ilm_zakoti | Неотсортированное

Telegram-канал ilm_zakoti - ILM ZAKOTI

1080

Hayot haqiqatlari.

Подписаться на канал

ILM ZAKOTI

– Ҳа, баракалла! – деди отам қизишиб. – Ўн тўрт аср аввал Араб саҳросида оч бўридек юрган бадавийларга қорни тўйгани байрам эди. Шунинг учун тўйга келиб, овқат есалар, бас эди. Бу бизнинг тўйимиз. Арабларники эмас! Тўйда хурсандчилик бўлиши керак, қувонч бўлиши керак, ўйин-кулги, мусиқа бўлиши керак!
– Ҳар бир ишимиз шариатга мос бўлиши керак, ота, – дедим ўзимни имкон қадар босиб. – Ҳаммаси айни ондан бошланади.
– Менга қара, бола! – тўсатдан отамнинг кўзидан ғазаб ўти сачради. – Нима деб ақл бўляпсан? Кимсан ўзинг?! Қаердан келганинг эсингдан чиқдими? Энди ўн тўққизга кириб, отангга ўгит беряпсанми, тирмизак? Индамаса, бошга чиқар экансан-ку! Нимани кўрдинг ҳаётда? Мишиғингни эплаб артиб ол! Мен нима десам, шуни бажарасан, англадингми?
Отамнинг шиддати менга заррача таъсир қилмади. Музлагандек эдим.
– Намоз ўқидинг, рўза тутдинг, Худо, Олло дединг, индамадим. Хоразмга бориб, ҳали амакингга, ҳали тоғангга, ҳали бувингга, ҳали унга, ҳали бунга дин даъват қиласан. Ҳа, энди ҳовлиқиб юрибди. Босилиб қолади деб индамай ўтирибман. Кўзингнинг сийдигини оқизганинг учун боя айтган гапимга узр сўрадим. Лекин сен ўз отангни ўлдирмоқчи эдинг, ўша гапингга узр демадинг! Аҳмоқ!
Отамнинг феълини биламан – жаҳли жуда секин чиқади. Нам хашакни олов қандай аста тутаб эгалласа, жаҳл ҳам отамни шундай эгаллайди. Аввал тутайди ва бирдан ғазаб отига минади. Сўнг жаҳли тушиши жуда қийин кечади. Ҳеч ўзини боса олмай бақир-чақир қилаверади. Бу чарчаб қолгунига қадар давом этади. Отамнинг бу ҳолатини неча йилки, кўрмаган эдим. Онам билан уришганида бир марта гувоҳ бўлган эканман, ўйлаб қарасам.
Ҳозир отамнинг қаҳрига қаҳр қўшиларкан, нима учундир мен хотиржам қараб ўтиравердим. У хонанинг у бурчагидан бу бурчагига юради, бақиради. Тамакини чуқур-чуқур тортади.
Отам нималар деди, ҳеч қулоғимга кирмас, онда-сонда қайсидир жумлалари илиниб қоларди:
– Сени ҳимоя қиламан дедим... Шу аҳволга келдингми... Зомби бўлиб қолибсан...
Хаёлимда эса мутлақо бошқа ўйлар айланар эди: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз қавмларига динни етказдилар. Қариндошлари ҳам ишонишмади. Жаҳолатда айбландилар. Сира ҳам осон бўлмаган бу иш. Отам билан орамни узиб юборишим керак эмас. Агар шундай қилсам, уни иймонга чақириш имкониятини қўлдан чиқараман. Аллоҳ учун унинг барча гапларига сабр қилишим керак. Аллоҳим, Ўзинг сабр бер!”
Бугун ўша кунги воқеаларни эсласам, илмим етарли бўлмаганлигини тушунаман. Кўп гапларимни илмсиз ва жоҳил ҳолда сўйлаганимга иқрор бўламан. Ўша воқеага ҳам қарийб ўн беш йил ўтиб қолди. Аммо отам ҳамон насронийлигича яшамоқда.
Отамнинг ғазаби бир соатларда сўниш босқичига кирди. Бир соат давомида у жуда қўрқинчли қиёфада ўзини кўрсатди. Оғзидан кўпик сочиб ҳайқирди. Бир соат ичида бир қути тамакини тугатди ва иккинчисига ўтди. Тамакини ярмига етмасдан, кулдонга эзғилаб ташлайверди. Мен эса бир четда қунишиб ўтирдим. Кўзимни ердан олмадим. Ниҳоят отам гапга нуқта қўйди:
– Тўй мен истагандек бўлади! Тамом! Агар шундай қилмасанг, сендек ўғлим йўқ!
Индамадим.
Шу пайт бомдод намози учун азон янгради. Бизнинг бу “суҳбатимиз” тун бўйи давом этибди. Аммо вақтнинг ўтганини сезмабмиз.
Отамнинг охирги ҳукмини эшитдим, аммо “чурқ” этмай ўрнимдан турдим-да, масжидга чиқиб кетдим.
Тонг шамоли кўчаларни кезиб юрибди. Кўпқаватли уйларнинг деразаларида чироқлар кўринади. Онда-сонда йўлдан уловлар ўтади. Миям қум тўлдирилган қопдек эди.
Масжид уйимга яқин, бориб таҳорат олдим, бомдоднинг суннатини адо қилдим. Фарзни ўқидик, дуодан сўнг бироз зикрда ўтирдим. Сўнг уйимга қайтдим.
Аммо ҳамон хотирим паришон, ҳамон хаёлим сочилган ва миямда ҳар хил гаплар ғужғон ўйнарди. Жуда ҳам чарчаб кетганимни ҳис қилдим.
Тонг обдон ёришиб, қуёш шуълалари атрофга тарқала бошлаган палла. Ўйдим-чуқур асфалт йўли, бадбўй таратиб турган ахлатхона, ташлаб кетилган елим идишлар, музқаймоқларнинг сочилган қоғозлари, суви қуриган ариқлар четидан ўсган ўтлар, шу ариқларнинг ичида югуриб юрган каламушлар, уйқисирагандек турган кўпқаватли уйлар – ҳаммаси кўзимга маъносиз кўринди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Кўрдингизми, гап динда эмас, роҳибларда деяпсиз! Ахир, айрим инсонлар Исломдаман деб гуноҳи кабира содир қилса, бунинг учун динни айблашингиз тўғри бўлмайди-ку! – дедим бироз қизишиб.
– Шундай, хатойимни тан олдим-ку, ўғил! – деди отам энди бироз ранжиб. – Аммо мен учун насронийлик ҳақ, сен учун Ислом. Ахир, сен ўқийдиган Қуръонда ҳам сизларга ўз динингиз, бизга ўз динимиз дейилган-ку!
Жим бўлиб қолдим.
Худди айтажак гапларим тамом бўлгандек эди. Отам ҳам индамади.
Хона тамаки тутунига тўлди. Ўрнимдан туриб деразани очдим. Ташқаридаги енгил оқшом шабадаси ичкари кирди. Тамакининг аччиқ тутунларини ўзи билан олиб чиқа бошлади. Деразанинг олдига бордим. Шундоқ қаршимда қарағай ўсади. Тошкентда ўзимизнинг дарахтларни кесиб, ўрнига арча ва ўрис қарағайини экиш неча йилки, урфга кириб бўлган. Кўпқаватли уйлар олдида, албатта, камида бир ё иккита қарағай топасиз. Унинг игна барглари орасидан осмонга қарадим. Ой сузиб юрибди. Кўчадан ўтаётган уловларнинг шовқини келди. Сал наридаги ўриндиқда икки ўрис ва бир ўзбек йигити. Иккиси ўтирибди. Бири турибди. Қўшниларим. Ўрталарида учта пиво шишаси. Сочлари ўсган. Ўз кўнгилларида олифта. Писта чақиб, пўчоғини оёқлари остига отишяпти. Бири чекиб бўлган тамакисини улоқтирди ва ўзининг олдидаги пивони кўтариб ичди. Чўнтагидан қурут олиб оғзига солди.
Бу манзара этимни сескантирди. Мен учун ҳаётдан мақсадини йўқотиб, умрини беҳуда ҳавога совураётган инсонлар эди. Ахир, ўлимнинг келиши аниқ, ўлимдан кейинги манзил аниқ, қандай қилиб бу қадар бемалол кайфу сафо қилиш мумкин? Қандай қилиб гуноҳ ишларга ботиб яшаш мумкин?!
– Ота, – дедим ўгирилиб. – Сизни Исломга даъват қиламан. Насронийликдан воз кечинг. Ахир, худо қандай қилиб учта бўлади? Худо ўзига шерик қабул қилиши мумкинми? Битта маҳалланинг оқсоқоли ёнида иккинчи оқсоқол бўлишини истамайди-ку, коинотни яратиб қўйган Аллоҳ шерикка рози бўладими? Насронийликнинг ботил эканлиги маълум-ку!
– Йўқ, ўғил, мени мажбурлама, – деди отам. – Сен Исломдан таскин топган бўлсанг, ўз йўлингдан кет. Мени ўз ҳолимга қўй. Мен насронийликдан таскин топдим.
– Аммо насронийлик бошқа динларни ҳам ўзи билан тенг кўрилишига рози бўладими? – дедим яна.
– Йўқ, албатта, – жавоб берди отам. – Насронийликни ягона ҳақ дин деб тан олишимиз керак.
– Лекин сиз насронийликни ҳақ эканига шубҳа қиласиз-ку, қандай қилиб шубҳа билан умр ўтказасиз? Гапларингиз динсизларнинг гаплари каби. Инсон ўз динига бошқа бир динни тенг кўриши мумкинми? – дедим куйиниб. – Отажон, агар сизни тавҳидга чақирмасам, Аллоҳнинг қаҳрига учрайман. Қиёмат куни Аллоҳ менга нега отангни ҳақ динга чорламадинг деб айтади. Шунинг учун сиздан илтимос: иймон келтиринг, Исломга киринг, ўз жонингизни жаҳаннамдан, менинг жонимни азобдан қутқаринг!
Охирги жумлаларни айтарканман, овозим титраб кетди.
Орамизга яна сукунат чўкди.
– Жуда ҳам таъсирчан ва романтиксан, ўғил, – деди отам ниҳоят. – Сен Абдуллоҳ домланинг маърузаларига боғланибсан. Хаёлингда диндан бошқа нарсага ўрин қолмаган кўринади.
– Сиз ҳам домланинг ваъзларини биласизми? – дедим ҳайратланиб туйқус.
– Ҳа, ўғил, – дедим отам. – Фақат сенми мени Исломга чақирган? Сендан ақллилари ҳам келган, менга ўша домланинг маърузаларини қўйиб беришган. Мен ёш бола эмасман, ўғил. Ҳар гапга ишониб, эргашиб кетадиган. Артистлар каби дикция билан нутқ қиладиганларга маҳлиё бўлиш ёшидан ўтиб кетганман.
Мен нима дейишимни билмай қолдим. Отам айтаётган гапларнинг маъносини ё тушуна олмасдим, ё тушунганим учун маънан фалаж бўлаётган эдим.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Аммо Исломда ундай эмас, – дедим. – Аллоҳ таоло инсонларга меҳр-шафқатли бўлишни буюради. Аммо Ўзига иймон келтирмаганларга жаҳаннам ваъда қилган, Ўзига иймон келтириб, итоатда юрганларга жаннат. Мен ҳам сизнинг ўғлингиз сифатида сизга яхишлик истайман. Жаҳаннамда ёнишингизга рози эмасман. Бошқаларнинг ҳам дўзахда абадий азобланишларини истамайман ва шу меҳр-шафқатим сабабли сизни Иймонга, Исломга чақираман.
– Қўйсанг-чи, болам, – деди отам ва беихтиёр стол устидаги сигарета қутисини қўлига олиб, бир донасини лабига қистирди. Ёндиргични ушлаб туриб, гапида давом этди. – Биргина Ислом эмас, ҳамма динлар одамларга нажот ваъда қилади. Насронийлик ҳам, хусусан. Шунинг учун Ер юзи бўйлаб миссионерлар тўлиб ётибди. Қайси ташкилотда бирор насроний ишласа, ўз эътиқодига мос бирор белгини, албатта, қаердадир намоён қилади. Бошқа динлар ҳам одамларга меҳр-мурувват кўрсат деб буюради. Аммо фақат шу дин ҳақ деб уқтиради. Шу диндан бошқаси, нима дединг? Ҳа, ботил деб айтади. Ботилни эса йўқ қилиш керак. Агар динларнинг ҳар бири айтган мана шу амрга эргашсанг, биласанми, нима бўлади? О, мен айтмай, сен эшитма. Ер юзида ҳамма бир-бирининг қонини тўкади.
Отам тамакисини тутатди. Кулини тўкишга идиш излаб, у ёқ, бу ёққа қараган эди, дарҳол ошхонадан кулдон келтириб қўйдим.
– Мана, буни қара, – деб ўз сўзида давом этди тамаки кулини кулдонга чертиб тўкиб. – Ислом инсонга яхшилик ваъда қилади, Аллоҳга итоат қил дейди. Аммо Исломга кирмаганларни ўлдиришни буюради. Шуми, яхшилик? Буддавийликни кўр: улар ҳам бутга сиғинашади, бироқ ўз динига кирмаганларни ўлдиришга тайёр. Бироқ инсон камолоти ҳақида лоф урадилар. Насронийликка эътиқод қиламан. Бу динда ҳам ана шу нуқсонлар топилади. Рим папаси Урбан бундан минг йил аввал Ийсо қабрини – Қуддусни қутқарамиз деб мусулмонлар устига юз минглаб рицарларни юборган. Улар келиб Ислом оламининг кулини кўкка совуришган. Биласанми, ўғлим, сен менга ўхшайсан. Сенинг ёшингда мен ҳам роса ҳақиқатни излаганман. Насронийлик кўзимга оловдай кўринган. Мен мачиханг сабабли насроний бўлиб қолганим йўқ. Бу дин мени ёшлигимдан маҳлиё этган. Насроний роҳиблари, черковлар, уларнинг ибодатлари мени ром қилган. Филмларда айнан насронийликка оид лавҳаларни севиб кўрганман. Энди буларни айтсам ҳам бўлади сенга. Чунки сен ҳам эътиқод ҳақида ўйлайдиган даражада улғайиб қолибсан. Биласан, Россияга бориб мачихангни севиб қолдим. Хафа бўлма, онанг ҳам мен учун қадрли. Лекин у насронийнинг хотини бўлмайман деб туриб олди. Ҳа, сен буни билмайсан. Онанг ҳам урфпараст. Ота-боболарим яшаган диндан чиқасангиз, ажрашаман деган. Ўзи Исломга қойиллатиб амал қилиб қўйгандек шундай деди. Бироқ онангнинг бу хусусиятини ҳам қадрлайман. Онгли одамлар каби ажрашдик. Россияга боргач, мен роҳибликни ҳам танламоқчи бўлдим. Аммо уйланиш мумкин эмас экан. Шундай бўлса-да, черков хизматкори бўлишни истадим. Уларнинг қайсидир шаръий ҳукми рухсат бераркан, ўғил, мен монастрга кетдим. Биласанми? Монастрга! Буни билмайсан. Бироқ икки йил монастрда яшаганман. Монастр мен учун Ердаги арш эди. Шундай деб ўйлаганман. Доим Инжил ўқиймиз, Худога яқин бўламан, Ийсога дўст бўламан, жаннатга тушаман дебман. Бироқ уч ойда монастр роҳибларининг башараси очилди. Уларнинг ичида бирорта соғини кўрмадим. Кўрганларимни айтишга ирганаман. Ҳайронман, шунча расволикларни кўриб ҳам икки йил юрибман! Аслида, бу икки йилда мен черковга, монастрга бўлган эътиқодимни сақлаш учун ичимда курашдим. Аммо уддалай олмадим. Монастрни тарк қилдим. Диндан кўнглим совуб кетди. Роҳибларнинг бирортаси Инжилга ишонмасди, менимча. Улар Инжилни менсимасдилар ҳам. Инжилга жуда оддий қарашарди. Менинг астойдил ибодат қилаётганимни, Инжил ва унинг шарҳларини қўлимдан қўймай ўқиб юрганимни кўришса, кулишарди. Аммо одамларнинг олдига чиққанларида шу қадар руҳоний ва шу қадар покдомон бўлиб кўринардиларки! Уларни кўриб, икки қанот етишмаётган фаришта деб ўйлардинг. Шўрлик содда халқ, оми халқ йиғлаб уларга дардини айтади, топганини олиб келади, кампирлар, кекса чоллар... Улар эса безрайиб олаверишади. Худога беряпсизлар дея ўз жиғилдонларига уришади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Таом шом вақтида тайёр бўлди. Шомни уйда ўқидим. Отамнинг кўз ўнгида. Сўнг отам хоҳлаганидек, биргаликда овқатландик.
Ҳар хил мавзулардан гаплашган бўлдик, лекин нима учундир суҳбатимиз қовушавермади. Ўйлаб боқсам, отам билан бу ҳолда охирги марта қачон суҳбатлашганмиз – ёдимдан кўтарилиб кетибди. Қаршимда ўз отам, аммо қандайдир бегона инсон, қалбан мендан йироқ бир одам турар эди. Аслида, отам билан дўстлашишни, унинг энг яқин инсони бўлишни истайман, бироқ ўртада кўзга кўринмас бир музлик... Бир совуқлик...
Айни дамда буни отамга сездирмаслик учун кулиб гаплашдим. Ҳар бир гапини қизиқиб тингладим. Ичимда эса унга айтадиган бир дунё гапим бор эди, шу гапларни айтиш учун руҳан тайёргарлик кўраётган эдим. Бу гапларни айтсам, қандай бўларкин деган савол, жумбоқ мени қийнай бошлади. Ҳатто, терлатиб юборди.
Умримда илк бора отам билан бу мавзуда суҳбатлашиш оғир эканлигини билдим. Бироқ гаплашмасам бўлмайди. Икки масалада отамга сўйлашим керак. Бу шу қадар муҳим эдики, мен уни дунё ва охиратим учун ўта аҳамиятли деб амин эдим.
Ҳа, сездингиз: мен гаплашмоқчи бўлган биринчи мавзу отамга Ислом ва иймонни англатиш эди. Онамга деярли ҳар куни Исломдан гапирдим, акамга ҳам, жиянларимга ҳам. Отамга ҳам тавҳидни етказишим шарт. Уни Исломга даъват этмоқчиман. Иккинчи масала эса бошқа...

Олтинчи боб тугади.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ҳали араб ҳарфларини танимасдим, намозни кирилл алифбосидаги китобдан ўрганган эдим, Қуръонни тажвид билан ўқий олмасдим, ёдлаган сураларим ҳам ўнтадан ошмасди. Хаёлимда менинг диндан сўйлашга ҳаққим борми, йўқми деган савол йўқ эди, балки улкан бир Ҳақиқат хазинасига йўлиқдиму, уни барча билан баҳам кўришни истадим. Сўзларимда, ибтидоий ва содда даъватларимда сунъийлик, ўзини кўз-кўзлаш, мақтаниш йўқ эди.
Яхши эслмайман, ўзимча диндан сўйлаб, турмуш машаққатларига кўмилган, айримлари эрталабдан кечгача, айримлари шомдан тонггача ишлайдиган – юк кўтарадиган, қурилишда ишлайдиган, қўллари қаварган, қорнини енгил-елпи тўйдириб, ўз соғлиги ҳақида қайғурмайдиган, товонидан бошига қадар меҳнат билан кўмилган ватандошларимга Абдуллоҳ домланинг ваъзларини ўзаро суҳбатларда айтиб берарканман, билмаган нарсамни зинҳор сўйламадим. Билмасам, билмайман дедим. Жўшиб, илҳомланиб кетсам-да, сира-сира бирор нарсани тўқиб қўшиб юбормадим. Чунки Қуръон ва ҳадисда йўқ нарсани айтиш улкан гуноҳлигини билишимдан ташқари қандай қилиб ёлғон гапириш мумкин дер эдим. Табиатим ёлғонни ҳеч қабул қилмаган. Назаримда, алдамчиликдан кўра хунук ва ёмон кўриладиган иш бўлмаса керак. Ўзим ҳақимда ҳам, бирор ҳодиса ҳақида ҳам ёлғон ишлатишдан тийилдим. Буни инсон зотига мутлақо номуносиб бир амал деб билдим.
Тўй учун пул йиғдим, аммо бу мўлжалдаги маблағ эмасди, бироқ менда ризқ Аллоҳдан эканлиги ҳақида аниқ ақийда бор эди. Шунинг учун ҳеч куйинмадим. Аммо менда бошқа ўзгаришлар ҳам кўринди. Беш маҳал намозни ўз вақтида ўқишга ўтдим. Қиш бўлганлиги учун иш жойимда таҳорат олиш имкони йўқлиги боис кам ейдиган ва кам сув ичадиган бўлдим. Бомдодда олган таҳоратим билан хуфтонни ўқирдим.
Тўйга йигирма кун қолганда отам менга: “Қаҳрамон, Хоразмга бор, тўйга тайёрлан, қариндошларни тўйга чақир, мен ҳам етиб бораман”, – деди.
Мен йиққан пулларимни юбордим ва ўзим Тошкентга учдим. Тошкентга келиб қилган биринчи ишим исмимни ўзгартириш учун ариза бериш бўлди.
Паспорт идорасига бориб: “Исмимни Қаҳрамон эмас, Саломиддин дея ўзгартираман”, – дедим. Улар ҳайрон бўлишди. Аммо аризамни қабул қилишди. Уч кун ўтиб ички ишлар бўлимидан қўнғироқ бўлди. Бордим.
Мени бир хонада икки киши кутиб олди. Жуда хушмуомала эди улар. Ишимга қизиқишди, оиламни сўрашди ва ниҳоят нима учун исмимни ўзгартириш истаги пайдо бўлганига қизиқишди.
– Салом дегани саломат, балолардан омон дегани экан, Саломиддин эса динда бўлиб, саломатликка эришган демакдир. Диндаги саломатлик куфрдан, ширкдан, жаҳаннамдан, ғам ва қайғудан саломат бўлмоқдир, шунинг учун Саломиддин бўлишни истадим, – деб жавоб бердим.
Суҳбатдошларимдан бири жилмайди.
– Қаҳрамон бўлиш ҳам яхши эмасми? – деди.
– Қаҳрамон бўлиб саломатликни йўқотгандан кўра диннинг ичида икки дунёнинг саломат қолгани яхшироқ, – дедим.
– Гап йўқ, омад! – дейишди улар.
Бу ҳол мени умуман хавотирга солмади.
Хоразмга кетдим.
Онамни зиёрат қилдим. Қариндошларга таклифномаларни тарқатдим. Келин тошкентлик, ўзим хоразмлик бўлганим учун Тошкентда ва Хоразмда тўй қилишни режалаштирдик. Кийим-кечак, сарпо ва бошқа ишларга тайёргарлик бошланиб кетди. Онам Хоразмдаги тўйнинг ҳамма ишларини ташкиллаштиришга киришди. Аммо менинг ҳаракатларим уни хавотирга солди.
Бир куни мени ёнига чақирди.
– Қаҳрамон, – деди. – Исмингни ўзгартириш учун ариза берибмисан?
– Ҳа, она, – дедим.
– Ахир, нега? Ойдай исминг бор. Мен қўйган исм. Онам хафа бўлади деб ўйламадингми?
Ҳайрон бўлдим.
– Сиз нега хафа бўласиз, она? – дедим.
– Билмасам, ўзинг не деб ўйлайсан, ахир? – деди онам маъюс бўлиб.
– Онажоним! – дедим эркаланиб. – Хафа бўлманг-да! Исмим исломий бўлишини истадим.
– Майли-да, болам... – деди онам ўйга ботиб. – Сенинг даъватларингдан қўрқяпман... Қариндошларимизга ҳам намоз ўқи деб юрган экансан.
– Ахир, онажон, буни айтмасам бўлмайди... Агар айтмасам, гуноҳкор бўламан, – дедим астойдил. – Сиз ҳам намозларни тўкис ўқишингиз керак.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

“Сиз ЗАГС учун пул беринг, тўйга ўзим ишлаб пул топаман”, –дедим. Отам тезда пул юборди. Банкдан уни биргаликда олдик ва ЗАГСга бордик. Ариза ёздик. Йўл-йўлакай гапимиз қовушиб кетди.
Ҳалол ва ҳаромни билмас эдим аниқ ва равшан. Аммо қиз болага қўл тегизиш, унга шаҳватни ошкор қилишни ахлоқсизлик деб билардим. Шунинг учун ҳеч бир сафар бўлажак хотинимга нисбатан ёмон хаёлда бўлмадим. Балки бундай хаёлларни дарҳол қувдим.
Никоҳни ЗАГС рухсатидан сўнг, тўй арафасида ўқитишга қарор қилдик.
Бир ойда ЗАГС никоҳимизни расмийлаштириб берди. Кейин қизнинг уйига бордим, отаси ҳайрон қолди, бироқ у ҳам тушунган одам экан, ўйланиб қолса-да, “Бўлар иш бўлибди, тўйни тезлатинг, куёв бола”, – деди. Бўлажак қайнонам билан учрашдим.
Хотиним айтадики, ўша вақтда ота-онаси унга ортиқча гапиришмаган, бироз хафа бўлишган, лекин сездиришмаган.
“Ҳаёт сеники, болам, хато қилмасанг, бас. Йигитнинг истараси иссиқ экан, ёмон бола эмас, шекилли”, – дебди қайнотам.
Бу ҳикоямни бизнинг ўзбеклар сира-сира қабул қила олишмайди. Аммо менинг ҳаётим ана шундай кечди. Буни кимгадир ибрат сифатида тақдим қилмайман. Бироқ фарзандларининг ҳиссиётлари, уларнинг оламидан бегона ота-оналар боласини ўн тўққиз ёшида гўдак деб билмаганлари маъқул деб ўйлайман. Қолаверса, динимиз бўйдоқни тезроқ уйлантиришни тавсия қилган. Қолаверса, менинг тарбиям, табиатим, зеҳниятим ҳам кўп вақтим Россияда ўтгани учун ўзимизнинг ўзбекларникидан фарқланиб қолган эди.
Онам роса жаҳлланди. Берухсат қилган ишимдан хафа бўлди. “Сенга у қизни олиб бермайман, кўчадан ҳам одам қиз топадими?” – жиғибийрон бўлиб. Тўйгача, тўйдан кейин ҳам онам узоқ муддат мендан, келинидан ранжиб юрди. Мен эса онамни она деб улуғ ва азиз билсам-да, бу ҳолатига жиддий қарамадим. Ўйланмадим ва ўз йўлимда давом этавердим. Онам табиатимни билгани учун бўлса керак, бу сўзларини кўпайтирмаса ҳам, ичида норизо бўлиб юрди. Ҳар суҳбатда келини ҳақида бирор нуқсон айтишини тўхтатмади. Аммо булар ҳам бартараф бўлди. Биргина сабаб билан. У сабабнинг номи Исломдир.
Менинг Исломнинг моҳияти томон боришим тўйга пул топаман деб Россияга кетишим билан боғланади.
Илгари фақат еб-ичиш, йўлкира ва кийим учун пул топган бўлсам, энди тўйга жуда кўп йиғишим керак эди. Беш ойдан кейин бўладиган, ўз хаёлимдаги бу катта ва муҳташам маросим учун пул жамғариш учун ғайрат билан ишга киришдим.
Битта квартирада яна бир неча киши яшаб, ишлаб юрардик. Уларнинг ичида Раҳматилла деган йигит бор эди. Раҳматилла узоқ қариндошим. У менга бир сайтнинг номини айтди ва: “Шу сайтга кир, жуда зўр гаплар бор экан, кўчириб олиб эшит”, – деди. Мен эътибор бермадим. Аммо сайтга кирдим, жуда кўп тингланмалар (mp3) бор экан. Негадир кўчириб олиш функциясини кўрмадим, бирортасини эшитмадим ва кўчириб ҳам олмадим.
Бир ҳафта ўтди.
Раҳматилла: “Мен айтган нарсаларни эшитиб кўрдингми?” – деди.
“Йўқ, кўчириб олиб бўлмас экан”, – дедим. Аслида, умуман, эшитишга ҳам, кўчириб олишга ҳам хоҳишим йўқ эди. Балки бу сайт Ўзбекистонда таъқиқланган бўлса-чи? Қамалиб кетсам-чи деган хаёл ҳам йўқ эмасди. Раҳматилла эса фикримни ўқигандек:
“Хавотир олма, таъқиқланмаган, ёмон гаплар эмас, эшитиб кўргин”, – деди. Йўқ дея олмадим. Хўп дедим. Кейин ваъдамни бажариш учун сайтга кирсам, барча тингланмалар тагида кўчириб олиш белгиси турибди! Ўзимни Раҳматиллани алдаган ёлғончидек ҳис қилиб, уялиб кетдим. Дарҳол биринчи ўринда турган тингланмани кўчириб олиб эшита бошладим. Бу машҳур олим ва воиз Абдуллоҳ домла билан бўлган илк танишув эди.
Раҳматилла бекор айтмабди: домланинг сўзлари мени ўзига боғлаб қўйди. Одам алайҳиссаломдан бошлаб, пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламгача бўлган тарихни у кишининг маърузаларидан эшитдим. Ишда, йўлда, уйқу олдидан, уйқудан уйғониб, таом вақти – хуллас, туну кун бу ваъзларни тингладим.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ҳамма ёшлар қатори интернетда аксар вақтим ўтди. Одноклассники сайтига аъзо бўлдим. Менимча, бизнинг ўсмирлигимизни, ҳатто, ўша давр болаларининг ҳам ҳаётини бу сайтсиз тасаввур этиш қийиндир. Ҳаётимда бўлаётган турли воқеалар ҳақида фикрларимни ёзаман. Суратлар жойлайман.
Гоҳ ютубда, гоҳ телевидениеда ёшларнинг Исломга ёт оқимларга қўшилиб кетаётгани тўғрисида ваҳималар тарқалади. Айрим лавҳаларда одамларни Ислом номидан ваҳшийларча қатл этаётганларни кўриш мумкин эди. Мен уларнинг бирортасига қизиқмасдим. Мен учун ўзимнинг хусусий бир исломим бор эди. Бу Ислом бомдод ва хуфтон намози ҳамда одамларни алдамаслик, бировнинг ҳаққини емасликдан иборат бўлиб, мусиқа, кўнгилхушлик, номаҳрам қизлар билан суҳбатлашишга ҳам рухсатлар берарди.
Экстремистлар борлигига ишонганман. Улар мен учун ҳақиқатан ҳаддан ошган, Исломни хато талқин қилган инсонлар эди.
Ахир, ҳаётнинг маишатидан қандай қилиб ҳузурланмаслик керак?! Экстремистлар бизни ўрта асрлар ҳаётига олиб бормоқчи. Улар инсоният душмани, уларни жазолаш тўғри. Бунга шубҳам йўқ эди.
Кўнглимнинг ичида бир алам бор эди аммо.
Кўп йилларим отамдан айро ўтди. Мен ҳам нималаргадир қизиқиб, ўз хаёлимда ютуқларга эришдим. Тенгдошларим отаси билан сайрга чиқса, сафарга борса, отаси берган совғалар билан шодланса, ичимдан ноқулай бўлдим доим. Хўрлигим келди дея олмайман. Бундай таърифга тоқатим йўқ эди. Шунчаки, отамга ўз ишларимни, ютуқларимни, ҳатто, туйғуларимни айтиб бергим келди кўп. Ҳолбуки, отам ёнимда эмас. У ўзини мен учун таъминотчи сифатида кўпроқ танитди. У гўё ота ва бола ўртасида илиқ муносабатлар бўлишини билмасди. Бизнинг мулоқотларимиз гўё эҳтиёжлар изҳоридан иборат эди.
“Ота, менга у керак, бу керак, пул беринг”.
“Хўп, ўғлим, мана пул. Яна керак бўлса, айт. Кам бўлса, ойлигим чиқсин, яна бераман. Шунга сабр қилиб тур”.
Бизнинг аксар суҳбатларимиз шугина эди, холос.
Отамнинг хизматларини қилишни истаганман. Бироқ отам: “Йўқ, ўз ишимни ўзим қиламан. Агар сенинг хизматингга ўрганиб қолсам, биласанми, нима бўлади? Сен кетгач, қийналаман”, – дер эди.
Бу менга бир тарбияга айланиб қолди. Инсоннинг инсонга эҳтиёжи тушиши мумкин эмас, ҳар қандай шароитда ҳам ўз муаммойимни ўзим ҳал этмоғим керак деган нуқтани топиб олдим. Кейин ҳаёт кўрсатди – бу қоида жуда катта хато экан.
Отамнинг менга бўлган муносабати ичида: “Ўғлимни доим ҳимоя қилишим керак!” – деган банди ҳам бор эди. Унга бир сафар Жанубий Кореяга ишга бораман десам: “Боравер, қамалиб қолсанг, бирор нарса бўлса сенга, етиб боришим осон”, – деди. Аммо ундан узоқроққа, масалан, Австралия, Америка ҳақида айтганимда, “Қўй, боргунимча қанча вақт ўтади”, – деган эди.
Отамнинг яна бир хусусияти у ҳаётда бўладиган ҳамма фожиаларни одатий қонуният деб билади. Ҳеч бир йўқотиш ва ҳеч бир ғалабадан қувонмаслик тарафдори.
Унинг бу қарашлари менга ҳам таъсир қилиб келди. Хулқ-атфоримга ҳам кўчиб ўтди.
Ўша вақтлар отамнинг насроний эканлиги мени ташвишга қўймаган. Асло. Бу унинг учун шахсий танлов эди мен учун. Ўзим ҳақимда эса: “Мен мусулмонман, уни ўзгартирмаслигим керак, одам бир тарафда бўлгани маъқул”, – деб ўйлаганман.
Диннинг ҳақиқатидан хабари бўлмаган ҳамма қатори барча динлар худога элтади, нима учун битта диннинг устун бўлиши учун қон тўкиш керак деб зарра қадар шубҳасиз ишонганим ёдимда. Будданинг ҳайкалига, насронийнинг хочига, мусулмоннинг Каъбасига ҳурмат кўрсатишнинг сира-сира ёмон томони йўқ дер эдим.
Голливуд “Пининг ҳаёти” деган бир филм эълон қилди. Бош қаҳрамони Писина Пател бўлиб, унинг болалиги ва ўзимнинг ўртамда ўхшашлик кўрганман. Отаси менинг отам каби эди гўё. Албатта, фарқлар бор эди. Шунчаки, Пателнинг қарашлари ажойиб туюлган менга: у ҳақиқатни излаб черковга, бутхонага, масжидга боради. Бу уч масканда ҳам эзгуликни кўриб, бир вақтнинг ўзида уч динга эътиқод қилади. Намоз ҳам ўқийди, якшанба черковга ҳам боради, бутхонага кириб бутларга сажда ҳам қилаверади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Аллоҳга ҳамд бўлсин, У мени бу ишдан сақлади. Мен фаҳшдан Худодан қўрққаним учун эмас, шунчаки табиатимдаги бир хусусият сабабли қочдим. Онгимда биров кийган кийимни кийиш мумкин эмас деган ўй ўрнашган эди. Қандай қилиб бировдан қолган сарқитни ейиш мумкин дер эдим ва хаёлимда бу ишларни тасаввур қилсам, ирганардим. “Фоҳишалар саноқсиз бузуқ одамлардан қолган, ахир, қандай қилиб унга яқинлашаман!” – деган ўй билан ҳеч қачон бу ишни қилишимни ақлимга сиғдира олмаганман.
Аммо ўрисларда учрайдиган бир расво зеҳният онги гўдакдан ҳам пастроқ бўлган ўзбек йигитларининг ақлини ўлдирган эди. Бу қандай зеҳният эди?
Лев Толстойнинг “Иқрорнома” асарини ўқиганмисиз? “Тирилиш” деган романини-чи? Шу икки асарда бир тасвир бор. Унга кўра, ўрис йигити улғайгач, эр деган номни олиши учун бирор жувон билан бирга бўлиши керак. Толстойнинг асарида қаҳрамоннинг холаси уни бу ишга чорлайди. Эри борми, йўқми, бирор жувон билан жинсий алоқа қилиб ўз эркаклигини “исботлаган”, шу тариқа бу масаладаги “тажрибаси”ни ошириб юради. Оқибатда, унинг учун уйлангани қизнинг бокиралиги ҳам аҳамиятсиз бўлиб қолади.
Мен билан коллежда ўқиган ҳамкурс йигитлар ҳам фоҳишалар билан қилган ифлос “саргузаштларини” мароқ билан айтардилар. Бу билан ўз эркакликларини пеш қилишарди. Беихтиёр бу ҳикояларни эшитиб, сесканганман. Қандай қилиб, бировдан қолган ялоққа бош тиқиш мумкин, ахир?
Ўйлаб боқсам, шу йилларда қоним қайнаган. Йигитлик ҳирс ва шаҳвати мени эгаллаб олган. Лекин Аллоҳ ўзи берган фитрий табиат билан мени бу ҳаром ишлардан қўриқлади.
Йигитликда намозга эгилмоқ қийин. Мен синглимнинг намоз ўқишига ҳавас қилсам-да, ўзимнинг намоз ўқишимни ўйлаб кўрмаган эдим. Ҳали Ислом, иймон ва ибодат деган нарсалардан мутлақо узоқ, ҳатто, бегона ҳолда яшардим.
Курсдошларим ичида бир йигит бор эди. Исми Зоҳид. Бироз ногирон. Ўнг қўлини яхши ишлата олмасди. Ногиронлиги бир қарашда сезилмасди. Камсуқумлиги, камтарлиги учун бўлса керак, у билан яқин бўлиб қолдим.
Зоҳид билан бирга тушлик қилардим, баъзан метрода, автобусда учрашиб қолардик. Бир куни мен яшайдиган кварталга келиб, қўнғироқ қилди. Қариндоши шу ерда яшаркан. Мен билан учрашиб кетай дебди.
Чиқдим. Кўришдик. Кафеда ўтирдик. Музқаймоқ едик. Баҳорнинг охирги кунлари эди.
– Қаҳрамон, асир намозини ўқишим керак, яқин-орада масжид борми? – деб сўради у. Ўрни келганда айтиб кетай, ота-онам менга қўйган исм Қаҳрамон эди. Саломиддин исмини кейин олдим. Бунинг тарихини кейинроқ сўйлайман.
– Масжид бор, – дедим ва биз ўтирган жойга “Катта Қаъни” масжиди яқинлигини хаёлимдан ўтказдим. Масжид ёнидан кўп ўтганман, аммо бирор марта кирмаган эдим.
– Мени бошлаб бор, дўстим, – илтимос қилди Зоҳид. Такси ушлаб, кетдик.
Йўл-йўлакай у ёқ бу ёқдан гаплашдик. Бирпасда масжидга келдик.
Такси ҳақини тўлаб юборгач, мени масжид дарвозаси олдида кутиб турган Зоҳидга дедим:
– Сен кириб чиқавер, кутиб тураман.
Зоҳид ҳайрон бўлди:
– Қанақасига? Юр, сен ҳам намоз ўқиб оласан.
– Йўғ-е, таҳоратим йўқ, – дедим ноқулай бўлиб. Нимадир ичимда мени масжидга киришдан қўрқитаётгандек эди.
– Таҳоратхонаси бор. Бемалол таҳорат қилиб оласан, – астойдил мени масжидга олиб кирмоқчи эди Зоҳид.
Йўқ дейишга кўнглим бўлмаётган эди. Бироқ масжидга киришга заррача иштиёқ тополмадим. Бугун биламанки, масжидга киришим учун монелик қилган васваса шайтонга оид бўлган.
– Узр, ўртоқ, – дедим охири. – Намоз ўқишни билмайман. Умримда масжидга кирган эмасман.
Зоҳид менга ажаблангандек қараб қолди.

Бешинчи боб тугади.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ўн икки, ўн уч ёшларимда овозларим ўзгарди. Ўса бошладим. Мўйлабим сабза урди.
Ўзбекистонга кам келардим. Кўп умрим Капотняда ўтди. Ўша ерда мактабда ўқидим.
Биз яшайдиган уйнинг олдида кенг майдон бор эди. Футбол, баскетбол, теннис ўйнардим. Аммо нима учундир қизлар билан гапим келишарди. Ўша ерда уч нафар қиздан дугонам бор эди. Уларда йигит-қизлар очиқ кийинар, ўпишиб, қучоқлашиб сўрашиб кетишарди. Мен бу одатларини қабул қила олмасдим. Бироқ яхши суҳбатлашардим. Урфларига кўра, йигит битта қизни танлаб гаплашиши керак экан. Менга шу уч дугонам буни айтишган ва учовимиздан биримизни танла дейишган. Аллоҳ таоло бундай танловдан Ўзи мени қутқарган. Билмадим, агар танлаганимда ҳаётим бугун қандай кечарди!
Ўсмирлик йилларимда мачихамнинг уйидаги насронийлик китобларини кўп ўқидим. Жуда таъсирли эди. Мен ўқиган китобларда авлиёлар ҳақ учун курашишар, мазлумларга ёрдам беришар, Худонинг ҳам марҳамати чексиз эди.
Бола тасаввуримда ўзимни мусулмон деб билардим. Исломнинг бирорта шартини билмасам-да, диним Ислом деб ишонганим учун динни алмаштириш жиддий ҳодиса эди мен учун. Шунинг учун насроний дунёси ҳикояларига чуқур шўнғиганим сайин мен ҳам отам каби шу динга киришни хоҳлаб қолдим. Мен учун бу дунё хотиржамлик, мукаммаллик, ҳаловат дунёси эди гўё.
Ўсмир хаёлим ана шундай ўйларга тўла эди. Аммо ақлиминг бир четида биргина савол бор эдики, бу мени насронийлик қарорини қабул қилишдан тўсган. Гарчи чуқур тушунмасам-да, “Ийсо алайҳиссалом ҳам Худонинг ўғли, ҳам Худо экан, бу қандай бўлиши мумкин?” – деган ўй миямда милтиллаб турарди. Бу жуда заиф милтиллаш бўлса-да, жуда катта шубҳа эди. Насронийлик динига нисбатан менинг қалбимдаги шубҳа эди бу.
Мачихамдан, отамдан бу саволга жавоб сўрадим, улар ўз эътиқодларидан келиб чиқиб тушунтиришди, лекин қабул қила олмадим. Ишона олмадим. Шунинг учун насронийлик динига бўлган қизиқишим сўнди. Ўқиганим ҳикоялар шунчаки ҳикоя, амалга татбиқ этиш мумкин бўлган эртакларга айланди хотирамда.
Ўйлаб қарасам, дин, худо, пайғамбар деган ўйлар ана шу чоғларда илк бора кўнглимда ниш урган. Бироқ на руҳиятимда, на ҳаётимда динга ҳали мутлақо эҳтиёж йўқ эди.
Ҳа, мен насронийликка шубҳа ва гумон билар қарадим, лекин у эътиқод уруғи қалбимга тушиб қолган эди барибир. Уруғ эмас, бу якка Илоҳга бўлган эҳтиёжимнинг намойиши эди у. Бу эҳтиёж вақти-вақти билан қўзғалар, одамларга кўп қўшилавермаганим учун ёлғиз чоғларимда худони танигим келарди.
Олдинроққа ўтиб, бир нарсани айтиб ўтай. Ўн саккиз ёшларимда ўн беш ёшли синглим намоз ўқирди. Унга қараб мен ҳам намоз ўқисайдим деб орзу қилганман. Бу ҳолат айнан диннинг буткул покликдан иборат, ажиб олам деган фитрий ишончнинг ҳосиласи бўлган.
Қўлимдан иш келадиган бўлиб қолди.
Капотняда катта дўкон бор эди. “Форд”, “БМВ”, “Ренж Ровер” автомобиллари сотиладиган дўкон эди бу. Жуда катта. Олд фасади – сотув учун махсус, бинонинг орқа томони эса устахона. Мен устахонага ишга кирдим. Дастлаб машиналарнинг чангини махсус чангюткичда тозаловчи бўлдим.
Ўша даврда отам сени боқаман, ишлашинг шарт эмас деса ҳам, ишлашни истадим. Ўз эҳтиёжларимга яраша пул топишни хоҳладим.
Ўзбекистондан Россияга бориб ишлайдиганларнинг квартирасига акам билан жойлашдим. Ўсмир бўлсам-да, болаларча фикрлаганим учун сабабини тушунмаганман – бир хонали квартирада ўн – ўн беш киши яшардик. Эркак ва аёллар аралаш ҳолда!
Ўша вақтда бу ҳолдан умуман ажабланмаганман. Шундай бўлишини жуда одатий ҳол деб қабул қилдим.
Акам билан ишладим. Акамнинг табиати оғир эди. Борган жойида, албатта, урушади, жанжал қилади. Камдан кам ҳолда уни соғ кўрганман. Доим бурни синган, қоши ёрилган, пешонаси шишган, кўзи кўкарган...

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Айтганимдек, отам романтик табиатли эди, унинг ҳам қалбида динга муҳтожлик бор эди. Насронийлар даъвати, қолаверса, севиб қолган аёли сабабли Исломни тарк қилган. Исломни тарк қилган деб айтишим қанчалик тўғри? У Исломда яшамас ҳам эди. Исломнинг моҳиятини тушунмасди ҳам. Исломий тарбия, тавҳид ҳақида билмасди ҳам. Улар учун Ислом урф каби эди. Ўзим ҳам эслайман – дин ҳақида айтилган бирор гапни ҳеч қачон жиддий қабул этмаганман. Дин биз учун эртак эди. Дин уйланиш учун ўқиладиган никоҳ, ўлганни кўмиш учун уюштириладиган жаноза намозидан иборат бўлган. Шунчаки, театрлашган томоша эди диний амаллар.
Болалигимда масжидга қадам босмаганман. Ислом зоҳиран жуда йироқ, ишониб бўлмас рўё эди.
Бу гапларни умумий бир муқаддима сифатида айтяпман, Усмонбек. Чунки бу ҳол сизга хос деб ўйлайман.
Исломга жонсиз бир афсона деб қарагани учун отамнинг насронийликни қабул қилиши осон бўлган деб ўйлайман.
Бир давр эдики, отам ва амакимнинг ишлари жуда ҳам илгарилади. Халқ тилида айтганда, омадлари келди. Хоразмнинг энг бой одамларига айланишди. Кичик дўкондан бошланган савдо иши авжга чиқиб кетди. Ака-ука қимматбаҳо машиналар сотиб олишди, данғиллама уйлар қуришди, номи чиққан қўшиқчиларни олиб келиб тўйлар қилишди. Шу аснода айтганимдек, отам Россияга бориб келиб Москва вилоятидаги туманлардан бирида ҳокимлик қиладиган одамнинг қизига ошиқ бўлди.
Отамнинг савдо ишлари, ҳамкорлиги қайнотасининг қўлида ишлашни тақозо қилган. Отам унинг ишларини юргазган. Ҳалоллиги, ишни пухта қилиши билан у ерда ҳаммага манзур бўлган ва ҳокимнинг қизига талабгор бўлганида ундан бир ишни – насроний динини қабул қилмоқни сўрашган, холос.
Отам ҳам насронийликни ўз кўнглида ўрганиб, қабул қилди. Ўша чоғда укаси – амаким оғриди. Уни Тошкентда, кейин Москвада даволатишди. Касаллик унинг қонини алмаштириш билан тузалган. Амакимнинг касалланган қони ўрнига янги қон қуйилган. Ўша фурсатда отам насронийликка янги киргани учун амаким бу динга қизиқиб қолган. Бу орада у тузалган, ҳали Москвада экан, тўсатдан ўлди. У чўмилиб чиққан ва елпарракнинг тагида ухлаб қолган. Елпаррак шамоли унинг касалини қўзиб, тезда дунёдан кетишига сабаб бўлди. Ўшанда амаким насроний бўлишни истаган дейишади. Отамдан попни чақиришни сўраган. Поп келган. Чўқинтирган. Ўзларининг амалларини бажартириб, амакимни насронийликка киритишган. Амаким бу касалликдан қайтиб турмади. Жуда тез ўлди.
У насронийлар қабристонига қўйилди. Россияда. Олиб келишмади. Уларнинг урфига кўра кўмилди. Кейинчалик отамни Исломга даъват қилганимда: “Укам мени деб насронийликда ўлди, энди уни қандай қилиб ёлғиз ташлаб Исломни қабул қиламан? Бу унга хиёнат бўлмайдими?” – деб айтарди. Бу жуда қайғули ҳол, албатта. Билмадим, отамнинг тасаввурига кўра, насронийлик ботил бўлиб, Ислом ҳақ бўлсаю, укасини насроний бўлгани учун жаҳаннамга тушса, бу эса ҳақ Исломга ўтиб, жаннатга кирса, гўё хоинлик қилган бўлади. Бу ўйларнинг барчаси динсизликдан, яъни Исломсизликдан эканлигини мен бугун биламан. Аммо буни ҳар қанча истасам-да, отамга тушунтиришга ожизман.
Қизиқ томони биласизми, нима?
Отам ўзи насроний бўлиб менинг диндорлигимни ҳимоя қилган! Бу алоҳида ҳикоя. Кейинроқ айтиб берарман, иншааАллоҳ.
Мен ана шундай отанинг фарзандиман.
Москванинг жануби шарқида Капотня деган туман бор. Отам онам билан ажрашиб, ўша ерга кетди. Иккинчи олган хотини ҳузурига. У пайт бола эдик, балки бу ҳолнинг қайғули эканлигини билдик ё билмадик. Онамнинг бошидан ўтган аччиқ қайғуларни эса бироз улғайиб ҳис қилгандек бўлдим.
Отам адолатни таъминлаш учун мени, акамни, синглимни, онамни ўша шаҳарга чақирди. Даромади яхши бўлгани учун ўзи яшайдиган кўпқаватли уйдан бизга ижарага уй олиб ҳам берди. Ёз бўйи ўша ерда бўлдик.
Капотня менинг тасаввуримда жуда ҳам ёқимли хотиралар билан қолган. Болалик хотиралари, одатда, ёқимли бўлади. Чунки гўдакнинг кирланмаган хотираси оламни гўзал ва ёрқин рангларда кўради. Бола ҳар қандай ҳолатда ўзи учун кўп гўзалликлар кашф қила олади, хотирасига уни нақшлаб олади. Ҳар қалай, кўпчиликда шундай бўлса керак деб ўйлайман.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо Юсуф

Бешинчи боб. Саломиддин ким?

“Албатта, Аллоҳнинг ҳузуридаги дин Исломдир”.
Оли Имрон сураси, 19-оят

Саломиддин дилбар йигит чиқиб қолди.
Мен уни мутлақо гапирмайди деб ўйлаган эканман негадир. Хушнудлик билан менга кўп нарсани тушунтирди.
– Фитрат нима эканлигини биласизми? – сўради у мендан. – Сизга сунъийлик нима эканлигини айтиш учун фитрат ҳақида сўйлашим керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Ҳар бир инсон фитратда туғилади”, – деганлар. Яъни фитрат мусулмонликдир, Исломдир. Аммо ота-онаси уни бошқа дин билан тарбиялайди. Масалан, яҳудий қилиб, насроний қилиб, Худони танимайдиган қилиб ва ҳоказо. Бу ҳолни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам янги туғилган ҳайвон боласининг қулоқ-бурни кесилганига ўхшатганлар. Чорва боқадиганлар билади: ўзларининг қўй-қўзиси бошқаси билан алмашиб кетмасин учун қулоқларини кесиб қўйишади. Яъни софликни ўзгартиришади. Инсоннинг ота-онаси ҳам унинг фитратига қарши ишларни қилишади. Бироқ фитрат – софлик, Аллоҳга бўлган талпиниш қалбда, руҳда ғойиб бўлмайди. Шунинг учун илк дафъа Қуръон оятини эшитиб инсон титрайди, намоз ўқишни билмаса ҳам сажда қилишга ўзини муҳтож сезади. Буни тан олмаслик айни фитратга қилинган бир исёндир.
Саломиддиннинг уйида қолдим. У билан кунлик намозларни ўқидим. Унга савол бердим.
– Мен умримда ибодат қилган инсон эмасман... Сиздан ўрганмоқчиман. Лекин биласизми... – дедим бироз тутилиб.
– Қарорингиз жасоратли, – деди Саломиддин. – Чунки пешонаси сажда кўрмаганнинг ибодатга қадам босиши осон кечмайди. Нимани сўрамоқчисиз?
– Сизни устоз... яъни ўқитувчи деб билиш учун Сизни танишим керак... Сиз кимсиз? Нима учун мени қутқардингиз? Нима учун менга ёрдам беряпсиз? – ниҳоят саволни бериб, енгил нафас олдим.
– Ҳа, – деди Саломиддин саволимни эшитиб бир неча лаҳза ўйга чўмиб. – Шундай яшаяпмизки, фитрат талаби билан яхшилик қилишни ҳам унутдик. Бир муҳтожни кўрсак, унга қалбимизда кўмаклашмоқ истаги уйғонади. Беминнат ёрдамлашиш эҳтиёжи. Менинг сизга қилганларимни ана шу эҳтиёждан деб билинг. Тоғда яшашни севаман. Йилнинг исталган фурсатида тоққа келаман. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларидан бири эътикофдир. Яъни бутун оламдан узилиб, буткул зикр ва ибодат билан машғул бўлмоқ. Мен эътикоф қилмоққа келаман бу жойларга. Эътикофни тамомлаб, тоғни сайр қиламан. Иттифоқо, тоғнинг “бели” – сиз ётган ғор оғзидаги латтага кўзим тушди. Аввал бу йўқ эди. Кимдир ёрдам сўраяпти деган фикрда бордим ва сизни учратдим. Шу. Бошқа бирор гап йўқ. Алҳамдулиллаҳ, энди соғ ва саломатсиз. Пастга тушиб олсангиз уйингизга борадиган йўлни топа олсангиз керак, иншааАллоҳ.
– Уйимни топиб оламан... – дедим ва беихтиёр Саломиддин каби “ИншааАллоҳ” деб юборишимга оз қолди. Аммо тилим сира ўрганмаган сўзни қандай айтаман?! – Сизни яқиндан танимоқчиман. Менга ибодатни ўргатинг деяпман...
– Ибодатни ўрганиб олиш осон, – деди Саломиддин. – Аммо ибодатни муҳаббат изҳорига айлантирмоқ қийин. Ибодат Роббингга бўлган соғинчни Унга сиғинган ҳолда изҳор қилмоқдир. Арабий калималарни ёдлаш тўтиқишнинг ҳам қўлидан келади. Яхши, сизга ўзим ҳақимда гапирай. Чунки дин илмини кимдан олаётганингизни билишингиз лозим. Модомики, дин илмини – ибодатни ўрганмоқни хоҳласангиз, албатта.
Мен туғилган ўлкани Хоразм дейишади. Хоразмни билсангиз керак, албатта?
Қадим диёр. Бугун шону шавкатини унутган, тарихда Ер юзига ҳукмронлик қилган султонлар диёридир Хоразм. Минг йиллар аввал Амударёни юнонлар Ўкуз деб аташган. Сирдарёни эса Окс дейишарди. Ота-боболаримиз эса бу дарёларни Сайҳун ва Жайҳун деб аташган. Хоразм Жайҳун ёқасидаги улуғвор ва муаззам мамлакат бўлган. Одамлари жасур ва иймонли. Динга ҳарис. Инсоф ва диёнатни маҳкам тутган. Қуллик ва мутеълик нима эканлигини билишмасди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Бошимни кўтардим. Ҳа, жуда ҳам майин бир шабада қоя узра у ёқдан бу ёққа ўтарди. Шу пайт кўзим қоянинг тагидаги бир ўсимликка тушди. Олчага ўхшаган меваси бор эди ўсимликнинг.
– Мана шу шабада хумнинг танасидан сизиб чиққан сувни совутади. Сув билан қўшилиб хумнинг танаси, у билан бирга ичидаги сув совийди. Ана шундай қилиб, мен ёзнинг чилласида ҳам сувни муздай қилиб сақлайман, – гапини тугатиш оҳангида гапирди Саломиддин. – Бу қанақа ўсимлик деб ҳайрон бўляпсизми?
– Ҳа, – дедим янги дўстимнинг зийраклигига тан бериб. – Атиргулга ўхшайди, барглари майда, тикани бор, лекин меваси ғаройиб...
– Наъматак! – жавоб берди Саломиддин. – Эшитганмисиз шундай ўсимликни? Бу тоғ наъматаги. Ҳали пишмаган. Шунинг учун яшил. Бироқ пишиб қолади ҳаш-паш дегунча. Пишгунча, жигарранг тусга киради. Қаттиқ. Уни қайнатиб ичсангиз, кўп дардларнинг давоси. Бугун дунёда табиатга қарши уруш очилган. Ичаётган чойингиз, сувингиз, таомларингиз, либосларингиз, хуллас, нимаики истеъмол қилсангиз, барчаси сунъийлаштирилди. Бу қайсидир маънода инсониятга қилинган хиёнат, аслида. Чунки бизда табиат инъомларидан бус-бутун баҳра олиш имкони бор. Бу имкондан эса кимлардир бизни маҳрум қилишни истаяпти. Шунинг учун тоғда ўзи ўсиб гуллаётган дарахтлар мевасидан истеъмол қилиш жуда ҳам фойдали.
– Ҳа, – деб маъқуллаган оҳангда бош ирғадим.
– Юринг, сизга чўққидан оламни кўрсатай, – деди Саломиддин. – Кейин кириб бироз тамадди қиламиз. Биласизми, таом нима учун аҳамиятли? Таомлар инсоннинг табиатига таъсир қила олади. Таом инсон танаси учун қувват, агар кўпайса гўшт бўлади. Таомингизни ҳалол пулга топиш алоҳида бир масала, аммо у табиат инъомларидан тайёрланмаса, бу бир катта муаммо. Тоза ҳаводан нафас олган, сувга қонган, қурт ва қумурсқаларнинг ҳам ризқи бўлган меваларни ейиш керак. Қадимдан экиб келинаётган сабзавотларни ейиш керак. Ҳозир уруғлар ҳам чатиштириляпти. Дориланяпти. Ҳамма ўшани еяпти. Лекин кўп нарсани унутяпмиз. Наслни бузишга кимнинг ҳаққи бор? Оддий сабзининг насли бузиляпти. Тарвузнинг насли бузиляпти. Чунки куфр келтирганлар унинг тузилишига таъсир қилишяпти. Худо ёзган формулани ўзгартиришмоқда ўзларича. Сабзи ва тарвузни чатиштириб, янгича бир мева олишмоқда. Буни кашф деб мақтанишяпти. Аслида, бу ишни қилиш хато, ана шу мевани ейиш эса сира яхшиликка олиб келмайди. Одамлар хотираси сусайганидан шикоят қилади. Касалликларнинг саноғи йўқ. Ҳамма жиззаки ва асабий. Энг яқинларимизга ҳам зулм қилаверамиз. Қалбимиз ҳеч таскин топмайди. Аслини олганда ана шу емакларимиз бу ҳолатнинг сабабчиларидан бири. Чунки ҳар бир ўсимлик, ҳар бир мева ўзининг ичида турли ахборотларни ташийди. Аллоҳ ер ва осмонда яратган барча нарсалар – одамдан бошқа – ҳайвонлар, ўсимликлар, сув, япроқлар, гуллар – ҳаммаси Роббисини мақтайди. Унга ҳамд айтади. Уларнинг формуласи шундай. Дастури шундай. Бу табиат инъоми тоза фитратни танага олиб кирса, бу тана соҳиби бўлган инсон ҳам Аллоҳни зикр қилса, уйғунлик уйғонади. Бундай таомлар мўмин учун зикр ва ибодат қувватига айланади. Бироқ Худони инкор қилган, шайтонга эргашган бир осий банда ўсимликлар генини ўзгартиряпти. Илоҳий қонунни барбод қилмоқчи. Олган ҳосили эса ўлик. Ана шу ўлик ҳосил инсон танасига кирса, ўрнашса, сингса, ғофил банда янада ғафлатга чўкади, олимнинг эса тафаккури ва қалбини соя қоплайди.
Саломиддин ёш йигит экани аниқ. Овози ҳам жаранглайди. Қомати тик. Қадди баланд. Қадамлари шаҳдам. Бу гапларни у қаердан олган экан? Аммо ич-ичимдаги бир сас: “Тўғри, тўғри”, – дер эди.
– Олам кўзларимга айрим вақтларда қоп-қоронғу кўринади, Усмонбек, – деб сўзида давом этди Саломиддин. Исмимни шундай талаффуз этдики, бу кўнглимга илиқлик бағишлади. – Шунда мана шу жойга келаман. Кунлаб қоламан. Толиқиб қолдингиз-а? Сизнинг қаршингизда дилимнинг қулфи очилиб кетди. Юринг, уйга кирамиз.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Тоғ шабадаси юзимга кафтини тегизиб ўтди. Дарахтлар вазмин шитирлади. Оламни қучоғига олган сукутни бузадиган бошқа сас йўқ. Назаримда, шабаданинг беозор эркалиги, дарахтларнинг қалбни эритувчан ноласи сукутнинг тили эди.
Шу онда Саломиддин туриб ўтирди. Мен дарҳол ўзимни уйқуга солдим.
У сув олиб, таҳорат қилди. Сўнг қиблага юзланиб, тик турди. Намоз бошлади. Намоз ўқийверди. Ўқийверди.
Шу он хаёлимдан намоз ўқиётган одам дунёдаги энг гўзал одам деган ўй ўтди. Саломиддиннинг ҳар бир ҳаракати ўта дақиқ ва ихлосли эди. У намоз ўқирган, ҳаётидаги энг муҳим ишни адо қилаётганига амин эканлигини кўрдим. У шундай намоз ўқирдики, бундан бўлак муҳим иши йўқ эди. Назаримда, Саломиддин фақатгина намоз ўқиш учун яшаётгандек туюлди.
Кейинчалик ўзим ҳам ҳаёт намозларни соғиниш билан маъноли эканлигига қалбимдан иқрор бўлдим. Бироқ бу воқеага ҳали анча бор.
Саломиддиннинг ибодатини кузатиб ухлаб қолдим. Ўшанда нима учун Саломиддиннинг ёнига ўтиб намоз ўқимадим деб ўзимга савол бердим кейинчалик. Қувватим етмасмиди? Йўқ, ўзимча Саломиддиннинг ибодатдаги ҳаловатига халал бермаслик учун ундай қилмадим деб хулоса қилдим.
Тонгда тетик уйғондим. Саломиддинга эргашиб намоз ўқидим. Танамга қувват кирган эди. Саломиддин қуруқ мевалар ва сувдан иборат нонушта ҳозирлади.
– Хурмо! – деди у. – Ажва. Мадинада ўсади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алаҳи ва саллам ажвани яхши кўрганлар.
Хурмо ширин эди. Жуда ёқди.
– Яхши кўринасиз, иншааАллоҳ, – деди Саломиддин. – Тетиксиз.
– Ҳа, – дедим бошимни қимирлатиб. Бу Саломиддин билан танишганимдан буён илк бор овоз чиқариб айтган сўзим бўлди.
– Исмингизни билсам бўладими? – сўради суҳбатдошим.
– Ҳа, – дедим. – Исмим Усмон.
– Исмингиз гўзал экан, маашааАллоҳ! – деди Саломиддин. – Аммо нима учун диндан бу қадар йироқ эдингиз?
Мен қотиб қолдим.
– Буни қаердан билдингиз? – дедим овозим титраб.
– Буни билиш учун у қадар ақлли бўлмоққа эҳтиёж йўқ, – деди табассум билан Саломиддин хотиржам. – Диндан олис эканингиз, аслида, ажабланарли ҳам эмас, зотан, ўлкамизда асл дин қадрияти эмас, гўзал исмларнинг қолгани ҳам улкан ютуққа айланди. Эй, Валлоҳ!
Саломиддин сўзлаганда жўшиб кетаркан, бироқ бу шундай жўшиш эдики, қаршисидаги ҳамсуҳбатни ўзига сеҳрлаб оларди.
– Тепага чиқсак бўлади, иншааАллоҳ, балки сиз қайтадиган фурсат келгандир, – деди Саломиддин.
– Ҳа, аммо мен сиз билан яқиндан танишмоқни истардим, – дедим мен.
– ИншааАллоҳ, улгурармиз, – жавоб қилди Саломиддин. – Тонг салқинида бу ғордан юқори чиқсак. Чунки кун исиб кетса, қийналамиз.
Ғорнинг оғзига қадар тушиб келган арқонни энди кўрдим. Бу арқон тоғкезарларнинг арқони эди. Улар, одатда, чўққиларга чиқаркан, мана шундай арқонлардан фойдаланишади. Арқоннинг бизга тушиб турган учига Саломиддин белга бойлаш учун махсус қайишни улади. Ўзи бир зумда олиб тушган нарсаларни йиғиштирди ва менга ўгирилди:
– Мен тепага чиқаман, у қадар баланд эмас, кейин арқонни ташлайман, сиз чиқасиз. Иложи борича, сизни тортиб олишга ҳаракат қиламан. Сиз эса қаранг – қандай қилиб қайишни боғлаяпман.
Саломиддин қайишни белига боғлади ва арқонга осилиб тепага кўтарилди. Ҳаракатли чаққон ва шиддатли эди.
Мен эса фикримни жамлаб пастга қарадим. Ахир, мен қаердан чиқиб келган эдим. Мени ҳамон излаб келишмагани ажабланарли.
Аммо ҳеч нарсани ўйлашни хоҳламадим. Тепага чиқиб, Саломиддин билан суҳбатлашиб ўтиришни, у мени қандай топди, унинг ўзи ким, энг қизиғи, бундай ҳиммат ва мардлик унга қаердан келди – шуларни билишни истаётгандим.
Қарасам, қаршимда қайиш боғланган арқон турибди. Дарҳол Саломиддин кўрсатгани каби белимдан қайишни ўтказдим.
Тоғнинг кўксига оёғимни қўйиб, арқонни маҳкам ушлаб кўтарила бошладим. Ҳали қувватим тўлиқ йиғилмагани учун қийналдим. Шу пайт арқон ўз-ўзидан тортилди. Билдимки, бу Саломиддин эди.
Тоғнинг мен қадам босаётган жойлари гоҳо текис, гоҳо майда тошли, гоҳо тиканли эди. Тахминан эллик метрлар кўтарилдим. Саломиддин арқонни тортар эди, мен тоғдан оёғимни узмаслигим керак.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо Юсуф

Тўртинчи боб. Чўққидаги уй

“Аллоҳ Ўз раҳматини хоҳлаган кишисига хос қилади”.
Бақар сураси, 105-оят

... Шом намозини адо қилгач, мен мутаассир ҳолда қолдим. Саломиддин қошимга келди.
– Яхшимисиз? – деб ҳол сўради.
– Ҳа, – дедим. Ибодатдан сўнг танамга куч киргандек эди. – Худога шукур...
Қизиқ, охирги марта қачон Худога шукур айтган эдим? Эслай олмадим. Аммо айни фурсатда бу сўз ички эҳтиёжнинг изҳори эди.
– Сизни ташқарига олиб чиқайми? Ғорнинг ичида нафас олиш, барибир, қийин, – деди Саломиддин.
– Майли, – деб розилик бердим.
Ғорнинг олдидаги “айвон”ни Саломиддин супуриб қўйибди. Тош ва тиканлар йўқ. У мени қўлтиғимдан ушлаб юришимга ёрдамлашди. Қаердандир ғўла топиб келибди, шунга мени ўтқазди. Ўзи ҳам ёнимга чўкди.
Шом зулмати қуюқлашмоқда эди. Пастда тоғ дарахтлари шовуллай бошлади. Салқин шабада тоғ чўққилари оралаб кезмоққа киришди. Саломиддин бироз ўтирди-да, менга қаради:
– Қуръон ўқийман, – деди. Мен маъқуллаган бўлиб бош қимирлатдим.
У ғорга кирди ва елкага осадиган хуржунини кўтариб чиқди. Ичидан Қуръон китобини олди. Зулмат қуюқлашса-да, кўзимиз ўрганиб, атрофдаги ҳамма нарсани кўраётган эдик. Лекин, менимча, китобдаги ҳарфларни илғай олиш мумкин эмас. Саломиддин эса китобни очди ва Қуръон ўқий бошлади. Ўша вақтда мен Қуръондан бир калима – сўз эмас, бир ҳарф билмас эдим. Шунинг учун қайси сурани ўқиётганини умуман билмаганман, аммо кейинчалик “Фатҳ” сурасини ўқиганлигини билдим.
Саломиддиннинг овози ёқимли ва мулойим эди, назаримда, бироз хирқироқ бўлса-да, бу тиловатнинг жозибасига соя солмасди, билъакс, бу бир овозга салобат қўшиб тургандек эди.
Саломиддин ўқийверди. Умуман зерикмадим. Эшитарканман, негадир ичим титради. Томоғим ачишди. Кўзимдан ёш қуйилди. Буни тўхтатишнинг имкони йўқ эди. Йиғи саси ичимни тўлдирди.
Зулмат қуюқлашди. Осмонга ой фонуси илинди. У фонус оёқсиз ҳолда фалакни кеза бошлади. Ой нури бутун оламни қамраб олди. Назаримда, ойнинг нури етиб бормаган бир қарич ҳам ер қолмади. Кўзларим бутун дунёни бир вақтда кўра бошлагандек эди.
Ой гўё Саломиддиннинг елкасини нур билан силади. Бармоқлари билан унга Қуръон саҳифаларини очиб бераётгандек туюлди.
Ойнинг бу қадар гўзаллигини илк марта кўрдим. Шу қадар гўзал эдики, бағримга босгим келди. Ой эса хаёлчан сузиб келиб, Саломиддиннинг елкасига бош қўйди. Кўзларини юмди ва Қуръон оятларига қулоқ тутди.
Мен қимирлай олмай қолдим. Саломиддиннинг овози майин ва жарангдор эди. Илоҳий каломларни бутун коинотга сочаётган сас юксалар, юксалгани сайин ундаги жозиба зиёда бўлар, ҳар бир зарра икки олам қонуни бўлган Сўзларни тиловатгўй билан жўр бўлиб зикр этарди гўё.
Мен эриб кетдим. Кўзимдан оқаётган ёшни идрок қилмасдим. Агар ихтиёрим бўлсайди, шу ҳолда абадий қолишга рози бўлардим. Аммо мен кўришим керак бўлган ҳақиқатлар ҳали олдинда экан. Шундай ҳақиқатлар эдики, у жонни олгудек аччиқ, хаёлни сеҳрлаб қўйгудек гўзал, асло раҳм қилишни билмайдиган жаллод каби бешафқат ёр, ўлимлар устидан ғолиб ва музаффар, қўрқувга бегона, ёлғиз Роббисини тасдиқ қиладиган мужоҳид, балки ғозий қиёфасида эди.
Саломиддиннинг овози соф булоқ каби тиниқлашиб, унда оятлар жарангидан бошқа ҳеч нарса қолмади. Илоҳий сўзлардан ҳеч бир маъно, мазмун англамасам-да, ичимдаги фитрат қулоғи унинг ҳар бир ҳарфларини тинглаб, улуғ жалолият, азамат ва раҳмат қаршисида кўкламдаги куртакли новда каби титрадим.
Қанча ўқиди – бунинг ҳисобига етиб бормадим, аммо мен учун тиловат бир лаҳзада тугади гўё. Мен учун ўша фурсат вақт тўхтади...
Яна намоз ўқидик. Саломиддин бироз дуо қилди. Сўнг менга:
– Ухлаймиз, – деди. Негадир атрофга диққат билан назар солди. Чигирткалар чирилларди. Қаердадир қичқириқ саси келди.
– Бойқуш! – деди Саломиддин ва жилмайди. Менимча, илк марта жилмайди. Табассум унинг юзини янада ёритди. – Ҳаво илиқ. Ташқарида ухлаш мумкин.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Буюк калималар чинакам Инсонлар тилидан янграсагина инсонлар ҳаётини эзгуликка, адолатга бошлайди.

САҲРО, Мустафо Юсуф

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Мен рационал ҳаётдаман, ўғил, – давом этди отам. – Сенинг отангман. Сени яхши кўраман. Ўз-ўзидан, сабабсиз яхши кўраман. Сени ҳимоя қилишга тайёрман. Ўрнингга ўлишим ҳам мумкин. Сенинг жонингни оламиз, ўғлинг эса яшайди дейишса, сенинг яшашингни истайман. Биласанми, ўғил, бу ҳиссиёт мен учун реал. У мен учун рост. Аммо бу ҳолатимни динга боғламайман. Мен тирик инсон сифатида наслим давом этишини хоҳлайман. Ва сени яхши кўрганим учунгина яхшиликлар қилишни жуда ҳам истайман. Сенинг намозхонларинг каби сохта эмас менинг бу меҳру шафқатим. Масжидга чиқиб, намоз ўқигани билан мақтанадиган дебил эмасман, ҳарқалай. Бунинг учун хурсандман. Тўғри, дининг ҳақида хато маълумот бердим. Бу виждонан ҳам ноҳақлик. Узр сўрадим. Лекин энди менга ақллилик қилишни камайтирсанг бўларди, ўғил. Сен айтаётган гаплар... уларни эртак десам, хафа бўласан, шунинг учун гап деяпман, менга умуман янгилик эмас. Мени бу каби ёдлаб олганинг даъватлар билан қойил қолдира олмайсан. Аввал сен бу динда яшаб кўр. Умуман, бир эътиқодни танлабсан, хурсандман, табриклайман, мутаассиблик кўрсатмай амал қил. Танлаган эътиқодинг тўғри ёки хато эканлигини сенга тажриба исботлайди. Сен Исломни тўлиқ биламан деб ўйлаяпсан. Абдулло домланг худди Исломни тўлиқ қамраб олгандек, назарингда. Йўқ, ўғил, сен эйфориядасан. Эйфорияни биласанми? Вақтинчалик осмонларда учиш дегани. Мастлик дегани. Ҳали ҳаёт олдинда. Динингни ўрганиб, унинг Ер ҳаётига тўғри келмаслигини кўрасан. Балки уни ислоҳ қилишни истаб қоларсан. Балки ундан ўзингга ёққан жиҳатларини олиб, замон талабига жавоб бермайдиган қисмларини рад этишни хоҳларсан! Шундай бўлса ҳам, сира ажабланмайман. Чунки инсон жисми эволюция билан шу кўринишга келганидек унинг тушунчалари ҳам эволюцион. Бугун бу тушунчадасан, эртага у. Эртага менга айтиб турган гапларингнинг тескарисини ҳам сўйлаб туришинг мумкин. Шунинг учун қизишма, мени ўз эътиқодингга чорлашинг учун ҳали вақт бор. Яна бир нарсани сенга айтиб қўяй. Агар сен ўзингни бирор эътиқод ёки дин ҳимоячиси деб ишониб қолсанг, эркингдан айриласан, ўғил. Динга амал қил. Дин билан яша. Аммо дин менинг хизматимга муҳтож деб ўйлама. Диннинг ўз эгалари бор ва улар ишларини қилишяпти. Бундай ғавғоларни бошингга ортиб олма. Намозингни ўқи. Масжидга бор. Сиқилиб қолганингда ваъз эшит. Қуръон тингла. Қурбонлик сўй. Рўза тут. Ҳажга бор. Ичингда динга бўлган эҳтиёжни қондир. Лекин чуқур кетма, ўғил. Эркингни ҳар хил нарсаларга бериб қўйма.
Отам сокин ва қатъий гапирди. Тан олишим керак, бу гаплар мен учун янгилик эди. Бироқ шу онда бу гаплар менга ҳақ бўлиб кўринмади, аксинча, қайсарлигим тутиб қолди қўққисдан.
– Ота, сиз насронийларнинг эмас, ғирт иймонсизларнинг гапини айтяпсиз, – дедим кескин. – Ислом ва иймон инсоннинг зерикмаслиги ёки дам олиши учун ўйлаб топилган эртак эмас. Мен бутун ҳаётимни Ислом асосига қуришни истайман.
– Қуравер, – деди отам яна тамаки тортиб. – Сенга ким қаршилик қиляпти? Ҳаддингдан ошсанг, ҳаётнинг ўзи қолиплаб қўяди.
– Шунинг учун... – дедим ва энди иккинчи масалага ўтиш вақти келганини тушундим ўзимча. – Тўйимни ҳам исломий қилмоқчиман.
Отамнинг пешонаси тиришди. Хўмрайиб сигерата тутатган кўйи дераза ёнига борди.
– Мусиқа бўлмайдими? – деди энсаси қотиб.
– Ҳа, – дедим.
– Битта муллани опкелиб, ваъз қилдириб қўясанми? – давом этди отам ёқтирмай.
– Ҳа, бирор илмли домла инсонларга ҳидоят ва иймондан гапиради, – дедим мен ҳам безрайиб.
– Бўлмайди, – шу онда отамнинг саси таҳдид билан янгради. – Мен мотам маросими эмас, тўй қилмоқчиман!
– Қандай мотам бўлсин! – дедим мен ҳам отамдан қолишмай. – Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам суннатларига мувофиқ тўй қилмоқчиман. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўта камтарона валима берганлар.
– Қачон бўлган бундай тўй? – сўради отам. Мен аввал тушунмадим саволнинг мазмунига, кейин тушунганимча жавоб бердим:
– Бир минг тўрт юз йил олдин.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Бу насронийлик... – деб гап қўшдим отамнинг гапига.
– Йўқ, фақат насронийлик эмас, барча диннинг аҳволи шу, – деди отам қатъий. – Дин номидан иш қиладиган барча пасткашларнинг табиати шу. Исломда ҳам уламоларнинг авлиёю азиз эканига ишонмайман. Улар ҳам панада роса ифлосликларни қилиб, минбарда, меҳробда одамларни алдайдилар. Масжидга берилган эҳсонларни ейишади.
– Ундай эмас! – дедим мен ҳам. Чунки бу гап жуда оғир ботди.
– Шундай, ўғил, шундай, – деди отам қайсарлик қилиб. – Сен ҳам мен каби кўрсан, устига устак, ғўрсан, пишмагансан. Ташқариси ялтироқ бўлиб кўринса, ичи шундай деб кетаверасан. Абдулла Қодирий, Чўлпон асарларини ўқиганмисан?
– Ўқиганман, – дедим.
– Ўқиган бўлсанг, эътибор берганмисан, “Меҳробдан чаён” романида Абдулла Қодирий нимани ёзган? – савол берди отам ва гапимни кутмай ўзи жавобини айтди. – Баччабозларни ёзган! Абдураҳмон деган қаҳрамони эсингдами? Бачча бўлади ўша. “Ўткан кунлар”ни эсла! Тошкентга ҳоким қилинган Азизбекнинг ўтмиши ҳақида нима дейилган? Мусулмонқулнинг баччаси дейилган! Ана шу баччага Юсуфбек ҳожи деганлари ҳам эгилиб юради. Ҳомид деган образ ёдингдами? Уста Фарфининг қайнисини зўрламоқчи бўлади! Кўрдингми? Сен Ислом деб оғиз кўпиртирганинг мана шундай баччабозликка йўл очиб беради.
– Ёлғон! – дедим. Отамнинг бу гаплари жигаримга найзадек санчилди. Кўзимдан ёш отилиб кетди. – Сиз билмайсиз! Исломга туҳмат қилманг! Ким бўлсангиз ҳам туҳмат қилманг! Ўлдириб қўяман!
– Ўлдириб?! – отам ўрнидан туриб кетди. – Ўлдирасанми мени?
– Динимга туҳмат қилсангиз, ўзимни тийиб тура олмайман! Аллоҳнинг қонуни бу Исломдир. Аллоҳнинг қонунига бўҳтон этган одамни ўлдириш керак!
– Ана холос! – деди отам ўтириб икки қўлини икки тиззасига шапатилаб урди. – Ўғлим падаркуш бўлибди-ку! Ислом сени террорист қилибди-ку!
– Сираям! – бақирдим беихтиёр. – Аллоҳ таоло баччабозларни лаънатлаган! Сиз қандай қилиб динимга туҳмат этяпсиз?! Қандай қилиб?!
Валлоҳу аълам, ўша пайт ўзимни йўқотиб қўйган эдим. Отам кўзимга энг катта душманимдек кўриниб кетди. Ақлимни йўқотдим. У менинг ҳолатимни сезди, шекилли, сакраб ўрнидан турди, мени қаттиқ қучоқлади:
– Бўлди, ўғил, мени кечир! Мен билмай гапирдим! Мен билмай гапирдим! Мен билмай гапирдим! Кечир, ўғил! Кечир!.. – у тинимсиз шундай деб менинг елкамни силай бошлади.
Ўкраб йиғлаб юбордим. Ўзимни жуда қаттиқ камситилган ҳис этдим. Қаршимдаги одам дасбдурустдан мутлақо бегонага айланди.
Отам ҳақиқатан қўрқиб кетди. Нима қилишини билмай қолди.
Мен ҳам ўпкам тўлиб бироз йиғладим ва ўзимни қўлга олдим. Энди отамга айтажак гапларимдан мени ҳеч нарса тўсмаётган эди.
– Ота, – дедим бир муддат бир нуқтага қараб хаёл сургач. – Сиз Исломни билмайсиз, ота. Бошқа динлар билан ҳам инсонни яхшиликка, эзгуликка даъват қилиш мумкин. Аммо Ислом буткул бошқа... Исломнинг асосий хусусияти шуки, у инсонни якка Илоҳга ибодат қилишга чақиради. Бу уни бошқа ҳамма диндан ғолиб қилади. Чунки мантиқан олиб қаралса ҳам, оламнинг эгаси бир неча бўлиши мумкин эмас. Бир мамлакатни бошқариш учун биргина раҳбар лозим. Қандай қилиб бутун оламни яратиш ва уни идора этиш учун илоҳ иккита бўлиши мумкин? Ақлга сиғмайди бу. Буддавийликдаги бутларнинг саноғи йўқ, насронийликда эса худони учтага чиқариб қўйишган. Ислом эса бутун оламни, борлиқ ва йўқликнинг, икки дунё – бу дунё ва охиратнинг ягона эгаси дея Аллоҳни танитади. Бу ақийданинг бирор жойида хато йўқ. Камчилик йўқ. Қандай қилиб уни насронийликка ёки бошқа динга қиёслаш мумкин, ахир?! Сизнинг бундай дейишингизни сира ҳам кутмаган эдим... Сиздан жуда хафа бўлдим.
– Ўғил, хафа бўлма, – деди отам руҳи тушиб. – Қизишиб кетиб гапириб юбордим.
– Гапларингиздан кўриб турибман, насронийликка ҳам эътиқодингиз сусайибди, – дедим.
– Тўғри, сусайган, аммо воз кечганим йўқ. Насронийликда ҳақиқат бор, барибир. Унга амал қилмаган роҳиблар айбдор, насронийлик эмас, – ҳам динини, ҳам ўзини оқлади отам.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо Юсуф

Еттинчи боб. Баҳс

“Эй инсонлар! Албатта, Аллоҳнинг ваъдаси ҳақдир. Бас, сизларни дунё ҳаёти сира алдаб қўймасин! Яна сизларни алдамчи (шайтон) алдаб қўймасин!”
Фотир сураси, 5-оят

Хуфтонгача отам билан суҳбатлашиб ўтирдик. Аниқроғи, суҳбатлашиш учун ҳаракат қилдик.
Телевизор кўрдик.
Хуфтон намози учун азон эшитилди. Иккимиз ҳам гапдан тўхтаб жим бўлдик. Отам ҳар сафар Ислом динига оид бирор ҳаракат ва гап-сўзлардан ноқулай бўлаётганлигини сездим. Айниқса, азон сасини тинглаганида юзида хижолат аломатлари кўринади.
Азон дуосини деярли овозимни чиқариб айтдим.
– Ота, бу дуонинг маъносини биласизми? – дедим.
– Йўқ, – деди отам бефарқ. Оҳангидан билишга қизиқмаётгани сезилди. Аммо мен давом этдим:
– Аллоҳ таоло қиёмат куни бир мақом борлигини айтган. У мақомнинг номи Маҳмуддир. Мақом инсоннинг ўрнашадиган, турадиган жойидир. Маҳшарда Одам алайҳиссаломдан тортиб қиёмат содир бўладиган кунга довур туғилган ҳамма йиғилади, савол-жавоб бўлади. Шунда биргина мусулмон Маҳмуд мақомига, яъни мақталган, бўлиб ҳам, Аллоҳ мақтаган мақомга чиқади. Ҳеч ким бу мақомга ким лойиқ бўлишини билмайди. Биз азон дуоси билан Маҳмуд мақомини пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламга беришини Аллоҳдан сўраймиз. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўз умматини Роббимизнинг изни билан шафоат қиладилар, яъни гуноҳларимизнинг афв этилишини сўрайдилар, – деб астойдил гапирдим.
– Ҳа, қизиқ ривоят экан, – деди отам кўзини телевизордан узмай беҳафсала оҳангда.
– Бу ривоятгина эмас, балки аниқ содир бўладиган воқеа, – дедим бироз ранжиб.
– Мен нима дедим? – ҳайрон бўлди отам. – Содир бўлишига ишонсанг, ишонавер, аммо менга бу ҳақда айтишинг шарт эмас.
Индамадим.
Жойнамоз ёздим.
Хуфтонни адо қилдим. Қўлимни дуога очдим. Аллоҳга илтижо қилиб, отамни ҳидоят этишини сўрадим.
Сўнг ўрнимдан турдим ва жойнамозни йиғиштирдим. Отам қандайдир сунъий ичимликлар эмас, балки кўк чой ичишни севади. Чой тугаган экан, дамлаб келдим. Отамнинг қаршисига ўтирдим.
– Ота, – дедим ўзимни хотиржам тутишга уриниб. – Сиз билан гаплашадиган муҳим гапим бор.
Отам:
– Лаббай, ўғил? – деб телевизорни ўчирди. Менга тўлиқ ўгирилиб ўтирди. – Тинчликми? Бирор жиддий муаммо борми?
– Йўқ, – дедим ҳазин. Чунки шу онда дабдурустдан ичимга ҳазинлик ёпирилиб кирди. Гўё совуқ шамол келиб, ичимни эгаллаб олди. – Сиздан нима учун насронийликни қабул қилганингизни сўрамоқчи эдим...
Отам менга тикилиб қолди. Шу онда беихтиёр кўзим унинг бўйнидаги хочга тушди. Отамни ўрис табиати буткул эгаллаб олган эди, кўйлак кийганда ҳам доим ёқасини очиқ қолдирар, кўкрагининг жунлари кўриниб ётарди. Уйда эса майкада ёки тор, сиқиб турадиган футболакада ўтирар эди. Ҳозир эса ёқаси очилиб ётган кўйлакда эди. Шу чоққача бўйнига осган хочини кўрмаган эканман, айни дамда кўрдим ва суҳбат давомида ҳеч хаёлимдан кетказа олмадим.
– Сенга нима учун қизиқ бу? – сўради отам. У асабийлашмаётган эди. Хотиржам сўради.
– Чунки Ислом Аллоҳнинг дини, ҳақ дин, қолган динлар эса ботил, – дедим иложи борича эҳтиёткорлик билан. – Аждодларимиз ҳам Ислом динида яшадилар. Сизни нима мажбурлади Исломдан чиқишга?
Отам унга қуйиб берганим чойни ҳўплаб ичди. Бироз соқол қўйиб юради, оқ оралаган соқолини қашиди.
– Биласанми, ўғил, – деди у. – Мен учун ҳамма динлар бир хил. Бирини иккинчидан устун ёки паст кўрмайман. Мен насроний бўлишни истадим, бунинг учун жиддий сабаб бўлиши шарт эмас, насронийликни қабул қилдим.
– Қайси динда бўлишингиз сиз учун муҳим эмасми? – ҳайрон бўлиб сўрадим.
– Ҳа, – деди отам қатъий. – Қизиқ эмас. Одамларнинг ҳам қайси динда юришлари билан ишим йўқ. Бировга бориб Исломдан ёки буддавийликдан чиқ, насроний бўл демайман. Айримлар каби. Ҳамма ўзининг гўрига ўзи киради.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Исломни даъват қилиш сенга қолдими, болам? – деди онам. – Ўзинг кечагина намоз ўқишни ўргандинг. Энди эса ҳамманинг ёқасидан тутиб, намоз ўқи деяпсан.
Очиғи, ўша пайт бу гапни эшитиганимда устимдан бир челак сув қуйиб юборилгандек бўлди.
– Онажон... Исломни етказиш бунга боғлиқ эмас... Иншаа Аллоҳ, умримнинг охиригача намоз ўқийман. Қазоларимни ҳам ўқийман. Аллоҳим ибодатсиз ўтказган умрим учун мени кечирсин!.. – дедим йиғлаб юбордим.
Нима учун йиғладим – онамнинг сўзи оғир ботдими ё бенамоз ўтган умрига надомат қилдимми – билмайман, аммо онам қўрқиб кетди. Ўтирган жойидан сапчиб туриб олдимга келди. Бошимни қучоқлаб олди.
– Вой, болажоним, йиғлама, йиғлама, илтимос, йиғлама, Қаҳрамон! – деди шошиб. – Майли, исмингни алмаштиравер, фақат йиғлама!
Онамнинг қучоғида дарҳол тинчландим. Аммо бир муддат хўрсиниб турдим. Қарасам, онамнинг ҳам кўзи жиққа ёш.
– Мендан хафа бўлма, болажоним, – деди андуҳ билан. – Қўрқаман-да, болам. Кун ора қамалаётганларни эшитаман. Телевизорда ҳам террористлар, экстремистлар қамалди деб ҳар ҳафта кўрсатув беришади. Сен эса исмингни ҳам ўзгартиряпсан, ҳатто. Бунчалик чуқур берилиб кетма, сени ҳам қамаб қўйишмасин, болам.
– Онажоним, – дедим. – Қамашмайди, иншааАллоҳ. Чунки мен жиноят қилаётганим йўқ, бирор гуруҳга аралашиб қолганим йўқ. Мен динимни ўргандим ва уни етказмоқдаман, холос. Сиз ҳам намоз ўқишингизни хоҳлайман.
– Болажоним, сен самимийсан, – деди онам сочимни силаб. – Лекин сени тушунадиган одам бормикин оламда? Одамлар намоз ўқиганларни кўрса, қўрқадиган бўлиб қолди. Сен эса кеча ҳижоб ўраш фарз деб айтяпсан. Ҳижоб ўраганлар билан маҳалла оқсоқоли, участкавой, имомлар суҳбат қилишади. Бошимизни оғриққа солиб нима қиламиз? Сабр қилайлик, қариганимда бемалол ўрайвераман.
Индамадим.
Уч кун ўтиб, Тошкентга кетдик. Отамни кутиб олиш учун.
Отам келди. Хурсанд. Учоқмайдондан қайтарканмиз, таксида онамга мақтанди:
– Қаҳрамон телефон қилиб, уйланяпман ота, ЗАГСга пул беринг дейди!
Ўзининг бу гапи ўзига таъсир қилиб хохолаб кулди.
– Қара, онаси, боланг йигит бўлибди!
Мен ўзим ҳақимдаги мақтовдан бироз талтайдим. Қолаверса, отамнинг бундай ҳассос ҳолати биз учун жуда нодир эди. Онам машина ойнасидан кўз узмай, гўё шаҳарни томоша қиларкан, деди:
– Ҳа, йигит бўлиб қолди, кўз тегмасин! Хайрият, ўрисларингиздан орттириб вақт топдингиз.
Отамнинг энсаси қотди.
– Нима деяпсан? Кайфиятимни туширма. Мен ўғлимнинг тўйига келдим. Хурсандчилик бу.
Уйга келдик.
Чой ичдик. Ўтириб ҳордиқ чиқардик. Мен отамга: “Пешинни масжидда ўқиб келаман”, – дедим.
Намоздан келиб, ота-онам ўртасида қандайдир баҳс бўлганлигини фаҳмладим. Отамнинг ранги гезарган, онам эса кетиш ҳаракатида эди. Саволомуз қарадим.
– Ўғил, – деди отам. – Онанг бугун холангникига кетаман деяпти. Лекин сендан хавотирда.
– Нега хавотирда онам? – дедим ҳайрон.
– Динга берилиб кетибсан. Қамалиб кетади деб қўрқяпти.
– Йўғе, – дедим мен. – Қамалмайман, иншааАллоҳ. Хавотир олманглар.
– Эркак киши қамалиши одат, ўғил, – деди отам салмоқлаб. – Пешонада бўлса, кўрасан. Аммо сенинг эътиқодингни ҳурмат қиламан, ота сифатида доимо ёнингдаман. Қамалсанг ҳам, бошқа бўлсанг ҳам, ҳимоя қиламан. Ким қаерга чақирса, бирга бораман. Сенинг эътиқодингга аралашишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!
Онам эшикдан чиқаркан:
– Ҳа, шунақа жуда олий фикрлисизлар, яхши ўтиринглар, – деди.
Мен хурсанд бўлиб кетдим. Шу онда Абу Толиб ёдимга келди. Тўғри, Абу Толиб Исломга кирмади, аммо умрининг охирига қадар жияни пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳимоячиси бўлиб қолди. Лекин дарҳол астағфируллоҳ дедим. Отам ҳам Абу Толиб каби иймонсиз ўлишидан қўрқиб кетдим чунки. Унинг насронийликдан қайтиб, Исломни қабул қилишини хоҳлардим.
– Ўғил, бугун ота-бола ўзимизни меҳмон қиламиз, – деди отам ошхонага ўтиб. – Сенга бир ажойиб қозонкабоб қилиб берай.
Учоқмайдондан келишда гўшт ва майда-чуйда олган эдик. Отам қозоннинг тагига олов ёқди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Абдуллоҳ домланинг саси жуда қатъий жарангларди. Ҳар бир жумласидан ҳақиқат ёғилаётганлигини сездим. Бу ваъзларни тинглаганим сайин совуқ ва қоронғу кўринган ҳаёт мен учун ёришди. Ислом қуруқ қоидалар йиғиндиси эмас, у тавҳид ва ҳақиқат, меҳр ва муҳаббат дини эканлигини англай бошладим.
Домланинг ҳар бир сўзи мен учун янгилик эди. умримда эшитмаган эдим бу каби гапларни. Болалигимда Ийсо алайҳиссалом қандай қилиб ҳам Худонинг ўғли, ҳам Худо бўлиши мумкин деб шубҳаланиб юрганим саволларга жавоб топдим.
Кўз ўнгимда одам боласининг ўтмиши, келажаги, охирати, яшашнинг аниқ ва адолатли, раҳмат ва муҳаббатга, шафқат ва марҳаматга тўлиб тошган қонунлари намоён бўлди.
Абдуллоҳ домлага бўлган муҳаббатдан эмас бу сўзларим, у кишининг ваъзлари ҳақиқатан ҳам менга ана шундай таъсир қилди. Кейинчалик аввал ибодатдан йироқ юрган, кейин намоз ва ниёзни тушунган, Ислом ва иймонни англаган минглаб, балки юз минглаб дўстларимнинг ҳақ ва ҳидоятни топишларига айнан Абдуллоҳ домланинг маърузалари сабаб бўлганлигини билдим. Нега уларни дўст деб айтяпман? Чунки Исломдаги ҳар бир мусулмон дўст, ака-ука бўлиши керак.
Аммо Ислом фақат Абдуллоҳ домланинг ваъзларидан иборат эмас экан. У кишининг маърузалари динга қадам қўймоқ учун эшикдир.
Инсоннинг динни таниши, ўз тажрибамга кўра, уч босқичдан иборат бўлишини кўрдим. Биринчи босқичнинг номи билишдир. Яъни унда Ислом ва иймон ҳақида билиб оламиз. У ҳақда хабар топамиз. Уни илм босқичи деб атадим. Иккинчи босқич танишувдир. Танишмоқ дегани бир инсонни яқиндан ўрганиш, у билан дўстлашиш дегани. Мен шундай тушунаман. Ҳар куни юриб, кўзинг кўриб юрганларинг оддий кўз таниш, аммо қалбдан таниш бошқа масала. Буни маърифат эканлигини англадим. Маърифат босқичида Ислом ва Иймоннинг маърифатини кўрамиз. Учинчи босқич умрнинг сўнгига қадар давом этади. Бу Ислом ҳикматларини кашф этишдан иборатдир. Унга яшаш, яъни истиқомат деб ном бердим.
Истиқомат дегани бир жойда қойим туриш, мустаҳкам ўрнашиш дегани экан. Инсон Исломда илм ва маърифат ҳосил қилгач, ўлгунига қадар Ислом ҳовлисида истиқомат қилади, яшайди. Ислом бу саломатлик, омонлик ҳовлисидир.
Ислом фақат ёдланган қоидалар йиғиндиси эмас экан.
Мен Абдуллоҳ домланинг ваъзларидан ҳаяжонга тушиб, атрофимга боқдим ва ҳаммани жарга қулаётганлигини кўрдим. Ҳа, назаримда мен, фақат мен Исломнинг ҳақиқатига етиб бормоқдаману, қолган ҳамма жаҳолатга чўкиб кетмоқда. Шунинг учун ким билан гаплашсам, ишласам, унга диндан сўзлашни одат қилиб олдим. Бу менинг ихтиёримда эмас эди. Ваъзлар боис қалбимда уйғониб, пўртана қилаётган тошқинни бошқара олмасдим. У менинг ҳолатим ва истакларимга бўйсумай, ўзини намоён қилаётган эди.
Маърузалар орқали Ислом тарихидан огоҳ бўлдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдек зотдан нақадар узоқ эканимизни кўрдим. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам атрофларидаги ҳаммани севиб қолдим. Мен ул зотга ҳар ишда эргашмоғим керак дея диндан эшитган ҳар бир амрни адо қилмоққа шошдим.
Абдуллоҳ домла: “Инсон қандай бўлса, унинг атрофидагилар ҳам шундай бўлади”, – деган экан. Аллоҳнинг марҳамати билан биз яшайдиган квартирада ичадиган, чекадиган ва фаҳшга борадиган инсонлар ўз-ўзидан чиқиб кетди ва намоз ўқимаса-да, бу каби гуноҳдан йироқ бўлганлар кела бошлашди. Мен уларга Раҳматилла билан роса даъват қилдим. Абдуллоҳ домладан эшитганларимни сўзма-сўз айтиб бердим.
Ўшанда ёшим 19 дан ошган, 20 га тўлаётган эди. Аммо ёши улуғ, отам тенги ва отамдан катталар ҳам гапларимни индамай тинглашар, ҳатто, саволлар ҳам бериб қўйишарди. Мен эса ёниб-жўшиб сўйлардим. Бу Ислом илмидан олинган бир зарра уйғотган завқнинг намойиши эди.
Биласизми, қизиқ ва ажабланарли томони нима эди?

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Кейин уларнинг оиласи денгизга чиқади. Кема ҳалокатга учрайди. Пател Ричард Паркер деган йўлбарс билан қайиқда тирик қолади. Океанни 250 кун давомида кечиб ўтиб, тирик қолади. Бу даврда жуда кўплаб саргузаштларни бошдан кечиради ва ҳамиша уни худо асраб турганига амин бўлади. Кинода шундай кўрсатилган эди.
Кинонинг ғояси барча динларнинг мақсади эзгулик, уларнинг ўртасида фарқ йўқ деган ғоя эди. Бу менга жуда маъқул келган. Кейин билсам, бу кино Ян Мартел деган ёзувчининг китобига асосланган экан. Кинонинг бошланишидаги ёзувларда бу ёзилган экан, эътибор бермаганман. Барак Обама Ян Мартелга хат ёзиб, “Бу китобинг билан худонинг борлигини исботладинг, раҳмат”, – деган ҳам эмиш.
Илмдан холи ақлим, ҳикматдан бебаҳра қалбим қаердан ҳам билсинки, Аллоҳ инсонлар учун фақат Исломни дин деб рози бўлганлигини ва бошқа динларга рози эмаслигини?! Менга шу гапни айтишса, албатта, “Эсинг жойидами, худо бундай адолатсиз бўлмайди, қандай қилиб Ер юзини биттагина дин ихтиёрига топшириш мумкин?” – деб талашган ҳам бўлардим.
Аслида, Ер юзида маданиятлар орасида чегараларни бузиб юборишгани каби динлар орасидаги тафовутларга ҳам барҳам бериш ҳаракати кетаётган эди. Инсонлар орасида ўзаро тушуниш бўлиши керак, одамлар бир-бирларининг қонларини тўкмасин, инсоният ўзи истагани каби яшаши шарт, бу йўлда монелик қиладиган ҳар қандай тўсиқни йўқ қилишимиз керак деган мафкура бу каби киноларнинг ўзаги эди.
Очиқ айтишим керак, ўзим англамас-да, бу каби гапларни миямдан тизимли тартибда ўтказиб, тилимга чиқариб ифодалашдан ожиз эсам-да, айнан шу эътиқодда улғайдим. Аммо оиламдаги ҳолат, ота-онамнинг муносабатлари, кечираётганим турли воқеалар қалбимнинг тубида кемтиклик ҳосил қилди. Ҳаёт мен учун совуқ ва зулмат каби кўрина бошлади. Қисматимдан қайноқ бағир ва ҳароратли бир муҳаббат ахтаришга киришдим. Бу беихтиёр содир бўлди.
Тошкентда коллежда ўқиб юриб, бир қизни севиб қолдим. У мен учун ўзгача ва жозибали туюлди. Унда ҳеч кимда йўқ сифатларни кашф қилдим хаёлан. Аммо ичимда: “Бу жуда гўзал ва ақлли қиз, мен каби йигитни назарга илармикин? Уйланаман десам, тегармикин?” – деб ўйладим.
Отамнинг чўрткесарлиги, мақсад йўлидаги таваккалчилиги менга ўтган эмасми, бир куни қизнинг йўлини тўсиб: “Сенга уйланаман, севиб қолдим”, – дедим.
Аксар йигит-қизлар, буни ҳамма билади, бир-бири билан зерикмаслик учун гаплашади. Улар учун ҳар бирининг “йигити” ёки “қизи” бўлиши мақтаниш учун сабаб, фахрланиш учун баҳона. Мен ундай хаёлда эмасдим.
Ўн тўққизга кирдим. Уйланадиган ёшга етдим. Демак, уйланишим керак. Бунинг учун бирор қизни севишим керак. Мен уни севдим.
Ажабки, қиз менинг бу таклифимдан ҳайрон бўлмади! Ўхшатмасдан учратмас деганлари шу бўлса керак.
“Ўйлаб кўраман”, – деди ва кетди.
Мен бошқаларга ўхшаб, гул кўтариб чопмадим. Оркестр буюртириб, мусиқа остида тиз чўкиб, узук тутмадим. Бу ишларнинг бачканадан бачканароқ иш эканлигини билардим, зотан.
Орадан икки кун ўтиб, қизнинг йўлидан чиқдим яна.
Юзига бақрайиб қараб: “Нима бўлди?” – дедим. У ҳам: “Сизга тегаман, аммо оилавий шароитимиз тўғри келармикин?” – деб сўради.
“Сен менга, мен сенга тўғри келсак, бўлди, юр ЗАГСга”, – дедим. Аммо шу ўринда у ҳаяжонланди. Сезиб қолдим. Иккиланди.
“Вой... Совчи қўймайсизми? Ота-онам нима дейди...” – деди қўрқиб.
“Ўзим тушунтираман, ҳозир ЗАГСга ариза берамиз, бирор масжидга бориб никоҳ ўқитамиз, отам-онанг, албатта, тушунади ва қабул қилади. Мен ёмон бола эмасман”, – дедим. Қиз ғайриихтиёрий менга эргашди. Кейин жуфти ҳалолимнинг ўзи айтади: “Ақлимдан ҳушим учди. Қандай қилиб Сиз билан ЗАГСга бориб, ариза ёздим, ҳайронман”, – деб.
Йўлда отамга сим қоқдим.
“Дада, уйланяпман, ЗАГСдан ўтишга пул беринг?” – дедим отамнинг: “Ҳа, ўғил, нима гап? Сўйла, қандай муаммо?” – деган саволига жавобан.
Отам ҳам бу воқеани кутиб юрган одамдек:
“Табриклайман, ўғил, тўй қачон? Қанча пул керак?” – деди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо Юсуф

Олтинчи боб. Англаш

“Эй иймон келтирганлар! Исломга тўлиғича киринг ва шайтоннинг изидан эргашманг. Албатта, у сизга очиқ-ойдин душмандир”.
Бақара сураси, 208-оят

Аммо Зоҳиднинг бу ажабланиши замирида маломат йўқ эди. Айблаш йўқ эди, ачиниш ҳам кўринмади, шунчаки, “Энди масжидга кирсанг, нима бўлади? Нима учун кирмайсан?” – деган савол бор эди унинг ажабланишида. Мен бу маънони тушуниб, ноқулай бўлдим ва ўзимни оқлашга тиришдим:
– Менга бир кун вақт бер, эртага намоз ўқишни ўрганиб келаман, кейин сен билан масжидга кираман.
Зоҳид рози бўлди ва ўзи масжидга кириб кетди.
Бу воқеа менга таъсир қилди. Уйга қайтарканман, ичимда ғалаён уйғонди. Ўзимнинг олдимда ўзимни ноқулай ҳис қила бошладим.
“Нега масжидга кира олмадим? Кирсам бўларди-ку!” – дедим ўзимга ўзим. Аммо ғалати бир ҳаё мени қамраб олди. У менга азоб бера бошлади.
Автобусда кетарканман, кўзларим ҳеч нарсани кўрмасди. Ўн саккиз ёшга кирган йигит учун бу хаёллар янгилик бўлди. Бу ҳолат кутилмаган эди. Ҳиссиётлар ичида мана шундай турлари ҳам борлигини энди билдим.
Ичимдан мени тинч қўймаётган изтиробдан халос бўлиш учун уйга келдим ва дарҳол “Мен ҳам намоз ўқийман” деган китобни топдим. Китобни ўқиш билан енгил тортдим бироз. Масжидга кирмаганимнинг оғриғи сал бўлса-да, енгиллагандек туюлди.
Ваъдамга вафо қилдим: Зоҳид билан эртаси куни учрашдим ва у билан пешин намозини ўқиш учун масжидга бордим. Менимча, бу илк бора пешонамни сажда учун ерга қўйишим эди.
Ўқиганим намоз мени кўкларга олиб чиқмади ўшанда. Ҳатто, мен намоздан у қадар ҳузур-ҳаловат изламадим. Зоҳидга ваъда берган эдим, қолаверса, намоз ўқиш мен учун мусулмоннинг кундалик ишларидан бири бўлиб, уни бажариш кифоя. Намознинг моҳияти, у оламлар Роббиси билан бечора қулнинг мулоқоти эканлигини у пайтда мен мутлақо билмаганман. Намоз Аллоҳга дардларингни тўкиб солиб, дунёнинг пасткаш қайғуларидан арш қадар кўтарилмоқ эканлигини туймаганман. Чунки бир инсон сифатида Якка Илоҳнинг раҳматига, Унинг муҳаббатига ўзимда муҳтожлик кўрмаганман. Аниқроқ айтсам, мавжудиятимда Аллоҳнинг меҳрибонлигидан, Унинг санъатидан, Унинг менга жон қадар яқину, ўзим Ундан миллион йиллар босиб ўтиладиган масофа қадар узоқлигимдан ғофил эдим мутлақо.
Менинг масжид, намозхонлар, Ислом билан танишувим шундан бошланди. Жума намозига қатнадим.
Ийсо алайҳиссалом ҳақидаги насроний эътиқоди билан олинган фильм менинг бутун вужудимни ларзага солган эса-да Тошкент маасжидларидаги ваъзлар ўша ҳолни менга тақдим қила олмасди. Ўз ҳолимга ҳайрон бўлардим. Ҳамиша Ислом сўнгги ҳақ дин деган даъватлар янгрардию, унинг ҳақ эканлиги тўғрисида масжидларда келтирилаётган далиллар мени қониқтирмасди. Бу билан динни зинҳор айбламадим, балки ҳамма гап воизларда бўлса керак деб ўйлардим қўрқмай. Аммо кейинчалик бу жуда баҳсли масала деган тўхтамга келдим.
Ҳаётим одатий тарзда кечарди.
Бомдод намозини ўқирдим. Ухлаб қолмасам, хуфтонни. Қазо бўлаётган намозлар мени умуман безовта этмасди. Икки маҳал фарзни адо қилганим учун ўзимни қаҳрамондек ҳис қилдим. Жамиятнинг энг покиза, гуноҳсиз инсони эдим гўё.
Ўйлаб боқсам, ўспиринлик йилларим ҳам Москва, Тошкент ва Хоразм орасидаги сафарларда ўтган. Москвада юк ташувчилик, етказиб берувчилик каби ишларни қилардим. Отамнинг уйига борардим.
Акам уйланиб, Москвага кўчиб кетди.
Онам учун ҳам Россия бир қадам эди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Мел Гибсон “Ийсо Масиҳ” деган кино чиқарди Голливудда. Жуда шов-шув бўлди. Акам дискини олиб келди. Кўрдик. Филм жуда ҳам маҳорат билан олинган эди. Кинода акс этган Ийсо алайҳиссалом образига меҳрим жўшаб кетди. У чеккан азоблар, унинг покдиллиги, ҳаворийлари учун жонфидолиги, Худо олдидаги садоқатини кўриб ҳўнграб йиғладим. Ҳеч ўзимни тўхтата олмадим. Квартирада яшайдиган аёллардан бири: “Оғабек, қўй, ўчир шу кинони, қара, болага ёмон таъсир қиляпти. Йиғлайвериб адо бўлди-ку!” – деди. Аммо акам парво қилмади. Мен ҳам кино тамом бўлгунча йиғладим.
Кино тамом бўлгач ҳам хаёлимдан кетмади Ийсо алайҳиссаломнинг кинодаги сиймоси.
Кейинроқ англадимки, бу Аллоҳ таоло қалбимга солган иймон ва раҳмат фитратининг юзага чиқиши эди. Мен бу кинони кўриб насроний бўлмадим, аммо Ийсо алайҳиссаломни яхши кўрдим.
У даврларни эсласам, кўп нарсани бугун таҳлил қиламан. Бегона эр ва хотинлар, ўсмир ва ўспирин йигит-қизлар, болаларнинг бир хонали квартирада даҳшатли шароитда яшаши... фожиа эди. Ахир, Ислом бегона эр ва аёлни бир-бирига ҳаром қилди. Мен бола эдим, лекин у жойларда қандай воқеалар содир бўлган экан! Тасаввур қилишнинг ўзи ғалати...
Сўнг билдимки, одамларнинг ҳаммаси пул учун келган. Йиллаб Россияда ишлашади, оғир ишларни қиладилар, квартира учун, яшаш учун камроқ пул сарфлаб, уйларига кўпроқ юборишни истайдилар. Шунинг учун мана шундай ўрмон қонуни каби бир қонун билан яшайверарканлар.
Уларда рашк, ҳамият ҳам ўлиб кетаркан. Гуноҳлар ҳеч кимнинг этини сескантирмайди. Ичкилик, гиёҳвандлик, фаҳшдан тортинишмайди. Уларнинг ҳаётларини тартибга соладиган бир Қонун йўқ. Жуда ҳам ачинарли.
Инсонлар динни рад қилса ҳам, ахлоқни қабул этадилар. Бироқ бу инсонлар ҳаётида ахлоқ ҳам йўқолган. Хонани навбат билан тозалашдаги келишмовчиликлар, хожахона учун навбат, ювиниш олди жанжал, бир-бирининг пинжига тиқилиб ухлаш... Ҳамма ҳар ерда топганини уч-тўрт киши бўлиб танаввул этиши...
Аксар ҳолда уйнинг исқирт ҳолда ётиши... Ҳамманинг истаган вақтда келиб, истаган вақтда кетиши... Кўчада эса ўрис милисасидан қочиш... Уйнинг эгасига тўловдан ташқари жон сақлаш учун айрим ўринларда пора узатиш...
Хона ҳавосини алмаштирилмаганда уни тўлдирган ёмон ҳид... Эсласам, ҳамон кўнглим беҳузур бўлади.
Энг қизиғи, ҳеч ким ҳолдан нафрат этмасди. Биз учун ҳаётнинг бу тарзи оддий эди.
Кейинчалик нима учун, нима учун, нима учун деб ўзимга қайта ва қайта саволлар бердим. Бироқ адолатни, ахлоқини, иймон ва Исломини йўқотган жамият ана шундай хароб ҳолга тушишини англадим. Инсон ўз қадри ва қиймати учун курашмаса, ана шундай чиркин турмуш қўлига асир тушаркан. Айниқса, бу ҳолни қабул қилиб яшаш туйғуси қаршисида ўкириб-ўкириб йиғлагим келган. Ахир, инсоннинг хорликка кўникиб кетишидан оғирроқ фожиа бўлиши мумкинми?!
Орада Тошкентга қайтдим. Мактабда ўқидим. Мактабимизни нафис санъат лицейи дейишарди. Отам мени боқишини, ҳеч қачон ўз ҳолимга ташлаб қўйлмаслигини айтар эди. Отамнинг ёрдами билан мактабни битирдим ва коллежга ўқишга кирдим.
Коллежда ўқиган кезларимда ҳам Россияга тез-тез бориб турдим. Россия, Москва, мусофирлик ҳаёти мен учун одатий бўлиб кетди. Турли шароитларга кўникишни ўргандим. Ўзим учун турли қоидалар топдим.
Отамнинг қўллаб-қувватлови билан коллежда яхши кийинардим.
Отам Тошкентда уй ҳам олиб берган эди. Ўзимга қараб юрганим учун курсдошларим мени такаббур деб ўйлашган. Чунки ҳамон одамлар билан кам гаплашардим. Нотанишлар билан чиқишиб кетишим осон эмасди. Янги танишлар топишга ўчлигим йўқ эди.
Учинчи курсда ўзгардим. Курсдошларим билан кўп гаплашадиган, уларнинг даврасига аралашадиган бўлдим. Ҳатто, сигарета чекдим. Билмадим, ўша даврларда 17 – 18 ёш бўлган коллеж болалари фоҳишахоналарга боришга муккасидан кетган эди. Балки ҳозир ҳам шундайдир, билмайман.
Курсдошларим ҳар куни коллежга келиб тунги фаҳшларини айтиб мақтанар эдилар. Ўзларининг қилган жирканч қилиқларини фахр билан ҳикоя қилишарди. Менга ҳам: “Бормайсанми? Эркакмисан?” – дейишган кўп марта.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Капотняни Москва дарёси кесиб ўтарди. Биз яшайдиган уй айнан дарё қирғоғида эди. Шунинг учунми, об-ҳавоси жуда тоза, тонглари чиройли, кундузлари ёруғ, табиати эса ям-яшил, одамлари ҳам меҳрибон эди, назаримда.
Қиш жуда узоқ давом этади, қор ҳам беҳад кўп ёғади. Ўша қишларнинг завқи ҳеч мени тарк этмаса керак. Март, апрел ойлари ҳам қиш, қор. Ёз эса худди баҳорсиз келгандек туюлади. Май тезда поёнига етиб, кутилмаганда ёз бошланади. Жуда ҳам ёқимли ёз. Гуллар очилади. Дарахтлар кўзни қувонтиради. Ўз-ўзидан кайфиятинг кўтарилади. Югургинг, ўйнагинг келади.
Капотнянинг кузи афсонавий куз. Ўзбекистонда дарахтлар баргининг сариқ тусга кириши бироз тартибсиз юз беради. Кулманг, худди шундай. Масалан, дарахт учидан бошлаб сарғаяди, то тагига етиб келгунча тепадаги барглари тўкилиб кетади. Бу бизнинг табиатга хос. Аммо Капотняда ундай эмас: дарахтлар буткул олтин тусга киради. Сап-сариқ! Ёз қандай жозиб ва мафтункор бўлса, куз ундан ҳам сеҳрли. Осмон тиниқ. Москва дарёси ҳам мовий тусга киради.
У ерда деҳқонлар бор. Картошка, карам экишади, асосан. Уйларида чўчқа, сигир, буқа боқишади.
Сизга айтсам, асл ўрислар ажойиб халқ. Нима учун асл деяпман? Ўзининг қадимги урфларини ушлаган ўрислар бор. Ота-боболари қандай яшашган бўлса, шундай яшайдилар: меҳнаткаш, содда, очиқкўнгил, меҳрибон, бизнинг ўзбекларга ўхшайди шу жиҳатлари. Уларда очиқ гапириш одати кучли. Айбингни юзинг-кўзинг демай гапиради. Эшитган одам ҳам ранжиб юрмайди. Менинг табиатимга шу ҳолат ўтган. Бироқ жуда эрка эдим. Ҳаддан ташқари эрка. Оғир гапни кўтара олмайман. Менга ҳамма доим яхши гапириши керак эди. Гап келганида бир воқеани айтиб кетай.
Ўн тўрт ёшимда Хоразмга келган эдим.
Отам Россиядан пул жўнатди. Катта пул. Йўқотиб қўйдим. Кейин отам келганида буни айтдим. Отам кўпинча акамдан норози бўлиб, “Оғабек, сен одам бўлмадинг!” – деб койирди. Кўзим ўнгида акам эпсиз бўлиб кўринар ва бу жиҳатдан акамга ўхшашни истамасдим. Отам пулни йўқотганимни эшитиб, “Акангга ўхшаб лаллайгансан!” – деди. Бу гап шундай оғир ботдики, тинимсиз йиғладим. Отам нима қилишини билмай қолди. Бир неча соат йиғладим. Охири отам бечора: “Ўғлим, мени кечир. Сен акангга ўхшамайсан, сен бошқачасан, адашиб гапириб юборибман”, – деб овутган эди.
Бу воқеа кимгадир эриш туюлиши мумкин, бироқ табиатим шундай эди – озгина бўлса-да, бировнинг миннати, зардасини кўтармасдим. Ана шундай зарбаларга дуч келмаслик учун, ўзганинг дакки ва танбеҳини эшитмаслик учун доим ишларимни ҳалол, тоза, мукаммал бажаришга интилиб келдим. Буни айбсизликка интилиш, гуноҳдан холи бўлиш истаги дейиш мумкинми? Билмайман, ҳеч-ҳеч лаллайган, оғзидан нонини олдирадиган, нуқсонга йўл қўйиб жазоланадиган одам бўлишни хоҳламадим.
Энди Капотняга қайтсак.
Эски ўрис услубидаги уйлар жуда ҳам ажойиб эди. Деворлари кўпинча ёғочдан, ғиштдан бўларди. Ичида печ. Ўрис кампирлар пиширадиган карам шўрва ҳам ўзимизнинг палов каби бўлмаса-да, онгимга ўзининг бетакрор таъми билан муҳрланган.
Гап шундаки, отамнинг иккинчи хотини – мен уни мачиха дейман, чунки мен яшаган Капотняда онани шундай аташади – жуда-жуда меҳрибон эди.
Илк ёзни отамнинг ёнида ўтказиб, кузда Хоразмга қайтадиган бўлдик. Мен: “Ҳамманинг отаси бор, менинг отам йўқ”, – деб йиғлабман. Шунинг учун отам мени олиб қолган. Мачихам эса менинг тарбиям билан шуғулланди, кийимларимни ўз болалариники каби ювди, тикди, хуллас, оқ ювиб, оқ таради.
Мачихам тақводор насроний эди. Дини буюрган барча амалларни ихлос билан бажарарди. Уйида икона – бутлари бор эди. Пасха рўзаларини тутарди. Эртаю-кеч ибодат ва дуоларини ўқир, якшанба, албатта, черковга боришни канда қилмасди. Уйи доим саришта эди. Кўпқаватли уйда яшасада-да, шу уйнинг яқинида бироз ери бўлиб, экин ҳам экарди, товуқ ҳам боқарди. Болаларини мактабга юборади. Эрини, яъни отамни яхши парвариш қилади. Бўш қолди дегунча турли китоблар ўқирди. Китоблари, асосан, насроний авлиёларнининг кароматли, Худо ва унинг ўғли деб эътиқод қилишгани Ийсо алайҳиссалом ҳақида эди. Унинг уйида бир нечта Инжилни ҳам кўрганман.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Хоразм халқи ўғузлардан. Ўғузлар ҳақида нима биласиз? Ҳеч нарса билмайсизми? Қавмларимиз тарихини билиш қавмпарастлик эмас. Ўғузхон бизнинг улуғ бобомиздир. У Қорахоннинг ўғли эди. Қорахоннинг катта аёли Ўғузхонни туққан. Аммо чақалоқ онасини эмишни истамаган. Ҳамма ҳайрон бўлган. Ўғузхон уч кеча онасининг тушига кириб: “Аллоҳга иймон келтир! Мусулмон бўл, кейин сутингни эмаман!” – деб айтган. Аёл ҳайрон бўлган ва уч кеча ўтиб, Аллоҳнинг якка илоҳ эканига иймон келтирган. Ширк ва куфрни тарк қилган. Шу онда Ўғузхон онасининг эмчагини оғзига олган. Аммо аёл ўз дини ҳақида ҳеч кимга билдирмаган. Бу алоҳида тарих. Билишни истасангиз, Абул Ғозий Баҳодирхон ҳазратларининг “Шажарайи турк” китобини ўқинг. Муаззам тарих битикларини топасиз.
Мен қандай оилада туғилдим? Қандай қилиб Исломни топдим?
Саволим сизни ажаблантирмасин. Чунки мен Исломни Аллоҳнинг раҳмати ва карами ила топган бандаларданман.
Мен туғилган оила диндан буткул йироқ эди. Отамнинг кечмиши алоҳида қисса. У ичар эди. Диндан йироқ кимсанинг турмуши қандай бўлса, шундай турмуш соҳиби эди. Отам кейинчалик насронийликни қабул қилди.
Оилада уч фарзанд эдик. Акам – Оғабек, синглим ва мен Саломиддин.
Отамнинг хулқ-атвори қизиқ. Бир ишга ёндашса, бутун вужуди билан ёндашади. Ҳар бир ишини мукаммал бажаришни истайди. Кимлардир буни фазилат деб аташи мумкин, лекин мен учун бу бир маънавий касалликдир. Чунки диним менга меъёрни таълим берган. Меъёрда бўлиш билан ишларни яхши ва гўзал бажариш мумкин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам: “Ишларини гўзал бажарувчиларни Аллоҳ яхши кўради”, – деб айтганлар.
Отамнинг феълини нима учун касаллик деб айтдим? Чунки у барча ишни ўз кучи ва ақли билан бажаришига ишонади. Шунинг учун ишига боши билан шўнғийди. Кунлаб бир ишни якунлай олмайди. Ҳолбуки, мусулмон ишнинг сабабларини ҳалол ва рост адо қилиб, натижани Аллоҳдан кутади.
Отам ўз даврининг романтик йигитларидан бўлган. Улар учун кўнгилнинг истакларини бажариш бирламчи вазифа дейиларди. Аслида, улар кўнгил ва нафснинг фарқига боришмасди. Кўнгил дея нафснинг йўриқларидан юрган, нафс ноғорасига ўйнаган авлод эди отам тенги авлод.
Улар учун хурсандчилик, чиройли уй, ёқтирган хотини, севган касби бўлса бас, эди. Ёдимда – болалигимда Хоразмда яшардик, ҳали Россияга кўчиб кетмаган, тақдирнинг ажибдан-ажиб ишларига юзлашмаган эдик – отам кунг-фу билан шуғулланган. Брюс Лига тақлид қилар эди. Яна билганим шуки, отам Майкл Жексоннинг мухлиси эди. Худди у каби кийинишни севарди.
Ўз хаёлига кўра кўнгилнинг истакларига қарши бора олмасди. Ўз қаричи билан принциплари бор – “Бировга эвазсиз яхшилик қилма, садоқатли бўл, меҳнаткаш бўл, ростгўй бўл. Ҳеч нарсадан қўрқма! Болаларим эркин ўсиши керак, уларнинг ишига аралашмайман, истаганига уйлансин, менга деса, ҳабашга уйлансин, аммо уларни қўлимда бор имкон билан қўллайман, адолатсизликка йўл қўйма! Одамларни алдама!” деган тамойиллари бор унинг.
Гувоҳманки, отам бутун ҳаётини шу тамойилларга қурди. Кўнглимизга қаради, истаганимизни олиб берди.
Аммо ўзи ҳам кўнгил хоҳишларига қарши бормади. Онам билан ажрашиб, ўрис аёлини севиб қолгани учун унга уйланиб Россияга кетди.
Нима учун бу тафсилотларни айтяпман? Чунки биз моддий олам асирига айланган эдик. Ислом ҳақида унутган авлод эдик. Бироқ қалбимизда пўртана қилаётган Илоҳга бўлган эҳтиёжни турли воситалар – мусиқа, кино, китоб, спорт ва ҳоказолар билан қондиришни истардик. Отам тенги авлод шундай тарбия топди, бу тарбия бизга ҳам сингиб келаётган эди.
Лекин динни, айнан Исломни рад қилиш инсонни чуқур қайғуга ташлайди. Уни жавобсиз саволлар занжири билан боғлайди. Азоблайди. Исломсиз инсон Ернинг юзида шайтоннинг турли ўйинлари ичида тентирайди. Ўзлигини топа олмай адашади, аммо адашганига иқрор бўлмайди. Бу ҳақда ўйлашни истамайди балки.
Отам ўрис аёлига уйланиш учун борганида ундан насронийликни қабул қилиш талаб этилган. Чунки бўлажак қайнотаси диндор эди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Мен Саломиддиннинг уйчасига кириб, илк дафъа илгари ҳеч учратмаганим файзга дуч келдим. Бу маконда бир осойишталик бор эди. Мен унинг нима эканлигини тасвирлаб бера олмайман. Бироқ ярим-яланғоч қизлар, бир-бирига шаҳват билан талпинадиган жинссизлар, масту мастонлар сакраб ўйнайдиган турли дискотека, ресторанлардаги туссизлик, оғирлик, заҳар ва маъносизлик қаршисида бу хонадаги файз ва сакинат осмон қадар улуғ эди. Кайфу сафо ботқоғи бўлган у шайтонхона кўнгилни кўмир каби қорайтириб, энг пок ҳисларнинг қотилига айланади. Бироқ бу уйда қалб ўзини таниб, фитрат томон талпинаётган ички истакни сездим.

Тўртинчи боб тугади.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Метин чўққи кўринди. У кесиб олингандек текис. Ўша чўққининг тепасида экан Саломиддин.
Бир амаллаб чиқдим ва кўрдимки, чўққининг тепаси текислик экан. Пастдан уни қирра шаклида кўрамиз, аммо юқорисида бир кичик сайҳонлик ястанган.
Оёқ ости тош. Майда, учли. Айримлари инсон бошидек, айримлари муштдек. Ўртада бир дарахт ўсган. Танаси қалин. Эгилган. Барглари майда. Яшил, аммо сарғишга тортадиган барглар. Дарахтнинг ёнгинасида уйча! Ҳа, уйча! Кулба десам, бироз ғариб эканлигини тасаввур этасиз, бу тошдан кўтарилган, томига тошлар терилган уйча эди. Дарахт ундан баландроқ, ҳатто, дарахтнинг панасига яширинган.
Саломиддин арқонни қўлига ўрай бошлади.
– Бу кулбаи вайрона меники. Марҳамат қилинг, Усмонбек!
У йўл бошлади. Эргашдим.
Эшиги бир неча ғўлани бир-бирига боғлаб ясалган экан. Очиш оғирроқ. Ичкарига кирдик. Қоронғугина.
Саломиддин тезгина юриб, девордаги пардани сурди. Ташқаридан ёруғлик кирди. Хона кенг. Ерга сариқ, қизил, яшил, рангларда нақш солинган кигиз. Тўрда меҳроб бор эди. Ҳа, росмана меҳроб. Меҳробда ёзилган жойнамоз. Ёнида лавҳ. Лавҳда жилдланган Қуръон. Масҳафдан хатчўп чиқиб турибди.
Ўнг ва чап деворларда токчалар. Китоблар терилган. Ўнг томонда тахмон. Иккита кўрпа тахланган.
Хона ичи жуда хушбўй эди. Шифтга осилган гуллар дастасидан, гарчи қуруқшаб қолган эса-да, ёқимли ҳид таралаётгандек туюлди менга. Димоғимга кирган муаттар ис хаёлимни ўзимдан олиб қаёққадир олиб кетди. Эҳтимол, бу яшил бир олам эди. Яшил оламки, бағри тўла гулзор. Сарвлар. Соқи сапидорлар. Санобарлар. Сунбулалар. Булбуллар. Шарқираб оқаётган анҳорлар. Атроф-жавониб инсон ақлини оладиган ҳид билан тўлган. Фируза осмон эса бошингга тегиб кетадигандек.
Саломиддин тахмондан кўрпани олиб тўшади. Ёстиқ қўйди. Олдимга гулзор дастурхон ёзди.
– Ўтиринг, – деди.
Ўтирдим.
Ўнг тарафдаги токчада ёғочдан ясалган қути бор экан. Саломиддин қутини очиб, қуритилган мевалар, суви қочган нон олди. Қутининг ёнидаги кўзалар, сопол коса, пиёла, ёғоч идишлар диққатимни тортди. Қошиқлар ҳам ёғочдан эди.
– Сувни қандай қилиб сақлашимни биласизми? – сўради Саломиддин.
– Йўқ, – деб бошимни чайқадим.
– Юринг, – деб Саломиддин ташқарига бошлади.
Уйнинг орқасига ўтдик. “Сайҳонлик”нинг четида – “ўшшайган қоянинг”(1) пешонасида одамнинг кўкси баробар, қорни қучоққа сиғмайдиган хум турар эди.
Хумнинг олдига бордик, оғзи сопол “қопқоқ” билан ёпилган экан. Саломиддин қўлига ёғоч чўмич олган экан, боя пайқамабман, у сопол қопқоқни хум оғзидан олиб, чўмич билан сув олди ва уни қопқоққа қуйиб менга узатди.
– Ичинг, – деди. Ортидан таъкидлади. – Ўтириб ичинг.
Оёғимни букиб, ўтирдим ва сувдан бир хўпладим. Муздай! Ажабланиб қарадим. Чунки қуёш қиздиришни бошлаган, бу ҳароратда тоғнинг чўққисида бўлса ҳам, сувни бу қадар муздай сақлаш қийин. Яна биласизми, нима? Биз уйимизда совутгич ишлатамиз. Меваларни, гўштларни, сувларни сақлаймиз. Бироқ музлаткичдан олинган нарсани тез ичиш ё ейиш мумкин эмас, чунки дарҳол томоқни “олади” ва у ошқозонни, хуллас, кекирдакдан бошлаб ичингиз бўйлаб ўзи ўтиб борадиган барча йўлни касаллантиради. Шу қадар аччиқ ва ёқимсиз муздай бўлади музлаткичнинг музлаши. Бироқ мен ичган сув шундай совуқ эдики, на ундан озор чекдим, на нохушлик ҳис қилдим! Бу қайноқ ва совуқ, илиқ ва салқин орасидаги бир ҳарорат эди.
– Хумга қаранг, – деди Саломиддин. Қарадим. Хумнинг танаси қандайдир қорамтир, аниқроғи, намланганга ўхшарди.
– Нега қорамтир, биласизми? – сўради мезбон худди хаёлимни ўқигандек. – Чунки хумнинг танаси сочнинг толаси бор-ку, шунинг қалинлигида тешилган. Қаранг, хумнинг бутун танасида ана шундай коваклар бор. У ердан сув оқиб кетмайди, аммо сизиб туради. Эътибор беринг, шабада!
(1) “Ўшшайган қоя” таърифи шоир Ойбекнинг “Наъматак” шеърида қўлланган.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

У шундай деб ғорга кириб кетди ва тугун кўтариб чиқди. Тугунни очди, ичидан тўшама олди. Тоққа, умуман, сайрга чиққанда олинадиган тўшама. Ёзди. Ёстиғи ҳам бор экан.
– Бу сиз учун, ётинг, – деди. Индамай ётдим. Саломиддин яна бир мато олиб тепани тўсди. Қўлбола чайла, чодир деса ҳам бўлади, пайдо бўлди. Ўзи мендан бироз узоқроққа ётди ва:
– Аллоҳга омонат бўлинг, – деди-да, ўнг ёнига ёнбошлаб дарҳол ухлаб қолди. Билинар-билинмас хурракка ўхшаш овоз чиқаришидан ухлаб қолганлигини фаҳмладим.
Менинг эса уйқум қочди.
Мен қандай дунёга тушиб қолдим? Туш кўряпманми? Ёки уйғондимми?
Ўтмишим худди бўлмагандек ғойибга юз тута бошлади. Йигирма йиллик умрим бир кўлмак эдию, қуёш чиқиб буғланиб кетаётгандек эди. Ёки кўланка эди, офтоб нурлари бу кўланканинг бир қаричини ҳам қолдирмай ҳайдаб юборди.
Ухлашнинг имкони йўқ эди гўё. Бир парча чўғни ютдим. Бу чўғ бутун вуждимни қиздирмоққа киришди. Бу чўғ томирларим йўлаклари бўйлаб югурди ва чап кўксимга келиб туйқус тўхтади. Бир сапчиди ва шу жойни ўзига маскан қилгандек шошилмай ловуллади. Ўнгу чапга ағнадим.
Оиламдан, ҳаётимни қамраб олган маъносизликлардан узиб олинганимни яққол сездим. Бу ажралиш оғриқли, лекин қаршимдан нажот насимлари юзимга урилди. Бу ҳол нимага ўхшади, биласизми? Гўё мен бир вужудга ёпишиб қолган эдим. Бу вужудга томир отгандим, шу вужуддан бир қудратли қўл юлиб олди. Юлиб олдики, аъзойи баданим қақшади, териларимдан қонлар томчилади. Кўзларимдан ёшлар отилди. Илгари мавжуд бўлмагандек эдиму, бу онда Қуръон оятларини тинглаб, тирикликка қадам босдим. Ўтмишим улкан мавҳумиятга айлангани баробарида истиқболим ҳам ҳали равшанлашмаган эса-да, энди яхшиликлар кутиб турганига амин эдим. Бу инонч қаердан келди ва қандай қилиб қалбимга қуюлди, қалбимга қандай ўрнашди – идрок этишдан ожизман.
Уйқу элтди. Миғзғибман.
Қаршимда темир қафас кўринди. Атроф зулмат, аммо темир қафаснинг қалин панжараларини илғадим. Қафас ичида нимадир ўзини урарди. Яқинлашдим. Ҳа, қуш бор экан. Мен илгари сира кўрмаганман бундай қушни: қанотлар узун, бўйни баланд, тумшуғи учли, оёқлари бақувват, кўзлари одамникидек. Аммо бу кўзларида ёш...
Патлари, қанот ва тумшуқлари қонади.
Қуш бор кучи билан ўзини қафас панжарасига уради. Кошки, қафас очилса! Қарадим: қафас эшигига оғир қулф осилган. Қулфга қўл узатдим, аммо қўлларим ўзимга бўйсунмади. Қуш эса қичқириб ўзини қафасга ураверди. Қуш гўё жазавага тушди. У ўзини қафасга уриб, тумшуқлари ва қанотлари, оёқлари, балки бутун танаси билан қафас темирига ҳужум қиларкан, қўққис менинг танамга оғриқ кирди. Қуш қичқирса, менинг томоғим битди. У ўзини қафасга урганда менинг вужудим титради. Қарасам, мен қушга айландим! Қуш мен эдим! Қафас ичида пайдо бўлдим!
Бу ҳолдан эсимни йўқотдим. Жон-жаҳдим билан ўзимни қафас панжарасига отдим. Шу он мўжиза юз бергандек бўлди. Қулф майдаланди ва эшик ўз-ўзидан очилди, мен ташқарига қанот қоқиб чиқдим. Бор кучим билан тепага кўтарилдим. Юқоридан нур кўринди. Нур кўзларимни олди. Нур вужудимга урилгани лаҳза қувватим қочди. Қанотларим бўшашди. Пастга қараб туша бошладим. Йўқ, бу мумкин эмас! Қанотларимни қоқдим. Ниҳоят секин... жуда секин... юқорига кўтарилдим... Юксакдан ёғаётган нур мени қамраб олди.
Кўзларимни илкис очдим.
Ухладимми, йўқми, билмадим. Ҳодиса худди ўнгимда содир бўлгандек тиниқ ва ойдин бўлди. Бироқ кўзларимни очдим-ку! Демак, уйқуда эдимми? Балки уйқу ва ўнг ўртасидаги, кўзлар илғамайдиган нафис чегарада бу ҳолатларни кўриб қайтдим.
Чодир тусини бериб турган мато менга атрофни кўришимга халал бермади.
Ой осмоннинг четига бориб олибди. Худди ботиб кетишга шай. Кумуш баркашни эслатди менга.
Коинот сакинатга ўралган. Ойнинг нури кумуш укпар каби сепилмоқда.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Тоққа чиқарканман, елкамдаги оғир юкларни пастда қолдиришга мажбур бўлдим. Чунки кераксиз юк билан юқорига чиқиш имконсиз. Ўша юкларнинг исми бир қучоқ ҳаром-ҳариш хаёллар эди.

САҲРО, Мустафо Юсуф

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Одам боласи ўзининг нияти пок эмаслигини кўрса ёхуд ниятнинг қайсидир нуқтада кирлашиб, синганига гувоҳ бўлса, буни тан олишни истамайди.

САҲРО, Мустафо Юсуф

@ilm_zakoti

Читать полностью…
Подписаться на канал