ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ
Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Негадир истардим қийналишингни,
Юрагингга каманд солмоқчи эдим.
Онангга айтолмай қолсанг тушингни...
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,
Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.
Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,
Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.
Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Кўзингни кўзимга бермадинг сира,
Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.
Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЭЙ, ДИЛ...
Эй, дил, не истайсиз яланғоч кўкдан,
Анвор уммонида титрайсиз дир-дир.
Ерга бир боқсангиз – қишу ёз, кўклам,
Кузлар унутдилар бизларни бир-бир.
Имкон қўлдан кетди – тугади фурсат,
Яқинлар йироқдан қарайди дилгир.
Кўзани синдириб жўнади улфат,
Дўстлар унутдилар бизларни бир-бир.
Хаёллар қўймайди ўз ҳолимизга –
Лўливаччалардек ёпишқоқ кир-чир.
Қанотлар боғловчи иқболимизга
Ҳислар унутдилар бизларни бир-бир.
Эй, дил, ўксимайсиз, чекмайсиз алам,
Ердан узилганнинг жазойи шулдир.
Энди қайтолмайсиз Фарғонага ҳам,
Излар унутдилар бизларни бир-бир.
Қисмат муҳаббатни бизга кўп кўрган...
Йиғламанг, дунё ҳам бевафо, ахир.
Минг ваъдалар берган, ҳатто ўптирган
Қизлар унутдилар бизларни бир-бир.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЎТЯПМАН
Бағримдан биёбон яралгани чин,
Бир ён – Дашти қипчоқ, бир ён – Чин-Мочин.
Қўнғироқ овозинг, қўнғироқ сочинг.
Қўнғироқларингни кутиб ўтяпман.
Беҳад сабоқ бермиш менга гарди дун,
Ўтди Афлотун ҳам, кетди Фаридун.
Уларга боқмасдан ҳануз бағри хун
Ҳижрон китобларин титиб ўтяпман.
Сен кеча хонзода эдинг беписанд,
Қул эдим оёғу кўнгли кишанбанд.
Ҳазратдан қолган ишқ достонин банд-банд,
Сўзма-сўз қайтадан битиб ўтяпман.
Юзингдаги парда – мавжланган сароб,
Симларин чўғ қилиб экмоқда офтоб.
Очиқсам, ич-этим ерман, эй моҳтоб,
Чанқасам, кўз ёшим ютиб ўтяпман.
Қайрилма кипригинг ҳаққига қасам,
Дунё гумроҳ эди гар мен келмасам.
Дилда гоҳи умид, гоҳида алам,
Дунёнинг қўлини тутиб ўтяпман.
✍️ Иқбол МИРЗО
БУНАҚАСИ КЕТМАЙДИ
Аввал бағрин очди у,
Кейин заҳрин сочди у.
Берган атиргулимни
Юрагимга санчди у.
Бунақаси кетмайди –
Гул яраси битмайди.
Билак ташлаб бўйнимга
Кулиб, кирди қўйнимга
Кейин деди: «Барибир –
Бошқа биров ўйимда...»
Бунақаси кетмайди –
Тил яраси битмайди.
Ширин кулган шумасми?
Боғлаб олган шумасми?
Соч силкитиб, жонимга –
Тузоқ солган шумасми?
Бунақаси кетмайди –
Қил яраси битмайди.
Ўпса, нетар дедилар,
Ювса, кетар дедилар,
Ҳар қандайин жароҳат –
Бир кун битар, дедилар.
Бунақаси кетмайди –
Дил яраси битмайди!
✍️ Иқбол МИРЗО
ЎТАР
Укам Валижонга
Руҳингни эзади чилла куйлари,
Мусиқа юракдан зор бўлиб ўтар.
Тошкентнинг ёмғири довондан нари –
Фарғона томонга қор бўлиб ўтар..
Фарғона томонлар туманли, лойли,
Тумани чиройли, лойи чиройли,
Во ажаб, бугун ҳам Кумуш ва Лайли
Сочлари белида дор бўлиб ўтар.
