ilm_zakoti | Неотсортированное

Telegram-канал ilm_zakoti - ILM ZAKOTI

1088

Hayot haqiqatlari.

Подписаться на канал

ILM ZAKOTI

Денгиз ва Ойгул ўн беш йилни бирга ўтказишди. Шу йил қишнинг охирида Ойгул юкли бўлди. Хористонда қиш бор, у жуда совуқ келади, баҳор бор, нам, ёз бор, қуруқ, куз бор булутли. Бошқа сифатлари йўқ. Лекин фаслларнинг номини биладиган одамлар анча кўп. Бу ўлкада яшил рангни топиш қийин. Фақат қасрнинг ичида деворларда яшил барглар ўсади, токчаларда гуллар парвариш қилинади.
Ойгул юкли бўлди, аммо ўзи сезмади. Ҳеч нарса бўлмагандек енгил эди вужуди. Бироқ одатий ҳолатлари ғойиб бўлгач, фарзанд кутаётган бўлиши мумкинлигини тахминлади. Эрига айтди. Денгиз роса севинди.
Денгиз хотинига эр бўлиб унинг ичидаги дардни билмасди. Аёлнинг қалбини қабр билиб, шу қабрга кўмилган дарднинг исми Ҳуррият эди. Хористонда аёллар аёллар, эркаклар эркаклар билан суҳбатлашардилар, албатта, лекин Ойгул ҳеч ким билан гаплашмасди. Камгап эди. Ўз ишини қилар, иши тугаб қолса, яна нималар биландир куймаланиб юрарди. Чунки у доим ўйларди: “Нима учун биз бундай яшаймиз? Йўқ, бундай бўлиши мумкин эмас! Албатта, бизни алдашяпти! Устимизга қурилган улкан ёлғон бор! Кўзларга алдовдан парда тортилган! Аммо ҳақиқат қаерда? Уни қандай топиш мумкин?”
Аёл бошқа нарсани ўйлай олмасди. У амин эдики, шубҳасиз чинакам Ҳақиқат бор, у, албатта, ўша Ҳақиқатга эришади!
Юкли аёллар учун Хористонда бир имтиёз бўлиб, бу ҳомиладорликнинг охирги икки ойида ишга чиқмаслик ва туққанидан сўнг дастлабки бир йилни уйда ўтказиш имконияти эди. Лекин Ойгул уйда қолишни истамади. Негадир қўрқди. Нимадан қўрқди – ўзи билмайди. Эрига эргашиб ишга келиб-кетиб юрди. У ҳомиладорлик даврида бирор нохушлик сезмади. Гоҳида кесак ейишни истади.
Ойгулнинг кўзи ёрийдиган кун ҳаво булутли бўлди. Куз эди, албатта. Ишчилар кондан қуёш ботиши арафасида чиқишлари лозим. Бироқ бугун қуёш ҳам кўринмади. Ишчилар шаҳарга қайтишга ҳозирлана бошлашди. Денгиз ва Ойгул ҳам отландилар, бироқ Ойгул кўнгли беҳузур бўлгани учун ўрнидан тура олмади. Кондан ҳамма чиқиб кетди, эр-хотин эса ортда қолдилар. Тунда ишлайдиган гуруҳ эса ишни давом эттиришга киришди.
– Менимча, фурсат келган, – деди Ойгул.
– Нима қиламиз... Нима қиламиз!.. – деди довдираб ранги оқарган Денгиз. – Ахир, шаҳарга етиб бора олмаймиз-ку!
– Мен шаҳарда туғишни истамаган эдим, – деди Ойгул оғриқдан кўзларини юмиб. Унинг чеҳраси вужудида рўй бераётган азобларнинг энг равшан сувратига айланди. Буни кўрган Денгиз типирчилади.
Коннинг оғзи улкан ғор эди. Ичкарига икки юз қадам кирилгач, иш дастгоҳларига дуч келиш мумкин. Эр-хотин эса кон оғзида эдилар.
Денгиз чорасизликдан ғорнинг лабига яқинлашди. Ташқарига қаради. Ишчиларнинг қораси кўринмай қолди. Осмонда эса булут қуюқлашиб, қўрқинчли тус олди ва тўсатдан қулоқни батанг қиладиган гулдирак оламни қоплаб олди. Гулдирак овози шу қадар баланд эдики, айниқса, унинг кутилмаган бўлгани Денгизни қўрқитиб юборди. У ғайришуурий тарзда ғор ичига қочиб кирди. Четда Ойгул деворга суяниб ўтирар, уни тер қоплаб олган, ташқаридаги гулдиракдан умуман хабари ҳам йўқ эди. Ғор оғзидан чақмоқ ва яшинлар кўринди. Яшин чўл бағрини қиличдай тилиб ўтарди. Шаррос жала қуйди. Денгиз қотиб қолди: у туғилганидан буён ёмғирнинг бу қадар кўп ёққанини кўрмаган. Ҳатто, чақмоқ овозини ҳам эшитгани ёдида йўқ.
Ҳайратини йиғиштира олмаган эр хотинига боқди. Ойгул лабини маҳкам тишлаб инграр, кўзидан оқаётган ёш пешонасидан қуйилаётган тер билан аралашиб лаблари ва бўйнига оқар эди. Денгиз жуфти ҳалолини бағрига олди. Аммо хотини уни эшитадиган ёки бирор нарсани фаҳмлайдиган аҳволда эмасди.
– Бола... – деди аёл бор кучини жамлаб. – Бола туғиляпти, қаранг...
... Бола туғилди. Ўғил!
Ташқарида ёмғир авж олди ва ғор ичига сув оқиб кирди. Ойгул кўзини базўр очиб:
– Болани бағримга қўйинг... – деди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Бу ашулани халқ Ерда тиз чўккан кўйи ижро қилади. Ҳар тўртликдан кейин бошини Ерга қўйиб, кўтарадилар. Сўнг кейинги тўртликка ўтишади. Роппа-роса бир соат ўтгандан кейин қасрнинг дарвозалари очилади, у ердан юзлаб навкарлар саф тортиб чиқаверади. Уларнинг ҳар бири тишидан тирноғига қадар қуролланган. Юзларини темир ниқоблар ила беркитишган. Қадамларидан Ер титрайди. Навкарларнинг чиқиб келиши ҳам бир мунча вақтни олади. Сўнг Ерга гуллар сочилади. Қизил, сариқ, сиёҳранг, яшил гуллардан Ерда гилам пайдо бўлади. Қаср дарвозасидан кучли ёруғлик порлайди. Бу ёруғлик ҳамманинг кўзини қамаштириб юборади. Сўнг тахти равон кўтарган тўртта келбатли қул чиқиб келади. Улар тахти равонни Ерга қўйиб, ўнг оёқлари билан тиз чўкиб туради. Тахти равон ичидан Ҳукмдор секин қадам босиб гулгиламга тушади. Ҳамма сукунатга чўмади. Ҳукмдор бироз юриб бошингизни кўтаринг дея амр қилади. Унинг парда ортидаги оғзидан бу сўз гулдираб янграйди. Барча бошини кўтаради ва қаршисида турган Ҳукмдорни кўриб айримлар ҳушини йўқотади, айримлар додлаб йиғлайди, айримлар ўз танасини ерга уради, айримлар бақириб қўшиқ айтишга тушиб кетади. Аммо ҳеч ким жойидан турмайди. Чунки туриш мумкин эмас. Аслида, Ҳукмдор қаршисида одамларда оёққа қалқиш учун куч-қувват ҳам қолмайди. Ҳукмдор бир сўз демай ҳаммани бир қур кузатади, кейин яна юриб тахтига чиқади. Қуллар тахтни кўтариб, қаср ичига кириб кетадилар. Оломон ичига шовқин ва ғавғо тушади. Ҳамма думалаган кўйи йиғлайди.
Уларнинг бу ҳолини кўрган Ҳукмдорни чексиз ҳузур қамраб олади. Унинг танасидаги ҳар бир тола титрайди лаззат билан. У осмонларда учади. Яна бу лаҳзаларни бошдан кечириш учун у бир йил вақт ўтишини кутади. Аммо олган лаззати бир йилга татийди.
Бу маросимдан сўнг одамлар яна уч кун дам оладилар, сўнг дам олишсиз ишга чиқиб кетадилар.
Қаср қурилишидаги сир шу эдики, Ҳукмдорга, унинг шаъни ва шарафига лойиқ бир қаср қурилиши ҳақида оломонга эълон берилди. Ким ишласа, меҳнат қилса, Ҳукмдор суҳбатида бўлиши ҳақида айтилди. Қаср қурилишида ишлайман деганларнинг саноғи бўлмай қолди. Ҳар бир хористонлик қаср қурилишида ишласам дер эди. Ишчилар қабул қилинди ва улар икки гуруҳга ажратилди. Биринчи гуруҳ қасрни қуради, иккинчи гуруҳ эса қасрга керакли хом-ашёни етказади. Қаср бир йилда қурилди. Ишчилар кечани кеча демадилар, кундузни кундуз.
Қасрни барпо қилганлар унинг ичу таши, икир-чикиригача билардилар, албатта. Уларнинг барчаси оломон олдида улуғланди, шарафланди, мақталди ва Ҳукмдор билан суҳбатга олиб кетилди. Шундан сўнг уларни ҳеч ким кўрмади. Уч кундан кейин Ҳукмдорнинг қуёшдай чеҳраси қаршисида уларнинг барчаси ўз жонларини фидо қилдилар деб жар солинди. Одамлар уларга ўхшашни орзу қилди. Қанийди, биз ҳам шундай бўлсак деб йиғладилар. Аммо ҳеч ким қурувчиларнинг барчаси тоғ орасига олиб кирилгани, қўл-оёқлари боғланиб, бир чуқурга ташлангани ва харсанглар билан тириклайин кўмиб юборилганлигини билмайди. Ҳеч ким қурувчилар ўзларини босиб тушаётган улкан-улкан тошларни кўриб даҳшатга тушиб қичқирганлигини тасаввур эта олмайди. Ҳеч ким тошлар остида эзилган таналар, мажақланган суяклар, бошлар ва оққан қонлардан хабар топмайди.
Қасрнинг пинҳон тарихи бу эди.
Хористон аҳолиси Худо деган сўзни айтар эди, аммо худонинг кимлигидан ғофил. Уларнинг ҳеч бир ибодати йўқ, улар худо деганда мавҳум бир зотни тушунишади. Худо Ҳукмдорни улуғлаш учун керак бўлади. Ҳеч кимнинг худо билан иши йўқ. Улар оламнинг қандай пайдо бўлгани ва ўлимдан сўнг нималар содир бўлиши ҳақида ўйламайдилар. Бу ҳақда ўйлаш мумкин эмас.
Хористонда туғилиш ҳам кўп, ўлиш ҳам кўп. Ўлганларни кўмадиган қабристон ёки уларни кўмиш учун уюштириладиган бирор тадбир йўқ. Ўликларни Ҳукмдорнинг навкарлари тобутга солиб олиб кетадилар. Қаерга кетди, нима учун кетди – ҳеч ким фикрламайди, чунки уларга Ҳукмдор ўликни ўз ҳузуридаги мангу тирикликка ва мангу ҳузурга чорлади дейилади, вассалом.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Хористонликларнинг барчаси бир жойда меҳнат қиладилар. Улар тонгда бир вақтда уйғонадилар. Уйғониш учун ҳар бир кўча бошида ноғоралар чалинади. Ноғоралар чўчқа ва ит терисидан ясалган. Бир оҳангда янграйди. Ноғоранинг саси гўё чўчқанинг чийиллаши ва итнинг вовуллашига ўхшаб кетади. Бу ёқимсиз товуш хористонликларга уйқуни ҳаром қилади ва уларни уйдан тортиб чиқаради. Барча бир вақтда овқатланади ва ташқарига чиқиб ўша ноғора ёнида саф тортади. Барчанинг қўлида халта бўлиб, унда улар тушликда ейиши учун егулик бор.
Хористонда барча уйлар бир хил ўлчам ва оралиқда қурилгани учун йўллари ҳам бир хил узунликда. Ҳар бир кўча рақамланган, уйлар рақамланган, аммо одамларнинг исмлари бор, хайрият.
Ноғоралар тонг саҳар чорак соат чўчқанинг чийиллаши, итларнинг ҳуриши сингари сас чиқариб тинади. Бу фурсатда ишга яроқли ҳисобланган барча эркагу аёл, йигиту қиз, болаю бақра Хористон ўртасидан тушган тош йўлни тўлдириб сафланади. Сўнг бир хилда қадам ташлаб кетадилар. Йўлнинг икки тарафида отлиқлар, ҳар отлиқнинг ёнида бўйнига ноғора осган машшоқлар саф билан бирга юради. Ноғоралар овози манзилга боргунга қадар тўхтамайди. Хористонликлар эса бор саслари билан қўшиқ куйлайдилар:

Ер юзин энг бахтли халқимиз,
Ҳам бахтли, ҳам тахтли халқимиз!

Бошимиз узра қуёш бор,
Бу қуёш қудратли Ҳукмдор!

Ҳукмдор барчанинг отаси,
У бизга Тангрининг атоси!

Ҳукмдор ҳамиша муҳтарам,
Инсонлар ичида мукаррам!

Ер юзин энг бахтли халқимиз,
Ҳам бахтли, ҳам тахтли халқимиз!

Давлатмиз – қудратли пойдор,
Давлатнинг паноҳи – Ҳукмдор!

Ер юзин энг бахтли халқимиз,
Ҳам бахтли, ҳам тахтли халқимиз!

Жонимиз Ватанга фидодир,
Ватан ҳам атойи Худодир!

Меҳнатлар қиламиз толмасдан!
Бир дам дам ва ором олмасдан!

Ер юзин энг бахтли халқимиз,
Ҳам бахтли, ҳам тахтли халқимиз!

Ноғоранинг ўйнатувчи ва этни жимирлатувчи оҳанги билан одамлар бақириб айтаётган ашула оҳанги ўта уйғун келади. Хористон аҳли шу тариқа қандай қилиб манзилга бориб етганларини сезмай қолишади. Айиқса, “Ер юзин энг бахтли халқимиз, Ҳам бахтли, ҳам тахтли халқимиз!” – деган сатрларни жуда юксак пардаларда айтиш жоиз. Бу сатрлар тинимсиз такрорланади. Худди дарвешлар “Ё Ҳу! Ё Аллоҳ!” – дея зикрни кечаю кундуз тўхтамаганлари сингари такрорланади. Кишилар бу сатрларни айтаверганлари учун уйда, кўча-кўйда ҳам, тўшакда ҳам, уйқуда ҳам, ўнгда ҳам ғайриихтиёрий равишда айтишга ўрганиб қолишган.
Хористон аҳлини ўз бағрига олган улкан корхона ҳақида сўйлаб берайлик.
Бу маҳобатли тоғ қаърида жойлашган кондир. Тоғнинг чўққиларини унинг пойида туриб қараган одам кўра олмайди. Хористон аҳли тоғнинг ортида нима бор экан, чўққисига чиқиб кўрайлик деб умри давомида ўйламайди. Улар тоғнинг тубига кирадилар. Тоғнинг туби – Ер остидаги шаҳар! У ерда олтину пўлатни, кумушу жезни эритадиган дастгоҳлар, қозонлар, жавоҳирларни саралайдиган устахоналар, олмосларни қирралайдиган усталар бор. Бу тоғ – битмас кон. Унинг бир қисмини кечаю кундуз қазийдилар. Ўядилар. Олинган тошларни олиб бориб катта қозонларда ювадилар. Қўлга тушган нимаики қаттиқ ва ялтироқ, ўзида ўзгача сифат намоён қилган нарсаларни сараловчилар қабул қилади. Минглаб сараловчилар ўз олдиларига тўкиб ташланган уюмларни олдиларидаги тоғораларга ажратадилар. Олтин олтинга, кумуш кумушга, темир темирга, гавҳар гавҳарга...

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 15-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Саломиддин берган китобларни ҳамон ўқишга вақт топмас эдим. Ниҳоят жума кунларининг бирида намоздан қайтиб келгач, икки китобни сумкамдан олдим. Қалин эди. Оғиргина. Муқоваси алвон. Очдим. Кирилл алифбосида экан. Катта ҳарфлар билан “Мозий, 1-китоб” деб ёзилибди. Кейинги саҳифасида эса: “Бу китоб ибрат олиш истагида бўлганлар учун, кўзлар билан кўрилган воқеалар баёни” деган сатрлар битилган экан. Ичимдан бир титроқ келди. Субҳаналлоҳ, бу қандай китоб бўлди!
Ўқишни бошладим.
“Қўлингдаги мозий китоби бир неча асрлар давомида ёзиб келинаётган саҳиҳ битикларнинг бир парчаси, холос. Бу китобнинг асли жуда улуғ, жуда залворли. Бу китобнинг аслини ўқиш инсон юрагини парчалайди. Унинг жонини ўтда ёқади. Бу китоб кўзларга тортилган ёлғон пардаларини куйдиради. Бу китобни ўқиган инсоннинг яшаши қийинлашади. Чунки ҳақиқатни билганлар Ҳақ аҳлидирлар, Ҳақ аҳли эса бутун оламда ҳар лаҳза шайтон тўқиб тарқатаётган ёлғонларни кўради, уларни айтиб тушунтира олмайди, уни англамаганлардан озор ва изтироб кўрадилар, ёлғон дунёга кишанбанд бўлган ҳолда умр кечиришдан музтариб ҳолга тушарлар. Шунинг учун китобни мутолаа қилишингдан аввал сенинг қалбингда уйғонажак изтироблар учун аввалдан афв тилаймиз.
Мозий китоб ўтмиш воқеалари силсиласини тақдим этади. Даставвал сен ҳеч бир инсон ёзган китоб айтмаган бир қиссани ўқийсан. У қул қилинган миллат, қул қилинган бутун бошли қавм ва унинг озодликка эришгани ҳақида бир буюк қиссадир.
Аллоҳ таоло ҳар бир инсонни ҳур яратди. Ҳар бир инсонни ҳур яшашга амр қилди. Бу қандай амр? Бу Аллоҳга итоат қилиш ҳақидаги амрдир. Аллоҳга итоат қилган инсон каби ҳур бир одам бўлмагай. Аллоҳга бўйсуниш билан дунёнинг кишанлари парчаланади. Одамларга бўлган мутеликдан халос бўлгайсан.
Олам иши урушдан иборатдир. Инсоният тарихи урушлар тарихидир. Бугун урушнинг ёмонлиги ҳақида бизга уқтирадилар. Уруш, номинг ўчсин дея ҳайқирадилар. Аслида, уруш нимадир? Уруш мазлумларнинг фарёди, тўкилган қонлар, азобланган жонлар, пайҳон бўлган юртлар, оловда қолган мулклар, қул қилинган инсонларми? Уруш зулм ўчоғими? Ҳа, шундай. Ҳақсиз бошланган ҳар урушнинг аввалида инсон зотининг худоликка бўлган даъвоси бордир. Аммо урушни сўз билан даф қилиш мумкинми? Асло! Шеърлар, қиссалар билан душман қаршисига чиқмоқ мумкинми? Йўқ! Урушни уруш енгади.
Дунё тарихи бир он ҳам урушдан тўхтаган эмас. Бу уруш шайтон томонидан инсонга эълон қилинган уруш билан бошланган. Шайтон инсониятни Ер юзидан қириб ташлашни ва ҳаммасини жаҳаннам сари олиб кетишни қасд қилган. Шайтон инсон ичидаги нафсни қутуртиради, нафсни ҳокимият билан маст қилади, нафс учун катта қулайликлар бўлиши кераклигини таълим беради ва шайтонга эргашганлар ўзи каби инсонларни қул қилиш, улар устидан ҳукм юритиш, уларнинг меҳнатлари эвазига юксак бир қулайликда, жаннатмонанд ҳаётда яшашни истайди. Бу истак телбавор тус олади. Агар банда Аллоҳни танимаса, ўз устига бостириб келган шайтон лашкарларига таслим бўлади, осонлик билан қулнинг қулига айланади. Тарихда ўтган намрудлар, фиръавнларга қул бўлганларнинг қисмати шундай кечди. Зотан, Аллоҳга қул бўлмаган шайтонга қул бўлади. Бошқа йўл йўқ. Аллоҳнинг улуҳиятини тан олмаган ҳар қандай ҳурлик шайтон алдови билан қуршалган, безалган бир қулликдир.
Ўқийдиганинг қиссанинг мавзуси шу ҳақдадир.
Қадимда бир ўлка бор эди. У ўлка қизил қумлар, ҳосилсиз ерлар, тошлоқ майдонлардан иборат эди. Бу ўлка катта эди, кенг эди. Унинг шарқий томонида баланд тоғлар қад ростлаган, ғарби эса ваҳшатли деворлар билан ўралган. Шимоли ва жанубида эса шу тоғ ва деворлар қўшилиб кетган эди.
Ўртадаги ҳудудда эса бир қавм яшайди. Қадимий бир қавм. Шундай қавмки, ўз тарихини унутган, нима учун яшаётгани ҳақидаги ҳақиқатни ёддан чиқарган қавм. Бу қавм ўз ўтмишини, келиб чиқишини билмас эди. Ҳаёти ҳам кулранг тусли, кўзлари сўник, елкалари букик, бошлари эгик бир қавм!”

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Қабрнинг тепасига бориб қолдим. Қарасам, қабр бошида Тўхтамурод ака ҳозир. Яна эски кийимларини кийиб олибди. Майит соҳибларидан икки киши қабр ичига тушди. Қабр аввал ўра қилиб кавланаркан, кейин ўранинг ён томонига хонача қилинаркан. Бу хоначанинг номи лаҳад дейиларкан. Лаҳаднинг оғзи тор, ичи кенгроқ экан. Майит эгалари ўликни лаҳадга олиб қўйишлари лозим экан. Тобутнинг оқ ёпинчиғини олишди, ичидан оппоқ кафанга ўралган ўликни кўтаришди. Эҳтиётлаб қабр ичида турганларга узатишди. Улар майитни авайлаб лаҳадга олиб кириб кетдилар. Ёши каттароқ одам: “Юзини қиблага қаратиб қўйинглар. Ўнг кифти тагига тупроқ ташланглар”, – деб ўргатди. Бир неча дақиқадан сўнг қабрдан одамлар чиқиб келишди. Тўхтамурод ака енгилгина ҳаракат билан қабр ичига тушди ва “Ғишт беринглар!” – деди. Қабр бошига лойдан қуйилган катта-катта ғиштлар келтириб қўйилган экан. Дарҳол узата бошладик. Гўрков лаҳаднинг оғзига ғишт ура бошлади. Ғиштлар мустаҳкам ўрнашиши учун қаттиқ ва дадил ҳаракатлар билан терди.
Лаҳаднинг оғзи ярмига қадар кўтарилган эди, боя қабрга тушган одам кўзини ўнг кафти билан беркитиб, йиғлаб юборди. Елкаси силкиниб силкиниб йиғлади. Атрофдагилар унга таскин-тасалли бериб туришди. Мен кўраётганим бу манзарадан карахт бўлиб қолган эдим, аслида. Ўзимни дадил тутиб турганим билан бир одамнинг қабрга қўйилиши, унинг бу ёруғ оламдан бошқа бир оламга кетишидан ҳолатим шу қадар мутағаййир бўлдики, буни сўз билан ифодалай олмасам керак.
Лаҳаднинг оғзи тўкис беркилди, Тўхтамурод ака чуқурдан чиқди. Энди ҳамма белкурак ва кетмон билан қабрни тупроқ билан тўлдиришга киришди. Бир неча дақиқада дўмпайган тепалик пайдо бўлди. Одамлардан бири бир томони учбурчак қиррали, узунлиги уч қарич, қалинлиги бир қарич бўлган мармар бўлакни қабр устига қўйди. Унга рақам ёзилган экан.
Гўрковнинг ҳужраси томонда узунасига тушган айвон тагидаги ўриндиққа одамлар тизилиб ўтиришди ва имом Табарок сурасини ўқий бошлади. Ишни тугатиб, ҳамма шу жойга йиғилди. Сура ўқиб бўлингач, дуо қилдик ва келганлар тарқалдилар. Мен эса ўриндиқда ўтириб ўйга чўмиб қолдим. Қаршимда жуда кўп қабрлар. Балки қабрзор. Эртага бу жойга тушишимни тасаввур қилиб, оёғимдан мажол кетди. Кимдир елкамга қўлини қўйди. Қарасам, Тўхтамурод ака.
– Хаёл суриб бўлдингми? Юр, нонуштага.
Нонуштага қайноқ чой, бўлка нон, сарёғ, қаймоқ, ёнғоқ ва майиз бор экан. Қорним очиққан экан. Маза қилдим. Гўрковга: “Отам билан орамдан гап қочиб қолди, шахсий сабаб бор, бир муддат мана шу ишхонада ишлайман, ётоқ жойида яшайман”, – дедим.
– Ҳа, яхши, Усмон, – деди Тўхтамурод ака мени тинглаб. – Мен ҳам шу маҳаллада яшайман. Шеригим бор. Икки кундан алмашамиз. Икки кун мен қоровуллик қиламан, гўр кавлайман. Икки кун у. Шеригим билан танишиб олсанг ҳам бўлади, яхши йигит. Намозларни, ҳарқалай, жамоат билан масжидда ўқисанг керак. Вақтингга қараб кел. Суҳбатлашиб турамиз.
Хўп дедим.
Соат саккиз бўлиб қолди. Ишхонамга чиқдим.
Маҳкумлар ишхона ҳовлисида юришибди. Аввалги сафар кўрганим манзара. Иш жойимга кирдим ва у ердагилар билан саломлашиб, кийимларимни алмаштирдим ва лой олиб, ишга киришиб кетдим.
Тушлик пайти пешинга бориб келиб, ишхонам бошлиғи Мурод акага вазиятни тушунтирдим:
– Ака, шу ерда ётиб ишламоқчиман. Юқоридаги хонада ўзимга ҳам шароит қилсам, бўладими?
Мурод ака аввал ҳайрон бўлди.
– Нима учун? Сиз Тошкентда яшамайсизми?
– Тошкентда яшайман, лекин бир муддат ишхонада ётиб ишлашимга тўғри келяпти.
– Ҳа, бемалол. Энди бу ерда вилоятдан келганлар ётиб ишлашади, шунга ҳайрон бўлдим. Кўнглингизга олманг.
– Йўғе, кўнглимга олмайман асло.
Ишга киришдим. Ишнинг тафсилоти ҳурматли китобхонга у қадар қизиқарли бўлмаса керак. Уч-тўрт кунда кўникиб кетдим. Кун тартибим аниқ эди – саккизда ишга киришаман. Қилишим керак бўлган ишларимни қиламан. Тушдан кейин бироз ухлайман. Сўнг асргача ишимнинг қолган қисмини тугатиб, масжидга чиқаман. Масжиддан хуфтонни ўқиб қайтаман.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Йўғе, менинг майитга алоқам йўқ, – дедим. – Уйимдан чиқиб кетдим. Кўчада қолдим. Бугун тунни ўтказгани жой керак. Қабристонларда Қуръон ўқигани ўриндиқлар бўлади, шуларда ётиб ухлаб оламан деб киргандим. Сизни кўриб, олдингизга келдим.
– Шундайми? – деди гўрков бироз ўйга чўмиб. – Яхши, дарвозадан кирганда ўнг томондаги уйчани кўряпсанми? Ўша менинг ҳужрам. Бор-да, ухла. Ичкарига кирсанг, иккита кроват турибди. Бирига ётиб ухла. Ҳозир сен билан гаплашгани вақтим йўқ. Сен ҳам ухлашинг керак.
– Хўп, – дедим-да, гўрков айтган ҳужрага кетдим.
Ҳужранинг олди айвон, эшигининг ёнида иккита деразаси бор, ичкаридан парда тутилган. Кирдим. Икки томонда иккита кроват. Ётиш учун тайёр. Оқ чойшаблар. Оқ ёстиқлар. Ўнг томондагисига ўтирдим, кийимларимни ечмасдан ётдим ва дарҳол ухлаб қолдим.
Туш кўрибман. Қанотлар ўсиб чиққан эмиш икки елкамдан. Ғайритабиий бир ҳол билан учар эмишман. Қанотларимни жуда осон қоқиб, фалакларга парвоз этдим. Булутлар орасидан ўтдим. Ерга қарадим. Ерни пуфак шаклида деб айтишар эди. “Шу ростмикан?” – деган хаёлда боқдим, лекин кўз ўнгимда текислик кўрдим. Албатта, Ер пуфаксимонлигини билиш учун уни айланиб учишим лозим. Булутлар оралаб қанот қоқарканман, қаршимда улкан саҳро намоён бўлди. Саҳронинг ажиб сукунати, ажиб оҳанги, ажиб сири, ажиб синоати ва ажиб ҳайбати бор эди. Қумлар қип-қизил. Қуёшнинг нури қумлар узра сепилади, гўё қум бу нурлар билан товланади, жилоланади. Қумларга тўшимни ургудек бўлиб учдим.
Кўзим карвонларга тушди. Узун либослари таналарини қоплаган, қалин ва қуюқ соқоллари юзларини тўлдирган, лекин чеҳралари офтоб каби порлоқ, ой каби нурафшон одамлар. Улар туяларга, отларга, хачирларга минган. Бир йўл бўйлаб юриб борадилар. Қайга кетмоқда улар? Нақадар ҳаловат ва сакинатга чўмилмиш улар! Мен баландладим ва улар манзил тутиб кетаётган томонга боқдим. Ястанган ер узра тоғлар кўринди, водийлар, ўртада эса самога қараб нур таралмоқда. Нур худди найза каби осмонга санчилгандек. Нур гўё устун эдию, унинг пойи Ерда, боши эса фалакка тегиб турибди. Кўзларимни кўкка қададим. Унинг чегараси йўқ. Кўзларим толиқди. Нур таралаётган масканга шошдим. Бир неча лаҳзада етиб бордим. Бу Каъбатуллоҳ эди! Каъба! Одамлар уни айланмоқдалар. Тавоф қилмоқдалар. Каъбанинг теграси кичик қишлоқча. Сал юқорилаган эдим Байтуллоҳ катта саҳро ўртасида жойлашганлигини кўрдим. Каъба устида чарх уриб учдим. Унинг ёнига қўнаман десам, ичимда бир қўрқув ёки ҳаяжон йўл қўймас эди. Одам алайҳиссалом қурган бу ибодатгоҳ салобати мени титратиб юборди. Бу маскан пайғамбарлар диёри. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам таваллуд топган улуғ юрт! Каъба ёнидаги минорага бир муаззин кўтарилди ва баланд овозда азон айта бошлади. Қанотларим ўз-ўзидан бўшашди ва ерга қўндим. Тиз чўкиб Каъба қаршисида ўтирдим. Ўз-ўзидан кўзим юмилиб кетаверди. Азон юксалгани сайин уйқум келаётгандек бўлди, сўнг кўзим “ярқ” этиб очилди. Гўрковнинг ҳужрасида ётганимни эсладим. Ўнг чакамга ўнг кафтимни қўйиб ухлаган эканман, шу ҳолда уйғонибман.
“Бисмиллаҳ” деб ўтирдим хона тим қоронғу, деразадан симёғоч чироғининг ёруғи тушади. Ташқарига чиқдим.
Гўрков қўлида сочиқ билан келаётган экан. Ювиниб олибди. Одмигина кийинган. Юзлари тупроқдан покланиб, сиймоси аниқроқ кўзга ташланади.
– Ассалому алайкум, исминг нима эди, укам? – деди у айвонга етиб келгач.
– Ваалайкум ассалом, исмим Усмон, – дедим.
– Менинг исмим эса Тўхтамурод. Масжидимиз ва қабристон улашиб кетган. Таҳоратхонага бориб таҳоратингни ол. Ғусл қилишинг керак эмасми? – сўради Тўхтамурод ака.
– Йўғе, – дедим уялиб.
– Билиб бўладими! – деди гўрков жиддий. Шундай бўлса, алоҳида ювиниш жойи бор, ундай эмас экан, таҳорат олгин-да, хонақоҳга кириб зикр қилиб ўтир. Уйимдан кетдим деяпсан, отанг ҳайдаворгандир балки, нонуштага кел. Шу ерга.
Тўхтамурод аканинг дангаллиги менга маъқул келди. Чайналиб, нималарнингдир риоясини қилавериш ўзимга ҳам кўп ёқмайди. Мусулмон содда ва ахлоқли бўлади, албатта.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Биласанми, динга берилган хурофотчилар нима учун баҳслардан қочадилар? Чунки улар ўз динларига ич-ичларидан ишонишмайди. Шунинг учун исташмайди баҳсни. Мен биламанки, тоғанг ва амакиваччанг сенинг дин ҳақидаги хурофотларингни чил-парчин қилишади.
– Ойи... Қўйинг, мен кетаман. Хонамдан рюкзагимни олиб чиқиб бера оласизми?
– Болам, қачон фикрингидан қайтсанг, яъни дин бир хурофот эканлигини тушунсанг, кел, отанг сени афв қилади.
– Ойи, сизлар қачон Аллоҳга сажда қилиш ҳақида ўйлаб қолсангизлар, мени чақиринглар, келаман. Акс ҳолда, қайта бу хонадонга қадам босмайман.
– Ўзинг биласан, ўғлим, мен жуда кучли аёлман, – деди онам доим елкасига ташлаб юрадиган ёпинчиғини икки билаги устидан ўтказаркан. – Устига устак мен арслон буржида туғилганман. Арслон буржида туғилган аёллар жуда мағрур ва оқила бўлишади.
Кулиб юбордим. Онам ҳайрон қаради.
– Нега куласан? Сенга қандай кулгили гап айтдим?
– Арслон буржи дейсизми, ойи? Арслон буржига ишониш хурофот эмасми?
Онам тутақиб кетди.
– Бу илм, сен буни тушунмайсан! – деди.
– Келажакни айтиб бериш илмми? – сўрадим мен.
– Қандай келажак ҳақида гапиряпсан? Бу осмондаги юлдузларнинг Ерга таъсири ҳақидаги илм. Бутун борлиқ ва коинот ўта мукаммал боғланиб кетганлиги ҳақидаги фан! – деди онам ўз фикрини уқтириб. Мен бу фикрларни онам ўзи қатнайдиган тренинг дарсларида коинот билан битта бўлиб кетамиз деб ҳаммани алдайдиган бир опадан эшитганига амин эдим.
– Мен учун хурофот бу, ойи, – дедим.
– Сен фан ва хурофотни фарқлай олмайсан. Чунки олий таълимда ўқимагансан, – онамнинг аччиғи чиқди.
– Хўп бўлади, ўқимаганман, ойижоним! – дедим ялиниб. Онам билан тортишмасликка қарор қилган эдим. – Илтимос, хонамдаги рюкзагимни олиб чиқиб беринг.
Онам: “Кутиб тур”, – деди ва ҳовлига кириб кетди. Бироз ўтиб, сумкамни кўтариб чиқиб қўлимга берди.
– Усмон, болажоним, – деди ўтинган сас билан. – Тезроқ уйингга қайт. Майлими? Отанг ҳам жаҳлидан тушиб қолади. Ҳозир қайси ўртоғингникига борасан?
– Билмайман, – дедим. Онам мунғайиб қолди. Замонавий, шаддод, ўз тасаввурига кўра очиқ фикрли бўлган онам мунғайиб қолди. Онамнинг тамойиллари ичида болаларидан ранжимаслик керак деган банд бор. Болалар мустақил бўлишлари керак. Агар онам боласидан ранжиса, ўзининг оналик ҳуқуқидан фойдаланиб болага босим ўтказган бўлади. Шунинг учун онам боладан хафа бўлиши мумкин эмас деб ишонади. Дарҳақиқат, шу пайтгача онамнинг отамдан ё биздан шикоят қилгани ёдимда йўқ. Кўзёш ҳам тўкканини кўрмаганман. У доим мағрур, доим гўзал бўлиш учун яшаган. Онам ҳаммани ўз ихтиёри билан қолдиринг, ўз танлови учун ўзи жавобгар ва у ўз танлови билан яшайди дер эди онам. Онамнинг табиатини жуда яхши билганим учун унинг қай ҳолатда ўзини қандай тутиши ва нималар дейишигача тасаввур қила олардим. Масалан, мастлиги тарқагач, отамга айтади: “Дадажониси, ўғлимизни ўз ҳолига қўйинг. У шу ёшгача Сизнинг топганингизни еди. Энди бу унинг ҳамиятига теккан бўлса керак. Ишлайверсин. Зерикса (ҳа, зерикса деб айтади, чунки қўлидан келмагани учун, чидай олмагани учун демайди менинг шаъним учун), қайтиб келади, қаерга ҳам борарди!”
Отам бу гапдан, албатта, таъсирланади, одатдагидек, онамнинг тўғри ва ақлли гапирётганига ишонади, лекин қалбида иштибоҳ бўлади: “Динга берилганига нима дейсан? Бу аҳмоқ қамалиб кетса, нима қиламиз? Номимизга иснод бўлади!”
Онам бундан росмана хавотир олса-да, ўзини қатъий тутиши лозимлиги учун мардон бўлиб айтади: “Дадажониси, яхши ният қилинг. Бунинг ёшида йигитлар роса динга фанатик бўлишади. Ўзингиз ҳам ёдингиздами, тўқсон бешинчи йилларда Абдували қорининг мухлиси бўлган эдингиз”.
Отам учун онамнинг гаплари доим аҳамиятли бўлган, ўзининг ўтмиши эслатилгач, сукут қилади ва онамга ишонади. “Ўғил отага ўхшаркан, эртага қуйилиб, босилиб қолади, сиз ҳам роса қизиққон эдингиз, ҳали кўрасиз, Усмон ҳам ақлини топиб олади”, – онам ўз фикрини мустаҳкамлаб, отамга тўла сингдириб юборади шу тариқа.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 14-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Йигирма беш минг пул берди Мурод ака. Ишхонанинг ҳаммоми бор экан. Ювинмасам бўлмасди. Бориб ювиндим. Ишчи болалардан совун олиб турдим. Эрталаб уйимдан кийиб келган кийимларимни Мурод ака берган ишкийимларга алмаштирган эдим. Ювиниб ўз кийимларимни кийгач, эртага келаман деб хайрлашиб, кўчага чиқдим.
Шомни масжидда ўқиб, шомдан сўнг уйга кирдим. Аҳвол кечагидек эди – супада отам, онам ва акам. Отамнинг олдида ароқ ва эллик грамли стакан.
– Сен бизни ўлдирмоқчимисан? Қаерга кетдинг? Қаерга даф бўлдинг? – отам қаҳр билан бақирди.
– Ишга кетдим, – дедим.
– Ишга? Қандай иш! – акам қўшилди.
– Ҳалол меҳнат! – дедим.
– Сен ҳалол меҳнат қилиб пул топасан, биз эса ҳаромданми! Ҳаддингдан ошдинг-ку, бола! – деди отам.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Ё Роббим! Ё Арҳамар-роҳимийн! – деб дуо қилдим. – Сен мен учун ҳидоят йўлини очдинг. Мени иймон неъмати билан шарафлантирдинг. Йўлинг Ҳақ эканлигини рад этиб бўлмас далиллар ила кўрсатдинг. Қалбимда Ўзинг якка Илоҳ эканингга зарра қадар шак-шубҳа қолдирмадинг. Бутун умр ҳалокатда қолган бандангни саодат сари йўлладинг. Аллоҳим! Мени ҳидоятга бошлаганингдан сўнг тойдирмагин! Менга фақат яхшиликларни бер. Каззобларга алданмаслигим учун ёрдам бер! Кофирларга енгилмаслигим учун ёрдам бер! Ширкдан мени қутқар! Мени яхши инсонлар қуршовида. Сени севган ва Сенга итоат қилганлар билан бирга қил. Даҳшатлар оламида мени нурсиз ва шуурсиз қолдирма. Ақлимни етук айла. Ҳисларимни кирлантирма. Қалбим кўзларини оч. Нафсимни енгишим учун кўмак йўлла! Аллоҳим! Шайтонлар қўлида, шайтон малайлари қўлида мени ўз ҳолимда қолдирма! Ҳар қандай синовда ҳам Ўзинг мен билан бўл! Қалбларни айлантириб тургувчи Сенсан. Қалбимни динингда собит қил! Қалбларни тасарруф этувчи Сенсан. Қалбимни тоатингда тасарруф эт! Роббим! Сендан мол-дунё сўрамайман. Нафсимнинг иззатини сўрамайман. Сендан иймон ва ҳидоятда собит қилишингни сўрайман. Сендан мени адаштирмаслигингни сўрайман. Мени азобларга ташлама. Мени адаштирма. Мени жаҳолат чангалида ҳалок қилма! Менга ҳақни англат. Ҳақда яшат. Ҳақ устида жонимни ол. Иймоним билан мени жонимни ол. Иймонимни сақла, Аллоҳим! Ўлимимни гўзал қил! Қабримни нурга тўлдир! Жаҳаннам оловидан сақла! Охиратда соянгдан жой бер! Жаннатда буюк мақомларга кўтар! Мени бу дунёда бандаларинг қаршисида ҳақир ва залил қилма!
Масжиддан чиққанимда қуёш кўтарилган эди. Аммо кўчалар жимжит.
“Қаердан иш топсам экан?” – деган ўй онгимдан йилт этиб ўтди. Кўча бўйлаб кетавердим. Бошқа ҳеч нарсани ўйламадим. Эълонлар тахтасига кўзим тушди. Бориб қарадим.
“Ишчи керак!”
Шундай ёзув кўп экан. Қандай ишчи? Юк ташувчи... Шу иш маъқул кўринди. Айтилишича, буюртма тушган молни етказиб бериш керак. Аммо... ишга кирувчининг ўз улови бўлиши лозим экан. Бўлмади.
“Қисқа фурсатда кам меҳнат билан кўп пул топиш!”
Ана холос! Бу нима экан? Уй шароитида карам етиштириш... Менимча, бу ишга имконим йўқ.
“Корхонага ишчи керак!”
Қандай корхона, қандай иш – бирор изоҳ йўқ, лекин телефон рақами бор. Сим қоқдим.
– Ассалому алайкум. Мен иш масаласида сим қоқяпман.
– Ваалайкум ассалом. Жуда яхши. Келинг. Гаплашамиз.
– Раҳмат, қандай ишлигини билсам бўладими?
– Бу чинни цехи. Ишлайсизми?
– Бориб кўраман. Манзилни тушунтириб юборасизми?
Телефондан мен билан гаплашган одамнинг овози анча меҳрибон янгради. Айтган манзилига йўл олдим. Шаҳарнинг анча чети экан. Ярим соат чамаси юрдим. Маҳаллалар ичига кирдим. Қабристон бор экан. “Иброҳим ота” қабристони. Бу ерда, назаримда, ишлаб чиқариш жойлари кўп кўринди.
Катта дарвоза бор экан. Қўнғироқ қилдим қайта. Дарвозани очишди. Қаршимга юзи юмалоқдан келган, ўрта бўйдан пастроқ, мўйловли бир киши чиқди.
Ўнг томонда баланд бино. Бўялмаган, сувалмаган. Чап томоним қандайдир ётоқхона. Ўрта кенг ҳовли. Экин экиладиган жойи ҳам бор экан. Кафтдек. Ҳовлида одамлар юрибди. Уларнинг юзлари мутлақо бошқача! Қандайдир мунгли, қандайдир таҳдидли, қандайдир бешафқат ва қандайдир маъносиз ва маъноли. Шундай. Мен кўраётган бу одамларнинг юзларида ўзаро зид таассуротлар аралашиб кетгандек. Аксарининг қўлида тамаки. Икки киши-икки киши, уч киши-уч киши бўлиб туришибди. Нималарнидир гаплашмоқдалар.
Уларга ҳайрон қараганимни сезиб, мени кутиб олган одам тушунтирди:
– Бу ер ярим қамоқ, бу одамлар маҳкумлар.
Ичим сесканди. Албатта, маҳкумлар, қамоқ ҳақида эшитганим бор. Лекин улар билан юзма-юз бўлишдан беҳузур бўлдим ёки ҳадикка тушдим. Сабабини билмайман.
– Исмим Мурод, – деб ўзини таништирди ҳамроҳим ўнг томондаги эшикдан кирарканмиз. Юзимга “гуп” этиб иссиқ урилди. Дарҳол англадим: учта печка! Тўртбурчак шаклда, олдига темир эшик ўрнатилган печкалар! Эшиклари қия очилган, менимча, олови ўчирилган, лекин ичидаги маҳсулотлар ҳали совумаган. Печка ичида чойнаклар кўрдим.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Мустақилликнинг илк йилларида вор закон, яъни қонуний ўғрилар деган сўзлар оммалашган эди. Буни катталардан эшитиб билиб олганман. Қонуний ўғри нима дегани? Ўғрилар оламининг ўз қонунлари бўлади, ўша қонунларга кўра ўғри уйланмайди, ўзига уй қурмайди, ишламайди, ўзига ўғри деган номни олиш учун армияга бормайди, хуллас, шартлари кўп. Шу шартларга амла қилса, унга эски ўғрилар тож кийгизишади. У ўғрилар оламида, аниқроқ айтсам, жиноят оламида жуда йирик фигурага айланади. Унинг сўзи сўз, гапи гап. Борган жойида барча жиноятчилар унга итоат қилишади. Ана шунинг номи қонуний ўғри бўлади. У ўғрилар оламида ўз қонунлари қатъий амал қилинишини таъминлаши керак. Улар ўз қонунларини қатъий, бешафқат, лекин адолатли, ҳақ деб билишади.
Бундай талабларга амал қиламан деган ёки амал қилган ўғрилар бор-йўқлигини билмайман. Аммо уларга эргашган ёшлар кўп бўлган. Тошкентда ҳам, умуман, Ўзбекистонда ҳам шундай “ақийда” кўп урчиган. Улар жумҳуриятда мукаммал тузилмага ҳам айланган. Лекин ҳукумат бу “тузилма”ни йўқ қилиб ташлаган. Аниқроғи, бир шахснинг иродаси билан бўлган бу иш. Лекин ўғрилар, уларнинг қоидалари яшаб қолишидан кўпчилик манфаатдор. Чунки ўғрилар кўп жиноятларни қилишади. Қамалишади. Асосий буюртмачи эса кўзга кўринмайдиган бошқа шахслардир. Ана шу шахслар ўғри ва шу кабиларни сақлаб қолишни исташади. Ўғрилар қоидаси деб кўксига урганларнинг аксари эса орсиз, пасткаш ва хоин бўлиши ҳам маълум. Чунки улар ўзгармас деб жар солган қоидаларини ўзлари бузишган экан. Натижада, ҳукумат кучи сабабли “ўғрилар” яширинишга, ўзларини билдирмасликка мажбур бўлишди. Отам ана шу яширингалар билан алоқада эди. Ўзи бир мансабдор бўлса-да, аслида, пинҳон бўлиб олган “ўғрилар олами”нинг буйруқларини бажарадиган, ҳукумат ичига киритилган бир вакил эди. Отамни ўша ўғрилар ортида ким борлиги қизиқтирмайди, назаримда. Ёки у ўзини танлаб олган хожаси – ўғрими, бошқами – шу шахсга шу қадар садоқатлики, унга ортиқча савол бермайди.
Мен бу ҳақда билар эдим ўша вақтдаёқ. Менинг, акамнинг тараллабедод юришимиз, истаган кўнгилхушликка қодир эканлигимиз ортида ана шундай асослар бор эди. Онамнинг, унинг дугоналарининг бу қадар ҳашамат ва роҳат ичида яшашларининг асосий таъминоти ҳам шу булоқдан чиқиб келарди.
Ўша вақтда – тоққа чиқиб, Саломиддин билан суҳбат қургунимга қадар бу ҳолатларни билгандим, қизиқмасам-да, бу ҳаракатларда қатнашишга рағбат бермасам-да ёки ёмон кўрмасам-да, ич-ичимдан улардан узоқроққа қочишнинг милтиллаган истаги бўлганлигини эслайман.
Саломиддининг ҳикояси, унинг менга Исломдан берган сабоқлари эса қаршимдаги бу улкан портретни йиртиб ташлади. Бу аслида шайтоннинг қурган декорацияси эканлигини менга кўрсатди. Гарчи, биров билан бу масалада чуқур баҳс эта олмасам-да, бу табиий, чунки диний илмим деярли йўқ, уйғонган фитратим нидоси бу разолатга розилик бермаётган эди.
Зотан, Саломиддин менга айтганки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир бола соф фитратда туғилади”, – деб айтганлар. Соф фитрат дегани Ислом деганидир. Яъни инсон аслида Ислом динида туғилади. Кейин ота-онаси уни бошқа динга кириши учун сабаб бўлади. Улғайиб ақлини танигач, одам ўша фитратга ўзи англаб-англамай интилади. Агар Аллоҳ лутф қилса, устини жаҳолат ва разолат босган фитрат булоғи очилиб кетади. Назаримда, менда шундай бўлди. Энди мен қаршимдаги ёлғон картинани томоша қилиб кета олмайман. Энди кўзим кўрган ҳақни завол бўлгувчи ботилга алмаша олмайман.
Отамнинг фаолиятини кузатиб, амин бўлганманки, у одамларнинг ҳеч қандай ғамини ўйламайди. Унинг учун, аввало, ўзининг хожаси берган буйруқлар муҳим, иккинчидан, хизматига яраша ҳақ олиб турса, бас.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Энди нима бўлади? Отам оғзи тахир бўлиб уйғонгунига қадар ухлайди. Уйғонгач, қусади. Иши шу. Онам доим ичманг деб жаврайдию, отам талаб қилса, олиб келиб бераверади. Ҳозир ҳам пинакка кетган отамнинг устига одеял ёпди-да, менга қараб:
– Усмон, юр, – деди.
Ҳовлимизнинг ўртасида ҳовуз бор. Атрофи майсазор. Дарахтлар экилган. Хуллас, ўрмонча. Буни микроклимат дейишади олифталар. Пули кўплар ўз ҳовлиларига барпо қилишади. Осма беланчаклар бор. Ойим бир осма беланчакка ўтирди ва мени ёнидаги осма беланчакка ўтиришга буюрди.
– Ўғлим, – деди онам. – Биласанми, мен жуда кўп китоб ўқиганман. Ғарб маданияти билан улғайганман. Дадам катта мансабдор эди. Коммунистик партия раҳбарларидан. Ўгай онам рус бўлган. Отам менинг ўз онам ўлгач, унга уйланган. Ўгай онамни севаман. Чунки у менга дунёни очди. Адабиётни танитди. Санъатни севдирди. Мен жуда замонавий, кенгфикрли инсон бўлиб тарбия топдим. Отанг ҳам ўқиган. Ҳуқуқни чуқур билади. Ҳаётимиз яхши. Сизларни ҳам бекаму-кўст ўстирдик. Нима истасанг, бердик. Чет элларга юбордик. Тенгдошларинг орасида бирортаси йўқки, сендаги шароитларга эга бўлса! Тўғрими, болам?
– Ҳа, – дедим. Онам илк марта шу тариқа менга вақт ажратаётган эди. Ҳатто, илк дафъа бундай шошмай сўйлаётган эди. Одатда, ўз вақтини жуда тиғиз тақсимлаган бу замонавий аёл бу фурсатда ё телевизор кўрарди, ё китоб ўқирди, ё бирор галарея, театр, концерт ёки шу каби “олиймақом”лар вақт ўтказадиган жойларда бўларди. Онамнинг дугоналарини биламан: ижтимоий тармоққа ҳар куни расм жойлаштиришади, ўзларини санъат шинавандаси, жуда инсонпарвар кўрсатишади, дунёнинг дарди Ер юзида фақат уларни қийнаб, уларни қиймалаётгандек тутишади ўзларини. Ҳали униси бунисига, ҳали буниси унисига асалим, дўстим деб мақтовлар ёзади, бир-бирини ялаб-юлқаб расмга тушади. Шу билан ўзларини бахтиёр кўрсатиб яшайдилар.
Аслида-чи?
Ҳаммаси ўйин. Ҳаммаси театр. Ҳаммаси саҳналаштирилган. Ўта бахтсиз бўлган бу аёлларнинг кўпи бефарзанд, кўпи эрга тегмаган, айримлари ўзининг иффатини сақлаб юриб, ҳур ва покиза эканлигини иддао қилади, айримлари эса эркин севги тарафдори, улар қалбларига қулоқ тутиб, истаган жуфтлари билан умр ўтказадилар. Уларни бирлаштириб турадиган хусусиятни мен ўшандаёқ англаганман. Бу уларнинг қулай, қийинчиликсиз, ҳашаматли ҳаёт кечиришга бўлган чеклаб бўлмас истаги эди. Шу сабабли аксари мансабдор ва бойларнинг хушторлари эди. Аммо бу тушунчалар улар учун ҳаёт тарзини белгилаган асос, ишлари эса ўта табиий, пасткашлик эмас, мингтасининг қўйнига кириб чиқишмаяпти, шунчаки, ўзлари истаган биргина жуфт билан икки-уч йил вақт ўтказяптилар. Сўнг яна бошқа жуфт топишлари мумкин. Уларнинг фикрича, саъвия, жисм, дид мос бўлиши лозим.
Онам уларнинг ичида кўп жиҳатдан устунлигини барчаси тан олган. Биринчидан, эри бор, бой одам, иккинчидан, данғиллама ҳовли, ҳовлилар, савдо дўконлари, қимматбаҳо уловлар, ҳайдовчилари билан, уй хизматчилари, учинчидан, уч нафар фарзанди бор, бир қиз ва икки ўғил, кенжаси мен, тўртинчидан, номига гард юқтирмаган, бешинчидан, гўзал, олтинчидан, эрининг ўйнаши йўқ. Ахир, бир аёл мана шу қадар юксак натижаларга эришмоғи осонми?
Онам мансуб бўлган бу гуруҳ аёлларининг психологлар, фитнесслар билан жуда мустаҳкам алоқалари бор. Ҳар ҳафта, албатта, икки марта фитнесс ва бир марта психологга боришади. Психолог уларни бир чиройли ва оппоқ хонага йиғиб олиб, роса ҳикоялар айтади, коинот қуввати, инсонларнинг салбий энергиясини ўзларига қарши қайтариш, атрофида ёқимли аура яратиш, мунажжимлар башорати, осмондаги юлдузларнинг суҳбати, одамларни тушуниш, мотивация олиш, асабни бузмаслик ҳақида гапиради. Ора-орада ўринларидан туриб, қўлларини икки ёққа ёйиб хаёлан “парвозлар” қилишади. Бу ишлари илгари мен учун эътиборсиз туюлган, аммо ҳозир қанчалик ёлғонга асосланганлигини, психологи ҳам, мотиватор тренингчиси ҳам фақат пул илинжида ҳийлалар ўйлаб топишганлигини биламан. Кунлар маъносизлик ичида маъносизлик томон юради. Эртага борилаётган манзил ҳақида хаёл йўқ.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн тўртинчи боб. Бегона

Агар Сизни ёлғончига чиқараётган бўлсалар, хафа бўлманг!

Оли Имрон сурасининг 184-ояти маъно таржимаси

Уйга келганимдан сўнг қандай воқеалар юз берганини айтишимга ҳожат йўқдир.
Мени бегоналик ҳисси чулғаб олди. Ўзимни бутун оламга етти ёт бегона сездим. Тошкентга кириб келарканман, шаҳарнинг таровати, одамлар, йўлчироқлар, тирбандликлар, баланд бинолар – унга хос ҳар бир нарса мен учун нотаниш бўлиб қолди, гўё. Ишни қаердан бошлайман – қаерда тугатаман?! Йўқ, қандай иш қилишим керак? Қиладиган ишим нима?
Бироз тушкунликда эдим. Умрим давомида дунёқарашим илдизи бўлган қарашларим таг-туби билан қўпорилди. Уйимга боргим келмаса-да, ич-ичимдан соғинч ёки қўмсаш ҳам тўлқинланиб келаётган эдики, ота-онам ва ака-укаларим, опа-сингилларим, қариндош-уруғларим дийдорига бўлган интиқлик туйғуси эди бу.
Маҳалламизга келдим. Такси улови кўчамизнинг бошида тўхтади. Тушдим. Ҳақини тўладим ва уйимизга қараб юрдим. Дарвозамизнинг олдида туриб қолдим. Деворлар баланд. Нақшинкор. Уй муҳташам. Уйимизнинг томи ҳам гумбазли.
Бу қадар ҳашамат!
Қўнғироқни чалдим. Эшик олдида турган одамнинг юзини ажинларига қадар уй ичига кўрсатадиган қурилмамиз бор. Ўрнатилган овознуқтадан онамнинг “Усмооон!” деган саси эшитилди. Билдимки, онам югуриб чиқяпти.
Уйимизда хизматчилар бор. Лекин бизни йўқлаб келганларни онам текширарди.
Икки дақиқада эшик ланг очилди, ялангоёқ, сочлари ёйилиб елкасига тушган, пешонасига рўмол боғлаган онам пайдо бўлди. У мени қучоқлади ва ўкириб юборди. Мен ҳам йиғлай бошладим. Бир зум ўтмай ҳовлимизда қий-чув кўтарилди.
Отам етиб келди. Акаларим. Укам. Таниш-билиш ва қўни-қўшнилар. Ўртоқларим.
– Сени изламаган жойимиз қолмади.
– Тикучоқларда изладик!
– Қидирувга бердик!
– Интеретда эълон қилдик!
– Хайрият, тирик экансан!
– Қаерда эдинг?
– Сенга нима бўлди?
Мен саволларга жавоб бера олмай жим ўтирдим. Отам дарҳол қўй сўйишга амр қилди. Маҳалламиз милисаси ҳам келди.
– Одил ака, ўғлингиз билан суҳбатлашсак бўладими? Қаерда эди?
Отамнинг пешонаси тиришди.
– Ўғлим узоқ қариндошимизникига кетган экан, биз улардан сўрамаган эдик, мана келди. Бошқа гап йўқ, – деди.
– Бўлди, бўлди, – деди милиса. – Аммо ака, бизнинг базамизда йўқолган фуқаро сифатида қидирувда деб қайд этилган. Усмонбек топилган экан, баённома расмийлаштириб қўйишимиз керак.
– Баённомангни ёзавер, кейин қўл қўйгани чиқамиз, – деди отам. – Кўрмаяпсанми, ўғлим чарчаган. Қочиб кетаётгани йўқ.
Уйимиз меҳмонга тўлди. Ҳамма хурсанд, аммо шу чоққача қаерда эди деган савол кўзларда намоён. Лекин ҳеч ким бу саволни бермади.
Аср вақти кирди. Мен ўз хонамга кирдим ва уйимизда жойнамоз йўқлигини эсладим. Яна ташқарига чиқиб, акамдан улов калитин сўрадим.
– Дада, кўчага чиқиб келай, – дедим.
– Кўчага? – дадам қошини чимирди. – Нима қиласан кўчада?
– Ишим бор эди, тезда қайтаман... – дедим.
– Майли, – деди дадам.
Акам билан бирга уловни ҳайдаб кўчага чиқдим.
– Чорсудаги масжидга борайлик, ака, – дедим.
– Масжидга? – акам ҳайратланиб менга қаради. Менинг гапим томдан тараша тушгандек таъсир қилди унга. – Нима қиласа масжидда? Ўзи бир ой ғойиб бўлдинг. Ҳаммани қон йиғлатдинг! Онам адо бўлди. Отам адо бўлди. Кимсан – Одилбойнинг ўғли уйидан кетиб қолибди деган иснодга ташладинг бизни! Энди масжид дейсан!
Акамнинг характери ғалати. Менга бу характер рандаланган, қуруқ ёғочни эслатади. Акам жамиятда қандай қоида бўлса, ҳаммасига риоя қиладиган жонсиз махлуқ бўлиб кўринади кўзимга. Ўз жигари ҳақида ҳам инсон шундай дейдими деманг. Ҳақдан ким ҳам кўз юма олади! Акамга юрагим исиб боради, лекин унинг ғалати, умуман тушунмаслик нуқтасида туриб жавоб қайтариши менга ханжардек ботади.
– Масжидга борамизми, йўқми! – дедим мен у билан тортишгим келмай. – Тўхтатинг машинани. Ўзим ҳам боравераман!
Акам гезарди ва тормозни босди.
– Йўқол дайди! – деди ғазабланиб.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 13-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ишдан қайтган хористонликлар уйларида овқатланишади, кирларини ювишади, уларга кийимлар ҳам ҳар олти ойда янгидан бериб турилади. Ҳар сафар бир жуфтдан сифатли либослар олишади. Либослар ҳам бир хил – кулранг, жез тусли. Ҳеч ким, ҳақиқатан, ҳеч ким бошқа бир дунё бўлиши мумкинлигини, Ернинг бошқа четида бошқа ўлкаларда одамлар бахтиёр яшаётган бўлиши мумкинлигини хаёлига келтирмайди. Ўзларини борлиқдаги ягона яратиқ, онгли мавжудот деб билиб, мукаммал ҳаётни кечираётганларига мутлақ аминдирлар.
Хористонликлар оила қурадилар. Оила қуришлари ҳам тартибланган: қайси кўчадаги қайси оила ким билан қуда бўлиши, ўғилнинг қайси қизга уйланиши дастурланган. Бу дастур Ҳукмдор томонидан берилган. Ҳар бир кўчага бир навкар назоратчилик қилади. У ҳамманинг яшашини кузатади. Ўша кўчадан ўзига танлаб олган икки вакилнинг хизматларидан фойдаланади.
Хористонда тартиббузарликлар бўлмайдими? Бўлади. Масалан, ишга кечикиш, ухлаб қолиш ёки узоқ ўй суриб қолиш каби жиноятлар учраб туради. Жиноят устида қўлга тушганлар кондан йиллаб чиқарилмаслик билан жазоланади. Улар қуёш кўрмайдилар ва бошқалар билан гаплашишлари таъқиқланади.
Хористон аҳли Ҳукмдорнинг мутлақ эканлигига шубҳа қилмайдилар, ҳолбуки, эски Ҳукмдорни янгиси билан алмаштирадиган бир куч ташқарида эканлигидан хабарсиздирлар.
Хористон аҳлининг бир оиласи бор эди. Бу оиланинг аёлида эди бу ўлкани зулматдан қутқарадиган сир. Бўйи кичиккина, қийиқ кўзлари кулиб турадиган, истарали бу ожизанинг қалбига яширинган дардни, эҳтимол, бу қуллар ўлкасидаги бирор кимса англаб ета олмас! Ҳа, аёлнинг эри бор, эри конда металл эритиладиган қозонларнинг бирида ўт ёқувчи. Аёлнинг ўзи эрига ёрдамчи. У олов ёқиши учун эрининг ёнидан бир қадам жилмайди. Кўмир, ўтин келтиради. Эри ҳам унинг садоқатини билади. Хотинини чексиз муҳаббат билан севади. Бу ҳайратланарли эди. Қуллар юртида ҳеч ким ўз жуфтини танлаш ихтиёрига эга бўлмагани учун оилаларда муҳаббат шуъласи кўринмайди.
Тўйдан аввал йигит ва қиз умуман кўришмоққа имкон йўқ. Чунки келинлар энг узоқ кўчалардан олиб келинади. Аммо бу иккиси бир-бирини кўрган эди. Тушида! Эҳтимол, ўсмирлар қизларни тушларида кўрар, аммо бу иккиси тушида турмуш қурган эдилар. Сўнг ўнгида ҳам бу содир бўлгач, иккиси донг қотиб қолди. Келин ҳам, куёв ҳам улар буюк бир воқеа учун танлаб олинганлигини билмасдилар, табиий. Қолаверса, турмуш қургач, ўн беш йил ўтса-да, фарзанд кўрмадилар. Бу ўлкада фарзандли бўлмаса-да, иккинчи хотин олиш ёки ажрашиш деган одатлар бегона. Ҳамма ўз жуфти билан яшаши шарт. Агар бундан ким бўйин товласа, дарҳол қатл қилинади. Аммо ҳеч ким бундай воқеа бўлганлигини эслай олмайди. Зотан, бу қонун ҳар кимнинг қон-қонига сингиб кетган.
Хористонда ёмғир бениҳоя кам ёғади. Йилда икки ёки уч марта ёғади. Унда ҳам енгил, майдалаб ёғиб ўтади. Халқ сувни қудуқлардан олиб ичади. Қор ҳақида эса гап бўлиши мумкин эмас. Бир аср аввал яшаган авлод охирги қорни қачон ёққанлигини катта боболаридан эшитган.
Қаҳрамонларимизнинг исмларини билиб олсак. Эрни Денгиз деб чақиришади, аёлни эса Ойгул. Бу ўлкада Денгиз исми жуда ғалати эди. Бу сўзни ҳеч ким ишлатмайди. Унинг маъносини ҳам билмайди. Гап шундаки, Денгизни бобоси ўзининг катта бобосига унинг отаси айтган васиятни маҳкам ушлаб олган: “Денгиз бизнинг катта бобомизнинг исми. Биз ҳамма нарсамизни йўқотдик. Аммо шу исмни йўқотмайлик!”
Шунча авлод вакилларидан бирортасига қўйилмаган бу исм Денгизга берилди. Кўпчилик қизиқди. “Нима дегани денгиз?” – деб сўрашди. “Жуда ҳам кўп сув бўлади, шуни денгиз дейишади”, – жавоб берди исм қўйган бобо. Эшитганлар жуда ҳам кўп сувни тасаввур қилишга уриниб кўрдилар, лекин қийналиб қолишди, кейин бу ишни бас қилдилар.
Ойгулнинг исми у қадар ғайритабиий эмасди, чунки осмонда ойни кўришади, гул деган нарсани ҳам кўз олдига келтира оладиган топиларди, ҳарқалай.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Қўллар қаваради, қоронғуда кўзлар кўршапалакнинг кўзига айланади. Зулмат ичида ёниб турган оловлар кўзларнинг ичини қизартириб юборади. Тўлган тоғораларни кўтарган болалар ва ўсмирлар қайнатиш ва эритиш қозонларига элтадилар. Ер кавланиб, жуда чуқур ва кенг ўчоқлар қурилган. Бу ўчоқлар устидаги қозонларнинг бирига олтин, бирига кумуш, бирига бошқа металл солинади. Ўчоқлар тагидан олов ёқилса, ҳеч ким унга яқинлаша олмайди. Фақат ўта қалин кийим кийган, кўзларини махсус ойнаклар билан тўсганлар қўлларига улкан капгирлар билан қозон атрофида айланишади. Оловдан кўтарилган тутун ғор ичини қоплайди, шамол тутунларни ғорнинг юқорисидан очилган туйнуклардан ташқарига олиб чиқади. Қозон ичида металлар эригани сайин улардан ҳам аччиқ, нафасни бўғувчи оғир ҳидлар таралади. Ҳосил бўлган эритманинг устида қора чиқиндилар кўринади. Бу чиқиндиларни махсус чўмичларда олиб ташлайдилар. Кунларки давом этадиган жараёндан сўнг соф олтин, соф темир ва бошқа металлар суюқ ҳолда қўлга киради. Уни махсус қолипларга қуядилар. Тўртбурчак ғишт каби темир ва олтинлар хирмони пайдо бўлади. Сўнг бу маҳсулотлар эшакларга юкланади. Эшаклар учун кондан чиқиш йўлаги қурилган. Эшаклар карвон бўлиб шу йўлдан чиқиб кетади. Лекин улар қаерга кетади, кимнинг ҳузурига боради – номаълум.
Хористон аҳли бу ишга ихтисослашган. Уларнинг бир гуруҳи конда тоғ бағрини ўяди, бир гуруҳи сараловчи, бир гуруҳи ташувчи, бир гуруҳи эритувчи, бир гуруҳи қуювчи, бир гуруҳи олов ёқувчи... Айнан улар Ҳукмдорнинг қасрини қуриб, кириб бўлмайдиган мустаҳкам дарвозаларни ўрнатиб берган эдилар. Аслида, Ҳукмдор қасрининг қурилиши сирли тарихни ўзига яширган.
Бундан юз йиллар олдин Ҳукмдорнинг қароргоҳи кичикроқ эди. Юз йил сизни ҳайрон қолдирмасин. Халққа Ҳукмдор абадий яшаши айтилган. Ҳеч қачон тарихда Ҳукмдор ўлгани ҳақида маълумот айтилмаган. Ҳукмдорнинг асл юзини биз тасвирладик, аммо уни хористонликлар ичида кўрган бирор инсон йўқ. Ҳукмдор ҳамиша ўзининг сариқ ҳамда жавоҳирлар билан зийнатланган либосида юзига мато тутган ҳолда бошида қизил олтиндан ясалган тожда улусга кўриниш беради. Бу йилда бир марта кутиладиган ҳодиса. Айнан шу кун учун халқ уч кун дам олади. Тўртинчи кун катта байрам ва тантана билан Ҳукмдорни қаср олдидаги майдонда кутадилар. Кутар эканлар, ҳеч ким тинч ўтирмайди. Балки фақат чўчқа терисидан ясалган ноғоралар эмас, энди карнай ва сурнайлар ҳам қўшилиб шовқин соладилар. Бу шовқин аниқ оҳанг билан янграйди, эшитган қулоқлар батанг битади, шу овоздан бошқасини англамайди. Бир соат давомида бу шовқин остида ҳамма Ҳукмдорни олқишлаб, алқаб қўшиқ айтади:

Ҳукмдор Худонинг издоши,
Ҳукмдор абадий яшагай.
Ҳукмдор бор экан дунёнинг
Ҳар қаричи яшнагай!

Ҳукмдор улуғдир, олийдир,
Ҳукмдор меҳрибон, шафқатли.
Ҳукмдор қаҳрига учрама,
Ғазаби жуда ҳам шиддатли!

Ҳукмдор улуғдир, буюкдир,
Ҳукмдор барчага суюкдир!
Ҳукмдор барчанинг отаси,
Ҳукмдор Худонинг атоси!

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО
Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн олтинчи боб. Мозий китоби: қуллар

Улардан илгари ҳам масканларида яшаб юрган қанча авлодларни (куфрлари сабабли) ҳалок қилганимиз уларни тўғри йўлга солмадими?

Тоҳо сурасининг 128-ояти маъно таржимаси

Китобнинг илк жумлалари менинг хаёлимни эгаллаб олди. Ва уни ўқишда давом этдим.
“Бу ўлканинг номини ўз халқи билмас эди. Ҳа, асл номини билмас эди. Ўлкага уни босиб олган мустабидлар Хористон дея исм бермиш эдилар. Хористон нима дегани? Бу сўз қаердан чиқиб келмиш? Ҳеч ким билмас ва маъносини англамас эди. Хористон халқининг ҳар бир одами хор дея аталди. Биз “Хор халқимиз” дейишарди.
Улар учун бир хилда уйлар қурилган. Барча уйлар тошдан. Уйларнинг ўлчами, ранги, кўриниши бир хил. Аммо ҳеч ким ўз уйини топишда янглишмайди.
Хористоннинг қоқ ўртасида маҳобатли қаср барпо бўлган. Унинг миноралари кўкка бўй чўзган. Қасрнинг ранги қип-қизил олтиндан олинган. Аслида, қаср тошдан қурилган эди. Хористонликлар қояларнинг тошларини тўртбурчак ва учбурчак қилиб кесиб, шу қасрни тиклашди. Сўнг қизил олтинни эритиб девор устидан қуйишди. Суюқ олтин деворларни тўлиқ қоплади ва қаср тўқ зарғалдоқ рангга кирди.
Қасрнинг дарвозаси пўлатдан. Бу пўлатни ҳам хористонликлар ясашди. Агар ошиқ-мошиққа ўрнатилмаса, дарвозанинг битта тавақасини ўн киши жойидан қўзғатиши даргумон. Лекин дарвоза шу қадар маҳорат билан ясалдики, бир дона калит билан тақа-тақ қулфланади, бир дона калит билан шарақа-шуруқ очилади. Дарвоза икки қават – ўртасида бироз жой бор. Ташқи дарвозадан сўнг ичкиси очилмоғи керак. Сўнг тахтадан – заранг дарахтининг ёғочидан ясалган нақшинкор дарвоза келади. Ундан кейин қаср ичига қадам қўймоқ мумкин.
Қасрнинг ичи ўта кенг, ўта баланд, ўта безакдор ва ўта совуқдир. Совуқ деганда унинг ҳарорати эмас, балки кўринишини айтмоқдамиз. Қаср ичидаги зийнатлар ҳеч бир инсонни шодлантирмайди, аксинча, беихтиёр киши қалбини чуқур қайғу ичига улоқтиради. Бунинг сабабини ҳеч ким тушунтириб бера олмас, лекин эс-ҳуши жойида бўлган инсон нима учун шундайлигини яхши тушунади.
Қасрнинг соҳиби Хористон ҳукмдоридир. Унинг исмини ҳеч ким билмайди. Шунчаки, у Ҳукмдор деб аталади. Ҳукмдорнинг танаси қора бўлиб қора, оқ бўлиб оқ эмас, ёқимсиз бир ранг, балки кулранг дейиш мумкин. Кўзлари кул ичидаги чўғдай совуқ йилтиллайди. Соқоли ҳам терисининг рангига монанд – икки жағидан узун бўлиб ўсган, лекин иягида умуман бир дона тук ҳам йўқ. У мўйлабини ўстиришни севади. Мўйлабини ўрдирган ва сочининг икки ўрими билан бирлаштирган.
Кийимлари ҳам жуда безакдор – кенг, сариқ, узун ва саноқсиз жавоҳирлар қадалган. Белида қилич билан юради. Ҳукмдорнинг хотини ва бола-чақаси йўқ. Аммо улкан ҳарами бор. Ҳарам ичида унинг кўнглини хушлайдиган барча нарса муҳайё...
Ҳукмдорнинг севимли ичимлиги – қон. Гўдак қони. Бу улкан сир бўлиб, бундан унинг энг яқин ёрдамчиси Семиз хабардор, холос. Семиз ўз ҳукмдори учун ҳар уч ойда бир хумчани гўдак қони билан тўлдириб бериши керак. Бу ўзига хос амалиёт – қасрнинг энг тубидаги ҳужрада уч ойда бир марта ўтказилади. Семиз уч ёшли гўдакни келтиради ва Ҳукмдорнинг кўз ўнгида уни оёғидан осиб қўйиб, бошини тилади. Тилинган жойда хумчага қон томади. Аввал томчилаган қон кейин оқади ва гўдак шу тариқа жон беради. Унинг сўнгги томчи қони хумчага тушиб бўлгач, Семиз уни қўлига олади. Тахтда вазиятни укки кўзлари билан кузатиб ўтирган ҳукмдорнинг оёғи остига қўяди. Сўнг пешонасини уч марта ерга қадаб, Ҳукмдорга қуллуқ эълон қилгач, қўш қўллаб кўзани узатади. Ҳукмдор кўзани олади, унинг ичига қарайди, ҳидлайди, ҳузурланиб кўзларини юмади ва ҳўплаб ича бошлайди. У ҳарорати пасаймаган иссиқ қонни ичиб бўлгунича Семиз бошини кўтармайди, икки қўлини ерга қадаб кўзларини ердан узмайди. Ҳукмдор қонни ичиб бўлгач, вужудида ғайритабиий бир қувватни, мастликни ҳис қилиб, кўзани деворга уриб синдиради ва ухлашни хоҳлайди. Тепадаги махсус ҳужрада чўрилар уни кутиб олишади ва ётиб ухлаши учун хизмат қиладилар. Семиз ўз вазифасини бажаргач, бошқа ишларга киришади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 15-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Тўхтамурод ака билан гапимиз қовушиб кетди. Бу одам эътиқодли самимий мусулмон экан. Ўртамизда бўлган суҳбатларни ўрни келганда айтиб ўтаман. Керамика заводида ишлайдиган маҳкумлар билан ҳам бирма-бир танишиб бордим.
Уларнинг ҳам кун тартиби аниқ: эрталаб соат еттида саф тортиб туришади. Хизмат кийимида бўлган қамоқхона нозири уларни текширади. Текширув қандай бўлади? Ходим қўлига тўғри тўртбурчак шаклида кесилган қаттиқ қоғозчаларни ушлаб, ҳамманинг фамилиясини бирма-бир ўқиркан. Бу қоғозни “карточка” дейишади. Сўнг соат бирда, яъни туш вақтида, соат кечки еттида ҳам шундай йўқлама бўларкан. Ҳамма ҳар йўқламага йиғилади.
Чинни цехига келганимга ўн кун бўлди, оиламдан ҳеч ким йўқлаб келмади. Агар кутмадим десам, ёлғон бўлади. Инсон кутар экан. Ўзи истаса, истамаса, жигарларидан кутар экан меҳрми, оқибатми, шунга ўхшаш нарсани.
Ишхонада ҳаммаси бир маромда кечади. Бу ерда вилоятлик йигитлар бор, уларнинг одат ва яшаш тарзлари бироз фарқли, лекин бирор танқид айтишга, ғийбатга вақтим йўқ. Эрталаб бомдодни масжидда ўқийман. Қуръон тиловат қиламан. Тажвидим устида ишлайман. Тажвидни мустақил ўрганаётганимни кўрган Тўхтамурод ака:
– Тажвид илми мустақил ўрганиладиган илм эмас, Усмон, – деди. – Умуман, исломий илмларни ўрганиш учун Устоз керак. Устозсиз илм олиш адашишга олиб боради.
– У ҳолда, тажвидни менга сиз ўргатинг, – дедим.
– Албатта, ўргатаман, – деди Тўхтамурод ака. – Ўзим эски ҳужраларда тажвиддан таълим олганман. Ҳозир барча илм эгалари яширинишган. Исломий илмларни кенг миқёсда тарқатиш имконсиз. Кўп жойларда Қуръон ёдланяпти. Ҳадисдан илм бериляпти. Олимлар жавоҳирлар каби Ернинг остига ғойиб бўлишган. Халқ дин илмидан йироқ қолди. Бироқ чиндан илм ўрганаман деганлар Аллоҳнинг ёрдами билан имкон топаётир. Зотан, Аллоҳнинг дини ҳимоясида то қиёматга қадар жон бериб курашадиганлар топилади. Уларнинг йўлларига қамоқ ва ҳийлалар, золимларнинг зулм ва қатағонлари тўсиқ бўла олмайди. Асл иймон соҳиби қошида бутун дунё золимлари барпо қилган тўсиқ кузда қуриб чириган хазон каби заифдир. Сенинг ҳам Қуръон ўрганаман деган жидду жаҳдинг ва бу йўлда менга йўлиққанинг Роббимизнинг марҳаматидир. Бошқа нарса эмас, иншааАллоҳ.
Биз дарс бошлаб юбордик. Ҳафтадан кунларни белгилаб олдик. Тўхтамурод ака, асосан, бомдод вақтидан бир соат аввал менга дарс беришни бошлайди. Истеъло ва истефола ҳарфлари, сукунлик нун ва танвин қоидалари, изҳору идғом, иқлобу ихфо, мад ва уларнинг неча алиф чўзилиши ҳақида ўрганишга киришиб кетдим. Ҳар бир дарсни оятлар билан мустаҳкамлар эдим. Ҳар куни бир саҳифа оятда келган тажвид қоидаларини аниқлар эдим. Бу иш жуда ҳам ёқиб қолди менга.
Бир ой бўлди уйдан кетганимга. Ёзнинг ярми ўтди. Чилланинг қоқ ўртасига етдик. Кун иссиқ бўлса-да, ётар жойим чанг бўлса-да, ишимдан нолимасдим, Қуръон таълими мени ҳузурлантирди. Тўхтамурод ака “Фарзи айнни ҳам ўрганишинг керак”, – xдеди. Мен фарзи айн нима деб сўрадим. Саломиддиндан эшитган бўлсам-да, назаримда, тасаввурим чала эди бу ҳақда.
– Аллоҳнинг бандалардан шаксиз бажаришини талаб қилгани фарз амаллардир. Улар иккига бўлинади: фарзи айн ва фарзи кифоя. Фарзи айн ҳар бир мўминнинг зиммасидаги бурчи. Бажармаса, гуноҳкор бўлади ва жазоланади. Фарзи кифоя эса Ислом жамоасидан бир гуруҳ бажарса, қолганлардан соқит бўладиган амаллардир, – тушунтирди устозим. – Исломда бешта, иймонда еттита, ғуслда учта, таҳоратда тўртта, таяммумда тўртта, намозда ўн иккита, аёллар билан боғлиқ битта, амри маъруф ва наҳй мункар билан боғлиқ иккита, илм билан боғлиқ битта фарз бор. Буни ҳар бир мусулмон билиши ва умри давомида шу амалларни бажариши, шу фарзларга мувофиқ яшаши шарт.
Тажвид дарслари ёнига бу сабоқлар ҳам қўшилди. Кун давомида умуман бўш вақтим йўқ эди. Ишимни қиламан. Кимлар биландир тортишишга, воқеаларни муҳокама қилишга фурсатсиз эдим. Ўша вақтдаги бу ҳолатни Роббимнинг марҳамати деб биламан. Ота-онам ёки акамнинг мени йўқламай қўйишгани ҳам айни муддао эди. Гоҳида улар соғмикан деб ўйлансам-да, албатта, соғ бўлиши керак, акс ҳолда, хабар беришади, телефоним ишлаб турибди дер эдим ўзимга.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Таҳорат олгач, хонақоҳга кирдим. Хонақоҳ деворига жавонлар илиб қўйилган экан. Уларга тахланган китобларга бориб қарадим. Саломиддин берган китобларни ўқишим керак деб ўйладим. “Ҳадис ва Ҳаёт” деб ёзилган бир хил муқовали китоблар, бошқаларининг номларини ўқий бошладим: “Тафсири Ҳилол”, “Қуръони карим маънолари таржимаси ва тафсири”, “Сунний ақийдалар”, “Тасаввуф ҳақида тасаввур”...
Китобларнинг муаллифи шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Субҳаналлоҳ, бир инсон шу қадар кўп китоб ёзиши мумкин экан-да! Ҳайрон қолдим. Саломиддин ҳам бу инсон исмини икки-уч марта зикр қилган эди, ҳаёт бўлса, учрашмоғим керак деб ўйладим.
“Ҳадис ва Ҳаёт”нинг “Ансорлар розияллоҳу анҳум” деган қисмини қўлимга олдим. Йигирма олтинчи жуз деб ёзилибди. Бомдоднинг суннатини ўқишим кераклиги ёдимга келди. Суннатни адо қилгач, китобни очдим. Дастлабки саҳифада арабий матн ва таржималари бор экан: “Расул сизга нимани берса, олинг ва сизни нимадан қайтарса, қайтинг!” (Улуғ Аллоҳ рост сўйлайди)
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар: “Менинг гапимни эшитиб, сингдириб, ёдлаб, сўнгра етказган одамни Аллоҳ неъматлантирсин!” (Имом Аҳмад ривоят қилган).
Бу жумлалар ақлимга найзадек санчилди. Расул, бу пайғамбар. Бизнинг пайғамбаримиз яъни. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам! Ул зот нимани буюрса, қандай сўз айтса, олишимиз керак. Бизни нимадан қайтарса, қайтимиз керак. Демак, бу итоат. Демак, бу бўйсуниш! Аллоҳнинг амри бу.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз сўзларини эшитган, ёдлаган, қалбига сингдирган ва бошқаларга етказган мусулмонга Аллоҳнинг неъматларини сўраган эканлар. Демак, шу ишни қилган одамнинг ҳақига дуо қилибдилар. Демак, шу иш билан машғул инсон неъматлар ичида бўлиши шубҳасиз.
Ўзим ҳам хаёлимга бу фикрлар қаердан келганлигини идрок эта билмадим. Лекин қалбимга маърифат нури сувдай, балки сутдай қуйилаётганини сездим. Китобнинг кейинги саҳифасида мавзу, унинг моҳияти айтилибди. Ансорлар кимлиги тушунтирилибди. Жумлаларни ҳижжалаб ўқидим. Қийиндек эди англаш. Бироқ фаҳмим муаммосиз қабул қилаётган эди.
Китобдан бир саҳифа чамаси ўқиб бўлганимда такбир, яъни намоз учун қомат чақириғи янгради. Қарасам, хонақоҳ жамоат билан тўлибди. Намозхонлар сафлана бошладилар.
Фарз адосидан кейин жаноза ўқигани ҳамма масжид ҳовлисига чиқди. Мен биринчи сафга туриб қолдим. Менинг ўнг томонимда – уч тўрт қадам нарида тобут турар эди. Тобут устига оппоқ мато ёпилган. Ерга палос тўшалган, тобут палос устида. Тобут олдида кўзи йиғидан қизарган уч-тўрт киши. Имом жамоатга қарата бироз ваъз қилди. Ўлимнинг ҳақлигини, ҳар бир банда ўлимга юзланажагини айтди. Бир сўзи, айниқса, мени мутаассир этди.
– Инсоният Аллоҳга юриб бормоқда. Кофир ҳам, мусулмон ҳам, мушрик ҳам, мўмин ҳам ўлади. Ўлмасдан қоладиган ҳеч ким йўқ. Ҳаммамизнинг жонимиз ҳалқумдан ташқарига чиқади. Аллоҳни инкор қилган ҳам, унга итоат қилган ҳам оламлар Роббиси қаршисида туриб жавоб беради. Бу қадар, бу тақдир. Ундан ҳеч ким қутула олмайди. Халос бўлиш ва нажотнинг йўли – Диндир, Исломдир.
Бу сўзлар қалбимни қалтироққа ташлади. Жаноза тик туриб ўқиларкан. Илгари ҳам бир ё икки марта жаноза намозида қатнашганман, лекин моҳиятига эътибор бермаганман. Одамлар ўлган кишини йиғилиб, сўнгги манзилга ўраб чирмаб, эҳтиётлаб елкага кўтариб етказиб қўйишлари мен учун фавқулодда жозибали туюлди. Ҳа, жозибали. Бу сўзни қўллаганим учун ҳайрон бўлманг. Бу жуда қизиқарли, ҳайратланарли иш-ку, ахир.
Тўрт такбир билан жаноза намози тугади. Мен бу намозда нима деб дуо ўқишни билмас эдим, шунинг учун жим туравердим, бироқ имом ҳар сафар “Аллоҳу акбар” деганида ичимда пичирлаб такрорлаб қўйдим. Тобутни кўтариб, қабрга элтдик. Одам у қадар кўп эмасди, ўттиз киши бор эди, чамаси.
Вафот қилган киши кекса бир одам экан.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Менинг борадиган жойим йўқ, аммо янги ишхонам ёдимга келди. Ётиб ишлайдиган ишчилар ҳам борлигини айтган эдим, ўша хонада менга ҳам ўрин топилади, иншааАллоҳ. Онам олиб чиққан рюкзагимда йиғма жойнамоз, Қуръон, Қуръон маънолари таржимаси, Қуръон ҳарфлари ва тажвидини ўргатадиган қўлланма ва Саломиддин ҳадя қилган иккита қалин китоб бор эди. Назаримда, янги ишхонам мен учун қулай: лой қуйиб, пул топаман ва бўш вақтимда фақат китоб ўқийман. Қуръон ўрганаман. Саломиддиннинг китоблари ҳам жуда қизиқтиряпти. Тезроқ ўқишни истайман.
Ишхонамга пиёда йўл олдим.
Хуфтон вақти кирган аллақачон. Мен кетаётган йўлнинг четларига чим бостирилган, яшил. Кундузи сув ҳам сепиб турилади. Шу чимнинг устига жойнамозимни ёздим ва хуфтонни адо қилдим.
Сўнг пиёда учун анча олис бўлган йўлга отландим. Чинакам тун зулмати чўка бошлади. Шаҳарнинг марказидан анча йироқлашдим. Маҳаллалар ичидан юриб кетяпман. Чигиртка чириллайди. Қаердандир келган қурбақа овози қулоққа чалинади. Соатимга қарайман – соат ўн бирдан ошиб ўн иккига кетяпти. Гоҳида аёл кишининг нозланган товуши келади. Ичиб олган йигитлар уловларини чийиллатади. Йўлдан кучуклар югуриб ўтади. Димоғимга ҳар хил ҳидлар урилади гоҳо. Ёз оқшомининг ажиб таровати қоплади оламни.
Осмонга ой кўтарилди. Бир зумда атроф сутдай ойдин бўлди.
Кун бўйи ишлаганман, бутун вужудимни чарчоқ қоплаган эди, очиғи, аср вақтида. Бироқ ҳозир ёз оқшомининг роҳатбахш шабадаси, қора чодир ичини ёритган фонус каби порлоқ ой, шағал тошлари кўчиб, бағрини тўлдирган кўчалар, йўл бўйига экилган ўрик, олма ва тераклар – барчаси мени фараҳ билан ўраб олди.
Ниҳоят янги ишхонамнинг кўчасига етиб келдим. Айтганимдек, бу жой қабристон ёнида. Йўллар буткул асфалтланган, ўтириб бироз ҳордиқ чиқарай десанг, ўриндиқ ҳам йўқ. Қабристон дарвозасига келдим. Очиқ экан. Ой ёруғи қабрлар устига сочилган. Қабр тошлари ялтирайди, Йўлакдан кирдим. Одатда, қабристон қоровули гўрковлик ҳам қилади. Ҳа, бир бурчакда чироқ ёқилган ва тепага учиб чиқаётган тупроқни кўрдим. Қабр кавланяпти! Бордим. Сал узоқроқдан йўталиб қўйдим. Қўрқитиб юбормай дедим. Қабр ичидаги гўрков овозимни эшитди, шекилли, ўрадан боши кўринди. Ой ёруғи, қолаверса, қабристон ичини ёритган чироқлар одамни аниқ ва равшан кўрсатади.
– Ассалому алайкум, – деб гўрковга икки қўлимни узатдим.
– Ваалайкум ассалом, – деди гўрков ўзи кавлаб уйиб қўйган тупроқ устига ўтираркан. Ўша ерда термос бор экан, биласиз, термос чойни иссиқ сақлайдиган идиш. Ўзбек тилида қандай ифодаласам экан? Қайноқдон деб айтай, майлими? Бу сўз менинг кашфим. Австралияда ишлаётган бир дўстим айтгандики, уйғур муҳожирларидан бири байрамларда осмонга отиладиган мушакни ўтчечак деб атаган экан. Яъни янги сўз топган. Мен ҳам қайноқдон деб термосни ўзбекчага ўгирдим. Хуллас, қайноқдон ёнидаги пиёлани олди. Обдастада суви билан уни чайди. Сўнг иссиқ чойни қуйди. Менга узатди. – Ичасанми, ука?
– Ўзингиз ичинг, кейин, – дедим.
– Сувни аввал кичик ичади, бу суннат, – деди гўрков. Хўп дедим ва чойни олиб ҳўпладим. У қадар қайноқ эмас, аммо илиқдан иссиқроқ, мазали ва хушбўй чой. Тўрт соатдан буён тўхтамай юрганим учун толиқиб қолган эдим, чой ичиб чарчоғим тарқалгандек бўлди. Гўрков мен бўшатиб узатган пиёлани олди ва ўзига чой қуйиб ҳўплаб ича бошлади. Сизга уни тасвирлаб берай. Бўйи баланд, қотма, елкаси кенг, соқоли қалин, пешонасида тиришлар бор, икки ёноғи қизил, сўрашганда билдим – кафти қадоқ бўлган, қўллари катта. Ёши қирқ ва эллик ўртасида, эгнидаги кўйлак ва шалворнинг ранги билинмайди, биринчидан, қоронғу бўлгани учун, иккинчидан бу одам бошидан оёғига қадар тупроққа беланган. Юзлари, сочлари ҳам тупроқ. Тўғри, бошига дурра боғлаган, лекин дурра тагидан чиқиб турган сочлари ҳам тупроқ. Менимча, кўчадаги одам бир кўрса, қўрқиб кетса керак.
– Тупроққа беланган одамдан қўрқма, – деди гўрков менинг фикримни ўқигандек. – Асл ҳолимиз шу. Асл сувратимиз шу. Сени бу ерга қайси шамол учирди, ука? Майитнинг қариндошимисан? Гўр, иншааАллоҳ, бомдоддан бир соат аввал битади. Деярли тайёр қилдим. Бомдодда жанозани ўқигани шу ерга олиб келаверасизлар.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО
Роман

Мустафо ЮСУФ

Ўн бешинчи боб. Қабристон

Бас, юз ўгирсалар, айтинг: “Менга Аллоҳ кифоядир. Ундан ўзга илоҳ йўқдир. Унга таваккул қилдим. У буюк Аршнинг Роббисидир”.

Тавба сурасининг 129-ояти маъно таржимаси

Онам отамнинг жаҳлини босишга уринди.
– Дадажониси, – деди ялинганнамо. – Илтимос, асабийлашманг. Ахир, ўғлингиз катта йигит-ку! Ўз нонини ўзи топишни истаяпти. Уни ўз ҳолига қўйишимиз керак.
Отам шишадан стаканига тўлдириб ароқ қуйди. Бир кўтаришда бўшатди. Сўнг қазидан еди ва столни муштлади.
– У ҳолда... – деди кўзи сузилиб, овози ўйнаб. – Демак... ўз ҳолига қўяйликми... Йўқолсин! Ҳей бола! Йўқол уйимдан! Биров сўраса, ҳайдаб юбордим дейман. Даф бўл!
Нима десам экан?
Бирор ишни қиларканман, охирини ўйламаслик хусусияти табиатимда бор. Кўнглимга тўғри туюлган ишни қилганман ҳамиша. Кун бўйи ишда юриб, уйимга келгач, ота-онамдан қандай дакки эшитиш етти ўйлаб, хаёлимнинг бир четига ҳам келмаган эди. Шунинг учун бўлса керак, дабдурустдан отамнинг “Уйдан даф бўл!” – деган гапи оғир ботди. Қаерга кетаман деган савол келмади онгимга, балки бўлди, кетдим деган қатъий ва аччиқ бир қарор юрагимга санчилди.
Шарт ўгирилдим ва чиқиб кетдим. Миям музлаган эди. Кўзим ҳеч нарсани кўрмасди.
– Усмонжон! Усмоним! Болам! – бу онамнинг илтижоли саси эди. Беихтиёр тўхтадим. Онамнинг овозида бу қадар ўтинчни ҳеч туймаган эдим аввал. Ўгирилдим. Онам югуриб келиб мени қучоқлади.
– Ўғлим, отангдан хафа бўлма, ўғлим, – деди онам йиғлаб. – Биздан хафа бўлма. Эртага жаҳлидан тушса, қайтиб келасан.
– Келмайман, – дедим мен қатъий. – Бу уйни елкамнинг чуқури кўрсин!
– Жоним ўғлим, ундай дема, ундай дема, болажоним, – деди онам.
– Ойи, йиғламанг, илтимос, – дедим. – Мен қандай хато қилдим, ойи? Сизларга қандай ноҳақлик қилдим? Отам тўғри айтади – унинг топаётгани камида шубҳали ёки ҳаром. Чунки отам меҳнат қилмайди. Бировларнинг ҳаққини еса ҳам ажабланмайман. Ўзим меҳнат қилиб нон топаман.
– Болам, – деди онам қўлимдан маҳкам ушлаб деворимиз тагига ўрнатилган ўриндиққа етаклаб. – Ўйлаб гапиряпсанми? Биз ҳам бировнинг ҳақидан қўрқамиз, болам.
– Ишонмайман, ойи, ишонмайман, – дедим қизишиб. – Отамнинг кимлар билан алоқа қилишини биламан-ку! Кимларга хизмат қилишини ҳам биламан-ку! Бечора ва камбағаллар билан ишимиз йўқ-ку!
– Бечора ва камбағалларни боқиш бизнинг ишимиз эмас, – онамнинг овози жиддийлашди. – Улар ношудлиги учун қашшоқ.
– Демак, биз уддабуронлигимиз ва ақлли эканлигимиз учун боймизми? – сўрадим.
– Ҳа, истасанг ҳам, истамасанг ҳам, шундай, ўғлим, отанг муомалани билади, ўз ишини аъло даражада бажаради. Мен ҳам оилам учун яшайман. Сизларни ҳам шунинг учун тўкис ўстирдик.
– Ундай эмас, ойижоним, Аллоҳ бизга бошқалардан кўпроқ ризқ, бойлик бергани учун боймиз, холос. Эртага Ўзи олиб қўйса, қашшоқ бўлиб қоламиз.
– Бундай хурофотлар миянгга қандай қилиб кириб қолди, Усмон? – ойим росмана қизишди. – Бундай бемаъни ўйларни қаердан топяпсан? Реалроқ фикрласанг, бўлмайдими? Инсон ҳаракати мантиқ ва режага асослангани учунгина бой бўлади, шуни билиб ол. Сенинг ризқ ва шунга ўхшаш сафсаталаринг барчаси бўлмаган гап.
– Она! – дедим кўзларимни катта-катта очиб. – Эсингиз жойидами? Сиз Аллоҳнинг ризқ беришини инкор қилиб кофир бўлиб қоласиз!
– Вой бў! – деди онамнинг энсаси қотиб. – Ҳар гапнинг бирида кофир дейишни ўрганиб олибсан! Ўқи десак, университетда ўқимайман дединг. Мана, оқибати. Университетда ўқиганингда сал ақллироқ бўлармидинг!
– Ойи, университетнинг алоқаси йўқ бунга...
– Тоғанг катта профессор. Сен у билан дин ҳақида бир гаплашиб кўр. Сенинг онгингни тозалайди у.
–Ҳеч ким билан гаплашмайман.
– Қўрқяпсанми ўғлим? Амакингнинг ўғли ҳам жуда фаол йигит. Сендан бир-икки ёш катта. Аммо жуда ақлли. У билан ҳам суҳбатлаш.
– Мен ҳеч бири билан гаплашмайман.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 14-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Бу бизнинг камтаргина чинни цехимиз. Чойнак, пиёла, тақсимча қуямиз, пиширамиз. Бу печка. Шу ерда пиширамиз. Цех бу ёқда.
Мурод ака мени ўнг томондаги эшикка бошлаб кирди. Чапга юрдим. Коридор сифатли бу хонанинг икки томонида белим баробар столлар, уларнинг устига эса қолиплар терилган, қолипларга эса чойнак, уларнинг қопқоқлари, пиёлалар, тақсимчалар қуйилган. Икки йигит қўлида челак, қолипларга лой қуйиб юришибди. Биз эшик қўйилмаган, шунчаки қаттиқ мато тортилган жойдан яна ичкари кирдик. Чап томонда катта ва думалоқ бочка, яна столлар, уларнинг устига ҳали пишмаган чойнак ва пиёлалар териб ташланган. Ўнг томонда иккита алоҳида жой. Бирида қомати сал букилган, бурни чўзинчоқ бир одам юзига ниқоб тақиб олиб ўнг қўлида сепгич, чап қўлида эса олдидаги айлангич устига қўйилган чойнакка сиёҳ сепяпти. Чойнак устига сетка кийгизилган.
– Мана бу бочкада лой тайёрлаймиз, – деди Мурод ака. – Мана бу ерда глазур. Бизга яна қуювчи керак бўляпти. Иш ҳақи қуйган маҳсулотингиз миқдорига қараб белгиланади. Юзта қуйсангиз, юзта учун, мингта қуйсангиз, мингта учун шу куннинг ўзида пулини оласиз. Лекин барча маҳсулотларингизни биз айтгандек қуясиз, жойлаштирасиз. Шошиб қуйсангиз, маҳсулотингиз ёрилади, нуқсонли чиқади.
Менга ишхона ёқди. У ердан лой, сиёҳ ва яна нотаниш ҳидлар келар эди.
– Ишлайман, – дедим. – Қанча тўлайсиз?
– Бир дона учун эллик сўмдан. Йигитлар мингта ҳам қуйишади. Кўпроқ тўлар эдим, лекин йўқотишларимиз ҳам бор-да... – деди Мурод ака узр оҳангида. Бу инсоннинг инсофли эканлигини ҳис қилдим.
– Ҳозироқ иш бошлайман, – дедим. – Аммо бироз чанг бор экан. Ўрганиб кетсам керак.
– Чангга ҳам, ишга ҳам ўрганиб кетасиз, иншааАллоҳ. Келинг, энди сизга бемалол ва батафсил ишни тушунтирай. Ўзим ўргатаман...
Мурод ака менга лойнинг келиши, уни эритиш, қолипга қандай қуйиш, неча дақиқа қолипда ушлаш ва ундан чиқариб қаерда қуритиш, қуригач, қаерга олиб келиб тахлашим кераклигини уқтирди. Ўзи катта бочканинг олдига борди. Ичи тўла лой. Қоп-қора. Бироз кулрангга тортади. Суюқ. Бироқ бу суюқлиги етмас экан, шекилли, электрга бир ускунани улади ва лой ичига тиқди. Ғириллаган овоз чиқди ва у ускуна лойни айлантира бошлади. Икки-уч дақиқада лой бутунлай қайта аралашиб кетди. Туси ҳам ўзгарди. Тиниқлашгандек бўлди лой!
Ҳа, кулгили, лой ҳам тиниқлашадими дерсиз. Тиниқлашаркан. Бу лойдан аксингиз кўринади. Дабдурустдан кўрган одам буни суюқ балчиқ деб атайди.
Мурод акага эргашиб ярим челак лойни олдим. Чойнакнинг қолипи икки палладан иборат экан. Иккисини бирлаштириб, тепа қисмидан қуяман, икки соатдан кейин қолипларни очсам, чойнаклар қотган, қаддини ғоз ростлаган бўларкан. Беш юзта чойнак ва беш юзта қопқоқ алоҳида қуйиларкан. Чойнаклар учун жўмраклар ҳам уланаркан.
Ишга киришиб кетдим.
Масжид яқин экан. Азон айтилганда чиқиб келдим. Тушлик беришаркан. Тушлик қилдим.
Менинг ишхонам жойлашган бинонинг асосий қисми керамик маҳсулотларга ишлаб чиқаришга мосланган экан. Тепада қолиплар, орқа томонда лойхона ва ҳоказо...
Дарвоқе, қолиплар гипсдан қуйиларкан. Гипс ўзига намни тортиб оларкан ва бир муддатдан сўнг қурийди. Яна лой қуйсангиз, яна намни тортиб олади. Қизиқ жараён. Ишга берилиб ҳамма нарсани – оиламни, муаммоларни унутиб юбордим. Бинонинг иккинчи қаватида бир бурчакни ўраб, хонага айлантиришибди. Чиқиб кўрдим. Тўртта кроват. Симли. Ерга палос тўшалган, ер ҳам пол эмас, цемент. Шу ерда қолгим келди. Лекин инсоф юзасидан бу ҳақда ота-онамга айтишим керак деб ўйладим.
Асрдан сўнг телефонимга қарасам, саксондан ошиқ ўтказиб юборилган қўнғироқ ва элликтадан кўпроқ хабарнома кўрдим. Қарадим: отам, онам, акам, “Қаердасан?!” деган сўзлар.
Онамга қайтариб сим қоқдим.
– Ойи... – дедим.
– Қаерга кетдинг, Усмон! – онамнинг овозида ғазаб устун эди гўё.
– Ишдаман, ойи. Ишга кирдим.
– Ишгинангни олсин! Қаердасан! Бориб сени олиб келаман.
– Ўзим бораман. Келманг.
Ичим хиралашди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Мен уларнинг барча кирдикорларини шу қадар чуқур биламанки, ҳозир бирма-бир санасам, вақт ҳам, саҳифалар ҳам етмайди. Ахир қай бирини айтай: фоҳишахоналарнинг тизимли фаолиятиними? Қорадори савдосиними? Одам сотишними? Бозорларда сотувчилардан олинадиган устама тўловларними? Давлат ажратган пулларни қай тариқа ўмаришиними? Қиморхоналарда қиморлар уюштиришиними? Ўзларининг кўпиришига кўра, дунёнинг исталган чекасидаги жиноятчилар билан апоқ-чапоқлигиними? Ёки ҳукуматлар ҳам бу яширин кучлар билан келишиб ишлашиними? Ўзларига қарши чиққанларини йўқ қилиб юборишлариними? Артисларни қандай қилиб юлдузга айлантиришлари ва улардан қандай фойдаланишлариними? Қай бирини сўйлай? Ёки бу ишлари билан қандай қилиб мақтанишларини баён этайми?!
Бу ишларнинг кўпи халқ кўзидан тўсилган. Буни одамлар билмайди. Англамайди. Ташқаридан қарасангиз, ҳаёт осуда. Идоралар ишлаяпти. Аммо газ ўчади, сув келмай қолади, электр йўқ, йўллар ноосоз, навбатлар, шифохоналар сифатсиз, ўқувчи ва ўқитувчилар далада... Ҳеч ким сабабини тушунмайди. Биров ноҳақлик дейди, биров у дейди, биров бу! Ҳаммасини кўриб юрган эдим нақадар аралашиб кетган! Нақадар буюк тартибсизлик юзага келган!
Аллоҳ таоло оламни буюк тартиб ва қоида устига қурди. Етти қават осмон ва Ернинг ҳар бир зарраси равшан бир низом билан ишлайди. Аллоҳнинг қонунларига инсондан бўлак барча итоатда. Инсон бу низомга қарши чиқмоғи боиси эса шайтоннинг қасди сабаблидир. Шайтон инсон нафсини ёмонликка даъват қилади. Нафснинг табиатида эса худолик ҳирси бор. Бу икки душман одамни шундай низомсизликка ташлайди.
Аллоҳ шоҳидки, мен бу ҳақиқатларни қалбим ичида, барча тасаввур ва тахайюлим билан таҳқиқ этмоқда эдим.
Шу ёшга кириб тузукроқ ишни тутмаганман. Шунчаки, доимо қўлимда пул бўлган. Отам ва онам сабаб-бесабаб пул беришган. Энди амин эдимки, берилажак пуллар мендан кесилади. Иш топишим керак. Ўзимнинг эҳтиёжларим етарли, қолаверса, энди ўз уйимда таом егим келмай қолди, чунки мен уйга бир бурда нон, бир литр ёғ кўтариб кирган эмасман. Ўзим ишлаб топмаган ҳолда текин еб ётишга ичимдан бир қаршилик уйғонди. Истасам ҳам бу қаршиликни енга олмас эдим.
Бомдод намозини ўқийман деб масжидга пиёда кетдим. Шу чоққача миниб юрганим хориж уловининг калитини кеча беришмади.
Бомдод намозидан сўнг масжидда қолдим. Саломиддин ўргатган тартибда зикр қилиб ўтирдим. У менга юз марта тасбиҳ, юз марта ҳамд, юз марта такбир, юз марта саловат айтишим кераклигини уқтирганди. Сўнг юз марта “Ихлос” сурасини ўқишим лозим. Шу ишларни қилдим. Ҳар зикр айтганимда қалбимнинг ҳузурини кашф этдим. Зикрдан зикрга ўтганим сайин менга ҳамма иш енгил кўринар эди. Ташвишлар булути тарқалиб, офият қуёши порлар эди, гўё.
Дуога қўл очдим.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Амин эдимки, онамда оилага бўлган муносабати шундай: болаларини яхши кўради, улар учун ҳамма нарсани муҳайё этади, балки жонини ҳам берса, не ажаб! Лекин болалари унинг обрўсига доғ туширмасин. Улар жуда “тарбияли” бўлишлари керак. Тарбияли нима дегани? Ҳамма қатори ичиши, чекиши, кайфу сафо қилиши, ўйнаб-кулиши, қизлар билан гаплашиши лозиму зинҳор-базинҳор динга муҳаббат қўймасин. Дин билан неъматланмасин. Нима учун, биласизми?
Чунки дин улар учун даҳшат! Улар учун бахтсизлик. Улар учун қўрқув. Улар учун қолоқлик. Улар учун зулмат. Улар учун қуллик. Улар учун кишан.
Уларга шундай уқтирилган. Шундай ўқитилган. Дин гўё одамларни бошқариш, уларнинг ҳаётини изга солиш, аниқроғи, камбағалларни овутиш, бир гуруҳ клерикал гуруҳнинг ҳашамати, роҳати учун тўқилган қоидалардир. Улар ўйлайдиларки, дин одамларни жаҳаннам қўрқуви билан қўрқитади, яъни мавҳум нарса билан! Аниқ ҳолатда эса диндорлар ўз моддий ҳаётларини мукаммаллаштиришади, ўзлари ва авлодлари учун, ҳамфикрлари учун тўкинлик, хавфсиз келажак барпо этадилар.
Бу уларнинг шуурига сингдирилган фикрлар ифодасидир. Улар буни сўзга айлантириб айтиб бера олмайдилар, сабаби жамият узра мана шу фикр худди кўзни ачиштириб, онгни ухлатадиган газ каби сепилган. Улар бу шайтоний фикрлар асири бўлишган, холос.
Мен бундай тиниқ хулосага ўша вақтда келмаганман, шунчаки, дин ҳақлигини билардим, динимни сақлаш олий мақсадим эканлигига амин эдим. Қандай бўлмасин – намоз ўқишим керак. Қандай бўлмасин – ихлосим ва муҳаббатим сўнмаслиги лозим. Аллоҳ билан базўр боғландим, энди бу арқон кесилмасин. Акс ҳолда, ҳалок бўламан. Акс ҳолда, даҳшатли жарликка қулайман. Шуни билардим. Ҳис этардим. Шаксиз ишонардим.
Онамнинг менга қилган насиҳатларининг барчасини айтиб ўтиришимга ҳожат йўқ бўлса керак. У менинг онгим “хурофот чангалида” қолиб кетганидан қайғуда эди. Оиламизда мен каби адашганлар йўқ экан, тоғаларим жуда интеллегент, отам авторитет экан, бундай аҳмоқлик қилишим жоиз эмас. Аммо ёшликда шунақа қизиқишлар ҳам бўларкан. Мистикага бўлган ошиқлик. Вақтинча. Масалан, йигит ҳам, қиз ҳам кўпинча мойил бўлади бир-бирига, кейин эса кўнгли совуб қолади, бу табиий. Ўткинчи. Фожиали жойи йўқ. Демак, менинг динга қизиқишим ҳам шундай экан. Онам шундай деб тушантирди, ҳарқалай. Индамай ўтирдим.
Ёз оқшомининг салқин шабадаси эсди. Супада одеял ёпиниб ётган отам бир овоз чиқарди ва ўнгдан чапга ағдарилди. Онамнинг гапи тугади. Мен турдим.
– Ойи, – дедим чарчоқ оҳангда. – Мен хуфтонни ўқиб олай.
Ойим эгнига ўзининг қимматбаҳо ёпинчиғини ёпиниб олган эди. У ёпинчиғини қаттиқроқ ўраб ҳайрон қолди:
– Шунча гапни нима учун гапирдим, Усмон? – деди. – Ахир, яна намоз ўқийсанми?
– Албатта, – дедим совуққина.
– Майли, – онам бу сафар ўз ҳолимга қўйишга қарор қилган эди. Аслида, онам психолог берган маслаҳатга амал қиляпти. Унга бирор одамни ўз йўлидан қайтариш учун бениҳоя мулойим муомалада бўлиши кераклигини ўргатишган. Токи қаршисидаги бу меҳр таъсирида қатъиятини йўқотиб қўйсин. Ўзига кўрсатилаётган муҳаббатга нонкўрлик қилмаслик учун ўз қарашларидан узоқлашсин.Онам айнан шу кўрсатмага амал қилмоқда. Шунинг учун ўзини бефарқ кўрсатиб, қўл телефонини олди, инстаграмга қарар экан, лоқайд оҳангда қўшиб қўйди. – Ўзинг биласан. Аммо ўйлаб кўр. Сен намоз ўқисанг ҳам, диндор бўлсанг ҳам, боламсан.
Хонамга чиқдим.
Сизга отам ҳақида айтиб берай.
Айтганим сўзларни ўқиб, унинг кимлиги, табиати ҳақида бироз бўлса-да, билиб олдингиз. Аммо тўлдириш учун эҳтиёж бор деб ўйлайман.
Отам икки томоннинг ўртасидаг кўприк одамлардан. Икки томон деганимга ҳайрон бўляпсизми? Бир томон – ҳукумат. Бир томон – кўча. Ҳа, адашмадингиз шундай.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Уловдан тушарканман акамга тик қарадим:
– Акажон, сизни Аллоҳ ислоҳ қилсин! Аллоҳ ҳидоятга бошласин!
Акам ўзини йўқотди.
– Тўхтагин сен! – деб хавфсизлик камарини ечиб, уловдан тушди ва олдимга келди. – Сен терорист бўлиб қолдингми? Масжид, Аллоҳ деган гапларни ҳеч айтмасдинг-ку!
Акамга қараб турдим-да, бирор сўз айтишни лозим топмадим. Шу пайт биз турган жойга яқин бекатга Чорсуга борадиган кўпкурси келиб тўхтади. Югуриб бориб чиқиб олдим.
Чорсуга келиб масжидга чиқдим. Таҳорат олдим. Масжид хонақоҳига кириб асрни ўқидим. Жамоат аллақачон ўқиган эди.
Ўтган кунлар давомида менга Саломиддин намоз дуоларини ҳам ёдлатди. Уларни ҳали айтмадим. У ўз бошидан кечирганларини ҳикоя қиларкан, намозда ўқиладиган барча калималарни – сано, тааввуз, басмала, Фотиҳа сураси, уч-тўртта кичик сура, ташаҳҳуд, тасбиҳлар, саловатни ўргатган эди.
Асрни адо қилгач, пастдаги дўконларга кирдим. У ерда жуда кўп диний китоблар, жойнамозлар, тасбиҳлар сотилади. Буни ҳам менга Саломиддин айтган эди. Дарҳол жойнамоз харид қилдим. Пулим бироз камлиги учун бошқа нарса олмадим.
Шомга яқин уйимизга бордим. Деярли ҳамма кетган, ҳовлидаги супада отам, онам ва акам ўтиришган экан.
– Қаерда эдинг? – отамнинг овози кескин янгради.
– Масжидга бориб келдим, жойнамоз сотиб олдим, дада, – дедим хотиржам. Акам орамизда бўлган ҳодисани етказган кўринади, ота-онам ажабланишмади. – Шом вақти кирди, ўқиб олай.
Шундай деб хонамга қараб юрдим.
– Сен билан гаплашяпман. Мен. Отанг. Менга намозингни пеш қилма! – отамнинг овозида энди ғазаб бор эди. – Ҳали қилғилиқларинг учун жавоб берасан. Тоққа чиқиб ғойиб бўлиб қолдинг. Ҳаммамизни овора қилдинг. Энди эса тақводор бўлиб олибсан. Бизнинг оиламизга хурофотни тиқмоқчимисан?
Жавоб бермадим. Индамай хонамга кириб жойнамозни ёзиб, такбири таҳрима учун қулоқ қоқдим.
Қалбимни жамлашга интилдим. Аллоҳга ёлвордим. Юзландим ва эҳтимом билан Фотиҳани қироат қилдим. Замм сура учун “Иза жаа” деб бошланадиган “Наср” сурасини ўқиб турганимда хонамнинг эшиги зарда билан очилганини эшитдим. Аввал отам қаршимга келиб турди, отамнинг ёнига онам, онамнинг ёнига эса акам қаторлашди. Давом этавердим. Улар қандай ҳолда менга тикилиб қолишди, билмайман, лекин отам шартта эгилиб, тагимдаги жойнамозни бор кучи билан тортди ва бурчак отиб юборди. Орқага йиқилиб кетай дедим. Индамадим, секин бориб жойнамозни олдим. Акам уни мендан олиб қўймоқчи бўлди.
– Қўлингни ол! – дедим. Овозим жуда жиддий янгради. Ўзим ҳам буни сездим. – Намоз ўқишдан тўсиб, кофир бўлиб қолма!
Ҳолатим ва ҳайқириғим, назаримда, ҳаммани ўзига келтирди. Акам сесканиб ўзини ортга тортди. Ортиқ сўзламадим ва жойнамозни ёзиб, шом намози учун қайта ният қилдим. Рукуга кетарканман, кирганлар хонани тарк қилишди.
Ибодатдан сўнг ҳовлига чиқдим. Чиқиш учун кайфиятим йўқ эди, аммо бу тўғри иш бўлмайди деган фикрга келдим. Улар ҳамон супада ўтиришган экан. Супа устидаги хонтахтада ароқ шишасини кўрдим. Отам уни эллик граммли стаканига қуйди, онам эса паррак қилиб кесилган колбаса, қазиларни унга газак сифатида олиб келди. Оиламиз учун бу оддий ҳодиса.
Уйимизда, одатда, хизматчи бор, аммо унинг иш вақти 8 соатдан ошмайди. Кечаси уйимизда юрмайди. Шунинг учун ҳозир у йўқ.
Отамнинг ароқ ичаётганлагини кўриб тўхтадим. Ичимдан бир ғайритабиий куч мени тўхтатди. Отам бир кўтаришда стаканни бўшатди, қазидан бир тишлаб, менга қараб гапирди:
– Ҳа, мусулмон! Нима бўлди сенга! Кел, бу ёққа.
Бориб супа қаршисида тик турдим.
– Ғўдайма, ўтир.
Супанинг бир четига ўтирдим. Албатта, мен супа деб айтаётган нарса тўртта оёғи ердан кўтариб турган кенг, тўртбурчак, нақшинқор, ёғочдан ясалган. Унинг устида қалин гилам, кўрпа, ёстиқлар.
– Сен нега ўзгариб қолдинг? Менга ҳисоб бер-чи! – деди отам. Отам ароққа чидамисиз: эллик грамдан сўнг эсини йўқотади. Буни билганим учун жим туравердим. – Жавоб бер деяпман!
Отам шундай деди-ю, яна бир стаканни ичиб, газак ҳам қилмай ёнбошлаб ухлаб қолди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 13-bob

✍️ Mustafo Yusuf
🎙 Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Орадан уч кун ўтди. Мен учун олам қоп-қора бўлиб қолди. Гўзал қишлоқнинг гўзаллиги қалбимга фараҳ бермай қўйди. Зикру истиғфор этарканман, қалбим тубидаги ҳижрон алами куйдирди.
Қишлоқдан кетишим кераклигини билдим. Тоғага айтдим. Тоға бошини қуйи солди.
– Саломиддин, Сизга бир китоб бераман, – деди ва уйига етаклаб олиб келди. Мен у кишининг меҳмонхонасида кутиб турдим, матога ўралган қалин-қалин тўртта китоб олиб чиқди. Китобларда арабий алифбода ўз тилимизда ёзилган матнлар бор эди.
– Бу тарих, – деди Тоға. – Буни ўқишингиз керак. Сизга беришим керак эди. Кетадиган вақтингиз бераман деган эдим. Бу тарихни жонли шоҳидлар ёзишган. Сизга кўп ҳақиқатларни англатади.
Китобларни олдим ва эртаси куни қишлоқни тарк этдим.
Саломиддин ҳикоясини тугатди, шекилли, ўрнидан туриб, уй четидаги кўзани олди, сопол косага сув қуйди ва менга узатди.
Мен бошқача бўлиб қолдим. Нима дейишимни билмасдим. Сув ҳўплаб ичдим. Ўзимни буткул мусулмон сеза бошладим. Йўқотганимни топгандек айни пайтда эса ҳеч нарсаси йўқ одамдек ҳис этдим.
– Усмонбей, менинг ҳаётимдан кичик ҳикоя бу, – деди Саломиддин. Бу фурсатда унинг кўзидаги ғамдан асар ҳам қолмаган, яна одатдагидек чақнар эди. – Сизга яхшилик қилишни қалбимга Аллоҳ солди. Бу сўзларни, қалбим сирларини ҳам Сизга айтишимни Аллоҳ лутф қилди.
“Аллоҳ!..”
Диндан йироқ мендек одам бу сўзлар қаршисида мутаассир эдим.
Мен Саломиддиннинг ҳикоясини ўн кун давомида тингладим. Ўн кун қандай ўтди – билмадим. У ўз ҳикоясини тоғлар оралаб менга айтди. Мен гўё тоғ одамига айландим. Йўқ, бу ҳикоя билан бирга дин одамига айландим.
– Мен қайтишим керак, – дедим.
– Албатта, – деди Саломиддин ва уйидаги сандиқ ичидан менга иккита китоб олиб узатди. – Бу ўша китоб – Тоға берган. Мен уни замонавий алифбога ўгириб олдим. Сиз ҳам буни, албатта, ўқинг. Балки кейинги сафар ўз ҳикоянгизни айтиб берарсиз.
– Биз дўстмиз сиз билан, ака-укамиз, – дедим ва Саломиддинни бағримга босдим. Мен учун янги ҳаёт бошланган эди. Гўё мен янгитдан тирилдим. Саломиддин кўрсатган йўлдан тоғдан пастга тушарканман, мени келажакда кутиб турган синовлар, имтиҳонлар ҳақида ҳеч нарса билмасдим, табиий. Лекин тақдиримда рўй беражак ҳар қандай воқеа мен учун хайр ва яхшилик келтиришига амин эдим. Ўтган ўн кун мен Саломиддин бўлиб қолдим. Аммо ундаги илм менда йўқ. Ундаги ҳикмат менда йўқ. Ундаги ҳаёт изтироблари менда йўқ. Бундай маънавий хазинага соҳиб чиқиш учун яшашим керак. Исломий бир ҳаётни яшашим, ўз динимни чуқур ўрганишим шарт. Ҳолбуки, мени даҳрийлашган оила, диндан қочадиган ва қўрқадиган жамият, кайфу сафога муккасидан кетган улфатлар кутиб турибди. Улар орасида бир мусуломннинг ҳаётини кечиришда Роббимдан ёрдам сўраб дуо қила-қила тоғдан тушиб олдим.
Ёзнинг ўртаси эди. Тушгунимча кун қиздирди. Катта йўлга чиқиб олдим. Бирор йўлович улов билан Тошкентга етиб олиш учун қўл кўтардим. Ҳаялламай бир улов олдимга келиб тўхтади.

@ilm_zakoti

Читать полностью…
Подписаться на канал