iqbol_mirzo_ijodi | Неотсортированное

Telegram-канал iqbol_mirzo_ijodi - Иқбол МИРЗО шеърлари

2347

Ҳурматли канал кузатувчилари! Бу ерда Ўзбекистон халқ шоири Иқбол МИРЗОнинг шеърлари, шоир ижодидаги янгиликлар, фото ва видео тасвирлар билан танишиш имкони мавжуд.

Подписаться на канал

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

ОРЗУ

Ўйлардим...
гулларнинг гўзал юртида
Дилкаш чашмаларнинг бўйида,
Ёлғиз,
Хуш чизгилар ила дилу сиртида
Теран хаёлларга кўмилган бир қиз –
бўлса...

Истардим:
Чашмадек чашмларида –
Кумуш ҳалқаларда айланиб турсам,
Гулхандек ўйнаган
юрак қаърида
Йиғласаму кулсам...
Йиғласаму кулсам...

Хоҳлардим:
Бу айни ҳақиқат бўлса,
Ишқ оқса жамики томирларимда,
Лабимни гуллатса яримта бўса
Ва улкан дарахтга айлансам
Зумда.

Тилардим:
Юракдек олис бўлса ёр
Ки, мангу етмаса чўзиқ қўлларим,
Зулфидан ўпмасам,
Ҳидлолмасам ё
Сочдек беҳад бўлса дунё йўллари.

Орзу қилар эдим:
орзудек қолса –
Ўша қиз,
Билмасам ҳатто исмини,
Юракка қўшилиб устихон ёнса,
Осмон кўмиб қўйса сўзон жисмимни...

1988

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

9 ФЕВРАЛЬ — ҲАЗРАТ МИР АЛИШЕР НАВОИЙ ТАВАЛЛУД ТОПГАН КУН

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_учинчи_мактуб

* * *
5 март

Йўлда тоғам икки танишини кўриб қолиб, қўярда-қўймай меҳмонга таклиф қилди. Улар зарур ишлари борлигини айтиб узр сўрашганди, астойдил ранжиб:
– Жияним шунча йўл босиб келган, ватанни ҳурмати йўқми? Гап битта, тушликка ош қиламан, ўтасизлар, – деб важ-корсонга ўрин қолдирмади.
Мана сизга ўзбекчилик, мана сизга манзират! Бурнимдан тортса қулайдиган даражада ҳолдан тойганман, оёқларим ўзимга бўйсунмайди...
Тоғамга меҳмоннавозлик ташвишини қўйиб, кириб ухлашни ўзимга эп кўрмадим. Меҳмондўст жигарим бўлса қўноқларни қандай қилиб кутиб олиб, расамадида кузатишдан бошқа нарсани хаёлига келтирмасди.
Тоға-жиян ошга уннаб кетдик. Сабзи-пиёзларни арчиб, тўғраб тайёрлаб бердим. Тоғам:
– Гапир, жиян, қишлоқдан гапир, ким ўлди, ким қўйди, айт. Нимага ҳурпаясан, чақчақлаш, нега нос отган кампирдай жи-им ўтирасан? – дейди холос.
Танаси бошқа шу экан-да. Ўзига-ўзи жавраб-жавраб, капгирни қўлига олди. Мен ҳамма жойни ювиб-йиғиштириб, дастурхон тузадим.
Қўрғонга ичимлик сувини ташиб келтиришаркан. Тоғам билан пиёда бориб тўрт челак сув олиб келдик.
Дастурхонга мен уйдан олиб келган қовун, шафтоли, узум ва нон қўйилди.
Қуёш шиша бўйи кўтарилганда тамом силлам қуриб адо бўлдим. Ахир ўн тўрт соат тик оёқда ишлаган одам яна қанча бардош бериши мумкин?
Хонага кириб, ёстиққа суяниб ухлаб қолибман…
Бир пайт батанг мусиқадан чўчиб уйғондим. Чиқсам, тоғам хоразмча қўшиққа жиблажибонга ўхшаб муқом қилиб, илжайиб-тиржайиб ўйинга тушяпти. Ҳайрон бўлиб турсам, томдан тараша тушгандай билагимдан ушлаб, рақсга тортиб қолди. Астағфируллоҳ!..
Йиғлаб юбормаслик учун лабимни қаттиқ тишладим… Ҳеч нима демай қўлимни шарт тортиб, хонамга қайтдим-да, ўраниб ётиб олдим. У бостириб кириб, шахд билан устимдан кўрпани юлиб отди:
– Тур, ўйнаймиз!
Димоғимга ичилган винонинг қўланса ҳиди урди.
– Қаерда кўргансиз ўйнаганимни? Мен сизга циркдаги масхарабозманми?! – дедим йиғи аралаш ўшқириб.
– Қайсарлик қилма, тур! Тур ўрнингдан, – деб яна қўлимдан ушлади.
Жон ҳалпида тепиб юборибман. Бироз туриб ўзига келди-да, яна совуқ ишшайиб:
– Тур, ош пишди, ҳозир аймоқлар келади, – деди.
– Мен ҳеч кимни таклиф қилмаганман, мени аймоғим ҳам йўқ бу ерларда, ҳаммасини отам билан бирга кўмиб келганман, – деб бақириб-бақириб айтдиму, телевизўрнинг симини суғуриб ташлаб, жойимга ётдим. У бир зум гарангсиб турди-да, кейин ночор чиқиб кетди.
Қани энди уйқу келса…

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

AЖАЛ ЁВУҚ КЕЛДИ

Aжал ёвуқ келди, бақамти келди,
Кўзимга қаратди йиртиқ кўзини.
Бўйнимда шилимшиқ қўли сирғалди,
Туйдим моғор, суяк, какра исини...

Шу пайт самонинг оқ шовқини аро
Лип-лип учар эди юлдузкапалак.
Худодан ўлимим тилаган барно
Ҳомуза тортарди парвойи фалак.

Мен кимга керакман, кимга зарурман,
Уйинг куйгур ажал, мунча тикилдинг?
Эҳтимол, у ёқда топарман ҳурмат,
Эҳтимол, сен менинг кимлигим билдинг...

Йўқ, сизни зиғирча ўйлаганим йўқ,
Зарра ачинмадим – кўнглингиз тинсин.
Руҳим самоларда сачратади чўғ,
Сизнинг сочингизга кулларим қўнсин!

2015

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_иккинчи_мактуб

* * *
4 март

Биринчи иш куним бошланди.
Вазифам – бўшаб қолган расталарга маҳсулотларни пешма-пеш жойлаштириб туриш.
Супермаркетда кечки навбатчиликда тўртта ўрис хотин ва бир эркак қоровул, хоразмлик Шакаржон опа деган қувноқ аёл, Маҳмуд исмли юртдош амаки ва тожикистонлик бир йигит ишларканмиз.
Биринчи иш туним ёмон бошланмади. Шакар опа ва тожик йигит бу ернинг одати, шарт-шароитини эринмай ўргатишди. Кашандалигини ҳисобга олмаганда ўрислар ҳам ёмон эмас эди. Меҳнаткаш, хулқи ҳам нисбатан бузилмаган.
Дўконнинг биргина ёмон томони – бошингиз устида кузатув камераси худди аллақандай баҳайбат махлуқнинг якка кўзидай чақчайиб кузатиб туради. Ўзингга тўғри бўлсанг бўлди-да, дейсизми? Дўконнинг камерасидан қўрқасану, худонинг “камера”сидан нега чўчимайсан? Ҳа, бунақа саволлар кўп, лекин инсонмиз-да, назоратни ёмон кўрамиз...
Кечки иккидан ўтгандан кейин уйқу босиб, кўзимни очирмай қўйди. Аҳволимни кўрган Шакаржон опа ҳали аччиқ қаҳва дамлаб беради, ҳали бориб юзимни совуқ сувда ювиб келишни буюради. Ухлаб қолмаслик учун тўхтамасдан ишлаб, ўрислардан ҳам олдин вазифамни битириб қўйибман.
Бригадир келиб текшириб чиқди: камчилик йўқ.
Энди чой ичгани ўтирган ҳам эдимки, Маҳмуд амаки келиб ҳали ишим тугамаганини айтиб, нариги бўлмага олиб кетди. Яна ишни давом эттирдим.
Бир вақт Шакаржон опа келиб амаки билан жанжал бошлади. Амаки ўзининг ишини менга қилдираётган экан. Бригадир амакига жарима солди. Маҳмуд амаки келиб менга:
– Бориб бригадирга айт, мен бунга ўз ихтиёрим билан ёрдам беряпман, дегин, бўлмаса ёмон бўлади, – деди.
Бу гапни эшитиб қолган тожик бола шундайлигича бригадирга етказибди... Хўжайин яна амакининг бошига ғадаблаб келди. Вазиятни юмшатиш учун:
– Ўзим иш сўрадим ухлаб қолмаслик учун, – дедим.
Жарима олиб ташланмади. Амакининг кўзига балодай кўриндим. У:
– Ойлигингдан 700 рубль берасан, сен сабабчи менга жарима солганига, – деди мушт дўлайтириб.
– Ҳай, ойликкача борайлик қани, бир гап бўлар, – деб қўйдим...
Иш тугади. Тонг отганига хурсанд бўлиб кетдим. Ҳозир уйга бориб мириқиб дам оламан.
Чарчоқ чиқариб, бу кеч қийналмай ишлайман насиб бўлса...
Тоғам келиб мени олиб кетди.
Йўл-йўлакай бозор-ўчар қилиб, ўрмон оралаб қўрғонга жўнадик.

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

ПАХТА МАВСУМИДА

Куз йўлга мезондан тортди тағин ип,
Мен эмас, тўлдирар фироқ бағрингни.
Қўлларим қақшайди сочинг соғиниб,
Сочларим соғинди бармоқларингни.

Пахта – адоғи йўқ кўпирган баҳр,
Пахта, пахта керак! Ишққа вақт қани?
Бир нафас чўккалаб, хўрсиниб оғир
Силайсан пахтани.

18.X.1988.

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ТАВАККАЛ

Бир ўзинга таваккал, Тангрим, сендан сўрайман,
Ўйларимни илоҳий чечакларга ўрайман.
Тилло ўғиллар бердинг, кумушдайин қиз бердинг,
Имкон ҳам бер, шуларнинг фароғатин кўрай ман.

Кумушимга Кумушнинг қолган умрин қўшиб бер,
Ўғилларга мирзолар шаштини ҳам жўшиб бер.
Бахт берганда, илтимос, гаштини ҳам қўшиб бер,
Сиҳатликда кексалик гаштини ҳам сурай ман.

Иззат қилдим келганча қўлимдан ва дилимдан,
Дадамга эҳтиромим қайтсаёқ бас ўғлимдан.
Юртин севишса бўлди мен севгандек кўнглимдан,
Йўқса шўр девор каби нурсизгина нурайман.

Ишонганим ўзингсан, бегона тутма, Тангрим,
Хаёлимдасан доим, сен ҳам унутма, Тангрим.
Мажолим етганидан кўпини кутма, Тангрим,
Байтим билан дилларда Байтуллоҳлар қурай ман.

Дўсти нодон етарли, бошқа мол керак эмас,
Севгили ёр сўзидан ўзга бол керак эмас.
Дам шу дамдир, шу ҳолдан ўзга ҳол керак эмас,
Кўпга бер, кўп қатори ҳовуч очиб турай ман.

Ҳар заррангда ҳикмат бор, зарра қадар иллат йўқ,
Ҳимоятингдан ўзга мен фақирга ҳиммат йўқ.
Сендан сўрайвераман, битта сенда миннат йўқ,
Шафоат қил, бир сенинг пойингга бош урай ман!

2015

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмиш_биринчи_мактуб

* * *
2 март

Иккинчи курсни тамомлаб, таътилга чиққан кунимоқ Икромиддин акам:
– Қўлинг бўшагани яхши бўлди, Бону, Тошкентга шойи матолар кўргазмасига опанг билан бориб қатнашиб келасан, – деб қолди.
Кутилмаган таклиф-топшириқ мени шошириб қўйди: Тошкентга-я, кўргазмага-я! Маза-ку!
Саккиз-тўққиз ёшимда дадам пойтахтда бўладиган курсдошлари учрашувига мениям олиб борганди. Биринчи таассурот: музқаймоқнинг кўплиги... Қишлоғимизга кун қизиганда келадиган Фахриддин бўтқа деган музқаймоқфуруш юпқадан пиширилган жигарранг катак-катак нонпиёлага наридан-бери суриб берадиган “яхшири лазиз”ида сут билан шакардан бошқа ҳеч нарса бўлмасди.
Тошкентда оёқли косачага тўлдириб бериладиган қаймоқли, шоколадли, мевали музқаймоқ чинакам роҳати жон эди. Кейинчалик Бухорода ҳам минг турли музқаймоқлар пайдо бўлди. Лекин “Мовий гумбазлар” деб аталган емакхонада дадамнинг завқига завқ қўшиб икки косачани бўшатганимдаги мазани бошқа ҳеч тополмадим.
Иккинчи таассурот: курсдошларнинг олашовур байрамидан сўнг Марказий катта дўконга кирганимиздаги қувончим. Бу ерда йўқ нарсанинг ўзи йўқ, қўғирчоқ қўнғир айиқчадан тортиб яшил тимсоҳгача, қулоч етмайдиган глобусдан онам ёқтирадиган гиламларгача... тиқилиб ётибди. “Ҳаммасини уйга обкетайлик, Мирхонд хурсанд бўлади”, десам дадам чаккасини қашлаб, синиқ кулимсираб, бахмал дўппили курсдошига қараб қўйгани ҳам эсимда.
Тошкентга Сужи ҳам борадиган бўлди. Атласу адрас ортилган “Нексия”да йўлга чиқдик.
Янги Тошкентни кўрганда уйғонган илк таассурот шу бўлди: кўча-кўйдаги ёзувлар, ресторан, дўконларнинг пештоқидаги битиклар аксари ё ўрисча, ё европача тилда экан. Бу ҳолдан Сужи ҳайратга тушди:
– Нега одам ўзини ҳурмат қилмайди? Онасини ҳурмат қилмайди? Она тили дейсизлар-ку...
Иккинчиси ҳам биринчисига боғлиқ: кўргазмадан кейин менинг илтимосим билан ўша Марказий дўконга бордик. Ичкари кириб эшик ёнидаги соат растасида телефон ўйнаб ўтирган малласоч қиздан сумкалар қаерда сотилишини сўрадик. У нигоҳини телефондан узмай, улама киприкларини пириллатиб елка қисиб қўяқолди. Мен саволимни яна қайтардим, сотувчи бу сафар ўрисчалаб “Мен соат сотаман”, деди истар-истамас. Меники тутди:
– Менга қаранг, хоним, – дедим мен ҳам ўрисчалаб, – давлат тилига шуми ҳурмат? Мижозга шуми эътибор? Муомала маданияти деган ибора сизлардан чиққан эди шекилли?
Менга алам қилгани, шунча жон койитиб жавраб ётибман, қизгина итмисан, эшакмисан деб бош кўтариб қараб қўймайди. Фақат “Нари кет, йўқол, бошимни қотирма”, деган маънода тамаки тутунини ҳайдагандай қўл қоқди. Қарасам, сўз қўшмай турган Шоира опам чала пишган гилосдай қизариб-бўзариб кетибди. Учовлон ғазаб отига миниб, адолат ўрнатиш учун дўкон эгасини излаб кетдик.
Иккинчи қаватга кўтарилиб, ҳашамдор қабулхонага кирдигу, у ерда ҳам фиғонимиз фалак бўлди: мактаби бир шекилли, котиба қиз сотувчининг муомаласини айнан такрорлади. Бизни бошлиққа рўпара қилиш тугул, тезроқ қутулиш пайида “Ҳозир тушлик бошланади, уч-тўрт соатдан кейин хабар олинглар”, деб эшик томон қисиб келаверди. Шу пайт бахтимизга кабинетдан салмоқланиб раҳбар чиқиб қолдию бирдан котибанинг попуги пасайиб, вазиятни мулойимгина қисқача изоҳлаб, жойига бориб ўтирди. Дўкондор киши беҳаё, қаттиқ нигоҳи билан учаламизга бош-оёқ сўзсиз қараб чиқди. Сўнг ўрисчалаб:
– Қайси қишлоқдан келдинглар? Нима керак сенларга? Нима муаммо? – деди ижирғаниб.
Мен бўлган гапни ҳаяжондан тутилиб-тутилиб ўзбекча тўкиб солдим. У менга гезариб қараб:
– Миллатчимисан? Ирқчимисан? Биласанми бунинг учун қанча беришади? Тезда пастга тушиб, Дилфузкадан узр сўрайсан! – деди пишқириб.
– Дилфузка? Ўзбекми у ҳали? – деярли ўкириб юбордим.
– Нима деб ўйловдинг? Русчани фақат Россияда гапиришадими? Менам ўзбекман... – деб котибасига юзланди, – анави Ички ишлардаги террорга қарши бўлим бор-ку, оти нимайди, майор Гаппаровмиди раҳбари, рақами неччийди, – у қўл телефонини кўзига яқинлаштириб, бош бармоғи билан сийпалаб қидирув бошлади.

