iqbol_mirzo_ijodi | Неотсортированное

Telegram-канал iqbol_mirzo_ijodi - Иқбол МИРЗО шеърлари

2347

Ҳурматли канал кузатувчилари! Бу ерда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗОнинг шеърлари, шоир ижодидаги янгиликлар, фото ва видео тасвирлар билан танишиш имкони мавжуд.

Подписаться на канал

Иқбол МИРЗО шеърлари

Иқбол Мирзо - Куни кеча учрашдик

🎤Шеърни Аҳмади Эверест ўқиди

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_еттинчи_мактуб

* * *
8 март

Табрик учун раҳмат, акажон! Сиз ҳам янгам билан аяжонни қутлаб қўйинг!

* * *

Тоғамлар Эски шаҳарда яшашган. Ота ўтиб кетганидан кейин тоғам ичкиликка, қартабозликка, қиморга, кейин нашага ружу қўяди.
Бир куни дадам билан онам хабар олгани боришса, янгам йиғлаб ўтирган экан. Тоғам ҳеч нимани билмайдиган даражада “ғишт” маст, уйқуни ураётганмиш.

Янгам тиллавор тақинчоқларини эри қиморга тикворганини, энди уй ҳам гаровда омонатлигини айтиб йиғлайди. Тоғам ўзига келгач, дадам оёқ-қўлини қўшоқлаб боғлаб, аравага ортиб кўрони билан бизнинг уйга кўчириб келади. Бир ой ичида Эски шаҳардаги уйни сотиб, қишлоқдан каттагина ер олиб беради. Тоғам бизникида яшаб туриб, икки йилда уйини ростлаб, кўчиб олади. У маҳал ҳаммамиз баҳамжиҳат, катта бир рўзғор эдик...
Юкларимни олиб чиқиб кетдим.

Ўрмонзор ёқалаб борарканман, болалигимда тоғам қайта-қайта айтиб берган воқеалар кўз олдимда жонланди: у ўн уч ёшидан Бухородаги ёпиқ бозорда акаси билан аравакашлик қилганини, тўққизинчини битириб ишлаш учун Тошкентга борганини, бекорчихўжа дадаси ҳар душанба келиб, болалари майишиб топган ақчани қоқиб олиб, бир кун айшини суриб, қишлоққа қайтган пайтларни аччиқ ўкинч билан эсларди.

– Шунча ишлаб бир оғиз яхши сўз эшитмабмиз, ҳар гал чўнтагимизни ағдариб, пулимизни қириштириб олиб, яна, “Нега кам, қолганини қаерга яширдинг”, деб қисти-бастига оларди. Мен кетгач бу болалар ниманинг ҳисобига яшайди демасдан, бир тийин қолдирмай шилиб обкетарди. Бир қиш чилласида келиб, беланги бўлиб ётганимни кўриб кирза этиги билан тепкилагани ҳеч эсимдан чиқмайди... Бону, тўғри, ўз отам, тонмайман, худо раҳмат қилсин, лекин нима қилай, ёмон кўрардим... Даданг – Усмонбек язнам, мени оёққа турғазди, отам қилмаган яхшиликни қилди, тушундинг? Сен билан энди дадамиз битта, мен катта акангман, сен синглимсан, – дерди.
Ўша пайт гаплари рост туйилган, чиппа-чин ишонганман, унга раҳмим келиб, кечалари кўзёш ҳам тўкканман...

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БАҲОРНИНГ ИЛК КУНИ

Баҳорнинг илк куни – биринчи мартда
Сени учратгандим биринчи марта...

(Тақвим) – календар не табиат учун,
Мендек қаландар не табиат учун?

Аммо бирдан битди қаҳратон қаҳри,
Тумандай тарқади изғирин заҳри.

Баҳорнинг элчиси бўлиб турардинг,
Нафис тароватга тўлиб турардинг.

Аммо атрофингда анов бировлар,
Ивирсиб юрарди кўнгли қировлар.

Ҳа-да, турқи совуқ, қиш бандалари,
Бор-ку ишқдан озод иш бандалари.

Гуллаётганимдан ҳайрон эдилар,
Ободлигим кўриб вайрон эдилар.

Аммо найлайинки, аслинг билмасдим,
Найлайинки, кўнгил фаслинг билмасдим.

Билмасдим, борлигим сездингми, баҳор,
Интизор, зорлигим сездингми, баҳор?

Аммо авайлайман шу ширин дардни,
Илк марта гул тутган биринчи мартни...