Мен нима ахтардим, нени изладим?
Кимга эрмак бўлди гўзал ҳисларим?
Синфдош қизларим, дилдош қизларим –
Кимларга кўнгилсиз ёр бўлиб ўтар.
Марҳум дўстни ўйлаб, ортади ғуссам,
Шум хаёллар ёвдек қайтади, қувсам.
Жўралар тизилиб келар кўз юмсам,
Бори йўқ, йўқлари бор бўлиб ўтар.
Ҳар ким ҳам ўзини чандон аяйди,
Савалаганда ҳам аяб савайди.
Ҳар кимса ўзини одам санайди,
Ўзининг юкига нор бўлиб ўтар.
Ҳар кимнинг ёмондир умр йўлдоши,
Эсиз йигит ёши, тузсиз нон-оши.
Фарзандига қараб эгилар боши,
Кенг дунё кўзига тор бўлиб ўтар.
Тошкентнинг ёмғири довондан нари –
Фарғона томонга қор бўлиб ўтар.
Кимга тоғ кўринса бировнинг қири –
Хор бўлиб, хор бўлиб, хор бўлиб ўтар.
✍️ Иқбол МИРЗО
🎉Бугун устоз шоир ва ношир Салим Ашур таваллуд топган кун
Шоирни мухлислари ва дўстлари номидан чин юракдан қутлаб, унга узоқ умр, мустаҳкам соғлик, битмас-туганмас илҳом манбаи тилаб қоламиз!
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
ПАХТА
Курсдошларимга
Дала. Мезон. Қизлар. Тарози.
Пахсали дуволлар. Исмсиз қирлар.
Юлдуздек титраниб учган овозим,
Тиззани қучоқлаб ўқилган шеърлар.
Олов теграсида қайнаган ўлан.
Юракдек қонталаш чинор япроғи.
«Севсам, ўлдирарлар. Севмасам, ўлам...»
Ва ҳисобчи қизнинг нигоҳи...
У кунлар ўтдилар, бироқ ўйласам
Қуёш имиллайди, куним ўтмайди.
Энг машҳур ҳофизнинг қўшиқлари ҳам
Ўша ўланларга етмайди.
Тошкентнинг тошлари эзар танимни,
Тошқатор йўлларда ризқимни тердим.
Бугун сени қанча соғинганимни
Ҳисобчи қиз, ўзинг ҳисоблаб бергин!
Ҳасратларим оғир, қўйсам синдирар
Ҳар қандай тарози паллаларини.
Бунда юрагимни ахир ким билар,
Ким кўрган Ёзёвон далаларини?!
Олисда исмимни айтиб норози
Ерларга эгилар нонбеҳи шохи.
Дала. Мезон. Қизлар. Торози
Ва ҳисобчи қизнинг нигоҳи...
✍️ Иқбол МИРЗО
АРАЗ
Ҳуркак хавотирда кўчангдан ўтдим,
Лабимни тирс ёриб, қийнаб чанқоғинг.
Ҳавони ҳўпладим, ҳўпладим ўтни,
Шунчалар қийинми сувга чиқмоғинг?
Кўчангни тупроғи оловми дейман,
Қуёшниям менда қасди бор чоғи.
Қайсарман, терс қилиб сув ҳам ичмайман,
Шунчалар қийинми сувга чиқмоғинг?
Биласан, кўчангдан ўтяпман куйиб,
Кулгунгдан бир чўчиб кетар чорбоғинг.
Чиқсанг-чи, кўзангни елкангга қўйиб,
Шунчалар қийинми сувга чиқмоғинг?
Қуёшни сўкиндим хўрлигим келиб.
Чангини чиқардим оташ тупроқнинг.
Сениям сочингни олардим юлиб!
Шунчалар қийинми сувга чиқмоғинг?
Тундаям юрагим бир ёмон куйди,
Тонгдаям томоғим қақраб уйғондим.
Мен ўзи қанақа оловни суйдим –
Шунчалар қийинми сувга чиқмоғинг?
... Бизниям кўчадан ўтиб қоларсан!..
