Assalomu alaykum dunyodagi eng samimiy,cho‘rtkesar,dangal va eng kelishgan shoirim Iqbol Mirzo!Bugungi go'zal ayyom sizga yana yuz yil hamroh bo‘lsin.Betakror she‘rlaringizbilan bizni hursand qilib yuravering.Ko‘zlaringizdagi cho‘g‘,qadamingizdagi zalvor sizni aslo tark etmasin!
Muxlisangiz,shogirdingiz Nasiba Qurbonova
Assalomu alaykum ustoz Iqbol Mirzo Sizni tavallud topgan kuningiz bilan chin qalbimdan samimiy muborakbod etaman. Sizdagi insoniy fazilatlarning oliy darajasi aks etadi. Samimiy va dil tortar sheʼrlaringiz xalqning qalbidan joy olgan desam mubolagʻa boʻlmaydi.
Читать полностью…Assalomu alaykum aziz va hurmatli,sevimli shoirimiz Iqbol Mirzo tavallud ayyomingiz muborak bo‘lsin.
Sizga uzoq umr,sog‘liq salomatlik,ijodingizda zafarlar tilayman.
Jajji jurnalist Farzona.
🥳 Бугун Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗО таваллуд топган кун. Устозни яқинлари ва мухлислари номидан чин қалбдан табриклаймиз!
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
МУҲАММАД ЮСУФ
Ёмонга ўлим йўқ, яхшига кун йўқ,
Томирингга қўшиб олишар узиб.
Бобур йўқ, Чўлпон йўқ, Мажнун йўқ,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.
Бир қиз йиғлаб борар, соддагина қиз,
Йиғлар китоб билан юзини тўсиб.
Балки севгилингиз, балки синглингиз,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.
Уйдан мозоргача юз одимча йўл,
Айланиб келамиз юртларни кезиб.
Кимга кўнгил бериб, кимга эса қўл...
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.
Тирикка меҳр йўқ, марҳумга қаҳр,
Нима топдинг, ака, тупроққа тушиб?
Узала тушганча бўзлайди қабр,
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.
Қизғалдоқ бош эгиб турар бағри қон,
Шоир юрагидан чиққанми ўсиб?
“Нега йиғламайсан, аҳли Туркистон?”
Муҳаммад Юсуф йўқ, Муҳаммад Юсуф.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
ЖАВОБ
Кўп китоб ўқидим ёшлик кезимда,
Гоҳи Ғарб, гоҳи Шарқ ҳушимни олди.
Атай ёдламадим, лекин эсимда –
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ўзбекдек самимий, ўзидек тоза,
Бешик боласининг кўзидек тоза,
Ўспирин ошиқнинг сўзидек тоза
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Муҳаммад Юсуфдан куйлар ирмоқлар,
Тоғни тилимлаган кийиксўқмоқлар,
Оқ чўгирма кийган момқаймоқлар...
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ким бор тағин она халққа қайишган,
Қайғусидан чўккан, бахтидан жўшган.
Куйчи шоир эди кўклардан тушган,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Узр, эй шоирман, зўрман деганлар,
Номаъқул бузоқнинг гўштин еганлар,
Сўзга нўноқлару гапга чечанлар,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Айланиб бағри кенг Ўзбекистонни
Секин гапга солинг мўмин деҳқонни.
Шоир деса эслар Маҳаммаджонни,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Софдил инсон эди шоир бўлиб ҳам,
Қулади паймона лим-лим тўлиб ғам.
Энди қутилмасми сиздан ўлиб ҳам,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Мужмал сатрингизни ким ёд олади,
Эшитса чумчуқлар фарёд солади.
Қолса, сиздан фақат иснод қолади,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди!
✍️ Иқбол МИРЗО
ГЎЁ
Бир дарахтни кўрдим – мағрур, баркамол,
Истаган фаслида гуллайдигандай.
Писандига яқин келмас қор, шамол:
Дуркун барги мангу сўлмайдигандай.
Шул дарахтнинг олдида хор, ғарибман,
Йўл ярмига етар-етмас ҳорибман,
Ҳаводан куз ҳидин олиб турибман,
Баҳор менга қайтиб келмайдигандай.
Бир ирмоқни кўрдим – ўжар ирмоқни,
Суриб хасни, лойқа қилиб тупроқни
Ташлаб кетаётир боғни, ўтлоқни –
Зум тўхтаса, сира бўлмайдигандай.
Шул ирмоқнинг ҳузурида ким бўлдим,
Тўхтаб қолдим, тил тишладим, мум бўлдим.
Ҳасрат келди, кўзёшимга лим бўлдим,
Эски кўнгил энди тўлмайдигандай.
Бир дилбарни кўрдим – қоши қароли,
Қошларидан юрак-бағрим яроли,
Бўлсам эди хизматкори, қароли,
Қул бўлмасам, бахтим кулмайдигандай.
Шул дилбарнинг қошида бечораман,
Юрагимдан нолиб, қайга бораман.
Ўзим билан олишиб овораман,
Мен ҳам унга парво қилмайдигандай.
Бир кимсани кўрдим, азиз ёронлар,
Фириб берса, чап беролмас шайтонлар,
Йиғмиш дунё, қурмиш турлик ошёнлар,
Гўё бу зот асло ўлмайдигандай.
Шул кимсанинг ёнида мен нимаман,
Балки унинг юкин ортган кемаман.
Сиз нимасиз? Дард сўйладим кимга ман,
Кимлигимни ҳеч ким билмайдигандай.
✍️ Иқбол МИРЗО
БИР КУН
Бир кун келиб, қабоғинг қирғоқ бўлади,
Икки чашминг – иккита ирмоқ бўлади,
Кипригингдан дилда мавж – титроқ бўлади,
Ўшанда ҳам битта ман денгиз бўламан.
Бир кун келиб, бармоқларинг шох бўлади,
Тирноқларинг биттадан япроқ бўлади,
Бесамар бош қўйганим – тупроқ бўлади,
Ўшанда ҳам битта ман илдиз бўламан.
Бир кун келиб, чор атроф чорбоғ бўлади,
Ойдай тўлиб, олмаларинг оқ бўлади,
Деворингга эпкин урган – оҳ бўлади,
Ўшанда ҳам битта ман олис бўламан.
Бир кун келиб, айрилиқ адоғ бўлади,
Тоғни қучиб, кўзёш тўккан – тоғ бўлади.
Сенинг умринг дунёдан узоқ бўлади,
Ўшанда ҳам битта ман ёлғиз бўламан.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚАЙИҚ
Эски қайиқ тоб ташлаб, ногоҳ
Чокларидан сизиб берса сув,
Олис бўлса қанчалар қирғоқ,
Шунчалар юк солади қўрқув.
Лаш-лушлардан, ортиқча юкдан,
Ҳа, аямай кечмоқ керак воз.
Сен сайланган эмассан Нуҳдай,
Сен бор-йўғи қайиқчи, холос.
Апил-тапил сувга ташланар
Юктош, сандиқ, шу қатори кўч
Ва қалбдаги зил-зил нарсалар:
Хотиралар, алам, армон, ўч...
Сувилондай шогирддан қутул!
Қайиғингга пона бўлган шу!
Иккиюзюзламани буткул
Ер ютмаса, юта қолсин сув!
Алвидо де мунофиққа ҳам,
Тортиб кетар қўйнидаги тош.
Севгихўрни ўйлаб чекма ғам,
Сувпарига дўнар қаламқош.
Жигарларим, фурсат етди, бас,
Сиз ҳам елкан қилинг қийиқни.
Тирсак ташлаб олиш яхшимас,
Қўйинг эллик йиллик қайиқни!
Бўлди! Энди чикора долға!
Енгилмайди енгилруҳ инсон!
Сувни чизиб кетяпмиз олға,
Кўзгу тутар чарчаган уммон!
Бўлмаса-чи! Манзилда – иқбол,
Эшкак эшиб яйрар илкимиз...
Қайиқ каби юзади ҳилол,
Қайиқда у билан иккимиз...
✍️ Иқбол МИРЗО
АЙТИ-ШЕЪР
Замонанинг зайлига кекса-ёш шайдо бўлди,
Ажабтовур қавм ичра ажиб тил пайдо бўлди.
Отарчи - суперстар,
чайқовчилар - бинесмен,
Даллол - маклер дейилар, мен фарқини билмасман.
Кюар код хира десанг, елка қисар менежер,
Қозоқча қилиб айтсам, менежеринг мени жер.
Ҳаммаёқни блогер, ботикс, бот босиб кетди,
Инстаграм, Твиттер, гив, пин- код босиб кетди.
Футбол кўрсанг, голкипр тўсмайди, сейв қилади,
Бир қўлида айфони селфини хайп қилади.
Лайсменлар офсайтни реактив белгилайди,
Кембэк қилолмай вингер газонни тепкилайди.
Тик-токчилар вайнни ноухау дейдилар,
Узунқулоқ шов-шувни булар шоу дейдилар.
«Корзинка»нинг ёнида лаллайиб турар Эшбек,
Смартфонига дўкон ташлаб бермабди кэшбек.
Брокер унга қараб, терпила, бор кет дебди,
Лўх, негатив қимагин, сургин, бўт маркет, дебди.
Кўча бўйлаб фаст-фуд-у Макдональдс бўлиб кетди,
Чизбургер ва чипсга ситилар тўлиб кетди.
Чол СМС ёзяпти - хавотири хўтикдан,
Кампир Телеграмда калиш излар бутикдан.
Асли бечора шулар, ниманиям кўришган?
Лав ҳистори қилмасдан уйда турмуш қуришган.
Замонанинг зайлига замондош шайдо бўлди,
Онатилга бегона чулчиттил пайдо бўлди.
Ота ўғлини сўкиб алжийсан токай, дейди,
Туври гапир, ўв, дейди, ўғил йес, окэй, дейди.
Креатив ёндашиб дардимни ёзиб қўйдим,
Позитив руҳ ёйсин деб ФБга босиб қўйдим.
Лайк қўндириб, поделить лентага илиб олинг,
Тайм-аут пайтида скриншот қилиб олинг.
Шоядки челенжларда номимиз бренд бўлгай,
Фейсбукда айланиб, айти-шеър тренд бўлгай.
✍️ Иқбол МИРЗО
ПУШАЙМОН
Шеърнинг овозли вариантини тинглаш
Энг бой одам мен бўлардим,
Пушаймондан фойда бўлса.
Кўнгли тошдан тош дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Ўн бешимда қолдим севиб,
Уйда юрак сиқар эди.
У ҳам кўлоб сувлар сепиб,
Яна сувга чиқар эди.
Сувни бурардим тескари,
Агарда гап сойда бўлса.
Қоши бахмалдай дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Ой юзидан қайтган нурлар
Юзларида қамашарди.
Ўн беш кунлик ойдай дилбар
Менга жуда ярашарди.
Ботмас эди кундузлари
Бундай чирой ойда бўлса.
Ойга боқиб, ул дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Аразлашиб қолдик бир кун,
Уч кун ўтди, кечирмади.
Юрагимни босди тутун,
Сувлар сепиб ўчирмади.
Нима дейсиз, қизлар барин
Гап-сўзлари майда бўлса.
Ўзимдай содда дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Ухлаёлмай кечалари,
Кундузлари гангиб юрдим.
Икки йилча кўчалари
Саратонда чангиб турди.
Бир гапириб, ўн кулардим,
Калишлари лойда бўлса.
Кўнгли муздан муз дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Кўкрагимни бериб ерга,
Ўйлаб, ўйга етолмайман.
Келиб-келиб кимга эрга
Текканини айтолмайман.
Бундан ортиқ азоб борми,
Бир кўча, бир жойда бўлса.
Тошкентга кетдим. Дилбарни
Соғинаман қайда бўлса.
Синдирмайди йиллар кимни,
Туйғуларни силлиқлайди,
Ҳар кўрганда юрагимни
Капалаклар қитиқлайди.
Узр, олдим вақтингизни,
Кошки, гапдан фойда бўлса.
Нима қилай, ўша қизни
Соғинаман қайда бўлса.
✍️ Иқбол МИРЗО
НОЗ ВА ФИРОҚ
Ўлай агар, аразнинг хўп гашти бор,
Агар араз беғараз, бегард бўлса.
Энди етар! Хизматига мен тайёр –
Яраштириб қўядиган мард бўлса.
Жон-жон дердим агар жоним олса ҳам,
Совуб кетмай ўртансайди, куйсайди.
Учрашганда ёлғон қовоқ солса ҳам,
Четга қараб ростдан кулиб қўйсайди.
Сал чўзилиб кетди фироқ бу сафар,
Ўйиндан ўқ чиқмаса деб қўрқаман.
Шайтон бор-да ўртада, шу баччағар
Тумшуғини тиқмаса деб қўрқаман.
Алоқ-чалоқ тушга ўхшар ҳаётим,
Кўнглим боғда, ўзим эса тоғдаман.
Учолмасанг, ортиқча юк қанотинг,
Бир баҳона тополмасдан доғдаман.
Муддат керак экан нозу аразга
Агар ишқда шу қийноқлар шарт бўлса.
Совға оберардим айтиб у қизга
Яраштириб қўядиган мард бўлса.
✍️ Иқбол МИРЗО
САМАРҚАНД. СИРЛИ НИГОҲ
Самарқандни кезсанг, ажиб синоат,
Елкангга қўйгандек кимдир кафтини –
Ҳис қилаверасан бетиним, бот-бот,
Бир сирли нигоҳнинг илиқ тафтини.
Бу не ҳол? Не юмуш бажардинг, деган
Ялангтўш Баҳодир сўроқларими?
Ё энг олис юлдуз қатига етган
Улуғбекнинг тийрак нигоҳларими?
“Бизлар қурган эдик, шукур, болалар
Томоша-сайрга яраб турибди”, –
Уятдан ёноғи бўлиб лолалар –
Балки Бибихоним қараб турибди.
Ҳар қалай, шунчаки кўзлар эмас бу,
Юракка етгудек сеҳри бор ўхшар.
Толиб Алишербек лабида кулгу,
Ўсмирнинг самимий меҳри бор ўхшар.
Ҳар замон бир зотнинг замони бўлган,
Ҳирийда Шайбоқнинг бўзларими бу?
Фирдавсмонанд шаҳар армони бўлган
Бобурбекнинг ўткир кўзларими бу?
Син солиб термулар бир соҳир нигоҳ:
“Кимсан? Матлабинг не? Сўйла, ғофил кас?”
Йўқ, Темур кўзлари эмас бу, иллоҳ –
Темур нигоҳига бардош топилмас!
✍️ Иқбол МИРЗО
БЕДАВО
(ҳазил)
Тўсиб шифокорнинг йўлини,
Тупук сочиб, силтаб қўлини
Арзи сиҳат қилди бир одам,
Ўз сочини юлди бир одам:
“– Эллик ёшга кирдиму, дўхтир,
Ҳалигача ҳурматим йўқдир.
Ҳамма ўзин оқил кўрсатар,
Ҳамма менга ақл ўргатар.
Бирови дер бемаврид кулма,
Тушунмаган гапга суқилма!
Соч-соқолинг буркамиш қиров
Сал босиқроқ кийин дер биров.
Хотиним ҳам шуларга қиёс
Еманг дейди эрталаб пиёз.
Эговлайди холаларим ҳам,
Насиҳатгўй болаларим ҳам.
Калишнинг ҳам пойи бўлармиш,
Гапнинг ҳам ўз жойи бўлармиш.
Сизни кўриб ўйлаб қолдим сал,
Эсарманми ё бошқа касал?”
Ёғли кўзга боқди шифокор:
“– Афсус, шундай оғир дардлар бор.
Кимларнидир қийнаб ташлайсиз,
Лек ўзингиз узоқ яшайсиз.
Сиздақалар жуда кўп, аммо,
Тополмадик шу дардга даво.
Баланд бўлсин шиддат-шаҳдингиз,
Бедаволик сизнинг бахтингиз”.
Кўкка қараб хўрсинди дўхтир:
“Аптекада фаросат йўқдир...”
✍️ Иқбол МИРЗО
Ассалому алайкум, устоз! Сизни бугунги таввалуд кунингиз билан чин қалбимдан табриклайман! Соғ бӯлинг, саломат бӯлинг! Умрингиз узоқ бӯлсин! Сиздан янги-янги шеърлар кутиб қоламиз.
Фарғона вилояти Бағдод туманидан мухлисингиз Ӯткир Йӯлдошев
Ассалому алайкум ўзбекнинг чин маънодаги севимли ўғлони Иқбол Мирзо. Сизни бугунги шукрона кунингиз билан қутлаб қоламан. Ҳамиша эл-юрт хизматида бўлиш насиб айласин, кўп йиллар биз каби ёш ижодкорларга, шогирдларга бош бўлиб юринг.
Шунингдек, сизни бизнинг жамоа - фермерлар ва дала ишчилари, ипак қурти боқувчи опа сингилларимиз ҳам қутлаб қолади.
Ҳурмат билан ҚУНД-ШОД фермер хўжалиги раҳбари Асад Жалол
Фарғона, Фурқат тумани.
Ассалому алайкум, Иқболжон. Бугунги муборак айём қутлуғ бўлсин ! Бу кун нафақат Сизнинг, онангиз ва яқинларингизнинг байрами, балки минглаб, миллионлаб шеър мухлислари, шеърият муҳиблари учун ҳам қадрли кун саналади. Кўўўўп яшанг. Сиздан ёниқ сатрлар, ўзингизга хос услубда яратилажак муҳташам асарлар кутамиз. Оилавий ҳаловат ҳамроҳ бўлсин, фарзандлар камолини кўринг. Сизга ҳурмат билан дўстингиз Абдулбоқийман.
Читать полностью…“ҲАЁТ” ФИЛЬМИ УЧУН
Севaмaн деб aйтолмaймaн ёрижонимгa,
Гaрчи усиз кўзлaримгa дунё қоронғу.
Aйтолмaймaн онaжоним – жонажонимгa,
Гaрчи менгa жонидaн жон узиб бергaн у!
Aйтолмaймaн отaмгa ҳaм фaрзaндлик меҳрим,
Ҳислaримни сочолмaймaн жигaрлaримгa.
Мени сўзсиз тушунaди йигит бўлсa ким,
Мен бу сўзни яширгaнмaн юрaк-бaғримгa.
Кўзим тушсa, нигоҳимни кўтaрaр тоғлaр,
Йўллaримгa келинчaкдек сувлaр сепaр сой.
Синфдошдек aнов сaмбит вa қизғaлдоқлaр
Севaмaн деб aйтишимни кутaр ҳойнaҳой.
Севaмaн деб aйтилмaйди, исбот этилaр,
Қaрaшлaрдa, курaшлaрдa кўринaди у.
Сaдоқaтдa, жaсорaтдa, жaнгдa aкс этaр,
Сўздa эмaс, кўздa яшaр бу aзиз туйғу.
Вaтaн, сендa отa-онaм, муҳaббaтим жaм,
Фaқaт сенинг қучоғингдa топaрмaн ором.
Жон не керaк онaм учун фидо қилмaсaм,
Вaтaн, сени мен шунaқa севaмaн.
Тaмом!
✍️ Иқбол МИРЗО
АКАЛАРИМГА
Уч бора айланди ажал қамчиси,
Учта юлдузимни фалакдан узиб,
Бугун жигаримда учта тиғ изи,
Шавкат Раҳмон, Охун, Муҳаммад Юсуф.
Бирови шамширдай тўғри зот эди,
Бири эркатойи шеърият боғин.
Бирисига майда гаплар ёт эди,
Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Охун.
Назар ёмон экан, суқ ёмон экан,
Бир ариқдан сув ичиб, бирга ўсиб,
Кўп экан-да жонингга кўзин тиккан...
Шавкат Раҳмон, Охун, Муҳаммад Юсуф.
Ортиқча ҳарорат гулни сўлдирар,
Ортиқча сув бузар дарё қирғоғин.
Эл севгиси аста-секин ўлдирар,
Шавкат Раҳмон, Муҳаммад Юсуф, Охун.
Қулоғимда ҳар бирининг сўзи, оҳанги,
Тобора бу олам қор каби тўзиб,
Нариги дунёга босар посанги,
Шавкат Раҳмон, Охун, Муҳаммад Юсуф.
✍️ Иқбол МИРЗО
2001
🏢 Ilm-fan kanaliga joylangan O‘zbekiston xalq shoiri Muhammad Yusuf hayoti va ijodiga oid materiallar
✍️Muhammad Yusuf asarlari;
✍️Muhammad Yusuf — "Muhammadqodir";
✍️Muhammad Yusuf (hujjatli film, 2004);
✍️"Cho‘lponning go‘rini ko‘rsating menga..."
✍️«Muhammad Yusuf: Ulug‘imsan Vatanim!» badiiy-publisistik hujjatli filmi
✍️Muhammad Yusuf o‘qigan she'rlar (arxivdan);
✍️"Bor bisotim oldi yoshligim..."
✍️"Biz baxtli bo‘lamiz..."
📱 @dsmi_uz
26 апрель – Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф таваллуд топган кун.
🕊 @Iqbol_Mirzo_ijodi
Рамазон ҳайити муборак бўлсин! Ушбу қутлуғ айёмда нимаики ниятларингиз бўлса, барчасига Яратган Эгам мададкор бўлсин.
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
МАРАДОНА
У мени билмасди, лек дўстим эди,
Унинг номи билан фахрланардим.
Унинг олтин бошин ҳакамлар еди,
Ҳуштакбоз қавмга қаҳрим ва заҳрим.
Ундан қарздор эдим қанча завқу шавқ,
Ҳеч қачон ҳақини қистамасди у.
Футбол санъат бўлсин дерди ҳамма вақт,
Бизнес бўлишини истамасди у.
Билсангиз, деви бор эди қандайдир,
Зуваласи тўпдек пишиқ-сирч эди.
Таъқиқ-чекловларда соврилди умр,
Уни болаларча ўжарлик еди.
У менга истеъдод сеҳрин кўрсатган,
Уқтирган иш билан ҳунарнинг фарқин.
У тансиқ ғалаба қадрин ўргатган,
«Юлдуз бўлсанг порла қуёшдек ёрқин!»
Ўзингни излайсан даҳо зотлардан,
Сенинг ҳам суягинг қақшатар хумор.
Навқирон кунингда чекканча алам
Сунъий захирада қопкетганинг бор.
Табассум-ла кетди футбол даҳоси,
«Бока Хуниорс» юрак ютди жим.
Ҳаёт майдонида ўзгариш...
ҳозир
Диего ўрнига ким тушади, ким?
Сиз спорт деганда чамалайсиз пул,
Бир пулсиз... оламни қаратиш мумкин.
Тўптепарлар, қаранг, Худо берса йўл
Оёқ билан санъат яратиш мумкин!
✍️ Иқбол МИРЗО
МЕРОС
Ёмғир лойга ёққан замонда,
Сувлар сойга оққан замонда,
Бойлар бойга боққан замонда
Менга қараб кулган йўқчилик.
Илигини сўриб илкимнинг,
Сарғайтирган гулдек синглимни,
Эрта улғайтирган ўғлимни,
Жигаримни тилган йўқчилик.
Дада, балки сизни ўлимдан
Асраш келармиди қўлимдан...
Силтаб тортиб эски тўнимдан
Мени етим қилган йўқчилик.
Миннатли ош бу – сочма ўқдек
Ич-ичингни куйдирар чўғдек.
Қорин очу назарим тўқдек,
Мени азиз билган йўқчилик.
Тўғри, нима келса – Худодан,
Даъвойим йўқ эски дунёдан.
Таскин шуки, Одам Атодан
Менга мерос қолган йўқчилик.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЎСМИРЛИГИМ ЭРТАГИ
Бор эди – йўқдай эди,
Кўчага ҳеч чиқмасди.
Кўзлари чўғдай эди,
лекин менга ёқмасди.
Йўлин пойламас эдим,
Уни ўйламас эдим.
Бор эди – йўқдай эди,
Нигоҳи ўқдай эди.
Бир кун шундай қаради –
Юрагим тўхтай деди.
Йўлин пойламай кўр-чи!
Уни ўйламай кўр-чи!
✍️ Иқбол МИРЗО
1983
10 апрель — ўзбек миллий романчилигининг асосчиси, маърифатпарвар Абдулла Қодирий таваллуд топган кун
МАРҒИЛОН
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам алам ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими”, деб
Ҳамма мендан сўрайверади.
Сўрайверар кўча, гузарлар,
Сўрайвериб кўнглим бузарлар,
Кумушойдан, ойгина қиздан
Қандоқ қилиб умид узарлар.
“Яхши”, дейман, “шукур, соғ-омон,
Келиб қолар, дейман, Марғилон...”
Қаролмайман Офтобойимга,
Ич-ичидан куяр, бағри қон.
Сўроқ белгисидек янги ой
Эргашади, тинмай сўроқлар.
Кумушини сўрайди мендан
Кумуши йўқ тилла равоқлар.
Бирдан жимиб, тўхтар ўйиндан —
Қизчаларнинг саволчаси бор.
Юз эллик йил бўлди — қўйнимда
Кумушойнинг рўмолчаси бор.
Марғилонга боргим келмайди,
Борсам қайғу ўрайверади.
“Кумуш яхши юрибдими”, деб
Ҳамма мендан сўрайверади.
✍️ Иқбол МИРЗО
ОДАМЛАР
Ичида ит хурган одамлар,
Айбим излаб юрган одамлар.
Сизга ёрдам бергим келади,
Мени ёмон кўрган одамлар.
Кимга ному нишоним ёқмас,
Ё Бағдодим, Қўқоним ёқмас,
Эрта олган унвоним ёқмас,
Мени ёмон кўрган одамлар.
Даврангизга кира олмайман,
Кирсам кўнглим ёра олмайман.
Сизга талант бера олмайман,
Мени ёмон кўрган одамлар.
Осай дейсиз, сиртмоғингиз йўқ,
Урай дейсиз, тўқмоғингиз йўқ,
Ўладиган аҳмоғингиз йўқ,
Мени ёмон кўрган одамлар.
Сизга ука, ака, жўраман,
Дуоингиз қилиб юраман.
Мен сизларни яхши кўраман...
Мени ёмон кўрган одамлар.
Мушук ётар — шер хаёлида,
Кийик тутиб ер хаёлида.
Мен юровдим шеър хаёлида
Мени ёмон кўрган одамлар.
Болангиз юрт учун яшасин,
Душманга ҳам жонин тўшасин,
Фарзандингиз менга ўхшасин,
Мени ёмон кўрган одамлар.
✍️ Иқбол МИРЗО