ДАДА
Саволлар ёғдирар ўғлим дамодам,
Олти ёшга тўлиб-тўлмаган ўзи:
— Қандай одам бўлган ҳаётда бобом?
Сизнинг кўзингиздек эдими кўзи?
— Биз «дада» деганда жонсарак эдик,
Ўзи имламаса, боролмаганман.
Кўзи эсимда йўқ. Чунки, бош эгик,
Кўзларига ҳечам қаролмаганман.
✍️ Иқбол МИРЗО
2019
Ushbu kanalga a’zo boʻlib, Nodir Jonuzoq she’rlari va shoirning boshqa bitiklarini oʻqib borishingiz mumkin.
Fikrlar uchun: @nodirxatlar_bot
/channel/n_jonuzoq
ЁЛҒИЗ
Милён йилда мени яратди ҳаёт,
Мени сўраб, тоғлар қатор чўкди тиз.
Наҳот англамайсан, билмайсан наҳот,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Буғланиб, қайтадан тўкилади сув,
Қуёшдан ишорат – кўз ёрар илдиз.
Мен, ахир уларга ўхшамайман-ку,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Ҳар элат ўзича атар шамолни,
Мингта исм билан яшайди юлдуз.
Сен қайдан топасан бошқа Иқболни,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Нафасим – ғанимат, сўзим – ғанимат,
Фожиа – пойимдан узилган ҳар из.
Менинг нигоҳларим энг эзгу неъмат,
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз.
Яратганга бориб айтаман сени!
Ўзи ҳукм этсин одил ва холис.
Мен қайтиб келмайман, тушуняпсанми?
Ахир мен биттаман, ягона, ёлғиз...
✍️ Иқбол МИРЗО
МАҚТАЧИЛАР
Пахта териб, “пахта қўя” мақтайдилар,
Кўзларингнинг ёғин ея мақтайдилар.
Мақтаманглар мени, бўлди, деса бошлиқ,
Ана камтар, қойил, дея мақтайдилар.
✍️ Иқбол МИРЗО
БИРИНЧИ СЕВГИ
Тўрт фасл баҳор эди,
Тўрт тараф гулзор эди.
Сен бор эдинг, тилимда
Бир қўшиғим бор эди:
«Гулижоннинг кўзидан
Оҳулар уялади.
Кипригини кўтарса,
Осмонлар суянади.
Гулижоннинг бўйига
Оламнинг гули етмас.
Уни олиб бергали
Отамнинг пули етмас...»
Сени мендан айирди
Кўзлари кир аёллар,
Мени мендан айирди
Илдизи йўқ шамоллар.
Кетди ёшлик, кетдинг сен,
Дил йиғлар, дил куйинар.
Дилда кексайган қуёш
Ўз нурига суянар.
Менга, қаламқошлигим,
Қаламми керак эди?
Тобутим тўлдиргали
Аламми керак эди?
Юраккинам лим тўлди,
Кўзёшларим сим бўлди.
Сен ойларга айландинг,
Гулижон, мен ким бўлдим?
Тўрт фасл баҳор эди,
Тўрт тараф гулзор эди.
Мен бой эдим, дилимда
Бир қўшиғим бор эди.
© Иқбол Мирзо
/channel/Iqbol_Mirzo_ijodi
ЭЙ ДЎСТ
Ортимдан тош отмагин, эй дўст,
Гуноҳларга ботмагин, эй дўст.
Қадри баланд қадрдонимсан,
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
Наҳот ўтда куйди диёнат,
Наҳот дўстинг бўлди ҳиёнат.
Қиёматлик дўстим, қиёмат!
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
Жисми жоним тортиб озорга,
Нега солдинг мени бозорга.
Тириклайин элтинг мозорга,
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
Эркак бўлиб, ўтгай мард киши,
Дўст шаънини асраш ташвиши.
Бундай савдо пастларнинг иши,
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
Ортингдан тош отган йўқ эдим,
Ким тош отса унга ўқ эдим.
Сен борсан деб кўнгли тўқ эдим.