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

КЎНГИЛ ҚУШИ

Кўнгил қушим сенда, жон қушим сенда,
Шам каби мўлтираб ёнишим сенда.
Эсизгина эссиз, деб кулма мендан,
Менда эс не қилсин, эс-ҳушим сенда.

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ҚОР

Янги йил кунига ярашиғинг бор,
Ўшанда тўзғоқлаб ёғмайсанми, қор?

Тўғри, аямажуз, балки ҳақинг бор,
Оқкўнгил боғларга боқмайсанми, қор?

Тақвимга қарамас, бу бевош баҳор,
Ёким бир-бирингга ёқмайсанми, қор?

Ёғсанг, ана, Орол ётар интизор,
Ўшангга сел бўлиб оқмайсанми, қор?

Нобуд бўлмасмикин ўрик, олчазор?
Кўрпа бўлиб ўзинг сақлайсанми, қор?

Ҳосилга кўз тиккан қанча умидвор-
ларни оқ аридек чақмайсанми, қор?

Мендек бесабрсан, мендек беқарор...
Сен яна ўзингни оқлайсанми, қор?

24. 02. 2021

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БОТИРЛАР

Юртни мардлар қўриб келаётирлар,
Ватан деса, жони нисор ботирлар.
Баланд-пастни кўриб келаётирлар,
Бургутми ё лочинми, сор ботирлар.

Алпомишга Барчиндек ёр муносиб,
Сизни ўйлаб, қиз юраги потирлар.
Исмингизни юрар тумордек осиб,
Унутмангиз буни зинҳор, ботирлар.

Ботирлар-ов, элнинг сара аскари,
Сиз уйғоқ, эл осойишта ётурлар.
Тангри, ёвнинг юзин қилгин тескари,
Ёв дегани туллак, маккор, ботирлар.

Катта бобом қалам йўнган қиличда,
Найза билан қўшиқ ёзган шоирлар.
Бировга қўл узатмаган илинжда,
Кўмакка қўл берган такрор ботирлар.

Ботирларим толқонни тоғ демаслар,
Тоғни толқон қилишга ҳам қодирлар.
Саболарнинг йўлин тўсган эмаслар,
Бўронларга метин девор ботирлар.

Ўралмаса гулзор пайҳон бўлмасми,
Ўз боғини пулламасми шотирлар?
Кўздан қочирмайлик номард, нокасни,
Улар иблис билан ҳамкор, ботирлар!

Сиз оламдан ҳамиша огоҳ бўлинг!
Кимлар фурсат пойлаб писиб ётурлар.
Эл бахтига омон бўлинг, соғ бўлинг!
Ёнингизда Иқбол ҳам бор, ботирлар!

2012

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо билан ижодий учрашув

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📝Iqbol MIRZO sheʼri
🎤Ahmadi Everest

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

"Bonu" romanini oʻqib...

📝Faxrinisobegim sheʼri
🎤Raʼno Tojiboyevna oʻqidi

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_бешинчи_мактуб

* * *
6 март

Ўрмоннинг ичида мақсадсиз дайдиб-дайдиб, ўзим йиғлаб, ўзим юпаниб, бир пайт ҳушимга келдиму, адашиб қолганимни англаб, эсхонам чиқиб кетди.
Белидан чўрт узилган, қору ёмғирларда пўстлоғи чириб сочилган яйдоқ эман ғўласига ўтириб, атрофга аланглаганча гупириб келаётган ваҳимамни босишга уриндим. Бундай ожиз қолган пайтингда даставвал ким ёдингга тушади? Йиғлаб-йиғлаб онамга қўнғироқ қилдим:
– Жиянингиз шу даражада ифлослигини билатуриб мени олдига юбордингиз-а? – деб бўлган воқеаларнинг ҳаммасини айтиб бердим. –Ўғлингизни хотиржамлигини ўйлаб, тинчи бузилмасин деб мени қурбон қилдингиз-а? Энди кутманг! Ҳеч қачон ортга қайтмайман, бошқа безовта ҳам қилмайман сизларни... Тинчингиз бошқа бузилмайди. Соғ бўлинг, – дедим ўкириб йиғлаб...
Қизиғ-а? Одам аламини аввало онасидан олади. Дардини тўкиб, енгил тортади. Ҳозир ҳам заҳримни сочдиму ақлим тиниқ тортди.
Ҳақиқатан аҳволим ачинарли эди.
Ҳақиқатан жинни бўлишимга оз қолганди.
Соғлиқ майли, бу кўргиликка кўникиб бўлганман, дадамни йўқотганим, акамнинг тарсакиси, янгамнинг миннати, Олмосни йўқотиб қўйганим, мусофирчилик, тоғамнинг пасткашлиги... Кўника олмаяпман... Шунча зарба битта одамга ростдан ҳам оғирлик қилади.
Телефонга термулиб узоқ ўйладим. Нима қилиш керак? Ҳаётда битта ҳам ишонадиган, суянадиган, маслаҳат сўрайдиган, чалкаш вазиятдан олиб чиқадиган, йўл кўрсатадиган одам тополмасанг, бундан ортиқ фожиа бўлмаса керак.
Кези келганда опаларим, язналарим, ўқувчиларимнинг ота-оналарига маслаҳат бериб, қанчадан-қанча ечими йўқ масалаларни ҳал қилиб берган одам, бугун ўзимга қолганда гўдакдай ожизланиб ўтирибман.
Атрофим бўм-бўш эди... Тингловчи ҳам, маслаҳат берувчи ҳам, масалани ҳал қилувчи ҳам ўзимман. Бу инқироздан фақатгина ўзимни ўзим қутқара олишим мумкин...
Шу вазиятни дадам кўрганида қандай маслаҳат берган бўларди?.. Буни ҳам билмайман. Демак, таваккал қилишдан бошқа илож йўқ.
Яна онамга сим қоқдим, тавалло қилиб кечирим сўрадим. Онам ҳам фақат йиғлади холос...
Бирпасдан кейин телефондан янгамнинг хушнуд овози эшитилди:
– Бону, қийналаётган бўлсангиз, бирортасидан қарз олинг, акангизга айтаман, жўнатади. У ерларда юриш ҳаммагаяммас. Ўрислар сизни дадасини эркаси эканингизни билишмайди-да...
– Эрингизни миннатли пулларини уруғ-аймоқларингизга тарқатинг! Садақангизга муҳтож эмасман! – деб телефоннинг қизил тугмасини босдим.
Мен чин дилдан тазарру қилиб онаизоримдан кечирим сўраб йиғлаганимни, самимий изҳорларимни янгам кинояли илжайиб, бошини қийшайтириб, телефонга қулоғини динг қилиб турганини тасаввур қилиб, янаям аламим келиб кетди. Тўхта, дедим ўзимга ўзим, ортга қайтиш йўқ, таслим бўлган номард! Курашаман, қўймайман! Акам, янгам, Юсуф, директор, тоғам...ларнинг оёғига латта боғланган, улар менга рақиб эмас! Менинг рақибим – ҳаёт! Албатта, ўч оламан! Албатта, енгаман!
Ҳа, мен адашдим, қайда, қачон, не сабаб йўлдан оғганимни аниқ билмайман, лекин қайдадир катта хатога йўл қўйганим аниқ. Бу ерда ҳам қуюқ, нимқоронғи ва кимсасиз ўрис ўрмонида йўл тополмай гаранг бўлиб ўтирибман. Оёқ ости хазону хашаклар, мўрт шох-шабба тўшами билан қоплангани сабаб келган йўлинг – босган изингни аниқлолмайсан.
Атрофни зах чиринди ҳиди босган, аҳёнда баҳайбат қушлар дарахт шохларини эгиб, лопиллаб қанот қоқади.
Нажот излаб икки соатча ўрмон кездим. Ҳар сафар тўғри йўлдан кетаётгандай, яна озгина юрсам қуёш кўринадигандай туйилаверар, бироқ оқибатда онам билан сўйлашганимда ўриндиқ вазифасини ўтаган эман ёнидан чиқиб қолаверардим. Бундан хунобим ошиб баттар асабийлашарканман, “Йўл топаман, тўғри йўл бор, излаш керак... излаш керак...” деб такрорлаб, бошқа томонни мўлжал олиб беш-ўн одим босган эдимки, элас-элас машина шовқини эшитилгандай бўлди. Ўша томонга оёғимни қўлга олиб югурдим, энди аниқ-тиниқ қисқа сигнал қулоғимга чалинди.
Одам боласига етиб ололмаган бўлсам-да, улов изларини топдим. Шу излар мени ярим соатларда қўрғон рўпарасига олиб чиқди.

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

“БОБУРНОМА” ИЛҲОМИ

Замон фарроши бўлсайдим, шу замонни супургайдим,
Димоғимга тутиб енгим, тўрт томонни супургайдим.

Супургайдим ҳаром луқма, ҳаром айшу тарабларни,
Супургайдим ҳам товоқни, ҳам қозонни супургайдим.

