шукур» деб.
Соқчи каби турган ҳар дарахт
Манзилингга омон етказар.
Қўйганмисан уларга қараб?
Ахир, унинг ҳаммаси –Назар!
Сени кўздай асрамоқ учун
Жисми билан интилиб нурга,
Гирдингдаги нарсалар бугун
Айлангандир Назар Шукурга!
1.01.84
КЕЧИРИНГ
Сизни сокин севдим, кечиринг,
Кечиринг, кўнглимни тиймадим.
Юрак-юрак ёлғон ичириб
Йиғлатдиму дийдам иймади.
Гуллар тутдим билиб сўлишин,
Йўл кўрсатдим — охири аён.
Бораверди фоже тўлишиб
Ва кўз ёрди айрилиқ — аёл.
Эҳтиёткор лаблар куйдими?
Кулзордами гулзордаги руҳ?
Сизни кўздан устун қўйдиму
Сўздан устун қўёлмадим, йўқ!
Қовушмади кулгингизга ғам,
Озодликка чиқолмадим боз.
"Кечиринг" бу қичқириғим ҳам,
Қафасдаги қичқириқ, холос...
Жонтемир
@Jontemir
ЖАЛЛОД
Келгин менинг қатилгоҳимга
зулматимга
танхолигимга
кўзимга кўмилган коинот
марказига чақмоқдек балқиб
келгин
ёниб тугади шамлар
саволлар осилган дорлар остида
ойболтасин чархлаётир руҳ
мен тайёрман қатлимга тайёр
ҳис қиламан елкамда тафтинг
сочларим оралаб изғир нафасинг
чекканим тамаки аччиғи
ёзганим шеър
мусиқа
ўқиганим китоб варақларидан
эшитилар сокин овозинг
юлиб олдим хочдан тангрини
илоҳий битиклар
ул қора тошдан
ва ичимга жойладим мангу
энди бахтли
энди у озод
фақат сени кўрмоқ истайди
кечирмоқ истайди шаккоклигингни
тобе қўрқоқ фаришталар оппоқ юзига
эрк қонига ботган қўлларинг артиб
қайтажаксан юксаклигинга
яшаб кўрсин сенсиз одамзод
қани тозарсинлар чиқиб соянгдан
мен тайёрман қатлимга тайёр
Дорларим зорланиб қолдилар
тамом
саволлар жасадин совурди шамол
мийям қатларида оғир орзиқиш
қон соғинчи
пок покиза қон
сен келмасанг ким учун севгим
тортилган пардалар ортида жирканч
чеҳралардан ҳижобланган қалб
қартайсинми зулмат чимилдиғида
бирлаштириб икки қудратни
келгин кутмоқ чокини ямай
бошим узра сапчисин сўнг бор
чархлана чархлана емрилган болта
мен тайёрман қатлимга тайёр
Жонтемир
@Jontemir
ҲАДИК
Мен тўсатдан ғойиб бўламан,
Балки саҳар,
Балки туш пайти.
Ижара ҳақини тўламай...
Сенга севишимни айтмай, ё айтиб.
Йўқотади Тошкент соямни,
Шаҳрисабз қолар ғафлатда.
Қайғу босар кекса доямни:
"Ёш эдия, аттанг, минг аттанг".
Чиққиллайди соат бемалол,
Гиёҳ чайнар оғринмай кийик.
Елкасида ўстирган ҳалол,
Toғлар, фақат тоғларга қийин.
Aввалгидай оқаверар сой,
Йигит қўшни қизга хат берар.
От бўлади гижинглаган той,
Teлефонлар жиринглайверар.
Туркистоннинг шоири камми?
Йиғламайди қизлар соч юлиб.
Kимдир илар сафар тўрвамни, ,
Унга насиб босмаган йўлим.
Хиёбонлар хувиллаб қолмас,
Майхонада чапани, саркаш.
Кўксин муштлаб шеър ўқиркан маст,
Ном чиқарар янги жанжалкаш!
Дўстлар аста унутар номим,
Душманларим ўтгай тупуриб.
Ҳаққа ташна тўпаланг қоним,
Ўзга танда оқар кўпириб.
Мен тўсатдан...
Aён ҳаммаси,
Бундан дунё бўлмайди абгор.
Ҳар даврнинг ўз девонаси,
Ўз даҳоси,
Ўз жаллоди бор.
Фақат тоғлар,
Сени ўйлайман,
Эрта келса ажалим қувиб,
Ем бўлгани асло қўрқмайман...
Keйин қандай яшайди бувим?!
Жонтемир
@Jontemir
АБДУРЕҲИМ ҲЕЙИТ хотирасига
* * *
Мен қўшиқ айтмадим,
йиғладим фақат —
дарахтлар ҳолига, қушлар ҳолига.
Осмондан юксакда кенгликлар бор деб
ишонтирмоқ бўлдим одам зотига.
Чўкиб бораверди улар чуқурроқ
сарғариб улгурган умид ғорига.
Халқим қулоғига азон ўқидим:
уйғону
бошингни баландроқ кўтар!
Лочин овозимни
пистирмалардан
нафасин чиқармай отиб олдилар.
Созимни чангаллаб ерга қуладим,
томоғим йиртилган,
қанотим мажруҳ.
Бўм-бўш жасадимни кетдилар судраб —
Юксакда чирқираб қолаверди руҳ.
Ахир билмасдилар
мунгли янграшин,
озодликда юрган йўқсилдан кўра
зиндонга ташланган ҳофиз ноласи!
Эй шамол,
Айрилдинг битта куйчингдан,
миллатнинг қалбига азон айтгувчи
жобир Чўлпонингдан,
бобир Тўйчингдан.
"Ўзимни босолмам,
Бўзим бўғзимда,
Жаҳолат айт, қачон узоқ кун кўрган?
Туркистон шундайин серпушт тупроқки -
Йўқотганин қабри совимай туриб,
Бўлажак ботирин туғиб улгургай!"
Мен қўшиқ айтмадим,
йиғладим фақат...
9.02.2019
Жонтемир
Тарих — қон!
Тарих — қасос!
Тарих — ўч!
Бу юртнинг ҳар қаричи аждодларимизнинг қутлуғ қони билан суғорилган! Чавақлашган уларни! Тириклай сўйишган! Нега? Озод бўлишни истаганлари, эркин яшамоқчи бўлганлари учун! Тобелик, мутеликдан ўлимни афзал билган боболар авлодлари, ўзингга қайт, қонингга қайт, қорнингга тириклай кўмилган руҳингни уйғот!
@Jontemir
УМРБОҚИЙ
Қайтишга йўл топгани келгандим,
Муҳаббат майига ботгани келгандим.
Ҳаридор чиқмади, қарғалар гувоҳ,
Бирровга жонимни сотгани келгандим.
Йиқилдим, оёғим ости музғалоқ.
Қовиштиролмадим Қуддус, Маккани
Кўзимдан шовуллаб тошди қўзғалон,
Хомлай сўйиб едим жунун — ҳаккани.
Оғзим қон, ириллаб чопганим чопган,
Кўрган кас ўшқириб ирғитар нафрат.
Ҳар нафас бўзлатиб қопгани қопган,
Руҳимни — шеър, танимни — сафро.
Ялмоғизга ялиндим, ямла!
Оқ кийиндим, урмади чақмоқ.
Кипригимга қўндириб шамлар,
Юрагимга ўт қўйди Раҳмон.
Ётоғига чорлади ялпиз,
Эҳтиросни ойга қайрадим.
Ифор эмган ўтлоқда қалқиб,
Яфроқларин чайнаб яйрадим!
Уйғонганда ўтганди минг йил,
Усти-бошим босган пўпанак.
Бу дунёда қолмаган тенгим,
Атрофимда ғазот, тўпаланг.
Биров ўлик ёқар ўчоқда,
Биров ясар суякдан таёқ.
Тик турганча дарахт қучоқлаб,
Кўз олдимда кўз ёрди аёл.
Азон айтар бошида мулло,
Товоқларда асал, узум, май.
Яқин борсам, астағфирулло,
Ўша гўдак менинг ўзимман!
Яна тоққа қайтарми сувлар,
Эврилмасдан янги шаклга?
Кетди аёл эркакни қувлаб,
Қолавердим урён ангиллаб...
Жонтемир
@Jontemir
ҚУВҒИН
1
Видо шимган либосин ечиб
ЮРАК кетиб борар
яланғоч юпун
суқланиб тикилар
бепушт симёғоч
масиққан дарахтлар қошидан
мағрур
ўз-ўзига ғарқ
Ўз-ўзин ютиб
ЮРАК кетиб борар
маъюс бепарво
2
Қишги туфроқ ширин уйқуда,
Шеърга мавзу қидирмоқда тун.
Жим илдамлар оғир қайғудан,
Шивирлайди юлдузлар: "сургун!"
Оч бўридай ташланар афсус,
Ғашлик эзар — бигиз пошнали.
Ноҳақ жазо юкланган маҳбус
Каби аста борар тошланиб...
3
Ғижимланган тамаки мисол,
Тан — қутидан итқитилган у.
Теваракда
пўкак сумбатлар бисёр,
Бирига жойлашиб олсачи?
Ва шу...
Томирлари тортилган таранг,
(Чангаллашга боши бор на қўл)
Ортга қайтиб тўқимоқ найранг,
Ё тан бермоқ.
Қай бири маъқул?!
4
Осмон жим,
Туйғулар фалаж.
Ичиб қўйган умидин нафрат.
Хуррак отар тақдир — мунажжим,
Видо шимган либосин ечиб
ЮРАК кетиб борар —
манзили нигун.
Йўлнинг эса сўнгги кўринмас...
31.01.2018
Жонтемир
@Jontemir
«Кичрай осмон, кўзимдай кичрай,
Йиғлашайлик, дағи хомушман.
Қулоқ йиртар шовқинлар ичра
Гангиб юрган қадим товушман...»
📝 Жонтемир
🎙 Оҳиста Жамшид
@Muhammad_Siddiq