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
Бугун сенга шайтонлар жўра,
Тенгинг топдинг кўнглингга кўра.
Аввал мендан нархимни сўра,
Мени арзон сотмагин, эй дўст!
✍️ Иқбол МИРЗО
БОТИРЛАР
Юртни мардлар қўриб келаётирлар,
Ватан деса, жони нисор ботирлар.
Баланд-пастни кўриб келаётирлар,
Бургутми ё лочинми, сор ботирлар.
Алпомишга Барчиндек ёр муносиб,
Сизни ўйлаб, қиз юраги потирлар.
Исмингизни юрар тумордек осиб,
Унутмангиз буни зинҳор, ботирлар.
Ботирлар-ов, элнинг сара аскари,
Сиз уйғоқ, эл осойишта ётурлар.
Тангри, ёвнинг юзин қилгин тескари,
Ёв дегани туллак, маккор, ботирлар.
Катта бобом қалам йўнган қиличда,
Найза билан қўшиқ ёзган шоирлар.
Бировга қўл узатмаган илинжда,
Кўмакка қўл берган такрор ботирлар.
Ботирларим толқонни тоғ демаслар,
Тоғни толқон қилишга ҳам қодирлар.
Саболарнинг йўлин тўсган эмаслар,
Бўронларга метин девор ботирлар.
Ўралмаса гулзор пайҳон бўлмасми,
Ўз боғини пулламасми шотирлар?
Кўздан қочирмайлик номард, нокасни,
Улар иблис билан ҳамкор, ботирлар!
Сиз оламдан ҳамиша огоҳ бўлинг!
Кимлар фурсат пойлаб писиб ётурлар.
Эл бахтига омон бўлинг, соғ бўлинг!
Ёнингизда Иқбол ҳам бор, ботирлар!
✍️ Иқбол МИРЗО
ШОГИРД
Устозга гул тутган баъзи нокаслар
Мушт кўтариб келар шогирд қасдига.
Устозга тишлари ўтмаган пастлар
Шогирдга ташланар хуморбосдига.
Яшаш чидаганга чиққан, жон жўра,
Кимнинг мушти, кимнинг юраги қадоқ.
Ҳаёт мактабида устоздан кўра
Ғанимлари кўпроқ бераркан сабоқ.
✍️ Иқбол МИРЗО
📹 Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо "Ухламайсизми?" кўрсатувининг меҳмони бўлди
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
ЯХШИЛИК
Яхшилик қил, қайрилма,
Ортга ташлаб кетавер.
Янги мижозлар томон
Йўлни бошлаб кетавер.
Мабодо яхшиликка
Яхшилик қайтиб қолса,
Тасодиф деб билгину,
Яна яшаб кетавер.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚУТЛОВ
Шампани шаробдек тошади илҳом,
Қўлларда бодалар, қутлайман сизни.
Ошналар, улфатлар, соғинчли салом!
Оналар, оталар, қутлайман сизни.
Осонми бебошлар қавмин бошқариш?
Бошлиқлар қисмати шундан ёш қариш.
Илоҳим, тушмасин бошга бошқа иш,
Каттазанг катталар, қутлайман сизни.
Томири ажриқдай чатишиб кетган,
Қўша каллалари кўкларга етган,
Ёқангдан олмаса ёқасин тутган
Уюшган қудалар, қутлайман сизни.
Ошингга ўртоғу бошингга тўқмоқ,
Номингга ўртоқ у, номига ўртоқ.
Мингга қўяр бошга кулфат тушган чоғ,
Думлари ходалар, қутлайман сизни.
Ажал элчилари - хонасаллотлар
Виждон ва иймондан тугал озодлар,
Гўдакларга заҳар тутган жаллодлар,
Дўзахи тўдалар, қутлайман сизни.
Янги Йил, амал бер амалпарастга,
Шифо бер амалдорпараст - маразга,
Шулар олар доим қисти-қафасга,
Муғамбир-соддалар, қутлайман сизни.