Ювардим кул билан ойни доғидан холи бўлгунча,
Исларини узиб, юлқиб – ки осмонни супургайдим.

Кўзёшимдан сепиб сувлар гузарларга, кўнгилларга,
Хиёнатни, ҳасад, ўчни ва гумонни супургайдим.

Супургайдим хурофотни, жаҳл, худбин раёсатни,
Ўрлатиб чангини кўкка оломонни супургайдим.

Кичик Мирзо бўлиб Иқбол улусга яхшилиқ айлаб,
“Ёмонлиқ бўлмағай бўлғай” ҳар ёмонни супургайдим.

2013

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

БЕМОР

Бемор эдим, ўласан, деб табиб айтди,
Оқшом бориб ўзимга гўр ўйиб келдим.
Лекин табиб узилибди саҳар пайти,
Ўша гўрга табибимни қўйиб келдим.

2014

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Самарқанд_илҳомлари

Гўри Мир. Гумбазлар

Гумбаз қобиғида яна бир гумбаз...
Ҳеч ерда учрамас бундай ёдгорлик.
Ҳавоза минг йилга бардош берса, бас –
Не боис бу қадар эҳтиёткорлик?

Биров дер, кичиги таянч бўлгандир
Маҳобатли гумбаз қурмоғи учун.
Биров дер, усталар ҳисоб олгандир
Ҳарорат мўътадил турмоғи учун.

Булар бор гап, аммо моҳият бошқа,
Теран етиб борган мантиққа Амир:
Саид Баракани кўтариб бошга
Ўзига пойгакдан жой олмиш, ахир!

Зариф нақши нигор ички гумбазда,
Қобиқ ҳам мустаҳкам ёмғирга, селга.
Ташқи кўринишдан айрича бизда –
Кўнгилга эътибор устун, кўнгилга!

Сиз сувратга тушинг кошинни силаб,
Эсдаликка далил – расмлар етар.
Ичкарида сизга омонлик тилаб
Мунис мусичалар тиловат этар.

Қалбингизга эриб кириб борар нур,
Фақат абад қолгай руҳ ва эзгу ном.
“Иймонинг авайла!” – буюрар Темур,
“Қалбингни асрагил!” – ўргатар Ислом!

2007

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Тоғам у аёлни етаклаб келиб, таништирди:
– Бу менинг қизим, исми Жамила. Тожикистондан, – деб жувонни қучоқлаб, елкасини силаб қўйди.
– Ҳай, мен нима қилай? – дедим зарда билан.
Тоғам бир унга, бир менга қараб:
– Мана, қара қани, буни қулоғида иккита тилло ҳалқа, сенда ҳеч нима йўқ, – деди гап тополмай.
Ичимда “Астағфируллоҳ”, деб ҳам ўзимни ушлолмадим:
– Бунингизни сизга ўхшаган оталари кўп-да, бири бўлмаса бири олиб берган. Нима бўпти шунга? Мен Московга ҳалқа олиш учун келганим йўқ!
Тоғам гангиб қолган “қизи”га менинг феълим тор, инжиқ, тегманозик эканимни айтиб, арз қила кетди. Яхшики, “бўлам” камгап экан, ортиқча сўз қўшмади.
Тоғамнинг алжирашини эшитмаслик учун телевизўрни қўйиб, овози борича баланд кўтардим. Тоғам хўрозланиб келиб симни суғуриб ташлади. Мен ўша заҳоти улаб, симдан қўл узмай безрайиб туриб олдим. Асабийлашаётганимни кўриб Жамила тоғамни хонадан чиқариб юборди:
– Тоғангиз сизни мақтади, шу қиз билан танишасан, деб туриб олди, – деди тўтининг патидай зангор қабоғини пилпиллатиб.
– Нима деган мен ҳақимда, билмайман ва менга қизиғи ҳам йўқ. Мен ёмон одамман, жудаям ёмонман, – деб шарт ўгирилиб ётиб олдим…
Бир муддатли ланж сукунатдан кейин ўзи еган азоблари ҳақида гапира кетди. Еттинчи синфга ўтар-ўтмас бир йигит йўлдан уриб обқочиб кетганини, юкли бўлиб қолганини йиғламсираб ҳикоя қилди. Кейин менга далда бериш учун худодан кириб пайғамбардан чиқди…
Суҳбатимиз энди жонланай деганда ювилмаган қошиқдай бўлиб тоғам яна қайтиб кирди. Жамила иккови – бир “отинча”ю бир “сўфи” менга амри маъруф қила кетишди. Бунисига чидаб туролмадим:
– Қизиқ, мактабни олтинчигача ўқиган бўлсангиз ҳам шунча ақлингиз бор экан-а? Менга насиҳат қиладиган покдомон бўлсангиз, нимага жалаблик қилиб юрибсиз? Шуни менга тушунтириб беринг!
Вой, тоғамни жинни бўлганини кўрсангиз!
– Нимага унақа дейсан? Қаерда кўрдинг? Ким билан ушлаб олдинг? Буларни никоҳи бор! Худодан қўрқ, худодан!.. – деб калити буралган ўйинчоқ жўжадай хона бўйлаб бетиним йўрғалаб қолди.
– Соғ бўлганида бировнинг эри билан етаклашиб юрмасди, – дедим мен ҳам авж олиб.
Ҳамма тахта бўлиб қотди-қолди. Мен эса уйдан чиқиб, ўзимни ўрмонга урдим…

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Шайхонтоҳур туманидаги 19- мактабда Навоий бобони ёд этдик.

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

КЎКЛАМ

Салим Ашурга

Кўклам, мен кўнглимни очмасдан ҳали
Қат-қат ҳасратимни илғаган кўклам,
Мени деб чорбоққа тортиб бахмални,
Қўзиқорин билан михлаган кўклам,
Менинг шарафимга яшин яшнатиб,
Мушакдек портлатган момақаймоқни,
Хатти шикастада мактублар битиб,
Шохларга боғлаган ҳар бир япроқни,
Кўклам, сендек тоза ошно кўрмадим!
Тўққиз ой яшадим юрагим ютиб,
Тириклик ҳурмати, ўлим ҳурмати
Тўққиз ой ўтказдим мавлудинг кутиб.

Кўклам, саболаринг ила сармастман,
Мени гумонлардан айлагин халос.
Мен сендан дунёлар талаб қилмасман,
Мен сендан муҳаббат тилайман, холос!
Ёмғирлар ёғилди, излар ювилди,
Аммо равшан тортди дилимдаги из.
У қизнинг қалбидан мангу қувилдим,
У менинг кўнглимдан кетмади ҳаргиз.
Кўклам, чегара йўқ саховатингга,
Сенинг давлатингдир толе ва иқбол.
Исмимни ғунчадек боғла ёдига,
Буткул қуримаган бўлса бу ниҳол.

Сенки, чақмоқ тутган буюк жаҳонгир,
Ўлим водийсидан юрагимгача
Руҳимдан тортиб то Саҳрои Кабир
Инқилоб улашдинг ва сочдинг чечак.
Сен сабаб истаклар уйғонди такрор,
Кўзларда акс этди юлдуз ёлқини.
Илиқ кечаларда янграр беозор
Олис денгизларнинг сокин шовқини.
Сен билан кетолсам эди зора мен,
Майли, насим бўлиб ўтсайдим сарсон,
Мана, бедазорни кечиб бораман,
Чигирткалар сувдай сачрайди ҳар ён.

Келмоқ-кетмоқликнинг бордир муддати,
Вақти билан бино бўлгандир кўк ҳам.
Юрагим ҳурмати, севгим ҳурмати,
Мени ўз вақтида йўқлагин, кўклам.
Йўлингга қарайман ҳадикка тўлиб,
Тўққиз ой қийнайди ширин висолинг,
Яшайман дилбанди ўлик туғилиб,
Янги фарзанд кутган ота мисоли.

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

О, БАҲОР!

Баҳор шамолига бағримни очдим,
Кўксимда сирғалди ипак ҳаволар.
Қўшқулоқ ялпизнинг бўйларин ичдим,
Булутдан ушатиб олдим ҳалволар.

О, баҳор!
Ўзингсан ҳаётбахш Масиҳ,
Чўпни жонлантирган сеҳргар ўзинг.
Сен менга худонинг дўстлик туҳфаси,
Томиримга туташ чилвир илдизинг.

Бойчечакдан олдин очилган қизлар
Кўчамдан ўтаркан таратиб ифор,
Қонимда живирлар гулшакл ҳислар,
Бахтимни кўргандек бўламан такрор.

Гўё ҳализамон келар хушхабар,
Ошиқ ўсмир каби тараддуддаман.
Юрагим қаттиқроқ урса ҳар сафар,
Эшикка қарайман, қулоқ тутаман.

Умидим чечаги чаманингда жам,
Тасалли берурсан ўксик дилимга.
Бўшаган ғумбакка беркинади ғам,
Табриклар йўллайман йўқ севгилимга.

