Саккиз ойга яқин вақт Хадича Усмонни кўра олмади, дастлабки кунларда тушида боласи билан учрашарди, ҳар сафар ўғли қўлида кишан, юзларида қайғу билан унинг қаршисига келади. Хадича кишанларни ечиш учун уринади, аммо кишанлар ечилмайди, онанинг бармоқлари қонаб кетади. Кейин Усмон онасининг тушларига кирмай қўйди. Хадичанинг куни-туни жигаргўшаси билан банд бўлди. Ҳар куни эрталаб ҳовлини айланади, кўчага чиқади, яна уйга киради, дарвозадан кўз узмай ўтиради, ким ичкарига кирса, унга ўғли бўлиб кўринади. Хадичанинг хаёллари чалкаша бошлади, ҳатто ўғлининг қиёфасини эслашга қийналиб қолди, бир нуқтага термилиб ўтираркан, “Усмон деган ўғилни туққанмидим ўзи?!” – деган ўй ўтиб қоларди қалбидан. Бошини саждага қўяди, қалбига ғалати бир ҳасрат, исмсиз бир қайғу тўлиб қолгани учун Роббисига қандай дуо билан хитоб қилишни билмасди. Намозларда қиёмга турган вақтидан бошлаб йиғлаб юборарди, у ўзини Аллоҳнинг қаршисига шикоят қилиш учун келган бечора деб ҳис қиларди, ғафлатда ўтган умри, гўзаллик салонлари, аёлларнинг гап ва гаштаклари, концерт ва театрларда кечган ҳаёти кўз ўнгидан ўтар, ўғлининг маҳбус қиёфасини тасаввур қилар, хатоларининг пушаймони ва фарзандининг айрилиғи жигарини тилкалар, юрагини эзар, ўз ҳолини Роббисига баён қилиш учун сўз топа олмас ва фақат йиғлагани йиғлаган эди. Кўзидан дувиллаб ёш оқади. Инсон зоти суҳбатини хушламай қолди, балки одамлардан қочди. Қўни-қўшнилар хабар олгани келса, чиқишни истамайди, телефонини ўчириб қаергадир ташлади ва ўша ер ёдидан ҳам чиқиб кетди. Телевизорни ёқмайди.
Одилбой ҳар куни хотинининг аҳволини кўради. Жуда эҳтиётлаб гапиради.
Хонадонда таомлар соддалашди.
Бир куни қариндошлардан бири уларни меҳмонга чақиришди. Эр-хотин бормаган бўлишарди. Лекин танишлардан бири: “Ўзларингни бунчалик хорламанглар. Синманглар. Ичларингдаги ташларингга чиқиб душманга кулги бўлманглар, қора кунлар ўтади, ёруғ кунлар келади, бу қадар умидсизлик ва ғамга тушиш яхши эмас! Қариндош-уруғ ва кўча-кўйга аралашинглар”, – деди. Одилбой бу гапни хотинига айтди. Астойдил ҳамдард бўлиб тушунтирди. Хадича бу гапни ўзига олишга қарор қилди.
“Мўмин, мусулмон кучли бўлади! – у ўқиётга китоблар ғояси шундай эди. – Ғамга ботиб қолмайди. Ҳамиша Аллоҳдан умид қилиб яшайди. Мусулмоннинг андуҳ зулматида қолиши Роббисига нисбатан эҳтиромсизликдир. Аллоҳим, Ўзинг менга куч бер! Умидсизлик қаърига мени чўктирма!”
Меҳмондорчиликка боришди эр-хотин.
Аёллар орасида гап гапга уланди. “Усмонжон яхшими?” – деб “ғамхўрлик” билан сўради бир хотин. Хадичанинг ичи узилди, аммо сир бой бермасликка ҳаракат қилди, “Алҳамдулиллаҳ, яхши, хабарлашиб турибмиз”, – деди. “Қамоқ қуриб кетсин-а... Худойим осон қилсин!” – деди яна бир аёл.
Даврада турли савиядаги аёллар йиғилган эди. Уларнинг айримлари диндор бўлиб кўринса, айримлари айни дунё аёллари эди. Айримларининг кўнглидан “Хадича сўлиб қопти-я... Ўғли куйдирди, ҳеч кимга гап бермайдиган Хадича рўмол ўраб кампирга айланибди-қўйибди...” – деган ўйлар кезар эди.
“Милисаларимиз жуда ваҳший-да... – деб қолди бир аёл. Унинг эри уста, бузилган уловларни тузатади. – Ҳар куни қаттиқ калтаклашар экан. Айниқса, динийларнинг аҳволига вой эмиш. Қовурғаларини синдириб юборишаркан. Ҳатто, эркакликка ярамай қолармиш!”
Хадича титраб кетди. Нафаси қайтди. Ҳаво етмаётгандек бўлди. Бутун вужудидан мадор қочди. Қўлларини қимирлатишгина эмас, сўзлашга қуввати қолмади. Кўзлари жавдиради. Бу хотинга нимадир демоқчи эди, лекин айтадиган жумласини хаёли ичидан топа олмади.
“Нима деганингиз бу! – аёллардан бири дарҳол бефаросат хотинга танбеҳ берди жон-жаҳди билан. – Нафасингизни ел олсин! Қаердаги гапларни гапираверасизми оғзим бор деб! Милиса ҳам одам, ваҳший эмас! Ўзимизнинг ўзбек!”
@ilm_zakoti
Юсуф ўзини ортга ташлади:
– Хожам, Аллоҳга қасамки, мен хотингизга тажовуз қилмадим! Унинг ўзи мени тўшакка даъват қилди, мен истамадим, лекин ортимдан қувиб шу жойгача келди. Энди эса қутулиб қолиш учун менга туҳмат қиляпти! – деди ҳайқириб. Буни эшитиб уни ҳибсга олишга чоғланган мулозимлар тўхтаб қолишди. Азиз ҳам ҳовуридан тушди. Дам хотинига, дам Юсуфга қаради. Иккиланди.
– Иккинг ҳам ўзингни оқлаяпсан! Ё биринг, ё икковинг айбдорсан! – деди.
– Аллоҳга қасамки, мен айбдор эмасман, бу хотин сизга хиёнат қилди, хожам! – деди Юсуф.
Мулозимлардан бири азизга деди:
– Азиз, бу йигитни биз болалигидан бери биламиз, ўзинг ҳам биласан, – деди вазминлик билан. – Юсуфдан қулларга хос бирор тарбиясизлик намоён бўлган эмас. Ҳеч қачон ўзини қул каби тутмади, аксинча, бир аслзода сингари хушхулқ эканлигини кўрдик. Уни ҳибсга олиб зиндонга ташлаш ҳеч қандай машаққат эмас. Бироқ ҳақиқатни билайлик. Туҳмат билан бир бечорани жабрдийда қилмайлик.
– Қай бири ҳақлигини қандай аниқлаймиз, ахир? – деди азиз.
– Албатта, аниқлашимиз керак, – деди ўша мулозим. – Акс ҳолда, қалбингни шубҳа-гумон кемириб, сени адо қилади. Мана, қара, Юсуф мен қочдим, ортимдан хотин қувди деяпти, хотин эса Юсуф менга ташланди деяпти. Кел, иккисининг либосларига қараймиз: агар хотиннинг либоси олд тарафдан йиртилган бўлса, демак, бу қулнинг тажовузи, агар Юсуфнинг кийими орқадан юлиб олинган бўлса, бу хотиннинг аҳмоқлигидир.
Бу ҳукмни эшитиб хотин қўрқиб кетди. Чўчиб бурчакка тисланди. Азиз ва унинг икки мулозими хотинга бир муддат назар солдилар, хотин беихтиёр қўлларини орқага яширди, чунки у Юсуфнинг кийимидан юлиб олган парчани ташлаб юборишни унутган эди. Юсуф эса ортга ўгирилди, унинг либосидан бир парчаси йўқ эди.
– Сиз хотинлар фақат макр қиласиз! Маккорликдан бошқа ишингиз йўқ! – деди азиз.
Ҳамма жимиб қолди. Хотин бироз қалтираб турди-да, шахт билан юриб чиқиб кетди. Азиз унга бошқа бир оғиз сўз айтмади. Аммо мулозимларига қарата буюрди:
– Маслаҳатларинг учун ташаккур, энди хонадонимни тарк қилинглар. Бу сир шу ерда қолсин. Бу масалани ўзим ҳал қиламан.
Мулозимлар индамай таъзим бажо этиб, амрни бажаришди. Азиз хона тўрига қўйилган курсига ўтирди. Юсуфни қошига чақирди ва ерга ўтиришни буюрди.
– Юсуф, – деди ғамгин овозда. – Бўлар иш бўлди. Бу ишларни унут. Аёллар аҳмоқ ва ақлсиз бўлишади. Ўзларини бошқара олмайдилар. Лекин сен ўзингни қўлга олиб, менинг шарафимни асрабсан. Хотиним учун истиғфор айт. Илоҳингдан уни кечиришини сўра. Ўз ишингни қилиб юравер. Хотинимга айтаман, у сенга ортиқ бундай муомала қилмайди.
Денгиз бу воқеаларни томоша қиларкан, карахт бўлиб қолди. Денгиз ҳали уйланмаган, хотини йўқ, аммо бир эрнинг ўз хотини хиёнатини бундай кечириб юборишини тасаввурига сиғдира олмас эди. Ҳозир у лол эди. Чунки у ҳукумат ичидаги кўплаб эркаклар ўз хотинларини эплай олмай бегоналарга қўшиб қўйишларидан бехабар эди. Ҳаром луқма, гуноҳлар инсонни чўчқага айлантириб, ўз жуфтини рашк қилмайдиган ҳамиятсизга айлантиришини ҳали у билмасди”.
Байрамжон “Мозий” китобининг шу саҳифасига етиб келган эди.
У бу воқеаларни кўз ўнгидан ўтказиб, ҳар бир лаҳзани ҳис қилишга уринди. Денгиздаги ҳолни, унинг узлуксиз давом этаётган тушини қандай тушунсам экан дерди. Албатта, Байрамжонда басийрат – қалб кўзининг очилиши, бу кўз билан ўтмишга саёҳат қилиб, мозий ҳақиқатларини кўриш мумкинлиги ҳақида илм йўқ эди. Бутун оламни яхлит ҳолда тасаввуротга сиғдириш, тахайюл ойнаси билан ҳодисалар ҳақиқатини англаш иймонлиларга Аллоҳ тақдим қиладиган икромдир, аслида.
Усмоннинг қамоқда бошдан кечирганлари ва тарихда бўлган зулмлар қиёсланса эди, бу иккиси бир ҳақиқатнинг икки хил замондаги бир тажаллий эканлиги ойдинлашган бўлур эди. Зулмнинг зоти ўзгармас. Азобнинг таъмида фарқ йўқ.
@ilm_zakoti
Бир маҳал қудуқ қопқоғи очилди ва ичкарига қовға тушди. Кимлардир қудуқда сув бор деб гумон қилаётган ёки сув чиқиб қолар деб умидвор эди. Юсуф дарҳол қовғага ўтирди. Уни тортиб чиқарганлар донг қотиб қолдилар. Юсуф уларга жавдираб боқди. Қовға ташлаган қора қул экан. Унинг тили калимага келмай туриб туяда ўтирган бир одам: “Бу болани менинг қулим қудуқдан чиқариб олди, энди бу бола ҳам менинг қулим бўлади!” – деб шошиб бақирди.
Дарҳол қўлларини боғлашди.
Хўжайин: “Сен қулимсан, шуни яхши билиб ол! Агар исён қилсанг, ўлдираман!” – деди. Юсуф индамади.
Карвонда сотилиши керак бўлган қуллар кўп экан. Юсуфни ҳам уларнинг сафига қўйдилар. Карвон эса шимолга қараб юрди.
Денгиз Юсуфни бир лаҳза тарк этмади. У гўё Юсуфнинг хаёллари ичига ҳам кириб қолгандек эди.
Ўн кунлардан сўнг карвон Мисрга кириб борди. Карвон аҳли карвонсаройга жойлашди. Сотувдаги қулларнинг қўллари ечилди, аммо оёқларидан боғланган ҳолда махсус қамоққа жойлаштирилди. Юсуф ҳам уларнинг ичида эди.
Эрта тонгда қул бозорига кириб бордилар. Карвондаги қул савдогари ўз қулларини кўзга кўринадиган растага жойлаштирди. У жуда ҳам шошқалоқ, қизиққон одам экан. Юсуфни кўзга кўринадиган жойга қўйди.
Савдо бошланиб кетди.
Миср бозор беҳад гавжум: одамлар оқиб келади, уларнинг ичида ҳар хили бор. Қора, оқ одамлар, ҳарбийлар, тожирлар, саррофлар, ҳунармандлар. Деҳқонлар, амалдорлар... Қул ёки чўри олишни истаган борки, шу бозорга киради, ўзи истаган “товар”ни диққат билан ўрганади. Нарх сўрайди. Қул савдогарлари эса зўр бериб сотувдаги қулларини мақтайди: “Ўта меҳнаткаш. Соғлом. Касаллиги йўқ. Ёлғон гапирмайди. Ярим коса ёвғонга рози, олсангиз, пулингиздан кўра кўпроқ фойда топасиз!”
Бозорга қул оламан деб кирган ҳам, қул томоша қиламан деб қадам босган ҳам Юсуфнинг нархини сўрамай кета олмасди. Хўжайин эса жуда катта нарх белгилади.
“Бунинг гўзаллигини қаранг! Ундаги малоҳат тенгсиз!” – дер эди. Бироқ бу мақтовлар иш бермади, Юсуфнинг чиройига маҳлиё кўз солганлар унинг танасига, қўлларига қараб, ҳеч қул деб қабул қила олмадилар. Унинг жиддияти, бошини эгмаслиги, ортиқча сўзламаслиги қулларга хос эмасди. Айниқса, қўллари оғир меҳнатдан дарак бермаётган эди. Аксари одамлар қулларни меҳнат учун сотиб олишади, саройларда, зиёфатларда хизмат қилиши учун ҳам харид қиладилар. Улар учун айнан чиройли юзли қул керак, лекин ҳеч ким Юсуфни сотиб оламан демасди, фақат нарх сўрайди, кетади.
Орадан бир ҳафта ўтди. Қул савдогари барча қулларини сотиб бўлди, биргина Юсуф қолди. Тожир учун яна бир қулни боқиш, уни карвонда олиб юриш муаммо эди. Бу унинг режаларига тўғри келмас эди. Агар бугун ҳам Юсуфни сотмаса, иши пачава эканлигини билди. Чунки у ҳар бир ишни режа билан бажаради. Нима учун бу қул сотилмади – унинг ўзи ҳеч англамади. Охирги кун Юсуфга қўйилган нархни туширди. Ҳар келган харидорга ўн тангадан арзон айтаверди.
Қуёш анча баландлаб қолганида бозорда тўс-тўпалон бошланди. Каттароқ амалдор қул олишни ихтиёр қилган кўринади. Ҳақиқатан, бозорга Миср азизи кириб келди. У уй ичида, саройда хизмат қиладиган қул сотиб олмоқчи эди. Миср азизи Миср подшоҳининг вазири бўлиб, давлатнинг молиявий масалаларига кўпроқ масъул эди. Азиз унинг унвони эди.
У Юсуфнинг олдида тўхтади.
– Нархи қанча? – деди.
– Беш танга, хожам, – деди савдогар эгилиб.
– Жуда арзонлатибсан, – деди азиз. – Сотиб олдим.
Юсуфни занжирдан бўшатдилар ва барча хизматкорлар қатори Миср азизининг уйига олиб кетдилар. Уни Зулайхо исмли аёл хизматига бердилар, Зулайхо азизнинг хотини эди.
Денгиз бу ишларни кузатиб, ҳайратига ҳайрат қўшилиб, Миср осмонида учарди.
Орадан қанча вақт ўтди – Денгиз англамади, лекин Юсуфни улғайган ҳолда кўрди. У Миср азизи хонадонида хизматда эди.
Юсуф астойдил хизмат қиларди. Еётган нонини ҳалолламоқ учун интиларди. Денгизнинг кўзлари кўргани – азизнинг хотини Юсуфни доимо кузатарди. Ҳар хил баҳоналар билан Юсуфни ҳузурига чорлар, турли ишлар буюрар, ёнидан кетказишни истамасди.
Қишлоқда одамлар ўз иши билан банд: кимдир уйини таъмирлаяпти, кимдир туя сўймоқда, қишлоқ ўртасида одамлар тўпланиб нималардир сотишяпти, аммо қишлоқдан чиқадиган йўлда ота-бола саҳрога қараб чиқиб боришмоқда. Денгиз қанот қоқиб уларнинг бошида айланиб учди.
Боланинг кўзу қошлари қора, юзлари чиройли, қадам босишлар вазмин, байрамга кетаётгандек янги кийимлар кийган. Ота барваста. Елкалари кенг. Чеҳрасидан нур порлайди. Қалин соқоллари кўксига тушган. Узун сочлари билан саҳронинг майин шамоли ўйин қилмоқда. Отанинг белида узун бир пичоқ осилган.
Улар саҳро ичига киришди, бир тепаликка қараб юришди. Бир маҳал бола отасига гапирди:
– Дада, менга шайтон бир нималар деяпти.
Отаси ўғлига бироз хавотирли нигоҳлар билан, аммо қалбида хотиржамлик билан боқди:
– Лаънати нима деяпти?
– Отанг сени сўйгани олиб кетяпти, қочиб қол дея айтяпти.
Отанинг ғазаби келди. Ердан тош олиб ўғлига берди:
– Лаънати шайтонга мана шу тошларни от ва отам Роббим буюрган ишларни бажаради деб айт.
Бола отасининг қўлидан тошларни олди ва чап тарафига қараб, Денгиз у ердан ҳеч кимни кўрмади, тошларни отди ва отаси ўргатган гапларни айтди. Шу ҳол яна икки марта такрорланди.
Ота-бола тоғ устига чиқишди. Ота ўғлининг қўлларидан ушлаб кўзларига термилди:
– Ўғлим, Аллоҳдан ваҳий олдим, – деди.
Ўғил тийрак кўзлари билан отасининг нуроний чеҳрасига қараб деди:
– Роббим Ўзи учун мени қурбон қилишни буюрдими, ота?
– Ҳа, – деди ота. Аммо бу тасдиқнинг замирида ҳам, ифодасида ҳам бирор норозилик ёхуд ғамгинлик йўқ эди.
– Сизни пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам бўлсин, дада, – деди бола бурро тили билан. – У Сизнинг қўлингиз билан бутларни парчалатди. Сизни гулханга улоқтирдилар, аммо У Сизга гулханни гулзор қилди. У Сизни Ўзига халил тутди. Унинг Зотига, жалолиятига қасам бўлсин, мени иккиланмай У учун қурбон қилинг, дадажон. Роббимнинг ваҳийсини бажаришда асло иккиланманг. Бир мен эканман, ўнта фарзандингиз ҳам Роббимга қурбон бўлса, бу энг улкан бахт саналажак, дадажон.
Ота ўғлига миннатдор боқди, бошини меҳр билан силади ва пичоғини қинидан олди. Ўғил пичоққа, сўнг отасига қараб деди:
– Дадажон, бўғзимга тиғ тортар экансиз, қўлларимни боғланг. Беҳуда ҳаракатлар қилиб, Сизни озурда этмайин. Кўзларимни бойланг, кўзингиз кўзимга тушиб оталик меҳри жўшиб, муқаддас бу ишда сустлашманг. Ҳеч бир омил Роббимнинг амрини бажаришингизда тўсиқ бўлмасин, дадажон.
Ота хўп деди ва ўғлининг айтганларини қилди: боланинг қўлларини боғлади, кўзини ёпди. Сўнг пичоқни олди, “Улуғ Аллоҳ номи билан!” – деди ва ўғлининг бўғзидан юргазди. Аммо пичоқ кесмади. Ота ҳайрон қолди. Пичоқнинг тиғини текширди, сўнг ёнидаги бир тошга пичоқни урди, тош иккига бўлинди. Пичоқ ўткир эди. Ота Аллоҳнинг амрини бажаришга шайланди, аммо пичоқ боланинг бўғзини кесишни истамади.
– Эй пичоқ, нима учун кесмаяпсан?! – сўради ундан.
– Аллоҳ менга буни ман қилди, – деди пичоқ.
Ота пичоқни ерга қўйиб кўкларга кўзларини тикди. Еру осмонни титратиб бир садо янгради:
– Аллоҳ ҳар қандай нуқсондан покдир! Ҳамд, мақтов Аллоҳникидир! Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқдир! Аллоҳ улуғдир!
Тоғнинг бир четида бир улкан қўчқор пайдо бўлди. У ота-бола томон яқинлаб келаверди.
– Роббим Ўзи учун қурбонлик қилишни амр қилди, аммо фарзандларни эмас, балки бошқа изн берилган жонлиқни сўйиб қурбон қилажакмиз, – деди ота.
Денгиз воқеалар қаршисида ақлини йиға олмас, тушимми деса, ўнгига ўхшар, балки бу ҳол ўнгидан кўра ёрқинроқ эди.
Денгиз бу фикрларни хаёл қилиб кўрдики, энди ота-бола тош ташиб уй қураётган эдилар. Уйнинг пойдеворини ўта мустаҳкам ўрнатдилар. Уйнинг деворлари қай фурсатда кўтарилди – Денгиз англамади. Аммо бир қанча муддат ўтиб саҳро ўртасида пурвиқор уй барпо бўлди. У оппоқ тошлардан қурилган эди. Ота деворга тошларни терди, ўғил эса олиб бериб турди. Ота оёғи остига катта тошни қўйиб унинг устига чиқиб ишлаган эди. Иш битгандан сўнг тошга оёқ изи қолганини кўрдилар.
Ота ва бола уй қаршисига тиз чўкдилар, пешоналарини саждага қўйдилар. Ота қўлларини дуога кўтарди:
Ҳатто боламни қутқаришинг таъмаси билан Сенга ибодат қилсам, бу ибодатдан мени халос қил! Фақат Ўзинг учун, Сенинг Зоти Покинг жалолияти қаршисида ҳар заррам билан таслим ҳолда ибодат этмоғимга муваффақ айла, ё Раб! Ё Раб! Ё Раб!”
***
Байрамжон “Мозий” китобини варақлашда давом этди. Уни Хористон ўлкасидаги ҳайратлар саҳифалар ичида кутаётган эди.
“Денгизга қилинаётган хизматлар ниҳоя топди.
Уни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар. Ўз ҳоли – зиндон эди.
Денгиз бўлаётган воқеаларнинг ташқарисига чиқиб қолгандек ҳис этди ўзини. Балки жони, оғриқ ва қўрқувлар танасини тарк қилди. Ҳиссиётлари дафн бўлди. Келиб жонларини суғуриб олсалар ҳам Денгиз учун зарра қадар муҳим эмасдек эди. Қалбини забт этган, ботини узра бор бўйи ястанган хотиржамлик қайси самолардан ингани унинг ақлига қоронғу. Жисми барча юкларидан қутқарилди, гўё, йўқ ундай эмас, жисм юкидан халос бўлдию бамисоли буткул руҳга эврилди.
Денгиз уйқудан ўзини тўса олмай қолди. Уйқу шамолдек келадию, уни буткул қуршайди. Денгиз ўзини ўзи идора қилишга қувват топмади. Онги ичида қуюн кўтарилди. Турфа тушлар кўрди. Тушларида у қуш бўлиб қанот қоқарди. Гоҳида шунчаки булутлар узра кезади. Қаерга борди – нимани кўрди идрок этмасди.
Бир сафар ака укани ўлдираётганини кўрди. Яна бир сафар улкан кема қураётган одамга учради. Денгиз бу фурсат қуш бўлиб бу инсон устида чарх урди. Бу одам беҳад нурли эди. Жуссадор, қарашлари қатъий, чеҳраси нур билан ювилган бу инсон бақувват қўллари билан кема қураркан, атрофига ҳар хил кишилар келар: “Аввал пайғамбарман дединг! Энди дурадгор бўлдингми!” – деб кулардилар. Кемасоз эса уларга эътибор ҳам бермай ишларди. Бир неча кун шу тахлит ўтди. Қайсидир тонг Денгизни уйқу элтди. (Ҳа, у тушида ҳам ухлар эди.) Танасига келиб тушган сув томчисидан сесканиб кўзларини очди. Осмонни қуюқ булут қоплабди. Денгизнинг кўнглига бирдан қўрқув оралади. Безовта бўлиб осмонга кўтарилиб учди. Бежиз эмас экан – Денгиз ҳаммасини кўзлари билан кўрди: бирдан ер ёрила бошлади, сувлар отилди. Осмоннинг эшиклари очилиб, сув қуйилди. Сув лаҳза сайин кўпаярди. Одамлар инига сув кирган чумолидек тўзиди – ҳамма эсини йўқотган эди. Кишилар уйлари томларига чиқишарди. Баъзилар тоғларга югурди. Аммо сув барчани кўмди. Тоғлар қадар кўтарилди. Кемасознинг ўрдак кўринишидаги кемаси соғ-омон сув устида қалқиб борди. Кема виқор билан сузарди. Кеманинг тумшуғида кемасоз кўзларини гоҳ самоларга, гоҳ уфққа тикиб чуқур хаёл сурар, кема ичида одамлар хотиржам, шошмай у ёқ, бу ёққа юрарди. Сув тўхтамас, кема ўрдак шаклида бўлгани учун унинг ичига сув кирмас, ён томонлари эса очиқ эди.
“Қаердаги гап эмас! – устанинг хотини ҳам жаҳлланди. – Эрим йигирма йил милисада ишлаган. Ўн беш йилдан бери истеъфода. Ичкаридаги ҳолатни беш бармоғидай билади. Ваҳшийлик ўзимиздан чиқсин-да! Бегона келиб юртимизда бу ишларни қилармиди! Сиз Хадича опани ўйлаб бу гапларни айтманг деётгандирсиз, мен уларнинг фойдасига айтяпман, ахир. Лаллаймай бориб тоштурманинг эшиги тагига ётиб олиш керак! Йиғлаб юрган билан иш битадими! Ҳар куни эрталабдан кечгача қамоқ дарвозаси остидан кетманг, опа! Болангизнинг ортида одам борлигини у золимлар яхши билсин-да! Бу гапларни мен айтмасам, ким айтади!”
“Ошириб юбордингиз, – даккилаган аёл ҳам гапдан қолмади. – Ҳукуматда инсоф бор, ҳаммамизда инсоф бор. Бундай ишлар қилишмайди. Хадича опа, хавотирланманг!”
“Эрим айт деганди, айтдим, – деди тумтайиб устанинг хотини. – Ўзларинг биласизлар, жоним ачигани учун гапирдим”.
Хадича қандай қилиб у даврадан чиқди, қандай қилиб уйига келди – билмай қолди. Келдию, йиқилди. Ўрнидан тура олмади. Қайғу ва умидсизликни эндигина енгаётган онаизор мажол изларди.
“Аллоҳим, ёрдам бер!.. Аллоҳим, ёрдам бер!..”
Кўзидан тинимсиз ёшлар оқар, ҳар томчи ёши қайноқ эди. Кўз ёш қатралари онаизорнинг ёноқларини куйдириб лаблари бўйлаб оқиб иякларидан томчилаб, либосларини ҳўл қилаётган эди. Хадича фикрлай олмай ҳам қолди. Фақат кўзларини юмиб олди.
Боғ. Осмон ақл тасаввур эта олмас даражада мусаффо. Гулларнинг хуш бўйи димоқни қитиқлайди. Оёқ остида ям-яшил майсалар. Тупроқ эса олтиндай ялтирайди ва ундан ҳам ажиб ифор таралади. Хадича қадам босаркан, оёқлари ерга тегмас, ўзи ҳам пардек енгил эди. Қўлига қарадию, ҳайратга тушди: бармоқлари ўн саккиз ёш қизникидек оппоқ ва турфа тақинчоқлар билан тўлиб-тошган. Ҳар бир узукнинг кўзидаги олмос, гавҳар, ёқут, зумрад тошлар товланиб нигоҳларни қамаштиради. Эгнида эса ям-яшил либос. Ўзидаги бу ҳолдан лол қолган Хадича улкан бир ҳовуз қаршисидан чиқди. Ҳовуз ойнадек ярқирар, суви асалдек тиниқ ва сутдек оппоқ эди. Беихтиёр Хадича кафтига сув олиб ичди. Қиёссиз таъмдан бутун вужуди бўйлаб ҳузур улашди. Ҳовузнинг нариги бетида оппоқ қаср қўр тўкиб турибди. Хадичага бу қаср ўта таниш кўринди. Гўё у бу қасрда бир неча йил яшагандек ҳис этди ўзини. Ҳовуз бўйидан юриб бораверди. Ҳа, Хадичага қаср жуда қадрдон, лекин ич-ичидан бу менинг қасрим эмас деб ишонаётган эди.
Қасрнинг дарвозалари дурлар билан зийнатланган. Деразаларида ёқутлар оловдек ёнади. Ҳайбатидан осмонга миноралари тегмоқда. Хадича келиши билан қаср дарвозалари очилди. Ичкарида қўлини кўксига қўйган беҳад гўзал қизларни кўрди. Қизлар шу қадар ҳусндор эдики, кўрган одам кўз узишни истамайди. Ёноқларидан нур таралади, айримларининг нигоҳлари осмон каби кўм-кўк, айримларининг қорачиғи зумрад тошдек ям-яшил, бошқалари оҳу каби боқади. Ҳар бирининг назарида бикрлик, бокиралик, иффат ва ҳаё ёғилади. Улардан бири Хадичанинг қўлларига сув қуйди.
“Афв этасиз, хоним... – деди Хадича уялиб соҳибжамоллардан бирига. – Бу кимнинг қасри бўлди? Менга жуда ҳам қадрдон...”
Соҳибжамол ҳур жилмайди ва бошларини эгиб нафосат билан жавоб берди:
“Бу ўғлингиз Усмоннинг қасри...”
Қизнинг саси энг сифатли чиннини чертганда чиқадиган овоз каби жарангдор ва сеҳрли эди. Унинг сўзи эса Хадичанинг қалбига мисли кўрилмаган қувонч сабосини эстирди. Ҳаяжонланиб кетди.
“Ўғлим... Усмон! Усмоним қани!”
Хадича қалбан ўғлини жуда узоқ вақт кўрмаганини ҳис этди, аммо жигарбандини сўнгги бор қаерда ва қачон кўрганлигини эслай олмади.
“Марҳамат, Сизни ўғлингиз ҳузурига элтай, Сизни кутяптилар!..”
Хадича ҳурнинг ортидан эргашди. Улар қасрнинг хоналари бўйлаб анча юрдилар. Ҳар бир хона жуда улкан эди, бундай кенг хоналар ва уларнинг зийнатларини Хадича ҳеч қачон учратмаган, агар тасвирлаб берганларида ҳам бундай ҳашамат ва улуғворликни тасаввурига келтира олмаслигига амин эди. Хоналардан хонага ўтишаркан, кейинги хона аввалгисидан ақлга сиғмас даражада чиройли ва гўзал, қалбни шодлантирувчи эди. Хадича қанча юрмасин, сира чарчоқ ҳис қилмади, лекин ўғлини кўриш истаги бетоқатлик уйғотаётган эди.
САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ
Йигирма олтинчи боб. Сирлар дунёсига сайр
Ва Биз Сенга илгари қиссаларни айтиб берган расулларни ва Биз қиссаларини айтиб бермаган расулларни (юбордик).
Нисо сурасининг 164-ояти маъно таржимаси.
Гўё барча эшиклар тақа-тақ беркилди: Одилбойнинг сўзи ҳеч ерга ўтмай қолди. Адвокатлар ҳам суст ва танбал чиқаверди. Байрамжон ҳам зир югурди, олганлари биргина жавоб бўлди: “Хавотирланманглар! Одилов соғ-саломат. Ишини жиддий ўрганяпмиз. Адвокати кириши мумкин, тергов вақтида учрашувга рухсат берилмайди, бу қонун”.
Адвокат деган яратиқлар аввалига Одилбойнинг бойлигидан фойдаланиш учун катта ҳақ сўрашарди, кейин кўкрак кериб Усмон билан учрашгани ҳибсхонага борарди. Аммо у ердан чиқиб, “Иш оғир. Зиммамга ололмайман”, – дер эди. Одилбойнинг хуноби чиқади: “Ишнинг нимаси оғир?! Болам қонуний ҳуқуқидан фойдалана олмайдими?!” Адвокат совуққон жавоб беради: “Давлат томонидан тайинланадиган адвокат бўлади, ўша шуғулланаверади”.
Орадан икки ойлар ўтиб ўша адвокат Одилбойга қўнғироқ қилди.
“Ўғлингиз Усмоннинг ишини мен олдим,” – аёл киши экан. Дарҳол кўришдилар. Ёши олтмишга борган, истараси очиқ аёл. Аммо кўп ҳам ғам-ташвиш чекмаслиги, кўп нарсага бепарво қараши яққол сезилади.
“Ўғлингизнинг иши билан танишдим, – деди у. – Экстремистик гуруҳларга аралашиб қолибди. Телефонидан ҳар хил видеолар чиққан. Қандайдир дисклар ва флешкалар сақлаган”.
Одилбой донг қотди: “Йўқ, ўғлим таъсирчан, аммо бундай ахмоқлик қилмайди! Тан олдими ўзи бу айбловларни?!”
“Тан олмаяпти, қўлимдан келганча ҳимоя қиламан, менга ишонинг”, – деди адвокат хоним ҳам “ишонч билан”. Одилбой адвокатга ишонгиси келди, аммо опанинг на гапи, на ўзини тутишидан ишончга молик бирор аломат топиш имкони йўқ эди.
***
Хадичанинг ранги синиқди. Уйидан чиқмай қўйди. Аввалги Хадичадан асар ҳам қолмади. Кунларини гўзаллик салонларида ўтказиб, гўзал ва ёш кўринишни ўзига олий мақсад билган хоним уйга қамалди-қолди. Кўз ўнгидан ўғли кетмайди, у билан бўлган суҳбатлар сўзма-сўз хаёлидан айланди. Қўли бирор ишга бормайди, зийнатланишларни унутиб юбориши баробар – тувакда гуллар парваришларди – бу ҳам кўнглига сиғмайди.
Одилбой хизматчи ёллади.
Энг қизиғи, Одилбойнинг акахонлари, уларнинг тилида айтсак, “авторитет”лар ҳам буғланган сувдек ғойиб бўлдилар. “Одилбойнинг ўғли диний жиноят билан қамалибди!” – деган гап отилган тош бўлдию, унинг атрофига чуғурчуқдай тизилган ҳаммани ҳуркитиб учирди. Устига-устак дўсту душман орасида Одилбой “Экстремистларни таъминлаб тураркан”, – деган миш-миш болалади. Бу гапларнинг заррача асоси йўқ бўлса-да, одамлар, аниқроғи, Одилбойнинг жон ошналари “ишониб қўяқолишди”, балки улар ишонишни жуда исташаётганди.
Бу миш-мишлар ёнига “Одилбой ҳам терговга тортилибди, қамалиши мумкин экан”, – деган хабарлар қўшилди. Бу бойнинг руҳиятига, барча ишига таъсир қилди, ҳамкорлари уни хушламай қўйишди, дўконларига мол ололмай қолди.
“Наҳот мен йиққан мол-дунё ва обрўнинг қиймати шу қадар?! Одамларнинг башараси шу қадар чиркин?” – деган ўй кечарди хаёлидан ҳар сафар ўзига отилган бирор таъна билан юзлашган чоғда. Уйга келаркан, хотинини уззу-кун жойнамоз устида топди.
Бора-бора бойнинг кўнгли барча ишлардан совуй бошлади. Дўстларнинг хиёнати, дунёнинг вафосизлиги унга ҳар нарсадан кўра равшан кўрингач, “Ҳар куни қорним тўйиши учун ярим коса ёвғон кифоя бўлса, дўст деганларим бирма-бир сотсалар, оёқдан кетишимни пойлаб турган бўлсалар, нима учун шу қадар елиб-югурмоқдаман? Йўқ, барчасига барҳам бераман, керак эмас ўткинчи дунёси ҳам, сохта ва хоин дўстлар ҳам!” – деб қатъий қарор қилди.
Кейин тоштурма дарвозаси очилди. Одатда, Воронок тўхташидан аввал овоз чиқаради. Шу овозни бир неча марта эшитган Усмонни ғалати ҳиссиёт қопларди. Бу ҳиссиётнинг исми хавотирми, ё бошқаси – ўзи билмайди.
Тоштурмага ҳовлисига улов кирди ва тўхтади. Эшик очилди. Маҳбусларнинг фамилияларини ўқиш бошланди. Улар ўзининг ва отасининг исмини айтиб уловдан тушиб саф тортишди. Усмон ҳам тушди.
Тоштурма ҳудуди жуда гавжум экан: ходимлар у ёқдан бу ёққа ўтади, маҳбуслар, махсус кора кийим кийган маҳкумлар. Янги келганларни деворга қаратиб сафлашди. Кейин ўгрилинглар дейишди. Ҳамманинг исми бирма-бир сўралди. Сўроқ қилаётган ходим келганлар ичидан айримларни таниди.
– Вой блят, яна келдингми? – деди.
Унинг бу илтифотидан боши осмонга етган маҳбус оғзи қулоғида иршаяди:
– Ҳа, бошлиқ.
– Одилов! – ниҳоят Усмоннинг фамилияси ўқилди.
– Усмон Одилович, – деди Усмон.
– Статя?
– 244, 159.
– Ҳа, давлат хоини! – деди ходим унинг “иши”га қарай туриб. – Нима қилдинг? Халифалик қурмоқчимидинг? Ё жиҳодга кетаётганмидинг?
Келганлардан бири луқма ташлади:
– Парашага қамалган кўринади, бошлиқ, диск, флешка эмиш.
Бу қамоқни мақтаб, оғзидан бол томган ва зонада “сомса” пиширган ўша нусха эди. Унинг аралашгани Усмонга ёқмади, айниқса, тиртиқ лаби яна ҳам хунук кўриниб кетди. Хўмрайди. Аммо ходим ўша маҳбусга жавоб қайтарди:
– Ҳаммаси шундан бошланади. Ҳамма шмонга!
Шмон дегани тинтув экан. Ҳаммани қатор олиб киришди. Кирганлар трусикларигача ечинишди. Тахлаб тинтув қилувчиларнинг олдига қўйишди. Ўзлари эса яланғоч ҳолда девор олдига сафландилар. Тинтувчилар хонанинг ўртасидан ажратиб қўйилган столнинг нариги томонида эдилар. Улар кийимларни пайпаслаб, чўнтакларини текшириб яланғоч маҳбусларга улоқтиришди. Унга қадар маҳбуслар тинтув хонанинг кириш қисмига қўйилган ойнанинг устига бирма-бир чиқишди. Бошқа бир тинтувчи ходим “Оғзингни оч!” дейди, оғзига қарайди. Қўли билан жағларини пайпаслаб кўради, кейин “Ўтирб тур!” – деб буюради. Ҳамма буйруқни сўзсиз бажарар, Усмонга ажабланарли бўлгани яланғоч маҳбуслар тинтув ходимлари билан гаплашардилар ҳам. Ходимлар ҳам кийимларни текшириб бўлгач, эгалари томон улоқтираркан, “Статя?” – деб савол беришар, кимгадир “Машенник”, кимгадир “Макрухами?”, бошқасига “Жарюха қовурдингми?” – дейишарди. Бири эса ўта қўпол экан, “Статя?” деган саовлга “244” ёки “159” деса, “Хоин! Сен бизнинг душмансан! Халқ душмани” деб бўкирар, бу унинг энг мулойим сўзи ҳисобланарди.
Дабдурустдан бу ҳолда Усмон нима дейишини билмади. Ҳамма индамай кийимини ечиб сафга тураётганда у гаранг бўлиб қолди. Беихтиёр уларга эргашди. Улоқтирилган кийимлар ичидан ўзиникини топиб кияркан, ичи қовурилиб кетди. Кутилмаганда синган ғурури, ҳамияти ичида увиллаб юборди.
“Не аҳволларга тушдим, Аллоҳим!” – деб юборди. Шунинг учун “Статя?” деб сўралганда жавоб бермади. “Статя!” деб саволини такрорлади ходим. Усмон унга ҳайрон қолгандек қаради.
– Сенга айтяпман, маҳбус! – деди ўша қўпол ходим.
– Айтмайман! – деди Усмон тишлари ғичирлаб. Ҳамма қотиб қолди. Бирдан тинтув хонасига жимлик чўкди. Ҳамманинг кўзи Усмонга қаради.
– Нима? Айтмайсанми? – савол берган ходим бир сакраб столдан ошиб Усмоннинг олдига келди ва жағига мушт солди. Кутилмаган зарбдан Усмон оёғи осмондан бўлиб чалқанча йиқилди. Қовурғаларига тушаётган тепкилардан ҳимояланиш учун ғайриихтиёри равишда ғужанак бўларкан, бошига теккан пошнани, тепасидаги ҳар хил башараларни базўр идрок қилиб улгурди, ҳушидан кетди.
Сўровчи ходимни бу тўхтатмади.
– Тур ўрнингдан, хоин! – деб Усмоннинг бошидан “бакалашка” – елим идишдаги сувдан қуйди. Усмон сесканиб ўзига келди. Ходим унинг ёқасидан тортиб турғазди. Усмоннинг кийими йиртилди.
– Айтмайсанми статянгни? – деди вишиллаб.
Усмон ходимнинг башарасига қараб кучини тўплаб деди:
– Айтмайман!
– Вой мараз! – ходим яна уришга чоғланган эди эшикдан:
– Нима бўляпти! – деган овоз эшитилди ва у тўхтади. Ходим Усмоннинг ёқасидан қўлини олди. Бироз қаппайган қорни устига қўлини қўйди:
@ilm_zakoti
– Сен терористик материаллар сақлагансан. Сендан топилган видеоларни сақлаш ва тарқатиш таъқиқланади, – тушунтирди судя.
– Мен ҳеч нарса сақламаганман! – деди Усмон. – Ўз-ўзидан бориб мени ҳибсга олишди, ётоқ жойимни тинтув қилишди.
– Устингдан тушган шикоятдан хабаринг йўқми? – судя кўзойнаги тепасидан ҳайрон қаради. – Шикоятчиларни ҳам чақирганмиз. Чақиринглар.
Усмон ҳайрон қотди. Шикоятчилар? Ким бўлиши мумкин? Суд залига Дурбек кириб келди. Усмон сапчиб ўрнидан туриб кетди. Ҳа, Усмон кутмаган эди. Зинҳор кутмаган эди.
– Сатимов Дурбек, сўз сизга, суддаги ҳар бир сўзингиз ўзингизга қарши қўлланиши мумкин, – огоҳлантирди судя биринчи шикоятчини қисқа таништириб.
Усмон қутурган йўлбарсдек ўзини ичида тургани қафас панжараларига уришига оз қолди. “Дурбек! Дурбек!” – деди ичида ғазаб билан.
– Усмон билан танишганимизга кўп бўлмади, – сўз бошлади Дурбек пишиллаб. Унинг қаппайган қорни ва тўрқовоққа ўхшаш башараси, бузуқ лаҳжали шеваси Усмоннинг ғазабига ғазаб қўшди. – Илк танишувимиздаёқ унинг гаплари шубҳали эди. Ўзини тутиши ўта агрессияли. Суҳбатдошини хотиржам тинглаш қобилияти йўқ унда. Дарҳол асабийлашади. Онги заҳарланганлигини бир оғиз сўзидан билдим.
– Сен менга характеристика берадиган психологмисан, ҳайвон! Чўчқа! – ўзини тутиб тура олмади Усмон.
Дурбек ҳаммага ғолибларча қаради:
– Ҳурматли судя, ҳурматли прокурор! – деди тантанавор. – Мана, сўзларимнинг исботи. Жиноятчида маданий мулоқот кўникмаси шаклланмаган.
– Сен кўчада юришингни ҳисобга ол, чўчқа! – ҳайқирди Усмон. – Бугуннинг эртаси бор!
Прокурор судяга мурожаат қилди:
– Ҳурматли судя, шикоятчини тинглашга халал бераётгани ва унга очиқ таҳдид қилаётгани учун айбланувчини Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбланишини талаб қиламан!
Усмон қизариб кетди. Кўзлари билан еб қўйгудек прокурорга тикилди. У иложсиз эканлигига буткул иқрор бўлди. Сукутни маҳкам тишлашга мажбур эканлигини тушунди. Аммо ғишт қолипдан кўчган ва рақибларига етарли асосларни тақдим қилиб бўлган эди.
– Ҳурматли судя, ҳурматли прокурор! – яна бир карра қозилар исмини таъкидлаб олди Дурбек. – Айнан мана шундай гаплари билан Усмон бизга Ислом давлати қуриш кераклигини айтди. Демократия куфр деди. Демократ пошшо кофир деди. Давлатни жиҳод йўли билан эгаллаш шарт деди.
Усмон чидай олмади.
– Ҳой чўчқа! Нега туҳмат қиляпсан, ит! Ифлос экансан! – деди. Дурбек Усмонга қараб иршайди.
– Мен эса унга бу иш хато дедим, – астойдил давом этди сўзида. – Ватанимизни Ироқ ва Сурияга айлантиришни истаяпсанми, тинчлик ва мусаффо осмон ёқмаяптими десам, у мени маддоҳликда айблади. Ҳатто ҳужум қилди, менга тан жароҳати етказадиган даражада зарба ҳам берди. Афсус, ўша вақтда экспертиза қилдирмадим, шунинг учун бунга аниқ далил келтира олмайман. Шундай бўлса-да, бунга бошқа гувоҳлар бор. Уларни чақиришингиз мумкин, ҳурматли судя.
Дурбекнинг ялтоқи оҳанги судяга ёқмади, лекин прокурорга жуда маъқул келди. Навбатдаги гувоҳни кўргач, Усмон ҳаммасини тушунди. Чунки унинг қаршисида Козим турарди. У Дурбекнинг барча гапларини тасдиқлади.
– Ўшанда биз тўрт киши эдик, – деб қўшиб қўйди. Учинчи гувоҳ ҳам кирди. У Элёр эди. Элёр ҳам худди шерикларининг гапларини такрорлаб берди.
– Исламистларга кўрилаётган чораларнинг барчаси тўғри, – деди ўзидан ташаббус қилиб. – Демократия ҳаммага тенг имконият бериши керак. Бизга ҳам имконият беринглар дейди исламистлар, лекин уларга кенглик берсангиз, дарҳол ўрта асрларни исташади. Одамларни тошбўрон қилайлик, бош узайлик дейишади, халқни ғорга олиб бориб тиқади бу радикал қатлам. Шунинг учун бу борадаги барча сиёсий проектларни қўллайман. Ҳар бир радикал шахс жамият учун потенциал хатар ҳисобланади. Усмон каби радикалларни ёпиқ ҳолда қайта тарбиялаш лозим. Мен унга ёмонлик истамайман, лекин эсини киритиш учун давлат ишга аралашмаса бўлмаслигини тушуниб етдим.
Судя гувоҳларни тинглади, лекин жавоб беришга шошилмади. Кўзойнагини ечди, кўз четини қашиб, Усмоннинг “иш жилд”ига диққат билан қарай бошлади.
@ilm_zakoti
Мусулмонлар яшайди! Халқ ўз ўлкасини хароб қиладими? Халқ ўз ватанини бузадими? Барчаси душманнинг иши эди! Барчаси ғанимнинг қилмиши эди...
Шерзоднинг кўзлари ёшга тўлди.
– Мусулмонлар бир-бирларини тингламайдилар. Барча ўзини кўз-кўз қилиш касалига чалинган. Буюк ғояларни ўз шон-шуҳрати учун истифода қилдилар, – у титраб кетди. – Эл қаерга бош урсин! Маърифат қолмади. Қоидалар ўзгариб кетди. Тавҳид жорий қилган қонунларга путур етди. Эътиқод учун жон берган аждодларнинг авлодлари ҳолига қаранг! Иймон учун отдан тушмаган ва ўзига ҳаловатни ҳаром билган мардларнинг набиралари аҳволи йиғлагулик! Бир гуруҳи нафсига қул бўлиб, жисмининг хоҳишларини бажармоқ учун елиб-югуради, бир гуруҳи ўзи билиб-билмай душманлар тегирмонига сув қуяди, кўзлар шу қадар бўялдики, заҳарни шакар деб ичмоқдамиз, азобни қувонч дея ишоняпмиз, жаҳаннамни жаннат деб ўйлаяпмиз. Қонни кўриб титраймиз. Кимга раҳму шафқат қилмоқ лозим – унутдик, кимга қаҳру ғазаб этмоқ керак – ғофилмиз. Биз томонларни унутдик, лекин душман унутмади. Душман мусулмоннинг бешикдаги боласини ҳам хатарли бир душман деб билади. Биз учун оламда дўсту душманнинг фарқи қолмагандек. Қандай бўлмасин, жонимизни омон сақласак, бас!
Усмон қотиб қолди. У умрида бу каби сўзларни эшитмаган эди. Шу пайт эшик шарақлаб очилди. Қамоқ ҳужрасидагиларнинг барчаси сапчиб ўрнидан турди.
Остонада хизмат кийимидаги беш-олти миршаб ва фуқаро либосида қамоқ бошлиғи Даврон пайдо бўлди. Даврон бир-бирига термилиб ўтирган Усмон ва Шерзоднинг устига бостириб келди. Ўнг қўли билан Усмоннинг қулоғига шапалоқ солди, чап қўли билан Шерзоднинг ияги тагига урди. Даврон спортни канда қилмасди, бир зарб билан Усмон ва Шерзодни ерга йиқитди, қолаверса, бу шундай кутилмаганда содир бўлдики, бир сўз сиғадиган вақт ҳам ўтмади.
– Терористлар, блят! – сўкиниб бақирди Даврон. У озғин ва қотма эди, раҳбар бўлиб келганидан буён ҳеч кимни аямагани ҳаммага маълум. – Оғиз-бурун ўпишиб нимани гаплашяпсанлар? Сенларга ким рухсат берди гаплашишга? Олиб чиқ буларни! Қўлини қайириб олиб чиқ! Энгаштир! Пастга олиб туш! Булар билан ўзим гаплашаман. Қутуриб кетибди-ку!
Миршаблар дарҳол Усмон ва Шерзоднинг қўлларини қайирди ва оёқларини ерга тегизмай олиб кетишди. Даврон бошқаларга ҳам таҳдидли боқди:
– Сенлар нега майкада ўтирибсанлар? Кийиниб ол, блят! Чўчқага ўхшаб камерани исқирт қилмай ўтирларинг!
Усмон ва Шерзодни биринчи қаватга олиб тушиб, деворга қаратиб қўйдилар. Бироз ўтиб Даврон шиддат билан уларнинг олдига келди.
– Бу ёққа қара! – деди Усмонга. Усмон билан қўшилиб Шерзод ҳам қараган эди, унинг қорнига тепди. Шерзод “ҳиқ” дедию букчайди.
– Асбобга қарайсанми, зек! – бақирди Даврон. – Сенга ким изн берди! Мен мана бу терористга қара дедим!
Даврон шундай деб шапалоғи билан Усмоннинг бошига урди. Усмоннинг кўзи тинди. Қалқиб кетди.
– Нега уряпсиз? – деди ўзини қўлга олиб.
– Бу уриш эмас, маҳбус! – вишиллади Даврон Усмоннинг кўзига ваҳшат билан қараб. – Уриш қандай бўлишини энди кўрасан. – Ғўддайиб нафасини ютиб турган миршабга буюрди. – Олиб кир буни бу ёққа.
Одатий тергов хоналаридан бири эди.
– Сен ақллимисан? – сўради Даврон стулга ўтириб, стол устига оёқларини чалиштириб қўйиб олиб.
– Бундай саволларни нима учун беряпсиз? – деди Усмон. – Мақсадингиз нима ўзи?
– Билмайсанми мақсадимни?
– Билмайман.
– Унда билиб ол: жуда ақлли бўлиб кетибсан. Қаерда эканлигингини унутиб қўйибсан. Қамоқ қоидаларини бузяпсан. Шуни сенга эслатиб қўймоқчиман.
– Эслатиш учун қўл кўтардингизми?
– Аслида, бу ҳам сенга кам.
– Нима ҳаққингиз бор маҳбусни уришга? Менга қўл кўтариб қонунни буздингиз.
– Қонун-қонун ўйнамоқчимисан? Қонун-қонун ўйнасанг, аҳволинг оғир бўлиб қолади, бола.
– Қонун билан яшаш қонун-қонун ўйнашми? Менинг бир неча саволларим бор: нима учун мени ушлаб турибсизлар? Нима учун мени уряпсизлар? Нима учун маҳбусларни калтак остида сўроқ қиласизлар? Сизлар қонун ҳимоячиси бўла туриб, нима учун қонунни бузмоқдасизлар?
@ilm_zakoti
Йиқилди ва биқинию оёғига таёқ ва тепки аралаш тушаётган зарбаларни ҳис қилиб, ғужанак бўлиб олди. Хайрият, калтак унчалик узоқ давом этмади, эшик очилиб, ичкарига яна бир ходим кирди.
– Нега уряпсан уни? – деди кирган ходим.
– Буни ўлдириш керак! – деди терговчи терга ботиб асабий ҳолда. – Тили ўн қарич экан!
– Ўлгандан бешбаттар бўлади, қўй уни, сен чиқ, мен гаплашаман, – деди кирган ходим терговчига. Қора терговчи сўкиниб хонани тарк этди. Усмон ўтирди. Калтакдан аъзойи баданида бироз оғриқ бор эди.
Кирган ходим ҳам хизмат кийимида эмас экан, у Усмонга “меҳрибонлик” билан деди:
– Ўрнингдан тура оласан? ўтир.
Усмон индамади, лекин ўрнидан туриб тергов курсисига ўтирди. Оғриқ бўлгани учун бироз букчайди, қорнини ушлади. Юзини бужмайтирди. Ходим эса терговчидан қолган пистани стол четига сурди, пиёлага сув қуйди, Усмон томон сурди.
– Ичасанми? – сўради. – Ич, тўғри тушунасан, айрим ходимларимиз гоҳида чегарадан чиқиб кетишади.
Усмон индамади, лекин томоғи бироз қуриганини ҳис қилди, сувни олиб ҳўплади. Кейин қаршисига келиб ўтирган ходимга қаради. Оқ юзи чиройли, ўрта бўйдан сал пастроқ, сочи қалин ва қора, елкалари кенг, соғлом ва бақувватлиги қиёфасидан сезилиб турибди. Жилмайиши у ҳақда самимий таассурот уйғотар эди.
– Чегарадан чиқмади, – деди Усмон. Ходим ҳайратланди, унинг бу ҳайрати: “Калтакка рози бўлдими бу маҳбус?” – деган саволни ифодаларди. Усмон давом этди: – Қонундан чиқди, жавоб беради. Менга қоғоз ва қалам беринг, мени урган терговчи устидан терговхона бошлиғига, вазирликка, бош прокуратурага ёзаман. Чора кўришларини талаб қиламан.
Ходим лол қолди, ҳа, аммо бу ҳайрат: “Маҳбус қандай қилиб бу гапларга журъат этди?” – деган маънолар билан кўмилган эди. Сўнг барча золимларнинг гапини қўллади:
– Тушунмадим?!
– Нимани тушунмайсиз? – Усмон терговчининг кўзларига тик қаради. – Ички ишлар тизимидаги терговчи мени дўппослаб урди, тан жароҳати етказди, бу ҳақда арз қилмоқчиман. Сиз ҳам менга таҳдидомуз гапиряпсиз.
– Сен... – ходим қаттиқ асабийлашди. Гапиришдан тўхтаб қолди. У ҳозир маҳбусга мустақил ҳолда зиён бера олмасди. Тили икки қарич бундай жиноятчининг ўрнини кўрсатиб қўймоқ керак. Аммо бунинг учун юқоридан изн олмаса, имконсиз. – Сен тўғри талаб қиляпсан, давлат сенга адвокат беради, тергов қонуний бўлади. Ҳеч хавотирланма.
Ходим юмшоқ гапириб Усмонни камерага чиқариб юборди.
– Янги келган маҳбус жуда бошқача-ку, – ходимлар орасида муҳокама бошланди.
– Қамоқни ўйин деб ўйлаяпти, чоғи, – терговчиларнинг сўзини тинглаган Даврон беписанд кулди. У ҳибсхона раҳбари эди. – Эси киради. Кирмаса, киритиб қўямиз. Қўлимиздан келади.
Усмон ҳали қамоқ ва ҳибс ҳақида тўлиқ билмасди. У тергов адвокат гувоҳлигида бўлиши шартлигидан хабардор эди, холос. Ҳолбуки, қонунларда бир инсонни гумонланувчи сифатида етмиш икки соатдан ортиқ ҳибсда ушлаш мумкин эмас, маъмурий жазо сифатида бериладиган ўн беш кунлик ҳибс учун эса аниқ асос лозим, қай асос билан ушлаб турилибди, унинг устидан ким шикоят қилди, у ҳақда золимлар қандай режа қилмоқдалар – барчасидан ғофил. Билгани шуки, судга судраб олиб бордилар, судда унга диний материалларни ноқонуний тарзда сақладинг дея айтилди, аммо қайси “материал” ноаниқ қолди, чунки Усмоннинг ётоғидан бир неча диск, бир неча флешкалар “топилди”, уларнинг ичида эса терористларнинг ваъзлари, хусусан, Ироқ ва Шомдаги Ислом давлатининг видеолари бор эмиш, Усмон буни қоғоздан ўқиб билди ва “Бўлмаган гап!” – деди. Прокурор “Бўлган ё бўлмаганлигини терговда айтасан”, – деди.
Бир ҳафта Усмонни ҳеч ким терговга чақирмади. Гўё уни унутиб юбордилар. Аммо Усмон ҳар куни янги маҳбуслар ва тақдирларга тўқнашди.
Ҳибснинг учинчи куни ташқаридан одатдагидек бақир-чақир, миршабларнинг таҳдиду сўкинишлари эшитилди:
– Тез бўл! Югур! Энгаш! – деб бақирар эди улар.
@ilm_zakoti
Аммо муаммо шундаки, давлат ўлкадаги жиноятчиларнинг ўзини топиб, қамоққа ташламаса, айрим жиноятчилар билан давлат ходимлари ўртасида келишув бўлса ва ҳалол, иймонли кишилар билан зиндонлар тўлдирилса, шайтон байрамларини нишонлайди. Усмон қамоқда мусулмонлик истаган инсонларнинг жиноятчилар қўлига топшириб қўйилганига гувоҳ бўлди. Ҳали унинг бўйнига айб қўйилмаган эди, ҳали уни терговга тортиб, иш маъмурий жавобгарликдан жиноий жавобгарликка айланмаган эди – диний фаолият юритди, давлатни ағдармоқчи бўлди деган “айблов”лар билан қамалганларнинг бошига оғир кунлар солиниши уни ларзага солди. Миршаблар ҳам, жиноятчи маҳбуслар ҳам “Аллоҳ!” дегани учун одамларни қийноқлар оламига дучор этмоқда эканлар.
Икки кун ўтиб Усмонни терговга тортган тезкор ходим уни ўта жиддий қиёфада кутиб олди.
– Ишинг жиддий, Усмон, – деди у писта чақиб. – Устингдан шикоят хати ва далиллар бор. Жиноятингни тан олганинг ўзингга фойдали.
Усмон “Қандай жиноят қилдим экан?” – деб ўйланди. “Наҳотки, намозим учун, диним учун менга жиноят иши очилган бўлса?” – деган аллақандай хавотирли хаёл ҳам кечди. Албатта, ўтган кун давомида Усмоннинг қалби ич-ичидан эзилди. Худди кимдир темир пошнали этик кийиб олиб, бор кучи билан унинг ичига кириб юрак-бағрини тепкилаб ташлади. Ёки кимдир юрак-бағрига олов ёқди. Бу олов уни эринмай куйдирмоқда эди.
Гап шундаки, қамоқда фарёд тинмас экан. Эрталаб соат ўнлардан бошланган сўроқлар ярим тун соат бир, ҳатто иккига қадар чўзилади. Ҳар ярим соатдан терговхоналардан айбдор ёки гумонланувчининг фарёди бутун қамоқ ҳужралари бўйлаб таралади. Эшитган инсоннинг эти жунжикиб кетади. Ана шу сас ҳар қандай инсонни ич-ичини ўйиб ташлайди. Усмон ўтирган ҳужрадан ҳам гумонланувчиларни олиб чиқишади, ҳамма дамини ичига ютиб кутади, бир соат, икки соатлардан сўнг қайтади, оёқларини боса олмайди ёки бадани момоталоқ бўлиб кетган бўлади. Ўтирганлар унга ёрдам беришади: сочиқни муздай сувга ботириб кўкарган жойларга босишади, тиш пастасини суришади. Қўлдан келган иш шу. Айримларнинг қовурғалари ҳам синар эди.
Усмон икки кун давомида шуларни билиб олдики, калтаклашнинг турли услублари бор экан, дубинка деб аталган миршаблар таёғи уришда асосий қурол ҳисобланади. У билан айбланувчининг оёқлари тагига урилади. Бунда терговчи икки киши бўлади. Бири пойабзал кийган оёғи билан гумонланувчининг сони ва тиззаларидан босади, иккинчи терговчи эса миршабтаёқ билан яланг оёқнинг тагига икки қўллаб бор кучи билан уради. Оёқ остига зарба тегиши билан қаттиқ овоз ҳам чиқади. Бу калтак зарб мияга қадар етиб боради. Ўн даррадан сўнг иситма кўтарилади, ҳар зарба кўздан олов чиқариб юборади. Миршаблар маҳбусларга амр берадилар ва амр бажарилмаса, “Қулоғингдан кирмаяптими? Оёғингдан киритаман!” – деб “огоҳлантиришади”.
Қийноқнинг яна бир тури шу эканки, маҳбуснинг қўллари кишанли ҳолда тутилади, оёқ ва қўлидан икки киши юқори кўтаради қорнини ерга қаратган ҳолда бор кучи билан ерга ташлайди. Ичак-чавоқлар ўйнаб, гумонланувчи қусиб ҳам юборади.
Иш очишнинг яна бир тури электрошок деб аталаркан. Бунда айбланувчининг қўл-оёқлари боғланган ҳолда унга электрли сим тегизилади, тана титраб қақшайди.
Оммалашган усул маҳбус ёки гумонланувчини ерга йиқитиб тепкилаш ва миршабтаёқ билан дўппослаш экан. Айни шу амалиёт натижасида қовурғалар, қўл-оёқлар синади, кўзлар кўкаради, бошлар ёрилади.
Усмон бу ҳақда кўчада кўп эшитган бўлса-да, ўзи ҳодисалар ичига тушган онда мутаассир бўлди. Бу азоблар ўзининг ҳам бошига келишини муқаррар ҳис қилгач, юраги орқага тортиб кетди. Ғалати қўрқув тошиб келди ичидан.
“Ўзинг асра, Роббим!” – деди. Оятал курсийни такрор-такрор ўқиди.
Ҳозир Усмон терговчи қаршисида тураркан, ўз қалбига назар солди. Ва қалбида заррача ҳам қўрқув кўрмади. Беихтиёр: “Роббим менинг қалбимдан қўрқувни кўтарди!” – дея ўйлади. Ҳа, шундай: ҳидоят йўлидан юрганлар душман қаршисида турарканлар, Оламлар Роббиси унинг юрагидан ҳадик ва қўрқувни кўтаради. Хотиржамлик ва ҳаловат билан у кўнгилни тўлдиради. Усмон ана шу ҳақиқат билан юзлашаётган эди.
@ilm_zakoti
САҲРО
Мустафо ЮСУФ
Йигирма бешинчи боб. Юсуф мадрасасининг аччиғи
“Эй Роббим!.. Агар уларнинг макрларини мендан нари тутмасанг, уларга мойил бўлиб жоҳилга айланаман”.
Юсуф сураси, 33-оят маъно таржимаси.
Усмон ўзининг беҳад иложсиз ва ожиз эканлигига иқрор бўлди. Қўллари қайрилган эди. Билакларига кишан урилган. Миршаб унинг бўйнидан ушлаб, бошини эгди, эгилишга мажбурлади ва орқага қайрилган қўлининг тирсагидан тутиб судради.
Йигит қаерга келганлигини ҳам фаҳмламади, қамоқнинг қоронғу ҳужрасига киритиб юборилганида димоғига “гуп” этиб тер ва яна қандайдир ачимсиқ ҳид урилди. Бу ҳидга у илграи сира ҳам дуч келмаган эди.
Қамоқда ҳужрани миршаблар “камера”, маҳбуслар “хата” деб атайдилар. Хата украин халқининг қишлоқ уйларига қўйилган ном, жиноятчилар, айниқса, ўзини “ўғри” ва ўғрининг ҳамтовоқлари деб атайдиган гуруҳлар: “Қамоқ – бизнинг уйимиз!” – деб эътиқод қилганлари учун ўғриларнинг умуманжуманида (бу анжуманлар сходяк дейилади) қамоқ ҳужраларини “хата” деб айтиш қарори олинган.
Усмон ичкарига кириб боши гангиб қолгандек турди.
– Қўлингни юв, – дейишди. Ўнг томондаги очиқ хожат тоси (яъни унитаз) лабига қўйилган обтовада қўлини ювди.
Шу ондан бошлаб Усмоннинг ер ости дунёсидаги ҳаёти бошланди. Жиноят олами одамлар кўзидан яширинган ер ости ҳаётидир.
Қадим китобларда ёзилишича, оламни уч қисмга бўлиш мумкин: ер ости олами шайтонлар олами бўлиб, улар оддий кишилар кўзидан яширингандир. Ер ости оламида жиноятчилар – одам ўлдирган қотиллар, чўнтаккесар ўғрилар, алдоқчи фирибгарлар, ҳаромхўрлар, фоҳишабозлар, фоҳишалар, каллакесарлар, хунасалар, орсизлар, пасткашлар, такаббурлар, қувилганлар, мардудлар яшайдилар, улар илоҳий адолат билан ана шундай қоронғу дунёга маҳкум этилган, маҳбус қилинган.
Авом кишилар жиноят олами инсон қўли билан бундай жойларга тутқун қилинган дея ўйлайдилар, аслида, Оламларни Яратган Зот ўз қудратини намойиш қилиб, уларни зулматларга қамаб қўйди. Бир инсонга қудрат берди ва ана шу қудрат билан золимлар ер остига ҳайдаб келинди.
Ер остига банди қилинган бу одамларнинг, аслида, шайтон лашкарларининг ташқи дунёга чиқиши катта ҳалокатларни келтириб чиқаради.
Иккинчи олам ер усти дунёсидир. Бу жамиятлар яшайдиган макондир. Кишилар бу оламда ошкора ахлоқ қоидалари билан умр кечирадилар, касбу ҳунар қиладилар. Барча ҳукм ва ишлар шу оламда рўй беради. Ер ости дунёси одамларидан ер усти жамияти сони ва миқдори кўпроқдир.
Учинчи олам само олами бўлиб, у фаришталар, фалаклар, фалакларнинг посбонларига маскан этиб тайинланган.
Кашшоф инсонлар, яъни ҳақиқатларнинг моҳиятига етганлар бу уч оламни кезиб чиқадилар ва яратилиш замирини англайди. Унинг қалбида Оламларни Яратган Зот ҳақида зарра иштибоҳ қолмайди.
Инсон ё ер остида, ё ер устида туғилади. Унинг онги ва шуури саволлар оғушига тушади. Саволлар уни бир чангак каби чирмаб бораверади. Гўё пўлатдан бўлган зирҳ ичида ҳис этади ўзини. Бу зирҳни синдириб ташлашни истайди. Бу истак аввал суст милтирайди, кейин алангаланади, аммо зирҳ ташқарисидаги оламни кўриш олдидан улкан қўрқувга учрайди. Қўрқув ва ҳақни кўриш хоҳиши ўртасида аёвсиз кураш бошланади. Аксар инсонлар қўрқувга енгиладилар, тошбақа бошини тош ичига тиқиб олгандек ўзини ўраб турган кўрлик қафаси, сўқирлик зирҳи ичига ташлайди. Қўрқувни ва кўрмаслик изтиробини унутмоқ учун умрбод ўзини турли кўйларга солади.
@ilm_zakoti
САҲРО
Роман
Мустафо ЮСУФ
Йигирма олтинчи боб. Сирлар дунёсига сайр
Ва Биз Сенга илгари қиссаларни айтиб берган расулларни ва Биз қиссаларини айтиб бермаган расулларни (юбордик).
Нисо сурасининг 164-ояти маъно таржимаси.
Гўё барча эшиклар тақа-тақ беркилди: Одилбойнинг сўзи ҳеч ерга ўтмай қолди. Адвокатлар ҳам суст ва танбал чиқаверди. Байрамжон ҳам зир югурди, олганлари биргина жавоб бўлди: “Хавотирланманглар! Одилов соғ-саломат. Ишини жиддий ўрганяпмиз. Адвокати кириши мумкин, тергов вақтида учрашувга рухсат берилмайди, бу қонун”.
Адвокат деган яратиқлар аввалига Одилбойнинг бойлигидан фойдаланиш учун катта ҳақ сўрашарди, кейин кўкрак кериб Усмон билан учрашгани ҳибсхонага борарди. Аммо у ердан чиқиб, “Иш оғир. Зиммамга ололмайман”, – дер эди. Одилбойнинг хуноби чиқади: “Ишнинг нимаси оғир?! Болам қонуний ҳуқуқидан фойдалана олмайдими?!” Адвокат совуққон жавоб беради: “Давлат томонидан тайинланадиган адвокат бўлади, ўша шуғулланаверади”.
Орадан икки ойлар ўтиб ўша адвокат Одилбойга қўнғироқ қилди.
“Ўғлингиз Усмоннинг ишини мен олдим,” – аёл киши экан. Дарҳол кўришдилар. Ёши олтмишга борган, истараси очиқ аёл. Аммо кўп ҳам ғам-ташвиш чекмаслиги, кўп нарсага бепарво қараши яққол сезилади.
“Ўғлингизнинг иши билан танишдим, – деди у. – Экстремистик гуруҳларга аралашиб қолибди. Телефонидан ҳар хил видеолар чиққан. Қандайдир дисклар ва флешкалар сақлаган”.
Одилбой донг қотди: “Йўқ, ўғлим таъсирчан, аммо бундай ахмоқлик қилмайди! Тан олдими ўзи бу айбловларни?!”
“Тан олмаяпти, қўлимдан келганча ҳимоя қиламан, менга ишонинг”, – деди адвокат хоним ҳам “ишонч билан”. Одилбой адвокатга ишонгиси келди, аммо опанинг на гапи, на ўзини тутишидан ишончга молик бирор аломат топиш имкони йўқ эди.
***
Хадичанинг ранги синиқди. Уйидан чиқмай қўйди. Аввалги Хадичадан асар ҳам қолмади. Кунларини гўзаллик салонларида ўтказиб, гўзал ва ёш кўринишни ўзига олий мақсад билган хоним уйга қамалди-қолди. Кўз ўнгидан ўғли кетмайди, у билан бўлган суҳбатлар сўзма-сўз хаёлидан айланди. Қўли бирор ишга бормайди, зийнатланишларни унутиб юбориши баробар – тувакда гуллар парваришларди – бу ҳам кўнглига сиғмайди.
Одилбой хизматчи ёллади.
Энг қизиғи, Одилбойнинг акахонлари, уларнинг тилида айтсак, “авторитет”лар ҳам буғланган сувдек ғойиб бўлдилар. “Одилбойнинг ўғли диний жиноят билан қамалибди!” – деган гап отилган тош бўлдию, унинг атрофига чуғурчуқдай тизилган ҳаммани ҳуркитиб учирди. Устига-устак дўсту душман орасида Одилбой “Экстремистларни таъминлаб тураркан”, – деган миш-миш болалади. Бу гапларнинг заррача асоси йўқ бўлса-да, одамлар, аниқроғи, Одилбойнинг жон ошналари “ишониб қўяқолишди”, балки улар ишонишни жуда исташаётганди.
Бу миш-мишлар ёнига “Одилбой ҳам терговга тортилибди, қамалиши мумкин экан”, – деган хабарлар қўшилди. Бу бойнинг руҳиятига, барча ишига таъсир қилди, ҳамкорлари уни хушламай қўйишди, дўконларига мол ололмай қолди.
“Наҳот мен йиққан мол-дунё ва обрўнинг қиймати шу қадар?! Одамларнинг башараси шу қадар чиркин?” – деган ўй кечарди хаёлидан ҳар сафар ўзига отилган бирор таъна билан юзлашган чоғда. Уйга келаркан, хотинини уззу-кун жойнамоз устида топди.
Бора-бора бойнинг кўнгли барча ишлардан совуй бошлади. Дўстларнинг хиёнати, дунёнинг вафосизлиги унга ҳар нарсадан кўра равшан кўрингач, “Ҳар куни қорним тўйиши учун ярим коса ёвғон кифоя бўлса, дўст деганларим бирма-бир сотсалар, оёқдан кетишимни пойлаб турган бўлсалар, нима учун шу қадар елиб-югурмоқдаман? Йўқ, барчасига барҳам бераман, керак эмас ўткинчи дунёси ҳам, сохта ва хоин дўстлар ҳам!” – деб қатъий қарор қилди.
@ilm_zakoti
Юсуф балоғатга етиб, юзида нур, билагида қувват қуёшдек намоён эди. Азизнинг хотини туну кун Юсуфни ўйлайди. Тушларида кўради. Юсуф унинг учун етиб бўлмас саробдек, амалга ошмас орзудек туюлмоқда эди.
Хотин Юсуфни хаёл қиларкан, у мени бағрига босса, иссиқ нафасларидан баҳра олсам дея ҳаддан ошаётган эди. У эрининг борлигини унутди. Ҳиссиёт кўзларини кўр қилди. Юраклари тез урди. Нафаслари бўғзига сиғмай қолди. Зодагонлиги, азизнинг хотини эканлиги ёдидан чиқди.
Юсуфнинг ёлғиз қолиши учун ҳамма чораларни кўрди.
Азизнинг саройи катта эди. Хоналарининг саноғини билиб бўлмасди. Хотин шу хоналарнинг энг ҳашаматлисида яшарди. У узоқ ўйланди. Режа тузди. Ўзининг энг содиқ чўрсини чақириб: “Юсуфни ҳузуримга чорла, аммо киргач, олдимда қолдир. Эшикларнинг барчасини ёпиб ўзинг ташқарига чиқ!” – деди.
Чўри айтганини бажарди. Юсуф хожасининг хотини қаршисида қўл қовуштирди. Хотин енгиб бўлмас истак чангалида ёнаётган эди.
– Юсуф, – деди овозини эҳтиросга тўлдириб. У Юсуфнинг ҳам ҳирсини уйғотмоқ хоҳлади. – Сен жуда келишган йигитсан. Биласанми, йўқми, эримнинг эрлик хусусияти йўқ. У менга неча йилки, эрлик ишини тақдим қила олмаяпти. Мисрнинг энг машҳур табибларига учрадик. Сеҳру жодулар қилдирдим. Балки мен бу ишларни бирор таёққа қилсам, таёқ тирилган бўларди, тошлар ҳаракатга келарди, аммо эримда на ҳис бор, на ҳирс! Чарчадим! Худди қиз болага ўхшайман.
Юсуф бу гапларни тинглаб гангиб қолди. Қочиши кераклигини, бу сўзлар сўнгида яхшилик бўлмаслигини тушунди. Хотин эса ўз ётоғига ястанган кўйи оловли овоз билан давом этмоқда эди:
– Сени кўрган кунимдан буён ҳушимни йўқотдим, Юсуф. Келганингда бола эдинг, кўзларинг порларди. Эрим бу болани тарбиялайлик, фойдаси тегар деди, мен сени гўдаклигингдаёқ севдим.
– Хоним! Аллоҳ ҳаққи, ундай сўзларни сўйламанг! – деди Юсуф қўрқиб кетиб. – Мени жаҳаннамга ташламанг. Мен бир қулман, сиз кибор хонимсиз.
– Киборликни, қулликни қўй, Юсуф! – хотиннинг жаҳли чиқди. Секин ўрнидан қўзғалди. – Менинг дардимга даво бўл! Ҳижроним саҳросини висол ёмғирлари билан бўстонга айлантир, Юсуф!
– Ё Роббим! – Юсуф титраб кетиб ўзини эшикка отди. – Аллоҳим, нажот бер! Фаҳш ишдан мени Ўзинг омон сақла!
Аммо эшик ташқаридан қулфланган эди! Хотин эса Юсуф томон келаркан, эгнидаги бир қават либосини ечди.
– Қаёққа кетмоқчисан, Юсуф? Кета олмайсан! Менинг амримни адо қилмагунча бу жойдан бир қадам ҳам жилмайсан! – деди таҳдид ва ноз билан.
– Сенинг эринг менинг хожам! – деди Юсуф изтиробга тушиб. – Унга қандай хиёнат қиламан! Сен қандай хиёнат қиласан! Аллоҳдан қўрқ!
– У эр эмас, бизнинг орамиздаги ишни билса, билмаганга олади, аксинча, хотинимга хурсандлик етяпти деб мен учун севинса, ажаб эмас! – хотиннинг гаплари даҳшатли эди. Юсуф бор кучи билан эшикка ўзини урди. Эшик очилиб кетди.
– Кетма, Юсуф! – аёл ҳайқириб Юсуфга ташланди. Аммо унинг қўлларида Юсуф кийган кийимдан бир парча қолди, холос. Юсуф эса кейинги эшикка қараб қочди. Эшиклар у келиши билан бирор куч ишлатишсиз очила бошлади. Хотиннинг кўзлари буткул кўр бўлган, ақли эса кўтарилган эди, у ҳолатни англамай Юсуфнинг ортидан югурарди.
Бир неча хонадан қочиб ўтгач, Юсуф ҳовлига чиқиши учун битта хона қолди, аммо хотин ҳам унинг ортидан қувиб етди. Юсуф эшикка етолмади, хотин уни уйнинг бурчагига қамади:
– Юсуф, энди қаёққа қочасан! Ё мени ўлдириб қутуласан, ё амримга итоат этасан!
Юсуф бир сўз дейишга улгурмай эшик очилди ва азиз ўзининг икки мулозими билан кириб келди. Икки мулозим унинг амакисининг ўғиллари эди. Уни кўриши билан хотиннинг ҳам ҳуши ўзига қайтиб дарҳол ўзини четга олди.
– Хожам! – деди кўзларини ёшга тўлдириб. – Уйимизга кимни олиб келган эдинг! Илон келтирибсан! Келганида она сути оғзидан кетмаган гўдак эди, энди эса аждаҳога айланди! Менинг perfectly тажовуз қилди бу қул!
Хотиннинг овозида зорланишдан кўра қаҳр намоён эди. Азиз кутилмаган ҳолдан ўзини йўқотмади, худди кутиб юрган воқеаси рўй бергандек мулозимларга буюрди:
– Хоин қулни ҳибсга олинг! Хожасининг хотинига кўз олайтириш қандай бўлишини кўрсатайлик унга!
– Роббим, бу қурганимизни қабул қилгин! Ўзинг Эшитгувчи ва Билгувчисан! Ўзинг тавбаларимизни қабул қил, Сен Тавба ато этгувчи, тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибонсан! Роббим! Иккимиздан бу амалимизни қабул қил. Фарзандларимизни Сенга мусулмон бўлган бандаларингдан қил. Уларнинг ичидан Сенинг Каломингни ўргатадиган, ҳикматдан таълим бериб, гуноҳлардан поклайдиган пайғамбар чиқар!
Денгиз ўзини қайси оламда эканлигини идрок қилишга уринди. Аммо ақли ҳеч нарсани фикрлай олмади. Идрок сари интилиш унинг кўзларини парда янглиғ ёпди. Парда остида қолишни истамаган Денгиз ақлни четга сурди ва ўзини яна саҳро устида кўрди. Бир гуруҳ йигитлар шовқин-сурон қилиб чўл ўртасида бормоқдалар. Уларнинг ичида бири энг хушрўйи эди. Бирдан қолганлари ўша болани ўртага олдилар. Денгиз бу йигитлар ака-укалар эканлигини билди.
Акалари ўша хушрўй болани судраб, озорлай бошлашди. Ерга йиқитишди. Бири бўғишга шайланди. Вазият жиддий тус олди: Денгиз қўрқиб кетди – болалар ўз укаларини ўлдирмоқчи эдилар. Шунда уларнинг ичидан энг улуғи кенжа укани бошқалари қўлидан ажратди:
– Қўйинглар! Ўлдирманглар! – деб бақирди. Денгиз шу онда бу болалар жами ўн икки нафар эканлигини санади. – Бу бизнинг укамиз! Уни қандай қилиб ўлдиришмиз мумкин!
Бирдан қолганларининг ғазаби қўзиди.
– Отамиз зулм қиляпти! Отамиз ноҳақлик қиляпти! – дейишди бир-бирларига сўз бермай. – Юсуфга парвона бўлиб, ҳеч биримиз билан иши йўқ. Фақат уни суяди. Фақат уни севади! Юсуфни ўлдирамиз, отамизнинг муҳаббати бизники бўлишини истаймиз! Юсуф тирик экан, отамизнинг севгисидан бизга насиба йўқдир!
– Тўғри... – катта ўғил ўйга чўмди. – Лекин ўз қардошини, қондошини ўлдирган лаънатга қолади. Биз бу ишни қила олмаймиз. Яхшиси, Юсуфни отамиз кўзидан йироқ қилайлик.
– Шундай йироқ қилайликки, отамиз уни асло кўрмасин! – деди ака-укалардан бири ва у нимадир қарорга келгандек Юсуфнинг кийимини тортиб еча бошлади. Юсуф кичик ва кучсиз эди:
– Ака, нима қиляпсиз? – деди озорланиб. Аммо ака унинг кийимини йиртиб ечиб олди ва ўзини кўтарди. Ҳамма ҳайрон эди. Аммо ака шахт билан эллик қадамлар юриб оғзида қопқоғи, ёнида қовғаси бор қудуқ олдига келди. Ҳамма унинг нима қилмоқчи эканлигини тушунди. Юсуф акасининг қўлидан қутулишга уринди. Ака уни даст кўтариб қовға ичига ўтқазди, қовғани эса қудуққ ташлаб юборди. Арқон ғириллаб айланди, қовға бир зумда болани олиб қудуқ тубига ғойиб бўлди. Юсуфнинг “Ака, ундай қилманг!” – деган илтижоли товуши ҳам қудуқ бағрига сингиб кетди.
Қилғиликни қилган акалар серрайиб туриб қолишди.
Кирдикорни қилган ака Юсуфнинг кийимини қўйнига тиқди.
– Қилғиликни қилдик, – деди “қилдик” сўзига урғу бериб. – Отамизга жўяли баҳона топайлик. Мен Юсуфнинг кийимини қонга белайман. Бўри еб кетди дейман. Сизлар ҳам Юсуфга ачинган бўлиб йиғлайсизлар.
Ота кекса экан. Болалари кириб келиши билан:
– Юсуфим қани? – деди. Мотамсаро қиёфага кирган ўғиллар бирдан увиллаб йиғлаб юборишди. Ота қуввати тугаб қолгандек жойида қотиб қолди. Ўтиришга ҳам мажоли йўқ эди айни дамда.
– Юсуф! Юсуфимга нима қилдинглар? – деди.
– Дада... – деди Юсуфни қудуққа отган ака. – Юсуфни бўри еб кетди!..
Акалар унга жўр бўлиб ҳўнг-ҳўнг йиғлашди.
– Мана, парчаланган кийимларини олиб кела олдик, – деди қилғиликни қилган ака қўйнидан йиртилган ва қўй қони суртилган кийимни чиқариб. – Укамизни бўри ғажиб ташлабди... Биз қутқара олмадик, кечиринг, дада...
Ота “Юсуфни бўри еб кетди” деганидан бошқа гапини англамади. Қўлига Юсуфнинг кийимларини олди, кўзларига босди. Йиғлай бошлади.
– Мен сизларга Юсуфни бермайман десам, алдаб олиб кетдинглар-а... – деди овози титраб. – Энди эса бўри еб кетди деяпсизлар... Аллоҳдан қўрқмайсизларми, болаларим?
Болалар ўзларини оқлашга тушиб кетдилар, аммо ота уларни эшитмади.
Денгиз лол эди. “Юсуф? Унинг ҳоли не кечди?” – дея хавотирга тушди. У шуни ўйлаши билан ўзини Юсуфнинг тепасида кўрди. Суви қуриган қудуқда Юсуф оёқларини қучоқлаган кўйи ўтирар эди. Унинг юзлари ойдек порларди, қоронғу зиндон ойдин тун каби ёруғ эди.
Денгиз тўсатдан бошқа маконда пайдо бўлди. Аввал бутун оламни қоплаган сув устида қанот қоққан бўлса, энди қип-қизил саҳро эди у юрган жойлар. Денгиз саҳро қучоғида мажнун каби эди. Нима учун келди бу ерларга – ўзи билмас эди. Саҳронинг тафти, саҳронинг жунувор қиёфаси ҳайбатли эди. Қумлар қип-қизил, қуёш қумлар узра хаёл суради. Осмонда бир парча булут йўқ. Ложувард. Саҳро маъюс, йўқ маъюс эмас, ўта донишманд эди. Ўта донишманд – ҳаяжонсиз ҳаяжонга тўла. Тўлқинсиз тўлқинми бу? Тиллари кўринмайдиган оловми бу? Недир бу саҳро? Қандай сирдир бу? Ястанган қум зарраларининг тилларими бор! Гоҳида “қилт” этган шабада йўқ – жимгина сукутга чўмган кенгликлар! Уларнинг хаёлларида не бор! Гоҳида жунуни қўзғалган мажнун каби саҳронинг вужуди ларзага келади – қаердандир келган бўрон шамоли қумларни осмон бағрига сочади. Қум зарралари ўз жойидан учиб бошқа жойларни ватан тутади. Бўрон чоғи саҳро ўрнидан тургандек, ўзини дарддан изтироб чекаётган бемордек ҳар ёққа ураётгандек туюлади. Бу нотинчлик сабаби не экан? Саҳрони музтариб қилган недир? Тунлари билан гуноҳ қилиб, кунлари Аллоҳнинг ерида Аллоҳнинг бандаларига тақовдор бўлиб кўринган одам сингари бўлса эканки, саҳро ўзини бу қадар азобга отса! Маъшуқанинг ҳижрони куйдириб, жигарлари эриб кетган ошиқми экан саҳро – ичидаги ҳаяжонни сиғдира олмай осмонларга сиғмай жўшса! Золимнинг зулмидан қон тупурган мазлум бўлдими саҳро – қайси оғриққа чидай олмасдан инграмоқда! Ёки зулми учун жаҳаннам фаришталари судраб кетаётган золим бўлдими экан саҳро – бир тутқунликдан қутулмоқми учун бу қадар фарёд!
Денгизнинг қулоқларига бир сас эшитилди. Бу аёлнинг саси эди. У атрофга боқиб сас соҳибасини излай бошлади. Кўрди – саҳронинг қоқ ўртасида бир аёл гўдаги билан елкалари силкиниб ўтирарди. Балки у йиғлаётгандир! Денгиз самога кўтарилди. Аёлнинг бошида айланиб чарх урди. Ҳақиқатан, аёлнинг бечораҳол товуши қайноқ саҳро бағрини тиғдек тилиб заиф янграаётган эди. Бола янги туғилган экан. Аёл болани қум устига ётқизди. Қуёш тиғидан гўдакни тўсадиган бир парча ҳам парда йўқ эди. Она уни ўз вужуди билан қуёшдан ҳимоя қилмоқч бўлди. Кейин яна болани кўтарди. Кўзидан ёши дувиллаб: “Сув!.. Роббим, сув...!” – деди. Аёл пичирларди, аммо унинг сўзларини Денгиз қалби билан ҳис этаётган эди.
Аёл баланд тепалик тагига борди. Бироз ўтирди. Бола йиғлади. Аёл ўрнидан туриб: “Ё Роббим, сув... Сув!” – деб йиғлаб нарига тепаликка қараб югурди. Онанинг оёқлари яланг эди. Товонлари ёрилган. Пойидан қумлар атрофга сочилар. У эса “Ё Роббим, сув... Сув!” – дея ўзи югургани тепалик бағрига келди. Аммо сув йўқ эди. Она келган жойига қараб югурди. Назарида, ўша томонда сув бордек туюлди. Ҳолбуки, сув эмас, сароб эди.
Аёл гўдагини кўтариб югуриб толиқди. Тиз чўкди. Боласини яна қум устига қўйди. Пешонасини ерга қўйди.
“Ё Роббим! Сенинг ҳар тақдирингга розиман! Бизга раҳм қил!..” – аёл ортиқ гапира олмади, ўзини тута олмай йиғлай бошлади. Гўдак оёқларини кўтарар ва қумлар устига заифона қўярди.
Денгиз она-болага ёрдамлашмоқ истарди, аммо чорасизлиги учун фақат чарх уриб уларнинг бошида айланди. Шу онда гўдакнинг товони остидан – саҳронинг кўксидан, қумлар бағридан сув фавворадек отилди. Аввал катта тезлик билан осмонга сапчиган сув кейин сокинлашди ва бир неча лаҳзада бир текис қайнашга ўтди. Бу булоқ эди. Булоқнинг суви атрофга ёйилиб оқди, сўнг кичик жилға ҳосил қилди. Шу жилғадан қайси манзилгадир қараб шошилиб юра кетди.
Аёл бошини саждадан кўтариб сувни кўриб: “Эй Иброҳимни пайғамбар қилиб юборган Роббим! Сенинг марҳаматинг чексиздир!” – дея ҳайқирди.
Денгиз бу ҳолдан ҳайратга тушди. Кўзлари оламни кўрмай қолди. Ҳайрат гўё унинг ақлини суғуриб олди.
“Қандай мўъжиза! Мўъжиза!” – дер эди у.
Кўзлари кўра бошлаган ўзини кичик қишлоқ узра эканлигини билди. У ўша сув қайнаб чиққан маконда, аммо энди кичик қишлоқ пайдо бўлибди.
Ниҳоят, кўрганлари барча хоналардан улканроқ хонага кирдилар. Хонанинг шифтлари ўта баланд ва гумбазли. Нақш ва безаклар бир-бирига ўхшамайди. Жамики ранглар шу хонага жамланиб порламоқда, гўё.
Хонанинг тўрида жавоҳирлар билан нақшланган, олтиндек ёруғ, кумушдек оппоқ, осмондек баланд тахт. Тахтда юзидан қуёшдек нурлар порлаб Одилбой ўтирган эди. Хадича: “Дадаси!” – деди ҳайрат ва севинчи қоришиб. Одилбой қўли билан: “Кел!” – деб ишора қилди. Хадича югуриб эрининг ёнига чиқиб ўтирди. Одилбойнинг юзлари тиниқ, ажинлар йўқ, елкалари кенг, эгнида ўзига беҳад ярашган ўта қимматбаҳо либос. Хадичанинг кўзига эри янги куёвлигидан кўра ёшроқ, ёқимтойроқ ва муҳаббатга тўлиб-тошган ҳолда намоён эди.
Ўта ёқимли куй янгради. Қаср басавлат ва гўзал инсонлар билан тўлди. Улар орасидан чиқиб келган Усмон тахтга қараб юраётган эди. Хадича кўзлари чақнаб: “Болам! Ўғлим!”, – деди. Усмон тахтга чиқди, ота ва онасини қучоқлади, пешоналаридан ўпди. Усмоннинг ортидан эргашиб келган икки келишган ёш йигитлар қўлида олтин тож кўтарган эдилар. Усмон қуёшдан ҳам порлоқ ва ойдан ҳам гўзал, гулдан ҳам жозиб бир тожни олди ва аввал отасининг, сўнг иккинчи тожни онасининг бошига кийдирди.
Хадича қалбининг сармастлигини, бутун вужуди ҳаловат билан тўлганлигини идрок қилди. Борлиғининг ҳар бир ҳужайраси тилга айланиб, “Алҳамдулиллаҳ!”, – дер эди.
Хадича Аллоҳга тинимсиз ҳамд айтаркан, ўз овозини бошқа бир оламда эшитаётганини тушунди. Кўзларини очди: кўрганлари туш экан. Бироқ бу туш унинг учун ўнгида бўлган барча воқеалардан кўра равшанроқ туюлди. Шундан сўнг Хадичани ҳеч ким ғамгин ҳолда кўрмади. Айниқса, Одилбой ўз жуфти ҳалолидаги собитликдан ҳайратга тушди. Онаизор ҳар куни ўз иши билан бўлар, ибодатларини кечиктирмай адо этар, чеҳраси ёруғ ва барча билан сипо, улуғвор суҳбатлашадиган бўлди. Кўнгил сўровчиларга: “Роббимнинг синови, Аллоҳим муборак қилсин!” – дейиш билан чекланарди.
Байрамжон Усмоннинг ортидан кўп югурди, аммо Усмон олиб кирилган ичкарининг эшиклари қаттиқ ёпилган экан, очилмади, ҳа, вақтинча бўлса-да, очилмаётган эди.
“Аллоҳим! – Хадича бирор кун таҳажжудни канда қилмади. То ўғлининг қўлларидан туҳмат кишанлари ечилиб, озодлик нафаслари димоқларини тўлдирмагунига қадар тун ярмидан ошиб, субҳи содиқ вақтигача боши саждада, тил ва дили зикрда бўлиб, қўллари дуога кўтарилган эди. Кейин ҳам ибодати қойим қолди. – Умрим ғафлатда ўтди, ё Раб! Мен жоҳил ҳолда эдим, Сен мени ҳидоятга бошладинг, ё Раб! Бирор вақтим бўлмадики, Сенга исён этмаган бўлсам, Сенга итоат билан ўтказган бир лаҳзам топилса эди, ўзимни икки дунёда бахтиёр санар эдим, ё Раб! Жароҳатлар билан кўзларимни очдинг, бошимни саждага қўйдирдинг, қалбимни зикринг билан тўлдирдинг, ё Раб! Марҳаматинг қаршисида мендан муносиб бир амал қайдан бўлсин, ё Раб! Менинг сенга элтажак ҳадяларим Сенинг менга ато қилган иноятларинг олдида не бўлди, ё Раб! Қанийди, қошингда бу қадар шармандаликлар билан туришдан кўра япроқ бўлиб, хазонга эврилсайдим, ё Раб! Сенинг қошингда исёнлар тутунидан юзларим қорайди, бу уятдан ўзимни қайга қўйишни билмасман, ё Раб! Боламни зиндонларга солдинг, аммо кўрдимки, бу бало эмас, айни Сенинг марҳаматингдандир, ё Раб! Дилимни айрилиқ ва хавотир тиғи билан парча-парча айладинг, бу гўё азоб қиёфасида бўлса-да, изтироб билан тамсил этилган тавфиқингдир, ё Раб! Бутун коинотни, етти қат Ернинг остидан то етти қават осмоннинг устига қадар Сенинг раҳматинг қамраб олмишдир, ё Раб! Етти қат Ернинг тубидан етти қават фалаклар устига қадар Сенинг ҳукминг, илминг, ҳикматинг қоплаб олмишдир, ё Раб! Сендан бўлак юзланажагим йўқдир, ё Раб! Сендан бўлак сиғинажагим йўқдир, ё Раб! Ё Раб! Ё Раб! Ё Раб! Ҳолимга раҳм қил, мендан шафқатингни кўтарма, ё Раб! Сенга ҳар қандай таъмаларсиз ибодат этмак истайман, ё Раб! Фақат Сенинг ризойингни истайман, на дунё лаззати, на охират нажоти эмас, Сенинг розиман бандам деган нидойинг учун Сенга итоат этмак истайман, ё Раб! Қалбимни, вужудимни шу қадар холис ва пок айлаки, пешонамни саждага фақат Сенга бўлган итоат олиб борсин! Ё Раб! Ё Раб!
Саккиз ойга яқин вақт Хадича Усмонни кўра олмади, дастлабки кунларда тушида боласи билан учрашарди, ҳар сафар ўғли қўлида кишан, юзларида қайғу билан унинг қаршисига келади. Хадича кишанларни ечиш учун уринади, аммо кишанлар ечилмайди, онанинг бармоқлари қонаб кетади. Кейин Усмон онасининг тушларига кирмай қўйди. Хадичанинг куни-туни жигаргўшаси билан банд бўлди. Ҳар куни эрталаб ҳовлини айланади, кўчага чиқади, яна уйга киради, дарвозадан кўз узмай ўтиради, ким ичкарига кирса, унга ўғли бўлиб кўринади. Хадичанинг хаёллари чалкаша бошлади, ҳатто ўғлининг қиёфасини эслашга қийналиб қолди, бир нуқтага термилиб ўтираркан, “Усмон деган ўғилни туққанмидим ўзи?!” – деган ўй ўтиб қоларди қалбидан. Бошини саждага қўяди, қалбига ғалати бир ҳасрат, исмсиз бир қайғу тўлиб қолгани учун Роббисига қандай дуо билан хитоб қилишни билмасди. Намозларда қиёмга турган вақтидан бошлаб йиғлаб юборарди, у ўзини Аллоҳнинг қаршисига шикоят қилиш учун келган бечора деб ҳис қиларди, ғафлатда ўтган умри, гўзаллик салонлари, аёлларнинг гап ва гаштаклари, концерт ва театрларда кечган ҳаёти кўз ўнгидан ўтар, ўғлининг маҳбус қиёфасини тасаввур қилар, хатоларининг пушаймони ва фарзандининг айрилиғи жигарини тилкалар, юрагини эзар, ўз ҳолини Роббисига баён қилиш учун сўз топа олмас ва фақат йиғлагани йиғлаган эди. Кўзидан дувиллаб ёш оқади. Инсон зоти суҳбатини хушламай қолди, балки одамлардан қочди. Қўни-қўшнилар хабар олгани келса, чиқишни истамайди, телефонини ўчириб қаергадир ташлади ва ўша ер ёдидан ҳам чиқиб кетди. Телевизорни ёқмайди.
Одилбой ҳар куни хотинининг аҳволини кўради. Жуда эҳтиётлаб гапиради.
Хонадонда таомлар соддалашди.
Бир куни қариндошлардан бири уларни меҳмонга чақиришди. Эр-хотин бормаган бўлишарди. Лекин танишлардан бири: “Ўзларингни бунчалик хорламанглар. Синманглар. Ичларингдаги ташларингга чиқиб душманга кулги бўлманглар, қора кунлар ўтади, ёруғ кунлар келади, бу қадар умидсизлик ва ғамга тушиш яхши эмас! Қариндош-уруғ ва кўча-кўйга аралашинглар”, – деди. Одилбой бу гапни хотинига айтди. Астойдил ҳамдард бўлиб тушунтирди. Хадича бу гапни ўзига олишга қарор қилди.
“Мўмин, мусулмон кучли бўлади! – у ўқиётга китоблар ғояси шундай эди. – Ғамга ботиб қолмайди. Ҳамиша Аллоҳдан умид қилиб яшайди. Мусулмоннинг андуҳ зулматида қолиши Роббисига нисбатан эҳтиромсизликдир. Аллоҳим, Ўзинг менга куч бер! Умидсизлик қаърига мени чўктирма!”
Меҳмондорчиликка боришди эр-хотин.
Аёллар орасида гап гапга уланди. “Усмонжон яхшими?” – деб “ғамхўрлик” билан сўради бир хотин. Хадичанинг ичи узилди, аммо сир бой бермасликка ҳаракат қилди, “Алҳамдулиллаҳ, яхши, хабарлашиб турибмиз”, – деди. “Қамоқ қуриб кетсин-а... Худойим осон қилсин!” – деди яна бир аёл.
Даврада турли савиядаги аёллар йиғилган эди. Уларнинг айримлари диндор бўлиб кўринса, айримлари айни дунё аёллари эди. Айримларининг кўнглидан “Хадича сўлиб қопти-я... Ўғли куйдирди, ҳеч кимга гап бермайдиган Хадича рўмол ўраб кампирга айланибди-қўйибди...” – деган ўйлар кезар эди.
“Милисаларимиз жуда ваҳший-да... – деб қолди бир аёл. Унинг эри уста, бузилган уловларни тузатади. – Ҳар куни қаттиқ калтаклашар экан. Айниқса, динийларнинг аҳволига вой эмиш. Қовурғаларини синдириб юборишаркан. Ҳатто, эркакликка ярамай қолармиш!”
Хадича титраб кетди. Нафаси қайтди. Ҳаво етмаётгандек бўлди. Бутун вужудидан мадор қочди. Қўлларини қимирлатишгина эмас, сўзлашга қуввати қолмади. Кўзлари жавдиради. Бу хотинга нимадир демоқчи эди, лекин айтадиган жумласини хаёли ичидан топа олмади.
“Нима деганингиз бу! – аёллардан бири дарҳол бефаросат хотинга танбеҳ берди жон-жаҳди билан. – Нафасингизни ел олсин! Қаердаги гапларни гапираверасизми оғзим бор деб! Милиса ҳам одам, ваҳший эмас! Ўзимизнинг ўзбек!”
– Ҳурматли бошлиқ, буларни бироз тарбиялаётган эдик, – деди.
– Етади, ўз ҳолига қўй, – деди остонадага каттароқ рутбали ходим. – Эси кириб қолади ҳали. Бу ерда одам кўп, шмонни тезлаштирларинг.
Янги келганлар ташқарига чиқишди. Усмоннинг боши, қорни оғриётганди. Энди уларни яна бир иш – бармоқ изларини олиш, бўй ўлчаш ва расмга тушиш босқичи кутиб турган экан. Бу ерда ҳам бир қутурган табиатли ходим учради. У ҳар бир маҳбуснинг исми бўр билан ёзилган тахтани бериб, жиноятчиларни тўғридан ва икки ёндан расмга оларди. Яна бир ходим эса маҳбусларнинг қўлига қора куя суриб, қоғозга бармоқ изларини бостираётган эди.
@ilm_zakoti
– Нега ота-онам судга келмади? – сўради Усмон.
– Чақирув қоғози юбордик, келишмабди, – деди судя пешонасини тириштириб “иш”ни ўқиркан.
Усмон фитна ичида қолганига мутлақ амин эди. Мияси қизиб қолди, “Нима қилсам экан?” – деган савол бошида чарх урди. Хаёллари сочилди. Ичидаги шайтони қафас панжараларини ушлаб силта, ўзингни ҳар томонга ур, шовқин кўтар, бақир дер эди. Лекин ақли бу ишларнинг тўғри бўлмаслигини фаҳм этаётган эди. Тўсатдан Усмон истиғфор айтиш кераклигини эслади. Пичирлаб “Астағфируллоҳ! Астағфируллоҳ!” дея бошлади. Судя бир қарорга келгандек бошини кўтарди.
– Гувоҳлар ва шикоятчининг гапларини эшитдик, ҳали тергов якунланмаган, иш жараёни кетяпти, – деди. – Айбланувчи ўз айбига иқрор бўлмаяпти. Унинг суд мажлисидаги асабийлигини жиноят билан боғлаш масаласани ўрганиб чиқиш керак. Мавжуд далил ва гувоҳликларни ўрганиб, суд эҳтиёт чораси сифатида айбланувчи Одилов Усмонни қамоққа олиш ҳақида ҳукм чиқаради.
Гапнинг шу жойига етганда судя Усмонга алоҳида гапирди:
– Тергов жараёнида тоштурмада ўтирасан, Усмон, айбсизман деяпсан, менга таҳдид бўлди деяпсан, терговда ҳаммаси ойдинлашади.
– Ҳеч ҳам ойдинлашмайди! – деди Усмон. Унинг овозидан руҳи сингани сезилгандек бўлди. Лекин алам бор эди. – Сизни ҳам алдаб қўйишади.
Дурбек масахараомуз қарарди Усмонга, Козим ва Элёр эса ҳайвонот боғига келгандек ўзларини тутишмоқда.
– Сенлар ҳамманг эшитиб ол! – деди Усмон уларга бир қур назар ташлаб. – Қамалиб кетарман, ўлдириб юборишмас, ҳарқалай! Аммо чиққанимдан кейин эҳтиёт бўлларинг! Қўлимга тушсанглар, аҳволларингга маймун йиғлайди!
Усмонни аввал терговхонага, у ердан Тоштурма деб аталган вақтинчалик қамоққа элтишди. Усмон яна “Воронок” дейилган уловга чиқди. Ёз охирги ойи бўлса ҳам, ҳаво иссиқ. Воронок темирдан бўлгани учун ташқаридаги қайноқлик унинг ичини димлаб қўйди. Бу ерда Усмондан бошқа бир неча маҳбуслар бор. Уларнинг бири айнан Усмон каби диний айблов билан қамалган экан. Деярли барча ўйчан, ички бир титроқ ва безовталикда, аммо бу йигитнинг ранги бошқача оппок эди. Усмон динийларнинг аҳволи оддий маҳбусларникидан кўра оғир бўлишини тушуниб етди. Хаёлида айланаётган ўйларни жамлаб олишдан ўзи ҳам ожиз эди. Мияси бўшаб қолди. Фақат тилида “Астағфируллоҳ” дерди пичирлаб.
Улов юриб борарди. Ўтирганлардан айримлар гаплашади, бақириб гапирар эди бири. Худди дам олишга кетаётгандек қамоқ ва зона ҳақида оғзидан бол томарди:
– Зона зўр! – дерди оғзи қулоғида. – Уч маҳал овқат. Эрталаб ширин чой, тухум ҳам беришяпти. Қовурилган балиқ ҳам бор. Мени чиқариб юборишди охирги “ходкам”да. Қайтиш учун яна тер тўкдим.
– Нимасини айтасан, – деб бошқаси уни маъқуллади. – Тоштурманинг суви ва нонига гап йўқ. Суви муууздек. Нонни ўша ерда, пекарнийда пиширади. Таъми оғзингда қолади.
– СППлар хит қилиб юборади, – деди яна бири. – Малява ташиб.
– Бир марта зонада сомса қилиб еганимизда ёмон запал бўлдик, – бошқаси гапни илиб кетди. – Ғишт хумдонига кирдик. Қиш. Қор ёғиб ётибди. Тушликдаги шўрванинг картошкасини эзиб буханканинг юмшоғини олиб ташлаб, ичига тиққанман. Кашнич, қалампир, мурч сепдим. Кейин янги очилган хумдонга опкириб қўйдим. Шунақа пишди! Тўрт киши тайёрлаган эдик. СПП бориб ходимни чақириб кепти! Энди олганимизни биламиз, пешонамизда турибди-да! Вой блят дедим.
Усмоннинг юраги сиқилди.
“Астағфируллоҳ... – деди астойдил. – Аллоҳим сен берган синовлар шундай бўларкан-да...”
Лекин қалбида хавотир, қамоқда қолиб кетаман деган ҳадик йўқ. Қамоқсеварларнинг валдирашларидан энсаси қотаётган эди, аслида.
Ярим соатларда Воронок тоштурмага борди. Яна ярим соат дарвоза очилишини кутишди. Унга қадар уловнинг ичи яна ҳам қизиди. Маҳбуслар эшикни тақиллатишди:
– Бошлиқ, – дейишди. – Илтимос, эшикни очиб қўйинг, тоза ҳаво кирсин.
Қўриқчи ходимлар (улар конвой дейиларкан) ҳа деб, уловнинг эшигини очишди. Эшик икки қаватли эди, ташқариси темир, ичкариси панжара. Панжара эшик очилмади, табиий. Кўчанинг бироз салқин, аммо аслфалт ҳиди аралаш ҳавоси димоққа урилди. Маҳбуслар терлай бошлашди.
@ilm_zakoti
– Ҳей менга қара, блят! – Даврон қутуриб кетди. Сўкинди. – Билиб қўй: қонун йўқ! Сенга ўхшаган маразлар бор, кейин у маразларни эсини киритадиган куч бор! Қонун йўқ! Қонунга қарайдиган бўлсанг, биласанми, нима бўлади! Биласанми, нима бўлади!
– Албатта, биламан! – Усмон Даврон билан баҳслашаркан, ҳар саволга жавоб беришда, ўз эътирозларини айтишда журъатланиб бормоқда эди. – Одамлар рози яшайдилар! Сизлар каби золимлар биз каби мазлумларга ҳақсизлик қилмас эди!
– Ҳеч қачон! Ҳеч қачон ундай бўлмайди! – Даврон асабийлашиб кетди. – Қонунни пана қилиб одамлар кўнглига келган ишни қилади. Жиноятларини қонун билан зийнатлаб олишади. Шуни билиб қўй, бола, куч кимда бўлса, қонун унда! Пул кимда бўлса, қонунни у чиқаради. Сенга ўхшаган аҳмоқлар эса қонун деб акиллайсанлар. Агар эртага қудрат сенга берилса, сен ҳам ўзинг истаган нарсаларни қонунлаштирасан. Ўзингга фойда бўлган ишларга изн берасан. Ўзингга зиён келтирган амалларни таъқиқлайсан. Қонун номи билан ўз тижоратингни йўлга қўясан. Халққа хизмат қиляпман деб ўз чўнтагингни тўлдирасан. Халқим дейсану, ҳалқумни ўйлайсан, холос. Шунинг учун менга қонундан вайсама!
– Бу ўрмон қонуни! Бундай бўлиши мумкин эмас, – деди қатъий қилиб Усмон. – Асло мумкин эмас. Кучлилар кучсизларни эзишига йўл қўйиб бўлмайди. Бир гуруҳ қароқчилар минглаб одамларни исталган кўйга солиб, азоблашларига чидаб бўлмайди. Миллионлаб инсонларни бир гуруҳ ваҳшийлар ўз манфаати йўлида ишлатишига зинҳор рози эмасман.
– Сен кимсанки, сендан розилик олиш керак! – заҳарханда қилди Даврон. – Ўзингни ким деб ўйлаяпсан! Ҳозир ўлиб қолсанг, жазойинг тўртта қоғоз. Ўз жонига қасд қилди деб ёзиб бераман, ҳеч ким даъво қила олмайди. Ота-онанг дод солади, лекин эшитадиган қулоқ топилмайди. Ишонасанми шунга? Сен ақллилик қилиб ўзингга шундай балоларни сотиб оляпсан. Қўрқмайсанми?
Усмон бироз тараддудланиб қолди, аммо бу тараддуд кайфиятини қаршисидагига билдиришга ҳаққи йўқ, агар руҳан сингандек туюлса, бас, уни эзиб ташлайдилар.
– Қўрқмайман! – савол ва бу сўзни айтиш орасида жуда қисқа онлар ўтган эса-да, мана шу онлар ичида Усмон олов ичида қоврулгандек бўлди.
– Ёдингда турсин шу сўзинг! – деди Даврон аччиқланиб. – Кейин қўрқаман деб минг йиғла, фойда бўлмайди. Сени тоштурмага олиб кетишади!
Ҳақиқатан ҳам орадан уч кун ўтиб Усмонни суд қилишди, унинг иш жойидаги ётоғидан топилган диск ва флешкаларда, телефонида терористларнинг видеолари ва даъватлари жуда кўп экан, уларнинг барчаси ваҳший кайфиятда бўлиб, давлат тинчлиги ва халқ хотиржамлиги учун улкан таҳдидлар экан, бир соатга чўзилган “суд”да прокурор “айблов”ни ўқиди, судя уни диққат билан тинглади ва Усмонга саволомуз боқди.
– Нима дейсан? – судя саволни шундай берди.
– Бўлмаган гап! – деди Усмон кескин. – Менга туҳмат қилишяпти. Менинг айтадиган гапларим жуда кўп. Ҳурматли судя, сиз милисаларнинг қандай ишлашини биласизми? Менга булар терговхонада тинимсиз таҳдид қилмоқдалар. Мен ҳақимда адолатсиз ҳукм қиляпсиз!
Судя Усмоннинг “адвокати”га қаради. Адвокат эса жуда шошиб турган экан, чоғи гапи пойинтар-сойинтар чиқди:
– Ҳимоямдаги айбланувчининг иши билан ҳали танишиб улгурмадим, унинг даъволари қанчалик ҳақлигини ўзи айта олади.
Усмон асабийлашди:
– Сиз қандай адвокатсиз! – деди жаҳл билан. – Мен билан умуман гаплашмадингиз-ку! Қип-қизил туҳмат қаршисида нималар деяпсиз!
Адвокат оғиз жуфтлашга улгурмай кўзлари қисиқ ва лаблари дўрдайган прокурор дарҳол Усмонга ташланди:
– Айбланувчи! Суддаги ҳар бир гапингиз учун жавоб берасиз, шуни биласизми!
– Албатта, биламан, сизлар ҳам жавоб берасизлар! Сизларда адолат йўқ. Барчангиз мени қамашни истаяпсиз, – деди Усмон.
– Сени қамаш ҳеч кимга керакмас... Исминг нима эди? – судя ёши катта, сочларига оқ оралаган одам эди, кўз ойнаги ортидан Усмоннинг “иши ҳужжатлари”га қаради. – Ҳа, Усмон экансан. Усмон, биз жиноятчини қамашни истаймиз. Сен жиноят содир қилгансан.
– Қандай жиноят! – Усмон судяга тик қаради. – Исботланг жиноятимни!
@ilm_zakoti
“Яна бир шўрпешона”, – деб кўнглидан ўтказди Усмон. Уларнинг ҳибс ҳужраси эшиклари шарақлаб очилди ва ичкарига қўлларини орқага қилган ва кўзлари қўрқув билан тўлган, ранглари оқарган қирқларга кирган кишини киритиб юборишди. Бироз тўладан келган, кўзлари қийиқ, эгнида кўк кўйлак бўлган янги маҳбуснинг юзларида бошқа жиноятчиларда учрамайдиган бир ёруғлик бор эди. Усмон унинг олдига борди ва обдастани олиб сув қуйишга шайланди:
– Келинг, юз-қўлингизни ювинг, – деди. Янги келган Усмонга бироз ҳайратланиб қаради ва айтилган ишни қилди. Усмон бу одамнинг юз ва қўлларини ювиши айни таҳорат олишга ўхшаб кетишини кўрди, “Диний экан”, – деди.
Усмон адашмаган эди.
– Ҳеч ўзингизни йўқотманг! – деди унга Усмон. – Ҳаммаси яхши бўлади.
Янги қамалганларга хос жиҳат – уларнинг соддалигидир. Деярли барча маҳбуслар илк қадамлардаёқ соддалик билан кўп нарсаларни атрофдагиларга айтаверади. Алдаш ва фирибни билмайдилар. Бу ҳол диний айблов билан ҳибсга тушганларда кўпроқ кузатилади.
– Исмим Шерзод, – ўзини таништирди нафасини ростлаб олгач янги маҳбус. Қамоқ одатига кўра ҳеч ким қамалиш сабабларини сўрамайди, Усмон эса Шерзодга самимий эди, буни у ҳам сезди. Бироз ўтиб ўз кечмишидан гапирди. – Ўзим Ангренданман. Жигаристон қишлоғидан. Ўқишни битиргач, Ислом олий маъҳадида ўқидим. Вилоятимиз имоми Хайриддин аканинг шогирдиман. Кейин Сурияга кетдим. Дамашқда ўқидим. Сурия воқеалари бошлангач, Уфага келдим. У ерда тўрт йил яшадим. Косиблик билан оила боқдим. Паспортим муддати тугаб қолди. Тошкентга қайтишга мажбур бўлдим. Чунки муддати ўтган паспорт билан юриш имконсиз. Зангиотадаги чегара пунктидан ўтишда ушлашди. Хотиним болаларимни олиб кетди. Мени эса ҳибсга олиб бу ерга келтиришди.
– Сурияга кетганингизга қанча бўлган эди, Шерзод ака? – сўради Усмон.
– Саккиз йил бўлди, тўрт йил Дамашқда яшадим, – жавоб берди Шерзод. – Ўзим ҳам, аёлим ҳам мадрасада ўқидик.
– Биз Сурия ҳақида, Дамашқ ҳақида ҳеч нарса билмаймиз, менга айтиб бера оласизми, қандай жойлар у ерлар? – қизиқиб сўради Усмон. Улар паст овозда шивирлаб гаплашаётган эдилар. Усмон вақт ўтиб амин бўлдики, бу ҳаётидаги энг самимий суҳбатларга айланди, икки иймонли қалб бир-бирига буткул инонган бир фурсат эди, иккиси ҳам мазлум эдики, юраклари титраб сирлари ўртага дур каби тўкилди.
– Сурияни ёмон дейишади, ундай эмас! – деди Шерзод тўлиб. – Саҳобаларнинг авлодлари яшайдиган муқаддас замин у. Ислом оёққа туриб, гуллаган бир диёр у. Минглаб алломаларни, валийларни, мужоҳид ва ғозийларни тарбият этган ватан у. Ер юзининг энг файзли маскани, Исломиятнинг мукаррам чеҳраси порлаган ўлка у. Одамлари беҳад хокисор. Меҳнаткаш ва ҳалим, саховатли ва содда.
– Уруш қандай бошланди? – сўради Усмон.
– Одамлар қўлларига плакатлар билан чиқиб “Ҳуррият! Ҳуррият!” – деб бақиришди. Шундан сўнг бошланди. Уларни ҳуррият деб ҳайқиришга мажбур қилган ҳодисалар бўлди, албатта. Исломнинг илдизлари қадалган у заминни остин-устун қилишни истаган кучлар дунёнинг энг улкан ҳарб қудратлари эди. Усмонлилар ағдарилгач, уларга итоат қилган барча ҳудудларга балолар ёғилди. Ислом олами ҳимоясиз қолиб кетди. Сурия ва Ироқда душманларнинг услуби билан давлатлар тикланди. Аммо халққа мустақил бўлиши учун изн берилмади. Одамларга зулм қилинди. Асл тарафдорлари қароқчи деб эълон этилди. Бутун оламга диндорлар радикал дея таништирилди. Дин тараққиёт кушандаси деб билдирилди. Исломнинг асл олимлари ўлдирилди, сўйилди, қамоққа ташланди, кишилар илму маърифатдан маҳрум этилди, жаҳолат чангали кучга кирди, кўзлар кўр, қулоқлар кар, тиллар соқов бўлди. Ислом оламининг оёқлари синди, қўллари қайрилди, кўкрагига ханжар санчилди. Боши найзаларга илинди. Мусулмон мусулмонга душман кўзи билан қарай бошлади. Қалблардан муҳаббат суғуриб олинди. Унинг ўрнига нафснинг ҳирси тўлди. Қўрқоқлик юракларда тиканлади. Бизнинг кўзларимизга ҳам Шому Ироқ даҳшатлар тўла, қонлар дарё бўлиб оқадиган юртлар дея танитилди. У ерда кимлар яшайди?
@ilm_zakoti
– Усмон, агар ўз тилинг билан иқрор бўлсанг, ҳаммаси яхшилик билан тугайди, – деди терговчи. Терговчи қорадан келган, бўйи ўрта, қориндор, тепасочи сийрак одам эди. Ёз бўлгани учун енги калта кўйлакда, аммо кўйлаги ҳам қора тусга тортадиган жигарранг бўлгани учун кишида деярли ёқимли таассурот қолдирмайди.
– Мен ҳеч қандай жиноят қилмадим, – деди Усмон дадил. – Ҳеч қандай сабабсиз, суд ордерисиз иш жойимни тинтув қилдингиз. Энди эса адвокат иштирокисиз мени терговга тортмоқдамиз. Менинг ҳибсга олинишим сабаби нимада? Устимдан ким шикоят қилди – буни билдирмаяпсиз. Шунинг учун бирор саволингизга жавоб қайтармайман.
Қора терговчи донг қотиб қолди. Одамлар терговхонага келиб, бу ердаги уқубатларни кўрганлари ондаёқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини унутиб юборишади-ку, бу бир қарич гўдакка ким гап ўргатди экан? Ўргатгани майли, аммо у қандай қилиб журъат этяпти ўз ҳаққини талаб этишга?
– Тилинг бурро экан, – деди терговчи киноя ниқобини кийиб. – Зонага борсанг, калталатиб қўйишади.
– Буни Худо билади, – деди Усмон.
– Нимани Худо билади? – сўради терговчи.
– Кимнинг зонага боришини Худо билади, – жавоб берди Усмон. Қора терговчининг асаби бузилди. Қўлига миршабтаёқни олди. Усмонга таҳдидомуз қаради.
– Сенга очиқ ва самимий суҳбат ёқмайдими? – деди.
– Менга сиз билан гаплашиш умуман ёқмаяпти! – деди Усмон. Терговчи бу каби эътирозни қабул қила олмасди, ғазабдан қўли қалтиради, ўзбек халқи сариқ рангли одамлар жаҳлдор, қора ранглилари вазмин бўлади деган маъно билан: “Қоранинг жаҳли чиққунча сариқнинг жони чиқади”, – дея кинояли нақл айтади. Лекин терговчининг жаҳолати қошида ранги ҳам тўсқинлик қила олиши даргумон эди. Усмон терговчига гап қайтаргани сайин ичида қўрқмаслик ҳисси кучайиб бораётганини сезиб турди.
– Ҳозир мени чертгудек бўлсангиз, ўзингизга ёмон бўлади! – деди терговчининг кўзига тик қараб. – Камида қамалиб кетасиз!
Терговчининг дами ичига тушди. Терлади, ҳақиқатан, ёз, ҳаво иссиқ, терговхона тор, девор ранги оч кўк рангга бўялган, ўртада гумонланувчи ўтирадиган ерга михланган думалоқ юза курси, ерга маҳкамланган стол, унинг нариги томонида жиноятни очиши ва росмана жиноятчини аниқлаб, қамоққа киритиши лозим бўлган ходим. Аммо ходим терлади, чунки у ўзи амал қилиши керак бўлган қонунни бузаётган эди.
– Сен жуда ақлли экансанми? – деди терговчи ўзини қўлга олиб.
– Ақллиман дея олмайман, лекин ҳаққимни талаб қиламан, – деди Усмон.
– Бу ер қамоқ! – деди терговчи овозини пастлатиб. – Ўлиб қолишинг мумкин. Ўз жонингга қасд қилишинг мумкин. Аммо ҳеч ким урмайди, сўкмайди, ҳатто, баданингда калтак изи топилмайди, шунчаки, ўлиб қоласан! Чораси эса осон – тўртта қоғоз. Тўртта қоғозда сен ўзингни ўлдирганинг ҳақида тафсилот ёзилади. Гувоҳлар имзо чекади, далиллар етарлича бор! Буларни билмайсан, шекилли, ҳаддингдан ошмоқдасан.
– Нега билмас эканман? – деди Усмон. – Эшитдим ҳаммасини. Ваҳшийларча ишлашингиз ҳақида билдим. Қонунларни менсимасликларингизни билдим. Билганим учун қўрқишим керакми?
Қора терговчи тутилиб қолди. У ўзининг шафқатсизлиги билан ном қозонган мутахассис эди, Сурияга бориб жиҳод қиламан деганлар ҳам, халифат қурамиз деган ҳизбийлар ҳам, демократик давлат лозим деган мухолифат аҳли ҳам унинг қошида гапира олмас, тиллари лол қоларди, лекин Усмоннинг ҳужумлари уни довдиратди. Терговчи ўзининг довдирашини ҳис қилиб миршабтаёқ билан столни қаттиқ урди:
– Ҳа, қўрқишинг керак! Даҳшатга тушиб титрашинг шарт! Титрайсан ҳам!
Миршабтаёқ зарбидан чиққан овоз Усмонни чўчитиб юборди, лекин у буни сиртига чиқармади, пинагини бузмади, балки терговчига яна жавоб берди:
– Қўрқитиш услуби билан ишлаш нималигини биласизми? Бу террор дейилади! Сиз террористмисиз?
Қора терговчининг тоқати тоқ бўлди, у ўта жоҳил ва илмсиз, ишни фақат калтак билан очадиган мутахассис эмасми, Усмон билан бўлаётган “суҳбат” уни қуюшқондан чиқариб юборди. Миршабтаёқ билан Усмонни калтаклай кетди. Елкаси, бошига тушаётган калтакни қўли билан тўсаман деб Усмон ўтирган жойидан йиқилди.
@ilm_zakoti
Аллоҳ кимнинг зотига, жавҳарига жасорат нурини солган бўлса, у зирҳларни парчалайди, уч оламни танийди. Ер остидан ғолиб ва музаффар ҳолда чиқади, ер устида нусрат ва фатҳ қадамлари билан юради ва само дунёсига иймон ва тақво қанотлари билан парвоз этади. Бу парвози унга ер ости ва ер остида кўрмаганлари ажиб ҳақиқатларни туҳфа қилади. Бу парвоз уни мастликка, махмурликка солади, изтиробда музтариб этади, озорларда музтар тутади, Ердаги қўрқувларни совуриб юборади, ҳатто Ерни бир ҳовуч тупроқ, коинотни шамолда тарқалиб кетадиган тутундек, юлдузларни тутун ичидаги учқунлардек кўра бошлайди. Унинг басийрат кўзлари Аллоҳнинг ар-Раззоқ, ал-Ҳай, ал-Муҳйий, ал-Мумийт, ал-Қодир, ас-Сомад, ас-Самиъ, ал-Басийр, ал-Хобир, ал-Латийф, ан-Нур, ар-Рошийд, ал-Муғний эканлигини яқиндан яқин ҳолда кўради. Ҳар бир яратиқда, ҳар бир заррада Оламларни Яратган Зотнинг тажаллийсига дуч келиб, ақлини йўқотади. Ақл исёндан чекинади. Ақл унинг хизматкорига айланади. Унинг учун ғалаба ва зафар эшиклари очилади, қабул ва ижобат поёндозлари ёзилади.
Усмон ҳали бу ҳақиқатларга юзлашгани йўқ, аммо ҳаётининг буюк босқичи устида нафас олаётганлигини қалби сезиб турган эди. Бу сезги ҳамон заиф, шунинг учун юраги ичида ҳадик ва қўрқув бор.
Маҳбуслар, табиийки, Усмон билан қизиқишди, “Нима учун кеп қолдинг?” – деб йўл-йўлакай сўрагандек сўраб қўйишди. Қамоқ одати шу – агар астойдил савол берилса, ундан шубҳа қилиш вожиб, қизиқувчи маҳбус бошқасидан сир олиш учун миршаблар томонидан ёлланган бўлиши жуда катта эҳтимолдир.
Тошкент қамоқларидаги калтаклар, айниқса, Тоштурма деб аталган жойдаги ваҳшийликлар ҳақида халқ орасида кўплаб афсоналар тарқалган эди. Одамлар қамоқда ўрмон қоидаси ишлайди, кучлилар кучсизларни эзади деган тасаввур билан қамоқдан қаттиқ қўрқади. Айримлар қамоқ остонасидаёқ ўзини ўша кучлиларга таслим қилиб олади. Дарҳол ўша зўравонга яқин бўлиш, унга яқин гапириш ёки камида унинг жиғига тегиб, жаҳлини чиқармаслик учун турли режалар тузади.
Усмон бундай узунқулоқ гапларни эшитган, албатта. Ўзини йўқотмасликка интилди, “Аллоҳим, мени бу балолардан омон сақла!” – дея кўп дуо қилди.
Чорасизлик, иложсизлик ва ожизлик ҳисси уни йўқлик сари олиб кетгандек бўлди. Роббисидан тинимсиз ёрдам сўраш таҳсили эди бу, аслида.
Қамоқнинг тартиботи содда экан – ҳар куни икки маҳал текширув, тонгги текширув соат саккизда, кечкиси кечки тўққизда, уйқу вақти соат тунги ўндан тонгги олтига қадар белгиланган, ҳар куни бир дон бўлка дон, икки маҳал пишган овқат берилади, овқатлар сули, арпа нўхот ёрмаларидан, карамдан тайёрланаркан.
Таъми ёмон эмас эди.
Текширувда сен миршаблар “183-модда билан айбланяпсан”, – дейишди. Миршаблар қўпол ва шафқатдан кам насиба олган инсонлар эди, табиий. Усмон улардан фақат норози бўлган эди, рози бўлиш ҳам имконсиз, албатта, чунки тилидан таҳдид ва ҳақорат аримайдиган одамдан ким рози бўлади? Ким бундай кишиларни қадрлайди ёки ҳурмат қилади?
Кейин, яъни вақтлар ўтиб, одамларни таний бошлагач, чин маънода инсонларни билгач, Усмон жиноят оламидаги қўриқчилар, миршаблар ана шундай – қамчисидан қон томган, фикрлашдан бироз йироқ, меҳр ва раҳмдан узоқроқ бўлишлари зарурий эканлигини тушунди. Чунки жиноятчиларнинг ҳар бири ўз ичига битта, балки бир неча шайтон ва жинларни киритиб олишган. Уларга қаттиққўллик қилмаса, жиловлашнинг имкони йўқ. Жаҳолат қаршисида, зулм ва қотиллик, ўғрилик ва ёлғончилик қаршисида куч ишлатмай ғолиб бўлиш пайғамбарларга ҳам берилмади-ку! Ҳатто, оламларга раҳмат бўлиб келган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз ўрнида золимларнинг бошини кестирди.
@ilm_zakoti