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 Iqbol Mirzo bilan intervyu | Иқбол Мирзо билан интервью

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Хуршид Расулов — Эҳтиёт қилинг

Иқбол МИРЗО шеъри

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Етмишинчи_мактуб

* * *
24 февраль

Тоғам ўрмоннинг ўртасидаги бир қаровсиз қўрғонга “хуш келибсан”, деб етаклаб кирдию дарров иштиёқ билан кафтини кафтига ишқаб, хушнуд кайфиятда шўрва солди. Мен уйларни супуриб-сидириб, уюм бўлиб ётган кийим-кечакларини ювдим.
Ҳамқўрғон болалар ишдан қайтишди. Биргаликда чой ичдик.
Тоғам йигитларга:
– Бу мени жияним, сизларнинг опаларинг бўлади, бирорта ортиқча гап эшитмай бирортангдан, – деди ҳукмфармо оҳангда...
Беш эркак ичида ўтириб овқат егандай ҳам бўлмадим. Идиш-товоқларни йиғиштириб-ювиб, ҳордиқ олгани тоғам кўрсатган хонага кирдим.
Бирдан дилимни ваҳима қоплаб олди: бундан кейинги қисматим нима бўлар экан? Бу ерда мени ҳимоя қила оладиган ким бор? Тоғамни обрўси унинг гапига йигитлар майнавозчилик билан ўзаро кўз уриштирганидан маълум.
Нега Олмоснинг таклифини қабул қилмадим? Унинг жонкуярлиги сохта кўриндими? Сўз оҳангида мен узоқлашиб кетаётганимдан хурсандлик аломатини сездимми? Ё у батамом бегоналигини энди узил-кесил тушуниб етдимми?
Эртага мени нималар кутяпти?
Кўз олдим туманлашиб кетди.
Келажагимда тумандан бошқа ҳеч нима кўринмаяпти...

* * *
1 март

Ассалому алайкум, акажон, саломатмисиз? Баҳор муборак!

* * *

...Ниҳоят ўргимчак ипидек чувалган тонг отди...
Нонушта қилиб бўлгач, тоғам болаларни ишга жойлаб келиш учун кетди. Ошхонани тартибга келтириб, тушлик тайёрлаб қўйдим.
Тоғам келгач, ариқдан сал каттароқ ирмоқ ёқалаб шаҳарчага тушдик. Мўлжалга етиб келгунча кун қиёмдан ошди.
Бир дўкон хўжайини аввал “Иш йўқ”, деб тихирлик қилиб турди-да, сўнг менинг ўрисчалаб бемалол гапираётганимдан қониқиб дастёрликка олди...

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 "Тундаликлар": Иқбол Мирзо

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Латвия_илҳомлари

Xўроз

Xўроз ҳайкалчалар шаҳри Юрмала,
Олтин қуббаларда мағрур тусланар.
Мавсум шамоллари таралган палла
Ўша томонларга қараб юзланар.

Биздаям учрайди шундай хўрозлар,
Ким дон сепса, шунинг қулиман, дейди.
Ҳар хил тармоқлардан берар овозлар,
Ғийбат шудгоридан қурт териб ейди.

Қибласи – жиғилдон, тасбеҳи ҳам дон,
Баъзида ирғишлаб қўяр осмонга.
Манфаат шамоли таралган замон
Бўйнини чўзади ўша томонга.

Бемаҳал қичқирар занғарлар ҳар дам,
Билмас, қўшиқлари энди бесамар.
Дўстлар, қай томонга қараб турса ҳам
Латиш хўрозидан халққа йўқ зарар.

Юрмала,
18.05.2017

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

ИЛЛАТ ТЕККАН

Иллат теккан олма – курраи замин,
Ичидан зил кетган, дарди ичида.
Бир эпкин ўчирар тириклик шамин,
Ҳаёт титраб турар шамнинг учида.

Бузилгандир олам мувозанати,
Қақраган денгиз ва кўнгил тўлмайди.
Охир ғолиб келди иблис лаънати,
Бу олам ҳеч қачон одам бўлмайди.

Янги шаклдаги бедаво дардлар,
Фитна ва хиёнат, ёлғон ва риё.
Нафсига ҳирс қўйган валламат мардлар,
Зулматни симириб семирган зиё.

Бошидан тожини ечяпти қуёш,
Тириклар тирилмас, ўлик ўлмайди.
Кимдир тепамизда тўкяпти кўзёш,
Энди бу одамзод одам бўлмайди!

2007

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Олтмиш_саккизинчи_мактуб

* * *
19 февраль

Бир куни кечқурун ўша Ботир тоғам Москвадан телефон қилиб, ҳол-аҳвол сўради. Онам унга:
– Ёнингда иш бўлса, Бонуни ҳам чақир, ҳаво алмаштириб, ишлаб келсин, ҳарна чалғийди, – деди “маъқулми”, дегандай мен томонга бош ирғаб.
Тоғам айни иш борлигини, зудлик билан учоққа минсам, Москвада ўзи кутиб олишини айтиб қолди.
– Ҳа, менга қолса, тоғангни ёнига борганинг дуруст. Қачондан бери сени сўрайди, тайинли одам, қийналмасанг керак, – деди онам менга синовчан боқиб. Онамдан бундай маслаҳат чиқишини кутмаган эдим. Юзимдаги ифода ўзгаришини сезди шекилли, – кўряпсану, бизда маошнинг баракаси йўқ. Тоғанг ойда бўлмаса, ой оралатиб тузуккина пул жўнатяпти. Шу пиёнистаки шунчалик жамғараётган экан, сендай тишли-тирноқли қиз рўзғоримизни оёққа қўйсанг ажабмас. Тоғанг билан ишинг ўхшамаса, акангниям қўли тош орасидамасдир, – деб қўшиб қўйди.
– Кетсам сизга ким қарайди?
– Мен ўз кунимни ўзим кўраман. Ҳеч кимга оғирлигим тушмайди. Нафақам ўзимга етади. Сенинг муаммоларинг кўп. Жойингни топиб узатиб, тинчитмасам, икки кўзим орқамда кетади, – деди дарров йиғламсираб.
– Менсиз қийналиб қоласиз, онажон, – дедим-у, ичимда онам ҳақ эканини ҳис қилдим.
– Йўқ, болам, опаларинг хабар олиб туради, мендан хавотир олма, – онам енгларини қовоғига босди.
Рост гап, бу ерларда хунук кўриниб юргандан кўра олисга, бегоналар орасига кетганим аъло.
Очиғи, сизга ҳам таниш бўлиб қолган муҳитдан батамом безиллаб бўлгандим.
Кетай, “Ҳувайдо” бобомдай бош олиб кетай, манглайда бўлса бир кунимни кўрарман, бўлмаса пешонадан... Ҳечқурса, уч-тўрт танга топиб, онажонимнинг жонига ора кирарман, опаларимга, Шоира опамга қарашарман. У ёғига худо пошшо...
Таваккал деб чиптани олиб, мусофир тўнини бичиб, ҳозирлик кўра бошладим.
Йўлга чиқишимдан бир кун олдин “сафар оши” бериб, опалар, жияну поччалар, амаки, аммалар билан хўшлашдик. Қариндошлардан шўрданакчи аммам норози бўлганди, онам:
– Ишласин, ҳозир вақти бор, ўзини даволатсин, акангиз мозоридан туриб қайтиб келмайди бунга қайишгани, – деб қайириб ташлади...
Шу билан ҳамма тилини тишлади...
Мен йўлга отландим...
Поездга чиқиб жойлашиб олганимдан кейин Олмос билан хайрлашиш мақсадида қўнғироқ қилдим. Телефонни хотини Ҳилола кўтарди. Ноқулай қолиб:
– Олмоснинг курсдоши бўламан, Тошкентдан қўнғироқ қиляпман, – деб ёлғон гапирдим.
Қизчасини бешикка белаётган экан шекилли:
– Ҳо-зир, ҳози-и-р, ну-ну-уш, эгалари келди, бабалари ке-етсин, бир дақиқа-а, – деди-да, телефонни ўчирмасдан хўжайинини чақирди.
Билмадим, Олмос қандай юмуш билан банд экан, ҳадеганда келавермади. Бироздан кейин Ҳилола:
– Олмос акам уйда йўқ эди, келса айтаман, сизга телефон қилади, – деб жавобимни кутмасдан ўчириб қўйди.
Кўнглимдаги милтироқ шам ҳам бир қалқинди-да ўчди...
Поезд жилгандан кейин бир оз вақт ўтиб Олмос қўнғироқ қилди.
Узр сўрадим:
– Телефонни Ҳилола кўтарди, Олмосни курсдоши бўламан дедим. Ишқилиб уришиб қолмасангиз бўлди, – дедим.
– Ҳеч нима бўлмайди, хавотир олманг. Нима гап, тинчликми, қуёш қаёқдан чиқибди?
– Кетаётувдим... шунга...
– Ҳа, яхши-ку, қаёққа, ким билан? Айланганими ёки даволанганими?
– Бир ўзимман. Поездда, Москвага кетяпман. Хайрлашгани телефон қилгандим.
– Нима?! Қаерга? Бир ўзингиз? Жинни бўлдингизми? Нима қиласиз Москвада? Бегона жойга маҳрамсиз чиқасизми? – саволлар қалашиб кетди.
– Маҳрам?.. Мен рухсат сўрагани эмас, хайрлашиш учун қўнғироқ қиляпман.
– Кетмайсиз дедимми, кетмайсиз! У ерларда... кимингиз бор?
– Менга ишонмаяпсизми? Бошқа йўлим йўқ, мусофирчиликни ҳам бир кўрай... Хайр, соғ бўлинг!
Яна қайтиб сим қоқди.
– Сизга ишонаман, бироқ уларга ишонмайман! У ер сизга Ўзбекистон эмас, – деди. – Мени десангиз чиптани йиртасиз! Биринчи тўхтаган станцияда тушиб, ўша ерда кутиб туринг, кечки поезд билан бораман. Иш топаман, ишлайсиз! Ўзим ёрдамлашаман... Тушинг поезддан, – деди куйинчаклик билан.
– Мен ҳеч кимнинг ёрдамига муҳтож эмасман энди. Сизни кўп кутганман. Бошқа кутолмайман...
– Охирги маротаба...
– Поезд кетиб бўлди, Олмос, анча бўлди, – дедим...
Телефоним қуввати тугаб, “тинг-тинг” этиб... жон берди...

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Байрамга янги китоб чиқди.

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Otabek ismli kanalimiz aʼzosidan

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Иқбол Мирзо - Пахта

Шеърни шоирнинг ўзи ўқиган

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

📹 Шеърият кечаси | Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Самарқанд_илҳомлари

Самарқанд. Сирли нигоҳ

Самарқандни кезсанг, ажиб синоат,
Елкангга қўйгандек кимдир кафтини –
Ҳис қилаверасан бетиним, бот-бот,
Бир сирли нигоҳнинг илиқ тафтини.

Бу не ҳол? Не юмуш бажардинг, деган
Ялангтўш Баҳодир сўроқларими?
Ё энг олис юлдуз қатига етган
Улуғбекнинг тийрак нигоҳларими?

“Бизлар қурган эдик, шукур, болалар
Томоша-сайрга яраб турибди”, –
Уятдан ёноғи бўлиб лолалар –
Балки Бибихоним қараб турибди.

Ҳар қалай, шунчаки кўзлар эмас бу,
Юракка етгудек сеҳри бор ўхшар.
Толиб Алишербек лабида кулгу,
Ўсмирнинг самимий меҳри бор ўхшар.

Ҳар замон бир зотнинг замони бўлган,
Ҳирийда Шайбоқнинг бўзларими бу?
Фирдавсмонанд шаҳар армони бўлган
Бобурбекнинг ўткир кўзларими бу?

Син солиб термулар бир соҳир нигоҳ:
“Кимсан? Матлабинг не? Сўйла, ғофил кас?”
Йўқ, Темур кўзлари эмас бу, иллоҳ –
Темур нигоҳига бардош топилмас!

2007

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Хуршид Расулов - Борингизга шукур, онажон

Иқбол МИРЗО шеъри

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

– Отангга раҳмат сенларни! Кечирим сўрасам, кўнглинг жойига тушадими? Юр, узр сўрамаган номард! – бу гал негадир сўзларим лўнда-лўнда, хотиржам чиққанига ўзим ҳам ажабландим.
Дўкондор ҳафсала қилмадими ё одам йиғилишидан чўчидими, ҳарҳолда, Сужининг ҳайратдан имкон доирасида думалоқлашган кўзларига бир-икки назар ташлаб, “Ҳа, эсизгина одамлар”, дегандек бош чайқаганча хонасига кириб кетди.
Биз котибанинг истеҳзоли табассуми остида серрайганча қолавердик.

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишланади.

Шеърни Мухлиса Сайилова ўқиган.

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Самарқанд_илҳомлари

Фахрия

“Ҳамма йўллар Римга элтади...”
эски гап

Самарқанд – оламнинг сайқали, кўрки,
Самарқанд – кимга дарс, кимгадир сабоқ.
Қайтадан ўзини топгали, кўрки,
Шаҳримга ошиқар юз минглаб сайёҳ.

Бир замон чорасиз, яъни бечора
Ҳалокат домида ётганда гаранг
Темурбек кирганди жонига оро –
Гўри Мир қошида таъзимда фаранг.

Сайёҳлар оқади – чорлар тарона,
Кўзларда қувончга қоришиқ ҳайрат.
Сирли ва сеҳрли куй – Сўғдиёна,
Бобосин қисматин эслатар, албат.

Зўрнинг дастидан зор жар ёқасида
Ўлимтик қидирар муаллақ калхат...
Афросиёб – тарих чорраҳасида –
Тақдирин белгилаб олар халқ, давлат.

“Мағлубнинг ҳоли вой” – гердаяр юнон,
“Йўл бўлсин – чўл бўлсин” – пишқирар мўғул.
Куч адолатдадир, дер Соҳибқирон,
Замин – она бизга, барчамиз – ўғил...

Колизейда Қайсар ваҳшатга тўлиб,
“Ўлим!” деб бармоғин ниқтаган вақти –
Эр Тўнга илдизга ёндош хум кўмиб,
Қумлоқда ўстирди минг-минг дарахтни.

Кимки яқин келса бахт топди, ногоҳ –
Кимки йироқ кетса, азият етди.
Дунёга даъвогар не-не султон, шоҳ
Самарқанд тупроғин васият этди.

Темур ҳузурига келган элчидек
Сайёҳлар тавозе келтирар бот-бот.
Ёрлиқ олган каби кутмаганда бек –
Ўзбек дўпписини кийганига шод!

Ҳаяжондан титраб қоқ қўллари ҳам
Мўйсафид италён кўнгил ёради:
“Менинг она шаҳрим – Рим йўллари ҳам
Бугун Самарқандга олиб боради”.

Замин айланади, югурар замон,
Демангким, беҳуда вақт кетаётир.
Буюк Амир Темур даҳоси ҳамон
Қалб ва шуурларни фатҳ этаётир!

2007

Иқбол МИРЗО

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Бугун бетакрор хонанда ва ажойиб инсон Хуршид Расуловнинг таваллуд топган куни.

Барча мухлислар ва дўстлар номидан чин юракдан қутлаб, узоқ умр, мустаҳкам соғлик, ижодига зафарлар тилаймиз!

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

МЕНИНГ ЮЛДУЗИМ

Тунларим мунаввар, тунларим ойдин,
Менинг тушларимда бахтнинг суврати.
Менинг юлдузим бор ёруғроқ ойдан,
Шу юлдуз ҳар кеча тилга киради.

Ишон, дейди менга, бир париваш қиз
Сени жон-дилидан севар зиёда.
У фақат сен учун яралган ёлғиз,
Сен ҳам унинг учун келдинг дунёга.

Қайғунгга шерикдир, дардингга ҳамдард,
Сени деб жон нисор қилмоқликка шай.
Унинг қўлин тутсанг, қўлинг тутгай бахт,
Яшайсан бахтиёр шаҳзодалардай.

Неча кунки тинглаб ўша юлдузни,
Бир ширин туйғуни сезиб қолдим мен.
Ўша гўзал қизни, париваш қизни,
Ўзим билиб-билмай севиб қолдим мен.

Аммо мени қийнар мудом бир сўроқ,
Эй қиз, қарайсизми деразангизга.
Юлдуз дилингизга солмасми титроқ?
Юлдуз бирор нарса демасми сизга?

02.X.1988.

Иқбол МИРЗО

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Устоз Иқбол Мирзонинг "Бону" романини ўқиб..

БОНУЖОН

Бунча кўп дунёнинг озори,
Нарх- наво билмагай бозори.
Осмоққа шай сиртмоғу- дори,
Неча бор судралдинг Бонужон.

Дардингдан дунёлар бездилар,
Ишончинг хазондек эздилар.
Сўнг унга армонсиз кездилар,
Чорасиз эзилдинг Бонужон.

Танангга қоришди дардларинг,
Куз келмай тўкилди баргларинг.
Йўқ эди юракда гардларинг,
Бемаҳал тўкилдинг Бонужон.

Дўстим деб қўл бердинг, тутдилар,
Бахтингдан заққумлар ютдилар.
Ҳалакда заволинг кутдилар,
Бахти яриммидинг Бонужон?

Жонингга жафолар қилдилар,
Умидинг узилди билдилар.
Йиқилдинг, ҳолингга кулдилар,
Кўниблар ўтдинг- а, Бонужон?

Нокаслар йўлларинг тўсдилар,
Ризқинг еб баландлаб ўсдилар.
Водариғ бирма- бир қусдилар,
Кўриблар ўтдинг-а, Бонужон?

Қисматинг ётларга ёд бўлди,
Ҳолинг кўриб ғаним шод бўлди.
Кўзларингга аччиқ ёш тўлди,
Киприк қоқмай ўтдинг Бонужон.

Кўксингга ҳанжарлар урдилар,
Ва ўтмас пичоқла тилдилар.
Устига мозорлар қурдилар,
Тошми, темирмидинг Бонужон?

Дард ҳасрат қалбингни кемирди,
Ишончинг хиёнат емирди.
Ҳолингдан ағёрлар семирди,
Қалби метинмидинг Бонужон?

Дунё ҳам синади сабрингни,
Матонат, ироданг, қадрингни.
Сабрингдек кўп берди дардингни,
Сабру- бардошмидинг Бонужон?

Қадринг ҳам сўкилди чокидан,
Ғўра бир узилгай токидан.
Оёқ остидаги тупроқ хокидан,
Қимматинг пастмиди Бонужон?

Чорасиз йиқилдинг пойларга,
Қоришиб тупроғу, лойларга.
Сувлар ҳам оқдилар сойларга,
Қадри тупроқмидинг Бонужон?

Ўқиб чиқдим ўтмиш ҳаётинг,
Ушлай десам синган қанотинг.
Таърифга сиғмади баётинг,
Битмас достонмидинг Бонужон?

Бунчалар ҳам чигал ўтмишинг,
Армонга қоришган тутмишинг.
Қўлларингда қотди ютмишинг,
Шунча ожизмидинг Бонужон?

Бу дунё дардларга доядир,
Ироданг дардингга қоядир.
Сабринг Қиёматда соядир,
Сабру- саботмидинг Бонужон?

Кўрдинг дунёсининг ўнг- сўлин,
Кўп симирдинг аёвсиз дўлин.
Йиқилсанг ҳам ушлама қўлин,
Қўллари қон дунё, Бонужон.

Қалб буюрган йўлдан юравер,
Аҳдингда бардавом туравер.
Дилинг Рабб томонга буравер,
Тош қалбга ибратсан Бонужон.

Қалбим санчиб ёздим бир нома,
Фарёдларим битдим дил ёна.
Сенга айландим, ўзимдан тона,
Сен ҳамон ўшасан, Бонужон.

Ҳар ишнинг бор тош- тарозиси,
Ҳар қилмишнинг бор интиҳоси.
Бонунинг ҳам бордир Худоси,
Ҳақдан синовмидинг Бонужон?

ФахрулнисоБегим ТЎРАЕВНА

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Бону_романидан_парча
#Олтмиш_тўққизинчи_мактуб

* * *
22 февраль

Йўл юриб, йўл юрсак ҳам мўл юриб, тўрт кун деганда Қозон вокзалига келиб тушдик.
Ваъдага биноан тоғам кутиб олди.
Онамга соғ-омон етиб келганимни айтиб қўйиш учун қўнғироқ қиламан, десам:
– Икки кундан бери МТС ишламаяпти. Банкрот бўпти, – деди.
Мусофирчиликда эшитган дастлабки совуқ хабарим шу бўлди. Миямга келган биринчи фикр – “Олмосни қандай қилиб топаман энди?!”
Москва ҳам кўзимга рангсиз суратдай кўриниб кетди...
Тоғам билан бир шаҳарчага келдик. Шу ердан сим қоқиб, онам билан гаплашдим.
Шундан кейин ҳар кун эрталаб биринчи бўлиб онамга қўнғироқ қилишга аҳд қилдим. Ахир бу ёруғ дунёда волидамдан бошқа кимим қолди?

* * *
23 февраль

Компания қайтиб тикланмади...
Олмоснинг бошқа рақами йўқ эди...
...Қачон Олмосни кўргим келса, суҳбатини соғинсам, у билан боғлиқ хотиралар муҳрланган, ўқийверганимдан ёд бўлиб кетган кундалик дафтаримни такрор-такрор варақлардим...
Энди танишган вақтларимиз ўқишдан чиқиб, кўпинча Шоира опамнинг уйигача пиёда келардик. Шундай сайрлардан бири якунланиб, хайрлашаётганимизда қўлимдаги китоб орасидаги дафтарча ерга тушиб кетди. У чапдастлик билан дафтарчани ердан олдию қизиқсиниб очиб кўрмоқчи бўлди. Мен қўл узатиб:
– Илтимос, очманг, – дедим.
У ранжиб:
– Мендан яширадиган сирларингиз бор экан-да, – деб аразлади.
– Йўқ, сирим йўқ, – дедим кулимсираб.
– Унда нега яширяпсиз? – деди баттар аччиқланиб.
– Хўп, топинг-чи, нимани яшираётган эканим?
– Билмасам, балки, ким биландир ёзишмаларингиз бордир-да, – у тамом тумтайиб олди.
– Майли, шунчалик бўлса, ўз ижодингизга қизиқсангиз...
– Ижодим?
– Ҳа-да, очиб ўқинг, бўлар иш бўлди...
У дафтарни ботинмай очдию варақлаган сари чеҳраси ёришиб бораверди: мен ундан келган СМСларни битта қолдирмай кўчириб олган эдим:
– Шундай асраяпман ҳар бир сўзингизни...
– Сизники ҳаммаси телефонимда турибди, – деди у чўнтагига мамнун шапатлаб.
Ана шу дафтарни ўзим билан доим олиб юрардим...
Мана, бир ёзишмадан кўчирма:
У: “Чинакам ошиқ ва маъшуқа кўз билан қўлга ўхшайди, Бонужон...”
Мен: “Нега? Қанақасига?”
У: “Кўздан ёш силқиса қўл уни артиб сийпалайди. Агар қўл оғриса, кўзга ёш келади...”
Мен: “Қойил... Қанийди шундай бўлса...”

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

Тоҳир Маҳкамов - Ажойиб қиз

Иқбол Мирзо шеъри

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…

Иқбол МИРЗО шеърлари

#Yoshlik_daftaridan

СОҒИНЧ. УРУШ ЙИЛЛАРИ

Ис босган саночлар соғинди донни,
Қуриган парраклар сувга интиқди.
Кекса тегирмончи олиб кетмонни
Далага чиқди.

Қўллар кўтарилиб тушгани сари
Чолнинг бор вужуди сим-сим қақшарди.
Кетмоннинг бир маром “гуп-гуп” зарблари
Тегирмон шовқинига ўхшарди.

20.VI.1988.

Иқбол Мирзо

@Iqbol_Mirzo_ijodi

Читать полностью…
Подписаться на канал