ilm_zakoti | Неотсортированное

Telegram-канал ilm_zakoti - ILM ZAKOTI

1088

Hayot haqiqatlari.

Подписаться на канал

ILM ZAKOTI

Тиз чўкканлар барчасини англаб етдилар. Шу онда қаср ичидан қора кийинган ва қўлларида яланғоч ханжар тутган юзлаб жаллодлар қаср саҳнига чиқиб келдилар ва ўн қадам-ўн қадам оралиқ масофа қолдириб чақалоқлар орасига турдилар. Оналар чидай олмадилар:
– Асло!
Тиз чўккан оломоннинг бир қисми ўрнидан туриб қасрга қараб отилди. Бир қисми эса Ҳукмдор томон югурди. Уларнинг устидан ўқлар ёмғири ёғди. Ҳеч бири манзилга етиб бора олмади. Барчаси йиқилди. Ердан гўё ўқлар ўсиб чиққандек бўли. Жаллодлар эса ханжарларини ишга туширдилар...
Бу воқеа баёни бениҳоя оғир. Уларни қай тил билан сўйламак мумкин? Буни ҳеч бир адиб уддалай олмас, эҳтимол. Янги туғилган гўдакларнинг барчаси бўғизлаб ташланди. Улардан оққан суюқ ва тиниқ қонлар ойна каби йилтираб ётган мармар устини қоплаб олди. Бегуноҳ чақалоқлар дунё лаззати ва оғриғидан, қўрқув ва даҳшатидан бехабар ҳолда ҳаёт билан хайрлашдилар. Айни онда уларнинг оналари ва оталари устидан ўқлар ёғилар, шу қадар кўп ўқ отилгани учун, ҳатто пайконлар шовқини қулоқни батанг қилди. Бир неча лаҳзада қаср саҳни ва қаср дарвозасининг олди қонларига беланган мурдалар билан тўлиб-тошди.
Бу ўлимларнинг барчаси бир гўдак топилмагани сабабли рўй берди, холос. Бу гўдак ғорда туғилди, бу гўдакнинг онаси Ойгул, отаси Денгиз, ўзининг ҳам исми Денгиз эди. У гўдак озодлик учун курашадиган буюк жангчи бўлиб улғайганида чақалоқлар қирғини ҳақида ўз устозидан тинглайди:
– Хористон халқи қулликка рози бўлди. Хористон халқи эрк нима эканлигини унутди. Хористон халқи зулмни қабул қилди. Уларга жазо берилди. Аслида, уларнинг туғилган барча чақалоқлари юз йилларки, ўлик эди. Уларнинг ўзлари гўдакларини ўлдирар эдилар, ихтиёрилари билан чақалоқларни бўғиб ўлдирар эдилар. Бу жисман эмас, маънан амалга ошадиган мудҳиш урф эди. Ота-оналар болаларини қул қилиб етиштирдилар, уларни доимо золимга итоат қилишга чорладилар, ўзини танишга, ҳур эканлигини билишга изн бермадилар, йўл қўймадилар, табиийки, бу билан туғилган чақалоқларнинг барчаси маънан ажал билан юзлашганлар. Зотан, қул бўлиб яшар экансан, ўз ҳаётингни ўзинг қуришга қодир эмас экансан, зулмга рози бўлиб, мазлум қўлида қўғирчоқ экансан, сенинг ўлик ва тириклигинг орасида фарқ қолмагай. Зотан, қул экансан, туғилиб бўғизландинг нимаю, етмиш йил ёхуд юз йил яшаб нафас олишни тўхтатдинг нима – ўртасида бирор фарқ йўқдир. Гўдаклар бўғизланиши пинҳон, онг ва шуурларига беркинган қулликнинг зоҳир бўлмоғи эди. Асл қулликнинг моддиятга эврилиб, қулларнинг юзига урилмоғи эди. Қуллар бу хорликка рози бўлардилар, балки! Ҳа, рози ҳам бўлганлар бор эди. Аммо Оламларни Яратган ва мукаммал идора этгувчи Зот инсон фитратига жойлаган ота-оналик ҳисси исён қилди. Инсоннинг нафси рози бўлган қулликка фитратнинг осийлиги эди бу. Шунинг учун оналар оёққа қалқдилар, шунинг учун улар ўқ ёмғирлар остида золимга қарата ҳайқириб отилдилар. Фош бўлиш қаршисида одам боласининг жим туриши ақлга сиғмас ишдир. Фош бўлиш ҳар кимни томирига қадар титроққа солажак! Бошқа бир ҳикмат қадарнинг бу дағдағаси ичига беркинмиш эди. Ҳар ненинг камолидан унинг заволи бошлангай. Бу иш зулмнинг чўққиси бўлди, зулмнинг такмили бўлди. Зотан, фаҳшга, хизматкорликка, калтак ва азобларга кўнган хористонликлар ўз жигаргўшалари кўз ўнгида сўйиб ташланишига ортиқ тоқат этмадилар. Зулм ҳам ҳаддан ошди ва золимлар ўз ишларини-да идрок этишдан ғофил бўлдилар. Улар пойларида ит каби югураётган қулларни истаганларича нимталаб, истаганларича кабоб қилиб еяжакмиз дея ўйлаб қолдилар. Улар зулмнинг чегараси борлигини фаромуш этдилар. Учинчи бир ҳикмат ҳам бор. Бу – бадалдир. Бадал икки томонлама берилди. Биринчиси хористонликлар ўзларининг қулликлари учун, хорликлари учун, Роббисини унутиб, бутларга топинганлари учун бадал тўладилар. Иккинчи бадал шу бўлдики, халқни озодликка олиб чиқажак йўлбошчи, нажоткор, халоскор бадалсиз орага кирмайди. У Оламлар Эгаси бўлган Роббимизнинг инсониятга туҳфасидир. Бу туҳфанинг қадрига етмоқ учун халқ шу қадар аччиқ изтиробларни яшасинки, бошига келган адолатли ва марҳаматли, жасоратли ва кучли Йўлбошчининг қадрига етсинлар.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн тўққизинчи боб. Қонли бадал

Одамлар: “Иймон келтирдик”, – дейишлари билангина синалмаган ҳолда қолдириладилар деб ўйладиларми?
Анкабут сурасининг 2-ояти маъно таржимаси

... Бу Хористон халқини ларзага солган воқеа бўлди. Ўлик каби яшаётган, Ҳукмдорнинг ҳар бир гапини ҳақиқат деб биладиган халқ рўй бераётган ҳодиса қаршисида оғир чайқалиб кетди. Жонини Ҳукмдорга тикиб, унга сажда қиладиган оломонга бу ҳадсизлик юракка санчилган найза каби таъсир қилди. Чунки бу ўлка тарихида ҳали янги туғилган чақалоқлар йиғиштириб кетилмаган эди.
Тонг. Ғира-шира ёруғ. Ўлка устидан қушлар чарх уриб ўтмаганига анча бўлган. Чумчуқлар чуғури, қалдирғочлар вижири, мусичалар кукуси, қумрилар куйи, булбуллар сайроғи эшитилмай қолган. Ҳатто, вужудларга лаззат берадиган саболар, димоғларни хушнуд айлайдиган ифорлар бегона. Аммо бу тонгда осмонни қора қузғунлар қоплади. Улар ғарбдан ёпирилиб келиб, фалакда чарх урар эди. Бу сокин уйқуда ётган хористонликларни даҳшатга солди. Улар бу қушлар ташрифидан ҳайратга ғарқ, балки ваҳшатга ғарқ бўлдилар.
Тонг ёришиб келарди, аммо Чиқишда қуёш кўринмади. Ҳар кунгидек оламни оқартириб келадиган офтобнинг юзларига булутлардан парда тортилган. Ёмғирдан сезимсиз бир задаликка тушган халқнинг бу ҳолдан хавотири зиёдалашди. Ҳеч ким бутун оламга туман каби иниб келаётган бу мудҳиш кайфиятнинг на сабабини, на манбасини билади!
Осмонни қузғунлар қоплади, қасрдан эса қоп-қора кийинган, бутун вужуди қора зирҳли совут билан ўралган, юзлари-да ниқобланган аскарлар ўлка бўйлаб шамолдек тарқалдилар. Қаср шу онда тубсиз қудуққа айландию, унинг ичидан чиқаётган қора навкарларнинг сўнгидан дарак йўқ эди.
Барча қора навкарлар пиёда бўлиб, белларига қилич осган, елкаларида камон, қўлларида найза билан бир хил қадам ва бир хил шиддат билан кўчалар бўйлаб тарқалдилар. Уларнинг юриш ва югуришлари кўрганни қўрқувга етаклайди. Бироздан сўнг уларнинг ортидан худди улар каби қорага бурканган, улар зирҳ эмас, шунчаки қоп-қора мато, қурол эмас, бўйниларига қора ноғоралар осган гуруҳ бурқсиб чиқди. Ҳа, тутун каби бурқсиди улар. Улар бир вақтда қулоқларни қоматга келтириб ноғораларни ура бошладилар. Ноғоралар саси телбаларча янграб, фалакка ваҳшат билан ун таратди. Бу мудҳиш товушдан қочиб кетиш ўрнига қузғунлар жазавага тушдилар. Улар қуюн шаклида шиддат билан учар эканлар, ноғораларга монанд қичқирар эдилар. Хористон мисли кўрилмаган даҳшатга чўкиб борарди. Одамлар уйларида, уйдан чиққанлари турган жойларида қотиб қолдилар. Ҳеч ким нима бўлаётганини англамас, англаш учун ақл ва ҳушлар ожиз эди.
Навкарлар уйларга бостириб киришни бошлашди. Улар учун уйлардаги ҳеч нарса қизиқ эмас, улар фақат гўдаклар ухлайдиган осма беланчакларни қидирар эдилар. Уларнинг бу ишлари асносида ноғорачилар ортидан қасрдан қоп-қора итлар галаси ташқарига қараб оқди. Итлар улиб, увиллаб бир-биридан ўзиб чопар экан, тишларини иржайтирар, аскарлар кирган хонадонларга ўзини отар эди. Одамлар ҳушларини йўқотдилар. Аёллар чап кўкракларини ушлаб йиқилдилар. Эркаклар бошларини чангаллаб ялпайиб ўтирдилар. Осмонда қузғунлар чинқириғи, ерда ноғоранинг таҳдиди, итларнинг ириллагани қоришиб кетди, бу даҳшатларни кўришни истамаган қуёш кўзларини беркитиб олгандек, бу ҳол эса кишилар қалбидаги умид ва ишончни батамом сидириб олди гўё. Қанийди, шу онда офтоб порласаю, кўзлар нурга тўлса, кўраётганлари туш каби ғойиб бўлса! Йўқ, оламни қўрғошин тус қучоқлади.
Аскарлар куни кеча туғилган гўдакларни тердилар. Чинқириб йиғлаган чақалоқларни олиб қора қопларига солдилар. Янги туғилган гўдак ҳиди уйлардан ташқари отилди. Оналар аскарларнинг оёқларига ёпишдилар. Аммо уларнинг айримлари чопиб ташланди, айримларига найзалар санчилди. Оталар эса заифликдан қалтириб қолдилар. Бўлаётган воқеаларга кўзларига ишонмай боққанларнинг кўзлари ёпилмас эди. Чунки кўз кўраётгани қаршисида музлади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 18-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Ҳаммамизнинг келиб чиқишимиз ҳар хил, – деди Элёр. – Масалан, мен татар оилада улғайдим. Онам татар, отам ўзбек. Аммо ажрашиб кетишган. Рус мактабда ўқиганман. Вазиятга жуда адекват қарайман. Сафар эса водийнинг боласи. У диний таълим олган. Тўғрими, Сафар?
– Албатта, намоз ўқишни ўрганганман, Қуръон ёдлаганман бироз, лекин мен доим толерант бўлишни истайман, – деди Сафар. – Жамиятда айрим қонунлар бўлиши керак, масалан, оила. Оила жуда муҳим.
– Ҳа, Сафар, сен Козимнинг чегарасиз муҳаббат концептига ҳам қаршисан! – деди Дурбек яна.
“Чегарасиз муҳаббат” деган таъриф исқирт муносабатлар ифодаси учун эди. Суҳбатдошлар шу тариқа ўз мавзуларида талашиб, тортишиб ўтиравердилар. Кимдир орада тамаки тутатди. Кимдир хожатхонага кетди.
Байрамжон бирдан тутақди.
“Қандай гап бўлди бу! Бир ўқимаган нодон менга дин деб нималарнидир роса валдиради. Мен эса гипноз бўлиб қолдим! Унинг таъсирига тушдим! Уят, Байрам. Уят! – деди ўзига ўзига ичида бақириб. – Оёқларинг юрмай, тилинг гапирмай қолди, уят! Ҳа, диндорларга гипнозчилик ўргатилади, чоғи. Ҳозир Усмон билан баҳслашаман дея миям толиқди. Дам олишим керак!”
– Оббо, фақат жинсий масалани кўтарасизлар-а! Диндорлардан фарқингиз йўқ бу борада, – деб гапга қўшилди бориб уларнинг даврасига ўтирган Байрамжон. – Уларнинг сайтига кирсанг ҳам, жинсий яқинлик одоблари деган мақола доим биринчи ўринда туради.
– Уни ҳам қўй, буни ҳам қўй, – деди Козим. – Иккита мусулмон кўришиб қолса, фақат хотинни кўпайтиришдан гапиради.
– Сенлар нимани гапиряпсанлар? – деди Байрам. – Қўйинглар бу мавзуларни. Ижтимоий, сиёсий муаммолар қолмадими?
– Қайси бирини гапирасан? – деди лоқайд Лазиз. – Буларнинг мияси қотиб қолган. Диктатор ҳам постни бўшатиш нияти йўқ.
– Бўшатмайди! Гаров ўйнайман, бўшатмайди! – деди Козим. – Ўлгунича ўтиради. Мана, кўрасанлар!
– Аммо қизини бир кечада қамагани жуда қизиқ бўлди, – деди Лазиз.
– Нимаси қизиқ?! – лабини бурди Дурбек. – Қизини ўйинчоқ қилишмоқчи эди, ўзбошимчалик қилиб у-бу қилиб юрган эди, шартта опкириб қўйди, тамом.
– Ҳа, чол ёмон, – деди Луиза. – Лекин биласизларми, қизи Ғарбга яқинлашишнинг яхши имконияти эди.
– Қарашларида прогерассивлик бор, албатта, – маъқуллади Элёр. – Аммо бу бизда омадсиз лойиҳа бўлади. Чунки сиёсий бошқарув кланлар қўлида. Аёлларнинг сиёсий иштирокини умуман исташмайди.
– Ҳамма муаммо шунда, ўртоқлар, – деди Дилдора. – Халқ ҳам, раҳбарият ҳам – барча аёлларга паст назар билан қарашади. Яшасин феминизм!
У шундай деб столга бошини қўйиб уйқусирай бошлади.
– Дугон, сен яхши гапларни гапирасану, суҳбатни тугатмай ухлаб қолишинг ёмон-да, – деди уни туртиб Луиза. Сўнг йигитларга қараб гапида давом этди. – Диктатор ҳам аёлларни менсимайди. Бирор аёл раҳбар йўқ. Бирор аёл вазир йўқ. Сиёсий муаммоларни ҳал қилишда аёллар фикри нолга тенг. Бунга йўл қўйиб бўлмайди, феминизм етишмаяпти. Ангела Меркелни қаранг! Германияга қандай хизмат қилди! Маргарет Тетчер аёлнинг нимага қодир эканлигини исботлади! Бизда ҳам аёллар ўз кучини кўрсатсин!
– Аёлларнинг сиёсий бошқарувга келиши кўзга кўринмас ҳукумат кучлари орасида мавқе топишига боғлиқ, – деди Элёр. – Бу алоҳида масала.
Байрамжон Усмон билан бўлган суҳбатни миясидан ҳайдашга қанча уринмасин, бунинг уддасидан чиқа олмади. Усмоннинг ҳали у жумласи, ҳали бу жумласи миясига келиб урилаверди. Кетма-кет тўрт финжон вискини бўшатди. Уни Дурбек кузатиб турган экан.
– Ҳой, профессор! Инсофинг борми? – деб унинг қўлидан финжонни тортиб олди. – Қани жиянинг? Тақводор жиянинг?
Байрам жавоб бериш ўрнига қусди. Қусиқлари кийимлари устига тўкилди. Сўнг чўккалаб қолди. Ўтирганлар кўплашиб уни қўлтиқлашди ва ичкарига олиб кириб тўшакка ётқизишди. Чиқишганида суҳбатгоҳда Луиза ва Дилдора ҳам бир-бирига суяниб ухлаётган эдилар.
... Усмон тун ярмига етганда ишхонасига кириб келди. Ётоққа чиқди. Хуфтонни базўр ўқиди, жуда ҳам чарчаб кетган эди, ётдию, қаттиқ уйқуга кетди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Инсон жисман ўлади ва ғайб оламига ўтади. Инсон учун бирор сир қолмайди у оламда. У барча нарсага гувоҳ бўлади. Ўнинчидан, У инсонлар ва жинларни, фаришталарни коинотни буткул йўқ қилиб юборгач, бир жойга тўплайди. Бу тўпланиш жойининг номи Ҳашр майдони, кун эса Ҳашр кунидир. Ҳашр кунини Маҳшар ҳам дейишади. Ҳашрда одамларнинг жисмлари ўз ҳолига қайтади, барча одамлар яланғоч ҳолда таналари билан тирилиб қабрлардан чиқарилади, уларга руҳлари, ақллари, кўнгил ва нафслари қайтариб берилади. Сўнг улар билан савол-жавоб бошланади. Дунёда қилган ишлари учун ҳисоб берганларидан сўнг бир гуруҳ инсонлар жаҳаннамга, бир гуруҳ инсонлар жаннатга кирадилар. Жаннатда дунёда чекилган азоблар ёддан чиқарилади. Жаннатнинг энг улуғ ва олий неъмати – Унинг Жамолидир. Ана шунга ишониб, кўнглига зарра қадар шубҳа қилмаган, Уни таниб, Унга муҳаббат қўйиб, Унга талпиниб, Унга итоат қилиб яшаган одамзод учун У абадий мукофот ва роҳатни ато қилади. Энг муҳим масалани ёдда тутмоқ керак – У коинотни ҳам, ғайбни ҳам йўқдан бор қилди, ҳеч нарса йўқ эди, Унинг Ўзи бор эди, У ирода қилди, ҳаммаси яралди. Яралган нарсалар ҳодисдир, фақат Унинг Ўзи қадимдир. У коинот билан бир эмас, коинот Ундан ташқари, лекин У бутун коинотни Ўз Қудрати билан қамраб, жиловлаб, кузатиб, билиб, бошқариб туради. У шу қадар Улуғ ва Буюкки, коинотга Унинг зарра қадар эҳтиёжи йўқ. Балки бутун коинот Унга эҳтиёжманд. У ҳеч кимнинг ибодати ва муҳаббатига муҳтож эмас, лекин барча қуллар Унинг инояти ва шафқатига муҳтож. Коинотни яратгани Унинг лутфидан, коинотни йўқ қилиб юбориши Унинг қаҳридан. Чексиз уммон олдида унинг бир мавжи – тўлқини қанчалик аҳамиятли? Биргина мавж борлиги ёки йўқлиги уммон учун қанчалик аҳамиятли? Билгинки, Унинг учун коинотнинг бору йўқлиги ундан ҳам аҳамиятсиздир. Лекин У лутф кўрсатиб, коинотни яратди, инсон учун жаннат ва жаҳаннамни барпо қилди. У Ўз лутфи, марҳамати билан одамзодга пайғамбар – элчиларни йўллади, Ўзининг борлигини эслатди, ҳатто, адашиб кетма дея илоҳий китоблар, хусусан, Қуръонни туширди. Инсониятга мактуб йўллади, эсингни йиғиб ол дея одамзоднинг аввали ва охири, уни кутиб турган келажак – истиқбол, яъни охират ҳақида ахборот жўнатди. Кимнинг кўнгли очиқ ва нурли бўлса, Унинг Сўзлари кириб боради, кимнинг қалби ёпиқ ва зулматда бўлса, Унинг Сўзлари кирмайди. Инсоннинг барча ҳаракатлари, хоҳишлари Унинг иродаси, хоҳишлари ичидадир, ҳеч бир ўй, туйғу, хаёл Унинг қудратидан, қамровидан ташқари эмас, Унинг изнисиз одам хаёлига бирор ўйни келтира олмайди. У ҳолда, инсон гуноҳи учун нега жавоб беради? Яхшиликлари учун нега мукофотланади? Бу Унинг ҳикмати, бу Унинг илмидаги ишлардир, бу ўринда инсон Унга ишониши лозим, Унга зарра қадар гумонсиз амин бўлиши, Унинг борлигини, Унинг пайғамбари ҳақлигини, У айтган ҳамма сўзларнинг мутлақ ростилигини тасдиқлаши, иқрор келтириши шарт. Айнан шу нарсаларга гувоҳлик бериши шарт. Бунинг номи иймон дейилади. Сўнг Унинг барча ҳукмларига, қазога ёзганларига, қазо асосида рўй беражак ҳар ҳодиса Унинг қадари эканлигига таслим бўлиши шарт. Унинг ҳукмларини зарра қадар оғишларсиз адо қилиши шарт. Бунинг номи Исломдир. Ислом деган сўз саломатлик демакдир. Саломатлик фақатгина Оламларни Яратган Унга таслим бўлиш билан қўлга киритилади. Унинг Ер юзига туширган қоидалари шариат, бу шарит эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шариати, чунки уни олиб келган зот, Башар фарзанди Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламдир. Исломда тўғри юриш ва яшаш учун Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга эргашиш фарздир. Мана бу менинг эътиқодим, бу менинг ҳаётим ва мамотимдир.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

У қандай худо бўлди? Мен эътиқод қиладиган худо эса ҳақиқий Худо. У Мавжуд! Балки Вужуд, балки ҳамма нарсани У Яратган! – деди Усмон қатъий овозда.
Байрамжон ўз ғоясини ортиқ ҳимоя қила олмай қолди. “Худо йўқ десам бўларкан! – деди ичидан ғижиниб. – Шунда енгар эдим бу ўқимаган хурофотчини!”
– Биласанми, Усмон, – деб сўз йўналишини ўзгартирди Байрамжон. – Мен айтаётган худо коинотнинг асоси, ўзидан катта нарсани яратиб, ўша нарсага кўчиб ўтадиган туганмас зотдир. У ҳамма нарсада акс этади. У йўқ бўлиб кетмайди. У ҳар лаҳза ўз тусини ўзгартириб туради. У зулм ва адолат ўрнини алмаштириб туради. Аслини олганда, у функция бажарувчи сифатида йўқ, аммо оламнинг ўзаги сифатида бор. У сабабли ихтиёрий танланиш содир бўлган, у сабабли коинот пайдо бўлган. Эртага коинот йўқ бўлса, яна бошқа шаклда ўзини намоён қилади бу худо. Инсон ҳам маймундан тарқалган. Табиий танланиш, эволюция жараёни ҳосиласи бу. Маймунларнинг энг тараққийлашган тури одам деб аталган биологик турга айланди. Одам ҳам эртага ўз хусусиятларини ўзгартириб маймунга қайтиши мумкин. Инсон истаса, одам ҳаётини, истаса, ҳайвон ҳаётини танлашга ҳақли. Бу унинг онгининг тақозосидир. Дин эса одамнинг онгсизлигидан келиб чиққан. Оламни англамагани учун қўрқиб, динни тўқиб олишган. Дин заифлар учун овунчоқ, холос.
– Сен овунчоқ деб билаётган дин мен учун ҳаёт ва мамот масаласидир, – деди Усмон аччиқланиб. – Чунки дин мутлақ ҳақиқатдир. Сен гапни айлантиряпсан. Коинотдаги ҳамма нарса аниқ ўлчов билан яратилган. Қандай қилиб бундай бўлиши мумкин? Оламнинг ўз Соҳиби, ўз Эгаси бор. У Аллоҳдир! У коинотни йўқдан бор қилди ва Уни идора қилиб, бошқариб туради. У инсонни ҳайвон эмас, Одам қилиб яратди. Одамни мукаррам қилди. Инсон чорва эмас, оддий биологик тур эмас, у мукаррам яратиқ. Аллоҳнинг Ердаги халифаси, Аллоҳга ибодат қиладиган зотдир инсон!
– Барча мусулмонлар такрорлайдиган одатий гап, – деди беписанд оҳангда Байрам.
– Чунки уларни айнан мана шу ғоя бирлаштиради, – деди Усмон. – Сен ўз тилингда эътиқодинг ҳақида тушунтириб бердинг, аммо у менга маъқул келмади. Менинг фикримча, у сафсата ва асоссиз хаёллар қоришмаси, холос.
– Балки Ислом ҳақида ана шу таърифни айтиш керакдир! – деди Байрам.
– Бу нарсага шошма, – деди Усмон. – Шошилма, оғайни. Суҳбатимизнинг бир қанча муҳим нуқталарини аниқлаб оламиз. Биринчиси нима мақсадда биз баҳслашмоқдамиз? Жавобингни такрорлай оласанми?
– Ҳа, мен сенга ҳақиқатни етказиб, хурофотдан қутқармоқчиман, – деди ишонч билан Байрам.
– Жуда яхши, мен сени васвасадан қутқармоқчи эмасман, балки ўз эътиқодимни, динимни сенга баён қиламан, сўнг куфрдан халос бўласанми, йўқми, билмайман, чунки ҳидоят Аллоҳдан, мен эса оддий етказувчиман, – деди Усмон. – Иккинчи савол: сен худо бор деб эътиқод қиласан, тўғрими? Лекин у ўзининг кимлигини ҳам билмайдиган, ўз тусини ўзгартириб турадиган худо. Шундайми?
– Шундай деса ҳам бўлади, аммо худо ўзини танийди, – деди Байрам.
– Қандай танийди? У коинотнинг асоси бўлса, дам бор бўлиб, дам йўқ бўлиб, ўз ҳаракатларининг йўналишидан бехабар бир нарса бўлса! – деди Усмон. – Аммо мен ишонган худо Сенинг худойингдан фарқ қилади. Биринчидан, У азалдан бор, бошланиши йўқ, ўз-ўзидан мавжуд.
– Қандай қилиб мавжуд бўлади ўз-ўзидан? – деб Усмоннинг гапини бўлди Байрам.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Усмон индамади. Юмшоқ стулга ястаниб, китобларни томоша қилгандек тутди ўзини.
Хизматчи аёл патнисда қаҳва, шоколад, бир литр сув ва тоза финжонларни келтириб стол устига қўйди ва чиқиб кетди. Байрамжон қаҳвадан ҳўплаб, Усмонга савол берди:
– Усмон, менга айтиб бера оласанми: сени нима мажбурлади Исломга кирмоқ учун? Нима учун куни кеча биз билан ўйин-кулгу қилаётган ва ҳаётнинг завқу шавқини сураётган ёш йигитча тўсатдан аскетга айланди? Аскетни биласанми, нима?
–Билмайман, нима у? – сўради Усмон.
– Зоҳид, тарки дунё қилган роҳиб, – тушунтирди Байрамжон. – Жуда ҳам қизиқ қандай қилиб сен диндор бўлиб қолдинг? Тоққа борибсан, қайтишда бошқа одам бўлибсан. Тоғда нималар бўлди, оғайни?
Усмон жавоб беришни истамаётган эди, бироқ қаршисидаги одам жавоб талаб қилмоқда, у Усмонни мот қилиб шодланмоқчи. Усмон шуни айтишга қарор қилди:
– Байрам, саволингга жавоб беришим учун бир нарсани билиб олишни истайман, – деди дона-дона қилиб. Байрамжоннинг наздида уйқусираб ўтирган одамдан бундай дадил ва кескин жумлаларни чиқиши ғайритабиий эди. Шу онда Байрамжон образдан чиқиб кетди. У комил ижтимоий шахс (унинг тилида айтсак, перфек социал персона) ролини унутди. Ичидаги кибри юзига гупириб чиқди.
– Сўра саволингни! – деди тунд товушда.
– Сен нима учун мени тергов қилаяпсан? – деди Усмон.
– Тергов? Қандай тергов? – тутақди Байрамжон. – Сени тергов қилаётганим йўқ. Сен билан суҳбатлашяпман.
– Суҳбатлашмаяпсан! – чўрт кесди Усмон. – Тергов қиляпсан! Камида баҳслашяпсан!
– Ҳа. Баҳслашмоқчиман, – тан олди Байрамжон. – Лекин тергов қилаётганим йўқ!
Тошкентнинг кўча болалари наздида терговчилик қилиш йигитга ярашмайдиган ишдир. Усмон Байрамга қарата мени тергов қиляпсан дея айб қўйиши ҳақиқатан кутилмаган ҳол бўлди. Байрам бу ҳужумдан бироз талмовсиради, лекин сездирмасликка тиришди. Усмон эса яна қизиқди:
– Нима учун баҳслашяпсан? Мақсадинг нима?
Байрамжон бу савол қаршисида ўйланишга мажбур бўлди, жавоби йўқлиги учун эмас, чунки жавоби бор. Бу жавобни қандай ифода этса экан? Шундай ифода этсаки, Усмон ғазабланмасин, ғазабланиб кетиб қолмасин.
– Сенга ҳақиқатларни англатмоқчиман, – деди ниҳоят Байрамжон. – Чунки сенинг кўзинг тиниб, бошинг айланмоқда. Хурофотга берилгансан. Сени дин балосидан қутқаришни истайман.
– Шундай де? – киноя қилди Усмон. – Мен эса бошқачароқ ўйлабман. Мен билан ўйин қиляпсан, диннинг устидан мазахлайсан деб ўйлабман. Чунки сенда динга нисбатан ҳурмат йўқ. Сен ҳақиқатни топиш учун эмас, баҳсда рақибни мот қилиш учун баҳслашасан. Сенга ҳақиқат керак эмас, сенга баҳсдаги ғалаба керак, холос.
Байрамжон сесканиб кетди. Ўзи билан ўзи курашга тушиб қолди бир неча сония. Ичидаги бир сас унга: “Ҳа, мен баҳсларда ғолиб бўлиш учунгина сўзлайман, мен енгилишни истамайман. Худо йўқ деб айтдимми, умрбод Худонинг йўқлигини исботлашим керак, аслида, Худонинг бор-йўқлиги менга қизиқ эмас!” – деди. Ҳа, моддий бир товуш билан келди сўзлар. Байрамжонга шундай туюлди.
– Асло! – деди Байрамжон шаҳд билан. – Менга кимнидир баҳсда енгиш қизиқ эмас, балки ўз суҳбатдошимга ҳақиқатни англатишни мақсад қилганман.
– Ҳақиқатни англатиш? – савол берди Усмон. – Сен ўзинг нима деб ўйлайсан: ҳақиқатни англадингми? Сен ҳақиқат деб айтаётган нарса чиндан ҳақиқатми? Аниқ ишонасанми?
Байрамжон эсанкиради. Ҳа, қўққисдан берилган савол уни эсанкиратди. Дарҳол ўзини қўлга олди.
– Албатта, ишонаман! – деди. – Нега ишонмас эканман? Менинг гапларим айни ҳақиқатдир!
– Буни қара-я! – кулди Усмон. – Қандай қилиб инсоннинг барча гаплари айни ҳақиқат бўла олсин? Одамзоднинг умри саксон, юз йилда тугайди. У оламнинг аввали ва охири ҳақида билмайди. Билмасдан ҳам ўтиб кетади. Кўзи кўриб турган нарсаларни билиб олса ҳам катта гап. Қандай қилиб одамзод барча ҳақиқатни баён қилиши мумкин?
– Мен барча ҳақиқат демадим! – деди Байрамжон. – Менинг эътиқодим, тамойилларим, гап-сўзларим ҳақиқат!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 17-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Ҳа, жамият ўлди, – деди Лазиз худди жамият юки унинг, ҳа, фақат унинг елкасига тушиб қолган одамдек хўрсиниб. Унинг бўйи баланд, юзи думалоқ, овози эса ғайритабиий чийиллаб чиқар эди. – Бу тузум одамларни роботлаштиряпти. Ҳеч ким фикрлашни истамайди. Фақат Европага кетиб жон сақлаш мумкин. Сиёсий ҳаракатлар таъқиқда, одамлар ҳам қўрқиб қолишган.
– Менинг фикримча, – сўзга аралашди қизлардан бири, уни Байрамжон Луиза деб таништирган эди. – Мамлакатлар тарихида диктаторлар ҳукмронлиги ҳам даврийликка эга. Яъни муайян давр давом этади, агар жамият сустлашса, кучаяди. Биздаги диктатура ҳам тугайди, ундан кейин юмшайди, албатта.
– Биз нима қилишимиз керак, дугон? – деди нозланиб Дилдора деган қиз. – Бутун дунё маза қилиб яшаяпти, ҳамма юксак фикр сари кетяпти, одамлар онг билан ҳаммасини ҳал қилишяпти, бизда эса жамият ҳамон қандайдир майда нарсаларга ўралашиб қолган.
– Биз нима қилишимиз керак, биласизларми? – деди Козим деган йигит. Унинг қоши қора, юзи думалоқ эди. – Қўрқувга тушмасликка ўрганишимиз керак.
– Қўрқувга тушмаслик муҳим! Ҳамма жойда муҳим! – деди Байрамжон. Худди зўр ҳазил бўлгандек ҳамма хохолади.
– Россияда Юрий Дуд деган влогер бор, – деди Дурбек. – Бир лойиҳа устида ишлаяпти экан. Аммо ҳали имкони етмаётган экан. Жиддий лойиҳа.
– Қандай лойиҳа экан? – сўради Сафар.
– Колима деган жойни эшитганмисизлар? Сталин даврида миллионлаб одамлар сақлашган у жойда. Жуда улкан лагер бўлган. Ўша жой ҳақида Колима қўрқувларимиз ватани деб ном қўйибди бу лойиҳага. Бизда ҳам бу лойиҳани одамларга етказиш имкони туғилиб қолар, – деди Дурбек.
– Аммо бир ишни қилиш керак, йигитлар, – деди Лазиз. – Ғарбдаги илғор фикрлар акс этган китобларни ўзбекчалаштиравериш лозим. Бир куни вақт келади – чоп қилиб тарқатамиз.
– Ҳа, албатта!
Суҳбатдошлар ўртасидаги столда ширинликлар бор эди, улар ширинликдан еб, сувдан ҳўплаб, суҳбатлашар эдилар. Даставвал, Усмонга бу гап-сўзлар жозиб туйилди. “Ақлли йигитлар экан”, – деб ўйлади. Ичидаги ғашлик тарқалди.
Шом тушиб қолган эди. Усмон ўрнидан турди. Байрамжон дарҳол унга қаради.
– Шом вақти кирди, ўқишим керак, – деди Усмон Байрамжоннинг қулоғига шивирлаб.
– Хўп, яхши, юр, – деди Байрамжон ва уни уйга бошлаб борди. Ичкарига кириб, хоналардан бирининг эшигини очиб: “Шу ерда ўқиб олишинг мумкин”, – деди. Хона бурчагида жойнамоз тахлаб қўйилган экан.
Усмон намоз ўқиб ташқарига чиқди. Ҳовли янада ажиб тус олибди. Чироқлар ёнган. Тўғри, ҳаммаёқ чиройли, ёруғ, аммо унга нимадир етишмас эди. Усмон даврага борди. Суҳбатгоҳга яқинлашаркан, димоғига ичкилик ҳиди урилди. Ҳа, энди стол устида пиво, коняк ва шампан ичимликлари пайдо бўлган эди. Усмон жойида туриб қолди. Қўлида бир бокал пивони кўтариб, унинг олдига Дурбек келди.
– Сиз намоз ўқийсизми, биродар? – деб савол берди.
– Ҳа, – деди беихтиёр пиво ҳидидан бурнини олиб қочиб Усмон.
– У ҳолда, биз гуноҳкорлар давраси сизга озор бермаса дейман! – деб хохолади Дурбек. – Кўнглингизга олманг гапларимни! Ҳазил, ҳазил! Энди инсонларнинг ҳаммаси гуноҳкор-ку! Динларнинг барчаси одамларни шундай қўрқитади-ку, ахир! Майли, жуда ҳам ақлли гапларимиз кўпайиб кетди, энди дам олайлик,ахир. Мияни бўшатайлик. Сиз ҳам келинг. Юзта-юзта олинг!
Усмон ундан ижирғанди, бу унга боғлиқ эмас эди ва хаёлига: “Мозий китобини ўқишим керак эди, қаерга келиб қолдим-а!” – деган ўй келди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Аслида, Байрамжонни қийнаган бу саволларнинг манбаи ҳасад эди. Унинг ўзи ҳасадни англамади. Байрамжон жамиятдаги мавқе, ҳокимиятдаги мансаб, қўлдаги моддият одамларни баҳолашда асосий мезон бўла олмаслигини тушунган. У инсон табиати, инсондаги қатъият ва ирода, жасорат, қўрқмаслик, мардлик чинакам ютуқ бўлишига аллақачон иқрор эди, шу боисдан бойиган, мансабда кўтарилган, жамиятда шов-шув бўлган одамларга сира ҳавас этмайди, лекин инсоний фазилатларда юксалган одамларга ҳасад қилади. “Нима учун у мард? Нима учун у кучли? Нима учун у иродали? Мен эмас?!” – деган катта сўроқ ичини тирнайди. “Мен ҳам ана шундай бўламан!” – деб китоб ўқишга тутинади, ўтириб тинимсиз ёзади, изланади.
Ҳозир Байрамжон Усмоннинг маънавий бўйи ундан ўсиб кетганлигини англади. Ҳис қилди. Усмоннинг руҳонияти қисқа фурсатда ундан ўзибди. Усмон, башарти, динсиз ҳолда шундай баландласа эди, Байрамжон бу қадар эзилмасди, у курашишни, керак бўлса, маънан синдиришни ният қилгани Ислом дини билан бир ғўр боланинг чинакам эркакка айланганини сира қабул қила олмаётган эди.
“Дин бу ишдан ожиз! Дин фақат жоҳилларни, онги қотиб қолганларни, радикалларни тарбиялайди. Ҳар бир диндор ичида бир радикал, террорист яширинган! Усмонда ҳам радикализм ва террорга симпатия уйғонган бўлиши керак!” – умид билан шундай ўйлади Байрамжон. Назарида, бир мусулмоннинг ҳаракатларида у тасбит этган террор, у тушунган радикализм кўринса, бу Исломнинг мағлубияти, унинг фикрича, пайғамбар Муҳаммад тузиб чиққан мукаммал программанинг хато ишлай бошлаганидир.
“Шошма, Байрамжон, шошма! – деди яна ўзига ўзи у. – Қаерга шошасан! Нима учун ўз тенгдошинг, ўз амакиваччангдан қўрқяпсан! Ҳа, қўрқяпсан! Бу, шунчаки, ниқоб бўлса керак. Одамлар ўзларини диндор, жиддий, масъулиятли, меҳнаткаш, самимий кўрсатишга уста бўладилар. Улар бу каби фазилатларни ниқоб ўлароқ кийиб оладилар. Балки Усмон ҳам шундай бўлса керак! Бошқача бўлиши мумкин эмас. Ақлга сиғмайди. Усмонни шундай жойларга олиб борайки, ниқоблари ечилиб кетсин, бу фазилатлари остига яширинган асл табиати юзага чиқсин!”
Байрамжон уста эди, ҳа, ичидаги бу пўртаналарни яширишга уста эди. Юзидаги табассум кетмади, тилидан ҳазил-ҳузул тушмади, Усмон ҳам бироздан сўнг бемалол суҳбатга киришиб кетди, болалигини, бўлган қизиқ воқеаларни эслади. Усмон гапираркан, Байрамжон уни маъқулларди. Маъқулларди, аммо амакиваччасининг юз ифодалари, қўл ҳаракатлари, ўзини тутиши ҳамон унга қизиқ кўринарди.
Улов Чорсуга борганида Усмон илтимос қилди:
– Байрам, оғайни, аср намозини ўқишим керак, масжидга кираман. Уловни тўхтатиб юбор.
– Хўп бўлади, бир оғиз сўзинг! – Байрам уловини уловтураргоҳга олиб кириб тўхтатди. Усмон кетди, у ер ости йўлидан ўтиб, Кўкалдош мадрасаси олдидан чиқди, зиналардан масжидга кўтарилди. Уни йўлнинг нариги бетидан кузатиб турган Байрам ҳам уловдан тушиб, ер ости йўлидан юрди. Ер ости йўлида ночор аёллар, йигитлар, ҳар хил одамлар ёйма ёйганлар. Ҳар хил майда-чуйдалар сотишади. Ер ости йўлидан чиқаверишда китоблар растаси. Китоб дўконлари қатори. Байрамжон шу дўконларга киришга қарор қилди.
Ичкарига кириши билан димоғига мушк анбар ифорлари урилди. Бу ифорлар жуда ўткир эди. Аср вақти бўлгани учун аксар сотувчилар масжидга кетишган, харидорлар ҳам сийрак. Байрамжон расталарга кўз ташлаб китобларни кўра бошлади.
“Дин тирикчилик воситаси, – деб ўйлади. – Одамларни диндан шу қадар қайтарсанг ҳам, қамасанг ҳам, динга оч қолгандек ёпишадилар. Диндорлар эса бундан фойдаланишади. Диний китобларни чиқариб сотишади. Савдо зўр юради. Оломон эса буни фаҳмламайди, сотиб олаверади, китобфуруш динфурушлар эса бойийверадилар. Мушк анбар, тасбиҳлар, жойнамозлар, қаламли Қуръонлар... Эҳҳе, савдо катта! Майда нарсалардек туюлади, лекин одамлар ютоқиб оладилар. Балки бунинг бир сабаби ўрнатилган диктатурада бўлса керак. Одамлар автократия босимидан толиқиб кетишган. Бутун жамиятни чеклов эгаллаган. Балки диннинг ичига кириб ўзларини енгил сезсалар керак. Ароқ ичиб инсон маст бўлгани каби дин инсон онгига мастлик берса керак.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Байрамжон яхши гапирди, келинойисига бўлган ҳурматини кўрсатиш учун намойишкорона, шошмасдан унга хизмат қилди: шарбат қуйиб берди, таомларни ўзи узатди, ўтиришдан аввал курсини ҳам тўғирлаб қўйди. Салқин шабада озорламасин деб аёлнинг елкасига ёпинчиқ ҳам ташлади. Албатта, у ёпинчиқни аёлнинг ўзи келтириб, қўлида ушлаб турган эди. Бироқ бу илтифотлар, ҳурматлар гарчи, келинойи учун ёқимли бўлса-да, кузатаётган кўзлар олдида ўзини таманно кўрсатиши учун шароит ҳозирлаган бўлса-да, унинг ичидаги ғамни буткул кўтариши мумкин эмас эди.
Келинойи деярли овқатланмади, ҳатто, мева шарбати ҳам ичмади. Оддий сувдан ҳўплаб ўтирди. Байрамжон муаммо ўзи кутганидан катта эканлигини билди, аммо нима эканлигига ақли етмади. Чунки у Усмоннинг “динга берилиб” кетгани ва уйидан кетиб қолгани ҳақида ҳали эшитмаган.
– Байрамжон, сизни боламдек биламан, – деб сўз бошлади келинойи ҳазин товушда. Албатта, ҳазинлиги ўта самимий эди, бироқ жамиятда комплементга ўрганган заифанинг табиати шу ҳазинлик ичига ҳам қандайдир артистизмни қориштириб юборар эди беихтиёр. – Сиз жуда ақллисиз, ўғилларимнинг бирортаси сизнинг ўндан бирингизга ўхшаса ҳам кошки, эди.
Бу пайтларда, яъни ўзига мақтовлар йўлланганида Байрамжон ич-ичидан севинарди, албатта, чеккан заҳматларим, олган илмларим беҳуда кетмаяпти, мана, одамлар мен улардан устун эканлигимни тан олишяпти деб ўйларди. Аммо одоб билан кўзларини ерга тикиб, мақтовга хайрихоҳлигини ўта сипо ҳолда изҳор қилади. Билинар-билинмас бошларини силкиди, бу ҳаракат ҳам жуда маданиятли ифода кўринади.
– Бошимга қийинчилик келди, – сўзида давом этди келинойи. Шу аснода рўмолчасини олиб, бурнини артди. Бу ундаги қайғуни янада бўрттирди ва айни чоқда ҳамсуҳбати унга янада кучлироқ эътибор қаратиши, албатта, ачинган ҳолда таскин сўзларини ҳозирлаб қўйиши учун бир хабарнома эди. – Усмоним диндор бўлиб қолди. Хурофотга чалинди!
Охирги бу икки жумла жуда чуқур ўксиниш билан янгради, балки бу келинойи билдиришни истаган андуҳнинг авж нуқтаси эди. Аммо Байрамжон бу фожиадан эсанкирамади. Жиддий туриб, қошларини уйди ва юзига катта ташвиш, айни пайтда ишончни жамлаб деди:
– Шу холосми? Сира ўйланманг. Унинг ёшида бу ҳолатлар жуда кўп учрайди. Туппа-тузук онгли одамлар ҳам Усмоннинг ёшида, менинг ёшимда шу каби психологик процессларни ўтказишган. Улар кейинчалик бу ҳолатдаги эмоцияларидан кулишади.
– Мен ҳам шундай ўйлардим, – деди келинойи. Энди у ўзини тутиб олди. Қаддини ғоз қилди. – Аммо Усмон уйдан кетиб қолди. Амакингиз ҳайдаб юборди. Бир ойдан ошиб кетди, келмаяпти болам. Орқасидан одам жўнатдим. Бир заводга жойлашибди. Лойга ботиб чинни қуйиб юрган эмиш. Савдойига ўхшаб қолибди. Эси оғиб масжидга чиқармиш. Илгари уйда ҳар куни соат ўнда уйғонадиган ўғлим ўзига жавр қилиб тонгда сўфи азон айтмай масжидга югураркан. Ҳеч ким билан гаплашмаскан. Ўзига ўзи пичирлаб юрармиш. Озиб кетибди. Агар ўз ҳолига ташлаб қўйсак, болам ҳалок бўлади. Мен эси кириб беш-ўн кунда қайтар дегандим. Иш жойи чанг эмиш. Устига устак маҳкумлар ҳам ишларкан. Ўша ерда лойга, чангга ботиб юрган экан. Умуман, уйга қайтиш, мендан, дадасидан узр сўраш хаёлида йўқ. Онги тўла дин билан заҳарланибди деб даҳшатдаман. Ўғлимни қутқарайлик!
Байрамжон ҳолатни тасаввур қилишга тиришди. Сўнг бунинг фойдаси йўқ, Усмон билан учрашгач, ҳаммасини таҳлил қиламан, англаб оламан деб ўйлади. Келинойисини овутди, айрим эмоционал ва мелонхоник одамларда диний таъсирланиш кучли бўлади, лекин ундан ғолиб келиш мумкин, бу иш билан, албатта, ўзим шуғулланман, ўзингизни эҳтиёт қилинг деди.
– Ичимдагини айта қолай, – деди хайрлашиш олди келинойи. – Ўзим динга жуда ҳам қарши эмасман. Намоз ўқиб юрса ҳам, майли. Рўза тутса ҳам, майли. Инсон заифлашган ҳолда бирор таянч истайди. Бу дин бўлади. Лекин ҳозир диндорларни қамаш кучайган. Болам қамалиб кетмаса дейман. Асосий қўрқувим шундан.
Байрамжон эса бошқача фикрда эди:

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

У шундай деб Усмоннинг юзига қаради. Байрамжон шу лаҳзаларда нимани ўйлади? Унинг хаёлидан қандай фикрлар кечди? У қаршисидаги йигит Усмон ва унинг амакиваччаси эканлигига ишона олмаётган эди. Унинг ичидан ҳайронлик тошди. Бир пайтлар тор кўйлаклар, тор шимлар киядиган, сочини минг хил усулга соладиган, елкаларидаги игна чизган расмларни кўз-кўз қиладиган олифта йўқ эди қаршисида ортиқ. Балки синиқ бир чеҳра, маъюс бир нигоҳ, озғин бир вужуд бор эди. Албатта, Байрамжон кабилар Усмонларнинг қалбини ўқий олмайди, бу қалбда тошган таслимият мавжларини кўриш ва ундан файз олиш неъматидан йироқ, шундай бўлса-да, Усмоннинг борлиғидан ёғиб турган ғайришуурий бир ҳайбатни у ҳис этди. У Усмонни қучоқларкан, Усмоннинг чеҳрасига тикиларкан, амакиваччасида пайдо бўлган, ақл бовар қилмас руҳоний бир қувватни идрок қилди. Ҳолбуки, у бу руҳоний қувватни таҳлил эта олмайди, шунчаки, худди бир гулзордан, қийғос гуллаган баҳорги боғдан енгил насим эсгандек, бу насим унинг юзларини, танасини силаб ўтгандек сезди ўзини. Насим кафтларидаги ифор унинг димоғларига сочилгандек бўлди. Бу ҳолатларнинг бари бир неча сония, йўқ, бир сония! Бир сония ҳам эмас, бир сониянинг ўндан бири қадар кичик бир лаҳзада содир бўлиб ўтди. Ўтдию кетди. Кетдию, унинг излари Байрамжоннинг руҳида билинар-билинмас қолди. Ҳозир йигит бу латиф руҳоний ҳодисани англайдиган ҳолда эмас, унинг бунга қурби ҳам, қуввати ҳам етмайди. Чунки у Усмоннинг қошига бошқа бир ният билан келган. У Усмонни диндорликнинг хурофот дунёсидан, ўз хаёлидаги маърифат оламига тортиб олиш учун, нажотга етаклаш учун келган. Байрамжон Тошкентдаги Вестминистр университетини тугаллаган. Ҳозир қаерда ишлайди – Усмон билмайди ҳам.
– Усмон, жигарим, оғайни. Озибсан! – деди Байрамжон. Бу сўзларни ҳам кўтаринки оҳангда сўйлади. Шундай. Байрамжон учун байрамона кайфиятда сўйламоқ – мажбурият. У ўз зиммасига ҳамиша шодон гапиришни олган. Одамларнинг қалби ғамгин, кўзлари мунгли, ўзининг дунёси қоронғу бўлса-да. Байрамжон кулиб туриши шарт. Унинг фикрича, бу куч, бу ирода. Байрамжон ишонадики, исталган вақтда ирода қуввати билан ҳамма нарсадан ғолиб бўлмоқ мумкин. У ишонадики, оламнинг асосида «Олий Онг» мавжуд. У «Олий Онг» инсонлар онгига бўлакланиб сочилган ва айни пайтда яхлит. «Олий Онг»га инсон интилиши, ўз онгини унга мувофиқлаштириш шарт, шунда одамдан қайғу кетади, қувонч уни тарк қилмайди. Ҳарқалай, у шундай эканига шубҳада эмас.
Байрамжоннинг наздида барча динлар тенгҳуқуқли. Барча динлар «Олий Онг» маҳсули. Инсонлар эса диндан ҳокимиятга эришиш қасдида фойдаланишади, диннинг радикал ва тажовузкор функцияларини ишлаб чиқадилар. Ҳа, айнан Байрамжон тилида ана шу сўзлар ишлатилади: “Диннинг радикал ва тажовузкор функциялари”. Жамиятнинг онгли вакиллари эса бу функцияларнинг ишлашига йўл қўйишлари мумкин эмас, акс ҳолда, санъатга, инсон ҳуқуқларига путур етади.
Байрамжоннинг тафаккур қилишича, инсон ўзининг биологик эҳтиёжларини қандай бўлмасин қондириши шарт. Керак, лозим эмас, айнан шарт. Инсон биологик эҳтиёжи қонганлигини онгли равишда тушуниб етсин. Бундан ташқари инсоннинг психологик эҳтиёжлари бор. Буни ҳам инсон қондирмоғи лозим. Биологик эҳтиёжларга лаббай дея жавоб берган одамнинг психологик муаммолари бўлмайди. Бу Байрамжоннинг фалсафаси. Психологик эҳтиёжлар санъат, театр, мусиқа, тасвирий санъат, ҳайкалтарошлик асарларини яратиш, уларни томоша қилиш, улардан завқланиш билан қондирилади. Шунингдек, бу орага динни ҳам киритиш мумкин. Бу «Олий Онг»га эргашмаган, онги ривожланмаган ва фикрлашдан эринчоқ қатламнинг танлови. Улар муаммо ва масалаларни мардона ҳал қилиш, фикрнинг аччиқ азобларига чидаш ўрнига шартта динга юзланишади ва дин билан чекланиб қоладилар. Улар санъатни ҳам осонгина рад этадилар, улар дин билан маст бўлишади. Шу сабабли жамиятда диннинг таъсирини камайтириш, одамларни санъатга ошно қилмоқ бирламчи вазифа. Мана шу қоидалар Байрамжоннинг ҳаёти давомида тўплаб келаётган қонунларидир. У мана шу қонунлар устига умрини қуришни истайди. Шу қонунларга ҳаммани даъват қилади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн еттинчи боб. Мужодала даҳаси

Бас, (эй Муҳаммад!) буюрилганингиздек тўғри бўлинг! Сиз билан бирга тавба қилганлар ҳам тўғри бўлсинлар! Ҳаддан ошиб кетмангиз (эй мўминлар)!

Ҳуд сурасининг 12-ояти маъно таржимаси.

Усмон бомдод намозини ўқиб қайтди. Ишга чиқди. Китоб хаёлини эгаллаб олди. Ғайриихтиёрий равишда ўзини қуллар ўлкасига тушиб қолгандек сезди. Ўзини Хористон аҳлидан дея фаҳмлади. Назарида, ғорда туғилган гўдак Хористон учун нажоткор эди.
Табиатан кам гапирадиган Усмон китобга шўнғиб кетгани учун иш пайти ҳеч ким билан ортиқча сўзлашмади. У қолипларга лойни қуйса-да, ишини пишиқ ва пухта якунлаб, мутолаани келган жойидан давом эттиришни истаётган эди. Аммо бугун унинг учун бошқача бўлади. Унинг бир ойдан ошиқ ҳеч ким йўқламади. Бугун меҳмон келадиган кун. Усмон буни билмайди, албатта.
У ўз режасини тугаллаб, ювиниб хонага шошиб келаркан, қўл телефони жиринглади. Қаради: амакисининг ўғли Байрамжон эди. Жавоб беришга иккиланди. Ўйлаб жавоб беришиим зарур деган тўхтамга келди.
– Ассалому алайкум, Байрам, – деди телефонни қулоғига тутиб. Байрамжон ҳазил-ҳузулга ўч йигит. Борган жойида ҳаммага хушкайфият бериш учун хохолаб кулади, ҳар бир гапга гап кийдиради, ўзи ҳам келишган йигит бўлгани учун бу ҳаракатлар унга жуда ярашади. Кўпчиликнинг наздида. Дид билан кийиниб, давраларнинг гули бўлган Байрамжон ва Усмон қалин бўлмаса-да, бироз яқин эдилар. Усмон Байрамжонни қариндош, амакивачча ва ақлли бир йигит деб билади. Илгари ҳам Байрамжон учун вақт ажратишдан оғринмаган. Байрамжон шўх, кайфу сафони севади, қизлар ва йигитлар орасида дўстлари кўп. У билан суҳбатлашса, Усмон доим мамнун бўлган, ҳозир ҳам Байрамжоннинг йўқлови уни хурсанд қилди.
– Ва алайкум ассалом, ошна! – деди одатдагидек шўх-шаън товушда Байрамжон. Усмон айни пайтда у қўлида уловининг калитини ўйнатиб турганлигини тасаввур қилди. – Нега кўринмайсан? Тарки дунё қилиб, охират йўлига ўтибсан деб эшитдим!
Байрамжоннинг бу каби ҳазиллари аввал Усмонга ёқиши мумкин эди, лекин қариндошининг бу ҳазили туйқус унинг устидан совуқ сув қуйиб юборгандек бўлди. Жим қолди беихтиёр.
– Нега индамайсан, ошна? Кайфиятинг, аҳволинг яхшими? – Байрамжон сўзида давом этди.
– Алҳамдулиллаҳ! – деди Усмон. Ҳа, Усмон Аллоҳга ҳамд айтди, лекин саси жуда ғамгин чиқди. Аччиқ ва изтиробли янгради бу сас. Ҳатто, билинар-билинмас шивир бўлди бу калима. Байрамжон шу чоққача ўз қариндошидан бу жумлани эшитмагани учун сесканиб кетди.
– Ие... Ие... – деди беихтиёр. Сўнг ўзини тутиб олди, чунки Байрамжон довдираши мумкин эмас, эсини йўқотиши мумкин эмас, у доим жиддий, жиддийликка қоришган шодлик соҳиби бўлиши керак. У ўзини ана шундай тасаввур қилади. Интилади. – Яхши, яхши, ошна! Сен билан бугун кўришмоқчиман. Манзилинг қаерда?
Усмон Байрамжон билан учрашсам бўлади деб ўйлади. Лекин хаёлидан китобни ўқий олмайманми бугун деган фикр кечди. Тунда жуда кам ухлагани учун кўзи ҳам ачишиб, бошида билинар-билинмас оғриқ ўйнаб турса-да, розилик берди. Манзилни айтди.
– Тамом! Етиб бораман! Йигирма дақиқа кутиб тур!
Усмон ўзи ювган ва дазмоллаган кийимларини кийди. Дарвоза томон Байрамжоннинг келиб қолишини тахмин қилиб бораверди. Корхона ҳовлисида, одатдагидек, маҳкумларнинг айримлари ишларини тугатиб тамаки тутатиб туришар, айримлари эса нард тошларини отар, айримлари эса шахмат доналарини сурар, айримлари эса чуқур ўйга ботган кўйи турар эди. Улар билан шунчаки салом-алик қилиб юргани учун ҳали ҳаётларига, ишларига, сўзларига деярлари тушунмасди. Текширув вақтлари тўпланганларида эса иложи борича улар томонга ўтмасликка ҳаракат қиларди. Чунки милиса формасини кийган ходимни кўрса, Усмоннинг ичида сабабсиз равишда хавотир уйғонади. Ҳолбуки, умрида улар билан деярли тўқнашмаган, бу ҳиссиёт қаердан келгани ўзига ҳам номаълум. Балки милисаларнинг шафқатсизлиги, кимни истаса, қамаб, қамоқ ичида аёвсиз калтаклашлари, мазлумлар оҳини эса ҳеч ким тингламаслиги ҳақидаги узунқулоқ ҳикоялар одамлар ичида беҳад кенг тарқалгани сабаблидир бу.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 16-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ойгул беихтиёр ҳеч бир таълим ва тадриссиз қалбининг тубидан: “Эй Оламларни Яратган Зот! Менга ёрдам бер!” – дея фарёд урди. У бу калима тилига қандай кўчди – билмайди. У бу сўзлар қалбига қандай келди – идрок этмайди. Бироқ бу нидо унинг кўнгли тубидан бамисоли кўзларини ёпган тошларни ёриб чиққан минг йиллик булоқ сувидек отиларкан, айтаётганларининг тўғри ва мутлақ ҳақ эканига зарра қадар шубҳа этмасди. У англардики, борлиғи билан туярдики, унинг илтижоси жавобсиз қолмагай!
Ойгулнинг бу фарёди ва бор кучи билан тошга тирмашгани бир бўлди – тош ўрнидан кўзғалди думалаб бориб ғорнинг деворига суянди. Онаизор кўзидан ёш шашқатор оқиб, мум каби эриган қалб билан тош устига чиқди ва гўдакни олиб бағрига босди. Чақалоқ ўзи учун оламдаги энг ҳароратли бағирни топгани заҳоти тинчланди ва кўкрак истаб лабларини жуфтлади. Ойгул гўдагига кўкракларини тутди ва эмиза бошлади. Бу умри давомида илк бора унинг гўдакка кўкрак тутиши эди.
Бир неча лаҳзадан сўнг ташқаридан шовқин кела бошлади. Отлиқлар овози, отлар кишнаши, сувлиқлар жаранглаши ғорга бениҳоя яқин эди. ойгул беркиниши кераклигини фаҳмлади. Дарҳол ўзини ғорнинг қоронғу бурчига урди. Ғор тубида конга кетадиган йўлнинг чап томонида яна бир кичик ғор бор эди. Унинг оғзи жуда тор бўлса-да, ичига уч-тўрт киши сиғарлик саҳн ястанган. Ойгул шу ғорга ўзини урди. Кўкрагидан келаётган сут гўдакка ором берди ва чақалоқ пишиллаб ухлаб қолди. Ғорнинг ичи илиқ экан. Шифтидан гўё нур ёғилади.
Қандайдир қушнинг қанот қоққани эшитилди. Одатда, Хористон аҳли қушларни ҳам кам кўради. Онда-сонда тоғда каптар, қарғага кўзлари тушмаса, бу қуллар ўлкасидан қушлар ҳам мангу бадар кетган эди, гўё. Аёл шошиб ғор оғзига қаради. Бир каптар келиб кириш жойига ўтириб олибди. Иккинчи каптар эса, унинг жуфти бўлса керак, тумшуғида чўп келтирар эди. Ўтирган каптар у чўпларни олиб ўз тагига гилам каби тўшай бошлади. Ойгул секин узоқроққа қаради: Ҳукмдорнинг отлиқлари ғорнинг ичини тўлдирибди. Ичкаридан ҳамма олиб чиқилмоқда эди. Одамларнинг барчаси лойга беланган. Деярли барча совуқдан қалтирар, оёқда зўрға турар эди. Улар яқин юз йилларда бу каби сув балосини кўрмаган эдилар, ахир. Сув ичида қолиш ва ёмғирдан сўнг эсган шамол ҳамманинг тинкасини қуритган эди. Лекин ҳукмдорнинг золим навкарларига, суворийларига бу ҳолнинг умуман таъсири йўқ, улар бошқа бир масалада ҳаммани йиққан эдилар.
Навкарларнинг саркардаси отда турар, у ҳам юзидаги ниқобини ечмай ҳаммага ўшқирар эди. Кон сардори унинг қаршисида қўл қовуштирди.
– Билмайман, улуғ Ҳукмдор номи билан қасам ичаман, билмайман, – деди кон сардори йиғламсираган товушда.
– Биласан! – бўкирди саркарда қўлидаги қиличини яланғоч ҳолда ҳавода ўйнатиб. – Бугун конда бир аёлнинг кўзи ёриган! У қаерда!
– Саркардам! – кон сардори ўзини отнинг туёқлари остига отди. – Ишонинг! Юкли аёлларни икки ой аввал ишдан озод қиламиз. Улар келиб ишлашмайди!
– Ишлаган! – деди қатъий туриб саркарда.
– Ахир, ишлаганига кимдир гувоҳ бўлганми? – деб савол беришга журъат қилди кон сардори.
Саркарда нима учундир жавоб бермади. Кейин тўнғиллади:
– Кеча барча ишчилар сувда қолиб кетган, – деди. – Ҳаммаси ўлган. Ёмғирда йўлларини йўқотишган. Йиқилишган. Шаҳардаги қудуқлардан сув тошиб чиқди. Хористон сув остида қолди. Осмондан қаттиқ жала ёғди. Одамлар уйларнинг томларига чиқиб жон сақладилар. Бирор гувоҳ йўқ!
Бундан кон сардори дадилланди.
– Демак, сизга нотўғри хабар беришган, шекилли, – деди. Ҳа, шундай деди-ю, саркарданинг қўлидаги қиличнинг ён томони унинг юзига келиб тушди. Бу зарбдан кон сардори икки қадам нарига бориб тушди. Юзини чангаллаб қолди. Балки жағи синиб кетгандир. Саркарда сўкинди ва навкарларга буюрди:
– Бутун конни титиб ташланг! Янги туққан хотин ва унинг боласини топинг! Уларни тириклай Ҳукмдоримиз ҳузурига етказишимиз шарт! Бу олий амр!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Бир соатга қолмай аскарлар Хористоннинг қоқ ўртасидан ўтган улкан йўлдан қасрга саф тортиб қайтдилар. Уларнинг барчаси елкасига қора қопларни елкалаган, қоплардан таралаётган гўдак ҳиди ҳаммани маст этгудек, аммо ноғоралар шовқини, итларнинг қутургудек бўлиб увиллаши, қузғунларнинг мастларча чарх уриши, одамларнинг ҳолсиз бўлиб йиғи ва фарёд этаётганлари бу вазият рангини янада фожиа тусига олиб кирди.
Бир фожиа ўн, ўн бўлса, юз, юз бўлса минг бўлиб юракларни қонга тўлдирди.
Чақалоқлар қаср саҳнига олиб кирилди. Қасрнинг саҳнига оппоқ мармарлар тўшалган. Бу мармарлар шу қадар текиски, инсон ялангоёқ қадам қўйса, ойна устига қадам қўйгандек сезади ўзини. Қоралар саф билан саҳнга кириб, қопларини бўшата бошладилар. Уларнинг ҳар бири қопдаги гўдакларни олиб ораларини бир қадам масофада қолдириб тердилар. Ўз вазифаларини бажаргач, қоралар қасрнинг томларига чиқдилар, қасрнинг атрофини девордек ўраб олдилар. Гўдакларнинг барчаси тирик, ҳеч нарсани тушунмай йиғлар, қўл ва оёқларини заиф кўтариб, инграр эдилар.
Ноғоралар саси ўчди. Итлар ҳам қасрнинг қайсидир бурчига олиб кириб кетилди. Осмондаги қузғунлар ҳам қаср қуллаларини тўлдириб қўндилар.
Аскарлар мингларча чақалоқларни олиб кетишаркан, халқ уларнинг ортидан бузиб юборилган тўғон оқими каби оқиб келиб қаср олдига тўпланган эди. Қаср томи устида, қаср дарвозаси атрофида саноқсиз қоралар қўлларида ёйларини ўқлаб, ялангоёқ, яланг бош, ялантўш оломонга пайконларни қаратдилар. Уларга буйруқ берувчи кўринмас, лекин барча ишларни бехато ва бир вақтда бажарар эдилар.
Оламдаги шовқин сўнгани заҳоти оломоннинг оҳу фарёди тинди. Ҳамма кимнидир кутар эди гўё. Лекин ҳеч ким билмайди – кимни ва нимани кутмоқдалар! Ғалати мавҳумият ва жимлик атроф-жавонибга ёйилиб, тошдек қотди. Аммо чақалоқларнинг саси бу тош сукунатни ўйиб қулоқларга сачрайди, уларнинг оналари шу саслар ичидан ўз жигаргўшасини ахтаради, уларнинг юраклари қафасга кўр қилиб қамалган қушдек ўзини кўкрак панжараларига питирлаб уради.
Ниҳоят қасрнинг ички дарвозалари гулдириб очилди. Ўта баҳайбат қоралар жуда баланд ва баҳайбат тахтиравонни елкаларида кўтариб чиқдилар. Тахтиравон кўланкаси қаср ташқарисига ҳам тушиб оломон елкасидан биров ургандек тиззалади. Тахтиравон нақ одамлар бошида тўхтади. Унинг пардаси бироз кўтарилди ва Ҳукмдорнинг ниқобли турқи кўринди. У ўз пойида узала тушиб ётган саноқсиз одамларни кўриб кўзларини юмиб ҳузурланди. Унинг ортидан келаётган коҳин эса олтинранг либосини ерга судраган кўйи саҳнга терилган мингларча чақалоқлар орасини кезар эди. У ниманидир излаётгандек! Ҳа, у айнан ғорда туғилган чақалоқни излаяпти. Лекин топа олмаётган эди. Унинг ҳаракатларига Ҳукмдор киприк қоқмай қараб турди. Чақалоқларнинг охиргисини ҳам текшириб чиққан коҳин тахтиравонга кўз ташлади ва Ҳукмдорнинг нигоҳини топиб: “Бу ерда бизнинг излаганимиз йўқ!” – ишорасини берди ва ўгирилиб қаср ичига кириб кетди.
– Қулларим! – деди Ҳукмдор. Унинг сасидан халойиқ титради. Бу сас жуда баланд эди. Гуриллаган эди. – Сизларнинг садоқатингизни синамоқ учун барча гўдакларни келтирдим. Сизлар ўз жонингизни, болаларингизни мен учун фидо қилишингизни биламан! Бугун ана шу саодат вақтидир!
Шу чоққача кўтарилмаган бошлар кўтарилди, ҳатто ерга қараб ҳам юмилиб олган кўзлар “ярқ” этиб очилди, бу оналарнинг кўзлари, оналарнинг бошлари эди. Улар Ҳукмдорнинг сўзларини эшитдилар, лекин англамсиз қолдилар.
– Болаларингдан тўкилган қирмизи гул каби алвон қонлар салтанатимиз бақоси учун улкан улушдир!
Оналар ичидан бири ўрнидан турдию ҳайқирди:
– Эй Ҳукмдор! Сен бизнинг чақалоқларимизни сўймоқчимисан?
Она сўровини айтиб улгурди, қаср тепасидаги камончилар отган ўнлаб ўқлар унинг кўксини тўлдирди, куракларидан тешиб чиқди, онаизор эса бўлак сас чиқаришга қуввати етмай оҳиста ерга йиқилди. Тиз чўкканлар титраб кетдилар.
– Ҳа! – Ҳукмдорнинг овози дарғазаб янгради. – Ҳаммангиз билиб қўйинг: бу чақалоқлар салтанат учун қурбон қилинажак!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 18-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Усмон эрталаб фажрга чиқди, сўнг қайтиши билан ишига киришди. Тўғри, тўрт соат ухлади, лекин жисми кучга тўлибди. Ўзининг кундалик ишини тугатди, пешинни ўқиб келиб, яна ухлагани ётди. У яхши дам олгач, мозий китобини ўқимоқчи эди. Асрдан сўнг катта соғинч ва қўмсаш билан китобни очди ва келган саҳифасидан ўқий бошлади:
“Семиз Ҳукмдорга ёмғирли кечада ғорда туғилган гўдакни топиб бора олмаслигига амин бўлди. Аммо Ҳукмдор коҳинлар гапига қаттиқ ишонади.
Саркарда Семизнинг қаршисида қўл қовуштириб турарди.
– Битта чақалоқни топиб келтир, – деди Семиз ниҳоят.
Саркарда итоат билан бошини силкитди-да чиқиб кетди. Семиз коҳинлар қароргоҳига борди.
Бош коҳин қасрнинг шимолий қисмида – Ернинг остига қурилган ҳужрасида ўтирган эди. Аслида, бу ерда бутун бошли яна бир қаср жойлашган. Турли ҳужралар, хоналар, уларда сеҳргарлар тинимсиз сеҳр билан машғул. Турли туман одамлар ҳавога, бўшлиққа қараб гапирадилар, уларнинг кўзларида қорачиқ кўринмайди, кўзлари оппоқ бўлиб қолган. Атрофларига олов ёқишади, қон сепишади. Ерга ётиб тутқаноқ тутгандек типирчилашади, гоҳида бақирадилар.
Бош коҳиннинг хонаси эса сокин. У ўз ҳужрасида қаршисига улкан тош ҳайкални қўйиб, унга сажда қилади, нималарнидир ўқийди. Гапиради. Семиз киришга изн сўраган эди, кирсин деди.
– Сизнинг башоратингиз Ҳукмдоримизни ҳаяжонга солди, – деди Семиз.
– Қайси башоратим? – ўсмоқчилади бош коҳин.
– Сиз ёмғирли тунда, ғорда бир гўдак туғилди дебсиз.
– Ҳа... Кейин-чи?
– Ўша гўдак Ҳукмдорнинг заволи эмас.
– Ҳукмдор шаънида бундай сўзни ишлатиш сиёсий жиноят эмасми? – деди коҳин.
Бу қўрқинчли гап эди. Лекин Семиз коҳиннинг ҳазиломуз ва беозор оҳангидан хотиржам бўлди.
– Албатта, шундай, аммо сиз айтган гап маъносини айтмоқдаман, – деб тушунтирди у. – Саркарда ва энг моҳирлар ғорни бориб титиб ташладилар, ҳолбуки, чақалоқ тугул унинг ҳиди ҳам топилмади.
– Ҳидлар! Исковуч итлар билан бордингларми? – сўради коҳин. Семиз ўйланиб қолди.
– Йўқ... – деди бўшашиб. – Итларни олиб боришмади.
–Уят! – деди ҳайқириб коҳин. – Бу ерда салтанат тақдири ҳал бўлмоқда. Сизларнинг ақлингиз қидирувга итларни олиб боришдан ҳам ожиз! Агар у гўдак топилмаса, ҳар бир гўдакни қиличдан ўтказамиз! Сиз вазиятни ўйин биляпсизми! Бу жиддий масала! Шу тунда туғилган ҳамма гўдакни эртага эрталаб қаср ҳовлисига олиб келиб ётқизинг. Оналаридан ажратиб олинг! Раҳм қилманг!
Коҳиннинг овози шиддатли ва қаҳрли янгради. Семиз қўрқиб кетди ва хўп бўлади дея ташқарига отилди. Коҳин ўта сирли шахс эди, Ҳукмдор ҳам ундан ўтказиб бирор сўз демайди, қаср мажлисларида коҳин умуман гапирмайди, у гапирса, фақат Ҳукмдор билан ёлғиз қолганда сўйлайдиган шахс эди. Унинг узун соқоли, ўликнинг башараси каби оппоқ афти, совуқ йилтирайдиган симобранг кўзлари қасрда ҳаммани даҳшатга солади...

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Усмон сўзини тугатди. Сўзини тугатдию, кўзлари тиниб кетди. Чунки у кеча тунда ухламаган эди, кун бўйи киприк қоқмади, бир неча соат ишлаган эди. Ҳозир эса сўзлар учун бутун вужудидаги кучни йиғиб сафарбар қилди. Усмон бу сўзлар учун тайёрланмади. Бу сўзларни тартиблаб олмади онгида. Аммо қаршисида динига ҳужум қилиб турган куфри ичидан ва сўзидан тошаётган касга жавоб айтишга мажбур эди. Саломиддиндан эшитганлари, гўрков устози Тўхтамуроддан олган таълими бу сўзлар учун пойдевор бўлгани рост, лекин жумлаларнинг бу тариқа ипга тизилган дур каби ифодалаши фақат Аллоҳнинг ёрдами билан рўй берди. Ҳа, шундай бўлди. Усмоннинг боши бироз айланди. Байрамжон эса қотиб қолган эди. У ҳали Ислом ва иймон ҳақида бу қадар тартибли ваъз тингламаган эди. У Усмоннинг сўзини бўлишга ва уни тўхтатишга қувват топа олмади. Аниқроғи, журъат эта олмай қолди. Ичига ғалати туғён, балки қўрқув туғёни кириб келди. Байрамжон ҳали бу туйғу билан юзлашмаган эди. қўққисдан унга ўз ишлари ва сўзлари ғалати ва мантиқсиз туюлди. Ўрнидан туриб кетди. Беихтиёр хонанинг у бурчидан бу бурчига бориб кела бошлади. Усмон унинг ҳолатини идрок этмади, фақат деди:
– Мен кетаман, Байрам, кеча ухлаганим йўқ, чарчаб кетяпман, бориб ухлашим керак.
– Бўлди, тамом, сени кузатиб қўяман, – деди Байрамжон. Унинг овозида ғайритабиий, ҳа, Байрамжон учун ўта ғайритабиий бўлган итоат сезилди.
Усмон таксига чиқди ва кетди. Байрамжон тушкунликка тушди. У гаранг одамдек ҳовлига қайтди. Эшитган сўзлари унинг оламини пўртанага солди. “Худо оламнинг асоси бўлган субстанциядир”, “Олам хамиртуриши бўлган бир зот бор, унинг номи худо” деган қонунлари совурилиб кетгандек бўлди.
Байрамжон Усмондан тинглаганларини миясидан қувиб чиқаришга интилди. Ҳовлининг ўртасидаги суҳбатгоҳда гап-сўз авжда.
– Инсон жинсий истакларини жиловламаслиги керак, – дер эди Дурбек каттариб келаётган қорнини олдинга янада чиқариш учун тиришгандек. – Масалан, мен Дилдорани кўрсам, хаёлимга у билан бирга бўлиш орзуси келади.
Ҳамма кулди. Байрамжон уларга яқинлашишни ҳам, яқинлашмасликни ҳам билмай бироз берида – тут дарахтининг ортида туриб қолди.
– Лекин менинг хоҳишим ҳисобга ўтадими? – деди Дилдор ҳам нозланиб.
– Албатта, жинсий ҳузурланиш такомилга етиши учун икки томон тола-толаси билан бир-бирига талпинмоғи шарт, – деди қўлида коняк тўла финжонни ушлаб Элёр. – Агар икки томондан бирортаси дискомфорт ҳис қилса, бу бахтиёрликни бермайди.
– Кечирасан, Дурбек, жоним, – деди кўз сузилиб Дилдора шампан виносини сипқориб олгач. – Сен жуда семизсан, юзинг териси ҳам дағал, кўзинг ҳам қисиқроқ, менинг табъимга мос келмайсан. Қиёфанг дидимни қондирмайди.
– Нима бўлибди?! – деди Дурбек ҳам худди бўш келмаётган одамдек. – Бошқа томондан қондира оламан.
– Фу, ҳайвонмисан, Дурик? – хафа бўлгандек бўлиб Луиза гапга аралашди. – Нима, сенингча аёллар фақат шу нарса учун эркакларни севадиларми?
– Унда нима учун? – деди Дурбек иршайиб. – Чиройли эркак бўлсаю, аммо қўлидан бир иш келмаса, чиройига нон ботириб ейсанми?
Дурбек ўз гапидан ўзи маст бўлиб хохолади. Қолганлар ҳам қўшилди.
– Сенинг қадриятларинг ва бизнинг қадриятларимиз ҳам мос келмайди, – маст бўлиб қолган Дилдора ўз фикрида давом этди. – Менга бўйи баланд, юзи оқ, кўзлари қора, қошлари ингичка йигитлар ёқади. Масалан, Лазиз менинг дидимга жуда ҳам манзур келади.
– О, Лазиз! – ҳамма Лазизга қараб хохолади яна.
– Бугун жуда очиладиган кунимиз эканми?! – деди Сафар сўзга аралашиб. – Менимча, оила маъқул. Оила қуриш керак.
– Оила кўп нарсани таъқиқлайди, дўстлар, – деб эътироз билдирди Козим. – Оила қурсанг, дискомфорт жинсий муносабатлар, чекланишлар... Исталган томонга қадам боса олмаслик. Қисқаси, бу жуда қийин.
Козим сал тутилиб, шошилиб гапирар эди. Аммо дўстлари унинг нутқига кўникиб кетишган.
– Кооозиммм! – деди Дурбек овозини чўзиб. – Сенинг бу қарашларинг хавфли! Айниқса, унга Сафар қўшилмайди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Сабр қил, бу менинг эътиқодим, – таъкидлади Усмон. – Иккинчидан, Унинг тенги ва ўхшаши йўқ, У – ягона! Шериги йўқ, Унга бирор ишда, сифатда, ҳукмда, илоҳликда шерик йўқ ва бўлиши мумкин эмас. Учинчидан, У оламнинг ягона яратувчиси, оламни яратмасдан аввал нималарни яратишини яхши билган. Коинотни яратгач, унинг ичидаги ҳар бир зарранинг ҳаракат йўналишини аниқ ва равшан ҳолда белгилаб қўйган. Яъни борлиқни бунёд этиб, ўз ҳолига ташлаб қўймаган. Тўртинчидан, У коинотда энг азиз зот қилиб Инсонни яратди, Инсонни фаришта ва жинлардан афзал қилди. Инсонни ва жинни Ўзига ибодат қилишлари учун яратди. Ибодатнинг моҳияти ҳақида бир-бирини тўлдирувчи икки фикр бор: биринчиси Уни таниш, иккинчиси Унга муҳаббат қилиш. Сўфийлар айтадиларки, Уни таниган инсон, албатта, Унга муҳаббат қўяди. Ибодат – муҳаббат изҳоридир. Бешинчидан, У коинотнинг тақдири, оламнинг ишини Ўзи билиб, ҳеч кимни шерик қилмаган ҳолда бошқаради. У оламнинг ишини битиб қўйган ва бу битикнинг номи қазо деб аталади, қазо битилган китоб эса лавҳул маҳфуздир, лавҳул маҳфузни Қуръонда У китабун мубин, яъни очиқ-ойдин китоб деб атаган. Олтинчидан, У бутун коинотни Ўзига ибодат қилишга, бўйсунишга буюрди, борлиқдаги ҳар бир зарра Унга итоат қилади, Уни улуғлаб эслайди, Унинг исмини тинимсиз такрорлайди. Қуёш бўлсин, юлдуз бўлсин, ўт-ўлану тоғу тош бўлсин, ҳайвону набодотлар, жонзоду жондорларнинг барчаси Унинг исмини айтиб туришади, у белгилаб берган дастур билан ҳаракатланади. Бирортаси У чизиб берган чизиқдан чиқиб кетмайдилар. Уларнинг ягона вазифаси – Унга итоат қилишдан иборат ва улар бу вазифасни айни буюрилгани каби адо қиладилар. Еттинчидан, инсонга ҳам бу вазифа юкланди, аммо У инсонга ақл, руҳ, кўнгил ва нафсни ато қилди. Ақл оламдаги ҳар бир нарсанинг моҳиятини тушунишга интилади. Руҳ Унинг сири, руҳ инсон жисми ичига жойлашган. Кўнгил ақл, руҳ ва руҳдан бошқа бир нарса бўлиб, айнан Уни таниш, Унга муҳаббат қўйиш кўнгилнинг ичидаги ишдир. Нафс эса ўзини устун тутадиган, барча истаклари амалга ошишини талаб қиладиган нарса. Инсон мана шу тўрт нарсанинг бир жисм ичига жамланишидан ҳосил бўлган яратиқдир. У ақлни Ўзини англашдан ожиз қилди. Ақл Унинг вужуди ва зотини билишдан маҳрум, агар ақл Унинг зоти ва вужуди ҳақида тафаккур қилса, адашади, шунинг учун ақлга таслим бўлиш буюрилган. Кўнгил эса Уни танийди, инсоннинг юзида жойлашган икки кўзидан ташқари кўнглининг ҳам кўзи бор, кўнгил ўз кўзи билан Уни танийди, Унга интилади, Унинг улуғлигини ҳис қилиб, титрайди. Руҳ тирикликдир, инсоннинг жони. Нафс Унга исён қилади. Инсон нафсни жиловлаб, кўнгилни Унга юзлантириб, ақлини керакли чегараларга қадар ишлатиб, танада руҳи бор экан, Унга ибодат қилиб яшамоғи шарт. Саккизинчидан, инсон Унинг зоти ва вужудини била олмайди, лекин коинотга назар солиб Унинг сифатларини кўради. Чунки Унинг сифатлари бор, бу сифатлар ҳақида хабар берувчи исмлари бор. Унинг тўқсон тўққиз исми ҳақида ҳадиси шарифда Унинг элчиси, бандаси, танланган ҳабиби Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам хабар берган, тўқсон тўққиз исмнинг ичида энг улуғ, энг буюк ва барча маъноларни қамраб олган бири бор. Биз Уни айнан шу исм билан атаймиз, шу исм билан Уни чақирамиз, шу исмни зикр қилган ҳолда Унинг қаршисида бошимизни саждага қўямиз. Бу исм, уни улуғлайдиган улуғ сўз, арабий таърифда айтсак, лафзи жалола – Аллоҳдир! Ҳа, унинг тўқсон тўққиз исми ҳақида хабар берилди, У ҳар қандай нуқсондан, у камол топишдан пок, чунки У азалдан ўз-ўзидан мавжуд экан, барча сифатлари Унинг Ўзи билан эди. У бирор сифатни янгидан Ўзига олгани йўқ. Ёки бирор сифатини йўқотиб ҳам қўйган эмас. Унинг сифатлари Унинг Зоти ва Вужуди билан бор. Коинотни яратиб, ўзининг Яратувчи сифатини кўрсатган бўлса-да, коинотни яратмаса, бу сифати ғойиб бўлмайди. Тўққизинчидан, У инсонлар кўзига кўриниб турган борлиқни яратди ва бу оламнинг номи зоҳир оламидир, чунки бу оламни инсоннинг жисмоний кўзлари идрок қила олади, лекин инсоннинг жисмоний кўзлари идрок қила олмайдиган оламни бунёд этди, у ғайб оламидир. Ғайб олами бу Арш, фаришталар олами, жаннат ва жаҳаннам оламидир. У инсон ўлганида унинг руҳини ғайб оламига олади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Жуда соз, сенинг эътиқодинг ҳақиқат экан, айт-чи, сенда қандай эътиқод бор? – сўради Усмон. Суҳбат тизгини Байрамжоннинг ихтиёридан чиқиб кетди. Унинг режасига кўра Усмон сўроққа тутилиши керак эди, лекин вазият аксинча тус олди. Байрамжон ўзи бошлаган бу мужодалада ғолиб бўлиш учун саволларга жавоб беришга мажбур.
– Менинг эътиқодим – инсоннинг чексиз эрки! – деди дадил. – Инсон эркига Худонинг амрлари соя солади. Дин деб тўқилган нарсалар инсон эркини бўғади. Шунинг учун мен Худо бор, аммо бу одамлар тўқиб олган худо эмас, балки инсониятни ўз ҳолига қўйиб, уларни қийнамайдиган худо деб ишонаман.
– Шу холосми? – деди Усмон.
– Ҳа, шу. Сизлар каби мураккаблаштиришга не ҳожат!
– Яхши, кел, Байрам, сенинг худойингни тафтиш қиламиз, – деб сўз бошлади Усмон. Унинг тафтиш қилиш ҳақидаги фикри Байрамга оғир ботди.
– Нега тафтиш қиларкансан? – деди беихтиёр.
– Ҳаққим йўқми? У беозор ва ҳеч ким билан иши бўлмаган бир худо бўлса, бемалол тафтиш қилаверамиз, – деди Усмон хотиржам. – Аммо бизнинг Роббимизни тафтиш қилиш мумкин эмас, чунки У Ўзини тафтиш қилганларни жазолайдиган Қудратли Зот! Шунинг учун сенинг худойинг билан шуғуллансак.
Байрамжон гезариб қолди. Лекин индай олмади. Усмон эса сокин оҳангда давом этди.
– Сен айтаётган худонинг вазифаси нима? Унинг қанчалик кераги бор сизларга?
– У оламнинг асоси, мояси, ўзаги, илдизидир, – деди Байрамжон. Унинг овозидаги қатъият билинар-билинмас дарз кетди. – У бўлмаса, олам, коинот бўлмайди.
– Ҳа, яхши, аммо у нима иш қилади? Аниқ бажарадиган иши борми? Ёки бизнинг ҳокимларга ўхшаб курсини иситиб ўтирадими фақат? – Усмоннинг саволлари тобора кескин ва аччиқ киноя билан тўлиб чиқа бошлади. Аммо унинг ўзи буни таҳлил қилмаётган эди.
– Худо – оламнинг жавҳари, субстанция, – деди бояги гапини такрорлаб Байрамжон. – У коинотни пайдо бўлишидаги ўзак.
– Саволимга ҳамон жавоб бермаяпсан, – деди Усмон. – Ўша худо нима билан машғул? Қандай ҳаракат қилади?
– У оламни яратади, – деди ниҳоят Байрамжон.
– Яхши, қандай қилиб яратади? – навбатдаги саволни берди Усмон.
– Шундай... Ўз-ўзидан коинот пайдо бўлади, – дудмал жавоб берди Байрамжон.
– Ўз-ўзидан коинот пайдо бўлса, худонинг нима кераги бор? – Усмон ўзини тута олмай кулиб юборди. – Ундан кўра айт: мен худога ишонмайман, коинот ўз-ўзидан пайдо бўлган деб.
– Ундай эмас, – деди негадир кучаниб Байрамжон. Унинг миясида тартиблаб, қуриб қўйган иморати қулаб тушди. У сочилиб кетган ўйларини йиға олмай гаранг бўлиб қолди. – Коинотнинг асоси – худо. У ўз-ўзидан ҳаракатланиб ётадиган асос, жавҳар, зот, субстанция.
– Яхши, у ҳолда, Байрам, оғайни, менга тушунтира оласанми – худо ва коинот битта нарсами сен учун ёки иккита алоҳида нарса? – Усмон бу саволларни ўйлаб, режалаб олмаган эди, шунчаки, Байрамжоннинг айтаётган гаплари бу саволларни чақираётган эди.
– Битта нарса деса ҳам бўлади, – деди Байрам. – Коинот худонинг ажралмас қисми.
– Унда бу иккисига иккита ном беришнинг нима кераги бор?
– Мана, қара, Усмон, – Байрамжон устма-уст саволлардан қизишиб кетди. – Уруғ ва дарахтга нима учун икки ном берилган?
– Ҳа, сен худони уруғ деб айтяпсанми? – деди Усмон ҳайрон бўлиб. – Дарахт ўсиб чиққандан кейин уруғдан асар қолмайди-ку?!
– Уруғ дарахтга айланиб кетади! – деди Байрамжон.
– Уруғ дарахтга айланиб кетса... Буни қара, Байрам, агар худони уруғ десак, коинот дарахт бўлса, худо ўзидан катта нарсани яратиб қўйибди-да! Астағфируллоҳ! Қўй бу гапларни, – деди Усмон. – Ақлга сиғадими шу гаплар? Боядан бери нима деётганингни билмайсан. Кўрдингми, миянгда ҳали эътиқоднинг “э” ҳарфи йўқ. Ўзинг айтаётган худонинг худо эканлигига ишонмайсан.
– Сен мени айблама, – деди Байрамжон. – Худо коинотга сингиб кетган. У коинотнинг ичида.
– Шундай бўлса, худонинг коинот ичидаги жиноятлар билан иши йўқми? У одамзоднинг зулму ваҳшатда яшаётгани билан қизиқмайдими? Мазлумларга шафқат ва нажот бермайдими?

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн саккизинчи боб. Нур ва зулмат

Дарҳақиқат, иблис уларнинг устидаги гумонини рўёбга чиқарди, бас, (улар) эргашдилар, фақат бир гуруҳ мўминларгина қолдилар.

Сабаъ сурасининг 20-ояти маъно таржимаси

Усмон кетиш учун дарвоза томон юрди, кўнглидан: “Байрамжонга айтиб қўйишим керак...” – деган ўй ўтди. “Айтганим билан не фойда?!” – деди яна бир хаёли. Шу пайт Байрамжоннинг овози эшитилди:
– Ҳа, Усмон, йўл бўлсин, оғайни?
– Кетаман, бу ер менинг жойим эмас, Байрам, – деди Усмон.
– Инсон ўзгарса шу қадар ҳам ўзгараркан! Қойил қолдим! – деди Байрамжон. – Ахир, оғайни, ўзинг бу каби давраларнинг гули эдинг-ку!
Усмоннинг қалбига ханжар ботгандек бўлди. У боядан бери ўзини шулар сафида кўрмаслик учун курашаётган эди ичида. Шу йилнинг бошида коняк, виски, вино ичиб, дискотекалардан чиқмай ўйнаб юргани ёдига келиб, қалбига олов кирган эди. Ўтмишини унутиш учун курашаётган эди Усмон. Ўтмиши хавфли бир махлуқ балки аждаҳо каби унга қараб ўт сочиб турибди гўё. Агар уни эсласа, домига тортиб кетадигандек!
– Байрам, мен Ислом билан яшамоқчиман! – деди Усмон кескин. – Энди бу давралар менга ёқмаяпти. Бу давралардан нафратланаман. Ароқдан, фаҳшдан, ибодатсизликдан нафратланаман. Мен Роббимга пок ҳолда, гуноҳлардан тавба қилган ҳолда йўлиқмоқчиман!
Байрамжон кулди.
– Қизиқмисан, Усмон! Ёшинг ҳали йигирма бешга тўлмаган, ўн гулингдан бир гулинг очилмаган. Ўзингни жаҳаннамга отишинг нимаси! Дин инсон руҳиятининг осойишталиги учун зарур. У ҳеч қачон одам ҳаётини ёки жамиятни бошқариш функциясини бажара олмайди, ахир. Сен одамларни ўз холига қўй. Одамларни эмас, ўзингни ўз холингга қўй. Ўзингни қийнама. Ўзингни нималардир билан чеклаб ҳато килма! – деди куйиниб.
– Сенинг динга маразинг борлигини биламан, – деди Усмон ҳам. – Лекин бу билан ҳеч нарсага эриша олмайсан. Дин мангу қолади. Аллоҳ таоло қиёматни ҳам дин куни деб атаган.
Байрамжонга Усмоннинг “маразинг бор” деган найза каби санчилди, буни билдирмасликка тиришса-да, қизишиб кетганини етарли даражада пардалай олмади.
– Усмон, кел, бир иш қиламиз, – деди юзлари бўғриқиб. – Сенинг тилингда айтсак, анави гуноҳкорларни ўз ҳолида қолдириб, яккама-якка суҳбатлашиб олсак. Юр, сени бир жойга таклиф қилай.
Усмон индамай Байрамжонга эргашди. Байрамжон амакиваччасини уйнинг хоналаридан бирига бошлади. Бу кутубхона эди. Кенг. Ёруғ. Олтинрангли нақшлар билан зийнатланган. Жавонлар меҳр билан ишланган: гул, қуёш, ой шаклида. Ўқиш учун столлар, юмшоқ стуллар. Тувакда табиий гуллар гуркираб ётибди.
Китобларнинг саноғи кўринмайди: барчаси қимматбаҳо. Қалин, юмшоқ муқовали китоблар, катта, кичик китоблар. Нақшинкор, эски, янги китоблар. Қомуслар. Журналлар. Инглиз, рус, араб тилида. Китобларнинг муқоваларига ҳар хил тилда номлари битилган. Усмон уларга бир қур назар солиб, бадиий, сиёсий, илмий китоблар эканлигини фаҳмлади. Хона ўртасидаги жавоннинг юқорисида Қуръон, Таврот, Инжил ва Забур турар эди. Инжилнинг пастки жавонда Инжилнинг бир қанча нусхалари. Илоҳий китоблар терилган қаторда эса Данте, Шекспир, Жон Локк, Зигмунд Фрейд, Эрих Фромм, Дилтей, Гадамер, Ҳуссерл каби Ғарб файласуф, ёзувчиларининг асарлари тахланган. Сал берида Карл Маркс, Фридрих Энгелс, Владимир Ленин, Томас Ман, Ҳайдегерларнинг ҳам китобларига кўз тушади. Айрим китоблар устида “Худонинг ўлими”, “Дин ва жамият”, “Инсон психологияси: онг ости ва маданият” каби сўзларни ўқиш мумкин.
– Кел, ўтир, – деб ўртадаги юмшоқ стулни кўрсатди Байрамжон. Усмон ўтирди. Ўртада оппоқ стол бўлиб, унинг устидаги гулдондан атиргул бўй таратиб турибди. Столнинг четидаги қизил тугмани Байрамжон босди. – Сен билан қизғин суҳбатлашаман деб умид қиламан, – деди қандайдир жанговар қиёфада. – Орада томоғимизни ҳўллаб турайлик.
Хизматчи аёл кирди. Семиз, сарғиш юзли аёл.
– Бизга қаҳва олиб келинг. Иккита. Сўнг шоколад. Ва совуқ сув ҳам олиб келинг. Шунчаки, тоза финжонлари билан, – дея унга амр берди Байрамжон. Аёл чиқиб кетгач, Усмонга қараб сохта хижолат бўлди: – Қаҳва ичармидинг? Сендан сўрамай айтиб юборавердим.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 17-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Шундай жамиятдаги босимлардан бир муддат холи қолсалар керак. Демак, одамларга эркинлик лозим. Улар санъатга қайтишлари шарт”.
Байрамжон бирорта китобни олмади, варақлаб ҳам кўрмади, фақат муқоваларни томоша қилди, хаёл билан дўконнинг чиқиш эшигига бориб қолди. Чиқиб масжид томонга юрди: “Усмон ҳам чиқса керак”.
Ҳа, Усмон чиқиб келаётган экан.
Байрамжон уловни Тошкентнинг энг гавжум, ёшлар севадиган дискотекасига ҳайдади. Усмон ниманидир сезгандек безовталанди. Байрамжон амакиваччасининг юзида кўринган бу аломатларни дарҳол пайқади. Аммо билдирмади. Усмон қаерга кетаётганларини аниқ билганидан сўнг деди:
– Мени дискотекага олиб келяпсанми, Байрам?
– Ҳа, бироз кўнгил ёз, – деди Байрамжон оддий қилиб.
– Қизиқмисан? – жаҳли чиқди Усмоннинг. – Мен дискотекаларни ёқтирмай қолганман. Бу ишингни қўй, бошқа ёққа ҳайда.
– Хўп, хўп! – деди Байрамжон. У амакиваччасидан шундай эътироз кутган эди, ҳар эҳтимолга қарши танишларини шаҳар четидаги катта ҳовлига чақирган эди. Танишлари ўз ўйларига кўра “уйғоқ”, “автократияга қарши”, “порлоқ фикр соҳиблари” эди. Байрамжон улар ичида, албатта, Усмон ўзини ноқулай ҳис қилади, баҳс бўлади деб ишонаётган эди. Бу баҳслар Усмон суяниб юрган диннинг заифлигини исботлаши лозим.
... Улов ҳовли дарвозаси қаршисида тўхтади. Дарвоза юқорига кўтарилди, ичкарига йўл очилди. Ҳовлидаги айвон остига бир неча уловлар қаторлашган.
Ҳовли ниҳоятда кенг. Кунчиқарга қараган ҳолда икки қаватли уй солинган. Бу уйга кирадиган эшиклар ҳам кўп экан. Усмон нечталигини санашга улгурмади. Ҳовлига чим ётқизилган, фавворалар отилиб турибди, чироқлар ўрнатилган, турли шаклларда гуллар экилган. Бир неча айвонли суҳбатгоҳлар кўзга ташланади. Уни рус тилида “Беседка” дейишади.
Усмон уловдан тушиши билан хохолаган овозларни эшитди. Суҳбатгоҳларнинг бирида бир гуруҳ йигит ва қизлар давра қуриб ўтирибди. Нималарнидир қизғин муҳокама қилишмоқда.
– Юр, дўстларим билан танишасан, – деди Байрамжон.
Усмон унга эргашди.
– Э, кел! Мана, Байрам келди! Энди байрам бўлади! – деди даврадагилар ичидан бўйи ўртадан баланд, кўзлари қийиқ, қорин қўйган, сочи калта олинган, юзи бироз чўтир йигит.
– Салом! Салом! – деди ҳаммага қўл кўтариб Байрамжон. – Битталаб сўрашиб юрмайлик. Кейин сўрашиб олаверамиз. Сизларга амакиваччам Усмонни таништирай.
– Усмон! Танишганимдан хурсандман! – деди ўша кўзи қийиқ қориндор.
– Таниш, Усмон, бу Дурбек, – деди даврага қўшилиб, ўриндиққа ўтиргач, Байрамжон Усмонга ўз ёнидан жой кўрсатиш асносида. – Ижтимоий тармоқда жуда фаол.
Усмон бош силкиб у билан танишган бўлди. Байрамжон эса даврадагиларни бирма-бир таништириб чиқа бошлади:
– Бу Сафар, – деди бўйи баланд, келишган, қалин сочли йигитни кўрсатиб Байрамжон. – Дипломатия университетида ўқийди. Бу Элёр. Фамилияси Остонов. Файласуф. Бу Козим, жуда фаол, бу Лазиз. Испанияда таълим оляпти. Бу Луиза, Москвада ўқийди. Бу Дилдора, Лондонда ўқийди. Мени танийсан, уларнинг ичида ўқимишлиси, ақллиси Байрамжон!
Байрамжон ўзига таъриф бераркан, овозига маҳорат билан юморни сингдирдики, унинг мақтаниши жуда беозор чиқди ва ҳамма кулди. Ўтирганлар Усмоннинг озғин жуссаси, ўйчан юзи, маъноли кўзларига боқиб, ўзларини бироз оғир сездилар, ҳа, Усмон даврага кириб ўтириши билан улар оғирлашдилар, тилларига кишан урилгандек бўлди, янги танишлари Усмон, Байрамжоннинг қариндоши, амакиваччаси Усмон уларнинг дунёсига мутлақо бегона эканлигидан уларнинг ичида нимадир тўлғаниб қолди. Усмон ҳам бу даврага қадам қўйиб, бирдан қоронғуликка киргандек бўлди. Лекин билдирмади. Келишга келди, энди сабр қилиши керак. Ўзи шундай ўйлади.
– Хуллас, муллаларнинг гапларидан одамнинг энсаси қотади, – деди Дурбек. – Мияси қуртлаб қолган уларнинг. Одамларни манипуляция қилишади. Дўзах билан қўрқитиб, жаннат билан алдаб.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Келинойижон, – деди жиддий оҳангда. – Қамоқдан кўра диний фанатик бўлиш ёмонроқ. Диний фанатик бўлишнинг давоси йўқ. Одамни қамоқдан чиқариб олса бўлади. Лекин диний фанатикни диндан қутқариб олиб бўлмайди. Мен Усмонни бу балодан қутқаришим керак.
Келинойи “Ҳа, майли” деб қўя қолди. Тўсатдан Байрамжон сўради:
– Кечирасиз, келинойи, Усмоннинг исмини ким қўйган?
Бу саволдан келинойи ҳайрон бўлди, ҳайрон бўлса-да, жавоб бўлса-да, жавоб берди:
– Амакингиз, дадаси қўйган исмини.
– Нега? Амаким динга қизиқмайди-ку!
– Ўша вақтлари амакингиз Абдували қори деганнинг фанати бўлган.
Байрамжон ниманидир тушунгандек бошини силкиди.
– Ҳа... Динга эҳтиёж психологик заифликдан, бу заифлик кўп ҳолларда ирсиятда кезади, ирсиятдан ўтади. Фан ҳаммасининг чорасини топган. Хавотирланманг.
Байрамжон уч кун Усмон билан учрашувга тайёрланди. Усмонни қандай чақириш ҳақида ўйлади, айтажак сўзларини хаёлига тизди, учрашганда ўзини қандай тутишини режалаштирди, сўнг амакиваччасини олиб борадиган кўнгилочар жойлар, учрашиши лозим бўлган инсон рўйхатини тузди. Лекин телефонда гаплашган ва Усмон билан кўришиб, қучоқлашиб сўрашганда кўрдики, масала у ўйлагандан кўра мураккаб ва қаршисида чинакам диндор турибди.
Байрамжон кўпинча тақлидчи мусулмонларни ўрганган эди. У ҳали Исломдаги тақлид ва кашф ҳақида билмасди. Билса-да, жиддий қарамаган. Усмоннинг қалбида диннинг асл моҳияти, Иймоннинг ҳикмати сари кашф уйғонгани унга қоронғу. Шу боис у бутун кучини Усмонни диндан узиб олишга сарфлаётган эди.
– Оғайни, ишингдан жавоб ол, – деди Байрамжон. – Балки икки-уч кунга изн оларсан. Ўртада тоққа чиқиб йўқолиб қолибсан. Энди эса тинимсиз ишлаяпсан экан. Ҳаммамизни лол қолдирдинг. Бироз дам олишинг керак.
Усмон йўқ дейишни истарди, лекин Байрамжоннинг кулиб турган юзи, балки қариндошлик ҳиссиёти уни йўқ дейиши учун йўл қўймади. “Тунда ухламаганман, ҳозир уйқум келяпти”, – дейиш эса унинг учун ҳамиятсизлик эди.
– Хўп, Байрам, – деди Усмон. – Мен ишхонамга кириб буни бошлиғимга айтиб чиқаман.
Усмон кириб кетди. Байрамжон эса ўзини ажабланишдан тўхтата олмас эди: “Шу Усмонми? Ахир, у жуда ўйинқароқ эди-ку! У менинг олдимга бола каби эди-ку! Тенгдошим бўлса-да, уни гўдак деб фаҳмлардим. Ундаги бу жиддият қаердан пайдо бўлди? Ундаги бу меҳнаткашлик қаердан келди? Наҳот, буларнинг барчаси диннинг таъсири бўлса?! Ҳа, бунга ажабланишнинг не ҳожати бор! Муҳаммад ҳам тарқоқ арабларни жуда катта харизма билан таъсирига олди-ку! Уларни итоат қилдирди-ку! Бу араблар эса қисқа фурсатда Ер юзини босиб олишди. Муҳаммад уларни дунёни эгаллаб олишга ишонтирган. Муҳаммад шу қадар жозибали ғояни одамларга баён қилган эканки, Усмон каби гўдаклар унинг асири бўлиб, бир зумда улғайиб қолмоқдалар! Миллиарддан ошиқ одам унинг йўлида ҳамон юрибдилар! Ҳа, Ислом концептининг мен ҳали англамаган номаълум жиҳатлари ҳам кўп кўринади. Буни янада чуқурроқ ўрганаман...”
Усмон чиқди. Байрамжон уни ўз уловига таклиф қилди. Йўлга отландилар.
Куёш оғиб, ёзнинг иссиқ тафти чекиниб, кечки салқинлик бошланди. Байрамжон Усмонни саволга тутиб, гапга солди. Соғлиги, оиласи, иши ҳақида сўради, у билардики, дин ҳақида савол бериши мумкин эмас, акс ҳолда, Усмоннинг кайфияти бузилиб қолади, дин айни вақтда қариндошининг заиф нуқтаси. Усмон ҳам бироз очилди, иши ҳақида гапириб берди.
– Чинни ясаш ҳам зўр экан, – деди чеҳраси ёришиб. – Қуйган пиёлаларинг печкага кириб пишиб чиқади. Инсон жуда ҳам шодланиб кетади. Оддий қора тупроқдан ясалади.
Байрамжон уни маъқуллаб кетса-да, қаршисида ўзи билган Усмон ўтирганини ҳамон ҳазм қила олмас эди. Унга Усмоннинг бу қадар улғайиши оғир ботди.
“Ўқимаган, олий маълум олмаган, қизларнинг севгилиси, йигитларнинг гули, ўйин-кулги бор жойда ҳозир бўлган Усмонми бу?! Ахир, қандай қилиб?!”

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Байрамжон буддавийлик, ҳиндуийлик, насронийлик, конфуцийлик ва Исломни тадқиқ қилган. Ўзининг фикрига кўра тадқиқ қилган. Оврупо шарқшунослари ёзган кўплаб китобларни ўқиган. Ҳар бир фикр қайси манбадан келиб чиқяпти, диндаги бирор ҳукмни қайси одам айтяпти, бу борада энг биринчи бўлиб ким гапирди деган саволларни кўндаланг қўйган. Назарида, динларнинг ичида энг тизимлашган ва мукаммал ишлангани Ислом дини бўлиб кўринди. Айниқса, мусулмонлар барча фикрларини Қуръон ва Ҳадисдан олишгани учун бўлса керак, ўзини аҳли сунна деб атайдиган оқимдагиларнинг қарашлари, ҳукмлари ва ибодатларида улкан фарқлар сезилмайди. Байрамжон мазҳабларни ҳам ўрганиб, улар ўртасидаги фарқларни ҳайратланарли даражада ўзаро мувофиқлигидан шошиб қолгани ҳақиқат. Кейин ўзига ўзи айтдики: “Ҳа, дин ичидаги қоидаларни «Олий Онг» йўналишида юриб ҳам ишлаб чиқса бўларкан, чунки «Олий Онг» оқимида зиддият йўқ, «Олий Онг» фақат бир тарафга қараб оқади ёки унинг ичидаги оқимлар жуда мутаносиб равишда ҳаракатланади”.
Байрамжонни энг ўйлантирган масала Исломнинг бошқарув қуввати бўлди. Бир ярим минг йил Ер юзининг жуда катта қисми мусулмонлар қўл остида яшаганлиги унинг учун қизиқ эди. Испания, Шимолий Африка, Кичик Осиё, Яқин Шарқ, Ўрта Шарқ, Жанубий Осиё, Марказий Осиё, Дашти Қипчоқ каби минтақаларда мусулмон сулолалар тизимли ва қатъий низом билан давлатларни идора қилишган. Ҳеч бир дин бу каби собит ва бардавом ҳокимият қувватини ўзида жамлаган эмас. Энг қизиғи, шу даврда санъатнинг, фаннинг барча йўналишларида тараққиёт кузатилган. Бу жумбоқ, ахир, дин ва «Олий Онг» ўртасидаги келишув бўлиши мумкин эмас-ку! Байрамжон бунга шундай ечим топди: “Ислом ҳукмронлик қилган даврлардаги санъат ва фан ютуқларининг барчаси динга бўлган исён ҳосиласидир!”
Лекин унинг бу ечими ҳам нураб қолди: чунки фаннинг қайси соҳасида ижод қилган мусулмон олими бўлмасин, сўзини, албатта, Аллоҳга мақтов ва Пайғамбарга саломлар йўллаб бошлаган. Улар бу ишни сиёсий босимлар сабабли қилганлар деса, жуда самимий кўринади. Устига устак, улар кўп ўринларда Қуръон оятлари ва пайғамбар сўзларини асос сифатида кўрсатишадики, Байрамжон ҳали бу масалаларнинг ҳақиқатига етиб бормади. Шундай бўлса-да, Байрамжон замонавий дунё учун, глобал хавфсизлик ва глобал маданият учун жиловланмаган Исломни катта хатар деб кўради. Айниқса, у кейинги йилларда Ер юзида кечаётган ғоявий ҳамда маънавий ўзгаришларни таҳлил қиларкан, Исломнинг таъсири одамлар орасида кучайиб бораётганини кўряпти. У бу ҳодисани “Исломнинг горизонтал уйғониши” деб атади.
Ҳа, сездингиз – Байрамжоннинг бу каби фикр ва ёндашувлари бир-икки кун ёки тўрт йиллик талабалик даври маҳсули эмас, у айнан шу масалада изланади. Илмий иш олиб боради. Ўз хулосалари ва тадқиқотларини пайдар-пай эълон қилади.
Байрамжон ёш эди, бироқ ёш эканлигига қарамай жуда меҳнаткаш. Хотираси ҳам кучли, зеҳни ўткир, уч кун олдин келинойиси, яъни Усмоннинг онаси Байрамжонни йўқлаб қўнғироқ қилди. Одатда, овсинлар орасида кўринмас девор бор, буни Байрамжон сезган, аммо ўз тамойилларига кўра келинойиси билан жуда ҳам яхши муомала қилади.
– Байрамжон, – деди келинойиси маҳзун овозда. – Сизга ишим тушди. Учрашмасак, бўлмайди. Кўнгилни ёзадиган яхши жой топинг. Бораман. Маслаҳатингиз зарур.
– Хўп бўлади, – деди дарҳол Байрамжон. Сўнг Тошкентни кесиб ўтган Бўзсув ёқасига қурилган муҳташам, айни пайтда содда бир ресторандан икки кишилик жойни банд қилди. Келинойиси келди. Анҳорнинг суви шундоққина оёқлар тагидан оқади. Толларнинг соч каби сочилган шохлари, ундаги майда барглар, салқинлик кишининг баҳри дилини очади.
Байрамжон келинойисига назар солди. У бу аёлни кучли аёл деб билади. Ўз кўнглида эҳтиром қилади. Анчадан буён амакисини ҳам, келинойисини ҳам, амакиваччаси Усмонни йўқламай қўйган эди. Байрамжон келинойисининг сўниб қолганидан ҳайратга тушди. Чеҳрасига сурилган қимматли упалар, лабларни беркитган машҳур лаббўёқлар, танани қамраб олган беҳад нафис либослар, сочни чиройли шаклга келтирган турмаклар аёлнинг ботинига ўрнашган қандайдир қайғуни беркитишдан ожиз эди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Дарвоза томон юраркан, Усмон маҳкумларнинг суҳбатлари қулоқларига кириб келишига тўсқинлик қила олмасди, табиий.
– Биродарларга давление кучайган, – деди бири иккинчисига. – Кислородни бўғишяпти.
– Қама-қама ҳам кўпайган, – деди униси ташвишга тушиб. – Шу қадар кўп одамларни қамаяптиларки, худди кўчада кўринганни ушлаб босиб келишяпти деб ўйлайсан.
– Сен билан мен қисиб юрганимиз маъқул, – биринчиси тамакини чуқур тортди. – Колонкада ҳам харчни тўхтатишмаяпти. Топганимизни ментларга беришимиз керак бўляпти.
– Казёлларнинг куни туғди, – иккинчиси чекиб тугатган тамакиси қолдиғини оёғи остига ташлаб, эзғилади. – Кўпайиб кетди булар.
– Одамни одамдан фарқлаб бўлмаяпти, – биринчиси ўзининг яқинида турган ўриндиққа чўкди. Уларнинг суҳбатларини тинглаб, ўзим билмаган ҳолда тўхтаб қолдим. – Туппа-тузук одамлар гапларингни обориб тикка сотяпти.
– Зоналар қораярмикин? – иккинчиси умид билан савол берди.
– Қора?! – биринчисининг пешонаси тиришди. – Нима деганинг бу? Кўриб турибмиз-ку қорайганини! Зарафшонда Нозим Бухариский қилаётган ишлар воровскойга тўғри келадими? Жаслиқда-чи? Воровскойдан фақат феня қолди, холос!
– Қўйсанг-чи, бирортаси эшитиб қолса, соответсвует қил деб қолади, – иккинчиси уни тинчлантиришга тиришди.
– Ака, ўзинг ўйла! – биринчиси тутақиб кетди росмана. Шундай бўлса-да, овозини баландлата олмади. – Мен ҳам ўқидим, сен ҳам ўқидинг. Нима учун қамашди бизни?! Нима учун ит азобини тортдик? Нима учун яна бундай юрибмиз? Қачонгача давом этади бу?!
– Йиғлама, – акаси уни жеркиб берди. – Хотинчалиш бўлиб қолдингми? Сабр қил, яқинда срок тугайди, чиқамиз-кетамиз.
– Чидаб бўлмаяпти, ака, чидаб бўлмаяпти! – укасининг қалби чиндан дардли эди. – Бу пасткашларни қара! Топганингни тортиб олади! Истаганча ишлатади! Фақат казёллар яшаяпти!
– Жим бўл! Жим бўл дедим! – акаси кўзларини олайтирди. – Яна гапирсанг, уриб ўлдираман. Аҳмоқ, ўлгинг келяптими! Қамоқда чиришни истайсанми!
Укаси жим бўлди.
– Бир жойга келиб қолганимиз учун Худога шукур қилсанг-чи, галварс! – акаси шу билан гапини тугатиб ичкарига кириб кетди. Ука эса ўриндиқда ўтириб асабийлашди ва яна тамаки олиб тутатди.
Усмон қотиб қолди. Умрида илк бор бу сўзларни тинглади. Мияси музлаб қолди. Уйқусизлик сабабли бўлса керак, боши айланарди, бу суҳбат хотирасига аччиқ изғирин каби учиб кириб, Усмонни титратди. Дарвозадан ташқари чиқди, ичида уйғонган саволларга жавоб керак эди. Аммо жавобни қаердан олади?
“Ахир, мен қаерда яшаяпман?!” – Усмоннинг дунёсини бу савол ларзага солди.
– Усмон! – ўз исмини эшитиб чўчиб кетди. Дарвоза олдида қимматбаҳо хориж улови – БМВдан Байрамжон тушиб келар эди. Байрамжон қулочини ёйиб келиб, Усмонни бағрига босди. – Оғайни! Озибсан! Яхшигина озибсан!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 16-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Навкарлар ҳар томонга тарқаб кетдилар. Саркарданинг ўзи эса бироз турди-да, тўғри Ойгул беркинган ғор тарафга қараб юрди. У бир инсон сиғиши мумкин бўлган кичик туйнукка узоқ тикилиб қолди. У ўзи излаётган аёл ва унинг чақалоғи шу ғорда бўлиши мумкин деган гумонга бораётган эди. Бироқ туйнук оғзида хотиржам ўтирган каптарни кўриб тўхтаб қолди. Ғорнинг оғзида ўргимчакнинг тўри ҳам бор эди. Бу ҳол золимнинг гумонларини чиппакка чиқарди ва бошқа жойдан излаши кераклигини тушунди.
Албатта, ғорда ҳеч ким билмас эдики, бу тунда Ҳукмдорнинг ҳузуридаги мунажжим бир башорат берди. Хористон сув остида қолса ҳам уларга фарқи йўқ, Ҳукмдорни ёмғир қўрқитмади, лекин мунажжим бир сўз айтди: “Қадим китобларда ёзилган, эй Ҳукмдор! Бу қадар кучли ёмғир ёғаркан, ғорда бир гўдак туғилди. У сенинг зулминг салтанатини ер билан яксон қилади!”
Бу хабар Ҳукмдорни эсанкиратиб қўйди. У қасрнинг энг баланд қаватига чиқди. Челаклаб қуйилаётган ёмғирга, Хористон бўйлаб учаётган чақмоқ ва яшин найзаларига олтинланган деразадан назар солди ва нафсини катта қўрқув қамраб олаётганлигини сезди. Дарҳол Семизни чақирди ва буюрди: “Бугун конда бир гўдак туғилган. Уни онаси ва ўзини ҳузуримга тириклай келтиришсин! Келтирмасалар. Буйруқни бажармаганларнинг ҳаммасининг дорга осиб, тириклай терсини шилиб ол!”
Усмон китобнинг ичига кириб кетган эди. У китобдаги воқеалар афсонами, ҳақиқатми, ажрата олмай қолди. Шунчаки, у ҳайратга ғарқ бўлди. кейинги саҳифани очиш учун шайланган эдики, масжиддан муаззин саси янгради. Бомдод намозига азон айтилаётган эди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Хўп, хўп, ҳозир... – Денгиз болани ўзининг кийимини ечиб артди. Авайлаб онанинг бағрига қўйди. Ташқаридан кираётган сув кўпайиб тиззага етди. Ўрнидан турай деса. Ойгул тура олмас, сув эса кўма бошлади. Денгиз хотинини қучоқлаб кўтариб олишга тиришди. Чунки сув тиззадан кўтарилди. Лекин эрнинг қуввати хотинни кўтаришга етарли бўлмади. Балки бу қўрқувдандир, балки оғир меҳнат... Аммо аёлининг қўлини елкасидан ўтказиб, уни туришига кўмаклашмоқ мумкин эди. Шундай қилди ва йиғлаётган чақалоқни иккинчи қўлига олган ҳам эдики, бола қўлидан тойиб “чўлп” этиб сувга тушиб кетди.
– Болам! – дея чинқириб юборди онаизор. Денгиз ҳеч нарсага қарамай ўзини сув тагига урди. Сув яна ҳам кўтарилган ва кўкракка етиб қолди. Сузишни билмаса-да, Денгиз болани топди. Чақалоқ сув остида секин оқиб борарди, Денгизнинг кўзлари лойқа сув ичидан болани илғади ва уни икки қўлига олиб баланд кўтарди. Ғорнинг девори томон сурилаверди, деворнинг ўйилган жойини кўрди ва жон-жаҳди билан интилиб, болани ўша жойга енгилгина отди. Ўзининг оёғи тойиб сув ичига йиқилди. Сув сассиз-садосиз, балки шивирлагандек ғорга оқиб кираверди. Ташқарида эса гумбурлаган садо тинмади.
Кон ичидаги ишчилар жойларидан қимирлай олмай қолдилар, сув уларнинг оловларини ўчирди, қозонларини тўлдирди, ўзларини шалаббо қилди. Умрида бу қадар улкан сувни кўрмаган одамлар даҳшатга тушдилар.
Бу мисли кўрилмаган ёмғир бир соатдан сўнг тақа-тақ тўхтади, тонгга бориб ғор ичидаги сув ерга сингиб кетди. Қандай сингиб ғойиб бўлди – буни англаш мушкул эди. Лекин тўпиққа етадиган лой ҳаммаёқни қоплади.
Ёмғирдан сўнг енгил шабада эсиб ғорга кириб келди. Бу шабада ҳаммадан аввал Ойгулнинг димоғига ўз нафасини йўллади. Ойгул кўзларини очди. Аъзойи бадани лой. Бутун вужуди шалаббо. Ҳуши ўзига келган онаизор дарҳол шу тунда дунёга келтирган жигаргўшасини эслади. Беихтиёр ичидан “Денгиз!” – деган нидо отилиб чиқди. Ҳа, айнан “Денгиз!” – дея ҳайқирди у. Бу исм билан Ойгул нотавон эрини эмас, балки янги туғилган чақалоғини излаётган эди. Нима учун унга Денгиз дея ғайришуурий тарзда исм берди – ўзи англаб етмади, англаб етадиган ҳолда ҳам эмас эди.
Сапчиб ўрнидан қўзғалган Ойгулнинг оёғи тойиб кетди, аммо йиқилмади, ғор деворига суянди. Девор ҳам лой эди. Аёлнинг оёғида пойабзали кўринмас, эҳтимол, у ҳам оқиб кетган бўлса керак.
Ойгул олазарак боқиб фарзандини изларкан, хаёлига келиши мумкин бўлган энг қўрқинчли тахмин келмаётган эди аммо, бу “Болам оқиб кетган бўлса-чи!” – деган ўй эди. Аёл аниқ ишонардики, боласи омон! Аёл амин эдики, фарзанди уни қаерададир кутиб турибди! Ҳозир унинг хаёлида эри ҳақида нима учундир қайғуриш топилмади. Шу онда чақалоқнинг овози эшитилди. Ойгул теваракка аланглади. Боланинг овози унинг нақ пешонасидан – шундоққина бошининг тепасидан келаётган эди. Ҳа, бола ғорнинг девори ичида – девор ичида табиий пайдо бўлган ўйиқ ичида ётиб, оёқ-қўлларини осмонга кўтарган кўйи йиғлар эди. Ойгул қўлларини чўзди. Етмади. Сакради – етмади. Чунки Денгиз кечаси сув юзига кўтарилиб болани бу жойга қўйган эди. Аёл оёғининг остига қўйиш учун бирор нарса ахтарди. Топди! Сал нарида каттагина тош ётган эди. Аёл уни девор томон думалатишга интилди. Тош оғир эди. Аёлнинг кучи етмади. Яна уринди. Қўллари қонади. Оёқлари тойиб ерга йиқилди. Аммо тош “қилт” этмади. Онаизорнинг ичини мисли кўрилмаган қайғу қоплаб олди. У кимдандир нажот сўрарди. Кимдир унга ёрдам беришини истарди. У фитрати билан ишонардики, унга ёрдам бериши мумкин бўлган Қудрат энг меҳрибон, энг шафқатли бир Зот бўлажак! У Зотга бош эгиш, унга таслим бўлиш ва муҳаббат билан Унинг қаршисида Унинг Зотига мақтовлар йўлламоқ шарт. Аммо У Зот кимдир?!
Аёлнинг хаёлида бу саволга жавоб йўқ эди. Унга англатилган тушунчалар орасида бундай Зот бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилмаган. Шундай бўлса-да, Ойгул ўша Зотни қидира бошлади. Назарида, Уни топгандек бўлди. Назарида, ўша Зот Ойгулга ёрдам беришга шай. Айнан У болани сақлаб қолган. Айнан У Ойгулни омон тутган. Энди нима учун онаизор ва фарзандни қовуштирмасин!

Читать полностью…
Подписаться на канал