Намозхон
Уч киши ҳаж сафарига боришди ва қайтишда шайх Ашраф Таҳонавийни зиёратига киришди. У зот билан аввал кўришмаган эдилар. Бироз кутиб ўтиришди ва шайх чиқиб, уларнинг орасига ўтирдилар. Улар шайхни танишмади. Улардан сўрай бошладилар: “Исмингиз нима?. “Ҳожи фалончи” дея жавоб берди у. Иккинчиси ҳам ҳожи пистончи, учинчии ҳам ҳожи фалончи дея жавоб бериб ўзларини таништиришди. Сўнгра улар шайхдан : “Сиз ким бўласиз?, дея сўрашди. Шайх уларга қараб: “Мен намозхон Ашраф Таҳонавий бўламан” дедилар. Улар: “Нега ўзингизни бундай таништиряпсиз?” деб сўрашди. (Яъни, намозхон фалончи деб).
Шунда у зот: “Умрингизда бир мартагина ҳажни адо этиб, ўзларингизни ҳожи палончи, деб номлаб олибсизлар. Мен бўлсам кўп йиллардан бери кунига беш маҳал намоз ўқийман. Демак, ўзимни шундай номлаб олишга ҳақли эмасманми?” деб (киноя тарзида) жавоб берган эканлар.
Изоҳ: Имом Ашраф Али Таҳонавий - улуғ аллома, нафақат Ҳиндистонда балки, бутун дунёда шуҳрат қозонган, “Уммат ҳакими” деган улуғ номга сазовар бўлган зот. Таҳонавий ўз асридаги турли илм соҳаларини мукаммал эгаллаган машҳур олим бўлиб, масалаларни аниқлашда ва далилларни чуқур ўрганишда илм толиблари орасида шуҳрати кенг тарқалган.
T.me/FotihaUz
СИЁМ ЭГИЗАКЛАРИ
Исм бошқа холос, жисму жон битта,
Бир-бирига зимдан қарашар экан,
Баъзисида юрак, ошқозон битта,
Шулар ҳам гоҳ овқат талашар экан.
✍️ Иқбол МИРЗО
2003
🏅 Туркий халқлар тарихи, миллий қадриятлари ва маданиятини муҳим тадқиқотлари асосида ўрганиб, халқимизга ўргатиб келаётган муҳтарам устозимиз, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо халқаро "Аҳмад Яссавий" мукофоти билан тақдирланди.
📱@Iqbol_Mirzo_ijodi
КЕЛАДИ
Қайрилиб қарамай, шартта қўл силтаб,
Елкамга тўнимни илгим келади.
Юргим келмай қолди тирикчилик деб,
Тириклик кўйида бўлгим келади.
Қаттиқлашиб борар кун сайин қаҳр,
Тиконда ҳам заҳр, гулда ҳам заҳр
Тирноққа арзимас борлиғинг ахир,
Кўксимни тирноқлаб юлгим келади.
Юрагим оқади Фарғона томон,
Эй аччиғи ширин, гумони аён,
Севгингга ишониб яшайман ҳамон,
Ўзимнинг ҳолимга кулгим келади.
Кетсам, сенга элтар жамики йўллар,
Ёлғиз сени қучсам, юрагим тўлар.
Қандай соз, тепамда нафармон гуллар,
Сочингга кўмилиб ўлгим келади.
✍️ Иқбол МИРЗО
2003
БИР КЎРИНИШ
Амалдан бўшаган одам бегумон,
Кўрингай ҳар кўзга ҳар хил ҳамиша.
Ўйнашин кўзига – бўшаган ҳамён,
Улфатин кўзига – бўшаган шиша.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
ЮЛДУЗГА
Киприкларинг ўтиб кетди-ку жондан,
Майли мангу азоб, қийноқ бўл менга.
Юлдуз бўлмасанг гар туш-да осмондан,
Юлдуз бўлсанг тунда ҳамроҳ бўл менга.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун. Ўзбек санъатининг энг катта устунларидан бири Шерали Жўраев энди орамизда йўқ, лекин инсонлар қалбида мангу қўним топган. Аллоҳ раҳматига олсин!
ШЕРАЛИ ҲОФИЗ ҲАҚҚИГА
Дилингизга Ҳақ
муғанний сўз солсин,
Кафтингизга фаришталар кўз солсин,
Дадам уни Шералижон дер эди,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
У куйласа, қўйиларди қошиқлар,
Унга ошно ошиқлару маъшуқлар,
Миллий ғоя бўлган теран қўшиқлар,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Ўзбегим, деб наъра тортган чоғлари
Аригандай бўлди элнинг доғлари,
Эсга тушди дўппи-ю белбоғлари,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Кимларга тоғ, кимларгадир қир умр,
Кимларга жўн,
кимларгадир сир умр,
Қишин-ёзин хизмат қилди бир умр,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Раҳмат, сизга, бошидан пул сочганлар,
Яхши кунда катта қучоқ очганлар,
Ёмон кунда тўйда кўрса қочганлар,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Ҳаёт экан, кўрдик аллакимларни,
Ким зўр бўлса, таъқиқ тошин иларди.
Ўзи пинҳон Шералини тингларди,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Навоийни элга ёйган устоз у,
Бобур Мирзо илкидаги шаҳбоз у,
Аллақачон классик у, мумтоз у,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Камбағалнинг дармонидир навоси,
Қўлин олмоқ улуснинг муддаоси,
Жигаримиз, оиламиз аъзоси...
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Қўшиғини айтиб шуҳрат топганлар,
Шуҳрат киргач, эшигини ёпганлар,
Тўраларнинг даврасига чопганлар,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Халқ сўраса, Халлоқ бермай қўймайди,
Бир тан бўлиб бирлашмасак бўлмайди,
Халқ бирлашса, чин Ҳофизи ўлмайди,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Ҳофиз улким, Ҳақ мусҳафин ёд этган,
Муслим улким,
куфриятни ёт этган,
Инсон улким,
миллатим деб дод этган,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
Шеър ёзмадим, дуо ёздим субҳидам,
Шеракадек кулди рўйи талъат ҳам.
У соғаяр, соғаяди санъат ҳам,
Дуо қилинг, Шералижон тузалсин.
✍️ Иқбол МИРЗО
2021
ЖАДИДЛАР
Тақдир эркалатган қизлар, йигитлар
Соҳилда сайр қилиб, атиргул ҳидлар.
Хаёлчан боқади ғозий шаҳидлар...
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Шахсий намуна йўқ, чунки Ибрат йўқ,
Олимлар жуда кўп, битта Фитрат йўқ,
Шу сабаб мажол бор, куч бор, қудрат йўқ,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Улар ғишт қўйган, биз тошлар отамиз,
Улар сўз йиғганлар, биз гап сотамиз,
Улар кун кутган, биз ойлик кутамиз,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Тавалло, Қодирий, Чўлпонлар қайда?
Ҳамзахонлар қайда, Усмонлар қайда?
Оғиз жуда катта, юраклар майда,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Ўшалар бизларнинг боболармикан?
Биздан ўзларини тополармикан?
Бизни набирам деб тан олармикан?
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Улар мактаб қурган, биз уй қурамиз,
Улар ғоя сурган, биз ўй сурамиз.
Ёппа томошабин бўлиб турамиз,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Қопоғон давр эди, қаттол, қатағон,
Отилиб чиққанни шартта отағон...
Бугун юки енгил туя ётағон...
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Ўзига келмайди ўздан кетганлар,
Ихлос қўйиб шайтон думин тутганлар...
Қани юрт деб ўзини унутганлар?
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Шеър авжида бирдан қалам секинлар,
Буюк устозларим нима деркинлар?
Сўнгги жадид эди Абдулла, Эркинлар...
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Уфққа урилиб, қайтиб келган ўқ
Менинг юрагимни тешиб ўтган чўғ.
Муаллимлар сероб, Авлонийлар йўқ.
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Таълим-тарбияни нажот билганлар,
Илмига ўзлари амал қилганлар.
Қаранг, амал деб ўз жонин юлганлар,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Маишат, тўй, ҳашам бош мақсад ҳамон,
Гапдан бошқа гап ҳам бор, эй қадрдон!
Ҳамма замонда ҳам келмайди замон,
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
Занглаган зеҳнимни чархлаб берадиган,
Умрим савдосини нархлаб берадиган,
Шу шеърни ўғлимга шарҳлаб берадиган
Жадидлар етишмаяпти, жадидлар.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚЎҚОН ШАМОЛИ
Аъзам Ўктамга бағишлайман
Ўқтин-ўқтин ғазаб отига миниб,
Ваҳшат солар телба Қўқон шамоли.
Кўзларинг қисилиб, қулоғинг тиниб,
Ажрата билмайсан ердан самони.
Уч кун давом этар талотум, қутқу,
Уч кун катталарнинг тилида дуо.
Уч кун эл тақвога бурканар буткул,
Рамазонда шунча ёдланмас Худо.
Аёллар мунис ва мушфиқ янада,
Ненидир сарҳисоб қилар эркаклар.
Дунёдан узилган сирли хонада
Ғўжалоқ болалар тинглар эртаклар.
Нам тортган деворлар қулайди гуппа,
Ўқилдизи калта дарахтлар қулар.
Қуртлаган мевалар ер билан битта,
Тегманозик гуллар, заифа гуллар…
Буюк имтиҳон бу! Буюк синов бу!
Борни бор, йўқни йўқ қилиб бергувчи.
Бошингга зўр савдо тушмасдан бурун
Кимнинг кимлигини билиб бергувчи!
Яшаш қандай енгил – шамолдан кейин
Ажиб бир хушҳоллик, бир ажиб сурур.
Ғуборсиз ҳаволар ипакдек майин…
Шамол, сенга қуллуқ, сенга ташаккур!
…Битта гап эсимдан кетмайди ҳамон:
Бир сайёҳ – эл кезиб ризқини терган,
Шамол мавсумига тушиб ногаҳон,
Кўчиб кетмайсизми, деган бу ердан?
Банда тадбир қилар, Яратган – тақдир,
Қисмат қуюнида чирпираб учдим.
Сайёҳнинг сўзидан кулгандим, охир –
Шеъримга эргашиб пойтахтга кўчдим…
Қарайман, қуртлаган юраклар тўп-тўп,
Илдизсиз оғочлар тегар ғашимга.
Аҳёнда кўтариб сурон, талотўп,
Тентак шамолларим кирар тушимга.
Нозик ниҳоллари бўлсалар поймол,
Розиман, бўйнимга барин уволи.
Бир марта тескари юрсанг, юрақол,
Тошкентда кутаман, Қўқон шамоли!
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
ГУНОҲЛАРИМ
Еллар ўчирди чироқларимни,
Шамол совурди япроқларимни.
Қуюн ҳўплади гулбоғларимни,
Бўрон кўтарди тупроқларимни,
Билмайин қолдим гуноҳларимни.
Ишонганларим – сирдош бўлганлар,
Суҳбати ширин, дилдош бўлганлар,
Йўлнинг ярмида йўлдош бўлганлар –
Қайда, ким кўрди ҳамроҳларимни,
Билмайин қолдим гуноҳларимни.
Жон десам, жондек жононим қани,
Ҳар сўзимга юз қурбоним қани?
Ўзи – чин, сўзи ёлғоним қани,
Мунча хор этди нигоҳларимни,
Билмайин қолдим гуноҳларимни.
Битта гулим бор – сўлмайди асло,
Мендан ўзгага кўнмайди асло.
Шукурки, ушлаб бўлмайди асло,
Сизга кўрсатай бармоқларимни,
Билмайин қолдим гуноҳларимни.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
БАХТ
Ташвиш ташламасин юзингга соя,
Қувончинг топмасин асло ниҳоя.
Мен бахтиёр бўлай бахтингни кўриб,
Менга шуниси бас, менга кифоя.
✍️ Иқбол МИРЗО
2004
СОДИҚ ЧЕГАЧИ
Содиқ чегачининг аёли хиёнат қилди...
Чегачи чўлоқ эди,
камбағал эди,
бефарзанд эди у устига-устак.
Ойсулув бўлса-да аёлин исми
сулув эмас эди ойдайин.
Ажаб,
вафо қилмади Ойсулув
гўзал бўлмаса ҳам...
Уни шайтон йўлдан урди,
Содиқни урди худо.
Ойсулув
йиғлади икки букилиб...
Ўчоқдаги ўчаётган ўт
қизил тилларини ўйнатиб
масхара қиларди Содиқни.
Қумғон
куларди унинг устидан
шарақлаб...
– Йўқол... – деди секингина чегачи.
Аёл ўрнидан жилмади.
Тунда йўқолиб қолди Содиқнинг ўзи.
Кимдир
унинг гандираклаб Бачқирариқ томон кетаётганини
кўрганмиш...
Бир йил ўтди, уч йил, беш...
Содиқнинг чўпдек озган,
ақлдан озган аёли
сувқизи каби сочлари ёзғин
ўтирармиш Бачқирариқ қирғоғида.
Қўлларида Содиқ чегачининг
Камончаси, пармабигизи, сирачи...
«Чиқинг, бегим, кўнглингизни чегалаб берай,
Кўнглингизни беринг, бегим, чегалаб берай...»
✍️ Иқбол МИРЗО
🟥🟥🟥 Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо профессор илмий унвони билан тақдирланди.
💐 Устозни яқинлари ва мухлислари номидан чин қалбдан табриклаймиз!
📱@Iqbol_Mirzo_ijodi
✨ ТЎҒРИ ЧИЗИҚ✨
Биринчи ўқитувчим
Дилбарой ОХУНОВАга
Болаликни қўмсаб кезаман тунда,
Юлдузлар нурига беланар хаёл.
Кулиб келаверар қаршимдан шунда
Мунаввар бир аёл, дилбар бир аёл.
У – Сиз...
Хотиралар аста жонланар:
Синф. Бўёқ ҳиди. Ўттиз полапон.
Бу – мен. Меҳрибон қўл бошимни силар:
“Чизиқдан чиқмасдан ёзинг, Иқболжон!”
Опа, хотирадир у кунлар, опа,
Опа, у кунларга бугун интиқман.
Бугун хатоларим қилмасми хафа,
Чиқиб кетмадимми тўғри чизиқдан?!
Опа, қолиплардан зерикканман хўб,
Дафтар чизиғининг йўриғи бошқа.
Опа, бу дунёнинг чизиқлари кўп,
Лекин ҳаммаси ҳам элтмас Қуёшга.
Меҳрингиз соғиниб кезаман тунда,
Чироқлар нурига беланар хаёл.
Кулиб келаверар қаршимдан шунда
Мунаввар бир аёл, дилбар бир аёл.
У – Сиз...
Эски сурат аста жонланар:
Синф. Китоб ҳиди. Ўттиз полапон.
Бу – мен. Меҳрибон қўл бошимни силар:
“Чизиқдан чиқмасдан ёзинг, Иқболжон!”
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚИЗЛАРХОН
Айрилиқни ўйласам,
Томиримда музлар қон.
Кўзларинг ҳаққи қасам,
Сенсиз кун йўқ, Қизлархон.
Ичганим қасам экан,
Қучганим тиззам экан.
Қизлархоннинг кўнглини
Кошки, билмасам экан.
Совға қилган рўмолин
Ўрамайман, дебди у.
Кўришганда аҳволин
Сўрамайман, дебди у.
Қизим ҳали ёш-ку, деб
Отаси қўймас экан.
Балоғатни, яхшилар,
Яшириб бўлмас экан.
Ҳар бир босган изига
Таъна қилиб ўтади.
Рўмолини юзига
Пана қилиб ўтади.
Айрилиқни ўйласам,
Томиримда музлар қон.
Кўзларинг ҳаққи қасам,
Сенсиз кун йўқ, Қизлархон.
Ҳолвасидан тотганман,
Сумалак яламайман.
Қизлархонни топганман,
Бошқага қарамайман.
Бирга боғ кезсак экан,
Нок узиб есак экан.
Севги йўқ, деб айтганнинг
Оғзига кесак экан!
✍️ Иқбол МИРЗО
2003
12 сентябрь — Шавкат Раҳмон таваллуд топган кун
ШАВКАТ РАҲМОН
Учиб-қўниб, учиб-қўниб шом-саҳарлар
Нафис санъат саҳнасида пойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Капалаклар учмайдиган жойга кетди.
Ким қуёшга солди ердан топиб гавҳар,
Ким кўнглига шуъла истаб ойга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Чироқ ёниб ўчмайдиган жойга кетди.
Чорбозорда сўз ахтарар харидорлар,
Биров катта кетса, биров майда кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Ёлғон қасам ичмайдиган жойга кетди.
Аёлларнинг банди бўлди қайси мардлар,
Қай дарвешлар чоғир ила майга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Туҳмат тоши тушмайдиган жойга кетди.
Нағмаларни бас қилинглар, энди етар,
Қўлларингиз бекор дутор-найга кетди.
Шавкат Раҳмон қайга кетди, биродарлар,
Осойишта ухлайдиган жойга кетди.
✍️ Иқбол МИРЗО
СЕВМАДИНГ
Севмадинг сен, дилитошим,
Дилимга чўкди қўрғошин.
Кўзимдан тошди кўзёшим,
Ғамкаш булоқ севмиш мани.
Севмадинг сан, етолмасдан
Санга термулдим олисдан.
Ҳаддан зиёда ёлғизман,
Нетай, тупроқ севмиш мани.
Севмадинг сан. Ай, юрагим!
Хазон тушган май – юрагим.
Қандоқ овутай, юрагим,
Кекса япроқ севмиш мани.
Севмадинг сан, атиргулим,
Севги асли надир, гулим?
У синган игнадир, гулим,
Синган чақмоқ севмиш мани.
Севмадинг сан! Севмадинг сан!
Ҳар одимда хатар берган,
Ҳар ютимда заҳар берган,
Суйганига дардлар берган,
Тангри кўпроқ севмиш мани...
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚАЙДАН КЕЛАЁТИР
Қайдан келаётир уюр-уюр ғам,
Қайдан кўчаётир палахса ҳасрат?
Қайдан ёғаётир ширғоқдек алам,
Қайдан сизаётир лахта-лахта дард?
“Милт” этган шуъла йўқ, “йилт” этган учқун,
Ваҳима сузади баҳри муҳитда.
Оғриган чол каби руҳият тушкун,
Ўлимни кутгандек оғир сукутда.
Бундай чоғ дўст бекор, жонона бекор,
Фақат ғуссаларни тоширади май.
Туйғуларни эрмак қилган каби тор,
Суягингни тешиб ўйин қилар най.
Вақтики, ёришар чархпалак олам,
Жилва қилар руҳинг – ёғду тушган гард.
Аммо қайга кетар уюр-уюр ғам,
Аммо қайга сингар лахта-лахта дард?
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
АЙЛАНАЙ
Кўзмунчоғинг қўйма асти, дилдорим,
Ай, айланай, нозикниҳол қаддингдан.
Юрагимни хушбўй этган баҳорим,
Ай, айланай, атиргулим, атрингдан.
Икки кўзим маним, икки дагарим,
Сўзи наввот, қилиқлари шакарим,
Мирзо Улуғбегим, Мирзо Анварим,
Ай, айланай, сабза урган хаттингдан.
Майиз бўлиб саратонда куйган эл,
Боласидан даласини суйган эл.
Яхши кунни фақат тўйга қўйган эл,
Ай, айланай, киприкдаги гардингдан.
Баъзан кўнгил учун кўнгил сўралар,
Ким термулар, кимдир секин мўралар.
Ай, дўстларим, улфатлару жўралар,
Ай, айланай, номардингу мардингдан.
Омон эди орзу, тилагим кеча,
Тангрим, боқдинг чуқур юрагимгача.
Бедаво дард бердинг суягимгача,
Ай, айланай, танлаб берган дардингдан.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
✍️ Иқбол МИРЗО — «Куни кеча учрашдик, бироқ...»
🎙 Шеърни шоирнинг ўзи ўқиган.
📱@Iqbol_Mirzo_ijodi