ilm_zakoti | Неотсортированное

Telegram-канал ilm_zakoti - ILM ZAKOTI

1088

Hayot haqiqatlari.

Подписаться на канал

ILM ZAKOTI

Кема кўзғалди. Шамол уни денгиз ўртасига суриб кетди. Кеманинг тагида – сувга тегадиган қисмида икки ёнга бир юз саксонта эшкак чиқарилган. Ҳар бир эшкакнинг узунлиги тўрт қулоч келади. Икки қулочи сувга кирган, икки қулочи кеманинг ичида. Уни икки киши эшади. Бир юз саксонта эшкакни бир вақтда эшиш учун уч юз олтмишта қул керак. Аммо ҳозир бунга эҳтиёж йўқ. Шунинг учун кемада қул ва маллоҳлар билан жами юз киши кетяпти. Юклар ҳам енгил. Кема денгиз юзида худди пардек учяпти.
Ҳукмдор учун кеманинг тепасида тахт ҳозирлашди. У денгиз ҳавосидан тўйиб нафас олди, шамолдан завқланди, айни пайтда унинг юзида ниқоби йўқ, ўликникидек оппоқ юзи денгиз қуёшига зор бўлган. Коҳин эса унинг тепасида тик оёқда турибди. Унинг ҳам юзи ниқобсиз. Ташқаридан иккиси ҳам хотиржам кўринса-да, ичларини ит тирнайди. Чунки улар ўз хожалари ҳузурига боряптилар. Қилган ишлари ҳақида ҳисоб берадилар, қилажак ишлари ҳақида буйруқ оладилар.
Уларнинг таҳликаси фарқли: ҳукмдорнинг қўрқуви бошқа, коҳиннинг хавотири бошқа. Юз йилларки, ҳукмдорлар айни хожанинг ихтиёри билан алмашади. Уларнинг тақдири ҳал бўлади. Коҳин эса собитроқ, ҳа, нисбатан собит. Аслида, Хористонни Ҳукмдор бошқаради дейилса-да, у коҳиннинг раъйига сира қарши бора олмайди. Тахтда Ҳукмдор ўтиради, Коҳин унинг қошида таслим, тобе, тик туради, таъзим қилади, лекин Ҳукмдор Коҳиннинг қовоғига қарайди, Коҳиннинг қошида овозини баланд кўтармайди. Буни унга ҳеч ким тайинламайди, ҳеч ким уқтирмайди, шунчаки, хожа Коҳин билан ҳамиша алоҳида суҳбатлашади. Шунчаки, Коҳин бир неча ҳукмдорлар давридан буён иқтидордан кетмайди. Аввалги ҳукмдорларнинг бошлари узилди, айримларининг терилари шилиб олинди, янгилари келди, уларнинг қисмати шундай бўлди, лекин Коҳин ҳамон ўз ўрнида. Ҳамон тош ҳайкал каби жойидан қимирламайди.
Ҳукмдор бўлажак тергов ҳақида бош қотирмоқда. Хожа унга қандай савол бераркан? Нималарни сўйларкан? Қатл этмасмикин?
Коҳин эса Ҳукмдорнинг ишлари ҳақида хожага қандай ахборот беришни хаёлидан ўтказмоқда. Ҳукмдор ўзини қандай тутди? Қандай хатолар қилди? Қайси хислатларини олқишлаш мумкин?
Уч кунлик сузишдан сўнг денгиз ўртасида қуллалари осмонларга туташган қалъа зоҳир бўлди. Қалъа улкан тоғнинг танасига ёпиштириб қурилган. Тоғнинг чўққиларида эса булутлар айланади, эримайдиган қорлар кўзга кўринади.
Кема оролга келиб тўхтади. Беш юз қадамдан сўнг меҳмонлар қалъанинг маҳобатли пўлат дарвозаси тагида эдилар. Дарвозалар очилди.
Тўкин дастурхон меҳмонларга мунтазир турган экан.
Ҳукмдор ўзини яхши тутди. Яхши овқатланди. Лекин вақт ўтгани сайин – хожа билан бўладиган учрашув яқинлагани сайин иштаҳаси бўғилар, егани ичига тушмас, оғзи таъм билмас эди. Таомланиш тугади ва қабул эълон қилинди. Коҳин хожанинг ҳузурига кириб кетди. Ҳукмдор остонада кутиб ўтирди. Уч соатлар ўтгач, унга ҳам изн берилди.
Хожанинг қабулхонаси жуда кенг эди. Тўрт томони бир хил ўлчамда қурилган бу улкан хонанинг бир чекасида гапирилган гап иккинчи чекасига етиб келмайди. Шифтлар ўта баланд. Уларни тутиб турган устунлар зарланган ва йўғон. Олтин билан нақшланган оппоқ ва муҳташам тахтда хожа ўтирибди. Унинг қиёфаси ғалати – бир қарасанг, ёш кўринади, бир қарасанг, ўта қари. Бир қарасанг, битта кўзи кўр. Бир қарасанг, икки кўзидан олов сочади гўё. Эгнида либоси қора, жигарранг ва яна ғалати тусга кириб йилтирайди. Унинг юзи ҳар он товланади, ҳар онда ҳам чиройли чеҳра, ҳам хунук башара алмашади. Кулишлари йиғлашга ўхшайди, йиғлаяпти деб ишонсанг, кулаётган бўлиб чиқади. Қаҳр билан сўйласа, меҳрибонлик қилаётгандек, меҳрибонлик билан гапирса, ғазаб қилаётгандек туюлади. Юзига бирор ниқоб тутмаган бу зотнинг асл юзини эслаб қолиш имконсиз. Унинг амрлари ўта шафқатсиз. Кутилмаганда гуноҳкорнинг терисини шилдиради, бошини кесдиради, бармоқларини парчалатади ва ҳоказо. Барча амалларни ушбу хонанинг қоқ ўртасида жаллодга буюриб қилдиради. Буни томоша қилишлари учун аъёнларини ҳам чорлайди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 21-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ғор жуда кенг ва узун эди. Охири кўринмайди. Ойгулнинг хаёлида: “Лашкар ҳозир менга етиб олади!” – деган қўрқув чарх урмоқда эди. Ғор тубига югурди. Йигирма-ўттиз қадамдан сўнг гумбурлаган товушдан чўчиб жойида таққа тўхтади: ғор оғзини харсанг тўсиб қолибди. Фақат тепа томонидан бироз нур ичкарига киряпти.
Ойгул: “Ғордан қандай чиқаман!” – деб ўйламади, аксинча, “Хайрият, лашкарлар ташқарида қолди! Кира олмайди!” – деб қувонди. Лекин: “Менинг ғорда эканлигимни сезиб қолишса, харсангни олиб ташлашлари мумкин!” – деган гумон кўнглига келиб қўрқиб кетди. Дарҳол шитоб билан ғор тубига чопди. У узун бир йўлга кириб қолгандек эди, бу йўл эса тугамасди. Қоронғуга бироз кўзи ўрганиб атрофни сал илғади. Аммо югуришдан тўхтамади. Қанча вақт ўтди, фаҳмламади, бир одам ташлади ва пастга учиб кетгандек бўлди. Болани маҳкам қучоқлади. Қўлидан чиқиб кетмаса, бас.
Ҳа, ғорнинг охири жарлик эди! Ойгул шу жарга қулади.
Қизиқки, жарнинг тубида кул уюми бор экан. Кул уюми устига тушган аёл ҳам, бола ҳам захмат чекмади. Фақат кул ичига ботиб кетдилар. Кулнинг юзаси юмшоқ ва илиқ, таги эса қаттиқ ва қайноқ экан. Ойгул бир амаллаб кул уюмидан ерга тушди. Боласининг юзларини, танасини ҳам қўллари билан, ҳам пуфлаб кулдан тозалади, ўзини ҳам кулдан поклади.
Ажабки, бола ҳам индамади, йиғламади. Онасига худди катта одамлардек кўзларини катта-катта очиб қарарди.
Ойгул ўзини яна бир ғор ичида кўрди.
“Хористон ғорлари-ку!” – деб ўйлади. Шу пайт аравалар кўринди. Уни қуллар етаклаб келишарди. Ойгул ўзини панага олди. Келаётганлар Хористон кони қуллари эди. Улар аравада кул олиб келишди. Араваларни бўшатиб ортга қайтдилар.
Ойгул боласини панада эмизиб олди.
“Ғорда қолишим қийин, – деди ўзига ўзи. – Чиқишим керак. Хористон бўлса, Хористон! Оламларни яратган Зот менга нимани ирода қилса, шу бўлади. Бундан бошқаси эмас. Агар онахон бу жой ҳақида халифага етказган бўлса, Ислом қўшинлари келиб бизни қутқаришар. Агар ғорда қолсам, егулик ҳам йўқ, кийим ҳам топилмайди. Сув ҳам йўқ. Оч қолиб болам билан қийналамиз, ташқарига чиқишим керак”.
Ойгул яна юрди. Ярим соатларда ғор оғзига етди. Бу конга кирадиган бошқа жой эди. ташқарига чиқди. Қуёш қоқ тиккага келибди. Қум. Чўл. На тиккайган чўп, на “қилт” этган шабада бор!
Узоқдан Хористоннинг тошли уйлари сароб каби кўринади. Ойгул кучини тўплаб қадам босди. Икки соатларда етиб борди. Ҳамма ишга кетган. Ҳолат аввалгидек: жимжит ва совуқ. Ҳомиладор аёллар, эмизикли оналар, ўта қариялар ва болалар тош уйлардан чиқиб ўтиришибди, нимагадир куймаланиб юришибди.
Ойгул ўз кўчасини излай бошлади.
Бу кўчаларда янги одам пайдо бўлиши мумкин эмас эди. Шунинг учун юрган ёки ётган билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди. Ойгулга ҳам биров ҳайрон қарамади.
Аёл ўз уйини топишда қийналмади. Ўша-ўша: ҳамма нарса тошдан, ичкари жимжит, ўргимчак уя қурибди. Хористонда эгасиз ва кимсасиз уйларни топиш одатий ҳол бўлгани учун бу ерда ким яшаб, яшамаётганига биров қизиқмаган. Айниқса, чақалоқлар қирғинидан кейин халқнинг руҳияти синди. Одамларнинг ҳаётга қизиқишлари сўнди. Бундан аввал бироз жўшқинлик бордек эди, аммо энди ҳамманинг шашти паст, умидсизлик ва қўрқув ҳар ерда ўзини кўрсатарди. Айниқса, бефарқлик бутун ўлкани эгаллаб олди. Ҳеч кимнинг ҳеч ким билан иши бўлмай қолди.
Қирғиндан сўнг Ҳукмдор севинди, лашкарбоши Семиз ҳам хотиржам тортди, лекин Коҳин безовта эди. У Хористонга завол етказадиган гўдак тирик қолиб кетган деб ишонаётган эди. Унга Ислом халифасига Хористон ҳақидаги хабар етиб борганлигини айтишди. Бу хабарни бир кампир етказган, кампир ўлдирилди, лекин вазият ҳамон чигал, чунки Хористондан чиққан бир аёл ва бола топилмади. Уларни излаш учун ҳар томонга жосуслар юборилди, лекин ҳеч ким – на Коҳин, на Ҳукмдор, на Семиз уларни даҳшатга солган гўдак Хористонга кириб келганидан ғофил эдилар. Аслида, Хористонни идора қиладиган куч ташқарида, амр бериб турадиган асл ҳоким бошқадир.
Коҳин ва Ҳукмдор шу кунларда у билан учрашиш учун ўлкадан ташқарига чиқишлари лозим...”

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Улар ҳам шиддат ва мастлик билан яланғоч бўлиб ўйинга тушиб кетдилар.
Байрамжон бу маъракани кузатиб четда тураркан, ҳайратдан донг қотди. Мусиқа унинг қулоқларидан қуйилиб, томирлари бўйлаб оқди. Қони гупирди. Лекин ўзини тутди. Ҳа, тута олди. Зотан, шайтонга ҳам, Тангрига ишонмасди, бу ҳол унинг учун ўта кучли саҳналаштирилган бир спектакл ўлароқ туюлаётганди. У шайтон вакилининг оловли ҳаракатларидан лол қолиб, бу ерда бошқа куч борлигини идрок этаётган эди. Бу кучни шайтоннинг кучи деб айтишга ҳадди сиғмас эди. Буни тан олса, ўзининг худосизлик ҳақидаги ғоялари чил-парчин бўлар эди, ахир.
Мусиқа шиддат билан авжга чиқди ва пасайиб сокинлашди. Шайтонийларнинг ҳам оловлари пасайгандек бўлди. Уларнинг барчаси томоқлари йиртилгудек бақира-бақира толиққандилар, балки.
Шайтон вакили саҳнада эди ҳамон. Унга тахт кўтариб чиқдилар. Қора рангли, зиналари ёқут рангли, қора ранги эса ажабтовур товланувчи бир тахт эди. Шайтон вакили тахт зинаси олдига борди. Иккита мулозим унинг елкасига қоп-қора ёпинчиқни ташладилар. Ёпинчиқни томоқлари остидан ўтказиб бойлади. Бутун аъзойи бадани бу ёпинчиқ остида қолди, ёпинчиқнинг орқа тарафида эса бошга ёпиладиган учбурчак қалпоғи, икки ёнида қўлларни чиқариш учун кенг ва узун енги ҳам бор эди.
Бу либосни кийган шайтон вакили тахтга ўтирди. Бошини орқага ташлаб оғизларини очиб, кўзларини юмди, икки қўлини икки ёққа чўзди. Байрамжон шайтон вакили илк бор саҳнага чиққан ҳолдаги одам эмаслигига ишонди. Гўё унинг вужудида шайтоннинг ўзи пайдо бўлгандек эди. Шайтон вакили хунук овоз чиқариб қичқирди. Шайтонийларнинг барчаси унга қўшилиб қичқирдилар. Шовқиндан борлиқ ларзага келгандек эди.
“Қурбонлик!” – дея чинқирди шайтон вакили. Барча шайтонийлар “Қурбонлик!”, “Қурбонлик!”, “Қурбонлик!” дея қичқира бошладилар. Бу қичқириқ Байрамжонни худди илондек ўраб олди. У ҳам қандай қилиб бу қичқириқни айтаётганини билмай қолди. Буни билиши билан ўзини тортиб, деворга суянди. Шунда кийимлари танасига чиппа ёпишди ва билдики, терлаб кетибди! Тери совуқ эди! Муздай!
“Қурбонлик!” – дея солинган шовқин поёнига етгандек бўлди, саҳнага бир ҳушсиз қизни қора кийинганлар кўтариб чиқдилар. Қизнинг юз-кўзлари оппоқ, ўлик ё тириклиги ноаниқ. Танасига қора мато ўралган. Сочлари ерга тегади. Юзлари қордай.
Уни шайтон вакили пойига ётқиздилар. Сўнг тўрт оёқли узун стол келтириб, унинг устига қўйдилар. Столнинг бош томони тарновли эди. Байрамжон “Наҳот, қизни сўйсалар!” – дея қотиб қолди. Беихтиёр қизни қутқариш учун талпинди, аммо унинг билагини темир чангакдек қўл маҳкам тутди. “Қаёққа! Қимирлама!” – бу Вася эди. У ҳам яланғоч, аъзойи баданидан тер ёғилар, кўзи зулматдаги қоплон кўзидек ёнаётган эди. Байрамжон қўрқувдан жойида қотди.
Қиз кўзларини очди. Буни Байрамжон аниқ кўрди.
Қиз ўтирди. Устидаги ёпинчиқ белига қадар тушди. Унга бир мулозим келиб қилич узатди. Қиз қилични икки қўли билан чангаллаб ушлади. Унинг кўзлари ҳам худди бошқаларники каби ёниб турган эди. Лаблари, тирноқлари қоп-қора, қовоқлари қоп-қора эди. Ёки энди қорайдими?! Қиз гулдираган ва хунук овоз билан бўкирди: “Шайтонга жоним фидо бўлсин!”
Ва қилични ўз бўғзидан тортиб юборди!
Танаси тобутга йиқилди, типирчилади, боши кўтарилиб туша бошлади, фаввора каби отилган қон столнинг тарновидан ерга қўйилган кўзача шаклидаги идишга оқди.
Айни шу онда шайтон вакили шодланиб ўрнидан туриб икки қўлини икки ёнга ёқиб чинқирди, шайтонийларнинг барчаси йиқилиб бошларини ерга қўйдилар-да, увиллаб юбордилар. Бир неча лаҳза ўтиб, шайтон вакили кўзачадаги қонни олиб сипқорди, лаблари четидан қонлар оқди, кўзлари ҳам қон каби қизариб кетди. Сўнг ёнидагиларга узатди. Ҳамма кўзадаги қондан ҳўпларди.
Байрамжон ортиқ тура олмаслигини тушунди. Қон ҳиди зални тўлдирди. Устига устак кўраётгани манзарадан ўқчиб юборди. Бу ерни тарк этишга шошилди. Лекин Вася ҳамон унинг билакларини чангаллаган эди. Қимирлашга кучи етмади.
Байрамнинг қарори қатъий эди. Мадорини бир ерга тўплаб сапчиди. Натижа бўлмади. Кўзача эса қўлдан-қўлга ўтар, ҳамма ундан ҳўплар эди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Қишнинг энг узун тунида тун ярмида шаҳар ташқарисига чиқдилар. Дарё бўйида улкан ахлатхона пайдо бўлган эди. Ана шу ахлатхона олдидаги харобага кирдилар.
“Сен менга ёқиб қолдинг, – деди Вася. – Ҳаммадан аввал келдик. Шу ерда ўтир”.
Катта зал. Деворлари қора рангли. Курсилар қора. Чироқлар қора. Чироқ айланиб турибди. Электр билан ёритиларкан. Ичкари илиқ. Баланд овозда телбавор бир мусиқа қўйилган. Столлар. Одам суяклари. Кирганда сассиқ ва бадбўй ҳид димоққа урилиб, Байрамнинг кўнгли бироз беҳузур бўлган эди. Кўникиб ҳам кетди.
Бироз ўтиб шайтонийлар кириб кела бошладилар: уларни тасвирлаш жуда қийин. Ярим-яланғоч, эркак-аёл аралаш, бурниларидан темирлар ўтказганлар, киндикларига ҳалқа таққанлар, баданларини игна билан суратга тўлдирганлар, сочлари саватдек бўлганлар, бошларига шох боғлаб олганлар, хунук овоз билан кулишлар, ароқ ва яна қандайдир ичкиликлар ҳиди, ўзаро тайин-бетайин муомалалар...
Байрам илк марта инсон зотининг бундай ҳаракатларидан жирканиш туйди. “Ахир, гўзалликка интилса бўлмайдими булар!” – деган ўй йилт этиб ўтди ичидан. Бироқ “йилт” этдию, сўнди.
Бир соатларда ҳамма жамланди, шекилли, шайтоннинг вакили келди. Ажабо, Байрам уни энг турқи совуқ одам бўлса керак деган эди. Йўқ, шайтоннинг вакили юзлари оппоқ, кўзлари кўк, сочлари сариқ, озғин ва рангпар бир йигит бўлиб чиқди.
“Бизга ишонч билдирилган, – деди у ҳамма кўринадиган жойга чиқиб. – Биз уни чақиришимиз, унинг келиши учун барча шароитни ҳозирлашимиз шарт. Барча ишларимиз унинг келиши учун, холос. Унинг келишини минг йиллар кутдик. Унинг келишидан пайғамбарлар қўрқишди. Пайғамбарлар унинг ёмонлиги етмаслиги учун Тангридан паноҳ сўраб ўтдилар. Аммо у келади. Унинг келиши учун жуда яқин фурсат қолди! У ягона кўз соҳибидир! Уни биз интиқлик билан кутамиз. Ер юзидаги чексиз ҳукмронлик учун, шайтоннинг ғалабаси учун у келиши лозим! Биз курашамиз ва эришамиз! Биз уни чақирамиз. У, албатта, чиқади ва Ер юзида ўз ҳукмронлигини ўрнатади. Шайтонлар, шайтонийлар Ер юзида ўзлари истаганларидек яшашлари шарт. Тангри одамни ўзим учун ўринбосар қиламан деди. Ҳеч бир махлуққа у бу имтиёзни бермади. На фаришталар, на жинлар! Ҳеч бири инсон каби эҳтиром топмади. Инсонни Тангри мукаррам қилди! Инсонни барчадан азиз санади. Бу бизнинг йўлбошчимиз Азозил учун қандай адолатсизлик! Қандай ноҳақлик! Тангрига хизматлари, ибодатлари учун Азозил бу мақомга лойиқ эди! Тангри эса Азозилнинг ҳақли эътирозини қабул қилиш ўрнига уни ҳайдади. Хорлади. Биз бундай адолатсизликка қаршимиз! Чунки Азозилга бўлган бу иш бизга ҳам қойим бўлажак. Чунки бизга танлов имкониятини бермаган Тангри истаган бандасини жаҳаннамга отади, истаганини жаннатга! Бунга тоқат қилиб бўлмайди! Биз жаҳаннамга кирсак-да, исён қиламиз! Асло таслим бўлмасмиз! Ер юзи Одамга мулк қилиб берилди. Ўзига иймон келтирганларни Тангри Ер юзига ҳокими мутлақ қилиб тайинлади. Биз эса мўминлардан Ер юзини тортиб олажакмиз. Азонлар сасини сўндиражакмиз. Масжидларни вайрон қиламиз. Уларни бутхоналарга айлантирамиз. Аҳли китобларни йўлдан оздирдик. Албатта, Исломни ҳам ер билан яксон қилажакмиз! Сизлар билмассиз – Ер юзини қандай фасодга тўлдирдик! Ер юзига ўз лашкаримизни нақадар жойлаб чиқдик! Биз учун Муҳаммаднинг туғилиши қандай улкан бало бўлди. У туғилгач шайтоннинг ва шайтонийларнинг заволи келди деб ўйладик!..”
Шайтоннинг вакили сўзларкан, тобора тўлиб-тошиб борарди, жўшиб борарди, овозлари баландлаб, шиддатли тус ола бошлади. Туйқусдан кўзларида ёввойи олов чақнади. Ҳаракатлари кескинлашди. Озғин қомати бирдан катталашгандек бўлди. Бирдан йигитнинг ўз товуши ғойиб бўлгандек бўлди ва бошқа биров гулдираб сўйлашга киришди. Бу товушда нафрат ва кин, адоват ва ҳасад анқир, аммо сеҳру фусун билан борлиқни эгаллаб олгандек эди.
“Биз Муҳаммадга қарши оёққа турдик! Лашкарларимизни унга қарши жўнатдик. Бутун дунё шайтонлари Арабистон атрофига саф тортиб Макка ва Мадинани вайрон қилмоқ учун курашдик. Аммо Муҳаммад борган жойдан улоқтирилдик. Унинг ҳайбати, қудрати минглаб чақиримлар олисларга ҳам таъсир ўтказди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ўрисларни уйларига таклиф қилишни, уларнинг уйларида меҳмон бўлишни севишарди. “Андрей ака”, “Коля ака”, “Света хола”, “Надя опа” дея ўрислардан ўзларига ака-ука, опа-сингиллар, хола-аммалар топишди. Топган-тутганларини ўрислар билан баҳам кўриб, уларнинг оғзига муштоқ тикилиб ўтиришни маъқул топишди.
Бу қавмнинг яшаш тарзи, кун тартиби бундай эди: ҳафтанинг бегим кунлари ишга боришади, болаларини мактаб,боғчага юборишади. Ишдан чиқиб уйга келгач, маҳаллага чиқиб нарда ташлайди, шахмат ўйнайди, тамаки тутатади, пиво ичади. Дам олиш кунлари эса нимадир байрамлар ўйлаб топиб нишонлашади. Давраларда ўрислар кўпроқ гапиради. Ўзбеклар ўрисни ўзидан ақлли билиб оғзига тикилиб ўтиришади.
Йиллар шу тариқа кечди. Авлодлар шу тариқа улғайишди. Бу қавмда урф-одатлар ўзгарди, эскилари унутилди, янгилари пайдо бўлди. Янги урфлар на эскисига, на ўрисникига ўхшарди. Таг-туги бўлмаган ғалати удумлар эди. Масалан, кун ёйилгунча ухлаш, кечаси билан қаерлардадир изғиб юриш, ичиш, зино, қамалиш, қамоқ ҳаётини идеаллиштириш, жиноятчиларни улуғлаш, ўзини катта олиш, зиғирдек баҳона топилса, бас, дарҳол йиғилиб ичиш, кабоб пишириш, қарз олиш, бир-бирини алдаш, бир-бирининг устидан чақиш ва шу каби удумлар.
Бугунга келиб ҳамма ўзи билан ўзи бўлиб кетган. Энди ришталар батамом узилган. Ўзбеклар чала ўрислашган, ўрислар ҳам қандайдир жиҳатлари билан ўзбекка ўхшаб қолган. Энг қизиғи, ўриснинг энг ёмон томонларини ўзлаштириб олган ўзбеклар ҳам ўрисларга фақат иллатларини юқтиришган эди. Ўзбекнинг иймони, ҳаёси, болажонлиги ва шу каби фазилатлари, ўриснинг заковати, меҳнаткашлиги, ижодкорлиги сингари хислатлари бу ғалати янги қавмда умуман қолмаган.
Бу кварталда ўзбек ва ўрисларнинг аралаш болалари кўп. Улар ҳам униб-ўсиб, айримлари детдомларда, яъни болалар уйида улғайиб, ўзлари каби аралашқонлиларни топган. Ўзларини метис деб аташади.
Байрамжон шайтонийларга эргашган, ўзини шайтоний деб биладиган учовлоннинг изидан ана шу маконга бориб қолди. У ўзи борган бу маконнинг совуқлигини ҳис қилди. Албатта, совуқлик ҳароратдан эмас, кўчалар, деворлар, уйлар совуқ эди. Рангсиз эди. Ўта зерикарли эди. Кўчадаги ҳамма нарса эски, иркит ва такаббур. Қуруқшаган ўт-ўланлар, сувоқлари кўчган деворлар, бўёқлари ўчган эшиклар...
Айтганимиздек, уч шайтонийнинг макони эди бу макон.
Байрамжон бефайз кўчалар бўйлаб юраркан, темирйўлдан поезднинг ғувиллаб, увиллаб, қийқириб ўтиб қолгани овози қулоғига чалинди. Байрамжон ўша вақтда шайтонийларни билишга шу қадар қаттиқ бел боғладики, ўзи ҳам бу ишидан кейин ҳайратланди.
Кварталда дайдишлари наф берди, албатта, бу олифта йигит у ерга бораркан, кўзга ташланмаслик учун камтарона кийинарди, услублари, уринишлари иш бериб, Денис билан танишди.
Маҳалладаги ичкилик сотадиган дўкон олдида ароқ олиб ўтираркан, Денис келиб қолди. “Оғайни, шишадош керак, улфатсиз ўта зерикарли!” – деди Байрам унга нолиб. Денис кулранг кўзлари билан унга қаради ва келишган бир йигитнинг соф ўрис тилидаги бу гапидан ажабланди. “Сен тез-тез ичиб турасанми?” – сўради келиб Байрамжоннинг қаршисига ўтириб. “Онда-сонда, – деди Байрам ароқдан пиёлага қуйиб. – Лекин шериксиз ичиш расво иш!”
Денис билан чиқишиб кетди.
Келаси сафар Вася ва Коля ҳам келди. Иш Байрамжон ўйлагандан осон кечди: учовлон шайтоний унга тезда элакишдилар. Узоқ вақт ётсираб юрмадилар ҳам. Маълум бўлдики, Ер юзида шайтонийлик деган алоҳида бир йўл бор. Бу онгли ва ўйланган амаллар мажумасидир. Шайтон ўз тобелари билан ўтказган катта йиғинда шундай деган: “Тангри менга, сизларга катта ҳақсизлик қилди! Адолатсизлик қилди! Бир ҳовуч лойдан бўлган махлуқ қаршисида барчасини саждага йиқитди! Қандай ҳақсизлик! Қандай адолатсизлик! Қасамки, абадул абад Тангрига қарши курашажакман! Тангрининг қулларига қарши мангу уруш эълон қилажакман! Мен жаҳаннамдан қўрқмайман! Сизлар ҳам қўрқманг! Модомики, жаҳаннамга тушиш бизнинг қадаримизга битилган экан, қадар ўзгармас экан, исён бизнинг йўлимиздир!”

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 20-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Уч оғайни эса уловга миниш ўрнига “Жигули”нинг эшикларини ёпишди, ароқларини кўтариб қабристоннинг кўчасига қараб юрдилар. Байрамжон севиниб кетди.
Байрамжонда ички ҳассослик бор. Буни инкор қилиб бўлмайди. Унинг аксар тахминлари ўзини оқлайди. Жуда кўп ҳолат ва вазиятларни таҳлил этадиган бу йигит ҳали ўзидаги бу хусусиятга тўхталмаган. У бу сафар ҳам адашмаган эди – бу уч йигит айнан шайтонийлар гуруҳига мансуб эди. Биринчи таърифлаганимизнинг исми Вася, иккинчиси – пакани эса Коля, учинчиси – найнов Денис. Гуруҳнинг сардори Вася. Байрамжон бу уч оғайни билан танишмоқ учун шошилмайди, уларни, шунчаки, кузатади. Ҳозир ортларидан бориб бу уч оғайни ботирларнинг ақл бовар қилмас, балки соғлом ақл билан қилиш мумкин бўлмаган ишларини кўради. Масалан, улар қабрлар оралаб яланғоч бўлиб юришади, пешоб ва ахлатларини юзларига суришади, ароқ ичишади, гўристоннинг бир четига беркитиб қўйишгани – керки билан яна қабр тошларини майдалашади, чарчаб қолишади, кейин шайтонга қурбонлик қилиш учун жонзот излашади, мушукми, кучукми топиб, сўйиб қонини оқизадилар, ароқ билан қонни аралаштириб ичадилар, кейин эса қабристон деворини бузиб тонгга яқин чиқиб кетадилар.
Байрамжон эса уларни киприқ қоқмай кузатади, шайтонийлар ўз амалларини овоз чиқармай бажаришларига қойил қолади, ҳатто, мармар тошларни керки билан ураётганда товуш чиқмаганидан ҳайратга тушади, сўзсиз ва сассиз қилинаётган бу ишлар унинг ақлини шошириб қўяди. Бошқа тафсилотлар ҳам бор, аслида буларни нима учун айтяпмиз? Ҳолбуки, бу ишлар биз ҳикоя қилиб бераётган вақтдан илгарироқ бўлиб ўтган-ку!
Гап шундаки, айни пайтда Байрамжон Усмон айнан шайтонийлар билан мулоқот қилишини истаяпти. У ҳозир Усмонни шайтонийлар даврасига олиб кириш учун бош қотиряпти.
Усмон эса ишхонасида. У мозий китобини варақламоқда. Унинг хаёлида на Байрамжон, на унинг дўстлари! У Ойгул, Ойгулнинг ўғли Денгизнинг кечмиши қандай бўлганлигини ўйлаяпти.
Усмон китобга шўнғиб кетди, ҳа, шундай, у ҳам ҳозир ўз ҳолатини ташқаридан туриб таҳлил этишга ожиз. Усмон ўзини рушди ҳидоятда эканлигига шубҳа қилмаяпти. У ўзи ҳақида энг мукаммал мусулмон таърифини ич-ичидан бера бошлади. У шайтонга зоҳиран курашмоқдаман деган фикрда. У нафсдан буткул ғолиб бўлдим, мусулмонликни қабул қилдим, энди менга бирор хатар қолмади, дунё ва охират ўртасида мен учун чегаралар йўқолди деган гумонга бормоқда. У ўз онгига ёпирилаётган янги фикрлардан маст. Гангиб турибди. Усмон басийрат кўзи ҳақида илм олмаган. Басийрат нима эканлигини билмайди, лекин билганида Ҳақнинг тажаллийси унинг басийрат кўзларига тушаётганлигини англарди, албатта. Ҳақ нури кўзини очишга уринаётган кўнгилни қамаштириб юбораётганлигини тушунарди, шубҳасиз. Бироқ у бу тушунчаларга етиб келиши учун яна йўллар босиши керак. Ватанда яшаб, ўзининг сафарда эканлигини кашф қилмоғи даркор.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Шунда Байрамжон: “Инсонни тийиб турувчи бир куч бўлмаса, у ҳаддан ошади, ваҳшийлашади”, – деб ўйлайди. Бу фикр унга янги фикр каби туюлади. Чунки у вақтда Байрамжон Ислом манҳажидан туриб оламга назар солаётган бўлади.
Ҳозир эса Усмонга қарши бошқа эътиқодлиларни рўпара қилиш ҳақида бош қотираётган эди. Байрамжон уларнинг айримлари билан яхши таниш. Масалан, ўзларини сатанистлар деб атайдиган тоифани олайлик. “Сатана” сўзи ўзбекчада шайтон бўлади. Шунга кўра сатанистларни шайтонийлар деб атасак, тўғри бўлса керак.
Шайтонийлар дунёни шайтон бошқармоқда деб ишонадилар. Улар шайтонга сиғинишади, шайтон билан бирга жаҳаннамда ёнамиз дейишади. Шайтон истаган барча ишларни бажаришга шай бўлган бу тоифа қандай пайдо бўлди, қандай кириб келди – Байрамжон билмайди, лекин улар билан танишиш унга қизиқ туюлган.
“Шайтонийлик бизнинг регион учун янгилик, – деган эди ўзига ўзи Байрамжон. – Улар билан ҳам танишиб кўрсам, ёмон бўлмасди”.
Бу ўйга сабаб бўлган воқеа қуйидагича рўй берган: шаҳардаги ўрис мозорларидан бирида хунук ҳодиса бўлди. Бир куни кечқурун кимлардир қабрларнинг тошларини қўпориб кетибди. Қабристонга тонгда кирганлар мармар тошларни бўлаклаб ташланганлигини кўрган. Майдаланган тошлар атрофида ароқ шишасининг синиқлари ҳам сочилган экан. Тўрт-бешта қабр ана шундай ҳолга тушибди. Черков аҳли етиб келди. “Бу аянчли воқеа муқаддас насроний дини урф-одатларига тажовуз, эътиқодимизга бўлган зулмдир”, – дея бошланган хат ҳукуматнинг барча юқори ташкилотларига етиб борди. Черков руҳонийси: “Мени энг қўрқитадигани шуки, ушбу фожиа уюштирилмаган бўлсин! Агар бизга қандайдир жиноий уюшмалар қабрларимизни таҳқирлаш орқали таҳдид қилаётган бўлса, халқаро ҳамжамият кўмагига муҳтож бўлиб қоламиз. Лекин биз ҳукумат бу жиноятга нисбатан чора кўришига мутлақо комил ишончдамиз”, – деб мактубни якунлаб имзолаган эди.
Тошкентда бу воқеа дув-дув гап бўлди. “Ўрислар мозорини бузиб кетишибдими?!” – деб бошланадиган суҳбатларга ўша кунлари ҳамма жойда дуч келиш мумкин эди: бозорда ҳам, чойхонада ҳам, кафе ва ресторанларда ҳам ва ҳоказо.
“Инсонларнинг метафизик туйғуларини чуқур тадқиқ қилиш учун материал тўплаётган” Байрамжон бу воқеани ўзи учун имконият деб билди. Дарҳол ўрислар мозорига борди. Енгил кийиниб олган эди. Томоша қилган одамдек қабристонга кирди. Гўристон қоровули сўроққа тутди. “Қариндошим ётибди, чет элда эдим, кеча келдим, зиёрат қиламан уни, йўқлигимда ўлибди”, – деди ўрисчалаб қоровулга Байрамжон.
Гўё аниқ қабрга кетаётгандек ўзини тутган Байрамжон бошини эгиб олди. Бу билан қайғусини кўрсатган бўлди. Кўзи билан тошлари майдаланган қабрларни излай бошлади. Шарқий томонда гўрлар чала кавланиб, мармар тошлари бўлакланганлигини кўрди. Ўша ёққа юрди. Шу пайт қоровул пайдо бўлди. “Сизнинг ҳам қариндошларингиз ҳужумга учрабдими?” – деб сўради у. “Қандай ҳужум?” – деди тушунмагандек Байрамжон. “Кеча ёмон воқеа бўлди, – деди қабристон қоровули. У бу гапларни айтаркан, чўнтагидан салафан олди. Салафан ичида тамаки гиёҳи кўринди. Бошқа қўлидаги текислаб кесилган газета парчасига тамакидан тўкди. Ўради, уч томонини туфлаб буклади, лабига қистирди, ёндиргич билан ёқди, ичига чуқур тутун тортди, шу ишларни қиларкан, гапдан ҳам тўхтамади. – Нима жин урди, билмайман, тунда қотиб ухлабман. Ухламасам ҳам нима қиламан? Гўристонга биров ўғирлик қилгани кирармиди?! Кирмайди, албатта. Аммо шу томондаги гулларнинг тагини юмшатай деб эрталаб қарасам, аҳвол даҳшат! Гўрлар очилган, тошлар майдаланган! Даҳшат! Қўрқиб кетдим! Ё авлиё Пётр! Ё Парвардигор! Биз гуноҳкор бандаларингни кечир деб дарҳол чўқиндим. Аввал черковга хабар бердим. Бош поп Аврелий ҳазратнинг шахсан ўзларини огоҳлантирдим. Ҳазрат озурда бўлиб етиб келдилар. Ҳолатни кўриб кўп қайғурдилар. Кейин буюрдиларки, милицияга сим қоқишимни. Милицияда ҳам ўрисча биладиган одам йўқ экан. Кейин кимдир келиб эшитаман деди. Гўристонда аҳвол шундай-шундай деб тушунтирдим. Тревога бўлиб кетди. Роса текширувлар бўлди. Ҳар хил одамлар келди. Кўпчилик мен билан гаплашди. Ахир, шайтоннинг иши бу! Шайтон бу ишни қилмаса, ким журъат этади! Минг лаънат шайтонга!”

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Ақл нима?
– Ақл фикрлаш қуввати.
– Ақл ва фикр ҳам материалистик ҳодисами?
– Йўқ, бу метафизик масала.
– Метафизика нима?
– Материалистик бўлмаган ҳодисаларга қўйилган ном метафизикадир.
– У ҳолда метафизика оламнинг таркибий қисми бўла оладими?
– Метафизика материалистик масалаларга жавоб топилмаганда ўртага чиқадиган қарашлар тизимидир.
– Элёр, сиз ўз гапингизга қарши чиқмоқдасиз, – деди Усмон. Элёр буни ўзи ҳам фаҳмлаб қолган ва овозидаги қатъият кесилиб қолган эди. У ўзини оқлаш учун шошилинч фикр излаётган эди. Усмон эса давом этди. – Сизнинг тилингиз билан айтганда олам фақат мартериалдан иборат бўлса эди, метафизикага эҳтиёж қолмасди. Демак, матефизика бор экан, биз у томонларни ўрганишимиз керак. Метафизиканинг борлиги худо йўқ деган фикрни йўққа чиқаради. Зотан, метафизика инсон ақли етмаган чегараларни таҳлил қилади. Худога эса инсоннинг ақли етмайди.
Элёрнинг бу қадар осонлик билан енгилиши кутилмаган бўлди. Ўтирганлардан кимдир Усмонга раддия бериши керак эди. Усмон эса хотиржам ҳолда ширинлик тановул қилмоқда.
– Инсон психологияси мураккаб, – деди Лазиз ўйланиб олиб. – Усмон, тирикликнинг метафизик ҳудудларини психология ўрганади. Борлиқнинг мураккаб томони ҳам шу.
– Ўзингизни қийнамоқдасиз, – деди Усмон. – Сизларни яхши танимайман, Байрам бошлаб келгани учун келдим. Мен Исломга амал қилиш билан барча саволларга етарли жавоб топиш мумкин деб ишонаман.
– Сиз ҳамма нарсани оддий кўрсатиб қўймоқдасиз, – деди Лазиз. – Яхшироқ бош қотирсангиз, диннинг хурофот ва одамларни алдаш учун ўйлаб топилганига гувоҳ бўласиз. Олам физик ва метафизик қисмдан иборат.
– Яхши, физик қисми бизга маълум, аммо метафизик қисмида нима бор?
– Буни айнан метафизика ўрганади, Усмон, – деди Лазиз. – Лекин метафизика худо бор деб айтмаган. Борлиқ ҳаракатланиб турувчи бир нарсадир. У табиий танланиш ва тасодифлар асосидаги бир тўлқинлашувдир. Олам катта портлаш ҳосиласи. Сиз буни тушунишингиз керак.
Усмон кулди:
– Катта портлаш?!
– Ҳа, катта портлаш, – унга жавоб беришга шошилди Сафар.
– Тушунсангиз-чи, катта портлаш оламнинг бошланишидир, – деди Козим ҳам. У ўз хаёлида Усмонга айтиш учун нималардир ҳозирлаётган эди. – Катта портлаш юз берган ва бирдан олам пайдо бўлган.
Усмон ўзини тута олмай хохолаб юборди:
– Катта портлашдан аввал нима бор эди?
– Ҳеч нарса йўқ эди. – деди ишонч билан Козим.
– Шунақаси ҳам бўлармикин? – Усмон ҳамон кулаётган эди.
– Албатта, шундай, – асабийлашди Козим.
– Ким айтди сизга буни? – жиддийлашди Усмон.
– Олимлар буни аниқлашган.
– Қайси олим? – сўради яна Усмон.
– Ғарб олимлари, – деди Козим.
– Исмларини айтинг, билиб олай, – деди Усмон. Козим каловланиб қолди. Беихтиёр ёрдам сўраб дўстларига қаради. Қизиғи, улар ҳам “Катта портлаш” ҳақида ким айтгани ҳақида билишмас эди.
– Бу НАСА тадқиқотлари натижасида аниқланган ҳақиқат, – деди ишонч билан Дурбек. У энди гапиришга журъат топган эди.
– НАСАда ишлаганмисан? – сенсираб унга савол берди Усмон. Дурбек талмовсираб қолди ва:
– Тушунмадим? – деди.
– Ўзбек тилини тушунмайсанми? НАСАда ишлаганмисан деяпман, – деди Усмон энсаси қотиб.
– Йўқ, – деди Дурбек.
– НАСАда кимлар ишлайди? Танийсанми бирор кишини? Исмларини айтиб бер, – давом этди Усмон.
– Уларни танимайман. Лекин НАСАда энг замонавий телескоплар бор, Ер шарининг энг ақлли олимлари у ерда ишлашади, улар узоқ йиллик тадқиқотларга суяниб Катта портлаш билан олам пайдо бўлганлигини аниқлашган, мен уларга ишонаман, – деди Дурбек.
– Одамлар ака-укасига ишонмаётган замонда ўзинг танимайдиган одамларнинг гапига ишонасанми? – ҳайрон бўлди Усмон. – Балки НАСА деган ташкилотга бир гуруҳ ёлғончилар йиғилиб олиб ҳаммани лақиллатаётган бўлса-чи? Нима учун уларнинг гапига ишонишимиз керак?
– Бизга саволингиз кўпайиб кетди, Усмон, – деди Сафар гапга аралашиб. – Мен динга ишонаман. Болалигимдан Қуръон ўқиганман, аммо толерантман.
Усмон Сафар бу гапни иккинчи марта такрорлаётганини хаёлидан ўтказди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Козим худога ишонмайди. Лекин унинг бу ишонмаслигини у ҳали тўлиқ изоҳлай олмаган. Шунчаки, худо йўқ деб айтади, холос.
Лазиз исмли йигит, аввалги бобда айтиб ўтдик, Испанияда ўқийди. Унинг амин бўлишича, халқ ортда. Халқ хурофотлар чангалида қолиб кетган. Янги секуляр нафас лозим. Лазизнинг ижтимоий тармоқларда яланғоч расми тарқалган. У бундан уялмаган, “Одам ўз кўринишдан уялиши учун догматик бўлиши керак”, – деб айтган. У қандайдир дастурлар қилишни истайди. Одамларга ўзгача қарашларни сингдириш учун медиа жуда зарур, менинг миссиям шу деб билади. Шунинг учун, гарчи, диндорлар ва консервативларни ичида масхара қилса-да, либерализм ғоялари тарғиботи учун улар билан диалогга киришади.
Ҳурматли китобхондан биз қўллаётган бу сўзлардан ажабланмаслигини сўраймиз. Чунки қаҳрамонларимизнинг барчаси шундай ажнабий сўзларни севиб истеъмол қилишади. Уларни таништиришда бу сўзларни айтмасак, ички дунёларини етарлича ёритиб бера олмайдигандекмиз.
Элёр Остонов эса олимлик даъвосини қиладиган, лекин йилларки, илмий ишини тугаллай олмаётган бир одам. Унинг асосий хусусияти диндорларни суймаслигида. У очиқдан-очиқ: “Диндорлар жим юрсин. Улар сувдан тинч, майсадан паст бўлсин!” – дейди. Айрим ҳолатларда хориж радиолари ўзбек қамоқларида ўликлар чиқяпти деб бонг урса, пинагини бузмай: “Диндорларни ўлдириш паразитларни қиришдек гап”, – дейди. Албатта, атрофидагилар унга ҳамфикр бўлгани учун индашмайди. Чунки бу ҳам фикр, улар эса фикр эркинлиги тарафдори. Гоҳо интернет сайтларида: “Демократия эркинлик кафолати, у ҳамманинг ҳуқуқини кафолатлайди. Нима учун бизга ибодат ва динимизга амал қилиш учун имкон берилмайди?!” – деган нидолар янграб қолади. Бу каби сўзлар муҳокама қилинса Элёр: “Бу мияси айниганларнинг гапини қаран! Бугун бизга ҳуқуқ беринглар деётган фанатиклар эртага нима дейишини биласизми? Эртага диктатор ўлиб, уларга ҳуқуқ берилса, Ислом давлати қураман дейди. Намоз ўқимаганни ўлдириб, ўғрининг қўлини кесамиз дейди! Уларнинг пана-панада тўнқайиб сажда қилиб юравергани яхши”, – деб такрорлашни севади.
Бу даврадаги яна бирининг исми Наврўз. У бирор масалада маслаҳат сўралса, “Мен реалистман”, – деб гап бошлайди. “Чунки бизнесмен реалист бўлиши керак, идеология яхши, аммо хаёлпарастлик ёмон, бизнесмен манфаат учун ҳамма томон билан келишади, ҳеч кимни ранжитмайди”, – деб айтади. Наврўзнинг режалари кўп. Хусусан, нашриёт очишни ва Ғарб мутафаккирлари қаламига мансуб сара асарларни ўзбек тилида чоп қилишни истайди. Аммо бу режалари қачон амалга ошади – билмайди. Чунки етарли маблағи йўқ, шунинг учун қандайдир кичик нашриётда китобларни саҳифалаш билан машғул.
Сафар дипломатия университетида халқаро ҳуқуқ йўналиши талабаси. Унда агрессивлик ҳамсуҳбатларига нисбатан кам, лекин ҳар ҳолатда ўз фикрини айтишни у ҳам севади. Бу йигитларнинг барчасини бирлаштирган хусусиятнинг номи кибрдир. Ҳа, уларнинг ҳар бири ўзини бошқалар билан қиёслашни севади. Агар кимдандир ўзини орқади кўрса, сиқилади. Ўзларини инсонлардан устун ҳис этиш учун бирор сифат излайдилар, қизиқки, шундай сифатни топадилар ҳам. Чирой, қомат, фикр, дадиллик, ақллилик, ҳеч ким тушунмаган нарсани тушуниш, бошқалардан бошқача бўлиб туриш, ютуқларга эришиш, ҳамманинг ичида ҳурматни қўлга киритишга бўлган ҳирсни яшира олмайдилар, билъакс, яширишга уринмайдилар ҳам.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 19-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ажабки, бу сафар ўзга бир Байрамжон турар эди. Аввалги қувноқ ва шодон йигит қаерда қолди? Бу саволга Байрамжоннинг ўзида ҳам жавоб йўқ, лекин бу унинг таслим бўлганига далил эмас, у шунчаки, бошқа режалар билан келди.
Байрамжон Усмон билан самимий қучоқлашиб кўришди.
– Яхшимисан, оғайни? – астойдил ҳол-аҳвол сўради.
– Алҳамдулиллаҳ. Яхшиман, ўзинг омонмисан? – Усмон тилидан янграган ҳамд энди Байрамжонни ажаблантирмади. У Усмон фақат айнан мана шундай диний калималарни айтиши керак деб ўйлаб қолганди.
– Усмон, дўстим, мен яхшиман, – деди Байрамжон. – Сенинг сўзларинг менга қаттиқ таъсир қилди. Сен ҳақни етказиш менинг миссиям деган эдинг. Тўғрими? Ҳидоят эса Аллоҳдан, шундайми?
– Ҳа. Шундай, – деди Усмон.
– У ҳолда сен бугун ҳам менга ҳамроҳлик қил, бизга ҳақни тўлиғича етказ, – деди Байрамжон. – Сени алдамайман. Очиқ гапираман. Дурбек, Лазиз, Элёр, Козим, Наврўз деган оғайниларим бор. Улар билан асосий вақтим ўтади. Уларга ҳам ўз сўзларингни айтсанг дегандим.
Усмон афсуслангандек қўл силтади:
– Байрам, сен мени урушқоқ боксёр деб ўйлаяпсанми? – деди норози бўлиб. – Улар билан татамига чиқиб олишайми?
– Улар холис йигитлар, илтимос, йўқ дема. Гаплаш! – қатъий илтимос қилди Байрамжон.
Усмонда кўнгилчанлик кучли.
– Сен ўзингдан гапир? Худо ҳақидаги эътиқодингини тўғирлаб олдингми? – сўради Байрамжондан.
– Бунинг учун менга вақт керак, – деди Байрамжон.
– Аллоҳ ҳидоят берсин! – деди Усмон.
– Борасанми? – қистади уни Байрамжон.
Усмон розилик бериб бош силкиди. Байрамжон Усмон ҳақ эмас деб ўйлар эди ҳамон.
“Тўғри, баҳсда у ғолибдек кўринди, аммо менинг фикримни ўзгартира олмайди Усмон! – мана шу ўй Байрамнинг қалбига ўқдек санчилиб олди. – Мен уни шарманда қилиш учун энг ашададдий даҳрийларга йўлиқтираман! Уни, керак бўлса, шайтонийлар билан тўқнаштираман!”
Байрам қасдида маҳкам эди. Шайтонийлар дер экан, у Тошкентда яширинча фаолият юритадига сатанистлар ва баптистлар ҳақида ўйлаётган эди. Байрамжон: “Усмон бундай турфа ҳужумлар қаршисида тамоман парчаланиб кетади!” – дея умидвор эди.
– Бизга бир башорат келди, – деб Усмони кутиб олди Дурбек қучоқ очиб ўтган сафарги ҳовлида. – Аллоҳ таоло сизни залолатга ҳидоят айлабди! Муборак бўлсин, биродар!
У шундай деб Усмонни қаттиқ бағрига босди.
– Ҳидоятга эришмоққа барча ҳам мушарраф бўлмас, бу Худойим таолонинг марҳамати, – унга қўшимча қилди Козим дудуқланганнамо.
Элёр ҳам бу гапни маъқуллагандек дуо қилгансимон бўлиб қўлини юзига тортди. Даврага Байрамжон айтган ҳамма йиғилган, лекин қизлар кўринмасди.
Стол устида оддий сув ва мевалар, ширинликлар бор.
– Биродар, тўрга чиқсинлар! Марҳабо, биродар! – деди Дурбек Усмонга. Шу онда Усмон Дурбекнинг бу мулозамати тагидаги киноя ва мазахни тушуниб қолди. Жимгина бу қориндор нусханинг башарасига тикилди, қийиқ кўзлар ичидан безрайиб турган шайтонни кўргандек бўлди. Кейин секин бошқаларга назар солди. Уларнинг барчаси Дурбекнинг томошасини англаб турар ва давоми нима бўларкин деган қизиқиш юзларидан бўртган эди.
– Чиқмайдиларми, биродар? – деди Дурбек мазах оҳангида. – Диндорларни Худойим таоло икки дунё азиз қилғон эмиш, бу оламдаёқ дин иззатидан баҳраманд бўлғайсиз!
– Сенга дин иззати керакми? – сўради ундан Усмон. Бу овоз ҳозирги Усмоннинг эмас, аввалги жангари Усмоннинг саси эди. Дурбек жавоб беришга улгурмади, нақ бурни тагидан тушган муштдан орқага ағдарилди. Ағдарилиб суҳбатгоҳнинг бел бўйи кўтарилган кўтарма тўсиғига тушди. Усмон эса унинг қорнига тепди ва шу билан у нариги тарафга – чимга думалаб тушди. Кутилмаган бу вазиятдан йиғилганлар донг қотиб қолдилар. Усмон эса тепгач, чирт этиб четга тупурди ва:
– Тўнка! – деди.
Барча қий-чув қилиб Дурбекка ёпирилди, кимдир сувга чопди, чунки у хириллаб ётган эди бурнидан қон оқиб. Байрамжон эса Усмонни қўлтиқлади:
– Оғайни, асабийлашма! Оғайни, ўзингни бос! – деди. Байрамжон учун Дурбекнинг калтак егани умуман қизиқмасди, шунчаки, Усмон кетиб қолмасин, чунки унинг режалари буткул Усмон билан боғланган.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Буларнинг барчаси бундай кечди: биринчи кундан бошлаб икки аёл сирдошга айландилар. Ойгул ўз кечмишини сўйлайди, қаршиларидаги шу баланд тоғ ортидаги қуллар мамлакатидан хабар берди, онахон унинг сўзларига ишона олмай ҳайратда қолди. Ойгул ўз юрти зулматидан сўйлади. Айтганларидан онахон лол қолди. Ойгул ҳали Хористонда бўлган гўдаклар қатлидан бехабар эди. Шунинг учун бу ҳақда айтмади. Аммо сўйлаганларининг ўзи онахонни ҳолсизлантирди. Ҳатто, у ғазабланиб кетди.
– Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз саҳобаларига, умматига жиҳодни амр қилди ва жиҳодни асло тўхтатманг деди, аммо кейинг вақтларда хилофатда жиҳод ишлари сустлашган! Во дариғ! Бунга қандай чидаш мумкин! – деди овозини баландлатиб.
Ойгул онахон тилга олган инсонни ҳам, хилофатни ҳам билмас эди.
– Мусулмонмисан, қизим? – сўради кампир.
– У нима? – ҳайрон бўлди Ойгул.
– Мусулмонлик – Исломда бўлишдир, Исломда бўлиш оламларни яратган ягона Зот Аллоҳ азза ва жаллага иймон келтириш, Унинг барча амрларини сўзсиз адо этмоқдир, – тушунтирди кампир.
– Оламларни яратган Зот... – пичирлади Ойгул. Туйқус унинг олами ёришиб кетди. У ўзи излаб юрган Зотга дуч келгани ва У Зотни танимоқ фурсати етганлигини англади. Кампир унга иймон калимасини ўргатди, Ойгул такрорлади ва ўзини буткул муслима ҳис қилди. Шу куниёқ илк намозини ўқиди. Кунлар унинг ҳикояси ва кампирнинг янги олам ҳақида берган муждалари билан ўтди.
– Биз Ислом умматимиз, – деди онахон. – Оламлар Роббиси Аллоҳ таоло Ер юзига ўз элчиси ва қулини юборди. Унинг исми Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Ул зот асос солган давлат Ислом хилофати бўлди. Бугун бу хилофат бошида умавийлар оиласи турибди. Умавийлар Муовия ибн Абу Суфён розиёллоҳу анҳу бошчилигида ҳукуматни қўлга олганида Исломни Ер юзига ёйиш, мусулмонларни ҳимоя қилиш ва дунёдаги жамики зулмга чек қўйиш мажбуриятини зиммасига олган. Ислом уммати Аллоҳнинг адолати ва раҳматини Ер юзига ёйишлари шарт. Улар одамлар орасидаги зулмни йўқ қилиш билан вазифаланмишлар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодни тўхтатманг деганлар. Жиҳод билан янги-янги ерлар фатҳ бўлади, Ислом Ер юзига тарқайди, оламда зулм тўхтатилади, адолат ҳукм суради. Мен халифалар оиласидан бўлган аёлман. Умримни дин хизматига бағишладим. Абдуллоҳ ибн Муборак каби мужоҳидлар билан жангларда хизмат қилдим. Қустантания фатҳига қадам босдим. Айюб Ансорийларнинг шаҳодатига гувоҳ бўлдим. Эрим ҳам шаҳидлик мартабасига етишгач, умримнинг сўнгги қисмини ибодат билан ўтказмоқ учун бу оролни макон тутдим. Биласанми, нима учун? Ислом ҳимояси учун тахтга чиққан халифалар, султон ва амирларнинг зулмлари, ғайришаръий ишлари, бидъатларини кўрмаслик учун бу жойларга қочиб келдим. Қўрқаманки, умавийлар хонадони салтанат бошидан пастга қараб йиқилмасалар! Аслида, хонадонга ачинмайман, аммо Ислом давлати тепасидаги ҳукуматларнинг алмашиши, тўнтаришлар бўлиши уммат учун катта жароҳатдир. Шуни истамайман, холос. Қизим, сенинг ҳикоянг мени яна жангларга қайтармоқда. Мен халифа саройига қайтаман. Унга Хористон ҳақида хабар бераман, токи у қўшин тортиб келсин, шу қадар катта азобда, шу қадар оғир қулликдан яшаётган қавмни озод қилсин! Намрудлар изидан юраётган ҳукмдорларни ер билан яксон қилсин. Ислом Ер юзини бутлардан тозалашга киришганига икки юз йилдан ошди. Ислом номи бугун Ер юзини титратиб турибди. Қандай қилиб Хористон деган ўлка бу қадар улкан зулмга йўл қўймоғи мумкин! Асло! Бу ҳақда Ислом халифасига шахсан айтаман, иншааАллоҳ!
Онахон йўлга тайёргарлик кўрди. Уч кун ичида Ойгулга жуда кўп ҳақиқатларни айтиб берди. Инсоният Исломсиз жаҳолатга юз тутиши, Ислом оламга нур бўлиб келгани, айниқса, мусулмонлар Ер юзидаги зулмга қарши курашмоққа масъул ва мажбур эканликларини қайта ва қайта сўйлади. Ойгул онахоннинг сўзларидан таъсирланди, айниқса, Қуръон, ҳадис, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳаёти, саҳобаларни илм ва маърифатда, жанг ва урушда, сиёсат ва раёсатда камолот касб этганлари ҳақидаги ҳикоятлар унинг қалби ва онгини ёритиб юборди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Кўз ўнгида янги олам очилди: ям-яшил олам! Баланд дарахтлар, уларнинг яшил япроқлари, назм бўлиб очилган гуллар, уларнинг қизил ва сариқ, яшил ва сиёҳранг, мовий ва зарғалдоқ, алвон ва оқ ранглари қалбни жаннатий туйғулар сари етаклайди. Кўкда қуёш кафти билан олтинранг нурларини тўкади. Офтоб бу боғни авайлаган каби эҳтиёткорлик билан нурларни сепади. Гуллар узра учаётган капалаклар, дарахт шохларида сайраётган қушлар ҳам ўзлари мансуби бўлган бу оламга мувофиқ ва уйғун ҳолда ранго-рангу гуногун!
Ойгул дарҳол гўдагини қучоқлаб бу оламга қадам босди. Чиқди ва тоғнинг орқа томонига ўтиб қолганини кўрди. Ер майин майса. Майсалар оралаб жилға оқади. Бу жилға тоғдан тушиб келиб, ўрмон – боғ ичига кириб кетади. Аёл соф ҳаво нафас олиб, гўзалликка мафтун бўлди. Йиқилиб кетадиган инсон каби одимлади. Йўқ, йиқилиб кетишдан чўчиган одам каби одимлади. Етти ёки саккиз қадам юрган эдики, ортидан гупиллаган овоз эшитилди. Чўчиб қаради: ғорнинг оғзини тош парчалари буткул ёпиб қўйибди! Ойгул бу ҳолдан севинди, назарида, уни таъқиб қилувчилар шу ғор ичида қолдилар. Унинг қорни очди. Нимадир тамадди қилгиси келди. Тоғдан эсган енгил шабада танасини ҳолсизлантирди. Дармони қочди. Аммо аёл ҳаракат қилди. Дарахтлар оралаб юраверди. Бироз ўтиб эни уч қадам келадиган, силлиқ кесилган тош ётқизилган йўлдан чиқди. Йўлнинг икки тарафи гулзор. Ойгул йўлдан кунчиқарга қараб юрди. Йўл уни ярим соатлардан сўнг катта кўлнинг ёқасига олиб чиқди. Кўлнинг ўртасида орол кўзга ташланди. Оролда девор ва томлари яшил, атрофи гулзор билан қуршалган уй бор эди.
Ойгул, аслида, кутилмаганда кўз ўнгида пайдо бўлган бу жаннатмакон ҳаяжонини ўзига сингдирмаган эса-да, забтига олаётган очликдан қийналди.
“Шу уйга ўтишим керак, балки у ерда бирор егулик топилса не ажаб!” – Ойгулнинг хаёлидан шу ўйлар кечди. Кўлдан қандай ўтишни ўйларкан, ўнг томонда кўл ёқасига қоқилган қозиққа боғлаб қўйилган қайиқни кўрди. Ойгул умрида на кўлни, на қайиқни кўрган, аммо у айнан мана шу қайиқ билан кўлнинг ўртасидаги уйга етиб олишини фаҳмлади. Очлик зўрайгани учун қайиққа тушишдан чўчимади, бағридаги гўдаги ҳам инграшни бошлади, Ойгулнинг кўкрагидан сут келмай қолди, бола сутдан маҳрум бўлгани учун йиғлаётган эди, йиғлаши йиғлашга эмас, инграшга яқин эди.
Аёл қайиққа тушган эди, қайиқ сувда силкинди, у мувозанатни сақламаса, ағдарилиб кетишини дарҳол фаҳмлади, қайиқнинг ўртасига ўтирди, оёқларини узатди, тиззаси устига боласини қўйди, икки қўли билан эшкак эшишга киришди. Қайиқ кўл ўртасига қараб қўзғалди.
Эшкак эшиш осон эмас экан, сув устидан шамол эсса, енгил тўлқин кўтарилади, сув юзидаги озгина мавж ҳам қайиқни силкитади. Аммо Ойгул ички бир куч билан қайиқни тезда ўзига бўйсундирди. Эшкакни эшиб оролга етиб борди. Қайиқнинг тумшуғи ерга қадалди. Ойгул қайиқдан эҳтиёт бўлиб тушиши кераклигини тушунди. Жуда секин силжиб қайиқнинг олди қисмига ўтди ва ўрнидан туриб, оёғини ерга қўйди. Соҳилга чиқди беихтиёр кўлдаги ўз аксига кўзи тушди. Нима учундир ўз аксини сувда кўрмабди. Қарадию, ғалати бўлиб кетди: сувда сочлари ёйилган, оппоқ юзли, либослари кир, аммо беҳад гўзал аёл боқиб турарди. Тўғри, ўз акси, балки неча йиллардан буён тўқнаш келган ўз акси Ойгулни бир лаҳзага шоширди, бироқ у ўзини қўлга олиб, уйга шошилди. Чақалоқ ҳам заиф инграб қўйди.
Уйнинг ёғочдан бўлган эшиги очиқ экан. Ойгул ичкари киришдан аввал тўхтади ва ғайришуурий равишда эшикни ҳалқаси билан урди. Ичкаридан қари кампирларга хос: “Ким у?” – деган сас келди. Ойгул ортга чекинди. Бир дақиқа ўтиб, остонада, ҳақиқатан, юзлари нуроний, бошига ўраган гулдор рўмоли бўйинларини ҳам беркитган, кенг яшил либос кийган, хушқомат кекса аёл кўринди.
Кампир эшик олдида турган, мовий кўзлари ажабланиш ва маъсумиятдан катта-катта очилган, бағрига гўдагини босган, кир кийимли, қоп-қора сочлари тўзғиган, оппоқ юзли ёш аёлни кўриб беихтиёр:
– Вой Худойим! – деб юборди. Сўнг бирдан меҳрибонлик қила кетди. – Кел, қизим, кел, сенга нима бўлди? Нима учун остонада турибсан? Кирақол, қорнинг очиб кетгандир!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Йигирма иккинчи боб. Тутқун

“... Аллоҳ ҳам макр қилди. Аллоҳ макр қилувчиларнинг яхшисидир”

Оли Имрон сурасининг 54-ояти маъно таржимаси.

Усмон Мозий китобини ўқишда давом этди.
“Хористон ўлкаси улкан саҳро устида ястанган эди. Унинг сарҳадлари тоғу деворлар билан ўралган. Бу ўлкадан чиқиб Коҳин ва Ҳукмдор қай томонга йўл олдилар?
Иккиси хористонликлар кўзидан пана ҳолда ўлкани тарк этди, аммо бунга эҳтиёж йўқ эди, зотан, халқ ўз бошида турган бу мустабидларни танимайди, улар қаерга бориб, қаердан қайтади – етти ухласа ҳам тушига кирмайди. Коҳин ва Ҳукмдор Хористоннинг ғарби томон йўл олдилар, уларга юзта қуролланган навкар ҳамроҳ эди.
Ғарбий чегараларнинг метин деворларига ҳали бирор фуқаро етиб келмаган, деворларнинг ҳар ўн беш чақиримида улкан дарвоза бор, шундай дарвозалардан йигирма бештасини топиш мумкин. Коҳин ва Ҳукмдор шулардан бирига боришди.
Дарвоза қоровуллари бошлиғи дарҳол уларни таниди, ташқарига йўл берди. Деворлар жуда баланд эди. Деворлар ортида эса яна дашт ва саҳролар. Бу саҳролар бир ой ичида кесиб ўтилади. Бир ой шиддат билан юрганларидан кейин денгиз қаршисидан чиқадилар. Денгиз соҳили турли одамларга тўлиб-тошган. Оқу қора, қизилу сариқ инсонларнинг айримлари елкаларида юк, айримлари белларида қилич, айримлари эгнига бошлари билан қўшиб мато ташлаган, айримлари изор бойлаган, айримлари юмалоқ қалпоқ кийган, тиллари ҳам турфа... Чунки бу жойни бандаргоҳ дейишади. Бандаргоҳ кемалар денгиздан келиб тўхтайдиган манзилдир.
Коҳин ва Ҳукмдор бу бандаргоҳга келмайдилар, денгизнинг ғарбий томонида одамлар билмайдиган алоҳида кемалар тўхташ жойи бор. У жой бу ердан икки кунлик узоқликда. Бу маконда ҳам денгизлар мавжи қирғоқларга урилади, тўлқинлар чиғаноқларни қумлоққа улоқтиради, денгиз тошбақалари судралиб у ёқдан бу ёққа ўтади. Қумлоқдан денгиз ичига кирган жуда кенг ва ва қалин ёғоч кўприқни кўрасиз. У кўприкнинг оёқлари ҳам қалин. Кўприкнинг тугаш жойига кемалар келиб тўхтайди. Кеманинг ёғоч зиналари у кўприк тумшуғига қадалади. Бу зиналар ҳам кенг, мустаҳкам.
Бу бандаргоҳга, асосан, тўртта кема келади. Тўрттаси ҳам жуда ўхшаш: ранги қора, жуда баҳайбат, узунасига юз эллик қадам, энига етмиш беш одим. Кема ичига уч қаватли уй қурилган. Ҳа, росмана қаср. Биринчи қават ошхона, омбор ва кема маллоҳларининг хоналари, иккинчи қават кема йўловчилари жойлашадиган қисм, учинчи қават кема раҳбари ва олий табақали инсонларнинг маснади. Биринчи қаватнинг бир томонида, йигирмата от ва емишларини сақлаш мумкин бўлган отхона ҳам бор. Бу уч қават қасрнинг тепасида эса улкан елканлар ҳилпирайди. Елканлар пишиқ матодан тайёрланган, шу қадар пишиқки, сув ўтмайди, қилич кесмайди, найза тешмайди, ўтда ёнмайди. Лекин ўта майин, қаттиқ эмас, шамол бу елканларга келиб урилади, озгина шамол ҳам кемани ҳаракатга келтира олади. Кеманинг номи “Заврақ”. Аслида, заврақ дегани ҳам кема демакдир.
Тўртта кеманинг тузилиши, ясалиши бир хил. Тўрттаси ҳам “Заврақ” деб аталади. Уларнинг фарқларини фақатгина маллоҳлар билишади.
Коҳин ва Ҳукмдор шу бандаргоҳга келаётган эдилар. Соҳилда турган “Заврақ”нинг энг баланд жойига ўтириб атрофни дурбин билан кузатаётган бош маллоҳ саҳро ичидан келаётган юз отлиқ ва уларнинг аввалида Коҳин ва Ҳукмдорни кўриши билан елканларни ва лангарларни кўтаришга шайлаш ҳақида амр қилди. Ярим соатга қолмай кутилаётганлар кўприкдан отларини шиддат билан елдириб кемага чиқиб бордилар. Йигирма киши кемага кирди, саксон отлиқ қирғоқда қолди. Бош маллоҳ Коҳин ва Ҳукмдорни таъзим билан кутиб олди. Бу иккиси бошига учли қора қалпоқ кийган, бу қалпоқни алвон мато билан ўраб, матонинг бир томони билан юзларини беркитиб, кўзлари билан атрофни кузатар эдилар. Белларида эса қиличлари ўзини кўз-кўз қилади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 21-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Байрамжоннинг хаёлига “Аллоҳдан ёрдам сўрайми?” – деган ўй келди. Шу ўй келиши билан уни тутиб турган билак сустлашди. Байрамнинг боши айланиб кетди. Бир амаллаб ўрнидан турди. Эшик томон гандираклаб юрди. Яна мусиқа бошланди. Зал қоронғу. Ҳеч ким бир-бирини кўрмас, чироқлар ўйнади. Шайтон вакили эса маст бўлиб тахтга узала тушиб суянган. Байрамнинг йўлини тўсадиган ҳеч ким йўқ эди.
Байрамжон ташқарига чиқиб тоза ҳаводан нафас олди. Ютоқиб нафас олди. Осмонга қаради. Осмон чарақлаб ётибди: юлдузлар ва машриқда порлаган тўлин ой. Оёқ ости ўтлоқ. Сал нарида шовуллаб оқаётган сой. Қурбақа қуриллайди. Чигиртка чириллайди.
Қалби бироз хотиржам тортган Байрамжон ортига ўгирилди ва ҳеч нарсани кўрмай яна қотиб қолди. У бир даланинг қоқ ўртасида эди, на бирор хароба, на бирор бино бор!
“Қаердаман!”
Байрам ҳайқириб юборди ва тиззалаб қолди. У ўзини шу чоққача бу қадар ғариб ва аҳмоқ сезмаган эди. Бўлган воқеалар ростми, галлюцинациями – англашдан ожиз эди.
“Йўқ! Мен туш кўрдим! Ҳа, галлюцинация! Галлюцинация! Бу телбалик! Бу аҳмоқлик! Бу иррационализм! Психологик депрессия!”
Байрам ўзига ўзига шундай дер эди.
У ўзини ҳамма нарсани тушунувчи деб ҳисобларди, аммо бу воқеа уни гаранг қилиб қўйди. Ўзини депрессияга тушмас деб ўйлар эди.
“Мен ожиз эмасман! Ожиз эмасман! Ожиз эмасман!”
Ўзига ўзи шундай деб оёққа қалқди ва тўғрисига қараб юрди, тут қатордан чиқди, тутқатор бўйлаб катта кўчага чиқиб олди.
Ярим тун. Кўча жимжит. Ой нури асфалтни қора ойнадай ёритади. Байрамжоннинг хаёлида кўрганлари қуюн урар, кўз ўнгидан кўрганлари узуқ-юлуқ бўлиб ўтар, шайтон вакилининг гаплари, қизнинг бўғзидан сачраган қон, телбавор мусиқа...
Узоқдан бир уловнинг чироғи кўринди. Байрам қўл кўтарди. Улов келиб тўхтади: “Тошкентга!”
Ҳайдовчи ҳайрон қаради-да, “Майли, ўтиринг”, – деди.
Байрамжон уйига қандай етиб келди – ўзи англамади. Узоқ ухлади. Тушида ҳам шайтонлар базмини кўрди. Уйғониб ўтган кунини ва уйқусини чалкаштирди.
Икки кундан кейин мияси тиниқлашгандек бўлди. Яна Вася, Коля ва Денис ароқ, пиво ичадиган ўша жойга борди. Кечки пайт уларни кўрди. Улар ҳеч гап бўлмагандек сўрашишди. Байрамжон ҳам ўзини дадил тутди.
– Шайтонийлар анжмуни қандай ўтди? – деди гап орасида Байрамжон оддий қилиб.
– Қандай анжуман? – ҳайрон сўради Вася ажабланиб.
– Тўрт кун олдин бордик-ку, – деди Байрам.
– Биз ҳеч қаерга бормадик, сен қаерни айтяпсан? – елка қисди Вася. Унинг икки шериги ҳам ҳеч воқеа содир бўлмагандек ҳайратга ғарқ бўлиб қараб турардилар Байрамга. “Ҳа, булар ҳамма нарсани яширишга келишиб олишибди, – деб ўйлади Байрамжон. – Майли, ҳозирча шундай бўлақолсин”.
Байрамжон бўлган воқеанинг сирига етишни истарди, лекин тушундики, айни пайтда ҳамма нарсани ўз ҳолича қолдирмоқ маъқул. Шайтонийлар билан апоқ-чапоқ бўлиб юраверди. Улар билан ҳар ҳафта кўришмаса ҳам, бир ёки икки ойда кўришиб юрарди.
Байрам шайтонийлар ва Усмон ўртасидаги учрашувни қандай уюштирсам деб ўйлай бошлади.
Усмон эса ўз ишхонасида бениҳоя банд эди. У ишлар ва вақт топди дегунча Мозий китобини ўқир эди. Китоб қуйидаги сатрлар билан давом этмоқда:
“Ойгулнинг кўнглига хавотир кирди. У нима учун бундай ҳолга тушаётганига ҳайрон бўлди. Юраги қаттиқ урди. Унга нафас етмаётгандек эди. Бу ердан кетишни истарди, холос. Боласини кўтариб чиқди. Кимдир уни бошқараётгандек эди: қайиққа ўтириб, оролдан узоқлашди. Ўрмон ичига кирди. Кўлдан узоқлашиб бораркан, от кишнашини эшитди. Ўгирилиб қаради: кўл атрофини қора совутли, қора дубулға кийган отлиқлар ўраб олган эди. Ойгул титраб кетди: Хористон лашкарлари! Улар кўлдан оролга қандай ўтиш ҳақида ўйлаётган эдилар.
Боласини қучоқлади ва бор кучи билан тоққа қараб қочди.
Аёл югураркан, оёқлари ерга тегмаётгандек туюлди ўзига. У югурмас, балки учаётгандек эди. У ҳансирмасди, нафаси бўғзига тиқилмасди, оёғи остидан чиқадиган бута ва тошлар устидан енгил сакраб ўтарди.
Ўрмон тугади. Тоғ этагидан чиқди. Ғайришуурий равишда тоққа ўрлай бошлади. Ўрларкан, қаршисида ғор пайдо бўлди. Аёл ўзини ғорга урди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Бизнинг қулларимиз, шайтонийлар, мушриклар Муҳаммад сари боришаркан, уч кунлик олис масофадан туриб титрашга тушардилар. Муҳаммад барча шайтонлар ва кофирлар қалбига даҳшат ва қўрқув солди. Одамлар унинг қаршисига борсалар, тиллари айланмас, айримлар эса ҳаддан зиёд унга ошиқ бўлиб унга эргашиб унинг йўлига юриб кетдилар. Муҳаммадга яқин бўлганлар биз учун энг улкан душманга айланиб бораверди. Муҳаммадга яқин борганларга кучимиз етмай қолди. Ҳатто, бизнинг биримизни Муоз ибн Жабал деган одам тутиб олди. Биз Муҳаммад сабабли Ер юзида ейиш учун таом топа олмайдиган даражага тушиб қолдик. Сирларимизни унга сотдик. Бизни қайси оятлар билан ҳайдаш мумкинлиги ҳақидаги сирларимизни уларга бердик. Умар деган Муҳаммаднинг дўсти юрган кўчадан ҳеч бир шайтон юра олмас, унинг сояси эмас, ҳиди, оёқлари товушлари ҳам бизни даҳшатга соларди. Азозилнинг ўзи Макка мушриклари қошига бориб Муҳаммадни ўлдириш ҳақида ғоялар берди. Аммо Муҳаммад енгилмади. Қутулиб кетди. Ҳа, Муҳаммад ўлди. Биз шайтонлар умид қилдикки, энди Муҳаммаднинг дўстлари пароканда бўлгай! Бу хабарни Азозилга етказдик. Азозил шодланди, аммо довдирамади: “Ҳа, Муҳаммад қурган салтанатга бизнинг кучимиз бугун етмайди, лекин бизнинг давримиз, албатта, келади! Албатта, Муҳаммаднинг издошлари ҳалокатга юз тутади. Улар оёқдан йиқиладилар. Биз бутун оламда байрам қиламиз. Ер юзини улардан тортиб оламиз. Ер юзида Муҳаммаднинг йўлини таҳқирлаймиз. Муҳаммад издошлари бугун Рум ва Кисрони даҳшатга солаверсин, вақти етади – уларнинг тилларини бойлаб ташлаймиз. Уларнинг тилларини шундай кесамизки, улар ўз Йўлбошчилари Муҳаммаднинг шаънини ҳам ҳимоялашдан ожиз қолажаклар! Муҳаммад ёқтирмаган ишлар била Ер юзини тўлдирамиз, аммо унинг издошлари “миқ” эта олмайдилар, билъакс, бир-бирларининг гўштларини чайнаб овора ва сарсон бўлажаклар! Муҳаммад издошларининг оғзи ўз биродарларининг қони билан тўлажак! Ҳа, шу кунни ҳам кўраман, албатта, кўраман!”
Биз Азозилга инондик. Унинг жуда улкан режаси бор эди. У режага кўра бир лаҳза ишдан тўхтамадик. Кечаю кундуз Муҳаммад издошларини йўлдан оздириш учун курашдик. Тер тўкдик. Биз ўзимизнинг ҳукмимизни Ер юзида ўрнатадиган Бир Кўзлини кутмоқдамиз. Бир Кўзли, албатта, Ер юзига чиқажак. Келажак. Биз унинг аскарлари билан Ер юзининг барча ҳудудларини босиб олдик. Одамларнинг ғаюрлигини сўндирдик. Рашкларини ўлдирдик. Жинслар ўртасидаги фарқларни йўққа чиқардик. Олий мақсад дея ҳирс ва шаҳватни кўрсатдик. Одамлар бунга ишондилар. Йиллар ўтаётир, инсоният Муҳаммад йўлидан узоқлашиб бормоқда. Тўғри, айримлар бор – ҳамон бу йўлда қойим! Ҳамон Муҳаммад юрган издан қадам босади. Чайқалмайди ҳам, Йиқилмайди ҳам. Бу йўлдан чиқмайди ҳам. Аммо инсониятнинг катта қисмини бу йўлдан тескари томонга олиб кетиб бўлди! Бир Кўз, албатта, чиқади ва биз қилган меҳнатларимиз натижасидан маст бўламиз! Тангрига қарата: “Мана, сенинг бандаларинг! Сен уларга Ер юзини топширган эдинг, аммо биз тортиб олдик! Уларни жаҳаннамга бошладик!” – деб ҳайқирамиз. Жаҳаннамда бирга ёнамиз. Биз жаҳаннам сари борамиз! Яшасин Шайтон! Яшасин Бир Кўзли! Яшасин жаҳаннам!”
Бу сўзлардан сўнг бутун зални телбавор бир мусиқа тўлдирди. Қулоқлар битди. Турли рангли чироқлар ўйнай бошлади. Шайтоннинг вакили бир ҳаракат билан эгнидаги либосларни улоқтирди. Яланғоч бўлди. Фақатгина белини беркитган лунги қолди. Ва мусиқага рақс туша бошлади. Унинг рақси шу қадар ажабтовур эдики, кўрганлар кўзларини уза олмас эдилар. Мускуллари кучга тўлган, бояги заифликдан асар ҳам йўқ, қўл ва оёқлари, бел ва болдирлари ғайритабиий шиддат ва тезлик билан бир-бирини такрорламайдиган, айни пайтда мафтун этувчи ҳаракатларни кўрсатар, ҳатто, осмонга сакраб, ҳавода икки бор айланиб оёқлари билан ерга тушар, елкалари билан ерда чирпирак бўлиб айланар, ҳар бир бармоғида туриб ўйинлар намоён қиларди. Мусиқа эса шиддат билан янграр, овозлардан иборат турли тўлқинлар пайдо этар, бу тўлқинларда раққос сузарди. Мусиқа уни ё у мусиқани назоратга олгандек эди. Шайтонийлар бу фусун қаршисида ўзларини тута олмай увиллаб юбордилар ва улар ҳам ўзларини мусиқа тўлқинлари ичига отдилар.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Шайтон ва унинг малайлари ҳам қасам ичганлар. Одамлар орасидан шайтонга эргашганлар кўпдир. Улар шайтонга сажда қиладилар. Шайтон учун қурбонлик қиладилар. Шайтон ўзи учун, албатта, қон чиқаришни талаб қилади. Шайтон учун энг севимли қурбонлик инсоннинг унинг учун бўғизланишидир. Тўкилган қонни эса қурбонлик қилганлар ичадилар.
Шайтонийлар ўз гуруҳларини тузганлар. У ерда ҳеч ким ота-онаси қўйган исмда бўлиши мумкин эмас. Ҳар бир гуруҳнинг сардори бор. Унга ҳазрати олийлари деган унвон берилади. Қолганлар тенг ҳуқуқли бўлиб, барча ҳазрати олийларининг амрларига итоат этишлари шарт. Шайтонийлар, албатта, ҳар куни шайтон розилиги, шайтонни севинтириш учун бирор амал қилишлари керак. Ҳар ойда, ойнинг қайси куни бўлса-да, аммо танланган куннинг қуёш чиқиши ёки қуёш ботиши арафасида, ёки ойнинг ўртасида ой қоқ тиккага келганда ўта жиддий бирор амал бажаришлари талаб қилинади. Бу амаллар қабр тошларини синдириш, қурбонлик ёки илоҳий каломларга нисбатан бирор ҳурматсизлик содир этиш кабилардир.
Шайтонийлар учун фақат кундалик емак бўлса кифоя экан. Уларга эртани ўйлаш таъқиқланган. Куннинг бир қисмини мусиқа билан ўтказадилар. Ётиб ёки деворга суяниб қулоқларига қулоқчинларини тиқиб, баланд овозда жазавали мусиқаларни тинглайдилар. Мусиқаларда на маъно, қўшиқларда на тартиб ва мазмун бор, балки жуда баланд овоздаги шовқин, шовқинлар ўта бетартиб ва мудҳиш янграйди, тартибсизликнинг тасодифий уйғунлиги орасида шайтонийлар маст бўлиб бош чайқайдилар.
Уларнинг севган масканлари ахлатхоналар, хожатхоналар, ҳаммомлар, бозорлардир. Айниқса, қора рангларни, қузғунларни ёқтиришади. Атрофни қанчалик зулмат босса, шу қадар жазавага тушадилар.
Байрамжонни ҳайратга солгани уларнинг аттракционларга ошуфта эканлиги бўлди. Уларда экстремал ҳаракатларга интилиш фавқуллодда кучли эди. “Биз бу хатарлардан роҳатланамиз!” – деди Вася ғурурланиб. “Ҳамма ҳам бу каби ишларга қодир эмас”, – уни маъқуллади Коля.
Ҳа, шайтонийларда жазавага ўчлик беҳад кучли эди. Минглаб одамлар тўпланса, ўзини билмай қоладиган ҳолда қичқириқлар, оловли мусиқалар ва рақслар, кийимларни ечиб отишлар, депсинишлар, эс-ҳушни йўқотишлар – уларнинг энг севган ҳолатлари бўлиб чиқди. “Бу олийликдир! Бу мастликдир!” - деб тушунтирди Вася. Байрамжон билдики, бу гуруҳда Вася ҳазрати олийлари мақомида. Денис эса сал овсарроқ экан. “Менга фақат кайф! Фақат қизлар! Фақат ароқ! Фақат кайф!” – дер эди Васянинг гаплари орасига гап солиб.
Телбага ўхшаб юрадиган Вася бир куни очилиб кетди: “Ҳаётдан маъно йўқ, Бая, – деди. – Ўлим нақд. Бу ўткинчи умрда нима бор? Кейин нима бўлади? Ҳеч ким мангу қолмайди. Ҳамма ўлади! Менинг эътиқодим нима биласанми? Агар у дунё бўлса ҳам, бўлмаса ҳам менга фарқсиздир! Икки ҳолда ҳам шайтонга эргашдим. Шайтон қаерда бўлса, шу ердаман! Ҳеч нарсадан қўрқмаслик керак! Жазава! Жазава! Жазава! Ақлдан воз кеч! Ҳушингдан кет!”
Байрамжон бир қанча вақт кунларини шайтонийлар билан ўтказди. Уларга қандай ташхис қўйишни билмади. Энига ўлчади, бўйига ўлчади. Қисқа қилиб “Ёлғизлик ҳисси ва абсурдизм психологиясидан исёндан қочиш” деб баҳолади.
“Инсон абсурдликдан қийналади. Абсурдлик бу маъносизлик, вакуум, даҳшатдир. Ана шундан қочиш учун динлар ўйлаб топилган бўлса, шайтонийлик ҳам ана шу ҳолатнинг инкишофидир. Шайтонийлар борлиқни чексиз бўшлиқ деб биладилар. Бу бўшлиқ мудҳишдир. Улар мудҳишликдан мудҳишлик чангали билан қутулмоқчилар, улар мастлик билан бу мудҳишликдан халос бўлмоқчилир”, – деб ёзиб қўйди.
Аммо кейинги янгиликлар уни бироз шоширди. Чунки Вася уни бир одам билан таништириши ҳақида айтди. Бу одам катта мақом эгаси экан. У бевосита шайтон билан гаплашаркан. Байрам қизиқиб қолди.
Шунча вақт давомида Байрам шайтонийларнинг ароқ ичишдан бошқа ишини қилмади. Лекин улар учун пул сарфлади, уларни эшитди. Ўз ҳақида гапирмади. Аммо улар ҳақида ҳаммасини билиб олишга интилди. Ўз хаёлида уларни доим текширса-да, ҳеч бир ҳолат уни қўрқувга солмади. Шайтоннинг бевосита вакили билан учрашишга рози бўлди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Йигирма биринчи боб. Шайтонийлар байрами

Аттоф ибн Холид айтади:
Менга етдики, Аллоҳ таолонинг: “Аллоҳдан ўзга ким ҳам мағфират қиларди? Ва улар, билиб туриб, қилган гуноҳларида бардавом бўлмасалар” ояти нозил бўлганда иблис қўшинига қичқирди. Боши устидан тупроқ сочди. Ўзига вайл деди ва сабр тилади. Сўнг унинг қўшини ҳар томондан келиб: “Нима бўлди сенга, эй саййидимиз?” – дейишди. Иблис: “Аллоҳнинг китобида бир оят нозил бўлди. Энди одам боласидан бирортасига гуноҳ зарар беролмайди”, – деди. Улар: “Қайси оят?” – дейишди. Иблис уларга оятнинг хабарини берди. Шунда улар: “Биз уларга ҳавои нафс эшикларини очиб қўямиз шунда тавба қилмаслар истиғфор ҳам айтмаслар ва ўзларини доимо ҳақда деб ўйлайдилар”, – дейишди. Иблис эса рози бўлди.

Ҳаким Термизий ривояти

Байрамжоннинг шайтонийларни кузатуви ўз мевасини берди: бир ҳафта ичида Вася, Коля ва Дениснинг қаерда яшашлари, қайси вақтда қай манзилда тўпланишлари, қайси касбдан тирикчилик қилишларини билиб олди.
Улар шаҳарнинг четида – поезд йўли ўтадиган қисмида ғариб маҳаллалардан бирида яшаркан. Қизиғи, бу учовлон қўшни экан.
Совет даврида ўрислар юртидан ўрис ва шунга ўхшаш қавмларнинг ишсиз, йўқсил ва пиёнисталарини ҳукумат эшалон-эшалон қилиб олиб келган ва уларни шу атрофларга жойлаштирган. Бу жойлар аввал қуруқ дала бўлган. Олиб келинганларга товуқ катаги каби бир хил уйлар солинган. Бу уйларнинг ҳаммаси икки қаватли эди. Уларни халқ “барак” деб номлаган. Баракларнинг тузилиши шундай: қадамлаб ўлчасангиз, бўйига эллик одим, энига ўн одим чиқадиган бино, икки қаватли, иккита кириш эшиги бор. Биринчи қаватдан кирсангиз ўнг ёки чапга қараб кетган уй йўлаги, яъни коридори бор. Коридорнинг ҳар уч қадамида битта эшик. У эшикдан кирсангиз, битта кичик ва битта сал катта хонани кўрасиз. Хонанинг орқа томонга очилган деразаси бор. Худди шу “меъморий” услубни иккинчи қаватда ҳам кўрасиз. Баракларнинг ичида хожатхона, ювиниш хоналари йўқ. Бундай бараклардан ўттиз-қирқтаси бирдан қурилган ва шу тариқа кичик маҳалла пайдо бўлди. Бу “маҳалла” аҳлининг деярли барчасини ароқ бирлаштирган эди, лекин ҳар бирида бирор ҳунар бор: бири дурадгор, бири чилангар, бири косиб, бир тикувчи, бири ғишт терувчи, бири сувоқчи... Улар учун шу атрофга заводлар ҳам қурилди. Келгиндилар заводларда уч смена ишлашади. Ойликлари яхши. Ойлик чиқиши билан ичишади. Байрамларни қойиллатишади. Яъни ичкилик билан, албатта. Ҳар бир барак олдига қўлбола хожатхоналар қурилди. Барчаси ўрис услубида, худди барак каби: узун йўлак, ўнг томонда туриб чоптириш учун ариқча, чап томонда каттасини қилиш учун “хонача”лар. Хонача деганимиз ҳам бел бўйи девор билан тўсилган, олди очиқ бир нарса... Албатта, бу ерга бурунни беркитиб кириб, нафас олмай ўтириб, шу аҳволда тезда чиқиб кетиш керак, холос.
Бу жойни “маҳалла” деб бироз муболаға қилдик, бу жойларни ўрис тилида “микрорайон” ёки “квартал”, хуллас, шунга ўхшаш қандайдир номлар билан аташ ҳам мумкин, чунки маҳалла деганда ободлик, фаровонлик ва фақат яхши таассуротлар тасаввуримизга келади.
Йиллар ўтиб кварталда кўчалар, баракларнинг атрофида ҳовлилар пайдо бўлди. Ҳовли ўзбекларнинг ёки мусулмонларнинг ҳовлисидан фарқ қилади, табиий: ибтидоий ҳовлилар атрофи очиқ, сим, тахталар билан омонат чегараланган, ичи ёввойи ўт билан тўлган, икки-уч хонали кулбадан иборат маконлар эди. Кулбада яшайдиганлар ит, мушук ва чўчқаларини ҳам уй ичига олиб кириб кетаверишарди. Яшовчиларнинг бирортасида дин ҳақида ўй йўқ эди, аммо сўз орасида “Божи мой”, “Дай Бог” деган жумлалар ғайришуурий тарзда янграб қоларди. Кейинчалик бу кварталга айрим ўзбеклар келиб жойлашди. Улар бироз озодаликка, ободликка диққат қаратган бўлишди. Аммо уларнинг табиатида ўрисларга хушомадгўйлик қилиш иллати кучли эди. Улар ҳам худди ўрислар каби калта иштонлар, енгсиз кўйлаклар кийишди, ароқхўрликка муккадан кетишди, никоҳсиз ҳолда аёллар билан зино қилишди, болаларини тарбиясиз ҳолда қолдиришди. Тилларини бураб, ўрис ва татарлардан кўра бурро бўлиб ўрисчада сайрашди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 20-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Қабристон қоровули, гўрков шу бўлса керак, яна кўп нарсаларни айтди, Байрамжон унга диққат билан қулоқ солиб, атрофга разм солди. Бузилган қабрлар ортидаги бошқа қабр тошига бир қарич келадиган ўлчамда шайтон рамзи ўйилганлигини кўрди. Бу икки қаватли доира ўртасидаги беш қиррали юлдуз эди.
“Ҳазрат Аврелий ишни шайтон малайлари қилган деб айтдилар, – дер эди гўристон қоровули. – Шайтонга лаънат бўлсин!”
Шайтонийлар рамзини кўрган Байрамжон бу иш уларга тегишли эканлигига аниқ ишонди. Ишонган бир нафар бўлса ҳам, шайтоний билан танишгиси келди. Ич-ичидан бу қизиқиш ортди.
“Бу кеч шу ерда қоламан”, – деб қарор қилди.
Қабристонга кирадиган кўча бошида пивохона бор экан, ўша ерга кирди. Пиво буюрди. Ташқарига терилган стол ва стулларидан бирига бориб ўтирди.
Кеч тушди.
Пивохона ёнида кабобчи кабоб пиширишга тушиб кетди. Соч-соқоли ўсган, кийимлари афтода одамлар кўпайди. Кўчадан ўтаётган уловлар аччиқ тутун чиқаради. Ароқ, пиво ҳиди ҳаммаёқни тўлдирди. Ҳар хил одамлар у ёқдан бу ёққа ўта бошлади. Ичганлар маст бўлиб алжирашга ҳам улгурди.
Кимлардир кабоб олиб еди. Байрамжон ҳам кабоб буюрди. Икки сихни еб, газли сув ичди. Ўзини хаёл сургандек тутса-да, имкон қадар ҳар кимни кузатишга тиришди: бир аёл ўғлининг елкасини туртиб олиб ўтяпти, икки маст нималарнидир талашмоқда, жуда калта юпка кийган бир олифта қиз ўзини кўз-кўз қилган кўйи ўтиб боряпти, сал наридаги бекатга улов келиб тўхтади, ундан уч-тўрт киши тушди, уларнинг бири ўсмир, иккиси ёшроқ аёл, яна бири кекса чол. Ўсмир тор кийимлар кийган, эгнидаги енгсиз кўйлаги ҳам тўқ қизил рангда, икки аёл эса бекат рўпарасида жойлашган ҳашаматли емакхонага кириб кетишди, чол ҳассасига таянган кўйи кўп қаватли уйлар ичига йўл олди.
Қуёш ботди. Симёғочлардаги чироқлар ёнди. Кўчалар ёришди. Ғала-ғовур кучайди. Аммо Байрамжон кутган одамлар кўринмади. “Кеч бўлди, кетишим керак”, – деб ўйласа-да, ичидан излаганларини топишини ҳис қилаётган эди. Беихтиёр ўрнидан турди ва тамаки тутатиб у ёқдан бу ёққа юра бошлади.
Эски “Жигули” келиб тўхтади. Қора “Жигули”. Ичидан тушган йигитлар Байрамжоннинг диққатини тортди. Ҳа, у айнан шуларни кутаётган эди. Биринчи йигитнинг сочлари қалин, қизил майка кийган, кўкрагига кумушранг хоч осган, чироқ ёруғида хоч ва танага ҳам игна билан ёзилган бутнинг сурати кўзга ташланди. Калта иштон кийган. Иккинчиси эса бўйи пакана, пешонаси дўнг. Бурни танқайган, у ҳам кенг, аммо тиззадан келадиган иштонда, елкаси осилиб турадиган енги калта, ранги қора кийимда. Учинчиси бу иккисдан бўйи баланд, озғин, лекин сал елкаси чўккан, юрганда қўлини олдинга осилтираркан. Уларнинг учовини бир жиҳат бирлаштирар эди: ҳаммасининг сочлари ранги тўқ жигарранг, қора эмас, лекин оқишга ҳам ўхшайди, қошлари ҳам сочга монанд, балки худди қириб ташлангандек таассурот уйғотади, қовоқлар ичкарига ботган, кўзлари эса кулранг ва совуқ. Қадам босишлари ғайритабиий: кўчада улардан бошқа ҳеч ким йўқдек, уларгина юриш имкониятга эга бўлиб, қолганлар абадул абад чўлоқликка маҳкумдек.
Уч оғайни пивохонанинг очиқ турган деразасига келишди. Қўлларига биттадан пиво ҳамда ароқ, газакка қурут ва яна нимадир олишди. Сўнг уловлари олдига қайтишди. Биринчиси олди эшикни очиб ўриндиққа ўтириб, ташқарига оёқларини чиқариб, тиззасига тирсагини қўйиб, тамаки тортди. Паканаси эса улов эшигининг қиррасига елкаси билан суянди. Найнови эса ўша ердан ғишт топиб, унга чўкди, икки оёғининг тиззасини букиб, устига қўлларини қўйди. Ўзаро нималарнидир гаплашишди ва пиво шишаларининг қопқоғини очишди, сипқоришди. Қурутдан шимдилар.
Байрамжон уларнинг ҳар бир ҳаракатини кузата бошлади.
“Шайтонийлар! – деди ўзига ўзи аниқ ишонч билан. – Улар шайтонга сиғинишади!”
Уч оғайни бу ерда бир соатга яқин қолишди. Ҳеч нарсадан ташвиши йўқ, зериккандек эди улар. Байрамжонга улар, шунчаки, вақт ўтказаётгандек туюлди. Ҳақиқатан шундай эди.
Тун қорайди. Одамлар қандайдир сийраклашди. Ҳавода пиво ва ароқ, тамаки ва бензин ҳидлари аралаш анқийди. Кўчанинг ҳар ерида ҳар хил одамларнинг товушлари айқаш-уйқаш бўлиб қулоққа чалинади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Сиз НАСАга ишонмас экансиз, – деди Сафар дадил. – НАСАдаги олимларга ҳам ишонмас экансиз.
– Албатта, танимаганим одамларга қандай ишонай?! – кулди Усмон.
– Хўп, яхши, – унинг гапини маъқуллаган бўлди Сафар. – Айтинг-чи, сизнингча олам қандай пайдо бўлган?
– Аллоҳ таоло яратган, – деди хотиржам Усмон.
– Қандай яратган? – сўради Сафар.
– Аллоҳ “Бўл!” – деган ва Еру осмон олти кунда яралган.
– Нима учун олти кун? Айнан олти?
– Инсоннинг ҳамма нарсани англаши шарт эмас, – деди Усмон. – Айнан нима учун олти эканлигини билмайман, аммо олти кун инсонга шошмаслик сабоғидир, оламларни Яратган Зотки, ўз ишида шошмаган экан, инсон нима учун шошсин?!
– Олам яралмасдан аввал нима бор эди?
– Оламларни Яратган Зот бор эди, У – Аллоҳдир, – жавоб қилди Усмон. Усмоннинг гаплари мухолифларига нисбатан қатъий ва ишонч билан янграётган эди. – У азалдан, ўз-ўзидан бор эди. Бошқа ҳеч нарса йўқ эди.
– Демак, алоҳида бир жой очиб оламни яратдими? – кўзини қисиб қаради Дурбек.
– У оламни Ўзи қандай хоҳласа, шундай яратди, йўқликка бир нур порлатди ва йўқлик қаъридаги нарсалар юзага чиқди, шу, – деди Усмон.
– Буни сизга ким айтди? – яна сўради Дурбек. Бугунги саволлар ичида энг аҳмоқонаси шу бўлганлигини ҳамма билди, чунки жавобни ҳамма билар эди.
– Албатта, Аллоҳнинг пайғамбари, бизнинг йўлбошчимиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламга юборилган Қуръон айтди, – деди Усмон.
– Сиз Муҳаммадни кўрганмисиз? Кўрмаган бўлсангиз, қандай ишонасиз? – қайсарлик билан давом этди Дурбек.
Усмон яна хохолаб кулиб юборди.
– Сизлар билан гаплашиш роса кулгили экан, Байрам! – деди амакиваччасига қараб. – Бизнинг иймонимиз асоси шу, эй Дурбек! Биз кўрмасдан иймон келтирамиз. Кўрсак, бу иймон бўладими? Кўрмасдан чин дилдан ишонамиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга! Кўрмасдан Ул Зотни севамиз! Бунинг маъносини сен қаердан билардинг! Чунки Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга ишонишга, севишга энг арзирли ягона Инсон. Чунки у зот инсониятга энг мукаммал йўлни келтирди. Сен ишонаётган НАСА олимларининг на асли, на насли бор! Исмини ҳам билмайсанлар! Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳақларидаги икир-чикир маълумотларнинг ҳаммаси бизда бор. Текширилган ва минглаб одамлар тасдиқлаган маълумотлар.
Усмон чарчаган эди. Ўрнидан турди:
– Соғ бўлинглар, – деди. – Сизлар билан гаплашиш қизиқ эмас экан, Байрам, мен кетдим.
Байрам ҳеч нарса дея олмади. Қолганлар ҳам гапиришга иштиёқманд эмасдилар, табиий.
Усмон кетди. Байрамнинг ҳафсаласи пир бўлди. Ичида сўкинди. Усмонни дарвозагача кузатди. Аммо даврага дарҳол қайтмади, бироз узоқда нима биландир оворадек тутди ўзини.
“Ҳамманг тўнка экансанлар! – деди оғайниларининг барчасидан жаҳли чиқиб. – Ўқимаган бола сенларни мот қилди-қўйди. Биринг дипломатман дейсан, биринг Испанияда ўқийсан, биринг фалонман, биринг фисмадонман дейсан. Лекин баҳсда бир қадам юрмадинглар!”
Байрам ўзбек даҳрийларига хос бир умумий жиҳат борлигини ичида идрок этди. Тан олди.
Усмон кетаркан: “Байрам, сен буларни даҳрий деб ўйлайсан, бироқ даҳрийликни ҳам эплай олмас экан булар”, – деди.
Байрамжон индамади, лекин амакиваччаси ҳақ эканлигига иқрор эди. У даҳрий дўстларига “Аҳмоқлар!” деган сўздан бошқа васф топа олмай қолди. Икки оғиз сўз билан боши берк кўчага киришди.
Ҳали Байрамжон келажакда ғалати-ғалати воқеаларни кўражак. Вақти-вақти билан диндор қатлам ва даҳрийлар орасида зиддиятлар рўй беради. Ҳатто, Қуръони каримни йиртиб, буни видеога олиб эълон қиладиган пасткашлар ҳам учрайди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга таҳқирли сўзлар айтиб, мусулмонларни безовталикка соладиган турли-туман кимсалар ўзларини фош қилишади. Ҳурматсизлик ва одобсизлик сўз эркинлиги ниқоби остига беркинади. Ёки одамларнинг ичларида бижғиб кетган ахлоқсизлик пардаларни парчалайди ва ижтимоий тармоқлар ва интернет орқали тарқалади. Ўпкани заҳарлайдиган ва нафасни бўғадиган тутун каби ўрлайди ҳар томонга.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Дурбекда бу гуруҳдагилар табиатининг барча қирраси ғалати бир ҳолда жамланган эди. Масалан, у одамлар ёқтирмайдиган сўзлар билан ўзини аташдан тоймайди, халқ орасида “Ифлос” таърифи ҳақорат саналади, лекин Дурбек ўзига “Ифлос” деган номни олавериши мумкин, ҳатто ижтимоий тармоқда шу номдан рўйхатдан ўтиб, расмини ҳам жойлаб, ўзининг “оламшумул қарашларини” ёзаверади. Унинг фикрича, одамларнинг покликка бўлган интилиши сохта, айниқса, намозхонларнинг ибодатлари ясама, инсоният табиати ёлғонга мойил. Одамларнинг тоза бўламан, гуноҳсиз бўламан дейишлари, Дурбекнинг фикрича, абусурд. Чунки инсон табиатида ҳайвонга хослик бор, инсон истаса, истамаса, ҳайвонлардек ҳаракатланади. Инсон ўзини жамият қолипларига солишга қанчалик уринмасин, барибир ҳаммадан яшириб ҳайвонлигини қилади. Дурбек бунга ишонади. Демак, яширинча ҳайвонлик қиларкан, одам ўзини жамият олдида авлиё кўрсатиши тўғрими? Бу ғирт манипуляция-ку! Демак, одам ўз асли билан қолаверсин, ифлос бўлса, ифлос бўлаверсин. Тоза бўламан деб уринишнинг нима кераги бор?
Байрамжон ўз дўстларидаги бу жиҳатларни яхши фаҳмлайди, лекин унинг учун инсондаги бу ҳолат табиийдир. Айблаш керак эмас. Аммо дин бошқа масала. Дин буларни рад қилади.
Таомдан сўнг ширинлик тортилди. Байрамжон гап бошлади:
– Бугунги кўнгилсизлик учун Усмон номидан узр сўрайман, – деди айбдор оҳангда. – Дурбекнинг ҳазили бироз муваффақиятсиз чиқди. Бунинг учун, Усмон, сен ҳам Дурбекни кечир.
Усмон ширинликдан бир бўлакни қошиқча билан оларкан, жавоб берди:
– Бундай сафсатани қўй, Байрам, Дурбегинг мени масхара қилмоқчи эди, таъзирини еди, узр-пузр, яна бир нарсаларнинг кераги йўқ, орқасини писта қилганида калтак емасди.
Усмоннинг гаплари қўпол чиқди, аммо яна ҳеч ким эътироз қилмади. Шу ўринда “қаҳрамонларимиз” умумий жиҳатларини айтиб ўтишга эҳтиёж туғилди. Гап шундаки, бу “эркин ёшлар”нинг ҳаммаси “оғизполвон” эди. Яъни икки ҳолда – калтак ва куч ишлатилмаса ёки калтак ва куч уларнинг қўлида бўлсагина эркинликларини намоён қилишарди. Қаршиларида жисмоний таҳдид пайдо бўлса, орқага қочиш ёки келишиш улар учун маъқул. Бу дегани улар ўз “қарашлари”дан воз кечди дегани эмас, аксинча, ўзларининг фикрича, ичларига “ғоялари”ни ютиб, уни намоён қилмоқ учун қулай фурсатни кутиш эди. Аслида, ундай эмас, балки бошқачароқ. Буни англашни китобхон ихтиёрига қолдирдик.
– Усмон, – деб гап бошлади Элёр. – Келинг, шунчаки, суҳбатлашайлик. Байрам сизни ўта ақлли деб таърифлаган эди.
– Нимани гаплашамиз? – сўради Усмон қошини чимириб.
– Биз ҳар масалани фикр ва ақл билан ҳал қилишни истаймиз, – ётиғи билан тушунтирмоқчи эди гўё Элёр. – Сизнинг динга муккасидан кетишингиздан биз ҳайрон бўлдик. Шу ҳақда суҳбатлашсак.
Усмон индамай бошини қуйи солди. Кейин ҳаммага бирма-бир қараб чиқди.
– Ҳаёт қўғирчоқ ўйини эмас, пацанлар, – деди дона-дона қилиб. Унинг “пацан” сўзи нутқига ҳаётийлик бағишлади, балки ўтирганларга кўча безорилари оламидан нафас пуфлади. – Тириклик бор. Ўлим бор. Зулм бор. Адолат бор. Ароқхўрлик, маишат, кайфу сафо ҳам бу ҳаёт. Ўта жиддий масала бу. Мен йўлимни танладим. Сизларга ҳисобот беришим шарт эмас. Сизларда бу ҳақиқатларни тушунишга қувват йўқ. Зотан, Аллоҳ қалби гуноҳ билан қоришганларга ҳидоят нурини раво кўрмайди.
Усмоннинг жумлалари эҳтирос билан тўйинган, фавқулодда жўшқин эди, бу ҳол ўтирганларда баҳслашиш истагини оловлантириб юборди.
– Усмон, ўзимни худо борлигига ҳеч ишонтира олмайман, – деб сўзида давом этди Элёр. – Бу фикрим учун мен гуноҳкорманми?
– Ишонтира олмаслик фикрми? – сўради Усмон.
Элёр бир он ўйланиб қолди ва деди:
– Худо йўқ деб ўйлайман.
– Демак, бу сизнинг фикрингиз? – хотиржам савол берди Усмон.
– Биргина мен эмас, барча фан одамлари тўхтаган нуқта шу, – қатъий таъкидлади Элёр. – Фан худонинг борлиги ҳақида бирор материалистик далил топгани йўқ.
Усмон ва Элёр ўртасида шу тариқа баҳс бошланди.
– Олам фақат материалдан иборатми?
– Ҳа, албатта, олам материалдан иборат.
– Материал нима?
– Материал кўз кўрадиган, қўл ушлайдиган, ақл таҳлил қиладиган нарсалардир.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Йигирманчи боб. Майдонлар

“Ўшанда шайтон уларга (мушрикларга) қилаётган ишларини зийнатли қилиб кўрсатиб: “Бу кун одамлар ичида сизларга ғолиб келадигани йўқ. Мана, мен ёнингиздадирман!” – деди. Икки тўп (лашкарлар) тўқнашганда эса (шайтон) ортига чекиниб: “Мен сизлардан безорман. Мен сизлар кўрмаган нарсани кўраяпман. Мен Аллоҳдан қўрқаман. Аллоҳ жазоси қаттиқ зотдир”, – деди”.

Анфол сурасининг 48-ояти маъно таржимаси.

Дурбек бурнини рўмолча билан ушлаб ўтирибди. Эгнидаги кийимларига қон теккан. Атрофидагилар унга ачингандек, хайрихоҳдек қараяптилар. Аммо ҳеч ким уни ҳимоя қилиш ҳақида ўйламади, Усмоннинг қаршисига келиб, “Нима учун уни урдинг?” – демади.
Бугунги суҳбат боғ ўртасидаги стол атрофида кечди. Тўрга Байрамжон ўтирди. Унинг ўнг ёнидан Усмон жой олди. Қолганлар бирин-кетин ўз ўринларини эгаллашди. Бурнини рўмолча билан тўсган кўйи Дурбек ҳам Усмондан узоқроқ курсига чўкди.
Усмонда кўринмас ҳайбат пайдо бўлган эди. Унинг борлиги ўтирганларнинг тилига қулф осди. Енгилгина таомланишди, овқат вақти ҳеч ким сўзламади. Орада Козим, Лазиз ва Элёрлар ундан-бундан ҳазил отган бўлишди, аммо пайровни ҳеч ким олиб кетмади. Биз ҳам бу фурсатда даврада ўтирганлар билан танишиб олсак бўлади.
Байрамжон бизга таниш. Қолганларнинг ҳам қиёфаларини кўз олдингизга келтиришингиз учун таърифлаб ўтганмиз.
Аммо касбу кори, табиати, фикр ва дунёларини ёритмаган эдик. Одатда, ҳар қандай китобда ҳам муҳим бўлмаган қаҳрамонларга вақт ажратилмайди, сўзлар сарфланмайди. Лекин Козим, Лазиз, Элёр, Сафар ва Наврўзлар романимизнинг икки-уч бобида иштирок этадилар. Демак, китобхонда уларни бироз бўлса-да, билишга эҳтиёж бўлиши мумкин.
Козим ёшлар орасида тарқалаётган эркинлик тарафдорларидан. Шошилиб гапирадиган бу йигит доим нималарнидир уқтиришга тиришади. Вазиятдан ҳамиша норози. Ўз фикрини кескин ва ўзгача баён этгиса келади. Ичади. Ҳафтада бир кун унинг учун алкогол куни. Унинг нутқидан кўчирма келтирамиз: “Нормал одам ичиши керак. Ичиш – маданият. Нормал одам – мусиқа тинглаши керак. Мусиқа – маданият. Нормал одам секс қилиши керак. Секс – маданият. Нормал одам кино кўриши керак. Кино – маданият. Кинонинг қайси турини танлаш ихтиёрий. Порнофилмларга ақлдан озиб қараш онгсизлар иши. Сифатли ишланган порнофилмлар ҳам инсон эркини ифодалайдиган форматдир”.
Козимни дам олиш куни ақлли ҳолатда кўриш имконсиз. У якшанба тонгдан, албатта, Тошкентнинг қиммат алкогол дўконига боради. Унинг таърифига кўра ўта сифатли ичимликни майдалаб сипқоради. Кейин кўзини юмиб мусиқа тинглайди. Шу куни деярли овқатланмайди. Тушдан кейин ичкилик уни ухлатади. Шом вақти уйғонади. Яна ичади ва икки соатга яқин сакраб ўйнайди. Ўйнаб ҳоригач, олдиндан пули тўлангани учун ресторан ёки кафе ишчиси уни таксига чиқаради, манзилни тушунтиради. Киракаш Козимни унинг уйига – Себзордаги қўпқаватли тураржойга келтиради. Эшикни она очади. Она ҳам маданият соҳибаси бўлгани учун ўғлининг ҳолатини табиий қабул қилади. Беозоргина ухлаб ётган маст ўғилни бир амаллаб ётқизиб қўяди.
Дарвоқе, Козимнинг онаси онгидаги ва ҳаётидаги маданият шундайки, у ўзи истаган эркак билан дўстлаша олади. Дўстликнинг оқибатлари ҳақида сўйлаш тарбиямизга тўғри келмагани учун тийиламиз. Аммо у ғамхўр она сифатида ҳар якшанба шомдан сўнг уйида ўтиради. Борадиган театр, галареяларидан воз кечади. Учрашувларини бекор қилади. Уйида қаҳва қайнатади, катта телевизор қаршисида концерт ёки кино кўради. Телефон орқали дугоналари билан гап сотади. Янги чиққан бадиий китоблардан бирини олган бўлса, ўқийди. Ёки газета варақлайди. Уларнинг хонадонига, албатта, ҳар ҳафта ўрис тилидаги рўзномалар келиши керак. Ўзбек тилидаги нашрларни ёқтиришмайди. “Жуда примитив. Ўзбек газеталарини кўрсанг, дунёга абориген кўзи билан қараётгандек бўласан!” – бу Козимнинг онаси айтган гап. Козим эса сал бошқача айтади: “Ўзбек медиаси... адабиёти... театр ва киноси ҳомосапиенс ибтидосидаги тасаввурлар ифодасига ўхшайди”.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 19-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Икки ойлардан сўнг онахон халифа саройига бориш вақти етди деди. Чунки Дамашқда кўкламнинг ўртаси, бу вақтда мужоҳидларни жангга чорлаш, ҳарбийларни бир жойга тўплашнинг айни вақти экан. Ойгул бу фурсатга келиб комила бир муслимага айланди. Бир неча сураларни ёд олди, унинг барча саволларига мукаммал жавоблар Аллоҳнинг каломида бор экан.
Умуман, Ойгулни дин билан дийдори ҳақидаги қисса узоқ давом этиши мумкин. Унинг бу борадига ҳиссиётлари ва тасаввурлари қандай ўзгаргани ҳақида узоқ ёзиш мумкин. Китобхон ўз хаёлида осон гавдалантириши учун Ойгул динга қалбан тайёр эди, шунинг учун уни жуда тез ва осон ўзлаштирди деб айта оламиз.
Онахон Дамашқ томон йўл оларкан, Ойгул бу шаҳарни билмасди ҳали, яхшиликлар сўраб Аллоҳга дуо қилиб қолди. Онахон халифа билан учрашаман, уни Хористон халқини қутқаришга даъват қиламан деб кетаркан, Ойгул зулм бижғиган у ўлкага яна тез орада қайтажагини хаёлига келтирмаётган эди. Шундай бўлса-да, Ойгул учун бу кунлар омонат кўринар, ҳаммаси бирдан тугаб қоладигандек ич-ичидан бир хавотир потрайди.
– Дамашққа қадар мен ўн кун йўл босаман, қизим, халифа саройида уч кун тураман, унга барча ҳақиқатлардан хабар бераман, сўнг қайтаман, иншааАллоҳ, жами йигирма уч кун ўтиб қайтаман. Агар қайтмасам, ўрмон ичидаги йўлдан юрма, шунчаки шарқ тарафга қараб юр, яхши шаҳарлар, қишлоқлар бор, у ерларда муслималарни ўз аҳволига ташлаб қўймайдилар, яхши бир мусулмонга турмушга чиқ, агар омон қайтсам, сени ўзим топиб оламан, иншааАллоҳ, – деб тайинлади онахон.
– Сиз омон қайтмаслигингиз ҳам мумкинми? – ҳайрон савол берди Ойгул.
– Албатта, буни Роббимизнинг қадари дебдилар, ахир, – жавоб берди хотиржам ҳолда онахон.
Албатта, онахон халифа саройига етиб боради, биринчи куниёқ халифа қабулига кириши шартлигини айтади. Саройдан унга жой ҳозирлаб берадилар. У билан бир хонада ухлаган аёл онахондан ташриф сабабига қизиқади, нима учун халифа билан шитоб учрашмоқчи эканлигини сўрайди. Кампир сир бой бермайди. Иккинчи куни халифа онахонни пешиндан сўнг қабул қилади. Онахон халифа оиласига яқинлиги боис у билан ёлғиз қолади ва Хористон ҳақида сўйлайди. Ҳолбуки, халифа саройига Хористонни тутиб турган кучнинг жосуслари жойлашган. Уларнинг кимлигини деярли ҳеч ким билмайди, ҳатто, бу жосуслар бир-бирларини танимайдилар, шунчаки, улар Исломни қулатиш учун тишлашга қулай фурсат кутиб турган қайралаётган тишлар эди. Улар мужоҳид кампир йиллаб халифа саройига келмаслиги, халифа саройида тунамаслигини билишарди. Фавқуллодда кампирнинг келиши ва саройда тунаб қолгани уларни ташвишга солди. Ташвиш бекор эмас экан...
Халифа онахоннинг хабаридан сўнг дарҳол қўшинни оёққа турғазиб Хористон деган афсонавий ўлкага юриш қилиш ҳақида ўйлай бошлайди. Лекин шу тун ўтиб, тонг отганда онахон ўзи ётган хонада ўлик ҳолда топилади. Онахонга шерик бўлган канизак ҳам жонсиз эди.
Бу фурсатда бир неча қуролланган қотиллардан иборат гуруҳ онахоннинг маконига жадал йўлга отланди. Уларга Ойгул ва унинг боласини топиб қатл қилиш топширилган эди...”
Усмон китобни шу саҳифасига келганда ёпишга мажбур бўлди, чунки хуфтонни ўқиб, яна бир тунни уйқусиз ўтказди, китоб унинг уйқуларини ўғирлаб кетди, гўё. Усмон китоб унга ҳикоя қилаётган воқеалардан ақлини йўқотгудек эди, ҳарфлар ортидаги маънолар унинг тасаввурига кирар, онгида Хористон, бўғизланган гўдаклар, Ойгул, емирилган ғор ва шаҳид қилинган Онахон тирилиб, уни ўз оламларига тортар эдилар.
Усмон яна китобнинг давомини ўқишни истарди, лекин ундай бўлмади. Кундузи базўр ишлади, сўнг устози Тўхтамурод берган топшириқларни бажарди, кейин қотиб ухлаб қолди. У энди китобни яна келган жойидан давом эттиришни хоҳлаётган паллада Байрамжон уни яна чақириб келди. Бу сафар қўнғироқ ҳам қилмади, бу сафар кутилмаганда келди. Тўғри Усмоннинг ишхонасига кирди. Усмон ювиниб чиқиб, мутолаа иштиёқида эди, осмондан тушгандек қаршисида пайдо бўлган Байрамжонни кўриб ҳайрон қолди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ойгул кўзларини ерга қадаб кампирнинг ортидан эргашди. Кампир уларни катта хонага бошлаб кирди. Хонага кимхоб гиламлар, унинг устига қалин тўшаклар тўшалиб, парқут ёстиқлар қўйилган экан.
– Ўтир! Ўтир, болам, – деди кампир ва ўзи югуриб бошқа хонага чиқди. Тўшаклар жуда юмшоқ эди. Ойгулнинг оёқларидаги чарчоқлар гувиллаб ташқарига учди гўё.
Кампир патнис кўтариб кирди, патнис устида нон, олма, узум бор эди. Патнисни ерга қўйиб, билагидаги дастурхонни ёзди ва нонни ушатди:
– Ол, болам, – деди меҳрибонлик билан. Ойгул нонни тишлади, бутун вужудига шукур ҳузури ёйилди...
Ойгул ювиниб, покланди, боласини ҳам кампир билан бирга чўмилтирди, онахон берган кийимларни кийди, чақалоғига кўкрак тутиб беихтиёр кўзи уйқуга кетди...
Туш кўрди. Тушида оппоқ дунёдан яна қора дунёга қайтган эди: Ойгул Хористонда тентирар, ялангоёқ юриб: “Болам, болам! Чақалоғим! Денгизим!” – дер эди. Чор-атрофни зулмат қоплаб, қонларнинг чаккилаб томчилагани қулоққа чалинар экан. “Ўғлим!” – дер эди йиғлаб Ойгул. Шу чоғ: “Онажон! Онажон!” – деган гулдирак товуш келди. Бу Денгиз экан. Денгиз тоғдек бўлиб зулматни ёриб келар, қўлида қонли қилич, елкасида нурли камон бор экан. Денгизнинг босган ҳар одимидан нур порлаб, зулмат оловда куйган матодек ғойиб бўлар эмиш.
Ойгул терлаб уйғонди. Ўғли ҳамон оғзи сутга тўлиб уни эмаётган эди...
Ойгул тонг отмасдан кўзини очди. Энди унинг ҳуши, сезгилари теранлашди. Очлик ва хатар чекинди. У туш кўряптими, йўқми – ҳамон билмас эди. У Хористондан бўлак жой борлигидан, бу жой эса жуда чиройли ва гўзал эканидан ҳайратга чулғанди. Умрида бу қадар хотиржамлик билан ухламаган эди.
Аммо у бу ўлкада нима қилиши кераклигини билмади. Қандай яшайди? Нималар билан шуғулланиши керак? Ёки бу орол, ундаги уй, уйнинг соҳибаси бўлган нуроний онахон – уларга қандай хизмат кўрсатсин! Ойгул ақлини танибдики, конда эри билан ишлади. Ичида олтин қайнайдиган қозоннинг ўчоғига ўт қалади. Энди нима қилади? Ё кетиши керакми? Қаерга кетади? Қандай яшайди? Боласини қандай боқади?
У шу ўйларга кўмилиб қолди. Тўсатдан ақлига бир фикр насим каби эсди ва хавотирларини булут сингари тарқатиб юборди: “Нима учун қайғурасан, Ойгул? Нечун бу қадар ғам? Сени Хористон зулматидан боланг билан омон сақлаб, тоғнинг қоқ кўксини тешиб бу жаннатга келтирган Зот яна Сени Ўз паноҳида сақламайдими, ахир? Сабр қил ва ишларингни Унга топшир! Тадбир кўришга уринма, ўзингни бу балодан хотиржам қил!”
Шу пайт қўшни хонадан кампирнинг мулойим саси келди: “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм!.. Алҳамду лиллаҳи Роббил аъламийн!..”
Ойгул сесканиб кетди. Ўрнидан туриб хона эшиги олдига бориб мўралади. Кампир шамнинг ёруғида бир китобни очиб ўқир эди. Аёл қулоқ тутди. Унинг ақлига келмаган, умрида тингламаган калималар янграр эди онахоннинг лабларидан, Ойгулга ўта нотаниш бўлган бу Буюк Сўзлар у умрбод излаган ҳақиқат эканлигига шубҳа қилмади.
Кампир бир қанча вақт Китобни овоз чиқариб ўқиди ва сўнг ўрнидан туриб қўлларини елка баробар кўтарди, сўнг кўкрагига қўйиб, ерга нигоҳларини тикиб туриб қолди. Сўнг эгилди. Эгилган ҳолда ҳам бир неча сония тек қотди. Кейин қаддини ростлади ва мукка тушиб пешонасини ерга қўйди. Шу ҳаракатни бир неча марта такрорлаб, охирида ўтирди. Бир нарсаларни ўқиди, икки томонга бошини қаратиб нималардир деди...
Ойгул учун қадрдон ва таниш ҳаракат пешонани ерга қўймоқ эди... Ойгул бу ҳаракатнинг номини билмайди, лекин онахон ҳам у каби Унга – Оламларни Яратган Зотга илтижо қилаётганига, Унга сиғинаётганига амин бўлди.
Ойгул ва онахоннинг суҳбати энди узоқ давом этажак. Ҳали Ойгул ўзига келиши учун яна бир неча ой керак бўлади, бу орада Денгиз тоза ҳаволардан нафас олиб улғаяди, Онахон уларга парвона бўлади. Онахоннинг уйи ортида бир ҳовли бўлиб, унда ҳамма нарса битади. Ҳар ойда онахонга қайиқда егуликлар келтиришади, уларнинг кимлигини Ойгул билмайди, онахон ҳам келганларга Ойгулни танитмайди. Сездирмайди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Улар бу Йўлбошчи бир неъматлигини англасинлар ва бу Йўлбошчи учун берган бадалларини унутмасинлар! Бу иш замирига беркинган тўртинчи ҳикмат эса Сенга боғланган, эй Денгиз! Сен мана шундай хорлик ва пасткашлик, заифлик ва бечоралик чангалидаги халқ олдида бурчингни англа! Агар ортга чекинсанг, чақалоқларнинг бўғизлаб ташлангани оддий бир жазо бўлиб қолажак. Чунки жазодан сўнг ҳам кўзини очмаган қавм учун ундан даҳшатлироқ жазо ва оғриқлар юборилгай! Огоҳ бўл!
Бу сўзларнинг айтилиши учун ҳали йиллар бор.
Бу сўзларни тинглаши керак бўлган гўдак ҳамон ғор ичида. Ойгул ўзи жойлашган ковакдан чиқишга қўрқди. У гўдагини бағрига босиб ўтираверди. Золимлар ғорни тарк этгач ҳам маконидан пастга тушишга ҳадиксиради.
Ўзи ўтирган жойни ўрганди. Ғор ичидаги ғорнинг тўри нурабди! Ҳа, тош нураб қолган экан! Ойгул қўли билан тошларни кўчириб ола бошлади. Тошлар аввал пайраха, сўнг палахса-палахса бўлиб кўчди. Қирралари Ойгулнинг кафтини қонатди. Лекин эътибор бермади.
“Мен бу томондан чиқа олмайман, балки ғорнинг орқа томонидан бирор чиқиш йўлини топсам, не ажаб! Эй Оламларнинг Соҳиби! Эй ҳамма нарсани Яратган ягона Қудратли Зот! Сен менга йўл кўрсат!” – дер эди пичирлаб Ойгул.
Ойгул боласини излаш асносида Кимдан ёрдам сўраганини унутган эмас. Ўшанда жуда оғир тошни енгил силжитиб юборгани ёдида. Бу ҳолни қайта-қайта ўйлади ва унга таништирилмаган, лекин мавжуд бўлган Мутлақ Қудрат борлигига шубҳаси қолмади. У Мутлақ Қудратнинг исмини билмасди, аммо амин эдики, ҳар қандай ҳолда Ғолиб, ҳар қандай ҳолда Ёрдамга шай, ҳар бир ишини ҳикмат билан бажарадиган, ўта меҳрибон ва шафқатли бир Зот бор. Унинг қаерда эканлигини билиш имконсиз, балки у шу қадар Қудратли, Улуғ ва Олийки, бирор маконга эҳтиёж сезмагай! Ойгул шу ондан бошлаб Унинг нигоҳларини ҳис этиб турди. Унинг мададини кўрди. Ойгул бутун вужуди билан туйдики, У Ўз остонасига бош урган ҳеч кимни ноумид қилмайди. Ойгул У унга ҳамиша ёрдам бериб, йўл кўрсатиб, ҳар қандай балолардан қутқаришини ҳис этди ва бундан қалби шодликка тўлди. Ойгул Унинг ёрдами остида экан, ҳар бир ишини дадил ва қўрқмай қилиши шартлигини тушунди.
Бу ҳиссиёт, кутилмаганда аёлнинг қалбига уфуриб кирган инонч уни барча қайғудан халос қилди. У тошни бармоқлари билан ўйиб, кўчириб оларкан, ҳорғинлик туймади. Сал нарида жандага ўралган гўдагига қараб, у билан тезроқ қутулиб кетиши зарурлигини хаёлдан ўтказди, холос.
Тошларни кўчириш билан қанча вақт банд бўлди – буни Ойгул билмади, лекин кичик ковак ичидан қайсидир тарафга қараб ўйилган лахм ичида эди у. Ковакнинг ичи, оёқ ости пайраха-пайраха, палахса-палахса тошларга тўлди. Ойгул терлади. Нафас олиши қийинлашгандек бўлди. Ковакнинг оғзи ҳам тўсилай деб турибди. Гўдаги эса миқ этмай ухлаяпти. Қизиғи, ҳар-ҳар замонда кулади. Ҳа, чақалоқ кулади. Нима учун кулаётгани онаизорга номаълум, лекин у боласининг тирик эканидан шоду хуррам.
Ойгул Ўзига куч-қувват ато этаётган Зотга ўз таслимиятини, ташаккурини билдиришни истади. Буни қандай амалга оширишни билмас эди. Чунки бу таълим берилмаган уларга. Шундай бўлса-да, Ойгул Оламларни Яратган Зотга эгилиш билан қулликни изҳор этилишини туйди. Бошини Ерга қўйди ва қаршисида, шундоққини тепасида Унинг унга қараб турганлигини кўнглидан ўтказиб титраб кетди. Аммо У тасвир ва тасаввурга, таъриф ва тавсифга сиғмайдиган Зот! Ойгул ўзи сиғинаётган Зотнинг улуғлигини ақли англамаслигига иқрор бўлди ва ўзининг иши Унга бош эгиб яшашдан, имкони бўлса, Унинг амрларини бажариб умр ўтказишдан иборат эканлигини билди. Ойгул Унинг бирор амри ёки буйруғи бўлса, борлиғи билан адо этишга шай эди. Аммо Унинг амрларини қаердан топиш мумкин? Балки Унинг амрларини етказадиган кимдир бордир? Балки У бу ишни қиладиган элчи юборар! Юбориб ҳам бўлгандир!
Ойгул кўнглига келаётган бу хаёллар, бу ўйлардан ўзи ҳам ҳайратланиб кетди. Қўрқувга тушди. Шавқи ҳам зиёда бўлди шу онда. Бошини кўтариб, уваланиб бораётган деворга қўлини текизган эдики, қум бўлиб оёқлари остига сочилди.

Читать полностью…
Подписаться на канал