✍️ Иқбол МИРЗО
МЕНДАН СОВИЯПТИ…
Бирдан эҳтиросга тўлдингиз,
Ёндингиз, куйдингиз, сўндингиз.
Паришон, сочингиз паришон,
Мендан совияпти кўнглингиз.
Мен ҳамма қатори боламан,
Ўзимдан зерикиб қоламан.
Билишим билмайсиз, биламан,
Мендан совияпти кўнглингиз.
Севги – чўғ, дейдилар, ўчгайдир,
Севги – ўқ, дейдилар, учгайдир,
Севги йўқ, дейдилар, шундайдир,
Мендан совияпти кўнглингиз.
Қаршимда кундан кун сўлғин, хор –
Гулга сув пуркайсиз беозор.
Зарим бор, зўрим бор, зорим бор,
Мендан совияпти кўнглингиз.
Илияпти уммон, денгизлар,
Эрияпти минг йиллик музлар.
Совуққина сўзлар ва кўзлар…
Мендан совияпти кўнглингиз.
✍️ Иқбол МИРЗО
ТЕЛБА ХАЁЛ
Ҳилол бешик каби чайқалди аста,
Гулчин дарбозага суяндим хаста.
Бугун йиғламасам, эрта кулмасман,
Руҳимни ҳилолга белагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.
Сарпойчан дарахтлар дардим билмади,
Музлаган куртаклар бағрим тилади,
Кўнгил бир гуллаган фасл тилади,
Кўнгилни қуёшга боғлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.
Ўргимчак тўрини дарёга солдим,
Тилло балиқ тутиб, зиёга солдим,
Ўзимнинг жонимни балога солдим.
Шу ширин жонимни сақлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.
Деворлар оқланди кўзим ўнгида,
Чинорлар оқланди кўзим ўнгида,
Мозорлар оқланди кўзим ўнгида,
Бир лаҳза ўзимни оқлагим келди,
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.
Бармоқларинг нозик... сочим силама!
Ў, бу тентагона орзу, биламан.
Мен ҳозир боламан, ўксик боламан,
Кўз ёшдай мусаффо йилларим келди,
Оёғингни қучиб...
Оёғингни қучиб...
Оёғингни қучиб йиғлагим келди.
✍️ Иқбол МИРЗО
#videopost
"ISTAYSIZMI YOʻQMI, SIZNI SEVAMAN"
✍️Iqbol Mirzo
🎙Quddus Asad
YouTubeda tomosha qiling:
https://youtu.be/Mdw67RVAnd4
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
АРИҚЛАР ЮЗИДА
Ариқлар юзида юзарди ҳовур –
Кумуш балиқларнинг иссиқ нафаси.
Қор бости чинорлар шохига довур,
Чинорлар – қорларнинг сояси.
Музлар қучоғида исинди видо,
Узилган тор каби ажралишдик биз.
Сиз мағрур кетдингиз уйгача, аммо
Нечун йиғлаб борди этикларингиз?..
Деразадан гулдек қарайсиз энди,
Кўчадан кас-нокас ўтади турфа.
Аччиғингиз келар, эслатса мени
Тахмонга китобдек тахланган кўрпа.
Ўзингизни алдаб яшарсиз тинмай,
Сизни-ку овутар эртакларингиз.
Соҳибга ичиккан кучукчалардай
Мунғайиб ётади этикларингиз...
✍️ Иқбол МИРЗО
ЭСИМДА
Эсимда ҳамма-ҳаммаси:
Кўзлар. Бармоқлар. Гул. Атир...
Сиз ҳам унутмагансиз,
Мактубларингиз йўлдадир.
Балки эртага оларман,
Майлига, битта сўз, бир сатр.
Энг муҳими, мен биламан –
Мактубларингиз йўлдадир.
Умрим шамолларга кулгу,
Саргашта айлади тақдир.
Адашиб-адашиб келар-ку,
Мактубларингиз йўлдадир.
Ҳаётим ўзгарар батамом,
Кўнглим кўзадек тўладир.
Сарҳуш яшайдирман ҳамон –
Мактубларингиз йўлдадир.
Ўн йил ўтибди. Ўн йил...
Бу менга ягона далдадир.
Ҳар тонг бир орзиқиб олар дил –
Мактубларингиз йўлдадир.
✍️ Иқбол МИРЗО
#iqtiboslar
📚 Iqbol Mirzo — "Bonu"
Batafsil: https://telegra.ph/Iqbol-Mirzo--Bonu-12-26
🕊@dsmiilmfan
ЁМОН
Ҳар бир қиздан сени излаганимда,
Ёнимга кечикиб келганинг ёмон.
Овозсиз, кўзёшсиз йиғлаганимда,
Ҳолимдан хабарсиз кулганинг ёмон.
Ёмон-да, кимнидир туш кўрганинг ҳам,
Шунчаки ёққани – хуш кўрганинг ҳам.
Бировлар қалбига ниш урганинг ҳам
Киприкларинг билан тилганинг ёмон.
Менсиз қошларинг тим қорайганлари,
Менсиз либосларинг торайганлари,
Ўзгалар хўрсиниб қараганлари
Ва гўзал эканинг билганинг ёмон.
Худойим мен учун яратган ғунча,
Кимларга дуч келдинг менга келгунча.
Дилимда тугунча, қора тугунча –
Менгача кимнидир севганинг ёмон.
✍️ Иқбол МИРЗО
ЁЛҒИЗМАН
Қоракўз турналар Қўқонга қайтар,
Гиёҳлар югуриб келар олисдан.
Менинг турнам қани?
Гиёҳим қайда?
Ёлғизман...
Учар ликопчада – сирли тайёрада
Дўст излаб келишар қай бир юлдуздан.
Мен эсам бутун бошли сайёрада –
– Ёлғизман...
Дўстлар эшигимни юз бора қоқар,
Эшик қоқмай кирар мактуб
бир қиздан.
Гоҳо жонга ёқар,
гоҳо жонни ёқар...
Ёлғизман...
Онам тинмай менга келин танлайди,
мен бўлсам ёлғизман муҳаббат қадар.
Ким мени тушунади?
Ким мени англайди?
Ёлғизман-да, нима қилай, биродарлар!..
✍️ Иқбол МИРЗО
МЕНИНГ ДАРДИМ
Салим Ашурга
Эрта келган ўхшар хазон фасли, Салим,
Новдаларда бемор юрак расми, Салим.
Атиргулни шеърга солиб улгурмадик,
Атиргул деб келган эдик асли, Салим.
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
Шамол ялаб адо қилган дуволмидик,
Тошлоққа туп қўёлмаган ниҳолмидик?
Қорда қолган қалдирғочдек уволмидик,
Осмон – юксак, замин – тубан, пастми, Салим,
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
Оқимга терс сузган наҳанг оқиб кетди,
Оғаларим зару зўрга оғиб кетди.
Ултон хўрлаб, илигимни чақиб кетди,
Балчиқдаги балиқ – қадриммасми, Салим,
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
Чилвир отиб, қад кўтарган токни кўрдим,
Асрий қора хат кўтарган зоғни кўрдим.
Оймомани даст кўтарган тоғни кўрдим,
Шавқи баланд соғлар мудом мастми, Салим,
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
Жувонмаргнинг қабрин қучиб, чим куяди,
Ёшин ютиб, жигарлари жим куяди.
Лек жувонмарг орзуларга ким куяди?
Хунни сўраб, кимдан олай қасдни, Салим,
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
Атиргулни тебратмаса, ел бўптими,
Хуш бўйларин таратмаса, гул бўптими?
Бир дард билан оғримаса, эл бўптими,
Бу дард биздан кўра қадиммасми, Салим,
Сенинг дардинг менинг дардиммасми, Салим?
✍️ Иқбол МИРЗО
СЎНГ СЎЗ
Хазон лашкари келган –
Япроқлар тўкилади.
Энг сўнгги ўқи билан
Садоқлар тўкилади.
Муҳаббат борасида
Биз ҳануз норасида.
Булутлар орасидан
Сабоқлар тўкилади.
Лойлар қордим ёшимдан,
Сомон қилдим сочимдан.
Уйга кирсам, бошимдан
Тупроқлар тўкилади.
Сенга тегмади нафим,
Ичимда қолди гапим.
Тегиб-тегмасдан лабим
Қадаҳлар тўкилади.
Эсламайсан келмасам,
Жилмаясан йиғласам,
Сочларингни силасам,
Нигоҳлар тўкилади.
Хазон лашкари келган –
Япроқлар тўкилади.
Ёноқлару бармоқлар,
Дудоқлар тўкилади...
Эй гул, қайтгил изингга,
Раҳминг келсин ўзингга.
Юзингни қўй юзимга –
Гуноҳлар тўкилади.
✍️ Иқбол МИРЗО
ГУНОҲ
Синиқ ой сарғайиб кезаркан кўкда,
Томларда шуълалар шарпасин илғаб,
Занжирини силтаб, айқирди кўппак:
– Хавф!
– Хавф!!
– Хавф!!!
Аёл мискин эди.
Ҳис қилди аёл –
Қайдадир эрини ўпарди бир қиз.
Кенг ҳовлида ёмон сиқилди аёл,
Бир кечада қувраб, тўкилди наргис...
Тонггача ҳовлида тинмади занжир,
Кўппак саҳаргача бетоқат ҳурди.
Аёл ҳам гуноҳга қўл берди охир –
Тушида биринчи севгисин кўрди.
✍️ Иқбол МИРЗО
ГУЛМИСИЗ
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Ҳурмисиз, пайкармисиз, жононмисиз?
Ҳажрингизда ўлмаган жоним менинг,
Мен-ку лол, сиз ҳам менга ҳайронмисиз?
Қош бўлиб қўнмиш икки куйган ҳилол,
Қошига юлдузчалар уйган ҳилол,
Ёлворурман, кўзни оч, уйғон ҳилол,
Оймисиз, офтобмисиз, осмонмисиз?
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Қушмисиз, гулмоҳмисиз, жайронмисиз?
Дурмисиз, инжумисиз, олмосми ё?
Бормисиз ростдан ёки ёлғонмисиз?
Хўп ғалат ҳолат эмиш ошиқ иши,
Ким дегай роҳат эмиш ошиқ туши.
Беҳол, бетоқат эмиш ошиқ киши,
Бир нафас кўз қирини солғонмисиз?
Гулмисиз, жамбилмисиз, райҳонмисиз?
Тоғмисиз, дарёмисиз, сайҳонмисиз?
Воажаб, мендан сўрайдир дўстларим,
Қулмисиз, ошиқмисиз, қурбонмисиз?
✍️ Иқбол МИРЗО
ЧОРЛАСАНГ
Чорласанг бормасми эдим, гулёрим,
Шиддатдан кўзимни оғритиб, ёшлаб.
Иккала кафтимда тутиб баҳорни,
Тишимда лабингдек ғунчани тишлаб.
Ўртада қир каби ётар қирқ фасл,
Кечиб бўлармиди қирқта анҳорни.
Аммо сени ўйлаб яшнайверар дил,
Мен қайга қўяй бу улкан баҳорни?!
Исминг – шаҳристонни иситган байзо,
Айтсам, сен келмайсан – битмас карашма.
Оддий бир ҳикматни билармисан ё:
Шаҳар осмонига ой ҳам ярашмас.
Мен токай яшарман ўзимни қучиб,
Овуниб гардуннинг ҳийлоси билан.
Чорласанг, борардим тойирдек учиб,
Қўйнимда кўкламнинг ҳавоси билан.
Қаноти бўлса ҳам учмас балиқлар,
Исмимни тутмасанг, қушлигим бекор,
Шижоат уммоннинг тубинда ухлар,
Мен билан қўшилиб қарийди баҳор.
Биламан, қисматим кўзингдек қаро,
Мени чорламассан, учиб бормасман.
Сен менинг исмимни билмассан ҳатто,
Сен ўзинг баҳорсан, менга зормассан!
✍️ Иқбол МИРЗО
СИНГАН ОДАМ
Синган одам, туйғулари тинган одам,
Синган одам, қисматига кўнган одам.
Синиқ кулиб, синиққина кўришади,
Кун кўради, яшамайди синган одам.
Юрибмиз-да, дейди энди ўғил-қиз деб,
Қорақозон ёнидаги қоракўз деб…
Мен ҳамиша ёнингдаман, кетдик, дўст, деб,
Елкангга қўл ташламайди синган одам.
Кўрилмаган катта хавфни кўриб қолган,
Қочиб бориб ўз ичига кириб қолган.
Ўз жонининг мазасини билиб қолган,
Сенга жонин тўшамайди синган одам.
Кўрдим синган шохни – оппоқ гули билан,
Эгам гоҳо шундай ўйнар қули билан.
Гоҳо урар бандасининг қўли билан…
Одам исин хушламайди синган одам.
Унга тегма, у сендан айб қидирмайди,
Айбинг билса ҳам бировга билдирмайди.
Синган одам синганларни синдирмайди.
Бегонага ўхшамайди синган одам.
✍️ Иқбол МИРЗО
СИЗ…
Мудом ёруғ бўлсин дарчаларингиз!
Менга кўчиб ўтсин барча дардингиз!
Мен сизни авайлаб чарчамадим ҳеч,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Гоҳо ёмон қараб, гоҳ қарамасдан,
Гоҳо ёлғон кулиб, гоҳ кулиб ростдан,
Гоҳо эркаланмай, эркаламасдан,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Кимнинг қўлини сал узоқ тутдингиз,
Қайгадир кетдингиз, шошиб кетдингиз.
Ёнимдан кўрмаган бўлиб ўтдингиз,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Ёш бола эмасдим, кўпни кўргандим,
Ҳамманинг устидан кулиб юргандим.
Лек сизга боладек қаттиқ ўргандим…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Хоҳласанг оласан, агар шоҳ берса,
Қаёққа борасан, Тангри – Ҳақ берса.
Нима ҳам дер эдим, Сизга завқ берса…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
✍️ Иқбол МИРЗО
ОВОРА
Яқин ҳам келолмай, узоқ кетолмай,
Ернинг атрофида йўлдош овора.
Заминни бир текис чаман этолмай,
Миллиард йил нур сочиб қуёш овора.
Баҳор сизга бермиш гулдан зеб, сарпо,
Мендай ўткинчига энди не парво.
Ўйин билан бандсиз шўх ва бепарво,
Хиноли бармоққа тўптош овора.
Қизбола бош билан дунёни англаб,
Ақл билан чертиб, оласиз танлаб.
Ўзларин дардларин ўзлари тинглаб,
Мендай неча телба, бебош овора.
Қачонки, ўзандан узилади сув –
Уч кун тўхтаб қолса, бузилади сув.
Юрагим остида эзилади сув,
Кўзимга чиқолмай кўзёш овора.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚИЙИН БЎЛДИ
Муҳаббатим рад этдингиз,
Гарчи сўзлар майин бўлди,
Шу майин сўз оҳангида
Тақдиримиз тайин бўлди.
Сизга осон бўлди балки,
Аммо бизга қийин бўлди.
Бағрингиз тош экан, гарчи
Сўзларингиз майин бўлди.
Сизни дея оромим йўқ,
Сизни дея уйқум йўқ.
Сизни дея қувончим йўқ,
Сизни дея кулгум йўқ.
Эр йигитга бу қайғудан
Қайғулироқ қайғу йўқ,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.
Бу дардимни айтолмайман
Бегонага, дўстга ҳам.
Э воҳ, баҳор ўтмай туриб,
Етиб келдик кузга ҳам.
Бу кунимни тиламасман
Душманга ҳам, сизга ҳам,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.
✍️ Иқбол МИРЗО
1987