iqbol_mirzo_ijodi | Неотсортированное

Telegram-канал iqbol_mirzo_ijodi - Иқбол МИРЗО шеърлари

2347

Ҳурматли канал кузатувчилари! Бу ерда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗОнинг шеърлари, шоир ижодидаги янгиликлар, фото ва видео тасвирлар билан танишиш имкони мавжуд.

Подписаться на канал

Иқбол МИРЗО шеърлари

🎧 Жадидлар етишмаяпти, жадидлар

✍️ Иқбол МИРЗО шеъри;
🎶 Шарофиддин МУРОДОВ мусиқаси;
🎤 Тошкент вилояти филармонияси хонандалари ижро этишди.

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

⚡️“Жадид” газетасининг чиқишига қанча тайёргарлик кўрилди?

‼️ Янги нашр неча йиллик тарихга эга “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” ўрнида чоп этилганини жамоатчилик қандай қабул қилди?

🗞 Газетанинг илк сонида жадидчилик руҳи сезилмади, деган танқидларда қанчалик жон бор?

🗓 Газетанинг адади қанча, ҳафтада неча марта чоп этилади?

Шу каби саволларга “Жадид” газетаси бош муҳаррири Иқбол Мирзо жавоб берди.

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

НОЗ ВА ФИРОҚ

Ўлай агар, аразнинг хўп гашти бор,
Агар араз беғараз, бегард бўлса.
Энди етар! Хизматига мен тайёр –
Яраштириб қўядиган мард бўлса.

Жон-жон дердим агар жоним олса ҳам,
Совуб кетмай ўртансайди, куйсайди.
Учрашганда ёлғон қовоқ солса ҳам,
Четга қараб ростдан кулиб қўйсайди.

Сал чўзилиб кетди фироқ бу сафар,
Ўйиндан ўқ чиқмаса деб қўрқаман.
Шайтон бор-да ўртада, шу баччағар
Тумшуғини тиқмаса деб қўрқаман.

Алоқ-чалоқ тушга ўхшар ҳаётим,
Кўнглим боғда, ўзим эса тоғдаман.
Учолмасанг, ортиқча юк қанотинг,
Бир баҳона тополмасдан доғдаман.

Муддат керак экан нозу аразга
Агар ишқда шу қийноқлар шарт бўлса.
Совға оберардим айтиб у қизга
Яраштириб қўядиган мард бўлса.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Ахборот 24 | 1 январь куни «Жадид» газетасининг илк сони нашрдан чиқди
#1jan #uzbekiston24

mtrk.uz | Youtube | Facebook | Telegram | uztv.tv | TV-dastur

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 НИМА ҚИЛАЙ

✍️ Иқбол МИРЗО
🎤 Алишер АЧИЛОВ

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

28 декабрь — Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллуд топган кун

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📝 Иқбол МИРЗО — «Жадидлар»

🌐 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

«Чарчамадингиз»

✍️ Иқбол МИРЗО
🎙 Шаҳзодабону
ИСМОИЛОВА

🌐 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ

✍️ Иқбол МИРЗО
🎤 Баҳодир МАМАЖОНОВ

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

❤️‍🔥БУНЧАЛАР…

Қуёшга интиққан каби ғунчалар,
Юрак сокин-сокин қўнғироқ чалар.
Нима деб куйлайди қўнғироқчалар?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?

Оҳу қарашлими, жоду қарашли,
Либоси ярашли, нози ярашли,
Бунча яхши бўлдинг, бунчалар яхши!
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?

Эртаклар ҳақиқат эканими бу?
Юракка кўкрак тор келганими бу?
Ё висол ё ўлим деганими бу?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?

Ой – кўкка таваккал чертилган танга,
Ҳолбуки, ҳар икки олам бир менга.
Айт, нима ёмонлик қиловдим сенга?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

АЙТГИЛ, ДЎСТИМ

Бошинг эгиб таъзим айла, шукрона айт
Сени гулдек эркалаган чаман учун.
Осмонларда юрган бўлсанг, тупроққа қайт,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Кўзи қора, юраги оқ шу эл учун,
Тупроқ учун, шу юрт учун, чаман учун,
Улуғ инсон бошлаб берган шу йўл учун,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Элдан кетиб эл бўлганни ким билади,
Дон ахтарган гўштхўрларга ем бўлади.
Дил қонаса, она тупроқ эм бўлади,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Қачонгача қорнинг ўйлаб ўтадирсан,
Қачонгача кўкдан чалпак кутадирсан?
Ахир Ватан битта, сен ҳам биттадирсан,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Бунча бино қўйма заррин чопонларга,
Саратонда япроқ бўлгин деҳқонларга.
Суянгани таёқ бўлгин чўпонларга,
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Ҳеч кимдан кам эмассан, кам бўлмагайсан,
Ерда қолсанг, офтоб бўлиб кулмагайсан.
Қачон белни маҳкам тортиб боғлагайсан?
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

Шу сойлардан сувлар ургин юзингга сен,
Бир бор назар солгин босган изингга сен.
Шу саволни бериб кўргин ўзингга сен:
Айтгил, дўстим, нима қилдик Ватан учун?

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

СЕНГА ХАТЛАР ЁЗДИМ

✍️ Иқбол МИРЗО
🎙 Раъно
ТОЖИБОЕВНА

🌐 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🇺🇿 ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ

Қалбимиз тўла сурур,
Тўтиё юрт тупроғи.
Ҳилпираб турар мағрур
Ўзбекистон байроғи.

Ранги – ҳаёт мисоли,
Юлдузлари, ҳилоли.
Мустақиллик тимсоли —
Ўзбекистон байроғи.

Гумбазларда, юксакда,
Пештоқларда, фалакда,
Кўнгилларда, юракда
Ўзбекистон байроғи.

Ифтихор дилимизда,
У йўлдош йўлимизда.
Юксалар қўлимизда,
Ўзбекистон байроғи.

✍️ Иқбол МИРЗО
🎵 Мусахон НУРМАТОВ
🎙 Хоразм вилояти Урганч туманидаги 38-сонли мактабнинг мусиқа фани ўқитувчиси Назарбек Жуманиязовнинг мусиқа фани тўгараги ўқувчилари

📱@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БИЛСАНГ ЭДИ...

Кел, деганда, ноз қилмасдан келсанг эди,
Гул берганда, қайрилмасдан олсанг эди.
Ўзинг қандоқ яхшилигинг биласан-у,
Сени қандай севишимни билсанг эди!

Бу дунёга озиб-ёзиб бир бор келиб,
Наҳот ўтсам ҳижронларда бағрим тилиб?
Сен юрасан дардим билмай, қадринг билиб,
Сени қандай севишимни билсанг эди!

Музни қандай куйдиришни биласан-а,
Суймаганни суйдиришни биласан-а,
Лайлолардан қолган ишқни биласан-а,
Сени қандай севишимни билсанг эди!

Чора истаб бечораман мен чорасиз,
Феълинг сабаб иккимиз ҳам оворамиз.
Ичи қора қиз экансан, э қора қиз!
Сени қандай севишимни билсанг эди!

Етти иқлим, сув-ҳавони биласан-у,
Бешта қитъа, ер-самони биласан-у,
Менга қара, ҳар балони биласан-у,
Сени қандай севишимни билсанг эди!

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

СОҲИБЖОННИ СОҒИНИБ

Ажал деди:
- Кўп куйинма, бас,
Битта дўст деб мунча дод солдинг?!
Фарёд урдим:
- Сен битта эмас,
Биттагина дўстимни олдинг!!!

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

«Jadidlar qo‘shig‘i»

🎙 Ijro: Toshkent viloyati filarmoniyasi xonandalari.
✍️ Sheʼr: Iqbol Mirzo.
🎼Musiqa: Sharofiddin Murodov

🔰 (Musiqiy sayqalsiz)

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

💔БУНАҚАСИ КЕТМАЙДИ

Аввал бағрин очди у,
Кейин заҳрин сочди у.
Берган атиргулимни
Юрагимга санчди у.
Бунақаси кетмайди –
Гул яраси битмайди.

Билак ташлаб бўйнимга
Кулиб, кирди қўйнимга
Кейин деди: «Барибир –
Бошқа биров ўйимда...»
Бунақаси кетмайди –
Тил яраси битмайди.

Ширин кулган шумасми?
Боғлаб олган шумасми?
Соч силкитиб, жонимга –
Тузоқ солган шумасми?
Бунақаси кетмайди –
Қил яраси битмайди.

Ўпса, нетар дедилар,
Ювса, кетар дедилар,
Ҳар қандайин жароҳат –
Бир кун битар, дедилар.
Бунақаси кетмайди –
Дил яраси битмайди!

✍️ Иқбол МИРЗО

2005

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 ИСТАЙСИЗМИ-ЙЎҚМИ

✍️ Иқбол МИРЗО
🎤 Жаҳонгир ОТАЖОНОВ

🌐@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ЯНГИ ЙИЛ

Қор заррасин тутиб қололмас нигоҳ,
Гоҳ зарра нигоҳдан бағрим тилинди.
Қор ёғсин – ёпилсин изларинг, гуноҳ.
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

Қорми – кул остида милтирайди чўғ,
Кетганлар жон узиб кетмаганлар, йўқ!
Сенга етганлар бор, етмаганлар йўқ,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

Деҳқоннинг уйини тўлдир буғдойга,
Сабр бер мискинга, инсоф бер бойга.
Тинчлик, кўнглитўқлик шоҳу гадойга,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

Қирқ йилда бир йигит келар оламга,
Йигит юрагимни кўмма аламга.
Яна қирқ йил хизмат қилай онамга,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

Арчажон, юмшатгил игналарингни,
Кел, ташла, аразу гиналарингни.
Кўкка чиқай босиб зиналарингни,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

Кўк тоқига ҳилолчироқ илинди,
Ёруғ ғуссаларга ошно дил энди.
Киприклар ҳам оппоқ атиргул энди,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ҚАНДАЙ ЗЎР УСТОЗИМ БОР ЭДИ

Қандай зўр устозим бор эди, дўстлар,
Кибру ҳаво, ғийбат бегона эди.
Дурга айланарди у тутган сўзлар,
Эркин Воҳид эди – ягона эди.

Саломлар йўлларди турли давралар,
Эртага устозга айтаман, дердим.
Бир кун имкон бўлса, ишдан кетиб, шарт
Ёнига бутунлай қайтаман дердим.

Сиз кўрганмидингиз у зотни, дўстлар,
Сиз ҳам китобларин излармидингиз?
Синчков кўзларига тушганда кўзлар
Ҳазрат Навоийни эслармидингиз?

Ғўрман-да, ўтаман ғўралигимча,
Эл меҳрин устозга сўйламабман ҳам.
Тасаввур қилмабман кадарни ҳечам,
Бир кун кетади деб ўйламабман ҳам.

Улуғ шоирларнинг андуҳи буюк,
Сурури ҳам сиғмас Баҳри Муҳитга.
Eтти ёт оролда кумушсоч бир турк
Саломлар йўллади Эркин Воҳидга.

Азада тўкмаган ёш қалқди, дўстлар,
Дил сўзларни тезроқ айтгим келяпти.
Эртароқ тугаса қани бу сафар...
Устозим ёнига қайтгим келяпти...

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

НИМА ҚИЛАЙ

Нима қилай, баргдан гул кўп чаманзорда
Ўхшашингни тополмасам нима қилай?
Гулбаргича дил бўлмаса сен дилдорда,
Юрагингни ўполмасам нима қилай?

Нима қилай, қоракўзим, нима қилай,
Икки олам ора ўзим, нима қилай?
Қошларингдан пора кўксим, нима қилай,
Кўзларингни тутолмасам нима қилай?

Дард берарда сахий, бахтга хасис менга!
Зардаларинг, аччиқларинг лазиз менга.
Сен турган жой пойтахт менга, азиз менга,
Фарғонамга кетолмасам нима қилай?

Не сайёдсан, не жаллодсан, не золимсан,
Тиғида нур ярқираган ҳилолимсан!
Умидимсан, орзуимсан, хаёлимсан...
Ўйлаб ўйга етолмасам нима қилай?

Бир бандиман, сенки ҳурсан, нима қилай,
Кўкда бўлсанг, ерда юрсам нима қилай?
Шу ҳолимга яхши кўрсам нима қилай,
Ўхшашингни тополмасам нима қилай?

✍️ Иқбол МИРЗО

2005

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🇺🇿 Президент Шавкат Мирзиёев 22 декабр куни Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида жадидлар тўғрисида сўз юритди.

🌐 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ДИЛИМ ХУФТОН

Дилим хуфтон, кундузимни тундай қилиб,
Учрашувга келмади у, шундай қилиб.
Хўрликларим келиб кетар туриб-туриб,
Энди уни унутайин қандай қилиб?

Исмимни ҳеч айтолмасди, уяларди,
У жилмайса, кун чиққандай туюларди.
Исмин айтсам, оламга нур қуйиларди,
Энди уни унутайин қандай қилиб?

Кўзим юмиб очсам агар, соғинардим,
Чекиб дардлар, ёзиб хатлар соғинардим,
Бармоқларин ўпиб, баттар соғинардим,
Энди уни унутайин қандай қилиб?

Дилим хуфтон, кундузимни тундай қилиб,
Ваъдасида турмади у, шундай қилиб.
Балки, бир кун сўзларини унутарман,
Кўзларини унутайин қандай қилиб?

Худо, дейман, ғамга тўлсин юраклари,
Мени ўйлаб, адо бўлсин юраклари.
Бировларни севмай ўлсин юраклари...
Энди уни унутайин қандай қилиб?

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БИР ПАЙТЛАР...

Тизза бўйи ёғар эди қор,
Уч-тўрт марта томни курардик.
Гуллар чизиб музларди анҳор,
Терлаб-пишиб чана сурардик.

Жиддий эди табиат — ота,
Тўғри, феъли бироз тор эди.
Улов камёб, кўплар пиёда,
Кўпчиликда виждон бор эди.

Кечикмасдан келарди баҳор,
Ўз вақтида гуллаб бодомлар.
Шафақларга берарди оҳор
Истараси иссиқ одамлар.

О, бор эди руҳимда жило,
Қулоғимда ҳамон кулгиси.
Эслаб қўйсам рангланар дунё,
Исмин айтсам, келар гул иси.

Бошин тўлғаб, кўк — мовий шамол,
Ўш пиримга бориб қайтарди.
Ғунча қучган капалак беҳол
Мангуликка қўшиқ айтарди.

Илиққина ёз ёмғирлари
Узиб-узиб қуйилар эди.
Инсоннинг бор эди сирлари,
Ҳаёт сирли туюлар эди.

Кеча... Кўнгил соғ эди кеча.
Кеча ойдин эди ўй-дардим.
Кеча осмон сувини ича
Энди ўлмайман деб ўйлардим.

Совидими Тангри бизлардан,
Ахир саноғида бор эдик!
Нечук мадор кетди тиззадан?
Қаримасдан туриб ҳоридик...

Асли мендан кетди оқибат,
Оқибат мен кетдим ўзимдан.
Мана, бугун соҳиби санъат
Гулпардани олди кўзимдан.

Бугун юрак бошин босган қор
Бугун хаёлларим фаромуш.
Бугун табиатим беқарор,
Бугун қалбим, руҳим аро қиш.

Бугун ҳасса билан қўзғаб чўғ,
Ўз қўйнимга қўл соляпман мен.
Давр-павр билан ишим йўқ,
Ёшлигимни қўмсаяпман мен.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

«Муҳаммад Юсуф»

✍️ Иқбол МИРЗО
🎙 Меҳригиё
ДЎСАНОВА

🌐 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ЎЗБЕК

Манглайга кафт қўйиб олисга боқсам,
Эдилдан кўринар бўйларинг, ўзбек.
Туш каби жимирлаб минг йил оқса ҳам,
Номинг айтар Энасойларинг, ўзбек.

Нуҳ тўфони, демак, қисмат шамоли,
Кимнингдир камоли, кимнинг заволи.
Саргашта кун кўрдинг оҳу мисоли,
Шундан ҳамон мунгли куйларинг, ўзбек.

Дили қонга тўлиб, кўзлари – ёшга,
Алп Тегин бир ҳикмат чегирди тошга:
“Бизнинг қайғумиз йўқ боладан бошқа…”
Болангга боғлидир ўйларинг, ўзбек.

Бир замон оловни илоҳ билган эл,
Қуёшга қарашни гуноҳ билган эл,
Ҳар бир босқинчини қўноқ билган эл,
Ёвга сўқмоқ бўлган кўйларинг, ўзбек.

Исмингни айириб кечди асрлар,
Хонликни бекликка бўлган не сирлар?
Кентларга сочилган ўрда, қасрлар…
Қумдан қорилганми лойларинг, ўзбек.

Дил қўзғалса, элни тўхтатиб бўлмас,
Сел қўзғалса, гилни тўхтатиб бўлмас.
Занжир узган қулни тўхтатиб бўлмас,
Тиғ бўлди ҳар битта мўйларинг, ўзбек.

Бўйнингдан кетган йўқ ҳали дор изи,
Қўй, қора кунларнинг ўчсин қораси!
Сен борсан – Темурнинг улуғ вориси,
Осмонингга қайтди ойларинг, ўзбек.

Катта қишлоқ экан Париж, Лондон, Рим,
Даламни соғиниб эзилди кўнглим.
Дунё гўзали – сен, қадоққўл синглим,
Гўзалдир ўнгиган кўйлагинг, ўзбек.

Ҳафталаб йўл қараб сарғаймас Кумуш,
Тоғни толқон қилди бобомерос мушт.
Тин олди довонга боқиб Алпомиш,
Тоғларни қўпорди ёйларинг, ўзбек.

Қўлингни кўзимга сурай, отажон,
Ёнингда ул бўлиб юрай, отажон,
Яхши кунларингни кўрай, отажон,
Совимасин қўлда чойларинг, ўзбек.

Онажон, ҳаволи боғлар муборак,
Ҳандалак банд берган чоғлар муборак.
Келин юзидаги доғлар муборак,
Буғдойларга тўлсин уйларинг, ўзбек.

Сунбула – тўкинлик, тўйлар мавсуми,
Бир қўзғалиб олар боғбоннинг хуми.
Асли бир сатрдир шеърим мазмуни:
Тўйларга улансин тўйларинг, ўзбек!

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

УДУМ

Рустам Қосимжоновга

Жаҳонгир боболар шавкати-шони
Хаста кўнгилларни шод этиб келган.
Эл, ёвқур ўссин, деб ўзбек ўғлони
Рустам достонларни ёд қилиб келган.

Ақл ҳамда кучдир ғолиблик шарти,
Миллатин кўтарар миллатнинг марди.
Шунда бегонанинг бўлса ғам-дарди –
Адолат ўтиниб, дод қилиб келган.

Жаҳон тожин кийиш – удум ўзбекка,
Руҳи омон, оти сапчийди кўкка.
Гоҳо Рустамжондек бир ўзи якка
Тенгсиз рақибларни мот қилиб келган.

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🇺🇿 18 ноябрь — Ўзбекистон Республикасининг “Давлат байроғи тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган кун

📱@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

СИЗ…

Мудом ёруғ бўлсин дарчаларингиз,
Менга кўчиб ўтсин барча дардингиз!
Мен сизни авайлаб чарчамадим ҳеч,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.

Гоҳо ёмон қараб, гоҳ қарамасдан,
Гоҳо ёлғон кулиб, гоҳ кулиб ростдан,
Гоҳо эркаланмай, эркаламасдан
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.

Кимнинг қўлини сал узоқ тутдингиз,
Қайгадир кетдингиз, шошиб кетдингиз.
Ёнимдан кўрмаган бўлиб ўтдингиз,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.

Ёш бола эмасдим, кўпни кўргандим,
Ҳамманинг устидан кулиб юргандим.
Лек сизга боладек қаттиқ ўргандим…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.

Хоҳласанг оласан, агар шоҳ берса,
Қаёққа борасан, Тангри – Ҳақ берса.
Нима ҳам дер эдим, Сизга завқ берса…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ҚАРАЙСАН

Маҳлиёсан кўзгуга,
Сочларингни тарайсан.
Қарамайсан кўнглимга,
Менга қачон қарайсан?!

Четга қараб пичирлаб,
Четга қараб куласан.
Ўйинчи қиз, шаддод қиз,
Бунча ўйин қиласан.

Қалқиб чиқар кўкка ой,
Қалқиб чиқар юрагим.
Сенга керагим борми,
Йўқми сенга керагим?

Мен қолиб бировлардан
Ҳолу аҳвол сўрайсан.
Қарамайсан кўнглимга
Менга қачон қарайсан?

Кўзингни бер кўзимга,
Бу шунчалар қийинми?
Севги сенга эрмакми,
Севги сенга ўйинми?

Сенга қараб қолганман,
Қалбимга ўт қалайсан.
Қарамайсан кўнглимга
Менга қачон қарайсан?

✍️ Иқбол МИРЗО

2004

Читать полностью…
Подписаться на канал