Ичимга ютаман кўзёшларимни,
Эрийди юрагим бошидаги қор.
Агар келмай турсанг синаб сабримни,
Мен ўзим ёнингга борардим, баҳор!

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ҚУТЛОВ

Осмон чаманидан юлдузгул теринг,
Қалбингиз самовий қувончга тўлсин.
Сизни севиб қолдим, суюнчи беринг,
Сизни севиб қолдим, муборак бўлсин!

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

ВЕРЕШЧАГИН¹

Мўйқаламнинг қили –
туркийнинг сочи...
тунни чиздим
сарт кўзига ботириб,
Қирмиз гуллар солдим
Қирғиз хунин сочиб,
Мусаввирга ранглар керак,
олға,
ботирим!
Бунда
Осмон улкан дўппи эмиш,
замин – жойнамоз...
Қадри қадрсиздир,
Тупур,
давр келмиш,
Топта, бос!

Шафқат қилма,
яшашга беҳуқуқ гўдак
Ҳозирданоқ тайёр бизни тишлашга...
Россияга рангин сувратлар керак,
Ҳеч бўлмаса,
хонимлар кўнглин хушлашга.

Мусаввирга ранглар керак,
олға,
ботирим!

1988

¹XIX аср рус рассоми

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Охунжон Мадалиев – Дадам йўқ

Иқбол МИРЗО шеъри

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_олтинчи_мактуб

* * *
7 март

Энди мен тоғам билан туролмасдим. Унинг кўнглида нима борлиги, мақсади нелигини билмасдим. Аллақачон ашаддий ароқхўрга айланган кимсадан ҳар балони кутиш мумкин эди.
Ўйлай-ўйлай шаҳарчага яқин жойда яшайдиган жияним Бобурга қўнғироқ қилдим:
– Ижарауй керак. Мен қўрғондаман, тоғамникига кеча келгандим, – дедим.
– Ҳозир ишдаман, ижарамга қайтиб уйнинг эгасидан сўраб кўраман. Рухсат берса, сизни олиб келаман, бўлмаса эртага ишдан чиққунингизча бирорта бошпана топаман, – деди.
– Фақат жавобини тезроқ айт, – деб тайинладим. Тўрт-беш дақиқадан кейин қўнғироқ қилиб:
– Уй эгаси рози бўлди. Ишдан кейин ёнингизга бораман, – деди Бобур қувониб.
– Мен бу ерда ортиқ қололмайман. Соат тўртларда ишда бўлишим керак, шу билан эртага эрталаб бўшайман, – дедим.
– Унда жомадонингизни бизнинг уйга қўйинг. Уйда ишга чиқмаган йигитлар бор. Юкингизни олиб қолишади. Эрталаб ишхонангиздан тўғри бизникига келаверасиз, – деди.
Кейин тоғамга сим қоқдим:
– Мен Бобур билан гаплашдим. Уларникига кўчиб ўтаман. Бирорта бола кўмаклашиб юборсин, – дедим расмий.
– Нимага бирданига кетяпсан? У ерда ўн еттита бола яшайди. Қандай турасан қиз бола бош билан? Бобурдан бошқа ҳаммаси бегона-ку, – деб эътироз билдирди “жонкуяр” тоғам.
– Йўқ, раҳмат. Етарлича сабоғингизни олдим. Энди нима бўлса пешонамдан кўраман, Бобурнинг уйигача элтиб қўядиган одам борми ёки ўзим кетаверайми? Ишга кечикаман, – дедим.
Тоғам яна бир бор асл башарасини кўрсатди:
– Сени бўғчангни кўтариб юрадиган бекорчи йўқ. Кўчадан мардикор топ, тушундинг? – деб алоқани узди.

* * *

Юкларимни олиш учун қўрғонга киришга мажбур эдим.
Шунча вақт ўтса ҳам давра тарқамаган, аксинча, сафларига яна икки рангпар аёл қўшилибди. Ҳаммалари гижбаданг маст, хона туман тушгандай тамаки тутунига тўлган. Ит эгасини, пишак поччасини танимайди.
Тоғам юришни энди ўрганган бир яшар болакайга ўхшаб қалқиб-қалқиб, базўр оёқда турар, кўзларидан маъно қочган, афти кўкишга мойил бўлиб қолганди. Мени кўриб тили зўрға айланиб, ўдағайлай кетди:
– Ним-мага бу ер-даги гапла-ни дар-рав опамга чақ-чақ-динг? Бу ёқда Мир-хондинг менга буйру-уқ беради. Қач-чондан бер-ри у қўмондону мен ас-кар бўлиб қоллим? – у кўксига мушти билан гурс-гурс урди, – мен гене-ралман, фамил-лиямни биласан-а? Ра-ҳи-мовман, гене-рал Ра-ҳи-мов м-мен бўламан! – кўзига тик қараб турганим бирдан таъсир қилди шекилли, пашша тутаётгандай қўлини силтаб, – Эр-ртага пат-тангни олиб у-уйга уч-чириёраман, – дедию ўқ егандек тўшагига юзтубан қулади...

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Самарқанд_илҳомлари

Буюк Ипак Йўли

Қумлар сочиб, йўл очиб, тасбеҳдек карвон ўтар,
Туяларда чайқалиб давр ўтар, даврон ўтар.

Мушкни мурчга, гуручни адрасга айирбошлаб,
Алакни бўзга, бўзни атласга айирбошлаб,

Гоҳида инсоф билан, гоҳида иймон билан,
Йўлнинг танобин тортиб, тош билан, довон билан,

Бирда алдаб, бирида ғафлатда қолиб ўзи,
Гоҳ йўлидан, гоҳида ўзидан нолиб ўзи,

Турфа либос, дил билан турли карвонлар ўтар,
Нортуя одимидек вазмин замонлар ўтар.

Саҳро – улкан қумсоат. Қор тўкилар оқ қумдай,
Тужжорнинг насибаси гоҳи заҳар-заққумдай,

Лекин Ипак йўли бу – ҳақ йўли, урфон йўли,
Инсоният жисмида жон йўли бу, қон йўли.

Шу йўл боис Румода чиний жарангослари,
Олмонларда қўлма-қўл Самарқанд қоғозлари.

Хуржуннинг бир кўзида ҳалвою новвот кетар,
Бир ёнда Самарқандий китобу довот кетар.

“Адолат сари юргил, юзлангин илм томон!” –
Дуога жуфтланган кафт, ҳовуч каби Регистон.

“Олам симобдек титрар, ўзингдан бўлгил огоҳ!” –
Кўз юммас Шоҳи Зинда – абадий барҳаёт шоҳ.

Қанча савдогар бунда эл бўлиб қолиб кетган,
Кетганлари маърифат, маърифат олиб кетган.

Вале Буюк карвоннинг юмуши битгани йўқ,
Ҳануз йўлдадир, ҳануз манзилга етгани йўқ.

2007

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

"Ёшлик" журнали архивидан

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

VII АСР. ЖАНГГОҲ

Ер бағирлаб қарлуғочмас, тийрлар учар,
Ўт-ўланлар ёғмур эмас, хунлар ичар,
Алп эранлар қонлар кечар, жондан кечар,
Тур, Иқболбек, тур!

Юзларимга тумшуғини чўзар тўриқ,
Нарироқда чўнқаяр оч она бўри.
Милтир-милтир, элас-элас кўзим қўри...
Тур, Иқболбек, тур!

Марғиёндан қочиб чиқди қаттол ёғий,
Очун фоний, бу жон – оний, турук – боқий!
Кўк илоҳий, ер илоҳий, эрк илоҳий,
Тур, Иқболбек, тур!

Билга хоқон ҳамон ёвни қийратмоқда,
Меним сўник қароғимга кун ботмоқда.
Билолмайман, дўст ким, ёв ким, жанг қаёқда...
Тур, Иқболбек, тур!
Тур, Иқболбек...

1988

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 Иқбол Мирзо: “Ўзини зиёлиман деб юрган зиёнли одамларни “инсонликка номзодлар” дейман”

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

14 ФЕВРАЛ — ЗАҲИРИДДИН МУҲАММАД БОБУР ТУҒИЛГАН КУН

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Баҳодир Мамажонов – Маст эдим

Иқбол МИРЗО шеъри

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 O'zbekiston Xalq shoiri Iqbol Mirzo bilan onlayn suhbat

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_тўртинчи_мактуб

* * *

Биринчи курсда ўқиб юрганимизда шаҳарлик бир қизимиз турмушга чиққанди. Курсдошлар совға олиб, сўзга тайёрланиб, ният қилиб тўйга боргандик. Олмос қўнғироқ қилиб қаердалигимни сўраб қолди. “Биз тўйдамиз, гапларингизни эшита олмаяпман, уйга боргандан кейин қўнғироқ қиламан”, деб дугоналарим қанча “қол-қол” қилишсаям, эртароқ қайтдиму у билан боғландим:
– Роса ўйнадингизми? – деб сўради Олмос ғижиниб.
– Жа қойиллатиб ўйнай олмайману, кўпдан кам бўлмаслик учун қарсак чалиб турдим, – дедим сал чўчинқираб.
Тадбирларда даврабошилик қилишни қойиллатаман, аммо рақс масаласида чиндан ҳам пиёдаман. Шуларни Олмосга айтсам:
– Даврага тушиб ўйнаш, рақс тушиш дегани бу – тўйхонадаги томошабин эркакларга қараб “Мана менинг қоматим, мана, мен балоғатга етиб қолдим, менга қаранглар”, деб ўзини кўз-кўз қилиб, диққатни жалб этиш, қўполроқ айтганда, ўзини бозорга солиш демак, – деган эди.
Шу гапдан кейин илло-билло даврага чиқиб қўлимни кўтарган одам эмасман. Қолаверса, қиёфамдаги ўзгаришлардан кейин ўртада ўйин тушиш у ёқда турсин, икки кишининг орасидан ўтолмайдиган андишам бор эди.
...Чарчоқ ва мудроқ ҳар қанча хуруж қилмасин, тоғамнинг қилиғи, ҳадик ва хўрлик миямда таранг оғриқ уйғотиб, кўз юмгани қўймасди… Ҳа-а, аҳволинг оғир, Бону, нимадир қилиш керак, лекин нима?
Уйқуни ҳам ит қопди...
Бир вақт ҳалиги икки эркак кириб келди. Ошни сузишди. Тоғам яна келиб, мени дастурхонга чақирди.
– Қорним тўқ, емайман ҳеч нима, – деб қайтариб юбордим. Яна қайтиб келиб, аймоқлар билан дастурхон бошида ўтиришим шартлигини айтди.
– Улар сен учун келган, сени суҳбатингни олишмоқчи, – деди қўлидаги қоғоз сочиққа бармоқларини артаркан.
– Чиқмайман! – дедим қатъий.
– Мен учун чиқасан, – деди у хезланиб.
Жон-поним чиқиб кетди:
– Тоға, ўз қизингизни шу даврага солармидингиз? Солмасдингиз-а? Мен у ерда ўтирганимдан сизга нима фойда?
Унинг важоҳати бузилди:
– Ҳай деганда она йўқ, ҳуй деганда ота... Биласанми бу гапни менга ким айтган? Усмонбек айтган! Усмонбек кимлигини биласанми? Мени язнам бўлади, аммамни эри, – деди… Бу гапларни ҳозирги ҳолатга қандай алоқаси борлигини чамалаб турсам, – Она кетади, ота кетади, лекин тоға доим ёнингда... Яхшиликча, гапимга кир, агар сен чиқмасанг, улар ўзи хонангга киради, – деб чиқиб кетди. Сўнг меҳмонларга, – жияним доғларидан изо еб, тортингани учун чиқмаяпти, – дегани аниқ эшитилди.
Эрка ўсганим учунми, кўзёшларим ҳамиша қалқиб туради.
Кейинги пайтларда ўзгалар олдида йиғлаш нафақат уят, балки ўзингни ўзинг ҳақоратлашга тенг деган тўхтамга келганман.
Коллеждан обидийда қилиб келганимда “Одамлар бир томчи кўзёшингга арзимайди, арзийдиган одам сени йиғлатмайди”, деб сочларимни силаганди дадам раҳматли.
Ҳозир ҳам икки томчи илиқ ёш қулоқларим ёнидан думалаб ёстиққа тушди.
Қайданам ишондим бу аблаҳга? Эҳтимол, мен одам танимасман, лекин онам ўз жиянлари қандайлигини билиши керак эди-ку. Нега бунинг ёнига юборди?
Тўғри, дадам ҳам ичарди, лекин ҳеч қачон бунақанги тубан, чўчқатахлит аҳволга тушмасди. Ёки мен кўрмаганмидим? Йўқ, бўлиши мумкинмас, дадам худодан қўрқарди...
Меҳмонлардан бири кириб, дадамни ёдлаб, яқинлигини изҳор этган бўлди. Иложи борича асабларимни жиловлаб, ўзимни тутишга ҳаракат қилиб, босабр турдим. Мендан ҳеч қандай садо бўлмагач, ноилож чиқиб кетди…
Кейин яна бир эркак ва аёл кириб келганини гап-сўзлардан англадим. “Одамшаванда” тоғам яна кириб:
– Мана, даврага аёл киши келиб қўшилди. Тур энди, қани, чиқ, – деди.
Жойимда миқ этмай ётавердим.
______________
Давоми 👇

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Ziyaev nikidagi kanalimiz aʼzosidan

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал