iqbol_mirzo_ijodi | Неотсортированное

Telegram-канал iqbol_mirzo_ijodi - Иқбол МИРЗО шеърлари

2347

Ҳурматли канал кузатувчилари! Бу ерда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗОнинг шеърлари, шоир ижодидаги янгиликлар, фото ва видео тасвирлар билан танишиш имкони мавжуд.

Подписаться на канал

Иқбол МИРЗО шеърлари

ОДДИЙ АРИФМЕТИКА

Тахтага суркалиб уваланар бўр,
Ҳиcоб-китоб оддий, ечими содда.
Тўққизга бешни қўш – бўлади ўн тўрт,
Тўртини ёзамиз
ва бири ёдда.

Бир думалаб “олти” бўлади “тўққиз”,
Aғдарсанг “икки”га айланар “беш”инг.
Ўйланар биринчи партадаги қиз,
Унинг ўйламига кириш ташвишинг.

Бесўроқ йилларга қўшилди йиллар,
Aрмонлар кўпайди, йўлни қайирди.
Қайси кун иккига бўлинди диллар,
Қайси қонун сени мендан айирди?

Қайдасан, биринчи партадаги қиз?
Қарашлари тоза, самимий, содда.
Тенгдошлар, дафтарга ёзиқ исмингиз,
Фақат бири дилда,
биттаси ёдда...

✍️ Иқбол МИРЗО

1998

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#истеъдод

Мухлис Бердиев 1990 йилнинг 18 ноябрь санасида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида таваллуд топган.

2001 йил Глиэр номидаги Республика ихтисослашган мусиқий академик лицей Анъанавий хонандалик йўналишида таҳсил олишни бошлаган.

2009 йил эса Ўзбекистон давлат консерваториясининг "Мусиқий овоз режиссёрлиги" йўналишига ўқишга кирган.

📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#таржималардан_намуна

«Заметался пожар голубой...»

Заметался пожар голубой,
Позабылись родимые дали.
В первый раз я запел про любовь,
В первый раз отрекаюсь скандалить.
Был я весь — как запущенный сад,
Был на женщин и зелие падкий.
Разонравилось пить и плясать
И терять свою жизнь без оглядки.
Мне бы только смотреть на тебя,
Видеть глаз злато-карий омут,
И чтоб, прошлое не любя,
Ты уйти не смогла к другому.
Поступь нежная, легкий стан,
Если б знала ты сердцем упорным,
Как умеет любить хулиган,
Как умеет он быть покорным.
Я б навеки забыл кабаки
И стихи бы писать забросил,
Только б тонко касаться руки
И волос твоих цветом в осень.
Я б навеки пошел за тобой
Хоть в свои, хоть в чужие дали...
В первый раз я запел про любовь,
В первый раз отрекаюсь скандалить.

- - -

МОВИЙ ЁНҒИН

Мовий ёнғин борлиқни босди,
Кўздан қочди туғишган диёр.
Илк бор ишқдан куйладим, рости
Ва воз кечдим ишкалдан илк бор.

Бир боғ эдим қаровсиз, хароб,
Қучоғимда жонон — какра, ёт.
Бадга урди ўйин-у шароб
Ва гардкамга тикилган ҳаёт.

Бугун фақат сенга термулиб,
Чўмай қўнғир кўзга бахтиёр.
То ўтмишим сабаб юз буриб,
Бошқа ёрни этма ихтиёр.

Нозанинсан, нафис, сарвиноз,
Аммо ўжар қалбингдан ниҳон:
Қандай ёниб севар қиморбоз,
Қандай ювош тортар севган он!

Майхонага босмасдим қадам,
Шеъримдан ҳам ўгирардим юз.
Кошки қўлга чулғанса бир дам
Кокилларинг — заъфар, олтинтус.

Кетар эдим сенинг билан жим,
Икки дунё бир қадам, дилдор.
Илк бор ишқдан куйладим, рости
Ва ишкалдан воз кечдим илк бор.

