Умри охирлаб бораётганини сезиб турарди. Урушда кечирган машаққатлари унинг танасини толиқтирган эди, табиий. Айниқса, ўлимидан олти ой аввал аҳволи ёмонлашди. Оғриқларга чидай олмай эсини йўқотди. Алжираб қолди. Аммо Черняев Туркистон юришини муқаддас вазифаси деб билгани учун устозининг ўлимидан кейин ҳам фикридан қайтмади, аксинча, яна ҳам мустаҳкам турди. У ўзига ёрдамчилар йиғди, Туркистон муҳити ҳақида кўп ўйлаб бу ишни қандай уддалашни хаёлан
пишитиб юрди. Черняев ҳам шайтон дастурига аъзо эди, у бевосита асосий ижрочилар билан гаплашмаганди. Лекин саройда Туркистон юришига фармон чиқиши аниқ бўлгач, фармоннинг матни тайёрланаётган кезда уни Петербургга чақиришди.
Эрмитажнинг махсус меҳмонхонасидан жой ажратилди, у ўз ёрдамчилари билан жойлашди.
1864 йилнинг қиши эди. Январ охирлаб, феврал эшик қоқиб турибди. Ўрисларнинг каттасию кичиги яқинда янги йилни нишонлаб, уйида айиқдай бўлиб ухлаб кун ўтказарди. Аммо давлатдаги режалар тўхтаб қолгани йўқ, шайтон дастури узилишларсиз ишламоқда.
Михаил Григорий ўғлига подшоҳ билан учрашиши ҳақида хабар берилди. У муҳим учрашувга ўзини руҳан тайёрлай бошлади. Ҳар куни бош саройга чақирадиган бўлишди. Борар, оппоқ мармарлар, ҳашаматли шифтлар остида зодагонлар, ҳукуматнинг валломат вакиллари билан суҳбатлашар, ҳатто подшоҳнинг олий кенгашларида эшик тагида туриб мажлисларда қатнашарди ҳам. Узоқдан подшоҳни кўрди. Сариқ сочли, кўк кўзли, озғин, юзи захил тортган, эгнидаги қизил ва беҳад зийнатли кийими билан подшоҳ унинг кўзига жуда сирли кўринди. Иккинчи Александр паст овозда гапираркан, ҳамма қулоғини динг қилади, лекин гаплари кенг хонанинг остонасигача етмайди, атрофидагилари илғаса керак. Черняев подшоҳ билан нималарни гаплашиш мумкинлигини хаёл қилар, аммо хаёллари сочиларди.
Бир куни тун ярмига етганда унинг хонаси секин тақиллади.
У ухлашга ҳозирланиб турганди, ҳарбийлар учун безовта бўлиш тушунчаси ёт эди, “Кир”, – деди. Ёрдамчиси Сергей экан. У ҳам ҳарбий, аскарлар ичидан ўзи танлиб олганди. Сергей ёш йигит, ёши йигирма бешга борган, аммо жуда абжир, фаросатли, ҳам келишган эди.
– Генерал, – деди у дадил. – Сизни сўрашяпти, муҳим учрашув вақти етибди, саройдан келишибди.
Михаил жавоб бермасдан бош ирғади ва ойнага қаради. Унинг икки жуфт ҳарбий либоси бор эди. У деярли оддий кийимда юрмасди, бирини доимо киярди, бирини оддий даражадаги тадбирлар учун, бирини ўрта даражадаги суҳбатларга, бирини эса олий мақомли қабулларга ажратганди. Дарҳол олий мақом учун асраб юрган ҳарбий кийимларини кийди, олган орден, медал ва нишонларининг ҳаммасини тақди, устидан қалин пўстинни ташлади ва шошилиб ташқарига чиқди. Эшик оғаси уни Эрмитажнинг орқа ҳовлисига етаклади. Сергей қолди.
Бир қанча йўлаклардан ўтишгач, саройнинг орқасидан чиқишди. Қор билан қопланган боғ. Осмонда ой сузиб юрибди. Қор ой нурида ялтирайди. Атроф-жавониб ёп-ёруғ. Қор остидаги дарахтлар, каштан, қайин шохлари ўз остига соя солади.
Боғнинг ўртасидан кесиб ўтишди. Ер музлабди. Бир-икки марта сипаниб кетишди. Иккита девордан сўнг учинчи деворнинг дарвозасини очишди. Шу ерда олтита от қўшилган, қоп-қора файтон турган экан. Извошчи бошдан-оёқ қора пўстинга ўранган, қалин телпаги остидан соқол босган юзи базўр кўринади. У орқасини ўгириб ўтирган экан, одам келганини сезиб ўгирилди, Михаил Григориевич шунда ой ёруғида унинг башарасини илғади.
Сарой хизматчиси файтон эшигини очди, ичкаридан: “Генерал, марҳамат қилинг, жаноби олийлари!” – деган сас келди. Овоз ингичка, фавқулодда ҳокимона эди. Черняевнинг ўткир хотираси бу овозни аввал эшитганини эслай олмади, шундай бўлса-да, енгил ҳаракат билан файтон ичига кирди. Эшик ёпилди. Рўпарада юзигача пўстинга ўранган одам ҳассаси билан файтонни урди, отларнинг кишнагани эшитилди ва извош югуриб кетди. Янги таниш юзини очди: чўзиқ башара, соқоли қирилган, кўзларининг қовоғи ичига ботган, ёноқлари туртиб чиққан, бир қарашда одамда совуқ таассурот қолдирадиган одам экан. Бўйи баландга ўхшади, лекин овози гавдасига номуносиб тарзда чийиллагансимон ва талаффузи чўзиқроқ эди.
Тўққизинчи банд. Ҳеч қачон давлат хизматчиларига қаттиқ жазо қўлланилмасин. Бордию улар хиёнат қилсалар, кўпчилик наздида катта азоб олгандек кўрсатилсин, аммо амалда қамоқларда бўлсин, ўлимга ҳукм қилинса, ўлим олди ҳам эҳтиром ва енгилликни ҳис қилиб турсин. Мамлакат ичида ўғри, кисавур, қотил ва ноқонуний ишлайдиганларга шароитлар яратилсин. Уларнинг фаолиятлари кузатувда бўлсин, аммо улар йўқ қилинмасин. Чунки улар билан халқни қўрқитиб, полиция фаолияти ва Давлат қанчалик буюк ҳимоячи экани уларга кўринсин. Фоҳиша ва қўшмачилар таъқибга олинмасин. Улар билан ҳамкорликда ишлаш зарур. Улардан барча мақсадларда фойдаланилсин.
Ўнинчи банд. Ўрисия давлати Ер юзи бўйлаб тинимсиз кенгайиб бориши, қўшин эса қонли урушларда ҳамиша қатнашиб туриши лозим. Қайси давлат Ўрисиянинг чегарасида жойлашган бўлса, у Давлатимизнинг соясини ҳис этиб турсин. Уларнинг барча раҳбарлари бизнинг назоратимизда фаолият олиб борсин. Давлатни кенгайтириш сиёсати ҳеч қачон тўхтаб қолмасин. Мағлубият эвазига бўлса ҳам урушлар узилмасин. Босиб олинадиган ҳудудлар ҳақидаги маълумотлар ҳамиша ва тўхтовсиз йиғиб борилсин. Қайси ҳудудга кимни юбориш лозим бўлса, у бу вазифага талабалик вақтидан бошлаб тайёрлансин. Аммо унинг ўзи буни билмасин. Босиб олинадиган ҳудудлар тарихи, одамларининг кайфияти, ўша ҳудуддаги қадимий оилалар ҳақида маълумотлар мажмуи қўлимизда бўлсин. Ҳар қандай босқинда қадимий оилалар йўқ қилинсин ва қуллар, зоти пастларга имтиёзлар берилсин, қора халққа ваъда беришда қурумсоқлик қилинмасин.
Ўн биринчи банд. Давлат – олий қадрият. Давлат ҳамма нарсадан устундир. Унинг учун жон берилади. Қон тўкилади. Давлат манфаати қаршисида ҳеч ким аяб ўтирилмайди, бутун бошли халқни қириб ташлаб бўлса ҳам Давлат сақлаб қолиниши шарт. Аммо халққа таскин бериши, халқни чалғитиши, Давлатга ишониши, умидсизликка тушганда қутқариш, умидланиб кетганда яна умидсизликка тушириш учун тасвирий санъат, адабиёт, мусиқа ва театр, шунингдек, фалсафа доимий фаолият олиб борсин, бу соҳа вакилларига керагича шон-шуҳрат берилсин.
Бу шайтон дастуридаги айрим бандлар эди, ҳаммасини ёзишнинг имкони бўлмагани учун шулар билан чекландик.
Ана шундай таълимот билан Давлат хизматига кириб келганларнинг бири Александ Павел ўғли Безак эди. Унинг отаси олим, файласуф эди, онаси эса француз оиласидан келиб чиққан, бу оила ўғлини яхши тарбиялади. Саша ҳарбий бўлди, даражаси ошиб генерал мақомига кўтарилди. Ўрис ва турк урушларида, Қрим урушида қатнашди, умрининг охирги йилларини Оренбургда губернатор бўлиб ўтказди. У ҳаёти давомида ўрис давлати учун қўлидан келган ҳамма ишни қилди. Унга биз санаб ўтган таълимот чуқур сингдирилган эди, аммо у бу таълимот унга қандай сингиб қолди, табиий, ўзи англамасди. Ҳолбуки, шайтон дастури асосида танланган эди.
Безак ўзининг ҳукумат олдидаги мавқеини яхши биларди. Милодий ҳисобда ўн саккизинчи аср охирида Қрим хонлигини Ўрисия ўз ҳудудига қўшиб олди, Қримдаги гирейлар сулоласига барҳам берди. Усмонли султонларига итоат қилиб-қилмай, мутлақ мустақиллик даъвосида юрган гирейлар оқибатда давлатини ўрисларга бой берди. Гирейлар, айниқса, Шоҳин Гирей усмонли саройига жуда кўп айғоқчи киритган эди, ҳолбуки, ўзининг саройи ўрисларга сотилган хоинлар билан тўлганди. Оқибатда, милодий ҳисобнинг 1783 йили Қрим буткул ўрислар қўлига ўтди, пойтахт Боғчасарой вайрон бўлди, қрим турклари, яъни татарлар аёвсиз қириб ташланди. Аммо татарлар Тартария давлати шукуҳини кўрган халқ бўлгани учун озодлик йўлидаги урушдан тўхтамадилар. Қизиғи шу эдики, ўрис истихборот татарларнинг йўлбошчиларини топиб йўқ қиларди, аммо кутилмаганда яна бир курашчи пайдо бўлар, ерда қолган ҳуррият мактубини ўқий бошларди.
Аммо асл воқеликнинг илдизи чуқур эди. Ва бошқа томонга қараб етаклайди бу илдиз.
Ўрис салтанати, буни Россия империяси ҳам дейишади, биринчи Пётр даврида тикланди. Пётр қаттиқ меҳнат қилди, у ўрисларнинг дунёда устун бўлиши, бу халқ йўқ бўлиб кетмаслиги учун курашди. Ўша вақтларда ҳам ўрислар ичишни жуда яхши кўришган. Қишлоқларда одамлар чўчқалар билан бирга яшаши одатий ҳол эди. Камбағал деҳқонлар дворянлар фойдаси учун қулдек хизмат қилади, савдогарлар ўлка бўйлаб кезадилар, Ғарбга чиқишади. Француз тили мамлакат бўйлаб урфда. Ўрис тилига бўлган эътибор ҳам суст. Аслзодалар француз тилини болаларига ўргатишади. Париж улар учун комиллик тимсоли эди.
Лекин бир гуруҳ ўрис маърифатпарварлари тил учун курашиб, уни адабиёт тилига айлантирдилар. Улар тил бўлмаса, ўрислар йўқолиб кетишини жуда яхши англашди. Айниқса, ўрисларнинг машҳур шоири Александр Сергей ўғли Пушкин бу борада катта хизмат қилди. Унинг нафис шеърлари, жонли насрий асарлари бутун халқни ром этди, қора халқдан бошлаб император ва унинг атрофидагилар ҳам ўз тилларининг қувватига ишона бошладилар. Кейинчалик Пушкиннинг издошлари, айниқса, Лермонтов ва бошқа шоирлар ўрис тилида янги уфқларни кашф этишди. Милодий ҳисоб билан ўн тўққизинчи асрни адабиётшунослар ўрис адабиётининг олтин даври бўлганини эътироф қилишади. Чунки бу даврда етишиб чиққан ўрис ёзувчи ва шоирлари жуда кўп эди. Айниқса, Толстой ва Достоевский ўрис тили ва адабиётини дунё саҳнасига олиб чиқди. Уларнинг қалин-қалин китоблари жаҳон халқларининг севимли асарларига айланди, бу китоблар инсонларга ўрис дунёсини очиб берди. Жуда ҳам аҳамиятли томони шундаки, ўрис тилидаги ва ўрис характери акс этган асарларни ўқиш китобхонда шу тил ва халққа мойиллик туйғусини уйғотади. Бу асарларда ўрис жамиятининг, ўрис қавмининг фожиасидан ҳикоя этилган. Ўрисларнинг табиати, олижаноблиги ва тубанликлари ҳақиқий манзараларда кўринди. Аксар ўрис адиблари жуда холис, адолатгўй, оқкўнгил ҳам эди. айниқса, Тургенев, Гогол, Чехов, Толстойни бу сафда санаш мумкин. Тургенев ва Толстой Ислом динига жиддий қизиқдилар. Айниқса, Толстой умрбод ўзи учун қалби қониқадиган ҳақиқатни излаб яшади. “Иқрорнома”ни ёзди, бош қаҳрамони Нехлюдов бўлган “Тирилиш” романини қоғозга туширди, “Уруш ва тинчлик” романида Пеьр Безухов мисолида ўзини қийнаган фожиалар қийноғини тўкиб солди. Лев Николай ўғли Толстойнинг барча асарларида ҳақиқатни излаётган, инсоний фожиалардан фарёд чекаётган, аммо ўта самимий одамни кўрасиз.
Гапимиз адабиётга бурилиб кетди, аслида, бошқа масалани тилга олаётган эдик. Адабиёт ҳақидаги мулоҳазаларимиз ҳам мавзумизга алоқадор.
Биринчи Пётрдан сўнг тахтга келган подшоларнинг деярли ҳеч бирида аждодининг шиддат ва салоҳияти йўқ эди. Айримлари ишратпараст, айримлари шуҳратпараст эди. Айниқса, Наполеон Бонапарт Ўрисияни босиб олиш учун саккиз юз минг кишилик қўшин билан келганида давлат тепасидаги Биринчи Александр ўта кўнгилчан ва нозиктабиат кўринарди. Атрофидаги вазирлари, саркардлари ҳам дангаса, уйқучи, порахўр ва иккиюзламачи одамлар эди. Уларнинг барчаси Александрга халқ тўқ ва осойишта яшаётгани ҳақидаги эртакларни айтиб, ишонтириш учун ҳаракат қилардилар. Давлат эса ўз-ўзидан эски арава каби ғийқиллаб ишлайди. Четдан қараган одам бу арава яқин-орада парча-парча бўлиб кетса керак деб гумон қилади, лекин гумони алдайди, эски арава чайқалиб-чайқалиб тургани ва ғичирлаб юраётгани билан ҳали узоқ хизмат қилиши режалаштирилган.
Биринчи Пётр давридаёқ ҳукумат ичига, айниқса, давлатнинг истихборот хизмати таркибига киритилаётган кучлар шайтон дастури асосида таълим олган мутахассислар эди. Улар ҳамма қатори черковга қатнайди, чўқинади, пасха рўзаларини тутади, лекин барча амаллари кўздан четда амалга ошади. Ана шу гуруҳлар ўз сафдошларини кенгайтириб боравердилар.
Тоғларни баланд миноралар англа, дарёлар сен учун бир қадаҳ сувдир, юлдузлар туннинг жавоҳирлари, ой ва қуёш эса бу қасрни ёритиш учун Аллоҳ ёқиб берган чироқлардир, ёмғирлар бу уйни ювиб турадиган сув, шамоллар супуриб тозалайдиган фаррошдир, буларнинг ҳеч биридан хавф қилма, зотан, буларнинг барчасини Аллоҳ сенга ато қилди.
Эй ботир!
Машаққатлардан қўрқма, қийинчиликларга кўкрак кериб бор! Хотиржам ўтган кунларингдан хавотир ол, синов билан, урҳо-ур билан кечган кунларинг учун шукурлар айт! Оч қолишни тўқ ўтган оним, ташналикни чанқоғим қонган лаҳзалар дея қабул айла! Бегоналарга кўзёшингни кўрсатма, оғзинг қонга тўлса-да, ётларнинг олдида тупурма! Тиланмоқни хаёлингга келтирма, қаддингни тик тут, ризқинг Аллоҳнинг зиммасида эканлигини фаромуш айлама! Балки у ҳақда асло ўй сурма, зотан сенинг ризқингга оламлар Роббиси кафолат бермиш!
Эй ғозий!
Ўлим биз сафарга чиққан йўлнинг сўнгидир. У, албатта, бизни кутяпти. Биз у билан шаксиз учрашамиз. Аччиқ бўлса ҳам, ширин бўлса ҳам, ўлим билан дийдорлашмоққа шубҳа йўқдир. Ғанимга тик туриб берган жонинг жаннатийдир! Парчаланган тананг муқаддас! Сенинг танангни бўяган қон эса фирдавс гулларидир! Нафис жисмингга санчилган ўқлар жаннатнинг қушлари, ғаним қиличи зарбасидан ёрилган жароҳатлар жаннатга очилган эшик ва ундан мағфират шамоллари эсиб ичкари киради, бу жойдан руҳинг фирдавси аъло томон йўл олади. Дин шарафи, ватан ҳимояси, халқ қайғуси ила чекилган ҳар бир дард, ҳар бир яранинг азоби муқаддас ва буюкдир! Адолат йўлида кўзларингни тўлдирган гард, ханжарлар шилган териларинг покдир! Ҳақ йўлида жисмингни қиймаласалар, бу Ҳақнинг муҳаббати изҳоридир! Ҳақ йўлида жисмингни ёқиб кулини кўкка совурсалар, сенга Иброҳим Халилуллоҳнинг йўли насиб этибди!
Эй ўғлон!
Дунё ҳаёти лаззатга бегонадир. Ер юзи маишат ва ҳузур қароргоҳи эмас, агар сен дунёдан ҳаловат изласанг, асло излаганингни топмассан! Балки машаққат ва қийинчиликни лозим тут, курашлардан қўрқма, Аллоҳ учун қадам қўйган инсон бошқалар каби иссиқ тўшаклардан баҳра олмайди, жононларнинг қучоқларидан мосуво бўлгай балки, аммо бу билан у йўқ бўлиб кетажаклардан юз ўгириб, бақо томон қадам қўйган инсондир!
Эй алп!
Илмни лозим тут, илмни бошингга кўтар, Аллоҳдан қўрқ! Аҳлинг – оиланг, аёлларинг, фарзандларингни унутма, уларга аждодлар сенга қолдирган йўл таълимини бер, уларга ўз ҳаётинг билан ўрнак бўл, тарбияла! Тарбия сўз билан эмас, амал биландир! Болаларингга Аллоҳнинг қули қандай бўлишини кўрсатиб яша! Олимларни устоз бил, ҳар бир ишингда Аллоҳдан ёрдам сўра ва Унга истихора қил! Сўнгги нафасингдан қўрқма, демак, сен ўткинчи ҳаётдан қутулдинг ва абадий жаннат сари, Роббинг жамоли сари кетдинг!”
Бир неча авлодлар бу васиятни ёдлади, қалбида сақлади. Аммо вақт ўтгани сайин турклар ҳам бошқалар сингари шаҳарларда яшашни маъқул кўрдилар. Урушлар унутилди, тулпорлар туёқларининг дупурларига эш урган юраклардаги оловлар шашти сусайди, учта хонликнинг асосий иши бир-бири устига қўшин тортишдан иборат бўлиб қолди.
Турклар Ер юзининг энг гўзал, энг серҳосил ва серсув, серқуёш ўлкаларига асрлар давомида ҳукмдор бўлдилар. Ўша шонли ўтмишда Шош отасидан изн олди, дуо олди ва Сайҳундан тепага чиқиб улкан тоғлар ўртасидаги бепоён водийга кирди. Бу водийнинг шарқида бағри маъданлар билан тўлиб тошган тоғлар бор эди, ичида эса дарёлар тўлғониб оқади, ўрмонларидаги дарахтлар қўлларини осмонга кўтариб илк майса чоғидан бошлаб Ҳақ таолога ҳамду сано ўқийди, чангалзорларида йўлбарсу шерлар, қоплону бўрилар даврон суради, кийик ва оҳулар ҳам тирикчилик гаштини сурадилар, қушларнинг саноғи йўқ – бургуту булбул, беданаю қарқуноқ, товусу тустовуқлар, тўтию какликлар, қумрию читтаклар, чағалай ва лочинлар – бу водийдан уларнинг барчасини топиш мумкин.
Шош ўзига эргашган бир қанча улус, хотинлари, бола-чақалари билан водийнинг қоқ ўртасига келиб жойлашди. Бу ерда шабада сайр қилади, тоғ гулларининг ифорини ўйноқи насим димоқларга тутади, қишда оламни оппоқ кумуш гилам қоплайди, кўкламда ерга зумрад ёпинчиқ ёпилади, фалакда етти рангда товланган камалакдан ўқ узилади, ёзда меваларнинг ширалари тилни ёради, кузда олтин ўлка қалбларни титратиб юборади.
Шош бу водийни ўн йил тадқиқ этди, яшаш мумкин эканига амин бўлди, сўнг улусини шаҳар қуришга сафарбар этди. Маъданлар қайнаб тошган тоғдан – уни Оҳангарон деб атадилар кейин – харсанглар келтирди. Бу харсангларни кестирди ва водийнинг энг гўзал қисмига пойдевор солдирди, сўнг осмонга етгулик деворлар кўтарди, деворларнинг тагларига чуқур хандақлар қаздирди, ҳар юз қадамда девор узра миноралар қурдирди, бу миноралар узоқлардан кўринарди ва ундаги одам узоқларни ҳам кўра оларди. Шу тариқа водийда улкан шаҳар барпо бўлди. Бу шаҳар тарҳини ўзи ўйлаб топгани ва бош бўлиб қурдиргани учун йўлбошчининг номи қўйилди – шаҳар Шош деб аталди.
Шош ёшлигидан кўп жангларда қатнашган эди, катта бобоси Туркнинг кенжа боласи Чин кунчиқарда ўз давлатини қурганига минг йиллар бўлган эди, аммо бора-бора амакиваччалар бегоналашди, қонлар айниди, ораларида кўп жанглар кечди, Шош бу урушларда қатнашди. Кўп шаҳарларга борди ва шаҳар қуришни ўрганган эди, шунинг учун у қурган шаҳар жуда кўпчиликнинг ҳавасини келтирарди. Шаҳарга сув кириши ҳам ҳисобга олинган, шаҳарнинг нақ этагидан кесиб ўтадиган улкан дарё айниқса, кўзлар қувончи, қалблар сурури эди. Бу дарёга Чирчиқ деб исм бердилар. Чирчиқ атрофидаги яшил тепаликлар, чангалзор, қамишзорлар, қуюқ ўрмонлар... Хилма хил балиқлар, ҳайвонлар, қушлар Шошни жаннатга эвирган эди гўё.
Четдан келганлар шаҳарга маҳлиё бўлардилар, тош билан кўтарилган шаҳарни Тошкент деб атадилар. Тиллари келишмаганлар эса Чоч ҳам дедилар.
Шош тарихида минглаб хоқон ва султонлар ўтди. Бу шаҳарга ҳар бир душман ҳавас билан қарар эди.
Шаҳарнинг тартиби, айниқса, ақлларни лол этарди: ҳунармандлар бир ҳудудга тўпланган эдилар, кўнчилар, дегрезлар, дурадгорлар, косиблар маҳалласи... Сўнг камончилар, қиличбозлар, сарбозлар маҳалласи... Фақиҳлар, қорилар, олимлар маҳалласи... Шаҳар атрофида боғлар, экин ерлари...
Айниқса, халқи тавҳид дини келгач, ёппасига динга киргач, янада юксалди. Давлат раҳбари бир хотин эди, аммо у юртни бузуқликка тўлдирди, қадимдан келаётган хабарларга кўра бир пайғамбар келиши керак эди, у ҳақ дин хабарчиси бўлиб, эшитган борки, унга бўйсуниши талаб этилади, бу ҳақиқатни унутмаганлар араб ўлкаларидан ана шу дин жарчилари келганини билдилар.
Шош яна узоқ йилларни турфа ҳолда яшади. Бу орада Қўқон, Қашқар, Лабзак, Тахта-пул, Қорасарой, Сағбон, Чиғатой, Кўкча, Самарқанд, Камолон, Бешоғоч ва Қайтмас деган дарвозалар тикланди. Тешик-қопқа, Янги Махма, Сарбоз каби кичик дарвозалар пайдо бўлди.
Милодий ҳисобда ўн тўққизинчи аср. Мусулмонлар саноғида эса ҳижратнинг ўн иккинчи юз йили тугаб, ўн учинчи юз йил бошланмоқда.
“Ҳукмдорим, – деди. – Аммо бу тинимсиз гапиради, бўшлиққа қараб ўзига ўзи ҳам вайсайди, буни тўхтатсак эди...”
Подшоҳ кулди.
“Менинг мулкимда ҳамма ўзи истаган сўзни айта олади, аммо менинг ҳукуматимга дахл этмасин! – деди. – Қулоқларингни беркитиб олинглар ва гапларини эшитманглар! Бу аҳмоқ ҳеч ким уни эшитмагани учун азобланиб фикридан қайтади, кейин кунини кўрамиз”.
Нуҳ алайҳиссалом даъватда тўққиз юз етмиш йил давом этди. Одамлар қулоқларига қулоқчин тиқиб олдилар. Ҳеч ким уни тинглашни истамасди. Жабрлар ҳаддан ошди. Озорлар кўпайди. Нуҳ алайҳиссалом Аллоҳга муножот қилди:
“Роббим! – деди зорланиб. – Сенинг амрларингни халойиққа етказмоқ учун минг йилга яқин тер тўкдим. Буларнинг ҳеч бирини Сенга миннат қилмасман, Роббим! Лекин озорлар жонимни оғритди. Булар ваъда қилинган азобни ҳам сўрамоқдалар. Жалолинг, қудратинг, ҳукминг, салтанатинг, барча исму сифатларинг ҳаққи, бу нонкўр ва мункир, мушрик ва кофир қавмга жазойингни жўнат! Ер юзини айланиб ўзимга эргашган беш-ўн кишидан бошқа ҳеч бир инсонни топмадим, улардан ўзгаси Сенинг Ерингда яшашга лойиқ эмаслар, уларга Ўзинг кифоя қил, Аллоҳим! Улар Сенга итоат этмаслик ва исён этиш нима эканлигини кўрсинлар! Сенинг қаҳринг ва ғазабинг олдида ўз хатоларини тушуниб етсинлар, ширку куфрлари учун афсус ва надоматлар чексинлар, Роббим!”
Бир муддат ўтиб Жаброил алайҳиссалом хабар келтирди: “Эй Нуҳ, кема ясанг! Сизга ўзим ўргатаман!”
Нуҳ алайҳиссалом кема ясашни бошладилар. Кема ўрдак шаклида эди.
Одамлар кулишди: “Кеча пайғамбарман деётган эдинг. Энди кемасоз дурадгор бўлдингми?”
Айримлар деди: “Атрофда на дарё бор, на денгиз! Кемангни қум устида суздирасанми?”
Бир куни одамлар кема атрофида кўпайиб кетдилар. Нуҳ алайҳиссалом чала битган кеманинг қуйруғига чиқиб одамларга хитоб қилди:
“Эшитинглар! Сизларга қасам ичиб айтаманки, яқин-орада Ер юзида улкан тошқин бўлади! Осмон эшиклари очилади, ер кўзлари ҳам! Бутун оламни сув қоплайди! Мен билан бўлганларгина тирик қолади! Эсингизни йиғинг ва менга эргашинг!”
Кўпчилик яна кулги қилди.
Кема битди.
Бир куни тандирхонадан хотинининг додлаши эшитилди.
“Тандирдан сув чиқибди!” – дерди у.
“Вақт етди!” – деди Нуҳ алайҳиссалом. Шогирдларидан бирига тайинлади: “Бизникиларни чақир! Дарҳол кемага чиқинглар!”
Жами саксонга яқин киши кемага кўтарилди. Нуҳ алайҳиссаломнинг Хом, Сом ва Ёфас деган ўғиллари хотинлари билан бирга оталарининг ортидан келдилар. Зотан, улар аввалдан ота тарафида эдилар.
Хотини эса бақирди: “Ақлдан озибсизлар!”
Нуҳ алайҳиссалом тўнғичига деди: “Канъон, сен менинг кўзимнинг қорасисан! Кемага чиқ, болажоним! Яқинда Ер сув остида қолади!”
“Мен энг баланд чўққига чиқиб жон сақлайман, ота, аммо сенга эргашмайман!” – деди ўғил.
Нуҳ алайҳиссаломнинг юраги тубидан нимадир узилди.
Ваъда ўзини узоқ куттирмади: шомда бошланган ёғмир тонгга бориб кучайди, ҳатто ернинг тагидан сувлар осмонга фаввора бўлиб отилди. Одамлар хатарнинг жиддийлигини англадилар. Уйлар сув остига чўкди. Дарахтлар томирлари осмондан бўлиб сув тубига ғарқ бўлди. Канъон фарёд солди, чунки у чиққан чўққини ҳам сув ямламоқда эди. Нуҳ алайҳиссаломнинг оталик ҳисси жўшди, кўзидан ёш отилди: “Роббим, менга дуо қилиш учун рухсат берган эдинг. Ўғлимни қутқар!” – деди. “Эй Нуҳ! – деди Аллоҳ. – Сен фақат Менга иймон келтирганлар учун дуо қилсанг, ижобат қилурман, кофирлар учун эмас!”
Нуҳ алайҳиссалом дарҳол титраб бошини ерга қўйди: “Роббим, тавба қилдим! Тавба қилдим!”
Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилди.
Сув бутун оламни қоплаб олди. Ҳамма томон сув, сув, сув эди.
Аллоҳнинг амри билан осмондан сув ёғиши тўхтади. Ер эса сувни ютди. Нуҳ алайҳиссалом кемаси Сарандип тоғига келиб тўхтади.
Ер юзида инсониятнинг янги ҳаёти бошланди.
Нуҳ алайҳиссалом оиласига мансуб бўлмаган барча вафот этди, Нуҳ алайҳиссалом уч ўғлига Ер юзини бўлиб берди. Пайғамбарнинг энг севимли ўғли Ёфас эди. Ёфасни Шарққа юборди. Ёфасга Аллоҳ ўғил берди, бу ўғил денгиз бўйида туғилди. Шунинг учун денгиз маъносини берадиган Турк дея исм бердилар.
– Субҳаналлоҳ! Қандай ҳам ажойиб ҳикмат айтган эканлар ҳазрат Навоий! – деди кўзлари чақнаб Усмон. – Мактабда қойиллатиб ўқимадим, аммо бизга Навоий бобо саллали ва соқолли бир чол деб танитилди. Гули билан севишиб подшо билан урушиб қолган ҳам эмиш.
– Астағфируллоҳ, ундай эмас! – деди Қудратуллоҳ ака. – Салтанат подшоҳи билан қиз талашиш... Кимсан, яна Алишер Навоийдек зот! Қандай туҳмат! Ҳа, афсус, золимлар, босқинчилар қўл остида ўзимизни шундай ёлғонлар билан алдадик.
– Қудратуллоҳ ака, мен тарихни билмайман... – деди бироз ўйланиб Усмон. – Мактабда ўрислар истилоси ҳақида гапиришгани элас-элас ёдимда. Яна араб, мўғул истилоси ҳам дейишарди. Истило дегани бир юртни босқинчи келиб босиб олиши бўлса керак деб тушунганман. Атрофга қарайман: ҳаммамиз яшаяпмиз, майли, ойлик кам, майли, бозорда қимматчилик, майли, чироқ ва газ йўқ, канализация ҳам етиб бормаган жойлар жуда кўп, қама-қама авжида... Масжидларда намоз ўқиляпти, ҳажга боряпмиз, рўза тутяпмиз, закот беряпмиз, имкон қадар судхўрликдан, кредитдан сақланмоқдамиз... Лекин одамларимиз ичида бир мустақиллик руҳи йўқ. Ҳар йили биринчи сентябр куни мустақилмиз деб қўшиқ куйлаймиз, мустақил бўлдик деб йил санаяпмиз, автомобил заводимиз бор деб мақтанамиз, келажагимиз буюк деб айтамиз, ҳолбуки, инсонлар ич-ичидан бахт нималигини ҳис қилмаяпти. Ё бизнинг ўлкамиз бахтсизлик ўлкаси бўлиб қолдими? Ё бутун дунё шундайми? Ёки бизда бахтни ҳис қилиш салоҳияти йўқми? Ақлим етмай қоляпти, Қудратуллоҳ ака... Бир гуруҳ ёшлар пайдо бўлибди. Амакимнинг ўғли бор, исми Байрамжон. Худо бор, лекин у олий бир онг деб юради, ўшанинг ўртоқлари билан кўришдим. Ўшалар менинг устимдан ёзиб бериб қаматишди, аслида. Гап шундаки, уларга Худонинг бор ёки йўқлиги қизиқ эмас, улар дунёда ҳаммаси тугайди деб ишонишади. Шу инончларини ҳамма ёқда тарғиб қиладилар. Динни зулм деб тушунишади ва тушунтиришади. Биз бу ҳолга қандай келиб қолдик? Дунё аввал қандай эди? Ёки мен кўп ўйлаб юборяпманми? Ҳақиқатни кўра олмайдиган бўлиб васвасага берилмоқдаманми?
Усмонда ўзгача қизиққонлик борлигини Қудратуллоҳ ака сезди. Бир гапирса, тўлиб-тошиб гапираркан. Сўзлари селдай оқиб чиқади. Юрагида ўти бор – ўзини қўярга жой топа олмаяпти. Лекин бундай табиатли одамларда шошқалоқлик, таъсирчанлик, тез ва хато қарорлар қабул қилиш, кимнидир қаттиқ яхши кўриб, кимнидир ҳаддан ташқари ёмон кўриш, “лов” этиб жаҳлга берилиш ва дарҳол ғазабдан тушиб қолиш каби хусусиятлар ҳам бўлади. Балки ўз айбини беркитишга уриниш ҳам бордир.
“Ўз хатосини беркитишга уриниш, аслида, яхши, демак, уни тузатишга ҳам уринади,” – деди ичида.
– Менинг бобом нақшбандия тариқатининг муршиди бўлган, – деди Қудратуллоҳ ака. – Аллоҳ раҳматига олсин, момом ўз оталари, боболарининг тарихини кўп айтиб берган. Бизга мактабда ўқитилаётган тарихда катта ёлғонлар бор, Усмонбек...
Тошкент.
Икки-уч минг йиллар аввал барпо бўлган қадимий улуғвор шаҳар.
Тоғлар билан ўралган улкан водий ҳар қандай халқ орзу қиладиган яшамоқ учун энг мақбул ва латиф ҳаволи макон.
Бу даврда одамлар буюк сув тошқинини унутганлари йўқ эди. Боболар ўз набираларига бу улкан воқеа хабарини берадилар. Айтилган воқеаларнинг бўлганига ҳеч ким шубҳа қилмайди.
Аллоҳ таоло инсонларга меҳрибон – улар адашиб жаҳолатга чўкиб кетмасликлари учун пайғамбарларини жўнатмоқда эди. Кишилар эса якка Роббил оламийнга итоат ва сажда қилишни унутдилар. Ҳаммаси улар истагандек эди: подшоҳлари ҳеч бир ишни ўзбошимча бажармас, одамлар билан маслаҳат этарди. Кишилар тўқ яшардилар. Қорни оч кишилар топилмасди. Касалларни табиблар тезда даволардилар.
Шаҳарлар ҳайкаллар билан тўлиб-тошди.
Аслида, бундан минг йиллар аввал инсонлар ҳайкаллардан бирор наф бўлмаслигига шубҳа этмасдилар, шайтон қайғуга тушар, кишиларни йўлдан урмоқ учун елиб-югурарди. Халқ учун азиз инсонлар ўлганидан сўнг уларни унутиб юбормаслик учун аввал суратларини чизишди, ҳар сафар бу суратга қараб соғинчлар таскин топарди гўё. Кейин эса ҳайкалларини бунёд қилдилар. Бут йўниш билан машғул бўладиганлар пайдо бўлди.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу зикрлар топшириғини бергач, ўринларидан турди. Денгиз ҳам ўрнидан турмоқчи эди – қуввати етмади, халифа икки қўли билан унинг билакларидан ушлаб ёрдамлашди. Бу бақувват қўллар эди. Буюк Инсон вужудидан тошиб порлаб турган файз, қувват Денгизнинг томирларига қон каби оқиб кирди.
Даврадагилар бир овоздан: “Муборак бўлсин!” – дедилар. Бу буюк халифадан дарс олиш ва унга қасам ичиб байъат бериш саодати қаршисидаги қутлов эди.
“Мени бағрингизга босинг...” – Денгиз шундай дедию, бошини ҳазрати Умарнинг елкасига қўйди ва ҳушидан кетди...
Ҳушига келганида у очиқ дарё юзасида сузиб борар, тўлқинлар уни кафтида авайлаб соҳилнинг қучоғига қўймоққа шайланаётган эдилар.
Денгиз жисми сув ичида ҳарорат билмас ҳолга келганлигини билди. На иссиқ, на совуқни сезар, гўё барча сезгилар ўлгандек эди.
Дарёнинг бўйи майин қум. Дарё ўзанига сиғмасдан қумлоқ қирғоқ ювиб оқади. Ёки икки соҳилга лабларини қўйиб, тўймасдан ўпиб оқади.
Майин қум ҳовучига тушган Денгизнинг тинкаси қуриган. Ёнбошлаб ётган бўлса, чалқанча тушишга мажоли йўқ. У соҳилга келиб тушган чоғ тонг ёришган, қуёш машриқ бўйлаб ўз ҳукмронлигини ўрнатиб, осмон тоқига тулпор чоптириб келаётган палла эди. Қуёшнинг нур бармоқлари йигитнинг юзларини силади. Денгиз қаърига чўкиб, ер ости дарёсидан оқиб Дажла соҳилига келган Денгизнинг бутун вужуди, балки ичаклари ҳам тозалаб ювилган, ҳатто ҳужайраларида ҳам кирлик қолмаган эди. Онги карахт, сўзлашга, сасланишга-да заиф ҳолда ётаркан, тонг сабоси Бағдод боғларидан лаб очган ғунчаларнинг, Кемах тоғларидан чечакларнинг нафасларини олиб келиб димоғига тутди. Юраги заиф урса-да, яшаш учун сафарбар – енгилмаслик йўлида етти қават осмон устига ҳам қанот қоқиб парвоз этишга шай эди.
Шундай эди, аммо у ҳамон кўмакка муҳтож. Инграниб кўкка боқди. Дажла унинг оёқларини ювиб кетаверди. Осмон – мовий. Қанот қоққан бургут ерга ўткир нигоҳларини тикиб учади. У ўзига ўлжа излаяптими ёки ўзи ҳукмронлик қилаётган ҳудудларга душман беадабларча қадам босмадими дея текшираётирми?!
Сал қуйида эса тўрғайлар, қалдирғочлар вижирлайди. Тонг шукуҳи еру самони қоплаган.
Қум тонг бўлишига қарамай илиқ эди, унинг тафти Денгизнинг борлиғи бўйлаб ўрлади. Кўкка қараб кўзлари толиққан йигит ўнгга ёнбошлашга тиришди. Қувватини жамлаб ўнгга ўгирилди. Чарчоқ устун келиб кўзларини юмди. Бир неча лаҳза ўтиб у томон кимдир келаётганини фаҳмлади. Фаҳм нигоҳлари англади, аниқроғи.
Кўзини очди ва ёғоч кавуш кийган оёқни кўрди. Барваста, юзлари қизил, соқолига оқ оралаган, бошида яшил салла, эгнида кенг ридо танасини ўраган, изори остидан кенг шалвари кўзга ташланиб турган инсон унга яқинлашди. У Денгизнинг бошига ўтирди. Унинг тириклигини билди. Пешонасига қўлини қўйди.
– Яхшимисан, болам? – деди меҳрибон сас билан. Денгиз кўзларини “ярқ” этиб очди. Бу ақлли кўзлар эди. Унда на ҳорғинлик, на умидсизлик! Унинг ёнига келган одам эса давом этди. – Тушимга ҳазрати Умар етти кунки киради, Дажла бўйига бор деб айтади. Тонгдан келиб шомгача ўтираман. Сўнг қайтаман. Яна амирулмуслимин тушимга киради. Дажлага бор дейди. Ул зот сенинг келишингни айтганми эдилар? Исмим Язид. Боязид ҳам дейдилар. Бистом шаҳрини биласанми? Боязид Бистомийман.
Денгиз бундай шаҳар номини умрида эшитмаган эди. Билмасди. Шу онда Боязид Бистомийдан ёшроқ, навқиронроқ бири кўринди.
– Устоз, дарё бўйига кетганингизни тахмин қилгандим, – деб келарди у. Боязид Бистомий унга ўгирилди:
– Болам, бу йигитни даргоҳга олиб борамиз, замбил келтиринглар. Тезроқ.
Денгизни замбилга солдилар. Замбил оҳиста тебраниб йўлга тушди. Денгизни уйқу босди. Ухлаб қолди.
Боязид Бистомий эса ундан кўз узмай қараб борарди.
@ilm_zakoti
Бизлар қуруқ ерни кўрамиз. Ер устидаги кўл, денгиз ва дарёларни кўрамиз. Уларда чўмиламиз. Сувларини ичамиз. Аммо шу тупроқ қаърида ҳам денгизлар ва дарёлар сассиз оқишини тафаккур этмаймиз. Балки тасаввурга сиғдира олмаймиз. Ҳолбуки, Ер остида улкан сув ҳавзалари, ҳатто океанлар мавж уради. Улар ўзанларни тўлдириб оқади. Тўлқинланади. Улар ўз чегараларини бузмайдилар. Ҳатто бу сувлар ичида жонзотлар яшайди. Бу сувлардан айримлари булоқ бўлиб тоғларнинг бағридан ташқари оқиб чиқади. Айримлари эса океан ва денгизлар билан қаърида ер ости ўзанлари орқали бирлашадилар. Бу сувларнинг барчаси осмондан туширилган.
Денгиз кўрган рўёлардан бирида “Аллоҳга иймон келтиринг!” – дея жон куйдирган бир пайғамбар бор эди. У пайғамбар минг йил атрофида машаққат чекди, инсонлар эса уни мазах қилишдек нодонликка журъат этдилар. Аллоҳ таоло эса пайғамбарга кема ясашни буюрди. У ўрдак шаклидаги кемани ясади. Сўнг осмондан сувлар ёғилди, ердан булоқларнинг кўзлари очилди, Ер юзини сув босди. Булоқларнинг кўзи очилиб, осмонга фаввора каби сувларнинг отилиши Аллоҳнинг амри билан юз берган бўлиб, бу сувлар Ер ости денгизларидан, дарёларидан отилган эди.
Денгиз ер ости дарёси оқимига тушди ва уни шиддатли оқим қаро тупроқ бағридаги ўзанга олиб кириб кетди.
Бу дарё у қадар эмас, жуда катта тезликда оқар, агар Денгизнинг ҳуши ўзида бўлса, оқим суръатидан ақлини йўқотарди. Аммо ҳушсизлик, ўпкасига қадар кириб бораётган сув унга ҳеч нарсани англаттирмади.
Ўтган фурсатларни ҳисоблаш имконсиз эди.
Аллоҳ Ўзи икром қилган бандалари учун лаҳзаларнинг оёғига кишан уришга Қодир Зотдир. Аллоҳ кимга муҳаббат қилса, бу муҳаббатнинг қиёси, мисли бўлиши мумкин эмас. Денгизнинг ер ости дарёси ўзанидан камондан учган ўқдек ўтиши ҳам Роббал оламийннинг лутфидан бир тажаллий эди, аслида.
Шиддатли оқим Денгизнинг танасини ер устида оқадиган дарёга олиб бориб улоқтирди. Тўлқинлар, сувнинг босими бу жисмни лолақизғалдоқ япроғини қучоқлагандек авайларди, аслида.
Ўтган қисқа фурсатларда Денгиз неларни бошдан кечирди? Зотан, жисм жонидан айрилса ҳам, руҳ йўқликка юз тутмайди. У руҳлар оламига кўтарилади. Инсон лойиқ бўлган мақомда унинг руҳи макон тутади.
Денгиз денгиз ости жаннати ҳуснидан ҳушини йўқотиб, бошқа бир гулшанга қадам қўйган эди. Бу гулшан васфига тил ожиз бўлган маъво эди.
Денгизни баланд бўйли, юзи нурли бир инсон кутиб олди.
“Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва барокатуҳ, эй Аллоҳнинг суйган бандаси! Келдингми? Сени кутмоқдамиз!” – деди очиқ чеҳра билан.
Денгиз умрида бу қадар гўзал юзни кўрмаган эди. Тили тутилиб, бирор калима айта олмай қолди.
“Ва алайкум ассалом де, дўстим! – деди мезбон кулиб. – Сенга ҳам Аллоҳнинг раҳмати, барокати ва мағфиратини тилайман де!”
Денгиз ғўлдириб, ҳаяжонланиб айтилган сўзларни такрорлади.
“Исмим Холид, Ислом лашкарида хизмат қилган жангчиман”, – йўл-йўлакай ўзини танитди мезбон.
Денгиз атрофга қарашни ҳам, уни кутиб олганнинг жамолига термилишни ҳам билмай қолди. Мезбоннинг жамоли бу боғнинг зийнати эди. Аслида, у бўлмаса, боғнинг маъноси қолмас эди.
Боғ ўртасида ҳалқа қурган улуғлар ўтирган эди.
Барчалари эгнига оппоқ жуббалар, ридолар ёпинган, бошларида қора, яшил, оқ саллалар ўралган, кўзларида юлдузлар порлаган, юзлари ойдек нур сочган инсонлар эдилар улар. Соқоллари кумушдек оппоқ, тишлари дурдек товланарди. Барчалари кўзларини ерга тикканлар, нигоҳлари нигоҳларга кўзгу эди. Денгиз даставвал улар бир-бирлари билан суҳбат қуряптилар деб ўйлади, аммо кўрдики, ҳеч бирининг лаблари қимирламас, оғизларидан сас ҳам таралмаётган эди.
“Кел, кел”, – дедилар улар жилмайиб. Барчалари Денгиз учун ўринларидан турдилар. Кутиб олувчи: “Бу ёқдан бошланг!” – деди. Денгиз шу томондан улар билан бирма-бир сўраша бошлади. Улар аввал Денгизнинг қўлларнинг авайлаб кафтлари орасига олдилар. Сўнг ўнг ва чап тараф билан бағирларига босдилар. Ҳар бирлари билан бағирлашаркан, Денгизнинг руҳи қанотсиз кўкларга учгандек бўларди. Умрида бу қадар ҳаловат ва хокисорликни, улуғворлик ва покликни у туймаган эди.
Уни тош зиндондан чиқардилар. Аввал узун йўлаклардан олиб ўтишди. Сўнг катта дарвоза олдида кутиб турган аравага келдилар. Бу онда унга янги либослар кийдирилган, иззат ва ҳурмат ичида эди. Ходим табассум билан тавозе кўрсатмоқда.
Денгиз бу фитна ва алдов эканига амин бўлди. У барча воқеаларни, хаёлот ва ҳақиқатларни бир нуқтага жамлади, ўзи кимлардир учун муҳим шахсият сифатида туюлаётганини тушунди. Золимлар қўлида ортиқ қолишга рози эмасди, у ўзи қилиши керак бўлган ишни топиши шарт эди.
Уни шоҳона аравада ўрмон ичидан қоялар узра қад кўтарган Хожанинг қасрига элтмоқдалар. Хожа Денгиз билан очиқ суҳбатлашмоқчи эди. Унга Хористон ҳокимиятини таклиф этишни режалади. “Денгизни очиқ осмон остидан олиб ўтсам, ўрмон ва дарахтларни кўрсатсам, шунча зулм ва жабрдан сўнг менга итоат қилади, барибир унда ўзига ишонч кам, ҳали дунёни танимайди”, – деган хаёлларга ғарқ эди у. Бир томондан Хожа ҳақ – Денгиз оламда ҳали нимани кўрди? Хористоннинг чўлини, тошдан ясалган одамларини, хорликка мубтало бўлган қултабиатли инсонларни, Исмоилни, зиндонни ва азобларни...
Хожа Денгиз кўп нарсани билмайди, у ўзининг нима учун жазоланаётганидан ғофил деб ҳам ўйларди, у Денгизга маълум бўлган илмларни тасаввур ҳам эта олмасди, зотан. Шунинг учун маромни олишда адашди. Вазиятни баҳолашда янглишди.
Денгизни олиб кетаётган аскарлар жангари, қувватли ва маҳоратли эди. Денгиз аравада ўтириб, пардани кўтарди, чайқалиб кетаркан, яшилликка бурканган табиатга кўз солди. Хаёлида Хористон саҳроси жонланди. Тошлардан қурилган уйлар. Тоғ остидаги кон. Бир хил кийинадиган одамлар. Кийинтирилган одамлар. Тоғ қаъридан тилла қазиб олиб, эритишга мажбурланганлар... Хористон аҳлининг чеҳрасига тамғаланган ҳадик муҳри, муҳрланган қуллик тамғаси... Бир-бирининг сирини ўғирлаб сотадиган одамлар... Ҳеч қачон ўз ҳаётини ўзи тасарруф этишни истамайдиган, тери ва устухондан иборат, сувратида одам қиёфаси қолган, еб-ичиш ва жисм эҳтиёжларидан ташқари чиқмайдиган, ундан ташқарини ўйламайдиган ғариб бир жамоат...
“Бундай яшаш мумкин эмас! Ортиқ бундай яшаб бўлмайди! – Денгизни шу сўзлар эгаллаб олди. – Бизни қул қилиб ушламоқдалар. Ҳаёт бошқача бўлиши лозим. Бошқача! Мен, албатта, ўша ҳаётни излаб топаман!”
Арава орол бўйлаб юраркан, Хожанинг қасрига бориш учун тош кўприк устидан ўтиш керак. Бу тош кўприк, аслида, сув устига ястанган тоғ. Унинг юзаси текисланган.
Ости эса чуқур – тубига тўлқинлар урилади. Қараганнинг ваҳми келади. Арава айнан шу кўприкдан ўтаркан, Денгиз фурсат келганлигини англади. Англаса-да, ичидан иккиланиш тошди. Арава дарчасидан ўзини отишга шайланаркан: “Сувга бориб тушаманми? Ишим тўғрими? Тутиб олсалар-чи! Балки энди ҳаммаси яхши бўлар! Кутсам-чи!” – деган ўйлар оёғига тушовдай ёпишди. Аммо кўз ўнгида яқиндагина тугаган зулмлар ўта бошлади, чеккан оғриқлари вужудига тумандай ёпирилди.
“Йўқ! Асло! Булардан ҳеч қачон яхшилик чиқмайди! Ё Аллоҳ! Мени шайтонга таслим этма!” – Денгиз шундай деди ва ҳеч қандай хатарни ўйламай ўзини шоҳона араванинг дарчасидан пастга қараб отди. Шу қадар тез ҳаракат қилдики, унинг дарча ичидан қушдек учиб кетганлигини қора кийиниб, тишидан тирноғига қадар қуролланган соқчилар фаҳмлашга ҳам улгурмадилар. Лекин соқчилар бошлиғи сезди. У саф аввалида эди. Қандайдир ҳаракат шарпасини илғаб ўгирилди ва сувга етиб борган Денгизни кўрди. Қиличини суғуриб ҳавода ўйнатди:
– Маҳбус қочди! Маҳбус қочди! Денгизга тушамиз! Денгизга сакранглар!
Соқчилар уйқудан уйғонгандек сескандилар ва ўнг томонда сувда бир кўриниб-кўринмай кетаётган Денгизни кўрдилар. Шу ондаёқ ўнта соқчи ўзини сувга отди. Соқчибоши қолганларга қояни айланиб соҳилга тушишга буюрди.
Денгиз денгизнинг бағрига тушган эди. Ажабланарли жойи шундаки, у ғорда туғилди. Саҳрода улғайди. Ўгай отаси унга гунг ва карлар тилида Қуръондан дарс берди. Кейин ўзи билмайдиган сабаб билан зиндонга солинди. Умрида бирор марта сувда сузмаган эди Денгиз. Исми Денгиз эдию, денгиз қучоғига кирмаган эди ҳамон.
Олиб чиқдилар ва муздек сувли ҳовузга улоқтиришди. Калтак зарбидан танаси лоҳас бўлиб, мушаклари бўшаган йигит чўкиб кетмаслик учун ҳар қанча интилмасин, қўл-оёқлари унга бўйсунмасди. Базўр ҳовуз четига етганда кимдир бошига тепди. Яна сув тубига чўкди. Нафас ололмай тепага талпинди... Яна чўкди. Ҳушини йўқотди. Кўзини очганида ўзини ташқарида кўрди. Аммо танасига куч келмай туриб, уни бошқа ҳовузга отдилар...
Қолган азобларни ёзишга қалам ожиз. Оёғини осмондан осдилар, бир кун сувсиз қолдирдилар, кигизга ўраб саваладилар, танасини икки бўлиб ташлашга қасд қилгандек икки тарафга тортдилар, оловли хонага ташлаб чиқишди, сочу соқолини қириб олишди... Жаллодлар унга азоб бермоқдамиз деган хаёлда эдилар, аммо Денгиз ҳушсиз бўлиб қолди. Жисми калтаклардан озурда бўлса-да, руҳи буни ҳис этмасди. Қўрқув уни тарк этгандек эди. Ҳар қандай ҳадик ундан қуш каби учиб кетди, гўё. Карахт бўлди. Уни ҳеч қандай хавотири йўқ, балки ўлимга тайёр эди. Агар қатл қилсалар, киприк қоқмасди шу онда.
Аммо саккизинчи кун азоблар тўхтади. Чунки Хожа бир Кўзлининг ҳузуридан қайтди. У Денгизни даволашга буйруқ берди.
Денгиз вазият ўзгарганидан аввал бироз ҳайратланди. Бутун вужуди, суяк-суякларигача оғриркан, онгидан оғриқ мусиқа каби акс садо бериб томир-томирларигача тарқаларкан, оламни, атрофдаги ҳар бир сасни тингларди. Оғриқ уни ажиб муҳитга етаклаб киргандек эди: у оғриқ остида ўта тийрак боқа бошлади коинотга, ҳатто зарраларнинг сўзларини, чумолининг қадам товушларини, юлдузларнинг милтирашлари, булбулларнинг каломидаги маъноларни, нурларнинг порлашига битилган сирларни тинглар, ўқир, англар эди, қошлари остидаги икки кўзи билан олд ва ённи кўрса, ўзи идрок этмаган ҳолда орқадаги, юқори ва пастдаги ҳодисотларни кузатмоқда эди. Гўё оғриқлар унинг учун лаззатга, ҳузурга эврилди, энди у улардан воз кечгиси келмаётгандек эди.
Ундан ҳам ажиброғи, Денгиз ўзини беҳад енгил сезди. Борлиғи ҳарир бўлди. Қушнинг патидек эди вужуди. Нурлар ичра кезарди. Ўзининг ҳақлигига шубҳаси йўқ эди. Фаришталар билан суҳбатлашаётгандек эди. У Ўзини яратган Вожибул Вужуд қаршисида титраркан, йўқлик сари кетишни истарди. Бемисл раҳмат, марҳамат, муҳаббат, лутф, карамдан эрир, эришини эса бирор мисолга сиғдирмоқнинг имкони йўқдек. Фақат Вожибул Вужуд қошида Унга беҳад таслимият, шукур ҳис этди. Ақли йўқолди. Руҳининг тили билан “Сен, Сен, Сен!” дер эди. “Сен Боқийсан, Сен Боқийсан! Мен йўқман! Мен йўқман!” – дер эди қалби. Ўзини сажда қилган ҳолда кўрди. Бошини саждадан кўтармас, шу ҳолда мангу, абадул абад қолишни хоҳлади. Мастлик, важд ҳадди аълосига кўтарилиб борди. Бу ҳол мусиқанинг лаҳнига ҳам ўхшарди. Бу лаҳн аввал тонгнинг сокин саси янглиғ эди. Кейин қуёшнинг қиздириши каби баландлади. Қуёш чошгоҳга келиб бутун оламни ловуллатгани сингари лаҳн жазб этди. Жазб куйдириш, тўлғаниш билан пайваста эди. Қалб: “Сен Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Боқийсан! Жалолсан! Азимсан! Азизсан! Кабирсан!” – дер экан, нафс бу жазб ичида кул каби йўқликка сочилди.
Денгиз коинот бўйлаб қушдек кезиб юргандек эди. Қаерни кўришни истаса, ўша ерда пайдо бўлди. Ер кафт каби қаршисида намоён бўлди. У Ернинг атрофи Қоф тоғлари ила ўралганини, айланасига эса осмон билан қуршалганини аниқ ва равшан идрок этди. Ерни биринчи қават осмон доирасимон ҳолда иҳоталаб олган эди. Осмон шу қадар улкан эдики, ой гўё унинг ичида саҳродаги тугма каби бўлиб қолди.
Ажиброғи, бу осмон устидан иккинчи осмон ёпилган эди! Биринчи ва иккинчи осмон орасидаги бўшлиқда саноқсиз юлдузлар, қанотли ва қанотсиз мавжудотлар, нурга бурканган махлуқлар айланар, аслида, осмон ҳам бир томонга қараб ҳаракатда эди. Иккинчи осмон шаффоф, ўта мустаҳкам, ҳеч бир нарса синдириб ўта олмайдиган ойна янглиғ экан. Икки осмон орасида улкан дарвозалар кўринди. Дарвозаларнинг катталиги ақлга сиғмайди, балки ҳар бир табақаси Ердаги барча қуруқликлар каби бўлса, не ажаб! Бу дарвозаларда посбонлар қойим. Иккинчи осмонга тайинланган ҳукмдор ўзига зийнат берган бир зот бўлиб, у бу ҳудудда фаришта каби учиб юраркан.
– Бу ҳолдан биз қўрқмаймиз. Биз чидаймиз, – деди. Сўз оҳанги ўта ҳорғин эди. – Чидаймиз... Ҳали бизнинг кўчада ҳам байрам бўлажак! Сени билмадиму, аммо, албатта, мен кўраман. Биласанми, нималарни кўраман?
– Билмайман, султоним, – деди Хожа.
– Табиий, билмайсан! – кулди бир Кўзли. – Ер юзида Исломнинг қуввати қолмайди. Одамлар ҳирсга қул бўладилар. Мусулмонлар заифлашадилар. Улар беш маҳал намозларини ўқишга оғринадилар. Қиёматни унутиб, ҳатто шубҳага тушадилар. Асосий масала худони рози қилиш эканлигини фаромуш этиб, фаровон ҳаётга талпинадилар. Иймон ва ҳақ аҳли эса зиндондан чиқмайдилар. Жасоратлиларни маломат қилишади, қўрқоқларни кўкка кўтаришади. Сулаймон ва Билқисдан қолган илм ёзувларини мен ўз аскарларимга олиб бераман. Улар Ер юзининг исталган бурчагидаги одам бошқа узоқдагиси билан бир-бирини кўриб гаплашадиган нарсалар ясайдилар. Махлуқларнинг ирсиятлари ўзгартирилади. Олманинг ичига шафтоли ирсияти яширилади. Одамнинг юраги ўрнига чўчқанинг юрагини қўйишади. Ҳатто бошларни узиб, бошқа танага қўйиш ҳақида изланишади. Эркаклар аёл бўлишни, аёллар эса эркак бўлишни хоҳлайди. Ва ана шу ишлар амалга ошади. Буларнинг барчаси бўлади! Бўлади!
Бир Кўзлининг “бўлади” деган бўкириги ғор деворларига урилиб, акс-садо берди. Бир Кўзли бошини ерга қўйди.
– Ибодат қилувчилар, Исломдан юраман деганларни қамаб, истаган кўйларига солишади, бу ишни ким қилади, биласанми? Мусулмонларнинг ўзлари қиладилар. Мусулмонликни даъво қилиб Исломга қарши курашадилар ва буни чорасизлик деб атайди. Аслида бу иймонсизликдир, – бир Кўзли ягона кўзини юмиб роҳат қилгандек бўлди. – Инсон ҳуқуқлари дея шайтон ҳуқуқлари учун курашадилар! Шундай бўлади! Кейин эса мен чиқаман! Ўз лашкаларим билан чиқиб бораман! Ер юзини забт этаман. Мен бормаган макон, ҳукмим жорий бўлмаган ўлка, менга бош эгмаган инсон қолмайди!
Хожа бошини ердан узмасди, у бу гапларни бир Кўзлидан ҳар сафар эшитар, аммо ҳар сафар янгидан тинглаётгандек ўзини тутарди. Ҳақиқатан ҳам, бу нутқ такроран тингланса-да, Хожани жўштириб юборарди. У мана шу ишларга ҳисса қўшиш илинжида ёна бошларди.
Бир Кўзли ўз истакларини айтиб бўлиб, Хожага нима гапинг қолди дегандек боқди. Энди у ўзини анча тутиб олганди.
– Олийҳазрат! – деди Хожа. – Сизга Денгиз ҳақида айтгандим. У Хористонни озод қилади деган гапни раммоллар гапиришди. Шу гўдакни йўқ қилиш учун Хористондаги чақалоқларни сўйдирдим. У қутулиб қолибди. Лекин кеч бўлса ҳам қўлимга тушди. Уни шу кунларда, балки шу лаҳзаларда оғир азобларга солмоқдаман. Уни ўз томонимизга оғдириш учун ҳийла қилдим: жинларни юбориб, сен пайғамбарсан дедим. Ишонмади. Энди эса инсон зоти тортмаган қийноқлар билан ишонмаганига пушаймон едирмоқдаман. Тангри уни Хористон йўлбошчиси қилиб танлаган бўлса, мен уни ўзимизнинг қулимизга айлантираман. Бу билан Тангрининг режасини чипакка чиқараман!
– Генерал жаноби олийлари, – деди бироз ўтиб яна ингичка овозда. Черняевга унинг овози нозланишдек эшитилди. – Сизни подшоҳ ҳазратларининг қабулига тайёрлашимиз керак. Шунинг учун ўта муҳим суҳбатга олиб кетмоқдаман. Менга шундай топшириқ берилган.
– Бош устига, – деди генерал. Аммо у бу мавҳумликдан ўзини ўта ноқулай ва бир нави таҳқирлангандек ҳис этди.
– Илтимос, Михаил Григориевич, – деди яна ўша башара ўша овоз билан. У пўстин тагидан қўлини чиқарди, рўмолчаси билан чўзинчоқ бурнини артди, тавба, бармоқлари ҳам узун ва нозик эди. – Иззат-нафси синдирилган одамдек ўзингизни ҳис этманг, сизни олий даражали учрашув кутмоқда.
Михаил Григориевич индамади.
Извош бир соатлар юрди. Қаердадир тезлашди, қаердадир секинлашди, қандайдир ўйдим-чуқурларга тушиб силкинди. Ниҳоят қандайдир дарвоза очилгани, итларнинг вовуллагани эшитилди, шу совуқда чўчқанинг ҳиди димоққа урилди. Извош тўхтади. Эшигини кимдир очди: извошчи экан, у тик турган ҳолда букри, қўпол гавдали, соқол босган юзи чандиқлар билан тўла ва бу ҳам совуқ одам эди.
Михаил Григориевичнинг ҳамроҳи биринчи бўлиб ерга тушди ва ўзи бироз тавозе билан энгашиб, қўли билан марҳамат тушинг дея ишора қилди.
Ер қалин қор, юзаси музлаган.
Бу баланд деворлар билан ўралган, кенг боғ ҳовли эди. Рўпарада ҳашаматли қаср. Деразаларидан ичкаридаги шам ва машъаланинг ёруғи ташқарига тушади. Қароллар ҳовлида у ёқдан бу ёққа югуряпти. Чўчқахона шундоққина қасрнинг кириш эшигининг чап ёнида экан. Ҳамроҳи генерални қасрга бошлади.
Ичкарига кирди. Ичкаридан ҳам чўчқанинг ҳиди гупиллаб турибди. Тўғри, Михаил Григориевич ҳам чўчқа боққан, чўчқа гўшти ейди, аммо ҳали чўчқанинг бу қадар ўткир ва сассиқ ҳидига дуч келмаган эди.
Қасрнинг деворлари кулранг тошдан тикланган экан, ҳар ўн қадамда машъалалар ёнади, ёқилғи нефт ҳиди ҳам чўчқанинг бадбўйи билан аралашиб кетган. Шифтлар ўта баланд. Эшиклари ҳам қалин ва темирдан. Ҳамроҳи генерални қаср ичига бошлади, кейин зинадан тепага кўтарилишди.
Қаср катта, кенг бўлгани ва қоронғу бўлгани учун ҳатто қаёққа юришаётганини генерал англашга қийналди.
Ўн дақиқалардан сўнг катта ва муҳташам хонага киришди. Бу ерда каминда олов ёнмоқда. Унинг қаршисида креслода уч киши ўтириб карта ўйнамоқда. Уларнинг ҳаммаси тепакал, соқоллари жағларидан паттайган, иякларида эса бирорта тук йўқ, мўйловлари эса учбуркчак қилиб кесилган. Устларида француз сюртуги, олдиларига столда чўчқа гўшти, ўткир ароқ, тамакидон, кечаги газета ва карталар.
Хона ёп-ёруғ, камин оловидан ташқари печкалар ҳам бор экан, уйни бемалол иситяпти.
Қимор ўйнаётганлар олдида генарал бир муддат туриб қолди, улар ҳеч ким йўқдек сузилган карталарни сассиз текшириб, ўйинни охирига етказиб қўйишди ва бир вақтнинг ўзида Михаил Григориевичга ўгирилдилар.
@ilm_zakoti
Бу ҳол кавказликларнинг деярли ҳаммасида кузатилди. Айниқса, Шомил ва Ҳожимурод билан бўлган жанглар ўрисларга анча муаммо туғдирди, лекин шайтон дастурига кўра бу каби исёнлар узоқ муддат бостирилмаслиги керак, бу исёнлардан унумли фойдаланиш лозим, айниқса, бу услуб ўрисларга Емелян Пугачёв воқеасида катта фойда берди. Тартариянинг сўнги хони Эмилхон номидан ўрис қишлоқларига кўп босқинчи ва қароқчилар ҳужум қилди, Эмилхон деб ўзини эълон қилган хоинлар кўп эди. Уларнинг барчаси марказий истихборотнинг кўпчилик номини ҳам билмайдиган махсус бўлими томонидан ташкиллаштирилди. Халқ Эмилхон номидан зиррилаб қолди, сўнг уни йўқотиш муаммо бўлмади.
Қримни Усмонли султонлар қайтариб олиш учун кўп уринди. Аммо бу уринишлар унга кўп муваффақият келтирмади. Шу уринишлардан бири усмонлиларнинг Буюк Британия, Франция ва Сардиния иттифоқчилигида Ўрислар билан қилган уруши бўлди. Зоҳиран Ўрислар енгилди, дунёга шундай жар солинди, тўрт йиллик урушдан сўнг Парижда келишувлар имзоланди, гўё турклар ғолиб эди, аммо ўрислар амалда Қримда жуда катта таъсирга эга бўлиб қолаверди. Аммо ҳукумат, халқ ўртасида ишончсизлик пайдо бўлди, кўпчилик бу урушда Биринчи Николайни айблаб ҳам қолди, аммо режада бошқа бир иш бор эди. Айнан зоҳирий мағлубият шу режа учун зарур эди. Бу режани амалга ошириш учун Александ Павел ўғли Безак уруш тугамасидан икки йил аввал киришди. У ўз мурожаатларидан бирида Петербургга – подшоҳ саройига Туркистон ҳудудларини босиб олиш режасини киритди. Қрим уруши пайтида бу жуда қийин эди, чунки узоқ Туркистонга, яна Дашти Қипчоқдан нарига, жанубга, увиллаган дашт ортига қўшин юбориш жуда катта харажатларни талаб қилади. Аввало қўшин таркиби, сўнг бу масалада махсус ҳаракат дастури, молиялаштириш ва бу лойиҳани амалга оширадиган етук мутахассис топиш керак эди. Бу мутахассис аллақачон тайёрлаб келинаётган эди, у отаси белоруслардан, онаси худди Безакнинг онаси каби француз бўлган ҳарбий Михаил Григорий ўғли Черняев эди. У Молдавиянинг Бандера шаҳрида туғилди. Оиласи, ҳарқалай дворянларга мансуб бўлиб, ўз ҳудудида ўзига яраша обрў ва бойлиги билан таниқли эди.
Михаил Қрим урушида ҳам қатнашди. Тиришқоқлиги, чайир ва бақувватлиги, асаблари бардошлилиги, айёр ва Давлатга садоқатлилиги билан катта лойиҳага тайёрлаб борилди. Безак Оренбургга губернатор бўлгач, яна саройга таклиф билан мурожаат қилди. У Черняев лойиҳани амалга оширишга тайёр эканига амин эди.
“Михаил Григорий ўғли, – деган эди у. – Сен буюк ишни амалга оширасан. Туркистонни Ўрис давлатига қул қилиб берасан. Бу иш, албатта, бўлади. Турклар учта хонликка бўлиниб, бири иккинчисини талон-тарож қилиб ётибди. Босиб олиш осон ё қийин кечар, аммо албатта, Туркистон ўрисларнинг дала ҳовлисига айланади. Бу ишнинг режасини тузиш ҳам машаққат эмас. Бир неча марта у томонларга сени бежиз жўнатмадим. Сенга Туркистон тарихини бежиз ўқитмадим, уларнинг тумтароқ тилини ўрганишинг учунгина Қримда жанг қилдинг. Сенда улкан ва тарихий юришни амалга ошириш учун шижоат, садоқат, тажриба, қатъият шаклланди. Асосийси – самимий бўл. Давлат олдида самимий тур. Ўлгунингча Давлатга қул бўл. Ҳеч қачон сенга берилган топшириқдан бўйин товлама. Ҳукумат бу Давлат эмас, Давлат ҳукуматдан ёки халқдан иборат эмас. Айрим ҳолларда биргина инсон ҳам Давлат бўла олади. Мақсадинг йўлида ҳукуматни тинчлантириб тура оласан, қўшинга таскин бера оласан, уларга рост гапиришга мажбур эмассан, қандай бўлмасин ва нима қилмагин – мақсадга эришмоғинг шарт. Подшоҳ Туркистонни босиб олиш учун фармон беради, бу фармон махфий чиқади, бу сенинг қўшин тортиб боришингни таъминлайди, кейинги ишларни ўзинг қиласан. Ҳозир биз Тошкент хонлигини тузиш ҳақида ўйлаётибмиз...”
Қрим уруши тугаган йили биринчи Николай ўлиб қолди, тахтга иккинчи Александ чиқарилди. Аммо иккинчи Александр ва унинг атрофидагилар Туркистон юришини кечиктириб туришди. Безак бу юришни амалга ошириш учун фурсат келмагани ҳақида ўзидан юқори турадиганлардан эшитди, аммо истаги кучли эди.
Уларнинг вакиллари подшоҳнинг хос хизматчилари, маликаларнинг садоқатли қуллари, чўрилари ичида ҳам кўп эди. Маслаҳатчилар, кўзга кўринмайдиган амалдорларнинг аксари шайтон хизматкорлари эди. Аслида, шайтон билан алоқа қиладиган, ундан топшириқ олиб ишлайдиганлар доимо икки ёки уч кишини ташкил қилган. Аммо улар қўлида жуда катта маблағни жамлагани учун кўпчиликни алдаб ўз йўриғига юргазмоқда эди. Бу йўриқ жуда ҳам ғалати эди. Унинг бир қанча бандлари бор бўлиб, шу асосда давлат мутахассислари тарбияланди. Ўша бандларнинг айримларини баён қиламиз.
Биринчи банд. Сен давлатнинг олий қадрият эканлигини англа. Давлат ҳамиша муқаддас. Давлат ҳар қандай тушунча ва эътиқоддан юқори туради. Давлатнинг қудрати учун халқни қашшоқ ушлаб туриш, давлат қудратига соя соладиган одамларни аввал тўғри йўлга чорлаш, чалғитиш ва хизматга мажбурлаш керак. Аммо кўнмасалар, у ким бўлишидан қатъий назар йўқ қилишини керак.
Иккинчи банд. Давлат хизматида давлатнинг қадимий хизматкорлари авлодларигина хизмат қилишлари шарт. Давлат бошқарувига черков руҳонийлари ва уларнинг болалари, мусулмонлар, оддий халқ болалари, ўтмишда ота-боболари давлатга қарши исён қилганларнинг болалари, ёзувчилар, шоирлар, табиатида бўйсунмаслик бўлганлар яқинлаштирилмаслиги лозим.
Учинчи банд. Давлат бошқарувидаги раҳбарлик ўринларига камида учта номзод ҳамиша тайёр туриши керак. Бу номзодлар давлат тизимида хизмат қилган оилалардан танлаб олиниши қатъийан шартдир.
Тўртинчи банд. Давлат динийлашиб кетмаслиги керак. Сиёсий масалаларда умуман диний туйғу ва эътиқод бўлиши мумкин эмас. Бошқарув вакилларидан қайси бири динга самимий мойил бўлса, берилиб қолса, дарҳол вазифасидан олиниши ва ўлдирилиши керак. Вазифадан олиниши ва ўлдирилиши билан у қаҳрамон, давлатнинг буюк хизматчиси деган унвонларга муносиб кўрилиши ва болаларига ҳам алоҳида ғамхўрлик тайинланмоғи шарт.
Бешинчи банд. Подшо ва биринчи раҳбарлар халқ ичида алоҳида ҳурматга сазовор бўлиши талаб этилади. Уларнинг номи ҳамиша мақтов ва эътирофлар ичида бўлиши лозим. Ҳар қандай подшоҳ ва биринчи раҳбар ўлимидан кейин ҳам обрўсизлантирилмаслиги керак. Ҳатто хиёнат қилса ҳам бу авомга билдирилмаслиги талаб қилинади.
Олтинчи банд. Подшоҳ ва биринчи раҳбар биз – Давлатнинг асл хизматчилари истагандек фикрлаши ва биз истагандек фармон ва қарорлар имзолаши керак. Подшоҳ ва биринчи раҳбарларнинг бирор нафаси бизнинг кузатувимиздан ташқари бўлмаслиги шарт. Агар подшоҳ ва биринчи раҳбарлар биз ўйлагандек ҳаракатланмаса, аввал касалга чалинади, ҳокимият ишларига яроқсиз ҳолга келади, шу вазиятда валиаҳд биз белгилаган тамойиллар асосида танлаб олинади. У бизнинг ғояларимиз билан тўлиқ тарбиялангач, подшоҳ ўлади ва у тахтга ўтқазилади.
Еттинчи банд. Халқнинг бойиб кетиши мумкин эмас. Аммо халқ жуда кўп меҳнат қилиши ва катта даромадлар топиши керак. Солиқ тизими халқ топган пулнинг ўндан тўққиз қисмини давлат ғазнасига қабул қилиш мақсадида ишлаб чиқилиши лозим. Ҳар бир меҳнат қилган фуқаронинг топган маблағининг ўндан тўққиз сўми у истаса-истамаса, давлат ғазнасига келиб тушсин.
Саккизинчи банд. Мамлакатнинг катта қисми хароба ҳолда сақланиши керак. Оддий одамлар ўз уйларини иситишлари учун кўп қийналишлари керак. Йўллар лой ва юриш қийин бўлиши лозим. Кишилар тирикчилик билан банд бўлиб, ортиқча ўй-фикрларга берилишларига йўл қўйилмайди. Катта шаҳарларнинг марказлари обод қилинади, аммо ташландиқ жойлар бўлиши керак. Қуйи қатлам идора вакилларининг деярли ҳаммаси пора олиши керак. Порасиз яшашнинг иложи бўлмасин. Бу амалиёт Давлатга эҳтимолий хавф туғилишининг олдини олади, чунки одамлар ўзларини эркин сезсалар, Давлат ишларига аралашиб, сиёсатга халал берадилар, шунинг учун порахўрлар билан курашишлари, шу масалада ўйланиб сиқилишлари мақбулдир.
Шариатпаноҳ султонлар диннинг моҳиятини унутдилар, улар Исломнинг барча арконларига тўлиқ риоя этмоқдамиз деб амин эдилару, аммо аксари ғафлатга ботди. Ғафлатлари – шайтон ва унинг малайлари бу ўлкаларни босиб олиб, шариат илдизига болта уришга шай эканлигини ўйламай қўйганларида эди. Ҳолбуки, шимолда кучга келиб Тартария давлатини йўқ қилишга эришган ўрис императорлари Туркистон тупроқларига савдогар либосида муттасил жосуслар йўлламоқда. Фаранглар ўз ишларини бир ёқли қилишди – денгиз ва қуруқликда кучли лашкар ташкил этдилар. Улар энди истихборотга куч бериб, айғоқчилар билан ҳинд ўлкасидаги бобурийларни, форслардаги сафавийларни, Қусатантания фотиҳдари усмонийларни, Туркистонда уч бўлиниб, бир-бири устига қўшин тортиб, эрмакка бир-бирининг қонини тўкаётган туркларни ҳар қадамда пойламоқдалар. Айғоқчиларнинг аксари савдогар қиёфасида бу ўлкаларга кирди, одамлар ҳаётига, бойликларга ҳавас ва ҳирс ила боқдилар, раҳнамолари уларни Ер юзининг ҳар қаричи бизники бўлажак деган ғоя билан тарбиялаганлари учун шу қадар чексиз бойликларга бир куни келиб молик бўлиш туйғуси билан маст ҳолда маълумотлар йиғдилар. Уларнинг ишлари ушбу қисмлардан иборат бўлди:
Биринчи қисм – дин ва диндорлар. Мусулмонларнинг руҳиятини ўрганган айғоқчилар уларнинг аксари софдил бўлишини тушундилар. Улар учун охират ҳаёти муҳим бўлиб, дунёда айнан охиратдаги жаннат учун умр кечирадилар. Эътиқодларига тажовуз этилса, эсларини йўқотиб ҳимояга киришадилар. Айниқса, улар учун Аллоҳнинг поклиги ўта қадрли, пайғамбарлари Муҳаммаднинг, соллаллоҳу алайҳи ва саллам, шаъни учун жонларидан иккиланмай воз кечадилар, аммо бу борада ихтилофлари бор, кичик гуруҳлар умум мусулмонлар қабул қилган қоидаларга доим қарши чиқиб юришади. Ана шу гуруҳларни қўллаш ва уларни кўпайтириш билан мусулмонларни парчалаб ташлаш мумкин.
Иккинчи масала динга амал қилмайдиганлар ҳақидадир. Улар зоҳиран мусулмон кўринадилар, ёлғондан намоз ўқийдилар, шариат ҳукмларига эътиборсиз қарайдилар, улар тунларини майхонада, фоҳишалар қучоғида ўтказадилар. Айниқса, бу тоифалар салтанат тепасидаги амирлар, беклар, шунингдек, қозилар, имомлар орасида учраши айни мақсадга мувофиқ эди. Чунки улар учун маишат муҳим, шунинг учун уларни сотиб олиш мумкин.
Учинчи масала ўлканинг табиий бойликлари билан боғланди. Тоғларда маъданлар қайнайди, унумдор ерлардаги ҳосилни ҳеч қаерга сиғдириб бўлмайди, чорва ҳайвонларини айтишга эса ҳожат йўқ: гўштлар ўта юмшоқ, тез пишувчан ва ҳазми енгил, мазали. Умуман, мусулмонларнинг қўлига бу қадар кўп бойликлар йиғилганига чидаб бўлмасди.
Бундай маълумотлар юз йиллаб душманларнинг қўлида тўпланмоқда эди, ҳатто уларда Туркистонда қайси мавсумда шамол қаттиқ эсади ва қайси мавсумда эсмайди деган саволларга ҳам жавоблар топиларди.
Хивада Шерғозихон ҳукмдорлик қилган вақтларда ўрислар императори Пётр биринчининг асранди ўғли Бекович-Черкасский сурбетларча бу ўлкага келди. Бекович-Черкасский Тартария салтанати подшоҳининг жияни эди. аммо Пётрга сотилди, Пётр ва у абадул абад оға-ини бўлишга аҳд қилдилар. Бекович Ислом динидан чиқди ва насронийликни қабул қилди. Шерғозихон уни диндан қайтган муртад деб билди, ўрис пошшосининг асрандиси, элчиси деб қабул маросими уюштирди, ҳаммасини ҳашаматли меҳмонхонага ётқизди. Оқшомда уларга май ичирди, май ичига эса уйқу дори солдирган эди. Май ичиб ухлагач, муртад бошчилигидаги ҳаммани бўғизлатди. Бу хабар бир қанча вақт ўтиб Пётрга етиб борди, Пётр содиқ қулдан ажралгани учун жаҳли чиқди, аммо ўзининг умри охирлаб қолганди, Ўрта Осиёга юриш ҳақида ўйлайдиган сиҳҳати йўқ эди. Қолаверса, Пётрнинг касаллиги ҳақидаги хабар одамлар орасида ёйилиб, тахт учун зимдан курашлар авж олган палла эди. Аммо ўрис ҳукмрон доиралари Ўрта Осиёни босиб олиш фикридан кечмадилар, улар Ислом шавкати, ҳукмронлиги Ер юзида синаркан, фақатгина мусулмонлар ерларини эгаллаб олиш билан қудратга келиш мумкинлигини англаган эдилар. Улар Туркистон томонга энг қулай жўғрофий ҳудудларга шаҳарлар, қалъалар қуриб бориш керак, бу қалъалар бизнинг истеҳкомларимиз, таянчимиз бўлади деб аниқ ишонмоқда эдилар.
Қадим Туркистон – Турк давлати, Мовароуннаҳр ўлкаси уч катта қисмга бўлинган – бу заминнинг энг қадим давлатларидан бўлмиш Хоразм ерларида Хива хонлиги қад кўтарган. Хива хонлиги Ўкуз денгиз атрофлари, Жайҳун қуюлишидан бошлаб Эрон ерларига қадар чўзилган Турон тупроқларини ўз ичига олган. Ислом қуббаси дея улуғланган Бухоро амирлиги эса Зарафшон водийлари, Туркман чўллари, Жайҳун бўйларини идора қилаётган буюк давлат эди. Тошкент, Фарғона водийси, Сайҳун бўйларидан бошлаб тоғлар билан қопланган маҳобатли ерлар ва Хитой чегараларигача ҳудудни ўз ичига олган салтанат мингларнинг Қўқонда ўрнатган ҳокимияти қўл остида эди.
Бир пайтлар Исмоил Сомоний, Маҳмуд Ғазнавий, Султон Отсиз Хоразмшоҳ, Амир Темур Соҳибқирон, султон Муҳаммад Шайбонийхон, султон Абдуллахонларнинг қўл остида бўлган, шарқий чегаралари Хитойдан ғарбий ҳудудлар – то Каспий – Ҳазар бўйига қадар ястанган, шимолдан эса Дашти Қипчоқ, Ҳожи Тархондан бошлаб Туркмон чўллари, Эрон эшиклари, Ҳироту Қандаҳорларгача борган улкан салтанат уч парча бўлиб ўз кунини кўрмоқда эди.
Уч давлатда ҳам Ислом шариати бош ғоя эди. Гадодан бошлаб хонгача барчаси шариат амрларига сўзсиз итоатда. Қозиларнинг ҳукми Қуръон ва ҳадисдан олинар, бутун халқ бу ҳукмларнинг барчаси Аллоҳнинг ҳукми эканига асло шубҳа қилмасди. Одамлар ҳар йили улкан карвонлар билан муқаддас Каъбага бориб, ҳаж зиёратини адо қиладилар. Шимолда ҳукмронлик қилаётган Тартария салтанати Ғарбу Шарққа ўз сўзини айтар, бу давлатга қарши Ўрис, Фаранг, Чин давлатлари уруш қилишни, уни Ер юзидан супуриб ташлашни истарди. Бу давлатларда қипчоқ тили баланд овозда янграйди. Қипчоқ тилида ҳужжатлар битилади, шеърлар ўқилади, мадрасаларда эса форс, араб ва турк – қипчоқ тилларида таълим берадилар.
Агар биз бу давлатлар тарихини битсак, сўзларимиз етмайди, саҳифалар саноғи тугайди. Аммо бу шонли тарих битмайди.
Туркларнинг энг улуғи – Ёфаснинг тилдан-тилга кўчиб келаётган васиятномаси бор эди. Бу васиятномани улуғ саркардалар ўз шогирдларига ўқитар, подшоҳлар эса шаҳзодаларга ёд олдирарди, у шундай маънодаги сўзлар эди:
“Эй ўғил!
Билки, Сен оламларни яратган ягона қодир Зотнинг қулисан. У Сени бутун оламнинг жавҳари этди. Сени фаришталардан улуғ қилди. Етти қават осмон гумбази билан ёпилган Ерни Сен учун улкан қароргоҳ айлади. Сен отанг Одам алайҳиссалом фарзандисан! Билки, шайтон Сенинг абадий душманингдир, чунки у Аллоҳга итоат қилмади ва куфрини фош қилди, ҳамиша шайтонга қарши тур! Аллоҳ буюрган ишларга нимаики терс бўлса, у шайтоннинг амалидир. Огоҳ бўл! Шайтон билан то қиёматга қадар жанг давом этади, у сени на кундузи, на тунда, на уйқуда, на уйғоқликда ўз ҳолингга қўяди!
Эй йигит!
Сенинг энг улкан ғаниминг – нафсинг. У шайтоннинг дўстидир. Унинг ҳийлаларида чек ва чегара йўқдир. Агар нафсинг истакларига бир бора итоат этсанг, уни қайта енгишинг бениҳоя машаққатли кечгай. Ичингдаги хоин – сенинг нафсинг. У хоин сени шайтонга қул қилиб беради, бу хоиннинг васвасасига учма, бунинг учун кечаю кундуз Аллоҳнинг зикрини қойим тут! Лозим тут!
Эй алп!
Қалбинг Аллоҳ билан боғланиб, тилларинг Роббинг каломи билан сўйлаб, ҳаётинг унинг Элчиси келтирган шариат билан кечар экан, билки, жисминг заиф бўлмасин! Парвардигор танамизни тупроқдан яратди, тупроққа сув қўшиб, қанча тепсанг, қанча муштласанг, у шу қадар пишади, шу қадар мустаҳкам бўлади, оловга солсанг, жаранглайди! Сен ҳам танани машқ ва жангларда сувини чиқар ва кучга тўлдир, машаққатлар оловида тобла, алпнинг уйда қолиб кетиши, от минмаслиги, қиличини ўйнатмаслиги, камондан ўқлар узиб, душман қалбини ваҳмга тўлдирмаслиги унинг офатидир! У бутун куч-қуввати ва мардлигидан айрилади. Шунинг учун отдан тушма, ўғилларинг отда туғилсин, отда яшасин ва от устида ўлсин! Осмон гумбази остидаги кенг Замин кўкси сен учун гилам эканлигини бил!
Турк жасур, қўрқмас, йўлбошчи бўлиб улғайди. Ёфаснинг бошқа болалари ҳам Туркка итоат қилди ва унинг атрофида жамландилар.
Хомнинг болаларининг бир қисми жануб ерларига тарқалди, бир қисми Саҳрои Кабирга, Сомнинг зурриёдлари эса Ғарб ва Шимолни ўзларига макон тутдилар. Сомнинг авлодлари ичида Ўрис, Фаранг, Олмон кабилар улғайди.
Туркнинг болалари кўпайди, улар учун Ер торлик қилди. Турк болалари яшаган жойлар Туркистон номини олди. Туркнинг чевараларидан бири кенг ва улуғ дарё бўйига ўз одамларини бошлаб кетди, унинг исми Жайҳун эди. дарёга Жайҳун номи берилди. Катта бобоси ерларида қолган уканинг исми эса Сайҳун эди.
Жайҳун ва Сайҳун ҳали бола эканида бобоси уларга: “Сизларга Аллоҳ таоло икки улуғ дарёни ҳадя қилади, бизнинг авлодларимиз шу дарё орасида яшагайлар ва дунёга довруғ солгайлар. Вақти етиб улар тавҳид байроғини Ер юзида кўтарадилар, қалам ва қилични бирдек тутгайлар. Бу менга билдирилди”, – деган эди.
Туркнинг насли бениҳоя баракали бўлди. Бунинг сабабини унинг ўзи ўлими олдидан айтди: “Бобом Нуҳ алайҳиссалом отам Ёфас ҳаққига дуо қилган, сенинг зурриёдинг қиёматга қадар иззат ва қудрат устида бўлгай, қўлида қуроли бўлмаса ҳам бешикда ётган гўдагингдан тортиб қўлида ҳасса тутган чолларинг ҳам душманларни даҳшатга солгай деган. Энди қалами, қиличи, ақли ва сўзи бор туркзоданинг нақадар улкан қувват касб этишини ўзинглар билинглар ва ҳеч қачон босқинчига бўйин эгманг! Англаб етингларки, бизнинг ягона душманимиз шайтондир! Шайтон тарафга ўтганлар ҳам бизнинг ғанимимиздир ва тавба қилмасалар, уларга асло шафқат йўқдир! Ва бобом Нуҳ алайҳиссалом бу дунёнинг ҳаёти бир куни завол топмоғини айтган. Бизни кўтарган ер устига бошимиздаги мовий осмон гумбази қулайди. Унга қадар биз кўп кунларни кўрамиз. У замоннинг номини замон охири деб айтадилар. У даврда Аҳмад исмли буюк пайғамбар туғилади. Бутун инсоният унга таслим бўлади. У оламнинг подшоҳи аталади. Унга етти қават Осмон, Аршу Курсийлар таслим қилинади. У жаннат ва жаҳаннамни бу дунёдаёқ кезиб чиқади. Унга эргашганлар нажот топгайлар. Унинг йўлидан юз бурганларга ҳалокатлар етгай! Умид қиламанки, менинг болаларим – туркзодалар Унга эргашадилар ва жаҳоннинг энг музаффар фарзандларига айлангайлар!”
Сайҳуннинг эварасининг исми Шош эди.
Бу даврга келиб турклардан Ўғуз, Қипчоқ, Уйғур, Қарлуқ исмли султонлар туғилди, улар Сайҳун ва Жайҳун орасидан Шарқу Ғарбга, Шимолу Жанубга тарқалдилар, ҳар бири ўз давлатини қурди, айримлари кўчманчиликни мақбул топди, айримлари шаҳарлар қурди, туркларнинг от устида даврон суриши, адолати, соддалиги, иймони, садоқати тилларда достон бўлди. Турклар отда туғилиб, отда ўлдилар. Улар қўрқувни билмасдилар. Улар хиёнатдан узоқ эдилар. Ўзлари девкелбат, овозлари гулдирак, панжалари чинорларни суғургудек бақувват бўлса-да, қалблари лолақизғалдоқ баргидан кўра латиф эди, озорга чидай олмасдилар, душман қаршисида киприк қоқмаган, аксинча, ғанимга юзлашса, жасоратлари оловланган, томирида қонлар эмас, алангалар оққан турклар, ёвнинг бошини сапчадек узиб, ўз ҳурлигини жонидан устун қўйган турклар зарра хиёнатга тоқат қилмасдилар, дўст айрилиғидан осмонларни ёндиргудек оҳ тортардилар, ёр ишқида тоғларни қўпоргудек бўлиб водийларда ҳайқирардилар.
Туркларнинг қадамлари баракага тўла эди. Яйловлар, саҳролар оёқлари тагида гилам, ўрмонлар хизматга бош эгади, дарёлар кафтида сув тутади, баланд тоғлар бағрини очади, денгизлар уларнинг келишига интиқ, ҳатто осмон уларнинг мардлиги қаршисида бутун меҳрини изҳор этишни истайдию, қуёш унинг амри билан уларнинг бошидан олтинлар сочади. Лекин турклар дунё илтифотига қиё боқмаслар, улар ҳалоллик ва ягона Қодир Тангрига итоатни ҳаётларининг бош маслаги, биттаю-битта мазмуни деб биладилар.
Инсонлар ўлиб кетган ота-оналари, раҳбарлари, устозлари, шогирдлари, қариндошларининг қиёфалари, таналарини тошдан, лойдан, ёғочдан ясатиб уйларига олиб келиб қўйишга одатландилар.
Ҳаётда ташвиш кўп, айрилиқ кўп, азоб кўп, хасталик кўп.
Одамлар ўз яқинларининг ҳайкалларига дардларини айтиб ўтиришни ўргандилар.
Раҳнамоларнинг бутлари эса шаҳарлар марказлари, хиёбонларга ўрнатилди. Бу бутлар атрофи боғу роғ, гулу гулистонга айлантирилди. Йилларнинг айрим кунларини байрам қилиб белгилаб олишди, масалан, баҳор келса, қишдан чиққанларини нишонлардилар, кузда эса ҳосил йиғиштиргач, буни қувонч билан ўтказардилар. Йиғилиб қўшиқлар куйланар, шеърлар ўқиларди, ҳамма шоду хуррам... Шу онларда биз учун хизмат қилган раҳнамоларни унутсак, инсофдан бўлмас дер эдилар ва ҳайкалларнинг атрофига тўпланишарди, унга мурожаат қилиб, қилган хизматлари учун ташаккурлар изҳор этардилар, муҳаббатлари изҳори самимий бўлиши учун аввал бош эгдилар, кейин эса рукуъ қилдилар. Оқибатда бошларини ерга қўйиб саждага ўргандилар. Бу Худони ранжитмайди деб ўйладилар.
Дардларини айтиб, ҳурмат бажо қилишдан сўнг бутлардан ёрдам сўрашга ўтдилар. Улар Яратган Қодир Аллоҳни унутдилар, ёмғирларни, ҳосилни, омонликни бизга бутлар беради деб эътиқод этишни бошладилар, ота-боболаримиз Ерга тушган Худо эди деганлар ҳам топилди. Нотиқ ва бироз билимли, шиддатли ва ботир одамлар мусиқалар чалиб, ўзларини унутар даражада рақс тушдилар, оловлар атрофида рақс қилдилар, кўзларига нималардир кўринди, қулоқларига кимлардир шивирлади, бу ҳол қайта-қайта такрор бўлгач, буни ҳақиқат сифатида қабул этдилар. Аммо бу шивирлагувчи иблис эканлигидан ғофил бўлдилар, тинглаётганлари қадим таълимотга зид келса-да, ишонишни лозим тутдилар. Аслида, бу алданиш эди, заифлик эди.
Инсонлар нафслари учун ҳадни билмадилар.
Аллоҳ уларни жазоламади. Нуҳ алайҳиссаломни пайғамбар қилиб танлаб олди ва унга Жаброил алайҳиссаломни юборди.
“Сен қавмингни ёлғиз Аллоҳга итоат қилишга чақир!” – деди Жаброил алайҳиссалом. Нуҳ алайҳиссалом амрни қабул қилди. У ёшлигидан қавму қариндошларининг гуноҳ ишларига асло майл билдирмади. Ҳақиқат мутлақо бошқа ёқда эканлигини қалбан сезди. У оламни ёлғиз бир Зот яратгани ва бутун коинот Унга итоат қилиши шартлигини англаб етган эди. Шунинг учун элчи фаришта келганида кўп ажабланмади, аммо оламлар Роббиси уни Ўз ҳидоятини инсонларга етказиш учун танлаб олгани учун Унга ҳамдлар йўллади. Нима учун мен деб ҳам ўйламади. Ва жадал чиқиб инсонларга ўзининг пайғамбар эканлигини, барча якка Аллоҳга иймон келтириши шартлигини айтди, бутлар, одатлар ботил эканлигини таъкидлади. Биринчи бўлиб хотини қарши чиқди. “Эсингни еб қўйибсан, Нуҳ!” – деди. Катта ўғли Каънон ҳам онасининг этагида катта бўлгани учун дарҳол отасига ақлдан озган одамга боққандек боқди. У пайтларда Хом, Сом ва Ёфаслар ҳали анча кичик эди.
Оиласи рад этса-да, Нуҳ алайҳиссалом фаолиятни тўхтатмади, кўчага чиқди, ўлка бўйлаб саёҳат қилди, қаерга борса, одамларни ёлғиз Ҳаққа итоат қилишга чорлади. Кўпчилик ҳурматсизлик қилди, айримлар подшоҳга шикоят этди.
Подшоҳнинг одати кишиларнинг сўзларини эшитиб, кейин ҳукм чиқармоқ эди, Нуҳ алайҳиссаломни ҳам чорлади, барча гапларини тинглади, лекин қалбида умуман хайрихоҳлик топмади, Нуҳ алайҳиссаломнинг сўзлари унга кўп жўяли туюлди, лекин жиноят деб билмади.
“Инсонлар устидан менинг ҳукмим мутлақдир, – деди аъёнларига. – Ёки қудратимга шубҳангиз борми? Сизларнинг омонлигингиз учун хизмат қилаётганимни кўриб турибсизми?”
“Албатта! Кўриб турибмиз!” – дейишди аъёнлар.
“Шу омонликни олиб қўйиб, истасам, бошингизга кулфатлар солишимга ҳам ишонасизларми?” – кейинги саволни берди ҳукмдор.
“Ишонамиз! – деди барча вазирлар. – Сен бизга, халқингга раҳм қил! Адолат ва раҳматингни дариғ тутма! Истасанг, бизни ҳозиргидек омонликда яшатасан, истасанг, бошимизга оғир кунлар соласан! Биз сенга ўзимизни топширганмиз!”
“Демак, оламда бирор худо бўлса, ўша худо мен бўламан, – деди подшоҳ хотиржам. – Манави одамнинг гаплари алаҳсираш, холос. Гапига қулоқ солманглар!”
Бир амалдор ўрнида турди.
САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ
ЙИГИРМА ТЎҚҚИЗИНЧИ БОБ. ТАРИХ ЭШИКЛАРИ
Куфр келтирганлар ва Аллоҳнинг йўлини тўсганлар қаттиқ адашгандирлар.
Нисо сурасининг 167-ояти маъно таржимаси
Усмон учун янги дунё – ер ости дунёси. Аммо у айрим ҳақиқатларни яққолроқ идрок эта бошлаган эди. Хусусан, инсон иложсизлик чангалига тушгач, ҳар қанча уринмасин, имконида бирор ишга қувват йўқлигини англагач, бошига тушажак барча синовларга таслим бўлар экан. Беҳуда уринишлардан воз кечади. Ва энг гўзали – дунёнинг аҳамияти охират олдида мутлақо мавжуд эмаслигини тушунади. Кечагина неъматларга ғарқ бўлиб, қайсидир иш учун шошиб юрган инсон барчасидан бир ондаёқ маҳрум этилгач, хотиржам тортаркан. Барибир, фойдаси йўқ. Ҳар қанча уринмасин, қўлдан кетди бариси. Охират эса – нақд. Ўлим келиши аниқ. Ўткинчи молу давлат ортидан югургандан кўра абадият учун интилмоғи дуруст эмасми? Балки бош мақсад шу эмасми?
Еган овқатинг ҳазм бўлади. Ичган сувинг танангга сингади. Бугун тараётган қора сочларинг эртага оқаради, тўкилади. Кўзларинг нуридан айриласан. Дурдай тишларинг оғзингга сиғмай қолади – ташқарига сочилади. Таранг териларга ажин нақшлари чизилади. Юзингга доғ қўнади. Тик қомат эгилади, букилади, тана ўзини кўтаришга ҳам мажоли етмай бир қулоч ҳассага суянади.
Инсон вужуди ўткинчи. Оламнинг ўзи ўткинчи. Ҳамма нарса ўтиб бормоқда. Кеча бор эдилар – бугун йўқолдилар. Давру даврон сурганларнинг изини ҳам топиш маҳол. Ўлган одам худди илгари бўлмагандек ғойиб. Нима мангу?
Мангу – Аллоҳ. Аллоҳ учун қилинган амаллар, хайрлар ва савоблар мангу. Зотан, Ўзи учун холис қилинган бирор ишни Аллоҳ таоло унутмайди, фаромуш этмайди, ажрсиз қолдирмайди, бандасига раҳму шафқат кўрсатиб, уни абадий жаннат билан мукофотлайди. Ҳеч бир ташвиши йўқ, қайғудан холи, фақат ва фақат хуш-хандон онлардан иборат бўлган жаннат!
Усмон интизомхонада Қудратуллоҳ акани кўрганидан жуда хурсанд бўлган эса-да, у инсон билан кўп гаплаша олмади. Чуқур ўйга ботди. Тилига бирор сўз келмади. Фақат сукутни истаётган эди. Ўзининг ичига сингиб кетишни хоҳлади. Бурчакка ўтирди. Оёқларини қучди. Бошини тиззасига қўйди. Кўзлари бир нуқтага термилди.
Қудратуллоҳ ака бироз оқсаганча унинг олдига келди. Аммо Усмон буни сезмади.
– Усмонбек, – деди оҳиста. – Сиз бетонда ўтирибсиз, укажон. Зах. Илтимос, полга ўтинг.
Усмон уйқудан уйғонгандек Қудратуллоҳ акага қаради. Кўзлари у кўраётган акс билан тўлиб-тошган эди. Қудратуллоҳ аканинг нигоҳидаги сўзларни ўқиди. Аммо важддаги йигитни зах камроқ жойга тортди.
Усмон Қудратуллоҳ ака кўрсатган жойга ўтирди ва бир ғайритабиий оламга чўкди. Узоқ вақт шу ҳолда қолди. Қудратуллоҳ ака ҳам индамади.
Интизомхонада уч маҳал емак берилади. Эрталаб бир стакан ўрик шарбати, битта қайнатилган тухум, тушда қайнатилган макарон, кечқурун ичига картошка ва карам баргилари солиб қайнатилган шўрва, чой. Бир кунда битта бўлка нон учга бўлиб берилади.
Туш вақтида эшик дарчасидан емакларни Қудратуллоҳ аканинг ўзи қабул қилди. Усмон таомни хаёлчан еди, пешинни таяммум билан ўқидилар.
Уч кун шу ҳолда ўтди.
Тўртинчи куни бомдоддан сўнг Қудратуллоҳ ака йигитни сўзга солишга қарор қилди. “Ўзини еб адо қилади бу ёки ўзи кириб қолган оламдан чиқа олмай қолади”, – деб ўйлади.
– Саломиддин билан қандай танишгансиз, Усмонбек? – деди.
Усмон ўзига келди. Тубсиз хаёллар ичидан чиқиб табассум қилди. Табассуми азоблар ва изтироблар боис кишининг ақлини ром этгудек маъсумият касб этмиш эди. Чеҳраси бироз очилиб, Саломиддин билан танишув воқеасини ҳикоя қилиб берди. Суҳбат қизиб кетди.
– Дунё ҳаёти мен учун омонат бўлиб кўринмоқда, – деди Усмон. – Осмондаги булутга ўхшатяпман. Булут бугун бор, эртага йўқ. Ер юзидаги ҳаёт ҳам шундай. Биз булут устида яшаяпмиз, менимча.
– Ҳазрат Навоий бу ҳақда ажойиб сўзни айтганлар, – деди Қудратуллоҳ ака. – Ер юзи – сув ичидаги кесак, осмон эса – ҳубоб дейдилар. Ҳубоб – сувда пайдо бўладиган пуфак. Сувдаги кесак бир куни эрийди, сув устидаги пуфак эса ёрилади. Шу иккисига эътимод қилсанг, аҳволинг не кечади?!
Барча билан сўрашиб бўлгач, тўрдаги зот ёнига чорлади:
“Сен менинг ўнг томонимга кел”, – деди. Денгиз айтилган жойга борди. Сўнг барча яна ўз ўрнига чўкди. Барчанинг кўзи Денгизда эди.
“Сен қаерда эканингни айтай, болам, – деди унга ёнидан жой берган зот. – Сен асҳоблар даврасидасан. Менинг исмим Умар, бу Усмон, бу эса Али, бу эса Толҳа, бу Саъд, бу Зубайр, бу Абу Убайда, бу АбдурРаҳмон, Саиъддир. Сени кутиб олганнинг исми Холид, айтган бўлса керак”.
Денгиз бу исмларни ҳали эшитмаган эди. Аммо ҳар бир исм юрак уришларига ҳамоҳанг қалби тубига бориб ўрнашди.
“Денгиз! – Умар, Аллоҳ ундан рози бўлсин, шиддат билан сўз бошлади. Бу шиддат ичига эса қуёшдек муҳаббат сингиб кетган эди. – Билки, Аллоҳ оламни яратган ягона Зотдир. Унинг элчиси эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир! Биз ул Зот алайҳиссаломнинг хизматкорлари, издошларимиз. Сенинг зиммангга юкланган ишдан ўзимиз хабар бермоқ учун қошимизга чорладик”.
Денгизни титроқ тутди. У ўзини тутишга ҳар қанча тиришмасин ҳеч ўзини ушлай олмади. Кўзидан қанот қоққан қушдек учган ашк томчилари энди унинг ихтиёрида эмасди. Ўрнидан туриб ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг тиззаларига тиззасини қўйди.
“Ҳазратим, менга йўл кўрсатинг! Зулматларда қолиб кетдим! Ёрдам беринг, Ҳазратим!” – деди овози титраб. Шу онда Денгиз ақлини буткул йўқотди. Бўлаётган воқеаларни идрок эта олмас, қалб сўзлай бошлади.
“Сенга йўл кўрсатмоқ бизнинг вазифамиздир, – деди ҳазрати Умар. – Ҳеч нарсадан қўрқма! Аллоҳ Сенинг Дўстинг, Ёрдамчингдир! Аллоҳнинг дини Еру осмонда биттадир! Самовот ҳам, ғайбиёт ҳам, Ер остию усти ҳам – барчаси Роббимиз азза ва жалланинг динига таслимдир. Бунга таслим бўлмаган, Аллоҳнинг йўлидан юрмаганлар мангу бадбахтлик ичидадир! Сен Роббига таслим бўлган инсонсан! Аллоҳ сен биландир!”
Денгиз икки қўлини ҳазрати Умарга узатди. Халифа унинг қўлларини маҳкам ушлади.
“Гуноҳлардан четда бўл! Гуноҳларга яқинлашма! Тавба қил! Тавба қил! Роббимизнинг динини ўрган! Ибодатга маҳкам бўл! Аллоҳ бирдир, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам Аллоҳнинг сўнгги пайғамбаридирлар, барча набийлар султони, танланган банда, ҳабибуллоҳ ва халилуллоҳдирлар!”
Денгиз ҳазрати Умарнинг қўллари орасидаги қўлларига қараб юраклари қинидан чиққудек урарди. Кўзёш эса у билан иши йўқ – қоядан пастга ўзини отган шаршара каби юзини ювар, яқиндагина чиқиб юзини қоплаётган кўркам ва сийрак соқолига бориб, мўйлар орасидан ўтиб, тиззаларига томчилаётган эди. У халифанинг ҳар бир гапини унга эргашиб қалби билан такрорлаб, қасам ичди: “Аллоҳнинг изни билан гуноҳлардан четда бўламан! Аллоҳнинг марҳамати ва ҳифзи билан гуноҳларга яқинлашмайман! Роббимнинг лутфи ила тавбани асло тўхтатмайман! Роббимнинг ёрдами билан ибодатда мустаҳкам тураман! Қасам ичиб гувоҳлик бераманки, Муҳаммад мустафо Расулуллоҳдир, соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Ул зот алайҳис салоту вас салом Аллоҳнинг сўнгги пайғамбари, барча набийлар султони, танланган банда, ҳабибуллоҳ ва халиллуллоҳдирлар! Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи ва салламнинг йўлига ҳаётимни, борлиғимни, танимни, жонимни, қалбимни, ақлимни, руҳимни фидо этаман! Мавжудиятимни Аллоҳнинг йўлига бахшида этаман ва бунда собит бўлмоқ учун Роббимизнинг ёрдамига ҳамиша кўз тутаман, Ундан розилик ва қўллов кутиб ўтинаман! Танамдаги бир жонимни, агар мингта бўлса ҳар бирини Роббимнинг йўлида бахтиёрлик, шодлик, севинч ила топширишни дуолар қилиб сўрайман!”
“Сенга фарздан бўлак беражак вазифаларим бор, – деди ҳазрати Умар. – Ҳар куни қалбингни тасаввур эт ва Аллоҳни тўхтовсиз зикр қил! Фажр намозидан сўнг...”
Денгиз бир қанча зикрларни ҳазрати Умардан қабул қил. Бошларини эгдики, узоқдан кўрганлар у халифанинг кўксига бошини қўймоқда деб ўйлашлари аниқ эди. Аммо ҳар бир калимани тинглаб юрак-юрагига жойлаш ва ёддан чиқариб юбормаслик учун эгилаётган эди. Зотан, у ўз ҳолидан ҳам ғофил эди.
Ҳайқириб оқаётган, тўлқинлари қирғоқларни юваётган, ичига не-не кемаларни жимгина ютиб юборган, назар солганнинг қўрқувини уйғотадиган, бағрида коинот каби бир оламни сақлаётган денгиз ўз исмдошини озорларсиз бағрига босди. Сузишни билмайдиган отдошини кафтида, тўлқинларнинг кипригида авайлаб душман қоясининг остидан узоқлаштирди.
Денгизнинг ортидан пешма-пеш сувга тушганлар эса қочқинни кўра олмай қийналишди. Бошқалар қирғоққа тушиб келганларида Денгиз денгизнинг қаърида кўринмай кетди. Айни дамда хабар яшин тезлигида Хожага етиб борган эди, у ўтирган жойидан туриб кетди. Қабулхонасига сиғмай қасрининг томига югуриб чиқди, икки хил рангли кўзлари чақчайди, ғазабдан гезариб қалтиради.
– Дурбин келтиринг! – дея бақирди. Дурбин билан тўлқинлар қаърига олазарак қаради: қочқин кўринмади. Ўнта соқчиси – улар маҳоратли сузувчи ҳам эдилар – кучларини аяб, айни пайтда тўлқинлар зарбини ҳисобга олиб сув ичида балиқдек ҳаракат қилар, дамба-дам ғаввос каби денгиз тубига шўнғиб чиқмоқда эдилар. Қирғоқда эса соқчибоши тез сузадиган ёғоч кемаларнинг лангарини кўтартирди.
Хожа ўзига кела олмаётган эди. У тузган режалари барбод бўлгани учун нима қилишини билмаётган эди.
“Итни қўриқлаган ҳамма соқчиларнинг бошини оламан!” – ҳозир унинг хаёлида фақат шу бор эди.
“Қўлга тушган заҳоти қатл этилсин дейми? Йўқ, бундай қилсам, қочишнинг жазосидан ўта енгил қутулган бўлади! Бошқалар ҳам қочмаслик ибратини олишлари учун тирик тутишим керак! Терисини шилдириб, ичига сомон тиқтираман, терисиз қолган танасига туз септираман! Вужудини қиймалатиб ташлайман!”
– Жинлар лашкари! – кўзлари қонга тўлиб яна бўкирди Хожа. Шу ондаёқ қаршисида унинг жинлардан иборат истихборот хизмати раҳбари бўлган жинлар амири пайдо бўлди. У бошдан оёқ жун билан қопланган, қулоқлари тиккайган, кўзлари чақчайган, оёқлари дам тирноқли, дам туёқли шаклга кириб турадиган, бошига тож кийиб олган яланғоч бир махлуқ эди.
– Буюринг, Хожам! – деди. Одатда, Хожа жинлар лашкарини, айниқса, истихборот бўлинмасини асло безовта қилмас, улардан қасрнинг энг қоронғу ҳужраларида ҳисоботлар қабул этар ва топшириқлар берарди. Ҳозир у бу анъанани бузди. Ақл ишламаётган эди. Аслида, умуман ишламайдиган ақл бу онда умуман ҳаракатини йўқотди. Жинлар амири фақат Хожага кўринар, бошқалар эса кўрмасди, табиий.
– Маҳбус қочди! – овози титраб амр берди Хожа. – Денгиз тубигача тушинглар! Денгизни қаричма-қарич қидиринглар! Топинглар! Қўл-оёғини ерга текизмай ҳузуримга келтир!
Осмонда қора тутун пайдо бўлди ва денгизга тушиб сувга сингиб кетди. Булар маҳоратли жинлар жамоаси эди. Улар жосуслик, сир ўғирлаш, қиёфаларга кириш, ҳар қандай девор ва тўсиқларни кесиб ўтишга уста мутахассислар эди.
Лекин Денгиз йўқ! У балиққа айланиб сув тубига равона бўлдими ёки қушга айланиб булутлар узра парвоз этдими?
Жинлар лашкари сув ичига кириб ахтара бошладилар. Кемалар сув устида сузди. Қочқин эса топилмади. Қидирув шомга қадар давом этди.
– Агар маҳбусни кит еб кетган бўлса ҳам, наҳанг ошқозонида ҳазм бўлиб кетган бўлса ҳам, топишларинг керак! – Хожа талабни қаттиқроқ қўйди. Имкони бўлса, унинг ўзи Денгизни топиш учун денгизга тушишга ва кечаю кундуз сузишга тайёр эди. Топиб Денгизни майдалаб ёқиш иштиёқида эди у. Аммо қидирувлар бесамар кетди. Ердан ҳам, кўкдан ҳам, сувдан ҳам чўлдан ҳам Денгизни топмадилар. Денгиз эса ҳушини йўқотган эди. Бу қандай содир бўлди?
Денгиз денгиз қаърига тушгани сайин нафас олишни унутди. Кўз ўнгида ранг-баранг дунё очилди: денгиз ўтлари, турфа товланган балиқлар – барчаси бир томонга қараб оқаётгандек, йўқ, ундай эмас, дам бир тарафга эгилса, дам бу тарафга. Денгиз тубида кўринмас шамол борми? Йўқ, булар турфа тарафга қараб оқадиган, бир-бирига сира тўқнашмайдиган оқимлар эди.
Оқимларнинг айримлари заифроқ, айримлари эса кучлироқ. Денгиз денгиз ости гўзаллигига ошиқ бўлиб, ҳушидан кетаркан, ўзини қайси оқимга тушиб қолганлигини фаҳмламади. Бу оқим ер ости дарёсининг оқими эди.
Денгиз учинчи қават осмонда қўлига қалам тутган бирини кўрди. У бу фалакда худди уммон устидаги бир капалакдек эди. Учинчи осмон икки осмонни бағрига олган. Тўртинчи қават осмонда қуёш собит экан. Қуёш ҳамма кўрганидек оловдан иборат эмас эди! У юм-юмалоқ, вужуди нур билан тўлган яратиқ экан! Унинг нури осмонлар бўйлаб таралиб, биринчи осмоннинг кўксидаги Ернинг юзига етиб борар, ҳар бир гиёҳ ва тирик жонга ҳаёт улашмоқда эди. Ҳар он, ҳар лаҳза!
Бешинчи қават фалакдаги жангчи инсонни сескантирарди. У бошидан-оёқ қуролланган ҳолда ўз салтанатини кезарди. Кўзларидан олов сочадиган саркарда ҳеч кимга раҳм қилмас эди. Олтинчи қаватда эса нуроний бир зот жилмайган кўйи қўлидан тасбиҳни қўймас экан. Унинг борлиғидан файз, улуғлик ёғилади. Еттинчи қават осмон соҳиби қоп-қора экан. Боши катта, кўзлари тунд, ўзи қари қиёфали посбон осмоннинг ичида балки зарра кабидир, аммо ўз ҳокимиятини жуда яхши билиши ойдай равшан.
Денгиз кўраётганлари қаршисида тили лол, ақли ҳайрон экан, қалби етти қават осмон бўйлаб бир хил оҳангни тинглади. Бу оҳанг: “Сен поксан! Сен улуғсан! Сенда нуқсон йўқ! Сенда хато йўқ! Биз хатокормиз! Биз айбдормиз! Сенга сиғинамиз! Ҳукм Сеники! Сўз Сеники! Биз таслиммиз! Сени етарлича улуғлай олмаяпмиз! Сени етарлича мақтай олмаяпмиз! Сен раҳмлсисан! Сен шафқатлисан! Сенга таслим бўлганларга раҳм қил! Лутф қил! Рад этганларинг Ўзингга ҳавола! Сенга сиғинганларга муҳаббат кўрсат! Бизларни ёлғиз ташлама!” – деган маънолардан иборат эди. Бутун коинот фақат мана шу маъно билан тўлиб-тошган эди.
Денгизнинг кўзлари Ердаги ҳар бир сув зарраси, қум донаси, ўсимлик томирларига қадар назар солди. Уларнинг барчаси мана шу нидо билан яшаётганлигини кўрди.
Денгизнинг ҳайратларида поён йўқ эди. У ўзини ҳеч нарсалигини англаб етди. Унга ато этилган англам, ақл, туйғу, борлиқ – барча-барчаси лутф, карам, муҳаббат ифшоси, ишқ инкишофи эканлигини туйди. Ҳа, туйди. У ақл етмас, идроклар қамрай олмас Қудратни билди. Бу Қудрат Вожибул Вужуд эди. Вужуди вожиб бўлган Зот эди У. Унинг зотини кўзлар кўрмас, вужудлар Унга етмас, У ўз махлуқларидан мангу ажралган Холиқ, сифатлари ва исмлари васфига сўзлар ожиз бўлган Илоҳ эди.
Денгиз маст эди. Мастликдан айрилишни хоҳламади. Аммо оғриқлар камайди. Уни даволашга киришдилар. Энди у ўзини Ерда эканлигини кўрди. Қўллари кишанли, ихтиёри кимлардир томонидан чекланганлигини билди. У ўзига қилинаётган зулмлар ҳеч нарса эканлигини англади. Исёнлар, инкорлар, куфр, ширк Илоҳ учун нақадар ҳақсизликлигини, одамларнинг, жинлар ва шайтонларнинг гуноҳлари ўзлари учун беҳад улкан азоблигини, ғафлатлигини, бу билан Илоҳ азаматига зарра қадар зиён етмаслигини, Унга сиғиниш, Унга мақтовлар йўллаш, Унга ибодат энг олий амал эканлигини, бу йўлдан чиққанларнинг даҳшатли фожиа ичида қолганларини тушунди. Тушунмоқ сўзи бу ҳақиқатлар англовини ўзига сиғидира оладиган сўз эмасдек, балки Денгиз бу англамлар ичига ғарқ бўлди, балки Денгизга барча пардалар кўтарилди. Унинг идрокини бир муаллиф сифатида, бир ёзувчи ўлароқ мен тасвирлаб бера олмайман.
Шу нарсани айта оламанки, энди Денгиз ўзини буткул Илоҳ йўлига бағишлади. У ўз Роббисининг Сўзларини ҳаётига буткул татбиқ этиш орзуси билан ёнмоқда эди, холос. Унга Исмоил Худонинг сўзини гунг ва карлар тилида ўргатган. Денгизнинг қулоқлари яхши эшитади, аммо Исмоил сўзлай олмасди. Тиллари кесилган эди-ку! Денгиз Худонинг сўзларини тили, овози бўлиб айта олмас, зотан, у буни умрида тингламаган, фақат қалбидан Илоҳий калом маъноларини қайта-қайта ўтказар, қўллари билан тинимсиз ўша сўзларни “такрорлаш”и мумкин, холос.
Денгизни оғриқлар тарк этгач, у узоқ-узоқ хаёллар сурарди. Хаёллар сураркан, бармоқлари ҳавога Сўзларни ёзади. Илоҳ Сўзларини!
У аччиқ ҳижрондан қийналмоқда эди. Ҳижроннинг таъми ўта аччиқ эди.
“Мени қутқар! Мени қутқар! Мени қутқар!” – Денгиз қутулишни истаётган зиндон бу зиндон эмасди, бу айрилиқ зиндони эди.
Орадан бир ой ўтди. Аммо бу ой қандай ўтди, Денгиз билгани йўқ, у мангу ҳажр йўлидаги бечора эди айни замон.
– Гапларинг жуда ҳам баландпарвоз, Хожа, – деди бир Кўзли ягона кўзини йилтиратиб. – Тангрининг режасини бузиш барчамизнинг мақсадимиз, Унинг режаси – Одамни Ер юзига халифа қилмоқ! Биз Одамдан халифаликни тортиб оламиз. Тангри Одамга Ердаги ҳокимиятни топширди. Фақат Одам Тангрининг измида юриши керак. У ҳар бир ўлкада Тангрининг қонунлари қойим бўлгунича уруш қилиши лозим. Аммо биз бунга йўл қўймадик. Шундай бўлса-да, бугун мусулмонлар Ернинг жуда катта қисмини бошқаряпти. Вақт-соати етгач, мусулмонлар қўлида бир қарич ер қолдирмаймиз. Бу биз учун биринчи режа, ҳолбуки иккинчи режамиз бор! Бу Тангрининг режасини амалга ошириш! Қандай қилиб дейсанми? Биз қиёматни чақирамиз! Ерда илоҳий қонунларга амал қиладиган кимсалар қолмагач, қиёмат қойим бўлади! Бутун инсоният қирилиб битади, Тангри қурган коинот қасри кул бўлиб кетади. Биз инсониятдан шу тариқа қасос оламиз! Биз қиёматдан қўрқмайдиган одамларни тарбия қиламиз. Сенинг ўлжанг масаласига келсак, кўп кузатувларимдан маълумки, мусулмон зоти енгилмас бўлади. Азобласанг, ўз эътиқодига шу қадар маҳкам ёпишади. Лекин биз қайтмаймиз. Эътиқодларига маҳкам ёпишаверсинлар. Биз тўхтамаймиз. Уларни азоблаб ўлдирамиз. Сенинг йўлинг тўғри, эй менинг қулим! Биз жаҳаннам талабгорларимиз. Жаҳаннамда ёнишдан ҳузур қиламиз. Бизни қўрқитажак ҳеч нарса йўқ. Биз қўрқмаймиз! Барча мавжудотларга қарата қўрқма дея ҳайқирамиз! Сен ҳам қўрқма!
Хожа бир Кўзлининг ҳар бир гапидан куч олаётган эди. У ўзини ҳар қандай ишга қодир подшоҳ деб ўйлай бошлади.
– Одамларни умидсизликка кўммоқ керак. Ақл кўзларини кўр қил. Умидсизлик чангалига тушган одамдан ҳар қандай исённи кутмоқ мумкин. Умид қилган инсон ожиздир. Сенинг салтанатинг улкан, эй менинг қулим. Шайтонлар, жинлар сенга итоат қилишади. Одамларни васвасага солинглар. Уларнинг нафсларида гуноҳга, шаҳватга мойиллик бор, ана шу мойилликка мой қуйинглар. Гуноҳ оловида ёнсинлар. Ёниб кул бўлсинлар. Сўнг гуноҳларни одатий ишлар каби қабул қилсинлар ва Тангрига куфр келтирсинлар. Гуноҳларни ҳимоя қилувчилар Ер юзини қопласин. Улар мусулмонлардан нафратланишлари шарт. Мусулмонлар пок бўлганлари учун гуноҳкорлар уларни ёмон кўришсин. Мусулмонларни ҳамиша йўлдан оздирмоққа, гуноҳ ва исён йўлига киритмоққа урининглар! – бир Кўзли Хожага таълимот беришда давом этди. – Яна такрор айтаман. Такрор айтаман: тез-орада Ер юзи бизнинг қўлимизга ўтади. Бизнинг қулларимиз Ислом халифалигини ағдариб ташлайди. Ислом қадриятларини илдизи билан қўпорамиз. Одамлар Исломдан қўрқадиган, Исломдан нафрат қиладиган замонлар келади! Мусулмонларга Ернинг юзини торайтирамиз. Шунда қиёмат даҳшатлари оғушида қаҳ-қаҳ урамиз! Одамдан Ер ҳукмронлигини тортиб олганимизни байрам қиламиз! Биз бор бўлса, борлиққа, йўқ бўлса, йўқликка тикка борамиз! Ҳеч нарсадан ҳадик этмаймиз!
Хожа бир Кўзлининг олдида экан, унинг қуллари Денгизга азоб беришни бошлаб юборган эдилар: айтилган куни Денгизни зиндон саҳнига олиб чиқдилар. Қўлларини орқага қилиб, икки оёғини бирлаштириб чирмаб боғладилар. Қамчи билан аёвсиз урдилар. Денгиз тишларини тишига қўйди. “Миқ” этиб овоз чиқармади. Фақат калтак зарбидан танаси титрарди. У оғриқлар кучайгани сари душманига ичида аланга олаётган нафратни туярди. У раҳму шафқат сўраб илтижо қилиш ҳақида эмас, қўлларидаги занжирлар парчаланиб, уни азоблаётганлардан қасос олишни ўйларди. Денгизнинг фикрича, ўч олмоқ учун яшаб қолмоқ керак. Душман қўлида оҳ уриб йиғлаш эса мағлубиятдир. Ўзини таниган эркак учун бу ҳол ярашмайди. Аслида, Денгиз истаса ҳам, йиғлай олмасди. Чунки қаршисидаги ғанимдан шу қадар нафратга тўлдики, бу нафрат ҳар қандай кўзёшни тўғондек тўсишга қодир эди.
Денгиз юраги ёрилиб кетгудек ураётганини ҳис этиб турди. Кун бўйи давом этган калтаклашдан ҳолдан тойди. Аммо жаллодлар чарчамади, чунки улар кўп эди, уларнинг энг бақувватлари Денгизни урди.
Тун чўкди. Денгизни иситма тутди. Тонг отганини уни судраб чиқаётганларида сезди.
– Менга Ер юзида бўлаётган ишларни гапир! – ўкирди у. – Халифалик қандай аҳволда? Хаворижларнинг иши қандай? Мусулмонлар ниманинг устида талашиб-тортишмоқдалар! Яҳудий ва насронийларнинг қудрати қай даражада? Одамзод Исломдан нафратлана бошладими? Инсоният ақлини фаровон яшаш ва қулай ҳаёт кечириш васвасаси эгаллаб бўлдими? Сулаймон ва Билқис давридан қолган битиклар кимнинг қўлида? Айт!
Хожа қалтираб қолди.
– Сиз ҳаммасини яхши биласиз, Олампаноҳ! – деди титраб. – Айтмасам ҳам барча воқеалар сизга кундай равшан... Ер юзи бўйлаб сизнинг қулларингиз тарқаб кетган. Сиздан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди.
– Биламан! – оғзидан кўпик сочди бир Кўзли. У асабийлашганда кичиклашиб борар эди. – Биламан ҳаммасини! Аммо сенинг оғзингдан эшитмоқчиман!
– Хўп бўлади, аълоҳазрат! – қайта-қайта ерни ўпди Хожа. – Халифаликнинг қудрати бор ҳамон. Аммо жиҳод тўхтаган. Мусулмонлар Ер юзи бўйлаб қурол кўтариб юришни бас қилдилар. Ҳозир улар орасида тафриқа авж олди. Улар Қуръон махлуқми, йўқми деб тортишдилар. Кўпчилик қатл бўлди. Файласуфлар ва Ислом ақидачилари орасида баҳслар кўп. Аллоҳнинг кўриниши қандай, макони қаерда, қўли борми-йўқми дея ёқа йиртмоқдалар. Амирлар эса кайфу сафога бериляпти. Халифаларнинг аксари хотинбоз. Ислом давлати тасарруфидаги ўлкалар бирин-кетин ажралиб чиқмоқдалар. Мусулмонлар ичида саноқсиз сохта ҳадислар тарқалди. Сулаймон ва Билқис давридаги илмлар ёзилган тош китоблар эса Бағдодда сақланяпти. У ерга халифа, бош вазир, қозиюл қузот ва саноқли одамлар кира олади, холос.
Бир Кўзлининг пешонаси тиришди.
– Сен менга ёқишни истайсан, Хожа, – деди. – Бу яхши. Жуда яхши. Аммо менга рост гаплар керак. Рост, шунингдек, муҳим гаплар керак. Менга хизмат қиламан деган биргина сен эмассан. Дўстим Азозил юзлаб шайтонзода, жинзода ва девзодаларни хизматимга берган. Уларга қул бўлган одамлар шайтон қаршисида қасам ичиб, буюк ишлар кўрсатиб, ҳузуримга келиб ҳам турадилар. Бундай одамларнинг ичи буткул шайтон ва жинлар масканига айланган. Уларнинг ҳар бири мени зиёрат қилгани келарканлар, Ер юзидаги ҳодисалардан сўзлашади. Чунки уларнинг ҳар бир гапи менга керакли. Уларга қулоқ оссам, бутун олам фасодга тўлгандек. Аммо мени ушлаб турган бу занжирлар, занжирлар боғланган қозиқлар эса “қилт” этгани йўқ. Лоақал салгина қимирламаяпти ҳам! Демак, ҳали Ер юзида авлиёлар бор! Азон янграяпти! Инсонлар ҳажга шошмоқдалар. Авратлар очилмаган. Қотилликлар авж олмаган. Фаросат соҳиблари ҳамон давлат бошида ўтиришибди. Ёлғон урчимаган. Ҳаром кучга тўлмаган. Ақллардан нур сочиляпти. Қалбларда ишқ балқияпти. Сизлар эса мени хурсанд қилиш учун фақат ёлғон тўқийсизлар. Сизлар айтган сўзлар рост бўлсайди, қўлим ва оёғимдан тортиб бўйнимга қадар урилган бу кишанлар шамдек эриб кетарди. Бу қозиқлар эса ёғоч мисоли чириган бўларди. Энди гапир, Ер юзида аҳвол қандай?
– Қудрат мусулмонлар қўлида... – бошини эгиб минғирлади Хожа. Унинг шундан бўлак чораси қолмаган эди. – Жиҳод тўхтади, аммо Ислом қўшинларининг шавкатидан бутун дунё қўрқади. Қозилар адолатли ҳукм чиқаришяпти. Одамлар ҳалол ризқ учун ҳаракат қилмоқдалар. Илм учун жонларини тикиб сафарга чиқмоқдалар. Кишиларни алдаш қийин. Етишган авлиёлар ҳам кўп. Уларнинг исмларини ҳам тилга олиш азоб. Уларнинг атрофлари фаришталар билан ўралган. Авлиёларни муттассил равишда минглаб фаришталар қўриқлайдилар. Уларнинг ўзлари эса инсонлар кўзида ўта фақир яшайдилар. Улар бир бурда нон ва ярим коса сув билан ҳам ҳаёт ўтказиб юбораверадилар. Биз Хористонни хорликда сақлаш учун бутун кучимизни сарфламоқдамиз. Ислом давлатида азонлар тинимсиз янграйди, масжидлар беҳад кўп, масжидларда эса намозхонлар ундан кўп. Қорилар Қуръон билан оламни нурга тўлдиради. Мадрасаларда илм толиблари илм талабида уйқудан ҳам воз кечганлар. Халқда ихлос бор. Олим ва авлиёларни бошига кўтаради. Камбағалларни топиш қийин. Закот оладиган кишиларни топиш ҳам мушкул...
Хожа гапираркан, бир Кўзли кичрайгандан кичрайди, мунғайгандан мунғайди, занжирлар уни ютиб юборгудек бўлди. Ахборот тугагач, бир Кўзли дўриллаган, хирқироқ овози билан гап бошлади: