КУНИ КЕЧА УЧРАШДИК
Куни кеча учрашдик, бироқ
Маҳаллангда ўсгандайман мен.
Ҳуштак чалиб гоҳ ўйинқароқ,
Гоҳ йўлингни тўсгандайман мен.
Катта синфлардан қизғониб,
Ўн йил бирга ўқигандайман.
Бирдан йигит бўлиб ўйғониб,
Исмингга шеър тўқигандайман.
Қўрғончадан тўйдан қайтишда
Қўлларингни топгандайман-а.
Бошим гангим, кўргандай тушда
Тутқаторда ўпгандайман-а.
Ҳарбийда хўп соғинганим бор,
Ой сени эслатиб ўтарди.
Сен мени кутардинг интизор,
У пайтларда... қизлар кутарди.
Куни кеча учрашдик, бироқ
Бирга-бирга ўсгандайман мен.
Гаплар отиб гоҳ ўйинқароқ,
Гоҳ йўлингни тўсгандайман мен.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
ЗЕРУ ЗАБАР…
Зеру забар – забар билан зер бўлди,
Ер осмонга чиқди, осмон ер бўлди.
Боғни излаб чоҳни топдим оқибат,
Тоғ деб борган жойим яйдоқ қир бўлди.
Очиқ кўнгил – очиқ сандиқ – элники,
Атиргулнинг сарин бўйи – елники.
Элга, елга, селга кетди меники,
Сизнинг сақлаб қолганингиз сир бўлди.
Кўнгил сўраб, кўнгил бузди дўстларим,
Кўнглим сўраб, кўнгил узди дўстларим.
Кўнгилларин енгил узди дўстларим,
Барин мендан ҳафсаласи пир бўлди.
Париларки, дил қонидан пардози,
Жонинг куйса ҳамки, келмас парвоси.
Кулим кўкка сочар ҳар гал парвози,
Кўзларига боқсам, кўзим кир бўлди.
Орзиқаман эслаб тандир, саватни,
Ўзим ташлаб келдим шундай жаннатни.
Олдим шоир деган тавқи лаънатни,
Энди менга икки дунё бир бўлди.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
ТАБАССУМ
Қандай тотли бу бахт, бу сафо!
Бошда сочар бошдан зар севги.
Ёз тонгидек тоза, мусаффо
Табассумдан бошланар севги.
Томирингга қоришар зиё,
Нари кетар ёмонлик, риё.
Қиз тўхтайди. Қарайди қиё...
Табассумдан бошланар севги.
Бирдан ўпканг тўлиб кетади.
Тушунганлар кулиб кетади.
Ҳамма яхши бўлиб кетади,
Табассумдан бошланар севги.
Айланасан хаёл боғида,
Қийналасан ҳижрон доғида.
Қўшиқ айтгинг келар гоҳида:
“Табассумдан бошланар севги...”
Ким билади қиз бола сирин,
Юрагингга ташлар кўз қирин.
Минг ваъда, минг ҳийла яширин
Табассумдан бошланар севги.
Қандай ширин бу бахт, бу сафо,
Шундай аччиқ бу дард, бу жафо.
Кўзёш билан тугайди, аммо
Табассумдан бошланар севги.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
КЎРАЙ
Душманимнинг юзларида ғам кўрай,
Кўзларининг жиягида нам кўрай.
У дунёдан кўнглим тўқ, Парвардигор,
Хор бўлганин бу дунёда ҳам кўрай.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
📝 ЧИРОЙЛИ ҚИЗ ҲАҚИДА ҲИКОЯ
Сен чиройли қиз эдинг,
Сен чиройли кулардинг.
Сал хунукроқ бўлсайдинг
Ўзимники бўлардинг.
Мен кетаман, гулғунча,
Қараб қолмагин, дедим.
Мен муродга етгунча
Қариб қолмагин, дедим.
Висол нима, дедим мен,
Ҳижрон керак шеър учун,
Қийноқ керак шеър учун
Армон керак шеър учун.
Қаттиқ боқдинг сўнгги пайт,
Лабинг титради лекин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»
Ўйин қилдим, кўнглингни
Капалакдек ҳайдадим.
Сендан топган сўзимни
Чайнаб ютдим, айтмадим.
Хайр, қишлоқ, мен кетдим
Орзули кўнглим билан,
Севгим кўзин беркитдим
Қаламли қўлим билан.
Атай қилдим ҳаммасин,
Атай сени куйдирдим.
Очилди шеър саҳнаси –
Бари ёлғон, уйдирма.
Билиб туриб кечдим мен
Энг чиройли оламдан.
Аросатга тушдим мен –
На шоир, на одамман.
Қалбқозон қайнай-қайнай,
Қуюлди, чўкди секин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»
Умр кетгани сари
Йўқлигинг сезилади.
Сени ўйлаб тунлари
Юрагим эзилади.
Уйимга келди бойлик,
Етаклади омадим.
Аммо сендан чиройли
Ва ғамгин шеър топмадим.
Мен ким эдим, не учун
Шунча йўлим қарадинг?
Хазон бўлдинг мен учун,
Мени кутиб қаридинг?
Салом, қишлоқ, мен келдим
Аламли кўнглим билан.
Ёнимда хушнуд келин,
Эркатой ўғлим билан.
Оқшом пайти кўчадан
Бир товушни илғадим,
Туриб оёқ учида
Юрак ютиб, тингладим.
Кимдир менинг ўғлимни
Эркаларди, суярди.
Миттигина қўлини
Ўпиб-ўпиб қўярди.
Бир гап сўрарди тинмай,
Жавоб кутмасди лекин:
«Яхши кўрасанми, айт,
Яхши кўраман, дегин!»
✍️ Иқбол МИРЗО
🔊 Шоҳруҳхон ижросида янги тарона — «Севмадинг»
Севмадинг сан, етолмасдан
Санга термулдим олисдан.
Ҳаддан зиёда ёлғизман,
Нетай, тупроқ севмиш мани.
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
ДАРД
Чорасизлик шу-да, бечоралик шу:
Тушингга излайсан таъбир ва маъни.
Аммо тушга кирмас – сенга қоронғу –
Ичингда қандай дард пишаётгани.
Буни ғанимга ҳам кўрмасман раво,
Душманим ҳолига ачингим келмас.
Бу ҳам қоракасал, бу ҳам бедаво,
Аммо, минг афсуски, муҳаббат эмас.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
ОШИҚЛИГИМНИ АЙТИНГ
Эй яхшилар, дилдорга
ошиқлигимни айтинг,
Ҳамроз бўлди дил торга,
ошиқлигимни айтинг.
Дилнавозу дилрабо,
кўргаймикин дил раво
Дилафрўз, дилозорга
ошиқлигимни айтинг.
Ҳоли ёмон деб айтинг,
боғи хазон деб айтинг,
Гулзода, гулбаҳорга
ошиқлигимни айтинг.
Чоҳлар қазиб юрмасин,
кўнглин бузиб юрмасин,
Душманимга, ағёрга
ошиқлигимни айтинг.
Ҳам қуёшга, ҳам ойга,
ҳам тупроққа, ҳам сойга
Ҳам соя, ҳам деворга
ошиқлигимни айтинг.
Юраги доғлиқ мардлар,
юракка боғлиқ дардлар,
Таскин бўлар, беморга
ошиқлигимни айтинг.
Қаноти йўқ не хабар?
Эл қолмасин бехабар,
Жарчи солиб бозорга
ошиқлигимни айтинг.
✍️ Иқбол МИРЗО
ИСТАЙСИЗМИ-ЙЎҚМИ
Истайсизми-йўқми, гардун айлана,
Истайсизми-йўқми, қайтиб келаман.
Соғинмаган кўзингиздан айланай,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.
Ой ботади – юлдузларнинг ҳабиби,
Тонг отади, таънаси йўқ самимий.
Табиатнинг қонунидек табиий –
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.
Қучоғига яширмайди хиёбон,
Ўртамизда удум отлиғ биёбон.
Сизга нима, куйсам ўзим куяман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.
Чақмоқ калит бўлди қулфи дилимга,
Тегмаган бир қизнинг зулфи дилимга.
Сиздан ўзга хон йўқ мулки дилимга,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман
Бошингизда япроқ бўлиб айтаман,
Пойингизда тупроқ бўлиб айтаман.
Тупроқдаям муштоқ бўлиб айтаман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚУРБОН ҲАЙИТИ
Яна нима керак
шу пайт менга?
Сенга қурбон бўлсам,
шу ҳайит менга!
✍️ Иқбол МИРЗО
СЕН БИЛМАСАНГ КЕРАК
Бир эртак қасамдек яшар ёдимда,
Шаҳризода тушда кўрмаган эртак.
Сенга айтмоқчиман ўз Бағдодимда,
Сен билмасанг керак.
Бир қўшиқ аламдек яшар дилимда,
Кун сайин тор келар унга бу кўкрак.
Сенга айтмоқчиман она тилимда,
Сен билмасанг керак.
Бир тилак даламдек яшар кўксимда,
Шамоллар гулларга айтмаган тилак.
Сенга айтмоқчиман ойдин бир тунда,
Сен билмасанг керак.
Бир сўз бор оламдек, яшайди қалбда,
Сенга кўп айтганлар. Балки, минг бор... Бас!
Такрорлагим келмас яна бир марта,
Билмасанг, майлига, керакмас!
✍️ Иқбол МИРЗО
14.VII.1988.
АТИРГУЛ
Атиргул ўпганмиш дудоғингиздан,
Бўйлари қолганмиш ётоғингизда.
Мен бечора
нозу фироғингиздан
Адолар бўлдим.
Буғдойзор сарғайиб йўл қарар бугун,
Бошоқлар ҳасратли куй чалар бугун,
Оҳимни тинглайди қушчалар бугун –
Садолар бўлдим.
Атиргул ўпганмиш дудоғингиздан,
Лаблари қолганмиш ёноғингизда.
Мен шўрлик
қалдирғоч қанотингиздан
Жудолар бўлдим.
Кўкларга кўтардим сизни, толмадим,
Туфроққа яқинроқ бўлди қоматим,
Ҳолимдан кулмаган одам қолмади –
Сазолар бўлдим!
Ўптириб юраверинг атиргулларга!
✍️ Иқбол МИРЗО
1989
ХАЗОНДЕК СОЧИЛДИ НЕЧА БОР ТАҚВИМ
Хазондек сочилди неча бор тақвим,
Юрак ҳам тўкилди япроққа ўхшаб.
Шамолда соврилдим, сойларда оқдим,
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Зулфинг қўнғироғи бармоғимдандир,
Дудоғинг гуллатган – биринчи бўса.
Энди у кунларга етмоқ гумондир,
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Сени қучиб ухлаб, яна тушимда –
Кўриб уйғонардим соғиниб, қўмсаб.
Мени мендан ўзга инсон тушунмас...
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Кун сайин орамиз олис ва олис,
Балки кутарсан ҳам хазонлар тўшаб.
Сен ҳамон тириксан, мен эса ёлғиз...
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
✍️ Иқбол МИРЗО
ДЕВОР
Раҳмон Қўчқорга
Йўлимга ёндош – девор,
Йўл юраман, куяман.
У томони – суманзор,
Бу томони – биёбон.
Девор бўйлаб, буралиб,
Гуркирайди хуш бўйлар.
Товус каби турланиб,
Сузилади хушрўйлар.
Оғочлар айтар ўлан,
Хаёлимни оладир.
Ҳар япроғи зумраддан,
Ҳар меваси тиллодир.
Мен, ё Жамшид, десам, бас,
Девор чўкиб паст бўлар.
Аммо тилим айланмас,
Калом оғирлик қилар.
Қумда қолар бир жуфт из,
Қумда қолар кўзларим.
Бу тарафда мен ёлғиз,
У тарафда дўстларим.
Бу томонда бўз осмон,
У томонда бўёқлар.
Илон тили мисоли
Нозик, титра гиёҳлар.
Лаъли лаблари тинмай
Гуллар мени имлайди.
Бармоқлари қайрилма
Қўллар мени имлайди.
Мен, ё Жамшид, десам бас,
Бари меники бўлар.
Аммо дилим айланмас,
Кўнглим оғирлик қилар.
Қарамайман, қарасам –
Кўзимни ой тилади.
Бармоғим орасидан
Тупроқлар отилади.
✍️ Иқбол МИРЗО
ТИЛЛА УЗУК
Эй қалдирғоч қошлигим,
Кел, аҳдимиз бир бўлсин.
Учта одам билган гап
Қандай қилиб сир бўлсин?
Тилла узукка тилла
Кўз бўлмайди ҳеч қачон.
Қиз болага қиз бола
Дўст бўлмайди ҳеч қачон.
Бордир сарой қурганлар,
Бордир даврон сурганлар.
Борми биздек бир тушни
Биргалашиб кўрганлар?
Битта қизга бир йигит
Тилла узук тақибди.
Битта душман йигитга,
Қизга қирқта рақибдир.
Тилла узукка тилла
Кўз бўлмайди ҳеч қачон.
Қиз болага қиз бола
Дўст бўлмайди ҳеч қачон.
Хаёлингни дугонанг
Бузганини билмайсан.
Ёнгинангдан менга кўз
Сузганини билмайсан.
✍️ Иқбол МИРЗО
2002
ХУДОГА СОЛДИМ
Унинг қовоғидан бошимга ёққан
Қорини Худога солдим-да қўйдим.
Қонимни қайнатиб, жонимни ёққан
Корини Худога солдим-да қўйдим.
Ўша-ку хор келса топтаган тикка,
Ўша-ку зўр келса дарров бош буккан.
Ўшанинг Машрабу Халложга тиккан
Дорини Худога солдим-да қўйдим.
Юлдузлар сайрига тортар саналар,
У ҳамон уруғ деб сочар каналар.
Силласи қуриган бува, эналар
Зорини Худога солдим-да қўйдим.
Шудир эл ҳақидан қасрлар қурган,
Асли-ку нон урган, асли Ҳақ урган.
Унинг алоҳида қаторда турган
Норини Худога солдим-да қўйдим.
Сўрасанг, иблисга тақалар насли,
Хоинлик – ҳунари, каззоблик касби.
Дунёни ютмоққа шай турган нафси –
Ғорини Худога солдим-да қўйдим.
Аламим тоғча бор, майда дард эмас,
Гарчи қасд олмаган йигит – мард эмас.
Лекин Худойимга ёрдам шарт эмас,
Барини Худога солдим-да қўйдим.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
ХИВА. ЎЛИМ МИНОРАСИ
Хива – гир айлана мўъжиза шаҳар,
Ичон – шу ҳалқанинг гавҳар донаси.
Мангулик муҳрида безак – қон ва зар,
Зарбхона ёнида ҳибсхонаси.
Тарих тирик бунда! Кўтариб тўзон
Туркман бедовлари елади ҳозир.
Эли деб жонини тиккан Паҳлавон
Дарвозадан кириб келади ҳозир.
Чўгирмали чолдек гужумлар сенинг
Майда дардларингдан кулаётгандек.
Тошйўл тагиданми, қудуқдан секин –
“Авесто” оҳанги келаётгандек...
Қора қиш кабидир тарихга боқсам,
Ёруғ куни қисқа – бир тутам, аёз.
Рости, ўхшар менинг ҳаётимга ҳам,
Ёз деб айтгунингча адо бўлар ёз.
Мана, Исфандиёр (сўз керакмиди),
Қутқу солмоқ учун эл орасига
Айбли хотинмиди ё эркакмиди –
Оппор, дерди ўлим минорасига.
Ким бўйин товлаган, қочиб қутулган
Ажал кўзин тикиб човласа панжа?
Минор бошидаёқ қанча жонсиз тан,
Бир қоп шиллиқ гўштга айланган қанча.
...Фитна ботқоғига ботади аркон,
Кундош валиаҳдга ичирар заҳар.
Сенга хўб лаънатлар ёғдирардим, хон,
Феруз ҳазратлари бўлмаса агар...
Муаррихлар андоғ айтурлар: бир кун
Эл дардини сўйлаб саройга борган
Йигитни ўлимга айлабон ҳукм,
Хон ўзи кузатиб бормиш минорга...
Аммо
Тангри ўзи иноят қилса,
Хон киму, нимага ярарди фармон.
Енглари ҳилпираб, қушдай, алқисса,
Йигит ерга қўнди бешикаст, омон...
Хўш, кейин... Кейини ҳақида мунший
Ёзмаган: сиртмоқми, тиғми ёки ўқ...
Варақлаб, дараклаб чиқдим уйма-уй,
Дишон бор, Ичон бор... ўша йигит йўқ.
Сайёҳлар оқади – эрмак матлаби,
Сувратга тушади тахтда бахтиёр.
Ажалнинг кўрсаткич бармоғи каби
Таҳдидли ўқталиб турибди минор.
Гумбаз тепасида қиличдек ҳилол...
Фақат “ғу-ғу” солиб гизли, ўзича
Минора бошида аянч ва увол
“Парт-парт” урушади икки мусича.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
БАЧКАНА КУН…
Бачкана кун келса, буралиб паланг –
Косадаги сутни тўкиб қочади.
Илвасин бўйнига чумчуқ солар чанг,
Бургут райҳон баргин чўқиб қочади.
Бачкана кун келса, қийин, дейдилар,
Ҳаёт ўзи бешак ўйин, дейдилар.
Қирқига чидаган, чидаймиз яна –
Қирқ йилда бир эшак ўйин, дейдилар.
Бачкана кун келса, гул бўлар шоир,
Гул бўлмаса, куйиб, кул бўлар шоир.
Одамнинг қулийди чироқнинг жини,
Ароқнинг жинига қул бўлар шоир.
Бачкана кун келса, Аҳмад донолар
Аста тера бошлар шахмат доналар.
Сиз унга сўз бериб қўйсангиз, тамом,
Сизга гап бермайди маҳмадоналар.
Бачкана кун келса, шон ва шарафлар:
Бир ёнда таклифлар, бир ён талаблар.
Чимматин кўтариб, қошин сакратиб
Зинога чақирар эски данаплар.
Бачкана кун келса… келмасин, дейман,
Устимиздан биров кулмасин дейман.
Ўзимиз биламиз – киммиз, нимамиз,
Шу гапни болалар билмасин, дейман.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
СЕНИ ДЕБ
Зулм қилсам ҳар қачон ўзимга зулм этдим,
Қарамадим сен томон, кўзимга зулм этдим.
Имласанг бормадим ҳам, силтасанг кетмадим ҳам,
Ердан узмадим товон, изимга зулм этдим.
Зулмнинг лаззатини фақат мазлум билади,
Бахтиёр кимсаларни кўрсам раҳмим келади.
Ҳовузда худойимнинг аксини кўргандайман,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман.
Яшил қуёш, мовий тош, сафсар кўз ёш оралаб,
Одамнинг ва Ҳаввонинг нафсини кўргандайман.
Юзимга сувлар урдим, юзимга зулм этдим,
Ўзимга зулм этдим, кўзимга зулм этдим.
Кўрлар ҳамда карларнинг ўзгача бахти бордир,
Бахтсизлигин билмаган кимсалар бахтиёрдир,
Кўриб, тинглаб турибман, ўзим англаб турибман,
Ихтиёримдан хориж тилаклар ихтиёрдир.
Бош бергали дор қайда, кетгали мозор қайда,
Дил ёргали ёр қайда, инон-ихтиёр қайда.
Гулзорингга кирмадим, гулимни асрайин деб,
Нигоҳимни бермадим, дилимни асрайин деб.
Адолат, шафқат, қадр, мурувват, инсоф надир,
Кўзларимдан кетмадинг қулимни асрайин деб,
Зулмнинг лаззатини фақат қуллар билади,
Бахтиёр кимсаларни кўрсам раҳмим келади.
Дағал, ўжар ўсмирни майин этган савдолар,
Бозорда баҳоларни тайин этган савдолар,
Қоракўз гавҳаридан шода мунчоқлар тизиб,
Юракни пуфак қилиб ўйин этган савдолар,
Ноғора қоқ, ноғора, лунжинг тўла зоғора,
Эшон, хўжа ва қора ўйин билан овора.
Чумоли хирмон ёйса, сиз дастурхон ёзгайсиз,
Ризқ ахтариб каламуш инларини бузгайсиз.
Ойни этагингизга кулчадек ўраб олиб,
Атиргулга қалдирғоч жасадини осгайсиз.
Кўзнинг оқу қорасин оқу қора тош қилинг,
Гўдаклар сут тишидан гуруч дамлаб ош қилинг.
Балиқларга ранг берган мусаввирга қаранглар,
Бўёғи қуримаган бармоқларин яланглар.
Дилингиз рангин бўлсин, капалак, қўнғиз қўнсин,
Томошага келсинлар жувонлар, ёш-яланглар.
Ҳовузда худойимнинг аксини кўргандайман,
Булутлар ва балиқлар рақсини кўргандайман.
Ҳар нафасда бир нафас умрим қисқариб борар,
Чўпчакларга ишониб чўпон қиз қариб борар.
Чигал, хилват йўлимда писиб ётибди ажал,
Лаҳза сайин пичоғи кўксимни ёриб борар.
Шайтон чалғитди, асли сенга муносиб эдим,
Кўргин деб юрагимни лойларга босиб эдим.
Кўкламни тинглаб ётсанг буғдой унган томларда,
Бобо Машраб нафаси келар салқин шомларда.
Сабабсиздек туюлар бўғзингдан тошган ўкинч,
Симобдек кўчар недир юрагинг томонларда.
Кўрлар ҳамда карларнинг ўзгача бахти бордир,
Бахтсизлигин билмаган кимсалар бахтиёрдир.
Чин айтсам, эшигингга суяниб, ўлгим келар,
Фарёд чекиб, ўзимни шу жойга кўмгим келар.
Сочларим чим отсаю томирларим таралса,
Бошимга оёқ қўйиб ўтганинг кўргим келар.
Бундайин имкон қани, жон сўраган жон қани,
Жонимга хумор бўлган ул офатижон қани.
Отамга бегонаман, онамга бегонаман,
Рафиқамга рақибман, боламга бегонаман.
Дўстларимга душманман, хешларимга етти ёт,
Сенга маҳлиё бўлган оламга бегонаман.
Қарамасдан сен томон кўзимга зулм этдим,
Зулм қилсам, ҳар қачон ўзимга зулм этдим.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
ФАРҒОНАЧА
Муҳаммад Шарифга
Соҳибжамол соҳибдилим, мунча ситам айладилар,
Макр бирлан, қаҳр бирлан кўзимизни бойладилар.
Бизни суйиб – суймадилар, озод қўйиб – қўймадилар,
Дилимизни бармоғида олма каби ўйнадилар,
Куйиб-куйиб қолабердик кийикларнинг орасида,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.
Ёр-ей, дедик, бошимизни ёриб ўтди ёр қамчиси,
Оёғининг тирноғига томиб ўтди қон томчиси.
Қонимизга қониб ўтди турналарнинг арғамчиси,
Қизил гулдек ёниб кетди турналарнинг алдамчиси.
Табассумни халқа янглиғ тақиб қушнинг сарасига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.
Шаҳр отлиғ саҳроларда қўнғироқлар сасин кутдик,
Даҳр отлиғ дарёлардан мурувват кемасин кутдик,
Заҳр отлиғ ҳаволардан атиргуллар исин кутдик,
Сабоҳат элчисин кутдик, жароҳат эмчисин кутдик.
Бироқ етдик бошимизга, волидамиз ноласига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.
Хоқон эдик, қалқонимиз гўдакларга эрмак бўлди,
Султон эдик, давронимиз ўзимизга эртак бўлди.
Балокаш ёр лашкалари минг-минг бўлди, лак-лак бўлди,
Биз шамс каби ерга ботдик, ул ой эса юксак бўлди,
Омон юрсак бўлмасмиди давлатларин соясида,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.
Биз оҳ урсак, ҳар ошиқдан кўра ошиқ оҳимиз бор,
Кўйлагининг шамолидан самоларда хокимиз бор.
Кўнглимиз йўқ, доғимиз бор, доғи йўқ дилхоҳимиз бор,
Гуноҳкормиз, кўнгил бердик, энди тан олмоғимиз бор,
Қалбимизни қайта берсин, ташласин остонасига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига!
✍️ Иқбол МИРЗО
БИР ПАЙТЛАР...
Тизза бўйи ёғар эди қор,
Уч-тўрт марта томни курардик.
Гуллар чизиб музларди анҳор,
Терлаб-пишиб чана сурардик.
Жиддий эди табиат — ота,
Тўғри, феъли бироз тор эди.
Улов камёб, кўплар пиёда,
Кўпчиликда виждон бор эди.
Кечикмасдан келарди баҳор,
Ўз вақтида гуллаб бодомлар.
Шафақларга берарди оҳор
Истараси иссиқ одамлар.
О, бор эди руҳимда жило,
Қулоғимда ҳамон кулгиси.
Эслаб қўйсам рангланар дунё,
Исмин айтсам, келар гул иси.
Бошин тўлғаб, кўк — мовий шамол,
Ўш пиримга бориб қайтарди.
Ғунча қучган капалак беҳол
Мангуликка қўшиқ айтарди.
Илиққина ёз ёмғирлари
Узиб-узиб қуйилар эди.
Инсоннинг бор эди сирлари,
Ҳаёт сирли туюлар эди.
Кеча... Кўнгил соғ эди кеча.
Кеча ойдин эди ўй-дардим.
Кеча осмон сувини ича
Энди ўлмайман деб ўйлардим.
Совидими Тангри бизлардан,
Ахир саноғида бор эдик!
Нечук мадор кетди тиззадан?
Қаримасдан туриб ҳоридик...
Асли мендан кетди оқибат,
Оқибат мен кетдим ўзимдан.
Мана, бугун соҳиби санъат
Гулпардани олди кўзимдан.
Бугун юрак бошин босган қор
Бугун хаёлларим фаромуш.
Бугун табиатим беқарор,
Бугун қалбим, руҳим аро қиш.
Бугун ҳасса билан қўзғаб чўғ,
Ўз қўйнимга қўл соляпман мен.
Давр-павр билан ишим йўқ,
Ёшлигимни қўмсаяпман мен.
✍️ Иқбол МИРЗО
ДЕВ
“Одам!
Одам иси!” – гулдуради дев,
Ғорнинг харсанглари титроққа тушди.
Панада
бир бошга битта ўлим деб
Турган баҳодирнинг қони увишди.
“Чиқ!
Одам бўлсанг гар, рўпарамга чиқ!
Одамдай сўз айтиб жонимни ёққин!
Қалқонга айланиб қолган қорачиқ,
Нурсиз кўзларимга одамдай боққин!”
Ўзини зарралаб йиғди баҳодир,
Ичидаги девдай қўрқувни янчди.
Ў, одам боласи неларга қодир!
Девнинг елкасига ғарч ханжар санчди…
Кесилган чинордек гурс қулади у,
Шивирлади: “Нетай, ўша гўл девман.
Одамзод кимлиги менга аён-ку,
Одам меҳмон бўлиб келибди дебман…”
✍️ Иқбол МИРЗО
ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ
Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Негадир истардим қийналишингни,
Юрагингга каманд солмоқчи эдим.
Онангга айтолмай қолсанг тушингни...
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,
Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.
Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,
Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.
Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Кўзингни кўзимга бермадинг сира,
Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.
Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
✍️ Иқбол МИРЗО
УРУШГА БИР ҲАФТА ҚОЛГАНДИ
Урушга бир ҳафта қолганди роса,
Сойибнинг суянган тоғи йиқилди –
Қирқ икки ёшида сувоқчи Муса
Бандалик қилди.
Ўлим ҳақ, тақдирга бермоқ керак тан,
Сойиб бу ҳикматни яхши биларди.
Фақат юртга келган каттакон тўйдан
Дўст ғофил кетгани алам қиларди.
“Қайсар одам эди дўстим раҳматли,
Бошга ташвиш тушса қараб турмасди.
Азроил бир ҳафта сабр қилса балки,
Кейин унинг жонини олиб бўлмасди”.
Сойиб уруш кўрди. Соғ-омон қайтди,
Ўҳ-ў! Кейин қанча ишлар қилинди.
Аммо энг қувончли ва оғир пайтда
Марҳум дўстнинг қадри жуда билинди.
Сувлар оқди. Сойиб бува қариди.
Бугун “Ахборот”га жим қулоқ солар.
Дунёга силтолмас ҳеч қўлларини –
Кейинги ҳафтадан хавотир олар...
✍️ Иқбол МИРЗО
20.VI.1988.
НИГОҲ ҲАҚИДА ҲИКОЯ
Ўлан – майин, ўт – майин,
Йўлингга ётиб олдим.
Капалак тутгандайин
Нигоҳинг тутиб олдим.
Дув қизарди ёноғинг,
Шув сирғонди юрагим.
Қочдим ғолиб байроғи –
Ҳилпиради кўйлагим.
Томда ётдим шу кеча,
Юлдузчалар жилмайди.
Мен биламан, тонггача
Сенинг уйқунг келмайди.
Нигоҳингни сўрайсан
Одам қўйиб ўртага.
Эркалайман, яйрайман:
«Эртага ке, эртага!»
Етти иқлимни айлан,
Бундай ширин нигоҳ йўқ.
Қайтариб берадиган
Анойи йўқ, аҳмоқ йўқ.
Ғубор босган осмонни
Енгим билан артаман.
«Нима бўлар эртага?
Нима бўлар эртага?»
Узоқни кўрадиган
Отангда ҳам гуноҳ йўқ:
«Унга қиз берадиган
Анойи йўқ, аҳмоқ йўқ!»
Ўлан – майин, ўт – майин,
Индамайди топтасанг.
Бировга индамайин
Очилади дарбозанг.
Яхши қизсан, сен ҳечам
Тик қарашни билмайсан.
Мен биламан, тонггача
Билдирмасдан йиғлайсан.
Нигоҳимни сўнгги дам
Кипригинг кесиб ўтди.
Йўлингга ётиб олсам,
Кўнглимни эзиб ўтдинг.
Сенга осон ҳар қалай,
Бузса бўлар никоҳни.
Менга қийин, мен қандай –
Бекор қилай нигоҳни?!
Иқбол МИРЗО
✍️ Иқбол МИРЗО
АЙЁР ҚИЗ
Кулиб қараб, кулиб кўзин обқочган,
Ўргатволиб, кейин ўзин обқочган,
Қучоқласам, титраб юзин обқочган,
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Ҳув, дейди-ю, ўйлар ёстиқ-кўрпасин,
Кўзда ёш йўқ – аяйди-да сурмасин,
Эшитсину лекин биров кўрмасин…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Куйдирмажон эди, қурғур, шўх эди,
Кўнглим унда эди, кўнглим тўқ эди.
Қош терганда йиғлагани йўқ эди…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Эрта пишар эди қўқон гилоси,
Юрагимдек қоп-қора қон гилоси.
Аллақачон бўлган талон гилоси…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Тенгдошини севган бўлар тенг тентак,
Тўйда билдим, анча экан денг тентак.
Ўша куни сал йиғлабман мен тентак…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Тўй бузишга етармиди журъатим?
Ун тортгани тегирмонга жўнадим.
Тугунига сиғмагандир суратим…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
✍️ Иқбол МИРЗО