✍️ Сергей ЕСЕНИН
Иқбол МИРЗО таржимаси

📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИ

Баҳорнинг илк куни – биринчи мартда
Сени учратгандим биринчи марта...

(Тақвим) – календар не табиат учун,
Мендек қаландар не табиат учун?

Аммо бирдан битди қаҳратон қаҳри,
Тумандай тарқади изғирин заҳри.

Баҳорнинг элчиси бўлиб турардинг,
Нафис тароватга тўлиб турардинг.

Аммо атрофингда анов бировлар,
Ивирсиб юрарди кўнгли қировлар.

Ҳа-да, турқи совуқ, қиш бандалари,
Бор-ку ишқдан озод иш бандалари.

Гуллаётганимдан ҳайрон эдилар,
Ободлигим кўриб вайрон эдилар.

Аммо найлайинки, аслинг билмасдим,
Найлайинки, кўнгил фаслинг билмасдим.

Билмасдим, борлигим сездингми, баҳор,
Интизор, зорлигим сездингми, баҳор?

Аммо авайлайман шу ширин дардни,
Илк марта гул тутган биринчи мартни...

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ФАРҒОНАЧА

Муҳаммад Шарифга

Соҳибжамол соҳибдилим, мунча ситам айладилар,
Макр бирлан, қаҳр бирлан кўзимизни бойладилар.
Бизни суйиб – суймадилар, озод қўйиб – қўймадилар,
Дилимизни бармоғида олма каби ўйнадилар,
Куйиб-куйиб қолабердик кийикларнинг орасида,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.

Ёр-ей, дедик, бошимизни ёриб ўтди ёр қамчиси,
Оёғининг тирноғига томиб ўтди қон томчиси.
Қонимизга қониб ўтди турналарнинг арғамчиси,
Қизил гулдек ёниб кетди турналарнинг алдамчиси.
Табассумни халқа янглиғ тақиб қушнинг сарасига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.

Шаҳр отлиғ саҳроларда қўнғироқлар сасин кутдик,
Даҳр отлиғ дарёлардан мурувват кемасин кутдик,
Заҳр отлиғ ҳаволардан атиргуллар исин кутдик,
Сабоҳат элчисин кутдик, жароҳат эмчисин кутдик.
Бироқ етдик бошимизга, волидамиз ноласига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.

Хоқон эдик, қалқонимиз гўдакларга эрмак бўлди,
Султон эдик, давронимиз ўзимизга эртак бўлди.
Балокаш ёр лашкалари минг-минг бўлди, лак-лак бўлди,
Биз шамс каби ерга ботдик, ул ой эса юксак бўлди,
Омон юрсак бўлмасмиди давлатларин соясида,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига.

Биз оҳ урсак, ҳар ошиқдан кўра ошиқ оҳимиз бор,
Кўйлагининг шамолидан самоларда хокимиз бор.
Кўнглимиз йўқ, доғимиз бор, доғи йўқ дилхоҳимиз бор,
Гуноҳкормиз, кўнгил бердик, энди тан олмоғимиз бор,
Қалбимизни қайта берсин, ташласин остонасига,
Бунча жафо қилмасалар бегонанинг боласига!

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ЗУЛФИЯ

«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!»
Калтак ерди Абдулла,
Калтак еб ҳам қайтмасди.
– Ол-э, ўша Зулпини,
Керакмас! – деб айтмасди.

Ақлли қиз Зулфия,
Ҳаммасини билади:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида кулади,
Дарслар кирмас қулоққа,
Самоларда хаёлим:
Зулфиянинг қўллари
Ипакдайин мулойим...
Китобимнинг ичида
Жилмаяди суврати.
Мени яхши кўради,
Мени яхши кўради...

... Йиллар ўтди, Абдулла,
Ҳаёт биздан кулди-я.
Сену мендек йигитдан
Воз кечди-я Зулфия!
«Зулфияга қарама,
Нақ энангни кўрасан!
Мени яхши кўради,
Сўра, кимдан сўрасанг!..»

Ақлли қиз эди-ку,
Ҳаммасини биларди:
Менга кўзи тушганда
Мийиғида куларди.
Мен-ку, майли...
Сениям
Тоза аҳмоқ қилди-я.
Биз ҳарбийда юрганда
Тегиб кетди Зулфия...

Китобимнинг ичидан
Учиб тушар суврати,
Севмаганман мен уни,
Абдул яхши кўради!
Йиртаман деб сувратин,
Йиртолмайман ҳар куни,
Севмаганман мен уни!
Севмаганман мен уни!..

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ЭСИНГИЗДАМИ?

Сингилжоним, эсингиздами,
Манов ерда айвон бўларди.
Айвон олди гулпоя эди,
Гул ичида райҳон бўларди.

Боғ четида, беҳи шохида
Кўзни олар кетмон бўларди.
Тук боғлаган олтин беҳилар
Ҳар бири нақд ботмон бўларди.

Суянганди деворга тандир,
Бостирмада нарвон бўларди.
Шу шотидан кузатар эдик,
Турналар бир карвон бўларди.

Дадамиз бор эди ўша пайт,
Ҳа, шунақа замон бўларди.
Сингилжоним, эсингиздами,
Манов ерда осмон бўларди.

✍️ Иқбол МИРЗО

2019

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

* * *
Пана жойга беркиниб,
Паст овозда сўкиниб,
Машқ қиляпти мардликни.

Анвар ОБИДЖОН

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ОПА

Нималар қилмадим бегоналарга,
Ука бўлиб Сизга нима қилолдим?
Тақлид қилиб машҳур девоналарга
Бугун ўзимга ҳам ёт бўлиб қолдим.

Ҳамон кўз олдимдан ўтади бир-бир
Анорзор, теракзор... дадамнинг боғи...
Эгилиб, ҳассага таянган анжир...
Ўша дамлар ҳидин туяман гоҳи...

Оёғимни тилса бехос чўкиртак
Опош бўлсин, дея ўпган опамсиз.
Кўчада тўп тепиб юрсам мен тентак
Мен учун ҳам ерлар чопган опамсиз.

Шунчалар ҳам яхши бўларми одам?
Мерос қолмайдими бизга меҳрлар?
Чорбоғдан жилмайиб чиқади дадам
Ва сизга тутқазар олтин беҳилар!

Кимгаям айтардим сизга айтмасам,
Юрагим анордек ёргим келади.
Бу дунё дадамни соғинтирган дам
Сизнинг ёнингизга боргим келади.

Соғ-омон бўлсинлар аям, ишқилиб!
Юрсам ҳам, турсам ҳам дуо ўқийман.
Аямни пошшодай эҳтиёт қилиб,
Фақат хушхабарли гаплар тўқийман.

Опажон, кўзингиз жиқ тўла қайғу,
Жиянлар кўзида тоғага ҳавас.
Шеъримда дунёга бахт тилайман-у,
Сизни бахтли қилиш қўлимдан келмас...

Сизни меҳнат учун яратган Қаҳҳор
Мени саёқ қилиб яратмиш, нетай?
Уловим ҳамиша сафарга тайёр,
Кузатишга доим рафиқам ҳам шай...

Гоҳо Сурхондами, ё Самарқандда
Қадрдон чеҳралар учрар йўлимда.
Сиз каби синиққан, сиздайин содда,
Дағал бармоқларин тафти қўлимда.

Зийнатлари – ҳаё, энг ноёб безак,
Усту бошларига беролмаслар зеб.
Сизни эслайману айтаман, демак,
Буларнинг укаси шеър ёзади деб...

Ўзимнинг опам-а, жафокаш опам,
Билмайсиз ранжишни, хафа бўлишни.
Менга ўхшамасин ўғиллар ҳечам,
Қизим сиздан олсин опа бўлишни!

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

14 февраль — шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллуд топган кун.

“БОБУРНОМА” ИЛҲОМИ

Замон фарроши бўлсайдим, шу замонни супургайдим,
Димоғимга тутиб енгим, тўрт томонни супургайдим.

Супургайдим ҳаром луқма, ҳаром айшу тарабларни,
Супургайдим ҳам товоқни, ҳам қозонни супургайдим.

Ювардим кул билан ойни доғидан холи бўлгунча,
Исларини узиб, юлқиб – ки осмонни супургайдим.

Кўзёшимдан сепиб сувлар гузарларга, кўнгилларга,
Хиёнатни, ҳасад, ўчни ва гумонни супургайдим.

Супургайдим хурофотни, жаҳл, худбин раёсатни,
Ўрлатиб чангини кўкка оломонни супургайдим.

Кичик Мирзо бўлиб Иқбол улусга яхшилиқ айлаб,
“Ёмонлиқ бўлмағай бўлғай” ҳар ёмонни супургайдим.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🎖 УНВОН

Эринмасдан ёзасан секин,
Битта сен зўр, қолганлар ёмон.
Фан доктори бўлдингу, лекин
Инсонликка номзодсан ҳамон.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

«Қайтмоқдасан»

✍️ Иқбол МИРЗО
🎤 Толибжон Исроилов

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

КЎНГИЛЛИЛАР

Думалоқ ер пуфаги узра
Ҳаво зарраларидек енгил
Яшар милярд одам ҳузурда,
Юраги бор, лекин йўқ кўнгил.

Майли, ўйнаб кулишсин улар,
Бундан баттар бахтли бўлишсин.
Бир-бирига тутаркан гуллар,
Гул азобин қайдан билишсин?

Юраклари тепади соғлом,
Кўнгил учун чекмас ташвишлар.
Улар учун на кундуз, на шом
Рўй бермайди кўнгилсиз ишлар .

Бизга аён оғриқ лаззати,
Ошно бизга оғу изтироб.
Қандай тотли ҳижрон шарбати!
Қандай ширин бу аччиқ азоб!

Тошбақанинг косасидан паст –
Кўк остида андуҳга тўлиб,
Бир ҳаводан оларак нафас,
Яшаяпмиз
кўнгилли бўлиб...

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ГАП

Гап эшитиб улусдан, ажаб,
Англаб етдим, қаерда маъни.
Энг ёмон гап – ерда қолган гап,
Энг яхшиси – айтилмагани.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ЎЗИНГИЗНИ ЭҲТИЁТ ҚИЛИНГ

Қараганга қараманг, хоним,
Кўзингизни эҳтиёт қилинг.
Балки энди бўлмас имконим,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Оч нигоҳдан ва паст назардан,
Шарманда тор қилган шаҳардан,
Узук кўзидаги заҳардан
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Бегонадир сизга ҳасратим,
Девонадир кўнгил ҳазратим.
Сизни мен ўзимдан асрадим,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Сиздан бошқа кимим бор бугун?
Дилим ҳуфтон, юрак-бағрим хун.
Бир илтимос, битта мен учун
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Юрагимга эгизак қизни
Ўйлаб, адо бўлдим… ҳа, сизни…
Ўзи мени танияпсизми?
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Сизни-ку бир тараф қўйганман,
Гуллар билан ўраб қўйганман.
Худодан ҳам сўраб қўйганман,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

Санасангиз ҳамки етти ёт,
Эҳтиёт шарт қилдим эҳтиёт.
Жон сақладим сизни этиб ёд,
Ўзингизни эҳтиёт қилинг.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 «Йўл қурсин»

🎤 Мухлис Бердиев
✍️ Иқбол МИРЗО

📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 «Фарғонача»

🎤 Баҳодир Мамажонов
✍️ Иқбол МИРЗО

📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🎧 БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИ

✍️ Иқбол Мирзо
🎙 Гулруҳ Яхшибоевна

📱 @Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

КЎҲНА ҲАҚИҚАТ

“Зўрдан зўр чиқади!”, ҳайқирди кимдир,
“Зўрдан зўр чиқади!”, деди ҳавойи.
“Ҳақ гап!” тиззасига муштлади Темур,
“Маъқул!”, деб жилмайиб қўйди Навоий...

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ИСТАЙСИЗМИ-ЙЎҚМИ

Истайсизми-йўқми, гардун айлана,
Истайсизми-йўқми, қайтиб келаман.
Соғинмаган кўзингиздан айланай,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Ой ботади – юлдузларнинг ҳабиби,
Тонг отади, таънаси йўқ самимий.
Табиатнинг қонунидек табиий –
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Қучоғига яширмайди хиёбон,
Ўртамизда удум отлиғ биёбон.
Сизга нима, куйсам ўзим куяман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

Чақмоқ калит бўлди қулфи дилимга,
Тегмаган бир қизнинг зулфи дилимга.
Сиздан ўзга хон йўқ мулки дилимга,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман

Бошингизда япроқ бўлиб айтаман,
Пойингизда тупроқ бўлиб айтаман.
Тупроқдаям муштоқ бўлиб айтаман,
Истайсизми-йўқми, сизни севаман.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🔊 Эл суйган хонанда Хуршид Расулов ижросидаги янги таронадан баҳраманд бўлишингиз мумкин.

СИЗ ҲАМ ЮРИБСИЗ-ДА...

Сиз ҳам юрибсиз-да, яшаб жаҳонда,
Икки хаёлингиз битта ҳамёнда.
Бировнинг пулини чамалаб санаб,
Куйиб ҳасад деган қора қозонда.

Сиз ҳам юрибсиз-да гоҳ соғ, гоҳ майиб,
Камбағал дуч келса мағрур, кеккайиб.
Бойвачча олдида эшилиб ипдай,
Амалдор йўталса, дарров энкайиб.

Сиз ҳам юрибсиз-да, ошингиз ошаб,
Дастурхон ёнига чопонни тўшаб.
Кимдир яшаш учун ейди бурда нон,
Сиз-чи, ейиш учун юрибсиз яшаб.

Сиз ҳам юрибсиз-да ҳақиқат излаб,
Кўзингиз етмаган жойларни кўзлаб.
Худодан қўрқмасдан, хотиндан чўчиб,
Худони сенсираб, хотинни сизлаб.

✍️ Иқбол МИРЗО

🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ҒИЙБАТЧИЛАР, ҲОРМАНГЛАР!

Салом беринг ва лекин
Яқинига борманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар, ҳорманглар!

Эркаксифат хотинлар,
Хотинсифат эркаклар.
Хабари йўқ ўзидан,
Кўринганни эрмаклар.

Тўқийверинг гап-тўрлар,
Ўзингиздан ортманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар, ҳорманглар!

Писмиқлар, мулойимлар,
Ай, сиз иркит жўжалар,
Ай, бекорчиойимлар,
Ай, бекорчихўжалар!

Менга қолса барини
Бирма-бир босар эдим.
Каттароқ бир асбобга
Тилидан осар эдим.

Замон кўтармас лекин
Майли, яқин борманглар.
Ассалому алайкум,
Ғийбатчилар, ҳорманглар!

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

РИГА. МИРЗО УЛУҒБЕК ҲАЙКАЛИ

Шаҳар сокин. Сабаб – ёш-яланг камроқ.
Xайрихоҳ қўл силкир вазмин кексалар.
Паришон чолларга ўтмиши ҳамроҳ,
Таскин – хиёбонни бирга кезсалар…

Шундоқ Тошқасрнинг сўл томонида,
Швед дарвозадан қуйида, ўнгда –
Замин юлдузларин чорлаб ёнига
Темур набираси қуёшдай қўнган…

Адашган йўлчилар бошлари эгик…
Фақирлар ғамини еган султоним!
Ажал шамширига қараб туриб тик
Нажот юлдузларда, деган султоним!

Рига қаёқдаю Самарқанд қайда?
Меҳроб бошқа-бошқа, тил ҳам бегона.
Аммо қон бир хилдир исталган жойда,
Кўзёшининг ранги, таъми ягона.

Ҳар қитъада бордир яхши ва ёмон,
Кўкда ёритқичлар ҳамон йўл излар.
Ҳайвони нотиқа – зулумот томон,
Улуғбек тарафда ёниқ юлдузлар.

Эй кекса Оврўпа! Оқсоқол, оқсоч!
Тақдиримиз битта, яхлит тинчимиз.
Ёрлиғин қабул эт ва қучоғинг оч –
Ригада турибди буюк элчимиз!

✍️ Иқбол МИРЗО
Рига, 2017 йил 17 май

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БУЛОҚ

Булоқ кўзёшининг асл асоси
Анов чўққиларда, туманли тоғда.
Менинг ғуссаларим манбаи, рости,
Ўсмирлик ёшимда, жуда йироқда.

Булоқ кўзёшидан тиниқиб ичиб,
Чанқоғи босилиб, йўлчи миннатдор.
Шеърларимни ўқиб, ёришиб ичи
Яна севиб қопти, дегувчи ҳам бор.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

МЕЪЁР

Ёмғир меъёридан ошмасин, илло
Ёғин айланмасин жалага, селга.
Оби ҳаёт бошга бўлмасин бало,
Оби раҳмат кулфат сочмасин элга.

Илоҳим, ҳаддидан ошмасин шамол,
Эпкин айланмасин довул бўронга,
Буғдойпояларим топмасин завол,
Заҳматлар етмасин деҳқон, чўпонга.

Ўчоққа мос бўлсин ўтин ва қалов,
Турмушга зарурат гулхан эрта-кеч,
Лекин ўчоғидан тошмасин олов,
Еру кўкни тутун қопламасин ҳеч!

Меъёрида ширин нозу неъмат ҳам,
Эви билан бўлсин эркалик, шўхлик.
Ҳеч қачон ҳаддидан ошмасин одам,
Бугун шунга боғлиқ борлик ё йўқлик.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

СОВҒА

Битирувчи синф эдик, ҳамма сархуш,
Кундуз куни тик оёқда кўрардик туш.

Мен Қорбобо бўлганда у Қорқиз эди,
Севар эдим, у ҳам менга ёр қиз эди.

Чирмашарди оғзимиздан чиққан ҳовур,
Қорлар сочиб бошимиздан тонгга довур...

Дунёдаги энг чиройли Қорқиз эди,
Совуқданми ёноқлари қирмиз эди.

Елкамга бош қўйганича зўрға дерди:
“Қорбобожон, сиз энг яхши совға”, дерди.

Хумор кўзли, қора сочли Қорқиз эди,
У маҳалда қора турмуш олис эди.

Тушимга кир, илтимос, деб сўрар эдим,
Кундуз ўнгда, тунда тушда кўрар эдим.

Кулса, жаранг сочилгувчи Қорқиз эди,
Қаҳратонда очилгувчи наргис эди.

Мана, энди қорлар сочиб юролмайман,
Тушимга ҳам кирмай кетди, кўролмайман.

Жон-жонимни иситгувчи Қорқиз эди,
Бу сафар шеър тўқимадим: бор қиз эди.

Сочдаги оқ – ўша ишқнинг ғовғалари,
Мана, сизга Қорбобонинг совғалари!

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

НАВОИЙ

Навоий бу — кўламга кўра
Адоқсиз ва бениҳоядир.
Навоий бу — миллий мафкура,
Навоий бу — миллий ғоядир.

Аҳли аёл тутмабдир Ҳазрат,
Эл лол: «Қандай ҳаёт бўлади?»
Навоийни англаган миллат
Навоийга авлод бўлади.

✍️ Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🎼 Чарчамадингиз

🎤 Раҳматилло Юсупов
✍🏻 Иқбол Мирзо

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

🎼 Ўзингизни эҳтиёт қилинг

🎤 Хуршид Расулов
✍🏻 Иқбол Мирзо

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

«Чорласанг»

📝 Иқбол Мирзо
🎙 Меҳригиё Дўсанова

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал