ЁДИНГДА ҚОЛМОҚЧИ ЭДИМ
Фузулий лутф этиб кетган бир замон,
Гўзаллар вафосиз, алдоқчи дедим.
Ёнингда қолишга йўқ эди имкон,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Негадир истардим қийналишингни,
Юрагингга каманд солмоқчи эдим.
Онангга айтолмай қолсанг тушингни...
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Дўстлар кечиб қўйган эди баҳримдан,
Кимлардандир қасос олмоқчи эдим.
Ҳайдаб чиқардилар ҳаётларидан,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Аламим, ҳасадим, гинам туфайли,
Эҳтимол устингдан кулмоқчи эдим.
Соғинсанг, ўртансанг, йиғласанг майли,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
Кўзингни кўзимга бермадинг сира,
Ишондингми, йўқми, билмоқчи эдим.
Сени кўп ўйладим. Шеър ёздим қара,
Мен сени ёдингда қолмоқчи эдим.
✍️ Иқбол МИРЗО
УРУШГА БИР ҲАФТА ҚОЛГАНДИ
Урушга бир ҳафта қолганди роса,
Сойибнинг суянган тоғи йиқилди –
Қирқ икки ёшида сувоқчи Муса
Бандалик қилди.
Ўлим ҳақ, тақдирга бермоқ керак тан,
Сойиб бу ҳикматни яхши биларди.
Фақат юртга келган каттакон тўйдан
Дўст ғофил кетгани алам қиларди.
“Қайсар одам эди дўстим раҳматли,
Бошга ташвиш тушса қараб турмасди.
Азроил бир ҳафта сабр қилса балки,
Кейин унинг жонини олиб бўлмасди”.
Сойиб уруш кўрди. Соғ-омон қайтди,
Ўҳ-ў! Кейин қанча ишлар қилинди.
Аммо энг қувончли ва оғир пайтда
Марҳум дўстнинг қадри жуда билинди.
Сувлар оқди. Сойиб бува қариди.
Бугун “Ахборот”га жим қулоқ солар.
Дунёга силтолмас ҳеч қўлларини –
Кейинги ҳафтадан хавотир олар...
✍️ Иқбол МИРЗО
20.VI.1988.
НИГОҲ ҲАҚИДА ҲИКОЯ
Ўлан – майин, ўт – майин,
Йўлингга ётиб олдим.
Капалак тутгандайин
Нигоҳинг тутиб олдим.
Дув қизарди ёноғинг,
Шув сирғонди юрагим.
Қочдим ғолиб байроғи –
Ҳилпиради кўйлагим.
Томда ётдим шу кеча,
Юлдузчалар жилмайди.
Мен биламан, тонггача
Сенинг уйқунг келмайди.
Нигоҳингни сўрайсан
Одам қўйиб ўртага.
Эркалайман, яйрайман:
«Эртага ке, эртага!»
Етти иқлимни айлан,
Бундай ширин нигоҳ йўқ.
Қайтариб берадиган
Анойи йўқ, аҳмоқ йўқ.
Ғубор босган осмонни
Енгим билан артаман.
«Нима бўлар эртага?
Нима бўлар эртага?»
Узоқни кўрадиган
Отангда ҳам гуноҳ йўқ:
«Унга қиз берадиган
Анойи йўқ, аҳмоқ йўқ!»
Ўлан – майин, ўт – майин,
Индамайди топтасанг.
Бировга индамайин
Очилади дарбозанг.
Яхши қизсан, сен ҳечам
Тик қарашни билмайсан.
Мен биламан, тонггача
Билдирмасдан йиғлайсан.
Нигоҳимни сўнгги дам
Кипригинг кесиб ўтди.
Йўлингга ётиб олсам,
Кўнглимни эзиб ўтдинг.
Сенга осон ҳар қалай,
Бузса бўлар никоҳни.
Менга қийин, мен қандай –
Бекор қилай нигоҳни?!
Иқбол МИРЗО
✍️ Иқбол МИРЗО
АЙЁР ҚИЗ
Кулиб қараб, кулиб кўзин обқочган,
Ўргатволиб, кейин ўзин обқочган,
Қучоқласам, титраб юзин обқочган,
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Ҳув, дейди-ю, ўйлар ёстиқ-кўрпасин,
Кўзда ёш йўқ – аяйди-да сурмасин,
Эшитсину лекин биров кўрмасин…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Куйдирмажон эди, қурғур, шўх эди,
Кўнглим унда эди, кўнглим тўқ эди.
Қош терганда йиғлагани йўқ эди…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Эрта пишар эди қўқон гилоси,
Юрагимдек қоп-қора қон гилоси.
Аллақачон бўлган талон гилоси…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Тенгдошини севган бўлар тенг тентак,
Тўйда билдим, анча экан денг тентак.
Ўша куни сал йиғлабман мен тентак…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
Тўй бузишга етармиди журъатим?
Ун тортгани тегирмонга жўнадим.
Тугунига сиғмагандир суратим…
Тугунчагин тугиб қўйган тайёр қиз,
Ёлғон йиғлаб, эрга борар айёр қиз.
✍️ Иқбол МИРЗО
ТАЖРИБА
Ҳаёт ўзи тенгсиз доно муаллим,
Тажриба инсоннинг мулки бўлади.
Арслон қариганда мушукдай ҳалим,
Бўри қариганда тулки бўлади.
✍️ Иқбол МИРЗО
КЎНГИЛЛИЛАР
Думалоқ ер пуфаги узра
Ҳаво зарраларидек енгил
Яшар милярд одам ҳузурда,
Юраги бор, лекин йўқ кўнгил.
Майли, ўйнаб кулишсин улар,
Бундан баттар бахтли бўлишсин.
Бир-бирига тутаркан гуллар,
Гул азобин қайдан билишсин?
Юраклари тепади соғлом,
Кўнгил учун чекмас ташвишлар.
Улар учун на кундуз, на шом
Рўй бермайди кўнгилсиз ишлар.
Бизга аён оғриқ лаззати,
Ошно бизга оғу изтироб.
Қандай тотли ҳижрон шарбати!
Қандай ширин бу аччиқ азоб!
Тошбақанинг косасидан паст –
Кўк остида андуҳга тўлиб,
Бир ҳаводан оларак нафас,
Яшаяпмиз
кўнгилли бўлиб...
✍️ Иқбол МИРЗО
СОБИҚ АСКАР
Зулфи зар қизгина,
қўлларинг ўпиб,
Кўзимда ойнадек яхлади ёшим.
Эсладим,
кафтига куҳлаб, ер тепиб,
Сибирларда қолган ўн саккиз ёшим.
«Яна келинг», — дейсан нигоҳинг билан,
Кўксимда ғижирлар ҳасратнинг тоши.
Эслайман,
қатора — баҳайбат илон,
Сибирларга кетар ўн саккиз ёшим.
Қошларинг камондек тортилар таранг,
Тутдек тўкилади сўнгги бардошим.
Билмайсан,
ўқ отиш майдонларида
Жувонмарг бўлганин ўн саккиз ёшим.
Зулфи зар қизгина,
олов қизгина,
Ўн саккизга кирган митти қуёшим,
Бугун ухлатмайди,
чақирар яна
Сибирда адашган ўн саккиз ёшим.
Кетурман,
кутмагин, келмасман қайтиб.
Мен, ахир, йигирма учдан ҳам ошдим!
Сибирда музлайди исмингни айтиб
Ўн саккиз... ўн саккиз... ўн саккиз ёшим...
✍️ Иқбол МИРЗО
🧠 "Заковат" интеллектуал ўйинида иштирокчиларга Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шеъри асосида тайёрланган савол берилди.
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
НИМА ҚИЛСАМ...
Нима қилсам сенга алам қиларкин,
Нима қилсам эсинг мен томон оғар?
Нима қилсам кўзинг менга куларкин,
Нима қилсам сенга шеърларим ёқар?
Ё мудҳиш бедаво дардга чалинсам,
Шўрлик, бечора деб куярмикинсан?
Ё бирдан юрагим соати тинса,
Ачиниб, хотирлаб қўярмикинсан?
Кечалар гўдакдек ўксийди кўнглим,
Қабоғимга лим-лим тўлар илиқ ёш.
Истайман: бағрига олганда ўлим
Бошимда юрагинг бўлсин қабртош!
✍️ Иқбол МИРЗО
1986
Assalomu alaykum ustoz . Avvalambor siz qutlugʻ sana tavallud ayyomingiz bilan chin yurakdan tabriklayman men Kosonsoy farzandi sizga havas qilib sheʼriyatda oʻz omadini sinab koʻrayotgan havaskor shoir Ulugʻbek Armon man
Sizdek insonlar bor ekan oʻzbekning nomi oʻzbekning sheʼriyati dunyo boʻylab eng yuqori choʻqqilarda turadi... Ustoz tavallud ayyomingiz muborak boʻlsin....
Olloh bizga ham sizning yoʻlingizni bersin.....
Sheʼriyat mulkining azim chinori
Soʻzlari purmaʼno boʻlgan dahosiz
Biz uchun bebaho gavhar misoli
Soʻzlarning sohibi Iqbol Mirzosiz
Sizga hurmat ehtirom bilan
Ulugʻbek Armon....
Assalomu ~alaykum !
Ustoz IQBOL MIRZO shukrona kuningiz muborak bo‘lsin !
Millonlab she'riyat shaydolari baxtiga O‘zbek xalqi baxtiga doim omon bo‘ling!
Siz o‘zbek adabiyotining ustunlaridan birisiz. Sizni million yilda biz uchun yaratgan mehribon parvardigor.
Sizga yaratgandan kuch va quvvat, so‘nmas shijoatingizga bardamlik tilayman.
Extirom ila shoir
Abdulla Xoldorov
Parkent /Nomdanak.
Assalomu alaykum, ustoz. Tavallud ayyomingiz muborak bo'lsin. Ijod qilishdan hech qachon tolmang. Muxlislar va shogirtlar baxtiga doim sog' bo'ling. Sizdan ajoyib she'rlar va asarlar kutib qolamiz. Siz biz uchun bugunning Muhammad Yusufisiz
Читать полностью…Ассалому алайкум Иқбол ака. Таваллуд кунингиз муборак бўлсин! Оилавий бахт ва ижодий омад тилайман. Мухлисларингиз учун яхши шеърлар ёзишдан чарчаманг.
@Файзулло Элшод. Сурхондарё.
Ollohim har bir odamga qancha umr bergani yolg’iz o’ziga ayondir. Bizga berilgan umrni esa qay tarzda o’tqazish ixtiyorimizga berilgan.
Bugun 2023-yil 1-may ustozimiz O’zbekiston xalq shoiri Iqbol Mirzoning tavallud topgan kunlari va 56 yoshni qarshi olayabdilar. Ushbu 56 yilni sermahsul, samarali mehnatlari bilan o’tqazib yaxshi ishlarga sarflab keldilar desak adashmagan bo’lamiz. Tilagim shuki ustoz yuzdan oshib yuring, ollohim sizga bergan qolgan umringizni ham baxtu quvonchga to’la sog’u salomatchilikda o’tqazishingizni biz shogirtlaringiz xudodan tilab qolamiz. Xalqimiz va oilangiz baxtiga hamisha omon bo’ling.
Temurbek Husniy
/channel/Iqbol_Mirzo_ijodi
Assalomu alaykum. Tug'ilgan kuningiz muborak bo'lsin Iqbol Mirzo. Umringiz ziyoda bo'lsin. Eng go'zal satrlar bitishdan charchamang. Alloh oilangizga baraka, ijodingizga omad, ishlaringizga rivoj va sihat-salomatlik bersin✨😇
Muxlisangiz: Nasimjonova Muxlisabegim
АТИРГУЛ
Атиргул ўпганмиш дудоғингиздан,
Бўйлари қолганмиш ётоғингизда.
Мен бечора
нозу фироғингиздан
Адолар бўлдим.
Буғдойзор сарғайиб йўл қарар бугун,
Бошоқлар ҳасратли куй чалар бугун,
Оҳимни тинглайди қушчалар бугун –
Садолар бўлдим.
Атиргул ўпганмиш дудоғингиздан,
Лаблари қолганмиш ёноғингизда.
Мен шўрлик
қалдирғоч қанотингиздан
Жудолар бўлдим.
Кўкларга кўтардим сизни, толмадим,
Туфроққа яқинроқ бўлди қоматим,
Ҳолимдан кулмаган одам қолмади –
Сазолар бўлдим!
Ўптириб юраверинг атиргулларга!
✍️ Иқбол МИРЗО
1989
ХАЗОНДЕК СОЧИЛДИ НЕЧА БОР ТАҚВИМ
Хазондек сочилди неча бор тақвим,
Юрак ҳам тўкилди япроққа ўхшаб.
Шамолда соврилдим, сойларда оқдим,
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Зулфинг қўнғироғи бармоғимдандир,
Дудоғинг гуллатган – биринчи бўса.
Энди у кунларга етмоқ гумондир,
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Сени қучиб ухлаб, яна тушимда –
Кўриб уйғонардим соғиниб, қўмсаб.
Мени мендан ўзга инсон тушунмас...
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
Кун сайин орамиз олис ва олис,
Балки кутарсан ҳам хазонлар тўшаб.
Сен ҳамон тириксан, мен эса ёлғиз...
Сен ҳамон ўшасан, сен ўша-ўша.
✍️ Иқбол МИРЗО
ДЕВОР
Раҳмон Қўчқорга
Йўлимга ёндош – девор,
Йўл юраман, куяман.
У томони – суманзор,
Бу томони – биёбон.
Девор бўйлаб, буралиб,
Гуркирайди хуш бўйлар.
Товус каби турланиб,
Сузилади хушрўйлар.
Оғочлар айтар ўлан,
Хаёлимни оладир.
Ҳар япроғи зумраддан,
Ҳар меваси тиллодир.
Мен, ё Жамшид, десам, бас,
Девор чўкиб паст бўлар.
Аммо тилим айланмас,
Калом оғирлик қилар.
Қумда қолар бир жуфт из,
Қумда қолар кўзларим.
Бу тарафда мен ёлғиз,
У тарафда дўстларим.
Бу томонда бўз осмон,
У томонда бўёқлар.
Илон тили мисоли
Нозик, титра гиёҳлар.
Лаъли лаблари тинмай
Гуллар мени имлайди.
Бармоқлари қайрилма
Қўллар мени имлайди.
Мен, ё Жамшид, десам бас,
Бари меники бўлар.
Аммо дилим айланмас,
Кўнглим оғирлик қилар.
Қарамайман, қарасам –
Кўзимни ой тилади.
Бармоғим орасидан
Тупроқлар отилади.
✍️ Иқбол МИРЗО
Шуҳрат Дарё — «Кўйлаклари билан чўмилган қизлар»
САРАТОН
Енглик либослардан воз кечди шаҳар,
Елкалар яланғоч, яланг, оч кўзлар.
Олисларда эса сувлар сепишар
Кўйлаклари билан чўмилган қизлар.
Шаҳар қизғонмайди хиёбонларин,
Сунъий кўлини-ю қайиқларини.
Аммо дил қўмсайди сокин боғларнинг
Олмалар оқизган ариқларини.
Шаҳар кўп нарсани менга ўргатди,
Ҳаммасини санаб, айтиб бўлмайди.
Шу ерда суягим ва дийдам қотди,
Энди қишлоққа ҳам қайтиб бўлмайди.
Тонгда деразамдан синиқ нур тушар,
Не тонгким, бугун ҳам намлидир кўзлар.
Ахир тушимда ҳам сувлар сепишар
Кўйлаклари билан чўмилган қизлар...
✍️ Иқбол МИРЗО
МОВИЙ ҚУШ
Юракдек бир қуш бор. Осмондек мовий,
Алвон-алвон қўшиқ куйлайди менга.
Кўзлари ёғдулар сочар самовий,
Самовий қиссалар сўйлайди менга.
Гоҳида кўмилиб бедапояда
Мангулик ҳақида сурарканман ўй,
У сайраб қолади шу сонияда
Қўшиғи беданинг гулидай хушбўй.
Мен унинг исмини билмайман ҳануз,
Ўзим қўяй десам, сиғмайди ҳаддим.
У менга энг яқин дўст каби азиз,
Билмайман унингсиз қандоқ яшардим.
У борки, томирда қонмас, оқар куй,
У борки, тириклик азобмас, роҳат...
Жудаям кичик у, жудаям мовий –
Булутли кунларда кўринар
фақат.
✍️ Иқбол МИРЗО
1984
ТОШКЕНТ ХОМАСИ
Музей ҳам хилхона қадар муқаддас,
Шовқин солинмайди бу ерда зинҳор.
Осори-атиқа сокин берар сас,
Бунда аждодларнинг уйғоқ руҳи бор.
Камони Чочий бу – машҳури жаҳон,
Қай бир бобом кийган ушбу жомани.
Илкис кўриб қолдим дўсти қадрдон –
Суякдан йўнилган қалам – хомани.
Мўжизага жазман бани одамзод,
Ҳайратга ҳамиша талабгор олам.
Биринчи мўжиза мана шу, ҳаёт,
Биринчи инкишоф шу – хома – қалам!
Масиҳдан аввалроқ, милоддан нари,
Бинкат осмонига сочган қатим нур –
Энг қадим идрокнинг тасаввурлари,
Биринчи даҳодан мерос тафаккур!
Кўзойнагин артиб бўйинбоғига,
Қайта тикилади оқсуяк жаноб.
Маърифат ахтарган зот сўроғига
Ундов белгисидек шу хома жавоб.
Танга-терсакларда жозиба бордир,
Қилич-тўфангларда даъво, истило.
Вале кимки қалам тутмоққа қодир,
Дилида эзгулик, зеҳнида зиё.
Чин солномалари “Чже” деб ёзган,
Камон товушини эслатар бу сўз.
Боболар хат боғлаб камондан узган:
“Бизга чин дўст керак, садоқатли дўст!”
Нурга чулғадими Миср кўкини
Буруқсаб Искандар кутубхонаси?
Бобил таназзулин битди ўкиниб
Қадимий ўзбекнинг суяк хомаси.
Бу шундай элдирки, қон-қонигача,
Суяк-суягига қадар маърифат.
Бир ёруғ сўз учун жонидан кечар,
Дунёга омонлик тилайди фақат.
Кўҳакийнинг қутлуғ қўллари тутган,
Шошийлар илкида азиз бу қалам.
Битса, дўсту ёрга мактублар битган,
Хома билан якдил бўлгандир қалб ҳам.
Қодирий қўлини қайирган қаттол
Дилимга сиёҳдек сочган аламни.
Кейин ёқа тутган ақли шошиб, лол,
Ойбек бармоғида кўриб қаламни.
Биларсиз, Оқсарой пештоқларига
Зўр Темурий ҳикмат ёзилганини.
Биларсиз, Тошкентнинг янги тархига
Қаламда таҳрирлар чизилганини.
Ватаним саждагоҳ каби муқаддас,
Тошканди азимнинг сирли саси бор.
Зўлдирдек айланган чоғ курраи арз
Таянч нуқта топган мадрасаси бор.
Тошкент – севганники, ой – ҳамманики,
Меҳрим изҳор этай дилнома билан.
Фарзандлар сафида турибман токи,
Қўлда отамерос шу хома билан.
✍️ Иқбол МИРЗО
2010
ЧУМЧУҚ БОЛА
Чумчуқ бола, ковак топгин муносиб,
Ковагингни хас-пас билан ясатгил.
Койинмагил сорга чуқур-чоҳ қазиб,
Чумчуқмисан, чумчуқларга ҳасад қил!
Қўлтиғингга сув пуркаган шишириб
Қўярмикан эсон-омон тушириб?
Тоғ бошида қўйибдими пишириб,
Чумчуқмисан, чумчуқларга ҳасад қил!
Aнғизларда теравергин донингни,
Майли, читтак била қолсин шонингни.
Нима қилдинг қийнаб увол жонингни,
Чумчуқмисан, чумчуқларга ҳасад қил!
Шу кетишда бутинг йириб ўлгайсан,
Ҳавас қилсанг, симёғочга қўнгайсан.
Худо берса, чумчуқбоши бўлгайсан,
Чумчуқмисан, чумчуқларга ҳасад қил!
Аввалбоши, ковак топгин муносиб,
Ковагингни хас-пас билан ясатгил.
Койинмагил менга чуқур-чоҳ қазиб,
Чумчуқмисан, чумчуқларга ҳасад қил!
✍️ Иқбол МИРЗО
2019
🔊 АХИР МЕН БИТТАМАН, ЯГОНА, ЁЛҒИЗ...
✍️ Иқбол Мирзо
🎤 Оҳунжон Мадалиев
🕊@Iqbol_Mirzo_ijodi
🌹АССАЛОМУ АЛЕЙКУМ ҲУРМАТЛИ ИҚБОЛ МИРЗО УСТОЗ.МЕН ҚАРАҚАПАҚИСТОНЛИК МАҚСУДА ЖУМАБОЕВА ,ЎЗ ТАБРИКИМНИ ЧИН ДИЛДАН ЙЎЛЛАМОҚДАМАН.🌹🌹🌹🌹🌹🌹🌹АЛЛОҲ БЕРГАН УМРНИ КЎРИНГ УСТОЗ.ОТА ОНАНГИЗГА РАҲМАТ ,СИЗДЕК ИЛМЛИ ФАРЗАНДНИ ВОЯГА ЕТКАЗГАНИ УЧУН.АВВАЛОМ БОР ОТА ОНАНГИЗНИ ТАБРИКЛАЙМАН.
🌹ҲУРМАТ ИЛА ЭЛЛИКҚАЛЪАЛИК СИНГЛИНГИЗ МАҚСУДА.
Assalomu alaykum.Men Surxon qizi,Mahfuza!Sizning engggg sevimli shoirim sifatida bugungi tavallud ayyomingiz bilan chin qalbimdan tabriklayman!☘️🍀
Hamisha muxlislar,yaqinlaringiz va ijodkorlar uchun ardoqli bölib qoling.... Hayotning Taqdir atalmish yöllari özingiz istagan manzillarga eltsin!
Qachonlardir(aniqroği bolalikda) bir töplamingizni hech qölimdan qöymasdim...Balki shu uchundir özim ham ijodkor bölib ulğaydim...Esimda,bir safar dugonam may oyida hayoti qiyinchilik bilan ötadigan omadsiz insonlar tuğilarkan deganda(balki özini ham tafakkuri yetmagandir hayot barcha uchun sinovli va mashaqqatli lahzalarga ro'baro' qilishini,aslida ayblamayman uni ham)yo'q unaqamas qara qancha mashhur va iqtidorli,omadli insonlar tavallud topgan deya Sizni,Halima Xudayberdiyevani,Ğofur Ğulomni va yana bir qancha insonlarni sanab berganman. Özimni ham aynan shu oyda tavallud topganim bilan faxrlanishimni bolalarcha maqtanib,ğururlanib qöyganman...!☺️
Ba'zi satrlaringiz men uchun ilhom manbaidir... ba'zilari holatimga,hislarimga malhamdir va yana ba'zilari esa yangi topilma... Xullas,ijodingizga bundan-da yuksak parvozlarni tilab qolaman... Va yana eng asosiysi hayotda munosib inson,munosib,ota,munosib turmush örtoq,munosib döst,munosib ustoz,munosib farzand bölib qolishingizni chin qalbimdan tilab qolaman. Bunday gözal kunlaringiz bardavom bölsin,Ğoyibona Ustozim!
Assalomu alaykum hurmati beqiyos Iqbol Mirzo. Tugʻilgan kuningiz muborak boʻlsin. Iloxim hayotda xech qachon sotqinlik va ikkiyuzlamachilikka uchramang, xech qachon ortdan pichoq uruvchi doʻstlarga duch kelmang. Siz uchun jon berguvchi yaqinlar va hech qachon sizni sotmaydigan doʻstlar boʻlsin.
Namanganlik muxlisingiz: Islombek Nasimjonov
Ассалому алайкум, қадрли Устоз! Наманганлик шогирдларингиз ҳам Сизни шукрона кунингиз билан муборакбод этамиз!
Аслида Сизнинг шеърларингиз билан онгу-тафаккури суғорилган ҳар бир инсон Сизга Устоз деб мурожаат қилишдан бахтиёр.
Алоҳида тарбия мактаби бўлмиш ижодингиз янада баракотли бўлсин!
Ежедневно в работе со студентами и молодежью мы приводим цитаты из Ваших творений. Так, буквально на прошлой неделе мне довелось читать лекцию для студентов-филологов Наманганского государственного университета. Говоря о неповторимых метафорах классиков, которые не всегда поддаются переводам в силу своей уникальности, я обратился к Вашим стихам и привёл такой пример:
Тоғни тилимлаган кийиксўқмоқлар,
Оқ чўгирма кийган момоқаймоқлар...
Такие строки можно понять только душой! Мы, литературоведы, всегда ставим Ваше творчество в один ряд с лучшими классиками!
Новых и высоких полётов Вам, счастья и здоровья Вашей семье!
Элёр Абдулвохидов, педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори
Ассалому алейкум ҳурматли адабиётни қироли шоирларнинг подшоҳи устоз Иқбол Мирзо ака бугунги таввалуд айёмингиз билан чин қалбимдан табриклайман
Биздек мухлислар бахтига оила аъзоларингиз ва яқинларингиз бахтига доимо соғу саломат бўлинг узоқ умрлар тилайман Аллоҳнинг панохида бўлинг
Ижоддан чарчаманг
Ижодингиз бардавом
Оилангиз фаровон бўлсин
Наманган вилояти Чуст туманидан мухлисингиз Давлатжон Қурбонов
Assalomu alaykum.Xalqimning va mening sevimli shoirim Iqbol Mirzo.Bugungi tavallud ayyomingiz muborak bo‘lsin.Uzoq va baxtli umr sizga hamroh bo‘lsin.Mening ilmiy ishim aynan sizning o‘ziga xos uslubingizni o‘rganishdan iborat, bu izlanishlar orqali siz haqingizda yanada fikrlarim va hurmatim oydinlashib bormoqda. Farg‘onadan muxlisangiz Gulmira Zulaypoyeva
Читать полностью…