ilm_zakoti | Неотсортированное

Telegram-канал ilm_zakoti - ILM ZAKOTI

1088

Hayot haqiqatlari.

Подписаться на канал

ILM ZAKOTI

Хожа қирғоққа қадам қўйди. Унинг кемадаги ҳукмфармо қиёфаси йўқолди. Қадамларида итоатгўйлик, елкаси ҳам бироз эгилган ҳолга кирди.
Хожанинг ортидан ҳеч ким эргашмади. У қўриқчиларсиз оролнинг ичига қараб бормоқда. Юргани сари ер тепаликка дўнди. Оёқ остида тошлар кўпайди. Бироз ўтиб сўқмоқ пайдо бўлди.
Бу ерда бирор тиккайган бута, ўсимлик кўринмайди. Фақат совуқ шамол эсади.
Сўқмоқ Хожани тоғ чўққисига етаклади.
Йўл тиккалашди. Улкан харсанглар кўпайди. Осмон қоп-қора. Осмонми ёки ернинг ости? Тепада булутлар сузиб юргандек туюлади.
Орол ер ости денгизи ўртасидан “ўсиб” чиққан улкан тоғ эди, аслида. Бу тоғ майда қоялар билан ўралган бўлиб, ўзаги учи кўринмайдиган чўққидан иборат. Хожа шиддат билан чўққидан юқорига кўтарилди. Ниҳоят, кўриниши инсонни ҳадикка соладиган ғорга етиб борди. Ғорга кириш текис саҳн бўлиб, оёқ босганда киши бўшлиққа қадам қўйгандек бўлади.
Хожа ғорга кирди. Ғор ичида ҳам бир қанча муддат юрди. Унинг кўзлари зулмат ичида ҳамма нарсани илғамоқда. Ғорнинг тубига етди. Баланд тош супада занжирбанд қилинган баҳайбат махлуқ унинг келганини билиб ўгирилди. Кўриниш одамни эслатувчи, бутун танаси жун билан қопланган бўйни, оёқ ва қўлларига оғир пўлат занжирлар урилган махлуқнинг бир кўзи кўр, бир кўзи эса ёнғоқ каби бўртиқ. Бурун тешиклари тепага қараган, чўчқани эслатади. Оғзи ўрага ўхшайди. Қулоқлари тиккайган, катта. Башараси чўзинчоқ. Дам жун босгандек, дам жунсиздек кўринади.
– Олий ҳазрат! – деди Хожа ер ўпиб. – Сиздан амр олгани келдим. Мени қабул қилинг.
– Мени мақта! Мен кимман? – сўради бир Кўзли совуққина қилиб.
– Сиз менинг Роббимсиз! Сизга сажда қиламан! Сизга итоат қиламан! – бошини ерга қўйди Хожа.
Бир Кўзли севинганидан хохолай бошлади. Қувончдан терисига сиғмай кетди.
– Яна! Яна! Давом эт! – деди.
– Сиз қиёматни келтирувчисиз. Сиздан барча пайғамбарлар хавф қилди. Барчаси ўз қавмига сиз ҳақингизда айтарди. Сиздан барча қўрқади, инсоният қаршингизда тиз чўкади. Улар аввал сиздан қўрқадилар, кейин севадилар. Сизга эргашадилар. Сиз Муҳаммад келтирган шариатни чил-парчин қиласиз. Барчани илоҳий қонунлар занжиридан қутқарасиз. Жаҳаннамга тикка борасиз. Одамлар сизга тобе бўладилар. Улар худо бўлса, худо нечун шафқатсиз деб ҳайқирадилар. Худо бўлса ҳам, бўлмаса ҳам, барчасига тикка бораман, бор бўлса, борлиққа, йўқ бўлса, йўқликка бораман дея ўкирадилар. Сиз шу қадар улуғсиз! Буюксиз! Сиз ёруғ оламга қадам қўймоғингиз учун биз қулларингиз боримизни берамиз. Ер юзини фитна занжири билан ўраб ташлаймиз! Сиз бизнинг Роббимизсиз! Ўликларни тирилтирасиз! Тирикларни ўлдирасиз!
Бир Кўзли осмонга қараб увиллади, мақтовлардан шишди, ҳақиқатан, шишди. Каттариб, ғорга сиғмайдиган ҳолга келди. Хожа эса бошини ердан олмай уни мақтарди.
– Жуда яхши гапларни айтдинг! – бир Кўзли занжирли қўллари билан қулоч ёзиб қувончини изҳор этди. – Энди айт-чи, дунёда нималар содир бўлмоқда?
Бу қалтис савол эди. Аммо Хожа жавоб беришга мажбур.
– Биз Хористонни Исломга исён ўлароқ ушлаб турибмиз. У ерда жамики бузуқликлар учун имкониятлар яратдик. Одамларни қўрқоқ қилдик. Улар бошларини минг йиллар давомида кўтара олмайдилар. Гўдакларни беаёв сўйдик. Фаҳш бўлсин, шароб ичилсин, қимор ўйналсин дея ҳаракат этдик.
– Мен буларни биламан, – энсаси қотди бир Кўзлининг. – Муҳаммаднинг издошлари қилаётган ҳунарлардан гапир! Уларнинг аҳволидан мени огоҳ эт!..
– Биз Муҳаммаднинг бир издошини ушладик. Тилини кесдик. Ҳозир зиндонда сақлаяпмиз. Унга эргашган яна бири ҳам қўлимизда. Унинг исмини Денгиз дейишади. Мунажжим ва раммоллар Хористон ҳокимиятини биздан тортиб олишини айтишган эди. Мен эса у “қаҳрамон”ни қамаб, бошига ит кунини солмоқдаман. Албатта, ўзимизга қул қилиб оламиз, – Хожа ўз ишлари ҳақида гапира кетди. Аммо бу жавоб ҳам бир Кўзлига ёқмади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Исмоил учун оғриқлар яқин дўстдек қадрдон эди. У золимнинг қўлида зиндонларнинг энг тубида кишанбанд ўтирса ҳам, асло енгилиш ҳақида ўйламас эди. Ўйламоқ не, ҳатто у ўйлашни тасаввур эта олмас эди. Ўлим унинг учун мақсад эшиги, тириклик эса шу эшик томон бор куч ва қувват ила югурмоқдир.
Хожа ўйга ботди.
У ўз режалари амалга ошмаётганидан ғазабга тушиб бормоқда.
“Денгизни ишонтиролмади аҳмоқлар! Денгизга у пайғамбар эканлигини уқтира олмадилар! Мен бунга рози эмасман!”
Хожа Бир кўзлининг ҳузурига отланди. У ўз ақли билан ҳар ишни бажарди. Жинларни оёққа тургазди. Пайғамбар эканига Денгизни ишонтира олса эди, Хористонни то қиёмат қадар қаламравида тутган бўларди! Хожа Денгиз Хористон халқи учун Аллоҳ танлаган йўлбошчи эканига деярли амин эди. Шунинг учун ҳам Денгизни ўз йўриғига киритмоқни истади.
“Худо бизга ҳақсизлик қилди! – Хожанинг ўйи шундай эди. – У раҳнамомиз Иблисни лаънатлади. Энди эса инсонларни Иблисдан қутқармоқ учун яна нажоткорлар юбормоқда. Халоскорлар йўлламоқда! Йўқ, мен Худо танлаган бу одамларни йўлдан оздираман. Улар Худога эмас, бизга, иблисларга хизмат қиладилар! Бу билан Худодан ўч оламан! Денгиз, албатта, менга қул бўлади. У ўзига ато этилган барча қувватни шайтон учун сарфлаяжак!”
Хожа хизматкорни чақирди. Бу хизматкор Денгизга ўзини ходим дея танитган ва атрофида кўп парвона бўлган эди.
– Лаббай, хожам! – хизматкор қўл қовуштирди.
– Денгизни ҳар куни азобланглар, – буюрди Хожа. – Бу азоблар етти хил бўлсин. Биринчи кун фақат калтакланг. Оёқлари тагига – товонига кун давомида ҳар икки соатда йигирма мартадан уринглар. Оёқ тагига берилган зарбадан инсоннинг ичи уваланади. Менга итоат қилмаган осий бу калтаклар оқибатида тун бўйи иситмалаб чиқсин. Иккинчи кун тонгда уни судраб чиқинглар. Тошдан тўртта ҳовуз ясанглар. Биринчи ҳовузга оддий сув тўлдиринг. Иккинчи ҳовуз эса зулукли ва бадбўй сув бўлсин. Учинчи ҳовуз суюқ балчиқли, тўртинчи ҳовузнинг таги тиканли, суви эса кўзни ачиштирадиган бўлсин. Ҳар битта ҳовузга уни ярим соатдан бўктиринг. Бунинг учун уни қўлидан осинг. Судраб бориб ҳовузларга отинг. Икки қўли боғлиқ ҳолда бир амаллаб қирғоққа чиққач, нафас олишига имкон беринг. Аммо жуда қисқа фурсатга. Сўнг кейинги ҳовузга улоқтиринг. Қуёш ботгунча шу тахлит азобланг. У кечаси билан сув оғриғи ва нафас етмаслигидан карахт бўлсин. Учинчи куни эса оёғини осмонга қилиб осинг. Қўли эса ерга тегмасин. Жаллод ҳар ярим соатда келиб уни ўрама от ёлидан бўлган қамчи билан ўттиз марта урсин. Аввал елкасига, сўнг қовурғаларига, сўнг думба, сон ва болдирларига. У кечаси билан бутун бадани қиймаланиб кетаётгандек оғриқ билан ётсин. Тўртинчи кун унга сув берманг. Кун бўйи ташна қолсин. Сўнг қуёш мағрибга бош қўймоғига бир қулоч қолганда бир коса сувга бир сиқим туз солиб беринг. Ичсин. Тун бўйи яна сувсиз қолдиринг. Ичи туздан куйсин, чанқоқдан оҳ тортсин. Бешинчи куни уни кигизга ўраб ташланг. Уч қават кигизга ўранг. Аммо ҳаво кириб турсин. Тирик қолиши учун етарли ҳаво. Кигиз устидан ғўла билан ўн беш марта уринг, сўнг ҳар бир соатда бештага кўпайтириб ураверинг. Ҳеч нарса едирманг. Оқшомда эса тишласа, тиш синадиган қаттиқ нондан бир бурда ташланг, ҳидласа кўнгил айнийдиган сувдан бир пиёла узатинг. Ўз ҳолига ташланг. Олтинчи кун икки сони, икки болдири, икки тўпиғидан арқон боғланг. У арқонларни икки учидан тортиб, чотини йиринглар. У ўзини худди иккига бўлиниб кетаётган одамдек ҳис этсин. Додласин. Кўзидан ёш чиқсин. Аммо ўлиб қолмасин. Ҳар бир соатдан ўн мартадан ана шу ишни такрорланг. Бир қўлини елкаси устидан, иккинчи қўлини эса бели ёнидан олиб келиб кураги узра кишанланг. Кунни шу тахлит ўтказсин. Ҳушдан кетса, муздек сув билан ўзига келтиринг. Еттинчи кун уни олов билан азобланг. Темир хонага киритинг. Ташқаридан олов ёқиб уни қизитинг. Қайноққа чидай олмай хона бўйлаб сакраб юрсин. Оловни кўтариб ва пастлатиб туринг. Буткул куйиб, жизғанак бўлмасин. Қуёш ботгач, олиб чиқинг ва сочларини тиғ билан қиринг. Тиғ терисига қадар борсин. Кейинги кун эса олиб чиқиб яна сувга отинг!..

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Роман

Мустафо ЮСУФ

Йигирма саккизинчи боб. Икки манзил

(Шайтон) сизларнинг ичингиздан кўп авлодни йўлдан оздирди. Ахир, ақл юритмайсизми?

Ёсин сураси, 62-маъно таржимаси

Улар (шаҳидлар) Аллоҳдан бўлган неъмат ва фазлнинг ҳамда, албатта, Аллоҳ мўминларнинг ажрини зое қилмаслиги хушхабарини бермоқдалар.

Оли Имрон сураси, 171-оят маъно таржимаси

Аллоҳ қайси қавмга лутф қилса, ўша қавм ичидан уларни қутқарувчи йўлбошчини чиқаради. Йўлбошчи ўз халқини жаҳолат ва разолатдан нажот ва улуғворлик томон етаклайди. Бу осон эмас.
Ҳар бир инсон ичида Нафс яшайди. Имом Ғаззолий нафсда рубубий сифат бор деб айтган. Рубубий сифатнинг маъноси шуки, бунда инсон ҳеч кимга итоат этмасликни истайди. Барча истаклари муҳайё бўлишини талаб қилади. Меҳнат қилмаса, жон куйдирмаса, кўнглидан неки ўтказса, бажо бўлса! Бу мақсадларига бироз эришгач, нафс энди мақтов ва улуғликни хоҳлайди. Ҳар қандай нуқсондан пок бўлсам дейди. Мукаммалликка эришсам дейди. Мени ҳамма мақтаса, барчага севимли бўлсам деб ич-ичидан тиланаверади. Одамлар мендан қўрқсалар, кўрганларида ҳайратдан донг қотиб қолсалар, жамики эзгу сифатларимни уларга кўрсатиб, олқишлар оғушида ҳаёт кечирсам, ҳаётнинг охири бўлмаса, ўлим нелигини билмасам, бутун олам менинг изну ихтиёримга таслимият келтирса деб орзулар уммонига чўкади. Ҳеч кимга эгилмасам, аксинча, менга эгилсалар, мен сўзласаму, тингласалар, гапирган одамлар ҳам фақат менинг мадҳимдан сўйласалар дейди. Уни эшитиб ҳузурлар ичига чўмсам дейди.
Бу нафснинг рубубий сифатидир, рубубийлик парвардигорлик, худолик демакдир. Яъни нафснинг худо бўлишгаиръйи бор. Ҳолбуки, оламни яратган Зот Аллоҳдир, У мақтовга лойиқ, У Ўзига мақтов айтилишини буюради. Нафс ўзидаги худолик талабини синдирмоғи ва якка Худога бўйсунмоғи лозим бўлади. Ана шунинг номини Ислом деб айтадилар. Ислом – нафсни якка Худо қаршисида таслим этиб, саломатликка эришмоқдир.
Йўлбошчи халқ ичида ўзини намоён қиларкан, унга қараб турган ҳар бир жуфт кўзнинг соҳибида ана шундай нафс яширинган. Хокисор турган одамнинг ичида мен худо бўлишга арзийман деган нафс аждаҳодек олов сочиб, филдек қутуради, шердек ўкириб, бўридек увиллайди, тўфондек уммонларни қўзғатиб, бўрондек ерни қўпармоқ учун интилади. Йўлбошчи ана шу нафсларни танийди. У ҳар бир одам ичида отилишга шай вулқондек нафснинг мавжудлигини идрок қилади. Унинг барча хитоби шу нафсга янграйди.
Одамлар эса шунчаки, сабабсиз йўлбошчига таслим бўлиб эргашишни истамайдилар. Улар қаршиларидаги одамдан ўзлари учун фойда кутадилар. Агар манфаат бўлмаса, таслим бўлиш ҳақида гап айтиш, ҳатто буни ўйлаш мумкин эмас.
Шунинг учун кўплаб раҳбарлар ўз мутеларига турли моддиятлар ваъда қиладилар: “Менга эргашинглар, бойликка эришасиз. Фаровон яшайсиз. Очлик ва чанқоқликни билмайсиз. Жазирамада салқинлик, қаҳратонда иссиқлик ичида бўласиз. Яланғоч қолмайсиз!..”
Мутелар ҳам ана шу ваъдаларга ишониб у одамнинг ортидан юрадилар. Ишонган раҳбарлари сўзини тутса, бошга кўтариб улуғлайдилар, ўлганидан кейин ҳайкалларини тиклаб, сохта байрамлар уюштириб ҳар йили бориб бош эгиб сиғинадилар. Оғизларидан бол томиб мақтайдилар.
Аммо Аллоҳнинг қонуни бошқа тартибда ишлайди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 27-bob (1-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– “Биродарлар”га ёмон-да. Сен “лахмач”га йўлиқмадингми ҳали? Ҳа, учрама! “Лахмач” дегани даҳшат! Худонинг балоси! Зарафшондаги 48-зонага борсанг, ердаги тошларни санайсан. Зонадаги ҳар бир чуқур, ҳар тошнинг қаерда эканлигини билиб оласан. У ерда “биродарлар” осмонга қарашлари мумкин эмас. Қўлларини орқага қилиб юришлари керак, – Сарвар бу гапларни айтиб роса ҳузурланарди. – Сигарет чекиш учун ҳам СППдан сўрайсан. Кечаси ўнг томонга ўгирилиш учун қўлингни кўтарасан. Олдингга динивалник келади. Ундан ўнгга ёнбошлаб ётсам майлими дейсан. У рухсат берса, ётасан, йўқса, мумкин эмас. Хожатхонага ҳам сени кузатиб боришади. Сенлар учун срокнинг аҳамияти йўқ. Олти йилми, олтмиш йилми, фарқсиз. Аввал олти йил беради, кейин уч йил қўшиб беради. Буни раскрутка дейди. Уч йилинг тугай деганда яна шунча қўшиб беради. Юзлаб “биродарлар” уч йил-уч йил жазо олиб ҳамон қамоқларда юришибди. Уларнинг “кончиннийлари” бор. Қайтмаган. Қайтмаганларга, айниқса, қийин. Ҳар ҳафта “пайка” калтаклари нақд. Лекин қайтмайди улар.
Усмон аввал тинч тинглади, кейин асаби бузила бошлади. У Сарварга топшириқ берилганидан ҳозирча бехабар эди. Сарвар гапларни кўпайтириб келди ва: “Биродарлар ва “обижинний”ларнинг фарқи йўқ. Улар қамоқда бир кўрилади”, – дегач, чиндан қони қайнади.
– Менга қара, тўнка, – деди Сарвар пастга сакраб тушиб. – Кимни обижинний деяпсан?
– Сени айтаётганим йўқ, – деди Сарвар безрайиб. – “Биродарлар”ни зоналарда “обижиннийлар” билан бир хил кўришади. Сен бу ерда комфортдасан-ку!
“Обижинний” ҳақорат эди. Усмон Сарварнинг жағига мушт солди. Сарвар қалқиб кетди, тик турган эди, “шконка” оёғини ушлаб қолди. Йиқилмади, ўзини ўнглаб Усмонга ҳужум қилди. Иккиси олишиб кетди. Сарвар Усмонни босиб тушди. Усмон бир амаллаб Сарварнинг устига чиқди ва уни ура бошлади. Бошқалар тайёр томоша бўлгани учун, қолаверса, “мужиклар” ўз муаммосини ўзи ҳал қилиб олиши учун индамай қараб туришди. Индаганнинг ҳам фойдаси йўқ эди, чунки назоратчи муштлашувни кўрди, у “режимник”, “корпусной” ва “опер”га хабар бергани кетди.
Зум ўтмай эшик шарақлаб очилди, назоратчилар ичкарига бостириб икки зўравонни ерга ётқизиб, қўлларига кишан уриб олиб чиқишди. Камерадаги ҳамма “продол”га ҳайдалди, у ерда деворга қараб туришни буюришди, камерада тинтув бўлди. Ҳамма жим.
Воқеа айбдорлари опернинг хонасига олиб кетилди. Аввал Сарвар кириб кетди. Ўн дақиқалардан сўнг у чиқди. Усмон орқага қайрилган қўли кишанли ҳолда опернинг олдига кирди. Азамат столида ястаниб хотиржам ўтирган экан.
– Нима бўлди, Одилов? – сўради ҳеч нарса билмаган кишидек. Азаматнинг чеҳраси очиқ, саволи аниқ, овози таҳдидсиз бўлса-да, тўғри жавоб бермаган одамнинг тилини суғуриб оламан деган маъно ҳар бир ҳаракатидан ёғилиб турган эди. Ҳа, айнан тилингни суғуриб оламан деган маъно!
Усмон бироз ерга қараб турди.
– Сарвар биродарларни обижиннийга тенглаштирди. Шунга уни урдим, – деди.
– Биринчи сен қўл кўтардингми? – ўсмоқчилади Азамат.
– Ҳа, – деди Усмон.
– Тушунтириш хати ёзасан, – деди Азамат. – Камида ўн беш кун ШИЗОга кирасан. Жуда ҳам қўпол нарушение. Қоидабузарлик!
– Хўп, – деди Усмон.
– Қайтганмисан? – сўради опер.
– Мен қайтадиган иш қилганим йўқ, – жавоб берди Усмон. – Менга очиқ-ойдин туҳмат қилишди. ИншааАллоҳ, оқланиб чиқаман.
– ДЭОлардан кимдир оқланганини эшитганмисан? – сўради яна Азамат.
– Мен оқланаман, иншааАллоҳ! – деди ишонч билан Усмон. – Заррача айбим йўқ. Қонунга хилоф иш қилмаганман.
– Лекин бу ерга келиб катта хатолар қилдинг, Одилов, – деди опер. – Ходимни ҳақоратлагансан, эсингдами?
– Унинг ўзи менга ножўя команда берди, – деди Усмон.
– Нима бўлганда ҳам сен айбдорсан! Давлат вакилига у вазифасини бажарётган пайтда бундай муомала қилишга ҳаққинг йўқ эди! – деди опер қатъий.
– Адолат йўқми? – сўради Усмон. – У вазифасини бажараркан, маҳбусни сўкишга ҳақлими? Қайси қонунда бунга изн берилган, бошлиқ?

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

У бечора эса чироқ ўчирадиганни ахтариб тополмай кулги бўлади. Лекин Усмонга бундай ҳазил қилинмади. Чунки унинг жиддий қарашлари, юзида барқ уриб акс этаётган жасурлиги унга нисбатан ортиқча гап айтишга изн бермасди.
Дарвоқе, маҳбуслар “ухлашмайди”, уларнинг фикрича, “мужик дам олади”, ухлаш – аёлларнинг иши.
Тоштурмадаги илк тун Усмон учун жуда тез ўтди. Эрталаб навбатчи назоратчи ҳар бир эшикни уриб: “Подём!” – деб бақиришидан уйғониб кетди. Қуёш нури “решка”дан ток рахларига тушиб турган экан.
“Бомдод қазо бўлибди...” – Усмон шошиб ўрнидан турди. Милиса бақириб юргани билан камерада ҳамма ухлаб ётибди.
Усмон тушиб таҳорат қилди. Сўнг ўз жойида намоз ўқиди. Зикр қилиб ўтирди. Шу ўринда “жой” деган сўзга ҳам қамоқ аҳлининг муносабатини айтиб ўтиш жоиз. Маҳбуслар мужикда жой бўлмайди дейишади. Бу менинг жойим деб кимдир адашиб қўйса, устидан кулишади. Бунинг сабаби қамоқда кўним йўқ, ҳамма келади, кетади. Демак, маҳбусда жой бўлмайди.
Эрталаб соат бешда нон, тухум, туз, шакар тарқатилган экан. Стол устида турибди.
Соат тўққиз бўлди, яна текширув. Навбатчи ходимлар алмашибди.
Камерадагилар нонушта қилишди. Шундан кейин уйқуси ёйилган маҳбуслар яна гапга тушдилар. Ихволдин ака эса кроссворд ечади. Камерада эски газеталар кўп экан. Усмон “Халқ сўзи” деган газетани ҳам кўрди. Мақолаларига кўз югуртирди. Ҳар бир мақола “Юртбошимизнинг ташаббуслари билан” деб бошланаркан. Деярли ҳар бир матнда “... соҳани тубдан модернизация қилиш” ёзилган. Айниқса, бу “модернизация” зарурлигини “замоннинг ўзи кўрсатаётган”и алоҳида урғуланган. Усмон ҳеч бу газетани ўқимаган эди, умуман, газета оламига у бегона эди, рўзномадаги барча матнлар бир хил услуб ва бир хил оҳангда эканлигидан таажжубга тушди.
Маҳбуслар Усмон диний маҳбус эканлигини билишгач, қамоқларда уларга бўлган муносабатдан гап очишди. Усмон диний маҳбуслар “биродар”, “подучёт”, “ДЭО маҳкум” дейилишини билиб олди. ДЭО дегани диний экстремистик оқимга кириб қолганлар дегани экан.
“Биродарлар”га тартиб қаттиқроқ экан: уларга ташқаридан келадиган жўнатма, киритмалар жуда жиддий текширилади, ота-онаси, оиласи маҳбусга озиқ-овқат ва зарур нарсаларни киритиб юборишса, бунинг “дачка” экан, “биродарлар” оладиган хожатхона қоғози ҳам ёйиб ташланаркан, келган куниёқ берилмай, бир кун кечиктириларкан. Зоналарда энг оғир меҳнатни биродарлар қиларкан.
Бу камерадагилар ҳали ДЭО маҳкумлар ҳақида у қадар чуқур билишмасди, айтаётганлари ҳам эшитганлари эди.
Соат ўнларда Усмонни ташқарига чақиришди. Уни 4-корпус учун масъул ходим қабул қилди. Бу ходимнинг “корпусной” деб аташаркан. У ҳам ўзини шундай таништирди.
– Нима иш қилгансан? – деб сўради Усмондан. Усмон бу саволга тоштурма келганидан буён жуда кўп бор тўқнашаётган эди.
– Ҳеч нарса, – деди. – Уйимни тинтув қилиб диск чиқди дейишди. Ичида ҳар хил видеолар бормиш.
– У дисклар сеники эмасми? – сўради “корпусной”.
– Йўқ, – деди Усмон. – Қаердан келганлигини ҳам билмайман.
– Алдама, зек! – бирдан милисанинг овози ваҳшатли тус олди. – Жиҳодчисан, ўз юртингга хиёнат қилиб, халқинг қонини тўкмоқчи бўлгансан!
Усмон ҳайрон бўлди.
– Нега ундай дейсиз? – деди асабийлашиб. – Менинг жиҳодга алоқам йўқ. Бор гапни сизга айтяпман.
Усмоннинг хотиржамлигидан корпусной бироз ўйланди. Чунки ёш диний маҳкумларда қўрқув ва мулойимлик ўта кучли сезиларди.
– Майли, ишинг ҳақида терговчилар хулоса қилишади, – деди. – Аммо адашмаслик керак. Ватанни севиш керак. Қара, мустақиллик бизга қандай неъматлар ҳадя қилди. Жаҳонга чиқиб боряпмиз. Бизнинг ривожланаётганимизни бутун дунё тан олди. Бизнинг йўлимиз тараққиётнинг ўзбек модели деб эътироф қилинди. Она тилимиз ривожланяпти. Қара, миллий курашимиз ўзбек кураши номи билан жаҳонга тарқаляпти. Шунинг учун дунёнинг катта-катта кураш ҳакамлари ҳалол, ёнбош, чала деган сўзларни ишлатишяпти. Миллий ғуруримиз кўтарилмоқда. Сенлар эса жиҳод деб, халифалик қураман деб адашишларинг тўғри эмас. Агар жиноят қилган бўлсанг, афвнома ёз. Чин дилдан юртбошимиздан кечирим сўра. Тушундингми?

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Тошкентда ҳам бир гуруҳ ўқимишлилар чиқиб роса сиёсат ҳақида гапиришган, аммо аравакаш жим юрган. Бирортасига қўшилмаган. Лекин шу кетишда Ленин давлатни эгаллайди деб ўйлаган. Шунга мослаб болаларини тарбиялаб келган. 1920 йил Ленин ҳукумати Туркистонни буткул ўзиники қилиб олди. Хонликларни йўқ қилди. Аравакаш ҳаммадан аввал болшевик бўлди. Ўрисларнинг ҳар бир одати, урфини қабул қилди. Маҳалладагилардан яшириб ароқ ичди. Тамаки чекди. Болаларига пианино чалишни ўргатди. Қайсидир бирини Москвага юборди, ўқитди. “Кўпроқ ўрислар билан ўртоқ бўлиш керак, буёғига замон шуларники”, – дерди оила даврасида.
Аравакаш адашмабди. У секин-секин мансабга кўтарилди. Аввал намоз ўқиб туришарди, кейин оилавий ўқимай ҳам қўяқолишди. Аравкашзодалар ўша САГУ, яъни Средний Азиатский государствений университет, ўзбекчасига Ўрта Осиё Давлат университетида ўқишди. Сиёсий ҳушёрлик аракаш оиласини умуман тарк этмади. Унинг кенжа невараси Азамат, мана, ўта етук опер бўлди. Уйидаги ўрисча китобларни ўқиб улғайди, сиёсатни чуқур тушунадиган кадр сифатида етишди. Мактаб, коллеж, университетда энг илғори у эди. Азамат ўқиган даргоҳ академия дейилади. Аммо олий таълим юрти мақомида.
Унинг онгида “гуманизм” деган муҳим нуқта бор. Бу нуқтани кўпчиликда топиб бўлмайди. Гуманимиз Азамат учун инсонийлик, инсонпаварликдир. У ўрис адибларининг деярли барчасининг асарларини ўқиган. Гуманизм ана шунинг ҳосиласи эди. Жуковский, Пушкин, Лермонтов, Толстой, Достоевский, Паустовский, Маяковский, Чехов, Шедрин, Куприн, Тургенев, Минковский ва ҳоказо... Азамат ҳар қандай ҳолда ҳам инсонни тушуниш керак, унинг салбий қирраларига қарши курашиш лозим, қотиллик ва таҳқир кечириб бўлмасдир деб ўйларди.
Азамат икки ходим билан гаплашиб олгач, “продол”га чиқди. Усмон деворга қараб хаёлга берилган эди. Оперни кўриб ўрнидан турди.
– Одилов, – деди Азамат унга жиддий қараб.
– Лаббай, – деди Усмон. У Азаматдаги ўзгача хоссаларни англаб улгурган эди.
– Бошлиқ келганда ўнг қўлни чап кўксингга қўясан, оёқларни жуфтлайсан, чап қўл орқа белингда туради, агар бош кийиминг бўлса, чап қўлга оласан. Бошлиқ савол бермагунча кўзингни ердан олмайсан, – тушунтирди Азамат. – Бу қамоқдаги тарбия. Повод берма.
– Хўп бўлади, – деди Усмон. У ҳурмат билан гаплашадиган ходимга ҳурмат билан муомала қилиш қарорига келган эди.
– Эски “страгач”лар билишади, “мужик” режимдан повод бермайди. Сен янгисан, ўрганиб кетасан, – Азаматнинг овозида хайрихоҳлик ҳам бор эди, гўё. – Сен билан ҳали гаплашамиз, ҳозир камерангга жойлаштиришади.
Азамат гапини тугатмасдан хона эшиги очилиб бақалоқ назоратчи чиқди.
– Камерасига олиб боринг, – деди опер.
Бақалоқ назоратчи хўп дегандек бош силкиди, “продол”нинг нариги томонида яна бошқа назоратчи бор экан. Йўлак бўйлаб юришаркан, баъзи камераларнинг тирқишларидан маҳбуслар мўралаётганини пайқаш мумкин эди.
Ўртада икки қаватли панжара тўсиқ бор экан, унинг ўртасидаги эшикдан ўтишди, шу эшикка ҳам икки тарафдан қулф солинган экан. У томондаги назоратчи уларни кутиб олди, у ёшроқ йигит экан.
– Кийимингни еч, –деди у Усмонга. Овози дўқ-пўписадан холи эди. Усмон ҳайрон қаради. Ёш назоратчи тушунтирди. – Мен сени соғлом ҳолда қабул қилишим керак. Текшириш учун ечинишинг зарур.
Усмон кўйлигини ечди.
– Иштонни ҳам тушир, – деди назоратчи. Усмон бажарди. Назоратчи унинг баданига, оёқлари, сон ва болдирларига ҳам қаради. Кейин: “Кийиб ол”, – деди.
491-рақамли камеранинг олдига борди.
– Деворга қараб тур, – деб буюрди Усмонга. Ўзи камера эшигини очди. Сўнг: – Кир, – деди. Усмон шу жойгача матрас ва “тара-миска”сини кўтариб келаётган эди, юкларини олиб камерага ичида “Бисмиллаҳ, Аллоҳим, хайрли қил”, – деб қадам босди.
Камера эшиги қулфига калит солиниши билан ичкаридагилар янги бир маҳбусни кутиб олишга ҳозир бўлиб қараб туришган экан. Ўнг томонда қўл ювиш учун тос, чап томонда қалин ва оқ елимпарда (клёнка) билан тўсилган хожатхона, ундан кейин атрофига уч киши ўтириш мумкин бўлган, оёқлари ерга қотирилган, ёнига параллел ўриндиқ қўйилган стол кўринди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Ўзинг гандонсан! – деди Усмон. Энди унинг кўзига ҳеч нарса кўринмаётган эди. Шапалоқ маҳбусни қўрқитмаганини тушунган мушуккўз тўқмоқни кўтариб, Усмоннинг бошига солди. Бақалоқ вазият хавфли тус олганини кўриб турган эди. У маҳбусни ҳақоратлаб қўрқитиш услуби бу ўринда иш бермагани англади, аммо мушуккўз милиса тентак деб бекор ном олмаган, унинг ҳам мияси “ўчиб” қоладиган одати бор, агар ҳозир унинг қўлидан тўқмоқни тортиб олмаса, маҳбуснинг бошини мажақлаб ташлаши аниқ. У ҳамкасбининг қўлига отилди, аммо улгурмади, тўқмоқ маҳбус томонга қараб учди. Усмон ўзи томон келаётган тўқмоқни илғади, табиий бир ҳаракат билан бошини олиб қочди, тўқмоқ кўз олидан визиллаб ўтиб бориб деворга тегди, деворнинг сувоғи, бўёғи кўчди, воқеа кўз юмиб-очар фурсатда кечди, бақалоқ ходим мушуккўзнинг қўлидан тўқмоқни тортиб олди. Аммо мушуккўз ўрнидан туриб Усмонга ташланмоқчи эди, шериги бақирди:
– Эй маҳбус, хонадан чиқ! Эшикни ёп! – Усмон дарҳол эшик томон чекинди, шу пайт эшик очилди ва форма кийган, елкасидаги пагонда учта юлдуз ялтираб бошқа бир ходим кириб келди. Хона дарҳол тинчланди, кирган ходим ўрта бўй, юзи оқ, сочи, қош ва кўзлари қора эди. У маъноли кўзларини хонадаги ҳар кимга шошмай қадади: мушуккўз ғазабдан ҳансирар, бақалоқ эса формасини тўғирлар, озғин, бўйи баланд, ўсиқ сочлари қулоқларини ёпган, киприклари узун, қора кўзлари катта-катта, қошлари эса кўзлари устидан ёйдек эгилган хушрўй маҳбус эса ранги қизариб девор олдида қўлларини ортга қўйиб бошини бироз эгиб турарди.
– Фамилия, статя? – савол берди ходим.
– Одилов, 159, 244, – жавоб берди Усмон.
– Биринчи ходками? – сўради яна ходим.
– Ҳа, – деди Усмон.
– Шунинг учун докладни билмайсан, ташқарига чиқ, қўлингни бошинг орқасига қўйиб ўтир, тушундингми? – буюрди ходим. Усмон:
– Тушундим, – деди ва коридорга чиқиб деворга қараб ўтирди. Коридорни маҳбуслар феняда “продол” деб аташарди. Навбатчи ходимлар коридор бўйлаб бориб-келишар, турли камералардан ҳар хил маҳбуслар: “Бошлиқ!” – деб уларни чақирар, кимдир қандайдир савол берар, нимадир илтимос қилар, айрим пайтларда ташқаридан бирор ходим кириб баъзи маҳбусларни рўйхат билан олиб чиқиб кетарди.
Усмон шу ҳолда ярим соатлар ўтирди, ҳатто баъзи ходимлар нега ўтирибсан деб сўраб ҳам ўтди, ташқарига чиқиб-кираётганлар унга қараб-қараб қўяди.
Ичкарида ходимлар билан суҳбат қилаётган милиса шу бинонинг тезкор ходими эди, унинг исми Азамат эди. Азамат барча маҳбуслар, маҳкумлар орасида машҳур эди. Машҳурлиги сабаби кейинроқ Усмонга маълум бўлди.
Тезкор ходимларнинг умумий номи “опер” дейилади. Бу истеъмолда кўп айланадиган сўзлардан бири.
Азамат опер ичкарида ходимлар билан суҳбатлашиб, вазиятнинг икир-чикиригача сўради, оперлар қамоқларда ўта жиддий вазифани бажаришади: улар маҳкумлар орасидаги ҳар бир муносабатни синчковлик билан кузатишади, маҳкумлардан ахборот оладилар, маҳбусни ҳам қўрқитиб, ҳам ишонтириб ишлайди, айни пайтда ахборотларга ишонади, лекин ҳеч бир маҳбуснинг садоқатига ишонмайди. Бу уларга берилган таълимот, оперлар маҳбуслар ёки маҳкумлар билан дўст бўлиши мумкин эмас, маҳбус оперга ишонсин, суянсин, бироқ оперга бу мутлақо мумкин эмас. Оперлар сирлар сандиғи ҳамдир, улар қамоқда ўзига бириктирилган ҳар бир маҳбус билан танишиш қатори бошқа ходимларни ҳам ўрганиб борадилар, лекин билганлари ичларига қудуққа тушгандек тушади, фақат манфаатли ҳолларда бу сирлар юзага чиқади. Бу таълимотни олган Азамат туғма милиса, туғма опер эди гўё. У ўзини фақат миршаб бўлиш учун туғилган деб биларди. Дунёга милиса бўлиш учун келганман деб ишонарди. Унинг учун миршаблик тирикчилик воситаси ёки ойлик учун эмас, ҳаётининг мазмуни эди. Бу унинг ҳар бир ҳаракатида, ишида акс этарди.
Яна бир жиҳати шуки, Азамат ҳақиқатан жиноятчилар билан муроса қилмасди. Жиноятчилар ҳақида: “Уларнинг қўлини кўксига қўйиб, бечорани ёқиб олганига қарама, улар қўзичоқ териси остидаги бўри. Сал эркинлик берсанг, сени ғажиб чайнаб ташлайди!” – деб айтарди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Собиқ Иттифоқдан қолган бу сафсаталар мустақилликнинг илк йилларида ёшларни ишонтириб қўйди. Ватаннинг турли ҳудудларида ўғриларнинг мухлислари, ҳаваскор ўғрилар, бирор ҳудудни ўзиники деб эълон қилиб, бу ердан фойдаланган ҳар кимдан “доля” – улуш оладиган текинхўр аблаҳлар пайдо бўлди. Улар дуч келган одамнинг янги уловини, балки у “Москвич”дир, “Жигули”дир, “Запарожец”дир, эгаси ёшу қари, аёл эркакдир – фарқи йўқ миниб кетишни одат қилишди. Жабрдийда милисага мурожаат қилса, милиса топиб бера олмайди, турли лавозимдаги милисалар ана шу текинхўр зўравонларнинг “катталари” – “палаженец”лар олдида эгилгани, таслим бўлгани тўғрисида миш-мишлар тарқаларди. Уловини милиса орқали ҳам топа олмагач, жабрдийда шу ҳудуднинг “палаженец”ига боради, у эса уловни нархлайди, қирқ минг сўмга олинган уловни сотиб олишни таклиф қилади, бечора уловдан айрилмаслик учун шу пулни тўлайди. Акс ҳолда, бу улов бошқага сотилади ёки жиноятчилар томонидан “майдалаб”, қисм-қисм қилиб пулланади. Одамлар кўчаларда улов минишга, кечалари сайр қилгани чиқишга қўрқиб қолдилар. Истаган ҳаваскор “ўғризода” “гобстоб” қилиши – уни талон-тарож этиши мумкин эди.
Ҳукуматга ўзини мухолиф деб эълон қилган айримлар ана шу зўравонларнинг йўлбошчилари билан битим тузишга уриниб кўрганлиги ҳақида ҳам гаплар бор. Аммо жиноятчилар сардорлари қиёфаси қаҳрамон бўлса-да, аслида ҳеч қандай кучи бўлмаган, ҳақиқий қувватга соҳиб чиқмаган бир нусхалар эди, холос. Улар ҳамиша давлатдан қўрқиб яшаганлар. Зотан, собиқ Иттифоқ дарида Ўғриларнинг бошида турган энг катталари ҳам давлат билан келишиб иш кўриб келган эдилар. Иттифоқ тепасида турганлар давлат мулкини ўмариш, ўзларининг сиёсий доирадаги рақибларини йўқ қилиш, халқни қўрқитиб туриш учун ўғрилардан муттасил фойдаланиб келишган дейдилар. Ноқонуний қурол савдолари, Афғонистонда етиштириладиган кўкнориларни Оврупо бўйлаб тарқатиш учун айнан ўғриларнинг тизимли фаолияти зарур эди. Бу тизим Жанубий Американинг Венесуэла, Колумбия, Бразилия каби юртларида ҳам ишларди, Оврупонинг жанубий қисмларида, Жануби-шарқий Осиёда бу ҳаракатлар мавжуд. Давлат ичидаги кўринмас кучлар бу ҳаракат ва кучларни қўллаб-қувватларди.
Турли диний, сиёсий ҳаракатлар мустақилликнинг дастлабки беш йилида деярли бартараф қилинди, мамлакатнинг биринчи раҳбари бошқарувда ҳеч қандай шерикни истамасди, узунқулоқ гапларга кўра, ҳатто минбардан туриб у шундай деган: “Ватанда ўғри бўлмайди! Таг-туги билан қуритаман! Давлатнинг қудратига соя солишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ!”
Кейинги йилларда ўғриман деган ҳамма ғойиб бўлди, мен соф ўғрилик ақийдасида яшайман деб даъво қилганлар ё ҳаммомларда иссиқда нафаси қисиб ўлди, ё ортиқча қорадоридан ўлди. Ҳеч бирига шафқат қилинмади. Натижада, юртда бирор ўғри, зўравон қолмади, фақат заиф эътиқодли кимсалар оғзида бу афсонлар айланар, айрим ёшлар ўзларини ўғридек тутишга тиришар, бу ҳаракатларини “кўча” деб баҳолардилар. Гарчи тўлақонли “кўча ҳаракатлари” барҳам топган эса-да, қайсидир кучлар улардан мутлақ фойдаланиш мумкин деб ҳисоблаган кўринади, одамлар орасидаги айрим иқтисодий келишмовчиликлар ҳамон “разбор” – самосуд билан ҳал қилинарди. Катта миқдорда пулини алданиб олдириб қўйганлар бу масалада милисага мурожаат қила олмасди, шунда пана-пастқамларда, қоронғу бурчакларда “разбор қилаётган”ларга бош уриб борар, улар эса пулнинг қоқ ярми эвазига ундириб беришарди.
Бизнинг қаҳрамонимиз Усмоннинг отаси ҳам ана шундай “разбор” қилувчилардан эди. Усмон отасининг бойликлари билан кайфу сафода яшаркан, “кўча” ҳаракатларидан хабардор эди. Қамоқда ҳеч қачон ҳеч кимга бўйин эгмаслик, ҳеч нарсадан қўрқмаслик, бир бошга бир ўлим деган ғоялар болалигидан онгига сингиб келган эди. Унинг тоштурма ходимларининг ғайриинсоний ҳаракатларига нисбатан исёни ана шу тарбия ҳосиласи ҳам эди, аслида.
Маҳбуслар матрас, “тара ва миска”ларини олгач, “овуллар”га тақсимланди. Усмон тўртинчи овулга тушибди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

САҲРО

Мустафо ЮСУФ

Йигирма еттинчи боб. Ер остида

(Эй Муҳаммад!) Сиз уларнинг (иймон келтирмаганлари) устида ғам чекманг ва улар қилаётган макрлардан сиқилманг ҳам!

Намл сурасининг 70-ояти маъно таржимаси

Усмонни бармоқ изи олгани чақиришди. Бу ишнинг масъули бўлган милиса ҳар маҳкумга, албатта, бақирар эди:
– Дебил, қўлингни тўғри тут! Зек, хаёлинг қаерда! Бефаросат, довдирама!
У Усмоннинг ҳам қўлига қора мойни сурди, бармоқларини ушлаб битта-битта махсус қоғозга бостирди, аммо бақирмади. Иш орасида ўз ҳамкасбига – маҳбусларни расмга олаётган ходимга гап сотиб турди:
– Тераклар ўсиб қолибди. Пахан кесиб сот дейди. Келаси шанбага режа қилдим. Ҳозир тераклар нархи қанча экан? – саволига жавоб келишидан аввал одатига кўра яна бақиради: – Эй зек, анқайма!
Усмон ҳамма қатори ўз исми ёзилган тахтачани ушлаб ўнг, чап ва рўпарадан расмга тушди. Бу иш битгач, барча маҳбусларни тоштурма ичкарисига ҳайдашди. Энди уларга матрас, идиш, кружка, қошиқ беришади. Маҳбуслар кружкани “тара” ва ўртача катталикдаги сирланган товоқни “миска” деб айтишаркан.
– Тара-мискани матрас ичига тиқларинг! Тушиб қолмасин! – деди янгиларга эски маҳбуслардан бириб.
Бу нарсаларни тоштурмада жазо ўтаётган маҳкумлар тарқатаркан. Усмон ҳам матрас, простина олди, матрас ичига “тара ва миска”сини солиб, яхшилаб икки-уч айлантирди, простина билан боғлаб олди.
Тоштурма тўртта блокдан иборат эди. Ҳар бири тўрт қаватли, остида подвали бўлган бинолар шундай – блок деб аталади. Подвал ўзбек тилида ертўла дейилади. Ертўла ҳам худди ўз устидаги тўрт қават каби бир неча ҳужралардан – камералардан иборат.
Маҳбуслар тоштурманинг қамоқ ҳужралари жойлашган биноларини овул деб аташади. Камералар эса хата дейилади. Айрим маҳбусларнинг айтишича, бу атамаларнинг барчаси украин тилидан олинган. Бу ҳам аниқ эмас, чунки улар орасида бу масалада алдайдиганлари, тўқийдиганлари кўп.
Маҳбуслар милисанинг олдида бошлиқ деб қўлларини кўксига қўйишади, аммо ортидан феняда мусор дейишди. Мусор – ахлат, ўғрилар ўз кўнгилларида милисаларни ана шундай ном билан ҳақоратлашади. Уларнинг тилида барча қамалган эркаклар “мужик”, аёллар эса “манашка”. Милиса билан ҳамкорлик қилмаган “мужиклар” “парядочний”, ҳамкорлик қилганлар эса “казёл”. “Казёл”лар ўз қисматдошлари устидан милисаларга ёзиб берадиган хатлари эса “малява”.
Умуман, жиноят оламидагиларнинг ўз сўзлари, луғати бор, бу луғат номи биз айтиб ўтдик – феня дейилади.
Фенянинг келиб чиқиши алоҳида тарих. Қисқачаси шуки, собиқ иттифоқ даврида қамоқларда ўғрилар ҳукмронлиги ўрнатилди. Бу Сталин давридан бошланади деб айтилади.
Ўғри ким?
Ўғри Аллоҳ таоло қўлини кесишни буюрган жиноятчи, лекин жиноят олами – шайтонлар салтанатида у тождор ҳукмдор.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 26-bob (1-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim
Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Юсуф балоғатга етиб, юзида нур, билагида қувват қуёшдек намоён эди. Азизнинг хотини туну кун Юсуфни ўйлайди. Тушларида кўради. Юсуф унинг учун етиб бўлмас саробдек, амалга ошмас орзудек туюлмоқда эди.
Хотин Юсуфни хаёл қиларкан, у мени бағрига босса, иссиқ нафасларидан баҳра олсам дея ҳаддан ошаётган эди. У эрининг борлигини унутди. Ҳиссиёт кўзларини кўр қилди. Юраклари тез урди. Нафаслари бўғзига сиғмай қолди. Зодагонлиги, азизнинг хотини эканлиги ёдидан чиқди.
Юсуфнинг ёлғиз қолиши учун ҳамма чораларни кўрди.
Азизнинг саройи катта эди. Хоналарининг саноғини билиб бўлмасди. Хотин шу хоналарнинг энг ҳашаматлисида яшарди. У узоқ ўйланди. Режа тузди. Ўзининг энг содиқ чўрсини чақириб: “Юсуфни ҳузуримга чорла, аммо киргач, олдимда қолдир. Эшикларнинг барчасини ёпиб ўзинг ташқарига чиқ!” – деди.
Чўри айтганини бажарди. Юсуф хожасининг хотини қаршисида қўл қовуштирди. Хотин енгиб бўлмас истак чангалида ёнаётган эди.
– Юсуф, – деди овозини эҳтиросга тўлдириб. У Юсуфнинг ҳам ҳирсини уйғотмоқ хоҳлади. – Сен жуда келишган йигитсан. Биласанми, йўқми, эримнинг эрлик хусусияти йўқ. У менга неча йилки, эрлик ишини тақдим қила олмаяпти. Мисрнинг энг машҳур табибларига учрадик. Сеҳру жодулар қилдирдим. Балки мен бу ишларни бирор таёққа қилсам, таёқ тирилган бўларди, тошлар ҳаракатга келарди, аммо эримда на ҳис бор, на ҳирс! Чарчадим! Худди қиз болага ўхшайман.
Юсуф бу гапларни тинглаб гангиб қолди. Қочиши кераклигини, бу сўзлар сўнгида яхшилик бўлмаслигини тушунди. Хотин эса ўз ётоғига ястанган кўйи оловли овоз билан давом этмоқда эди:
– Сени кўрган кунимдан буён ҳушимни йўқотдим, Юсуф. Келганингда бола эдинг, кўзларинг порларди. Эрим бу болани тарбиялайлик, фойдаси тегар деди, мен сени гўдаклигингдаёқ севдим.
– Хоним! Аллоҳ ҳаққи, ундай сўзларни сўйламанг! – деди Юсуф қўрқиб кетиб. – Мени жаҳаннамга ташламанг. Мен бир қулман, сиз кибор хонимсиз.
– Киборликни, қулликни қўй, Юсуф! – хотиннинг жаҳли чиқди. Секин ўрнидан қўзғалди. – Менинг дардимга даво бўл! Ҳижроним саҳросини висол ёмғирлари билан бўстонга айлантир, Юсуф!
– Ё Роббим! – Юсуф титраб кетиб ўзини эшикка отди. – Аллоҳим, нажот бер! Фаҳш ишдан мени Ўзинг омон сақла!
Аммо эшик ташқаридан қулфланган эди! Хотин эса Юсуф томон келаркан, эгнидаги бир қават либосини ечди.
– Қаёққа кетмоқчисан, Юсуф? Кета олмайсан! Менинг амримни адо қилмагунча бу жойдан бир қадам ҳам жилмайсан! – деди таҳдид ва ноз билан.
– Сенинг эринг менинг хожам! – деди Юсуф изтиробга тушиб. – Унга қандай хиёнат қиламан! Сен қандай хиёнат қиласан! Аллоҳдан қўрқ!
– У эр эмас, бизнинг орамиздаги ишни билса, билмаганга олади, аксинча, хотинимга хурсандлик етяпти деб мен учун севинса, ажаб эмас! – хотиннинг гаплари даҳшатли эди. Юсуф бор кучи билан эшикка ўзини урди. Эшик очилиб кетди.
– Кетма, Юсуф! – аёл ҳайқириб Юсуфга ташланди. Аммо унинг қўлларида Юсуф кийган кийимдан бир парча қолди, холос. Юсуф эса кейинги эшикка қараб қочди. Эшиклар у келиши билан бирор куч ишлатишсиз очила бошлади. Хотиннинг кўзлари буткул кўр бўлган, ақли эса кўтарилган эди, у ҳолатни англамай Юсуфнинг ортидан югурарди.
Бир неча хонадан қочиб ўтгач, Юсуф ҳовлига чиқиши учун битта хона қолди, аммо хотин ҳам унинг ортидан қувиб етди. Юсуф эшикка етолмади, хотин уни уйнинг бурчагига қамади:
– Юсуф, энди қаёққа қочасан! Ё мени ўлдириб қутуласан, ё амримга итоат этасан!
Юсуф бир сўз дейишга улгурмай эшик очилди ва азиз ўзининг икки мулозими билан кириб келди. Икки мулозим унинг амакисининг ўғиллари эди. Уни кўриши билан хотиннинг ҳам ҳуши ўзига қайтиб дарҳол ўзини четга олди.
– Хожам! – деди кўзларини ёшга тўлдириб. – Уйимизга кимни олиб келган эдинг! Илон келтирибсан! Келганида она сути оғзидан кетмаган гўдак эди, энди эса аждаҳога айланди! Менинг perfectly тажовуз қилди бу қул!
Хотиннинг овозида зорланишдан кўра қаҳр намоён эди. Азиз кутилмаган ҳолдан ўзини йўқотмади, худди кутиб юрган воқеаси рўй бергандек мулозимларга буюрди:
– Хоин қулни ҳибсга олинг! Хожасининг хотинига кўз олайтириш қандай бўлишини кўрсатайлик унга!

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Роббим, бу қурганимизни қабул қилгин! Ўзинг Эшитгувчи ва Билгувчисан! Ўзинг тавбаларимизни қабул қил, Сен Тавба ато этгувчи, тавбаларни қабул қилгувчи Меҳрибонсан! Роббим! Иккимиздан бу амалимизни қабул қил. Фарзандларимизни Сенга мусулмон бўлган бандаларингдан қил. Уларнинг ичидан Сенинг Каломингни ўргатадиган, ҳикматдан таълим бериб, гуноҳлардан поклайдиган пайғамбар чиқар!
Денгиз ўзини қайси оламда эканлигини идрок қилишга уринди. Аммо ақли ҳеч нарсани фикрлай олмади. Идрок сари интилиш унинг кўзларини парда янглиғ ёпди. Парда остида қолишни истамаган Денгиз ақлни четга сурди ва ўзини яна саҳро устида кўрди. Бир гуруҳ йигитлар шовқин-сурон қилиб чўл ўртасида бормоқдалар. Уларнинг ичида бири энг хушрўйи эди. Бирдан қолганлари ўша болани ўртага олдилар. Денгиз бу йигитлар ака-укалар эканлигини билди.
Акалари ўша хушрўй болани судраб, озорлай бошлашди. Ерга йиқитишди. Бири бўғишга шайланди. Вазият жиддий тус олди: Денгиз қўрқиб кетди – болалар ўз укаларини ўлдирмоқчи эдилар. Шунда уларнинг ичидан энг улуғи кенжа укани бошқалари қўлидан ажратди:
– Қўйинглар! Ўлдирманглар! – деб бақирди. Денгиз шу онда бу болалар жами ўн икки нафар эканлигини санади. – Бу бизнинг укамиз! Уни қандай қилиб ўлдиришмиз мумкин!
Бирдан қолганларининг ғазаби қўзиди.
– Отамиз зулм қиляпти! Отамиз ноҳақлик қиляпти! – дейишди бир-бирларига сўз бермай. – Юсуфга парвона бўлиб, ҳеч биримиз билан иши йўқ. Фақат уни суяди. Фақат уни севади! Юсуфни ўлдирамиз, отамизнинг муҳаббати бизники бўлишини истаймиз! Юсуф тирик экан, отамизнинг севгисидан бизга насиба йўқдир!
– Тўғри... – катта ўғил ўйга чўмди. – Лекин ўз қардошини, қондошини ўлдирган лаънатга қолади. Биз бу ишни қила олмаймиз. Яхшиси, Юсуфни отамиз кўзидан йироқ қилайлик.
– Шундай йироқ қилайликки, отамиз уни асло кўрмасин! – деди ака-укалардан бири ва у нимадир қарорга келгандек Юсуфнинг кийимини тортиб еча бошлади. Юсуф кичик ва кучсиз эди:
– Ака, нима қиляпсиз? – деди озорланиб. Аммо ака унинг кийимини йиртиб ечиб олди ва ўзини кўтарди. Ҳамма ҳайрон эди. Аммо ака шахт билан эллик қадамлар юриб оғзида қопқоғи, ёнида қовғаси бор қудуқ олдига келди. Ҳамма унинг нима қилмоқчи эканлигини тушунди. Юсуф акасининг қўлидан қутулишга уринди. Ака уни даст кўтариб қовға ичига ўтқазди, қовғани эса қудуққ ташлаб юборди. Арқон ғириллаб айланди, қовға бир зумда болани олиб қудуқ тубига ғойиб бўлди. Юсуфнинг “Ака, ундай қилманг!” – деган илтижоли товуши ҳам қудуқ бағрига сингиб кетди.
Қилғиликни қилган акалар серрайиб туриб қолишди.
Кирдикорни қилган ака Юсуфнинг кийимини қўйнига тиқди.
– Қилғиликни қилдик, – деди “қилдик” сўзига урғу бериб. – Отамизга жўяли баҳона топайлик. Мен Юсуфнинг кийимини қонга белайман. Бўри еб кетди дейман. Сизлар ҳам Юсуфга ачинган бўлиб йиғлайсизлар.
Ота кекса экан. Болалари кириб келиши билан:
– Юсуфим қани? – деди. Мотамсаро қиёфага кирган ўғиллар бирдан увиллаб йиғлаб юборишди. Ота қуввати тугаб қолгандек жойида қотиб қолди. Ўтиришга ҳам мажоли йўқ эди айни дамда.
– Юсуф! Юсуфимга нима қилдинглар? – деди.
– Дада... – деди Юсуфни қудуққа отган ака. – Юсуфни бўри еб кетди!..
Акалар унга жўр бўлиб ҳўнг-ҳўнг йиғлашди.
– Мана, парчаланган кийимларини олиб кела олдик, – деди қилғиликни қилган ака қўйнидан йиртилган ва қўй қони суртилган кийимни чиқариб. – Укамизни бўри ғажиб ташлабди... Биз қутқара олмадик, кечиринг, дада...
Ота “Юсуфни бўри еб кетди” деганидан бошқа гапини англамади. Қўлига Юсуфнинг кийимларини олди, кўзларига босди. Йиғлай бошлади.
– Мен сизларга Юсуфни бермайман десам, алдаб олиб кетдинглар-а... – деди овози титраб. – Энди эса бўри еб кетди деяпсизлар... Аллоҳдан қўрқмайсизларми, болаларим?
Болалар ўзларини оқлашга тушиб кетдилар, аммо ота уларни эшитмади.
Денгиз лол эди. “Юсуф? Унинг ҳоли не кечди?” – дея хавотирга тушди. У шуни ўйлаши билан ўзини Юсуфнинг тепасида кўрди. Суви қуриган қудуқда Юсуф оёқларини қучоқлаган кўйи ўтирар эди. Унинг юзлари ойдек порларди, қоронғу зиндон ойдин тун каби ёруғ эди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Денгиз тўсатдан бошқа маконда пайдо бўлди. Аввал бутун оламни қоплаган сув устида қанот қоққан бўлса, энди қип-қизил саҳро эди у юрган жойлар. Денгиз саҳро қучоғида мажнун каби эди. Нима учун келди бу ерларга – ўзи билмас эди. Саҳронинг тафти, саҳронинг жунувор қиёфаси ҳайбатли эди. Қумлар қип-қизил, қуёш қумлар узра хаёл суради. Осмонда бир парча булут йўқ. Ложувард. Саҳро маъюс, йўқ маъюс эмас, ўта донишманд эди. Ўта донишманд – ҳаяжонсиз ҳаяжонга тўла. Тўлқинсиз тўлқинми бу? Тиллари кўринмайдиган оловми бу? Недир бу саҳро? Қандай сирдир бу? Ястанган қум зарраларининг тилларими бор! Гоҳида “қилт” этган шабада йўқ – жимгина сукутга чўмган кенгликлар! Уларнинг хаёлларида не бор! Гоҳида жунуни қўзғалган мажнун каби саҳронинг вужуди ларзага келади – қаердандир келган бўрон шамоли қумларни осмон бағрига сочади. Қум зарралари ўз жойидан учиб бошқа жойларни ватан тутади. Бўрон чоғи саҳро ўрнидан тургандек, ўзини дарддан изтироб чекаётган бемордек ҳар ёққа ураётгандек туюлади. Бу нотинчлик сабаби не экан? Саҳрони музтариб қилган недир? Тунлари билан гуноҳ қилиб, кунлари Аллоҳнинг ерида Аллоҳнинг бандаларига тақовдор бўлиб кўринган одам сингари бўлса эканки, саҳро ўзини бу қадар азобга отса! Маъшуқанинг ҳижрони куйдириб, жигарлари эриб кетган ошиқми экан саҳро – ичидаги ҳаяжонни сиғдира олмай осмонларга сиғмай жўшса! Золимнинг зулмидан қон тупурган мазлум бўлдими саҳро – қайси оғриққа чидай олмасдан инграмоқда! Ёки зулми учун жаҳаннам фаришталари судраб кетаётган золим бўлдими экан саҳро – бир тутқунликдан қутулмоқми учун бу қадар фарёд!
Денгизнинг қулоқларига бир сас эшитилди. Бу аёлнинг саси эди. У атрофга боқиб сас соҳибасини излай бошлади. Кўрди – саҳронинг қоқ ўртасида бир аёл гўдаги билан елкалари силкиниб ўтирарди. Балки у йиғлаётгандир! Денгиз самога кўтарилди. Аёлнинг бошида айланиб чарх урди. Ҳақиқатан, аёлнинг бечораҳол товуши қайноқ саҳро бағрини тиғдек тилиб заиф янграаётган эди. Бола янги туғилган экан. Аёл болани қум устига ётқизди. Қуёш тиғидан гўдакни тўсадиган бир парча ҳам парда йўқ эди. Она уни ўз вужуди билан қуёшдан ҳимоя қилмоқч бўлди. Кейин яна болани кўтарди. Кўзидан ёши дувиллаб: “Сув!.. Роббим, сув...!” – деди. Аёл пичирларди, аммо унинг сўзларини Денгиз қалби билан ҳис этаётган эди.
Аёл баланд тепалик тагига борди. Бироз ўтирди. Бола йиғлади. Аёл ўрнидан туриб: “Ё Роббим, сув... Сув!” – деб йиғлаб нарига тепаликка қараб югурди. Онанинг оёқлари яланг эди. Товонлари ёрилган. Пойидан қумлар атрофга сочилар. У эса “Ё Роббим, сув... Сув!” – дея ўзи югургани тепалик бағрига келди. Аммо сув йўқ эди. Она келган жойига қараб югурди. Назарида, ўша томонда сув бордек туюлди. Ҳолбуки, сув эмас, сароб эди.
Аёл гўдагини кўтариб югуриб толиқди. Тиз чўкди. Боласини яна қум устига қўйди. Пешонасини ерга қўйди.
“Ё Роббим! Сенинг ҳар тақдирингга розиман! Бизга раҳм қил!..” – аёл ортиқ гапира олмади, ўзини тута олмай йиғлай бошлади. Гўдак оёқларини кўтарар ва қумлар устига заифона қўярди.
Денгиз она-болага ёрдамлашмоқ истарди, аммо чорасизлиги учун фақат чарх уриб уларнинг бошида айланди. Шу онда гўдакнинг товони остидан – саҳронинг кўксидан, қумлар бағридан сув фавворадек отилди. Аввал катта тезлик билан осмонга сапчиган сув кейин сокинлашди ва бир неча лаҳзада бир текис қайнашга ўтди. Бу булоқ эди. Булоқнинг суви атрофга ёйилиб оқди, сўнг кичик жилға ҳосил қилди. Шу жилғадан қайси манзилгадир қараб шошилиб юра кетди.
Аёл бошини саждадан кўтариб сувни кўриб: “Эй Иброҳимни пайғамбар қилиб юборган Роббим! Сенинг марҳаматинг чексиздир!” – дея ҳайқирди.
Денгиз бу ҳолдан ҳайратга тушди. Кўзлари оламни кўрмай қолди. Ҳайрат гўё унинг ақлини суғуриб олди.
“Қандай мўъжиза! Мўъжиза!” – дер эди у.
Кўзлари кўра бошлаган ўзини кичик қишлоқ узра эканлигини билди. У ўша сув қайнаб чиққан маконда, аммо энди кичик қишлоқ пайдо бўлибди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ниҳоят, кўрганлари барча хоналардан улканроқ хонага кирдилар. Хонанинг шифтлари ўта баланд ва гумбазли. Нақш ва безаклар бир-бирига ўхшамайди. Жамики ранглар шу хонага жамланиб порламоқда, гўё.
Хонанинг тўрида жавоҳирлар билан нақшланган, олтиндек ёруғ, кумушдек оппоқ, осмондек баланд тахт. Тахтда юзидан қуёшдек нурлар порлаб Одилбой ўтирган эди. Хадича: “Дадаси!” – деди ҳайрат ва севинчи қоришиб. Одилбой қўли билан: “Кел!” – деб ишора қилди. Хадича югуриб эрининг ёнига чиқиб ўтирди. Одилбойнинг юзлари тиниқ, ажинлар йўқ, елкалари кенг, эгнида ўзига беҳад ярашган ўта қимматбаҳо либос. Хадичанинг кўзига эри янги куёвлигидан кўра ёшроқ, ёқимтойроқ ва муҳаббатга тўлиб-тошган ҳолда намоён эди.
Ўта ёқимли куй янгради. Қаср басавлат ва гўзал инсонлар билан тўлди. Улар орасидан чиқиб келган Усмон тахтга қараб юраётган эди. Хадича кўзлари чақнаб: “Болам! Ўғлим!”, – деди. Усмон тахтга чиқди, ота ва онасини қучоқлади, пешоналаридан ўпди. Усмоннинг ортидан эргашиб келган икки келишган ёш йигитлар қўлида олтин тож кўтарган эдилар. Усмон қуёшдан ҳам порлоқ ва ойдан ҳам гўзал, гулдан ҳам жозиб бир тожни олди ва аввал отасининг, сўнг иккинчи тожни онасининг бошига кийдирди.
Хадича қалбининг сармастлигини, бутун вужуди ҳаловат билан тўлганлигини идрок қилди. Борлиғининг ҳар бир ҳужайраси тилга айланиб, “Алҳамдулиллаҳ!”, – дер эди.
Хадича Аллоҳга тинимсиз ҳамд айтаркан, ўз овозини бошқа бир оламда эшитаётганини тушунди. Кўзларини очди: кўрганлари туш экан. Бироқ бу туш унинг учун ўнгида бўлган барча воқеалардан кўра равшанроқ туюлди. Шундан сўнг Хадичани ҳеч ким ғамгин ҳолда кўрмади. Айниқса, Одилбой ўз жуфти ҳалолидаги собитликдан ҳайратга тушди. Онаизор ҳар куни ўз иши билан бўлар, ибодатларини кечиктирмай адо этар, чеҳраси ёруғ ва барча билан сипо, улуғвор суҳбатлашадиган бўлди. Кўнгил сўровчиларга: “Роббимнинг синови, Аллоҳим муборак қилсин!” – дейиш билан чекланарди.
Байрамжон Усмоннинг ортидан кўп югурди, аммо Усмон олиб кирилган ичкарининг эшиклари қаттиқ ёпилган экан, очилмади, ҳа, вақтинча бўлса-да, очилмаётган эди.
“Аллоҳим! – Хадича бирор кун таҳажжудни канда қилмади. То ўғлининг қўлларидан туҳмат кишанлари ечилиб, озодлик нафаслари димоқларини тўлдирмагунига қадар тун ярмидан ошиб, субҳи содиқ вақтигача боши саждада, тил ва дили зикрда бўлиб, қўллари дуога кўтарилган эди. Кейин ҳам ибодати қойим қолди. – Умрим ғафлатда ўтди, ё Раб! Мен жоҳил ҳолда эдим, Сен мени ҳидоятга бошладинг, ё Раб! Бирор вақтим бўлмадики, Сенга исён этмаган бўлсам, Сенга итоат билан ўтказган бир лаҳзам топилса эди, ўзимни икки дунёда бахтиёр санар эдим, ё Раб! Жароҳатлар билан кўзларимни очдинг, бошимни саждага қўйдирдинг, қалбимни зикринг билан тўлдирдинг, ё Раб! Марҳаматинг қаршисида мендан муносиб бир амал қайдан бўлсин, ё Раб! Менинг сенга элтажак ҳадяларим Сенинг менга ато қилган иноятларинг олдида не бўлди, ё Раб! Қанийди, қошингда бу қадар шармандаликлар билан туришдан кўра япроқ бўлиб, хазонга эврилсайдим, ё Раб! Сенинг қошингда исёнлар тутунидан юзларим қорайди, бу уятдан ўзимни қайга қўйишни билмасман, ё Раб! Боламни зиндонларга солдинг, аммо кўрдимки, бу бало эмас, айни Сенинг марҳаматингдандир, ё Раб! Дилимни айрилиқ ва хавотир тиғи билан парча-парча айладинг, бу гўё азоб қиёфасида бўлса-да, изтироб билан тамсил этилган тавфиқингдир, ё Раб! Бутун коинотни, етти қат Ернинг остидан то етти қават осмоннинг устига қадар Сенинг раҳматинг қамраб олмишдир, ё Раб! Етти қат Ернинг тубидан етти қават фалаклар устига қадар Сенинг ҳукминг, илминг, ҳикматинг қоплаб олмишдир, ё Раб! Сендан бўлак юзланажагим йўқдир, ё Раб! Сендан бўлак сиғинажагим йўқдир, ё Раб! Ё Раб! Ё Раб! Ё Раб! Ҳолимга раҳм қил, мендан шафқатингни кўтарма, ё Раб! Сенга ҳар қандай таъмаларсиз ибодат этмак истайман, ё Раб! Фақат Сенинг ризойингни истайман, на дунё лаззати, на охират нажоти эмас, Сенинг розиман бандам деган нидойинг учун Сенга итоат этмак истайман, ё Раб! Қалбимни, вужудимни шу қадар холис ва пок айлаки, пешонамни саждага фақат Сенга бўлган итоат олиб борсин! Ё Раб! Ё Раб!

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Хожа буйруқларни бераркан, хизматкор ҳар бир сўзни хотирасига михлаб олаётган эди. Хожанинг чап кулранг кўзи ғалати чақнар, ўнг кўзи эса аллақаёқларга қараб турарди. Хизматкор амрни олгач, энг улуғ ишга шайлангандек қуллуқ қилди:
– Айтганингиздан аъло қиламиз, хожам.
– Аъло эмас, айтганимдек қил! – хожанинг овози ўта мулойим, лекин илондек чақувчи янгради. – Денгиз ўлиб қолмасин. Уни бу қадар оддий ўлдирмайман. У менинг пойимга йиқилиши, оёқларимни ўпиши ва амрларимни бажариши шарт. У бу азобларга тоқат қилмайди. Нимани амр қиласизлар, бажараман дея қайта-қайта сўрайди. Аммо сўзига асло эътибор қилманглар. Ўзим сени ҳузуримга чорлайман. Сўнг нима иш қилиш зарурлигини айтаман.
Хожа жиддий сафарга тайёрланаётган эди. У денгизлар бўйлаб кемада бир манзилга отланмоқчи. Хожа ер тепаси биринчи қават осмон билан иҳоталанганини, атрофи эса баланд тоғлар билан ўралганини билади. Ернинг у бурчидан бу бурчига тинимсиз – кечаю кундуз юрган одам олти ойларда етиб боради. Аммо ҳар томондан фақат баланд тоғларга учрайди. Бу тоғлар сувлар ичидан қад ростлаган. Улар чегаралардир. Ҳали ҳеч бир махлуқ ундан кесиб ўтмаган. Шайтонларнинг айримлари бу чегарадан ўтиши мумкин, аммо аксар ҳолларда улар бу жиноятлари учун ўлдириладилар. Ер катта-катта беш парчага бўлинган. Бу парчаларнинг ҳеч бири тупроқ билан уланмаган. Ана шу беш парчанинг барчаси тўлқинли шўр сувлар қучоғида. Бу сувлар ҳайқириб, ўкириб, тўлғониб ётади. Зериккан вақтларида ўрнидан туради. Худди изтироблар чангалида қолгандек, ичини бир дард ўртаётгандек ҳар томонга ўзини уради. Буни кўрганлар даҳшатга тушиб, денгизда тўфон кўтарилди дейдилар. Тўфон чоғларида уммонда юрмоқ имконсиз. Кемалар сувнинг кафтида хасдек бўлиб қолади. Одамлар сув қаърига чумолидек сассиз чўкадилар.
Сувнинг ўзи буюк илм. Унинг сокинлиги ва мавжга кириши, ташқаридан қаралса, худди тартибсиздек, сув бебошлик билан ҳар томонга ўз бошини ураётгандек ёки урён танасини тўрт тарафга отаётгандек, аслида, ундай эмас. Унинг ҳам тўлқинида қонуният бор. У ҳам муайян муддатларда қўзғалади. Унинг ҳисоб-китобини олиш эса беҳад қийин. Сувнинг тилини тушунмоқ мушкулдир, зотан.
Хожа сувга чиқишдан авваллари қўрқарди. У бу қўрқувни енгишга маҳкум эди. Зотан, у ҳузурига бориши лозим бўлган бир Кўзли сувнинг ўртасида яшайди. Шундан кейин сув ҳаракатларини йиллар кузатди, сувнинг қай чоғда сокин тортишию қандай пайтларда жўшишини тахминан билди. У бир Кўзли ҳузурига бориш учун бугун кемага чиқади.
Кема денгиз бағрида равон сузиб кетди. Барча елканлар кўтарилган. Кеманинг ранги қора. Хожани бир неча юз жинлар, ажиназодалар қўриқлайди. Юзта шайтон кема узра қанот қоқади, кема саҳнига қўнади, яна учади. Уларнинг барчаси қуролланган.
Кема ўн уч кун сузди. Ўн тўртинчи кун атрофни қоронғулик қоплади. Ҳа, куппа-кундузи тўсатдан зулмат пардаси борлиқни ёпгандек бўлди. Бу манзилга етиб келганларининг далолати эди. Борлиқ-жавониб қорайди, аммо кўз ҳар бир нуқтани илғайди. Тўлқинлар тинди. Бир томонга қараб оқа бошлади сув. Кема ҳам оқимга тушди. Сув гўё бир чуқурликка оқиб тушиб кетаётгандек...
Ҳақиқатан, сув улкан ўрага қараб чопмоқда эди. Уммоннинг суви остини кўз илғамайдиган чоҳга қуйилар ва қаерга бориб тушиши ақлга қоронғу. Хожа кемадаги барча елканларни кўтартирди, у кема бор шиддати билан сузишини истади. Кўз юмиб очгунча кема сув ютилаётган чоҳнинг ўртасига бориб тушди. Тошдек шўнғиди. Аммо ағдарилмади, балки таги билан пастга қараб учди.
Орадан ўтган муддатни ҳисоблаш имконсиз эди, кема пат сувга қўнгандек қўнди. Бу остидаги денгиз эди. Осмон кўринмас, балки фақат зулмат. Зулмат ичида “йилт” этган нур йўқ. Нурсиз бир хиллик. Кулранг, қора ранглар қоришиб кетган. Сув жимирлайди. Сукут бутун оламни қоплаб олган.
Қоронғуликда дақиқаларни санаш, соатларни аниқлаш мураккаб – кема узоқ сузди. Рўпарада баландлик кўринди. Орол. Кеманинг учи орол соҳилига урилди. Қизиқки, катта кемалар асло қирғоққа қадар бора олмайди, чунки чўкиб қолади, аммо бу ерда ундай бўлмади. Орол соҳили гўё тубсизликдан тикка бунёд бўлгандек.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ўз нафсини енгиб, уни Роббал оламийнга таслим қилган бирини Аллоҳ йўлбошчи бўлишини ирода этади. Сўнг уни тарбиялайди: турли синовларга дуч қилади, машаққатлар ичида суздиради, ҳавойилик, хаёлпарастлик, шошқалоқлик, қўрқоқлик, заифлик, дангасаликдан қутқаради. Шу тариқа танланган бандада ўз нафсини усталик билан идора этиш малакаси пайдо бўлади. У уйқусини ҳам, овқатини ҳам, жинсий истакларини ҳам, ичидаги мақтанчоқлик ва каттатарошликни ҳам бошқаради. Ўз вақтини ўзи тақсимлайди. Ўз вақтини фақат хайрли амалларга сарфлайди. Унинг бу қатъияти бошқаларни унга етаклаб келади. Аммо у талабни бошқача қўяди: “Аввал нафсингизни Аллоҳга таслим қилинг. Аллоҳ йўлида яшаш учун онт ичинг. Аллоҳ йўлида экансиз, бандаларга асло енгилманг. Бандага ҳаддан ортиқ муҳаббат қўйманг. Зотан, инсон ожиз яратилгандир. Ярим коса таом, бир бурда нон, бир пиёла сув бўлмаса, ўлади. Йўқ, инсон нафас – ҳаво етмай қолса, ўлади. Унинг тириклиги бир ҳўплам ҳавога боғланган. Унинг вужудини ҳаво билан тик тутиб, таом, сув билан қувватлантириб қўйган Зотга таслим бўлинг, ўзингиз каби махлуқларга эмас. Аллоҳ оламни сабаблар устига қурди. Чунки Унинг бир исми ал-Мусаббибдир. Ҳар бир инсон ҳидоятга Аллоҳнинг марҳамати билан юзланади, аммо иймони комил бўлиб, собит мусулмонга айланмоғида солиҳ инсонларнинг хизматлари шартдир. Аллоҳни таниган солиҳ ва оқил инсоннинг зиммасида бир юк бор. Бу бурчдир, қарздир. Унинг ҳидоятлангани учун Аллоҳдан қарздор ва унинг олдида бурчли. Қарзи шуки, энди у бошқаларга ҳам Аллоҳни танитмоғи керак. Ўзгаларни ҳам комил иймонга чорламоғи лозим. Бу амалнинг бир маъноси Роббисига бўлган шукрона изҳори бўлса, иккинчи маъноси одамзодга бўлган раҳму шафқат намойишидир. Зотан, Роббисини танимаганларнинг барчаси даҳшат ва фожиа ичида яшайдилар. Аллоҳга қул бўлмаган ўз ҳолича қолмайди, у, албатта, шайтонга ва нафсига қулдир. Бу тарзда яшаб ўтмоқ, умрни бу ҳолда совуриб юбормоқ охират ҳисоб-китобини билганлар учун аламли, изтироблидир. Улар инсониятнинг борар манзили маҳшар эканлигини кўриб, ўзи қатори ўзгаларнинг ҳам нажот топмоғини истайди. Мен ўзим солиҳ эмасман, лекин биргаликда солиҳ бўлсак! Биргаликда Аллоҳнинг раҳмати томон бирга борайлик!”
Ана шу одамлар йўлбошчидирлар. Улар ўлимдан қўрқмайдиган, мақсадлари йўлида жонлари ва ҳаётларини фидо қилган инсонлардир.
Уларнинг қалблари лолақизғалдоқ барги каби латифдир. Йўқ, лолақизғалдоқ баргидан кўра латиф, балки янги туғилган чақалоқнинг нафаси янглиғ пок ва ҳарирдир уларнинг қалблари.
Улар хиёнатлардан узоқ, садоқатда собит, фожир ва фосиқларни бир лаҳзада танийдиган инсонлардир.
Улар дўстлар олдида хокисор, душманлар қошида шердек қўрқмас, йўлбарсдек ҳужумкордирлар.
Улар зулм қилмаслар. Зулмга рози бўлмаслар. Золимни қўллари кишанли ҳолда даҳшатга соладилар, мазлумларни умидсизлик чоҳидан ишонч самолари томон олиб кетадилар.
Аллоҳ то сўнгги пайғамбарини Ер юзига юбормагунча минглаб элчиларини йўллади. Уларнинг барчалари инсонларни нажотга бошламоқ учун келдилар. Ҳар бир набий йўлбошчи эди. Аллоҳ таоло танлаган, тарбиялаган, гуноҳдан холи ва маъсум раҳнамо эдилар.
Инсониятни чиндан ҳам покликка, улуғликка, бахтиёрликка, абадий саодатга етаклашни истаган одам, шубҳасиз, пайғамбарларнинг ҳаёт йўлларини танишлари, билишлари шарт. Ҳақ йўлдагиларга келадиган синовлар, пасткашларнинг ёвузликлари, матонат, жасорат ва собитлик дарслари Аллоҳнинг элчилари босиб ўтган йўлга ёзилган. Бу битикларни ўқимаган инсон софдил йўлбошчи бўла олмайди.
Денгиз Хористон халқини нажотга етаклаши керак эди. Демак, у Аллоҳнинг элчиларини яхши таниши керак. Демак, у худди набийлар каби кўпдан-кўп азоб ва уқубатларга учраши ўта табиийдир.
Денгизга Аллоҳ икром қилаётган эди. У ўнг аралашган тушида ёки туш аралаш ўнгида пайғамбарлар ҳаётига гувоҳ бўлди.
Денгизнинг ўгай отаси, айни пайтда қамоқда ўтирган Исмоил унга гунглар тилида кўп ҳақиқатларни айтиб берди. Ҳолбуки, насиҳатлар ва қиссаларнинг ўзи етарли эмас. Ваъзлар, тушунтиришлар, изоҳотлар, шарҳлар инсонни синовларга ҳам тайёрлайди. Бошга тушажак қийинчиликлардан ёруғ юз билан ўтиш дастурини тақдим қилади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 27-bob (2-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

– Сенинг бу тилинг кўп балоларга гирифтор қилади, Усмон, ишон, менга, – деди яна опер. – Сен муроса қилишни бил. Дипломатияни ўрган. Камерада намоз ўқияпсанми?
– Ҳа, ўқияпман, – деди Усмон.
– Ўқимаслик керак эди! Қамоқда намоз ўқиш мумкин эмас! – қатъий таъкидлади опер.
– Нима учун мумкин эмас? – ҳайрон сўради Усмон. – Жиноят ижро кодексида ҳар бир маҳбус, маҳкум ўзи истаган диний расм-русумларни бажариши мумкин деб ёзилган-ку!
– Аммо бу модданинг давоми ҳам бор, – деди Азамат. – Давомида жазони ижро этиш муассасасининг тартибини бузмаслиги керак дейилган.
– Қандай тартибни буздим? – Усмон асабийлашди. – Қандай тартибни! Ўзи икки ракат ўқисам, шу тартиб бузишми?
– Албатта, тартиб бузиш ҳисобланади, – деди опер. У ортиқ суҳбатни давом эттиришни истамаётганди. Опер Усмон билан гаплашиб бўлмайди деган хулосага келди. Индамай учта қоғоз узатди. – Мана, ол. Бўлган воқеани ёз.
Опер тушунтириш хатининг илк хатбошисини ўзи айтиб турди, қолганини Усмоннинг ўзи ёзди. Ортиқча сўроқ-жавобсиз Усмонни – подвалга, ШИЗОга олиб тушиб кетишди.
У ерга фақат бир дона матрас билан кириларкан. Одатий камералардан бироз кичик хона экан. “Решкаси” жуда ҳам тор. Иссиқ ва дим. Димоққа қуруқ цемент ҳиди уради. Унга нажосат, сийдик иси ҳам аралашган. Шифтларнинг бурчакларида ўргимчак тўри.
Ичкарига кираркан, Усмон бу ерда яна бир маҳбус борлигини билди. Маҳбус анча кундан бери ётибди, шекилли, соқоли ўсиб кетибди.
Кўз ўргангач, хонани бемалол кўздан кечириш имкони бўлди: тўрт томони бетон, бир бурчакда унитаз, унинг тепасида сув жўмраги. Деворга маҳкамлаб қўйилган ётаржойлар. Ташқаридан бу ётаржой тушириб бериларкан.
Бир соат икки маҳбус ҳам жим ўтиришди. Усмоннинг негадир ҳеч ким билан гаплашгиси келмасди. Лекин шеригининг чеҳраси ёруғ эканлигини билди. Сукунатни шериги бузди:
– Исмингиз нима, укам? – деб сўради.
– Усмон.
– Маа шаа Аллоҳ, гўзал исм, биродармисиз?
Усмон нима деб жавоб беришни билмади. У ҳали “биродарлик” ҳақида яхши билмасди. Лекин қалбидан “Ҳа” дейишни истади. Ҳа деди.
– Аллоҳим ҳақда собит қилсин! – деди шериги. – Менинг исмим Фозилжон, етти йил бўлди ўтирганимга, алҳамулиллаҳ.
– Омин, – деди Усмон. Фозилжон деган исмни эшитгач, бирдан хаёлига Саломиддин келди, Саломиддинга ёрдам берган Фозилжон ака шу инсонми деб ўйлади ва дарҳол сўради: – Сиз Саломиддинга ёрдам берганмисиз? Хоразмлик Саломиддин? Ўзингиз Боғқишлоқдансиз!
Фозилжон ака буни эшитиб ўрнидан туриб кетди:
– Субҳаналлоҳ! Сиз Саломиддинни қаердан танийсиз? Боғқишлоқни қаердан биласиз?
– Сиз мени танимайсиз, аммо Сизни мен танийман, – деди Усмон.
Интизом бўлинмасига, яъни ШИЗОга тушган маҳбусларнинг вақтлари баракали бўлади, Усмон ва Фозилжон ака узоқ суҳбатлашишлари учун бутун бошли бир неча кунлари бор эди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Усмон ходимнинг гапларини эшитиб турди ва у билан баҳслашиш имкони йўқлигини, бирор ҳақиқатни тушунтириш мумкин эмаслигини англади. “Хўп”, – деб тасдиқлади.
– Режимга риоя қил, – давом этди ўгит беришда “корпусной”. – Мен корпусдаги тарбиявий ишларга, хўжалик ишларига масъулман, режимга режимник қарайди. Биз сенга тавсиянома берамиз. Ўзингни намунали тутсанг, яхши тавсиф берамиз. Афвнома ёзсанг, шунда бу жуда асқотади.
Усмон бош қимирлатиб ўтирди. “Корпусной” ёмон одамга ўхшамади, бирозда сўнг кетишинг мумкин деб изн берди.
Икки кун ўтди.
Кунларнинг ўтиши бир хил эди: маҳбусларнинг оғзи тинмайди. Бир-бирига гап бермай вайсашади. Уларнинг сўзларини тинглаган одам, агар ишонса, юртнинг энг сара болалари қамалибди дейди. Аслида, аксари алдоқчи ва фирибгар бўлиши Усмонга энди кундай равшан эди.
Камдан-кам ҳолларда зиддият чиқади, аксар гап-сўзлар ғийбатдан иборат эди. Айрим камераларда шахмат, шашка ўйнайдилар, айримларида домино. Бу сергапларнинг ҳар бири юзига синчков қараган одамнинг эти сесканади: сўниб қолган кўзлар, умидсиз боқаётган нигоҳлар қорайиб кетган қалбларнинг намойиши эди, гўё. Уларнинг суҳбатларининг асосий қисми фаҳш ҳақида. Усмон уларнинг гапларидан ўта зерикди.
Учинчи кун камера эшиклари очилди ва назоратчи пайдо бўлди:
– Одилов, полний с вешами! – деди. Бу халта-хуржун ва лаш-лушларингнинг ҳаммаси билан чиқ дегани эди. Усмон матрасларни йиғиштирди, “тара-миска”сини олди, қошиғи йўқ эди, қандай келган бўлса, шундай йўлакка қараб юрди, “мужик”лар билан хайрлашди.
Назоратчи ортимдан юр деб уни ўртадаги панжара тўсиқдан нариги ёққа олиб борди ва 487 деб ёзилган камерага рўпара қилди.
– Деворга қараб тур, – назоратчи шундай деб камера эшигини очди.
Янги камера – янги муҳит.
Бу ерда ҳам беш киши бор экан. Дониёр дегани уларнинг ичида ақлли туюлди. У жуда ўзини хотиржам тутиб, сипо кўринишни қойиллатаркан. Усмон улар билан тезда саломлашди, очиқ чеҳра билан суҳбатлашди.
– Сен “пихота”мисан? – деб сўради Дониёр. Тасдиқ жавобини олгач деди: – “Биродарлар”ни одатда “пихота”лар билан қўйишмайди, сен “строгий” “хата”дасан. Бу ерда ҳамма учинчи ё тўртинчи “ходка”га келяпти.
– Ҳа, бу бола ҳам “паражнак” эмас, шекилли, – деди тепа “шконка”да ўтирган бири.
Усмон бу илтифотга ортиқча эътибор бермади.
Ёз бўлгани учун барча камералар иссиқ эди. Тоштурма бинолари қуёшга тескари қурилгандек: шарқдан ғарбга узунасига тушгани учун қуёш унинг устидан ўтади, деразалардан жуда кам нур киради. Аммо шу кунларда хоналар дим. Иссиқ. Шунинг учун маҳбуслар назоратчилардан эшик қорнига ўрнатилган “кармушка” – дарчани очиб қўйишни сўрашади. “Кармушка” “кормит” – боқиш сўзидан олинган дейишади, бу бежизмасдир, чунки бу дарчадан маҳбусларга овқат киритиб берилади.
Бу маҳбусларнинг ўзини тутиши аввалги камерадагилардан фарқ қиларди, албатта. Учинчи ва ундан кўп марта қамалаётган одамларнинг ҳаракатларида қамоқ ҳаётидан эзилиш билан бирга қўл силташ, шунингдек, яшаш учун кураш бирлашиб кетган эди. Уларнинг қиёфасида ғалати-ғалати зиддиятлар намоён – ҳаёт расво бўлди деган умидсизлик ва ўзим учун энг қулай шароитни шу ерда ҳозирлашим керак деган енгиб бўлмас истак!
Куннинг турли қисмларида маҳбуслар навбати билан сайрга олиб чиқилади. Сайргоҳнинг тепаси одатда, очиқ бўлади. “Овул” бешинчи қаватидаги сайргоҳлар пастдаги камералардан бироз каттароқ. Тепа оддий шифер билан ёпилган, аммо шифтга шифердан пастга сим тўр тортилган. Деворларга ҳар хил ёзувлар ёзиб ташланган. Ўн-ўн беш дақиқа давом этадиган маҳбусларга тоза ҳаводан симириш имконини беради. Оёқ чигалларини ёзиб, биринчи қаватдан бешинчи қаватга кўтарилишади.
Усмон бирор киши билан ортиқча гаплашмасди. Лекин Сарвар исмли бири Усмонга кўп қочирим қила бошлади. Тилидан диний маҳбуслар ҳақидаги сўзлар тушмай қолди. Аввал уларга қилинадиган зулмлардан гапирди:

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Усмон сал ичкари кириб, юкларини ерга қўйди. Маҳбуслар “шконка” деб атайдиган, айрим ҳолларда расмийлар “койка” деб атайдиган икки қаватли, темирдан ишланган учта ётаржой хонанинг асосий жиҳози эди. Битта “шконка” рўпарада, иккиси икки ёнда. Рўпарадаги шконка тепасида маҳбуслар “решка” деб атайдиган камера деразаси бор. Деразага икки қават қалин темирлардан ясалган панжара ўрнатилган. Ўртасида эса уч қарич бўш жой бор. Ана шу бўш жойга маҳбуслар қишу ёзда егуликларини қўйиб сақлашади. Ташқаридан ҳам бу деразалар ёпилган, аммо бу мутлақ эмас, ерга қараган узун-узун темирлардан ясалган панжара бу. Ташқарини кўриб бўлмайди, фақат ерни кўриш мумкин.
Камерада – ҳужрада тўрт маҳбус ўтирибди. Бири тахминан қирқларни қоралаган, тўладан келган, истараси иссиқ бир одам. Иккиси ёшроқ, Усмон билан тенгдош, бўлса бир-икки ёш катта ё кичик. Яна бири эса ёши элликлардан ошгани сезиладиган қориндор, сочига оқ оралаган кексароқ киши. Усмон уларга бир қарашда бирор манфий ҳавони ҳис қилмади.
Маҳбуслар тоштурма камерасига киргач, одатга кўра, албатта, қўлини ювиши керак. Усмон ҳам қўлини ювди, гарчи маҳбуслар орасида “Салам, мужики”, – дейиш оммалашган бўлса-да, ҳаммага қарата: “Ассалому алайкум”, – деди.
– Кел, мужик, – деди рўпарадаги “шконка”нинг пастида ўтирган майкачан йигит. Унинг бўйи ўрта, бурни қирра, сочини учбурчак қилиб олдирган эди. – Ўтир.
Усмон ўнг томонадига “шконка” чўкди.
– Исмим Усмон, – деди.
– Ҳа, меники Тарен, – деди унга биринчи бўлиб илтифот қилган майкачан. – Бу Боҳо, бу акамиз Дилмурод, бу эса Ихволдин ака. Иккита ўрин бўш – қайси бирига ётасан?
Усмон қаради ва ўзи ўтирган “шконка” тепасига чиқишини айтди. Аввал матрасларини қўйди, кейин ўзи чиқди.
Ётаржойини тайёрлаб пастга тушди.
– Порядочний мужикка ўхшаяпсан, чифир кўтарсак бўлади, менимча, – Тарен шундай деб чой қайнатишга киришди.
Бироз ўтириб Усмон тартиботни тушунди: беш маҳал овқат берилади, эрталаб киши бошига биттадан буханка нон, тухум, туз, қуруқ чой, туш пайти шўрва, кечки вақт ўрик қоқисининг қайнатилгани, қовурилган балиқ.
Ўтирганларнинг ҳар бири ўзини жиноятчи деб билмаслигини айтди. Таренга туҳмат бўлган, етти юз грам “оқ кукун”ни унинг уйига ташлаб қўйишган, Ихволдин ака эса ишхонасидан бўҳтонга учраган, Дилмурод ака тўрт йилдан буён қидирувда бўлган. Жуда ҳам беозор иш билан шуғулланган: ташқаридан улов олиб келиб сотган, ёлғиз айби – “растаможка”сиз қилган бу ишни. Боҳонинг иши ўта оддий – Сергелида “толпа”га кириб қолган, шунчаки, кўчада болалар билан келиша олишмай “разбор”лашиб туришса, муштлашиб кетишган, кимдир пичоқ ишлатган, кимдир яраланган, милиса келиб ҳаммасини босиб олиб кетган.
Усмон кун бўйи жуда ҳориган эди.
Аммо аср ва шомни ўқиб олиши зарур. Ўрнидан туриб: “Қибла қаерда?” – деб сўради.
– Намоз ўқимоқчимисан? – ҳайрон бўлди Тарен.
– Ҳа, – деди Усмон.
– Қибла мана бу томонда, – қиблани кўрсатди Тарен. – Аммо қандай ўқийсан? Ҳеч ким бу хатада намоз ўқимайди.
– Аллоҳ буюрган фарзни беш маҳал адо қилишим керак.
Усмон шундай деб “шконка” устида қиблага қараб қулоқ қоқди. Зулм остида бўлган одам намозларни қаср қилади, суннатларни эса ҳолатига қараб ўқийди деб эшитган эди.
Намоздан сўнг бироз ёнбошлаб ётай деб ухлаб қолди. Қанча вақт ўтди, билмади, кимдир туртганида уйғонди.
– Проверка, тур, мужик, – бу Тарен эди.
Текширув бошланди. Беш нафар навбатчи-назоратчи милисалар фамилияларни ўқишди.
– Янгимисан? – сўради бири.
– Ҳа, – деди Усмон.
– Соат ўндан кейин отбой, эрталаб соат олтида подём, кирларинг, саволлар? Таклифлар? Йўқми? Марш! – деди назоратчиларнинг каттаси. Каттаси экани аниқ эди, ўзини тутиши шунга далолат қиляпти.
Текширув тез ўтди. Камерага қайтиб кирдилар. Усмон “шконка” устига чиқди ва тезда ухлаб қолди.
Одатда, янги келганлар учун қўпол ҳазиллар бўларди, қамоқ ҳужраларида чироқлар ўчирилмайди, йигирма тўрт соат ёқиқ туради, шунинг учун янги маҳбусга: “Чироқни ўчир. Дам оламиз”, – дейилади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

“Давлат учун жонни бериш керак, давлат менинг ғоям, давлат менинг мафкурам, давлат менинг бору йўғим” – деб баралла айтадиган ходим эди Азамат. У ҳар бир иш қонунга кўра бўлиши шарт деб ҳисобларди. Қонун тарафдори бўлган бу ходим зарур ўринда куч ишлатиш жуда ҳам фойдали деб ишонади.
Унинг маҳкумларга муомаласи жуда мулойим, жиддий бўлади, жуда кўп ҳолларда энг тажрибали “страгач”, “чириган” маҳбуснинг “ўйинлари”, маҳбуслар тили билан айтганда “мутлаштириши”ни жуда тез ва дақиқ фаҳмлар эди, ҳар бир маҳбусни эринмай соатлаб эшитарди, унинг гапириши эмас, балки маҳбуснинг гапириши жуда қизиқ эди. Маҳбусга яхши сўзлаб, тўлиб-тўшиб сўйлашига шароит қилиб берарди. Маҳбуснинг ёлғонлари ва рост гапларини хотирасига муҳрлаб, муносабат билдиришда сира шошмасди. Сўнг бир фурсат топгач, ёлғончи маҳбусни аямай дўппосларди, дўппослаш услуби ҳам, унинг ўз таъбирига кўра профессионал бўларди, “карате”ча тепиш билан тепар, аммо ғазабга тушмасди. Унинг кулиб туриб уриши маҳбусларни қўрқитарди. Маҳбусларни қўрқитиш жуда катта маҳорат эди, аслида. Чунки қамоққа ўрганиб олган маҳкум истаганча ўйинлар уюштириши мумкин эди.
Азаматнинг энг қизиқ обектлари диний маҳбуслар эди.
Махсус тартибга кўра барча тезкор ходимларга қамоқдаги диний маҳкумлар тақсимлаб берилади. Улар “ўз” маҳкумлари билан тарбиявий ишлар олиб борадилар. Азамат ўз “обектлари” билан чуқур ва ҳар томонлама ишлайди. Унингча, диний радикал, терорист, давлатни дин асосида бошқариш керак деган маҳкум, ҳақиқатан, хавфли. Чунки давлат фақат дунёвий асосда идора этилиши лозим. Азамат: “Дин эскиликдир, аммо унинг бугунги кунда ҳам аҳамияти бор”, – деб ишонади. “Диний шариат бошқаруви тарихда актуал бўлган. Ҳозир бу масалани кўтариш ўта мантиқсизлик, дин инсонлар эҳтиёжининг ҳамма жиҳатларига жавоб беришдан ожиздир, одамлар ерда эркин яшашлари учун осмон қонунларига итоат қилмасликлари керак”, – дейди у.
Мана шу қарашлари ўта мустаҳкам бўлгани учун опер ўз ишининг мутлақ тўғри эканлигига шубҳа қилган эмас. Отаси ўқитувчи бўлган, бобоси биринчилардан бўлиб коммунистлар сафига ўтганлардан экан. Бобосининг касби ўз замонасида аравакашлик бўлган. Отасининг айтиб беришича, бобоси ўрис амалдорларига аравакашлик қилган илк ўзбеклардан эди.
Генерал-губернатор фон Кауфман: “Маҳаллий аҳолидан ҳам кимдир бизга хизмат қилсин, аравамизни ҳайдасин!” – деган. Ўша пайтда Азаматнинг бобоси ёш йигит бўлган, етим эди, уни суҳбат билан ишга олишади, кимсан “ярим пошшо”нинг аравакаши саводсиз бўлмасин деб рус-тузем мактабида ўқитиб ҳам олишган. Бу мактабда йигит ўрис тилида равон гаплашишни ўрганиб чиққан.
Ҳарқалай, Кауфманга аравакашлик қилишнинг фойдаси кўп бўлган: йигит уйланган, уй қурган, ўрислар юртида чиқадиган газеталарни ўқиган, жуда сиёсий ҳушёр одамга айланган. Сиёсий ҳушёрлик ҳаммасидан аҳамиятли чиқди: пошшо ҳукумати 1917 йил ағдарилди, бу воқеани тарихда октябр инқилоби деб айтишган, аслида, Николай иккинчи тахтдан кетгач, укаси Фёдор ҳам пошшоликдан бош тортгач, тузилган муваққат, яъни вақтинчалик ҳукумат раҳбари Керенский, уни Туркистон халқи Керсинка деб айтган, раҳбарлигида ишлаган. Кейин кузда сайлов бўлган. Сайловда Керенский ҳукумати ва Ленин тарафдорлари қатнашган. Айрим тарихий ҳужжатларда сайловда Керанский ғолиб бўлган дейишади, Ленин эса давлат тўнтариши қилиб ҳукуматни эгаллаб олган, капиталистик ғоя ва пошшо тарафдори бўлган ҳаммани қатл қилган, Россияни нақ тўрт аср бошқарган романовлар сулоласини сўнгги вакилигача қолдирмай ўлдирган. Тириклари қочиб хорликда ўлиб кетишган. Бу воқеалар ўша вақтларда ўрисларнинг, жадидларнинг Оренбург, Петербург ва Қозонда чиқадиган газета ва журналларида ёритилган, аравкаш йигит жуда сиёсий ҳушёр бўлгани учун буларнинг ҳаммасини ўқиб борган. Билган.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ўн уч маҳбусни бир милиса қатор эргаштириб бинога олиб кирди. Бино жуда эски, аммо деворлари қалин эди. Эшиклари ҳам қўпол ва темирдан ишланган, подвалга тушиш эшиги, айниқса, қават-қават панжара бўлиб, электрон калит билан ҳам маҳкамланган экан.
Тоштурма ҳовлиси ўта гавжум эди, жазо ўтаётган маҳкумлар, улар қора либос кийган бўлиб, бу либоснинг номи “рўба” дейиларкан, хизматчи ходимлар ўз ишлари билан у ёқдан бу ёққа ўтар, ҳамма нима биландир банд, адвокатлари келган маҳбуслар қаторлашиб қўлларини орқасига қўйиб учрашув биносига кириб кетадилар, чўмилиш навбати етганлар эса қўлларида совун, шампунлари солинган халталар билан ҳаммомларга равон бўлмоқдалар.
Тўртинчи “овул”нинг биринчи қаватининг 488-камерасига қадар иккинчи ва ундан кўп “ходка” билан қамалганлар жойлашаркан, 489 дан бошлаб кейингиларда биринчи “ходка”лилар сақланаркан. Такрорий қамалаётганларнинг номи “страгач”, уларга “чириган” таърифи қўлланади, илк бор қамоққа тушганлар эса оғзидан перашка ҳиди кетмаганлар бўлиб, улар “пихота” ҳисобланади.
Усмонлар кирган жой овулнинг қоқ ўртаси экан, ўнг тарафга қараган йўлак камералар, чап тарафи эса “санчаст”, яъни тиббиёт бўлими экан.
Уларни беш нафар милиса кутиб олди. Одатда, янги келганлар синдирилиши керак, ўзбекона айтсак, шохлари синдирилиши шарт. Акс ҳолда, уларни қамоқхона қоидаларига кўниктириш қийин бўлиши мумкин, ҳар бир янги қайириб олинса, умумий муҳитни бузишга ҳеч кимнинг журъати етмайди. Бу ишни “ломка” деб атайдилар. Нима учундир Усмоннинг шерикларига “ломка” енгил бўлди, аммо Усмонни тергов қилишлари фарқли кечди.
Қўлида Усмоннинг маълумот ёзилган бир парча қоғозни тутган милиса – унинг бўйи баланд, суяги бузуқ, башараси совуқ, кўзлари ўлган мушукнинг кўзидек эди – қошини чимириб сўради:
– Фамилиянг?
– Одилов.
– Исм?
– Усмон.
– Одилов, статя?
– 159, 244.
– Ҳаа, сен хоинмисан? Давлат хоини?
Усмон милисанинг кўзига тик қаради:
– Хоин эмасман!
– Халифалик қурадиган терористмисан?
– Терорист эмасман!
– Ўўў! – гапга қўшилди бошқаси. У бўйи паст, қорин қўйган бақалоқ эди. – Духи баланд-ку! Сен хоинсан. Билдингми?
Усмон унга ўқрайди, аммо индамади. Суяги бузук, мушуккўз эса Усмонни эзишни истаётган эди:
– Оёғингни оч!
Усмон милиса ундан икки оёқлари орасини керишни талаб қилаётганини тушунди.
– Нима учун? – деди кўзи ғазабдан ёниб.
Мушуккўз тепишга шайлангандек оёқларини орқага олиб гапини такрорлади:
– Оёқларингни оч, хоин!
– Ташақ билан нима ишинг бор, мусор! – Усмон қутуриб кетди. Бундай жавоб зарбаси яқин-орада бўлганини бирор милиса эслай олмайди, жуда бўлса, “Бошлиқ, йўғ-е... Йўғ-е!” дейилиши керак бўлган бу ўринда милисага сенлаб жавоб айтиш мутлақо жасорат эди, аслида. Аммо бу жавоб қаршисида жим туриш энди мумкин эмас эди, мушуккўз белкуракдек кафти билан Усмонинг ўнг юзига тарсаки тортди, кучи кўп экан, Усмон чап тарафга ағдарилди, кўзларидан ўт чақнади, лекин у қадар ўзини йўқотмади, кўчада болалар билан муштлашиб юргани асқотди. Чап қўлига суяниб ўрнидан тура бошлади.
Воқеа шоҳиди бўлган маҳбуслар туш кўраётгандек қотиб қолган эдилар, милисалар дарҳол уларни олиб кетишди. Усмоннинг бошида икки милиса қолди, бири мушуккўз ва бири бақалоқ эди.
– Қани, кир бу ёққа! – уни тортиб “Назоратчи” деб ёзилган эшикдан ичкарига киритдилар. Хонада бир стол, чап тарафда сейф, ўнгда жавон, деворга осилган радио – овознигор бор экан.
Мушуккўз стол ортига ўтиб ўтирди. Ўша ерда дастаси бир қулоч келадиган, катталиги одам бошидек келадиган ёғоч тўқмоқ бор экан, шуни қўлига олиб, стол устига урди:
– Ҳа, гандон, зўрмисан? – деди.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Уларнинг ақийдасига кўра асл ўғри уйланмайди, унинг оиласи жиноятчилардир; кўчада уй сотиб олмайди, уйи – қамоқхона; ўзи учун жамғарма қилмайди, жамғармаси – “обшак”, қамоқ аҳлининг манфаатлари учун хизмат қилади. Ўғрининг ўнг қўли, ўринбосари “агалец”, кўз ва қулоғи “васёк”, у қамоқдаги бирор бўлимга тайинлаган вакили “сматряший”, бутун бошли бирор қамоқни назоратига қўйилгани – “палаженец”. Улар учун одам ўлдириш “макруха”, ўғирлик қилиш – маҳорат, алдаб пулини олиш – ақллилик, содда ва гўллик – “еб қўйиш”, аммо икки масалада кечирим йўқ, жазо бор – бири одам зўрлаш, яъни қиз бола, бировнинг аёли ва ёки болага жинсий тажовуз этган одам, албатта, бу оламда энг пастки табақадир, уларга одам каби муомала йўқ; иккинчиси “обижинний” дея аталадиган тоифа бўлиб, улар эркак бўлса-да, баччабозлик билан машғул бўлганлардир. Баччабозлик масаласида ўғриларнинг қарашлари икки хил: консерватив ўғрилар баччабознинг икки хили – заифи ҳам, зўравони ҳам жазога мустаҳиқ дейди, либераллари эса заиф баччабозларгина “обижинний”дир, улар зўравоннинг “хотини” мақомида деб бу ишни оқлайди. Кейинги авлод ўғриларининг аксари буни қабул қилди, уларнинг ўзлари бу ишни қилмайдилар, лекин қилганларга бирор итоб, жазо бермайди. Одатда, “обижинний” тоифалар бошқа “парядочний” “мужик”лардан ажратилади: уларнинг “тара-миска”сига махсус белги қўйилади, алоҳида турмаларда камераларда сақланади, очиқ қамоқларда алоҳида туркум – отрядларга жамланади. Кейинги даврда эса улар бошқа “мужик”лар билан аралаш яшайдиган бўлди.
Ўғрилар учун уйдан ўғирлаш каламушликдир, уй деганда қамоқ ҳам, одамнинг ўз уйи ҳам назарда тутилади. Каламуш сўзини “криса” деб айтишади. Бошқа мужикнинг нони, чойи, чекиши, оёқ кийими, қўйингки, бирор нарсасини олган бўлса, бу одам “криса” деб эълон қилинади, унинг қўли синдирилади.
Ўғрилар учун “святой” ҳам бор, бу ота-она ва оиладир. Ота-она ва оила масаласида улар ҳар кимни ҳурмат қилади. Суҳбатлар, ўзаро зиддиятларда ота-она ва оилага дахл қилинмайди. Ота-она сўкилмайди. Болалар хўрланмайди. Ота-онани ҳақоратлаган ҳар кимга қатъий жазо берилади.
Бир жиноятчининг ўғри бўлиши жуда мураккаб жараённи ўз ичига олади. Ўғри ўзи учун қамоқда янги қамалган ёш йигитни танлайди. Уни ёнига олади. У “агалец” деб эълон қилинади, у ўғрининг уйига кирадиган кам сонли “мужик” ҳисобланади. Унинг оиласи, қариндошидан ҳеч ким давлатнинг куч ишлатар тизимида ишламаслиги шарт, яна бир муҳим “вожибот” шуки, у ҳарбий хизмат ўтамаслиги, бирор марта ҳукумат топшириғини бажармаслиги керак. Бўлажак ўғри “честний”, “справедливий”, “жеский” бўлиши талаб қилинади. У ўғрилар қонунларини қатъиян ҳимоялаши, ўз жонини ўйламаслиги, фақат ва фақат жиноятчилар – мужиклар учун жон куйдириши керак.
Мужикларнинг бир-бирига ёрдамлари “греф”, “теплата” дейилади. Ўғри онда-сонда “греф”лар қилади. Бу грефлар нималардан иборат?
Масалан, қамоққа фоҳишалар келтирилади, чой ва чекиш тарқатилади, бир ҳовуч қуруқ чойни қайнаган сувга солиб чой дамлаш “чой кўтариш” дейилади; шунингдек, қорадори – наша ва кўкнорилар улашилади. Асосий ғоя – “мужик”лар кайф қилиши керак, уларнинг “кайф”ини бузиб бўлмайди.
Суд чоғи маҳбус ўтирадиган қафас “обезянка” дейилади. Яъни жиноятчи судни менсимайди, жазодан қўрқмайди, у судяларга маймун ўйнатади. Жиноятчини судгача ушлаб туриладиган қафас эса “тигрядник”дир, яъни унда “мужик” йўлбарс каби ўтиради.
Қамоқларда ўғриларга оид турли афсоналар айланиб юради. Маҳбуслар милисалар назоратида экан, ана шу афсоналарни хаёл қилишади. Бир-бирларига тамшаниб сўзлашади. Ўз кўзлари билан кўрмаган, аммо ўзлари каби ёлғончи жиноятчилардан эшитиб олган эртаклари “дед Ҳасан”, “Бахти кўккўз”, “Бахтишка”, “Салим ака”, “Нозим бухарский”, “Бохо” ва шу кабилар ҳақида бўлади. Уларнинг бу “қаҳрамонлари” гўё бутун Собиқ Иттифоқда машҳур, уларнинг сўзи ҳаммага ўтади.
Шундай қилиб, ўғри ўғрини тарбиялаб, уни “сходняк”ка – ўғрилар анжуманига олиб чиқади, у ерда унга тож кийдирилади – “коронават” қилинади. Ана шундан кейин жиноят оламида янги қонуний ўғри – “Вор в закон” пайдо бўлади.

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

SAHRO | Roman | 26-bob (2-qism)

✍️ Mustafo Yusuf
🎙Abdukarim Mirzayev

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Юсуф ўзини ортга ташлади:
– Хожам, Аллоҳга қасамки, мен хотингизга тажовуз қилмадим! Унинг ўзи мени тўшакка даъват қилди, мен истамадим, лекин ортимдан қувиб шу жойгача келди. Энди эса қутулиб қолиш учун менга туҳмат қиляпти! – деди ҳайқириб. Буни эшитиб уни ҳибсга олишга чоғланган мулозимлар тўхтаб қолишди. Азиз ҳам ҳовуридан тушди. Дам хотинига, дам Юсуфга қаради. Иккиланди.
– Иккинг ҳам ўзингни оқлаяпсан! Ё биринг, ё икковинг айбдорсан! – деди.
– Аллоҳга қасамки, мен айбдор эмасман, бу хотин сизга хиёнат қилди, хожам! – деди Юсуф.
Мулозимлардан бири азизга деди:
– Азиз, бу йигитни биз болалигидан бери биламиз, ўзинг ҳам биласан, – деди вазминлик билан. – Юсуфдан қулларга хос бирор тарбиясизлик намоён бўлган эмас. Ҳеч қачон ўзини қул каби тутмади, аксинча, бир аслзода сингари хушхулқ эканлигини кўрдик. Уни ҳибсга олиб зиндонга ташлаш ҳеч қандай машаққат эмас. Бироқ ҳақиқатни билайлик. Туҳмат билан бир бечорани жабрдийда қилмайлик.
– Қай бири ҳақлигини қандай аниқлаймиз, ахир? – деди азиз.
– Албатта, аниқлашимиз керак, – деди ўша мулозим. – Акс ҳолда, қалбингни шубҳа-гумон кемириб, сени адо қилади. Мана, қара, Юсуф мен қочдим, ортимдан хотин қувди деяпти, хотин эса Юсуф менга ташланди деяпти. Кел, иккисининг либосларига қараймиз: агар хотиннинг либоси олд тарафдан йиртилган бўлса, демак, бу қулнинг тажовузи, агар Юсуфнинг кийими орқадан юлиб олинган бўлса, бу хотиннинг аҳмоқлигидир.
Бу ҳукмни эшитиб хотин қўрқиб кетди. Чўчиб бурчакка тисланди. Азиз ва унинг икки мулозими хотинга бир муддат назар солдилар, хотин беихтиёр қўлларини орқага яширди, чунки у Юсуфнинг кийимидан юлиб олган парчани ташлаб юборишни унутган эди. Юсуф эса ортга ўгирилди, унинг либосидан бир парчаси йўқ эди.
– Сиз хотинлар фақат макр қиласиз! Маккорликдан бошқа ишингиз йўқ! – деди азиз.
Ҳамма жимиб қолди. Хотин бироз қалтираб турди-да, шахт билан юриб чиқиб кетди. Азиз унга бошқа бир оғиз сўз айтмади. Аммо мулозимларига қарата буюрди:
– Маслаҳатларинг учун ташаккур, энди хонадонимни тарк қилинглар. Бу сир шу ерда қолсин. Бу масалани ўзим ҳал қиламан.
Мулозимлар индамай таъзим бажо этиб, амрни бажаришди. Азиз хона тўрига қўйилган курсига ўтирди. Юсуфни қошига чақирди ва ерга ўтиришни буюрди.
– Юсуф, – деди ғамгин овозда. – Бўлар иш бўлди. Бу ишларни унут. Аёллар аҳмоқ ва ақлсиз бўлишади. Ўзларини бошқара олмайдилар. Лекин сен ўзингни қўлга олиб, менинг шарафимни асрабсан. Хотиним учун истиғфор айт. Илоҳингдан уни кечиришини сўра. Ўз ишингни қилиб юравер. Хотинимга айтаман, у сенга ортиқ бундай муомала қилмайди.
Денгиз бу воқеаларни томоша қиларкан, карахт бўлиб қолди. Денгиз ҳали уйланмаган, хотини йўқ, аммо бир эрнинг ўз хотини хиёнатини бундай кечириб юборишини тасаввурига сиғдира олмас эди. Ҳозир у лол эди. Чунки у ҳукумат ичидаги кўплаб эркаклар ўз хотинларини эплай олмай бегоналарга қўшиб қўйишларидан бехабар эди. Ҳаром луқма, гуноҳлар инсонни чўчқага айлантириб, ўз жуфтини рашк қилмайдиган ҳамиятсизга айлантиришини ҳали у билмасди”.
Байрамжон “Мозий” китобининг шу саҳифасига етиб келган эди.
У бу воқеаларни кўз ўнгидан ўтказиб, ҳар бир лаҳзани ҳис қилишга уринди. Денгиздаги ҳолни, унинг узлуксиз давом этаётган тушини қандай тушунсам экан дерди. Албатта, Байрамжонда басийрат – қалб кўзининг очилиши, бу кўз билан ўтмишга саёҳат қилиб, мозий ҳақиқатларини кўриш мумкинлиги ҳақида илм йўқ эди. Бутун оламни яхлит ҳолда тасаввуротга сиғдириш, тахайюл ойнаси билан ҳодисалар ҳақиқатини англаш иймонлиларга Аллоҳ тақдим қиладиган икромдир, аслида.
Усмоннинг қамоқда бошдан кечирганлари ва тарихда бўлган зулмлар қиёсланса эди, бу иккиси бир ҳақиқатнинг икки хил замондаги бир тажаллий эканлиги ойдинлашган бўлур эди. Зулмнинг зоти ўзгармас. Азобнинг таъмида фарқ йўқ.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Бир маҳал қудуқ қопқоғи очилди ва ичкарига қовға тушди. Кимлардир қудуқда сув бор деб гумон қилаётган ёки сув чиқиб қолар деб умидвор эди. Юсуф дарҳол қовғага ўтирди. Уни тортиб чиқарганлар донг қотиб қолдилар. Юсуф уларга жавдираб боқди. Қовға ташлаган қора қул экан. Унинг тили калимага келмай туриб туяда ўтирган бир одам: “Бу болани менинг қулим қудуқдан чиқариб олди, энди бу бола ҳам менинг қулим бўлади!” – деб шошиб бақирди.
Дарҳол қўлларини боғлашди.
Хўжайин: “Сен қулимсан, шуни яхши билиб ол! Агар исён қилсанг, ўлдираман!” – деди. Юсуф индамади.
Карвонда сотилиши керак бўлган қуллар кўп экан. Юсуфни ҳам уларнинг сафига қўйдилар. Карвон эса шимолга қараб юрди.
Денгиз Юсуфни бир лаҳза тарк этмади. У гўё Юсуфнинг хаёллари ичига ҳам кириб қолгандек эди.
Ўн кунлардан сўнг карвон Мисрга кириб борди. Карвон аҳли карвонсаройга жойлашди. Сотувдаги қулларнинг қўллари ечилди, аммо оёқларидан боғланган ҳолда махсус қамоққа жойлаштирилди. Юсуф ҳам уларнинг ичида эди.
Эрта тонгда қул бозорига кириб бордилар. Карвондаги қул савдогари ўз қулларини кўзга кўринадиган растага жойлаштирди. У жуда ҳам шошқалоқ, қизиққон одам экан. Юсуфни кўзга кўринадиган жойга қўйди.
Савдо бошланиб кетди.
Миср бозор беҳад гавжум: одамлар оқиб келади, уларнинг ичида ҳар хили бор. Қора, оқ одамлар, ҳарбийлар, тожирлар, саррофлар, ҳунармандлар. Деҳқонлар, амалдорлар... Қул ёки чўри олишни истаган борки, шу бозорга киради, ўзи истаган “товар”ни диққат билан ўрганади. Нарх сўрайди. Қул савдогарлари эса зўр бериб сотувдаги қулларини мақтайди: “Ўта меҳнаткаш. Соғлом. Касаллиги йўқ. Ёлғон гапирмайди. Ярим коса ёвғонга рози, олсангиз, пулингиздан кўра кўпроқ фойда топасиз!”
Бозорга қул оламан деб кирган ҳам, қул томоша қиламан деб қадам босган ҳам Юсуфнинг нархини сўрамай кета олмасди. Хўжайин эса жуда катта нарх белгилади.
“Бунинг гўзаллигини қаранг! Ундаги малоҳат тенгсиз!” – дер эди. Бироқ бу мақтовлар иш бермади, Юсуфнинг чиройига маҳлиё кўз солганлар унинг танасига, қўлларига қараб, ҳеч қул деб қабул қила олмадилар. Унинг жиддияти, бошини эгмаслиги, ортиқча сўзламаслиги қулларга хос эмасди. Айниқса, қўллари оғир меҳнатдан дарак бермаётган эди. Аксари одамлар қулларни меҳнат учун сотиб олишади, саройларда, зиёфатларда хизмат қилиши учун ҳам харид қиладилар. Улар учун айнан чиройли юзли қул керак, лекин ҳеч ким Юсуфни сотиб оламан демасди, фақат нарх сўрайди, кетади.
Орадан бир ҳафта ўтди. Қул савдогари барча қулларини сотиб бўлди, биргина Юсуф қолди. Тожир учун яна бир қулни боқиш, уни карвонда олиб юриш муаммо эди. Бу унинг режаларига тўғри келмас эди. Агар бугун ҳам Юсуфни сотмаса, иши пачава эканлигини билди. Чунки у ҳар бир ишни режа билан бажаради. Нима учун бу қул сотилмади – унинг ўзи ҳеч англамади. Охирги кун Юсуфга қўйилган нархни туширди. Ҳар келган харидорга ўн тангадан арзон айтаверди.
Қуёш анча баландлаб қолганида бозорда тўс-тўпалон бошланди. Каттароқ амалдор қул олишни ихтиёр қилган кўринади. Ҳақиқатан, бозорга Миср азизи кириб келди. У уй ичида, саройда хизмат қиладиган қул сотиб олмоқчи эди. Миср азизи Миср подшоҳининг вазири бўлиб, давлатнинг молиявий масалаларига кўпроқ масъул эди. Азиз унинг унвони эди.
У Юсуфнинг олдида тўхтади.
– Нархи қанча? – деди.
– Беш танга, хожам, – деди савдогар эгилиб.
– Жуда арзонлатибсан, – деди азиз. – Сотиб олдим.
Юсуфни занжирдан бўшатдилар ва барча хизматкорлар қатори Миср азизининг уйига олиб кетдилар. Уни Зулайхо исмли аёл хизматига бердилар, Зулайхо азизнинг хотини эди.
Денгиз бу ишларни кузатиб, ҳайратига ҳайрат қўшилиб, Миср осмонида учарди.
Орадан қанча вақт ўтди – Денгиз англамади, лекин Юсуфни улғайган ҳолда кўрди. У Миср азизи хонадонида хизматда эди.
Юсуф астойдил хизмат қиларди. Еётган нонини ҳалолламоқ учун интиларди. Денгизнинг кўзлари кўргани – азизнинг хотини Юсуфни доимо кузатарди. Ҳар хил баҳоналар билан Юсуфни ҳузурига чорлар, турли ишлар буюрар, ёнидан кетказишни истамасди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Қишлоқда одамлар ўз иши билан банд: кимдир уйини таъмирлаяпти, кимдир туя сўймоқда, қишлоқ ўртасида одамлар тўпланиб нималардир сотишяпти, аммо қишлоқдан чиқадиган йўлда ота-бола саҳрога қараб чиқиб боришмоқда. Денгиз қанот қоқиб уларнинг бошида айланиб учди.
Боланинг кўзу қошлари қора, юзлари чиройли, қадам босишлар вазмин, байрамга кетаётгандек янги кийимлар кийган. Ота барваста. Елкалари кенг. Чеҳрасидан нур порлайди. Қалин соқоллари кўксига тушган. Узун сочлари билан саҳронинг майин шамоли ўйин қилмоқда. Отанинг белида узун бир пичоқ осилган.
Улар саҳро ичига киришди, бир тепаликка қараб юришди. Бир маҳал бола отасига гапирди:
– Дада, менга шайтон бир нималар деяпти.
Отаси ўғлига бироз хавотирли нигоҳлар билан, аммо қалбида хотиржамлик билан боқди:
– Лаънати нима деяпти?
– Отанг сени сўйгани олиб кетяпти, қочиб қол дея айтяпти.
Отанинг ғазаби келди. Ердан тош олиб ўғлига берди:
– Лаънати шайтонга мана шу тошларни от ва отам Роббим буюрган ишларни бажаради деб айт.
Бола отасининг қўлидан тошларни олди ва чап тарафига қараб, Денгиз у ердан ҳеч кимни кўрмади, тошларни отди ва отаси ўргатган гапларни айтди. Шу ҳол яна икки марта такрорланди.
Ота-бола тоғ устига чиқишди. Ота ўғлининг қўлларидан ушлаб кўзларига термилди:
– Ўғлим, Аллоҳдан ваҳий олдим, – деди.
Ўғил тийрак кўзлари билан отасининг нуроний чеҳрасига қараб деди:
– Роббим Ўзи учун мени қурбон қилишни буюрдими, ота?
– Ҳа, – деди ота. Аммо бу тасдиқнинг замирида ҳам, ифодасида ҳам бирор норозилик ёхуд ғамгинлик йўқ эди.
– Сизни пайғамбар қилиб юборган Зотга қасам бўлсин, дада, – деди бола бурро тили билан. – У Сизнинг қўлингиз билан бутларни парчалатди. Сизни гулханга улоқтирдилар, аммо У Сизга гулханни гулзор қилди. У Сизни Ўзига халил тутди. Унинг Зотига, жалолиятига қасам бўлсин, мени иккиланмай У учун қурбон қилинг, дадажон. Роббимнинг ваҳийсини бажаришда асло иккиланманг. Бир мен эканман, ўнта фарзандингиз ҳам Роббимга қурбон бўлса, бу энг улкан бахт саналажак, дадажон.
Ота ўғлига миннатдор боқди, бошини меҳр билан силади ва пичоғини қинидан олди. Ўғил пичоққа, сўнг отасига қараб деди:
– Дадажон, бўғзимга тиғ тортар экансиз, қўлларимни боғланг. Беҳуда ҳаракатлар қилиб, Сизни озурда этмайин. Кўзларимни бойланг, кўзингиз кўзимга тушиб оталик меҳри жўшиб, муқаддас бу ишда сустлашманг. Ҳеч бир омил Роббимнинг амрини бажаришингизда тўсиқ бўлмасин, дадажон.
Ота хўп деди ва ўғлининг айтганларини қилди: боланинг қўлларини боғлади, кўзини ёпди. Сўнг пичоқни олди, “Улуғ Аллоҳ номи билан!” – деди ва ўғлининг бўғзидан юргазди. Аммо пичоқ кесмади. Ота ҳайрон қолди. Пичоқнинг тиғини текширди, сўнг ёнидаги бир тошга пичоқни урди, тош иккига бўлинди. Пичоқ ўткир эди. Ота Аллоҳнинг амрини бажаришга шайланди, аммо пичоқ боланинг бўғзини кесишни истамади.
– Эй пичоқ, нима учун кесмаяпсан?! – сўради ундан.
– Аллоҳ менга буни ман қилди, – деди пичоқ.
Ота пичоқни ерга қўйиб кўкларга кўзларини тикди. Еру осмонни титратиб бир садо янгради:
– Аллоҳ ҳар қандай нуқсондан покдир! Ҳамд, мақтов Аллоҳникидир! Аллоҳдан бўлак илоҳ йўқдир! Аллоҳ улуғдир!
Тоғнинг бир четида бир улкан қўчқор пайдо бўлди. У ота-бола томон яқинлаб келаверди.
– Роббим Ўзи учун қурбонлик қилишни амр қилди, аммо фарзандларни эмас, балки бошқа изн берилган жонлиқни сўйиб қурбон қилажакмиз, – деди ота.
Денгиз воқеалар қаршисида ақлини йиға олмас, тушимми деса, ўнгига ўхшар, балки бу ҳол ўнгидан кўра ёрқинроқ эди.
Денгиз бу фикрларни хаёл қилиб кўрдики, энди ота-бола тош ташиб уй қураётган эдилар. Уйнинг пойдеворини ўта мустаҳкам ўрнатдилар. Уйнинг деворлари қай фурсатда кўтарилди – Денгиз англамади. Аммо бир қанча муддат ўтиб саҳро ўртасида пурвиқор уй барпо бўлди. У оппоқ тошлардан қурилган эди. Ота деворга тошларни терди, ўғил эса олиб бериб турди. Ота оёғи остига катта тошни қўйиб унинг устига чиқиб ишлаган эди. Иш битгандан сўнг тошга оёқ изи қолганини кўрдилар.
Ота ва бола уй қаршисига тиз чўкдилар, пешоналарини саждага қўйдилар. Ота қўлларини дуога кўтарди:

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

Ҳатто боламни қутқаришинг таъмаси билан Сенга ибодат қилсам, бу ибодатдан мени халос қил! Фақат Ўзинг учун, Сенинг Зоти Покинг жалолияти қаршисида ҳар заррам билан таслим ҳолда ибодат этмоғимга муваффақ айла, ё Раб! Ё Раб! Ё Раб!”
***
Байрамжон “Мозий” китобини варақлашда давом этди. Уни Хористон ўлкасидаги ҳайратлар саҳифалар ичида кутаётган эди.
“Денгизга қилинаётган хизматлар ниҳоя топди.
Уни ўз ҳолига ташлаб қўйдилар. Ўз ҳоли – зиндон эди.
Денгиз бўлаётган воқеаларнинг ташқарисига чиқиб қолгандек ҳис этди ўзини. Балки жони, оғриқ ва қўрқувлар танасини тарк қилди. Ҳиссиётлари дафн бўлди. Келиб жонларини суғуриб олсалар ҳам Денгиз учун зарра қадар муҳим эмасдек эди. Қалбини забт этган, ботини узра бор бўйи ястанган хотиржамлик қайси самолардан ингани унинг ақлига қоронғу. Жисми барча юкларидан қутқарилди, гўё, йўқ ундай эмас, жисм юкидан халос бўлдию бамисоли буткул руҳга эврилди.
Денгиз уйқудан ўзини тўса олмай қолди. Уйқу шамолдек келадию, уни буткул қуршайди. Денгиз ўзини ўзи идора қилишга қувват топмади. Онги ичида қуюн кўтарилди. Турфа тушлар кўрди. Тушларида у қуш бўлиб қанот қоқарди. Гоҳида шунчаки булутлар узра кезади. Қаерга борди – нимани кўрди идрок этмасди.
Бир сафар ака укани ўлдираётганини кўрди. Яна бир сафар улкан кема қураётган одамга учради. Денгиз бу фурсат қуш бўлиб бу инсон устида чарх урди. Бу одам беҳад нурли эди. Жуссадор, қарашлари қатъий, чеҳраси нур билан ювилган бу инсон бақувват қўллари билан кема қураркан, атрофига ҳар хил кишилар келар: “Аввал пайғамбарман дединг! Энди дурадгор бўлдингми!” – деб кулардилар. Кемасоз эса уларга эътибор ҳам бермай ишларди. Бир неча кун шу тахлит ўтди. Қайсидир тонг Денгизни уйқу элтди. (Ҳа, у тушида ҳам ухлар эди.) Танасига келиб тушган сув томчисидан сесканиб кўзларини очди. Осмонни қуюқ булут қоплабди. Денгизнинг кўнглига бирдан қўрқув оралади. Безовта бўлиб осмонга кўтарилиб учди. Бежиз эмас экан – Денгиз ҳаммасини кўзлари билан кўрди: бирдан ер ёрила бошлади, сувлар отилди. Осмоннинг эшиклари очилиб, сув қуйилди. Сув лаҳза сайин кўпаярди. Одамлар инига сув кирган чумолидек тўзиди – ҳамма эсини йўқотган эди. Кишилар уйлари томларига чиқишарди. Баъзилар тоғларга югурди. Аммо сув барчани кўмди. Тоғлар қадар кўтарилди. Кемасознинг ўрдак кўринишидаги кемаси соғ-омон сув устида қалқиб борди. Кема виқор билан сузарди. Кеманинг тумшуғида кемасоз кўзларини гоҳ самоларга, гоҳ уфққа тикиб чуқур хаёл сурар, кема ичида одамлар хотиржам, шошмай у ёқ, бу ёққа юрарди. Сув тўхтамас, кема ўрдак шаклида бўлгани учун унинг ичига сув кирмас, ён томонлари эса очиқ эди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…

ILM ZAKOTI

“Қаердаги гап эмас! – устанинг хотини ҳам жаҳлланди. – Эрим йигирма йил милисада ишлаган. Ўн беш йилдан бери истеъфода. Ичкаридаги ҳолатни беш бармоғидай билади. Ваҳшийлик ўзимиздан чиқсин-да! Бегона келиб юртимизда бу ишларни қилармиди! Сиз Хадича опани ўйлаб бу гапларни айтманг деётгандирсиз, мен уларнинг фойдасига айтяпман, ахир. Лаллаймай бориб тоштурманинг эшиги тагига ётиб олиш керак! Йиғлаб юрган билан иш битадими! Ҳар куни эрталабдан кечгача қамоқ дарвозаси остидан кетманг, опа! Болангизнинг ортида одам борлигини у золимлар яхши билсин-да! Бу гапларни мен айтмасам, ким айтади!”
“Ошириб юбордингиз, – даккилаган аёл ҳам гапдан қолмади. – Ҳукуматда инсоф бор, ҳаммамизда инсоф бор. Бундай ишлар қилишмайди. Хадича опа, хавотирланманг!”
“Эрим айт деганди, айтдим, – деди тумтайиб устанинг хотини. – Ўзларинг биласизлар, жоним ачигани учун гапирдим”.
Хадича қандай қилиб у даврадан чиқди, қандай қилиб уйига келди – билмай қолди. Келдию, йиқилди. Ўрнидан тура олмади. Қайғу ва умидсизликни эндигина енгаётган онаизор мажол изларди.
“Аллоҳим, ёрдам бер!.. Аллоҳим, ёрдам бер!..”
Кўзидан тинимсиз ёшлар оқар, ҳар томчи ёши қайноқ эди. Кўз ёш қатралари онаизорнинг ёноқларини куйдириб лаблари бўйлаб оқиб иякларидан томчилаб, либосларини ҳўл қилаётган эди. Хадича фикрлай олмай ҳам қолди. Фақат кўзларини юмиб олди.
Боғ. Осмон ақл тасаввур эта олмас даражада мусаффо. Гулларнинг хуш бўйи димоқни қитиқлайди. Оёқ остида ям-яшил майсалар. Тупроқ эса олтиндай ялтирайди ва ундан ҳам ажиб ифор таралади. Хадича қадам босаркан, оёқлари ерга тегмас, ўзи ҳам пардек енгил эди. Қўлига қарадию, ҳайратга тушди: бармоқлари ўн саккиз ёш қизникидек оппоқ ва турфа тақинчоқлар билан тўлиб-тошган. Ҳар бир узукнинг кўзидаги олмос, гавҳар, ёқут, зумрад тошлар товланиб нигоҳларни қамаштиради. Эгнида эса ям-яшил либос. Ўзидаги бу ҳолдан лол қолган Хадича улкан бир ҳовуз қаршисидан чиқди. Ҳовуз ойнадек ярқирар, суви асалдек тиниқ ва сутдек оппоқ эди. Беихтиёр Хадича кафтига сув олиб ичди. Қиёссиз таъмдан бутун вужуди бўйлаб ҳузур улашди. Ҳовузнинг нариги бетида оппоқ қаср қўр тўкиб турибди. Хадичага бу қаср ўта таниш кўринди. Гўё у бу қасрда бир неча йил яшагандек ҳис этди ўзини. Ҳовуз бўйидан юриб бораверди. Ҳа, Хадичага қаср жуда қадрдон, лекин ич-ичидан бу менинг қасрим эмас деб ишонаётган эди.
Қасрнинг дарвозалари дурлар билан зийнатланган. Деразаларида ёқутлар оловдек ёнади. Ҳайбатидан осмонга миноралари тегмоқда. Хадича келиши билан қаср дарвозалари очилди. Ичкарида қўлини кўксига қўйган беҳад гўзал қизларни кўрди. Қизлар шу қадар ҳусндор эдики, кўрган одам кўз узишни истамайди. Ёноқларидан нур таралади, айримларининг нигоҳлари осмон каби кўм-кўк, айримларининг қорачиғи зумрад тошдек ям-яшил, бошқалари оҳу каби боқади. Ҳар бирининг назарида бикрлик, бокиралик, иффат ва ҳаё ёғилади. Улардан бири Хадичанинг қўлларига сув қуйди.
“Афв этасиз, хоним... – деди Хадича уялиб соҳибжамоллардан бирига. – Бу кимнинг қасри бўлди? Менга жуда ҳам қадрдон...”
Соҳибжамол ҳур жилмайди ва бошларини эгиб нафосат билан жавоб берди:
“Бу ўғлингиз Усмоннинг қасри...”
Қизнинг саси энг сифатли чиннини чертганда чиқадиган овоз каби жарангдор ва сеҳрли эди. Унинг сўзи эса Хадичанинг қалбига мисли кўрилмаган қувонч сабосини эстирди. Ҳаяжонланиб кетди.
“Ўғлим... Усмон! Усмоним қани!”
Хадича қалбан ўғлини жуда узоқ вақт кўрмаганини ҳис этди, аммо жигарбандини сўнгги бор қаерда ва қачон кўрганлигини эслай олмади.
“Марҳамат, Сизни ўғлингиз ҳузурига элтай, Сизни кутяптилар!..”
Хадича ҳурнинг ортидан эргашди. Улар қасрнинг хоналари бўйлаб анча юрдилар. Ҳар бир хона жуда улкан эди, бундай кенг хоналар ва уларнинг зийнатларини Хадича ҳеч қачон учратмаган, агар тасвирлаб берганларида ҳам бундай ҳашамат ва улуғворликни тасаввурига келтира олмаслигига амин эди. Хоналардан хонага ўтишаркан, кейинги хона аввалгисидан ақлга сиғмас даражада чиройли ва гўзал, қалбни шодлантирувчи эди. Хадича қанча юрмасин, сира чарчоқ ҳис қилмади, лекин ўғлини кўриш истаги бетоқатлик уйғотаётган эди.

@ilm_zakoti

Читать полностью…
Подписаться на канал