«Мушкулкушод» қилиб, мийнолар қўйган,
Ҳайитлар ўтганда хинолар қўйган,
Ҳавойи байтига бинолар қўйган
Бинойизодалар, қутлайман сизни.
Юзми бу дейсанда, юзми ё ойми,
Қошми бу дейсанда, қошми ё ёйми.
Кўнгилми, дейсан, бу карвонсаройми?
Дилбоз дилшодалар, қутлайман сизни.
Йил сўнги, йил боши - армон ва орзу,
Отлиқ ҳам, яёв ҳам тутгай тарози.
Аллоҳ рози бўлсин, сиз бўлинг рози,
Пою пиёдалар, қутлайман сизни.
Софдил ўзбегимнинг тилаклари оқ,
Инсофга келсин дер анов урушқоқ.
Уйларда, ўйларда ўчмасин чироқ!
Кўнгли озодалар, қутлайман сизни.
Занг урса, тўкилсин кўнгиллар занги,
Эски дардин тўкиб юрагим янги,
Йил келар, йил кетар, фақат халқ мангу!
Умри зиёдалар, қутлайман Сизни!
✍️ Иқбол МИРЗО
ЯНГИ ЙИЛ
Қор заррасин тутиб қололмас нигоҳ,
Гоҳ зарра нигоҳдан бағрим тилинди.
Қор ёғсин – ёпилсин изларинг, гуноҳ.
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
Қорми – кул остида милтирайди чўғ,
Кетганлар жон узиб кетмаганлар, йўқ!
Сенга етганлар бор, етмаганлар йўқ,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
Деҳқоннинг уйини тўлдир буғдойга,
Сабр бер мискинга, инсоф бер бойга.
Тинчлик, кўнглитўқлик шоҳу гадойга,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
Қирқ йилда бир йигит келар оламга,
Йигит юрагимни кўмма аламга.
Яна қирқ йил хизмат қилай онамга,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
Арчажон, юмшатгил игналарингни,
Кел, ташла, аразу гиналарингни.
Кўкка чиқай босиб зиналарингни,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
Кўк тоқига ҳилолчироқ илинди,
Ёруғ ғуссаларга ошно дил энди.
Киприклар ҳам оппоқ атиргул энди,
Янги йил, яхши йил бўлиб кел энди.
✍️ Иқбол МИРЗО
УСТОЗ ЭРКИН ВОҲИД САБОҚЛАРИ
Бир киши берди савол Дўрмонда юрган чоғлар:
“Не учун булбул кўринмас, майна кўп, ўртоқлар?”
Эркин устоз кулги бирла унга айди: “Эй жўра,
Сен бунинг боисини, бор, майнавозлардан сўра!”
✍️ Иқбол МИРЗО
2017
ҚАНДАЙ ЗЎР УСТОЗИМ БОР ЭДИ
Қандай зўр устозим бор эди, дўстлар,
Кибру ҳаво, ғийбат бегона эди.
Дурга айланарди у тутган сўзлар,
Эркин Воҳид эди – ягона эди.
Саломлар йўлларди турли давралар,
Эртага устозга айтаман, дердим.
Бир кун имкон бўлса, ишдан кетиб, шарт
Ёнига бутунлай қайтаман дердим.
Сиз кўрганмидингиз у зотни, дўстлар,
Сиз ҳам китобларин излармидингиз?
Синчков кўзларига тушганда кўзлар
Ҳазрат Навоийни эслармидингиз?
Ғўрман-да, ўтаман ғўралигимча,
Эл меҳрин устозга сўйламабман ҳам.
Тасаввур қилмабман кадарни ҳечам,
Бир кун кетади деб ўйламабман ҳам.
Улуғ шоирларнинг андуҳи буюк,
Сурури ҳам сиғмас Баҳри Муҳитга.
Eтти ёт оролда кумушсоч бир турк
Саломлар йўллади Эркин Воҳидга.
Азада тўкмаган ёш қалқди, дўстлар,
Дил сўзларни тезроқ айтгим келяпти.
Эртароқ тугаса қани бу сафар...
Устозим ёнига қайтгим келяпти...
✍️ Иқбол МИРЗО
КУАЛА-ЛУМПУР. ХИТОЙ БОЗОРИ
Одам қумурсқадай ўйнайди ғужғон,
Фойда учун маймун илонни қучган.
Биров ният қилиб панд ейди бунда,
Биров ҳормай эчки қасамлар ичган.
Бир марталик буюм бозоридир бу,
Бир пул саналади одамий туйғу.
Тайёр бир марталик сохта илтифот,
Тайёр бир марталик қалбаки кулгу.
Бир марта кийишда кўйлак сузилар,
Биринчи куниёқ шиппак узилар.
Бир тақишда таққа тўхтайди соат,
Бир бурашда ирғиб қулф ҳам бузилар.
Аммо талаб борки, бунда таклиф бор,
Кепак баҳосига харидор хуштор.
Совға олиши шарт шўрлик сайёҳлар,
Қариндош-уруғ кўп, кутар дўсту ёр.
Бўғоз ёлғон қўша туғар ёлғонни,
Шайтон ўша-ўша, туғар ёлғонни.
Навбат-навбат туриб алданган одам
Навбат-навбат билан алдар инсонни...
Бозорга ур, токи молинг бор, шерик,
Савдога кир, то мажолинг бор, шерик.
Бир марталик арзон молинг кўп ахир,
Ўзи бир марталик ҳолинг бор, шерик.
Бозор, кўзим тушди ёғли юзингга,
Кўзимга қарама, қара кўзингга!
Бир марталик севгинг бошингдан қолсин,
Бир марталик дунёнг сийлов ўзингга!
✍️ Иқбол МИРЗО
08.05.2018 йил
ВАТАН БОҒИ
Гулга кириб, гуркиради Ватан боғи,
Сиз ниҳолсиз: майли, тол ё терак бўлинг.
Униб-ўсиб, бир кун элга керак чоғи
Қучоғига киринг – маҳкам тиргак бўлинг!
Бир боғки бу – авжи баланд, шовуллар кўп,
Ҳар меваси чўғдай ёниб, ловуллар кўп.
Зийнатига кўз олайтган довуллар кўп,
Шохларини синдирмасин – сергак бўлинг!
Юрт боғига пайванд бўлса ҳар ўйингиз,
Кўкка ўрлаб, осмон бўлар тик бўйингиз.
Оғушида ўтгай, бешак, бахт тўйингиз –
Гулдай аёл, чинор келбат эркак бўлинг!
Чарх айланар...
Умр кечса бегарду пок,
Ватан боғи чечак тутгай қучоқ-қучоқ.
Сочингизга кўнглингиздан кўчганда оқ,
Набиралар учун сирли эртак бўлинг!
Бир кун ҳижрон боққа йўлак солганда ҳам,
Юз йил яшаб юрагингиз толганда ҳам,
Дунё сизга керак бўлмай қолганда ҳам,
Сиз шу элга, шу Ватанга керак бўлинг!!
Нодир ЖОНУЗОҚ
Таниқли шоир Нодир Жонузоқ ижод намуналарини қуйидаги саҳифа орқали кузатиб боришингиз мумкин:
👉 /channel/n_jonuzoq
ЗИЛЗИЛА
Яна Ер сесканди.. яна бир қалқди,
Ҳиндикуш тарафда офат ўчоғи.
Кўзин очгайми деб бу дунё аҳли
Боболарим руҳи безовта, чоғи..
Эгар болиш бўлган марди майдонлар
Бугунги жангларни кузатар ҳанг-манг.
Дараларга вулқон солар афғонлар,
Ахир бу урушмас, фитна-ю найранг!
Ҳозиқ табибларнинг бошлари эгик,
Луқмонлар ҳайратда замонга қараб:
“Биз гиёҳдан малҳам кашф этган эдик,
Булар заҳри қотил тайёрлар, ё Раб!”
Иймон қалқонлари – муҳаддисларим
Жойнамоз устида тавфиқ сўрайди.
Бобуршоҳ суғуриб қиличин ярим,
Кафтини соябон қилиб қарайди..
Мавлоно Лутфийга боқар Алишер,
Заминдан кўз олмас маликул калом.
Нечун титрамасин ахир она Ер,
Яъжуж-маъжужларга сиғинар авом..
Шариф мозорларда қарқираган қон
Замин жавҳарига етдимикин ё?
Бир буюк ларзадан яралган жаҳон
Бир буюк ларзадан бўлгайми адо?
Дунёни уйғотган боболар уйғоқ,
Оламни қутқарар буюк силсила.
Эй Одам, оҳиста қўй ерга оёқ,
Ҳали тўхтаган йўқ сўнгги зилзила..
✍️ Иқбол МИРЗО
ЎЗИНГДАН ОЛДИНДА ЮР
Жамла, йиғвол ўзингни,
Ўзингни мустаҳкам қур!
Бериб қўйма тизгинни,
Ўзингдан олдинда юр!
Давр чопсин изингдан,
Чўғ сачрасин сўзингдан.
Ортда қолма ўзингдан,
Ўзингдан олдинда юр!
Ўв, бола, демасинлар,
Тез бўл-а, демасинлар,
Э, ўл-а, демасинлар,
Ўзингдан олдинда юр!
Қадамларни санама,
Он, дамларни санама,
Одамларни санама,
Ўзингдан олдинда юр!
Ҳақ йўлин тутай десанг,
Одамдай ўтай десанг,
Бобонгга етай десанг,
Ўзингдан олдинда юр!
✍️ Иқбол МИРЗО
МАРДИКОРЛАР
Ҳаёт қалбга қарши, виждонга қарши,
Ҳаёт – жигарни хом чайнаган қаттол.
Мунофиққа яхши, қаллобга яхши,
Кўйлагига сиғмас аблаҳ ва баттол.
Менинг мўмин отам, дарди бедаво,
Овора ҳашагу пояси билан.
Худодан қўрқади, иши йўқ аммо
Худонинг ердаги сояси билан.
Кунини ишониб қўйган Эгамга,
Эртагаям Ўзи пошшо, билади.
Баъзида юраги тўлиб аламга
Мардикор ўғлини дуо қилади.
Мардикорлар!
Менинг акам, дўстларим!
Сўник кўзларида яланғоч нафрат.
Биламан, ёқмайди сизга сўзларим,
Лекин нима қилай?
Ичим тўла дард.
Мардикорлар!
Хўрлик, хорлик - насиба,
Ҳақорат домида тутқун беҳуқуқ.
Тизгин доим сурбет, пастнинг дастида,
Адолат ғар бўлса, ҳақиқат ¬– дудуқ.
Боён ўз халқига бермас бир тукин,
Мараз қўлга кирган нарсани юлган.
Тарих гувоҳ:
давлат ва миллат юкин
Йўқсил мардикорлар кўтариб келган.
Оқпошшони сўкиб, қарағай кесган,
Қарғалар учса ҳам энтиккан увол,
Кир қорда ҳандалак бўйларин сезган
Киприги яхлаган мардикор - тимсол!
Йигирма биринчи мудҳиш асрда
Онасин, боласин, хотинин қўмсаб,
Яратган қарғаган ит топмас ерда
Сургунда яшаркан маҳбусга ўхшаб,
Қайғурманг!
Ҳаммамиз ягона инсон,
Ҳаммамиз ҳам ҳаёт эзган мардикор.
Кимсасиз гадодек ютманг қора қон,
Қон қусган шоирнинг умидлари бор!
Сиздан ўзгасининг топгани макруҳ,
Егани ҳаромдир, ичгани ҳаром.
Бошни мағрур тутинг,
баланд бўлсин руҳ,
Сизга ярашади Инсон деган ном!
Ҳаёт қалбга қарши, иймонга қарши,
Ҳаёт – жигарни хом чайнаган қаттол.
Муханнасга яхши, жаллобга яхши,
Кўйлагига сиғмас аблаҳ ва баттол.
Сизнимас, ўзимни юпатмоқчиман,
Мен ҳам душманиман манфур ҳаётнинг.
Назм биносида бир сувоқчиман,
Мен ҳам мардикори адабиётнинг!
Чорраҳада кутиб харидорини,
Атрофга хижолат назарин ташлаб,
Миршаблардан чўчиб, ютиб зорини
Ёнимда ўтирар Навоий, Машраб...
✍️ Иқбол МИРЗО
ЭНАХОН ОПАМ ВАФОТИГА
Худо берган опамизни бериб қўйдик...
Унча-мунча чалалардан мардроқ эди.
Бўйин букиб туришибди дирдов қўйдек,
Атиргулдай юрагини шулар еди.
Офтобнинг бир парчасин муз ерга қўйдик,
Худо берди кимларгадир, худо берди...
✍️ Иқбол МИРЗО
14.01.23
МУНОСИБ
Гулгун гулчеҳраларга гулзор муносиб,
Наргис қатори сенга, эй ёр, муносиб.
Гулни гулга қўшсанг гулдаста бўлгай,
Диловар йигитларга дилдор муносиб.
Қоятошга қад кериб сор қўнса, ҳай-ҳай,
Арчанинг кўк тўнига қор қўнса, ҳай-ҳай,
Кулбамизга бир ишқи бор қўнса, ҳай-ҳай,
Бизнинг даврага авжи баҳор муносиб.
Қирмиз гулбаргга мовий шабнам ярашгай,
Гулоб базмига латиф ҳамдам ярашгай,
Тўнкарилган косага шам ҳам ярашгай,
Дўсту ёрларга олқиш, алёр муносиб.
Узмай шароб тутиб турсанг инсонга
Беш кунлик бу ҳаёт тегарми жонга?
Ҳасадга, туҳматга, дардга, ҳижронга
“Йўқ!” “Асло!” “Ҳеч қачон!” “Зинҳор!” муносиб.
Қўлда мудом кўза ё қадаҳ бўлса,
Майи ноб қалқиниб ёқа доғ бўлса,
Бармоқлар шилинса ё қадоқ бўлса,
Малҳамга кўзлари хумор муносиб.
Дилдош улфатларим, садақа кетай,
Умр тугамасдан тугамасин май.
Бир алёр тўқидим сиз учун атай,
Шеърим ёқса, қадаҳ такрор муносиб!
✍️ Иқбол МИРЗО
БИР ПАЙТЛАР...
Тизза бўйи ёғар эди қор,
Уч-тўрт марта томни курардик.
Гуллар чизиб музларди анҳор,
Терлаб-пишиб чана сурардик.
Жиддий эди табиат — ота,
Тўғри, феъли бироз тор эди.
Улов камёб, кўплар пиёда,
Кўпчиликда виждон бор эди.
Кечикмасдан келарди баҳор,
Ўз вақтида гуллаб бодомлар.
Шафақларга берарди оҳор
Истараси иссиқ одамлар.
О, бор эди руҳимда жило,
Қулоғимда ҳамон кулгиси.
Эслаб қўйсам рангланар дунё,
Исмин айтсам, келар гул иси.
Бошин тўлғаб, кўк — мовий шамол,
Ўш пиримга бориб қайтарди.
Ғунча қучган капалак беҳол
Мангуликка қўшиқ айтарди.
Илиққина ёз ёмғирлари
Узиб-узиб қуйилар эди.
Инсоннинг бор эди сирлари,
Ҳаёт сирли туюлар эди.
Кеча... Кўнгил соғ эди кеча.
Кеча ойдин эди ўй-дардим.
Кеча осмон сувини ича
Энди ўлмайман деб ўйлардим.
Совидими Тангри бизлардан,
Ахир саноғида бор эдик!
Нечук мадор кетди тиззадан?
Қаримасдан туриб ҳоридик...
Асли мендан кетди оқибат,
Оқибат мен кетдим ўзимдан.
Мана, бугун соҳиби санъат
Гулпардани олди кўзимдан.
Бугун юрак бошин босган қор
Бугун хаёлларим фаромуш.
Бугун табиатим беқарор,
Бугун қалбим, руҳим аро қиш.
Бугун ҳасса билан қўзғаб чўғ,
Ўз қўйнимга қўл соляпман мен.
Давр-павр билан ишим йўқ,
Ёшлигимни қўмсаяпман мен.
✍️ Иқбол МИРЗО
8 январь – Ўзбекистон халқ шоири, устоз Анвар Обиджон туғилган кун.
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
ЖОНИМ ОТАШДА ТУН-КУН
Жоним оташда тун-кун,
Юраккинам тўлмайди.
Бу қизни севиш мумкин,
Лек уйланиб бўлмайди.
Ойга боқмас, айтинг, ким?
Унга хуштор кўп бола.
“Сен ҳам суйдингми?” “Суйдим...”
“Кўппалами?” “Кўппала!”
Қайда?! Ёлғон ҳаммаси!
Биз келдик, қани, пўшт-пўшт!
У қиз қизларнинг асли,
Фақатгина... кўнгли бўш.
Юраги бормикин деб,
Қўйнига қўл солганман.
Битта шапалоқни еб,
Битта ўпич олганман.
Айланиб кетган олам,
Чирпираган Кўкдала.
“Яшкўраман жудаям...”
“Кўппалами?” “Кўппала!”
Чиройли-да... Дил... Ана,
Ой тўлиб келаётир.
Юрагимда жимгина
Ўрмалайди хавотир.
Ой нур тўкаркан сим-сим,
Бир шарпани кўрганман.
Ойқизни... қўлим синсин...
Бир шапалоқ урганман.
Юзин ушлаб боқди жим,
Кўзидан қуйди жала.
“Қизғандингми?” “Қизғандим!”,
“Кўппалами?” “Кўппала...”
Онам айтар: “Пойига
Гул тўкаман дейсанми?
Ҳой бола, чиройига
Нон ботириб ейсанми?
Тегирмон тепасида
Фалончининг қизи бор.
Тагли-тугли, пазанда,
Гап-сўзида тузи бор...”
Жоним ўртанар тун-кун,
Она, кўнглим тўлмайди.
Унга уйланиш мумкин,
Лекин севиб бўлмайди.
✍️ Иқбол МИРЗО
МАКТУБ
Сендан мактуб олдим: бўм-бўш бир варақ,
Юрак сенсиз бўм-бўш деганингми бу?
Ёки оқ ниятга ёзувсиз бир шарҳ,
Ёки бўш кўнглимга тутдингми кўзгу?
Ёки муз ўлкасин эслатиб шундоқ
Ёдга солмоқчисан қиш-қаҳратонни?
Ёки совуганман дедингми мутлоқ,
Беҳуда ўтларга солма деб жонни.
Менга хат ёз деган бўлсанг, эҳтимол...
Ипак қоғозингга лабимни босдим.
Кўчамда шовуллаб оқаркан шамол,
Сенинг мактубингга шу шеърни ёздим.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЧИРОҚ
Устоз Эркин Воҳидовни ўқиб
Қайтмоқдасан оқшом ё тунда,
Дилда мудроқ, вужудда чарчоқ.
Қадамингни тезлатар шунда
Деразангда порлаган чироқ.
Демак, сени кутаётган бор,
Бор бўл, дейсан кулиб, демак, сен.
Яна нима керак, биродар,
Ахир сен кимгадир кераксан.
Шу туфайли кечаларинг оқ,
Хотиржамдир шундан кундузинг.
Деразангда порлаган чироқ,
Дўстим, сенинг йўлчи юлдузинг.
Мен адашиб – улоқиб толдим,
Қачонгача ўтсиз куяман?
Энди эшик қулфлашдан олдин
Чироқларни ёқиб қўяман.
✍️ Иқбол МИРЗО
28 декабрь — Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов таваллуд топган кун
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi