МЕНИНГ БАҒДОДИМНИНГ ҚИЗЛАРИ
Бодомқовоқ, қийиқ кўзлари,
Бегонадан тийиқ кўзлари.
Қуралайми, кийик кўзлари?
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ғўрлик пайтим, бебошлик пайтим
Сизни ташлаб кетибман дайдиб.
Мана, келдим бош эгиб қайтиб,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Умримда кўп таннозни кўрдим,
Суҳбатлашдим, ўтирдим, юрдим.
Ҳаммасидан чиройли юртим –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Кўз бўяш йўқ, улама соч йўқ,
Назар қаттиқ – бунга илож йўқ.
Қайда бўлмай, сиздан кўнглим тўқ,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Оҳанжама сўзлар бегона,
Меҳнат билан туғма дугона,
Иқболжони учун ягона,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ойхонлари, Дилраболари,
Дилнозлари, Гулҳаёлари,
Кумушлари ва Раънолари...
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Асли манов ерим сизники,
Кўздан тўккан терим сизники,
Ҳамма яхши шеърим сизники,
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
Ой қизларим, ойдай тўлинг сиз,
Ойдин бўлсин юрар йўлингиз,
Мен учун ҳам бахтли бўлинг сиз –
Менинг Бағдодимнинг қизлари.
✍️ Иқбол МИРЗО
АФСУСКИ
Нима қилдим койиб, тақдирдан нолиб,
Бу савдолар қондан ўтган, афсуски.
Дўстлар оҳанг тўла юрагим қолиб
Эшигимга қулоқ тутган, афсуски.
Афсуски, ҳалвога дўнмас ғўралар,
Тойчоққа йўл бермас қари йўрғалар.
Бедилнинг кўзларин кўрган қарғалар
Чорбоғимда тупроқ титган, афсуски.
Афсуски, тушмадим мен ҳам осмондан,
Яхшидан ёмонман, яхши ёмондан.
Жон деб кечиб кетар эдим-ку жондан,
Онамнинг кутгани кутган, афсуски.
Афсуски, шаббода судраган хасман,
Куйим ўзимга тан, ўзим сармастман,
Кўчангиздан қайтиб куйлаб ўтмасман,
Азал менга шуни битган, афсуски.
Афсуски, шарҳи йўқ жимлигингизнинг,
Сиз ҳам ўйлармисиз кимлигингизни?
Биламан-ку маккор шумлигингизни –
Шайтон бел олишмай ютган, афсуски.
Афсуски, олдинда кўнгил йўқ, дил йўқ,
Карвон сўнгидаман гиёҳу гул йўқ.
Фожиам шундаки, орқага йўл йўқ,
Имкон қўлдан кетган... кетган... афсуски.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЧЎПЧАК
Дўстим Исажонга
Эртага
уст-бошин қоқиб Эр Тўнга
Тулпорига урар эгар-жабдуқни.
– Бириктирай, – дейди, – ёнган-у тўнган,
Уруғдек сочилган уруғни!
Эртага
титрайди олам этаги,
даштларни тўлдириб учади чорлов:
– Ў-ҳў-ўв, ухлаганинг етади,
Турук будуним-о-в-в!
Эртага
эрлар айланади эркакка,
Гузарлар файзиёб,
Лак-лак лайлакка
Тўлар Афросиёб.
Эртага
кетамиз эртакка
Ёш-у қари.
Қуёшга талпинган тийрак гўдакка
Жилмайиб қарайди солиҳ Кошғарий...
Эртага
мениям туртиб қўй,
эрта уйғонсанг.
✍️ Иқбол МИРЗО
1988
СЕН КЕЛГУНЧА
Сен келгунча юрагимни ютиб тураман,
Кўзим юмиб кўзёшимни тутиб тураман.
Алдаб-сулдаб чалғитаман ўзимни ўзим,
Сен келгунча яшамайман, кутиб тураман.
✍️ Иқбол МИРЗО
2015
ЮЛДУЗ
Юлдуз, кечир мени, кечир, юлдузим,
Иқболинг кулса ҳам бахтинг кулмади.
Ўзимга маҳлиё бўлдиму ўзим
Кўнглингни олишга вақтим бўлмади.
Мен сенга муҳтожман, интиқман, зорман,
Билмайман, борманми-йўқми, ёдингда.
Агар айбдор бўлсам, ёлғиз айбдорман —
Худонинг олдида, сенинг олдингда.
Кечалар ёдимга тушганда кўзинг,
Сомон йўлларида чангиди кулим.
Осмоним муаттар айлаган ўзинг,
Ҳамишабаҳорим, ҳамишагулим!
Ўзимдан, эҳтимол, сени асрадим,
Билдимки, мен билан бахтинг кулмайди.
Йиғласам, йиғига сиғмас ҳасратим,
Шеърда ҳамма гапни айтиб бўлмайди.
Юлдузни етаклаб Шошга кеч кирса,
Фарғонажонимга оқади дилим.
Мени унутмагин, мени кечирма,
Ҳамишабаҳорим, ҳамишагулим!
✍️ Иқбол МИРЗО
НАВРЎЗ ТИЛАКЛАРИ
Бу кун баҳор бир сабаб,
Наврўз баҳона бўлиб,
Лим-лим тўлган қалбимни
Шеър қилиб битмоқчиман.
Мангу баҳор юртида
Юрган ой каби тўлиб
Муҳтарам юртдошимга
Дилрозим айтмоқчиман.
Мен сармастман баҳорий
Туйғу отлиғ бир майдан.
Сизга ҳам маним каби
Сармастликни тилайман!
Менинг юрагимдаги
Умидлар каби бодраб
Бойчечаклар адирда
Қор остида урмиш ниш.
Ажаб, бутун табиат
Ётганда ҳали мудраб,
У олис навбаҳорнинг
Қадамин илғаганмиш.
Бу сезгини оддий гул
Қайдан олган, билмайман,
Сизга шу бойчечакнинг
Сезгисини тилайман.
Учрашувга ошиққан
Ошиқ мисоли шошиб,
Баҳорнинг илк жилғаси
Қайгадир югуради,
Гоҳ боши берк жойларга
Кириб қолар адашиб,
Гоҳ йўл узра тошларга
Кўкрагини уради.
Мен ҳам жилға мисоли
Тўлиб оқмоққа шайман,
Сизга ҳам унинг шиддат,
Ишончини тилайман.
Ана, эшитилмоқда
Узуқ-юлуқ нолали
Юракни тилкаловчи
Қадимий куй садоси.
Бу – Ҳиндикуш ортида
Афғон, ўзбек боланинг
Сурувни излаб юриб
Чалган найин овози.
Навоий навосига
Қайтолмай зор йиғлайман,
Сизга кабутар тўла
Оқ осмонлар тилайман.
Гулдурак садосидан
Уйғонди замин тийрак,
Қуёшнинг нури сабаб
Тарки хоб айлар чаман,
Фақатгина дарёлар
Қишу ёз бедор, сергак,
Виждондек тўлғонади
Бағрингда, бағрим, Ватан!
Мен фақат дарёлардан
Нисбат олмоқ истайман,
Сизга Сир ва Амунинг
Бедорлигин тилайман.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЎТКИР АКА, РАҲМАТ!
(Тўйхат ўрнида)
Бундан йигирма йиллар нари-берисида устоз Анвар Обиджон “Ўткир Раҳмат дўстимиз шифохонага тушиб қопти. Юринг, кўнгил овлаб келамиз” деб қолди. Йўл-йўлакай Ўткир акани таърифлаб, жуда ҳалол, покиза, ҳақиқий зиёли шоир, кучли шахс деганда мен «Шоирларнинг ҳаммаси зиёли бўлмайдими?» дегандек гап қилдим. Анвар ака бу луқмани шапшакликка йўйдими, мижозни чамалаган тикувчидек бош-оёғимни кўздан ўтказиб: «Кўрасиз ҳали...» - деб қўяқолди.
Батафсил:👉 https://telegra.ph/%D0%8ETKIR-AKA-RA%D2%B2MAT-03-15
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
🎉 Бугун таниқли шоир Нодир Жонузоқ таввалуд топган кун
Шоирни мухлислари ва дўстлари номидан чин юракдан қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас илҳом манбаи тилаб қоламиз!
Байт:
Яшанг, Нодир Жонузоқ!
Яшанг Нодиржон, узоқ!
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
САККИЗИНЧИ МАРТГА ЯРИМ ҲАЗИЛ
Аёлга тош отиш мумкинми, деса,
Эркаклар баравар чайқайдилар бош.
Аёлга тош отинг қурбингиз етса,
Фақат... қимматбаҳо бўлсин ўша тош!
✍️ Иқбол МИРЗО
#таржималардан
Осудите сначала себя самого,
Научитесь искусству такому,
А уж после судите врага своего
И соседа по шару земному.
Научитесь сначала себе самому
Не прощать ни единой промашки,
А уж после кричите врагу своему,
Что он враг и грехи его тяжки.
Не в другом, а в себе побеждайте врага,
А когда преуспеете в этом,
Не придется уж больше валять дурака -
Вот и станете вы человеком.
✍️✍️✍️
Ўзингизга қози бўлинг аввало,
Эгалланг шафқатсиз бу санъатни ҳам.
Сўнг ёвни лаънатлаб чиқаринг фатво,
Ҳукмингизда бўлсин олам ва одам.
Ўзингизга одил бўлинг аввало,
Нуқсон-айбингизни кўздан қочирманг.
Сўнгра, майли, солинг дунёга ғавғо,
Сўнгра ғанимларни, майли, кечирманг!
Душман қалбингиздан ташқаридамас...
Қачонки, сиз уни яксон этган он
Ўзни жинниликка солиш шарт эмас,
Чунки сиз инсонсиз, энди чин инсон...
✍️ Булат Окуджава
♾ Иқбол МИРЗО таржимаси
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
ХАЙР…
Ранги ўчди атиргулларнинг,
Хайр…
Чаманимдан нозбўйлар кетди.
Хайр…
Оқ-қорага кўчди кунларим,
Хайр…
Аччиқ соғинч тунлари етди…
Хайр…
Хазондан ташқари юрибман.
Хайр…
Тумандан қошиму кипригим ҳўл.
Хайр…
Хайрлашган жойда турибман…
Хайр…
Файз баргдек тўкилди… сен омон бўл…
Хайр…
✍️ Иқбол МИРЗО
1988
ҲИЛВИРОҚ КИТОБ
Ҳилвироқ китобни зарб билан ёпдим,
Кўҳна бўй урилиб бузди кўнглимни.
Хазон тўшагидан бир гавҳар топдим:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.
Булутлар учрашди чақмоқлар отиб,
Чақмоқ – соғинчларнинг ойдин гулими?
Ёмғир шивирлади тўкилаётиб:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.
Дарё қучоғида тош қотган тошлар,
Эшитиб зериккан севги ўланин.
Дарё тўрт томонга ўзини ташлар:
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.
Ёлғизим, бизларни сийлади тақдир,
Минг усулда тўсди борар йўлимни.
Севгимиз безавол яшайди, ахир –
Висол – муҳаббатнинг гўзал ўлими.
✍️ Иқбол МИРЗО
ТАЪҚИБ
Дудоғим куйдирар бўсалар ёди,
Бошимда соядек лопиллар Исм.
Кўксимни елпийди қузғун қаноти,
Мени таъқиб этар синиқ табассум.
Жонимни қақшатар сирқироқ йиғи,
Бардошим қирғоқдан тошади сим-сим.
Кўзларим томирин қирқар синиғи,
Мени таъқиб этар синиқ табассум.
Кўчиб тушаверар хотирот занги,
Ўлик роҳлар узра тирилар изим.
Қулоқ пардасини йиртар жаранги –
Мени таъқиб этар синиқ табассум.
Унутмаслик гуноҳ, унутиш – куфр,
Сарғайган найсоним, кўкарган кузим...
Умр кўзгусида қировли муҳр –
Мени таъқиб этар синиқ табассум...
✍️ Иқбол МИРЗО
1988
ФАРИШТА
Мен ерга боғланган бир банди эдим,
Саҳар бориб, оқшом қайтардим ишдан.
Сен келдинг…
Сен, ахир, қайлардан келдинг?
Кўклардан тушдингми, маъсум фариштам?
Бир хушбўй саболар таралди бирдан –
Юракни сийпалаб, эркалагувчи.
Одамлар одамдан зериккан ердан
Инсонлар тарафга етаклагувчи.
Эсладим,
оловлар гурлар қўйнимда –
Бир буюк вулқонлар портлаганини.
Кейин сукунатда
тунда
бўйнимда
Киприк капалакдай потраганини.
Шу мунис туришда
бу кўҳна олам
Севгига зорлигин эслатиб турдинг.
Чақноқ кўзларингга кўзим тушган дам
Юрагим борлигин эслатиб турдинг.
Мен сенга боғланган бир банди, асир,
Сен учсанг, узилиб тушар жон риштам.
Менга раҳминг келсин,
шафқат қил, ахир –
Дунёнинг ҳолига ачин, фариштам!
✍️ Иқбол МИРЗО
ЗИЛЗИЛА
Яна Ер сесканди.. яна бир қалқди,
Ҳиндикуш тарафда офат ўчоғи.
Кўзин очгайми деб бу дунё аҳли
Боболарим руҳи безовта, чоғи..
Эгар болиш бўлган марди майдонлар
Бугунги жангларни кузатар ҳанг-манг.
Дараларга вулқон солар афғонлар,
Ахир бу урушмас, фитна-ю найранг!
Ҳозиқ табибларнинг бошлари эгик,
Луқмонлар ҳайратда замонга қараб:
“Биз гиёҳдан малҳам кашф этган эдик,
Булар заҳри қотил тайёрлар, ё Раб!”
Иймон қалқонлари – муҳаддисларим
Жойнамоз устида тавфиқ сўрайди.
Бобуршоҳ суғуриб қиличин ярим,
Кафтини соябон қилиб қарайди..
Мавлоно Лутфийга боқар Алишер,
Заминдан кўз олмас маликул калом.
Нечун титрамасин ахир она Ер,
Яъжуж-маъжужларга сиғинар авом..
Шариф мозорларда қарқираган қон
Замин жавҳарига етдимикин ё?
Бир буюк ларзадан яралган жаҳон
Бир буюк ларзадан бўлгайми адо?
Дунёни уйғотган боболар уйғоқ,
Оламни қутқарар буюк силсила.
Эй Одам, оҳиста қўй ерга оёқ,
Ҳали тўхтаган йўқ сўнгги зилзила..
✍️ Иқбол МИРЗО
МАСЛАҲАТИМ
Худойимга солиб кетавер -
Манзилингга тезроқ етасан.
Кўрмаганга олиб кетавер -
Кўрмагандек бўлиб кетасан.
✍️ Иқбол МИРЗО
ТУБИДА ТОШ ДУМАЛАТИБ...
Тубида тош думалатиб сойлар ўтди,
Елкасида ярақ-ярақ ойлар ўтди.
Қамишларнинг бойламида найлар ўтди,
Сиздан теккан изтироблар ўтмади, ёр,
Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр.
Туёғидан тилло сочиб жайрон ўтди,
Неча кўшки обод кўнгли вайрон ўтди,
Ҳаммаси ҳам бу ҳолимга ҳайрон ўтди,
Сиздан теккан изтироблар ўтмади, ёр,
Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр.
Рўмолини қанот қилган пари ўтди,
Кўз учида менга қарай-қарай ўтди,
Нигоҳлари жонимдан ҳам нари ўтди,
Сиздан теккан изтироблар ўтмади, ёр,
Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр.
Шамол ўтди, булут ўтди, ёмғир ўтди,
Қаҳратоннинг қадамлари оғир ўтди.
Қоработир ўтди, Зуҳро, Тоҳир ўтди,
Сиздан теккан изтироблар ўтмади, ёр,
Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр.
Бир зум қалбим дарчасидан зиё ўтди,
Билмай қолдим чин ўтдими – рўё ўтди,
Сиз ўтдингиз бу дунёдан дунё ўтди,
Сиздан теккан изтироблар ўтмади, ёр,
Кўзларимдан кўзларингиз кетмади, ёр.
✍️ Иқбол МИРЗО
БОРМИ?
Ўн беш кунда ой туғади янгидан,
Ит термулиб увламаган ой борми?
Бир яйловда ўтлаб хачир, ҳангидан
Панд емаган тулпор борми, той борми?
Ютсанг басдир томоқдаги луқмани,
Тайёр турар миннат тиғин суққани.
Менга айтчи, ай одамнинг туққани,
Беминнат бир салом борми, чой борми?
Маймун ернинг киндигига чўп солди,
Қалдирғочни чилвирилон ўпволди.
Сурбетликнинг ўзи давлат бўпқолди,
Тўнғиз тумшуқ ботирмаган сой борми?
Сиринг айтсанг сири кўчмайдиган ва
Фойда деса, ўқдек учмайдиган ва
Дўст деб ёлғон қасам ичмайдиган ва
Тупук билан ийланмаган лой борми?
Сизга буткул топшираман дунёни,
Ағдар-тўнтар қилинг еру самони.
Лекин ёмонламанг Иқбол Мирзони –
Ёмон кетиб, яхши келган жой борми?
✍️ Иқбол МИРЗО
ЖАВОБ
Кўп китоб ўқидим ёшлик кезимда,
Гоҳи Ғарб, гоҳи Шарқ ҳушимни олди.
Атай ёдламадим, лекин эсимда –
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ўзбекдек самимий, ўзидек тоза,
Бешик боласининг кўзидек тоза,
Ўспирин ошиқнинг сўзидек тоза
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Муҳаммад Юсуфдан куйлар ирмоқлар,
Тоғни тилимлаган кийиксўқмоқлар,
Оқ чўгирма кийган момқаймоқлар...
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Ким бор тағин она халққа қайишган,
Қайғусидан чўккан, бахтидан жўшган.
Куйчи шоир эди кўклардан тушган,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Узр, эй шоирман, зўрман деганлар,
Номаъқул бузоқнинг гўштин еганлар,
Сўзга нўноқлару гапга чечанлар,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Айланиб бағри кенг Ўзбекистонни
Секин гапга солинг мўмин деҳқонни.
Шоир деса эслар Маҳаммаджонни,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Софдил инсон эди шоир бўлиб ҳам,
Қулади паймона лим-лим тўлиб ғам.
Энди қутилмасми сиздан ўлиб ҳам,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди.
Мужмал сатрингизни ким ёд олади,
Эшитса чумчуқлар фарёд солади.
Қолса, сиздан фақат иснод қолади,
Муҳаммад аканинг шеърлари қолди!
✍️ Иқбол МИРЗО
ТОПАРМАН
Сочлари денгизни топарман,
Оламда тенгсизни топарман.
Ўзимни йўқотсам, йўқотиб,
Бир куни мен сизни топарман.
Майсани қучади ёмғири,
Зуҳрони ўпади Тоҳири.
Мен сизга етарман охири,
Бир куни мен сизни топарман.
Фалакда юлдузлар топишгай,
Юракда кундузлар топишгай.
Интизор бу кўзлар топишгай,
Бир куни мен сизни топарман.
Тайиндир бир куни бормоғим,
Қошингиз силайди бармоғим.
Ҳилолни куйдириб ҳар оҳим,
Бир куни мен сизни топарман.
✍️ Иқбол МИРЗО
ОДДИЙ АРИФМЕТИКА
Тахтага суркалиб уваланар бўр,
Ҳиcоб-китоб оддий, ечими содда.
Тўққизга бешни қўш – бўлади ўн тўрт,
Тўртини ёзамиз
ва бири ёдда.
Бир думалаб “олти” бўлади “тўққиз”,
Aғдарсанг “икки”га айланар “беш”инг.
Ўйланар биринчи партадаги қиз,
Унинг ўйламига кириш ташвишинг.
Бесўроқ йилларга қўшилди йиллар,
Aрмонлар кўпайди, йўлни қайирди.
Қайси кун иккига бўлинди диллар,
Қайси қонун сени мендан айирди?
Қайдасан, биринчи партадаги қиз?
Қарашлари тоза, самимий, содда.
Тенгдошлар, дафтарга ёзиқ исмингиз,
Фақат бири дилда,
биттаси ёдда...
✍️ Иқбол МИРЗО
1998
#истеъдод
Мухлис Бердиев 1990 йилнинг 18 ноябрь санасида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида таваллуд топган.
2001 йил Глиэр номидаги Республика ихтисослашган мусиқий академик лицей Анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олишни бошлаган.
2009 йил эса Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Мусиқий овоз режиссёрлиги" йўналишига ўқишга кирган.
📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi
#таржималардан_намуна
«Заметался пожар голубой...»
Заметался пожар голубой,
Позабылись родимые дали.
В первый раз я запел про любовь,
В первый раз отрекаюсь скандалить.
Был я весь — как запущенный сад,
Был на женщин и зелие падкий.
Разонравилось пить и плясать
И терять свою жизнь без оглядки.
Мне бы только смотреть на тебя,
Видеть глаз злато-карий омут,
И чтоб, прошлое не любя,
Ты уйти не смогла к другому.
Поступь нежная, легкий стан,
Если б знала ты сердцем упорным,
Как умеет любить хулиган,
Как умеет он быть покорным.
Я б навеки забыл кабаки
И стихи бы писать забросил,
Только б тонко касаться руки
И волос твоих цветом в осень.
Я б навеки пошел за тобой
Хоть в свои, хоть в чужие дали...
В первый раз я запел про любовь,
В первый раз отрекаюсь скандалить.
- - -
МОВИЙ ЁНҒИН
Мовий ёнғин борлиқни босди,
Кўздан қочди туғишган диёр.
Илк бор ишқдан куйладим, рости
Ва воз кечдим ишкалдан илк бор.
Бир боғ эдим қаровсиз, хароб,
Қучоғимда жонон — какра, ёт.
Бадга урди ўйин-у шароб
Ва гардкамга тикилган ҳаёт.
Бугун фақат сенга термулиб,
Чўмай қўнғир кўзга бахтиёр.
То ўтмишим сабаб юз буриб,
Бошқа ёрни этма ихтиёр.
Нозанинсан, нафис, сарвиноз,
Аммо ўжар қалбингдан ниҳон:
Қандай ёниб севар қиморбоз,
Қандай ювош тортар севган он!
Майхонага босмасдим қадам,
Шеъримдан ҳам ўгирардим юз.
Кошки қўлга чулғанса бир дам
Кокилларинг — заъфар, олтинтус.
Кетар эдим сенинг билан жим,
Икки дунё бир қадам, дилдор.
Илк бор ишқдан куйладим, рости
Ва ишкалдан воз кечдим илк бор.
✍️ Сергей ЕСЕНИН
♾ Иқбол МИРЗО таржимаси
📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi
БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИ
Баҳорнинг илк куни – биринчи мартда
Сени учратгандим биринчи марта...
(Тақвим) – календар не табиат учун,
Мендек қаландар не табиат учун?
Аммо бирдан битди қаҳратон қаҳри,
Тумандай тарқади изғирин заҳри.
Баҳорнинг элчиси бўлиб турардинг,
Нафис тароватга тўлиб турардинг.
Аммо атрофингда анов бировлар,
Ивирсиб юрарди кўнгли қировлар.
Ҳа-да, турқи совуқ, қиш бандалари,
Бор-ку ишқдан озод иш бандалари.
Гуллаётганимдан ҳайрон эдилар,
Ободлигим кўриб вайрон эдилар.
Аммо найлайинки, аслинг билмасдим,
Найлайинки, кўнгил фаслинг билмасдим.
Билмасдим, борлигим сездингми, баҳор,
Интизор, зорлигим сездингми, баҳор?
Аммо авайлайман шу ширин дардни,
Илк марта гул тутган биринчи мартни...
✍️ Иқбол МИРЗО