СИЗ…
Мудом ёруғ бўлсин дарчаларингиз!
Менга кўчиб ўтсин барча дардингиз!
Мен сизни авайлаб чарчамадим ҳеч,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Гоҳо ёмон қараб, гоҳ қарамасдан,
Гоҳо ёлғон кулиб, гоҳ кулиб ростдан,
Гоҳо эркаланмай, эркаламасдан,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Кимнинг қўлини сал узоқ тутдингиз,
Қайгадир кетдингиз, шошиб кетдингиз.
Ёнимдан кўрмаган бўлиб ўтдингиз,
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Ёш бола эмасдим, кўпни кўргандим,
Ҳамманинг устидан кулиб юргандим.
Лек сизга боладек қаттиқ ўргандим…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
Хоҳласанг оласан, агар шоҳ берса,
Қаёққа борасан, Тангри – Ҳақ берса.
Нима ҳам дер эдим, Сизга завқ берса…
Сиз кўнглим оғритиб чарчамадингиз.
✍️ Иқбол МИРЗО
ОВОРА
Яқин ҳам келолмай, узоқ кетолмай,
Ернинг атрофида йўлдош овора.
Заминни бир текис чаман этолмай,
Миллиард йил нур сочиб қуёш овора.
Баҳор сизга бермиш гулдан зеб, сарпо,
Мендай ўткинчига энди не парво.
Ўйин билан бандсиз шўх ва бепарво,
Хиноли бармоққа тўптош овора.
Қизбола бош билан дунёни англаб,
Ақл билан чертиб, оласиз танлаб.
Ўзларин дардларин ўзлари тинглаб,
Мендай неча телба, бебош овора.
Қачонки, ўзандан узилади сув –
Уч кун тўхтаб қолса, бузилади сув.
Юрагим остида эзилади сув,
Кўзимга чиқолмай кўзёш овора.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҚИЙИН БЎЛДИ
Муҳаббатим рад этдингиз,
Гарчи сўзлар майин бўлди,
Шу майин сўз оҳангида
Тақдиримиз тайин бўлди.
Сизга осон бўлди балки,
Аммо бизга қийин бўлди.
Бағрингиз тош экан, гарчи
Сўзларингиз майин бўлди.
Сизни дея оромим йўқ,
Сизни дея уйқум йўқ.
Сизни дея қувончим йўқ,
Сизни дея кулгум йўқ.
Эр йигитга бу қайғудан
Қайғулироқ қайғу йўқ,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.
Бу дардимни айтолмайман
Бегонага, дўстга ҳам.
Э воҳ, баҳор ўтмай туриб,
Етиб келдик кузга ҳам.
Бу кунимни тиламасман
Душманга ҳам, сизга ҳам,
Кунларим тундайин бўлди,
Азобим кун сайин бўлди.
✍️ Иқбол МИРЗО
1987
ОПА
Нималар қилмадим бегоналарга,
Ука бўлиб Сизга нима қилолдим?
Тақлид қилиб машҳур девоналарга
Бугун ўзимга ҳам ёт бўлиб қолдим.
Ҳамон кўз олдимдан ўтади бир-бир
Анорзор, теракзор... дадамнинг боғи...
Эгилиб, ҳассага таянган анжир...
Ўша дамлар ҳидин туяман гоҳи...
Оёғимни тилса бехос чўкиртак
Опош бўлсин, дея ўпган опамсиз.
Кўчада тўп тепиб юрсам мен тентак
Мен учун ҳам ерлар чопган опамсиз.
Шунчалар ҳам яхши бўларми одам?
Мерос қолмайдими бизга меҳрлар?
Чорбоғдан жилмайиб чиқади дадам
Ва сизга тутқазар олтин беҳилар!
Кимгаям айтардим сизга айтмасам,
Юрагим анордек ёргим келади.
Бу дунё дадамни соғинтирган дам
Сизнинг ёнингизга боргим келади.
Соғ-омон бўлсинлар аям, ишқилиб!
Юрсам ҳам, турсам ҳам дуо ўқийман.
Аямни пошшодай эҳтиёт қилиб,
Фақат хушхабарли гаплар тўқийман.
Опажон, кўзингиз жиқ тўла қайғу,
Жиянлар кўзида тоғага ҳавас.
Шеъримда дунёга бахт тилайман-у,
Сизни бахтли қилиш қўлимдан келмас...
Сизни меҳнат учун яратган Қаҳҳор
Мени саёқ қилиб яратмиш, нетай?
Уловим ҳамиша сафарга тайёр,
Кузатишга доим рафиқам ҳам шай...
Гоҳо Сурхондами, ё Самарқандда
Қадрдон чеҳралар учрар йўлимда.
Сиз каби синиққан, сиздайин содда,
Дағал бармоқларин тафти қўлимда.
Зийнатлари – ҳаё, энг ноёб безак,
Усту бошларига беролмаслар зеб.
Сизни эслайману айтаман, демак,
Буларнинг укаси шеър ёзади деб...
Ўзимнинг опам-а, жафокаш опам,
Билмайсиз ранжишни, хафа бўлишни.
Менга ўхшамасин ўғиллар ҳечам,
Қизим сиздан олсин опа бўлишни!
✍️ Иқбол МИРЗО
УНУТМА
Унутма, худойим бизни эркалаб
Учраштириб қўйган кунни унутма.
Унутма, юзингдан олгунимча лаб
Қушдек учиб кетган тунни унутма.
Бир тола сочингни айлаган тумор,
Бўйларингдан масту бўйингга хумор –
Ким бўлса, ўшани унутма зинҳор,
Бағри қон, юраги хунни унутма!
Умрим ором билмай ўтар аломат,
Сен қаерда бўлсанг, шунда ҳаловат.
Қайларда бўлсанг ҳам бўлгин саломат,
Мен сени севаман, шуни унутма!
✍️ Иқбол МИРЗО
СЕВГИ
Йўғу боримга боис борлиқсан, севги,
Ягона ёрдан ёлғиз ёрлиқсан, севги.
Юрагимни тарс ёрган лаззатсан, лаззат
Онгимдаги абадий оғриқсан, севги.
Капалак чанг чалганда сочилган чангсан,
Чумоли торта келган тортиқсан, севги.
Момо Ҳаво тўймаган ҳавосан, ҳарир,
Одам Ато сўймаган жонлиқсан, севги.
Чўкаётиб тутганим хассан, мен учун –
Севгилимдан минг карра ортиқсан, севги.
✍️ Иқбол МИРЗО
ҒИРРОМ ДУНЁ
Эл оғзида ажиб ишқим қиссаси бор,
Бу қиссада ағёрларим ҳиссаси бор.
Дам урмаса шамол олов гурлармиди,
Менинг дардим билан кимнинг ғуссаси бор?
Отасизлик қандай бўлар экан дердим,
Одам бунга қандай кўнар экан дердим,
Дод деган сўз қайдан келар экан дердим,
Қўлларимда кулфатнинг тол ҳассаси бор.
Ғирром дунё алдовига учган манам,
Бу дунё деб, у дунёдан кечган манам,
Шайтонларнинг қўлидан май ичган манам,
Шоирлар бош чаноғидан косаси бор.
Севги ёмғир эмас, кўкдан сочилмайди,
Ишқсизларга самодан гап очилмайди.
Энди сендан ўзгага лаб очилмайди,
Лабларимда лабларингнинг мазаси бор.
✍️ Иқбол МИРЗО
АФСУС
Телефон гардишини айлантираман,
Қўнғироқ чорлайди сени беҳуда.
Мен сени жудаям яхши кўраман,
Овозинг эшитгим келади жуда.
На чора?
Кечмишдир энди ҳаммаси,
Лабингга лаб қўйиб ичганим бўса...
Бизни боғлармиди шу чувалган сим,
Тақдир ришталари узилган бўлса.
Тақдирга тадбир йўқ.
Хоҳ йиғла, элан,
Бу эпкин ўйнайди кўнгил кулини.
Ахир тўсолмайсан кипригинг билан
Кўзларингга тўлган қайғу селини.
Мен сени ҳалиям яхши кўраман,
Товушинг эшитгим келади жуда.
Телефон гардишини айлантираман,
Қўнғироқ чорлайди, аммо беҳуда.
Кўҳи қофга қадар кетардим, Лайлим,
Кўзингни бир бора кўрмоқлик учун.
На чора?..
Бу чархга қурбим келмайди,
Афсус, бу гардишга етмайди кучим.
✍️ Иқбол МИРЗО
БАРМОҚЛАРИНГ
Бармоқларинг бирам нозик,
Лабинг, эй бокирам, нозик.
Юракда бор ярам нозик –
Бу ҳам иноятдир манга.
Олов кўрдим андалибни,
Сани гул деб алданибди.
«Айт, ёқмасин бул ғарибни...» –
Сандин шикоятдир манга.
Баҳрасизман бўйларингдан,
Хабарсизман ўйларингдан.
Кетолмасман кўйларингдан –
Бу йўл ҳидоятдир манга.
Ситамларинг агар оздир.
Керак – боғла, керак – остир!
Жабру жафоларинг ростдир,
Васлинг ривоятдир манга.
Умидим бор, дилинг топсам,
Бир қаро кун қўлинг ўпсам,
Ўпиб сўнгра ўлим топсам,
Ушбу кифоятдир манга!
✍️ Иқбол МИРЗО
❤️🔥БУНЧАЛАР…
Қуёшга интиққан каби ғунчалар,
Юрак сокин-сокин қўнғироқ чалар.
Нима деб куйлайди қўнғироқчалар?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?
Оҳу қарашлими, жоду қарашли,
Либоси ярашли, нози ярашли,
Бунча яхши бўлдинг, бунчалар яхши!
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?
Эртаклар ҳақиқат эканими бу?
Юракка кўкрак тор келганими бу?
Ё висол ё ўлим деганими бу?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?
Ой – кўкка таваккал чертилган танга,
Ҳолбуки, ҳар икки олам бир менга.
Айт, нима ёмонлик қиловдим сенга?
Бунчалар севдирдинг мени, бунчалар?
✍️ Иқбол МИРЗО
Алам
Алам бўла олмагай сира,
Бир муштга жо бўлмаган алам.
Агар кўксинг муштлаб турмаса,
Бир парча гўшт холос юрак ҳам.
Тарихга боқ, тарих - улуғ йўл,
Мушт тугдилар ,,Бир ўлим бошга".
Узатилгай мушт тугмаган қўл,
Садақага ва ёки ошга.
Минбарлардан туриб кимлардир,
Келажагин қилар экан ҳал.
Фақат қарсак чалишга қодир,
Битта муштга айланмаган халқ.
Муҳаммад Иброҳим
🕊 @Iqbol_Mirzo_ijodi
МУҚАДДИМА
Ўзим ҳар жойдаман, кўнглим сандадир...
Муқимий
Бизлар эгиз эдик – ман яна кўнгил,
Барқ урдинг, жонима аланга тушти,
Кўнгил қушдек учти ҳавога енгил,
Айлона-айлона алингга тушти.
Ман каманд истарман, тан гулхандадир,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнгил сандадир.
Йиғладим-йиғладим, осмон ҳўл бўлди,
Кипригим ҳавога чизди ариқлар.
Ойу кун кўзимни олган – кўл бўлди,
Ойларни тангадек тортди балиқлар.
Ман расан истарман, тан гулхандадир,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнгил сандадир.
Чориғимни кийди даштнинг тошлари,
Кўйлагимни эса тиконлар юлди.
Ман адам истарман, қариндошларим, –
Десам, бош тебратиб илонлар кулди.
Ман адан истарман, тан гулхандадир,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнгил сандадир.
Карбало юз бурди – мандан чекинди,
Аввало жон бериб бегона тутдинг.
Алам-о, ғам босиб белларим синди,
Санам-о, сан мани ўтпараст этдинг!
Ман кафан истарман, тан гулхандадир,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнгил сандадир.
Бизлар эгиз эдик – кўнгил билан ман,
Кўнгил нигоҳ етмас ёқлара тушти.
Ўксинма, Иқболбек, чунки азалдан –
Осмоннинг юклари тоғлара тушти,
Ман ватан истарман, тан гулхандадир,
Ўзим ҳар жойдаман, кўнгил сандадир.
✍️ Иқбол МИРЗО
#videopost
"ISTAYSIZMI YOʻQMI, SIZNI SEVAMAN"
✍️Iqbol Mirzo
🎙Quddus Asad
YouTubeda tomosha qiling:
https://youtu.be/Mdw67RVAnd4
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
АРИҚЛАР ЮЗИДА
Ариқлар юзида юзарди ҳовур –
Кумуш балиқларнинг иссиқ нафаси.
Қор бости чинорлар шохига довур,
Чинорлар – қорларнинг сояси.
Музлар қучоғида исинди видо,
Узилган тор каби ажралишдик биз.
Сиз мағрур кетдингиз уйгача, аммо
Нечун йиғлаб борди этикларингиз?..
Деразадан гулдек қарайсиз энди,
Кўчадан кас-нокас ўтади турфа.
Аччиғингиз келар, эслатса мени
Тахмонга китобдек тахланган кўрпа.
Ўзингизни алдаб яшарсиз тинмай,
Сизни-ку овутар эртакларингиз.
Соҳибга ичиккан кучукчалардай
Мунғайиб ётади этикларингиз...
✍️ Иқбол МИРЗО
ЭСИМДА
Эсимда ҳамма-ҳаммаси:
Кўзлар. Бармоқлар. Гул. Атир...
Сиз ҳам унутмагансиз,
Мактубларингиз йўлдадир.
Балки эртага оларман,
Майлига, битта сўз, бир сатр.
Энг муҳими, мен биламан –
Мактубларингиз йўлдадир.
Умрим шамолларга кулгу,
Саргашта айлади тақдир.
Адашиб-адашиб келар-ку,
Мактубларингиз йўлдадир.
Ҳаётим ўзгарар батамом,
Кўнглим кўзадек тўладир.
Сарҳуш яшайдирман ҳамон –
Мактубларингиз йўлдадир.
Ўн йил ўтибди. Ўн йил...
Бу менга ягона далдадир.
Ҳар тонг бир орзиқиб олар дил –
Мактубларингиз йўлдадир.
✍️ Иқбол МИРЗО
🎧 Оҳунжон Мадалиев — «Муҳаббатим рад этдингиз»
(Дастлабки ижро, 1987 йил)
✍️ Иқбол МИРЗО шеъри
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
🇺🇿 ЎЗБЕКИСТОН БАЙРОҒИ
Қалбимиз тўла сурур,
Тўтиё юрт тупроғи.
Ҳилпираб турар мағрур
Ўзбекистон байроғи.
Ранги – ҳаёт мисоли,
Юлдузлари, ҳилоли.
Мустақиллик тимсоли —
Ўзбекистон байроғи.
Гумбазларда, юксакда,
Пештоқларда, фалакда,
Кўнгилларда, юракда
Ўзбекистон байроғи.
Ифтихор дилимизда,
У йўлдош йўлимизда.
Юксалар қўлимизда,
Ўзбекистон байроғи.
✍️ Иқбол МИРЗО
СЕСКАНДИМ
Сескандим. Сочимнинг остигача тер,
Осмон кемшик тишин кўрсатиб кулди.
Ўтларга ўраниб қунуш тортди ер...
Тушимда энг яқин одамим ўлди.
Шундоғам бор бўйим шундоқ ғам эди,
Туманлар ичида совқотганларим...
Менинг бой берганим, наҳот кам эди,
Каммиди ўнгимда йўқотганларим?
Кечагина қуюн хўплади-кетди,
Бир жаҳон қувончим – бир ҳовуч гулни.
Бу нечук ситаму не таҳқир энди? –
Тушимда энг азиз одамим ўлди.
Сойда тош сакратган тоза болайдим,
Сой суви сачради – кўзда ёш бугун.
Ўша тошлар қайта келдилар дайдиб,
У тошлар улғайди – қабртош бугун.
Оғридим – барқ урган дарахтдай куйдим,
Шохларим дилимни тирнади, юлди.
Бошимга юлдузни тупроқдай уйдим –
Тушимда энг азиз одамим ўлди.
Кўнглимни ўпганди масъум, меҳрибон,
Мен унга саждалар қилгандим қадим.
Азизим... Азизам... Энг азиз инсон...
Фақат эслолмадим... Эслай олмадим...
✍️ Иқбол МИРЗО
13 ноябрь — ўзбек халқининг буюк шоири Усмон Носир таваллуд топган кун! Шоир бугун 110 ёшга тўлди.
УСМОН НОСИР
Мен дунёдан кўз юммадим, йўқ,
Дунё юмди мендан кўзини.
Сўзлар – курагимга ботган ўқ,
Дўстлар аямаслар сўзини.
Ватаним, мен сени севардим,
Кел, лабларим босайин, тупроқ.
Тупроқ, сен биларсан не дардим,
Ўзим сенга ўхшайман кўпроқ.
Замон, сенга қўлларим керакми,
Оёғим керакми? Мана, ол!
Мен байроқ қилганман юракни,
У – дастурхон. Дастурхон – ҳалол.
Юртим, қора киймагин зинҳор,
Йиғлама, бағримни ўйма.
Туғилмаган усмонларинг бор,
Ўшаларни бой бериб қўйма!
Дунё, кўзларингда не қайғу,
Ё англаб етдингми ўзингни?
Мен ахир кўзимни юмдим-ку!
Сен энди очдингми кўзингни?!
✍️ Иқбол МИРЗО
19.IX.1988.
Қадринг баланд бўлсин, она тилим!
21 октябрь — Ўзбек тили байрами куни муносабати билан давом этаётган тарғибот ишларида Қувасой шаҳридаги 2-умумий ўрта таълим мактабининг 7-"А" синф ўқувчилари ҳам иштирок этди.
🕊 @Iqbol_Mirzo_ijodi
Қашқадарё вилояти, Кўкдала тумани ХТБга қарашли 55-умумий ўрта таълим мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси Гулчеҳра Отамуродованинг Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шеъри асосида тайёрлаган видеолавҳаси
🕊 @Iqbol_Mirzo_ijodi
БИЛГИМ КЕЛАР
Бағрида қўнғироқлар кўмилиб кетган саҳро,
Неча жайронлар ағнаб, чўмилиб кетган саҳро,
Этикларнинг қўнжидан тўкилиб кетган саҳро,
Саҳро, менинг аламим кимники, билгим келар.
Шовуллаб турган дарё, довуллар урган дарё,
Соҳиллар бузган дарё, ороллар қурган дарё,
Азалдан абадгача қондек югурган дарё,
Дарё, менинг аламим кимники, билгим келар.
Чексиздан чексизгача чўзилиб кетган само,
Юлдузларни кафтида тангадек отган само,
Кўксига қуёш ботган, ойни уйғотган само,
Само, менинг аламим кимники, билгим келар.
Эй билиб турган дунё, эй кулиб турган дунё,
Шамоллардан қамишдек букилиб турган дунё,
Кўнглида юки борга юкиниб турган дунё,
Дунё, менинг аламим кимники, билгим келар.
Бегонага гина йўқ, гина қилмасман асло,
Сен ёр топдинг муносиб, менинг ёримдир худо.
Сени эслагим келмас, қийналгим келмас, аммо,
Аммо, менинг аламим кимники, билгим келар.
✍️ Иқбол МИРЗО
ДАРАХТЛАР
Бардошингиз учун қуллуқ, дарахтлар!
Бир жойда кўкариб, ёйдингиз қулоч.
Чидадингиз бўрон қутурган вақтлар,
Қаҳратон қаҳрида юпун, яланғоч.
Челаклаб сув урди кузги булутлар,
Қора совуқ тиғлаб бағрингиз ёрди.
Баъзан пойингизга туташди ўтлар,
Гоҳ бошингиз чақмоқ уриб юборди...
Сиз ўсавердингиз қатъий ва ўжар,
Юксалавердингиз матонат билан –
Кўксингиз ўйса ҳам дурадгор қушлар,
Ризқингиз қийса ҳам чирмовиқ – илон.
Қаноат қилдингиз йил келса қурғоқ,
Япроқлар мушт бўлиб тугилди қатор.
Танангизни қучиб боссалар қулоқ,
Жаннат ариғининг шовурлари бор.
Мевалар тўкасиз дастурхонларга,
Тозалаб берасиз аччиқ ҳавони.
Суяниб сиздайин қадрдонларга,
Ўйлайман бетайин, саёқ дунёни.
Пўстлоғингиз силаб томиримда нур,
Қўшиғингизда бор хушбўй дараклар.
Борингизга шукур, Сизга ташаккур,
Ватандош дарахтлар, юртдош дарахтлар!
✍️ Иқбол МИРЗО
2012
Наманганда Иқбол Мирзонинг “Усмон Носир” драмаси саҳналаштирилди.
@yangidavr_rasmiy
ҲЕЧ БЎЛМАСА
Ҳеч бўлмаса тушимда
кўрсат уни, Художон,
Бўлмаса, надир уйқу,
бўлмаса, надир ором.
Унинг нигоҳларидан
ўзин покласин то жон,
Агар уни кўрмасам
уйқу ҳаром, туш ҳаром.
Художон, сен билгувчи
зориққаним, зоримни,
Ошиқ қилиб қўйгансан,
қўй, бошқа урма мени.
Уйғонсаму ўнгимда
кўрмас бўлсам ёримни,
Уйғотиб юрма мени,
уйғотиб юрма мени.
✍️ Иқбол МИРЗО
⛈🌿 КУЗ
Уч кунда куз келди.
Дунё қариди.
Тераклар бош чайқаб қолдилар маъюс.
Тошлар ўрмалайди анҳор қаърида,
Анҳор қайларгадир шошади ҳануз.
Кўпириб боради қўнғир булутлар,
Ҳадемай ёмғирзор бўлади пайдо.
Ерга қулоқ босиб ётади ўтлар,
Ерданми келади бу мунгли наво?
Мана, устунларга ўралар шамол,
Мана, сув юзига тошади сепкил.
Зериккан, асабий қариқиз мисол
Кўйлакларин йиртиб ташлар атиргул.
Пешайвонда намли патларин тараб,
Зағчалар ўзига беради оро.
Булут келаётган томонга қараб
Дунё сузиб борар оҳиста, дунё...
✍️ Иқбол МИРЗО
#танлов_2021
ДИҚҚАТ, ЭЪЛОН!
"ИҚБОЛ МИРЗО ШЕЪРЛАРИ" телеграм канали аъзоларининг таклифларига биноан янги танловни эълон қиламиз.
Ўз иқтидорингизни намоён қилиш пайти келди. Аввал ҳеч қаерда эълон қилинмаган шеърингизни матн (+аудио) кўринишида @Iqbol_Mirzo_ijodi_bot га (ўзингиз ҳақингизда маълумот ҳамда суратингизни илова қилган ҳолда) юборишингиз лозим.
Ҳар бир шеър (+аудио) каналда эълон қилинади.
Танлов икки босқичда ўтказилади. Биринчи босқичда барча қаламкашларнинг ижод намуналари эълон қилинади. Иккинчи босқичга ижод намунаси энг кўп овоз йиққан, энг кўп кўрилган ҳамда ҳакамлар томонидан муносиб деб топилган 50 нафар ижодкор йўл олади.
Ғолиблар устоз шоирлардан иборат ҳакамлар ҳайъати томонидан аниқланади.
Танловга юборилаётган шеърлар исталган мавзуда, имло қоидаларига мос, аввал ҳеч қаерда эълон қилинмаган бўлиши керак.
Танлов ғолиблари Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗО қаламига мансуб III жилдлик танланган асарлари, шунингдек, пул мукофоти билан шахсан шоирнинг иштирокида тақдирланади. Пул мукофоти биринчи босқич якунлангач, эълон қилинади. Шунингдек, иккинчи босқичга йўл олган ижодкорларнинг шеърлари тўплам кўринишида нашр этилади.
Танловда иштирок этувчиларнинг ёши чегараланмаган.
Танловга шеър (+аудио) қабул қилишнинг сўнгги муддати 2021 йил 1 август ҳисобланади.
Иккинчи босқич 2021 йил 31 августгача ўтказилади.
Бир иштирокчи фақатгина битта шеър юбориши мумкин.
Танловда қатнашмоқчи бўлган барча иштирокчиларга омад тилаймиз!
@Iqbol_Mirzo_ijodi